OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиМақоласиз сарлавҳа (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мақоласиз сарлавҳа (ҳажвия)
Анвар Обиджон

Ўқувчиман, лекин амалим бор – мактабимиздаги «Қалампир» деворий газетасининг муҳарририман. Ушбу сатирик газетадаги серғалва фаолиятим давомида гоҳ имзосиз, гоҳ сарлавҳасиз мақолаларни кўп учратганман. Баъзилар шошқалоқликлари боис сарлавҳа қўйишни шунчаки эсдан чиқаришади, баъзилар ачитқироқ сарлавҳа тополмай, бу юмушни менинг зиммамга юклаб қўяқолишади. Балки катта газеталардаги муҳаррирлар ҳам сарлавҳасиз мақолаларга онда-сонда бўлсаям, дуч келишгандир. Аммо, ишончим комилки, мақоласиз сарлавҳани кўриш мендан бошқа ҳеч кимга насиб этмаган.

Ўтган ҳафта таҳририят аъзолари маслаҳатни бир жойга қўйиб, мактабимизда озодалик бўйича рейд ташкил этдик. Синфлар ва фан кабинетларидаги аҳвол билан бирма-бир танишиб чиқдик. Далиллар жамлаб бўлингач, мақолани ёзиш менга топширилди. Фото-тўгаракчиларнинг бўш хонасига кириб, столга ўтиришим биланоқ, сарлавҳа ҳам лоп этиб каллага кела қолди. Олдимдаги қоғознинг тепа қисмига йирик-йирик рангдор ҳарфларда «Кирлик – сурлик!» деб ёзиб қўйдим.

Шундан сўнг шахсан ўзим кўрган ва таҳририят аъзолари тўплаган далилларни миямда ҳижжалаб олдим-да, оғзимда қалампирнинг таъмини ҳис қилганимча афтимни тириштириб, мақола битишга киришдим. Иккинчи бетга ўтганимда, навбат 7-«В»га келди-ю, бирдан жазавам тутди: «Айниқса, 7-«В»нинг аҳволи хароб! Анавини кўриб қўйингки, ҳатто навбатчи тайинланмабди. Навбатчи ким деб сўрасак, Али Валини, Вали Солини, Соли Аҳмадни, Аҳмад Раҳматни, Раҳмат Нигорни, Нигор деворни кўрсатди. Шу туфайли, кимдир хаттахтага чизиб кетган чўчқанинг суратини математика ўқитувчиси Ҳисобиддинов шахсан ўзлари ўчиришга мажбур бўлдилар. Агар зоология дарси бўлса, балки бу расмни хаттахтада қолдириш ҳам мумкин эди. Бироқ, чўчқанинг математикага ҳеч қандай алоқаси йўқлигини биз аълочи ўқувчилар яхши биламиз.

Мана энди 8-«В»даги аҳволга келсак, деразадаги тувакларга сув қуйилмаган, гуллар чангга ботиб ётибди...»

Бошқа синфларни ҳам аямай пўстагини қоқдим. Мақолани тугатишим билан оғзимдаги тахир таъм ҳам ўз-ўзидан йўқолди-қолди. Енгил нафас олиб, столни чирманда қилиб черта бошлаган кезимда, хонага ўзбек тили ўқитувчимиз Салайхон ака кириб келди. Кўксимга қўл босиб, ирғиб ўрнимдан турдим:

– Ассалому алайкум!

– Ўтиравер, ўтиравер, – деб жилмайди Салайхон ака.– Ҳа, баракалла...

Салайхон ака ёнимда пийпаланиб, столдаги қоғозга зимдан қиялаб боқди. Мен худди беихтиёр қилгандек, мақоланинг устига қўлимни қўйиб олганимдан сўнг, ёнимдаги стулга ўтираётиб: «Ҳм... бу нима?» – деб савол ташлади.

– Рейд ўтказувдик, – дедим мен. – Юқори синфлардаги тозаликни текширдик.

Салайхон ака «хў-ў-ш» дея яна бир оз пайсаланиб тургач, 8-«Б» ҳақида суриштирди. Биламан, у айнан мана шу синфнинг раҳбари. Шамол турса, табиийки, ҳамма биринчи галда ўзининг дўпписини ўйлайди.

– Бу синфда ишлар чатоқ, – дедим мен яшириб ўтирмай ва камчиликларни бирин-сирин санашга тутиндим.

Салайхон ака «ҳм-м» дея елкамга қоқди. Кейин, дарс вақтидаги сайроқилигини унутиб, дудуқланиб-дудуқланиб сўз бошлади:

– Умуман олганда... хў-ў-ш... рейд яхши нарса. Лекин... Биласанми, бу синфнинг раҳбарлигини олганимга бир ҳафта бўлди холос. Ҳақиқатданам, интизом бўшашиб кетганакан. Мана, тузатяпмиз... Энди-и... иш яхши томонга кетаётган пайтда сен «Қалампир»да уриб турсанг... Менимча, синфнинг яна руҳи тушади. Пича шошмай турсакмикин, а? Тағин ўзинг биласан...

Барча бирдек ҳурмат қиладиган Салайхон аканинг менга бир иши тушибди-ю, йўқ дермидим? Унинг кўзи олдида 8-«Б» ҳақидаги жумлалар устига шартта чизиқ тортдим.

Бўялиб кетган мақолани бошқатдан ёзишга шайланган вақтимда, хонада физика ўқитувчиси Тошбек Темирович пайдо бўлиб, ўзи раҳбар бўлган синф рейд аъзоларида қандай таассурот қолдирганини сўради. Аччиқ бўлса ҳам, борини гапиришга тўғри келди.

– Жуда тиришқоқсан-да, – кутилмаганда мени мақтай бошлади Тошбек Темирович. – Барига улгурасан – бир ёқда дарслар, бир ёқда деворий газета... Ҳа, сенга ўхшаган фаолларга ёрдам беришимиз керак. Физикадан чорагингга «беш» чиқаришга ҳаракат қиламиз.

– Раҳмат Тошбек Темирович! – дедим севиниб.

Шу пайт эшик очилиб, ёш тарих ўқитувчиси Деҳқонов хонага мўралади. Бандлигимни кўриб, эшикни ёпди.

Тошбек Темирович ташқарига чиқиб кетаётиб, гўё бир нарса тўсатдан ёдига тушгандек тўхталди-да, «Балки, бу сафарча синфимизни афв этарсан? Сал бепарво қолибмиз шекилли, бугуноқ ҳаммасини ўнглаймиз», дея кўзимга тикилди. Яна битта жумлага чизиқ тортдим.

Ўқитувчилар шу асно галма-гал ҳузуримга кираверди, кираверди, мақола қисқараверди, қисқараверди. Бир маҳал қарасам, мақолага бошдан-оёқ чизиқ тортиб чиққанимни ўзим ҳам сезмай қолибман. Ўчиришни ҳеч ким илтимос қилмагани боис, қоғознинг энг тепасидаги рангдор ёзувларгина кўзга ярақлаб ташланиб турарди: «Кирлик – сурлик!»

Ана сизга мақоласиз сарлавҳа!

... Баҳонада, бир нарсани билиб олдим. Одамлар қаришдан, мақолалар қисқаришдан ўлади.

1975