OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиМақтанчоқ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм6KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мақтанчоқ (ҳикоя)
Анвар Обиджон

Мардивой ҳақида гап кетгудек бўлса, «мақтанчоқ» деган сўзни ҳам албатта қўшиб айтишади. Одам, мақтанчоқ бўлганга яраша, сал ботирроқ бўлса-ку, бир нав. Аммо, учраган кимсага осмондан келиб гапирса-ю, ўзи чумчуқ «пир-р» этса, юраги «шир-р» этадиганлар сирасига кирса, кўпчиликка масхара бўлгани қоларкан.

Марди-мақтанчоқ узоқдан кўринди дегунча, кўчада турган тенгдошлари «шуни бир вақиллатсак-чи», дея ўзаро пиқирлаб қўйишади. У яқин келгач, кимдир атайлаб ўқрайиб боқади. Марди мақтанчоқ аввалига бир сесканиб тушади, ранги оқаради, сўнг ўзини ўнглаб, ўқрайиб турган болага бирдан чақчаяди:

– Ҳа, вей, нимай-чун кўзингни олайтиряпсан? Сендан қўрқадиган ўпка энди туғилади. Тиркашнинг кучукчасиям менга бир ириллаб кўрганиди. Думига тош бостириб қўйсам, ярим кун ангиллаб ётди. Билдингми? Аббакирнинг хўрози устимга ташланганида, пўканига уриб, шайтонлатиб қўйганман. Билдингми? Эчкимиз мени сузмоқчи бўлувди, кўзига тупроқ сочвордим. Билдингми? Мен билан пачакилашма!

Тенгдошлари ҳиринглай бошлаганидан аразланган Марди-мақтанчоқ ўнг кўзини чала қисиб, чап қошини чимирган кўйи, аста нари кетади. Ариқ бўйидаги нам қумлардан гумбазчалар ясаб, «ҳаммомпиш» ўйнаб ўтирган кичкинтойлар томонга юради. Гердайганича бориб, гумбазчаларни бир-бир топтаб ўтади.

– Бундан кейин мен юришим мумкин бўлган жойларда ўйнаманглар. Билдиларингми? – дея укаси тенгги жужуқларга димоғини шиширади. – Йўлимда қўнғиз учраса, нақ чалпак қипташлайман. Қанча-қанча чумолиларни ғарч-ғарч эзиб ўтганман. Оёғимнинг тагида ўралашган мушукларни ҳиппа ушлаб, кўзига сақич ёпиштириб қўяман. Билдиларингми? Мени кўргандаёқ, йўлдан қочишни ўрганинглар.

Марди-мақтанчоқнинг қуруқ пўписаларига кўникиб кетган миттивойлар унга қараб ҳам қўйишмайди. Ўзаро жувирлашиб, қум гумбазчаларни бошқатдан қуришга киришадилар.

– Бу сурларнинг бети чарм бўпкетибди, – дея ўзича ғудранади Марди-мақтанчоқ. – Каттани ҳурмат қилиб, қўрқиброқ туришниям билишмайди.

Уйларига бирон-бир қариндоши келиб қолса, Марди-мақтанчоққа худо беради. Ора-сира «ҳинг-ҳинг»лаб кулиб, гапни кўпайтиришга тушади:

– Кўпчиликнинг юрагини опқўйганман. Билдингизми? Қорамни кўрса, ҳатто, сувараклар тирқираб кетишади. Ҳинг-ҳинг-ҳинг. Айниқса, пашшалар мендан ёмо-о-н қўрқишади. Шу йилнинг ўзида бир ярим миллионтасини тинчитдим. Ҳинг-ҳинг-ҳинг. Кеча қовоғарилар мураббомга кўз олайтирганиди, секин сочиқни олдим-у, бир уришда бештасини сулайтирдим. Кейин инига қайноқ сув сепиб, қолганлариниям жизза қипқўйдим. Ҳинг-ҳинг-ҳинг. Зўрлигимни энди билдингизми?

Марди-мақтанчоқни кўрсам, ўзбеклар жуда ўхшатиб тўқиган мақолларининг баъзилари ўз-ўзидан эсимга тушаверади:

– Тентак ўзини мақтайди.

– Ёмоннинг бир қилиғи ортиқ.

– Қўрққан олдин мушт кўтарар.

– Ярамаснинг кучи япалоққа етибди.

... Агар ушбу ҳикоямни ўқиб турган бўлсангиз, ҳеч иккиланмай айтишим мумкинки, демак Сиз китоблардан ақл ўрганишга ташна, билимга қизиқувчан, келажакда таниқли киши бўлишга қаттиқ бел боғлаган тиришқоқ болалардан бирисиз. Ҳадеб кўча чангитиб юрадиган ўртоқларингиздан кўра анча кенгроқ фикрлаш ҳам қўлингиздан келади. Шундай экан, бирпас ўйлаб олиб айтинг-чи, юқоридаги мақолларнинг қай биттаси Марди-мақтанчоқнинг қайси қилиқларига кўпроқ мос тушади?

Яхшилаб ўйланг. Эринманг.

2007