OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиМенга тил ўргатмоқчи бўлишгани (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Менга тил ўргатмоқчи бўлишгани (ҳажвия)
Анвар Обиджон

Холисанлилло айтганда, рус тили дарсининг ўзиям мана мундоқ етиб турувди, яна чет тили қўшилди– франтсузча. Она тилимиздан фарқи шуки, шаҳардан тўртта ўзбекча сўзни ёдлаб келган бўянчоқ ўқитувчимиз: «Мактаб тамом, ҳамма – далага!» – деса, биз: «Бонжур, мадам, бонжур!» – деймиз.

«Фаранг аямиз» бешинчи синфгача амаллаб чидади– бир ёқдан қишлоқда яшаш азоби, иккинчи ёқдан у юз хил савол беради-ю, жавоб ўша-ўша: «Бонжур, мадам, бонжур». Охири келган жойига қараб қочворди.

Олтинчи синфда инглизча ўргатадиганни топиб келишиб, тағин бизга тиқиштиришди. «Бунисининг жони ҳарқалай қирқта эмасдир-ов, кўрамиз-да», деган эдик, худди айтганимиз бўлди. Аммо, шундаям тинчимадик – еттинчида ҳиндчани, саккизинчида хитойчани «шудгорлаш»га уриниб кўрдик. Бунинг устига математика бор денг. Менга қолса, ҳатто геометрияю тригонометрияни ҳам чет тили ҳисобига қўшворардим. Масалан, қовоқчўмич юнончада нима дейилишини биласизмии? Билмайсиз! «Котангенс»ни-чи, туркийга ағдариб айтиш қўлингиздан келадими? Келмайди! Демак, иккаласиям бир гўр.

Тўққизинчи синфда чет тили ўқитувчиси топилмай, анча енгил тортиб юрдик. Лекин бир куни...

Бир куни Хомит-жарчи синфга учиб кириб, «немис келди, немис келди», деб шовқин солди. Томошага чиқиб «объект»ни ўраб олдик, у ҳайрон. Сочини сип-силлиқ тараб, ялмани ўртадан очганини ҳисобга олмаганда, турқида немиснинг «н» ҳарфи йўқ, жуда нари борса, ўзимизнинг озарбайжондир.

Абдулла-элим унинг атрофида сурланганича айланиб чиққач, кинодагиларга ўхшатиб: «Ауфштейн!» деб қичқирган эди, немис уни ўзбекчалаб сўкди. Сўнг менга ўқрайиб, яна тилимизда дўқ урди:

– Нега менга бақраясан?

– Немисмисиз ахир? – деб сўрадим.

– Ўзбекман, аҳмоқлар, – деди у, – сизларга немисчадан дарс бераман.

Шу куйи немисчани таталашга тушдик. Икки ой ўтиб-ўтмай марказдан комиссия келиб, чет тилини қандай ўзлаштираётганимизни текширди. Барваста бир аёл «пиш-пиш»лаб туриб, бехос савол ташлади:

– Қани, болалар, ким жавоб қилади, «мен дарсни яхши биламан», дегани немисчада қандай айтилади?

Номаълум аскар қабри устида тургандек жимиб кетдик. «Бир минут сукут сақлаш» ниҳоясига етгач, комиссия опа олдинги қаторда ўтирган Раҳим-пўмпага бармоқ ниқтади:

– Сен айт.

– Хенде хох! – деб дўриллади Раҳим-пўмпа.

Комиссия опанинг қоши қанот ёйиб, киприклари пилпиллай бошлади:

– Хенде хох, бу – «қўлингни кўтар», дегани шекилли?

– Менам шуни айтяпман-да, – деди Раҳим-пўмпа. – Дарсни яхши билганлар доим қўлини кўтаради.

«Немис акамиз» ҳам ўқув йили тугагунча зўрға тишини тишга босиб юрди. Ўнинчи синфда бутунлай чет тилисиз қолдик. Мактабнинг бош гўлахи бўлган Қори тоға аҳволимизга ўзича ачиниб, гоҳ директор, гоҳ ўринбосарнинг йўлини тўсар, «келинг, шу камбағалларга ўзим арабийни ўргатай, одам бўлишсин», деб тиқилинч қиларди.

Қори тоға бекорга безовта бўлмаганини университетга келиб билдим – аттестатимда чет тилидан баҳо йўқлиги учун ҳужжатларимни қабул қилишмади, хорижий тил (қайси тиллигини аниқ кўрсатиб ўтирмадим) бўйича мустақил тайёрланганман, деб ректор номига ариза ёзганимдан кейингина, кириш имтиҳонларини топширишимга рухсат беришди.

Иншою тарихдан бир нав ўтиб олдим, гал чет тилига келди. Хорижий тиллардан имтиҳон қабул қилинаётган қаватга чиқсам, ўн тўртта хонада ўн тўрт хил лисондан синов кетаётган экан. Ҳар қайси эшик олдида гуруҳ-гуруҳ «умидвор»лар тизилиб турибди. Ҳар бир гуруҳнинг ортидан эринмай навбат олиб чиқдим. Биттаси менга анграйганича боқиб, «қилиғингизга тушунолмай турибмиз», деган эди, «менга барибир», деб қўяқолдим.

– Ўн тўртта тилни ёппа биладиларми? – деб сўради у баттардан хайратланиб.

– Аксинча, – дедим мен, – биттасиниям билмайман.

Ниҳоят эшиклардан бирига олдинроқ навбатим етди. Бу хонада испанчадан имтиҳон олинаётган экан, таваккалига кириб бордим. Ичимда бисмиллони айтиб, билет суғурдим. Бу орада ўқитувчи нимадир деган эди, яна таваккал қилиб, «раҳмат, домла, ишларим ёмонмас», дедим. Домла айнан ўша ғўлдирашини такрорлади. Бу сафар гапнинг оқимини ўзгартириб, «Фарғонаданман», деб кўрдим.

– Фамилиянгни сўраяпман, – деди у ўзбекчалаб.

– Фамилиям Гулматов.

– Испанча айт!

– Испанчадаям, форсчадаям, япончадаям Гулматов, – дедим.

Домла хохолаб кулди.

– Кайфиятим очилганидан фойдаланиб қол, деҳқонвачча, – дея мурувват ваъда қилди у. – Биттагина испанча сўз топиб айтолсанг, шартта «уч» қўйвораман.

Бирдан қаддимни ростладим. Ўнг қўлимни паншаханинг четки илгагига ўхшатиб юқорига кўтардим-да, қаттиқ мушт тугиб: «Рот фронт!» – деб бақирдим...

Э, афсус, минг афсус, меҳрибонларим мени одам қаторига қўшиш учун кўпдан-кўп пулларни совуришди, ҳар хил тилларни ўргатмоқчи бўлишди, уларнинг таъбири билан айтганда, ношудлик қилдим, бундан барибир иш чиқмади. Қайтага, калламда бориям чалкашиб кетди. Энди ҳаммасини йиғиштириб қўйиб, одмигина бўлса ҳам, ўзимга қулайроғини яхшилаб ўрганмоқчиман– яъни ўзбекчани.

1988