OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиМешполвоннинг жанглари
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Болалар ва ўсмирлар адабиёти
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
НашриётТошкент, Чўлпон Нашриёти, 1994
Ҳажм414KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/22
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
Муҳаррир Ҳамза Имонбердиев


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мешполвоннинг жанглари
Анвар Обиджон

Сепкилшоҳнинг аскарлари тинч қишлоқни талаб, кўпчиликни қул ва чўри сифатида ҳайдаб кетишади. Бандилар орасида Мешполвоннинг ярадор дадаси ва кўзлари кийикникидек чиройли онаси ҳам бор эди. Қунлардан бир куни Мешполвон ўқловни найза, қозонқопқоқни қалқон, даскаллани қилич қилиб, ота-онасини озод этиш учун чўлоқ хачирда жангга жўнайди... Севимли ёзувчингиз Анвар Обиджоннинг ўзбек халқ достонлари йўлида ёзилган ҳам қувноқ, ҳам мушоҳадаталаб қиссаси ана шу сафар саргузаштлари ҳақида.


Ёзувчидан:

«
Ўзбекнинг доно бахшиларига шогирд тушиб,
ушбу достонга қўл урдим.
»

Мешполвон тўғрисида олтиариқликлар жуда кўп ҳангомалар айтиб юришади. Буларни эшитмабсиз, дунёга келмабсиз. Лекин, шунисиям борки, унинг ғаройиб кечинмаларини биров ундоқ таърифласа, бошқаси: «Йўқ, аслида бундоқ бўлган», дейди. Менимча, эртакчиларнинг ҳаммасиям ҳақ. Чунки, зиғирдеккина ҳақиқатдан туғилган қиссанамо бу чўпчак асрлар давомида оғиздан-оғизга ўтиб, кенг илдизлайверган, ҳар бир ота-она ўғил-қизига ўзидан қиттак қўшиб сўзлайверган. Аҳвол шундай бўлгандан кейин, энди борини ортиқча яширмай, йўғини лофлаб оширмай, сизларга ўртачасини ҳикоя қилиб берганим тузук.

Айтишларига қараганда, ўша омадли Мешполвон келажакда ўз ишлари афсонага айланиб, номи тарихда қолишини ҳали билмаган чоғларидаёқ, ташқи қиёфаси билан бошқалардан яққол ажралиб тураркан: икки лунжи ноғора, бети офтобдан зоғора, жағида эшак тепкиси нақшлаган чандиқ, қорни нақ қирқ пудлик сандиқ, бурни мушукникидек пучуқ, елкаси баайни ҳурпайган чумчуқ, бўйни олдинга энкайган, қулоқлари динкайган, оёқ босиши иланг-биланг, боши Ёзёвон чўлидек яп-яланг, кўринишидан камгап-у анқов, аслида маҳмадана-ю мижғов, кўзлари бойқушникидек ола... хуллас, росаям қизиқ бола экан.

Шу болапақирнинг ҳандалакдек бошига момагулдиракдек кўргилик ёғилиб, ўн икки ёшга тўлиб-тўлмай тирик етим бўлиб қолди. Йиртқич Сепкилшоҳнинг қора папоқ кийган аскарлари сел янглиғ босиб келиб, унинг болалик қувончларини беаёв ювиб ўтди. Хонадонлар талон, кулбалар вайрон, экинзорлар пайҳон бўлди. Тирик қолган жангчилар билан соғлом қиз-жувонларни занжирбанд этишиб, бирини қул, бирини чўри сифатида Қаҳратония деган узоқ ўлкага ҳайдаб кетишди. Уларнинг орасида Мешполвоннинг ярадор дадаси билан кўзлари кийикникидек чиройли онаси ҳам бор эди.

Мешполвон ҳўнг-ҳўнг йиғлаб, банди қилинганлар ортидан анча жойгача эргашиб борди. Шунда дадаси унга ўқрайиб: «Ойимқизларга ўхшаб ҳиқиллама! Юрт сенга қоляпти!» – деб жеркиб берди.Онаси бўлса, ўғлига юраги тўлиқиб бир қараб қўйди-ю, негадир тезда юзини ўгириб олди.

Дадасининг гапидан кейин Мешполвон ўз-ўзидан жойида тўхтаб қолди, даштнинг чағир йўлида имиллаб қадам ташлаётган одамларнинг қораси ўчгунича мўлтираб тураверди.

Юзлаб оёқлар остидан кўтарилиб, уфқни тумандек қоплаб олган чанг аста-секин сепсилди, илонизи йўл энди бўм-бўш эди. Банди қилинганлар сафи бутунлай кўздан йўқолган бўлса-да, улар айтиб бораётган қўшиқ болакайнинг қулоқлари остида қайта-қайта жаранглайверди:

Мардлар сенга фидо бўлди,
Бизлар тирик жудо бўлдик,
Кечир бизни, она юрт.
Мунгли қўшиқ айтмоқдамиз,
Сени ташлаб кетмоқдамиз,
Кечир бизни, она юрт.
Берган сутинг оқлолмадик,
Душманлардан сақлолмадик,
Кечир бизни, она юрт.
Энди пайҳон далаларинг,
Қул-чўридир болаларинг,
Кечир бизни, она юрт.

Анча маҳалгача дараги бўлмаганидан юраги пўкиллаб, душманлар униям қулликка судраб кетишдимикан деб жони ҳалак юрган энаси, Мешполвоннинг соғ-саломат қайтиб келганини кўриб, аввалига севинчи ичига сиғмай қолди. Кейин бирданига «ҳув-ҳув»лаб йиғлашга тутинди:

– Қора папоқ кийганлар ҳамма нарсамизни талаб кетишди. Энди сени қандай тўйдираман, етимчагинам?

– Мунча ваҳима қиласиз? – деб чинқирди Мешполвон. – Филни пишириб беринг деяпманми? Жа борса, бир қозон шўрва ичиб, икки тандир нон ейман-да.

Яхшиямки, бу юртнинг қуёшли ойи кўп, тупроғининг мойи кўп, ариқ билан сойи кўп. Босқинчилар кетганидан кейин ёз ўрталарида экилган бўлишига қарамай, арпа-ю буғдой, мош-у ловия, макка-ю шоли, жавдар-у қўноқ, қизилча-ю ошқовоқлар кеч кузга қолмасдан пишиб етилди. Одамлар кўп тиришиб, кам ухлаб, тут шиннисини зоғора нонга булаб, ошқовоқни сутга димлаб, беҳи баргидан чой дамлаб, қулликка кетганлар ғамида кўз намлаб, қишдан эсон-омон чиқиб олишди.

Бу даврда Мешполвон билан энасига, айниқса, қийин бўлди. Кампир бечора ўзини унутиб, чала тўйиш туфайли неварасининг кўзлари киртайиб бораётганига куюнса, хўратомоқ бола дўмбирадек қорни кун сайин пучмайиб, белида иштон ўрнаш¬май қолаётганидан ичикиб юрди.

Мешполвоннинг Жанглари

Сирдарё билан Амударё жўш ураверди, Орол денгизи тўласича тураверди. От кетидан тойлар ўтиб, кун кетидан ойлар ўтиб, яна бодом гуллади. Қушлар чуғирлашни, чумолилар ушоқ ўғирлашни бошлади. Мешполвоннинг юртдошлари асалари галаси билан бир вақтда тирикчилик ташвишига тушди. Кампирлар уруғлик донни саралаб, чоллар қўш ҳайдашди, қизлар ариқ тозалаб, ўғил болалар кесак янчишди.

Шудгордаги қоп-қора дўнгалак кесаклар худди қора папоқли бошларга ўхшарди, болакайлар уларни аямасдан янчиб, ҳавасга теша уришаверди.

– Вуй, манавининг катталигини-и!

– Сепкилшоҳнинг аскарбошиси ана шу-да.

– Ие, бир уриб атала қилайлик бўлмаса. Мана!

– Ҳаюв-в!!!

Олиб теша-тўқмоқни,
Янчинг қора папоқни,
Ҳаюв-в!
Билакда куч тўплаймиз,
Юракда ўч тўплаймиз,
Ҳаюв-в!
Тоғимизда лола кўп,
Юртимизда бола кўп,
Ҳаюв-в!
Майли, бизни кўрган чоқ
Куйиб ўлсин Сепкилшоҳ,
Ҳаюв-в!

Уруғлар сепилиб, кўчатлар экилиб, сукут ўрнини умид эгаллади. Деҳқоннинг оёғи далада, оғзи яллада бўлиб қолди.

Лайлак ўтиб ғоз келди, баҳор кетиб ёз келди. Жўжалар хўрозга, куртаклар чаросга айланди. Бошоқларга ўроқ, қовунларга пичоқ тегиб, жазлар бир қозон, тандирдаги ўтлар аламазон бўлди.

Мана шундай файзли кунларнинг бирида Мешполвон ўтин ёраман деб, тўнка яқинида турган сопол тоғорани синдириб қўйди. Шу нарса баҳона бўлди-ю, ўғлини соғиниб, кўпдан бери ичидаги заҳрини кимга сочишни билмай юрган энаси хумор ёзиб саннашга тушди:

– Битта тўнгакни эплаб ёролмайсан, яшшамагур. Бўйинг терак бўлсаям, ўзинг эркак бўлмадинг. Эркак бўлганингда, ота-онангни қулликка жўнатвори-и-б, томошақовоқдек дўмпайиб ўтирармидинг? Ҳой, кўзимга қара, жигарларингга куйишни билмасанг, одамлардан уялишни бил. Орият деган нарса борми ўзи сенда? Ориятинг бўлмаса, бўйнингни бўйинтуруқдек қилиб юравер. Э, сатқайи одам кет!

Қорнидай катта, иштаҳасидай кучли бўлмасаям, ҳарқалай Мешполвонда ўзига яраша ҳамият бор эди. Энасининг гапи юрагига ачиштирарли даражада оғир чўкиб, дилида ғашлик чуваланди. Отга мингаштириб бозор кезадиган дадаси билан очлигини кўзидан сезадиган онасини ўзиям ўлгудек соғиниб юрувди. Кампирнинг хархашаси туртки бўлиб, эркаклик нималигини биздан кўрасиз энди, дея шартта сафарга ҳозирланди. .

Аммо, ғариб жангчининг на махсус уст-боши, на қурол-аслаҳаси бор эди. Яктак-иштон устидан астарсиз чопонини кийиб, белига чилвир боғлади, елкасига ҳўкизтери пўстакни илиб, қатиқ ивитиладиган сопол чапяни бошга дубулғадек ўрнаштирди, белбоғига даскалла қистирди, қозоннинг ёғоч қопқоғини қалқон, учига бигиз қоқилган ўқловни найза қилди. Қўшни чолнинг олдинги оёғи оқсоқ хачирини қарзга олиб, эгар-жабдуқ урди. Унга минмоқчи бўлганида, офтобда қизиб турган узанги оёғини жизиллатди. Ўша турқ-атворда хачирни етаклаб энасининг қошига борди, унинг кийилганда чоки тепада турадиган, тагчармсиз шалпилдоқ ковушига суқланганича бир сўз деди:

Сепкилшоҳнинг элатига қилай юриш,
Бўлар энди дунёда энг катта уруш,
Ноқулайдир ялангоёқ жангга кириш,
Энажоним, калишингни бериб тургин.
Токи чапя бутун экан – бошим омон,
Пўстакдан ўқ ўтмас душман отса камон,
Бир ургандинг, гурзидан ҳам ўқлов ёмон,
Энажоним, калишингни бериб тургин.
Қозонқопқоқ юрагимни асраб юрар,
Сепкилшоҳинг кимлигимни энди кўрар,
Ғалабага битта ковуш етмай турар,
Энажоним, калишингни бериб тургин.

Мешполвондан бундай қаҳрамонликни кутмаган энаси олдинига иккиланиб қолди. Кўсов билан савалаб, шаштидан туширмоқчи ҳам бўлди. Лекин, синчиклаб қараса, аҳди қаттиқ, кўзида аччиқ, лаблари пичирлаб, тишлари ғижирлаб турибди. Қайсарлиги қўзиганини сезиб, энди уни йўлдан қайтаролмаслигини фаҳмлаб, индамай ҳужрага кириб кетди. Бир зумдан кейин икки кўзи озиқ-овқатга тўлдирилган хуржунни зўрға кўтариб чиқиб, эгар қошига ўнгарди. Калишини ечиб бераётиб, панд-насиҳатлар билан неварасига оқ йўл тилади:

Йўлинг ойдин йўл бўлсин,
Босган изинг мўл бўлсин,
Янтоқ узсанг, гул бўлсин,
Тиконлари тилмасин.
Сўз қуйилар лабимдан,
Мағиз чайна гапимдан,
Нон тилама ҳар кимдан,
Нафсинг бузуқ бўлмасин.
Учраса ҳам ўтинчи,
Салом бергин биринчи,
Сени кўрган ҳар синчи
Одобсиз деб билмасин.
Тентак сўкса, дўқлама,
Ёнғоқзорда ухлама,
Алам ўтса, йиғлама,
Бардошлилар ўлмасин.
Ҳатто ҳолинг тангида
Ғоз юр одам рангида,
Йўл сўрама бангидан,
Сени сарсон қилмасин.
Ювошга мушт дўлайма,
Зўрни кўрсанг, гўлайма,
Оч қолганда сулайма,
Қизлар сендан кулмасин.

Мешполвон ўзини хачирга жойлаб, энасининг гапини белига бойлаб, йўлга тушди. Йўллар эса кафтдаги ажинлардек чизиқ-чизиқ, ярми текис-у ярми бузуқ, бири чексиз-у бири узуқ эди. Болапақир оқсоқ жониворини ниқтаб, ҳар қайси гузарда бир тўхтаб, тепа келса ўрлаб, нишабликда ашулани туёқ овозига жўрлаб бораверди:

Олма едим бақалоғидан,
Гилос едим чақалоғидан,
Анжир едим япалоғидан,
Боғбон буванинг шапалоғидан...

Шу куйи неча чойхона-дўкондан, Бағдод-у Қўқондан, чўл-у даштдан, Исфара-ю Аштдан зиён-заҳматсиз ўтди, мажруҳ хачирни Жиззах-у Шаҳрисабзга тик солдириб, яна неча маконни ортда қолдириб, Қизилқумга етди. Саҳрода бир ҳафта юрди ҳамки, на қўққайган дарахт кўринди, на сўппайган қудуқ. Гоҳ қаттиқ нон кемириб, гоҳ мешдан сув симириб, Сепкилшоҳнинг қасдида олдинга кетаверди. Сепкилшоҳ эса бу вақтда ҳашамдор қасрида бамайлихотир айш суриб ётар, ер юзининг назардан қолган қайсидир нуқтачасида ўзига қарши даҳшатли бир куч силжиганидан мутлақо бехабар эди.

* * *

Бир куни кечки пайт бўрон бошланиб, ер-у осмонни тўзон қоплади, Мешполвонни хачирига қўшиб ерга чаплади. Ҳайвон бошимдан садаға дея жиловни қўйвориб, хуржунни маҳкам қучоқлаганича пўстакка бурканиб ётаверди. Кўзи қумга, оғиз-бурни шўрттак тузга тўлди. Тонгга яқин бўрон тингач, энди саҳрони хурраги билан бесаранжом қилиб, лоҳас ухлаб қолди.

Чошгоҳ маҳали уйғониб қараса, ҳатто қилт этган шабада йўқ, қуёш тиккага келиб, ерни кабобдек жазиллатиб турибди. Кал бошидан оққан тердан чапяда бир чўмич сув тўпланибди. Омон қолганим ростми-ёлғонми деб осмонга тупуриб кўрди. Лойқа туприги шап этиб пешанасига қайтиб тушган чоғда ич-ичидан қувониб кетди.

Шундан кейин хачирини қидириб теваракка аланглади-ю, қўрқинчли манзарадан баданига қалтироқ кириб, юраги така-пука тепди. Кўмилиб ётган хачирнинг думи билан тумшу¬ғигина қум юзасида аранг кўзга чалинар, тумшуқнинг устида иккита гурза илон бўйин тиккайтирганича бир маромда тебраниб «рақс тушаётганди».

Мешполвон оёғини олти қилиб қочишниям, қумга санчилиб турган ўқловни олиб илонларга отишниям билмай, бирпас хўшшайиб қолди. Эс-ҳушини йиғволгандан сўнг: «Ке, мендан нима кетди, шу турқи совуқларгаям бир хушомад қипкўрай-чи», деб сўзга оғиз жуфтлади:

Илон тушга кирса – бойлик,
Вой, мунчаям сиз чиройлик,
Яшанг, илон афандилар!
Мен ва хачир ўртоқ бўлиб,
Келдик сизга қўноқ бўлиб,
Яшанг, илон афандилар!
Думни қилиб саланг-суланг,
Меҳмонларга оқ йўл тиланг,
Яшанг, илон афандилар!
Чақволсангиз жон берамиз,
Чақмасангиз нон берамиз,
Кавшанг, илон афандилар!

Мешполвон шундай дея хуржунидан бир ҳовуч талқон олиб, ерга сепди. Саҳро хўжайинлари сиполик билан судралиб келиб танаввулга киришган дамда, фурсатдан фойдаланиб, хачирини халос қилишга тутинди. Жониворни ердан қазиб олгач, тирикчилик қилиб мадор тўпласин деган мақсадда янтоқзорга ҳайдаркан, илонлар томонга зимдан назар ташлади. Улар талқонни тинчитиб бўлишиб, мазахўраклик билан яланиб туришарди.

– Хуш кўрдик, илон афандилар,– дея икки қўлини кўксига чоғиштирди Мешполвон. – Хўп, хайр бўлмаса.

Илонлар ҳамон дикрайиб турганидан дили қоронғулашиб, бу сурлар хачир иккаламизни еб бўлмагунча кетмайди шекилли, деб ўйлади. Ўлганининг кунидан ҳиринглаб, уларнинг олдига чўкка тушди.

– Яна меҳмон қилай десак, ўзимиздаям жиғилдон бор, – деди у ютиниб. – Уйдагиларга салом айтасизлар-да энди.

Илонлар қаттиқ вишиллаб, кутилмаганда Мешполвонга ташланишди, бир сапчиб, унинг қўйнига кириб олишди. Қабристондек жимжит саҳро зумда дод-фарёдга тўлди: «А-а-а!!! Вой-до-о-д! Ўлди-и-м! Ўляпма-а-н! Вой, эна-а-а! Энажо-о-н!!!»

Мешполвон уёққа юмаланиб йиғлади – ўлмади, буёққа юмаланиб йиғлади – ўлмади, ўрнидан туриб, уввос солганича хачир атрофида қирқ марта айланди ҳамки, тириклигича қолаверди. Бақириш охири жонига тегиб, жағини тийди, қўйнига секин қулоқ солди. Ҳалиям бу дунёда турганига ишонч ҳосил қилиш учун яна осмонга тупуриб кўрди. Туприги қайтиб тушиб, бу сафар бурнига чапланди.

Шундан кейин сал-пал ўзига келди. Қўллари қалт-қалт титраб, хуржундан кулча олди, бир бўлагини майдалаб, эҳтиётлик билан қўйнига тиқди. Илонлар «виш-виш»лаб тўлғанганича, озиқни домига торта бошлаганидан кўнгли жойига тушиб, ўзи ҳам қўрқа-писа кавшанишга киришди. Ҳар ютинганида бўйнини чўзиб, бу аҳволдан хўрлиги қўзиб, янтоқзорда қорин тўйдираётган хачирига юзланиб, бир арз айтди:

Бўрон келди тескари,
Чанг-тўзонлар – аскари,
Сен якка-ю, мен якка.
Саҳро қопқон, тўр экан,
Пешанамиз шўр экан,
Сен банди-ю, мен банди.
Илонлари сурбет, шўх,
Ухлашяпти қорни тўқ,
Сен очсан-у, мен очман.
Хом калласи қотмаган,
Уйида тинч ётмаган
Сен аҳмоғ-у, мен аҳмоқ.

Мешполвон бу гаплардан кейин ҳар қандай махлуқ ҳам «оҳ» чекиб юборса керак деб ўйлаган эди, ундай бўлмади, нодон хачир индамай нафсини қондираверди.

* * *

Аждодлари ер чопиб, уруғ сочиш билан кўҳна хонадонга ризқ улашиб келган Мешполвон илгари саҳрони ҳеч кўрмаган эди. Саҳро деганда ҳар вақт унинг кўз ўнгида тўлқинлари қотиб қолган денгизни эслатувчи яп-яйдоқ қум барханлари жонланарди. Унчалик эмас экан. Бу масканнинг ҳам ўз шовқин-у жимликлари, майса-ю ўсимликлари, муқим кун кечирувчи жонзот-у ҳашаротлари, алоҳида бардошга йўғрилиб яратилган парранда-ю даррандалари, ҳар бирининг ўзига хос яшаш тарзи, айни чоғда, бир-бирига занжир ҳалқаларидек боғлиқлиги, фақатгина шу жойга мансуб ҳаёт қонунлари бор экан.

Одамзод доимо одамлар орасида ўзини эркин ва қудратли сезади, четга чиқди дегунча турли хавф-хатарга йўлиқади, ёлғизланиб, пашшадек ожизланиб қолади. Ўрмон айиқлари билан, тоғ-адир бўрилари билан, чакалакзор қоплонлари билан, уммон наҳанглари билан, дашт қашқирлари билан, тўқай тўнғизлари билан уни ҳуркита бошлайди, қалбида яна тезроқ одамларга бориб қўшилиш истагини алангалатади.

Саҳрода ҳам шундай бўлди. Совуқтурқ эчкиэмарлар галаси ўттиз қадамча орқароққа ёйилиб олиб, Мешполвон билан унинг хачирини талай жойгача таъқиб қилиб боришди. Улар тунги бўрон маҳали шунча ўлжадан бехабар қолганларидан афсусланиб, бахтларига бошқа бирон офат юз беришини кутганларича умидвор эмаклаб келишарди.

Мешполвон хачирга тескари ўтириб, бигизли ўқловни қўлига қўндириб, эти дир-дир титраб, йиртқичларга зоғланиб қараб, тўхтамасдан илгарилаб кетаверди. У умрида илк бор содир бўлиш эҳтимоли кутилаётган катта жангга ўзини шайлаб, қозонқопқоқ ушлаган қўлининг бошмалдоғида қорнига қистириғлик даскалла тиғини сийпаб-сийпаб қўярди. Кун тиккага келиб, борлиқни жизғанак қилишга уринаётган паллада эчкиэмарлар салқин инларида жон сақлаш учун тарқалишди.

Жизгин барханларнинг чеки йўқдек эди. Мешполвон бир-икки кундан кейин: «Бу саҳронинг чети ер тугаган жойга бориб тақалса-я», деб хавфсирай бошлаган ҳам эдики, орқадан отлиқ кимсанинг қораси кўринди. Яқинлашиб келгач, мундоқ қараса, гулдор юган ушлаган, тагида тулпор кишнаган, кўзида қандайдир илинж, белида бир қулоч қилич, гавдаси ғўла, билаги қувватга тўла бир ўспирин қаршисида турибди, қозонқопқоғ-у ўқловлардан ажабланиб, теграсида айланиб юрибди. Сиёғидан пайқаш мумкинки, шошиб турса – қамчилаб, шошмаса – сўз билан чимчилаб ўтадиган чамаси бор.

Унинг авзойидан чўчинқираган Мешполвон қўрққан олдин мушт кўтарар қабилида иш кўриб, қолаверса, қўйнидаги илонларига ишониб, бошидан чапяни олди, пешанасидаги терни енгида артиб, тўсатдан дағдаға қилди:

Қўрқмай ўлимдан,
Турма йўлимда,
Ўқлов қўлимда,
Илон қўйнимда.
Бу қозонқопқоқ
Мардларга яроқ,
Даскаллам – пичоқ,
Хачирим чўлоқ.
Бошимда йўқ соч,
Чапя менга тож,
Йўлни тўсма, қоч,
Ўзи қорним оч.

Буни эшитган асилзода ўспирин Мешполвонга масхараомуз тикилиб, отдан хачирга букилиб, сўроқ-қистовини бошлади:

Таппайтириб бурнингни,
Қаппайтириб қорнингни,
Қаёқларга кетяпсан?
Оч қарғадек донсираб,
Нортуядек ҳансираб,
Қаёқларга кетяпсан?
Туксиз каллангни очиб,
Миянг қатиқдек ачиб,
Қаёқларга кетяпсан?
Саҳрода, тап-тақирда,
Уч оёқли хачирда
Қаёқларга кетяпсан?

Мешполвон ўзига гард юқтиргиси келмай, калака қилинаёт¬ганини гўёки сезмай, жиддий туриб жавоб қилди:

Йўлга чиқсам, асосим бор,
Сепкилшоҳда қасосим бор.
Элимни у талаб ўтди,
Асалимни ялаб ўтди,
Каллалардан қаср қилди,
Кўпчиликни асир қилди.
Паҳлавоним дадам – унда,
Меҳрибоним онам – унда.
Бориб озод қилайин деб,
Энамни шод қилайин деб,
Қўғирмоч еб, кучни тўплаб,
Йўлга тушдим кафтга туфлаб.

Бу гапдан кейин димоғдор ўспириннинг бирдан қиёфаси ўзгарди, «кечир мени, биродар, дардингни сўрамасдан туриб қаттиқ тегиб қўйибман», дея отдан тушди. Келиб, Мешполвонга дўстона қўл узатди.

– Энди оға-ини бўламиз, – деди у очиқ чеҳра билан боқиб. – Йўлимиз бир экан. Мени отим Ошиқбола.

– Мени тўғримдаги шов-шувларни эшитгандирсан, – деб бўйин шиширди Мешполвон. – Олтиариқдан чиққан даҳшатли Мешполвон менман. – Сўнг афсуслангандек бош тебратиб, қўшиб қўйди. – Сени номинг қулоғимга чалинмаган экан. Ҳе, аттанг...

Мешполвон шу гердайганича ўзидан қувониб тураверсин. Биз уни пича тинч қўйиб, Ошиқбола билан яхшироқ танишиб олайлик.

* * *

Воҳ, нуридийдам китобхоним! Тили бийрон болакайлар! Ширин-шакар қизалоқлар! Сизлар жудаям омадлисиз. Чунки ўзбекларга фахрли, ёвларга қаҳрли бўлмиш довюрак Гўрўғлибек ҳақидаги қизиқ ривоятларни эшитмаган, унинг мардона жангларини шарафловчи достонларни ўқимаган шўрпешаналар орангизда йўқ.

Эсингизда турган бўлса, енгилмас Гўрўғлибек шунча давр суриб, биттаям фарзанд кўрмади. Ҳасанхон деган болани Ваянган элатидан, Авазбекни Хунхор юртидан олиб келиб, тарбиялаш учун бунисини Мисқол парига, унисини Оға Юнус парига тутқазди.

Болалар улғайиб йигит бўлди, бири лочин-у бири бургут бўлди. Кўп савдоларни бошдан кечириб, ғанимларнинг кайфини учириб яшашди. Ҳасанхон сулув хон Даллига уйланиб ўғил кўрди, отини Равшанбек қўйди. Авазбек билан Гулқиздан эса қиз туғилиб, номи Гуланор бўлди.

Неча марта қор эриб, неча бор чечак унди. Қиз эркароқ, ўғил серкароқ бўлиб вояга етгач, Ҳасанхон Авазбекнинг хонадонига совчи жўнатди. Кекса Гўрўғлибекнинг ўзи ўртага тушиб, оқлик сўраб борди. Авазбек бўлса ўз оғаси Ҳасанхоннинг ўғлини қизига тенг кўрмай, бобонинг дилини оғритди. Бу орада Равшанбек Ширвоншоҳнинг қизи Зулхуморга ошиқ бўлиб, юз хил қувонч-азоб кўриб, охири унга уйланди.

Яна кун кетидан ойлар ўтди, қўлдан-қўлга чойлар ўтди, Равшан билан Зулхумор сочи жингалак, пешанаси дўнгалак, зотдор қўзидек тўлпоқ, қоракўз-у оппоқ ўғил кўришди, исмини Ошиқбола қўйишди. Ошиқбола уч ёшида ариқдан сакраб ўтадиган, тўртида ҳарф битадиган, бешида китоб титадиган, олтисида ўзини отда эркин тутадиган, еттисида нонга ханжарда ёғ суртадиган, саккизида ўқ-ёй билан тангани йиртадиган, тўққизида тухумни хом ютадиган, ўнида полвонларни елкада туртадиган, ўн бирида уйида ошна кутадиган, ўн иккисида ҳафталаб овга кетадиган бўлди.

Ўн учида ҳам овдан кўнгли совимади. Бир куни чамбиллик чапдаст жўралари билан кийик қувиб юриб, Боботоғда бир гала қизларга дуч келиб қолди. Уларнинг сардори – Бойсун бегининг Ойтумор исмли қизига ишқи тушиб, элига сархушланиб қайтди, дардини Гўрўғлибек бобосига айтди. Бобоси қирқта гулдек навкарини чаман, уловларини саман қилиб, совға-ю мол-ҳол, яна учта оқсоқол билан Бойсунга совчи юборди. Кўп ўтмай совчилар икки қўли бурнида қайтиб, ноиложликнинг сабабини айтиб, Сепкилшоҳнинг аскарлари Бойсундаги сандиқларни қоқлаб, йигит-қизларни боғлаб, қул ва чўриликка олиб кетганини маълум қилишди. Буни эшитиб, Гўрўғлибекнинг юрак санчиғи, Ошиқболанинг аччиғи қўзиди. Бобосидан Ғиротни тилаб, дадасининг қиличини тасмага улаб, Сепкилшоҳга пинҳона жағ силаб, йўлга чиқди...

Ошиқболанинг гапларини Мешполвон ўшандай ғўдайганича тинглаб бўлгач, унга бошдан-оёқ назар солиб деди:

– Дадам онамга совчи қўйганида, опоқ отам: «Ҳали ёш экансан, кураш тушсанг – белингни, ўғри босса – кели нгни, душман келса – элингни сақлай олармикансан? Аввал илигингни тўлдир, бирон ишни дўндир, пайингни шишир, ақлингни пишир, кейин уйлан», деган экан. Сениям бошинг чумчуқ¬дег-у, ёндим-куйдим дейишингга ўлайми?

– Зотимиз ўзи шунақа, – деб ғурурланди Ошиқбола. – Дадам Равшан ботир ҳам ўн уч ёшида Ширвонда қилич савашиб, онамни олиб келган.

Буни эшитиб, Мешполвон чуқур хўрсиниб қўйди:

– Мени дадам ўттизида рўзғор қилган.

* * *

Шу куйи иккаласи гапни гапга улаб, ёмоннинг номини балчиққа булаб, яхшини осмонга кўтариб, гармселдан юзлари кўкариб, саксовулларни оралаб, поёнсиз саҳрони бўралаб боравердилар. Бир ёқда жизғанак азоби, иккинчи ёқда сув ва овқат тежами, яна уйқусизлиг-у саргардонлик балоси қўшилиб, уч-тўрт кундаёқ Мешполвоннинг ҳоли танг бўлди: оғзи қақраб, томоғи тақиллади, жағи очилиб, тили осилди.

Ошиқбола ўзини анча бардам тутиб келаётган эди. Аммо, эрталаб қулоғи тагида қандайдир шиш пайдо бўлди-ю, иситма чиқиб, кўзларига қон қуйилди, белидан мадор кетди.

– Буқоқ бўлганга ўхшайман, – дея руҳи сўниқиб пўнғиллади у. – Шу башара билан Ойтуморга қандай йўлиқаман?

Мешполвон пишиллаганича қўл силтаб деди:

– Хафа бўлма, ошнагинам, буни йўли осон. Озгина нонингдан берсанг, қандай тузатишни айтаман.

Ошиқбола Ғиротнинг юганини тортиб, секин ерга тушди. Отнинг белига ҳар кўзи тойпахтадек келадиган олача хуржун ташланган эди, очиққўл асилзода ундан тўртта нон, ярим халта толқон, йигирматача пиширилган тухум, майиз-туршак олиб, дастурхон ёзди. Ёзилаётган дастурхоннинг шабадасидан учган қумлар ҳали тўхтаб-тўхтамасидан, Мешполвон аллақачон шу жойга чордана қуриб улгурган эди. Ошиқбола нарсаларни бирин-кетин ўртага келтириб қўяётганда у ютоқиб тамшанганича, ҳар сафар: «Раҳмат, ошна. Кам бўлма», деб дуогўйланиб турди.

Ниҳоят «олинг-олинг»га навбат етди. Ошиқбола дастлабки нон бурдасини оғзига солаётиб, тухумга сепишга туз йўқлигини кўрди-ю, бориб яна хуржунни титкилади. Тузни олиб келиб қараса, дастурхон шипшийдам. Нима бўлганини тушунмай, бир муддат анграйиб турганидан сўнг, Мешполвондан сўради:

– Ҳой, дастурхондагилар қани?

– Нима бало, сениям қорнинг очмиди? – дея безрайиб боқди Мешполвон. – Шуни олдинроқ айтмайсанми? Қўлингдаги ейдиган нарсами ўзи?

– Туз.

– Қани, буёққа узат-чи.

Мешполвон тузни олиб, шартта оғзига тўкди. Ютаётиб ҳатто юзини буриштириб қўймади.

Улар овқатланиб бўлибоқ яна йўлга тушишди. Ютинишга ҳам қийналаётган Ошиқбола йўл-йўлакай зоғорани сўриб бораётиб, «буқоқнинг давосини айтгин энди», деб зардаланди.

– Ҳозир айтаман, – деди Мешполвон. – Олдин озгина овқатдан чўзгин. Чика минан Пука эсдан чиқибди-ку.

– Ким дединг? –зоғорасидан бир тўғрамини узатаётиб сўради Ошиқбола.

– Илонларим, – дея озиқни уч қисмга бўлиб, бирини ўнг қўйнига, иккинчисини чапига тиқди Мешполвон. Учинчи бўлакни эса ўзи ямлай бошлади. – Ўнг қўйниғимдагиси – Чика, чапдагиси – Пука. Умрингда ошиқ ўйнаганмисан ўзинг? Отган ошиғинг ютуқ томонга ёнбошласа – чика, тескари тарафи тушса, пука бўлади.

Ана энди Мешполвоннинг Ошиқболадан кулишини кўринг:

Шўринг қурсин, бахмал чопон,
Улғайибсан жуда нодон.
Ошиқ нима, билмасмисан?
Ўзбакмисан, ҳабашмисан?
Бордир яна ёнғоқ ўйин,
Ютсанг – овқат икки қўйин.
Ёз келганда кириб боққа,
Отганмисан зўлдир-соққа?
Ерга чизиб «чизма-чизиқ»,
Сопол суриш ундан қизиқ.
Ўйнамаган бўлсанг «Даста» ,
Демак, мендан зарбинг паст-да.
«Ҳаммом пишди» беш ёшга мос,
Ўн ёшгача ҳайинчак ос.
Катта бўлиб қолдик энди,
Бизга бопи – «эшак минди».
Билмайман деб жаҳлим қўзма,
Ахир, машҳур «Қулоқчўзма» –
Кам эмасдир улоғингдан,
Ўт чақнайди қулоғингдан.
Ҳаммасини қиёслаб кўр,
«Мўри-мўри» ўйини зўр.
Бордир яна «Бекинмачоқ»,
Энг қалтиси – «Уршапалоқ» .
Қилар сени овчи, жангчи:
«Ёппа кураш», «Шоли янчи»,
«Пичоқ санчар», «Сопқон отди»,
«Каманд чирмаш», «Арқон тортди».
Аралашса агар қизлар,
Келин-куёв сайлаб бизлар,
Ўйнар эдик «Хола қучган»,
Кимки совчи – қўлга тушган.
Бўшанг қизни қилар қоқвош
«Ҳакалакам» минан «Тўптош».
Айниқса тил қайрар жуда
«Олинг, қуда-беринг, қуда».
Ўйнаганлар «Оқ-кўк терак» ,
Чопа олар нақ пирпирак.
Етти пуштдан қолган мерос
«Ҳалов, туя», «Тожихўроз»...
Э, буларни ким билмабди,
Бу дунёда туғилмабди.

Ошиқбола нафси ўткир йўлдошининг бидирлашларига бефарқ қулоқ солиб тургач, қовоқ-тумшуғи осилиб сўради:

– Буқоқнинг давоси нима, деяпман? Ё хуржуним бўшамагунча айтмайсанми?

– Буқоқмас бу, – деб ниҳоят асосий гапга ўтди Меш¬полвон. – Буни тепки дейишади. Давоси осон: иккита кулчами, тўртта олмами, олтита варақими – ниманики топсанг, ҳисобини жуфт қилиб, эгизак туққан хотиннинг уйига борасан, қўлингдагини бериб, дардингни айтасан. Еган оғиз уялар деган гап бор. Хотин ҳамма ишини ташлаб қўйиб, каллангни пўсахонага мидиб ётқизади, шишган жойингга яланг оёғи билан етти марта тепади. Бир ҳафтадан кейин сен кўрмадинг, мен кўрмадим бўласан.

Ошиқбола индамай отига қамчи урди. Мешполвон ҳам хачирини олдинга қистаб, севимли қўшиғини хиргойи қила бошлади:

Олма едим бақалоғидан,
Гилос едим чақалоғидан,
Анжир едим япалоғидан,
Боғбон буванинг шапалоғидан...

Улар туртиниб-суртиниб, талай йўл босишди. Эгизак болали хотин уёқда турсин, қарғиш теккан бу саҳрода бирон-бир тирик жоннинг ўзини учратиш амримаҳол эди. Шунга қарамай, Ошиқболанинг бўйнидаги шиш бир ҳафтада ўз-ўзидан қайтиб кетди.

* * *

Хайриятки, саҳронинг нарёғи Мешполвон ўйлаганидек, «ер тугаган жой»га бориб тақалмас экан. Аввалига якка-чекка овуллар учраб, охири каттакон дарёнинг бўйидан чиқиб қолишди. Қирғоқ ёқалаб бориб, кечга яқин Мингпода шаҳрига дуч келишди. Йўлдаги овулларда меҳмон бўлиш¬ганда, мингподаликлар Сепкилшоҳга ўз хоҳишлари билан бўйсуниб, дарёдан қуйидаги ерларни талашига йўл очиб беришганини чўпон-чўлиқлардан эшитишган эди.

Қўш-омоч аранг сиққулик тор кўчаларида ҳар хил чуқур қазилган, қурумли гумбазларига ўргимчактўр осилган, деворлари нураган, ғижирлоқ дарвозалари мой сўраган бу шаҳарда иккаласи карвонсарой қидириб анча сарсон бўлишди. Биров итмисан, битмисан демади. Ҳамма ўз ишини битириш, ўз нафсига қайғуриш билан банд эди.

Бегона-ку – бегона, бу ернинг одамлари ҳатто бир-бирига ҳам оқибатсизлиги шундоққина кўриниб турарди. Агар яқин танишлар учрашиб қолса, бирови бош қимирлатсаям обрўйи тўкиладигандек, шунчаки қош учириб қўяр, униси безрайганича сал қовоқ юмиб алик оларди. Қарама-қарши дарвозалардан кўчага тенг чиқиб келган қўшниларнинг бири ғўдайиб кўз қисса, иккинчиси жийиниб мўйлов учирарди. Душман уларни ҳеч бир қийинчиликсиз тобе этиб, энди осонгина тизгинлаб юрганининг боиси ҳам шу бўлса керак.

Фақат болаларгина ғалати қуролланиб, ҳўкизтери ёпинган жангчини алоҳида қизиқув билан томоша қилишиб, кўчама-кўча эргашиб боришди.

Йўллар торлиги учун уловлар олдинма-кетин юрар, отнинг туёғи таратган чангдан Мешполвоннинг томоғи қичишиб, хачири ҳам нафаси қайтаётгандек тинимсиз безангларди.

«Ғирот бўлсанг ўзингга!– дея тихирланди Мешполвон. – Хумбош эганг иззатини билиб, орқада юраверса ўлармиди?»

Олдда доим асилзода,
Қолган одам гўё пода.
Майли, олдда юрса юрсин,
Бироқ чангитгани қурсин.
Ачишади танглай-томоқ,
Кўзларингга тўлар тупроқ.
Йўл қаёқда, кўролмайсан,
Жиловниям буролмайсан.
Савол берсанг, келмас жавоб,
Етаклайди баттар шитоб...
Айтинг, ахир бундай «пойга»,
Бошлаб борар охир қайга?
Сизга ростин десам, хуллас,
Эргашганга қилманг ҳавас.
Умр ўтар бўлса чангда,
Ўлган яхши бирор жангда.

Бориб-бориб, тўрткўчага туташувчи кенг ялангликка чиқиб қолишди. Ўртада – сувсиз тошҳовуз. Ҳовуз бўйидаги қуриган чинор остида соч-соқоли ошқовоқпалак бўлиб ўсган, чакмони қаландарнинг пайтавасидек тўзган, шалварига мингта ямоқ оралаган, оёғининг бошмалдоғи чориғидан мўралаган ҳайкалсимон бир гадой ажаб-ажаб гапларни айтиб, жавраниб ўтирарди:

– Ҳў, одамлар! Жиндак ақл ташлаб ўтинг, ўрнига тилимни бераман.

Мешполвон ҳеч нарсага тушунмай, меровланганича Ошиқболага қаради.

– Ҳў, одамлар! Менга инсоф бериб, жиғилдонимни олақолинг. Биламан, барибир сизга инсофнинг кераги йўқ.

Энди Ошиқбола ҳам ҳайратланиб, Мешполвонга ўгирилди.

– Ҳў, одамлар! Майли, бурнимни олинг, ортиқча кўз-қулоқларни менга топширинг.

Икки мусофир анграйган куйи уловларидан тушиб, гадойга яқин боришди, бирин-кетин салом беришди.

– Гапни қисқа қилинглар, – деди гадой. – Сизларга ўпка керакми? Ўрнига нима берасизлар? Юракми?

Улар нима дейишни билмай, бир муддат каловланиб туришди. Ниҳоят Ошиқбола тили тутилиб гап бошлади:

– Нега... бунақа деяпсиз, бобо?

– Оламдаги энг қимматли жонзот – одам, – дея шоҳона қиёфада осмонга қўлини бигиз қилди гадой. – Чунки, унда ақл бор, идрок бор. Ақл-у идрокниям, фаросатниям кўз билан қулоқ бойитади. Биз бўлсак, бурун билан яшаяпмиз, тил билан кун кўряпмиз. Исковучмиз! Чақимчимиз!

– Бечорага борингни бергин, – деб шивирлади Мешполвон, – очликдан жинни бўпқолай депти.

Гадой бу гал уларни қулоқ солиб эмас, кўзи билан тинглаёт¬гандек эди.

– Дунёда уч хил жинни бор: халқини талончилик билан тўйдирадиган подшо, подшо нима деса маъқуллайверадиган амалдор, шу иккала жиннига қўшилган фуқаро.

Гадой шундай дея улардан юз ўгириб, виқор билан жағини кўтарди, булутлари қизғиш осмонга қиялаб тикилди. Ошиқбола тулпоридаги хуржунни таг-туги билан олиб келиб, унинг олдига қўяётганда ҳам, иккови аста узоқлашиб бораётганда ҳам, раҳмат айтиш тугул ҳатто чурқ этмади. Оловранг булутларга кўз қадаганича тошдек қотиб тураверди.

Улар гадойнинг гапидан ҳайрон лаб тишлаб, уловларининг тизгинидан ушлаб, ялангликни пиёда кесиб ўтишди, тўғридаги торкўчанинг бошига етишди. Ошиқбола узангига энди оёқ қўймоқчи бўлганида, Мешполвон унга бурун тешигини дўлайиб кариллади:

– Менга қарагин, ошна. Тўғрисини айтганда, ҳаддингдан ошяпсан. Кимсан – даҳшатли Мешполвон бўлсам, номимга яраша обрўйим бор. Индамасам, шаҳарда олдимга тушиб юрдинг. Боя гадойгаям мен турганда аввал сен салом бердинг. Шуям ишми?

Шу куйи, Мешполвоннинг оғзидан боди кириб, шоди чиқаверди:

Юрма менга эгов бўлиб,
Олифта-ю лалов бўлиб,
Ёз пайтиям тумов бўлиб,
Бурнинг қилиб парақ-пуруқ.
Босиб киборлигинг юки,
Йўл бошлама лўкки-лўкки,
Асли мендан фарқинг шуки,
Тасманг фақат ярақ-юруқ.
Бўлмаса нон, толқонларинг,
Тингламасдим ёлғонларинг,
Қилич, совут, қалқонларинг
Жонга тегди – шарақ-шуруқ.
Қўймай туриб ҳали соқол,
Пандлар айтиб, тўқиб мақол,
Ўчоқдаги чойдиш мисол
Қилаверма варақ-вуруқ.
Ғиротдан ғоз боқинасан,
Яёв юрсанг, қоқинасан,
Гўдаксан-у, соғинасан –
Кўз сузса қиз чарақ-чуруқ.
Қон бўлдим сен эгов билан,
Олифта-ю лалов билан,
Сопқолмайин ўқлов билан
Бошгинангга тарақ-туруқ.

Ошиқболанинг бу гапдан ғаши келган бўлсаям, ўзини босди, ўртоғининг соддадиллигига кулиб қўяқолди.

Бир маҳал торкўчада жувонлари илжайган, эркаклари сўлжайган мазанглар пайдо бўлди. Улар чирмандани бата-банг уриб, ўйинчи кампирни олдинга суриб, шўх-шўх қўшиқ куйлаб, биронта лақмани аврашни ўйлаб келишарди.

Ўйинчи кампирнинг қўшиғи мана бундай эди:

Қайнаналар, келинглар,
Кумуш танга беринглар.
Алам қилар келинча,
Сақич олиб чайнасак.
Келинчалар, келинглар,
Чирмандадан олинглар.
Куйса куяр қайнана,
Уни чалиб ўйнасак...

Мешполвон уларнинг олдини тўсиб, яқин атрофда карвонсарой бор-йўқлигини сўради. Ўйинчи кампир бўйнидаги маржонларини шарақлатиб, пиёладек кўзларини чарақлатиб, унга яқин келди. Қўлини белига тиркаб, оғзидан довул пуркаб: «Биттагина карвон¬сарой бор, уям товуқнинг катагидек тор, ҳар ўнта мусофирдан биттаси тўғри, қолгани ўғри, ухласанг – у ёнингда ҳанги, бу ёнингда банги, сани кўнглинг гумонда, уларники – ҳамёнда, топилса – чақани, топилмаса – отингдаги тақани олишади. Ундан кўра, биз билан юринглар, туннинг гаштини ялангда суринглар, сой бўйида базм қиламиз, еганимизни ажриқда думалаб ҳазм қиламиз», деди. Икковлон бир зум пайсалланиб туришгач, қимматбаҳо молимиз йўқ, бировдан хавфсирайдиган ҳолимиз йўқ, дейишиб мазангларга эргашишди.

* * *

Бу кўчманчилар шаҳар четидаги сой соҳилига макон қуришган экан. Бориб, ўтлоқ жойга давра-давра бўлиб ўтиришди. Ҳар ким ҳимматига яраша нарса олиб келиб, ўртага тўкаверди.

Мешполвон текин зиёфатдан суюниб, эндигина енг шимармоқчи бўлиб турган эдики, от туёқларининг дупур-дупури эшитилди. Қош қорая бошлагани туфайли, қандайдир отлиқ тўда шу ёққа яқинлаётганини ҳам илғамай қолишибди.

От устига ўрнатилган улкан тарвузни эслатувчи бақалоқ киши биринчи бўлиб дўнг ортидан чиқиб келди.

– Бу Наҳанг ўлпончи,– дея у томонга ишора қилди ўйинчи кампир.–Солиқ тўплаб юрибди.

...Вой, ўйинқароқ китобхонларим-ей, ҳали солиқнинг нималигиниям билмаймиз денг? Жуда бахтлисизлар-да!

Дунёда зўрлаб олинадиган солиқдан расво нарса йўқ. Масалан, айтайликки, бобонгизнинг бобосидан мерос қолган беш таноб ерингиз бор. Ана шу ерга ўзингиз чилла суви бериб, ўзингиз ҳайдаб, ўзингиз ўғит солиб, ўзингиз мола босиб, ўзингиз уруғ сочасиз. Ариқ тозалаш-у экин суғориш ҳам ўзингизнинг бўйнингизда. Югуриб-елиб, буғдойниям пишириб оласиз. Кейин ўрасиз, боғлайсиз, тўплайсиз, хирмонга ташиб чиқасиз, ёясиз, бировнинг ҳўкизига ҳақ тўлаб янчийсиз. Донни похолдан ажратиб олгач, уни шамолга шопириб саралайсиз. Ана энди ғаллани қопга солсангиз ҳам бўлаверади.

Буғдой ўн қоп чиқди дейлик. Унга қараб, каллада хомчўт қила бошлайсиз: тегирмонга олиб борсам, тахминан шунча ун бўлади, шунчаси тегирмонҳақига кетади, шунчасини нон ёпиб ейишга ажратаман, шунчасини сотиб, рўзғорга шу-шу нарсаларни оламан...

Бирдан фикрингиз чалкашади, бу буғдойлардан келаси баҳор¬да экишга уруғлик асраб қўйиш ёдингиздан кўтарилганини фаҳмлайсиз. Ҳисоб-китобни қайтадан бошламоқчи бўлиб турганингизда, дабдурустдан пошшоликнинг одамлари келиб қолади, буғдойларни Сепкилшоҳга қарашли ерларда ўстирдинг, энди ҳақини чўзиб қўй, дейишади.

Ўз меҳнатингиз билан ўз ерингизда етиштирган ҳосилин¬гизнинг пошшолик учун олинадиган ўша қисми «солиқ» дейилади, уни ундириб кетадиган кишиларни эса «солиқчи» ёки «ўлпончи» деб қарғашади.

Ўлпончи инсоф қилса, буғдойингизнинг ярмини, инсоф қилмаса, ўн қопдан етти-саккизтасини олиб кетаверади. Буғдой¬нинг ўрнига пул бераман десангиз ҳам йўқ демайди.

Пошшолар-у амалдорлар кимлар-у нималарнинг ҳисобига кун кечиришини энди билиб олгандирсиз? Улар шунақа, ўзини боқаётган одамларнинг хок-пойини кўзга суртиш ўрнига, уларга зўрлик қилишади, алдашади, ўлай деб топганини талаб кетишади...

Наҳанг ўлпончи Сепкилшоҳнинг молдек фаҳмсиз, бўридек раҳмсиз солиқчиси эди. Подишоҳ ўн хил солиқ солса, у яна уч хилини қўшар, беш тангадан тўплаб кел деса, одамлардан олти-етти тангани шилиб оларди.

У ҳар сафаргидек йигирмата маишатпараст сарбози, иккита калхатфеъл жаллоди билан Мингподага келиб, бировни қўрқитиб, бировни даррада калтаклатиб, қайсарини дорга осдириб, пошшоликнинг хилма-хил солиқларини йиғиб қайтаётган эди: ер солиғи, сув солиғи, уй солиғи, мол солиғи, ўтин пули, тутун пули, эшак пули, кесак пули...

Булардан чўнтакка уриб қолгани етмагандек, Наҳанг ўлпончи салла солиғи билан иштон пулиниям ўзича қўшиб қўйганди. Солиқчилар келгандан кейин бу юртда саллаликлар сони кескин камайиб кетган бўлса-да, аммо иштон пулидан ҳеч ким қочиб қутулолмади.

Наҳанг ўлпончидан сўнг дўнгликда икки барзанги жаллод, юк ортилган туяларни қўриқлаб келаётган қора папоқли сарбозлар пайдо бўлди.

– Қимирламай тур ҳамманг! – деб дўқ урди Наҳанг ўлпончи мазангларга яқинлашаётиб.

Сарбозлар ўтирганларни тезда қуршаб олишди.

– Ҳой, сандан ойнанай, – дея ўрнидан туриб ўлпончига юзланди ўйинчи кампир. –Қўлида эски чирманда, чўнтаги қуруқ шарманда лўлилар бўлсак. Биздан нимани истайсан?

– Гапни кўпайтирма, – деб ўшқирди Наҳанг ўлпончи. – Чирманда пулини яхшиликча тўлаб қўй.

Мазанг кампирнинг кўзлари чақчайди. «Етмиш йил санғиб, саксон мамлакатни кўрдим. Локин чирмандага солиқ солганларини биринчи бўлиб сан муттаҳам айтдинг», дея бир сўз деди:

Солиқ солдинг еримга,
Қўйдан шилган теримга,
Сойда ювган киримга,
Чирмандамга ёпишма.
Олдинг кўчат пулини,
Олдинг кўкат пулини,
Олдинг нўхат пулини,
Чирмандамга ёпишма.
Бўкиш пули сўрадинг,
Чўкиш пули сўрадинг,
Сўкиш пули сўрадинг,
Чирмандамга ёпишма.
Қизлар тўлар хол пули,
Кампир тўлар чол пули,
Чол тўлар соқол пули,
Чирмандамга ёпишма.
Дувол пули бер дединг,
Рўмол пули бер дединг,
Шамол пули бер дединг,
Чирмандамга ёпишма.
Ариқ пули тўладик,
Сариқ пули тўладик,
Чориқ пули тўладик,
Чирмандамга ёпишма.
Ўйлаб топдинг қор пулин,
Ўйлаб топдинг дор пулин,
Ўйлаб топдинг ор пулин,
Чирмандамга ёпишма.
Солиқ солдинг тушга ҳам,
Солиқ тўлар иштаҳам,
Келиб энди, муттаҳам,
Чирмандамга ёпишма.

Наҳанг ўлпончининг бирдан фиғони фалакка чиқиб: «Ким муттаҳам? Ҳозир сени ўлпонга олинган эчки ҳисобида гўштга тортаман», деганича кампирга дағдага қила кетди:

Ҳап сеними, лўли кампир,
Тиш ўтмаган эски чандир,
Гап билан жон олган омбир,
Сени гўштга тортиш керак.
Бордир пошшо чизган чизиқ,
Тан олмадинг уни, қизиқ,
Ўй-мақсадинг жуда бузуқ,
Сени гўштга тортиш керак.
Чиқиб келиб шитоб билан,
Фитнанамо хитоб билан,
Гап талашдинг арбоб билан,
Сени гўштга тортиш керак.
Қачонгача семирасан,
Солиқ бермай кемирасан,
Мамлакатни емирасан,
Сени гўштга тортиш керак.

Наҳанг ўлпончи кампир тарафга имо қилиб, мўйловини қимирлатди. Жаллодлар отдан тушиб, қўлларидаги сўйилни ҳавода визиллатган куйи ўйинчи кампирга яқинлаша боришди. Мазанг йигитлар чаққонлик билан ўринларидан туриб, кампирнинг атрофини ўраб олишди, енг шимариб, мушт-муштга шайланишди. Жаллодлардан бири олдинроқдаги чайир ўсмирнинг ўсиқ сочидан тутамлаб, бошдан оширганича орқага улоқтирди. Буни кўриб, сарбозлар қаҳ-қаҳ уриб кула бошлашди.

Дадаси гоҳида Мешполвонга: «Одамхўр жаллоддан қўрқма, аҳмоқ дўстдан қўрқ», деб уқтирар, сўнг бу гапини изоҳлаб: «Аҳмоқ одамлар оғмачи, оғмачилар таъмагир, таъмагирлар харомхўр бўлишади. Харомхўрларни қармоққа илинтириш осон, ғанимларинг ундан чаён ясаб, пайтавангга ташлашади. Пайтавадаги чаён эса сени кутилмаганда чақиши билан жаллоддан минг марта хавфли», дерди. Қизиқ! Аҳмоқ дўстнинг башараси қанақа бўларкин?

Мешполвон дангал олдинга чиқиб, лўлиларга: «Тўхтанглар!» деб ҳайқирди ва «буларни менга қўйиб беринглар», дея жаллодларга яқин борди. Жаллодлардан бири масхараомуз тиржайиб: «Ёрдам беринглў-ў-р!» - деб атрофга аланглади. Иккинчиси ҳам: «Алпомишга учрадик-ку, вой дод!» - дея аскияга қўшилди.

– Тайёр тур, Чика!– деб шивирлади Мешполвон ўнг қўйнидаги илонни туртиб. Илон енгдан ўрмалаб бориб, бошини унинг кафтига суйкай бошлади. – Ростданам жуда зўрмисан? – деди Мешполвон энди биринчи жаллодга писандсиз боқиб. – Олдин бир қўл қисишиб кўрмаймизми?

– Ие, шунақами ҳали? – деб ҳингиллади жаллод. Кейин осмонга тикилганича бепарво қўл узатди. – Ма, бир уқалаб қўй.

Бу ҳангомани кузатиб турган сарбозлар Наҳанг ўлпончига қўшилиб, яйраб-яйраб кулишди.

Мешполвон ларзанглаб бориб, жаллоднинг қўлини чангаллади. Уни қаттиқ қисмоқчидек «Ҳайт!» деб қичқирган пайтда илон бегона кафтни чимиллатиб чақиб олди. Барзанги бир додлади-ю, шилқ этиб тушганича нафаси тўхтади.

Мешполвон ғолибона қиёфада атрофга аланглади. Наҳанг ўлпончи сўррайиб, сарбозлар анграйиб, мазанглар донг қотиб турганини кўрди. Биргина Ошиқбола одатдагидек хотиржам эди.

– Шундай мутахассисни нима қип қўйдинг? – дея ачиниб бақирди Наҳанг ўлпончи. – Бунақа ваҳший энди ё топилади, ё топилмайди.

Иккинчи жаллоднинг бармоқлари кафтда бўғизланиб, тумшуғи тўнғизланиб, ваҳималар тоғини Мешполвоннинг устига ағдаргудек бўлди:

– Куним битди деявер, бола. Қўлингни узиб, итларга бераман. Оёғинг ҳаккаларга ҳакалтаёқ бўлади. Киндигингни суғуриб, бузоққа чилвир қиламан. Қулоғингдан паррак, бурнингдан ҳуштак ясайман.

– Кўп керилма!– деди Мешполвон. –Пешанангга битта чертсам, питиллаб қоласан.

– Мен питиллайманми?– деб наъра тортди иккинчи жаллод. – Мана, чертвол! Армонда кетма!

У ғижинганича пешанасини тутган чоғда Мешполвон чап қўйнидаги илонни туртиб: «Кўзингни оч, Пука!» – деб шивирлади. Пука аста ўрмалаб, енгининг учига келганини сезганидан сўнг, дабдаба билан рақибига яқинлашди.

– Майли, одамгарчилик қилиб чап қўлимда чертақолай,– деди у. – Ўнгида чертсам, калланг учиб кетмасин.

Шундай дея «Ҳайт!» деб жаллоднинг пешанасига чертди. Енг ичидан бошини чиқариб турган илон заҳарли тишини каллага ботирди. Жаллод аравадан ташланган тўнгакдек оёғи осмондан бўлиб ерга ағанади. Мазанглар ҳам, сарбозлар ҳам баравар: «Во-о-ҳ!» деб юборишди.

Шундан кейин Мешполвон сарбозларга майда ҳашаротларга қарагандек қараб, гапни гупиртиришга тушди:

– Ҳов, ҳани-ҳунилар! Мени танимаяпсанлар шекилли? Юз томонга донғи кетган даҳшатли Мешполвон – менман. Сенларга ўхшаган читтак-питтаклар минан пачакилашишга вақтим йўқ. Куч синашмоқчи бўлсанглар, ана, шогирдим Ошиқбола турибди, Гўрўғлибекнинг чевараси бўлади, шу бола минан уриша¬веринглар.

Илонларнинг заҳари тугаб, Мешполвон ноилож қолганини сезган Ошиқбола бир сакраб Ғиротга минди. Қиличини суғуриб, сарбозларнинг устига ҳайқирганича от солди:

Келавергин тараф бўлсанг,
Мендан гина қилма ўлсанг,
Гўрўғлибек бобом, билсанг,
Қиличида мундоқ чопган.
Сенларга сал берай сабоқ,
Бошлар билан учсин папоқ,
Қариндошим Аваз бабоқ
Қиличида мундоқ чопган.
Опоқ отам Ҳасан полвон
Урушганда бўлиб қоплон,
Қонхўрларни қўймай омон,
Қиличида мундоқ чопган.
Равшан ботир менга ота,
Билаклари жувозхода,
Ширвон аскарларин тоғда
Қиличида мундоқ чопган.
Жанг қилай, тан берсин олам,
Фахрлансин бир кун болам,
Десин: «Душманларин дадам –
Қиличида мундоқ чопган!»

Ошиқбола ўзбекнинг номига хос иш қилиб, паҳлавон ота-боболарини пеш қилиб, бундан кучига куч қўшилиб, қўлида қиличи эшилиб, қора папоқлиларни қийрата кетди. Лекин, қора папоқлилар ҳам сара сарбозлар эди, бир тирранчадан чекинишни ўзларига эп кўрмай, жон-жаҳдлари билан савалашишди, кўп талафот бераётганига қарамасдан Ошиқболани сой ёқасига қисиб боришди. Энди қўлга тушдинг дея «ҳаёв-ҳаёв»лаб шовқин кўтаришди.

Ошиқбола ўнг томондагиларнинг ҳамласини қайтаришга чалғиган дамда чапдагилардан бири камонда унинг курагини нишонга олди. Мешполвон «орқангга қара», деб қичқирмоқчи бўлган эдики, ёнгинасида «туп» этган товуш эшитилди. Сарбознинг камони қўлидан учиб, чап кўзини чангалла¬ганича отдан йиқилди. Мешполвон ўгирилиб қараса, боя жаллод бошидан ошириб улоқтирган узунсоч лўли бола туппакни ўқлаб турибди. Ўқлаб бўлгач, оғзига солиб пуфлаган эди, яна «туп» этган овоз таралиб, энди бошқа бир сарбоз кўзига кафт босиб, отдан ағдарилди.

– Ўқига қалампир қўшганман, жўро, – деб Мешполвонга иршайиб боқди мазанг бола. – Кўз деганни ёндиради!

Шу тариқа у ҳаш-паш дегунча беш-олти душманни чўзилтириб қўйди. Бу орада Ошиқбола қуршовни ёриб чиқиб, энди қора папоқлиларни қувлаб юриб чопишга тушди.

Наҳанг ўлпончи кўрдики, аҳвол чатоқ. Шартта отининг бошини буриб, «шарақа-шуруқ» қочиб қолди. Ажали етмаган уч-тўрт сарбоз ярадор жўраларигаям, карвондаги ўлжаларигаям қарамай, жонҳолатда унга эргашди.

Ёвнинг енгилиб қочганини кўрган мазанглар ғала-ғовур билан Мешполвонни ўраб олишди, умримизда бунақа паҳлавонни учратмаган эдик, деб мақтай кетишди. Бундан Мешполвоннинг беҳад димоғи кўтарилган бўлсаям, ўзини камтарроқ кўрсатишга уринди.

– Бас энди, лўлижонлар, мақтовни тўхтатинглар, – деди у мўмиқдек ғўдайиб. – Булар нима бўпти? Аслини олганда, эртакдаги қизил девниям мен сулайтирганман. Мақтанишни ёмон кўрганимдан, ҳеч кимга айтмай юрувдим. Бўлди энди, уялтирманглар мени. Одамлар мана шунақа оёғимга йиқилавермасин деб қирқ бошли аждарҳони тинчитганимниям бировга билдирмагандим. Бас, одамни хижолат қиляпсизлар. Очиғини айтсам, Бадахшон-у Фарғонани кемириб ётган одамхўр ялмоғизниям, Бухоро-ю Хоразмни тилсимлаб қўйган малла жодугарниям ўзим ўлдирганман. Етар энди, этагимни ўпиб, мени уялтирманглар. Қуруқ мақтайвергандан кўра, овқат-повқатдан гапиринглар.

Буни эшитиб, мазангларнинг оқсоқоли меҳмонни сийлаш кимни ўлдирибди деб, зиёфат устига зиёфат бераверди. Мешполвон эса, «бўлди, тўйдим», демай, борини бўкситиб ураверди. Мазангларнинг икки ҳафтага етгулик озиқ-овқати қиронга учраб, «топганимиз шу эди», деб узр сўрашгандан кейин, Мешполвон ноилож қўлини артди. Нафси андак тийилиб, кайфияти суюлиб майсага ёнбошларкан, Ошиқболага қараб деди:

– Манавини одамгарчилик деса бўлади. Мазангларга қойил қолдим. Ке, ошна, карвонни мол-дунёси минан шуларга берайлик.

– Нарсаларни эгаларига қайтарамиз, – деб эътироз билдирди Ошиқбола. – Улар камбағал одамларники.

Мешполвоннинг бирдан жаҳли қўзиб ўшқирди:

– Мингподаликлар Сепкилшоҳга ўзлари сотилган. Балони олишсин!

Ҳозир унинг дилида кечаётган сўзларни мисраларда ифодалашга уриниб кўрайлик:

Боқма бой-у ночорига,
Қўшма одам қаторига,
Ўз юртининг атторига –
Сотқинларга раҳм қилма.
Моласидан уялмаган,
Даласидан уялмаган,
Боласидан уялмаган
Сотқинларга раҳм қилма.
Урушмасдан асир тушиб,
Бир-биридан энди чўчиб,
Юраверсин ранги ўчиб,
Сотқинларга раҳм қилма.
Ёв соқолин юлолмаган,
Ўқлов билан сололмаган,
Мендан ўрнак ололмаган
Сотқинларга раҳм қилма.

– Қонингни қайнатмасдан тургин,–дея Мешполвонга танбеҳ берди мазанг кампир. – Ўртоғинг тўғри айтгани шуки, одамларда айб кам, юртни амалдор сотади. Карвондаги муллажирингларни камбағалларга қайтиб топшир. Мазангларнинг бойлиги йўлда, бизга от билан туяларни савғо қилсанглар бўлгани.

Маслаҳатлашиб, охири бир қарорга келишди. Маҳаллаларга икки киши-икки кишидан тақсимланиб, эрталабгача бойликларни бева-бечораларга тарқатиб чиқадиган бўлишди.

– Неварам Чумаквой сан паҳлавон билан бирга борсин, – туппакчи болани Мешполвонга рўпара қилиб деди мазанг кампир. – Сандан ақл ўрганади.

Икковлон ўзларига тегишли маҳаллада томма-том юриб, қопчиқдаги тангаларни мўрилардан ташлаб кетишаверди. Маҳалла охирлаб қолганида ой ботиб, у ер-бу ердан хўроз қичқириқлари эшитила бошлади.

Улар пастаккина тупроқ томга чиқишганда, «тамом, маҳалла шу ерда адоғ бўлди», деб пичирлади Чумаквой. Шу пайт мўридан дағдағали овоз янгради:

– Кетамиз дедимми, кетамиз! Кечдим бунақа эгаси бетайин юртдан!

Энди кекса аёлнинг: «Ота юртингдан кетиб, қаергаям сиғардинг?» – деган титроқ товуши эшитилди.

– Қанақа ота юрт? Сепкилшоҳнинг томорқаси-ку бу. Нимани хоҳласа, шуни қилади.

– Чидаб тур, болам. Бу келгиндиларгаям худо бордир.

– Қани ўша Худо?– деб шанғиллади ўғил.– Нега юртимни озод қилмаяпти?

– Шаккоклик қилма, тилинг кесилгур!

«Ошиқбола тўғри гапирган экан, – деб ўйлаб қўйди Мешпол¬вон. – Мингподаликларнинг ҳаммасиям сотқин эмас шекилли».

* * *

Сепкилшоҳнинг солиқчилари боплаб жазоланиб, карвондаги бойликлар мингподалик камбағалларга тарқатиб чиқилгач, Мешполвон билан Ошиқбола туя ва отларни мазангларга бериб, хуржунларини еб-ичгулик нарсаларга тўлдириб, йўлга шайланишди. Ошиқбола Мешполвонга: «Ўлжа тушган отлардан биттасини миниб олсанг-чи», деган эди, Мешполвон: «Хачирни қўшнимга соғ-омон қайтармасам, омонатга хиёнат бўлади», деб кўнмади.

Ўйинчи мазанг кампир бу орада Чумаквойни қўшхур¬жунли туяга ўтқазганича етаклаб келиб, яна «паҳлавонлар устози»га рўпара қилди.

– Шуни манга лайзон қилиб бер, паҳлавон Меш, – деди у. – Ўлса, йўлнинг бўйига кўмиб, гўрига туппагини ос. Ажабмас, уни топиб, зиёрат қилсам.

Мешполвон одатдагидек мақтаниб юборганини ўзи билмай қолди:

– Ташвишланманг, лўли хола, бирон йил ёнимда юрса, сувда балиқни қувиб ушлайдиган қип қўяман. Ана, Гўрўғли бобонинг чевараси менга қўшилиб, кам бўптими?

Учаласи мазанглар билан қуюқ хайрлашиб, йўлга чиқишди. Сўқмоғи ўнқир-чўнқир, ўпқони саёз-чуқур, майсаси қовжироқ, шамоли буқадек ҳирқироқ даштда паст-баланд бўлиб боришаверди. Мешполвон туясини лўкиллатиб кетаётган Чумаквойга зимдан тикилиб: «Хайрият-ей, калондимоғ Ошиқболадан баландроқда юрадиганлар ҳам бор экан-ку», деб ич-ичидан қувониб қўйди.

– Туяга нега иккита хуржун ўнгардинг?– деб сўради сўнг Чумаквойдан. – Шулар ҳаммаси овқатми?

Чумаквой: «Йўқ, жўро, биттасига туйилган қалампир босдим. Ўқсиз туппак билан қайси аҳмоқ урушга борибди?» – дея қўлидаги қуролини таърифлашга тутинди:

Топса агар бир масов,
Най бўларди бу ғаров,
Энди мендан ҳам асов
Қўлда турган туппагим.
Ўзи гўё қаламдир,
Ёқтиргани – қалампир,
Бошқа овқатни бир-бир
Четга сурган туппагим.
Бирга-бирга эл кезиб,
Дардларимни тез сезиб,
Юрагимни гоҳ эзиб,
Суҳбат қурган туппагим.
Бировга дил яшнатар,
Бировга ўқ сачратар,
Дўст-душманни ажратар
Кўпни кўрган туппагим.
Чиқди жуда нозиктаъб,
Суйган ёғи – доим чап,
Кимки менга отса гап,
Кўздан урган туппагим.
Ёв кўзидан урсак соз,
Мени қучманг, илтимос,
Вазифам пуфлаш холос,
Асли мерган – туппагим.
Ошиқбола кулиб қўйиб сўради:
– Чивинниям кўзидан ура оласанми, Чумаквой?
– Буни қийин жойи йўқ, жўро, – дея пинак бузмай гапирди Чумаквой, – ишқилиб, кўзи қаердалигини кўрсатиб тургин.
Ҳўкизтери ёпинган Мешполвон ўқловни қозонқопқоққа «тақира-туқур, тақира-туқур» уриб, эски ашуласини бошлади:
Олма едим бақалоғидан,
Гилос едим чақалоғидан,
Анжир едим япалоғидан,
Боғбон буванинг шапалоғидан...

Туя-отлари ҳарсиллаб, қовирғалари қирсиллаб бораётган Ошиқбола билан Чумаквойнинг ўн кун умри даштда шу ашулани такрор-такрор тинглаш билан ўтди. Мешполвоннинг иштаҳаси дастидан асранғи озиқлар кутилганидан илгарироқ тугаб, аҳвол тобора танглашиб бораётган эди.

Ўн биринчи куни даштни қоплаб ётган кўзтикан-у чангал, ёвшан-у юлғунлар борган сайин сийраклашиб, энди онда-сонда қуроғ-у қамиш, бангидевона-ю бурганлар кўзга чалина бошлади. Араваиз йўлнинг ёқаларида ёш мажнунтолни эслатувчи қирчинлар кўпроқ учраган сари учала ўчкорнинг дили равшан тортаверди. Қирчин дегани серўт яйлов ёки суғориладиган ерларга яқин жойларда ўсади. Табиийки, қаерда чорва боқилиб, экин экилса, ўша ўртада одамзод яшайди.

Очликдан сулайиб, жағини қозонқопқоқ қиррасига тияганича ошқовоқманти, ялпизсомса, пўстирмапалов, ҳатто пиёвониям сўлак ютиб ўйлаб кетаётган Мешполвон йўлнинг ўртасида қаламсимон рангдор нарса ётганини кўриб, ҳушёр тортди. Синчиклаб қаради-ю, дарров таниди: наврўз ва ҳайит кунлари попукли қоғозга ўраб сотиладиган, салмоғи кўзда тортиладиган чайнамайшиминг мени ялайдиган мард борми, қанд қурғур шунчалик хорми, деб порпираб турибди.

Биронта анқов бозорчининг тугунидан тушиб қолган бўлса керак деган фикр бошига урилиб, Мешполвон оғзи сувлашганича хачирнинг юганини тортди. Ошиқбола билан Чумаквой ҳам туя ва отни теппа-тенг тўхтатганидан безовталаниб, зудликда ерга сакради. Шериклари худди ўчакишаётгандек олдинма-кетин пастга тушганидан баттар хавфсираб, попукқандга яқинроқ борди, уларнинг нигоҳини чалғитиш мақсадида теваракка эловлади.

– Ҳа, нимага тўхтадинг? – деб сўради Ошиқбола.

– Ҳай, энди тинчликми ўзи? – деб минғирлади Чумаквой.

– Тинчлик, – деди Мешполвон. – Хачиримнинг айилини тортволай, эгар қийшайиб кетяпти.

У, хачирнинг қорни остига бош тиқиб, айил-пуштани тортаётгандек ивирсишга тушди. Қанча пийпаланмасин, шериклари эринмасдан кутиб туришаверди.

– Нима, мен минан ичакларинг бирми? – деб хитланди Мешполвон. – Биров тўхтаса, тўхтайверасанларми? Йўлингдан кетавер-да иккаланг.

– Шерикка қарамасдан кетвориш яхшимас, – деди Ошиқбола.

Чумаквой ҳам доноланган бўлди:

– Баски бирга йўлга чиқдик, энди азобниям, роҳатниям баҳам кўрайлик.

«Баҳам кўрайлик» деган гап Мешполвонни чўчитиб юборди. «Нимани шама қиляпти бу лўливачча», деб ичида аччиқланди.

У, сур шерикларини тағин чалғитмоқчи бўлди. Зеро, икки одим нарида турган ширинликни қўлга киритиш учун бегона кўзларни ярим сониягина алахситиб қўйиш кифоя эди. Шу мақсадда осмонга тикилиб: «Анави бургутми, лочинми?» – деб сўз қотди. Бироқ умиди чиппакка чиқди, Ошиқбола ҳам, Чумаквой ҳам осмонга қарамади, аксинча попукқанд тарафга кўз қирини ташлашгандек туюлди.

Мешполвон нима қилишни билмай, қайтадан айилни тортишга киришган эди, Ошиқбола димоғида хиргойиланганича битта-битта босиб келиб, попукқандни хиром этигида тўсиб тўхтади. Пешининг чангини қоққан бўлиб сал эгилган вақтда, ҳамма воқеани хачирнинг оёқлари орасидан кузатиб турган Мешполвон охири чидамасдан, ўзини ўлжага отди. Лекин, кутилмаганда, ҳаводан камон ўқидек учиб келган Чумаквой попукқандга биринчи бўлиб панжа урди. Чумаквойнинг устига Ошиқбола, Ошиқболанинг устига Мешполвон қўниб, лўлаболишлардек тахланиб қолишган дамда попукқанд бир сапчиди-ю, тўрт қарич нарига бориб тушди.

Учаласи ҳам кўзига ишонмай бир зум карахтланиб турди. Уларнинг назарида ораларида кимдир ширинликни нарироққа туртиб юборгандек бўлди.

Мешполвон энг тепада ётгани учун ўлжага яна ҳаммадан олдин ташланиб кўрди. Бироқ, мақсадга етдим деганида, попукқанд жойидан бир сакраб, уни иккинчи бор калака қилди.

Ошиқбола билан Чумаквойнинг навбатма-навбат ирғишлаши¬дан ҳам иш чиқмади, қитмир ўлжа ҳаммага панд бериб, сал нарида эрмаклаб тураверди.

Азбаройи очликнинг зўрлиги, бунинг устига қизишиб кетганлари боис учаласи ҳам нима бўлаётганини мулоҳазалаб ўтирмади, бунга фурсат ҳам йўқ эди. Улар яланиб-қаланиб эмаклагани сайин, попукқанд эринмасдан қоча бориб, охири йўл четидаги ўтлар ичида илондек сирғалганича ғойиб бўлди.

Шу паллада қирчинлар ортидан қаттиқ кулги эшитилди. Туриши даллироқ, иштон-нимчаси шалвироқ, бети ялпоқ, бошида кигиз қалпоқ, жағини соқол босган, бўйнига чўзма осган пак-пакана чол қорин қучганича панадан чиқиб келиб, майсаларга думалаб-думалаб хохолай бошлади.

Биринчи бўлиб Ошиқбола ўрнидан турди, кейин Чумаквой билан Мешполвон. Улар қотиб-қотиб кулаётган митти чолга бир-бир хўмрайиб, кийимларидаги чангни қоқа кетишди. Сўнг ҳар бири ўз уловига қараб юрди.

Буни кўрган чолнинг бирдан кулгиси босилиб, бароқ қошлари осилиб, кипригидаги ёшларни қоқиб, уларга ҳайратомуз боқиб: «Ие, бу қанақаси, укавойлар? Ростданам мени урмасдан кетавера¬сизларми?» – деб, орқадан пичинг қистирди:

Ҳў, омади кетмагурлар, шошманглар,
Мени писанд қилмай ҳаддан ошманглар,
Уч паҳлавон уч қарғадек қочманглар,
Нега мени дўппосламай кетяпсиз?
Қанд емасдан ҳали ҳеч ким ўлмаган,
Текин қанд еб ё сандиғи тўлмаган,
Устингиздан биров мендек кулмаган,
Нега мени дўппосламай кетяпсиз?
Очнинг кўнгли нозиклигин билсам ҳам,
Қоғозга лой ўраб, ипга илсам ҳам,
Ҳаммангизни боплаб жинни қилсам ҳам,
Нега мени дўппосламай кетяпсиз?

Шунда Мешполвон жаҳлланиб: «Ўзим етти иқлимга донғи кетган Мешполвон бўлсам, булар мендек паҳлавоннинг шогирдлари бўлишса-ю, одам қуриб кетгандек, сизни савалаймизми?», - дея сўзни кўпиртириб берди:

Дувол учраса бузиб ўтдим,
Занжир учраса узиб ўтдим,
Бўри учраса эзиб ўтдим,
Кўлдан бақадек сузиб ўтдим,
Тоғдан аччиғим қўзиб ўтдим,
Чўлдан қумғондек қизиб ўтдим,
Сувсиз саҳродан безиб ўтдим,
Тулкидек жуним тўзиб ўтдим,
Изимни қумга чизиб ўтдим,
Даштда қуёндан ўзиб ўтдим,
Қулоғини бир чўзиб ўтдим,
Юзлаб қишлоқни кезиб ўтдим,
Ошнинг ҳидини сезиб ўтдим...

– Майли, укавойлар, урмасанглар ихтиёр ўзларингда, – деди чол. – Лекин, барибир қизиқ иш қиляпсизлар. Шу ерда болаликдан берисига ўткинчиларни мазахлаб келаётган бўлсам, ҳали бирон марта калтак емасдан қолмаганман. Мана, юзимдаги чандиқларни кўриб турибсиз, булар баданимдагиларнинг мингдан бири холос. Ўнта бармоғимдан саккизтаси қийшиқ, ўттиз икки тишимни ўттизимдаёқ тўкиб бўлишган, қўл-у оёқ, умуртқа-ю қовурғаларимнинг синмаган бўғини қолмади. Лабим тўла тиртиқ, жағим ўйноқи, бурним қийшиқ, чап қулоғимнинг пардасини йиртишган. Ғўдайганларни мазахлаш арзонга тушавермас экан.

Кейин пакана чол хусусан кимларни масхаралаб эмаклатганини завқ-шавқ билан санай кетди. Уларнинг орасида муғамбир баққол-у даллоллардан тортиб, қассоб-у жаллод, ҳудайчи-ю понсод, миршаб-у қози, бек-у нозир, ҳатто таниқли сарой арбобларигача бор эди:

Юлғич зоти кўп дунёда,
Очкўз ундан ҳам зиёда,
Хоҳ отдадир, хоҳ пиёда,
Барин кулиб эмаклатдим.
Ўтди бундан ўғри-каззоб,
Укасини шилган қаллоб,
Ўтди аллоп, ўтди жаллоб,
Жилиб-жилиб эмаклатдим.
Қулга қўшиб зўр қулдорни,
Гадони-ю ва пулдорни,
Саводсиз-у илмдорни
Ипга илиб эмаклатдим.
Берар бўлсанг лаъл-у зарни,
Эл сотишга розиларни –
Бек, савдогар, қозиларни
Бағрин тилиб эмаклатдим.
Арзимас-у арзирни ҳам,
Карнайчи-ю нозирни ҳам,
Носфуруш-у вазирни ҳам
Сичқон билиб эмаклатдим.
Текин хўрда бўлди қопқон,
Келди кўплар тақиб унвон,
Келди тўра, келди султон,
Эрмак қилиб эмаклатдим.

– Шу вақтгача Сепкилшоҳнинг дорига осилмаганингизга шукур қилинг, – хачирига миниб, эгар қошидаги қозон¬қопқоғ-у ўқловни қўлга оларкан, чолга салмоқланиб гапирди Мешполвон. – Энди қўрқмасангиз ҳам бўлади, яқин орада биз уни мижиғлаб қўямиз.

Митти чол уларнинг ниятини пайқаб: «Сепкилшоҳнинг амалдорлари озгина еримниям тортволишиб, мени дарбадар қилишди. Энди сизлар билан бориб, ундан қасос олайин», деб арзи ҳол айтди. Чумаквой, «қўлингиздан бирор иш келсамикан ўзи», деб сўраган эди, чол бўйнидаги чўзмага ишора қилиб, «чумчуқни бурнидан ураман», деди.

– Бизга зап ажойиб аскарлар учраяпти-да, – деб жилмайди Ошиқбола. – Бири кўзни мўлжалласа, бошқаси бурунга ёпишади.

Мешполвон эса яна ақлини намойиш қилгиси келиб, қочириқ гап ташлади:

– Чумчуқда бурун нима қилади, отагинам? Чумчуқда тумшуқ бўлади.

– Биз шунақа ўйлаймиз, – деб пешанасини тириштирди чол. – Чумчуқлар бўлса, ўзларини бурунли, одамларни тумшуқли дейишади.

У бирпас тортишиб, болакайларни шерикчиликка кўндиргач, қирчинзор тарафга «ме-е, ме-е-е», дея овоз қилган эди, шохдор бир қўчқор такир-тукур югуриб чиқиб, эгасининг ёнида тўхтади. Чол «қани, кетдик бўлмаса», деб қўчқорга минди, иккала шохидан маҳкам ушлаб, уни олдинга ниқтади.

«Хайрият-ей, мендан пастроқда юрадиганлар ҳам топилиб қолди», дея ўзича севиниб қўйди Мешполвон.

Пича йўл юришгандан сўнг, митти чол йўлдошларига қўчқордан бўйланиб боқиб: «Дурустроқ сўрашиб олайлик. Мени отим Райҳон қизиқ», деди. Кейин бошқаларнинг исми-шарифи, таг-зотини суриштирди. Ҳаммаси билан танишиб чиққач:

– Ие, ҳали Олтиариқданмисан? – дея Мешполвонга илжайиб юзланди. – У томонлик одамларни жуда шинаванда дейишади. Болалигимиздаги бир айтишув ҳозиргача эсимда турибди.

Ўша айтишув мана бунақа экан:

– Олтиариқ – зўр ариқ!

– Бу ариқда нима бор?

– Елкани кўк кема бор.

– Кемасида нима бор?

– Жўра минан Жума бор.

Жўравойни уни бор,

Жумавойни жуни бор.

– Қайга борар Жўравой?

– Истамбулга етволса,

Унни жунга алмашар.

– Қайга борар Жумавой?

– Истамбулга етволса,

Жунни унга алмашар...

Мешполвон Райҳон қизиққа тумтайиб боқди:

– Нима бўлгандаям, юртингизга меҳмонмиз. эски-туски шеърларни айтгандан кўра, кичик бир зиёфат ташкил қилсангиз-чи.

– Ўзим ҳам юртимга мусофирман, – деб жавоб қилди чол. Сўнг олди очиқ нимчаси остидан боғланган қўш¬белбоғнинг бирини ечди. – Мана, белбоғимда бешта қатирма бор, шуни тинчитиб қўяқоламиз.

У йўл-йўлакай қатирмаларни тақсимлашга тушди.

– Менга иккита беринг, отагинам, – деди Мешполвон. – Қўйниғимда эгизак илонлар ётибди. Қорнини яхшилаб тўйдирмасак, ҳаммамизни чақиб ўлдиришади.

– Бе, гап буёқда экан-да, – деб лаб бурди Чумаквой. – Мен аҳмоқни кўргинки, жаллодни чертиб ўлдирганингга ишо¬нибман.

Мешполвоннинг қўққис авзойи бузилиб, ўшқириб берди:

– Оғзингни юм, лўли! Қўйинга илон солиб юришгаям юрак керак!

– Кимда қанча юрак бор – энди буни билмадим...

– Лўлилар от ўғирлашдан бошқа ниманиям биларди!

Мешполвоннинг жаҳли қўзиши иштаҳасига заррача путур етказолмади, яримта қатирмани Чика билан Пукага бўлиб бериб, биряримтасини ўзи еди.

* * *

Улар уловларини ниқтаб, ярим тунда гандираклаб тўхтаб, майсатўшакда ухлашиб, тушида қовурмани йўқлашиб, азонда яна эгарни миниб, очликдан кўзлари тиниб йўлда давом этишаверди.

Кунлардан бир куни узоқда каттакон чорбоғ кўринди: Мешполвоннинг кўзига қуймоқ, Ошиқболаникига қаймоқ, Чумаквойникига сарёғ кўринди. Райҳон қизиқ эса уларнинг ҳафсаласини совитиб деди:

– Учаланг намунча тамшаниб қолдинг? Хомтама бўлманглар, бу чорбоғнинг эгасини Мутал-майнавоз дейдилар. Тиллоси минг кўза, уйида ҳар куни рўза, умрида товуққа тўрт дона дон, кучукка бир тишлам нон бермаган. Онаси тирилиб келиб «очман» деса, олдига ёвғон шўрва қўяди.

Райҳон қизиқнинг гапига кўра, Мингпода билан Қаҳратония чегарасида яшовчи бу бой Сепкилшоҳга биринчи бўлиб сотилган экан. У аввалига шу ўрамдаги одамларни «ўзимизга ўзимиз кўпроқ хўжайин бўламиз, камроқ солиқ тўлаймиз», деб алдаб, Сепкилшоҳга яхшиликча бўйсундирибди. Кейин қабила¬дошларининг бирини фитначи, бирини исёнчига чиқариб, ҳаммасининг ерини тортиб олибди, ўзларини қулга айлантирибди, ҳатто яқин қарин¬дошларини, жигарбандларини ҳам аямабди. Энди бирон киши унинг измисиз бу жойдаги тошни у жойга жилдириб қўйишгаям ботинолмас экан.

– Ҳозир вақтимиз зиқ, Мутал-майнавозингиз билан кейин ҳисоб-китоб қиламиз,– деди Ошиқбола.– Лекин, бизга қўрсланиб кўрсин-чи!

Тўртовлон чорбоғга етиб бориб, дарвозани тақиллатишди. Дарвозабонларни пўписалаб, бу ернинг хўжайинини суриш¬тиришаётган чоғда: «Э, келинглар, келинглар. Хўжайин, мана, бизмиз», деб илжайганича Мутал-майнавознинг ўзи пайдо бўлди. Тўрт хил улов миниб, тўрт турда қуролланган меҳмон¬ларнинг кўзига синчковлик билан бир-бир боқиб чиқди.

– Қани, қани, буёққа марҳамат қилинглар, – дея таъзимини поёндозга айлантирди у.

Йўловчилар ичкарига кириб, уловларини боғлаб бўлишгач: «Хўш, хизмат, аканг айлангурлар», деб сўради.

Ташқининг бир тарафи қатор-қатор уй-ҳужра, иккинчи томони мевалар ғарқ пишиб ётган мўл-кўл боғ эди. Боғдан кўз узолмай, кекирдаги лик-ликлаб қолган меҳмонлар бир-бирига гап бермасдан, кўнглидагини баён қила кетишди.

Мешполвон:

– Тезроқ узинг узумни,
Куйдирмасдан кўзимни.

Ошиқбола:

– Нафси бузуқ эмасман,
Беҳи емай кетмасман.

Чумаквой:

– Мени яхши боқинглар,
Ёнғоқни кўп қоқинглар.

Райҳон Қизиқ:

– Анжирвойни боплайин,
Жиғилдонга чаплайин.

Мешполвон:

– Теринг беш қоп ғайноли,
Олти пақир шафтоли.

Ошиқбола:

– Элликтача нок беринг,
Ювиб-нетиб пок беринг.

Чумаквой:

– Кўп емайман мен гўдак,
Анор чўзинг бир этак.

Райҳон Қизиқ:

– Олма тушса тап этиб,
Еб қўяман хап этиб...

– Вой, аканг айлангурлар-ей, итдек очқаганга ўхшайсиз¬лар-ку,– деб ачинганнамо бош тебратди Мутал-майнавоз. – Қани, қани, меҳмонхонага киринглар-чи, насибада борини дастурхондан олганимиз маъқул. Шунда кабоби сизга, савоби бизга бўлади.

«Шундай одамни ёмонлаб юрибди-я», деб ўйлаб, Мешполвон Райҳон қизиққа чапя тагидан ўқрайиб қўйди. Сўнг мезбоннинг қуюқ мулозамати, мулойим илтифотидан баҳри-дили очилиб, унинг кўзига умидвор тикилганича бир сўз деди:

Топмасак сизни агар,
Очдан ўлардик, масалан.
Кулча-ю чой берсалар,
Соғлик тилардик, масалан.
Туппани қилсак тамом,
Коваток димлаб момом,
Қўйсалар писта-бодом,
Эрмак қилардик, масалан.
Қазини юпқа тилиб,
Келтиринг тарвуз «юлиб»,
Шуллани «хўр-хўр» қилиб,
Нонни булардик, масалан.
Шавлалар бўлгач ҳазм,
Шўрнўхат бермак – расм,
Сут ичиб қурсак базм,
Шодон кулардик, масалан.
Ошпалов келса пишиб,
Чайнасак бодринг қўшиб,
Қорнимиз мешдек шишиб,
Яйраб силардик, масалан.

Тўртовлон меҳмонхонага киришди, адрас кўрпачаларга чордана қуришди. Мутал-майнавоз пойгакка чўккалаб, юзига фотиҳа тортди, қўл қовуштириб «хуш кўрдик» қилди.

– Қани, қани, меҳмонларнинг қўлига сув қуйворинглар, – дея очиқ эшикдан ташқарига бўйланди у.

Иккита ғулом зипиллаганича кириб келди. Уларнинг қўлида ҳеч вақо бўлмаса ҳам, ниманидир ушлаб тургандек эҳтиёткорона қадам босишарди.

Биринчи ғулом Мешполвонга яқинлашиб, ўзини ўнг қўлида офтоба, чап қўлида чилопчин тутгандек кўрсатди, «қўлни чайқасинлар», дея қаддини эгди.

Мешполвоннинг бир жаҳли чиқиб, бир гўлайиб, бунинг чинми-ҳазилми дегандек ғуломга зийракланиб тикилди, унинг жиддий ва итоаткорона қиёфадалигини кўриб, баттар меровланди. Мутал-майнавоз: «Чилопчинни пастроқ тутсанг-чи, мол!» – деб ғуломни жеркиб бергач, ҳаммаси рост шекилли деб кўринмас чилоп¬чиннинг устига қўл чўзди. Ғулом уч марта сув қуйгандек қилиқ қилди. Иккинчи ғулом «сочиқни олсинлар», дея унга қуруқ қўлини узатди. Бошқалар ҳам ноқулайликдан қизариб-бўзарганларича қўл чайқаган бўлишди.

Шундан кейин биринчи ғулом дастурхон ёзаётгандек ҳаракат қилди, чўри қизлар эса ўзларини баркаш кўтаргандек кўрсатиб, қаторлашганича кириб кела бошлашди. Мутал-майнавоз: «Майизларни буёққа қўй. Шўрданакни нарёққа сурсанг-чи», деб дастурхончи ғуломни тергаб турди. Ҳатто чўрилардан бирини «узумни тоза ювмабсан» деб йўқ баркаши билан орқага қайтариб юборди. Гўё нон синдирган бўлди. Кейин чой қуйиб узатаётгандек бўм-бўш қўлини меҳмонларга бир-бир чўзиб чиқди.

Деярли бутун ҳаёти турли таҳқирлашларга чидаш билан ўтган Райҳон қизиқнинг босиқлиги қўл келиб, тезда эсини йиғиб олди, ўзини алланарсага нон ботириб еяётгандек, чойни хўриллатиб ичаётгандек қилиб кўрсатди.

– Манави шинни беданатутникими дейман? – бепарво туриб Мутал-майнавозга савол берди у.

– Топдингиз, меҳмон, топдингиз, – деб одоб билан таъзим қилди Мутал-майнавоз. – Ана шу ҳолвойтарниям бир ялаб кўрмадилар-да.

Шундан кейин бошқалар ҳам Райҳон қизиққа қўшилиб, эрсак-терсак кавшанишга тушишди. Қуруқ кавшангани сари Мешполвоннинг ичаклари кучлироқ ачишиб, томоғига сўлак тиқила бошлади.

Мутал-майнавоз сипо чўккалаб олиб, лағмон кетидан ўрама, ўрама кетидан димлама, димлама кетидан думба-жигар, думба-жигар кетидан лўлакабоб буюриб тураверди, чўрилар хонага қуруқ кириб, қуруқ чиқаверди. Ниҳоят, номи бор-у ўзи йўқ ош тортилиб, апил-тапил «еб бўлингач», меҳмонлар бу хўрликдан тезроқ қутулиш учун уй эгасидан фотиҳа сўрашди. Ташқарида чала-чулпа хайрлашиб, шошилинч йўлга чиқишди.

Алами ичига тўлиб турган Мешполвон дарвозадан ўтибоқ, Мутал-майнавозни бўралашга тушди:

– Ҳозир урушга кетмаётган бўлсам, бу баттолни қиймалаб ташлардим. Обрўйимни икки пул қилди-я.

– Шапалоқ солай десанг, қўлинг бормайди, – ёниқиб боқди Чумаквой. – Бир таъзим қилади, бир илжаяди.

– Сизларга айтувдим-ку, жуда пихини ёрган деб, – дея кулимсиради Райҳон қизиқ. – Нафснинг ноғорасига ўйнаб, мениям ҳижолатга қўйдинглар, укавойлар.

Ошиқбола уларнинг ғалвасига барҳам беришга тиришиб деди:

– Бўлди-да энди, ҳозир бунақалар билан ўчакишиб юрмайлик. Олдимизда тоғдек душман турибди.

* * *

Эртаси куни улар Қаҳратония юртининг чегарасидан ўтишди. Отнинг туёғини ютадиган шўрхок тупроқда имиллаб, ҳар шамол увлаганда қулоқлари қимирлаб, чанг қоплаган киприк тагидан йўлга мўралашиб, сийрак ўсган чакалакзорни оралашиб олға юри¬шаверди.

Шамол тиниб, эндигина енгил нафас олишаётганда бошқа офатга дуч келишди: аввалига онда-сонда ғашга тегаётган чивинлар дақиқа сайин кўпайиб борди, охири уларни чимматдек ўраб, шафқатсиз талай кетди. Бу бедаво ҳашаротлар хонадон¬лардаги минғирлоқ искабтопарлардан бироз кичиклиги, ўлимдан қайтмаслиги билан ажралиб турарди. Энг ёмони – киши нафас олганда тўрт-бештаси шувиллаб оғизга кириб танглайга ёпишар, Ошиқбола ва Чумаквойнинг бундан кўнгли беҳузур бўлиб тинимсиз тупуришар, Райҳон қизиқ тупуришдан ташқари ҳар сафар теша тегмаган сўкишларни ишлатарди.

Биргина Мешполвоннинг парвойи фалак эди. У кеккайганича оғзини одатдагидан каттароқ очиб борар, чуқур-чуқур нафас олар, ўзини ажалга ураётган «оққанот»ларни имкон қадар кўпроқ ютишга ҳаракат қиларди. Аммо, чивинлар битмас-туганмас бўлса-да, ҳаддан зиёд чинқарчалиги учун қорнига урпоқчалик юқмасди. Худойим, ҳеч бўлмаганда, чувалчангни учадиган қилмабди-да, деб ичида афсусланаёт¬ганида, узоқдан хириллоқ ўкириклар эшитилди.

Улар овоз келган томонга юришиб, кичкина ялангликда қонга беланиб урушаётган иккита тўнғизнинг жанги устидан чиқиб қолишди. Олишувни чангаллар ортидан бирпас томоша қилишгач, Мешполвон: «Қани бўлинглар, бекор тургунча сих тайёрлайлик», деб буйруқ берди.

Райҳон қизиқ таажжубланиб елка қисди:

– Сихни нима қиламиз? Ачамизга тўй бўляптими?

– Тўнғизкабоб еймиз, – деди Мешполвон.

Буни эшитиб Ошиқболанинг бурни бужмайди:

– Аввал кўрайлик-чи, ҳали биронтаси ўладими, йўқми.

– Ана бу гап тўғри, – деб қувватлади Чумаквой.

Мешполвон ўжарланиб туриб олди:

– Мен айтдимми – гап тамом. Кўрмаяпсизларми, тўнғиз¬ларнинг иккаласиям урғочи. Беданавоз қўшнимиз «иккита урғочи бир-бирига қасдлашса, биттаси ўлмасдан қолмайди», дерди.

Райҳон қизиқ: «Бунақа олишувнинг чатоқ жойи шуки, ўлган ҳақмиди, ноҳақмиди – билолмайсан», деган эди, Мешполвон: «Қозиликка савод керак, мен енгилганини еявераман», деб кекирдагини ғўлқиллатди.

Улар жанг бўлаётган томонга қараб-қараб, кабоб базмига аҳиллик билан ҳозирлик кўришаверди. Қизиқишда бир қучоқдан сих тайёрлаб ташлашди ҳамки, на у, на бу тўнғиз ҳадеганда ўла¬вер¬мади. Олишув жуда чўзилиб кетди. Яхшиямки, нася ўлжага ишониб бировни меҳмонга айтишмаган, йўқса, роса ўсал бўлишарди.

Ҳайвонларнинг тепалашуви пешингача давом этди. Охири иккаласиям ҳолдан тойиб, гандираклай бошлашди. Буни кўриб, Мешполвон шерикларига хурсанд кўз қисди, қуруқ сихни оғзига сирғантириб, энди кабоб еймиз деган ишорани қилди.

Кутилмаганда, қўчқор қаттиқ маъраб юборди. Терисидан оппоқ буғ кўтарилаётган тўнғизлар ҳансираганича бир дақиқа ҳаракатсиз туриб қолишди, атрофга диққат билан қулоқ солишди, бегона шарпани сезганларидан кейин оёқларига мадор кириб, икки тарафга тирақайлаб кетишди.

Мешполвон аламдан йиғлаб юборишига оз қолди. Бетамиз қўчқорни мириқиб савалаш ниятида ўқловни қўлга олган эдики, буни пайқаган Райҳон қизиқ устамонлик билан уни шаштидан туширди – қўчқорни енгил тарсакилаб, дўқ урди:

– Ҳе, бетасир! Дуч келган ҳайвонга ачинаверасанми? Минг ёрдам қилгин, тўнғиз зоти барибир сенга эл бўлмайди...

– Бопланг, отагинам! – деб далда берди Мешполвон. – Бу бетигаям тарсиллатинг!

– Ҳе, калланг қурсин! – дея тергашни кучайтирди Райҳон қизиқ. – Кўрпангга қараб оёқ узат, деб неччи марта айтганман, ғирт гаранг экансан-ку. Мешполвондек одам турганда, сен билан менга гапиришни ким қўйибди? Қачон эсинг киради, вей? Ҳозир мана шу чўзма билан бурнингга қаратиб...

– Отманг чўзмани! – қичқирди Мешполвон. – Бўпти, бу нодонни кечирдим.

У узангига тирмашаётиб қўчқорга бир-икки бор ола қараб қўйди. Эгарга пахсакашдек ўрнашиб олгач, чўлоқ хачирини ликонглатиб, шерикларини йўлга бошлади.

Ҳивич уриб туясини ўрнидан қўзғатаётган Чумаквой, жаҳлланиб пўнғиллади:

– Баттар бўл, ҳароми тўнғиз. Биздек паҳлавонлар емоқчи бўлдик, сен аҳмоқ ноз қилдинг.

– Ҳали уйга бориб роса аттанг дейди, – деб жилмайди Ошиқбола.

Очлик ҳамма нарсага, жумладан, кайфиятга ҳам завол экан. Улар турнақатор тизилиб олиб талай манзилни босиб ўтишди, аммо на ўзаро чақчақлашишди, на Мешполвоннинг «боғбон бува» қўшиғини тинглаш шарафига муяссар бўлишди. Худди «дим-дим» ўйнагандек гоҳ хаёл суриб, гоҳ теваракка бефарқ кўз ташлаб кетишаверди.

Қуёш оғаётган паллада олдинда каттакон кўл кўринди. Яқинроқ бориб қарашса, соҳилда кенг дастурхоннинг пеши очилиб, бир дунё ноз-неъмат сочилиб ётибди. Попукдор дастурхоннинг ёнида тўп-тўп зодагонча кийим, кийимлар устида ханжару қиличлар уюм-уюм, ўн чоғлик йигит кўл ўртасида чўмилиб, бақатўнга кўмилиб юрибди. Эгаси йўқ тулпорлар эса жиловсизликдан эркалаб, бир-бировини елкалаб, четда майса чайнашяпти.

Шу пайт бошқа тарафда отлиқлар галаси кўзга чалинди. Сепкилшоҳнинг қора папоқли суворилари ўз ҳоқони шаънига хушомаднамо қўшиқ айтганича шу томонга яқинлаб келишаётган эди. Тўртталаси дарҳол панага ўтиб, шарбат ўрнига туприк ютиб тураверди.

Мешполвон кўрсаки, кўлдагилар чалқанча ағанаволиб, аста-секин қирғоққа қараб сузишяпти. «Шунча овқатдан бирортасиниям тотмай кетадиган аҳмоқ менмас», деб ўйлади у ва шерикларининг «ҳай-ҳай»ига қарамай, ҳалпиллаганича бориб, дастурхон ёнига чўккалади, қўлига илинган масаллиғнинг номини суриштирмай, лунжига тиқаверди.

Қора папоқли суворилар зодагонча кийимларни тепалаб, сара овқатларни тўпориларча ямлаётган Мешполвонга ҳайрат билан бирин-сирин боқиб қўйишиб, ашулани тўхтатмасдан йўлда давом этишди:

Бордир пахмоқ соқоли–
Бир боғ шоли похоли.
Пошшо бобо соғ бўлсин,
Доим вақти чоғ бўлсин.
Ҳамёнида тилло кўп,
Калласида ҳилло кўп.
Пошшо бобо соғ бўлсин,
Доим вақти чоғ бўлсин.
Айиқтери пўстини,
Дорга осар дўстини.
Пошшо бобо соғ бўлсин,
Доим вақти чоғ бўлсин.

Зодагон йигитлар кўлдан чиқиб келиб, бақрайиб қолишди: дастурхон пайҳон, ноз-неъматларнинг кўпи гумдон. Бошига сопол идиш кийган нотаниш жулдирвақи кўзини мўлтиратганича қунишиб турибди. Ундан кўрайлик дейишса, бир бола шунча овқатни қоринга тиқворишига ишониб бўлмайди. Охири ораларидаги энг барвастаси унга яқинлашиб, «Бу қайси товуқнинг иши?» – деб сўради.

– Озгина гўшт берсанглар, тўғрисини айтишим мумкин, – деди Мешполвон.

Шунда йигитларнинг лайчасифатроғи олдинга пилдираб чиқиб, «вей, ўзингни қийма қипқўймайлик тағин», дея мушт дўлайган вақтда, Мешполвоннинг эски терслиги қўзиб, гапни баланддан олди:

Дабдурустдан урмагин дўқ,
Ғалваларга тоқатим йўқ.
Шукур қилки, бетамизни –
Тузлолмайман очлигимда.
Гапирсанг сал бўлиб одам,
Берардим тўқ бўлсам ёрдам.
Лек қорнимдан бошқа мақсад
Кўзлолмайман очлигимда.
Овқат есам бўлар аён
Нима рост-у, нима ёлғон.
Азал тўғри гапни топиб
Сўзлолмайман очлигимда.
Ўқраясан менга нечун?
Аҳволимни ўзинг тушун –
Очиқ айтсам, поччамни ҳам
Сизлолмайман очлигимда.
Овқатларни қилиб талон,
Кетди сурлар бирон томон.
Улар кетган томонни мен
Эслолмайман очлигимда.

Бояги барваста йигитнинг тоқати тоқ бўлиб: «Э, менга деса дастурхонниям қўшиб ют. Буларни ким еганини гапирсанг-чи, нафсингга ўт тушгур!» – деб бақириб берди.

Мешполвон олисда қўшиқ айтиб бораётган суворилар томонга ишора қилди:

– Ана, тўқ қоринга ашулани важанглатиб кетишяпти.

– Отларни эгарланглар! – деб шерикларига қичқирди барваста зодагон. – Бу таги пастлар пошшоликнинг айғирини минволиб, ҳовлиқиб кетганга ўхшайди. Еганини бурнидан булоқ қиламиз. Кетдик!

Улар шоша-пиша кийиниб, қуролларини тақишди, отларни пала-партиш эгарлаб, қора папоқли сувориларнинг кетидан пойга қўйишди.

– Ҳамма овқатлар хуржунларга тиқилсин! – дея Мешполвон ҳам ўзиникиларга буйруқ берди. – Бу ердан вақтида жилмаган – номард.

Хуржундаги озиқларни иложи борича тежашиб, ошқозонларини шоҳона таомларда «безашиб», қоринлари чирманда, ўзлари дармонда бўлиб, яна тўрт-беш кун йўл юришди, охирги учта нон туйқус йўқолганини Мешполвондан кўришди.

* * *

Тўрт ўчкорнинг дилидаги мақсад бир-бирига яқиндан-яқин, уларни мақсадга элтувчи йўллар эса узундан-узоқ эди.

Туғилганидан буён бир жойда муқим яшаган киши ўз масканини ер юзининг энг кўримли, энг тортимли, энг қиёссиз, ҳатто энг катта бўлаги деб тасаввур қилаверади. Яйдоқ адир этагига макон қурган чўпонларнинг хаёлида кўрк-у қудратда тенгсиз Жазоир мамлакати ҳам яйловнинг бир четига бемалол сиғадиган мўжаз шаҳарча шаклида намоён бўлади, юнонлар элатини эса фақат сайр-у томоша, савдо-сотиқ қилиб қайтишгагина ярайдиган йирик бозор деб билишади.

Буларнинг ҳаммаси хомхаёллигини, ўзи кун кечириб келган қурама, вилоят ёки юрт поёнсиз денгизнинг биттагина ўзанчаси, нари борса, бирон-бир кўрфазидек гап эканлигини киши сафарга чиққанда англай бошлар экан.

Улар неча-неча қишлоғ-у шаҳарлардан ўтишди, қанчадан-қанча овул-у қалъаларга дуч келишди, турли урф-одатдаги кишилар билан мулоқотда бўлишди, лекин ҳеч қайси жойда сабаб-заруратсиз у ёки бу тарафга бориб яшашни, ўша ёқдаги қабристонга кўмилишни орзу қилган инсонни кўришмади. Ҳар ким ўз ўзанини, ўз кўрфазини энг муҳим, энг муқаддас деб тушунаркан. Балки бутун бошли денгизнинг барҳаёт-у барқарорлиги ҳам шундадир.

Жаҳд-у жадаллик билан куйиб-ёниб йўл босишгани сайин Мешполвон бир нарсага қайта-қайта шукрона айтарди: яхшиямки хачирда мия йўқ, агар мияси ишлаб йўлкирага ҳақ сўраб қолса, сурункасига беш-олти йил мардикорчилик қилиб, қарз узиши лозим бўлармиди? Ахир қишлоқда бировнинг даладаги буғдойини шунчаки уйига ташиб берсанг ҳам, ҳар қопидан бир ғалвир хачирҳақи оласан. Мешполвон эса кам деганда тўрт қоп буғдойчалик тош босади. Шунча юк! Шунча йўл! Унинг бўйнига тушиши мумкин бўлган қарзни энди ўзингиз ҳисоблаб чиқараверинг.

Хайриятки, хачир зотида ақл-фаросат йўқ. Бунга минг марта шукур қилиш керак.

Улар шу тариқа қўним-тинимни билмай боришаётиб, бир куни йўлда қора матога бурканган, ияги бурнига сурканган, бети калишдек буришган, пешанаси тиришган, оғзининг икки четида тўнғизтиш, сополнусха кўзида аллақандай ташвиш, ўнг қўлида қийшиқ ҳасса ушлаган, чапида белини муштлаган кампирни учратишди. Тўртталаси тенгдан салом берган эди, у: «Ҳе, ўша саломларинг қурсин, ҳаммангни ажина урсин. Бекор санғиб юргунча, золим Сепкилшоҳ билан олишсанглар бўлмайдими», деб қарғана кетди.

– Ўша пошшо менгаям ёқмайди, холагинам, – деди Мешполвон қўрсайиб. – Мана, аскарларимни олиб, уни тинчитгани кетяпман.

Бу гапдан кейин кампирнинг бирдан чеҳраси очилди. Энди тиржайганича уларни алқашга тушди:

– Вой, бўйингга қоқиндиқлар! Вой, сенлардан ўргилиб кетай! Сепкилшоҳни қўлга туширсанглар, дорга осилган ўғилларимниям ўчини олинглар. Бўлмаса, иккала қўлим тепада кетади.

– Ҳай, майли, шунақа қиламиз, – деб ўзича ваъда бериб юборди Чумаквой. – Шу йўл тўғри пошшонинг қасрига борсамикан, ишқилиб?

– Бу томондан юрсанглар ҳам бўлади, – деди кампир. – Аммо-лекин, сал узоқроқ-да. Агар Иблисжардаги сўқмадан кесиб ўтсанглар, роса бир ҳафта олдин етардинглар.

Очлик азоби жонини кемириб турган Мешполвонга бу гап малҳамдек ёқиб, кампирдан сўради:

– Ўша йўлни кўрсатиб қўёлмайсизми, холагинам? Қасрга тезроқ етволсак бўлгани, кейин ўч олишни бизга қўйиб берасиз.

– Вой, бўйингга гиргиттон бўлайлар! Вой, сенлардан холанг айлансин! – дея тағин илжайиб саннай кетди кампир. – Йўл кўр¬сатиш нима бўпти? Сизларни ўзим бошлаб борақоламан. Сепкил¬шоҳнинг дод-войларини қулоғим билан эшитмасам, армонда ўлмайманми?

Кампир туяга мингашиб йўл бошлади. Кун ботаётган маҳалда Иблисжар ёқасига етиб келишди.

Жарлик тўрт терак бўйи чуқурликда бўлиб, ёнбағирлари қилич¬да кесилгандек типпа-тик эди. Пастга қарашган чоғда кўзлари жувиллаб, бошлари айланиб кетаёзди.

Жар бўйидан пича юриб боришгач, ёғоч кўприкка дуч келишди. Бу ерда жар ичидан қад кўтарган устунсимон тик қоя бўлиб, унинг чўққиси билан ёнбағир оралиғи ўн беш қадамча чиқар, қоянинг бериги тарафи тик, нарёғи эса жар ичига бемалол тушиш учун атайлаб ясалгандек суйри эди. Қоя билан ёнбағирликни йўғон ёғочлар ташланиб қурилган кенггина кўприк бирлаштириб турарди.

Улар кўприкдан ўтиб, қоядаги айлана йўлакдан жар тубига тушиб боришганда, кун қоронғилаша бошлади. Булоқ сувидан тўйиб ичиб олишгач, йилтираб кўринаётган жилға ёқалаб анча йўл юришди. Тун росмана қуюқлашиб, ҳеч нимани кўришолмай қолгандагина, серўт жойни танлаб, тунашга тўхташди.

Эрталаб уйғониб қарашса, кампир жойида йўқ. Уёққа югуриб чақиришди – топилмади, буёққа югуриб чақиришди – топилмади, охири ҳайрон бўлганларича бир-бирининг кўзига тикилишди.

Мешполвоннинг назарида шериклари унга ҳадиксираб қараёт¬гандек туюлди. Шундан кейин: «Менга бунақа қараманглар. Нима, кампирларингни еб қўйибманми?» – деб ўзини оқлашга тушди:

Очликда лой тотганман,
Аравамой тотганман,
Калишпатой тотганман,
Одам еган эмасман.
Баъзида жун еб кўрдим,
Кабобтутун еб кўрдим,
Атирсовун еб кўрдим,
Одам еган эмасман.
Гоҳи тивит чайнадим,
Гоҳи чигит чайнадим,
Дам семизқурт чайнадим,
Одам еган эмасман.
Ростдир бойқуш еганим,
Шамни нохуш еганим,
Хамиртуруш еганим,
Одам еган эмасман.
Хом гўштдан қон яладим,
Тўйда қозон яладим,
Зангли кетмон яладим,
Одам еган эмасман.
Кавшаб кўрдим мунчоқни,
Қизлардаги қурчоқни,
Чирик пиёзпўчоқни,
Одам еган эмасман.
Ушлаб едим гоҳ ари,
Юлиб урдим қуш парин,
Лекин на ёш, на қари –
Одам еган эмасман.

– Қўрқма, сендан кўраётганимиз йўқ, – деб Меш¬полвонга таскин берди Ошиқбола. – Кампирни еганингда, ҳеч бўлмаса ҳакарковуши қолган бўларди.

– Менимча, мундоқ, – дея тахмин қилишга тутинди Чумаквой. – Кампир таҳорат қиламан, деб азонда четроққа чиққан, ана унда бўриларнинг қўлига тушган.

Мешполвон унга қараб, афтини буриштирди:

– Лўлилигинг қўзиб, фол очвординг-ку.

Райҳон қизиқ ҳавони диққат билан ҳидлаб, «Тутуннинг исини сезяпсизларми?» – деб сўради.

– Хуллас, алдоқчи пистак кампирнинг қўлига тушганга ўхшаймиз, – дея чимрилиб боқди сўнг. – Қани, орқага қайтайлик-чи, агар кўприк жойида турган бўлса, ажалимиз етмагани. Кўприк бузилган бўлса, унда жарнинг нариги чеккаси¬даям, бошқа жойидаям чиқишга йўл йўқ деяверинг.

Улар юраклари потир-путур бўлиб ортга қайтишди. Келиб қарашсаки, қоя устидаги кўприкнинг ёғочлари жар тубида куйиб ётибди.

– Қопқонга тушибмиз, укавойлар, – деб аста булоқ бўйига чўккалади Райҳон қизиқ. – Энди осмонга термилиб ётаверамиз, чучвара ёғишини пойлаймиз.

Шу маҳал қаердандир жарангдор қаҳ-қаҳа янгради, улар чўчиб тепага қарашди. Жар қирғоғида қора папоқли аскарлар терилиб турар, кечаги кампир сўйлоқ тишларини йилтиратганича баланддан чақчайиб боқар, қўлларини биқинига тираб олган Наҳанг ўлпончи эса ҳануз қаҳ-қаҳ отиб куларди.

– Хўш, қалайсанлар, қароқчилар? – деб мамнун бақирди Наҳанг ўлпончи. – Энди қайси биринг зўр бўлсанг, нимжон¬роғингни тутиб еяверасан. Вох-хох-хо! Вох-хох-хо!

Райҳон қизиқ бўйнидаги чўзмани олиб, чарсиллатиб отган эди, юқоридан «пўк» этган овоз эшитилди. Наҳанг ўлпон¬чининг кулгиси бўлиниб, бурнини чангаллаганича энкайиб қолди. Панжалари орасидан қон сизиб чиқа бошлагани пастдагиларга ҳам яққол кўриниб турарди.

Нотаниш мерганнинг беюзлиги қора папоқлиларга алам қилиб, камонлардан ўқ ёғдира кетишди. Жардагилар тезда қоянинг панасига ўтиб, биқиниб олишди.

* * *

Бироздан кейин ўқ-ёйларнинг «виз-виз»и тиниб, кўп ўтмасдан қора папоқлиларнинг ўзлари ҳам ғойиб бўлишди. Жарликка қамалиб қолган бандиларнинг ўлимини пойлаб ўтиришни ортиқча даҳмаза деб ўйлашган бўлса керак.

Қопқондаги тўрт ўчкор икки кунга зўрға чидашди. Учинчи куни Мешполвон: «Одамлардек тирикчиликка киришмасак бўлмайди, бу ишни туяни ейишдан бошлайлик», деган таклифни ўртага сурди:

Қўчқор шўх-у беором,
От тепоғич ва ғирром,
Хачир гўшти ғирт ҳаром,
Туя сўйиб есак-чи?
Кун очликда ўтмасдан,
Эт суякка етмасдан,
Увол бўлиб кетмасдан,
Туя сўйиб есак-чи?
Беҳол бурун тортгунча,
Ёмон ўйга ботгунча,
Бармоқ сўриб ётгунча,
Туя сўйиб есак-чи?
Тўрт кишига қўй камдир,
Отлар азал серчандир,
Хачирга-ку на ғамдир,
Туя сўйиб есак-чи?

– Нега бирданига туя дейсан? – чўзилиб ётган жойида шанғиллади Чумаквой. – Қўй гўшти турганда, ипирисқи туяга бало борми, жўро?

– Мен-ку қарши эмасман-а, – деб пайсалланди Райҳон қизиқ, – лекин бу қўчқорни есак, дунёдаги ҳамма чўпон¬ларнинг қарғишига учраймиз. Оламдаги энг зотдор қўчқор¬нинг охирги нусхаси – мана шу. Ҳозир буни етаклаб борсам, қозоқ бийлари қирқ минг тилло беришади.

Ошиқбола эса гапни чўзиб ўтирмай, уйқусираган алфозда аста пўнғиллади:

– Ғиротдан гапирганнинг тилини суғурволаман...

– Унда билганларингни қилинглар, – деб аччиғланди Меш¬полвон. – Хоҳласаларинг, ана, хачиримни еяверинглар.

Очликка ҳатто Чика билан Пука ҳам дош беролмади, Мешполвоннинг қўйнидан чиқишиб, биланглаганларича бутазорга кириб кетишди.

– Ҳа, йўл бўлсин, илон афандилар? – деб уларнинг ортидан чинқирди Мешполвон. – Қариндош-уруғларни кўрганими?

Илонлар шу куйи бедарак йўқолди...

Шу кеч Мешполвоннинг тушига ота-онаси кирди.

Улар жазирама даладаги тўп-тўп қуллар қаторида кетмон чопиб, ер ағдаришаётганмиш. Бир вақт онаси ҳолдан тойиб йиқилган экан, уер-буерда ғўдайиб турган қора папоқлилардан бири яқин келиб, «тур» дея биқинига тепибди. Онаси ўрнидан қўзғалмоқчи бўлибди-ю, гандираклаб яна йиқилибди. Шунда қора папоқли қулдор қамчини дўлайган экан, дадаси югуриб келиб хотинини гавдасида тўсиб олибди. Қулдор уни аямай савалашга тушибди. Савалайверибди, савалайверибди...

– Урма! Урма дадамни! Дадажон! Онажоним!

Мешполвон титраб-қақшаб уйғонганида, аллақачон тонг ота бошлаган экан. Кўзларида жиққа ёш. Шериклари унга ҳайрон тикилиб туришибди.

– Тушимда дадам минан онамни уришди, – дея кўз ёшларини артди у. – Шўрликларни ёмон хўрлашаётганга ўхшайди. Мен уларни қутқариш ўрнига, очдан ўлишимни пойлаб ётибман.

Шундай дея Чумаквойга ўқрайиб боққан эди, у бошини қуйи солиб, «ҳай, майли, мен рози, туямни еявер», деб шивирлади.

– Нега емас эканман, ейман! – туйқус жонланиб, ўрнидан турди Мешполвон. – Сен-чи? Ўзингникидан ўтмайдими?

– Ўтмайди, жўро, – дея яна маъюс шивирлади Чумаквой.

– Унда балони егин! Сен емасанг, мана биз еймиз. Тўғрими, оғайнилар?

– Мен ҳам емайман, – деди Ошиқбола.

– Менгаям кетмайди, – деди Райҳон қизиқ.

Кутилмаганда Мешполвоннинг шашти пасайиб, белбоғидан суғурган даскалласини жаҳл билан четга отди, шерикларига араз-дураз аралаш тикилиб, теграларида бир карра айланиб чиқди.

– Унақа бўлса, мени енглар, – деди у кесатиб. – Ўнг қўлим Чумаквойга, чапи Гўрўғли бобонинг чеварасига. – Сўнг Райҳон қизиққа қадалиб кўз тикди. – Юмшоққина биқинимни ўзлари ғажисинлар.

Райҳон қизиқ унга бир қараб қўйиб, индамай ўрнидан турди, ерда ётган даскаллани олиб, ўтлаб юрган қўчқорга яқинлашди. Бориб, аста шохидан ушлади. Одатда бетиним ирғишлаб чолнинг ғашига тегадиган қўчқор бу сафар ювош одимлаб, эгаси етаклаган томонга юрди. Чол унинг бўйнини эски чуқурчага тўғрилаб ётқизаётганда ҳам типирчиламай тураверди.

Райҳон қизиқ қадрдон қўчқорининг дўнгалак пешанасини силаганича унга бирпас термилиб қолди. Жониворнинг кўзлари ҳам хиёл ёшлангандек эди.

Мешполвоннинг эти жимирлаб кетди. Чол қўчқорни силашдан тўхтаб, шохидан маҳкам ушлаганича даскаллани зарбага шайлаётган дамда, у қаттиқ сесканиб, «Тўхтанг!» деб қичқирди.

Чол бу қичқириқни эшитган бўлса ҳам, парво қилиб ўтирмай, кўзини чирт юмганича «Их!» дея зарб билан даскаллани урди. Аммо, даскалла қандайдир нарсага тарақлаб тегди-ю, қўлидан учиб кетди.

Кўзини очиб қараса, Мешполвон тилинган билагини оғзида «кух-кух»лаб турибди, унинг афсонавий қозонқопқоғи эса ерда пачоқланиб ётибди.

Райҳон қизиқ шошиб келиб, унинг билагига лаб босди, ярасидан жароҳат заҳрини сўриб ташлай бошлади. Сўнг: «Мешполвон! Сен барибир яхшисан! Жуда яхши боласан, Мешполвон!» – дея унинг бўйнидан қучиб, юзидан «чўлп-чўлп» ўпишга тушди.

Худди шу лаҳзада кимдир Мешполвоннинг болдирини қашлаётгандек туюлди. У ҳайрон бўлиб ортга ўгирилди. Эти қалт-қалт титраётган қўчқор эркаланганича унга суйканаётган экан. Бу унга чолнинг ташаккуридан ҳам кўпроқ ҳузур бағишлади.

Шу воқеадан кейин Мешполвоннинг кайфияти очилиб, ўз-ўзидан руҳи кўтарилиб кетди. Очлиги эсидан чиққандек бўлиб, танасига янги қувват қуйилди. Энди шериклари билан ҳам гапи қовуша бошлади, аввалгидек қувноқ ва хотиржам қиёфага кирди.

* * *

Оқшом қўнаётганда ногаҳон Чика билан Пука пайдо бўлди. Улар бўғиб ўлдирилган семиз каламушни думидан тортиб судраб келишарди.

Ҳаял ўтмай каламушнинг таш-ичи тозаланиб, Чумаквой чақмоқтош ёрдамида ёққан ўтда кабобга айлантирилди. Таом ўртага қўйилгач, бениҳоят оч бўлишларига қарамай, луқмага қўл узатишга ҳеч кимнинг кўнгли чопмади.

– Қани, бошланг энди, отахон, – дея Райҳон қизиққа илтифот кўрсатди Ошиқбола.

– Майли, мен минг марта розиман, – деди Райҳон қизиқ. – Кичиклардан бўла қолсин.

Чумаквой одоб билан қўлини кўкракка босди:

– Ёшга қараб иш қилайлик.

– Ўзи бир исқирт каламуш бўлса, шунгаям мулозаматми?

Мешполвон шундай деди-ю, бутун бошли луқмани олиб, бафуржа оғзига ташлади, бир-икки ямлаб, ютиб юборди.

Масаллиғ жиғилдондан ўтиб бўлгач, бошқалар лаби шилпиллаганича ноумид қолганини кўриб, пича ўнғайсизланди.

– Ортиқча кўнгилга олманглар, – деди у шерикларига қиялаб. – Илон афандиларни эртага яна овга жўнатаман. Бунданам семизроқ каламушларни тутиб келишади. Кейин роса маза қиламиз, тўғрими?

Ошқозонига озгина илиқлик ўрлаб, Мешполвон бу кеча ҳаммадан олдин ухлаб қолди, хурраги Иблисжарнинг борлиқ кавак-кандикларига ёриб кира бошлади. Қоронғуда у одамдан кўра кўпроқ ертандирга ўхшаб кўринарди.

Ярим кечада кимдир уни чимчилаётгандек бўлди. Кўзини очибоқ, бир сапчиб тушди. Чумаквойникидан ҳам ўсиқроқ пилта сочлари гажимдек ҳилпираётган тўлпоққина бола оппоқ тутунга бурканганича тепасида жилмайиб турарди.

– Кимсан ўзинг? – дея қалтираб сўради Мешполвон. – Қаёқдан кепқолдинг?

– Ие, намунча қўрқасан?

– Яқинлашма менга! Қирқ бошли аждарҳони қиймачалпак қилганман. Сенгаям чатоқ бўлади.

– Иблисжар ҳоқонининг эварасиман, менга бўйнингни чўзма!

Бу гапни эшитиб Мешполвоннинг баттардан ранги оқариб кетди:

– Вой! Иблисмисан ҳали?

– Ажинаман. Отим Ҳожихонажина.

– Номингни эшитиб, хурсанд бўлдим. Бўпти энди, кетавер.

Ҳожихонажина бу гапдан ранжиб қовоғини солди:

– Нега мени ҳайдаяпсан?

– Ҳайдаётганим йўқ. Кўриб турибман, яхши бола экансан.

Ҳожихонажина тезда ўзгариб, яна аввалгидек жилмайиб боқди:

– Менга ўртоқ бўлмайсанми?

– Э, қўйсанг-чи, – деди Мешполвон капалаги учиб. – Бошқа ўртоқ қуриб кетибдими? Бир кунмас бир кун сал аразлатиб қўйсам, мени уриб кетасан. Кейин ё жағим қийшаяди, ё ғилай бўп қоламан.

Сўнг дилидаги тахмин-у шубҳаларни тилида шундай изҳор қилди:

Мен қўрқмайман жаридан,
Ҳатто қовоғаридан.
Турса лекин ажина,
Ўтгим келар наридан.
Чўчимайман илондан,
Думи гажак чаёндан.
Ажинага тобим йўқ,
Етиб келдинг қаёндан?
Титрамайман бақадан,
Арра тишли лаққадан.
Дардим тутар, гап кетса
Ажиналар халқидан.
Тап тортмайман бўридан,
Ўргимчакнинг тўридан.
Қоронғида қўрқаман
Ажина-ю мўридан.
Сесканмайман чақмоқдан,
Йўлда турган аҳмоқдан.
Тангри ўзи сақласин
Ажинафеъл ўртоқдан.

Ҳожихонажина унинг гапини эшитиб: «Ўйлаб кўр. Ўртоғим бўлсанг, сени бу жардан қутқаришим мумкин», деди.

– Мени холосми? Буларни-чи? – деб савол берди Мешпол¬вон, шерикларини кўрсатиб.

– Ҳамма гап шунда-да. Ё уларни дейсан, ё мени.

– Э, йўқ...

– Шошилма. Олдин яхшилаб ўйлаб кўр. Мени десанг, бирга бориб, Сепкилшоҳ билан жанг қиламиз...

– Нимага кетаётганимни сен қаёқдан биласан?

– Мен ҳамма нарсани биламан... Хуллас, менга қўшилсанг, зиён қилмайсан, қўлимдан кўп иш келади. Буларни десанг, шу жарда бирга ўлиб кетаверасан. Барингни ўзим ейман.

Мешполвон иккиланиб қолди.

«Нима бўлгандаям, ота-онамни, кишандаги одамларни қутқаришим керак, – деб кўнглидан ўтказди у. – Ошначилик деб жарда ҳаром ўлсам, кимга фойда-ю, кимга зиён? Умуман, булар ким бўпти менга? Инсоф қилиб айтганда, тирик қолсам, учаласигаям яхши-ку – Сепкилшоҳни енгиб қайтаётганимда ҳаммасининг суягини тўплаб, иззат-икром билан кўмдираман, устига сағана қурдираман. Меҳр-оқибат шунчалик бўлар-да...»

Кейин бирдан ўзининг фикрига ўзи қарши чиқди:

«Нималар деяпман, ё тавба! Мабодо, булар бирон сабаб билан тирик қолишса-чи? Унда, кўзларига қандай қарайман? Ҳатто ўлиб кетишгандаям, бир куни тўғри гап юзага чиқса, юртда қандай бош кўтариб юраман? Ҳали шу аҳволда одамларни қутқаришга кетяпманми? Агар қўрқоқлигимни онам билиб қолса, мени яхши кўрмай қўяди, хиёнаткорсан, дейди. Дадам-ку итдек калтаклайди. Бизни бунақа иснодга қўйиб қутқаргандан кўра, ўлдириб қўяқолсанг бўлмасмиди, деб бутунлай оқ қилади...»

Маҳаллаларида бир бахши бола бўларди. Сепкилшоҳнинг аскарлари келиб, уни деворга бостириб кетмасларидан сал илгари, Мешполвон ундан шундай қўшиқни эшитган эди:

Анқовликни оқлаш мумкин,
Ялқовликни оқлаш мумкин,
Хиёнатни оқлаб бўлмас.
Юлишқоқни оқлаш мумкин,
Қунушқоқни оқлаш мумкин,
Хиёнатни оқлаб бўлмас.
Кеккайганни оқлаш мумкин,
Энкайганни оқлаш мумкин,
Хиёнатни оқлаб бўлмас.
Гумончини оқлаш мумкин,
Ёлғончини оқлаш мумкин,
Хиёнатни оқлаб бўлмас.
Суллаликни оқлаш мумкин,
Туллакликни оқлаш мумкин,
Хиёнатни оқлаб бўлмас.
Йиғлоқликни оқлаш мумкин,
Қўрқоқликни оқлаш мумкин,
Хиёнатни оқлаб бўлмас...

– Йўқ, буниси бизга тўғри келмас экан, – дея Ҳожихонажи¬нага тундланди Мешполвон. – Гапингга кирсам, кейин ёмон изза бўларканман. Лекин, бетингга тўғрисини айтиб қўяй, бизни ейман, деб яхши иш қилмаяпсан. Жиғилдон қурғурнинг гапига кираверма.

Аслида Мешполвоннинг энаси ана шу кейинги жумлани унинг ўзига нисбатан кўп марта ишлатган эди.

Ҳожихонажина тишини ваҳимали ғижирлатиб, кўзларини олайтирга¬нича сўради:

– Шу гап гапми?

– Шу гап гап, – деди Мешполвон.

– Кейин аттанг қилмайсанми?

– Йўқ.

– Сени ҳозироқ еяверайми?

– Ўзинг биласан.

Ҳожихонажинанинг жуссаси пуфакдек тез катталаша борди. Бўйи мирзатеракдек, ҳар бир тиши куракдек, кўзи араванинг ғилдирагидек, товуши баҳорнинг момагулдирагидек бўлиб, Мешполвоннинг тепасида аждардай айлана бошлади. Охири ўранусха оғзини катта очиб, «ейма-а-а-н», дея пастга шўнғиди. Мешполвон кўзларини чирт юмиб олиб, дир-дир титраганича жим тураверди. Бошининг устида алланарса шувиллаб айланаётган паллада ҳам миқ этмади.

Бирдан ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди.

«Аллақачон ошқозонга бориб тушдим шекилли, – деб ўйлади Мешполвон. – Хайриятки, чайнаб ўтирмади».

Унинг қулоғи остида қиқир-қиқир товуш эшитилди. Юраги дов бериб-бермай секин кўзини очса, ўша пилтасоч бола қаршисида яна мулойим жилмайиб турибди.

– Сени кўпдан бери кузатиб юрувдим, – деди у Мешполвон¬¬га. – Овқатга ўчлигингга қарамай, Мингподадаги гадойдан бо¬рингни аямадинг, очиққўллик қилдинг. Билдимки, раҳмдил экансан. Мутал-майнавоз қанчалар жиғингга тегмасин, қанчалар хўрлигинг келган бўлса ҳам, асосий мақсадингдан чалғимай, йўлда давом этдинг. Чидамли бола экансан. Мана, бугун дўстларингни сотмадинг, ўртоқликни ҳеч нарсага алмаштирмадинг. Ориятинг, виждонинг бор экан. Сендан жуда хурсанд бўлдим, Мешполвон. Бобомнинг айтишига қараганда, ер юзи шафқатлилар, сабр-бардошлилар, инсофлилар учун яратилган экан. Бундайлар камайиб кетса, мана шу олам ҳам, унинг ҳамма мавжудот-у мўъжизалари ҳам охири куйиб кул бўларкан.

– Ҳазиллашиб, «бўпти» деворганимда нима қилардинг? – деб сўради Мешполвон. – Ажиналар ҳазилни тушунишадими ўзи?

– Ҳамма нарсаниям ўрни бор. Иккидан бирини танлаш керак бўлиб қолганда орага ҳазил сиғмайди. Агар йўлдошларингдан тонганингда, сени кечаси билан қўрқитиб қийнаб чиқардим. Бир умр шу ерда қолиб кетардинг. Энг ёмони – ўлгунингча шармандаликда яшардинг, жуда оғир жазога дучор бўлардинг: эл-юртга шармандамисан, ота-онанг олдида шармандамисан, ўзингга ўзинг шармандамисан, бунинг ҳеч қандай фарқи йўқ, бир хил азоб тортаверасан.

Ҳожихонажинанинг сўзларини эшитиб, энаси айтиб берган бир эртак беихтиёр Мешполвоннинг ёдига тушди...

Малла жодугар бўлган экан. У Бухоро-ю Хоразмни тилсимлаб олиб, одамларни ёмон аҳволга солиб қўйибди. Бу элатлардаги бойлиг-у ноз-неъматларнинг юздан тўқсон тўққиз қисми унинг жиғилдонини мойлашга кетаркан.

Шу воҳада яшовчи бир қариянинг уч азамат ўғли бор экан. Улар бутунлай кучга тўлиб, жанг илмини пухта эгаллаб бўлишгач, оталари: «Малла жодугардан ўч олинглар. То душман янчилмагунча, қасосдан бошқа нарсани ўйламанглар», деб оқ фотиҳа билан учаласини йўлга кузатибди.

Оға-инилар йўл юришибди, йўл юрсаям мўл юришибди, кунлардан бир куни ғаройиб қалъага дуч келишибди. Дарвоза олдида уларни чиройда тенгсиз учта пари қиз кутиб олибди. Йигитлар дунёга келиб, бунақа ҳусндор қизларни кўришмаган экан: катта ўғил беҳуш йиқилибди, ўртанчаси анқайганича улардан кўз узолмай қолибди, кенжаси эса кипригини пирпиратиб тураверибди.

Тўнғич ўғил ҳушига келиб, учовлон ичкарига киришгач, баттар ҳайратга тушиб, оғизлари ланг очилиб қолибди. Қалъанинг тўрт томони тўрт хил олам тимсоли бўлиб, бир тарафдаги шинам боғда олмахон-у оҳулар, сиртлонча-ю товуслар аҳил ўйноқлашиб юрар; иккинчи ёқдаги каштанамо гулзорда ер юзининг борлиқ сайроқи қушлари хониш қилиб турар, учинчи ёндаги бир биридан мўжаз кўшк-у айвонларнинг нақши кўзни қамаштирар экан.

Қизлар уч оға-инини сувликлар оламининг рамзи бўлган тўртинчи томонга қараб бошлашибди. Тагини тўлқин ювиб турган узун кўприкчадан ўтиб бориб, атрофи тилла балиқларга тўла, гилам-у кўрпачалари қават-қават сўрига ўтиришибди. Дастурхон бир зумда тансиқ таомларга тўлиб кетибди. Қизлар гоҳ хушбўй чой, гоҳ шарбат узатишиб, «тотинг-кўринг» қилиб қисташаверибди.

Шу маҳал кунботардан малла жодугарнинг овози келибди:

– Бу дунёда мана шу учала қизимдан бўлак қувончим ҳам, таянчим ҳам йўқ. Ҳад-ҳисобсиз бойликларимни тенг учга бўлиб, уларнинг сепига атаб қўйганман. Менга мўътабар куёв бўлинглар, азамат йигитлар. Ер юзини ўн карра кезиб чиқиб ҳам бунча бахт, бунча бойлик, бунча назокатни тополмайсиз.

– Ҳа, мен бахтимни топдим, – дея оқбилак қизлардан бирига маҳлиё тикилибди тўнғич ўғил.

Энди кунчиқардан отанинг хитоби янграбди:

– Кўзларингни очинглар, болаларим! Малла жодугар ўз жонини сақлаб қолиш учунгина қизларини сизга инъом қиляпти. Шуни эсдан чиқармангларки, булар бахт-у номуси поймол этилаётган минг-минглаб чўрилар эвазигадир.

Тўнғич ўғил барибир пари қиздан кўнгил узолмабди. Катта тўй-томоша билан унга уйланиб, шу чаманзорда қолиб кетибди.

Икки оға-ини яна бир неча ҳафта йўл босибди. Тоғ довонидан ошиб ўтишлари билан, энди бири-биридан фусункор иккита шаҳарчага йўлиқишибди. Суви ойнадек тиниқ кўлнинг икки соҳилида қад кўтарган бу шаҳарчаларнинг баланд мармар деворлари чексизлик сари чўзилиб кетган эмиш.

Бу обод шаҳарларда ҳамма нарса тўкин-сочин бўлиб ётар, одамлари бой-у бадавлат яшар, улар малла жодугарни тун-у кун дуо қилиш билан банд эканлар.

Малла жодугар кунботар ёқдан яна товуш қилибди:

– Э, ботир йигитлар! Мана, мурувватимни кўзингиз билан кўриб қўйинг. Оламдаги бирон-бир ўлкада бундан фаровонроқ, бундан чароғонроқ жой йўқ. Сизларни бу шаҳарларда омад кутяпти, бек бўлинглар. Шу иккала жаннатни сизларга бердим – енг, ичинг, давр суринг. Сизларга яна нима керак?

– Тўғри-да, – дебди ўртанча ўғил. – Бизга яна нима керак? Ҳамма нарса ошиб-тошиб ётибди. Фуқаросини шун¬¬ча¬лик яйратиб қўйган малла жодугарни ўлдирсак, барчанинг қарғишига қоламиз.

Шунда кунчиқар тарафдан отанинг овози эшитилибди:

– Алданманглар, болаларим! Мансабга учманглар! Малла жодугар ҳаётига хавф туғилганини сезиб, сизларни йўлдан уряпти. Иккита шаҳарни май-чай қилиб қўйиш унга иш бўптими? Доим эсда тутинглар, бу зеб-ҳашамлар талон-тарож қилинаётган юзлаб элатлардан келтирилган, улардан қоннинг иси анқиб турибди.

Ўртанча ўғил шаҳар беклигини қўлдан чиқаргиси келмабди, шу ерда қолиб кетибди. Кенжаси эса отасининг йўриғига кириб, танҳо ўзи йўлга тушибди.

Йўлда ҳануз давом этаётган Кенжа ботирни авраш ниятида малла жодугар борлиқ ҳийласини ишга солиб кўрибди, унга ваъда қилмаган нарсаси қолмабди, аммо ниятига етолмабди. Шундан кейин ҳар хил хуруж ва иғволар уюштириб, уни мақсадидан чалғитишга уринибди. Паҳлавон йигит озод қилмоқчи бўлган ўша халқ ичидаги ҳасадгўй, анқов, очкўз, кирдил, молпараст, манман, порахўр, амалпараст каби расво бандаларнинг кўнглини овлаб, ўзига оғдирибди, бирини айғоқчига, бирини жоҳил зарар¬кунандага айлантирибди, уларни Кенжа ботирга қарши қайрабди.

Унинг бу галги нияти паҳлавонни ўз қабиладошларига ўчакиштириш, қон-қардош одамларга бир-бировининг гўштини едириш, уларни ўзаро низолар билан овора қилиб қўйиш экан.

Кенжа ботирнинг йўл-йўлакай қабиладошларидан кўрмаган жабри, тортмаган азоби қолмабди. Бири меникидан чиройлироқ экан, деб отини ўғирлабди, бири қуюқроқ салом бермадинг, деб ҳақорат қилибди, бири бекордан-бекорга овқатини тортиб олибди, яна бири шевангга қараганда энг исқирт уруғдансан, деб ҳамиятига тегибди, кимдир фалон жойда менга олифтачилик қилувдинг, дея ноҳақ қамчилаб ўтибди, бошқаси оч ётганини кўриб ҳам бир тўғрам нон беришга ярамабди. Амалдорлар эса уни ҳеч ерга сиғдирмай, қаёққа борса қувғин қилишаверибди.

Бундай пайтларда Кенжа ботирнинг хўрлиги келиб, беихтиёр ханжарига қўл югуртар, малла жодугар уни гиж-гижлаб: «Ана, ўша аймоқларинг! Ҳали шуларни деб куйиб юрибсанми? Истасанг, сени уларга ҳоким қиламан, иззат-нафсингга текканлардан қонгунингча қасос оласан. Доимо, ҳамма жойда айтганинг айтган бўлади», дея кунботардан сўз қотаркан.

Шу заҳоти кунчиқардан отасининг товуши келар экан:

– Жаҳлингни бос, болам! Ишонган тоғим битта ўзинг қолдинг. Сен ҳам янглишсанг, ҳаммаси тамом бўлади. Бошингга тушаётган кўргиликларга юртдошларинг эмас, уларни шу кўйга солган, шундай қилганларни рағбатлантираётган, бойликка кўмаётган малла жодугар айбдор.

Кенжа ботир ҳар гал отасининг насиҳатига қулоқ солиб, тезда ўзини босиб оларкан.

Охири у малла жодугарнинг маконига етиб бориб, қаттиқ жанг қилибди, ёвузни енгиб, асир олибди. Шундан кейин номи минглаб-минглаб тилларда достон бўлиб, улкан бир қабиланинг энг суюкли қаҳрамонига айланибди. Малла жодугарнинг ҳалокатидан сўнг борлиқ фароғатидан ажраган акалари эса ота олдида шувитюз, эл-юртда шарманда-ю шармисор бўлишибди...

Оббо, китобхонларим-ей! Оббо, чуғурчуқлар-ей! Орага гап қўшиб, ишимга яна халақит беряпсиз. Бу туришда фикрим чалғиб, китобимнинг навбатдаги бобларини чалкаштириб ташлашим ҳеч гапмас. Кейин, танқидчи деган амакиларингиз мени у чиғириқдан бу чиғириққа ирғитиб ўйнашади.

Хўп, нимани сўраётувдингиз? Ўша чол икки ўғли ҳаммага шарманда бўлганида ачинмадимикан? Бундан олдин тўнғич ёки ўртанча фарзандиникига бориб, мазза қилиб яшаса бўлмасмиди? Кенжа ботир ўлиб кетишиям мумкин эди-ку, отаси уни намунча хатарга қистамаса?

Шуларга ҳайрон бўляпсизми?

Янглишяпсиз. Ота-онангиз сизга қанчалар меҳр қўй¬ганини, сиздан ҳатто жонини аямаслигини биласиз. Ўша чол ҳам ўз фарзандларини худди шунақа суюб, эъзозлар эди. Аммо у жуда доно бўлгани учун эл-юртини жаъмики нарсадан ортиқ севар, халқининг тинчи, Ватанининг эркини барчасидан юқори қўяр, таҳқирланган ўлкада яшаб, ўзи ҳам, фарзандлари ҳам ҳеч қачон ҳақиқий бахтни топа олмаслигини яхши биларди. Шу боис айрилиққаям, фарзанд доғигаям, ёлғизлик азобигаям чидади. Аслида, ҳаммадан кўп уқубатни чолнинг ўзи тортди.

Ўша даврларда, ўша таҳқирланган ўлкада бунақа доно оталар жуда кам бўлган экан.

Энди қиссамни давом эттирай, иложи борича жим ўтиринглар...

Ҳожихонажина Мешполвоннинг ўйланиб қолганини кўриб, «Намунча даминг ичингга тушиб кетди?» – деб сўради.

Иблисжар ҳоқонининг эвараси деярли беозор эканини фаҳмлаб етгач, кўнглига таскин қўнган Мешполвон бу саволдан кейин фикрини жамлаб, бурнини осмонга кўтарди:

– Ёлғондакам шумшайганимга мени қўрқоқ деб ўйлаяпсан шекилли? Индамасам, ўзингча катта кетиб, ҳар хил мазах гап айтворяпсан. Бошни бир ишлатиб кўргин-а, сенга ўхшаган чурвақилардан қўрқадиган бўлсам, малла жодугар минан урушгани борармидим?

Ҳожихонажина одатдагидай қиқирлаб, унинг бўйнидан қучди:

– Мени алдама! Малла жодугарни сенмас, эртакдаги Кенжа ботир ўлдирган.

Мешполвон: «Малла жодугарлар эгизак бўлишган, сен қайси бирини айтяпсан?» – деб гап бошлаганда, Ҳожихонажина жарангдор кулиб юборди:

– Жудаям қизиқчи бола экансан. Сени ҳозироқ озод қиламан.

Шундай деди-ю, бирдан қуюнга айланиб, Мешполвонни сомонқопдек кўтарганича тобора баландлай бошлади, уни ҳавода обдан сайр қилдиргач, жар ёқасидаги ўтлоққа авайлаб қўндирди. Ерга қўниб олибоқ, «бошқалар-чи», деб сўради Мешполвон.

– Озгина тоқат қиптур, – деди Ҳожихонажина. – Менинг илтимосим билан бобом уларни сеҳрлаб қўйган, буёққа уйғотмасдан олиб чиқаман. Эрталаб томошани кўрасан.

– Хачирим-чи, хачирим?

– Уловлардан ҳам ташвишланма. Ажина зотининг одамлардан асосий фарқи шуки, биз ишни чала қилмаймиз.

Ҳожихонажина ваъдасини бажариб бўлгач, Мешполвоннинг елкасига шапатилаб деди:

– Энди вақтинчага хайрлашайлик. Ҳадемай тонг отади. Кундузи одамларга кўринолмайман, қуюн бўлиб юраман холос.

* * *

Саҳарги намсалдан дилдираб кўзини очган Чумаквой бош томонида аллақандай «тикир-тикир» овоз ва қадамлар шарпасини эшитиб, эринчоқлик билан ўгирилиб боқди. Бир-бирининг этагидан ушлаганича қаторлашиб кетаётган кўзи сўқир учта кишини кўрди. Олдиндагиси узун ҳассасини ерга уриб-уриб, эҳтиёткорона одимлаб бораётганди.

– Ие, буёққа қандай келдингиз, акажонлар? – дея уйқусираб гап ташлади Чумаквой.

– Бозорга кетяпмиз, – деди сўқирларнинг йўлбошчиси.

Чумаквойнинг кулгиси қистади:

– Унда бозорга етдингиз. Тағин ўн қадам юрибсизки, хўрозқанд дўкони бор. Кўпроқ олиб, ялаб ётасиз.

– Нималар деб тонтираяпсан, ҳов?

– Демоқчиманки, охират келгунча каламушхўрлик қилиб юрсак ҳам бўлади. Кўзимиз очиқ, локигин жардан биз чиқолмадик. Ҳай, сизларга йўл бўлсин энди?

Орқадаги сўқирлар: «Кимсан ўзинг? Қанақа жарни гапир¬япсан?» – деб жавраниб беришди. Чумаквой: «Бу ерни Иблисжар дебдилар. Ҳаммангизни қудуқдаги тошбақага ўхшатдим», дегандан кейин, бу гал иккови йўлбошчига дағдага қила кетди.

– Бизни қаёққа бошлаб келдинг, масов?

– Кеча айтувдим, «кўкнорини камроқ ичгин», деб. Падаргинангга минг лаънат!

Шу тариқа, бири олиб-бири қўйиб, йўлбошчини қарғаб-қоралайверишди:

– Етмагандек сўқирлигинг,
Азал манглайи шўрлигинг,
Келар экан жа хўрлигинг,
Йўлбошчинг ҳам сўқир бўлса.
– Этагидан ушлагайсан,
Беғам кўнгил хушлагайсан,
Охир бошни муштлагайсан,
Йўлбошчинг ҳам сўқир бўлса.
– Сакраб ўзин дулдул қилар,
Сайраб тилин булбул қилар,
Ишончингни бир пул қилар,
Йўлбошчинг ҳам сўқир бўлса.
– Чиқиб ўзинг гузар томон,
Бошла десанг бозор томон,
Опкелади мозор томон,
Йўлбошчинг ҳам сўқир бўлса.
– Ичиб олиб хуфя кўкнор,
Кўрсатади ўзин ҳушёр,
Қилар охир сарсон-у хор
Йўлбошчинг ҳам сўқир бўлса.
– Қулайроқдир йўл-сафарда
Эргашмоқлик соқов-карга,
Йиқиласан бир кун жарга
Йўлбошчинг ҳам сўқир бўлса.

– Оғзингни юм иккаланг! – деб бақириб берди йўлбош¬¬чи. – Сенларни шунча йил бошлаб юриб, бирон марта адаштирувдимми? Мен қолиб, йўлда ётган қандайдир жиннига ишонганларинг алам қиляпти. Суф сенларга! Қайси биринг мендан шубҳалан¬санг, этагимни қўйвор, мен кетдим.

Орқадаги сўқирлар Чумаквойнинг овози келган томонга хиёл бош буришиб: «Ҳов, жинни, яхши қол. Хайр, жинни», деганларича йўлбошчининг этагидан ушлаб, манзил сари юришда давом этишди.

Чумаквой сергак тортиб, бошини баландроқ кўтарди. Синчиклаб кузатса, ҳақиқатан ҳам жар ёқасида ётишибди, атроф кенг дала. Жонҳолатда қичқириб, оёққа қалқди.

Ошиқбола билан Райҳон қизиқ чўчиб уйғонишсаки, Чумаквой калласини чангаллаганича додлаб турибди.

– Ўзи нима гап? – деб сўради Ошиқбола кўзларига ишонмасдан атрофга алангларкан.

Райҳон қизиқ эса теваракка лоқайд назар солиб чиққач, бир эснаб олиб деди:

– Ҳеч гап йўқ. Чумак хумпар тушимизда бақириб юрибди.

Майсага ёнбошлаб, эндигина кўзи илинган Мешполвон ён-верида бўлаётган гапларни элас-элас илғаган куйи гарангсиб дўриллади:

– Оч қоринга мунча тўполон қилмасанглар? Кўриб туриб¬сизлар-ку, жардан соғ-саломат чиқволдик. Ошнамга раҳмат денглар.

– Қанақа ошно? – кўзлари ўйнаб сўради Чумаквой.

Мешполвон тунда бўлиб ўтган воқеани уларга тушунтириб бергунча қуёш кўтарилиб, атроф нурафшонланиб кетди.

Орадан яна пича фурсат ўтгач, далалар бўйлаб чапанича қўшиқнинг оҳанги таралди:

Олма едим бақалоғидан,
Гилос едим чақалоғидан,
Анжир едим япалоғидан,
Боғбон буванинг шапалоғидан...

Иблисжар қафасидан тасодифан омон чиққан Мешполвон ўз аскарлари билан юришда давом этаётганини дунёга эълон қилмоқчидек, тобора баландроқ овозда куйларди.

* * *

Улар сарсон-у саргардон юра-юра, номи бетайин, атрофи серқайин, уйлари каталак, томлари камалак қишлоққа дуч келишди. Кенг кўчага ёйилиб, бурунлари ҳавога сайилиб, ғиштин мўрилардан таралаётган турфа хил таомлар исини симириб боришаверди. Айниқса Мешполвон ҳар бир таомга солинган масаллиқларнинг туригача аниқ айтиб берадиган даражада диққат билан ҳид оларди.

Навбатдаги муюлишдан қайрилишаётганда, орқада қолган Чумаквой ҳовлилардан бирининг ёнида туясини тўхтатди. Панжара-девор ортида барқ уриб ўсган ширингулларга бир зум маҳлиё тикилиб тургач, чўзғиланиб қуйи эгилди. Энг бўйчан шохдаги гулга бурнини босиб ҳидлай бошлаган эдики, нектар эмаётган асалари пешанасини жизиллатиб чақиб қочди. Чумаквой: «Оҳ, доно каллагинам!» – деганича панжаранинг ортига ағдарилди. Ариқчадаги лойқаш тупроқдан бир сиқим олиб, пешанасига босди, оғриқ тийилишини кутиб, «уҳ-уҳ»лаб ётаверди.

Пичадан кейин шериклари уни ахтариб келиб қолишди. Туя панжара-девор ёнида эгасиз турганини кўриб, хавотирга тушишди.

– Арпабошоққа ўхшаган бола эди, – дея ачинган бўлди Райҳон қизиқ. – Бечорани чумолилар судраб кетдимикан?

– Агар ер ютган бўлса, туяси ташқарида қолмасди, – деди Ошиқбола.

– Ё иштонини ҳўл қипқўйиб, чеккароқда қуритяптимикан?

– Балки ўрдакларга қалампир сотиб юргандир?

Мешполвон хачирининг бўйнидан қучоқлаб, юмалан¬гудек алфозда пастга сирғанди. Ерга бус-бутун қўниб олганидан сўнг: «Ҳей, Чумаквой! Қаердасан, лўлигинам?» – деб теваракка овоз қила кетди.

Пешанаси айвонсифат шишиб, кўзлари хандонпистага ўхшаб қолган Чумаквой бу товушни эшитиб, аста ўрнидан турди, бетини тарвайтирганича ширингуллар орасидан бош чиқарди. Мешполвон уни танимай: «Ҳў, ошна, туппак ушлаган анқов лўлини кўрма¬дингми?» – деб сўраган эди, у: «Эрмаклашни сенга кўрсатиб қўяман», дея панжарадан ошиб ўтиб, ёқалашиб кетди. Ошиқбола билан Райҳон қизиқ тез уловдан тушиб, уларни ажратишга шошилишди.

Шу маҳал устига дастурхон ёпилган мистоғарани ўнг биқинига тираб, белини чапга қийшайтирган ялангбош киши пайдо бўлиб: «Текинга муштлашгунча, талашиб сомсахўрлик қилсанглар-чи», деди. Бу сўз қулоғига илиниши биланоқ Меш¬полвон сипо тортди. Чумаквойнинг ёқасини қўйиб юбориб, ялангбош кишига яқинлашди. Унга чексиз ҳурмат билан кўз қадаб: «Қанақа сомсани гапиряптилар?» – деб сўради.

– Бозорга сомса сотгани кетяпман, – деди ялангбош киши. – Иссиғида кепқолинг, тугамасдан еб қолинг!

Мешполвон беихтиёр чўнтагини кавлади-ю, бирдан манглайи тиришди.

– Сотгани кетяпман, денг?

– Сотамиз! Пул сиздан, гул биздан!

– Йўқ, биз сомса емаймиз, – дея нотавон қиёфада бош тебратди Мешполвон. – Сомсаям овқатми?

Сомсапаз: «Ие, бундан яхшироқ таомнинг номи нима экан?» – дея жириллаб, тоғорасини ерга қўйди, оғиз кўпиртириб молининг таърифини келтиришга тутинди:

Ерни ғулув яратди,
Ғулувлар був яратди,
Був эса сув яратди
Одам сомса есин деб.
Сувлар қирғоқ яратди,
Қирғоқ тупроқ яратди,
Тупроқ ўтлоқ яратди
Одам сомса есин деб.
Ўтлоқлар дон яратди,
Донлар деҳқон яратди,
Деҳқон хирмон яратди
Одам сомса есин деб.
Хирмон сабр яратди,
Сабр хамир яратди,
Хамир тандир яратди
Одам сомса есин деб.
Тандир қалов яратди,
Қалов олов яратди,
Олов кўсов яратди
Одам сомса есин деб.
Кўсовлар кул яратди,
Кул куйик дил яратди,
Куйик дил пул яратди
Одам сомса есин деб.

Мешполвон сомсанинг яралиш тарихини тинглаб бўлгач, афсуснамо лаб жимириб деди:

– Тўғрисини айтсам, жон-жон деб ердиг-у, бирламчидан, бу юртнинг пули қанақалигини билмаймиз. Иккиламчидан, билганимиздаям, чўнтагимизда ҳемири йўқ.

Сомсафуруш Мешполвоннинг белидаги чилвирга қистирилган даскаллага суқланиб: «Анави ханжаринг қийма чопишга жуда боп экан. Шуни совға қилсанг, ҳаммангга учтадан сомса берардим», деди.

«Қозонқопқоқни пачоқлаганим етмаганидек, даскаллаям гумдон бўп кетса, энамдан балога қолмайманми? – деб ўйлади Мешполвон. – Ё таваккал қилсаммикан?»

Охири нафси ғолиб чиқиб: «Майли, розиман. Лекин, сомсани бештадан берасиз», деди, сомсафуруш учтадан деб туриб олди.

Мешполвон Чумаквой тарафга маънодор ишора қилиб: «Хорижли меҳмоннинг олдида сомса талашсак уят бўлмайдими?» – деган эди, сомсафуруш паст товушда: «Қаернинг одами бу?» – деб сўради. Мешполвон қовоқлари юмилиб қолган Чумаквойга бир қараб қўйиб: «Хитойдан келган», деб шивирлади. «Бўпти, яна биттадан қўшаман», деди сомсафуруш.

Ҳаммага тўрттадан сомса тарқатиб чиқилгунча Мешполвон ўзига тегишлисини ямлаб бўлди. Охирги сомсадан пичасини Чика билан Пукага эҳсон қилишни унутмади.

– Бу дейман, акагинам, сал нодонроққа ўхшаяпсиз-ку, – деди Мешполвон синчалоқда тишини кавлаб. – Бунақа кўтаришда, тоғора биқинни шилвормайдими?

– Шилиш ҳам гапми, нақ тешвораман дейди, – деб зорланди сомсафуруш.

Гўлроқ тингловчи топилса, икки кун тинмасдан ақл ўргатиб роҳат қилувчи Мешполвон: «Йўлини билиш керак-да, бунга уч баравар тоғораниям осонгина кўтариб кетса бўлади», дегач, сомсафуруш бирдан жонланиб, «агар малол келмаса, ўша усул илмидан андак сабоқ берсалар», дея илтижоланди.

– Қорнимни тўйдирсангиз айтаман, – деди Мешполвон.

«Тўртта сомсани пок-покиза урволди, – дея хаёлида ҳисоб-китоб қилди сомсафуруш. – Жуда борса, яна тўртта ейди-да». Хуллас, у шартга рози бўлди.

– Эркакларни-ку қўйиб турайлик – деб гап бошлади Мешполвон. – Биз томондаги хотинлар саватдек мистоғорага беш тандир сомса, устидан уч қозон қатлама босиб, тўйга жўнашади. Бунинг йўли мундоқ: тешиккулчадек келадиган бахмал чамбарак ясалади, уни бошга қўйиб, тепасига тоғора ўрнаштирилади. Кейин кўрибсизки, бели бошмалдоқдек келинчак ҳам калласида бир пуд юк минан беш чақирим наридаги тўйга сақич чайнаганича кетаверади. Уни ит қувиб этагини йиртса йиртадики, тоғорасини туширолмайди.

– Анавини қаранглар-а! – деб анграйиб боқди сомсафуруш. – Жуда кўп ўйлардим, нега калланинг тепаси таппак ясалган деб. Демак тоғора қўйишга мосланган экан-да?

Бу орада Мешполвон хачирдан тушиб қорин тўйдиришга киришди-ю, «дарс тингловчи»нинг бир кунлик даромади паққос қулоғини ушлаб кетди.

* * *

Шу куйи тез-тез қишлоқлар учрайверди. Бу томонлар асосан тўқайзор бўлгани учун тирикчилик қилиш анча осонлашди – гоҳ майманчак териб, гоҳ қўзиқорин пишириб, еб боришаверди.

Бир куни узоқдан баҳайбат тош қаср кўринди. Бутун бошли улкан тепаликни эгаллаб ётган бу қаср ичидаги баланд бинолар¬нинг ганжли гулдеворлари, томи ярқироқ бўйчан сўппилари яққол кўзга чалинаётганди.

– Ана, Сепкилшоҳнинг ҳужрасигаям етиб келдик – деб қўйди Райҳон қизиқ.

Ўша ёққа қараб кетишаётганда, шоҳ қасридан уч-тўрт чақирим берироқдаги дўнглик ортидан бўй чўзган ихчамгина қўрғонни кўриб қолишди. Паналаб бориб, яқинроқдан кузатишса, қўрғоннинг энлик девори устида ясан-тусан кийинган бир гала қиз белини офтобга тутиб, теваракдан томоша кутиб ўтиришибди. Шу атрофдаги қишлоқ болалари эса уларга пастдан гап ташлаб, қўй-мол боқиб юришибди.

Бир вақт тўрт ғилдиракли кўтак аравага ўтин юклаб, «чу, ҳароми», дея қари қирчанғисини дўқлаб, йўлдан букри чол ўтиб қолди. «Бу қанақа қўрғон?» – деб сўрашди ундан.

– Қизқўрғон бу, – деди букри чол.

Турли ўлкалардан асир қилиб келтирилган қизлар орасидан эсли-ҳушли, бирон ҳунарга уста, оёқ-қўли чаққон ёки шунчаки чиройли қизлар танлаб олиниб, шу қўрғонга жойлаштирилар, тарбиячилар уларга хулқ-одоб, бежирим рўзғор тутиш, қўшиқ айтиш, рақс тушишни ўргатишар экан. Кейин Сепкилшоҳ ҳар йили катта сайил уюштириб, узоқ-яқин юртлардан келган шаҳзода-ю бекзодаларга қизларни намойиш қилиб кўрсатаркан, меҳмонларга ёққанини оғзига сиққан баҳода канизакликка сотаркан.

Букри чол: «Э мусофир бандалар, ноинсоф Сепкилшоҳ тахтга миниб, охирзамонни бошлаб келган кўринади», дея куйиниб бир сўз деди:

Бордир элак бозори,
Тешик челак бозори,
Бешик-сумак бозори,
Оташкурак бозори,
Қандай замон келдики,
Пайдо бўлса қизбозор?
Сотилади қовоқлар,
Чегов, кўра, товоқлар,
Кув, келисоп, ўроқлар,
Шам ёки жинчироқлар,
Қандай замон келдики,
Пайдо бўлса қизбозор?
Пулланади пиллақурт,
Седана-ю тоғкунжут,
Аччиқтош-у олмурут,
Гулута -ю эчкисут,
Қандай замон келдики,
Пайдо бўлса қизбозор?
Бозорда бор анқо дон,
Жоди, қирғич, чув, қопқон,
Итбалиғ-у сувилон,
Сотилади ҳатто жон,
Қандай замон келдики,
Пайдо бўлса қизбозор?
Сотишар сой кўпригин,
Кирсовуннинг гупригин,
Олмахоннинг кипригин,
Амалдорнинг тупригин,
Қандай замон келдики,
Пайдо бўлса қизбозор?
Қилни савдо қилишар,
Филни савдо қилишар,
Дилни савдо қилишар,
Тилни савдо қилишар,
Қандай замон келдики,
Пайдо бўлса қизбозор?

Букри чол кетгач, Ошиқболанинг юраги ҳовлиқиб: «Ҳой, биродарлар! Ойтумор ҳам шу ерда бўлса-я», деди. У Қизқўрғон сари юрмоқчи бўлган эди, Райҳон қизиқ йўлини тўсди.

– Ўпкани бос, укавой, – дея ўйчан соқол қашлади у. – Ҳозир қўрғонга яқин борсанг-у, Ойтумор қизларнинг орасида бўлиб сени таниб қолса, суюнганидан бирон нарса деб юборади. Сиримиз очилиб, тўрт ёқни аскар босади. Чунки, Наҳанг ўлпончи бизни тўғримизда кўпиртириб, Сепкилшоҳни чўчитиб қўйган. Бўлмаса, ўшанда Иблисжар тарафга ҳийлагар кампир билан лак-лак аскарини юбориб ўтирмасди.

– Тўғри, – деди Чумаквой. – Биз ҳушёр иш қилайлик, душман ғафлатда ётсин.

Ошиқболанинг шашти сўниб, иккиланганича туриб қолди. Шунда Мешполвон унинг жонига ора кириб, зўр чора ўйлаб топганини айтди. Елкасига илиб олган ола терини Ошиқболанинг устига ёпиб, уёқ-буёғини тикиб-чатди, арча томиридан мугуз, попукдор иштонбоғдан дум ясаб, ошнасини бир зумда ҳўкиз қиёфасига киритди. Белидаги чилвирни ечиб, унинг бўйнига боғлагач: «Ҳозир ўтлатиб юргандек бўлиб Қизқўрғон яқинига бошлаб бораман, сен пўстакнинг тешигидан қизларни томоша қил. Ойтуморинг уларнинг орасида бўлса, таниб оларсан. Лекин, ҳўкизлигингни эсингдан чиқариб, мени ҳижолат қилма», деб бир неча панд-насиҳат айтди:

Шубҳа солиб бизларга,
Кўп қарама қизларга,
Эслик, опош ҳўкизим.
Алангламай жим юргин,
Чучкурмасдан дим юргин,
Эслик, опош ҳўкизим.
Юрагимни хитлама,
Чечак узиб ҳидлама,
Эслик, опош ҳўкизим.
Чанг қилворма пўстакни,
Гоҳ чайнаб тур курмакни,
Эслик, опош ҳўкизим.
Капалакка ташланма,
Чивин чақса қашланма,
Эслик, опош ҳўкизим.
Гапириб йўл сўрама,
«Ойтумо-о-р!» деб мўврама,
Эслик, опош ҳўкизим.

Мешполвон ҳўкизини ўтлатаётгандек бўлиб, аста-секин қўрғон сари бораверди. Яйловдаги болалар нотаниш подачига зимдан ўқрайиб-ўқрайиб қараб қўйишарди.

У ҳануз битта-битта одимлаганича қўрғон ёқалаб кетаёт¬ганида, девор устидаги найзали соқчилардан бири: «Ҳов, сополқал¬поқ, бор, нарироқда уймалан!» – деб ўшқириб берди.

– Қўрғонингда керилаверма, – деди Мешполвон, – Олтиариқдан ўтиб қолсанг, туйиб қўяман.

Олтиариқни шу ўрамдаги биронта қишлоқча деб тушунган соқчи афтини тириштирганича индамай юз ўгирди.

Девор тепасида ўтирган қизлар бошига чапя кийиб, пакана ҳўкизининг чилвирини силтай-силтай ўзлари томон яқинлашаётган бақалоқ подачига қизиқсиниб тикилишди. Мешполвон уларнинг қаршисига етгач: «Ҳа қизлар, аҳволлар қалай?» – деб шанғиллади. Кимни майна қилишни билмай зерикиб ётган қизлар: «Аҳвол зўр. Ўзларидан сўрасак? Ҳўкизвойниям соғлиги яхшими?» – дея жовиллай кетишди. Фақат, четроқда хомуш ўтирган кўк камзулли қиз гапга қўшилмай, уфққа жим кўз қадаб тураверди.

Шойи-барқутга ясаниб, тилла-кумушга безаниб, ўртада ғоздек қад керган бекач хотин Мешполвонга масхараомуз оҳангда: «Келин кўргани келдингми? Ўзингга ўхшаган пўрдоқисидан танлайвер», деган эди, қизлар типирчилаб қийқиришга тушишди. Мешполвон: «Менга анави кўк камзуллиси ёқиб қолди, жуда индамасидан экан», дея талтайиб гап бошлаган чоғда ҳўкизи уни бир сузиб, оёғини осмондан қилди. Қизлар баттар қийқириб кулишди.

Мешполвон ўрнидан туриб, «ҳе, бўкиб ўлгур», деб ҳўкизнинг кетига «гуп» этказиб тепди. Бекач хотин: «Шу қизни гапиртиролсанг, сенга беш кетамиз, пўрдоқвой», дегандан кейин яна кайфияти хушланиб илжайди. Ҳофизлардек сузилиб томоқ қириб олгач, кўк камзулли қизга бақрайиб тикилганича «таппа-тупак, таппа-тупак», дея бирпас оғзида куй чалиб, сўнг қўшиқ айтишга киришди:

Қувламагин, анорюзим,
Мен сенга керак бўламан.
Дўлтали сарёғингга хум,
Сувингга челак бўламан.
Қулоққинангда балдоғинг,
Кўйлаккинангда қадоғинг,
Оёққинангда пайпоғинг,
Нимчангга чўнтак бўламан.
Зардангга мен безардаман,
Ўзим ромингга пардаман,
Қанд сўрасанг парвардаман,
«Туз» десанг, шўрттак бўламан.
Нонуштада дастурхонинг,
Чойнак-пиёла, қумғонинг,
Қатлама-ю патир нонинг,
Чалпаг-у пашмак бўламан.
Терлаганингда соя-тол,
Ухлаганингда пар-похол,
Йиғлаганингда дасрўмол,
Ўйнасанг ғижжак бўламан.
Косангда мен ёғоч қошиқ,
Юзингни юв, ўзим сочиқ,
Дарвозангга ошиқ-мошиқ,
Ипингга ғалтак бўламан.
Отангга янги носқовоқ,
Онангга чинни оштовоқ,
Опангни сочига тароқ,
Укангга ҳуштак бўламан.
Қайнаган шўрвадек тошиб,
Қир, тепадан ўтдим шошиб,
«Кел» десанг обрўйим ошиб,
Ҳайдасанг эрмак бўламан.
Ёқтирмадим уни-буни,
Эсим оғар кўриб сени,
Бу туришимда бир куни
Қип-қизил тентак бўламан.
Камбағал-у тасқараман,
Ҳозирча сал масхараман,
Пайти келиб ўзгараман –
Дунёга эртак бўламан.

Бу қўшиқни эшитиб, кўк камзулли қиз парво ҳам қилиб қўймади. Мешполвон: «Менга қаранг, ҳов, яхши қиз...» деб қийпанглай бошлаган эдики, ҳўкизи яна хуруж қилиб, уни сузиб ағдарди.

– Бас қил, каллаварам, – дея пўстак ичидан дўқ урди Ошиқбола. – Ойтумор – шу қиз!

Мешполвон ҳам шивирлаганича уни жеркиб берди:

– Яхшиликча шунақа десанг ўласанми? Сузавериб биқинни арчвординг-ку, думинг узилгур.

Шундан кейин жойидан туриб, уст-бошини қоқди, Ойтуморга анча ройишланиб боқди. «Барибир сени гапиртирмасдан кетмайман, товушингни эшитиб, ошнам бир мазза қилсин», деб ичида тугиниб қўйди. Уни яйраб мазахлаётган қизларнинг кулгисига эътибор бермай, Ойтуморга иккинчи қўшиқни ҳам бағишлаб юборди:

Келдим, мана, совчи бўлиб,
Ҳўкизни бошловчи бўлиб.
Ийя-ия, ийя-ия,
Индамаган – букри туя.
Сизни биров яхши кўрар,
Ҳўкиз мисол гангиб юрар.
Ийя-ия, ийя-ия,
Индамаган – лайлак уя.
Кўп қийнаманг, айтай сирин –
Ҳўкизниям жони ширин.
Ийя-ия, ийя-ия,
Индамаган – қозонкуя.
Кўпайса сиздек пари қиз,
Бу яйловга тўлар ҳўкиз.
Ийя-ия, ийя-ия,
Индамаган – қашқа бия.

Ойтумор бу сафар ҳам пинагини бузмади, осмондан кўзини узмади. Мешполвоннинг аччиғи қўзиди, ҳўкизнинг бўйнидаги чилвирни маҳкамлаётгандек эгилиб туриб: «Фаросат борми бу қизингда? Гапни етказиб қўйсам ҳам, ҳўкизга синчиклаб қарамайди-я», деб Ошиқболага арзланди. «Энди сен куйлаётгандек оғзингни қимирлатиб тур, ашулани мен айтаман», деди Ошиқбола.

Бекач хотиннинг: «Омадинг юришмади-ку, пўрдоқвой», дея қизларни кулдиргани Мешполвонга қўл келиб: «Қизбола қайсар бўлади, опагинам, ҳозир юрагига тегадиганидан айтамиз», деб ҳўкизининг биқинига бир нуқиб қўйди. Ошиқбола, пича каловлангудай бўлса, энди тепки ҳам ейиши мумкинлигидан қўрқиб, тезда қўшиқни бошлади. Мешполвон илҳом билан тебраниб, пўстак ичидан чиқаётган овозга мос равишда оғзини очиб-ёпиб тураверди:

Қизларгаям мардлик яхши,
Сурмали кўз дардлик яхши,
Дангаллик – «шарт-шарт»лик яхши,
Ёв талтаяр индамасанг.
Солиб юз хил жабрларга,
Тиқса қафас-қабрларга,
Шаҳдингни қўш сабрларга,
Ёв талтаяр индамасанг.
Сен – қул, руҳинг озод бўлиб,
Дилда эркли кун ёд бўлиб,
Нафрат сочгин шаддод бўлиб,
Ёв талтаяр индамасанг.
Қасосингни «жиқ-жиқ» қилгин,
Юрагингни жўшиқ қилгин,
Аламингни қўшиқ қилгин,
Ёв талтаяр индамасанг.
Қўшиғингни ёниб куйла,
Қўрқувлардан тониб куйла,
Юрт ишқига қониб куйла,
Ёв талтаяр индамасанг.

Қўшиқ бошланган палладаёқ таниш овоздан юраги сесканиб, беихтиёр қад ростлаган Ойтуморнинг сўник чеҳраси тобора ёришиб борди. Қўшиқ тугагандан кейин ҳам сеҳрлангандек ҳўкизга термилиб тураверди. Мешполвон: «Бу сафаргиси қалай чиқди?» – деб бақирганидан сўнг ҳушини йиғиб, атрофдагиларга жовдиради. Уларни хавфсиратмаслик учун ўзини қувликка солиб, «ҳўкизинг яхши ашула айтаркан», деди. Чунки, охирги қўшиқни подачи эмас, пўстакка бурканиб олган бошқа одам айтаётганини айёр бекач хотин сезмаганига ишониб бўлмасди. Ойтумор унинг кўнглидаги ҳадикни ювиб ташлаш учун қўшиқчиларни тирикчилик дардида юрган хашаки масхарабозларга йўйиб юборишга тиришди.

– Ойтуморники гапиртирдинг, бало экансан, – дея Мешполвонга жилмайиб боқди бекач хотин. – Бизни қойил қолдирдинг. Ма, мукофотни олгин-у, қорангни ўчир.

У қўлидаги нақш олмани пастга ташлади. Мешполвон «мукофот»ни панжада эмас, катта очилган оғзи билан илиб олиб, уруғ-пўчоғи аралаш ямлаб юборди. Ойтумор эса «буниси ҳўкизингга, пўрдоқвой», деб попукли рўмолчасини ирғитди.

Мешполвон ҳўкизини судрагудек бўлиб Қизқўрғондан узоқлашиб бораркан, Ойтуморнинг кўз ўнгида манзарадор Боботоғдаги сайил, қаёқдандир туйқус пайдо бўлган хушрўйгина ёш овчи гавдаланди, унинг ўшанда айтган ишқий қўшиғи қулоғи остида бошқатдан янграётгандек бўлди:

Юлдузни кул қилар кўзи,
Кўзгусидир ойнинг ўзи,
Бу ҳурлиқо кимнинг қизи –
Сочида от қамчилаган?
Қирқ канизак ҳамдам бўлиб,
Мен ёрисиз биркам бўлиб,
Кулгулари шабнам бўлиб,
Боботоққа томчилаган.
Чамбар рўмол ўрашлари,
Гажжагини бурашлари,
Чўчиб-чўчиб қарашлари
Юрагимни чимчилаган...
* * *

Қизқўрғондан қайтиб келишгандан кейин Ошиқбола ёри совға қилган рўмолчанинг мушк-анбарини ҳидлаб, юраги «пит-пит»лаб, қўзиқорин пиширишга қаралашмасдан, бировнинг гапига аралашмасдан ётаверди. Шериклари тўрт сих кабобдан бирини унга тутишганда, ҳатто қайрилиб боқмади.

– Уни бирпас тинч қўяйлик, – деди Мешполвон. – Шўрликнинг кабобиниям мен ейман шекилли.

Лекин икки сих кабоб унинг учун икки дона олча ютишдек гап эди, ичга тортиб кетган қорнини маъюс силаганича ажриққа ёнбошлади, бир неча ҳафта илгари кўл бўйидаги дастурхондан танаввул қилинган зодагонча тансиқ таомлар кўз олдига келиб, ширин хаёлга чўмди. У, айниқса, нонни жуда соғиниб кетганди.

Шу асно, яйловда қўй-мол боқиб юрган болаларга ўйчан тикилиб ётаркан, қўққисдан калласига ажойиб фикр келиб, шошиб ўрнидан турди. Болаларга яқинроқ бориб: «Филни кўрганмисиз¬лар?» – деб сўради. «Эшитганмиз-у, кўрмаганмиз», дейишди улар.

Мешполвон: «Бизда фил бор. Томоққа илинадиган нарса олиб келганларга уни кўрсатишим мумкин», дея болаларни томошага қизиқтиришга уринди:

Ер юзи кенг, бетаърифдир,
Ўнг машриғ-у чап мағрибдир.
Бу дунёда энг ғарибдир
Тирик филни кўрмаганлар.
Гарчи маймун қизиқчироқ,
Оддий итдан кичик бироқ.
Жуда ношуд, жуда нўноқ
Тирик филни кўрмаганлар.
Дерлар: «Қўтос зўр ҳайвондир»,
Бу гап «миш-миш» ва ёлғондир.
Ғирт саводсиз, ғирт нодондир
Тирик филни кўрмаганлар.
Томошага сиз илҳақсиз,
Кўрсатилмас лекин ҳақсиз.
Ўта ночор, ўта бахтсиз
Тирик филни кўрмаганлар.

Буни эшитган болалар «қиёв-чиёв» қилиб қишлоқлари томон югуришди, кўп ўтмай бошқа шерикларини ҳам эргаштириб, қайтиб келишди. Нон, пишлоқ, сузма, арчаёнғоқ, қоқбалиқ, қиём, мевақоқи кабилар бир уюм бўлди.

Шундан кейин Мешполвон уларни сафга тизиб, бутазорда ўтлаб юрган туянинг ёнига етаклаб борди:

– Манавини фил дейдилар!

Болалар ҳайратланиб чуғурлай кетишди:

– Ву-у-й!

– Баландлигини қаранглар!

– Биламиз, минишда шоти қўйиб чиқишади.

– Нега бели дўнгалак, а? Нега дўнгалак, деяпман!

– Филда хартум бўлади деб эшитувдим-м, – деб чинғиллади озғингина бола.

Мешполвон унга туянинг думини кўрсатди:

– Ана хартуми, укагинам.

– Ия, хартум думга ўхшаркан.

– Балки булар тарафда думни хартум дейишар.

– Хартум нимага керак, а? Нимага керак деяпман!

Бояги озғин бола яна чинғиллаб: «Хартумни олд томонда бўлади деб эшитувдим-м», деди.

– Сен Ҳиндистоннинг филини гапиряпсан, – деб гердайганича уқтирди Мешполвон. – Буниси Олтиариқники.

– Ҳиндистон Олтиариқдами?

– Йўқ, укалар, иккаласиям алоҳида-алоҳида юрт.

– Сизларда яна нима бор?

Мешполвон ҳануз гердайиб тураркан, узоқ ўйлаб ўтирмай, шартта жавоб қилди:

– Ҳаммасидан бор. Энг кўп учрайдигани – оқайиқ.

* * *

Мешполвон ўз лашкари учун Қизқўрғондан ярим чақиримча наридан зўр истеҳком топди. Қачонлардир кесилиб, вақтида ташиб кетилмаган азамат дарахтлар бу ерда уюм-уюм бўлиб ётарди.

Томоша ҳақига тушган озиқларнинг бир қисми эҳтиётдан хуржунга солиниб, қолгани ўша истеҳком олдида баҳам кўрилаётган чоғда Мешполвон: «Ана! Келяпти!» – деб қувонч билан қичқирди-ю, ўрнидан туриб кетди. Сўнг: «Ошнам келяпти! Ҳожихонажина бу!» – дея ирғишлаб, йўлакни чангитганича истеҳкомга яқинлашаётган қуюннинг истиқболига югурди. Қулочини ёйиб, тўзонни қучмоқчи бўлганида, эшилиб, ерга ағанади.

– Ғирромлик қилма, Ҳожихон, ғирромлик қилма, – дея қуюнга бармоқ сараклатди у. –Бунақа оёқдан чалиш йўқ.

Қуюн Мешполвоннинг атрофида гиргиттон айланиб, яна чалиб йиқитмоқчидек унга бир зум тегажоқлик қилди, дастурхон теграсида ўтирганлар ёнидан уёқ-буёққа «виз-виз» ўтиб, тўқлидек шўхлиги тутиб, қувноқ рақс тушиб берди. Охири ажриқларни шилдиратиб, хас-чўпларни пилдиратиб ўйнаганича ўрмон ичига кириб, кўздан йўқолди. Мешполвон: «Узоққа кетворма, Ҳожихон, бир гаплашайлик энди», дея ортидан бақириб, дилидаги армонларини тўка бошлади:

Айрилганман дадамдан,
Айрилганман онамдан,
Айрилганман энамдан,
Ташлаб кетма, Ҳожихон.
Йиртиқ-ямоқ устим бор,
Сен-у учта дўстим бор,
Яна меҳрибон ким бор,
Ташлаб кетма, Ҳожихон.
Душман турар биқинда,
Юргин бизга яқинда,
Ярарсан оғир кунда,
Ташлаб кетма, Ҳожихон.
Бордир отлиқ навкарим,
Туя-қўйда лашкарим,
Бўл пиёда аскарим,
Ташлаб кетма, Ҳожихон.
Кирса лашкарим жангга,
Ёвни булаб бер чангга,
Сўнг уёғи – акангга,
Ташлаб кетма, Ҳожихон.

– Қачонки овқат есанг кўнглим айнийди, – дея Мешпол¬вон¬га эзгин қиёфада тикилди Чумаквой. – Локигин, гапларинг одамни йиғлатади.

Ҳожихонажина шу кетганича кечқурун қайтиб келди. У билан танишув Мешполвоннинг шериклари учун бироз қўрқинчли тарзда бошланиб, кейин қизиқарли тус олди.

– Мисол учун десак, от ўғирлашга қандай қарайдилар? – деб сўради Чумаквой.

Ҳожихонажина қовоғини уйиб, бир муддат жимиб қолди. Кейин: «Отни пишириб ейманми? Мабодо хоҳласам-ку, «хушт» дегунингча эрондаги дулдулни Учқўрғонга опкеламан», деб бир сўз айтди:

Гапинг менга келди малол,
Бердинг пича қўпол савол,
Ажиналар гарчи ҳалол,
От ўғирлаш иш бўптими?
Гаров ўйнаб чироқмойга,
Ошнам билан қўйиб пойга,
Олдин етиб бордим ойга,
От ўғирлаш иш бўптими?
Бу тоғдан у тоққа сакраб,
Шўх укамга юрдим қараб,
Менга бир тош Шом-у Араб,
От ўғирлаш иш бўптими?
Тунда доим ишларим соз,
Ёмонлар дуч келса бехос,
Қувалайман бўлиб новвос,
От ўғирлаш иш бўптими?
Бойни зарга кўмизганман,
Оддий чақа егизганман,
«Жон акажон», дегизганман,
От ўғирлаш иш бўптими?
Кўршапалак бўлиб атай,
Ётоғида чалсам сурнай,
Пошшо қочган дебон: «Бай-бай»,
От ўғирлаш иш бўптими?
Гапир менга Рум, Турондан,
Денгиз, дала, дашт, ўрмондан,
Булут қувмоқни осмондан,
От ўғирлаш иш бўптими?

Чумаквой унга ҳанг-манг боқиб, ёқа ушлади:

– Ҳай-ҳааай! Мана шу жойда билдимки, ажинанинг олдида лўли ҳам ип эшолмайди.

Ошиқбола улфатини ўз кулфатига тортиб, «яхши кўрган қизинг борми», деб савол ташлаган эди, Ҳожихонажина безрайиб туриб: «Ҳали бунақа топшириқ олмаганман», деди.

Райҳон қизиқ ёши бошқалардан анча салобатлироқ, фикриям даромадлироқ эканини намойиш этмоқчидек «хў-ў-ш...» деб қўйиб, пича сукут сақлаб турди, киприги пастга терилиб, қоши кўршапалакнинг қанотидек керилиб, ўзича пичирлашга берилиб, ҳаммани маҳтал қилди. Катта бир масала чиққанга ўхшайди деб, шериклари зийрак тортишди.

Ниҳоят, киприк юқори сакраб, қош қуйи ағнаб, Райҳон қизиқ тилга кирди:

– Ажиналар жамоаси чўзма отишни билармикан?

– Ҳеч кўрмаганман, – деди Ҳожихонажина.

– Яъни аниқроғи?

– Йўқ! Ажиналар чўзма отишмайди.

– Ана-а-а!

Райҳон қизиқ чапак чалганича қаҳ-қаҳ уриб юборди, тойчоқдек гижинглаб, мириқиб-мириқиб кулди.

– Отишмайди дема, билишмайди десанг-чи, – деб ғурурланди у. – Мен сенга айтсам, укавой, чўзма отиш ҳар кимниям қўлидан келавермайди. Бурунга уришни-ку гапириб ўтирмайлик. Ҳиқ-хий-хий. Ҳиқ-хий-хий...

Аслида Ҳожихонажина ҳозир бу ерга ҳазил-мазах айтишиб гурунглашиш учун келмаганди.

У, Қаҳратония пойтахтида эрталаб пайдо бўлди. Мешполвон бошчилигидаги ўчкорларни қидириб, анча жойни кезиб чиқди, уларни охири яйловдан топди. Бу Мешполвон қўрғоннинг девори устидаги кўк камзулли қизга термилганича, «нимчангга чўнтак бўламан», деб хониш қилаётган пайт эди. Ҳожихонажина ўзгалар эътиборини тортмаслик, қолаверса, ҳофизни чалғитмаслик мақсадида бир қаричгина чанг кўтариб, эҳтиётлик билан яқинлашгани боис Мешполвон ўшанда уни сезмади.

– Қизқўргондаги бекач хотин зоғнинг ўзгинаси экан, – деди Ҳожихонажина. – Ошиқбола пўстак ичида ашула айтаётганда Ойтуморнинг ўзгариб қолганини пайқаб турувди. Мен ундан хавфсираб, орқасидан тушдим.

Мешполвон билан Ошиқбола яйловдан кетишлари биланоқ, бекач хотин Сепкилшоҳ қароргоҳига қараб жўнабди. Бориб, пистак кампирга учрабди, бўлган воқеаларни чақимчилаб берибди.

– Улардан биттаси бошига чапя кийган дедингми? – деб сўрабди пистак кампир. – Вой, ер ютгурлар-ей, Иблисжардан қандай қутулиб чиқишдийкин?

Пистак кампир бекач хотиндан эшитган гапларини оқизмай-томизмай Сепкилшоҳга етказибди. Улар биргалашиб режа туза бошлашибди.

– Қисқаси, ҳаммаларингни ҳаммомда бўғизлаб ўлдириш¬моқчи, – деди Ҳожихонажина панжаларини тажовузкор қоплон¬никидек чангаксимон кўрсатиб. – Одамзод ҳаммомга доим қуролсиз киради. Улар мана шундан фойдаланишмоқчи.

Сепкилшоҳ ўз навкарлари орасидан элликта энг одамхўрини танлаб, душманнинг кекирдагидан тишлаб ўлдиришни яхши кўрадиган бир кални галабоши қилиб тайинлабди.

Ҳожихонажина гапини тугатгач, ўчкорлар бошни бир ерга жамлаб, бунга қарши чора ахтаришди. Бирови у деди, бирови бу деди, пиравардида Чумаквой ўйлаб топган ҳийла ҳаммага маъқул тушди.

* * *

Эртаси куни улар истеҳкомда нонушта қилиб ўтиришганда, ёнларига бир кампир келиб: «Ҳой шўрлик мусофирлар, жуда иркитланиб кетибсизлар-ку. Юринглар, жоним қоқиндиқлар, қишло¬ғимиздаги гумбазли ҳаммомни кўрсатиб қўяй, ювиниб сал одамнусха бўлволинглар», дея ҳаммасини гўдакчасига талтанглата кетди:

Ювинади мушуклар,
Бўталоғ-у кучуклар,
Попишаг-у чумчуқлар,
Сиз ҳам чўм-чўм қилволинг.
Бузоқ-улоқ яланар,
Зағча-тўрғай таранар,
Той шудрингга беланар,
Сиз ҳам чўм-чўм қилволинг.
Жўжаларин ўрдаклар –
Сой тарафга етаклар,
Қуртга тўлди кўлмаклар,
Сиз ҳам чўм-чўм қилволинг.
Ҳавас қилинг қўнғизга,
Калтакесак, хонқизга,
Ётманг ўхшаб тўнғизга,
Сиз ҳам чўм-чўм қилволинг.

«Оббо, пистак кампир-ей, – деб ўйлади Мешполвон, – башарасиниям, товушиниям тезда ўзгартириб олибди».

Улар: «Раҳмат, эна, зап савоб ишга бошлаяпсиз-да», дейишиб, кампирга эргашишди.

Гумбазли ҳаммом кенг ва баланд қилиб қурилган экан. Ечиниб, ичкарига киришса, кўзи човбирдек ўйнаган, сўлагини чай¬наган элликта музбашара давангир қулай фурсатни кутиб, қорнига ёлғондан совун суртиб ўтирибди. Озгина вақт ўтгач, улар бурчаклардаги қизиб турган тошларга жомда «жаз-жуз»латиб сув сепа кетишди. Бирпасда атрофни буғ қамради, хона бир қарич наридаги одамни таниб бўлмайдиган ҳолга келди.

Чумаквой уч марта қаттиқ томоқ қириб шартли овоз қилган чоғда, шериклари совун ичига яширилган бигизларни олиб, ҳаммомдагиларнинг думбасига жиқ-жиқ санчишга тушишди. Хона бир зумда оҳ-нолага тўлди.

Ўчкорлар тўполонда адашиб бир-бирига жабр етказиб қўймаслик учун имо-ишора билан олдиндан ўз жойларини тақсимлаб олишган эди. Шунга қарамай, эҳтиёт шарт деб, чап қўлидаги тоғорада орқасини беркитганича жанг қилишарди.

Каллакесарлардан бири ҳозиргина ортига бигиз санчилган томонга таваккалдан чанг солди, шапалоғи тарсиллаганича галабошнинг тақир калласига урилди. Қонга ташна бўлиб турган галабоши ўз навбатида унинг кекирдагини тишлаб, жиғилдонини узиб олди. Аблаҳлардан биттасини тинчитдим деб севинаётганида думбасини бигиз жизиллатиб, шаталоқ отиб юборди.

Каллакесарларнинг аҳволи ниҳоятда танглашиб, қиёмат авжга чиққач, устидаги туйнукдан нур тушиб турган эшикни мўлжаллаб, ҳаммаси ўзини ташқарига урди. Бу пайтда эшикнинг икки четига биқиниб олган Мешполвон билан Ошиқбола уларнинг кетини нишонга айлантириб, бири ўнг думбага, иккинчиси чап думбага бигиз тиқиб тураверди, бир-бирига ҳайқириб далда бераверди:

– Бигизингни чархлаб санчгин,
Дўст-душманни фарқлаб санчгин,
Жиқ-жиқ,
Жиқ-жиқ!
– Ханжар қилиб ялтиратгин,
Қонхўрларни қалтиратгин,
Жиқ-жиқ,
Жиқ-жиқ!
– Войдодласин галабоши,
Ювилганча чала боши,
Жиқ-жиқ,
Жиқ-жиқ!
– Ўтганини муҳрлаб ур,
Керак жойга тўғрилаб ур,
Жиқ-жиқ,
Жиқ-жиқ!
– Қочсин бари бувалашиб,
Лунгисига чувалашиб,
Жиқ-жиқ,
Жиқ-жиқ!
– Қўлдан тушган тоғораси
Бўлсин қочиш ноғораси,
Жиқ-жиқ,
Жиқ-жиқ!

Ғаламис пистак кампир бу маҳалда тўполонга қулоқ солиб, липпасидан ҳолва олиб, чала чайнаганини чала ютиб, калла¬кесар¬лардан хушхабар кутиб, ташқарида мамнун ўтирарди. Ҳаммом¬дан қочиб чиқаётганлар шошилишда уни бирин-кетин тепалаб ўтиб, арава эзган бақадек мажағини чиқаришди.

* * *

Вақт ярим кечадан оғган паллада Ҳожихонажина қасрдан янги гап топиб келди.

Ҳаммомдаги шармандаларча мағлубиятни, айниқса, маккорларнинг пири ҳисобланган пистак кампирнинг аҳмоқона тарзда ҳалок бўлганини эшитгач, арбобларнинг ақли шошиб, Сепкил¬шоҳнинг ғазаби тошибди. Наҳанг ўлпончи пистак кампирга ачиниб: «Ҳе, аттанг, шундай зўр мутахассис ғўр кетибди», дея бош тебратганда, шоҳ: «Ўша бузғунчиларни икки марта қўлдан чиқардинг, энди ўзинг айбингни юв», деб бақирибди. Унга юзта аскар берадиган бўлибди. Наҳанг ўлпончи: «Бу камлик қилмасмикан?» – дея дудмалланган экан, Сепкилшоҳ: «Нима, тўртта иприндини тутишга уялмасдан ярим лашкаримни жўна¬тайми?» – деб айюҳаннос солибди.

– Ҳаммомдаги бигизвозликни Чумаквой ўйлаб топувди, – деди Райҳон қизиқ. – Бу сафаргисини менга қўйиб беринглар, укавойлар.

Ўчкорлар истеҳкоми билан қаср оралиғидаги йўлнинг бўйида эрта-ю кеч «билқ-билқ»лаб турадиган ботқоқкўл бор эди. Райҳон қизиқ кейинги куни қалбаки попукқандни йўлга ташлаб, «ширинтузоқ»қа боғланган ипни ушлаб, ботқоқнинг нариги четига чекиниб, қамишлар ортига бекиниб ётаверди. Бир маҳал шу томонга жадаллаб келаётган қора папоқли аскарлар сафи кўринди.

Йўл қирғоғидаги попукқандга Наҳанг ўлпончи билан яна уч-тўрт аскарнинг нигоҳи бир вақтда қадалди. Олдинги қатор¬дагилардан бири ҳарбий интизомни йиғиштириб қўйиб, ўлжа сари югура бошлаган эдики, Наҳанг ўлпончи қатъий оҳангда: «Тегма! Еганга солиқ соламан!» – деб наъра тортди. Сўнг измидаги аскарларга юзланиб, икки жуфт танбеҳ айтган бўлди:

Пошшоликнинг аскари
Кўрган бўлар тарбият.
Ерда ётган қандни деб
Сафни ташламоқ уят,
Сақланг тартиб-интизом.
Сепкилшоҳнинг юртида
Бир иш қилманг ўйламай.
Ҳеч нимани еб бўлмас
Солиғини тўламай,
Сақланг тартиб-интизом.
Бир гал ўлжа тегмаса,
Қўрқманг, осмон узилмас,
Қанд топиб еб юрсин деб
Атай лашкар тузилмас,
Сақланг тартиб-интизом.
Аскарлар ўз бошлиғин
Иззат-ҳурмат қилмасми?
Мен туриб, сиз есангиз,
Шармандалик бўлмасми?
Сақланг тартиб-интизом.

Саф олдидагиларнинг тили лабида пилдираб, орқадагилар «нима гап» дея қўш кўзи йилтираб, ҳаммаси жойида топтаниб қолди.

Кўрганлар орқали кўрмаганларга қулоқма-қулоқ гап тарқалди: «Попукқанд ерда ётибди... Ерда текин қанд ётганмиш... Кармисан? Қанддан гапиришяпти!..»

Наҳанг ўлпончи виқор билан бориб, аста эгилган эди, қанд сал нарига силжиди. Иккинчи ҳаракати ҳам шу тариқа зое кетгач, жаҳли чиқиб, ерга астойдил тиззалади, чигирткадек пит-пит сакраб, попукқандга олти-етти марта ташланиб кўрди. Ҳар гал қўли озгина етмасдан қолаверди. Охири хуноби ошиб: «Ширинлик тутиб келтирилсин!» – дея аскарларга буйруқ берди.

Нафси жикиллаб турган қора папоқли аскарлар «ура-ура» билан попукқандни қувиб, Наҳанг ўлпончини ҳам бирга ювиб кетишди. Шу куйи орқадагилар олдиндагиларни олға чоптириб, «ҳай-ҳай»гаям қарамасдан ботқоққа яқинлашиб бориша¬верди. Олддагилар шалоплаб, ортдагилар ҳануз ҳалоплаб, навбати билан балчиққа ағанайверди.

Гоҳ унинг, гоҳ бунинг елкасига чиқиб, аскарларни лойга тезроқ тиқиб, ботқоқдан қутулиб қолишга жон-жаҳди билан тиришиб кўрган Наҳанг ўлпончи, тугалай чўкиб бораётган чоғида ҳам нарироқдаги чўгалга илиниб турган попукқандга қараб, бир ютиниб қўйди.

Пишаётган бўтқани эслатувчи ботқоқнинг «билқ-билқ»ига энди «биқир-биқир»лар жўрланиб, аталасимон сув янада кирланиб, юзасида пуфакчалар турланиб, қўрқоқ бақалар қирғоқда хўрланиб қолди. Баднафслик балоси Наҳанг ўлпончига қўшиб юзта аскарни ҳам бадбўйлик оламининг тубига етаклаб кетди.

«Биқир-биқир» товушлар одатдаги «билқ-билқ»ларга айлангач, Райҳон қизиқ мабодо биронта душман четда жон сақлаб қолмадимикан деган хаёлда балчиқсув устидаги эгасиз қора папоқларни қайтадан санаб чиқди. Ҳамма иш жойида эканига қаноат ҳосил қилиб, истеҳком томонга йўл олди.

Истеҳкомга етай деб қолганида, қўлда тугун-у тўрсават ушлаб, чивинларни киш-кишлаб, чакалакдаги сўқмоқдан чиқиб келаётган деҳқонларга йўлиқди. Касби – томма-том изғиш, сочи думбулсоқолдек қизғиш, қўйнига аллабалоларни солган, чипта ковушли қарияни етаклаб олган тирмизак бола Райҳон қизиқни кўриши биланоқ, қувониб қичқирди:

– Ана, ажойибхоначининг шериги келяпти!

Деҳқонлар бир зумда уни ўраб олишди. Райҳон қизиқнинг юраги шувиллаб: «Сизларга нима ёмонлик қилдим?» – деб атрофдагиларга аланглади.

– Ҳўкизтери ёпинган шеригинг манави невараларимга филни кўрсатибди, – деди чипта ковушли қария. – Биз ҳам ажойибхо¬нага кетяпмиз.

«Мешполвоннинг мечкайлиги бошимизга бало бўлди, – дея кўнглидан ўтказди Райҳон қизиқ. – Болаларни-ку алдаш осон, катталар фил нима-ю, туя нималигини яхши билишади. Энди ҳаммамиз калтак еймиз шекилли».

Шунда қария: «Нега тисарилиб қолдинг? Қўрқма, текинга кўрмаймиз», деб қўлидаги тугунчасини кўз-кўз қилди.

– Мана, мендаям бир халта тухум бор, – деди бошқа бирови.

– Ўғизгаям кўрсатаверасизларми? – деб сўради қўлтиғига кўза қистирган учинчи киши.

Райҳон қизиқ нима дейишини билмай, кигиз қалпоғида елпинганича туриб қолди.

– Филимиз касал, – деди охири баҳона топиб. – Томошаларни тўхтатганмиз.

– Нима бўлди, қаери касал?

– Думига пучак чиқибди.

– Шунга шунчами? Филга пучак чиққани чивин чаққандек гап.

– Бундан ташқари, одамлар берган ҳар хил нарсаларни еявериб, ичбуруғ бўп қолди. Иситмага куйиб, сўлжайиб ётибди.

– Майли, ётган жойида томоша қилаверамиз. Қани, бошла ўша ажойибхонангга.

Улар Райҳон қизиқдан жавоб кутиб ўтирмай, истеҳком ёққа қараб юришди.

Салгина вақт ўтиб, истеҳком бўсағаси ғала-ғовурга кўмилди. Райҳон қизиқ тўпланганларнинг ниятини Мешполвонга қисқача тушунтириб, «энди ўзинг гаплашавер, бизни бу ғалвага аралаштирма», деб дўнғиллади. Мешполвон бир муддат бўйин қашиб тургач, йўғон ходанинг тепасига чиқиб, йиғилганларга мурожаат қилди:

– Филни касал деб айтишибди-ку. Пода-пода бўлиб келаве¬расизларми?

– Аҳмоқ бўлиб тағин қайтиб кетамизми? – деди кимдир. – Ётган жойида кўрсатавер.

– Бу жуда хавфли. Касал фил қутурган итга ўхшаб қолади.

– Гапни кўпайтирма! Яхшиликча кўрсат филингни!

Мешполвон шу топда буларга гап таъсир қилмаслигини сезиб, яна ўйланиб қолди.

– Майли, мен розиман, – деб бирдан паст тушди у. – Лекин, ҳозирмас. Томоша кечқурун бўлади. Унга довур фил тузалиб қолиши керак.

– Шу томошангни бир йўла қишлоқда кўрсатсанг-чи, – деди чиптаковушли қария. – Баҳонада кампирларимизниям хурсанд қилардинг.

– Ана, шундоқ сўқмоқдан ўтсанг, қишлоғимиз биқинингда турибди, – дея чакалакзор томонга қўл чўзди бошқаси. – Борсанг, бурнингдан чиққунча зиёфат берамиз.

«Зиёфат» деган сўзни эшитиб, Мешполвоннинг ҳиқилдоғи ликиллади. «Бўпти, кечқурун бизни кутиб туринглар, ҳамма ҳайвонларни олиб борамиз», деб ваъдани қуюқ қилди.

Деҳқонлар кетиши биланоқ, Райҳон қизиқнинг жаҳли қўзиб: «Қанақа ҳайвонларни айтяпсан, куйдирги? Бошимизга келган офат бўлдинг-ку», деб вайсаб берди.

– Мени гапим – гап, – деди Мешполвон. – Агарда фаранг ё ҳангилизларни бугун ер ютади десам, эртагача қолмасдан шу иш бўлади. Мен мана шунақаман!

* * *

Қоронғи кира бошлади ҳамки, Ҳожихонажинадан дарак бўлавермади. Диққати ошган Мешполвон ёнғоқбоз болаларнинг соққасидек уёқдан-буёққа пилдираётган чоғда Чумаквой: «Ажинанг қасрдаги ўйинчи қизларга пул қистириб ўтирган бўл¬самикан?» – деб унинг жиғига тегди.

Хайриятки, Ҳожихонажина ортиқча кечикмади. Қайтиб келиши биланоқ, Мешполвон: «Қасрдаги гапларни кейин айтарсан. Ҳозир зарур ишимиз бор», дея уни шошилтиришга тушди. Истеҳком¬дагилар ёппасига қишлоққа юришди.

Қишлоқдагилар чакалакзорнинг сўқмоғидан чиқавериш¬даги майдонга йиғилиб, ажойибхонани интиқ кутиб туришган экан, Мешполвон раҳбарлигидаги «ҳайвон ўргатувчилар»ни олқиш¬ларга кўмиб қарши олишди.

– Ҳайвонларимни анави буталарнинг орқасида қолдирдим, – деди Мешполон. – Даврага бирма-бир чиқариб кўрсатавераман. Қани, сўқмоқни уч томондан ўраб ўтириб олинглар-чи.

Чол-йигитлар чордана қуриб, кампир-жувонлар ерга тизза уриб, қизалоқлар қиқирлашиб, болакайлар бир-бирига тихирлашиб, ойдин майдонга ёйилиб ўтиришди. Шундан кейин Ҳожихонажина гоҳ у, гоҳ бу ҳайвоннинг тусида чакалакдан чиқиб, даврани айланаверди, Мешполвон уларни баҳоли қудрат шарҳлаб тураверди:

– Буниси саҳрои кабирнинг маймуни!

– Саҳрода маймун нима қилади? Маймун тўқайда бўлмайдими?

– Фаросат борми ўзи? Саҳрои кабирнинг ўртаси тўқайзор-ку.

– Э, шунақами? Олдинроқ айтиб қўйиш керак-да... Ие, ие! Анавиниси нима? Қаерники бу?

– Буни номи туяқуш. Озарбайжонда бўлади.

– Тухумиям калладек бордир?

– Ана! Яхшилаб кўриб олинглар! – деди Мешполвон даврада янги ҳайвон пайдо бўлгач. – Бу йўлбарсни Сулаймониядан ушлаб келганман.

Ҳожихонажина келгуси сафар зебрага айланди. Умри бино бўлиб, бунақа маҳлуқ ҳақида бирон-бир маълумот эшитмаган Мешполвон унга боқиб анграйиб қолди. Эшак деяй деса, териси йўлбарсники, йўлбарс деяй деса, турқи эшакнинг ўзгинаси. Охири чайналиб туриб: «Энг ярамас ҳайвонлардан биттаси шу», деди. «Нима ўзи бунинг?» – деб сўрашди ундан. Мешполвон зебрага янада синчиклаб тикилганича: «Бояги йўлбарснинг аммаси», деб жавоб қилди.

– Шуям йўлбарсми? Бизга эшакни бўяб кўрсатяпсан!

– Эгаси бўптуриб, ўзим билмайманми? Мен йўлбарс деганимдан кейин, гап тамом-да.

Турли-туман жондорлар чакалакдан бир-бир чиқаверди. Мешполвон: «Мана буниси Хиротнинг мушуги. Энди Ҳўнгаристон айиғини томоша қиляпсиз», деб оғзига келган гапни қайтармай, уларнинг таърифини келтираверди:

Ана, Тошкент хўрози,
Карнайдан зўр овози,
Томошага кеп қолинг!
Бу – мисрлик тошбақа,
Мендан қарздор беш чақа,
Томошага кеп қолинг!
Қашқир дерлар бунисин,
Еган тўртта инисин,
Томошага кеп қолинг!
Сичқон ўзи бир яшар,
Лекин машҳур томтешар,
Томошага кеп қолинг!
Қаранг, серка жа гўштлик,
Ё ироқлик, ё ўшлик,
Томошага кеп қолинг!
Сиртлон – тўни гулдори,
Ғулжада энг безори,
Томошага кеп қолинг!
Анов тимсоҳ ёвуздир,
Бошдан-оёқ оғиздир,
Томошага кеп қолинг!
Бу – ёввойи қўзичоқ,
Тимсоҳдан ҳам хавфлироқ,
Томошага кеп қолинг!
Тулки – жуни чувилган,
Ашхабоддан қувилган,
Томошага кеп қолинг!
Каламуши сал шарттак,
Хўжандда еган калтак,
Томошага кеп қолинг!
Эндигиси кўрсичқон,
Ҳасса йўқотиб сарсон,
Томошага кеп қолинг!
Мана, бўри ғаламис,
Тегманг, кейин соламиз,
Томошага кеп қолинг!
Кўринг гуржи туясин,
Бешиги қуш уяси,
Томошага кеп қолинг!
Қуён – феъли бузилган,
Ўқ еб, думи узилган,
Томошага кеп қолинг!
Тўнғиз келар иршайиб,
Бурни ёнга қийшайиб,
Томошага кеп қолинг!
Ва ниҳоят фил келар,
То тўйгунча йил келар,
Томошага кеп қолинг!

Томошабинлар филнинг жуда кўп овқат ейишини эшитиб, буни кўзлари билан кўришга қизиқиб қолишди. Аммо, зиёфат бошлангач, ўша улкан ҳайвон беҳад очофатлиги билан тахминан қандай вайронгарчиликлар келтириши мумкинлигини Мешполвон ўз иштаҳаси мисолида намойишлаб берди.

* * *

Сепкилшоҳ учинчи тўқнашувга икки юз нафар жангчисини ташлади. Бу ҳақдаги маълумот истеҳкомдагиларга қора папоқли аскарлардан илгарироқ етиб келганди.

Кеча қишлоқда томоша кўрсатиб қайтишгандан сўнг Мешполвон билан Ҳожихонажина Сепкилшоҳ қасрида бўлган гаплар хусусида анча суҳбатлашиб ўтиришди.

– Суюнчи бер, Мешполвон, – деб қолди бир пайт Ҳожихо¬н¬¬ажина. – Даданг билан онангни топдим.

Мешполвоннинг таажжубдан кўзлари олайиб, бениҳоят ҳаяжонланиб кетди, шошиб-тошиб суриштиришга тушди:

– Нима? Нима дединг? Ростданми? Қаерда кўрдинг уларни?

– Қасрдаги гаплардан бехабар қолмайин, деб зувиллаб бора¬ётувдим. Лавлаги кавлаётган қул-чўриларнинг қарғишига¬ям парво қилмай далани тўзитиб ўтаётганимда, қулоғимга «Мешпол¬вон» деган гап чалингандек бўлди.

– Ие! – деб бетоқат питирлади Мешполвон. – Қани-қани, уёғини гапир-чи.

– Қарасам, бир хотин билан бир эркак икки қўли ишдан бўшамай, ёнма-ён гаплашиб боришяпти. Тўхтаб, қулоқ солдим.

– Чўзмасанг-чи, ошна, нималар дейишди? Хўш?

– Улар сени очдан ўлиб кетмадимикан деб роса ташвиш тортишяпти. Ўзлари озиб-тўзиб, гандираклаб туришибди-ю, бошқанинг қорнини ўйлаганига тан бер. Билдимки, ота-онанг сени жуда яхши кўраркан.

– Буни қара-я. Раҳмат сенга! Кам бўлма!

– Қарироқ энанг ҳам борми?

– Ҳа, ҳа, энам бор. Қарилигиям тўғри. Хўш-хўш?

– Шу кампиргаям кўп ачинишди. Агар Мешполвон тирик бўлса, уни тўйдираман деб, қаҳатчиликда ўзини ўтдан-чўққа ураётгандир, дейишди.

– Бундан чиқди, энамниям соғинишибди.

– Кўзларинг дадангникига ўхшаб кетаркан.

– Ие, шунақа дегин? – деб қувонди Мешполвон, сўнг тутунсимон дўстининг пардай юмшоқ елкасидан қучиб, унга меҳрибон ишқаланди. – Раҳмат сенга, Ҳожихон. Кўнглимни анча тинчитдинг, энг кераклиси – дадажоним минан онажоним тирик экан, ярим армоним кетди. Уларни занжирдан бўшатсам, кейин менда армон қолмайди, ошна.

Ҳожихонажина нигоҳини ошнасига қадаб, унинг ғамгин кўзларидан мана шу сўзларни ўқиди:

Чидаш мумкин, жон ўртоқ,
Чўлда қақраса томоқ.
Қандай чидайсан бироқ,
Ота-онанг қийналса?
Чидаш мумкин, ошнажон,
Кун оралаб есанг нон.
Бўлар аммо дил вайрон,
Ота-онанг қийналса.
Чидаш мумкин, эй жўра,
Боғда тегмаса ғўра.
Хорсан ундан ҳам кўра,
Ота-онанг қийналса.
Чидаш мумкин, оғайни,
Етмай қолса ҳусайни.
Кул бўласан баайни,
Ота-онанг қийналса.
Чидаш мумкин, э дўстим,
Қўшнинг овқат еса жим.
Юрагинг оғрир «чим-чим»,
Ота-онанг қийналса.
Чидаш мумкин, биродар,
Қандинг олса биров гар.
Зиндон билан баробар,
Ота-онанг қийналса.

Ажриққа узала тушиб олган Мешполвон ота-онаси ҳақида узоқ-узоқ хаёл суриб ётмоқчи эди, ҳаддан зиёд чарчагани учун кўп ўтмай пишшо-пиш ухлаб қолди. Бу кеча ҳатто туш ҳам кўрмади...

Яна тонг ота бошлади. Истеҳкомдагилар барвақт уйғониб, жанг олдидан яхшилаб тамаддиланишди.

– Икки юзта аскар қачон оламни олибди? – деб чиранди Чумаквой. – Юзтасига мана ўзим бакор турай.

Райҳон қизиқ ҳам паст тушишни истамай: «Унда, қолган юзтаси менга чўт бўптими?» – деди.

– Айнан шуни ўйлаб турувдим, – дея қўмондонлиги тутиб тамтамланди Мешполвон. – Ошиқболани бунақа бачкана жанг¬ларга киритмайман.

Ерга офтоб қўниши билан, ялангликда икки юз нафар қора папоқли аскар пайдо бўлиб, таёққа ола байроқ илганича, ур-сур қилиб жангга кирди. Олдиларига бир уюм майда тош, қалам¬пирга қорилган лой соққани ғамлаб, темирчининг чўқморидай шай турган Райҳон қизиқ ва Чумаквой уларни истеҳком ортида кутиб олди. Ходалар уюмига мушукдек таталаб-тирмаша-ётган қора папоқлилар бирма-бир адабини еб йиқилгани сайин, иккаласининг завқи жўшиб, жангни ҳазил-мазахга айлантириб юборишди:

– Уятга қўйма, ошнам туппак.
– Чўзмам, ишни бажар михдек.
– Кўзга – шап-шап!
– Бурунга – пўк-пўк!
– Чап кўзларни ачитиб ургин.
– Бурунларни ёлчитиб ургин.
– Кўзга – шап-шап!
– Бурунга – пўк-пўк!
– Қалампирни сачрат қошга.
– Бурунга салом соққа тошдан.
– Кўзга – шап-шап!
– Бурунга – пўк-пўк!
– Кўзга – шап-шап!
– Бурунга – пўк-пўк!
– Кўзга – шап-шап!
– Бурунга – пўк-пўк!
– Шап!
– Пўк!
– Шап!
– Пўк!

Тўполон узоққа чўзилмади. Сепкилшоҳ ҳали тушликка ўтириб улгурмай, юборилган аскарларнинг юзтаси чап кўзидан, юзтаси бурнидан яраланиб қайтганини унга хабар қилишди. Шоҳ аламидан «дод» деб юборди. Уёқдан-буёққа потир-путир одимлаб, сардорларини «итбалиқлар» деб сўкишга, «ҳаромтомоқ» дея лашкарбошининг обрўсини тўкишга тушди. Кўринганга олапардек ҳуриб, токчадаги идишларни ерга уриб, жазаваланиб қолди.

* * *

Ҳар қачонгидек ўз вақтида уйғонган қуёш навбатдаги кунни бошлаб бергач, майдонда Сепкилшоҳ лашкарларининг учдан бир қисми саф тортди.

– Ҳе, афсус, ҳозир Гўрўғлибек бобомнинг қирқтагина йигити ёнимда бўлсайди, – деб ғижинди Ошиқбола.

– Энди бунисини мен билмайман, – деди Мешполвон. – Нима бўлгандаям, бугун навбат сеники. Ҳар хил баҳона ахтаравермасдан, жангда ўзингни кўрсатиб қўй.

– Ҳалиям куним сенга қолгани йўқ, – деб жириллади Ошиқбола. – Умуман олганда, ўзингдан-ўзинг нега буйруқ бериб юрибсан? Сени бизга ким қўмондон қилди?

Мешполвон ҳам бўш келмади:

– Онадан қўмондонлигимча туғилганман. Сенларнинг пешанангга аскарлик ёзилган, менсиз ҳамманг ҳаром ўласан. Эсингдами, Иблисжарда «бувижон»лаб ётганинг? Агар Ҳожихон ошнам ёрдамлашмаганда, кунингни кўрардинг?

– Ўргилдим ўша ажинангдан, – деди Ошиқбола. – Кечаси қасрдан қайтиб келиб, «ҳушёр туринглар, эртага катта уруш бўлади», деганича қаёққадир қочворди. Мана, ҳалиям қорасини кўрсатмаяпти...

Истеҳком ортидан келган овоз уларнинг ғиди-бидисига барҳам берди. Элчи эканини билдириш учун найзасига оқ латта боғлаб олган бир жангчи яқиндан туриб шартини айта бошлади:

– Ораларингда даҳшатли Мешполвон деган баҳодир бор экан. Зўр бўлса, майдонга чиқиб, биздаги Чўтир паҳлавон билан куч синашсин.

Аввалига Мешполвоннинг дами ичига тушиб кетди, қўйнида Чика билан Пукаси борлиги эсига келгандан кейин дафъатан дадил¬ланиб, ноз-фироқли жавоб қилди:

– Обрўйимга унча тўғри келмасаям, бу шартга розиман.

Шундан сўнг уёқдан кўкрак жуни пўстиндай, билаклари устундай, отбўйин-у филоёқ, ҳар панжаси бир таёқ бўлиб Чўтир паҳлавон чиқди, буёқдан Мешполвон ўқловни белга қистириб, истеҳкомни ошиб ўтди.

Улар майдон ўртасида юзма-юз келишгач, Чўтир паҳлавон хомсемиз рақибига парвосиз боқиб, бир сўз деди:

Зоти тоза тозилар
Урушмайди ит билан.
Наҳот хумор ёзилар
Олишиб сен бит билан?
Митир-митир юрасан,
Кошки қўлга илинсанг.
Ҳали додлаб берасан
Бирон жойинг шилинса.
Сен муносиб зўр ёв-у,
Тушдимми мен шу ҳолга?
Тупураман ўқлов-у,
Бошингдаги сополга.
Пўстакнамо шу тўнда
Қочмасингдан эмаклаб,
Опкелақол беш-ўнта
Ошнангниям етаклаб.
Айтай энди мазах гап
Туришингга яраша:
У кўзингга тешасоп,
Бу кўзингга тараша.

Бундан Мешполвоннинг жаҳли лунжида кўпиб, калишида ер тепиб, Чўтир паҳлавонга дағдаға билан жавоб қилди:

Тирикка гўр қазийверма,
Менга ҳадеб сасийверма,
Нима, сендан қарзим борми?
Йиқитмасдан лоф урмагин,
Мусофир деб ҳовлиқмагин,
Нима, сендан қарзим борми?
Ҳаммага бир келар даврон,
Сен қари, мен ёш паҳлавон,
Нима, сендан қарзим борми?
Ким бўпсанки, солсанг қовоқ,
Менга кулмай, ўзингга боқ,
Нима, сендан қарзим борми?
Индамасам, «битсан» дейсан,
Бир мушт урсанг, уч мушт ейсан,
Нима, сендан қарзим борми?
Мен ҳам айтай бир мазах сўз:
Оғзингга – муз, бурнингга – туз,
Нима, сендан қарзим борми?

Улар рақибини ўзига ўчакиштириш учун таомилига кўра бир-бирини масхаралаб бўлиб, беллашувга ҳозирланишди. Мешполвон қўйнидаги илонларини тирсагида туртиб: «Чика! Пука! Тайёр туринглар!» – деб шивирлаб қўйди. Сўнгра рақибига қараб: «Олдин сени синаб кўришим керак. Қани, елкангдан бир эзай-чи, агар тиззалаб қолмасанг, курашга яраганинг бўлади», деди.

– Менга деса, бўйнимга ҳайинчалак солиб уч, – деб тиржайди Чўтир паҳлавон.

Мешполвон оёқ кафтларини тиккайтириб интилганидан кейингина рақибининг елкасига зўрға бўйи етди. Енг ичидан ўрмалаб чиқ¬қан илонлар бири иккинчисининг думига чирмалиб, Чўтир паҳлавон¬нинг келидек йўғон бўйнига ўралишди, уни аямай бўға бошлашди. Чўтир паҳлавоннинг дами бўғзига тиқилди, зум ўтмай ўқ еган айиқдек гурсиллаб беҳуш йиқилди. Мешпол¬вон: «Ҳа-ҳайт!» деб қичқирганича уни босиб тушди. Илонлар тезда эгасининг қўйнига кириб олишди.

Эллик қадамча нарида саф тортиб турган қора папоқли аскарлар саросималаниб қолишган онда, истеҳкомдагилар Мешполвоннинг ғалабасидан қувониб, қий-чув билан ирғишлай кетишди.

– Энди бизниям шартимиз бор, – дея қора папоқлилар томонга қичқирди Мешполвон. – Қаҳратониядаги манаман деган очофат овқат ейишда мен минан баҳслашиб кўрсин.

Ҳамма жойда бўлганидек, бу мамлакатда ҳам ашаддий порахўр, ебтўймаслик билан донг таратган нозир бор эди. «Мана, пора», десангиз, қилични кўндаланг ютарди. Тезда бориб, уни топиб келишди. Ўртага ҳар бири бўйрадек иккита дастурхон ёйилиб, турфа неъматларга тўлдириб ташланди.

Лаби картмон, тиши кетмон, бақ-бақалоқ, шалпангқулоқ, бурни ит ғажиган чандирдай, оғзи тўйтандирдай, бағбақаси букланган, қорни алоҳида аравага юкланган нозирни суяб келишиб, зиёфатнинг рўпарасига ёнбошлатишди. Мешполвон нариги дастурхон қаршисига ўтирди.

– Марҳамат, хўжайин, порани олсинлар, – деб нозирга таъзим қилишди қора папоқлилар.

Нозир: «Ие, булар текинми ҳали? Майли, кўпчиликнинг талабини инобатга оламиз», деб ўз юртининг фуқаросига содиқлигини шундай изҳор қилди:

Ош пиширса ўтин қалаб,
Еб бергин, деб қилса талаб,
Туролмаймиз ерга қараб,
Халқ талабин бажарамиз.
Халқ – кўпчилик, халқ – ҳукмдор,
Биз шунчаки бир амалдор,
Деса ҳам: «Еб, тоғни қўпор!»
Халқ талабин бажарамиз.
Норин турар сепилиб мурч,
Бешбармоғ-у сутли гуруч,
Барин емоқ биз учун бурч,
Халқ талабин бажарамиз.
Кўпчиликка қарши бормоқ –
Билиб туриб бошни ёрмоқ,
Токи бизда соғдир томоқ,
Халқ талабин бажарамиз.

Икки тарафда ютиниб турганлар учун томоша бошланди. Нозир ўз одатига кўра, олдин суюқ овқатларни симириб, кейин қуйиғини кемиришга ўтди.

Мешполвон ишни майдалаб ўтирмади, тоғорадаги қатиққа шарбат-у қаймоқ, мураббо-ю саримсоқ, мастава-ю нонпалла, ялма-ю атала, шўркарам-у ҳолва, қалампир-у туппани аралаштириб, гўштни булаб ураверди. Тоғора бўшагач, энди унга шилпилдоғ-у қовурма, угра-ю дўлма, оқчо-ю бода, гўшткуйди-ю пар¬мўда, ширгурич-у шавла, мошкичири-ю мошхўрда, манпар-у бўғирсоқ, чучвара-ю қовурдоқни ағдариб, устига нон тўғраб еди. Аллақачон хиқичоқ тута бошлаган нозир зиёфатнинг тўртдан уч қисмини гумдон қилишга эришган дамда Мешполвоннинг дастурхони яп-яланг бўлди.

Буни кўриб, нозирнинг энсаси қотди, мўлтираб бурун тортди. Лекин бурни яна пиқиллаб, томоғи ҳиқиллаб, еган овқати жиғилдонига тизилиб, иштаҳаси бузилиб турса-да, тайёр поранинг бир қисмини қолдириб кетишга кўзи қиймай, матонат билан кавшанишда давом этди. Охири бир тишлам луқмани ютиш учун уч пиёла чой ичмаса бўлмайдиган ҳолга тушди.

Мешполвон унга тиламчидек қўл узатиб: «Жон тоға, сомсангиздан биттагина бери-и-нг», деб ялина бошлаганида, тенгсиз рақибга йўлиққанини англаб, ранги бўзариб кетди, «ке, олавер», деди чўчинқираб боқиб. Мешполвон бу гапни «истаганингча еявер» деган мазмунда тушунди, бир эшак ҳанграшичалик вақт ўтмай, иккинчи дастурхонни ҳам тозалаб қўйди.

Ҳеч нарса қолмагач, ҳатто, чойнакдаги шаманиям қоқиб еган Мешполвон оғзини чапиллатиб туриб: «Тоғагинам, шундай катта қулоқни нима қиласиз?» – деб сўраганида, нозирнинг юраги баттардан пўкиллади, «буям одамга бир ҳусн-да», дея мунғайиб жавоб қайтарди.

– Эркак киши чиройли бўлди нима-ю, бўлмади нима? – деди Мешполвон. – Келинг энди, шу қулоқдан биттасини еб кўрайлик.

Шу асно қулоққа қадалиб тикилганича, кўнгилнинг қулфини очди:

Соч тагидан жалпангланиб,
Чалпакнамо ялпангланиб,
Кўз куйдирар шалпангланиб,
Шу қулоқни егим келди.
Шакаробга булаб сомса,
Шўрва ичдим ўн тўрт коса,
Энди нафсим ўртаб роса,
Шу қулоқни егим келди.
Ширмон турса сават-сават,
Уравердим қават-қават,
Мана, охир етиб навбат,
Шу қулоқни егим келди.
Тўрт юзта хом тухум ютдим,
Дошқозондан палов кутдим,
Барининг баҳридан ўтдим,
Шу қулоқни егим келди.
Эллик пақир ичдим айрон,
Бутун қўйни қилдим вайрон,
Бир кўрдим-у бўлдим ҳайрон,
Шу қулоқни егим келди.
Қуриб кетсин печак қанди,
Жонга тегди кўкатманти,
Чўзинг энди бўлиб танти,
Шу қулоқни егим келди.

Бу гапдан кейин нозирнинг кўзлари қинидан чиққудек бўлиб: «Э, ҳазилингни қўйсанг-чи, ўзи юрагим касал, бирон кор-ҳол бўлса, товонимни тўлаб юрмагин», деб қарши жавоб қилди:

Биламан сен филтомоқни,
Ейсан аввал бир қулоқни,
Сўрайсан сўнг қўл-оёқни,
Ҳазил қилма, юрак чатоқ.
Текинга еб шунча овқат,
Топмадингми зарра роҳат?
Менга етказма жароҳат,
Ҳазил қилма, юрак чатоқ.
Тўй бўларми тўй улоқсиз?
Тоғ бўларми тоғ булоқсиз?
Қандай яшай мен қулоқсиз?
Ҳазил қилма, юрак чатоқ.
Бошингдаги сопол идиш
Тўлгунича берай кумуш,
Буюргин-у бошқа юмуш,
Ҳазил қилма, юрак чатоқ.
Мен ўзимга ясаб қафас,
Аждар билан бойлабман баҳс,
Қулоғимга тегма, баднафс,
Ҳазил қилма, юрак чатоқ.

Ўзининг вахшийлигига ишона бошлаган Мешполвоннинг баттар тихирлиги қўзиб: «Қулоқни яхшиликча бер деяпман!» – дея нозирга давара қилди. Ўтакаси ёрилаёзган нозир: «Вой дод, мени ҳўл балодан қутқаринглар», деб эчкиэмардек судралганича қоча бошлади.

– Тўхта! – деб бақирди Мешполвон. – Барибир қулоғингни ейман!

Қорни гавдасига беш баравар келадиган нозир кейинги ўн йил ичида биринчи марта ёрдамчиларсиз ўрнидан туриб, ўз оёғи билан югуришга киришди. Қора папоқлилар энди бутунлай ваҳимага тушиб, лашкар орасида ғала-ғовур кўтарилди. Бу парокандаликдан вақтида фойдаланиб қолишга тиришган Ошиқбола шерикларини дар¬ҳол жангга етаклади.

Паҳлавонни беҳуш қилди Мешполвон,
Очофатни нохуш қилди Мешполвон,
Душманларни хомуш қилди Мешполвон,
Гаранг ёвни тирқиратиб ур энди,
Гўрўғлига жондош Ошиқболасан,
Равшанбекка тандош Ошиқболасан,
Камбағалга ёндош Ошиқболасан,
Қиличингни йирқиратиб ур энди.
Райҳон қизиқ, тўрт лочиннинг бири бўл,
Дўст суянган тоғ бўлмасанг, қири бўл,
Дунёдаги чўзмабозлар пири бўл,
Ёв бурнини зирқиратиб ур энди.
Чумакполвон, жангда ўзни шўх қилгин,
Мард лўлининг жаҳлига хос дўқ қилгин,
Туппагингга аччиқ-аччиқ ўқ қилгин,
Кўзга пуфлаб, чирқиратиб ур энди.

Қора папоқлилар то ўзини ўнглаб улгургунча, майдоннинг бир томони ярадорга тўлиб кетди. Ошиқбола Гўрўғлизодага лойиқ иш қилиб, қилични ялтироқ ниш қилиб, Ғиротни довулдек кишнатиб, ғанимларни тепиб-тишлатиб, ўртага ёриб кирди. Райҳон қизиқ билан Чумаквой эса чўзма-ю туппакдан тинимсиз ўқ ёғдириб, душманнинг эсини оғдириб, қиличини қинидан суғуролмай гангсиб юрганларни битта-битта қулатишаверди.

Оқсоқ хачирини жилпанглатиб, гарчи ҳозир ҳеч ким товушини эшитмаётган бўлса-да, жонкуярлик билан: «Ҳов, Ошиқбола, қилични қулочкашлаб ур!.. Кўз очирма, Чумаквой!.. Чўзма тўхтатмай ишлатилсин, бурунлар пачоқлаб ташлан¬син!» – дея шерикларига ақл ўргатиб юрган Мешполвон хумордан чиқиб жанг қилолмади. Табиийки, унинг олдига яқинлашишга биронта душманнинг юраги бетламаётган эди.

Аммо, сал фурсат ўтгач, кўп барибир кўплигини билдирди. Аста-секин эс-ҳушини йиғиб олган қора папоқлилар тўрттала жангарини уч томондан қисиб, тобора орқага суриб боришаверди. Сал вақтдан кейин уларни батамом ўраб олиб, янчиб ташлашлари турган гап эди.

Бир пайт орқа тарафдан «жов-жув» қичқириқлар эшитилди. Мешполвон мундоқ қараса, чекина-чекина Қизқўрғонга яқин келиб қолишибди, девор устига каптардек терилиб олган қизлар қий-чув билан уларни чорлаб туришибди.

Бу орада қўрғоннинг дарвозаси очилди.

– Аскарларим! Ботирларим! – дея шерикларига ҳайқирди Мешполвон. – Қўрғонга қочиб кирилсин! Дарров менга эргашилсин!

Бу сафар унинг товуши барча шерикларининг қулоғига етиб борди, буйруққа ҳаммаси сўзсиз итоат этди.

Олма едим бақалоғидан,
Гилос едим чақалоғидан,
Анжир едим япалоғидан,
Боғбон буванинг шапалоғидан...

Ногирон хачирни житранглатиб бораётган қўмондон машҳур қўшиғини бор овозда куйлаганича, ўз лашкарини қўрғон сари эргаштириб кетди.

Ошиқбола отни Қизқўрғон ёққа елдириб бораётиб, «бу тузоқ эмасмикан», деб ўйлади. Девордаги қизлар орасида Ойтумор ҳам турганини кўриб, дилидаги шубҳаси тарқалди.

Улар ичкарига киришлари биланоқ, қизлар дарҳол дарвозани беркитиб, ёғоч тамбаларни тиркашди.

Суриштириб билишса, дугоналарини Ойтумор йўлга солган экан. Улар аввалига бекач хотинни тутиб, қўл-оёғини чан¬дишибди. Кейин Қизқўрғонни қўриқлаш топширилган соқчиларни бекач¬нинг ҳузурига битта-битта чақирган бўлишиб, бир бошдан шолчага ўраб боғлашаверибди.

* * *

Ойтумор шолчалардан бирига ўралган арқонни ечиб, «соқчибоши мана шу», дея, бўғриқиб кетган биққи йигитни кўрсатди.

– Мен аскарликка ёлланган қулман, – дея тўрттала ўч¬корга жовдираб боқди соқчибоши. – Шерикларим ҳам шунақа. Бизни ўлдирманглар, Сепкилшоҳни биргалашиб қийратамиз.

Хонада қаторлашиб турган шолчалар ичидан соқовча бўғиқ товушлар таралди. Чамаси, шериклари соқчибошининг гапини маъқуллаётган эдилар.

Қора папоқлилар Қизқўрғоннинг дарвозасини ҳануз «гупир-гупир» уриб, камон ўқлари тепадан визиллаб ўтиб тургани учун вақт жуда зиқ эди. Мешполвон гапни чувалаб ўтирмай, қизлардан бешта нон сўраб олиб, соқчибошининг тумшуғига қадади. «Ёруғ оламда тенги йўқ даҳшатли Мешполвонга ҳалол аскар бўлишга қасам ич!» – дея уни қўрқитишга тушди:

Бузсанг агар сўзингни,
Қуш чўқисин кўзингни,
Эшак тепсин ўзингни,
Шундай хавфли қасам ич!
Қайтар бўлсанг ваъдадан,
Буқа сузсин подада,
Йиқилиб туш ходадан,
Шундай хавфли қасам ич!
Пок тутмасанг лабзингни,
Очлик қийнаб нафсингни,
Қуён есин сабзингни,
Шундай хавфли қасам ич!
Бир кун тонсанг бу гапдан,
Доим уйғонгин чапдан,
Домланг урсин мактабда,
Шундай хавфли қасам ич!
Онтга амал қилмасанг,
Эркакликни билмасанг,
Чаён чақсин, ўлмасанг,
Шундай хавфли қасам ич!

Соқчибоши нон дастасини қўли титраганича тутамлаб, уч марта пешанаси билан лабига босди, «даҳшатли Мешполвонга хиёнат қилсам, мени нон урсин, кўр бўлай», деди.

Очлиги кўзидан сезилиб турган соқчибоши қасамни тугатган заҳоти Мешполвон нонларни ундан юлиб олди, шолчалар ичидаги бошқа бандиларга ишора қилиб: «Буларгаям ишонса бўладими?» – деб сўради.

– Мен борман, қилт этишмайди, – дея гапни чўрт кесди соқчибоши.

– Биронтаси алдайдиган бўлса, очиқ гап шуки, камида мохов бўлади, – деб огоҳлантирди Мешполвон.

Шолчалар ичидан энди, «ум-м, ғум-м», деган қасам¬ёдлар эшитилди.

Мешполвон бешала нонни йўл-йўлакай кавшаб, шериклари ва фидойи соқчилар билан қўрғон деворига чиқиб борди. Камон¬ларининг ўқи тугагани боис пастда беиш уймаланиб юрган қора папоқли аскарлар, уларга ёрдам бериш учун нарвон кўтариб келаётган кўмакчилар галаси кўринди.

Нарвонлар деворга тиралгач, қора папоқли аскарлар бир-бирининг кетини чўқиб, қумурсқалардек шеригини олдинга нуқиб, юқорига кўтарила бошлашди. Мешполвонга аскарликка ўтган соқчилар ғўдаша-ғўдаша йигитлар эди, улар йигирма-ўттиз киши тирмашиб турган нарвонни найза билан бир итаришдаёқ, ағанатиб юбо¬ришаверди.

Аммо, душман аскарларининг чек-адоғи, нарвонларнинг сон-саноғи йўқ эди. Биттани йиқитишса, иккитаси бош кўтариб чиқарди. Жанг қизигандан қизиб кетди. Мудофаачилар чарчай бошлаган паллада, қизлар ҳам «тўхта-тўхта»га қарамай девор устига чиқиб келишиб, ҳар хил идишлардаги қайноқ сувларни душман устидан сочишга тутинишди.

Соқчилардан бири ярадор бўлганидан фойдаланган иккита қора папоқли аскар қўрғон деворига эндигина оёқ қўйган маҳалда киртоғора кўтарган қизга дучор бўлишди. Қиз тўсатдан тоғорани селпиб, уларнинг афтига қайноқ сув сепди, аскарларнинг кийимидан оппоқ буғ кўтарилди, додлаганича ўзларини девордан ташлашди.

– Баракалла, сингилгинам! – деб қичқирди буни кузатиб турган Мешполвон. Сўнг қизларнинг теварагида ўралашиб, уларга далда бера кетди. – Қўрқманглар, қизлар, мен шу ердаман. Сизларга тирноғини теккизганни мижиғлаб қўяман, менга яқинроқ туриб уришинглар...

Бу орада Ойтумор учта дугонаси билан зайтун ёғи доғ қилинган далақозон ни кўтариб келишди. Ҳали тутуни босилмаган ёғнинг ярмини нарвондан чиқаётганлар бошидан, қолганини девор остига нарвон ўрнатаётганлар устидан сочишди, «жаз-жуз» овозлар эшитилиб, ҳаммаёқ чинқириққа тўлди.

– Раҳмат, қизлар! Кам бўлманглар! – деди Мешполвон.

Соқчибоши эса устидан тутун чиқарганича бўкириб қочаётганлар ортидан: «Ҳаммомга тез-тез кептуринглар!» – деб бақириб қўйди.

Кўп ўтмай қиз боёқишлар ҳолдан тойишди, такасалтанг ўсибмиз деб ўзларини койишди. Улардан бирининг қўлига камон ўқи санчилиб, «вой, онажоним-ей», деб чўккалаб қолди. Шериклари чуғурлашганича келиб, унинг ёнига тўпланишди.

Мана шу оғир дақиқада уфқни бирдан чанг-тўзон қоплади. Қизқўрғон деворидагилар ҳам, пастдагилар ҳам нима воқеа юз берганини фаҳмлаб улгурмай, Мешполвон ер-у кўкни зирқиратгудек бўлиб қичқирди:

– Ҳожихон ошнам келяпти! Шериклариниям бошлаб келяпти! Э, яшавор!

Ҳақиқатанам булар ўнлаб қуюнлар эди. Улар увлаб-гувлаб етиб келишиб, қора папоқлиларни алмак-жалмак айлантирганича ерга кўтариб ураверди. Қизқўрғон атрофини бирпасда тозалаб чиқишиб, энди тарқоқ галаларни таъқиб қилиша кетди.

Ҳамма шерикларидан баланд бўй чўзиб, ҳаммадан тез айланиб елаётган қуюн Ҳожихонажина эди, албатта. У одамлар наздида худди увиллоқ товуш чиқараётгандек туюлса-да, аслида жўшқин қўшиғини баралла айтиб жанг қилаётганди:

Айлан, қуюним, пилдир-пилдир,
Барглар учсин «шилдир-шилдир»,
Барглар шилдироқ,
Ўйна, пилдироқ!
Дўстлар кулсин, душман куюниб,
Ёвнинг кўзига қум соч, қуюним,
Барглар шилдироқ,
Ўйна, пилдироқ!
Босқинчилар текин ош ер,
Шағал жойда сендан тош ер,
Барглар шилдироқ,
Ўйна, пилдироқ!
Босқинчига увлаб боргин,
Момосини уйига қувлаб боргин,
Барглар шилдироқ,
Ўйна, пилдироқ!

Ҳожихонажина шерикларига ўрнак кўрсатиб, чарчоқ нимали¬гини билмай, жангни давом эттираверди. У, йўлига кўндаланг бўлганларни осмонга парракдек кўтариб, бехосдан ташлаб юборар, душманлар ерга «виқ» этиб тушиб, сулайиб қоларди.

Қизқўрғон ҳадемай қўлга киради деб четдаги дўнгликда севиниб турган Қаҳратония лашкарбошиси майдонда қандайдир сирли тўзонлар пайдо бўлгач, иш чаппасига кета бошлаганидан қаттиқ ташвишга тушди. Талвасада қолган аскарларнинг кўнглини кўтариш, энг муҳими – Сепкилшоҳга ўзини кўрсатиб қўйиш ниятида жанггоҳга қараб от солди. «Мана, ёнларингга етиб келдим, энди ишлар юришиб кетади. Мен умримда енгилмаган¬ман, енгилмайман. Ҳамманг орқамдан эргаш! Чангдан қўрқма, тентаклар! Қўрқоқларни дорга осаман!» – деб жангчилар¬ни Қизқўрғон сари бошлашга уринди. Бироқ, атрофига олтмиш-етмиш киши йиғилиб-йиғилмай, у ҳам қуюннинг қўлига тушди. Ҳожихонажина гув-гувлаб кулиб, уни отидан ошқовоқдек юлиб, ўзини ҳавода чирпиратиб, гулдор чакмонини байроқдек ҳилпиратиб, орқага сургилаб кетди.

– Бизни ташлаб қаёққа кетяпсиз, хўжайин? – деб қичқирди кимдир.

Шундан кейин теваракни шовқин-сурон қоплади:

– Лашкарбошимиз учиб юрибди, ҳаҳов!

– Қасрга қараб қочяпти хумпар!

– Катталар шунақа, доим ўзини ўйлайди.

– Бизга от етишмайди, хўжайинларга ҳатто варрак топилади.

– Ҳов, мижғовлар! Бош омонлигида қочвор энди!

Сепкилшоҳнинг яна омади кетди. Қанчадан-қанча ўлкани бўрондек пайпаслаб ўтган талончи лашкари бир ҳовуч иприндига бас келолмай, унинг кўзи олдида тум-тарақай бўлиб қоча бошлади.

* * *

Бу кунги ютуқ Мешполвоннинг қўмондонлик шуҳратини ўн чандон ошириб юборди. Жанг тугаган заҳотиёқ қизлар уни ўраб олишиб, жовур-жувур қилганларича, ғалаба билан қутлай кетишди.

– Бўлди энди, қизлар, мени хижолат қилманглар, – дея одатига кўра камтарона мақтанишни бошлади у. – Мен каллани ишлатиб, тўғри буйруқ бериб турдим, холос. Кўпроқ оғирлик аскарларимга тушди. Уларгаям раҳмат-паҳмат деб қўйинглар, бечоралар сал хурсанд бўлишсин, эртагаям яхшироқ жанг қилишсин.

Шериклари кийим-бошини, чўзма-тошини тартибга келтириб, ювиниб-тараниб, ўзига қараниб олгунича Мешполвон анча маҳал тилини вақиллатиб, қизларни лақиллатиб ўтирди.

– Жуда қизиқ бўлди-ку, – деб осмонга диққат билан тикилди у. – Қора папоқлилардан учтасини тепага отворган эдим. Иккитаси қайтиб тушди-ю, биттасидан ҳалиям дарак йўқ. Булутга илиниб қолдимикан?

– Ошиқболаям зўр уришди, – деди қизлардан бирови. – Бунақа қиличвоз дунёда битта, тўғрими?

– Тўғри! – деб керилди Мешполвон. – Бунақаси иккита бўлиши мумкинмас. Чунки, Ошиқболадан бошқа шогирд чиқар¬маганман.

Бу гапдан кейин унга устма-уст савол ёғилаверди.

– Вой, ҳали устози сизмисиз?

– Бўлмасам-чи, ие! Гўрўғли бобо уни тўғри Олтиариққа бошлаб бориб, шу болапақирни менга одам қилиб берасан, Мешполвон, деди. Аввалига кўнмадим. Бунга сабаб шуки, малла жодугарни юз кунлик олишувда енгиб келиб, жуда чарчаб турувдим. Шунда Гўрўғли бобо «ер юзида бор-йўғи иккита паҳлавон қолган бўлсаг-у, бир-биримизга меҳр-оқибат шуми», деб зарда қилди. Қарасам, қирқта йигити минан дунёни оладиган зот мендан хафа бўлиб кетадиган. Ноилож розилик бердим.

– Шунақа уста бўлсангиз, нега ўзингизда қилич йўқ?

– Қилич аскарларга берилади. Қўмондоннинг қуроли – ўқлов.

– Аскарларингиз бунчаям оз?

– Кам бўлишсаям, бари ўзимга ўхшаган устамон, ҳаммасини пишиқ қилиб чиқарганман. Масалан, Райҳон тоғаларингга чўзма отишни роса уч йил ўргатдим. Ўзи бир ландавур киши эди, карвонсаройнинг дарвозасини саккиз қадамдан зўрга урарди. Бир йилдан кейин тошни одамга теккизадиган бўлди, иккинчи йили калладан мўлжал олишни ўргатдим, учинчи йили бурунга соладиган даражага етди. Лекин, ҳалиям оз-моз хомлиги бор, ёнида аниқ-равшан буйруқ бериб турмасам, баъзан бурунни қулоқ билан адаштириб қўяди... Ҳа энди, Райҳон тоғаларинг ҳартугур эсли-ҳушли одам, ҳаммадан ҳам саёқ лўлини уста туппакчи қилганимга қойил денглар.

Қизлардан бири қитмирона боқиб сўради:

– Шундай юқори табақали одам нега чўлоқ эшакда юрибсиз?

– Кап-катта қиздан чиққан гапни қаранг! – деб аччиғ¬ланди Мешполвон. – Менга ўхшаганлар бор жойда сал ўйлаб гапириш керак. Бирламчидан, паскаш эшак қаёқда-ю, зотдор хачир қаёқда. Иккиламчидан, бу довюрак хачиримни Рустам-достоннинг саманигаям алмаштирмайман. Чунки, у қирқ бошли аждарҳо минан жанг қилаётганимда яраланган.

– Аждар думида туёғига ургандир-да?

– Бе, нималар деб алжираяпсизлар? Қочиб кетмасин деб аждарҳонинг думини билагимга ўраб олган бўлсам, қанақа қилиб туёққа ураркан? Аждарҳода етмиштагача бош бўлиши мумкин, лекин думи битталигича қолаверади. Соддалик ҳам эви билан-да, қизлар.

– Ҳа бўпти, нима бўлганини ўзингиз айтақолинг.

– Хулласи калом, қирқ бошли аждарҳо минан сурункасига етти ой-у етти кун ухламасдан жанг қилдим...

– Овқат-чи? Қорнингиз очмадими?

– Мен сизларга айтсам, баттол аждарҳонинг йигирмата боши тинимсиз сув сепса, қолгани ловуллатиб ўт пуркаб тураркан. Сочган сувидан денгиз пайдо бўлиб, сузиб юриб уришдим. Ўт пуркаган вақтда хачир иккаламиз сувга шўнғиб-шўнғиб турдик. Бир маҳал қарасам, тепадан ўтаётган паррандалар кабобга айланиб, денгизда қалашиб ётибди. Жанг ўртасида аждар¬ҳонинг кўзини шамғалат қилиб, гоҳ ўрдак, гоҳ лойхўракни шамширда илиб еявердим. Бундан ташқари, сувга шўнғи¬ганимда, баъзан оғзимга балиқлар тўғри келиб қоларди. Ниҳоят, еттинчи ойнинг еттинчи кунида аждарҳода иккитагина калла қолди. Энди ўт пуркашгаям, сув сепишгаям мадори етмай, типирчилаб бўкиришга тушди. Денгиз ҳам ўз-ўзидан сингиб кетди денг...

– Кейин-чи? Кейин нима бўлди? – деб жовиллашди қизлар.

Мешполвон хиёл қовоқ уйиб деди:

– Кейин ёмон бўлди. Ўттиз тўққизинчи калла билан олишаётганимда, қирқинчиси номардлик қилиб, хачиримнинг болдиридан кирт тишлаб олди. Мен унисини тинчитгунимча, хачирим бунисини аллақачон ғажиб ўлдирибди... Э, йўқ! Бунақа қаҳрамон ҳайвонни мингта қорабайиргаям алмаштирмайман.

– Энди ажиналардан гапириб беринг. Уларни қанақасига аскар қилволдингиз?

– Э, қўйсаларинг-чи, қизлар. Яна хижолат бўляпман.

– Келинг, энди, гапириб берақолинг. Жуда қизиқяпмиз.

– Ҳа, майли, гапларинг ерда қолмасин... Шу десангиз, буёққа келаётиб, пистак кампирга йўлиқдик. Бизни сеҳрлаб, чуқур жарга қамаб ташлади. Ўзимиз нима аҳволда-ю, кечқурун олдимизда уч кўзли чўчқа пайдо бўлиб: «Мана шу жардаги ажиналарга бошлиқман, яхшиликча мендан қўрқишларинг керак», деб хиралик қилаверди. У десам бўлмади, бу десам бўлмади, охири тумшуғига қаратиб тепвордим. Ана энди тўполондан сўранг: у тўсатдан эчкига айланди, шохини бигизлаб кўкрагимга сакради. Хайриятки эпчилман, уни ҳавода илиб олиб, чотимга қистирдим, диккайган думини уёққа эшдим, буёққа эшдим, роса қийнадим. Аввалига «ме-е, ме-е», деб бақирган бўлса, кейин одамзодга ўхшаб, «вой-ей, вой жоним-ей», дейишга тушди. Энди таъзирини егандир деб четга ирғитсам, «шув» этиб осмонга кўтарилди, туядек каттакон бургутнинг тусига кирди. Тиккалаб келиб бошимни чўқиб ўтди, қиялаб келиб бошимни чўқиб ўтди, индамасам, чапяни пачоқ қиладиган. Чапя синадиган бўлса, унда иш тамом, дунёда ялангбош юришдан чатоғи йўқ. Учинчи чўқиб ўтишида қоним қайнаб кетди, орқасидан қувиб чиқиб, кекирдагидан чангалладим...

– Ие, учишни биларкансиз-да? – деб сўради Ойтумор.

Мешполвоннинг кўзи ғилдираб дўриллади:

– Қанақа учиш?

– Бургутни қувиб чиқдим деяпсиз-ку.

– Ҳа, уми? Тўғри, ўшанда учганман!

– Тез-тез учиб турасизми?

– Йўқ. Камдан-кам учаман. Асосан ерда юраман.

– Ҳой, Ойтумор, ҳадеб гапни бўлавермагин, кейин нима бўлганини эшитайлик, – дея дугонасини тергашди қизлар.

– Кейин бургут иккаламиз гупира-гуп ерга ағанадик, – деб мардона қиёфада сўзини давом эттирди Мешполвон, – унинг ярим патини юлиб бўлган вақтимда, потирлаб қўлимдан чиқиб кетди. Шу заҳоти эшакка айланиб, шартта орқасини ўгирди. Ҳаммага маълумки, оламдаги энг хавфли ҳайвон – одамга тескари турган эшак. У бир шаталоқ отиб, жағимга тепди. Жағимдаги манави чандиқни кўряпсизларми, қизлар? Тирик қолганимга қойилмисиз?

– Ҳартугур, ўлмасангиз ҳам, ҳушдан кетгандирсиз?

– Йўқ, қизлар, калламга ўз вақтида тўғри топшириқ бериб, ҳушимни кеткизмадим. Белимдаги чилвирни олдим-у, учини сиртмоқ қилиб, бир отишда эшакнинг олдинги оёғини орқадагисига чирмадим. Бўйнига тош осиб қўйганимдан кейин қилт этолмай қолди. «Бугундан бошлаб қулингман, аскарларимниям сенга бердим, мени қўйвор», деб эланишга тушди.

– Шерикларингиз ёнингиздамиди?

– Ёнимда десам ҳам бўлаверади. Ҳарқалай, узоққа кетишмаган экан. Қарасам, Ошиқбола минан Райҳон тоғангиз теракнинг учида ўтиришибди. Уёқ-буёққа овоз қилганимдан кейин, Чумаквой юмронқозиқнинг инидан эмаклаб чиқди...

Даврага олдинига Ошиқбола, сал ўтгач, Чумаквой билан Райҳон қизиқ келиб қўшилди-ю, Мешполвоннинг саргузашт¬ларига бағишланган гурунгдан файз кетди. Қўмондон бирдан жиддийлашиб, «энди ғиди-бидисиз овқатланиб олайлик», деб фармон қилди...

Э, боласи тушмагурлар-а! Зап ғалати китобхонларга учрадим-да. Боя айтувдим-ку менга халақит бермай туринглар деб. Яна ўша аҳвол – мана энди: «Мешполвон олижаноб мақсад билан йўлга чиққан бўлса-ю, овқатхўрлигиям майли, лекин намунча ёлғонни кўп гапиради?» – деб сўраяпсиз.

Инсоф билан айтганда, очофатлик ҳам, тўқиб сўзлаш ҳам бўлмағур нарса. Айниқса, ёлғонни ҳамма ёмон кўради. Аммо, алдоқчиликнинг атрофдагилар учун хатарлиси бор, хатарсизи бор, баъзилари зарарли, баъзилари безарар. Шу нуқтайи назардан қараганда, Мешполвондан ортиқча ўпкалашимизнинг ҳожати йўқ деб ўйлайман. Қолаверса, ўзингиз юқорида айтганингиз-дек, унинг мақсади эзгу, юраги тоза. Айнан мана шу икки нарса Мешполвоннинг истарасини менгаям, сизгаям иссиқ кўрсатиб, камчиликларини хаспўшлаб турган бўлса, ажабмас...

* * *

Ҳожихонажина Сепкилшоҳ қасридан анча кеч қайтиб, кўрган-эшитганларини даврадагиларга кула-кула ҳикоя қилиб берди.

Унинг айтишига қараганда, эртанги жанг режаси уёқда қолиб, Сепкилшоҳ ва арбоблар лашкарбошини роса қисувга олишибди.
— Аскарларнинг кўзини лўқ қилиб, варракда қочганинг нимаси? – дея дарғазаб сўрабди Сепкилшоҳ.

– Нега қочарканман? Қочганим йўқ!

– Аха! Демак, шунчаки ялло қилиб учгансан. Бундан чиқдики, салтанатимизга азалдан душмансан, аскарларни атайлаб йўлдан ургансан.

– Варрак қани? Уни қаерга яширдинг? – дебди қопгудек бўлиб вазир.

– Қанақа варрак? Ҳеч қанақа варракни билмайман. Бошимни айлантирманглар.

Энди нозирлардан бири писмиқланиб гап қистирибди:

– Чунончи варракда учмаган эканлар, унда қанотларини кўрсатсалар бир табриклаб қўярдик.

– Подшоҳи аъзамдек олий зот ерда турганларида, лашкарбо¬шига осмонда бало борми? – дебди иккинчи нозир.

Бу гапдан кейин Сепкилшоҳ янада сергакланиб, жағи каптига йўргакланиб, масалани кўндалангига буриб юборибди:

– Хўш, қанақа жазо берамиз бунга?

– Қопга солиб, дарахтга илиб қўямиз, – дебди вазир.

Нозирлар ҳам ҳар хил таклифлар киритишибди:

– Тиригича ерга кўмиб, устига эшаколма экиш керак.

– Яхшиси, қорни пақиллаб ёрилгунча ювинди ичкизайлик.

– Менимча, калласини тандирга тиқиб, буёғини итларга талатган дуруст.

Сепкилшоҳ ўз арбобларининг гапини жим эшитиб бўлиб, кутил¬ма¬ганда уларга дағдаға қила кетибди:

– Биттангдаям инсоф йўқ экан! Нима бўлгандаям, лашкарбоши бизга кўп хизматлар қилди, баъзида жасорат-пасорат кўрсатди. Энг муҳими – ҳаммамизга улфат бўлиб, тез-тез зиёфат бериб турди. Энди уни кўпчиликнинг олдида шарманда қилиб жазолашимиз яхшими? Биронтангда одамгарчилик деган нарса қолмабди. – Шундан кейин у пича тундланиб тургач, меҳри¬бонона овозда ўз таклифини айтибди. – Келинглар, адашган дўстимизни шу ерда уриб ўлдирайлик.

Ҳаётда тез-тез учраб турадиган, айни дақиқада эса Сепкилшоҳ қасрида юз берган бу ҳолатни шундоқ изоҳлаш мумкин:

Дўстимизни хор қилмайлик,
Жаллодларга зор қилмайлик.
Кўнглимизни тор қилмайлик –
Тепкилайлик ўзимиз.
Дўсти борлар четда ўлмас,
Бегонадан жафо кўрмас.
Бундан ортиқ ёрдам бўлмас –
Тепкилайлик ўзимиз.
Тўпланишиб дўстлар бунда,
Топдик гуноҳ бор деб унда.
Асқотайлик оғир кунда –
Тепкилайлик ўзимиз.
Уринмайлик оқлаш учун,
Дўстни омон сақлаш учун.
Ўлигига йиғлаш учун –
Тепкилайлик ўзимиз.

Сепкилшоҳнинг таклифини эшитган вазир: «Оламга келиб, бундай инсонпарварликни кўрмаганман», дея масхараомуз лаб ҳимариб, аста енг шимариб, олатасирга шайланибди. Бошқа арбоблар ҳам ҳукмдорнинг карами беқиёслигига офаринлар айтишиб, лашкарбошини қуршовга ола бошлашибди.

Шунда лашкарбоши ўзини Сепкилшоҳнинг оёғига ташлаб, ялина кетибди:

– Мен сурбетни кечиринг, хоқоним, бундан буёғига сиздан берухсат учмайман. Шайтоннинг гапига кириб, бир юзсизлик қил¬дим. Мана кўрасиз, тўрттала ғалаёнчи эрталаб қўлингизда бўлади. Бир тўп аскарим икки кундан бери Қизқўр¬ғон томонга лаҳим кавлаяпти. Ернинг тагидан кириб бориб, ҳамма ғалаёнчини асирга оламиз. Бир қошиқ қонимдан кечинг, хоқоним!

Лашкарбошининг бу гапидан сўнг, Сепкилшоҳ анча шаштидан тушибди...

Мешполвон Ҳожихонажинанинг сўзини бўлиб: «Қанақа лаҳимни гапиряпсан?» – деб сўради.

– Лаҳим аллақачон тайёр бўлган, – деди Ҳожихонажина. – Душман ҳадемай тумшуғингнинг тагидан чиқиб келади.

Мешполвоннинг юраги ҳовлиқди:

– Қаердан кавлашибди?

– Ваҳима кўтарма, ошналарим қўриқлаб туришибди, – дея хотиржам жавоб қилди Ҳожихонажина. – Лаҳим қазишни чакалак¬дан бошлашган экан. Ошхонамизнинг орқасидан тешиб чиқишибди. Ҳаммасини кўриб келдим.

– Ҳай, энди нима қилдик? – деб атрофдагиларга кўз югуртди Чумаквой.

– Нима қилардик? – деди Райҳон қизиқ. – Бегона калла кўринсаёқ, сен кўзига чапиллатасан, мен бурнига пўкиллатаман.

Ҳожихонажина йўл-йўлакай ўзига-ўзи телбадек сўйлаб, ажабтовур бир ҳийла ўйлаб қўйган эди. Ҳозир шуни айтиб, ўртоқларига маслаҳат солди. Унинг фикри, қўмондоннинг айрим тузатишларидан кейин, маъқул деб топилди.

Бир пайт Мешполвон: «Ҳов, қизлар, қоғоз-қалам опкелинг¬лар», деб қолди. Қизлар айтилган нарсаларни келтиришгач, «буларни Ошиқболага беринглар», деди.

Тўрттала ўчкор ичида саводи пухтароғи Ошиқбола эди, шу боис у қоғоз-қаламни индамай қўлга олиб, қўмондоннинг оғзига тикилди.

– Ёз, ошнагинам, – деди Мешполвон. – Қаҳратонияни кир оёғида эзиб, қўни-қўшниларниям тинчини бузиб ётган ашаддий бўзахўр, туғма мараз Сепкилшоҳга юз ёққа донғи кетган даҳшатли Мешполвондан огоҳлантирувчи хат, деб сар¬лавҳа қўй. Ёздингми, ошна? Раҳмат сенга, кам бўлма.

Шундан сўнг у жаҳонгир қиёфасига кириб, дабдаба билан бидирлаб тураверди, котиби ҳиринглаб-ҳиринглаб ёзаверди:

«Эй, Сепкилшоҳ! Маразлигинг шундан иборатки, кўп одам¬нинг ризқини қийиб, оғзидагини илиб кетдинг. Сени даврингда итларга омон-омон бўлиб, одамлар занжирга бойланди. Ҳамма сендан хафа. Чеккароқда қўлга тушсанг, роса тепишса керак. Бу кунингдан ўлганинг яхши.

Лекин, очиқ айтганда, ҳалиям кечмас, тахтни яхшиликча бўшатиб қўй. Ўз ихтиёринг минан жўнасанг, биз ҳам орқангдан қувиб ўтирмаймиз. Аскарларнинг уволига қолма, барибир кунинг битди. Ўрнингда эслироқ одам бўлганда, исм-у шарифимни эшитган заҳоти мушукни миниб қочарди.

Хуллас, иззатингни борида гумдон бўл. Сенга мен минан аскарларим оқ йўл тилаб қоламиз».

Хат ёзиб бўлингач, бекач хотинни қамоқдан бўшатишиб, номани қўлига тутқазишди. «Қасрдан чиқиб, тўғри қиблага юрасан, борибоқ хатни Сепкилшоҳга берасан», деб қўйиб юборишди.

Шундан сўнг Мешполвон эртанги жанг олдидан тўйиб ухлаб олишсин деб соқчи ва қизларнинг ҳордиқ чиқаришига рухсат берди. Яна бироздан кейин ажиналарни соқчиликка қолдириб, тўрттала ўчкор ҳам ухлагани ётишди.

Одатда энг сергак одам ҳам ярим кеча билан саҳар мардон оралиғида қотиб ухлаб қолади. Лашкарбоши ўз режасини худди ана шу маҳалда амалга оширишни мўлжаллаган эди.

Унинг фикрича, бу ишга ажратилган аскарларнинг ярми лаҳимдан ўтиб бориб, ғафлатдаги мудофаачилар устига ёпирилиши, бу орада бир қисми қўрғон дарвозасини очиб юбориши лозим эди. Дарвоза ортида кутиб турганлар ичкарига босиб киргандан кейин ғалаёнчиларнинг асир тушишдан бошқа иложи қолмасди. Уйқусираб туриб, бундай жипс қуршовни ёришга уриниш ўлимга бориш деган гап эди.

Чакалакзордаги қора папоқлилар лаҳимга кира бошлагани ҳақида соқчи ажиналардан бири хабар келтиргач, Ҳожихонажина дарҳол тўрттала ўчкорни уйғотди. Улар пана жойларга писиб олишиб, чигирткалар ялласига қулоқ солишиб, тек ётишаверди.

Ниҳоят, шарпа эшитилиб, лаҳимдан қоп-қора папоқ, папоқ остидан икки жуфт кўз-қулоқ, ё бурун ё носқовоқ, мўйловга кўмилган оғиз, ҳиқилдоғ-у бўғиз балқиб, чалафаҳм бир калла атрофга олазарак жаланглади. Сўнг қўрқмай чиқаверинглар дегандек пастдагиларга имо қилди.

Ошхонанинг орқасидаги майдонча зум ўтмай аскарга тўлиб кетди.

Ҳаммаси йиғилиб бўлгандан кейин, ярми ётоқхона томон, ярми дарвоза сари юришга чоғланган ҳам эдики, Ҳожихонажина¬нинг арслон қиёфасига кириб олган гала-гала шериклари уларни тўрт тарафдан ўраб, кўзлари бир ботмондан гўшт сўраб, ириллаганича яқин келишаверди. Аскарлар чумчуқ бўлиб туғилмаганидан минг афсусланиб, тарашадек қотиб қолишди.

– Қимирлаганинг арслонга ем бўласан! – деб ҳайқирди Ошиқбола. – Қани, ҳамманг дарвозага қараб юр-чи.

Қора папоқлилар беданасимон питирлашиб, паст овозда ғудирлашиб, оёқлари чалишиб, бир-биридан юрак қарз олишиб, дарвоза ёққа одимлашди. Чумаквой Райҳон қизиққа юзланиб: «Вой аҳмоқлар! Буни кўрингки, тутунга ўхшаган арслонлардан қўрқишади», даб бандиларни эрмаклади.

Қора папоқлилар қўшқанот дарвозали баланд равотнинг олдига ҳайдаб келтирилгач, Ошиқбола уларга қараб деди:

– Бизга асирларнинг кераги йўқ. Ҳозир дарвозани очиб, ҳаммангизни қўйворамиз. Аммо, шу шарт биланки, энг орқада қолган беш киши тутиб олиниб, арслонларга берилади.

Бу гапдан кейин номи банди бўлса олдинги қаторга ўтишга ошиқиб, сафда жанжал бошланди:

– Ҳей, лайча, қаёққа суқуляпсан? Бўйингга қараб қаторда тур.

– Бу ерда бўй-мўй деган нарса кетмайди. Қоч деяпман, бўлмаса қўлингни тишлаб оламан.

– Ие, энди буниси келяпти-ку. Йўқол жойингга! Нима, жон битта сенга керакми?

– Ке, ошнажон, мениям ўткизвор. Майли, манави пулни олгин.

– Пулни нима қиламан? Пули кўпни арслон емай қўярканми?

Мешполвон бу вақтда равот тепасидаги супага гердайгани¬ча чиқиб бориб, биқинига қўл тиради. Қизқўрғон ташқарисида ҳак¬кадек ҳушёр турган қора папоқлилар тун қуюқ бўлгани учун уни яхши илғай олмай, юқорига синчиклаб тикилишди.

– Баттолларнинг ярми буёқда экан-ку, – дея равот супасини титратиб қичқирди Мешполвон. – Битта қўймасдан қириб ташлансин! Олға, аскарларим! Ҳаюв-в!!!

У шундай деб бақирган заҳоти, ичкаридагилар дарвозани очиб юборишди. Арслон чангалидан қочаётганлар қий-чув билан отилиб чиқиб, ташқаридаги шерикларининг устига ёпирилишди.

Қўрғон ташқарисидаги қора папоқлилар бир лаҳза эсанкираб туришди – душманда шунча аскар бор деб ўйлашмаган эди. «Душман» ана-манага қарамай яқинлашиб келавергач, апил-тапил қилич суғуриб, ниҳоят жангга ташланишди.

Зимистонда қий-пичоқ бошланди. Қиличларнинг жаранги-ю қалқонларнинг даранги ярадорлар оҳ-воҳига қўшилиб, ер-у кўкни ваҳима қоплади. Икки тараф бетўхтов олишиб, ёнидагининг исмини сўрамай солишиб, бир-бирининг қонини ялашиб, итдек талашиб, эрталабгача ёқалашишди. Тонг ёриша бошлаганда мундоқ қарашса, омон қолган беш-ўн киши ҳам, майдонда чўзилиб ётганлар ҳам ёппасига қора папоқлилар. Бизни тоза лақиллатишибди деб, сочларини юлгудек бўлишди.

Бу хабар кўп ўтмай, Сепкилшоҳнинг қулоғига етиб борди. Бекач хотин келтирган хатдаги ҳақоратомуз пўписалардан томирида қони шовуллаб, бадани пиликдек ловуллаб турган подшоҳ кейинги хабарни эшитиб, қаҳри қирқ газга сачради. Хатда ёзилганидан ташқари, Мешполвоннинг: «Пошшонгга уқтириб қўй, биронта тақачига шогирд тушиб, яхшиликча тирикчилик қилиб юраверсин», деб бекач хотиндан айтиб юборган гапи миясини қайта зинғиллатиб ўтгандек бўлди.

Бундан бир неча кун олдин зоти тайинсиз тўрт иприндига қарши икки юзта аскар юборишниям ўзига эп кўрмаганди. Энди эса бир нарсани тушуниб етди – ўша иприндилар билан бўлаётган олишувлар тож-тахт тақдирини жар ёқасига тобора яқинроқ судраётган эди.

* * *

Ҳаёт-мамот кураши эрталабданоқ қизиб кетди. Сепкилшоҳ борлиқ сувори-ю сарбози, камончи-ю найзабози, ясовул-у баковули, итбоқар-у қоровулигача қолдирмай майдонга ташлади.

Душман бу гал жуда катта куч билан ҳужумга ўтгач, кеча ҳавасга жанг қилиб юрган, учраганни қизиқчиликка кўтариб урган шоввоз қуюнлар ҳам беҳисоб қора папоқлилар қаршисида бирмунча ожизланиб қолишди. Энди Қизқўрғон атрофидан нари кетолмай, минг-минглаб чумолилардек деворга изма-из тирмашаётганларни юлқиб йиқитишга базўр яраб туришди.

Мешполвон ўқловини моҳир дуторчидек сатангланиб тутамлаганича қўрғон девори бўйлаб айланиб юрар, гоҳ шерикларига, гоҳ фидойи соқчиларга куюнчак қиёфада йўл-йўриқлар берар, унинг бу қилиғи негадир ҳеч кимнинг жиғига тегмас, аксинча, ҳамманинг кўнглини кўтараётгандек эди.

– Ҳов, Чумаквой, ўқни аяма! Қалампирни кўпроқ қўш!

– Яшанг, отагинам! Кам бўлманг! Бурун иккала кўзнинг ўртасида туриши эсдан чиқмасин.

– Бўш келманглар, соқчиларим! Найзани маҳкамроқ ушланглар. Қасамни бузган одам мохов бўлади.

– Вей, Ошиқбола, кўкрагингни очмасанг-чи! Қўлингдаги қалқонни нимага берганмиз? Ўлсанг, бобонгдан балога қоламан-а!

Мешполвон шу алфозда қилич ўрнига тилини қайраб, фолчининг тўтиқушидек сайраб, аскарларига далда бериб юраверди. Ора-сира, ўнг келиб қолганда, девордан эндигина бўй кўрсатган бирон-бир душманнинг калласига қаратиб ўқлов билан уриб ҳам турди. Тўполонда қай бирови Ҳожихонажина-ю, қайси бири унинг шериги эканини ажратолмай, дуч келган қуюнга: «Балли, Ҳожихон! Нариги шотиларниям шунақа қилиб эш. Ким деворга тирмашса, қулоғидан чўз», деб бақириб қўярди.

Қизқўрғонни макон этиб,
Деворини қалқон этиб,
Кулар, ёвни яксон этиб
Мешполвоннинг аскарлари.
Йиртқичлиги қўзиб яна,
Душман келар тўзиб яна,
Яйрар қулоқ чўзиб яна
Мешполвоннинг аскарлари.
Ёв хомаки режа тузар,
Деворлардан қопдек учар,
Қилич уриб рақс тушар
Мешполвоннинг аскарлари.
Ғанимлар оч кўппак бўлиб,
Келса қора телпак бўлиб,
Кўздан урар туппак бўлиб
Мешполвоннинг аскарлари.
Душман келар, тоқат қилмас,
Тинч яшашни одат қилмас,
Бурунларга шафқат қилмас
Мешполвоннинг аскарлари.
Кўпмиз деб ёв эркалайди,
Нарвонларин елкалайди,
Найза санчиб тилкалайди
Мешполвоннинг аскарлари.
Гоҳ осмонни ўраб увлар,
Нарвонларни бураб увлар,
Ёвни қордек кураб увлар
Мешполвоннинг аскарлари.
Янгратиб тўрт томонларни,
Куйлайди ҳур замонларни,
Ёмон кўрар ёмонларни
Мешполвоннинг аскарлари.
Байроқлари чидам бўлсин,
Халққа доим ҳамдам бўлсин,
Бахтимизга бардам бўлсин
Мешполвоннинг аскарлари.

Лашкарбоши Сепкилшоҳнинг кечаги ишончини оқлаш, лаҳимдаги бугунги шармандаликнинг доғини ювишни дилига тугиб қўйган эди. Лашкари аридек тўзиб, Қизқўрғондагиларни беҳад шоштираётганида, ўзини тутиб туролмади – Сепкилшоҳ дурбиндан кузатаётган жойни мўлжаллаб, тапира-тупир от елдирганича жанггоҳга кириб борди. Ҳар қачонгидек оғиз кўпиртириб: «Кўзингни оч, ошқовоқлар, бу ерда мен турибман», дея вағир-вуғурни авж олдирган эдики, Ҳожихонажина бу сафар ҳам уни эгардан узиб, осмони фалакка судраб кетди. Қўрғон атрофида учинчи марта айлантириб чиқаётганда, қора папоқлилардан бири: «Осмонга қаранглар, осмонга!» – деб бақирди.

– Ие, лашкарбошимиз тағин учибди-да?

– Оббо, ноинсоф-ей! Бизни ўлимга ташлаб, ўзи варракда ўйнаб юрибди.

– Булар пошшога эркатой. Кун туғсаям, шуларга туғади.

– Шунақа варракларни бизга беришса, қўрғонни осонгина олардик.

Ҳамманинг кўзи осмонга қадалган паллада Ҳожихонажина лашкарбошининг қизил шалварини пуфакдек шиширганича Қизқўр¬ғондан узоқлаштириб олиб қоча бошлади. Аскарлар беихтиёр унинг кетидан эргашиб, ёппасига чекинишга тушишди.

– Қайт, молфаҳмлар! Буёқда пишириб қўйибдими? – дея Сепкилшоҳ отда келиб уларнинг йўлини тўсди.

Қора папоқли аскарлар: «Бизда нима айб? Тартибга кўра, лашкарбошининг орқасидан кетяпмиз», деб жавоб қилишди.

– Лашкарбошингиз ҳаддан ошяпти, ҳазратим, – дея Сепкилшоҳга димоғида шипшитди нозирлардан бири.

– Қуртга тўйган қизилиштондек тепангизда безрайиб айланишини қаранг, – деди иккинчиси.

Вазирнинг гапи янада кескинроқ чиқди:

– Юзингизга оёқ қўйиб иккинчи марта учган экан, энди бу қасамхўр тиригича ерга тушмайди.

Сепкилшоҳнинг ғазабдан пешанасида қоши айланиб, кўзлари ғилайланиб, лаби тақа, лунжи бақа бўлганича, ҳавога лайлакланиб қўл чўзди:

– Амр-у фармон қиламиз! Ғурракпадар лашкарбоши мазкур сониядан иборат хомаки нишон ҳисоблансин. Уни уриб, оёғимиз тагига туширганга янги қумғон бергаймиз.

Шу топдаёқ юзлаб камон осмонга қаратилиб, қора папоқли аскарлар ўз лашкарбошисини бир зумда типратиконга айлантиришди.

Нарвончи-ю камончилар сал ўзларига келиб олгунларича, Сепкилшоҳ палаҳмонларни ишга солди.

– Ташвишланманглар, чиябўриларим, – деб аскарларининг юрагига ўт ташлашга уринди у. – Ҳозир қўрғон деворини бузиб бераман. Ичкарига сайилдагидек бемалол кириб борасизлар.

– Сепкилшоҳ ҳазратларига қуллуқ қилинглар, – дея аскарларга юзланди биринчи нозир. – Сизларга енгил бўлсин деб, қиммат¬баҳо палаҳмонларни қурдириб қўйдилар.

– Пошшомизда тиллолар кўп, – деди иккинчи нозир. – Мардонавор ўлганларни жаннатга киритворишгаям бемалол кучлари етади.

Вазир ҳам ўз навбатида: «Омадингизни синаб кўринг! Иши юришганлар бугуноқ жаннатга жўнаши мумкин», деб аскарларга табрик-тавалло билан мурожаат қилди.

...Сандиқдек-сандиқдек ҳарсанг тошлар гувиллаганича учиб келиб, қўрғон деворларига шикаст етказа бошлади. Ҳаммаёқни тўзон қоплаб, қай бири палаҳмонтош кўтарган чанг-у, қай бири қуюн эканини ажратиб бўлмай қолди. Нариги четга келиб теккан тош қўрғоннинг бу чеккасигача ларзанглатиб юборар, девор ҳадемай нозик шишадек чилпарчин бўлиши ҳеч гап эмасди.

Палаҳмонтошлардан бири деворнинг тепа қисмига урилиб майдаланган чоғда, муштдек бўлаги Мешполвоннинг бошига бориб тегди, чапя сопол тангачаларга айланиб, чор атрофга сочилди. Қўмондон шовуллаб қон отилаётган пешанасини чангаллаб, шалоп этиб ерга йиқилди.

– Эҳ-ҳай, жўролар! – дея томоғи йиртилгудай бўлиб қичқирди Чумаквой. – Мешпалвонимизни ўлдириб қўйдилар!

Тошлар ёғилаётганини ҳам бирдан унутиб, ҳамма ўша ёққа қаради. Пича донг қотиб туришгач, ярага рўмолча босаётган Чумаквойнинг ёнига Ошиқбола билан Райҳон қизиқ келиб қўшилди. Улар қўмондонни девор орқасидаги зинапоядан кўтариб тушишиб, мустаҳкам тошҳужра панасида ғуж бўлиб ўтирган қизларнинг олдига олиб боришди.

Мешполвоннинг ранги пахтадек оқариб, оёқ-қўллари шалвираб, бадани буткул совиб кетган, ундан тирикликнинг бирон-бир аломатини топиб бўлмасди.

– Ота-онасини кўролмасдан кетди шўрлик, – деб намланган кипригини артди Райҳон қизиқ.

Чумаквойнинг эса кўзидан ёш дарё бўлиб қуйилаётган эди. У, муштини ҳавода ўйнатиб: «Қора папоқли ана шу сакваччалар кунини кўради ҳали!» – деганича тиш қайради.

– Сизлар ташвиш тортманглар, – деди Ойтумор Ошиқболага боқиб. – Мешполвонга ўзимиз қараймиз. Манави дугонам¬нинг отаси табиб бўлган, ўзиям анча нарсани билади.

Тўшак-ёстиқ олиб чиқишиб, Мешполвонни унга авайлаб ётқизишди. Табиб қиз шу заҳотиёқ елиб-югуриб ишга киришди.

– Кетдик бўлмаса, – деб шерикларини яна девор томонга эргаштирди Ошиқбола. – Мешполвон учун қасос оламиз.

– Қасос оламиз! – дея баланд овозда такрорлашди Райҳон қизиқ билан Чумаквой.

Юқоридаги соқчиларнинг: «Қасос оламиз! Даҳшатли Мешполвоннинг ўчини оламиз!» – деган товушлари қўрғон девори бўйлаб зумда айланиб чиқди.

Палаҳмонтошлар улкан қораялоқлар галасидек учиб келиб ёғилаверди. Девор туя-туя қилинган қовун тиллиги шаклига кириб, айрим жойлари ярим-ёрти ўпирилиб тушди. Чумаквойнинг миясида, душман шу тариқа тош отаверса, пешинга қолмай дунёдаги тоғлардан биттаси йўқ бўлиб кетади деган шубҳа уйғонди. Аммо, қайсидир тоғнинг куни битмаган экан, кўп ўтмай палаҳмонларнинг шарақ-шуруғи тиниб, тошларнинг зувир-зувири ҳам, деворларнинг гумбир-гумбири ҳам эшитилмай қолди.

Бу ёввойи сукунат бир неча дақиқага чўзилди холос. Ҳавони қоплаб олган чанглар ҳали босилмай туриб, Сепкилшоҳнинг нарвончилари навбатдаги ҳужумга ташланишди.

Қизқўрғон қаттиқ шикастлангани учун мудофаа қилиш янаям оғирлашиб кетди. Ҳожихонажина деворнинг кўпроқ бузилган жойларига тўрт-бештадан қуюнни доимий биркитиб қўйган бўлса ҳам, қора папоқлилар ҳимоядагиларга айнан ўша ўприлмаларда кўпроқ қийинчилик туғдираётган эди.

Ўн чоғлик душман аскари қўрғоннинг ён тарафидан ёриб кириб, соқчилар билан девор устида жанг қила бошлади. Уларнинг мақсади деворнинг нураган еридан қўрғон ичига сакраб тушиб, дарвозани очиб юбориш эканини пайқаган қизлар яна тадбиркорлик кўрсатишди – душман кириб келмаслиги учун лаҳим атрофига баланд қилиб ёқилган гулханлар чўғини тоғора-ю челакларда ташиб келиб, нураган девор остига тўкишаверди.

Соқчиларни икки ёққа қисиб, шоша-пиша девордан сакраган қора папоқлилар бирин-кетин тизза бўйи чўғга йиқилиб, додлай деса нафаси тиқилиб, қайнатма шўрвадаги гўштдек ирғишлаб, аламдан ўзини-ўзи тишлаб, сал ўтмасдан таги куйган қозон¬кабобга ўхшаб қолишди.

Қизқўрғондагиларнинг ҳаёти қил учида турган мазкур вазиятда ҳам Ошиқболанинг кўнгли Ойтуморда эди. У, нарвондан кўтарилаётганларни кетма-кет қиличдан ўтказаркан, чўзмасини лағмонпазнинг хамиридек бетиним чўзғилаётган Райҳон қизиққа қараб қичқирди:

– Пастга тушинг,отахон! Қизларниям, Мешполвонниям қўрғондан олиб кетинг. Тайёр лаҳим турибди. Тезроқ боринг, соқчиларнинг ярми қирилиб бўлди!

Райҳон қизиқ чўзма отишни ҳануз тарк этмай: «Ҳов, бола, сен мени ким деб ўйлаяпсан», дея шанғиллай бошлаган эди, Ошиқбола: «Қизларнинг уволига қолманг! Кетинг деяп¬ман!» – деб бақириб берди. Райҳон қизиқ жаҳл билан бир депсиниб қўйиб, зинапоя тарафга юрди.

Жанг қизигандан қизиб, «урҳо-ур» авжга миниб бораётганди. Терга ботган соқчилар найзасини ялтиллатиб, Чумаквой кўзга шапиллатиб душманга қирон солар, ўқ ўтмас қуюнлар эса нарвон¬ларни бураб, қора папоқлиларни домига ўраб, майдонда сурон соларди.

Ошиқболанинг ҳам заҳмати ўзига етарли эди – бўзчининг моккисидек гиз-гизлаб, у нарвон олдидан бу нарвон олдига пиз-пизлаб, душманини гезартириб, қиличини қизартириб, шайтон¬дек жанг қилаётганди. Шу орада ҳалок бўлишига ҳам оз қолди – чап томондаги ғанимни чопиб улгурмай, ўнгдаги нарвондан чиққан ёв аскари қулочкашлаганича орқасидан найза ўқталди. Бироқ, аввал чарсиллаган, сўнг пўкиллаган овоз эшитилди-ю, найзабоз бурнини тутамлаб орқага ағдарилди, нарвондан кўтарилаётган шерикларига жонҳолатда тирмашиб, уч-тўрттасини ўзи билан бирга пастга тортқилаб кетди.

Ошиқбола Райҳон қизиқнинг ногаҳонда яна пайдо бўлганидан бир аччиқланса, гўё ҳеч кимдан ҳеч қанақа топшириқ олмагандек бемалол чўзма отаётганини кўриб, икки аччиқланди.

– Қизлар қочмаймиз деб оёқ тираб олишди, – деди Райҳон қизиқ чўзмасига тош солаётиб. – Ўлсак бирга ўламиз дейишяпти.

Ошиқбола олишувни давом эттираркан, аламнок лаб тишлади. Бошида: «На илож? Бирга ўлсак – бирга-да», деган ўй чақнаб, кўнгли дарз кетгандек бўлди.

Лекин, пастдан эшитила бошлаган ҳам ҳазин, ҳам жарангдор қўшиқ қайтадан унинг руҳини кўтарди, қўлидаги ойнусха қиличдан билагига дарё-дарё мадор оқиб кираётгандек бўлди.

Ойтумор эса куйлашда давом этарди:

Мард ўғил боғлаб белин,
Жонидек асраб элин,
Исфахон тутган қўлин
Душманга жаллод қилади.
Душмани ғолиб туриб,
Қуршаса ортга суриб,
Мард ўғил наъра уриб,
Номарди фарёд қилади.
Бўлса ким зоти тайин,
Тингламас ёвнинг райин,
Ёв чақа берган сайин
Хизматни безот қилади.
Ёқса ўч мард кинчини,
Ўйламай ўз тинчини,
Қийратиб босқинчини,
Эл-юртни озод қилади...

Ҳаёт билан ўлимнинг оралиғи бир қадамдек кўринаётган ушбу дақиқада тўрт тарафдан тартибсиз бостириб келаётган оломон галаси кўзга чалинди. Улар ғала-ғовур билан жангга кириб, қўлида нимаики бўлса ўшани ишга солиб, ёвни бийдалай кетишди.

Сепкилшоҳнинг борлиқ лашкар-у малайлари Қизқўрғонни забт этишга юборилгач, бошвоқсиз қолган қуллар ғалаён кўтариб, энди бир-бирини олға итариб, қўлга кирган нарсани ушлаб, қуроли йўқлари ёвни чапаничасига муштлаб, майдонга тобора тўлиб бораётган эди.

Тиш-тирноғигача қуролланган қора папоқлилар ўн минглаб жулдурвоқиларнинг таёғ-у паншахаларидан қўрқиб, ўнғай кўринган томонга тирқираб қоча бошлади.

Бу – Сепкилшоҳ устидан қозонилган узил-кесил ғалаба эди.

* * *

Ғалаёнчи қулларнинг бир қисми Қизқўрғонга кириб келиб, қаҳрамон мудофаачилар билан қучоқлаша кетдилар.

Ўлжа тушган қинсиз қилични чангаллаган новчагина киши панадаги қизларни кўриб, «нега бунақа ҳуркиб турибсизлар», дея уларга яқинлашди. Келгач, тўшакда чўзилиб ётган Мешполвонга кўзи тушиб, сесканиб кетди, дарҳол чўккалаб, унинг латта боғланган бошини аста тиззасига олди. Кейин: «Меш¬полвон! Кўзингни оч, ўғлим! Бу менман, дадангман!» – деб қичқирди, сўлғин бетига ёноғини босди. «Юзинг бунча совуқ, болам? Кўзингни оч!» – деди.

Ёв чиритган ўтлоқ учун,
Ёв қуритган булоқ учун,
Ёв иритган тупроқ учун
Кичик жонинг керакмиди?
Қонлар томган чўллар учун,
Қайирилган қўллар учун,
Тўсиқ тушган йўллар учун
Кичик жонинг керакмиди?
Хазон бўлган боғлар учун,
Қўпорилган тоғлар учун,
Юрак-бағри доғлар учун
Кичик жонинг керакмиди?
Синдирилган рубоб учун,
Куйдирилган китоб учун,
Зиндондаги хитоб учун
Кичик жонинг керакмиди?
Сўлиб битган гулшан учун,
Оёқдаги кишан учун,
Топталган ор-у шаън учун
Кичик жонинг керакмиди?
Синган қилич занги учун,
Мақбаралар ранги учун,
Орзу-армон жанги учун,
Кичик жонинг керакмиди?
Мозордаги сўқмоқ учун,
Зулматдаги чақмоқ учун,
Ёлғонларни ёқмоқ учун
Кичик жонинг керакмиди?
Лойқаланган дарё учун,
Тузга тўлган саҳро учун,
Таҳқирланган дунё учун
Кичик жонинг керакмиди?
Онанинг оқ сочи учун,
Отанинг хор кучи учун,
Гўдакларнинг ўчи учун
Кичик жонинг керакмиди?
Яхшиларга шафқат учун,
Ёмонларга нафрат учун,
Авлодларга ибрат учун
Кичик жонинг керакмиди?

Ҳамма донг қотиб турган бу сонияда Мешполвон лабини сезилар-сезилмас қимирлатиб қўйиб, хиёл кўзини очди.

– Ўғлим! Болажоним! Тирикмисан? – деб нидо қилди дадаси.

Мешполвон жавоб беришдан олдин бор кучини тўплаб, осмонга тупурди. Туприги бетига қайтиб тушгач, тириклигига ишончи ҳосил бўлиб, бемажол шивирлади:

– Дада... дадажоним...

– Кўзингни каттароқ оч, ўғлим!

– Қўрқманг... ўлмайман...

Шундай деди-ю, яна киприклари юмилди.

Дадаси: «Ўлмайсан, ўғилгинам, ўлмайсан. Сендақалар минг йилдаям ўлмайди», дея уни қаттиқроқ бағрига босди, совуқ пешанасидан ўпди, кўзларидан дувиллаб ёш қуйила бошлади.

Атрофдаги одамлар ҳануз жим эди. Қаердандир етиб келган митти қуюн эса, бир-бирининг пинжига кирганича миқ этмай турган ота-бола теграсида тинимсиз айланиб, она қушдек безовта чарх ураверди.

* * *

Қаҳратония ёвуз ҳукмдор зулмидан халос этилгач, Сепкилшоҳ тарафдорлари учун мотам, озодликка чиққан қуллар учун бир ҳафталик байрам бошланди. Одамлар ўша давр таомилига кўра: «Зоти тож-тахтни кўрган йигитсан, энди бизга бош бўл, Гўрўғли бобога ўзимиз элчи юбориб, сени тилаб оламиз», дейишиб, Ошиқболани шу ўлкага пошшо қилиб сайлашди. Райҳон қизиқ унга вазир, Қизқўрғондаги жангда мардлик кўрсатган соқчилар сардори лашкарбоши, Чумаквой хазинабон бўлди.

Ота-онаси ва табиб қиз қаровига топширилиб, қасрдаги хоналардан бирида даволаниб ётган Мешполвон бу юртда қолишга кўнмади. Атрофини ўраб ўтирган вафодор шерикларига бир-бир тикилиб чиқиб: «Йўқ, мен Олтиариқсиз туролмайман, Олтиариқ ҳам менсиз ҳувиллаб қолади», деди инқиллаб. Сўнг токчадаги эгизак илонларга овқат тутаётган хўппа семиз табиб қиз томонга қиялаб қўйгач, дадасига боқиб беҳол сўз қотди:

– Ачахон етим экан, униям олиб кетамиз. Тўғрими, дада?

– Бўлмаса-чи, ўғлим. Ачахон энди бизникига бориб яшайди.

– Раҳмат, дада. Кам бўлманг...

Мешполвон шу кеча қотиб ухлаб, кундузи дилига тугиб қўйган ўйларига мос туш кўриб чиқди.

Ошиқбола, Райҳон қизиқ, Чумаквойлар Мешполвонникида меҳмон бўлиб келиш учун тўғри Олтиариққа қараб йўл олишибди. Ёнларида Ҳожихонажина ҳам қуюнга айланганича пилдираб бораётганмиш. Мешполвоннинг оғзидан ҳануз ўша хиргойиси узилмасмиш:

Олма едим бақалоғидан,
Гилос едим чақалоғидан,
Анжир едим япалоғидан,
Боғбон буванинг шапалоғидан...

Кўп йўл юришиб, бир куни тунда Мутал-майнавознинг чорбоғига етиб боришибди. Дарвозани тақиллатишса, «ўзим тиламчидан баттар камбағал одамман, сизларни меҳмон қилолмайман, аканг айлангурлар», деб уларни ичкарига киритмабди. Сепкилшоҳ енгилгандан кейин қуллар озодликка чиқиб, Мутал-майнавоздан ерларни тортиб олишган экан. Роса калтак еган бу бой шундан сўнг яккамоховга айланиб, чорбоғининг дарвозасини ўн жойдан тамбалаб ётишга ўрганибди.

– Аҳмоқ! Очкўз! – деб аччиқланибди Чумаквой. – Аямасдан дарвозасини ағдариш керак.

Қаҳратонияга кетишаётганда Мутал-майнавоз уларни қандай мазахлаганини Райҳон қизиқдан эшитиб, Ҳожихонажина¬нинг ҳам жаҳли чиқибди.

Мешполвон кечаси билан тузиб чиққан режани эрталабдан амалга ошира бошлашибди. Атрофдан одамларни тўплаб келишиб, дўқ-пўписа билан дарвозани очдиришибди.

– Чорбоғни яхшиликча бўшатиб қўй, – дебди Меш¬полвон Мутал-майнавозга. – Бир вақтлар сотқинлик қилгансан, манави одамларни қийнагансан. Энди улар минан битта юртда яшашингга йўл қўймайман, жўнаб қол!

– Ўзимниям бу ерда тургим йўқ, – деб қўл қовуштир¬ганича илжайибди Мутал-майнавоз. – Кошкийди биронта серпул одам бобомдан қолган чорбоғимни сотиб олса. Шуни илинжида юрибман, аканг айлангурлар.

Ошиқбола: «Бу чорбоғ қанча туради ўзи?» деб сўраган экан, Мутал-майнавоз нархни юз минг тиллога чиқарибди.

– Майли, мана шу гувоҳларнинг олдида юз минг тиллони санаб берамиз, – дебди Мешполвон. – Қани, Чумаквой, қопни оч.

Гўё бир нима қистирган каби чап қўлтиғини шишириб турган Чумаквой, пинжидан нарса олаётгандек ҳаракат қилибди, хиёл эгилиб қопнинг оғзини очгандек қўлини олдинга ёйибди.

Мешполвон хачиридаги хуржунга сахийлик билан панжа суқиб, ҳовучини алланарсага тўлдирган тарзда суғурибди-да, донсепиш қилиб қўлини қопга силкишга тутинибди. Ҳар қўл силкитганда, қоп ичидан «жаранг-журунг» овозлар эшитилармиш. Бу овозни Ҳожихонажина чиқараётган экан.

Ошиқбола гувоҳларга қараб: «Жиринглашини эшитяпсизларми?» деб сўрабди. «Эшитяпмиз», дейишибди гувоҳлар. «Сен-чи?» – дея бойга ўқрайган экан, каловланиб турган Мутал-майнавоз, «эшитяпман, эшитяпман», дея таъзим қилибди.

Шу тариқа Мешполвон йўқ қопга қуруқ қўлини силкиб тураверибди, бой эса «жаранг-журунг»ларнинг кайфини сураверибди:

– Қирқ беш, қирқ олти, қирқ етти, қирқ саккиз...

Кун тушликка яқинлашибди ҳамки, саноқ давом этаверибди, хачирдаги бўш хуржундан гўё барака кетаверибди:

– Эллик уч минг бир юз, эллик уч минг бир юз бир, эллик уч минг бир юз икки, эллик уч минг бир юз саккиз...

Мутал-майнавоз бирдан потирлаб: «Э, йўқ, тўхтасинлар! Эллик уч минг бир юз иккидан кейин бирданига саккиз девордилар, бунақаси кетмайди», деб жириллабди.

– Ростданам адашдиммикан? – дебди Мешполвон.– «Икки»ни «етти»га алмаштириб қўйдиммикан? Ҳа, майли, кетса мендан кетсин...

Кун қиблага ўтгандан кейин саноқ юз мингга етгач, «қопни эгасига кўтартиринглар», деб буюрибди у.

Ошиқбола билан Чумаквой зил-замбил қопни ердан узаётган каби чираниб ҳаракат қилишибди, бойнинг курагига биттадан гупиллатиб мушт уришиб, юкни ортган бўлишибди. Кундузи одамларнинг кўзига кўринмайдиган Ҳожихонажина лип этиб унинг елкасига минибди.

– Оғир эмасми? – деб сўрабди Мешполвон.

– Йўқ-йўқ, сираям оғирмас, – дея пишиллаб жавоб қайтарибди Мутал-майнавоз, сўнгра бурни ер ҳайдагудек бўлиб, кучаниб қадам ташлаганича улардан узоқлаша бошлабди.

Одамлар уни хохолаб-хохолаб кузатиб қолишибди.

Ҳожихонажина кечқурун шерикларининг олдига қайтиб келиб: «Мутал-майнавозниям тап-тайёр қилдик», дебди.

Мутал-майнавозга бутун оғирлигини солиб олган Ҳожихонажина саҳрогача ялло қилиб боргач, бир сакраб унинг бўйнидан тушибди-ю, одатига кўра қуюнга айланибди. Бой бўлса: «О, тилложонларим! Қаёққа қочяпсизлар, аканг айлангурлар?» – деб бақирганича уни қувишга тушибди...

Ҳа, Мутал-майнавоз бойлик, айш-у ишрат, дабдабани деб ҳамма азиз нарсасини қурбон қилди: Сепкилшоҳга қарши чиққан икки укасини тутиб бериб, уларнинг мол-мулкини ўзиникига қўшиб олди, келин-у жиянларининг нафрат ва қарғишига учради; қайнатаси исёнчилар тарафида бўлгани учун хотинини болалари билан бирга ҳайдади; дўстларини, юртдошларини бирма-бир сотди, оламда бойлигидан бўлак қадрдони қолмади.

Энди эса унинг бир қоп кўринмас олтини – дунёдаги ягона илинжи қуюнга айланиб, саҳрода қочиб бормоқда.

Мутал-майнавоз ҳали узоқ яшайди, сочлари қордек оқариб, юзлари изтиробдан кўкариб кетади, раҳмдил одамлар тутган озиқни жимгина кавшаб, дунёни кезаверади. Кўзлари аланг-жаланг боқиб, кундузи ҳам чироқ ёқиб, бир қоп олтинини ахтаради, қуюн кўринди дегунча: «О, тилложонларим! Тўхтанглар!» – дея уни қувалашга киришади. Бутун умри қуюнни излаш, қуюнларни сизлаш билан ўтади...

Мешполвоннинг бири-биридан қувноқ дўстлари чақчақлаш¬ганича йўлда давом этишибди, ҳатто дашт-у чўлларниям кулдириб ўтишибди, охири Мингподага етишибди.

Чорраҳадаги гадой оловранг булутларга тикилганича ҳалиям ўша жойида ўтирганмиш. Фақат энди аввалгидай ғалати-ғалати гапларини гапирмас, гапирай деса тили, овқат еяй деса жиғилдони йўқ эмиш. Бурнини ҳам кимдир кесиб олганмиш. Буларнинг эвазига ташлаб кетилган бир уюм кўз, қулоқ, мия, юрак кабилар унинг олдида қаланиб ётган эмиш...

Биров қитиқлаётгандек туюлиб, Мешполвон уйғониб кетди. Қараса, эгизак илонлар унинг дўнгалак қорнига чиқиб олишиб, чалаўлик бир чигирткани талашганича жиққамушт бўлишяпти. Мешполвон: «Бу қанақаси, илон афандилар? Жиғилдоннинг гапига кириб, ака-укачиликниям йиғиштириб қўйибсизлар-да», деб бошларига биттадан шапиллатиб ургач, чигирткани иккаласига тенг тақсимлаб берди.

«Жумбоқни қаранг, – деб ўйлади у. – Булардан қайси бири Чика-ю, қайси бири Пука? Умуман, илонлар боласини қандай таниб оларкин?»

* * *

Қаҳратониядаги бир ҳафталик шодиёна Ошиқбола билан Ойтуморнинг тўйига уланиб кетди. Аллалар яллага айланиб, дорбозлар мукофот пойлаб, курашчи полвонлар белини бойлаб, ҳофизлар томоғини мойлаб, аёллар бичиқчининг уйини сўраб, эркаклар сартарошхонани ўраб, бузуқ деворлар тузатилиб, кўчалар безатилиб, ҳаммаёқ яна байрам тусига кирди.

Дадаси хийла дармон тўплаб улгурган Мешполвонни етаклаб тўйга олиб чиқадиган бўлди.

– Ачахон-чи? – деб сўради у.

– Сен даданг билан боравер, – деб кулди онаси. – Ачахон иккаламиз келин томонмиз.

Кейин онаси унинг малҳам суртиб боғланган бошини каллапўш устидан силаб, «меҳмонларнинг олдидаям бобиллаб мақтанавермагин, энди катта бўпқолдинг», деб бир насиҳат қилди:

Кимки айбин яшириб,
Ўз баҳосин ошириб,
Кўпиртирса тошириб,
Кулги бўлар ҳаммага.
Пичоқ шамширман деса,
Тўмтоқ ўткирман деса,
Қўрқоқ ботирман деса,
Кулги бўлар ҳаммага.
Қўр ўзин чўғ кўрсатиб,
Бор ўзин йўқ кўрсатиб,
Ланж ўзин шўх кўрсатиб,
Кулги бўлар ҳаммага.
Читтак зотим тарлон деб,
Уй шифти мен осмон деб,
Ношуд наслим чаққон деб,
Кулги бўлар ҳаммага.
Гулман деса тиконлар,
Шерман деса қуёнлар,
Зўрман деса нимжонлар,
Кулги бўлар ҳаммага.
Ким мақтаниб лоф урса,
Сўзни сўзга шопирса,
Ўйламасдан гапирса,
Кулги бўлар ҳаммага.

– Тўғрисини айтсам, гапни қаерда оширворганимни ўзим билмасдан қоламан, – деди Мешполвон, онасига кечирим сўраётгандек қараб.

Шунда дадаси ҳазиллашиб: «Ортиқча кўпиртирадиган бўлсанг, энди қаттиқроқ йўталиб қўяман», дея унинг елкасига қоқди.

Қаср билан боғ оралиғидаги каттакон майдонга гилам ва кўрпачалар тўшалиб, базмга мўл-кўл жой ҳозирланган экан. Ерлик камбағаллар-у ҳурликка чиққан қуллар аралаш-қуралаш бўлиб, бир ҳовлида ўсган оға-инилардек апоқ-чапоқ суҳбатлашиб ўтиришарди.

– Тўйдан кейиноқ уйга жўнайлик, дада, – дея йўл-йўлакай гап қистирди Мешполвон. – Энагинамни жуда кўргим келяпти.

– Ўзимни айтмайсанми, – деди дадаси. – Сомон янчишни шунақаям соғиндимки!

Қизқўрғонда яраланиб йиқилганда тиззаси ҳам қаттиқ шикастланган Мешполвон бигизли ўқловини ҳасса қилганича, оқсоқланиб даврага яқинлашди. Ҳамма ўрнидан туриб уни шов-шув билан қарши олгач, жойида ғоз тўхталиб, оломонга жилмайиб боқди. Бундай иззат-икромга жавобан бирон-бир маъруза айтмасдан тураверишни йирик одобсизлик ва кўрнамаклик деб тушунди.

Мабодо Мешполвон даврадаги минглаб одамлар орасида ўнлаб фозил-у донолар ҳам борлигини ҳисобга олиб, бу сафар ўзини босиқроқ тутишга уринса ёки шоирона жимжимадор сўз айтиб юборса, ҳеч қачон Мешполвон бўлолмасди. У, дадасининг пинжидан чиқиб, олифтанамо тарзда бир қўлини юқори кўтарди.

– Бунақа қилманглар-да, қадрдонлар, – дея ички мамнуният билан қош керди у. – Жуда хижолат бўляпман. Нима иш кўрсатибманки, ҳадеб таъзим қилаверсанглар. Сепкилшоҳни мажақлаган бўлсам, бу ишда аскарларимниям анча-мунча ҳиссаси бор. Иккиламчидан, мундоқ олиб қараганда, дев-у ялмоғизларни дабдала қилган мендек одамга битта пошшони енгиш иш бўптими? Сичқонни эздим нима-ю, бу нима...

Мешполвоннинг ҳаддан ошиб бораётганини сезган дадаси устма-уст томоқ қирди. Маъруза бир лаҳза бўлиниб, майдонга жимлик чўкди.

– Хуллас, мени ортиқча уялтирманглар, – деди Мешполвон дадасига зимдан назар ташлаб. – Маслаҳатим шуки, халоскор паҳлавонларга қуллуқ қилавергандан кўра, ўзларинг урушишни сал-пал ўрганиб олинглар. Сепкилшоҳга ўхшаганлар кўп, менга ўхшаганлар кам. Сизларни ҳар сафар қутқариб кетаверишга вақтимиз етмаслиги мумкин.

– Мешполвон тўғри айтяпти, – деб овоз қилди даврадаги¬лардан бири. – Биз ўзимиз ландавурмиз, хомкалламиз.

– Яшасин, довюрак Мешполвон! – деб қичқирди бошқа биров. – Паҳлавонимизнинг ботир аскарлариям қандини урсин!

Мешполвон қўлини қорнига босиб, оломонга илтифот билан бош қимирлатди.

– Раҳмат сизларга! Кам бўлманглар!

Сўнг: «Энди ҳаммамиз тирикчилик қиламиз», деб даврага қараб юрди, келиб Райҳон қизиқ билан Чумаквойнинг орасига суқулди. Дадаси қарши томондаги кўрпачага ўтиб ўтирди.

* * *

Бироздан кейин юзлаб дастурхонлар ёзилиб, гуруҳ-гуруҳ дастурхончилар ичкуёвдек товушсиз одимлаб, ноз-неъмат тарқата бошлашди. Мешполвон олдига нимаики қўйилса, ҳўл-қуруқ демай, пешма-пеш ураверди. Битта дастурхончи унинг ёнидан жилолмай, бўшаган идишни олиш, янгисини узатиш билан овора бўлиб қолди. Чумаквой билан Райҳон қизиқнинг лаби чимирилиб, нима дейишни билмай туришаверди.

Дадаси «эҳ-хи» деб йўталиб қўйгандан кейингина Мешполвон ўзига келиб, гўё шу маҳалгача одоб билан қўл қовуштириб ўтирган одамдек: «Каттароқларинг бошлаб берсанглар бўлармиди», дея атрофдагиларга сиполаниб боқди ва уларни дадил ҳаракат қилишга ундаб, бир сўз деди:

Сўлакда тил суғориб,
Мўйловларни ҳимариб,
Қўл чўзинг енг шимариб,
Тўйда бари текиндир.
Ош ейишни одатда
Бошлар бирон-бир катта,
Қолганига биз шатта,
Тўйда бари текиндир.
Эснар одамзод уйда,
Гаплашар кўча-кўйда,
Овқат еб қолинг тўйда,
Тўйда бари текиндир.
Билдиришар билмасанг,
Етаклашар келмасанг,
Едиришар емасанг,
Тўйда бари текиндир.
Чалиб карнай-болабон,
Келар саф-саф оломон,
Нима қўйсанг, таламон,
Тўйда бари текиндир.
Жангда керак манжақа ,
Ишда – ўроқ, паншаха,
Бунда – фақат иштаҳа,
Тўйда бари текиндир.
Тун сўрамас ой пули,
Гўр сўрамас жой пули,
Тўйчи олмас чой пули,
Тўйда бари текиндир.
Ҳаммомда бор жом ҳақи,
Ижарада – том ҳақи,
Йўқдир пишиқ-хом ҳақи –
Тўйда бари текиндир.
Бозорда ўз ҳолинг бор,
Ё пулинг, ё молинг бор,
Бунда «бер» йўқ, «олинг» бор,
Тўйда бари текиндир.
Овқат турса мунтазир,
Емаганлар – бетасир,
Бўлсангиз-чи сал абжир,
Тўйда бари текиндир.

Одамлар «олинг-олинг» билан дастурхонга бирин-сирин қўл уришди. Очлар хап-хаплаб, ўртачалар шап-шаплаб, тўқлар орада гап-гаплаб овқатланаверди. Семизлар чойга, ориқлар мойга кўпроқ қўл чўзиб, новчалар энкайиб, паканалар кеккайиб кавшанарди.

Мешполвон дадасига тез-тез кўз қирини ташлаб, ноиложликдан бошини қашлаб, бошвоқсиз Чумаквойга ҳавасда боқиб, истиҳола билан писта чақиб, шошилмасдан чайнаб ўтирди. Тўғри, бир марта дадасининг кўзини шамғалат қилиб, косадаги нишолдани апил-тапил симириб олди.

Қарши томонда ўтирганларнинг кўпчилиги Мешполвоннинг Қаҳратонияга қул қилиб келтирилган ҳамқишлоқлари эди. Дадасининг ёнига чўкка тушиб олган бодроқчи кишини у бир қарашдаёқ таниди.

Ўша бодроқчи суҳбат ўртасида Мешполвоннинг олдидаги ўқловга писанда қилиб, секин гап ўрмалатди:

– Менга қарагин, Мешполвон, уришгани найза яхшими, ўқловми?

– Қайси қурол эгасига ўнғай бўлса, ўша яхши.

– Буям тўғри. Аммо-лекин, найзани юз қадамга отса бўлади дейишади. Ўқлов узоққа бормас-ов.

Жанговар қуролига нисбатан бундай ҳурматсизлик Мешполвон¬¬нинг жиғига тегди.

– Юз қадамни гапирасиз-а, – деб куюнчакланди у. – Мен икки юз қадамдан носқовоқни урганман. Найза бошқа нарса, ўқлов бошқа нарса.

Ана энди Мешполвондан ўқловнинг мадҳини эшитинг:

Ўйнайманки дангал гаров,
Энасидан еса ўқлов,
Гапирворар ҳатто соқов,
Найза ўқлов бўлолмайди.
Чертилгандек тошпалаҳмон,
Биқинингга теккан замон,
Томоғингда ўйнайди жон,
Найза ўқлов бўлолмайди.
Белга ўқлов тушса, демак –
Босиб иссиқ ғишт ё кепак,
Қоқрим ичиб ётиш керак,
Найза ўқлов бўлолмайди.
Болдирингга тегса ногоҳ,
Толдан ясаб қўлтиқтаёқ,
Ҳаккалайсан урганча «оҳ»,
Найза ўқлов бўлолмайди.
Ўқлов зарбин ҳар ёндан кут,
Бошни буркаб, кетингни тут,
Йўқса кўздан чиқаргай ўт,
Найза ўқлов бўлолмайди.
Қочсанг ўхшаб пирпиракка,
Отса орқангдан куракка,
Айланасан ғилдиракка,
Найза ўқлов бўлолмайди.
Мешполвон сўз айтиб турар,
Доно йиғлаб, нодон кулар,
Ўқлов еган яхши билар –
Найза ўқлов бўлолмайди.

Эзма бодроқчи шунча таъриф-у тавсифни эшитиб ҳам, ўқловнинг куч-қудратига яна шак келтирди:

– Хафа бўлмагин-у, Мешполвон, ўқловни икки юз қадамга отиш барибир қийин. Тағин, носқовоқни урганман деяпсан...

Мешполвон кўпчиликнинг ичида ўсал бўлишни азалдан ёқтирмас эди. Бодроқчи шунча оломоннинг ўртасида уни ёлғончига чиқараётгани ҳаддан зиёд алам қилди.

– Менга ишонмаяпсизми ҳали? Кўрсатиб қўяйми?

Бениҳоят қизишиб кетганидан на умрида ўқловни узоққа отиб кўрмагани ёдига тушди, на дадасининг маънодор томоқ қирганини эшитди. Ўрнидан туриб, қадрдон қуролини гулзор томонга қулочкашлаб ирғитди, ўқлов ўттиз қадамча жойга етганда хиёл пастлади-ю, сўнг туйқусдан яна юқорилаб, шу куйи текис учиб бораверди, охири қаср деворидан ошиб ўтиб, кўздан йўқолди.

Бодроқчининг қоши бароқланиб, тили сангиллади. Бошқалар ҳам оғзи очилган асно туриб қолишди.

Ошнаси қуролини отгандан кейин шувиллаб борганича уни ҳавода илиб кетган Ҳожихонажина ўн чақиримча нарида қиялаб ёнга бурилди, ўқловни қасрнинг орқа томонидан айлантириб келиб, шиддат билан яна Мешполвонга яқинлаша бошлади.

Дунёдаги энг учқур қурол қарама-қарши ёқдан пайдо бўлиб, дастурхондаги бўш косани пачоқлаб тўхтаганини кўрган одамлар баттардан ҳайратга тушишди.

– Ие, таёғинг бошқа тарафдан келди-ку, – дея гўлайиб сўз қотди бодроқчи. – Ҳеч балога тушунмадим-ку.

– Нимасига тушунмайсиз? – деб ғўданглади Мешполвон. – Тўғрисини айтганда, ўқловим ерни бир айланиб чиқди.

Одамлар: «Во-о-ҳ!!!» – деб юборишди.

Гулзор четида оҳиста чирпираб юрган қуюнча ўқлов отилиши биланоқ кўринмай қолиб, энди яна пайдо бўлганидан гап нимадалигини аллақачон пайқаган дадаси Мешполвонга эшиттириб қаттиқ томоқ қирди. Атрофдагиларнинг қоп-қоп тасанносидан ҳаволаниб турган пўстакли паҳлавон тезда паст тушгиси келмай, дадасига димоғланиб деди:

– Ўрни келса-келмаса йўталаверманг-да, дадагинам. Зўрлигимни кўзингиз минан кўрдингиз-ку.

Дадаси ўзини кулгидан базўр тийиб, аста жағ силаётган дамда, овсар бодроқчи таажжубнамо гардан қашлаб: «Қизиқ! Ўқлов бир айланиб чиққан бўлса, ер япалоқ эмас экан-да», дея минғирлаб қўйди.

* * *

Қиз тўйининг кундузги қисми атрофдан келган таниш-билишларни кутиб олиш, жойлаштириш, зиёфат пишириш, қарияларга алоҳида ош бериш билан ўтиб, энг қизиқарлиси одатда кечқурун бошланади.

Тунги базмни эркаклар қасрда, аёллар Қизқўрғонда қилишди. Ҳамма жойдагидек иккита ҳовлида бўлмаган тўй тўйга ўхшармиди?

Ошиқбола билан Ойтуморнинг қариндош-уруғлари олислик қилиб, бу маросимга уларни айта олишмагани сабабли, Мешпол¬воннинг дадаси куёв томонга, онаси келин томонга мутасадди бўлди, меҳмонларни кўнгилдагидек кутиб-кузатиш, тўйнинг барча расм-русумларини ўрнига қўйиб бажаришни бошқариб туришди. Райҳон қизиқ мўътабар кексаларга тўн кийдириш, Чумаквой бу сарф-харажатларни ҳисоб-китоб қилиш билан банд эди.

Қасрдаги дилхушлик ярим кечагача чўзилгач, куёв¬навкарларнинг бир қисми Ошиқболани ўртага олиб, Қизқўрғонга жўнашди. Куй-қўшиқ, ўйин-кулгининг қуюғи энди келин томонга кўчди. Машшоғ-у ҳофизлар, ўйинчи-ю қайроқбоз¬лар, аския¬чи-ю қизиқчилар, кўзбахши-ю ёғочоёқлар бир-бирини баҳсга чорлаб, тунни тонгга улай бошлашди. Ошиқбола бу орада иккита жўраси билан гўшангага кириб, келинга узук тақиб чиқди. Оёқ остида ўралашаётган болаларни чалғитиш учун қадимий урф-одат бўйича уларнинг бошидан танга сочди.

Вақт алламаҳал бўлганда базм тугаб, куёвнавкарлар отларга минишди, қатор-қатор араваларнинг олдига ўтиб тизилишди. Эгачилар келинни етаклаб чиқиб, устига сўзаналар ёпилган сайвон аравага ўтқазишди. Яна бир неча аравага сепларни тугиб олган қиз-жувонлар жойлашишди. Арава-ю отлар карвон-карвон бўлиб, қаср сари йўлга чиқди.

Лўпчик ёқиб олган куёвнавкарларнинг алёри атрофдаги қишлоқларга таралиб, баъзилар томоша учун йўл ёқасига югура бошлади. Чапани ўспиринлар икки-уч жойда, гоҳ арқон тортиб, гоҳ хода ётқизиб йўлни тўсишди. Улар эгачи қиз-аёллардан қийиқ, кашта тикилган сочиқ, лоақал гажимдор рўмолча ундиргандан кейингина араваларни ўтказиб юборишарди.

Куёвнавкарлар қаср ёнига етиб келишиб, от ва лўпчикларни болаларнинг қўлига тутқазишди. Аравалар равотнинг рўпарасида тўхтади. Лўпчикли болалар уларнинг атрофига тизилиб, йўлни ёритиб туришди.

Ойтуморга эгачи бўлиб олган Ачахон талашиб-тортишиб Ошиқболадан ҳуснпули олгач, келинни араванинг қирғоғига келтириб ўтиргизди, куёв қаллиғини кўтариб ерга туширди.

Қий-чув товушларни кўмиб юбормоқчидай чирмандалар овози янгради. Сеп-зийнат кўтарган аёллар келин ва эгачиларни қуршаб ичкарига йўл олишди, куёвнавкарлар уларга эргашишди.

Мешполвон ҳасса таянганича куёвнавкарлар билан майдонга яқинлашиб келаётганда, четроқдаги бўш сўри ёнида ивирсиётган дайди кўппакни кўриб, юраги лака-лак тепди. Сўри четидаги товоқда турган пишириғлик сон гўштини у анча илгари кўз тагига олиб қўйганди. Бу удумга кўра куёвнинг яқин жўралари олдига бутунича қўйилган қўй гўштининг ортиб қолган бўлаги эди. Кўппак исканганича товоққа яқинлашаётганидан Мешполвоннинг баттар капалаги учиб, Райҳон қизиқ билан Чумаквойнинг биқинига туртди.

– Ҳой, кўз борми иккалангда?

– Нима гап?

– Тўй расво бўлди-ку. Анави кўппак гўштни ҳидлаб, ҳаром қиляпти.

– Ҳамма ваҳима шунгами, укавой? – деди Райҳон қизиқ. – Еганда нима?

– Калла жойидами? Дуч келган ит беш қадоқдан гўшт еб кетаверса, биз очдан ўлмаймизми?

– Ҳай энди, ҳазилнинг жойи бор, жўро, – деди Чумаквой.

– Ўзи иккаланггаям амал бермаслик керак эди, тезда айнибсанлар, – деб жаҳлланди Мешполвон. Сўнг туйқус бурни чўччайиб, дўқ урди. – Буюраман! Туппакни ишга сол!

Дарвештабиат қўмондон шу топда ҳазил қилмаётганини сезган Чумаквой зудлик билан қўйнидаги туппакни олди, уни шошилинч ўқлаб, бир пуфлашдаёқ аниқ нишонга урди. Кўппак ғингшиганича потирлаб қолди, чап кўзини мушукю¬виниш қилиб юмдалашга тушди.

– Баттар бўл, саквачча! – деди Чумаквой туппакни қўйнига солаётиб. – Ким бўпсанки, Мешпалвон сендан ортганини еса.

Аммо, итнинг жони чандир деб бежиз айтишмаган, у тезда ўзини ўнглаб, соғ кўзини яна гўштга олайтирди. Энди Райҳон қизиқ эгнида вазирлик либоси борлигиниям паққос эсдан чиқариб, чўзмасини чарсиллатди. Гўштга етай деб турган тумшуғи¬дан тош еган кўппак ангиллаб бир ирғишлади-ю, ўзини гулларнинг ичига урди. Мешполвон енгил нафас олди.

– Э, раҳмат-е! Қўлларинг дард кўрмасин-е!

Шу пайт тепадан қиқир-қиқир товуш эшитилгандек бўлди. Мешполвон юқорига қараб, майдон четидаги садалардан бирининг шохида ғуж бўлиб ўтирган тутинсимон болакайларни кўрди. Нигоҳида пилтасоч Ҳожихонажинани қидириб топгач, дили янада чарақлаб, лунжи ёйилди. Ҳожихонажина ҳам ҳар қачонгидек чиройли жилмайиб, қувноқ кўз қисди.

Бу орада қизлар келинни давра ўртасига бошлаб киришди, аламазон қилиб ёқилган гулхан теграсида айлантириб, «ёр-ёр»ни авжга чиқаришди. Тўйда куёвнинг туғишганлари йўқлиги боис келинсалом айтишга уларнинг тили бормаётган эди. Буни пайқаган Мешполвон ўзини тийиб туролмади. Дастурхондаги бўш баркашни олиб, уни «дангир-дунг, дангир-дунг» чалганича оқсаб-тўқсаб ўртага чиқди-да, овозининг жиловини бўшатиб куйлай кетди:

Нос чекишга берилган,
Кампирига керилган,
Салом-салом, келин салом,
Қайнатасига бир салом.
Сирини тўйда очайин,
Қозон-товоққа хўжайин,
Салом-салом, яна салом,
Қайнанасига бир салом.
Атрофдагилар ҳам қондошларнинг йўқлигини билдирмай, бири «э, қуллуғ-е», бошқаси «бой бўлсин келин», деб туришди. Болалар эса ҳар бир келинсаломдан кейин Чумаквой раҳбарлигида «ҳа-ҳейй», дея қийқириқ кўтаришарди...
Қиммат рўмол ўраган,
Сақични қарзга сўраган,
Салом-салом, келин салом,
Қайинсингилларга салом.
Иккала кўзи гўлайган,
Чумчуққа пичоқ дўлайган,
Салом-салом, яна салом,
Қайноғасига бир салом.

– Майли, ҳозирча ўзим қайноға бўптурай, – дея илжайиб қичқирди Райҳон қизиқ. – Поччам пичоқни чўзиб қўйсин .

Ўсмани чаплаб суришган,
Тилини қайраб туришган,
Салом-салом, келин салом,
Овсинларига бир салом.
Куёвга қўшилиб довдирар,
Қизларга кўзи жовдирар,
Салом-салом, яна салом,
Куёвнавкарларга салом.
Жойни тепадан талашган,
Оштовоқни ялашган,
Салом-салом, келин салом,
Меҳмонларга бир салом.
Кавакка қанд-қурс бекитган,
Эртакни эринмай эшитган,
Салом-салом, яна салом,
Болачоқларга кў-ў-п салом...
* * *

– Хўп, айт-чи, Хитой қаёқда?

– Кунчиқарда, Олтиариқ тарафда.

– Бе, чалкаштирвординг.

– Нега чалкаштирарканман? Ишонмасанг, ана, харитадан қараб кўр...

Оббо, жажжи китобхонларим-ей! Оббо, шумтакалар-ей! Жуда сезгир¬сиз-да. Гапим охир-оқибат ҳозирги кунга, замонавий мактабдаги синф¬дошлар суҳбатига бориб тақалганини дарров билиб олганингизни қаранг.

Лекин, кулманг, бу суҳбатни ичимдан тўқиганим йўқ. Айтишларича, самарқандлик болалар, ҳақиқатан ҳам, Хитой ер юзининг қай томонида жойлашганини Олтиариқ орқали осонгина чамалаб олишаверар экан. Буям бўлса, Мешполвоннинг довруғи зўрлигидан, кўпга суюклигидан. Кошки, эртами-кеч биронтамизга шунақа бахт насиб этса.

Келинг энди, гурунгимиз тугамай туриб, Мешполвоннинг энг севимли қўшиғини биргалашиб хиргойи қилайлик:

Олма едим бақалоғидан,
Гилос едим чақалоғидан,
Анжир едим япалоғидан,
Боғбон буванинг шапалоғидан...

Э, раҳмат! Кам бўлманглар! Қачонки бу ашулани ўзингизча куйлай бошласангиз, Мешполвонга қўшиб эртакчи акангизниям бир эслаб қўйинг...

1987–1988-йиллар, Тошкент