OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиМирзақанд найновнинг ҳасратлари (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм43KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мирзақанд найновнинг ҳасратлари (ҳажвия)
Анвар Обиджон

Гўлахликда

Хотинга ёлчимадим, ошна. Биласан, устимга шолча ёпинсам, беқасамдек ярашадиган суқсурпўрма йигитлардан эдим. Пандавоқилигимни қараки, келиб-келиб, ана шу пучданакка илашибман. У билан ўнта кўрпа йиртиб, биттаям бола кўрмадим. Ҳеч бўлмаса, қиз-пиз туғиб бергандаям, сен ғарибларга атаб каттакон бир ош дамлардимки, уни товоққа боссак, устидан ит сакраб ўтолмасди.

Буниси етмагандек, у падари қусурнинг жаҳли ўттиз қопу, нози қирқ лаган дегин. Ўтган пайшанбада итфеъллиги ниҳоят бошига етиб, эрим деса оғзи тўладиган мендек шоввозидан айрилиб қолди. Энди дардини дуторга айтиб ўтиргандир.

Ҳамма ғалва Эсон-эчкининг тўйидан бошланди. Арақ-винони шампаннинг устидан аралаш тортиб, пивани газак қилган эканман, бир пайт товонимдан иситма бошланиб, бошимдан ҳовур кўтарилди. Гандираклаб бориб, каллани биринчи учраган пақирга суқибман. Унга ортиб қолган қовурманинг сувини ағдаришган экан, бурнимга ёғ тиқилиб, мўйловим қулоққа ёпишиб қолди. Пақирдан бошни суғурганимни биламан, атрофдаги болалар додлаганларича тўрт тарафга тирқираб кетишди. Шунда маҳалланинг оқсоқоли ёнимга келиб, «маҳаллий ҳукумат номидан буюраман, тўйдан дарров қорангни ўчир», деди. Тўйда ҳукумат нима қилади, деб ёқасидан олгандим, бир-иккита бўйни йўғон ҳай-ҳайлаб орага суқилди. Бўлмаса, ўттиз икки тишини рўмолчасига тугиб берардим.

Уйга азонталаш етиб борибман. Равотга суянволиб, хотинни бўралаб чақираман дегин, қани энди у хумпарвачча товуш берса. Шайтоним қўзиб, оёқдаги кирзавой билан дарвозани футбол қилвордим. Агар гўрни шунақа тепаласанг, минг йиллик ўлик мозорни ташлаб қочади.

Хотиним шанғиллаганича келиб дарвозани очди-ю, афти-ангоримни кўриб, ўсма чапланган қоши валасапеднинг рўлига ўхшаб қолди. Товушимдан таниб, ўзига келгандан кейин, ачитиб бир гап айтган эди, мен саситиб сўкишга тушдим. Шунда у аламига чидолмай, етти пуштимни безовта қиладиган шилтароқ бир қочириқ қистирди. Ана энди аккаш енг шимарайин-у, сен томоша қил. Обжувознинг шоли янчишини кўрганмисан?

Ўша тўпалондаёқ хотинни тўққиз талоқ қилиб, шартта уйни ташлаб кетдим. Шу-шу, яримхаластўйман. Бахтимизга ота-бувамиздан қолган чойхоналар боракан, номардга муҳтож бўлмай, буқадек лорсиллаб юрибмиз.

Қани, менга айт-чи, бошлиғингдан юқорироқдаги хўжайинларгаям буйруқ берворадиган каттаконинг бир кунда неччи маҳал палов ейди? Пичоғим гаровдаки, ўшанинг ҳам кунига икки маҳалдан оширолмайди. Чойхонада қайнаган қозон борки, ундан бир коса чўтал оламиз. Менга ўхшаган экстраклас качигарлар магазинда елкалиг-у, бозорда таламон.

Яшаш дегани манавинақа бўпти, ошна. Сенам юрибсан-да хотинга калиш ахтариб. Ҳў, кўзингни оч, галварс, беш кунлик дунёда ойликка ишлаб нима қиласан? Сен нотавонгаям туманда бирорта чойхона топилиб қолар. Қўйворсанг-чи ўша бедаво хотинни.

Ҳап, Сеними, Сичқон

Илонпадар хотин билан орани очиқ қилганимдан кейин Мўсақўзининг чойхонасида гўлахликка ўрнашволиб, туппа-тузук яшаб юрувдим. Санстансия деган ножинс идоранинг инспектури ишнинг белига тепди. Дурустроқ ювинмагансан деб, мени бехос ишдан уриб ташлади-я.

Таъбимга тўғри келадиганроқ жойлардан иш суриштириб кўрдим. Сабзавот базасига борсам, ошқовоқ омборининг қоровуллиги бор, дейишди. Унақа жойда ишлаш итимга ор, мушугимга номус.

Охири туман ижроқўмидаги бир танишимнинг олдига бориб, аҳволни тушунтирдим... Танишинг ким дейсанми? Ўртоқ Ҳожиматов деган одам бор ижроқўмда... Ие, уни биласанми ҳали? Гапинг тўғри, ҳозирча қоровуллик қиляпти.

Хуллас, бориб аҳволни тушунтирдим. У десанг, хитойча пиёладаги чойни хўриллатиб, тумандаги ҳар хил идораларга бирма-бир телепўн қилишга тушди. Бу ёқда мен унга қараб, «олифтачилигингдан ўргилдим, гапингни икки пулга оладиган аҳмоқ ҳам бормикин», деб ичимдан тугиниб ўтирибман. Бир маҳал у турупкани «шақ» эткизиб жойига қўйди-ю, «қўл остимиздагилардан биттаси сени ишга оладиган бўлди», деб қолди.

– Эски ўзбек ҳаммомининг бир бўлагида сичқонларга қарши курашадиган идора очилган, – деди у. – Тўғри ўша жойга бориб, бошлиғига учрашасан.

Ҳаммомга бориб, сичқон ўлдирадиганларнинг бошлиғини суриштирдим. Тепасига «Хотинлар учун» деб ёзиб қўйилган эшикни кўрсатишди. Оёғим тортиб-тортмай ичкарига кирсам, башанг кийинган истарасиз одам тамакини буруқсатганича телевизўр кўриб ўтирибди. Салом берган эди, у худди ўртамизда божачилик бордек, менга ўқрайиб туриб: «Мирзақандмисан?» – деб сўради. «Ҳа, Мирзақандман», дедим. «Сен ариза ёз, мен қўл қўяман», деб қоғоз-қалам узатди.

Отамизнинг дуосини олганаканмиз, мана, бир юмаланиб, масъул ходим бўлиб қолдик... Бунақа илжайма, давлатнинг ишига аралашган одам борки, ҳаммаси масъул.

Янги касбнинг сирлариниям аллақачон липпага қистирдик. Қиладиган ишим – у идорага бориб, полнинг тешигидан дори юмалатаман, бу омборга бориб, кандикларни маргумушга тўлдираман. Ишқилиб, қўлимдаги қоғозга муҳр уриб беришса бўлди.

Бундан ташқари, баъзан тумандаги газета ёки радио орқали ташвиқот юргизиб, одамларни сичқонларга қарши қайраб турамиз. Байрамдан олдин «Халқ мулкини текин еб ётган кемирувчиларга ёппа қирон келтирайлик!» деган шиор ёздириб, марказий кўчага илиб қўйгандик, хўжайинлар уни дарров олдириб ташлашибди.

Уни қўй, буни қўй, қайси омборда нечта кандик борлигини ҳисоб-китоб қилиб чиқадиган тафтишчининг йўқлигига суюнаман. Тўққизта тешикка дори уриб, қоғозга тўқсонта деб ёзганингдаям, сен ҳақсан. Ҳар куни бир-икки ўрам маргумушни орттириб қоламан. Иккита хонадонга кириб, тўртта кавакка дори юмалатиб қўйсам, энг паскаши қўлимга бештакиликни тутқазади.

Уйингда сичқон-пичқон йўқми, ишқилиб? Ҳай-ҳай-ҳай, капгирдан бошқасини ғажиб бўлишди дегин? Тилингга куйдирги чиққанми, хумбош, шуни менга олдинроқ айтсанг, ўлармидинг? Агар ҳамёнингда шамол ўйнамаётган бўлса, магазиндан дарров битта «Зубровка» опчиқ-чи. Кейин сичқонларни менга қўйиб берасан!

Истеъфо

Аҳвол сўраб нима қиласан? Кўриб турибсан-ку аҳволни. Икки ҳафтадан бери аравани қуруққа чоптириб юрибман. Сичқон ўлдириш обрўйимга тўғри келмаслигини тушуниб, ўзим истеъфо бердим.

Гапимга ишонмаяпсан шекилли? Сабаби бўлмаса, тентак теракдан тушмайди, демоқчисан-да? Ростини айтсам, бир нарсадан машмаша чиқиб қолди-ю, шуни баҳона қилиб, шартта ишни йиғиштирдим.

Билсанг керак, пиллахонанинг орқасидаги кунгирадор уйда гўринг гуллагур Парпи партизонинг беваси туради. Садди хоним дейишади уни. Ўғли илмлироқ хотинга илакишиб, шаҳарда қопкетган.

Сичқонқирар идорага ишга кирганимдан икки ҳафтача кейин ана ўша бева мени туйқус кўчада тўсиб, ичкарига имлади. У ёқ-бу ёққа қараб қўйиб, орқасидан ҳовлига кирдим. Дардини суриштирсам, бечоранинг ертўласини сичқонлар чайқовбозор қилворишибди, дегин. Аямай, беш-ўн сўмлик маргумушни уриб ташладим.

Шу-шу, бир оёғим ўша хонадондан узилмай қолди. Мен маргумуш ёғдириб чарчамайман, митти ўғриваччалар жавон ғажишдан тийилмайди. Қандингни ур, деб қўяман сичқонларга. Садди хонимдан бели синмаган червонлар оқиб тургандан кейин, иш топилганига шукур қиласан-да.

Шунақа экан, ўша хониминг битта мушук боқса, Асакаси кетадими, дейишинг мумкин. Ишонмасанг, ишиб ўларсан, беванинг, ҳафсаласи келса, қўчқорни оладиган мушуги бор. Лекин, бўйнига лентир тасма бойлаб, кумуш ликопчадан сут ичадиган ўша бароқ, сичқон тутиш у ёқда турсин, сен билан менга ўхшаганларни оёғида кўрсатади.

Бир куни ишдан келаётсам, Садди хонимнинг равоти ёнида дўхтирмошина турибди. Хавотир олиб, ичкарига кирдим. Кирсам, хонзодадан тараган ҳалиги мушук каравотда сулайиб ётибди. Анави оқтепалик дўхтиринг мотамда-ю, Садди хоним хун-бийрон. Кипригимга туприк ёпиштириб, уларга секин биқин солдим.

– Мушук маргумушдан ўлган сичқонни еб заҳарланибди, – деди дўхтир.

Садди хоним менга ёвқараш қилган вақтда гапнинг пайнави лойқаланишдан қўрқиб, ростакамига йиғлаб юбордим. Беванинг кўнгли юмшади.

Дўхтир кетгандан кейин, кайф устида муллачасига чўкка уриб, мушукка кинна ёйишга тушдим. Мен киннани тугатдим-у, бароқваччаям асфаласопилинга жўнади. Ўзинг ўйлаб кўргин-а, ўлик мушукка пуржинали каравотда ётишни ким қўйибди? У ҳаромининг думидан ушлаб туриб, деразадан паррак қилдим. Шунда Садди хоним «маргумушдан ўлдирганинг етмай, шўрликни энди ахлатга ирғитасанми», деб акангни бўғизлагудек бўлди. Мен шилдирбош десанг, бевага таскин бермоқчи бўпман-у, «ёлғиз қолдим деб куйинмасинлар, Садди бону, мана, бизам сўққабошмиз» деб юборибман. Ана энди сурнайбозликни кўр. «Сен саёқвачча нимага шама қиляпсан», деб нақ башарамга сачрайди дегин. Хайриятки, билагидан ушлаганим йўқ. Бунақалар бирпасда бўйнингга истатия илиб ташлайди.

Эртаси ишга борсам, хўжайиннинг турқи туман. Садди хоним унга қўнғироқ қилиб, эринмай астар-аврамни ағдарибди. Иззатнинг борида аризани ёзиб, тўнни елкага ташладим. Энди ўт ўчирадиганларга ишга кирсамми деб юрибман. Ухлаганингга қараб мояна тўлашади азаматлар.

Айтгандай, ўзинг қалайсан? Чўлга кетган гектарчи ўғлингдан мўмайроқ пул келгандирки, бурунни бир қарич кўтарибсан. Бунақа нарсани ювмаган номард. Манави тангага бир сўлкавой қўшсанг, «Портвейн»нинг онаси ўпмаганидан беришади. Сурлик қилмай борақол энди. Ўзим кирай десам, магазинчидан уч литр қарзим бор.

Рўзғорни Қўмсаш

Э, бормисан, ошна? Паққос гузарга чиқмай қўйдинг-ку. Билсам-билмасам, ё уйда ичишга ўргангансан, ё чапаки даромадинг касод.

«Ҳосилот»га тобинг қалай? Олифтачиликни қўйиб тур, важоҳатингдан сезяпманки, юз элликта босгинг бор. Ма, ич! Текинники тешиб чиқармиди? Ёнбошлаволиб, бир дардимизни дўмбира қилайлик энди.

Ишдан гапирмасанг-чи. Бош омон бўлса, иш топиш дўппи алмаштиришга ўхшаган бир нарса. Америкадамидикки, иш сўраб ўн йил очиридда ётсанг.

Ҳамма гап дидингга тўғри келадиган ишни топишда. Тунов куни десанг, бир ишни кўндаланг қилишди. Молбозорнинг ёнидаги омборни биларсан? Ўшанга юкчи керак бўпқолибди. Нарса келса, мошинадан туширасан, кетадиганни мошинага юклайсан. Эшитибоқ, тарвузим қўлтиғимдан тушди. Бунақа ишлар учун, ана, эшак деган алоҳида махлуқ яратиб қўйилибди.

Кечанинг ўзида бирданига иккита иш рўпара келди. Аввалига Убай қассоб йўлимни тўсиб, «менга ўринбосар бўлмайсанми», деб қолди. Унамадим. Биласан, у хумпарвачча ўзиям ичмайди, бировгаям қуймайди. Кейин Тўхта новвой учраб, «менга кўмир-пўмир ташиб турсанг-чи», дейди. Унга мўр-малах бўлгандан кўра, эшакаравада ҳуштак чуриллатиб, болачоқлардан шиша тўплаганим дурустмасми?

Айтгандай, бирорта арава топсанг-чи, валаки саланг. Раҳматли қайнатангники бекорга ағдармашоти бўлиб ётгандир, қайнанангга ўхшаб... Хўп десанг, ўшани эпақага келтирамиз. Мана, хўтик биздан, даромад арра. Мадиёр мазанг ана шу шишаларнинг орқасидан от сўйиб тўй қилди-я.

Азбаройи ишлаганингга яраша, кундалик носпулинг чиқиб турса... Лаббай? Масалан, сичқон ўлдириб юрган давримда кафтим қичишмай туриб, қўлимга пул қистиришарди. Шунақа жойда беш-ўн йил босиб ишласанг, пул билан одамнинг оғзини ёрадиган бўласан.

Белим энди қўшбелбоғ кўрганда, Садди хониминг пайтавамга қурт тушириб ўтирибди-ку. Ожиза халқи ёппасига инсофсиз бўлишини билардим, аммо бунақанги жодугар етти ухлаб тушимга кирмаганди.

Мундоқ ўйлаб қаралса, қайтам ўзимизнинг маржалар кирчимол экан. Қўйворган хотиним десанг, калтаклаган сарим семирарди. Тилидан кетмаса, ўшандай нарсани талоқ қилармидим? Мўйловга оқ оралаганда, мўрчада яктак ювиш менга ҳавас бўптими?

...Ҳў, хумпарвачча, шунча оғзингни пойладимки, хотининг билан яраштириб қўяй ҳам демайсан. Кўнгил учун бир ўртага тушсанг, қисилиб ўлармидинг? «Ҳосилот»ни майдаласам, лиққа-лиққа ютишга устасан-у, жонимга куйганингни кўрмадим. Ҳе, ўша сендақанги прахаднўй ошнадан ўргилиб қўйдим.

Муҳокамада – Шўрва Масаласи

Ҳай, ҳа-а-й... Соқолни қирдириб, ит ялаган мистовоқдек ярқираб кетибсан-ку. Бўйнингни бўйинтуруқдек қилиб, ҳалиям хотиндан носга пул сўраб юргандирсан? Қани, мундоқ биқинга келиб, эшитганларингни кўрганга ўхшатиб лофла-чи.

Мунча кўзинг ғилдирайди? Елкага парпаша беқасам ташлаб, оёққа кийиктеридан ағдарма кийганимга хавфсирама. Ўғирлаган бўлсам, нон урсин. Телванинг ишини худо ўнглабди, деганлар. Бизникиям шунақа бўлди.

Ўзинг биласан, бир томондан қиш, бир томондан ётоқнинг тайини йўқ – қўлни қўйинда иситиб, бурунни булдуруққа тоблаб юрувдик. Бир куни болалардан калхўзга бепул кино келганини эшитиб, клубга қараб бораётсам, идоранинг олдида раис учраб қолди. Ҳол-аҳвол суриштириб, товуқхонада пойлоқчилик қилмайсанми, деб сўради. Майли, дедим. Раис тоғанг гапи ерда қолмаганидан хурсанд бўпкетиб, «кечқурун бизникига кир, сарупони сал куёвпоччалаштириб қўяйлик», деди. Мана, ясан-тусанни кўриб турибсан.

Хуллас, товуқхонадаман. Мен қоровул, Зайнаб кампир товуқбоқар, Саттор бужур иккаламизга бошлиқ.

Кўп жойда ишладим-у, бунақанги хира хўжайинни биринчи учратишим. Ўзимиз бор-йўғи уч кишимиз. Шунга қарамай, кунора мажлис чақиради.

Душанба куни йиғилиш қилиб, товуқхонада «Ҳурмат тахтаси» ташкил этсак, деб қолди. Биз маъқулладик. Саттор бужур десанг ўша куниёқ деворга сарлавҳадор тахта қоқиб, унга ўзининг портрейтини кашаклаб қўйди. Хўш деган савол туғилади – ҳамма ишни у киши қиптилар-у, Зайнаб кампир иккаламиз тўйимизга рўмолча тўқибмиз-да?

Кеча яна мажлис бўлди. Зайнаб кампир тумов бўлиб ишга келмагани учун, пастда битта ўзим ўтирдим. «Ўртоқлар! – деб гап бошлади Саттор бужур. Сўп-пайганимча унинг кўзига тикилдим. – Бугунги йиғилишда ортиқча штатларни қисқартириш масаласини кўрамиз», деди у. Буни эшитиб, пўканимга пўкиллоқ кирди. Биламанки, Зайнаб кампирни ишдан олишмайди, куёви калхўзда бош молқочирар. Ўзи инсоф билан ишдан кетган бошлиқни ҳали ҳеч ким кўрмаган. «Уйинг куйибди-ку, Мирзақанд!» – деб қўйдим ўзимча. Кейин билсам, хайрият, гап бошқа ёқда экан.

– Ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, беш юзта товуғимизга беш юз тўқсон битта хўроз тўғри келяпти, – деб гапнинг пайнавини очди Саттор бужур. – Дон-дунларни исроф қилмаслик учун хўрозларнинг штатини аямай қисқартириш керак, деган таклифим бор.

Мен алмак-жалмак чапак урганча: «Орамизда текинхўрларга ўрин йўқ!» – деб бақирдим.

Ўзинг айтгин-а, шу арзимаган нарса учун мажлис чақириб, одамни ишдан қолдириш яхшими? Гапни айлантириб ўтирмай, бекорчиликда шўрва-пўрва ичиб турайлик деб қўяверса, бизда жиғилдон йўқмидики, дамини қайирсак.

Мана, бугунам битта бабоқнинг оёғини осмондан қилиб қозонга чўктирдик. Шунақаям эзилиб пишибди жонивор, суягини итга бергани қизғанасан.

Қўлинг бўшаганда, шўрвахўрликка бориб турсанг-чи, хумпарвачча. Сенга айтиб қўяйин, Саттор бужур сурункасига оқидан уради. Тағин пастлигинг қўзиб, вино кўтариб бормагин, хўжайиннинг олдида мени хижолатга қўясан-а. Ҳозирги одамлар кимлигингни улфатингга қараб баҳолайдиган бўпкетишган.

Тўрт Сўмлик Тузоқ

Ие, тирикмисан, ошна? Тез-тез гузарга чиқиб турсанг, молия солиқ солармиди сенга?

Кеча «Чашма»ни майдалаб ўтириб, сени ўйловдим – шу топда ёнимда бўлса, винодан отволиб, етти пуштимни авлиёга йўярди деб. Ризқинг қўшилмаган экан, ўзим поклаб қўйдим.

Ҳалиям тонтиғлигинг қолмабди-да, аввал саломатликни сўрасанг-чи. Дуч келди дегунча, участкавойга ўхшаб ишни суриштирасан-а.

Сенга айтувдим шекилли, уч киши тўпланволиб, калхўзнинг товуқхонасини гуллатиб юрувдик – мен пойлоқчи, Зайнаб кампир товуқбоқар, Саттор бужур иккаламизга бошлиқ...

Қараки, худойим шу амалниям кўп кўрди менга. Бозор куни товуқхонада битта ўзим қолиб, хўжаҳордиқ қилиб ётсам, бир сўтак тухум сўраб кепқолди. Тухум аммангнинг катагида бўлади, демоқчи бўлувдимки, у туллаквачча бир сўмликка учталикни мингаштириб, секин қўлимга қистирди. Ҳимматингдан аканг дедим-у, халтасини тухумга тўлатиб бердим. Пайти келса, пақирлаб пуллаганмиз, шундаям калхўзнинг пойдевори шўрламаган.

Тухумхўрлар десанг бири яримтага узатади, бошқаси кўпроққа. Бозор кўрганлари бизни овора қилиб ўтирмай, ўша нарсани бирйўла ўзлари опкелишиб, ишни силлиққина битириб кетишади.

Ҳай, энди аввалги гапга қайтайлик. Бояги қилиғи совуқ қўлимдан халтани олиб, «охири тузоққа илиндинг-ку, ҳаромхўр», деса бўладими. Хўш, ўзинг кимсан, палаги сўлиган, десам, халқ кантрўлининг қизил дафтарчасини кўрсатди. Кўрдимки, иш пачава. «Тухумни қаердан ўғирладинг, хунаса», деб шартта ёқасини ғижимладим. Шунда у «муттаҳамликни йиғиштир, гувоҳ тепада турибди», деди. Бу хумпарвачча парвардигорга шама қилди-ёв деб юқорига мундоқ қарасам, дарвоза ёнидаги қайрағочнинг устида бир чалатуғма ҳурпайиб ўтирибди. Қўлидаги дурбинли асбоб билан акангни шақира-шуқур расмга оляпти.

Эртаси куни Саттор бужур мажлис чақириб, ишимни олатасир муҳокама қилди. «Мирзақанд ишдан кетсин дегучилар менга қўшилсин», деб қўлини кўтарди. Зайнаб кампир бетарап турди. Мен қарши чиқдим. Учаламиз жанжаллашиб кетдик. Охири Саттор бужурнинг қулоқ тубига қаратиб тортишга тўғри кепқолди. Уям мени бир-икки юмдалаган бўлди.

Ўзинг ўйлаб кўр-чи, хўжайиннинг қашқасини чиқариб қўйиб, яна қанақасига у билан бирга ишлайсан? Барибир йўқ нарсадан баҳона топиб, учирма қилворади. Бир жуфт жўжахўрозни қўйнимга урдим-у, ишдан кетвордим.

Яратганга шукур, эсон-омон баҳорга чиқволдик. Бундан буёғига, битта тўнинг бўлса, ариқнинг бўйи мусофирхона, толнинг таги карвонсарой.

Ўзинг дурустмисан? Кўзинг тўғнаб қолганидан билсак бўладики, бошинг шаробга қоронғи бўптурибди. Ғиз этиб Нишон буқоқникига кириб чиқмайсанми, ошна? Эшитишимча, куёви тоғдан қимиз опкелганмиш. Тўғри кириб бориб, Каримбердининг тўйида Мирзақанд сенга ўзининг олдидаги винодан қуйиб узатганакан, ўшанинг ҳақига жичча қимиз бераркансан, дегин. Бермаса, ўзини бу ёққа бошлаб чиқ. Қорнидан нақ ўша винони суғурволаман-а.

Ҳотамтойлик

Кўзингга игнаучуқ чиққанми дейман, куппа-кундузи мендай ошнангни кўрмай ўтиб кетяпсан? Ё картмонингга пул тушиб, босар-тусарингни билмай қолдингми?

Яна бир-икки ҳафтадан кейин Мирзақандга салом берадиган бўпқоласан ҳамманг. Тўлан гўрков қариб, метин уришга ярамай қолганмиш. Маҳалла шу лавозимга мени кўтарадиганга ўхшаб турибди. Гўрковликни бўйинга олсам, манаман деганинг ҳам бир кунмас бир кун мунғайганича қўлимдан ўтасан. Кимга кенг гўр керак бўлса, пажалиска, ҳозирдан кўнглимни овласин.

Анави Сотти сатанг мени кўрса, бурнини жийириб ўтади дегин. Биқинига битта қозиқмихлаш қилсанг, ўн кун шопирма атала ичиб ётадиган ҳоли бор. Шапкасига қувонади-да. Ана ўшаларинг, қазоси етиб, қўлимга тушиб қолса, охирати куйди деявер. Оёғи андаккина қиблага мойилон қилинса, қиёматгача жаҳаннамдан чиқмайди.

Расамати билан гапирганда, бу одамларинг, гўрков у ёқда турсин, тангриданам қўрқмайдиган бўпкетишди. Бизга ўхшаганларга хайр-садақа қиптуриш ўрнига, ўзи-мизни шиляпти. Ҳатто, қарзини тўламайди-я бу хумпарваччалар.

Масалан, Жамил тунгонини олайлик, бир ойдан бери қарзини узмай, мени хуноб қилади. Ҳар куни турумини тепалайман, у падари қусур уйида йўқ-да.

Бир куни у билан шаҳардан бирга келувдик. Мошинакирага майдам йўқ деб, акангни қирқ тийинга туширди. Умрида бутун пулни кўрганмикин ўзи? Ўғлимдан бервораман деганича, ўша-ўша қорасини кўрсатмайди. Нима, пул завўтим бормидики, учраган тунгонига патта олиб бераверсам.

Ҳозирам ўшаникидан келяпман. Уйига етгунча ўйлаб бордим – қирқ тийиннинг бир қисмини пивага харжлаб, бир қисмига қурут шимийман деб. Дарвозани муштласам, еттинчи калишни судраб яна хотини чиқди. Ўзинг биласан, хотин зотидан пул сўрашдан кўра, кўппакдан суяк тилаган яхши. Мўйловни шалвиратиб, секин орқага қайтдим.

Биз-ку ҳотамтойлик қилиб ҳаммага қарз бериб юрибмиз. Хўш, бизга ким одамгарчилик қипти?

Кеча гузарга чиқсам, Шоди билан Мўса битта обдаставинони тановворга ўйнатишяпти. Ассалому алайкум, биродарлар, десам, ўзларини карликка солишди. Сўрашмай ўтсам хафа бўлишмасин деб, уларга қараб юрдим. Бурилганимни кўриб, Шоди нокас шишанинг тагидагини шартта пиёлага ағдарди-ю, бир кўтаришда илонютди қилди. Ҳали сенлардан аҳвол сўрамоқчи бўлдимми деб, иккаласиниям ўсал қилганимча изимга қайтвордим. Қалай, тузлабманми?

Ие, намунча томоғинг ғижирлайди? Ёғланмаган замбарғалтакка ўхшайсан-а. Давосини айтайми? Саримсоқни қўй ёғига қовуриб туриб, оқидан икки пиёла тортволсанг, тозаланган мўридай бўпқоласан.

Уйингда думба ёғи бордир? Ундай бўлса, зиқналик қилмасдан, тезда магазинга кириб чиқ. Саримсоқ, майли, биздан бўлсин. Энг олдин саломатликни ўйлагин, ошна.

Ярашиш Оши

Ёнимда ҳемири йўқ дегин? Хотинга зарбинг бўлмагандан кейин, аҳвол шу-да. У қарғадан тарқаганлар тез-тез талқонтуйди қиптурилса, азборойи калтакдан қутулиш учун эрига пивапули бериб, гузарга қувадиган бўлишади. Йўли бор-да, ошна.

Турмуш қуриб, эркакчиликнинг даврини мана биз сурдик. Бурнимизга пашша қўнса, хотинга буюрардик, ҳайда буни, деб.

Сен-ку бир чувринди нарсасан. Арманиска канякни олтин тишнинг орасидан сузадиган тўраваччаларингам, пайти келса, хўжайкасига ўсма сиқишади.

Хачирга арава тиркаб, кирасинфурушлик қилган давримда бир бошлиғимиз бўларди. Савлатига қарасанг, йўталиши етмиш сўм туради дейсан. Шуям хонзодасини кўрди дегунча, сурнайга ўйнайдиган илондек эшилишга тушарди. Давлат одамгарчилик қилиб, тагингга лўккавой бериб қўйганидан кейин, ёғи етган жойгача қочмайсанми бунақа хотиндан, деб бўғилардим ўзимча.

Ҳамма айбни эркакка ағдарамиз-у, мундоқ қаралса, ҳозирги йигитларгаям қийин бўпкетди. Бу мактаб кўрган қизларинг астарликка яраса, ўлай агар.

Тунов кун автобўсда бир қашқарбалдоқ таққаннинг ёнига ўтириб қолдим. Қулоғидаги ўша тилло ҳисобга олинмаса, ўзини чалпакка ўраб берсанг, ит емайди. Шуям бозорвошига етгунча эрининг гўрига ғишт ташиди. «Бу золимнинг дастидан адо бўлдим – ўзим кир ювиб, ўзим нон ёпаман», дейди. Буларга қўйиб берсанг, бир кунмас бир кун... Қулоғингни яқинроқ тутсанг-чи... Ҳа деявер. Шунақаям қилишади, хех-хех-хе...

Мана, ҳозирги бошлиғимни олайлик. Ўзи хотин киши-ю, ўнта эркакни тўқим солмай минади.

Қаерда ишлаяпсан дейсанми? Айтганим йўқмиди сенга? Эшитгандирсан, туман марказида қизларни ҳамшира қилиб чиқарадиган мактабхона очилган. Ана ўша жойда боғбон бўпқолдим. Ҳайит паранг раҳматлининг тўнғич қизи бизга директир. Бир замонлар отаси билан қошиқ олишганман. Шуниям юз қилмай, кеча акангни кўпчиликнинг ичида димламага босди.

Гулларга сув қуйиб юриб, оч қоринга битта «Юмалоқ»ни уриб қўйибман. Оёқдан олди хумпарвачча. Кирпидек ғужанак бўлиб, ажриққа юмалаб қолдим. Боғнинг этагидан бир ҳужра беришган менга. Шунга қараб эмаклашгаям ҳафсалам келмади.

Бир пайт, йигитлар кўрса: «Отаси қанча сўраркин?» деб қоладиган иккита оққанддек ҳамшира замбил кўтарганича мен тарафга келаверди. Бу қанақа ўйин, товуқчаларим, деб сўраган эдим, лат еганларни касалхонага ташишни ўрганяпмиз, дейишди. Тузукроқ қарасам, замбилда сигирдай бир қиз ёнбошлаб боряпти. Ҳоли хароблар бу ёқда қолиб, замбилни бекорчилар банд қипти-ку, дедим. Хуллас, бир қучоқдан гул узволарсизлар деб, уларни ҳужрагача кира қилдим.

Ҳужрада битта уйқини уриб, бошнинг тормизини сал бўшатиб турувдимки, директир чақиряпти деб қолишди. Борсам, «мактабнинг гули нега талон-тарож бўларкан», деб пўписани пахса бўйи қилди. Битта «ҳайфсан» билан зўрға қутулиб чиқдим.

Машойихларнинг гапи тўғри, хотин зотидан яхшилик чиқмайди. Ўзимникини вақтида талоқ қўйиб, зап донишмандлик қилганман-да.

Айтгандай, эрталаб Мадал банги учраб, «хотининг билан гаплашсам, кўнгли борга ўхшайди, битта ярашув оши қилгин-у, Ҳафиз қорини опкелиб, никоҳлатиб қўяйин», деб қолди. Авраб-авраб, охири йўлга солди-да мени. Кўрамиз, ярашса ярашди, нозини оширса, унга патхалимчилик қиладиган гўсхўр йўқ...

Э, тавба, ўзи-ку мени деб ўлиб юрибди, яна шарт қўйганига куяйми. Ярашадиган бўлса, аввал ичишни ташласин, деганмиш.

Шу десанг, ошна, бошим бўш истаконга ўхшаб қолди. Бир ёқда хотин пошшо, бир ёқда шиша хоним. Бири-биридан тортимли. Нима дейсан, унисига суйкансаммикин, бунисигами?

Иккаласининг ҳам хуморига войдод!

1978