OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиО...о...жон (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм6KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





О...о...жон (ҳикоя)
Анвар Обиджон

«Жинқарча» боғчасининг ўртанча гуруҳига қоп-қора қошлари бир-бирига туташган, киприклари узун-узун, чароскўз бир болакай келиб қўшилди. Унинг асли исми Олтинбек эди. Бироқ, кўп ўтмай, болачоқлардан тортиб тарбиячиларгача уни «О...о...жон» деб чақирадиган бўлишди...

Боғчадаги машғулотлар, кўп ҳолларда, гуруҳдагиларни бир жойга жамлаб ўтказилади. Лекин, болаларга озгина эркинлик берилди дегунча, биров ўзича, биров ўртоғи ёки дугонаси билан ҳар ер-ҳар ерда ўйин ўйнай бошлайди.

Биринчи куни Олтинбек кимга қўшилишни билмай, пича иккиланиб турди. Охири, атлас кўйлакли қўғирчоқнинг дам сочини ёзиб, дам бошқатдан ўриб ўйнаётган қизчага секингина яқинлашди. Ёнроғида чўккалаб, гулдор қоғоздан буклама дўппича ясади-да, қўғирчоққа кийдирмоқчи бўлди. Қизча қўғирчоғини биқинига яшириб, унга хўмрайиб қаради. Олтинбек бундан заррача ўнғайсизланмади, маржон тишларини ярқиратиб кулди. Қизча то қовоқ солишни қўймагунча, шундай жилмайиб тураверди. Қизчада ҳам дўстона кайфият пайдо бўлгандан кейин эса, елкасига беозоргина қўл ташлаб, «чўлп» эткизиб пешанасидан ўпди ва кўз юмганича: «О, о, о!» – деб тебраниб қўйди. Қизча нима дейишини билмай қиқирлаб кулди.

Шунда, нам қумдан уйчалар қуриб ўйнаётгн болалардан бири ёнидаги шеригини туртиб: «Ҳей, Бойҳусан, ҳей, Бойҳусан, қара, анави янги бола опангни ўпди», деб чақимчилади. Бойҳусан қошларини чимирганча даврадан чиқиб келди.

– Буфотима, ростми? Манави олакўз бола сени ўпдими? – деб сўради у опасидан.

Буфотиманинг юзи хиёл қизариб, кўзлари ғилдиради. Индамай бошини солинтирди. - Опамни ўпдингми? – энди мушт чигиб, Олтинбекка ўқрайди Бойҳусан.

Олтинбек Бойҳусаннинг кўзларига самимий боқиб, «мен қурчоғига дўппи ясаб бердим», деди ва унга ҳам жилмайганча тикилиб тураверди. Бундай кўнгли очиқликни кўриб, жангари Бойҳусаннинг аччиғи ўз-ўзидан босила бошлади, тугилган муштлари ёзилиб, қорачиғидан чақнаётган учқун аста-секин сўнди.

– Дўппи ясаб берсанг, майли, – дея энди босиқ товушда сўз қотди у.

Бу гапдан сўнг Олтинбек ўша мулойим кулги билан Бойҳусанга кафтини чўзди. Бойҳусан ҳам беихтиёр кулимсираб, ошначасига қўл узатди. Ярашиб олишгач, Олтинбек уни қучиб, «чўлп» эткизиб бетидан ўпди:

– О, о, о!

Бу тўқнашув қандай тугашини қизиқиб кутаётган томошаталаб миттивойлар янги боланинг ғаройиб қилиғидан кулиб юборишди.

– Мени отим Қайтмасвой, – дея унга илжайиб қўл берди боя «опангни ўпди», деб Бойҳусанга гап ташиган бола. – Менгаям ўртоқ бўласанми? «О, о» қиласанми?

Теваракдаги болалар ҳам «ке, менгаям ўртоқ бўл», «майли, ошна бўламиз», деб жувиллаганларича уни ўраб олишди. Жовур-жувурларни эшитиб: «Нима гап ўзи, арзандаларим?» – дея ичкаридан боғча опа чиқди.

– Анави янги бола ҳаммани ўпяпти, – деб ҳиринглади Қайтмасвой.

Боғча опа: «Нима?» – дея болаларга ҳайрон кўз югуртирди, сўнг Олтинбекка эгилиб: «Бу қанақаси?» – деб сўради. Олтинбек узун киприкларини пирпиратиб, боғча опага одатдагидек ширин табассум қилди. Боғча опанинг ҳам чеҳраси ёришганда, бир сакраб унинг бўйнидан қучди, «чўлп» эткизиб юзидан ўпиб олди. Барча бола чапак урган куйи тенгдан «О, о, о!» – деб қийқириб, Олтинбекка жўр бўлишди.

Боғча опа, олдинига бироз донг қотиб тургач, тўсатдан очилиб-сочилиб кулишга тушди.

– Мана, қанақа экан янги боламиз! – деди у кўзида меҳр чақнаб ва Олтинбекни бағрига босиб эркалата кетди. – Ўргилиб кетай сендақа ширинтойдан! Ўзимнинг қулоғичим! Ўпоғичим! О...о...жоним!

Шу бўлди-ю, биров билан жанжаллашиш нималигини билмайдиган Олтинбек ҳаммага бирдек даврадош «О...о...жон»га айланди.

1996