OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиОлий табақали меҳмонлар (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм13KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Олий табақали меҳмонлар (ҳажвия)
Анвар Обиджон

Бор-йўғи қалбаки соқолу ясама соч, тўшакнамо устки кийимлару уч-тўрт чаплам упа-бўёқлар Уруғалини қорбобога, Қуруғалини қорқизга айлантирди-қўйди. Илгари униси устахона мудири, буниси чирмандачилар тўгарагининг «ғилдиратувчи»си бўлиб ишлаганлиги ҳурмати мактаб қоровуллигидан ҳамон ҳайдалмай келаётган пиёниста амакиваччалар бугун совғасевар болаларнинг диққат марказида, ўқитувчиларнинг вақтинчалик эъзозида бўлишди.

Арча байрами тугади. Улар уйга шу ясан-тусанда кириб бориш, орттириб қолган совғаларини бола-чақаларга қий-чув билан тарқатиш режасини тузиб, ташқарига чиқишди. Амакиваччалар яшайдиган кўп қаватли уй мактабнинг шундоққина биқинида эди.

Иккови, шунча меҳнатлари куйгани бадалига, лоақал ачиган мусалласга ҳам эримаган мактаб директорини зиқналикда айблаганларича қорли йўлакдан имиллаб боришаркан, уй олдига келиб тўхтаган ҳайҳайбоп енгил машина уларнинг эътиборини тортди. Минбарга ярашиқли кийинган булдоглунж кимса гулдор қоғоз қутичанинг боғичидан тутамлаб машинадан тушгач, ҳайдовчига жавоб бериб юборишдан олдин, нималарнидир чақчайиб уқтирди. Сўнг, гердайган алфозда зинайўлак томонга юрди.

– Қовоқбоев мана шу одам, – дея маънодор қийшанглади, қорқиз кийимида истаралироқ кўринаётган Қуруғали.–Мачалка фабрикасида бошлиқ. Анави учинчи қаватдаги Ҳаёхон деган беҳаёнинг олдига кептуради.

Қорбобо либосидаги Уруғали бирдан ҳушёр тортиб, Буқротдек ўйланиб қолди.

– Ҳм... Демак, ўғринча кептураркан-да? Хў-ў-ш... Қани, каллани сал ишлатайлик-чи...

Қовоқбоев устки кийимларини ечиб, қўл чайиб келгач, қиёмига етказиб тузалган дастурхонга яқинлашиб улгурмай, эшикнинг қўнғироғи зириллади. Бир сесканиб тушиб, Ҳаёхонга савол назари билан қош қимирлатди. Ҳаёхон оёқ учида эшик сари юраркан, ҳайрон елка қисиб қўйди.

Эшик очилган ҳамоно, кутилмаганда, ичкарига Қорбобо билан Қорқиз бостириб киришди.

– Байрамлар муборак бўлсин, хоним,– тантанавор ғариллади Қорбобо. – Баъзи бир идораларнинг топшириғига кўра, ҳаммага совға тарқатиб юрибмиз. Манавини опқўйсинлар.

Қорбобо беканинг енгил-элпи раҳмати эвазига қўйнидаги совғалардан бирини олиб тутқазаркан, Қорқизнинг: «Ие, бу ёқда илғор мачалкачиларнинг бошлиғи Қовоқбоев ўтирибди-ку!» – деган хотинчалиш хитоби янгради. Қорбобо Қовоқбоевга эҳтиромли нигоҳ ҳадя этганидан кейин: «Унақа бўлса, шундай машҳур одамнинг шарафига қадаҳ сўзи айтмасдан кетиш уят бўлар-ов», дея дастурхон тарафга қиялади. Ўзининг довруқдорлигидан талтайган Қовоқбоев сурбет меҳмонларга гезариб тикилаётган Ҳаёхоннинг янада ғашини келтириб, Қорбобони дастурхонга чорлади.

– Берироқ келсинлар. Хуллас... қанақасидан ичадилар, оқсоқол?

Қорбобо салмоқли овозда «мабодо, вино-пино топилса...» дея гап бошлаган эдики, Қорқиз унга зимдан ўқрайиб қўйиб, сўзни илаштириб кетди:

– Мабодо, вино-пино топилса, овора бўлиб очиб ўтирманглар, демоқчи бўляпти бобом. Нима, биз қаттаги қоровул-поровулмидикки, вино ичсак.

– Ҳа! – дарҳол эс-ҳушини йиғволиб, иягини кекирдакка қисди Қорбобо. – Биз тагли-зотли одамлардан ҳисобланамиз. Бизга каняк узатилсин!

Қовоқбоев «коняк бўлса, коняк-да», дея шишани очиб, митти рюмкачаларга томизиқлагандек қуйиб чиқди. Тоқатсизланганича ҳануз гезариб турган Ҳаёхоннинг «илтимос, меҳмон, гапни калта қилиб, тезроқ тарқалайлик», деган қочириғи Қорбобога қўл келди:

– Эшитдингми, Қорқиз? Дугонанг тўғри айтяпти. Гапниям, ишниям майдалаб ўтирмайлик. Бошқарувни шаппа қўлга олиб, ишни тезлаштир. Йириклаштир.

Қорқиз каттакон фужердан иккитасига шишадаги конякни қатра қолдирмасдан тақсимлади-да, рюмкачадагиларни ҳам уларнинг устига ағдарди.

– Мана, йириклаштирдим. Гапираверинг, бобо.

Узатилган фужерни бақрайиб қўлга олган Қорбобо, бир ютиниб қўйгач, дабдабали оҳангда сўз бошлади:

– Бу даврага баланд охурдан ем еб юрган зотлар тўпланиб қолганаканмиз, эй, хонимлар ва жаноблар, байрамингиз қутлуғ бўлсин, дейишга мажбурман.

– Яшанг, Қорбобо, – жилпанглади Қорқиз. – Урдикми?

– Урдик!

Иккала фужер ҳам «ваҳоланки» сўзини айтишга сафланадиган муддат ичида яна аввалги топ-тоза ҳолатига қайтди.

– Манавилардан газак қилсинлар, – меҳрибон «невара» кавшаниб туриб, «бобо»сига ликобча тутди. – Қазига алоҳида аҳамият берсинлар.

– Хуш кўрдик бўлмаса, – жаҳлини жағига яшириб кесатди Ҳаёхон. – Менимча, бошқаларниям табриклашларинг керак ҳали...

– Айланай, дугонажон, келинг бир чўпиллатволай, – феъли суюқлашган Қорқиз кўзи ёнгудек бўлиб Ҳаёхонни ўпди. – Ҳозир кетамиз-да. Аввал бобом ваъдасини бажарволсин. Бобожон, Қовоқбоевнинг шаънига гап айтмоқчи бўлувдингиз шекилли?

Қорқизнинг қўли кобранинг ҳавасини келтирадиган тезликда сапчилаб, столдаги бир литрлик арақ шишасини домига илинтирди. Иккала қориндор фужерга шишанинг тенг ярмини бўлиштириб, бирини Қорбобога узатди.

– Баланд мартабали одамларга оддий арақ ичиш қанақа бўларкин? – уларга бемаврид такаллуф кўрсатганидан ниҳоят пушаймон ея бошлаганини сездириб, шама қистирди Қовоқбоев.

– Мартабам баландлиги тўғри, – тили ғўлдираброқ қолган эса-да, ўзини вазмин тутишга чиранди Қорбобо.– Аммо-лекин, очиғини айтсам, жа унақа каняк ичадиганчалик баландмас. Араққа мосроқ даражам бор... Шунақа гаплар, Қовоқбоев...

Меҳмонларнинг кайфи ошаётганидан безанглаган Ҳаёхон тағин кесатди:

– Айтиладиган гапни тезроқ айтайлик энди.

Қорбобо аввал қўлидаги араққа, сўнг Ҳаёхонга ютоқиб тикилди:

– Менга алоҳида ҳурмат билан сўз берилганакан, маданияти ғовлаган одам сифатида шу хонадоннинг бекаси Ҳайёхон саломат бўлсин, дейишга мажбурман.

Қорқиз «келинг, чўпиллатволай», дея яна бекага тирмашди. Бўйин аралаш ўпгач, қўлидаги фужерни ўйнатиб, Қорбобога юзланди:

– Урдикми?

– Урдик!

Меҳмонлар хашак ғарамига дуч келган бўрдоқилардек газакбозликка берилганларида, Ҳаёхон қатъий тарзда мурожаат қилди:

– Яхшиликча хайрлашайлик энди!

Қовоқбоевнинг ҳам зардаси қайнаб: «Ҳа, шу ёғиям етар, табрик эшитмасам эшитмасман», деб ғўданглади. Қорқиз бу гапни таънадек тушуниб, «Қовоқбоевнинг шаънигаям бирор нарса деворсангиз, ўласизми, Қорбобо», дея ўпкаланиб боққан эди, бобоси «унақа бўлса, қуйгин-да, масов», деб жеркиб берди. Чаққон невара шишада қолганини иккала фужерга қоқлаб, маърузачини нутқ ирод қилишга созлади:

– Мана, олинг. Чапроққа чўзинг қўлни. Гапиринг энди Қовоқбоевга.

– Ў-ў! Қовоқбоев! Дарвоқе... қани ўзи?

– Ана, тўғрингизда турибди.

Қорбобо Қовоқбоевдан тепароққа ғилайланди:

– Жаноб Қовоқбоевга олий табақали меҳмон сифатида гапирсам... ҳм... кирингни ювиб ўтирган хотининг анавиёқда қолиб, манавиёқда нима қилиб юрибсан, қовоқ, дейишга мажбурман.

– Зўр гап бўлди... Урдикми?

– Урдик!

Столдаги шампан виноси талатўпдан омон чиққан сўнгги ичимлик ўлароқ алоҳида қадр-қиммат касб эта бошлаганига қарамай, Қовоқбоев уни гурзидек дўлайган куйи Қорбобога яқинлашди:

– Кимни қовоқ деяпсан, увадасоқол?!

Қорқиз мастларга хос бўлмаган эпчиллик намойиш этиб, зувиллаганича ўзини орага урди. Қорбобонинг бошига йўналтирилган шишани жон-жаҳди билан чангаллади. Шу қадар маҳкам чангалладики, Қовоқбоев Қорбобога қўшиб уни ҳам ташқарига тепиб улоқтирганида, шампан виноси чайир панжалари ичра ҳануз барқарор эди.

1998