OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиОлтиариқ ҳангомаларидан
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм29KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Олтиариқ ҳангомаларидан
Анвар Обиджон

Олтиариқда ўта ажабтовур ҳулқ-атворли кишилари билан машҳур бўлган иккита қишлоқ бор. Биз уларни шу қадар севиб-эъзозлаймизки, ўз номлари четда қолиб, бирини Шакарқишлоққа, иккинчисини Ширинқишлоққа айлантириб юборганмиз.

* * *

Шакарқишлоқ чегарасини кесиб ўтувчи сершағал йўлнинг четига: «СТОП! ОЁҚ АРТИБ КИРИЛСИН!» – деб ёзиб қўйилган.

* * *

Ширинқишлоқнинг чегарасида эса: «ҚИШЛОҚҚА КИРАЁТИБ, ЭШАГИНГНИ ЮВИНТИРИБ ОЛ», деган огоҳлантирув тахтасига дуч келасиз.

* * *

Шакарқишлоқлик Ўрозмат ўнг билагини доим пашшахонадан ташқарига чиқариб ухларкан – чивин чақиб, кафтимни қичиштирса, эртага қўлимга пул тушади, деб.

* * *

Ширинқишлоқлик Ғилдирмат ой-куни яқинлашиб қолган бўғоз сигирини шаҳар туғуруқхонасига етаклаб борган экан.

* * *

Қишлоқдошимиз Мамасодиқ-ювғичи энг машҳур ғассоллардан бўлиб, кўримли қад-қомати, ёқимли чеҳраси, покиза кийиниши билан ёдимизда қолган.

У биров билан сўрашганда, чиройли жилмайиб туриб, мулойим товушда аҳвол суриштиришга тушар, тотли дуолар айтиб хайрлашар эди. Агар бирон-бир олифта унга писандсиз қўл узатгудек бўлса, тўсатдан авзойи бузилар, овози ҳам дағаллашар ва кўзини совуқ чақнатганича, кинояли илжайиб дерди:

– Ё... чўмиламизми?

* * *

Ойнаи жаҳон янги русум бўлган чоғларда шакарқишлоқликлар антеннани уй ичига ўрнатиб, телевизорни томдаги баланд ёғоч устунга осиб қўйишган экан.

* * *

Ҳатто оташкуракни қизининг сепига асрашни ёқтирадиган ширинқишлоқликлар сандиққа сиғмайди деб, яқингачаям енгил автомашина олишмас эди.

* * *

Олтиариқда асосан уч нарсадан мўмайроқ фойда кўрадилар – маҳсулот етиштириб сотишдан, ёввойи ўрдакларни отишдан, меҳмонга бориб ётишдан.

* * *

Олтиариқликлар асосан уч нарсадан кўпроқ зиён кўрадилар – экинга тушган ширадан, қарзини узмайдиган жўрадан, меҳмонга келган «хўра»дан.

* * *

Касалхонада даволанаётган Одил акага дўхтир бундан буён спиртли ичимликларга яқин йўламасликни тайинлабди. Одил аканинг бу гапдан капалаги учиб: «Нима-а? Умуман ичмаслигим керакми?» – дея наъра тортган экан, унинг овчиликка ҳавасмандлигини яхши билган дўхтир: «Жуда қўмсаб қолсангиз, ана борингки, овга чиққан пайтда оз-моз ичишингиз мумкин», деб сал ён берибди.

Одил ака касалхонадан чиққач, шаробхўрликни яна кунига давом эттираверибди. Бироқ, аввалгидан фарқи шуки, энди у уйда ҳам, меҳмондорчиликда ҳам елкага милтиқ тақиб ўтириб ичадиган бўлибди.

* * *

Олтиариқликларнинг ёқтирадигани – кўтарамачи харидор, овқат танламайдиган мардикор, томорқа берадиган амалдор.

* * *

Олтиариқликларнинг хушламайдигани – туруп экилмаган бўш майдон, бодрингпояга кирган ҳайвон, узумнинг яшиклари тахланмаган айвон.

* * *

Ардоқли шоиримиз Эркин Воҳидов ноиб сифатида Олтиариқдаги бир учрашувга келганида, сайловчилардан бири маҳаллада ичимлик суви масаласи яхши эмаслигидан шикоят қилди. Эркин ака «сизларда умуман сув йўқми», деса, «борликка бор-у...» деб, «қувур керакми» деса, «қувур етарлику-я...» деб мужмал-мужмал жавоб қайтара бошлади. Тоқати тоқ бўлган Эркин ака: «Дадил гапираверинг, ё бирон-бир ташаббусингизга кимдир тўсқинлик қиляптими», деб сўраган эди, арзгўй: «Бизни-ку биров «кишт» дегани йўғ-у, ишни барибир у ёққаям, бу ёққаям силжитолмай турибмиз-да», дея яна дудмалланди.

Бу гапдан кейин, шахматнинг ашаддий мухлиси бўлган Эркин ака енгил нафас олиб, деди:

– Мана энди тушундим. Пот вазиятга тушиб қолдим демайсизми, азизим.

* * *

Шакарқишлоқ аҳолисининг кўпчилигини пучуқлар ташкил этгани учун, бу ўрамда бурундор кимсаларга алоҳида эҳтиром билан қарашади. Бошқа ерлардаги кирачи транспортларда ёши катталарни ҳурматлаш лозимлиги уқтирилса, Шакарқишлоқдаги автобусларнинг ичига «Бурни катталарга жой беринг!» деб ёзиб қўйилган.

* * *

Ширинқишлоқ аҳлининг аксарияти эса, бўйчан-бўйчан кишилардир. Шу боис, Тиркаш пакана кўчага чиқса, тепасига тахтача қоқилган таёқни баланд кўтариб юраркан. Тахтачага бундоқ сўзлар битилган экан: «Хўшшайма! Пастдаям одам бор!»

* * *

Олтиариқ бодринг ва турупдан ташқари новвоттаъм узумлари билан ҳам донг таратган.

Абдулла қизиқ енгил машинасига ўн яшик узум босиб, Марғилон бозорига олиб борибди. Кўпга таниқли бўлгани учун гоҳ униси, гоҳ буниси қучоқ очиб келиб, у билан қуюқ кўришаверибди. Бунақа харидорлардан пул олишга кимнинг ҳам бети чидарди, ўн яшик узумдан тўққиз яшиғи «қадрдон»ларни сийлашга кетибди. Ёнидаги олмафуруш: «Худо берган йигитсиз-да, қаерга борманг, ҳурматдасиз», деса, Абдулла қизиқ лоҳас жавоб қилибди:

– Ҳа, ҳурмат қиладиганларнинг кўплиги катта бахт... агар узум сотмаётган бўлсанг.

* * *

Олтиариқликлар меҳмон келса, ҳатто, жонларини беришади... лекин, бодринг уруғини эмас.

* * *

Олтиариқлик оталар ўғилларига шундай насиҳат қилишади: «Дўстингни сотма! Аммо, туруп дўст эмас».

* * *

Машҳур тадбиркор Ҳокимназарбек ёшлигида хусусий «КамАЗ»ига мева босибди-да, Мирзарасул билан Азизбекни ёнига ўтиргизиб, Россияга йўл олибди. Эртаси куни тунда яйдоқ чўлдан кетиб боришаётса, машинанинг чап ёнидан нимадир зувиллаганича қувиб ўтиб, қоронғида кўздан ғойиб бўлибди. «Ух! Тулки-ку!»– дебди Мирзарасул. «Тулки бунақа тез чополмайди, бўри бу», деб эътироз билдирибди Азизбек. Ҳокимназар эса, машинани шошмасдан тўхтатиб, дебди:

– Орқадаги жуфт балонлардан биттаси чиқиб, олдимизга ўтиб кетди. Қани, тушиб ғилдиракни қидиринглар.

Шакарқишлоқлик дурадгор семиз хотинини рандалашга уриниб кўрган экан.

* * *

Ширинқишлоқлик сартарош бичиқчи қўшнисининг ўзигамас, ўткир қайчисига ошиқ бўлиб уйланган экан.

* * *

Хонқизлик Ҳошим танбур полосонлик Мамадали ғижжакни меҳмонга чақирибди. Ўтиришда буниси танбурни, униси ғижжакни турли ривоятлар асосида кўпиртиб мақташга тушибди. Иттифоқо, шу даврада Абдулла қассоб ҳам ўтирган экан. Унинг Аъзамбой деган ўғли армиядан гитара чалишни ўрганиб келиб, қўшниларни кўп бесаранжом қилганини қисқача айтиб ўтгач, кўз юмиб тебранганича дебди:

– Оҳ,оҳ,оҳ! Мен сизларга айтсам, азизлар, аямай деворга урилса, гитарадан ҳам ниҳоятда ширали овоз чиқаркан.

– Шакарқишлоқ билан Ширинқишлоқ қаерда?

– Шакарқишлоқ ариқнинг суви камая бориб, бирдан дарёга айланадиган жойда. Ширинқишлоқ эса, ёруғлик Ойнинг орқа томонидан тушадиган нуқтага жойлашган.

* * *

– Шакарқишлоқ билан Ширинқишлоқнинг рамзий байроқлари қанақа?

– Шакарқишлоқники оқ, Ширинқишлоқники оппоқ.

* * *

Раҳмон аканинг оғзидан сигарет ариганини кўриш ҳали ҳеч кимга насиб этмаган. Исмининг ортига «сигарет» лақаби қўшиб айтиладиган зот Олтиариқ бўйича битталигидан Полосон аҳли ғурурланиб юради.

Айтишларича, у ухлаган чоғда, хуморбосдига ис олиб туриш учун, сигарети сўнган муштукни тишлаб ётаркан. Сартарош унинг ўнг юзидаги соқолни қираётганида, сигаретни оғзининг чап томонига олиб тураркан. Ҳаммомга тушса, оғзидаги сигаретни ҳўл қилмаслик учун фақат жағидан пастини ювар экан...

Бир куни Раҳмон-сигарет томорқасидаги баланд ёнғоқнинг устига чиқиб мева қоқишни бошлабди-ю, туйқус оёғи тойиб, гурсиллаганича ерга йиқилибди. Уйдагилар югуриб боришса, иланғижон аҳволда ётган одам лаб орасидаги ўчиқ сигаретни бир-икки тортиб кўриб: «Гугурт чақворингла-а-р», дермиш.

* * *

Олтиариқликларни қувонтирадигани – тўйда кийдирилган чопон, қўйларини бозорда ўтмайдиган бодрингни олиб боқадиган чўпон, эрига туруп опкелишни тайинлайдиган жувон.

* * *

Олтиариқликларни аччиғлантирадигани – тиш ўтмайдиган бодом, ошга туруп қўшиб емайдиган одам, бодринг бозорига яқин йўламайдиган мадам.

* * *

Довруқли ишбилармон Ҳокимназарбек футболнинг ашаддий ишқибози, ўзи қойилмақом ҳужумчилардан. Полосон қишлоғига ўз маблағи ҳисобидан ҳашаматли стадион ҳам қуриб берди.

Бир куни қарасам, қишлоқ командасининг ўйновчи тренери Тилламат оқсаб юрибди. Сабабини сўраган эдим, кеча беш ярим тайм футбол ўйнаб, оёғимда оёқ қолмади, деди. Футбол дегани икки тайм ўйналарди шекилли, десам, у қовоқ уйганича жавоб қилди:

– Бошқа жойларда шунақа. Бизда то Ҳокимназар гол урмагунча ўйин тугамайди...

* * *

Кун ортиқча қизиб кетса, шакарқишлоқликлар катта гулхан ёқиб, тутуннинг соясида ўтиришади.

* * *

Ширинқишлоқликлар ёмғирда ташқарига чиқмоқчи бўлса, бошларига элак ёпиб олишади.

* * *

Абдубанноб Охунжоний ошнаси Одил Бобоийнинг уйига борса, қовоқ-тумшуғи осилиб ўтирганмиш. Боисини сўраган экан, Одил ака: «Уришқоқ даканг хўрозим тўсатдан ўлиб қолди», деб мунгланибди. Ҳозир келаман, деб чиқиб кетган Абдубанноб ака бирпасдан сўнг йигирматача одамни ортидан эргаштириб қайтибди. Уй эгасининг энсаси қотиб: «Булар ким?» – деб сўраса, Абдубанноб ака шундай изоҳ берибди:

– Буниси мулла, буниси ювғичи, буниси гўрков, қолганлари жанозачилар...

* * *

Шакарқишлоқдаги мактабнинг «Тирик бурчак»ка ажратилган хонасида якшанба кунлари ғозлару товуқлар, қўйлару эчкилар сотилар эмиш.

* * *

Ширинқишлоқдаги муҳташам бино пештоқига: «Беморлар учун ўзига-ўзи хизмат кўрсатиш касалхонаси» деб ёзиб қўйилган дейишади.

* * *

Тошқўрғонлик Аливойни оғайнилари европачалаштириб, «Эдик» деб чақиришади. Бу чалкашликдан таажжубланиб: «Нега Алик эмас, Эдик?»– деб сўрасангиз, қитмир улфатлари илжайганларича жўр бўлиб жавоб қиладилар:

– Лақаби «ешак»-да!

* * *

Олтиариқда энг кўп учрайдигани – туруп сотаётган Аваз, узум ташиётган «Дамас», бодринг юкланган «КамАЗ».

* * *

Олтиариқда энг кам учрайдигани – хурмони чўқиб кўрмаган жўжа, чети сўритоксиз кўча, ҳажга бормаган хўжа.

* * *

Шакарқишлоқлик ширинқишлоқликни саволга тутибди:

– Ҳа, қаёқдан?

– Бозордан. Сигиримни сотиб, манави иккита эшакни олдим.

– Эшакларни нима қиласан?

– Уларда сигиримга даладан хашак ташийман.

– Ие! Сигиримни сотдим деяпсан-ку?

– Бир қишга етадиган хашакни тўплаволай, кейин эшакларни сотиб, яна сигир олавераман-да, акаси бўйидан.

* * *

Олтиариқда энг қадрланадигани – оиланинг улуғи, бодрингнинг уруғи, сандиқдаги «қуруғи».

* * *

Олтиариқда энг қадрсизи – чўлнинг сувсиз ариғи, бодрингларнинг сариғи, ҳамёнларнинг «ориғи».

* * *

Бозор Эгам икки гапга уч сўкиш қўшиб ишлатадиган киши бўлгани учун «қантовуз» (қанд оғиз) деган лақаб орттирган эди.

Йигитлигида ота-онаси бир қизга «оқ кийиб», фотиҳа тўйига ҳозирлик кўришаётганида, бўлажак келиннинг қариндоши уни йўлда тўхтатиб: «Эшитишимча, оғзингиз пешароқ эмиш, укам. Энди сал эпақага келинг, тили ёмон эркакка хотин чидамайди», деб насиҳат қилибди. Шунда Бозор-қантовуз ўзини зўр бериб оқлашга тушибди:

– Тўғри, бўш қўйилса, бу онангни эмгур тил одамни пашшанинг чотидан ўтказиб, бурганинг липпасидан чиқаради. Локин, бизда бунақа хунаса одат йўқ... Ўзи мени сизга қайси энағар ёмонлади?

* * *

Шакарқишлоқлик болалар боларини тутиб, қассобга олиб боришади – шуни сўйиб беринг, гўшти сизга, асали бизга, деб.

* * *

Ширинқишлоқлик қизалоқлар овчига ялинишади – бу сафар бизга балдоқ отиб келинг, деб.

* * *

Шоир Шуҳрат оға депутатликка номзод бўлиб Олтиариқдаги сайловчилар билан учрашувга борганида, туман газетида гоҳ тўрт-беш қатор хабари, гоҳ «замонабоп тўртлик»лари босилиб турадиган бир зот унга шеърий дафтарини тутқазиб, «камтарона» сўз қотибди:

– Мени биров мавлоно Асқад Мухторга қиёсласа, биров мавлоно Мақсуд Шайхзодага ўхшатади. Шеърларимга кўз ташлаб, шу масалага ўзлари ойдинлик киритиб берсалар деганидим.

Шуҳрат оға дафтарнинг айрим жойларига кўз югуртиб чиққач, мулойим тарзда пичинг қилибди:

– Жудаям ўзига хос шоир экансиз, тақсир. Ёзганларингизни ўқиб, сизни мавлоноларнинг бирортасигаям ўхшатмадим.

* * *

Бир шакарқишлоқлик «қўшнимнинг буқаси ғаркўз», деб сигирининг юзига чиммат тутиб қўйган экан.

* * *

Бир ширинқишлоқлик янги туғилган хўтикчасига «Туғилиш гувоҳномаси» олмоқчи бўлиб, тегишли маҳкамага борган экан.

* * *

Қўшнимиз Тўравой тоға ҳалол, ҳақиқатчи, айни чоғда, чўрткесар, сўзи қўпол киши эди. Ўзидан каттароқларни ҳисобга олмаганда, ҳаммани бирдек сенси-рарди.

Тўравой тоға колхозда бригадирлигида унинг қўлида кўп вақт ишлаган Ҳусанбой-туядан шундай бир таърифни эшитган эдим:

– Тўравой ака тушмагур одамлар ишлаётган жойга бориб қолса, «ҳорманглар» десам ҳам сизлаганга ўтиши мумкин деб, «ҳорма ҳамманг», дер эди.

* * *

Олтиариқликлар бошқа жойлардан келин олмасликка уринишади – бодринг ўстиришни билмайди, деб.

* * *

Олтиариқликлар четга қиз узатмасликка тиришадилар – эртанги бодринг етиштириш сирлари бошқа жойларгаям тарқалмасин, деб.

* * *

Олтиариқни энг узоқ муддат бошқарганлар қаторида турувчи Нўъмонжон ака қўл остидаги ходимларидан бири хотини билан ажрашмоқчи бўлаётганини эшитиб, уни қаттиқ тергаб берибди. Юраги така-пука бўлган ходим: «Очиғини айтсам, хотинни бутунлай қўйвориш ниятим йўқ, у лаънатига билдирмасдан бошқаси билан шунчаки никоҳдан ўтиб, тинчроқ яшасаммикин девдим», дея чучмалланибди.

– Калта ўйлама, каллаварам! – деб жеркибди Нўмонжон ака. – Битта бодрингчи эркакка иккита бодрингхўр хотин кўплик қилади.

Бу танбеҳ ғирт олтиариқча бўлгани боис, хомтама «куёвтўра» ўша заҳотиёқ ниятидан қайтган экан.

* * *

– Олтиариқликлар асосан нима билан шуғулланишади?

– Сувни семиртириб, ёзда бодринг, қишда туруп деб сотишади.

* * *

– Олтиариқда нега йўлбарслар яшамайди?

– Бодрингни чумчуқдан қўришни ҳозирча мушуклар бемалол эплаб туришибди.

* * *

Саид Аҳмад домла олтиариқлик Маматожи тоға билан жуда қалин эди. Бир гал Олтиариққа борганида, Маматожи тоға сафарда юргани боис, ўғли Қодиржон аканикида меҳмон бўлди.

Ўтиришдагилардан бири қайсидир ҳасадгўй, иғвогар кимса ҳақида гапириб: «Бунақа одамларни итдай калтаклаб, эсини киритиш керакмикин», деб ғижинди. Қодиржон аканинг турли хайрияларга тез-тез бош қўшиб туриши, кўпгина савобли ишларга ҳомийлик қилиб келаётганини яхши билган Саид Аҳмад домла ўша куюнчак йигитга қараб деди:

– Айтаётган одамингизни ўзингиз дўппослаб қўяқолинг, иним. Ана, Қодиржон ҳомий бўлади.

* * *

– Шакарқишлоқ ўз кинохонаси борми?

– Дўқивой тажанг хотинини қувиб келиб, қишлоқнинг қаерда тутса, ўша ер кинохона.

* * *

– қаҳвахона Ширинқишлоқнинг қайси тарафида?

– ўлжа пиённинг «масканим майхонада» деган хиргойиси қаёқдан эшитилса, ўша ёқда.

* * *

Мозортагилик Абдураҳмон гўрков жуда қизиқ киши эди. қишлоқда соатига битта ўлик чиқаётгандек, доимо шошиб юрарди. Совуқ ҳазиллари турли гурунгларда ҳануз латифа бўлиб яшамоқда.

Йўлда танишлар учраб қолса, Абдураҳмон тоға апил-тапил кўришиб, иккала қўлини кўксига босганича орқага тисариларди ва шип этиб ғойиб бўлишдан олдин: «Бўпти... Кутаман!» – деб қўярди.

* * *

– Шакарқишлоқ билан Ширинқишлоқдаги аёлларнинг мусиқага ҳаваси қалай?

– Жуда баланд! Булари чирмандани «такатумғалвир» деб, улари танбурни «динғирчўмич» деб эъзозлашади.

* * *

– Эркакларнинг Шакарқишлоқ ёки Ширинқишлоқдан эканлигини қандай ажратиш мумкин?

– Нос сўрасангиз, шакарқишлоқлик ўзини карликка солиб тураверади, ширинқишлоқлик шунчаки эшитмагандек бўлиб ўтиб кетади.

* * *

Олтиариқдаги кабобчиларнинг энг тотлиқўли раҳматли Малик ака эди. Пазандалигининг сирини билмоқчи бўлганларга: «Ҳамма гап зира-зирвакни меъёрида қўшиб, гўштнинг сўлига яхшилаб сингдиришда», дерди-ю, сўзга нуқта қўярди.

Малик аканинг ичкиликка майли кучлироқ эди, масаллиғни тайёрлаб бергач, эрталабданоқ «отиб» олиб, лола-лола бўлганича бир четда сузилиб ўтираверар, қолган ишни ўспирин ўғли бажарарди. Ишгаям, гапгаям чечан бўлган ўғил эса, кўрадаги кабобни елпиётиб, ўтган-кетганга қитмирона қичқириб қўярди:

– Кепқолинг! Кабоб ҳам тайёр, дадам ҳам тайёр!

* * *

– Олтиариқдан қачон фазогир чиқади?

– Бошқа бир сайёрада туруп бозори борлиги маълум бўлганида.

* * *

– Олтиариқ Ўзбекистоннинг пойтахти бўлиши мумкинми?

– Бу қисман бор гап. Бодринг пишгунча Олтиариқ Фарғона вилоятига бўйсунади. Бодринг пишгандан кейин, бутун республика Олтиариққа қараб қолади.

* * *

Олтиариқликни саволга тутишибди:

– Турупни етиштириш осонроқми, бодрингними?

Олтиариқлик сирли сузилиб, жавоб қилибди:

– Юк ортилган туядан «барханда тепага чиқиш осонми, пастга тушишми», деб сўрашибди. Шунда туя «тепага чиқишниям энасини ўпай, пастга тушишниям», деган экан. Ҳм... мана шунақа...