OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиОхирги седанатут қиссаси (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм33KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Охирги седанатут қиссаси (ҳажвия)
Анвар Обиджон

Ҳамма ухлаганда Бойхўроз дарвозани имкон қадар ғижирлатмасдан очиб, кўчага чиқди. Икки ҳатлаб йўлкадан, бир ҳатлаб ариқча кўпригидан ўтди. У ёқ-бу ёққа аланглаб олиб, танаси бир ярим белбоғли седанатутга яқин борди, унга биқин тираб, кавагига қўл суқди. Қўлтиғи кавак четига тақалганда, қўлини яна озгина бўлсада ичкарироқ тиқиш умидида чап оёғини итчоптириш шаклида кўтариб, қайчиланишга тушди.

– Ҳе потапотингга азроил мингашгур, – деб ғудранди у. – Сен бўлмасанг, шу ғалвалар ҳам йўғиди.

Ўшанда 1986 йилнинг ёзи эди. Бойхўроз паловни куёвбўкиш қилиб еб, тантанавор кекиришга шайланганида, биров чақириб қолди. Чиқса, дўкончи йигит «Ява» мототсиклини седанатутга тияб, кўйлагининг этагида қорнини елпиб турибди. Ноёб мол келса, раисникига югуради, потапоти бузилса, Бойхўроз керак бўлади.

Вақт шомдан оғиб қолганига қарамай, тимирскилаб-тимирскилаб, тузатиб берди – шунчаки чақмоқ кирлаб, учқун чиқармай қўйган экан. Дўкончи димоғида суюқроқ раҳмат айтиб, халтадан битта вино суғурди ва: «Ювайлик энди. Ҳидлагани уйдан бирон нарса опчиқинг», дея қопқоқни очмоқчи бўлди.

– Шошма, ука, – Бойхўроз «Чашма»ни унинг қўлидан юлқилади. – Ҳозиргина кекирдаккача ош едим. Шу топда кетмайди.

Қирриқ! Ҳар сафар атайлаб шиша олиб келади. Хизмат ҳақига пул берса, энди даромадни бўлишайлик, деёлмайди-да.

Мижоз жўнагач, Бойхўроз ариқчадан сакрамоқчи бўлиб бурилди-ю, дарвоза ортидаги сўрида ўтирган хотинининг овозини эшитиб, тўхтаб қолди, қўлидаги шишага пайсалланиб боқди. Бир кўйлаги ичидан қўлтиқлаб кўрди, бир шимининг орқа томонига қистириб кўрди – яққол билиниб тураверди. Кўзи седанатутнинг кавагига тушиб, енгил тортди, шишани ўша жойга тиқди. Умрнинг ўтишини қаранг, олтмишинчи йилларда шу кавакка отасидан носини беркитиб юрарди. Кетмонининг сопи тўрт марта алмашмай туриб, хотиндан вино яширишга навбат кептурибди-ку...

Мана, саксон еттинчи йилнинг саратониям ўтиб боряптики, ҳануз шуни ололмай хуноб. Тутнинг ўзаги чириб, кавак чуқурлашиб кетганини ким билибди дейсиз.

Бойхўроз енгида пешанасидаги терни артди. Кўприк тагидан «асранди» пиёлани олиб, ариқчадан сув ичмоқчи бўлиб турганда, қўшнисининг кўча қопқаси очилиб, бурнини «қиш-қиш» қилганича Кўкивой чиқди.

– Кайфинг баланд шекилли, энағар, – дея яқин кела бошлади у. – Хотин билан яна оранг бузилдими дейман-да? Деразадан кўриб ётибман, ярим соатдан бери шу тутни қучоқлайсан?

Бу исковуч бир нарсадан ис олиб, атайлаб чиққан. Айниқса, пиёлани кўргандан кейин кўзи олазарак тортди, ойдинда шундоқ сезилиб турибди. Энди бундан қочиб қутулиш қийин.

Бойхўроз бор сирини тўкиб солди, катта умидворлик билан унинг оғзига тикилиб, маслаҳат кутди. Кўкивой эса, фаразбозлик қилиб ўтирмай, амалиётни танлади, тўғри бориб, тутнинг кавагига билак киритди. Кўп титкиланди, узоқ уринди. Уриниши шунчалар узоққа чўзилдики, «ана олдик, мана топдик» билан саксон саккизинчи йилда яшай бошлаганларини анча кечикиб эшитишди.

Қишнинг охирига бориб, иккаласи ҳам ниҳоятда ҳолдан тойди. Бойхўроз уч қатор кийимнинг енгини илма-тешик қилиб, куни қайнотасининг чопонига қолди. Кўкивой аввалига жуда озиб кетди, кейин қаттиқ шамоллаб, касалхонага тушди. Иситмада алаҳсираб, оламдаги тут экувчи жами мамлакатлар-у, пиллага кўз тикиб турувчи барча корхоналарни жилд янги сўкишлар ишлатиб бўралай кетди. Ўша даврда СССРнинг ипакчиликдаги обрўйи баланд эди. Шуни ҳисобга олиб, фикрлаши издан чиқа бошлаган Кўкивойни жиннихонага кўчирмоқни лозим топишди...

Кўкивой жисмоний ва руҳий жиҳатдан соғайиб қайтар экан, уйига киришдан олдин седанатутга яқин бориб, ичига тошча ташлаб кўрди. Шиша жаранги эшитилгач, кўнгли тинчиб, бола-чақасининг оғушига талпинди. Касалхонада ётган вақтида бир режа тузиб қўйган эди, Бойхўроз билан кўришган заҳоти шуни муҳокама этишга тутинди. Бойхўроз ўйланиб қолганини кўриб, зардаси қайнади:

– Паскашлигинг қўзимасин энди. Шу Ўтангаям бир ҳўплам қуйсак қуйибмиз-да. Энағар жуда уста, гоҳ отёлини жиззақ қилиб, бедана тутади, гоҳ қармоғини милтиқдек елкалаб, балиқчиликка жўнайди. Мана кўрасан, биринчи сиртмоқ ташлашдаёқ шишани илинтиради.

Шундан кейин ҳамма кўргилик Ўтаннинг бошига кўчди. Ташлаган сиртмоғи доим кавакнинг бирон-бир тирноғига илашаверди, ўн иккита қармоғидан бирортасида бутун ип қолмади. Ёғингарчилик авж олиб, қировли кунлар яқинлашган сайин Кўкивойнинг безовталиги орта борди. Иш худди у ўйлагандек бўлди – даракчи қор учқунлаши билан Бойхўроз: «Иш тамом, ўртоқлар, наврўзгача дам оламиз», деб «магазин»ини ёпди.

Саксон тўққизинчи йилнинг Наврўзи оқшомида учовлон яна седанатутнинг тагига тўпланишди.

– Чилла ичи калламга бир фикр келувди, – дея учрашувни очди Ўтан. – Гап шу – Бойсин новчани шерик қиламиз, қўли бизникига қараганда бир ярим баравар узун. Кавакдаги шиша нима, қудуққа тушган пақирниям олади. Қалай, Бойхўроз, маъқулми?

– Маъқулмас! Яримталик «Чашма»га уч кишидан ортиғи – ортиқ!

Кўп насиядан оз нақдни афзал кўрадиган Кўкивой: «Яна ўша паскашлигинг қўзияптими?» –дея гап бошлаган эди, Бойхўроз: «Ким паскаш? Иккалангниям пулинг куймаган-да, а?» – деб жеркиб ташлади.

Кўкивойнинг тепа сочи тиккайди:

– Нима? Шуни деб қанча меҳнат қилдим, ҳов! Соғлиғимни йўқотдим, ҳов?

– Мен-чи? – икковига галма-гал ўқрайди Ўтан.– Қармоқларим бутлигида рўзғоримга ҳафтада беш-ўн қадоқ балиқ кириб турарди. Иккаланг мени гадой қилдиларинг. Минг лаънат сен ваҳшийларга!

– Нимага мени қўшиб гапирасан, қийшиқ? – жириллади Кўкивой. – Ҳамма машмашани бошлаган анави тўнғиз-ку.

– Вей, жиннихонадан чиққан! Кимни тўнғиз деяпсан?

Шу куйи учаласи юзкўрмас бўлиб тарқалишди. Бу ҳол тўқсонинчи йилнинг майигача – Бойсин новчанинг қизи эрга узатилгунча давом этди. Тўйда, шароит тақозоси билан, учаласи бир капа остида ўтириб қолишди. Аммо, бирор марта ҳам пиёла уриштиришмади. Ўз тўйида алжираб қолмаслик учун ҳаммадан камроқ ичган Бойсин новча буни назардан қочирмай, луқма ташлади:

– Ўтанвой, қўшничилик қилиб, Кўкивойга ҳалиям балиқ-малиқ чиқариб турибсанми?

Ўтан индамай қовурма сувига нон ботирди. Кўкивойнинг афти буришди:

– Балиқ бу – ни хрен, ни меяса...

Бойсин яна ниманидир сўрамоқчи бўлган эди, Бойхўроз унинг оғзини сувади:

– Гапни кўпайтирма, ошна. Кейин ўзингга айтаман. Ҳм...

Бу араз-дуразлар шишадошликка унинг номзоди киритилганидан кейин бошланганини билиб олган Бойсин новчи эртасига уч улфатни седанатут остига зўрлаб йиғиб келди. Ярашув маросими шишага яқин жойда ўтаётгани боис иш узоққа чўзилмади. Бойсин тўнининг ўнг енгидан қўлини чиқариб, кавакка тиқди, юзида табассум балқиди. Бу ёқдагилар ҳам бир-бирига жовдираб, хушнуд қош учиришди, кўз қисишди, мўйлов силашди. Бойхўроз кўприк тагидан пиёла олиб, ариқчада чайқай бошлади. Бойсин кавакдан қўл суғираётганда, Ўтан чўнтагидан тўрт-бешта туршак чиқарди, Кўкивой худди шиша тушиб кетадигандек, кавакдан пастроққа эҳтиёт шартдан ҳовуч тутди.

Ниҳоят Бойсин новчанинг қўли тўлиғича ташқарига чиқди. Кафти гадойникидек бўм-бўш эди. Бойхўрознинг манглайидан совуқ тер юмалади, Кўкивойнинг мўйлови сўлжайди, Ўтаннинг оғзи баттардан қийшайди.

– Ё бир, ё бир ярим сантиметр етмаяпти, –дея ҳамон илжайганича бармоғининг учини силади Бойсин. – Яна уч-тўрт ой сабр қиласизлар.

– Сабр?!

– Уч-тўрт ой?!

– Н... н... нимага?!

– Бир эшитувдим, – «илмийланди» Бойсин. – Турникка бурушта осилиб турадиганлар маймунқўл бўпкетаркан.

Кўплашиб турник қуриб беришди. Бойсин тирикчиликни йиғиштириб, тинимсиз машқ қилишни бошлади. Тўрт ойгача ҳар ҳафтада ўлчаб туришди, қўли ҳадеганда ўсавермади.

– Нима, бу сизларга ошқовоқпалакми, – дея уларга танбеҳ берарди Бойсин новча. – Аввал эт кўникади, пай пишади, томирлар кенгаяди, кейин бирданига ўсиб беради. Инсон танаси – мўъжиза!

Бу мўъжизани тўқсон биринчи йилнинг августигача кутишди. Охири ҳафсалалари пир бўлди. Москвадаги ГКЧП воқеасидан кейин «тўгарак» бутунлай тарқаб кетди.

Бойсин улфатлари олдида ўзини шувитюз ҳис этиб, кечалари билан ўйланиб чиқарди. Фақат қизиқувчанлик эмас, хижолатпазлик ҳам баъзан зўр кашфиётга сабаб бўлиши мумкин. Бойсин бошида чарақлаган янги ўйдан ўзига тасанно айтиб, Чўян аспалчининг уйига борди. Уни седанатут тагига бошлаб келиб, эски «ҳайъат»ни тўплади, фикрини баён қилди, таҳсинлар эшитиб, дуолар олди.

Беш юз граммлик «Чашма» беш кишига роппа-роса юз граммдан тақсимланиши халқаро ўлчовларга ҳам мослигидан фахрланишиб, ишга киришдилар. Чўян уйидан мум келтириб, тунука идишда эритиб суюлтирди, кавакка қуйди, сўнг етти-саккизта узун-узун сим тиқди.

– Буям бир алломалик, – деб бурун кўтарди Чўян.– Ҳозир шишаям, симларам қораёғнинг ичида турибди. Яхшилаб қотсин, кейин симни бир тортсак, винохон бағримизда-да. Виғ-ғ...

Кўкивойнинг ишораси билан Бойхўроз кўприк тагидан пиёлани суғириб, ариқчада чайқашга тушди. Ўтан чўнтагидан туршак чиқарди, Бойсин унинг кафтига эгилиб, газакнинг чангини пуфлади.

Кавакдан ўрлаб турган тутун тўхтагандан кейин ҳам Чўян шишани қутқаришга шошилмади, оғзига сигарет қистириб, эринчоқлик билан тутатди, қош кериб, аста-секин сўришга тутинди. Сигаретнинг бошига етиб бўлиб, панжаларини обдан уқалади, симларни эшиб, учини турмаклади, ортиқча чиранмасдан бир-икки бор тортиб кўрди. Сўнг олифтачиликни йиғиштириб, кучаниброқ силтади. Охири, зўриқиши ортгани сайин, ихраши ҳам баландлаб борди. Маҳалладаги айрим тарновтомоқларнинг бу беўхшов овоздан хавфсираб кўчага чиқиши эҳтимоли туғилганида, атрофдагиларнинг бири симга, бири Чўяннинг этагига ёпишишди. Барибир фалокат юз берди – қоронғилик қаъридан кутилмаганда велосипедли уста Қўшмоқ балқиди, нималигини суриштириб ўтирмай, ҳашарга қўшилди. Эшилган симга айнан шу етмай тургандек «тарс» этиб узилди, олтовлон олти жойга учиб, сақичйўлнинг чангини тозалашди. Чўяннинг ўрнидан турибоқ биринчи айтган гапи шу бўлди:

– Тўла кафолат бераман, «Чашма» бус-бутун. Кавакнинг туби тепа қисмидан кенгроқ бўлиши мумкинлигини ўйламабмиз.

Гап нимадалигини шу икки оғиз сўзданоқ англаб етган уста Қўшмоқ янги таклиф билан ўртага чиқди:

– Ўттиз йилдан бери элга сартарошмиз, ўзим ўргилайлар, кўпни кўриб қўйдик. Яхши маслаҳатга хўп денглар. Тутни ими-жимида арралаймиз, секингина ёнбошлатамиз...

«Арралаймиз» деган сўз Бойхўрознинг қулоғига «арра қиламиз» тарзида эшитилди.

– Йўқ! – деди у. – Отамнинг арвоҳи ўксийди. Бу – қишлоқдаги охирги седанатут, уни эҳтиёт қил, деганидилар.

– Инсофни бахмалга ўраб айтганда, «Чашма»нинг уруғиям хирмонда сочилиб ётгани йўқ, яхшилар, – дея ташаббускорликни қўлдан бермасликка уринди уста Қўшмоқ. – Мен энг тўғри йўлни айтдим, бунақада хўп дейиш керак. Қани, Ўтанвой, ғирр этиб Тонготар сандиқчиникига кирсинлар, олмосдек арраси бор.

Ўтан қуруқ бўйи билан кетиб, қуруқ бўйи билан қайтди. Тонготар сандиқчи арра нега кераклигини сўрабди, Бойхўрознинг тутини ағдармоқчи эканлигини билиб, «кетавер, орқангдан ўзим олиб бораман», дебди. Айтганидай, узоқтирмасдан етиб келди, лекин ёнида қишлоқ пиллачилари бошлиғи Жонибек бирпой ҳам бор эди.

Машмаша бошланди. Маълумки, Тонготар ҳар пилла мавсумида қурт боқади. Бойхўрознинг седанатути эса унга биркитилган.

– Нима, кетингга хода уряптими бу тут? – дея қўлтиқтаёқ орасидан дағдаға қилди Жонибек.

Бойхўрознинг кўзи чақнади:

– Ҳа, уряпти! Тут меники-ю, баргига сен хўжайинсан. Ҳеч бўлмаса, меваси пишгунча қўйиб бермайсан. Кесаман! Ўтин қиламан!

– Унда, ўзинг қурт тут, баргиниям ўзинг кесволасан.

– Бир ой қурт тутасан, бир йилгача уйинг ҳожатхонадек сасиб ётади. Берган пулинг жипириққа муқом қилдиришгаям етмайди. Жа аҳмоқни топволиб, а?

– Тут тугул, битта новдасига тегиб кўргин-чи!

Кейинги анжуманга Тонготар сандиқчини ҳам чақиришиб, шишадошликка еттинчи номзод этиб рўйхатга олиниши билан қутлашди. Жонибек бирпойга йўлиқишни, седанатутга ҳеч қандай даъвоим йўқ деб айтишни топширишди. Тонготар ўз улушини ичишдан ташқари, бўш шишани ҳам олиб кетиш шарти билан розилик берди. Аммо, ишнинг бу томони пишса-да, у томони хом чиқди– Тонготар даъвосидан кечсаям, Жонибек: «Тут сенга керак бўлмаса, жамоа хўжалигимизнинг жаҳон бозорига чиқиши учун керак», деб уни ҳайдаб солибди.

Иш қадоққа қадалиб қолганига қарамай, бўлажак «чашма»хўрлик тарафдорлари ҳар тунда ўз-ўзидан седанатут остига йиғиладиган, гоҳ қуруқ, гоҳ бир чойнак чой устида гурунглашиб ўтирадиган бўлишди. Суҳбатда дам фермадаги, дам яқин Шарқдаги димиқликлардан гап кетар, биров бош буғолтирнинг қудаси билан ораси бузилганидан, биров Туркиянинг Юнонистонга муносабати илиқлашиши мумкинлигидан сўз очар, Жонибек бирпойнинг сурбетлигидан тортиб, инглиз қироличасининг сирли хулқ-атворигача муҳокама этилар эди. Хазонрезгига бориб, пролетариат диктатураси масаласида Маркс катта хатога йўл қўйганлигини эндигина тафтишлай бошлаганларида, уста Қўшмоқ оммани сиёсатдан чалғитди.

– Йўлини топдим! Тутнинг тагига саларка қуйиб қуритиш керак. Тут қуриса, Жонибекнинг қонунлариям ишдан чиқади, ўргилайлар.

Ўтан эътироз билдирди:

– Саларка қуйсак, ҳаммаёқ куйгандек қорайиб қолади. Жонибек хумбошмас, сезади.

– Бурноқ йили ҳовлимдаги нашвати кўчати бирдан қуриб қолса бўладими, – дея ҳиринглаб сўзлади Тонготар. – Кейин билсам, иккита неварам айвондан тушибоқ, унинг тагига чоптириб юришаркан...

– Энди шу қолувди, – деб тўнғиллади Бойхўроз. – Умуман... ҳеч кўзим қиймаяпти. Биринчидан, бу седанатут қишлоқда биттаю битта. Иккинчидан, отамдан бир эсдалик. Учинчидан, шуни соясида эндигина беш-ўнта мусулмоннинг боши қовушаётганда...

–– Э, тур-э! – қўл силтади Бойсин новча. – Сиёсатни ғалвирлашга берилиб, шолғомни қуритиб қўйишимга сал қолди.

Даврада ғала-ғовур кўтарилди. Жанжал кучаймаслиги учун Кўкивой шошилинч таклиф киритди, овозга қўйилди, кўпчилик томондан маъқулланди. Шундан сўнг маҳалланинг уюшган бир қисми бўшалиш учун кечалари атайлаб седанатут ёнига келадиган бўлишди. Бойхўрознинг хотини ариқчадан сув олишга чиққанида гоҳ шу атрофда ғалати ҳид пайдо бўлганидан, гоҳ седанатут теварагидаги ажриқлар барвақт қовжирай бошлаганидан, кейинчалик эса, томир устидаги қорларда сарғиш доғлар кўпаяётганидан таажжубланиб юрди...

Тўқсон иккинчи йилнинг марти, омон-омонликнинг илк баҳори етти мусалласпарварга ҳеч қандай қувонч келтирмади. Қишлоқдаги седанатут гўё уларга қасдлашгандек, одатдагидан эртароқ куртак чиқарди.

Айниқса, Бойсин жуда тўлиқиб кетди:

– Э, ўша Жонибегингни попкасидаги қонунига урай. Ўзингни тутингга ўзинг хўжайинлик қилишга ҳаққинг бор, Бойхўроз. Жонибек, жа нари борса, юз сўм иштароп солар. Хўш, етти киши шуни тўлолмаймизми? Кесамиз тутни, васаллом!

Чиқимнинг дарагини эшитиб, уста Қўшмоқнинг юзи гезарди. Яна бир оз қўйиб беришса, юз сўмга юз шишадан ошиқ вино олиш мумкинлиги каллага урилиб, балки бир-бирларини мириқиб мазахлашган бўларди. Бироқ, Чўян аспалчининг: «Ўтган йили мошинамиз битта тутни уриб синдирганида, буни тасодифга йўйиб, уч юз сўм жаримадан зўрға қутулиб кетувдик», деган гапи барчанинг фикрини баттар тўзғитди.

– Ана-а! – Кўкивой чапак урди. – Ҳовузга энди қопқоқ топдик. Сотволди билан келишамиз. Билмаганга олиб, тут энағарни трактирида қиттак турткилаб ўтади...

Сотволди шоввоз йигит эмасми, ноз қилиб ўтирмади. Тракторим таъмирдан чиққан куни бизга байрам, тутга аза, деди.

Тракторнинг тузалишини кутиб, ҳамманинг кўзи тўрт бўлиб юрди. Тонготар сандиқчи энасига йил оши берган куни улфатлар аввал бир-биридан, кейин бошқалардан Сотволдини суриштириб чарчашди.

Бир маҳал лойга беланганича жамоа хўжалиги раисининг ҳайдовчиси келиб қолди. Машинаси раис-паис билан бирга зовурга ағанабди. Эркаклар ёрдамга чопишди. Етиб боришгач, биринчи навбатда, суянчиқлар орасига қисилиб қолган хўжайинни кўплашиб ташқарига суғиришди. Машинани нима қилишни билмай турганларида, бўёғи қуримаган тракторни возиллатиб Сотволди етиб келди. Ёнида кўзини йилтиллатиб Жонибек бирпой ўтирар эди. У Бойхўрозга қараб негадир мулойим тиржайди, бош қимирлатиб, қуюқ саломлашган бўлди. Одатда башарасидан заҳар томиб турадиган пиллабошининг бу хушомадлари Бойхўрозни ҳайратга солди.

– Билгандек келдинг, Сотволди, – деди раис. – Торт мошинани.

Ўчакишгандек, тракторда ҳам, машинада ҳам симарқон йўқ экан, Сотволди «ҳозир топиб келаман», деб гаражга кетди. То симарқон топиб келиниб, машина тортиб чиқарилгунча раис устки кийимини қуритиб улгурди.

Хўжайинни кузатишгач, барча «Чашма»чи тенгдан Сотволдини қуршади.

– Тут капут! – деди Сотволди.

– Анави нима қилиб юрибди? – безовталаниб, Жонибек тарафга ишора қилди Чўян аспалчи.

– Тутнинг қарсиллаб йиқилганини эшитиб, уйидан чиқди-ю, пешанангда кўргилик боракан, бола, деганича ёқамдан бўғди. Илож қолмади, гап нимадалигини айтиб, шерикчиликни шама қилдим. Хайрият, шаштидан тушди.

Бир тракторда тўққиз киши бўлиб, Бойхўрозникига жўнашди. Келиб қарашса, седанатутнинг тўнкаси бору, танаси йўқ. Бойхўроз шошиб ҳовлига кирди, хотинидан тутни суриштирди. У камзулининг чўнтагидан ўнтача бир сўмликни чиқариб кўрсатди.

– Ҳурмат кулолга ўтинга сотвордим. Ҳўкизида судраб кетди.

– Уйда йўқлигимдан фойдаланиб, сени жуда арзонга лақиллатибди-ку, – тиш қайраб ғингшиди Бойхўроз.

Трактор Ҳурмат кулолнинг дарвозаси ёнида тўхташи билан ҳамма ичкарига ёпирилди. Ташқига кирибоқ, карахт ҳолда туриб қолишди. Тут аллақачон ғўлалаб ташланибди, ғўлалардан бири хумдон остидаги каттакон ерўчоқда гувиллаб ёниб ётарди.

– Бу ўша! – дея бармоқда ўчоқ ичини кўрсатди Чўян аспалчи. – Тутнинг пастки қисми ёняпти, сақичнинг ҳийдини сезяпсизларми?

Бойхўроз кетмон, Кўкивой курак, Бойсин новча бешлик, Сотволди ходача топиб, ғўлани тортқилай бошлашди. Ҳурмат ичкаридан ҳай-ҳайлаганича чиқиб келиб, яқинроғида турган Тонготар сандиқчига тупугини тўзғитди:

– Нима қиляпсизлар? Ўт пасайса, хумдондаги идишлар бурақ бўлади-я!

Қўлтиқтаёғини тўқиллатиб, ташқига энг кейинда кирган Жонибек бирпой Ҳурмат кулолнинг қаршилик кўрсатишга астойдил киришганидан тутоқиб, уста Қўшмоққа шанғиллади:

– Тўққиз кишига етган нарса, ўн кишигаям етади. Ҳурматни шерикликка тортмайсанми!

Қисқа тушунтирувдан сўнг Ҳурмат қаршиликни тўхтатиб, югурганича ҳовлидан чангак топиб чиқди, бир санчиб юлқишда ғўлани ўчоқдан суғурди. Ғўла ҳамон гувиллаб ёнарди. Ўтан пизиллаб бориб, чилдираб турган артизоннинг тагидаги пақирни кўтариб келди.

– Тўхта, эшаккалла! – қичқирди Жонибек бирпой. – Шиша қизиб ётибди, сув сепма!

Ўтан тўпалонда бу товушни эшитмади.

Сув сепилгач, ғўладан бирин-кетин уч хил овоз таралди: «Жа-а-з! Вис-с-с... Гумбирах-х!!!»

Ҳамма ўзини ерга ташлади, ҳар ким ўзининг бошини буркади.

1992