OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиҚадрдон йиғилар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм5KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қадрдон йиғилар (ҳикоя)
Анвар Обиджон

Мен, деразасини ланг очиб қўйиб, нонушта қилишни ёқтирадиган болохонанинг шундоққина тагидан торгина йўл ўтган. Йўлнинг нариги бети – болалар боғчаси. Боғчага қатнайдиган тирмизаклар менга шу қадар ёдаки бўлиб кетганки, уларни кўрмай туриб, товушиданоқ адашмай таниб оламан.

Кузатиб келадиган катталар отини айтиб чақирганда, баъзиларининг исми эсимда қолган. Кўпчилигига эса, ўзимча лақаб тўқиб олганман.

Мана, яна одатдаги нонушта. Хонтахта ёнида чордана қуриб, қатиқли гўжа келишини кутганимча, чой-нонни эрмак қилиб ўтирибман. Ярим тўғрам нон еб улгурмасимдан, қулоғимга биринчи таниш йиғи чалинди:

– Биғ-ғ-ғ... Ғип! Биғ-ғ-ғ... Ғип!

Бу – Қуюнтой. Қарамасдан ҳам сезиб турибман, ойиси дам унинг қўлчасидан тортқилаб, дам кетига енгил шапатилаб, бошлаб келяпти.

– Э-э-в! Эв-эв-эв...

Буниси – «Қора бўғирсоқ». Иккала қўлини дўмпайган қорнининг остига доим чирмаштириб олади. Қошини баланд кериб, салмоқли қадам ташлайди. Бошқаларнинг аҳволини кўриб, боғчага ҳўнграк отиб боришни фахрли русум деб тушунади шекилли, кўзидан бир томчи ёш оқизмай, йиғини шунчаки хиргойилаб келади.

Лекин, «Кулча момо»нинг айюҳанноси ҳақиқий. Ана, эшитиб кўринг-а:

– Ва-а-а! Ва-ваа! Ва-ва-ваа!

Ий, буниси ким бўлди? Э-э, Учқурбек-ку. Ширавор нарсалардан кўпроқ еганми, бугун овози андак хириллаб қолибди. Унинг фарёди жуда ўзига хос, лойга ботган юк мошинасининг пайдарпай кучаниб силкинаётганини эслатади:

– Ғи, ғи, ғи... Ғир-р! Ғи- ғи, ғи... Ғир-р!

Ў, Тасмахон пайдо бўлди-ку! Унинг усулиниям тез фарқлаб оламан:

– Я, я, я... Я, я, я...

Ҳар бир «я, я, я»нинг орасида чарм шиппагини «тап-тап-тап» қилиб, сақичйўлни депсиб қўяди.

Янглишмасам, навбатдагиси – «Мулла ваҳима». Оёқчаларини қармоқдаги лаққадек потирлатиб, яна дадасининг қўлтиғида келаётган бўлиши керак:

– Анг! Анг! Ба-ба-баа! Аба-бабааа!

Ҳаммадан босиғи – Чинтемир:

– Ҳиқ, ҳиқ... Қачан оптетасиз, оййи?

– Ишхонамда мажлис бор. Бугун уйга даданг опкетади.

– Шаталат оптесин. Ҳиқ, ҳиқ...

– Кўнгиллари яна нималарни кусаяпти?

– Қуйит, хўязқант... ҳиқ... қулқунай... ҳиқ...

– Қулупнайни кеча роса лиқиллатиб ютдинг. Етади!

Чинтемир: «Йў, етмайди!» – деб тихирлик қилишини кутиб, диққатимни жамладим. Бироқ она-боланинг товушини «Маллаботир» кўтарган дод-фарёдлар бўрони буткул кўмиб ташлади:

– Ҳа бў-ў-ў! Ҳа бў-ў-ў! Бў-ў-ў!!!

Шундан кейин кўча анча вақт жимиб қолди. Бундан туйқус дилим ғашланиб, жиддий хавотирлана бошладим: «Жингирвой»га нима бўлдийкин? Шўрликнинг тоби қочдимикан? Вақтида дўхтир чақиришдимикан, ишқилиб?

Гўжани ичиб бўлиб, пиёладан охирги марта чой ҳўплаётганимда ҳам кўнглимнинг бир чети қоронғилигича тураверди. Дастурхонга фотиҳа ўқишга чоғланган эдимки, тўсатдан «Жингирвой»нинг чийиллоқ овози таралиб, қулоғимга ўқёйлардек ёйила кетди:

– Мий-й! Мий-й! Ми-мий! Мав-в-в...

Ҳамма ошналаримнинг соппа-соғ эканлигини билиб, енгил нафас олдим. Яхши кайфиятда ишга жўнадим.

1996