OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиҚийғиракнинг шамоли (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм7KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қийғиракнинг шамоли (ҳажвия)
Анвар Обиджон

Синоптикларнинг навбатдаги йиғилиши давом этар, келгуси ой учун гидрометеорологик бюллетен тайёрлаш масаласи муҳокама қилинмоқда эди.

– Ҳой, сен бунақа ғўрлик қилмагин, Тошкўмиров!– дея, жамоага бундан бир ойча олдин келиб қўшилган ёш ходим Тоштемировга дакки берди бошлиқ. – Водий ҳақида тайёрлаган маълумотларинг икки ҳафта ўтмасдан юзимизни шувит қилди-ку. Бюллетенда, худди жўғрофиядан имтиҳон топшираётгандек, вилоятлар қолиб, ҳатто туманларнинг номиниям кўрсатиб ўтибсан. Намунча мижғов бўлмасанг, ука? «Водий» дейилгандан кейин, гап томом-да. Бу чеккасида ёмғир ёғмаса, у чеккасида ёғар, бу тарафига туман тушмаса, у тарафига тушар. Ҳе, сени қара-ю...

Бошлиқ пича жимиб қолди. Икки тамшаниб, бир ютинди. Сўнг ўтирганларга бир-бир бақрайиб боқди. Ҳамма тенгдан сездики, энди асосий масалага ўтилади.

– Гап шу! – столни пашша ўлдириш услубида қаттиқ шапатилади бошлиқ. – Янги бюллетен шундай тайёрланиши керакки, унда тулкининг инидагидек қирқта туйнук бўлсин. Бирон-бир жойда офтоб чиқсаям, чиқмасаям, тош ёғсаям, ёғмасаям, маълумотларимизга шундоққина мос келиши шарт.

Бу сўзлар барчага тааллуқли эса-да, бошлиқ кўзини нуқул унга камалаклаб гапирганлигидан тегишли хулоса чиқариб олган Тоштемиров шумшайган куйи: «Хўп бўлади», деб минғирлаб қўйди.

– Қани, фикрлар бўлса, эшитайлик, – атрофдагиларга қиялади бошлиқ.

Биринчи қаторда мазкур муассасага деярли тенгдош бўлган уч нафар туллак ходим – Чамаев, Таваккалов ва Фолчиевлар ўтиришарди. Фолчиев билан Таваккалов ёши андак улуғроқ бўлган Чамаевга маънодор кўз ташлашди. Чамаев тепакал бошидаги уч яримта сочни авайлаб силаб қўйгач, жангдан чарчаб қайтган саркардаларга хос мудроқ қиёфада дўриллади:

– Томдаги флюгернинг тумшуғи уч кундан бери ғарбга қараб турибди. Шунга асосланиб айтиш мумкинки, шамол сурункали равишда унинг думи томонга эсмоқда...

– Флюгерни ҳозирча тинч қўяйлик, – унинг сўзини бўлди бошлиқ. – Хўш, маънилироқ гап айтадиган одам борми?

Бошлиқнинг кўнглидагини ғиззо пайқаб етган Таваккалов чайналиб ўтирмай, гапни лўндасидан бошлади:

– Маҳаллий мирзатеракларнинг барги бу йил тепасидан тўкилиб боряпти. Демак, қиш қаттиқ келади. Қўшним Жуман боққолнинг фикриям шу. Айтмоқчиманки, янги маълумотда ҳавонинг исиши ҳақида камроқ башорат қилганимиз маъқул.

Касбдошининг гапи бошлиққа ёқимсирагани Чамаевнинг ғашини келтирди. Уч яримта сочи тиккайгудек бўлиб, дарҳол қарши ҳужумга ўтди:

– Растани болам, бозорни олам дейдиган хумбош Жуман боққолни фанга тиқиштириб нима қиласиз. Кеча автобусда ишга келаётсам, кўзидан фаросат ёғилиб турган қишлоқи оқсоқол далада бир жуфт лайлакни ўз кўзи билан кўрганини айтиб қолди. Лайлакки шу пайтгача учиб кетмаган экан, совуқ кеч тушади.

Рақиб ҳам бўш келадиганлардан эмасди.

– Бемаъни гап! – қатъий эътироз билдирди Таваккалов. – Иккита пандавақи лайлакнинг ҳануз далада юриши ташкилотимизга қимматга тушиши мумкин. Барчамизга маълумки, олқарғанинг шамоли шитобли ўтди. Бу – намгарчилик кўп бўлади дегани. Шундай экан, ҳавонинг совуш эҳтимоли борлигига нега ишонмаслигимиз керак?

Иккала ходим ўртасида тортишув бошланди. Бири қурбақалар кейинги кунларда ҳовуздан чиқмай қўйишганини пеш қилса, бошқаси чумолилар ҳамон инидан бемалол узоқлаб юрганини айтиб, ўзининг ҳақ эканини исботлашга тиришарди.

– Майда гапларни бас қилсаларинг-чи, оғайнилар, – баҳсчиларга насиҳатомуз сўз қотди Фолчиев. – Балки, икковларингни гапларингдаям маълум даражада жон бордир. Лекин, аниқ-тиниқ фикр билдиришга ҳали сал эрта эмасмикин?

– Хўш, хўш? – бирдан зийракланди бошлиқ.

– Жичча сабр қилсак, эрта-индин қийғираклар ўтади,– дам бошлиққа, дам теваракдагиларга боқиб, сўзлашда давом этди Фолчиев. – Агар қийғираклар қибладан эсган шамол билан учиб келишса, совуқ эртароқ тушиши аниқ. Мабодо, тескари шамол билан келишса...

Қиттай кеч бўлса ҳам, ишни пишиқ-пухта қилганга нима етсин. Хуллас, бюллетен қийғиракнинг шамолидан кейин тайёрланадиган бўлди.

Синоптикларнинг иши жуда нозик, ўта мураккаб. Буни билган билади.

1972