OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиҚоринботир (достон)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Болалар ва ўсмирлар адабиёти
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Достонлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм62KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/22
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қоринботир (достон)
Анвар Обиджон

Ўрмон. Саҳнанинг тўриси дарахтзор, ўртада каттакон тўнка, ўнг четда тўп бўлиб ўсган майманчак. Уёқ-буёққа аланглаганича Қуёнхон кириб келади, атрофга товуш қилади.

Қуёнхон:
— Қуёнжо-о-н! Қаердасан, укагинам? Тағин. Адашиб қолмагин, миттивой.

Бу ер гулшан боғ эмас,
Бу ер тиканзор ўрмон.
Бунда меҳр қалбаки,
Қонуниям ғирт ёлғон,
Укажоним, адашма!
Адашганга яхшилар
Кўмаклашар ҳар маҳал.
Бизда дарров ем бўлар
Биров чалғиб қолса сал,
Укажоним, адашма!
Хавфли эмас Қўрсичқон,
Кўзи очиқ кўрдан қўрқ.
Барча кўрлар номидан
Иш кўрувчи зўрдан қўрқ,
Укажоним, адашма!
«Эрк ва Адолат» сўзи
Безар бизнинг байроқни.
Асли байроқ кийдириб
Ниқоблашган таёқни,
Укажоним, адашма!

Овоз:
— Вақа-а-а! Вақ-вақа-а-а!

Қуёнхон чўчиб товуш келган томонга қарайди. Майманчак ортидан юм-юмалоқ махлуқ кўтарила бошлайди. Унинг кўзлари косадай, бесўнақай оғзи иршайган, думи шабадада латтага ўхшаб ҳилпираб турибди. Қуёнхон қўрқиб тисарилади.

Қуёнхон:
— Вой-дод! Бу нима бало? Ёрдам берингла-а-р! (Шилқ этиб беҳол ўтириб қолади).

Қуёнжон:

(Майманчаи ортидан иршайиб бўй кўрсатади). Ве-ха-ха. Ҳушингдан кетиб қолмадингми, опа?

Қуёнхон:

(Сал ўзига келиб). Қоч, укажон! Тезроқ қочсанг-чи! Анави ажина еб қўймасин сени. Қоч деяпман!

Қуёнжон:

Дадил эдинг, тилинг бурро, қақажон,
Энди қалт-қалт титраяпсан, опажон.
Худойим зап берган экан юракдан,
Ажинани фарқлолмасанг пуфакдан.

Қуёнхон:

Нима дединг,
Қанақа пуфак?

Қуёнжон:

Кўряпсан-ку,
Шунақа пуфак.

Қуёнхон:

Ахир пуфак нима ўзи,
Мунча катта оғзи, кўзи?

Қуёнжон пуфакнинг думини ўсиқ шохга диккайтиб илиб, опасининг ёнига ўтади.

Қуёнжон:

Бугун бизнинг ўрмонга
Тутун пуркаб, дириллаб,
Келди темир арава
Оч ҳайвондек зириллаб.
Тушди ундан тўрт одам:
Ота, она, қиз-ўғли.
Сават ушлаб, бутазор —
Томон келишди тўғри.
Ота терди майманчак,
Она терди майманчак.
Қизи эса ўйнади
Шохни қилиб ҳайинчак.
Ёлғиз қолиб ўғилча
Хўп зерикди, уфлади.
Чўнтагидан охири
Ичак олиб, пуфлади.
Пуфламасдан илгари
Ичакча эди тилдек.
Ишиб-ишиб, шу десанг,
Бўлди қориндор филдек.

Қуёнхон:

Демак жинлар макрини
Кўзинг билан кўрибсан.
Тўрт ажина учраса,
Одамлар деб юрибсан.
Одам ҳатто аждарни
Еб ташлар, «гўшт» десанг бас,
Аммо ўзи фил тугул,
Ит ясашга қодирмас.

Қуёнжон:

Фил ясади демадим,
Филдек нарса ясади.
Кейин лойдан гул чизиб,
Гўё уни безади,
Мақтанган вақт қизчага
Кўриб қўй деб пуфакни,
Қизча деди эрмаклаб:
«Э, йуқот бу ғумбакни!»
Сўнгра чўпак отганди,
Нақ мўлжалга санчилди.
«Пақ!» этди-ю, пуфак йўқ,
Бир ҳамлада янчилди.

Қуёнхон (Укасини қучиб):

Йўқ, сени жин чалибди,
Алжирама, укажон.
Филни битта чўп билан
Янчиб бўлмас ҳеч қачон.

Қуёнжон:

Эшитмасин Бўрилар,
Опа, секинроқ бақир.
Филдек нарса деяпман,
Фил деганим йўқ ахир.

Қуёнхон:

Ука, гапинг пойма-пой,
Ёрилди дейсан пуфак,
Унда бу-чи? Бу нима?
Мени қилма кўп тентак.

Қуёнжон:

Бу бошқаси, тушун-да,
Ёрилгани — у бўлак.
Қизча кетгач, болакай —
Олди яна бир ичак.
Униям зўр ишириб,
Думига ип боғлади.
Катта оғиз, кўз чизиб,
Ўз вақтини чоғлади.

Кулди:

— Номинг бугундан
Қоринботир бўлсин, деб.
Ўрмондаги ҳайвонлар
Сендан қўрқиб ўлсин, деб.
Кейин фикри чалғиди,
Қувлаб кетди капалак...
Шундоқ қилиб, опажон,
Менга қолди бу пуфак.

Ташқаридан бегона овозлар эшитилади.

Биринчи овоз:

Ир-р-р!

Иккинчи овоз:

Бў-ў-ў-!

Қуёнхон:

(Узоққа бўйланиб)

Ука, тезроқ қочайлик,
Келар пошшомиз Шерхон.
Таёқ ушлаб ёнида
Вазири Айиқ полвон.


Қуёнжон (Аламнок):

Ўзи қандай ҳайвонмиз
На уён, на буёнлик.
Ростин айтсам, опажон,
Жонга тегди қуёнлик.
Доим қўрқиш, беркиниш,
Тақдирдан фол очамиз.
Шерхон битта, биз мингта,
Қачонгача қочамиз?

(Пуфакка қараб қўйиб, муғамбирона кўз сузади).

Мана, Қоринботир бор,
Кел, юракни тоблайлик.
Бирон марта бизлар ҳам
Шу зўрларни боплайлик.

Қуёнхон:

Ҳой, ақлдаи оздингми?
Шерхон қайда, биз қайда!

Қуёнжон:

Кўпинча куч-қудратмас,
Ақлдан келар фойда.

(Жўшқин кайфиятда опасининг қулоғига нималарнидир шивирлайди).

Қуёнхон:

Ҳазилингни қўйсанг-чи,
Нима, жондан тўйдингми?

Қуёнжон:

Ҳали шундай режани
Сен ҳазилга йўйдингми?
Қўрқма, опа, мен борман,
Айтганимни қилсанг бас.
Маккор бўлсак бўпмиз-да
Вахшийликка қасдма-қасд.

Қуёнхон:

Эҳтиёт шарт, укажон,
Кел, бетингдан бир ялай.
Барибир сал қўрқяпман,
Улар йиртқич ҳарқалай.

(Қучоқлашиб ўпишадилар).

Қуёнжон:

Фил ясама пашшадан,
Титрайверма, энди бор.
Қанча дадил курашсанг,
Омад шунча бўлар ёр.

Қуёнхон кетади. Қуёнжон майманчак ортига яширинади. Нариги ёқдан Шер билан Айиқ кириб келади. Шер ҳансираб тўнкага ўтиради. Айиқ таёқни чангаллаб ёнида қўққаяди.

Шер:
— Уф-ф, силлам қуриб кетди. Ёрдам берингла-а-р, деган товуш шу томондан келувдими ўзи?

Айиқ:
— Худди шу атрофдан эшитилувди. Менимча кийикнинг боласи бўлса керак.

Шер:

Қолдик қандай замонга,
Шоҳ бўлсаму мен буюк,
Ташна қилса гўштига
Ҳатто молфеъл бир Кийик.

Айиқ:

Сурбетликни қаранг-а,
Ўзи ёрдам сўради.
Сиз ёрдамга келганда,
Нега жуфтак уради?

Шер:

Вазир бўлмай ўл, Айиқ,
Қорним очди жа ёмон.
Кирпи-мирпи тутсанг-чи,
Лоақал илон-пилон.

Айиқ:

Қизиқсиз-а, хўжайин,
Илонни топай қайдан?
Қочар ҳатто суварак
Сиз билан биз бор жойдан.

Югуриб Қуёнхон ўта бошлайди. Айиқ уни чалиб йиқитиб, таёғи билан курагидан эзади.

Қуёнхон:

(Ётган жойидан Шерга боқиб инграйди). Ассалому алайкум, шоҳим.

Шер:

(Яланиб сўлак ютади). Вуалайкум ассалом.

Айиқ:

Бахтлисиз-да, хўжайин,
Сўрасангиз илонни,
Тангрим марҳамат қилиб
Юборибди қуённи.

Шер:

Фуқарони ранжитма,
Аввал арзин эшитай.
Гапида туз бўлмаса,
Унда шартта тинчитай.

Айиқ:

Буларда туз, бурд борми,
Олдингизда мулойим.
Фикрлашса ўзаро,
Танқид-танқид ҳар доим.

Шер:

Ҳой, вазир, кўп берилмагин сарқитга,
Бизда ҳеч ким қарши эмас танқидга.
Токи мен бор — бордир эрк ва адолат,
Сенлар боис ёғар тахтга маломат.
У Бўрсиқми, Қаламушми, Чигиртка,
Танқид қилсин, хатомни айтсин тикка.
Ҳақ бўлса у, тан берамиз жойида,
Ҳақ бўлмаса, уни ейиш — қоида.

Айиқ (Тиржайиб Қуёнхонни бўшатади):

Бўпти, Қуён, гапиравер арзингни,
Кейин тўлаб қўясан жон қарзингни.

Қуёнхон:

Совуқ хабар айтмоқчиман, о шоҳим!.
Оғир ботса кечиргайсиз гуноҳим.

Шер:

Совуқ хабар?
Гапни чўзмай тезроқ айт!
Гуноҳингни падарига минг лаънат!

Қуёнхон:

Бизнинг тўкин ва обод,
Дунёдаги энг озод
Доруломон ўрмонда,
Майманчакзор томонда
Ёвуз махлуқ юрганмиш,
Қоплонни еб кўрганмиш.
Сўнг ютиб тўрт йўлбарсни,
Ўн жайрон, қирқ қўтосни,
Берётганмиш тишга зеб,
Энди шоҳни ейман деб.

Шер (Сал безовталаниб):

Эҳтиётдан айт бизга
Ўша ёвнинг исмини...

Айиқ:

Шоҳим унинг бошин ер,
Мен орқароқ қисмини.

Қуёнхон:

Бахтимизга, хоқоним,
Бўлинг ғолиб ва омон.
Ёвга ҳушёр боқсангиз,
Чамам, кўрмайсиз зиён.
Ўша аблаҳ ҳайвонхўр
Кўп балога қодирмиш.
Насли, жинси нотайин,
Исми Қоринботирмиш.

Шер (Қўзи ғилдираб):

Бай-бай-бай-бай!
Намунча —
Оти хунук ўзидан?!


Айиқ (Ўзича):

Қўрқинч ҳийди келяпти
Хўжайиннинг сўзидан.

Шу маҳал Қуёнжон майманчак ортидан пуфакни қимирлатиб наъра тортади.

Қуёнжон:
— Вақа-а-а! Вақ-вақа-а-а!

Олакўз пуфакни кўриб, Шер сесканиб ўрнидан туради. Айиқ гўлайиб орқага чекинади. Қуёнхон жўрттага Шернинг пинжига суқулади.

Қуёнхон:

Қўрқиб кетяпман, шоҳим. Ўша Қоринботир шу бўлмасин!

Шер:

(Тили ғўлдираб). Қў-қў.,. қўрқма, фуқаро. Ўр... ўр... ўрмонда ҳукумат бор, қонун бор.

Айиқ:

(Саросималаниб). Тушлик вақти бўпқолди, хўжайин. Менга бошқа хизмат йўқми? (Кетмоқчи бўлади).

Шер:

Қимирлама,
Ҳе, ўпка!
Ўз ҳаддингда тур, вазир!
Сенга текин тушликни
Кўрсатаман мен ҳозир.
Қани, мундоқ бери кел,
Олдинга ўт бир қадам.

Айиқ:

Шоҳ олдини тўсма деб
Насиҳат қилган дадам.

Шер:

Э, дадангни қараю,
У қўрқоқки — сен қўрқоқ.
Ботир бўл деб панд айтса
Ўларканми у маймоқ?

Бориб Айиқнинг таёғини тортиб олади, аямасдан савалай кетади.
Айиқ:

Мен-ку қўрқоқ эмасман,
Фақат ўйлайман тиниқ.
Ҳозирча бу душманнинг
Зоти тугал ноаниқ.
Энг ёмони — биз унинг
Кучи қанча — билмаймиз.
Вақтинчага чекинсак,
Асло хато қилмаймиз.

Қуёнхон:

Билайлик не эканин...
Қоринботир дегани —
Шу бўп чиқса мабодо,
Унда ишимиз расво:
Қочсак, қувиб тутади,
Ҳамла қилсак, ютади.

Айиқ:

Тахминан ўйлаб кўрсак,
Тегмасмикан жим турсак?

Қуёнхон:

Ажабмаски ҳозир қорни тўқ бўлса,
Шундан кайфи чоғу кўзи лўқ бўлса.
Балки бизни солди очиқ қамоққа,
Кечқурунроқ қорни очса емоққа.

Шер (Айиққа таёғини бериб, яна тўнкага ўтиради):

Балки ўша Қоринботир бу эмас...
Кепқолсайди бирон жонзот ярамас,
Гап чалғитиб, суриштириб кўрардик,
Аниқ жавоб беролмаса, урардик.

Қуёнхон:

Ақлингизга офарин,
Гапингиз тўппа-тўғри.

Айиқ:

Авлиёсиз, хўжайин,
Ана, келяпти Бўри.

Бўри хиргойи қилганича хуш кайфиятда кириб келиб, четдаги дарахтни илҳомланиб қучоқлайди, куйлашда давом этади.
Бўри:

Жон Қуён, тўлпоқ Қуён,
Ҳаммани ҳайрон қиласан.
Нега дуч келсак қочиб,
Акангни сарсон қиласан?
Зоти паст Тулки еса,
Охири армон қиласан.
Бўрини оч қолдириб,
Номини ҳайвон қиласан.

Айиқ:

Ҳў, ҳайвон!

Бўри (Шошиб қарайди):

Лаббай, полвон.

Айиқ:

Анқайма, оёқни ўп.

Бўри:

Хўп дедик-ку, хўп.

Тез келиб Айиқнинг оёғига ташланади.
Айиқ(Бўрини тепиб):

Буёқда шоҳ турибди,
Атрофга бир қара-да.

Бўри:

Унда бу кир оёғинг
Нима қилар орада?

(Энди бориб Шернинг оёғига йиқилади)

Манавини оёқ деса бўлади,
Пок-ҳаромни фарқлашда кўп ҳушёрман.
Бундай тоза, бундай тансиқ оёқни
Ўпишгамас, ялашгаям тайёрман.

(Оёқни ялаб бош кўтаргач, Қуёнхонни кўради)

О, Қуёнхон, азизим!
Омонмисан, бормисан?
Ёки менинг меҳримсиз
Чангалзорда хормисан?

Қуёнхон (Кесатиб):

О, қаёқда юрувдинг?
Кўзим учиб турувди.

Бўри (Фотиҳага қўл очади):

Омин! Узингдан кўпай!
Кел, кетингга бир тепай.

Шер:

Бас қил! Ҳозир шартмас тепишмоқ!
Эшит, айтай сенга топишмоқ.

Бўри:

Ҳукмдорим, қулоғим сизда,
Ечворамиз жумбоқни тезда.

Шер:

Оёғиям йўқ,
Қулоғиям йўқ.
Қорни қанор,
Оғзи омбор.
Кўзи катта,
Думи латта.

Айиқ:

Топсанг — ҳай-ҳай!
Топмасанг — вай-вай!

Бўри:
Топишмоқни топдим аниқ.

Шер:

Хўш, нима у?

Бўри:

Зоғорабалиқ!

Шер:

(Айиққа)

Мукофот бер созлаб,
Жавобига мослаб.

Айиқ Бўрини додлатиб таёқда савалайди.
Айиқ:

Ана, сенга мукофот,
Мана, сенга мукофот.
Ана, зоғорабалиқ,
Мана, зоғорабалиқ.

Шер:

Етар, полвон! Бўлади!
Йўқса ҳаром ўлади.

Қуёнжон (Майманчак ортидан пуфакни қимирлатиб):
Вақа-а-а! Вақ-вақа-а-а!

Бўри(Бир сапчиб тушади):

Ваҳ! Қанақа маҳлуқ бу?
Мунча семиз, ёғлиқ бу?

(Тисарилиб, Айиққа қапишади)
Айиқ:

Э, нари тур, ёпишқоқ!
Шудир ўша топишмоқ.

Шер:

Хўш, шунақа махлуқни
Кўрганмидинг илгари?

Бўри:

Бу — ё Ҳиндистонники,
Ё бўлмаса Булғори.

Қуёнхон:

Қоринботир бўлса-чи?
Эшитганинг борми ҳеч?

Бўри (Бирдан Шерга ялиниб):

Мени қўшманг бу ишга,
Дуо қилай эрта-кеч...
Эзмаланиб мен аҳмоқ
Ўтирибман буёқда.
Қаттиқ бетоб ётибди
Ойим шўрлик уёқда.

(Кетмоқчи бўлади)
Шер:

Қимирлама жойингдан!

Айиқ:

Ҳе, ўргилдим ойингдан.

Қуёнхон:

Бўривой, хуллас гап шу:
Қоринботир бўлса бу,
Қочсак, қувиб тутади,
Ҳамла қилсак, ютади.

Бўри:

Туриш учун бунда жим,
Қерак бўлар мингта шим. -

Қуёнжон (Яна пуфакни қимирлатиб товуш қиладй):
Вақа-а-а! Вақ-вақа-а-а!

Бўри (Баттар типирчилаб):

Балки сизлар маҳкумсиз
Бунга қурбон бўлишга.
Аммо йўқдир ҳаққингиз
Мениям ем қилишга!

Айиқ:

Жим бўл, бадбахт,
Босвол жаҳлингни.

Қуёнхон:

Чора ўйла,
Ишлат ақлингни.

Бўри безовта аланглайди, туйқус диққати жамланади.
Бўри:

Ақлли зот келяпти, ана,
Битта қурбон кўпайди яна.

Сиртлон:

Ичдим Сувсар қонини,
Виждоним қани?
Олдим Каптар жонини,
Виждоним қани?
Бўғиб едим Буғуни,
Виждоним қаии?
Бўғиш, бўғиш ҳар куни!
Виждоним қани?

(Қўйнидан рўмолча олиб, кўзёшини артади).
Айиқ:

Ижодингни йиғиштир, ҳў виждонсиз,
Буёқда шоҳ ўтирибди имконсиз.

Сиртлон шошмасдан ўрнидан туриб, сиполик билан Шерга яқин келади, хиёл таъзим қилади.
Шер:

Кимсан ўзинг? Мушукмисан?

Сиртлон:

(Сокин)

Мен Сиртлонман, хоқоним.

Шер:

Бунча тундсан? Касбинг нима?

Сиртлон:

Ғазалхонман, хоқоним.

Шер:

Шоир бўлсанг, калланг зўрдир?

Айтайинми топишмоқ?

Сиртлон:

Айтаверинг...

Шоҳнинг касби —

Шоирларга ёпишмоқ.

Шер:

Оёғиям йўқ,
Қулоғиям йўқ.
Қорни қанор,
Оғзи омбор.
Кўзи катта,
Думи латта.

Айиқ:

Топсанг — ҳай-ҳай!
Топмасанг — вай-вай!

Сиртлон:

Кириб келса оёқсиз,
Арзга бўлса қулоқсиз,
Мешга ўхшаса қорни,
Оғзи эслатса ғорни,
Ола кўринса кўзи,
Ортида — латта иси,
Бизга ойдек аён бу —
Шоҳ чиқарган фармон бу.

Қуёнхон:

Гапи тагдор, ақли зўр,
Афсус, ўзи сал қонхўр.

Шер:
(Айиққа)

Эшитдингми жавобин?

Айиқ:

Тортамиз-да танобин!

(Сиртлонга)

Шоир ука, қани, ёт,
Бир ёғдирай мукофот.

Сиртлон ётади. Ҳар гал белига таёқ тушганди гоҳи. Сал инграйди, гоҳи. Чидам билан лаб тишлайди.
Шер:

Бас қил, полвон! Шоирнинг —
Танаси сал бўлар хом.

Айиқ:

Лекин баъзи шоирга
Қалтак ҳам берар илҳом.

Сиртлон (Туриб, Шер ва Айиққа миннатдор боқади):

Раҳмат сизга, жаноблар,
Сал тинчланди виждоним.
Кўп хўрладим ёт жонни,
Бир хўрланди ўз жоним.
Жоҳил бўлса хоқонинг,
Замонанг — бузуқ мактаб,
Ваҳший қилар шоирни
Тирикчилик деган гап.

Айиқ:

Тахтимизга душман бу,
Сўзи ўхшар қотилга.
Шуни ташлйб қочсак-чи
Анов Қоринботирга?

Шер:

Қоринботир шумикан,
Олдии аниқ билайлик.
Қейин, шоир-поирми,
Бир қурбонлик қилайлик.

Қуёнжон (Одатдагидек пуфакни панадан қимирлатиб):
Вақа-а-а! Вақ-вақа-а-а!

Сиртлон (Қаттиқ таажжубланиб):

Ё алҳазар! Бу нима?
Ажинами ё ҳайвон?

Бўри:

Яқин борсанг, бир умр —
Тинч қўяр сени виждон.

Шер:

Дайдиб, шунча юрт кезиб,
Қўп илмни қилиб ёд,
Сен ҳам бундай махлуқни
Кўрмагансан ҳеч наҳот?

Қуёнхон:

Бунинг тили бормайди
Танишим кам демоққа.
Фақат баъзи дўстларин
Мажбур бўлган емоққа.

Сиртлон:

Етар! Жондан тўйиб кетдим!
Ҳақиқатан оғзим қон!
(Бирдан ҳазин тортиб)
Энди билдим, бу қон юқин
Ювиб бўлмас ҳеч қачон.
Қоринботир оч бўлса гар,
Ора кирай жонига.
Руҳим узр сўраб борсин
Қурбонларин ёнига.

Шер:

Шошма, шоир!
Ўз жонингдан
Сал кейинроқ қочарсан.
Ем бўп балки бу махлуқнинг
Иштаҳасин очарсан.
Иштаҳаси очилдими —
Бошқаниям қўймас соғ.

Бўри:

Четда шеър-пер тўқиб тургин,
Кенгашайлик биз тинчроқ.

Қаердандир ҳакканинг шақиллаши эшитилади. Четдаги дарахтнинг тепасига тикилганича Тулки кириб келади.
Тулки (Юқорига овоз қилиб):

Салом, сулув Ҳаккахон,
Зап олайиб кетибсан.
Миллий лапар айтишда
Қарқуноқдан ўтибсан.
Кеча қирга борувдим,
Учраб қолдим аммангни.
У десанг бир вазифа
Юклаб қўйди зиммамга.
Қилиб сенга васият,
Касалим дея оғир,
Қайга нелар кўмганин
Санаб берди бирма-бир.
Кел, пастга туш айланай,
Атрофда кўп бегона.
Айтай амманг гапларин
Қулоғингга пинҳона.

(Юқоридан Ҳакканинг қанот қоққани эшитилади).

Ҳой, қаёққа қочяпсан?
Ғашлик солма дилимга...

(Сўнг ортидан мушт дўлайиб).

Ваҳ, ярамас!
Барибир—
Тушасан-ку қўлимга!

Айиқ:

Ҳу, ҳаккахўр! Ҳў, айёр!
Бери кел, лўливачча.

Тулки (Шерни кўргач, бошқаларга парво ҳам қилмай, унинг олдига келиб чўккалайди).:

Вой, кўрар кун бор экан,
Бардаммилар, Шер почча?

Айиқ (Келиб Тулкини туртади):

Почча танла ўйлаб зотингни,
Тўхтат ёлғон хушомадингни.

Бўри:

Ҳе, бошингда мингта бит юргур!

Қуёнхон:

Тилёғлама! Ҳу, турқинг қурғур!

Сиртлон:

Ҳа, фирибгар, қайда юрувдинг,
Қани менинг яшил дафтарим?

Тулки:

Туҳмат қилма, дафтар меники,
Шеърлариям — менинг гапларим.

Сиртлон (Атрофдагиларга):

Севгилимга ёзган покиза —
Шеърларимни ёйиб похолга,
Тунлар ўқиб берар эмиш бу
Бир жўжахўр ўғри Шоқолга.

(Тулкига ғижиниб)

Ҳозир сени бўғаман, маккор,
Тинчимайман ичмасам қонинг.

Шер:

Ҳовлиқмай тур! Буниям есанг,
Қийналади баттар виждонинг.

Қуёнхон:

Қўйиб беринг, ҳукмдор,
Есин бу ер ютгурни.
Ёруғ дунё кўрганмас
Бундай нафси ўткирни.
Бир кун қари қўшнимга
Суллоҳланиб жавради.
Кино кепти ботқоққа,
Борайлик деб авради.
Ботқоқзорнинг киноси
Чиқиб қолди бепоён.
Мана, бир йил ўтдики,
Қайтгани йўқ гўл Қуён.

Бўри:

Шапкўр бобом бор эди,
Юрарди кўп адашиб.
Шу Тулкидан кўздори
Олди қўйга алмашиб.
Суюнгандим ўшанда
Деб «Бобомга зўр бўлди».
Бобом дори қўйдию,
Кўзи тугал кўр бўлди.

Айиқ:

Ростин айтсам, хўжайин,
Кашмиридир бу Тулки.
Биз — худога қарашли,
У-чи — шайтоннинг мулки.
Бой бўласиз деганди
Фол очиб бу алдоқчи,
Эртасига уйимни
Уриб кетди қароқчи.

Тулки:

Мана, бўлдинг-ку вазир,
Бу бойлик эмасми, сур?

Айиқ:

Зўр фолчи бўлсанг, билдир,
Бошқа бир мисол келтир,

Тулки:

Юлдуз санаб билганман
Сиртлон қушни бўғишин.
Уч кун олдин айтганман
Укки тухум туғишин.

Бўри:

Укки тилло туғмайди.
Булар — маълум нарсалар.

Тулки:

Тўнғизгаям зўр таъбир
Айтган эдим, масалан.

Шер:

Хўш, қаиақа зўр таъбир?
Қисқароқ қилиб гапир.

Тулки:

Шоҳим, сизнинг ўлкангиз
Ботқоқликдан буёғи.
Нариги ёқ — одамлар
Қурган Шўро қишлоғи.
Яшар ўша қишлоқда
Тўнғизвойнинг холаси.
Унга қондош умуман
Ҳамма чўчқа боласи.
Борма дедим меҳмонга
Тушмай десанг турмага.
Қулоқ солмай борувди,
Қамашибди фермага.

Шер:

Лой-балчиққа беланиб
Юрар эди қўланса.
Наҳот ҳайвон ҳисоблаб,
У ифлосни қамашса?

Тулки:

Шоҳим, бизнинг ўрмонда
Мажлис кам-у, гўшт сероб.
Шўроларда, менимча,
Бу масала сал хароб.

Бўри:

Шу боис ов қилишар,
Ҳар бирида тўрт милтиқ.

Сиртлон:

Овда юрмай, мол боқса,
Кўчар эди иш силлиқ.

Қуёнхон:

Улар ёмон ўрганган
Тайёрини овлашга,
Сабзи экиб берсанг ҳам,
Эринишар кавлашга.

Шер:

Наҳот одам жонивор
Бўлса мундоқ бетайин?

Айиқ (Пуфакка ишора қилиб):

Орқада ёв турибди,
Кўп чалғиманг, хўжайин.

Шер (Пуфакка саросимали боқиб қўйиб Тулкига юзланади):

Ҳа, хўп, демак фолбинсан?
Номдормисан?

Тулки:
Жуда зўр!

Шер:

Агар чиндан зўр бўлсанг,
Топишмоқ бор, топиб кўр:
Оёғиям йўқ,
Қулоғиям йўқ.
Қорни қанор,
Оғзи омбор.
Кўзи катта,
Думи латта.

Айиқ:

Топсанг — ҳай-ҳай!
Топмасанг — вай-вай!

Тулки:

Бу топишмоқ қийинмас,
Нималиги муҳиммас:
Жонли бўлса — қулингиз,
Жонсиз бўлса — мулкингиз.

Айиқ:

Гўдак эмас жаноб Шер,
Гапга тўғри жавоб бер!

Тулки (Бир зум осмонга сирли тикилиб тургач):

Ана!
Ана, Кал Юлдуз
Бирдан келтирди дарак.
Сеҳрли топишмоққа
Жавоб тайёр...
У — варрак!

Айиқ:

Эшак ҳам биладики,
Қориндор бўлмас варрак-

Сиртлон:

Юлдузингдан ўргилдим,
Бу каллами ё хамак?

Бўри:

Ҳозир битта туширсам,
Бошинг бўлади паррак.

Қуёнхон:

Жиннилардек валдирар,
Тили худди тартарак.

Шер:

Тулкивойга бир ҳиммат қилиб,
Совға беринг кўпчилик бўлиб.

Айиқ (Таёқ билан солади):

Ана, сенга варрак!
Мана, сенга варрак!

Бошқалар ҳам тулкини тепкилай кетишади.
Бўри:

Ҳе, сендақанги табибдан ўргилдим. Мана, сенга кўздори!

Сиртлон:

Яшил дафтарим қани? Қани дафтарим деяпман?

Қуёнхон:

Қари Қуённи ейиш мана бунақа бўлади!

Шер:

Бўлди! Совға кўп кетди,

Ноғорачалиш бўпкетди.

Ҳайвонлар дўппослашдан тўхташади. Фақат Бўри эшитмаганга олиб ураверади.

Айиқ:

Тўхтасант-чи, Бўрижон,

Тепадан келди фармон.

Бўри ниҳоят тийилиб, Тулкига ғижиниб боқади, жазаваланиб яна бир тепади.

Бўри:

Буниси пошшомиз учун!

Тулки (Йиғламсираб):

Ожизларга кўрсатар
Ёмонлар ўз кучини.
Олволақол, вей, Бўри,
Энангниям ўчини.

Қуёнжон (Майманчак ортидан бақиради).:

Вақа-а-а! Вақ-вақа-а-а!
Пуфакни кўриб, Тулкининг энсаси қотади.

Тулки:

Вой-дод! Вой, бувижон! Бу нима?

Қуёнхон:

Билмайсанми, ўрмонда
Қоринботир юрганмиш.
Йўлбарснию қоплонни
Хаппа-хаппа урганмиш.
Шоҳим сенга бекорга
Айтгани йўқ топишмоқ.
Қоринботир шу бўлса,
Унда жуда иш чатоқ.

Тулки:

Кўзи бунча чақчайган,
Оғзи осмондан катта..
Бундай чоғда уй-уйга
Кетган маъқул албатта.

Бўри:

Қочсак, қувиб тутиши мумкин,
Ҳамла қийсак, ютиши мумкин.

Айиқ:

Қани, Тулки, унга яқин бор,
Кимни олдин еркин — фол очвор.

Тулки:

Бу маҳлуқда тил борми ўзи? .
Эшитайлик бирон-бир сўзин.

Сиртлон:

Кўрамиз-да сени еворса,
Ажабмаски «Раҳмат!»—деворса.

Қуёнжон (Панадан пуфакни қимирлатиб):

Вақа-а-а! Вақ-вақа-а-а!
Мени зимдан эрмаклаб
Ҳаддингиздан ошманглар.
Ҳозир қорним тўқроқдир,
Очгунича шошманглар:
Вақа-а-а!
Ҳайвонлар талвасага тушиб қолишади.

Айиқ (Пуфакка қўл қовуштшриб):

Улуғ зотсиз, биламиз,
Нега эрмак қиламиз?
Эрмаклаган — ҳу Сиртлон,
Шуни енг, тили ёмон.
Қуёнжон:
Мени алдай олмайсан,
Битта Сиртлон жуда кам.
Роҳатланиб чайнайман
Ҳаммангизни қилиб жам.

Шер (Пуфакка таъзим билан яқинлашиб):

Кечиргайсиз...
Ҳайронмиз
Таниёлмай ўзларин.

Қуёнжон:

Машҳур Қоринботирман!
Чиройлими кўзларим?

Шер:

О, нақадар чиройли!
Оғзингиз ҳам келишган...

Қуёнжон:

Унда таклиф этаман
Ичкаридан кўришга.

Шер:

Э, йўқ!
Раҳмат...
Бизларга
Ташқариси ҳам тузук.

Қуёнжон:

Демак айтмоқчисанки,
Ичкариси сал хунук?

Вақа-а-а! Вақ-вақа-а-а!
Шер:

Уруш-жанжал бор жойдан
Кетармиш қут-барака.
Яхшиликча келишсак
Бўлмайдими, жон ака?
Айтинг, сизга кимларнинг
Гўшти кўпроқ ёқади?
Оғзингизга ўзлари
Пода бўлиб оқади.

Қуёнжон:

Еб юраман асосан
Пошшо деган зўрларни.
Қисман ғажиб тураман
Турли ҳаромхўрларни.

Шер (Эсанкираб):

Бу оламда пошшо кам,
Ҳаромхўрлар бесаноқ.

Қуёнжон:

Битта пошшо юз мингта
Ҳаромхўрга тенг бироқ...
Сўзлаяпсан безиллаб
Пошшомисан дейман-да.
Чиқиб турсанг олдимдан,
Илож қанча, ейман-да.

(Пуфакни ирғишлатиб кимирлатади).
Вақа-а-а! Вақ-Вақа-а-а!

Шер (Орқага қочади).:

Очофатни ушланглар,
Йўқса шоҳсиз қоласиз.
Ҳукумат хавф остида,
Қандай аҳмоқ подасиз?!

(Айиққа)

Э, сатқаи полвон кет,
Қалтиратма оёқни.
Давлат сенга бекорга
Бермаган бу таёқни.

Сиртлон:

Арбобларга ҳукумат
Улашса ҳам таёқлар,
Садоқату ақлни
Топиб берар қаёқдан?

Қуёнжон:
Вақа-а-а! Вақ-вақа-а-а!

Қуёнхон:

Вой дод! Қуриди шўрим!
Зўр эдинг-ку, ҳой, Бўри!

Шер (Бўрига):

Доим қуён овлайсан,
Йиғиштир бу паст ишни.
Ана, сенга йириги,
Буюраман ғажишни!

Бўри:

Текин кийиб, еб юрган
Аскарларни чақиринг.
Мен шунчаки фуқаро,
Ҳарбийларга бақиринг.

Тулки (Атрофдагиларни қайраб):

Қоринботир, менимча,
Емоқчилар пошшони.
Биз на шоҳ, на ҳаромхўр,
Қочворсак-чи осони?

Қуёнжон:
Вақа-а-а! Вақа-вақа-а-а! Биронтанг ҳам жойингдан қимирлама-а-а!

Ҳайвонлар донг қотиб қолишади.

Қуёнхон:

Вой-вой-вой! Ҳаммамизни еб қўяди шекилли?

Қуёнжон:

Қўрқма-а, ҳозир қорним тў-ў-қ. Сенларни очқаганимда ейма-а-н. Кўп-кўп ейман, тўп-тўп ейман! Вақ-вақа-а-ақ.

Қуёнхон:

Э, хайрият, жим бўлди яна,
Аччиғига тегмай турайлик.
Қорни савил очгунга қадар
Бирон чора излаб.кўрайлик.

Бу орада Қуёнжон пуфакни қолдириб, майманчак ортидан ғойиб бўлади.
Айиқ:

Катталарнинг кўнглин олмоқ-чун
Бордир қирқ минг уч юз хил чора.

Сиртлон:

Шундан Айиқбопи — итоат,
Бўрибопи — олқиш ва пора.

Тулки:
Ўзингбопин айтмадинг бироқ.

Сиртлон:

Менбопими?

Чидаб яшамоқ!

Қуёнжон (Бошқа ёқдан кириб):

Очиқ мажлис бўляпти, чоғим...
Ассалому алайкум, шоҳим.

Қуёнхон:

Қоч, укажон!
Биз ёққа
Қоринботир кепқолди.
Дастидан бу ўрмонда
На ҳайвон, на чўп қолди.

Қуёнжон:

Ие, опа, бежо-ку кўзинг,
Тушунмадим, қайтар-чи сўзинг.

Бўри (Қуёнхонга):

Чўчитворма душманни бехос,
Бақирмасдан гапир, илтимос.

Қуёнхон (Укасига паст товушда):

Қулоғингга чалинмаганми
Қоринботир деган очофат?
Ҳаммамизни емоқчи бўлиб
Турар, ана, ўша касофат.

Қуёнжон (Пуфакка парвосиз боқиб):

Ие, яна қайдан келди бу,
Илгариям тўқнашувдик бир.

Қуёнхон:

Ўшанда зап омон қолибсан,
Яратганга минг қатла шукур.

Қуёнжон:

Қўрқма, опа, биласан ўзинг,
Таквандодан таълим олганман.
Пайти келса, бундан зўрларни
Қувиб юриб роса солганман.

Теваракдаги ҳайвонлар бирдан жонланишади.
Тулки (Пуфакка олазарак боқиб қўйиб):

Ҳой, Қуёнжон, секинроқ гапир...

Бўри:

Гапинг ростми, барака топкур?

Айиқ:

Шуни енгсанг, бераман асал.

Сиртлон:

Бағишлашим мумкин мен ғазал.

Шер:

Иккиланма, азамат жангчи,
Розиман, шу баттолни янчи!

Қуёнжон:

Қилмади-ку менга ёмонлик,
Мен ҳам унга бердим омонлик.
Кетдик, опа, бизга тегмас у...

(Бошқаларга қараб)

Сизларникм... балки емас у.

Бўри:
Тўхта, ука!

Тулки:

Шошма, азамат!

Сиртлон (Тулкига):

Бас қил!
Ҳадеб ялинмоқ уят.

Айиқ:

Шоҳим сенга бермоқчи унвон...

Шер:

Лашкарбошим бўлгин, паҳлавон!

Қуёнжон:

Бе-е, аскаринг жуда бетаъсир.

Шер:

Ҳа, майлига, қиламиз вазир.

Қуёнжон:

Э, йўқ.
Опа, кетдик...

Шер:

Тўхта! Қайт!
Унда ўзинг тилагингни айт.

Тулки (Шивирлаб):

Товуқхона калитин сўра.

Бўри:

Зўр қизи бор, куёв бўл, жўра.

Сиртлон:

Маҳбусларга озодлик берсин,
Шоирларни тергамай юрсин.

Айиқ:

Тезроқ ишлат каллани, шоввоз.

Шер:

Ҳеч тортинма бўлса илтимос.

Қуёнжон:

Мен илтимос қилмайман,
Битта қатъий талаб бор.
Дарё билан ботқоқнинг
Ўртасида дала бор.
Бир томони чакалак,
Бир томонда ўпқонлар.
Яшар унда қуёну
Бошқа майда ҳайвонлар.
Шу бугундан йиртқичлар
Ўрмонидан чиқмасин.
Бизнинг жойга ҳеч қачон
Қайтиб тумшуқ тиқмасин.
Отамерос юртимиз
Бўлса эркин, мустақил.
Юмдалашмай очликдан
Яшар эдик шод, аҳил.

Қуёнхон:
Майда ҳайвонларга озодлик! Булоқ ва майсалар Қуён ва Бўрсиқларга! Йўқолсин йиртқичлар ҳокимияти!

Шер (Қуёнжонга):

Ҳал қиламиз буни тинч,
Ортиқча бош қотирма.

(Қуёнхонга пуфакни кўрсатиб)

Фақат, ташқи душманга
Эшиттириб бақирма.

Қуёнжон:

Шу гап — гапми, ҳукмдор?

Қуёнхон:

Қасам ичсин! У—маккор!

Шер:

Ўз сўзимда турмасам,
Ноёб думим узилсин,
Пайхон бўлсин чорбоғим,
Янги қасрим бузилсин.

Қуёнжон:

Шоҳга битта боғ нима,
Мингтасига ўт қўяр.
Агар қасри бузилса,
Уни яна эл қурар.

Шер:

Жон ҳаққи онт ичайми?
Унда бўйним эшилсин.
Овчи отиб, пўстиним
Қирқ жойидан тешилсин.

Тулки:

Ишонавер қасамга,
Гувоҳмиз-ку мана биз.

Бўри:

Ҳа, шоҳимиз инсофсиз,
Лекин эмас ғаламис.

Қуёнжон:

Майли, унга ишониб,
Душман билан олишай.
Ўз юртимнинг эрки деб,
Аёв билмай солишай.
Қани, ётинг!
Сизларни
Ёв дамига тортмасин.
Улгуржи бу овқатдан
Кучи баттар ортмасин.

Шер:

Буюраман ётишни,
Чақиртошдек қотишни!

(Ҳамма ётади).
Қуёнжон:

Мен томонга қараманг,
Чақнамасин кўзингиз.
Жанг пайтида чалғисам,
Зарар кўрманг ўзингиз.

Шер:

Буюраман ҳаммага,
Думлар пастга тугилсин.
Сиёсий жанг вақтида
Очиқ кўзлар юмилсин.

Қуёнжон ҳайқириб пуфакка ташланади, сўнг ўзи Қоринботир бўлиб наъра тортади. Ўзининг юзига ўзи тасур-тусур шапатилайди, бир ҳайқириб, бир вақиллаб ерда юмалайди, кийимларини йиртади. Ҳар галги бақириқларда ҳайвонлар ётган жойларида чўчиб-чўчиб ирғишлашади. Қуёнжон гоҳ ўз овозида, гоҳ Қоринботир бўлиб бақира кетади.
Қуёнжон:
— Мана сенга, очкўз! Мана сенга, ишкамба!
— Вақа-а! Вақ-вақа-а-а! Ейма-а-н!
— Бировнинг юртига босиб келиш мана бунақа бўлади!
— Гўшингни титворама-а-н! Ҳаммангни ютворама-а-н!
— Келиб-келиб сендан қўрқаманми? Таквандо қанақалигини бир кўриб қўй! Мана!
— Вақа-а-а! Жағимга тепма-а-а!
— Ҳа-а, қалайсан энди? Панжамға илиндинг-ку. Хириллама, қўрқоқ.
— Жон Қуёнполвон, мени бўғма-а! Энди сенга тегмайма-а-н, душманларингни еб юразерама-а-н. Вақа-а-а! Қўйво-о-р, илтимос қилама-а-н!

Ётганлар бирин-сирин хиёл бош кўтаришиб, жанггоҳ томонга қарамасдан бақиришади.

Бўри:

Ишонмагин, Қуёнжон,
Ёлғончининг сўзига.

Тулки:

Ғирт японча усулда
Қўлингни тиқ кўзига.

Шер:

Қоринботир то ҳаёт,
Юртинг бўлолмас озод.

Айиқ:

Қуёнларга озодлик!
Эркин бўлсин Бўрсиқлар!

Сиртлон:

Ҳамма мннбар — шоирга,
Ёниб битсин тўсиқлар!

Шер:

Ана, эшит, Қуёнжон,
Оддий халқнинг қаҳрини.

Қуёнхон:

Суғуриб ол қорнидан
Элнинг хамма жабрини.

Қуёнжон (Пуфакни оёқлари орасига қисади).:
— Вақ-вақа-а-а! Хр-р... Мени қўйво-о-р! Хр-р, хр-р!
— Ялинма, қонхўр! Энди мендан қутулиб бўпсан! Мана сенга!

(Бармоғини қаттиқ ниқтайди, пуфакни ёради).

Пақилдоқ овоздан қўрқиб, ҳайвонлар ҳар томонга думалаб кетишади.

Тулки:

Тинчликми, ҳў Қуёнжон,
Қарайверсак майлими?

Қуёнжон:

Ҳа, туринглар,
Бошлаймиз
Ғалабанинг сайлини.

(Ҳайвонлар ишониб-ишонмай ўринларидан туришади. Қуёнжон латта думни ушлаб, пуфак қолдиғини кўрсатади).

Мана, ўша очкўзнинг
Қорнин шартта ёрвордим.

Бўри (Яланиб):

Қани ичак-чавоғи?

Қуёнжон:

Шу тупроққа қорвордим.

Тулки:

Уре-е-й!
Яша, Қуёнжон!

Бўри:

Таквандонг бўлсин омон.

Сиртлон:

Мени асрадинг,
Демак —
Ватанга шоир керак.

Қуёнхон:

Кел, босайин бағримга,
Айландинг сен фахримга.

Ҳайвонлар Қуёнжонни бир-бир қуча бошлайдилар. Шер табриклашга ошиққан Айиқни тўхтатади.
Шер:

Ҳа, маймоқвой, йўл бўлсин?

Айиқ:

Табриклайлик ғилайни.

Шер:

Битта чувриндини-я?
Бу гапингга ўлайми?
Мана, мени табрикла,
Лақиллатдим Қуённи.
Шунчаки пуч ваъдамга
Енгиб берди душманни.

Қуёнжон ҳайвонлар билан кўришаётиб Шер ва Айиқ томонга зийракланиб боқади. Уларнинг нияти бузилганини сезиб, атрофдагиларга баланд товушда гапиради.
Қуёнжон:

Дўстлар, ҳозир ортиқча
Қувонишга ўрин йўқ.
Қоринботир ўларкан,
Менга қараб урди дўқ.

Тулки:

Нима деди у аблаҳ?

Бўри:

Гапир қилмасдан илҳақ.

Қуёнжон:

Қасд олгани келармиш
Укаси Қовоқботир.

Айиқ (Шерга шипшийди):

Бу гапини эшитиб
Бўпқолдим-ку хавотир.

Шер:

Ҳа, чамаси ҳозирча
Ўзгаради режамиз.
Майли, ўша даладан
Вақтинчага кечамиз.

Айиқ:

Ким бўлмайин деса гўшт,
Тезда четга қочсин, пўшт!
Табриклашга атайин
Келмоқдалар хўжайин.

Шер (Қуёнжонга яқинлашиб):

Бўпти, митти юртингга
Эркинлик бердим, укам.
Шу томонда турса бас
Чегарамиз мустаҳкам.
Қовоқботир кепқолса,
Бир ўйлашиб кўрамиз.
Олий Кенгаш хўп деса,
Сенга ёрдам берамиз.

(Елкасига қоқиб)

Хўп, ҳозирча омон бўл.

Айиқ:

Ҳар доим биз томон бўл.

Бошқалар ҳам хайрлашиб кета бошлашади.
Бўри:

Йўйма мени ёмонга,
Баъзан кептур меҳмонга.

Тулки:

Ўтсанг Шўро қишлоққа,
Салом деб қўй Бобоққа.

Сиртлон:

Эҳ, Қуёнжон, қанийди
Сен томонда яшасам.
Йиртқичликдан қутулиб,
Янги ҳаёт бошласам.

Ҳамма кетиб, опа-ука ёлғиз қолишади.
Қуёнжон:

Қалай бўлди, опажон,
Бопладимми барини?

Қуёнхон:

Кўрмайсан дсб юрардим
Мўйловингдан нарини.
Лекин менинг юрагим
Тепди кўп така-пука.
Найрангимиз ўтмаса,
Ҳалок бўлардик, ука.

Қуёнжон:

Ахир ўлсак арзийди
Юртимизнинг эрки деб.
Бугунги кун шавқию
Келажакнинг кўрки деб.

Қуёнхон:

Энди ҳар бир кунимиз
Бир биридан чарогон

Қуёнжон:

Юрагимни барибир
Тирнаяпти бир армон.

Қуёнхон:

Қандай армон?

Қуёнжон:

Эҳ, опа,
Кўнглим — шўрлик отамда.
Ўз юртида қисиниб,
Яшаб ўтди мотамда.

Қуёнхон:

Сендай мардни яратди,
Шудир отамнинг бахти....
Қўй, укажон,
Шу тобда
Йиғлашнинг эмас вақти,
Жар солайлик баралла,
Бутун юртга таралсин!

Қуёнжон (Қайта руҳланиб):

Бошлансину рост ҳаёт,
Ростгўй тарих яралсин!

Қуёнхон:

Муборак бўлсин, ука,
Янгича ҳаво, шодлик.

Қуёнжон:

Муборак бўлсин, опа,
Мустақиллик, озодлик.

Бир-бирларини қаттиқ қучганларича туриб қоладилар.

Парда
1990 йил, Тошкент.