OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиСеркахоним (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм25KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Серкахоним (ҳажвия)
Анвар Обиджон

– Серка! Ва-эй, Серка!

Дўқи полвон шу кунлар учинчи болага бўғоз қайнисинглиси эрга текканида ундирган шойи кўйлагини душман байроғидек тутамлагинича томорқага ларзанглаб кириб келди. У гоҳ оғилхонага мўралар, гоҳ тандир томонга бўйланар, тинмай томоқ йиртиб, хотинини чорларди. Кўкракка уриб қолган жуваризор этагидан «шатир-шутур»лар эшитилгач, ўша ёққа йўл солди. Ўқариқ четидаги ўтларни ўраётган хотинини илғаб, тутоққан куйи яқинлаша бошлади.

– Вай-эй! Серка деяпман! Бир соатдан бери азон чақираман, ғинг демайсан. Даминг ичингга тиқилиб қолганми?

– Отам қўйган отим бор, тўғри чақиринг, – хотин ҳам ўз навбатида чойдишдек жиғиллади.

– Ий-яв! Мундоқ биқинимни тароқлаб, оғзимга узум ташлаб ўтирсанг экан, Эркахон деб отингни айтсам. Ўзинг чўчқафеълсан, қўлинг тизгинимда. Йўриғингга бурилмасам, еттита қўшни безовта. Серка бўлмай нимасан, ўжарвачча?

– Ўзиз-чи, ўзиз? Бижиган такадан баттарсиз!

– Ана-а, тўғри гапни энди гапирдинг. Манави кўйлакни қара, ёқаси яғир, нусхаси чағир бўлиб ётибди. Биласан, айтганман, Тиркаш ўғлини уйлантиряпти. Шуни кийиб бораманми? Ўзингни ачиганинг етар, мениям гўнгтепа қилвормагин, серкадан тарқаган.

Хотин қўлидаги ўроқни жаҳл билан уватдаги дарахтга санчди. Ерга таппа оёқ чўзиб, икки қўлида тиззаларини шапатилашга тушди:

– Бу кунимдан серка бўлганим минг марта яхшийди. Авлиёни аразлатган бу касофати уйда қайси бир ишни қилай? Мол-қўй боқайми, кир ювайми, пахта савайми, кўрпа қавийинми, ўрик қуритайми, сабзи ўтайми, токка дори сепайми...

Шу санашда санайверди, саннайверди, қирқ боғ хашак ўришга етадиган вақт ўтса-да, рўйхат тугамади. Дўқи полвон оилага уч маҳал дастурхон ёзиш, уй-ҳовлини супириш, хамир қоришу нон ёпиш, сигир соғишу кувада қаймоқ олиш, идиш-товоқ аралаш болаларниям ювиб тозалашу экин суғориш кабилардан ташқари хотинининг зиммасида пашша ва суваракларни қириш, сичқонларни заҳарлаш, жуварихўр чумчуқларни кесакбўрон қилиш, иғвогар қўшнининг тили тийилгунча олишиш, бўш шишаларни айирбошлашда лўли билан икки соат тортишиш, жўжаларни сорлардан асраш, ёрилган чойнакни чегалатиш, занжирдаги олапарни йўлдан оздираётган қанжиқ лайчага қайноқ сув сепиш, Ҳамдам солиқчидан қутулиш учун ўзини чалажонга солиб ётиш, радиони гапиртириб беролмаётган Мирғоб монтёрни кўчада тўсиб тузлаш, дарвозага ёзиб кетилган ноилмий-оммабоп сўзларни ўчириш, ҳарбийдаги ўғлига мўлжаллаб қўйган қизни мактабдан қайтаётган шилқим ўспиринлардан қўриқлаш сингари сон-саноқсиз бошқа вазифалар ҳам борлигини умрида биринчи марта бугун эшитиб билди.

– Э худо, мени бунақа қийнаб хўрлагандан кўра, эчкига айлантириб қўяқолсанг бўлмасмиди? – гарданидаги юмушларни қисман санаб чиққач, яна нолишга ўтди бека.– Шу азоблардан қутулиб, тайёр хашакни чайна-а-б ётганим яхшимасмиди? Жон тангрижоним, айланай тангрижоним, бир марта оҳимга етгин!

Эри ташқарига чиқиб кетганидан кейин ҳам хотиннинг жағи дарров тина қолмади. Деворнинг бузилган жойидаги човра ортидан «тинчликми, қоқиндиқ», дея қўшни отин кампир бўй кўрсатди. Келиннинг арз-додларини эшитиб: «Беш кунлик дунёда шукурдан нарига ўтмайлик, қизим. Юринг, сутчой пиширувдим, менга шерик бўлинг», деб ёғоч тўсинчага тияб қўйилган ғўзапоялардан бир боғини четга сурди. Дардини тўкишга бекорчи тополмай турган Эркахон чеккан ситамларини дастурхонлаб борганича қўшни ҳовлига ҳатлади.

Хотинининг дийдиёси одатдагидан эртароқ тугагани Дўқи полвонни таажжубга солди. Нечукдир юраги безовталаниб, яна томорқага ўтди. Жимжит. Кўнглига шайтон оралаб, ўпкаси томоққа югурди. Шоша-пиша бояги жойга борди, дарахтга санчилган ўроқ ўшандай санчилганича турибди. Хотини йўқ.

– Ҳў, Сер... Ҳм... Ҳў, онаси, қаёқдасан? Бу ёққа қарагин, ҳов!

Дўқи полвон беихтиёр жуваризор оралаб юра бошлади. Оғилхона тарафдаги жуварилар бежо қимирлаганидан дили сал ёришиб, ўша ёққа талпинди. Пича юрибоқ, донг қотиб тўхтади. Бурама шохли оппоққина эчки зимдан кўз сузиб, унга зоғдек тикилиб турарди.

Дўқи полвон: «Ий-яв!» – дея бир сакраб тушди. Кўзи телвакезик пилдираб, эчкининг теварагида икки-уч айланди. Эчки даставвал гоҳ тисарилиб, гоҳ шох дўлайиб, уни ҳушёр кузатди. Беозор таъқиб тугаганидан сўнг, лабининг четида осилиб қолган жувари қолдиғини хотиржам чайнашда давом этди.

– Ҳов, ўзингмисан? – ўнг-чапга аланглаб олиб, аста гап сўқди Дўқи полвон. – Э тавба... Бу... қанақаси бўлди? Ўзингни нима қипқўйдинг, хотин?!

Пешанасига кафт босиб, бойбувасидан қолган жодининг қирига ўтирди. Эчкини бошдан-оёқ синчиклаб кузатаркан, унинг тинимсиз дум ликиллатишидан афти буришди.

– Туришингни қара энди. Ҳеч йўқ иштон-пиштон кийиб...

Бирдан бўғзи димланиб, киртайган кўзлари ёшўраб кетди.

– Ҳа, тилинг қурсин-а. Бурушта ёмон ният қилардинг, иблис ўргатганини гапирардинг. Анави отинча хола қайтиб-қайтиб айтарди-я: «Тош ёғса, ўт ёғмаганига шукур қил, қарғанишдан тийилиб, покиза тилакларингни гапир», деб. Боя, бир марта оҳимга ет, тангрижоним, деб осмонга ирғишлаганингда бирон ножўя иш бўлишини юрагим сезувди... Э, бирпас кавшанмай тур!

Енгида кўзини артиб, чуқур нафас олди. Эчкининг руҳини кўтариш мақсадида ўзини тетиклантириб, амалий тадбирга кўчди:

– Хў-ў-ш... Молга терит қорадиган вақтинг ҳам бўп қолди. Етар, эчкиликни бас қилайлик. Қани, ҳушингни бир жамла-чи. Ҳа, баракалла. Энди осмонга тикил. Анқайма, ана, осмон тепада турибди. Аввал яхшилаб калима келтир. Тилдан қолганингни биламан, ичингда айтавер. Баракалла. Бу ёғига мен нима десам, шуни юракдан чиқариб, ўзингча қайтариб турасан энди. Эсингни йиғволдингми? Бошладик бўлмасам: «Э, қодир эгам, раҳмдил тангрижонгинам! Мен ўзи туғма аҳмоқман, кўпинча ўйламасдан гапирвораман. Гуноҳсиз болаларимнинг ҳурматидан бир марта айбимни кечириб...»

Ташқаридан, онасини излаётган бўталоқникидек соғинчсас овоз таралди:

– Ҳа ҳов-в! Тўйга ўчоқ қурадиган азаматимиз қайси тоғнинг панасида ётибди?

– Ва-эй, бу ёқдаман, – томорқада туриб товуш қилди Дўқи полвон, сўнг эчкига юзланди. – Оббо, Тиркаш-ку бу. Андак тоқат қиптурадиган бўлдинг-да, хотин.

– Ба! Юрмайсанми, ошна, – гижинглаб яқинлаша бошлади Тиркаш. Ортидан маҳаллада яшовчи мол дўхтири ҳам қора кўрсатди. – Дошқозонни осмасак, тўй бошланганига ким ишонади, Дўқи полвон? Қани, кетдик. Мана, шерикликка Сўлимовниям чақирволдим.

Дўқи полвон уларни нохушгина қаршилаб, қўл учида сўрашди. Тиркаш эчкига писандсиз боқиб, шунча мол-қўй турганда нега бу зоти паст махлуқни сотиб олганини суриштирди.

– Ё ис-пис чиқармоқчимисан? – тахминланди у. – Этини бир чамалайлик-чи, шўрвадан ортиб, ошга етармикин?

Ярим тутам ўт олиб, «ма, жиги-жиги», дея эчкини чақирди. Кейин шохидан тутиб, биқинини ғижимлади.

– Ҳой, нима қиляпсан? Қўйвор! – илкисдан рашки қўзиб дўранглади Дўқи полвон.

Бу орада Сўлимовнинг ҳам қўли қичиди. Бедана юриш билан бориб, эчкининг қорнини пайпаслади. Бўғоз эмаслигини башорат қилгач, «ҳали соғин шекилли», дея елинини сийпалаганини билади, Дўқи полвон: «Қўлингни торт, суюқбашара!» – деб бўкирганича Сўлимовнинг орқа ёқасидан чангаллаб, қурчоқдек тепага ирғитди. Ерга қўниб-қўнмасидан, қаншарига тортди. Эчки житранглаганича ўзини жуваризорга урган чоғда, полвони қурмағур, дўхтирнинг елкасидан эзғилаб, бўйнига яна икки мушт туширишга улгурди.

Тиркаш ҳилвароқ бўлса-да, бир маҳаллар чегарада хизмат қилгани боис, тўрт-беш соат чурқ этмасдан ўтириш-у, қўл қайиришга усталиги билан машҳур эди. Бир сакрашда Дўқи полвонга Сибир мушугидек тирмашиб, шартта билагини эшди.

– Бас қил! Жинни-пинни бўпқолдингми?

– Мен сенга нима қилдим, ҳаромзода? – бўйнини қийшайтириб сўради Сўлимов. – Маҳкамроқ ушла, Тиркаш. Бунинг қутурган. Кўзи сопол.

Тиркаш ўзиникини маъқуллади:

– Э, йў, жинни дедим-ку сизга. Ҳали кириб келаётганимдаям эчки билан гаплашиб тургандек бўлувди. Шуни бир психический кўриб қўйинг, ака.

– Куним ҳўкизларнинг фолчисига қолдими энди? – Тиркашнинг чангалидан халос бўлишга тиришиб потирлади Дўқи полвон. – Биламан, бунинг қанақа кўришини.

Дўқи полвоннинг Сўлимов ҳақида билганларини қишлоқда бошқалар ҳам яхши билишарди. Қўшмат-бутунтиқар бўкиб қолганда, қулоғидан бураб туриб, пахта ёғини хомлигича оғзидан қуйган, ичи кетишни бошласаёқ, ҳовлида тўхтатмасдан югуртиринглар, деб тайинлаган. Боливой шамоллашдан ўхчиб ётганда, иситма ўлчайдиган даражашишани қўлтиқнинг тагига эмас, молга ўхшатиб, кетига ўрнаштирмоқчи бўлган. Ҳамдам солиқчига «туғмас хотинингни сунъий қочириб кўрсакмикин», деб эшакдек калтак еган...

Эзғиланаётган елин кўз ўнгида қайталангани сайин Дўқи полвоннинг баттардан рашки ловуллаб, қайирилган қўлини бўшатишга уриниб ҳайқираётган, Сўлимов бақира-чақира янгидан-янги диагнозларни пеш қила бошлаган, Тиркаш дам бунисини бўралаб, дам унисини тинчлантириш чорасини кўраётган қийё-қий паллада жуваризор ичидан Эркахон чиқиб келди.

– Вой ўлақолай! Нима бўляпти ўзи?

Ҳозир Дўқивой хотинини ўз ҳолига қайтгани билан муборакбод этадиган кайфиятда эмас эди.

– Ҳа-а! Битта кинна билан тезда тузалибдилар-да? Ё Сўлимов яна кинна силаб қўйсинми? – дея қайишни узишга талпинаётган бўрибосардек бир Сўлимовга, бир хотинига сапчий кетди. – Иккалангниям тўшак қипқўяман! Ёриб ташлайман! Йўқол кўзимдан!

Хотин анграйган асно лип этиб ғойиб бўлди. Кейинги гаплардан янада қути ўчган Сўлимов Тиркашнинг кўзига илтижоли термилди:

– Қаттиқроқ ушла, ука. Мен ҳозир Чўян қиморвозникига кириб, мутахассисларга қўнғироқ қиламан.

– Овора бўлманг, – деди Тиркаш. – Чўян кеча Нор мискарга телефўнининг симлариниям ютқазворди.

– Ҳў, худо хайрингни бергурлар, – кутилмаганда пайлари бўшашиб, синиқроқ овозда гапирди Дўқи полвон. – Тўғрисини айт иккаланг, шунча улфатчилик қилиб, бирор марта бирортангни хотинингга ола қараган жойим борми? Ҳў, Сўлимов, хотинингиз камсамўлбошилигида далада менга қўл узатиб кўришганиди. Шундаям кафтини қитиқлаб қўйишдан ўзимни тийганман.

– Камбағалнинг диагнўзи борган сари чатоқлашяпти, қўлини қўйворма, – деб безанглади Сўлимов. – Эчкисига сал текканимга, итдек талади. Энди э йўқ, бе йўқ, гапни хотинимга буришини қара.

«Эчки» сўзи тилга олинди-ю, лаббай дегандек, жуваризордан махлуқнинг ўзи ҳам ташриф буюрақолди. Уни кўриб, Дўқи полвон қайтадан сесканиб тушди. Танаси тугалай шалвиради.

– Яна шу кепатами, хотин? – овози титраб, лаби буришди. – Эр бўлиб, бир сўксам сўкибман-да. Қиттай нарсагаям худони безовта қилаверасанми?

Сўлимов сўррайганича секин ортга чекинди. Тиркаш билакни қаттиқроқ эшди.

– Мунча пўкиллайсан иккаланг? Қўрқманглар, уруғимдан жинни чиқмаган.

Дўқи повон иккала маҳалладошини гоҳ ҳанг-манглатиб, гоҳ тиржайтириб, бўлиб ўтган ишларни гапириб бера бошлади. Охирида киприклари лик-ликлаб, кўзига тағин ёш инди.

– Ишонмайман! – нидо қилди Сўлимов. – Фанга зид бу!

– Фангаям, олимларинггаям қўйдим, – қаҳрини ютиб дўриллади Дўқи полвон. – Фан ҳақ бўлса, унда хотиним қани? Хўш, эчки қаёқдан келди? Ҳамма биладики, қишлоқда биттагина Сафо гадойда эчки бўларди, униям қишда бўрилар мушкулкушодга ишлатворишди.

Тиркаш билакни қўйиб юбориб, йиғламсираганича дўстининг елкасидан қучди:

– Узр, ошна. Эчки олибсан деб ўйлаб, жуда хунук иш қипқўйдим. Қўлим хотинингни биқинига етмасдан ириб тушса бўлмасмиди. Бизни сўйвормадинг, сенга минг раҳмат, – сўнг кўксига панжа босиб, эчкига бўйин эгди. – Узр, келин. Милён марта узр!

Сўлимов олдинига иккиланиб турди. Эчки узр-маъзурни Тиркашнинг кўзига тикилганича тинглаётганини кўриб, талмовсираган қиёфада орага суқилди. Қоши бароқланиб, устма-уст томоқ қирди:

– Энди-и... гап мундоқ, келинпошшо. Биринчида-а-н, бу ишингиз фанга мутлақо зид. Иккинчидан, бу сиёқда юриш хавфли, ҳозир ҳайвонлар ўртасида беш хил юқумли касаллик тарқаган. Учинчидан, шукур қилингки, эрингиз тупурган носининг ёнидан трактор айланиб ўтадиган паҳлавон бир йигит, донғи кетган гектарчи. Тўйга ўчоқ қуришниям, ўликка гўр ковлашниям битта шунга ишонишади. Шунча нарсани уддалаган дев бир куни рўзғорниям гуллатар. Андак сабр қилинг-да...

Човра шатирлаб, «кели-и-н, ҳу келинжон», деб чўзинганича, сурилган ғўзапоя орасидан томорқага отин кампир кириб келди.

– Келинг, отинча хола, – ўзини ўнглаб қарши олди Дўқи полвон.

– Човра очиқ қолган экан. Эчкимиз шу томонга ўтмабдими?

Уч эркак бир пайтнинг ўзида жўр бўлиб сўрашди:

– Қанақа эчки?!

– Қори тоғаларинг эрталаб бозордан опкелувди. Чол-кампирга шуни сутиям ҳарна-да.

Яқинроқ келгач, эчкини кўриб, «бу ёқдамидинг, жонивор», дея олдига солиб ҳайдашга тушди. Айни дамда «чақирдингизми, отинча хола», деб у ёқдан Эркахон ҳам пайдо бўлди.

– Човрани беркитмабсиз-да, қоқиндиқ. Эчкимизни шу ёқдан топдим.

Дўқи полвон дам эчкига, дам хотинига аланглаб, бир зум тарракланиб турди. Сўнг гурс этиб ерга ўтирди-ю, «веха... веха... вехахай, вехахай, вехахай» қилиб чапак чала-чала кулишга тутинди.

– Бошдаёқ фанга зид дегандим-а. Сен дарвинсизларга қўшилиб менам...

Сўлимов зарда билан қўл силтаб, пизиллаганича кўздан йўқолди. Тиркаш пича гарангсиб турди. Дўппини пешанага суриб, бир-икки бор оғиз чўлпиллатди-да, «ки-йинволиб етиб борарсан», дея шумшайиб ташқи томонга юрди.

– Боядан бери нималар бўляпти бу ерда? – ўзлари қолишгач, тинмай кулаётган эрига лол-ҳайрон тикилиб сўради хотин.

– Э, бу ёққа келгин, жуда катта ҳангома бўлди. Вехахай, вехахай... Эшитсанг, сениям ичагинг чалкашиб кетади. Вехахай, вехахай, вехахай...

– Шу топда ҳангома эшитишга вақтим йўқ. Кўйлагингизни чайқаётувдим, сув совимасин.

– Ва-эй, Серка! Тўхтасанг-чи! – бурилиб кетиб бораётган хотинига қичқирди Дўқи полвон. Кейин ёнгинасидаги бачки жуварини юлиб, ортидан узатган бўлди.– Тўхта деяпман сенга! Ма, жиги-жиги-жиги... Вехахай! Вехахай! Ваҳе-э-э-й...

1995