OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиСотти сатанг ҳаётидан (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм40KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сотти сатанг ҳаётидан (ҳажвия)
Анвар Обиджон

Чойхонада

Буёққа ўтир, гражданин Абдукарим. Пажалиста, нондан ол. Ие, сеники қаймоқли патирми? Нў, нў! Қани, ўшани ушатгин-чи бўлмаса.

Хў-ў-ш, тракторингда ҳалиям далаларни гуллатиб юрибсанми? Филтрни тез-тез янгилаб турсанг бас, мотор эшакдай ишлайверади. Вот, асосий масала қаерда!

Техникани сувдек биламан, ўттизинчи йилларда МТСга директор бўлганман. У маҳалларда колхозларга трактор берсак, оёғимизнинг тагига туя сўйишарди. Биз туяни еб тамомлардикки, тошбақанамо тракторлар десанг битта картани шудгордан чиқаролмай хуноб қиларди.

Даже, қирқинчи йиллардаги тракторларниям ҳафсаласи сустроқ эди. Ўзи техниканинг аҳволи нима-ю, улардан тўғри фойдаланмагансан деб, мендек одамни ишдан уришди. Шуми собиқ кавалерисга оқибат дедим-у, юқорига қаратиб хат юмалантирдим. Анча урди-сурдидан кейин, колхозга раис бўлволдик.

Ақлли одамнинг душмани кўп бўлади, эллигинчи йилларда пайт пойлаб туриб, яна тагимга сув қуйишди. Бош табелчиликка тушдим. Аммо, шуниям кўришолмади, ичасан деб бўйнимга айб қўйишди-я. Энг прастўй баҳона, тўғрими? Агар ичмаганимда, чекасан ёки бошқа нарса қиласан деб ковушимни тўғрилашарди барибир.

Хўп, харашў, айбимиз ҳам бор деяйлик. Хўш, мен билан сени тергайдиганлар ўзлари ичишмайди деб ўйлаяпсанми? Ўҳў-ў-ў, ўзлари бундан баттар ишларниям қилишади. Масъул постларда ишлаганман, ҳаммаси тирноғимнинг устида. Ҳамма гап шундаки, ўша қалбаки покизаларни палахмонга солиб ирғитиш учун ҳозирча етарли фактимиз йўқ.

Агар заметка қилиб юрган бўлсанг, кейинги пайтда ўзимизга ўхшаган ватанпарварлар четда қолиб, замон шоирники бўп кетди – сатрига қараб пул ишлашяпти. Тунов куни почтага кирсам, қўшнимнинг тўққизинчида ўқийдиган муштдеккина қизи битта каптансяни узатди-ю, давлатнинг бир неча сўм маблағини ўзлаштириб кетди. Суриштириб кўрсам, бу зумраша ўнинчида ўқийдиган ўспиринларга атаб шеър ёзиб тураркан. Ана сенга тараққиёт!

Почтадан чиқдим-у, тўғри магазинга кириб, учта қалам, ўнта дафтар олдим. Ҳеч шеър ёзиб кўрганмисан, гражданин Абдукарим? Ёзиш-ку чепуха, энг қийини уни публикатсия қилиш. Газетачилардан таниш орттирмасанг, ўлсаям босишмайди, вассалом. Вот, асосий масала қаерда.

Раён газетасига кечанинг ўзида тўртта ғазал олиб кирдим. Бирини ўпоқ, бирини сўпоқ қилишди. Қани энди, шунақада поччанг газетада ишласа-ю, ёзганларингни опанг орқали узатиб тураверсанг.

Бошингни ортиқча кампасир қилмай, яхшиси, ғазалларимдан биттасини сенга ўқиб берақолай. Алангламай, бу ёққа қулоқ сол:

    Қора қошинг бурнингда туташибди-ку, вой-дод,
    Причўсканг ўзингга ярашибди-ку, вой-дод.
    Осмондаги турналар жойида таққа тўхтаб,
    Сув тагидан бақалар қарашибди-ку, вой-дод.
    Сотти Сагатович Суннатовни адо қилма,
    Бошқа ошиқлар бирлашибди-ку, вой-дод.

Ўзи лўнда, мазмуни жудаям чуқур, тўғрими? Газетадаги буйракратга шуям ёқмади. Янглишмасам, кейинги вақтда у мени вапше кўролмай боряпти. Чунки, ўзи бундан ўтказиб ёзолмайди-да.

Шунақа ноҳақлик қилишаверса, бир кунмас-бир куни ёзишни шартта тўхтатиб қўйишим мумкин. Хўш, унда нима бўлади? Газетачиларга қолса-ку, битта шоирнинг камайгани фойда. Лекин, одамлар-чи? Шўринг қурғур оддий одамларга мендек ғазалхонни ким топиб беради? Вот, асосий масала қаерда.

Нега бунақа бетоқат бўляпсан? Ғазалнинг мағзини чақолмадинг шекилли, гражданин Абдукарим? Хижолат тортмай қўяқол, сен-ку тракторчисан, бунақанги маънодор ғазални ҳатто биринчи класс шофёрларинггам дарровда тушунавермайди.

Ҳа, айтгандай, ўзинг ҳам шофёр бўп кетмасайдинг. Машинада кўп пахта териб, мукофотга «Жигули» олганмишсан? Маладес, эшитиб хурсанд бўлдим. Биз отда чопиб юриб шундақа ажойиб замонни қуриб қўйдик, сенлар даврни суравер энди.

Машинанг шу атрофдами ўзи? Оёғини кўриб қўйсак, қалай бўларкин? Ғир этиб пивохонага борамиз-у, бир-иккитадан курушкани бўшатиб, баҳонада машинаниям ювган бўламиз. Рулдаман десанг, майли, сени улушингниям ўзим оламан. Энг муҳими – пиво тугаб қолмаган бўлса бас. Вот, асосий масала қаерда.

Кўчада

Ўв, гражданин! Граж... Ғассолвоймисан? Мўйлов муборак бўлсин. Зўрға танидим. Хиёл қори дастлаб соқол қўйганида, ити таниёлмай, илгидан олганди.

Вапше, менам сени ёшингда мўйлов қўйганман. МТСга директор эдим ўшанда. Ҳалиям қора экинга сувчидирсан? Ничево, ука, баридан муҳими – тани сиҳатлик. Вот, асосий масала қаерда.

Қўлингдаги сўмкадан хулоса чиқариш мумкинки, магазинга қараб кетяпсан. Танлаган йўлинг тўғри, кутубхонаю дўконларга тез-тез бориб, халқаро аҳвол билан ички савдони кузатиб туриш керак. Мен дунёни кўпроқ телевизўр орқали пайпаслаб бораман. Яқинда бир аперис... то ест, атейис бола чиқиб, баъзи таниқли авлиёлар ҳам уч-тўрттадан хотин олган, дейди. Значит, улар анча ошириб юборишган. Мана, биз ҳатто колхозга раис бўлиб, икки марта чимилдиққа киришга зўрға ҳаддимиз сиғди. Учинчисига оғиз очганимизни биламиз, фирқалик билетимиз «пир-р» этганича марказга учди. Анча-мунча дон сепиб кўрдик, қайтиб келмади.

Ўшанда кимга киннам кирганини топ-чи. Ўтган йили буғдойингни қайси чумоли ўғирлаганини топсанг топасанки, бу ипнинг учига етолмайсан.

Бўпти, ўзим айтақолай. Ҳозир тепангда бармоқ сараклатиб турган Зайтун Фирдавсовна у маҳалларда орқамдан пизиллаб юрарди. Илжайма. Бугунги аҳволимга қарайсан-да? Ошиқлигимдаги туришимни кўрсанг – хиром этикдек тарсиллайман. Гиламга оёқ артиб, қопдан ҳамён осган даврларим. Зайтун опангни сўрасанг, маданият уйида биринчи нўмерли ўйинчи. Айниқса, «Тановар»га йўрғалаганда, поездни релсидан чиқарворарди.

Холадимга[1] етдим деганимда, севгим хазон бўлди. Пешанамга шу таннознинг портрети чизилмаган экан, ука.

Ўша фожиага атаб бир шеър қоралаганман. Мен ўқиб берай, сен қўлингга рўмолча олиб эшитиб тур.

    Қулоқ сол, эй Зайтун отли санаммў-ў, санам,
    Кўпни куйдирдинг, ёндим менаммў-ў, менам.
    Бу оламда ўзим лойиқ эдим-ку васлингга,
    Заказнўйдек менбоп эдинг сенаммў-ў, сенам.
    Сотти Сагатович Суннатовга энадек табаррук эдинг,
    Бизни айирдилар... Вой, энаммў-ў, энам!

Маладес, гражданин Ғассол, дийданг қаттиқ экан, йиғламадинг. Юрагинг ғиппа ушлаб қолишидан қўрқиб турувдим. Чунки, буни хотинимга ўқиб берганимда, қориб турган хамирига боши санчилганича қимирламай қолувди.

Тақдир экан, Сотти аканг Мажнунликка ярамагандан кейин, Зайтун опанг ҳам Лайлиликни йиғиштириб, депутат бўпкетди. Баттол раҳбарлар шундай нарсани ишлатиб қаритишди. Менга текканда, уйда бўрсиқдек бўлиб, кашта тикиб ўтирарди. Вот, асосий масала қаерда.

Сени нега тўхтатдим ўзи?

Ҳа, айтгандай, агар магазинга кетаётган бўлсанг, кичик бир хизмат бор. Қоғоз тугаб қолиб, эрталабдан буён ўзимни қаерга осишни билмай юрибман. Ке энди, дардимни олгин, ука. Ортган майда пулингга тўрттагина дафтар опкелиб берсанг, шеърхонлар келгусида сенга завўтнинг мўрисидек ҳайкал қўйишади. Қўрқма, ҳақингни еб кетмайман. Биронта ғазалим босилса, гонорардан узилиш бўпкетармиз...

Нима дединг? Медпўнктга кетяпман? Нозикроқ жойингга чипқон чиққандир-да? Ие, баданингга эшакем тошган бўлса, медпўнктда бало борми? Кечаси оғилхонага кириб, этагингда эшакка ем берсанг, тошмаларинг уч кунда қайтади. Мабодо, эшак топилмаса, майли, унда дўхтирга бор.

Между прочим, Хиёл қорига учрашсанг ҳам бўлади. Дами ниҳоятда ўткир – «куф» деса карни тузатади, «суф» деса соқовни.

Ҳой, шошмай тургин...

Э, бор-э, билганингдан қолма-э! Аслида-ку, сенга ўхшаганларга нутқимни хор қилмаслигим керак. Лекин, анқов гражданларни кўрганда, «Э, хўш!» – деб қўйиш шоир халқининг бурчи. Вот, асосий масала қаерда.

Рўзғорда

Шундоқ қилиб, хотингинам, паловниям урволдик. Байрамингга путур етмасин деб, тузи пастлигини айтиб ўтирмадим.

Қанақа байрам деганинг нимаси? Биласан-ку, ҳар пайшанба-бозор уйимизда шеър базми...

Қаёққа, ҳов? Ҳе, тезда рангинг ўчмай ўлгур! Қимирлама деяпман! Нима, битта ўзимга керакми ижодим? Сен паразитлар маърифатли бўлгин деб, кечаси билан қиличнинг тиғида юриб чиқаман. Дорбоздан фарқим шуки, у оёқдан тойиши мумкин, мен тилдан. Ўтир яхшиликча! Қани, эшитмай кўр-чи!

... Ҳа, гап шундоқ бўпти, гражданин хотин. Майли, хоҳласанг парқувга ёнбошла. Аммо, пинакка кетсанг, хафа қиламан. Капгир қозонда-ю, шоир мухлислар орасида истарали. Вот, асосий масала қаерда.

Бурноқ куни нега қорним ғижимлади, биласанми? Ўшанда Бўстон чўлоқ бир арбузни «ёр-ёр» билан кўтариб кепқолди. Гузарда бўғизлаб едик. Кечаси азобини тортгандан кейин билдимки, пўчоғидан уруғигача ғирт дори экан. Мана сенга электропикатсия плюс химизатсия!

Ана шундан тажангланиб, передавўй гражданский руҳда ўткир нарса ёздим. Чойни хўриллатмасдан, қулоқни динкайтир.

    Магазинга келибди арбуз, э маладес,
    Сотибди уни Назар кўккўз, э маладес.
    Битта арбуз олиб сўйсак, ғиж-ғиж селитра,
    Қўрқмай едик қип-қизил туз, э маладес.
    Сотти Сагатович Суннатовга иситма чиқди,
    Келақол, дўмбоқ дўхтир қиз, э маладес.

Эснама! Эснама деяпман! Ҳа, эсизгина шеър. Сенларга «Сўнгги ахборот» ҳам ҳайф. Энди билдимки, тўртта хотин олганлар тўғри қилган экан. Охири биттаси эслироқ чиқади-да.

Ҳалиям кечмас, мени шунақа хўрлайверсанг, бошига китоб қўйиб ухлайдиганини ахтариб, шартта уйдан жилвораман. Кичкина шу қишлоқда янги Амирийни етиштирган худо, водий бўйича бирорта Нодираниям яратгандир.

Воҳ, пешанам қурсин! Адабиётни-ку эчки карамни билганчалик биласан, ҳеч бўлмаганда, девонимни оққа кўчиришни эпласанг экан. Ўзингга маълум, почерким анча бепардоз. Адабиёт газетасига шеър юборсам, у ёқдан хат келди: «Чизиб жўнатган расмингизга тушунмадик», деб. Бошқа газетадагилар бўлса: «Бизга атаган нарсаларингизни рус алфавитида ёзинг», дейишибди. Худди оламда ўзбек алфавитиям бордек гапиришади. Охирида битта машқимни Буҳалчанинг неварасига диктўпга қилиб, «Ёш куч»га қаратиб ҳайдадим. Кўп ўтмай: «Шеърингизни олдик, лекин ёшлар ҳақида бўлмагани учун қолдирилди», деган жавоб келди. Хатни ўқиб, суюниб кетдим – юборган нарсам шеър эканлигини ниҳоят тан олишибди. Шеърим борлиги исботландими, демак, шоирман. Вот, асосий масала қаерда.

Мана, талабларингга биноан деб, ўша жўрнолга мос ғазал битиб қўйдим. Бунисиниям яйраб эшит.

    Бир камсамўлкани севдим, суқланиб турсам турай,
    Уйланиб, яхши йўлга шу қизни бурсам бурай.
    Оҳ дедим, сўнг воҳ дедим, фортичкадан бир боқ дедим,
    Мактабнинг деразаларига мўралаб юрсам юрай.
    Ишқ йўлида таваккал қил, Сотти Сагатович Суннатов,
    Шартта этикни чўткалаб, камсамўлга кирсам кирай.

Ву, паразит! Ву, паразит! Хуррак отяпсан-ку! Тумов-пучқоқлигингни пеш қилма. Нима, оддий бурун тортишни хурракдан ажратолмай қолдимми? Ижодкорлар айн моментда любой нарсани пайқайди. Ҳе, бамаза чопончангдан ўргилдим!

Бизга жуда увол. Шоир зоти борки, шўрликни сенга ўхшаган зимистонлар гумдон қилади – гоҳ юракни кемирасан, гоҳ асабни. Мен дастингдан ҳалок бўламан, сен ажали билан кетди деб дезинпорматсия тарқатасан. Ўлимдан-ку қўрқмайман, аммо келиб-келиб сен попишакка қурбон бўлганим алам қилади. Ҳаром ўлганга яраша, Амирий ошатган ошдан тиқилиб ўлсанг-да. Вот, асосий масала қаерда.

Редаксияда

Ҳа, бетгачопар, ҳалиям абадий ходим бўлиб ўти-

рибсанми? Номни жуда топиб қўйишган-да, мингта шоир газетангда шеърини чиқаролмай ўлиб кетади, сен юз йил шундай тураверасан.

Сенда инсоф борми ўзи? Душанба куни ташлаб кетган шеъримни сешанбадаёқ конвертга тиқиб, уйимга жўнатибсан-а. Жиғилдонни ўйласам, олдингга келиб ўтирмасдим, шеърхон гражданларга куйиндим. Чунки, санъат – халқники. Вот, асосий масала қаерда.

Мана, ёзган хатингни қара, хўрозқанд ўрашга арзимайди. Яна «Ўртоқ» деб бошлабсан. Сендақаларга ўртоқ бўлиш у ёқда турсин, атала худойигаям бирга бормайман.

Гапни чўзмайлик, менга чесний айт, давлатимизга дўстмисан, ё ички контурмисан? Қайта қуриш ҳақидаги шеъримни мажақлаш учун осмондан парашўтсиз ташлабсан-ку. Буни бошқатдан бир эшитиб кўргин, актуваллик бундан ортиқ бўладими?

    Ноқулайдир тўпалонда молга ўхшаб четда туриш,
    Турғунликка қарши бирдан эълон қилсам керак уруш.
    Афсус, ҳалиям аёлларда ошкоралик етишмайди,
    Мазмуни тўқ савол берсак, яхши эмас гапни буриш.
    Бордир Сотти Сагатович Суннатовнинг бир орзуси,
    Уям бўлса, товуғининг катагини Қайта қуриш.

Шундай пролетарский назм турганда, қандайдир Рангин Ғамгин деган боланинг таъзияга ўхшаган шеърини босиб юрибсан. Ўша шоиринг топган ваҳмагап шуки, бир содда деҳқон бутефоснинг тақиқланганидан суюниб, хориждан келтирилган бошқа заҳарнинг идишини ноғора қилиб чалаётганмиш. Шу ҳайрон қоладиган нарсами? Ҳаммага маълум-ку – нима, капиталистлар бизга заҳар жўнатмай, асал жўнатармиди?

Э, ўчир попирисингни, олдингда одам ўтирибди. Ўзинг пўстакдан сал каттароқ раённинг рўмолчадек газетасида ишлайсан, бурнинг намунча булутда? Агар, областда ишлаб қолсанг, отанг пропускасини кўрсатиб гаплашаркан-да?

Ўчдими попирисинг? Энди ҳушингни жамла, сенга ёқмаган манави ғазалнинг мағзини ўзим чақиб берай.

    Самалўтлар учиришди турганда тайёр лайлак, э-воҳ!
    Бозорда картишка кам, подприлавкадир чойнак, э-воҳ!
    Қоровулдан министргача халқ мулкини талаб ётар,
    Охири аспал кўчаларниям ташиб кетишса керак, э-воҳ!
    Яна зўр гапларни айтардим, ажойиб жувон ўтиб қолди,
    Сотти Сагатович Суннатовга беринг кўзойнак, э-воҳ!

Бир қарашда – кичкина асар, лекин қамровнинг кенглигини қара: бўлар-бўлмас олимларга кесатиқ, сабзавотчиликнинг бугунги аҳволи, савдодаги найрангларни чўчимай фош этиш, ҳукумат раҳбарларини ташмачиликдек катта хавф мавжудлигидан огоҳлантириш ва ниҳоят гражданча пок севги таронаси.

Шундай нарсани тушунмай, «бу шеърни ўз-ўзига танқид руҳида қайта кўриб чиқишингиз керак», дебсан. Лоақал, «илтимос қиламан» десанг, тилингга чечак чиқармиди? Бўйингга галстук таққандан кейин, юмшоқсўз бўлишгаям чидагин-да. Мана, бизда галстук йўқ, хоҳласак, айниб сўкинамиз, хоҳласак, шапалоқ тортворамиз.

Ҳа, бўпти, ўша ўз-ўзини танқидингдан келиб чиқиб, баъзи шеърларда битта-яримта камчилик ҳам бор дейлик. Аммо, айни қаҳратон арафасида пелитон-ғазалимни брак қилишга қандай қўлинг борди?

    Қиш кепқолди, фермаларни тузатиш керак, анқовлар,
    Том билан ром бор-йўқлигини кузатиш керак, анқовлар.
    «Ватандан сутни аяманг, ўртоқ сигирлар!» дебон,
    Бузуқ деворни шиор билан безатиш керак, анқовлар
    Сотти Сагатович Суннатов дер: сарёғ кутар шаҳарлик,
    Ўзинг ема, уларга узатиш керак, анқовлар.

Яна афтингни тириштирасан-а. Ҳов, нега биронтанг Сотти Сагатовични тушунолмайсан? Айбим ўзимга хослигимми? Ҳаммага ўхшатиб ёзиш, ҳатто, пандавақи хотинимнинг қўлидан келиши мумкин. Жаҳонга чиқаман деган эркак шоир хотиндан баландроқ ёза олиши шарт. Вот, асосий масала қаерда!

Тўйда

    Саломимиз совға бўлсин мана шу тўйга,
    Ўхшатинглар қариндошдан келган қўйга.

Икки дунёда камлик кўрмайин деганлар, бу шеърга гулдиратиб қарсак урсин.

Раҳмат, гражданлар! Сизлардан илҳом олиб, шу маҳаллада шоирликка кўтарилдим, ҳаммага севимли бўлдим. Албатта, бундан хурсандман. Янаям грандийўзний ютуқларга эришишим мумкин эди, «нў» дейиш керакки, редактсиялардаги «бўм-бўм»лар адабиётга сизчалик ақли етмайди. Вот, асосий масала қаерда.

Вақтнинг пириллаб ўтишини қаранг, МТСга директорлигимда Тўхтавой тушмагур кетмонсопидан йўғонроқ ўспирин эди. Колхозга раислик қилган давримда уни отбоқарликка олиб, меҳнатда тарбияладим, бош табелчилигимда иш ҳақини қонуний ёзиб бериб турдим. Натижада, бола-чақали бўлди. Мана, дўппи бир айлангунча, бугун кенжа ўғлига хотин олиб беряпти.

    Тўхтавой бир хивич эди, хода бўлди,
    Ёнига ва бўйига ўсиб, ота бўлди.
    Фарзандлари кўпайиб борди, қиёс қилсак –
    Бир қўчқору бир совлиқдан пода бўлди.
    Қишлоққа маданият келиб, тўйда шеър ўқиш
    Сотти Сагатович Суннатовга мўда бўлди.

Бунисигаям қарасак чалган гражданлар муродига етсин.

Келинг, дўстлар, куёвбола билан келинчакни яхшилаб томоша қилайлик. Ана, иккаласиям бахтиёр. Чунки, ҳозир далада айни бригадирларнинг кетини кана чаққан давр бўлишига қарамай, бу икки ёш тўй баҳонасида кетмон чопиғидан қутулиб, камида уч кун чимилдиқда жон сақлаб ётади. Буям бўлса, замоннинг бағри кенглигидан, ўртоқлар.

Бу ёшларга, айниқса, мен жуда ҳавас қиламан. Бинобарин, ўзим рўшнолик кўрмай ўсдим, одамга ўхшаб културнийроқ турмуш қуролмадим. Икки марта севишмасдан уйланганимни кўпчилик яхши билади. Учинчисига чин муҳаббат қўйганимда, қўйнимдан ёримни, чўнтагимдан партия билетимни суғириб кетишди. Энди билсам, бу шахсан Сталин бошлаган иғво экан, ҳозир ҳамма газета уни уриб ётибди.

    Қора чакмонда келиб, тинчимни юлди правакатсия,
    Ишимниям, ишқимниям расво қилди правакатсия.
    Фабрикалар бўз ва чит ўрнига ғийбат тўқиб,
    Растаю пештахталарга тўлди правакатсия.
    Сотти Сагатович Суннатов ҳозирча саломатдур,
    Ҳозирча сал гумдон бўлди правакатсия.
    Қарсак чалган гражданлар ўлгунча омон бўлсин.

Э, раҳмат. Энди билдимки, ичиб ёзилган шеърни ичиб эшитган яхши. Ўзи базмни чапани хўрозларга чиқарган, саҳардан бомдодгача тирикчиликка тирмашганнинг бети қурсин.

Мана, Аспан атторни олсак, сақичу кўзмўнчоқдан бошқани танимай дунёдан ўтди. Оғир ётган вақтида рўмолчага тўртта беҳи тугиб, кўргани кирсам, кўзи осмонда, қўли картмонда. Аҳвол сўраганим сайин картмонни маҳкамроқ чангаллайди денг. Зора, гап қовушса деб, шеърхонликка ўтдим. Ўша ғазални эшитинг.

    Гўр жудаям совуқдир, кафан юпқадир,
    Гўёки қишда кийилган ёзги юбкадир.
    Тупроққа кўмилиб ётасан ўзинг қалтираб,
    Мункару Накир келар гурзиси ялтираб.
    Оёғингдан дўзах томон судрашгани дам,
    Сотти Сагатович Суннатовдан кутмагин ёрдам.

Шўрлик Аспан аттор картмонга илҳақ бўлиб, шундай касалбоп шеърни охиригача эшитолмай кетди...

Бас, болалар, бировнинг ўлгани айтилганда, қарсак чалинмайди. Бу – бир. Иккинчидан, тўйнинг кечқурунги қисмига аралашиб юришларинг унчалик шарт эмас. Агар мени деб келган бўлсанглар, майли, болаларга ёзганимдан битта ўқиб берай, кейин яхшиликча тарқалинглар.

    Казбек тоғнинг чўққисида
    Арчалар бор, арчалар.
    Кенг ва озода боғчамизда
    Дарчалар бор, дарчалар.

«Ура!» деб қичқирган боланинг иштончаси кўпаяверсин.

Баракалла, азаматлар! Илойим, мана шу куёв билан келингаям сиздақа чуғурчиқлардан бир галаси насиб қилсин. Ҳаммаси соғ-саломат улғайиб, бири МТСга директор, бошқаси раис ёки бош табелчи бўлиб етишсин. Балки, биронтасидан ҳатто шоир чиқар. Аммо, муҳими бу эмас. Пажалуй, ишнинг катта-кичиги йўқ. Ишқилиб, ҳар ким касбини мендек севсин, мендек уддаласин. Вот, асосий масала қаерда.

Ахлатхонада

Салом бердик, қадрли гадой тўралар. «Раён ахлатхонасига хуш келибсиз!» демоқчи эмасман, мақсадим– яхшиликча келишиб олиш, кўп эмас, кунига бир ярим сўм атрофидаги сарфимни кўтариб туришларингга тўғри келади. Вот, асосий масала қаерда.

Ҳа, пиёнистаман! Бир маҳаллар МТСга директор бўлган одам шу аҳволга тушиб қолдим. Аммо, минг афсуски, гадойчилик қилиш ҳозирги касбимга тўғри келмайди– шоирман.

    У томонга, бу томонга қаранг-қаранг,
    Янги йилнинг соатлари даранг-даранг.
    Ёш-яланглар бангиларни чўчитишиб,
    Осмонга мушак отишар варанг-варанг.
    Сотти Сагатович Суннатовга улфат топинг,
    Стаканни уриштирсин жаранг-жаранг.

Буни янги йил куни шахсан ўзим ёзганман. Ҳойнаҳой, Мирзақандни танирсизлар? Ана ўша безделник бунга гувоҳ.

Мени тўғри тушунинглар, гадой тўралар! Ҳар қандай даромаддан солиқ олинади, сизлар ҳам умумдавлат қонунидан чиқиб кетманглар, дейман. Нима? Солиқни участкавойга узатиб турибмиз, дейсизми? Нў-ў! Бу солиқ эмас, жаноблар, бу – чистий пора. Бу қонунпарварлик эмас, қонунбузарлик. Участкавойга орқа қилиб, мендан қутулмоқчи бўлганлар қаттиқ адашади – қўлимда қаламим бор, ҳаммангизни беспошадний фош қиламан! Билмасам экан, сизлар на урушда инвалид бўлгансиз, на меҳнатда. Бирингиз мастликда поезд билан тўқнашиб, оёқдан ажрагансиз; иккинчингиз киссавурликда оломонтепкига қолиб, букри бўлгансиз; бошқангиз пивахонада қаншарга шиша еб, кўздан ажрагансиз. Категорический огоҳлантириб қўяй, мен ёзган пелитонни редактордан қайтариб олишга бир ярим сўм пора ниҳоятда камлик қилади. Вот, асосий масала қаерда! Фаросатни ишлатиш керак, гадой тўралар!

    Аё дўстлар, тополмадим серфаросат одамни,
    Токи менга қуллуқ қилса кўрганда шляпамни.
    Мендан кулар эркак-хотин маданиятни қилишиб хор,
    Ваҳоланки, кител кийдим, бўйнимда галстук бор.
    Безор бўлиб, маҳалладан олиб кетсам агарда бош,
    Сотти Сагатович Суннатовни эслаб йиғла, эй қаламқош.

Бунисиниям шахсан ўзим тўқиганман, жаноблар. Текин эшитишга уялмайсизларми, шу шеърнинг ўзи бир ярим сўмга арзимайдими? Қолаверса, бештасизлар, бир ярим сўм ҳар биттангизга бор-йўғи ўттиз тийиндан тушади. Шуям пулми, гадой тўралар? Так что, паслик қилиб ўтирманглар.

Агар КПССнинг кейинги съездини матбуотдан кузатган бўлсангиз, юртимиздаги ҳар қайси граждан бошқаларга ғамхўр, ҳамма билан аҳил, муҳтожларга кўмакдош бўлиши зарурлиги уқтирилди. Бизга ўхшаган эски кавалерисларни қадрлаш кераклиги алоҳида таъкидланди.

    Эй ветеран, нега бунча қовоғинг солингандир?
    Балки инсоний ҳуқуқинг тўсатдан тортиб олингандир?

    Папоқ кийиб қон кечдинг, ҳамма оғирликларга чидаб,
    Алам қилар, ўша ботир нега бугун ялингандир?

    Съездда янграган қарсаклар ҳукумат шаънига эрмас,
    Сотти Сагатович Суннатовнинг сабрига қойил чалингандир!

Аҳвол шунақа, гадой тўралар! Бош оғриб, яна элликта отгим келяпти. Бундан чиқдики, тирикман. Бесфордонний дўхтирлар бўлса, эндиям ичсанг акончателний ўласан, деб бундан беш йил олдин мени қўрқитишга уринишган. Йўқ, биз ўлмаймиз, аксинча, биз ҳали кўпнинг бошига етишимиз мумкин. Бунга шароит туғилса бас. Вот, асосий масала қаерда!

1980-88

  1. Фарғонада ЗАГСни холадим (хоҳладим) ҳам дейишади.