OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиТўнни тескари кийиш (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм8KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тўнни тескари кийиш (ҳажвия)
Анвар Обиджон

Янги тўқимачилик комбинати қурилиши ҳақида газетада бир саҳифалик тантанавор мақола берилгач, телестудиядагилар ҳам бирдан енг шимариб қолишди. Бош муҳаррир мени ҳузурига чақириб, бу жойдан шошилинч кўрсатув тайёрлашимни топширди.

Ишни бизни илиқ кутиб олган қурувчилар-у, зарур ашёларни қурилишга узлуксиз етказиб беришга эришаётган турнақатор машиналарни суратга тушириш ва кўпиртириб изоҳлашдан бошладим:

– Кўриб турганингиздек, энг замонавий кранлар ўрнатилгани карвон-карвон юк машиналарини ўз вақтида бўшатиш имконини бермоқда. Айниқса, оилавий пудрат асосида ишлашга ўтган Қовунчиев ва Кабановлар сулоласи сифату тежамда барчага намуна бўлаётгани бизни қувонтирди. Беш йиллик зарбдорлари ҳисобланган Маркаев, Жалоладзе, Пак ва Папандапуло ўртоқлар махсус қурилган чекиш капасида ҳам бекор ўтиришгани йўқ– прораб Лайлоев билан навбатдаги режалар тўғрисида куйиб-пишиб суҳбат қуришяпти.

Мана бу эса, қурувчилар овқатланадиган ошхона. Бир неча юз кишилик улкан коллективга бу каталак торлик қилмасмикан? Қолаверса, ошхонада бор-йўғи беш хил овқат тайёрланар экан. Тепса тебранмас бош ошпаз Камолохуновдан бунинг сабабини суриштирганимизда, қовоқ-тумшуғи осилганича лом-мим деёлмай қолди. Раён умумий овқатланиш идорасидаги калладор зотлар бу масалани жиддийроқ ўйлаб кўрсалар чакки бўлмасди.

Қурилиш раҳбари Дўмбоқовни яқинда мукофотга берилган шахсий «Жигули»сига ўтираётган чоғда учратдик. Бу камтарин инсон телеекранда кўкрак керишдан иймангандек, «ҳақиқий қаҳрамонимиз – оддий ишчилар, ўшаларни суратга олинглар», дея бошқармадаги йиғилишга жўнаб кетди.

Азамат бинокорлар бу муҳим объектни шу йилнинг биринчи апрелида, яъни муддатдан икки ой илгари фойдаланишга топшириш учун курашмоқдалар. Буни эшитиб, шижоаткорлар масканидан дилимиз завқ-шавққа тўлиб, мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган Қайта қуриш жараёнининг муқаррар ғалабасига ишончимиз янада мустаҳкамланиб қайтдик...

Эртаси барвақт ишга келиб, монтажни эндигина тугаллаган эдимки, яна бош редактор йўқлатиб қолди. Борсам, турқи бежо.

– Ишлар чатоқ, – деди у. – Кеча кечқурун министрликда бўлган йиғилишда тўқимачилик комбинати қурилиши чўзиб юборилаётгани қаттиқ танқид қилинибди, газетада асоссиз мақталгани кўрсатиб ўтилибди. Энди бориб, бошқача кўрсатув тайёрлайсиз. Аямай дўппосланг хумпарларни. Топшириқ шунақа.

Хонага шалвираганимча қайтиб, юракни чангаллагудек аҳволда креслога чўкдим: бу қанақаси – кеча ундоқ деб борсам, бугун бундоқ деб борсам... бурд деган нарса қаёқда қолади?!

Администратор қиз қуйиб узатган тўқсон бешинчи чойни бир-икки симиришим билан каллам ярқ этиб ишлаб кетди. «Нега энди бошқатдан суратга тушириш керак экан, – деб ўйладим мен, – тап-тайёр тасвирлар турибди-ку!»

Шартта қоғоз-қалам олиб, янги жумлалар туза бошладим:

– Қурувчилар бемаврид келганимиздан ўнғайсизланиб, бизни сохта илжайиш билан кутиб олишди. Ахир юки соатлаб бўшатилмай, мачит остонасидаги калишлардек тизилиб ётган манави машиналар фонида суратга тушишга кимнинг тоби бор? Тўғри, кранлар энг замонавий, аммо иш услуби ҳануз эскичалиги қаттиқ панд бермоқда. Интизом сустлиги, ўзаро талабчанлик йўқлигининг боиси шуки, бу ерда қариндош-уруғчилик кучайиб, ҳаммаёқни Қовунчиев ва Кабановлар босиб кетган. Бу ҳам етмагандек, Маркаев, Жалоладзе, Пак ва Папандапулога ўхшаган такасалтангларга махсус кашандалар жойи қуриб қўйилган. Қарангки, прораб Лайлоевнинг ўзи бекор вақиллашда уларга ўрнак бўлиб турганининг устидан чиқдик.

Мана бу эса, қурувчиларнинг овқатланиш жойи. Ишининг бош-учи йўқ боқибеғамларга шундай шинам ошхона қуриш шартмиди? Тағин ҳар бир текинхўр учун беш хилдан овқат тайёрланаётгани-чи? Менимча, қўли гул пазанда Камолохуновнинг нега қовоғи уйилиб турганини тушуниш қийин эмас – қолоқ участканинг хўрандалари ҳаддан зиёд талтайтириб юборилмаяптимикан? Раён умумий овқатланиш идорасидаги ўртоқлар бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришса, чакки бўлмасди.

Қурилиш раҳбари Дўмбоқов бизнинг дарагимизни эшитиб, қандайдир йўллар билан мукофотга олган зийнатдор «Жигули»сида қочиб қолди. Балки ҳамма айбни оддий ишчиларга ағдариб, бу сафар ҳам бошқармадаги ҳомийларнинг паноҳига ошиқаётгандир?

Бу муҳим объектни шу йилнинг биринчи апрелида фойдаланишга топшириш планлаштирилган. Аҳвол шундай давом этса, келгуси йилда битиши ҳам амримаҳол. Шулар ҳақда ўйлаб, ушбу ҳаробадан қайтар эканмиз, мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйиши лозим бўлган Қайта қуриш жараёнининг тақдири бизни қаттиқ ташвишга солди...

Мана, бугунги гаплар кечаги суратларга бинойидек ёпишди-қолди. Журналист маҳорати дегани бундан ортиқ бўладими? Калламга қойил-э! Тўқсон бешинчи чойга офарин-э!

1989