OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиУста Гулматнинг жумбоғи (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм8KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Уста Гулматнинг жумбоғи (ҳажвия)
Анвар Обиджон

Шоирликдан илкис кўнглим совиб, баайни назм мушук, ман ит бўлибдурман. Мундоғ кескинлик кўрсатурға тўрт сабаб топдим.

Сабаб рақам бир: белимдан қувват, турқимдан истара чекинғоч, ҳатто носқовоғимга алоҳинда қош учириб юрғон аҳли нозанин дафъатан юзсизликка ўтиб, пуч савлатимни бир имога олмайдургон бўлди. Бегоналар ордона қолсун, кенжа хотунчам ҳам гоҳ соқолимни пахмоқ, гоҳ қорнимни дўмпоқ деб қарғанадур.

Сабаб рақам икки: дўст-аҳбобдин ҳануз оқибат кутуб, хумбошлиғимча қолмакни ўзимга эп кўрмадим. Зеро, ман мудом имонга эргашдим, алар эҳсонга тирмашдилар. Аларга шакар тутдим, алардин заҳар ютдим.

Сабаб рақам уч: оллои каримнинг табаррук исмини махфий шўъбадин чўзилғон яширин маошга пуллаб, очиқ кўрлар жамоасини милтиқбоз зўрлар думасиға чандиб берғон айрим саватсаллаларни мазангламоқдин ҳам толиқдим. Жамоа кўзини очмак истадим, кўр бўмағоним учун жамоа мандин ҳамдард топмади.

Сабаб рақам тўрт: ва ниҳоят, улкан бир салтанат ила олишмоққа барҳам еткаруб, ҳокиму арбобларга омонлиқ бердим. Фаҳмладимки, бир мансабдорни ағдарсам, жойини иккинчи олғир фойдасиға бўшатғоним қолур.

Алқисса, шоирлик ила орони очиқ қилғоч, хаёл уммонига ғаввос ўлуб, маҳоватимга лойиқ касб қидирдим. Уммон тубиға етиб билдимки, банда учун энг қутлуғ саодат – ҳар нарсадин сир-асрор ахтариб, оламни равшан англамоқ эркан. Шу асно ўзимни илмға урдим.

Алломаликка илк қадамни Беруний сумалак тошини чақиб кўрмакдин, ибн Сино қовурилғон бўйракни идроклаб чайнамакдин, Мирзо Улуғбек сарой шифтиндаги жинчироқларнинг жойлашув тартибини жадвалга тушурмакдин бошлағон бўлса, ажаб эрмас. Буюк аждодларимдин фарқим – фақирнинг илк назари қабоқарига тушуб, кўнглумда ул махлуқни болари ила чоғиштирмоқ ҳаваси уйғонди. Авомга маълум ва мақбулким, болари бош суққон туйнукнинг хотимаси текин асал йиғиндисига бориб тақалгай. Вале, ман қабоқарилар масканига жиддий ҳужум уюштириб, ҳужрамнинг ён деворини вайронлаб кўрсам-да, гувалалар оросиндан лоақал чирик туршак топмадим. Бул заҳматли чоғиштирув ниҳоясинда дилимда башоратталаб бир сўроғ зоҳир ўлуб: «Боларига нисбат айласак, қабоқарининг боши уч чандон, кети беш чандон катта бўлғони ҳолда, нечук бизга етадурғон даромад ҳечдур?» – дедим. Сўғин кўнглима ваҳий келиб, каромат ёғдирдим: «Жонзот нечоғлик бесўнақайдур – наф шунча камдур», деб. Эмди Юсуф Хос Ҳожибдек жумбоқдин ечим, ечимдин фалсафа излаб, қатъий хулоса қилдим ва ёшларға мундоғ насиҳат битдим: «Танлағон ёринг қанчаки хипча эрса, рўзиғорга шунча барака киритғай. Хотуннинг қўполи бунинг аксидур».

Шу йўсин, бу чалкаш дунёда шоир бўлмакдин чойхона чойнагини ўғирлаб кун кўрмак мақбул деб, ўзни батамом илмға кишанладим. Авлиёлик хислатимдин яралғон нодир фикрларни абадийлаштирув йўлинда қирқ дафтарни нобуд этиб, рисолалар ёзмоқдин ҳануз тийилмағонимга не ҳайрат? Чунончи, олам жумбоқлари бисёр эркан, мутафаккир таажжуби ҳам бениҳоядир.

Узоқ кетмай, куни кеча юз берган ғалат ишдин келай. Кўрсам, бир мусофир дала йўлини қазиб, дўппи кўмаётир. Сўрдим: «Бу не аҳмоқлик?» Ул безот деди: «Туғма сеҳргардурман, битта дўппи эксам, бир ракат намозни тушургунимга довур тўртта сувсар қалпоқ униб чиқадур». Ҳосилни тенг тақсимлаш юзасидан дарҳол шартнома тузилиб, беқасам чопонлар етиштирмак умидида ман яктагимни экдим. Мусофир одобини намойишлаб айтдики: «Ёшингиз улуғ эркан, имом бўлинг», деб. Қиблани меҳроб этиб, олдинга ўтдим. Намозни битирғоч, ортга ўгрулиб «ассалому алайкум», десам, мусофир гижонда? Аллақачон ҳосилни ўриб, қочиб қолибдур. Жумбоқдин ечим, ечимдин фалсафа излаб, қатъий хулоса қилдим ва ёшларга мундоғ насиҳат битдим: «Шерикчиликка ҳатто калиш экма – фойдани келгинди кўрадур».

Бу кун пешинда янги бир чагалнинг гувоҳи ўлиб, тағин яқо ушладим. Тўйдан қайтаётиб қарасам, гузарда оломон тирбанд. Айноқ жинни кўчани тўсиб олиб, «бу ёққа фақат жиннилар юрсин», деб турибдур. Биров ўзини телбаликка солиб «қумғонда арслон қовуриб едим», деса, бошқаси «айрипилонға эшак қўшиб, тўғри Қашғарга учдим», деди, лек афсус, бирон-бир фойда чиқмади. Бир кимарса эса унга тўқнош бориб, чўнтагидин танга олиб кўрсатди ва нимадир деб шивирлағон бўлди. Шунда Айноқ жинни бехос қаҳ-қаҳ отиб, кутилмағонда унга йўл бўшатди. Данакдек қулоғим супра бўлғунча яшаб, бу янглиғ улкан жумбоқни кўрмаган эрдимки, ондин на ечим, на фалсафа, на хулоса, на ибрат топа билдим.

Балким айтгандур:

– Кеча энг яхши дўстни мана мунақа темирчаларга алмашладим.

Ёки:

– Мана, шу нарса мани жинни қилди.

Ёки:

– Ма, окоси. Бу сабилға хоҳласанг сабзини сотиб олурсан, хоҳласанг қозини.

Агар кимда олимликка даъво бордур, ушбу чигални ўринлатуб ечсун, биз тиззалаб таъзим қилайлук.

1988