OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиXX аср талончилиги (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм11KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





XX аср талончилиги (ҳажвия)
Анвар Обиджон

Шаҳри азимнинг милитсияси оёққа турди. Жиноят қидирув бўлими ҳордиқдаги ходимларини шошилинч чақириб олди. Милитсия мактаби талабалари ҳисобига кучайтирилган автоинспекторлар жамики йўл ва йўлсимон жойлар устидан назорат ўрнатди. Дружиначиларга пахтавон ўқли қуроллар берилиб, вокзаллар, аеропортлар, бозор-гузарларга тарқатилди. Дала-дашт, кўл-дарё зоналарини кузатиш овчилар ва балиқчилар жамияти аъзоларининг зиммасига юкланди. Чет эл саёҳатида юрган тажрибали изқувар Мастонов Австралиядан, халқаро мусобақада қатнашаётган довруқли исковуч Шўрка эса Жакартадан қайтариб келинди.

Мастонов одатдагидек ишни бир чеккадан, омбор қоровулини тергов қилишдан бошлади.

– Ҳовлиқилмасин, отахон, – дея қоровулнинг ҳаяжонини босишга тиришди у. – Чуқур ўйлаб кўрилиб, аниқ-аниқ жавоб қилинсин. Талончининг қиёфаси?

– Турқими? Турқи совуқ! – зардали товушда сўз қотди қоровул.

– Қайтараман, ўпка босиб олинсин! – деб огоҳлантирди Мастонов. – Воқеа бир бошдан гапирилсин. Ёлғон қўшилмасин. Ухлаб қолинган бўлса, яширилмасин.

Охирги гапни эшитиб, қоровул терговчини жеркиб ташлади:

– Ие, вей, тик турганда қоровулхонамга зўрға сиғаман-у, ухлаб бўларканми? Буни устига, тўрт-беш кундан бери қулоғим оғрийди. Кечаям бемаҳалда ёмон лўқиллатди. Билдимки, доридан томизмасам тинчитмайди… Муни қаранг, начайлик, қулоқ оғриққа энг зўр даво ёш боланинг пешоби экан. Биринчида ўқийдиган неварам бор, кенжасидан каттаси, шу тирмизак десангиз ҳар куни бизга дори етиштириб беради. Қўлига битта шаколатни ушлатаман-у, энди жўмракни очинг, деб пивахўрлардан қолган шишани тутаман, тезда чилдиратади...

– Гап айлантирилмасин!

– Хулласи калом, ўша дорини қўлга олганимни биламан, эшикнинг зулфи узилиб, хиром этикка ўхшаган бир гурсимос устимга бостириб кирди. Мардакдек қотиб қолдим. У индамасдан чангалимдаги шишани юлқиб, чайпаб кўрди, «Олтинчиникими?» деб сўради. Баттолни қаранг-а, олтита набирам борлигиниям биларкан. Мен тўғрисини айтдим, «бешинчиники», дедим. Шунда у дорини кўпиртириб пиёлага ағдарди, икки ҳўплаб, бир ғўлқиллатди. Пиёлани қатронбоп қилгани етмагандек, ачитиб қўйибсан деб сўкинди. Неварам доим ёнимдамидики, дарров ачимаганидан қуйдирсам...

– Бўладиганини гапирилсин! – дея тоқатсизланди Мастонов.

Қоровул бир зум сукут сақлагач, хўрлиги келгандай лунжини бужмайтирди.

– Қўрқитди мени... Отаси тенги одамни сенсиради. «Эртага тирик юрай десанг, ҳозирча ўлиб тур», деди. Кўрпачамга чалқанча узалиб, кўзга қулф солдим, оёқ-қўлимни мурдадек шалвиратдим... Ўлганимдан кейинги ишларни билмайман, начайлик.

Мастонов ғаладондан болишдек албом олиб, қоровулнинг ёнига ўтиб ўтирди. Суратдагилар орасида ўша қароқчининг бор-йўқлигини аниқлаш ниятида саҳифаларни шошмасдан варақлашга киришди.

– Ие, вей, манавиниси опшепитимизнинг бошлиғи-ку! – дея албомни ўзининг олдига сурди қоровул. – Ётиб чиққанми?

Мастонов индамади. Қоровул бошмалдоғига тупуриб, албомни пайпаслай кетди. Ўртароқдаги саҳифалардан бирида яна тўхталиб: «Ие, вей, шу жувон ҳам ўғрими?»– деб сўради. Мастонов «йўқ» дегандек бош тебратди.

– Олиб сотарми?

– Юлиб сотар, – сирли жилмайди Мастонов.

Қоровул гапнинг тагига етиб, суратга суқланди.

– Оти нима? Қаерда туради ўзи?

Мастонов юзини ўгириб, чуқур хўрсинди. Қоровул албомни титкилашда давом этди. Ниҳоят, суратлардан бирига титроқ бармоғини босиб: «Мана! Мана шу!»– деди. Энди Мастоновнинг ўзи туйқус ҳаяжонланиб кетди.

– Яхшилаб қаралсин... Адашилмасин, отахон, адашилмасин.

– Алдасам, каломулло урсин, начайлик.

Қоровул кетиши биланоқ Мастонов темир жавондаги қоғозларни ағдар-тўнтар қилиб, зарур папкани топди, айрим саҳифаларни диққат бериб кўздан кечиргач, телефон паррагини ғилдиратди.

– Саломат бўлинсин, ўртоқ полковник. Мастоновман... Шахсан шубҳа қилганимдек, омбор масаласи «Қорабуқа» лақабли номдор талончига бориб тақаляпти. Лаббай? Делоси қўлимда турибди. Жуда пихини ёрганлардан. Уч ёшида энаси сочига осиб юрадиган кумуш тангани ўмариб, «шара-бара»чидан сурнай олган. Иккинчи синфда «Аълочилар ҳурмат тахтаси»ни, учинчи синфда Авлонийнинг портретини, бешинчи синфда Макаренконинг бюстини ўғирлаган. Уйда ўтин йўқ деган баҳона билан бир неча партани гумдон қилишда айбланиб, еттинчи синфда мактабдан ҳайдалган. 1951 йилда Н-қисмга қарашли «Т-34» танкини олиб қочиб, бозорда харидор ахтариб турганда қўлга тушган. 1960 йилда омонат кассани, 1973 йилда тилла магазинни талаган. Бундан ўн бир ой бурун охирги жазо муддатини ўтаб чиқиб, ҳеч қандай касб-кори бўлмагани учун савдо растасида кооператив туалет очган. Навбатдаги жиноятга қўл ургунга қадар мазкур туалет директорлиги лавозимида узлуксиз ишлаб келган...

Кўп ўтмай, «Омбор оператсияси»да иштирок этаётганларга махсус пакетлар жўнатилди: «Барча постлар диққатига! Икс кварталдаги игрек омборни «Қорабуқа» лақабли ашаддий қаллоб талагани маълум бўлди. Унинг ташқи қиёфаси: барзанги, япалоқ юзида иккита кўз, биттадан бурун ва оғиз жойлашган. Афти қорача, бироқ бетига упа суртиб олиш эҳтимоли бор. Алоҳида белгиси: қизил рангни кўрганда асабий ғудранади. Беҳад уддабурон – автомашинани иккита ғилдиракда ҳайдай олади, сувда оқимга қарши минутига уч ярим мил тезликда сузади, оддий зонтикка ишониб самолётдан сакраши мумкин, оғзидаги носни беш қадам наридаги рақибнинг кўзига бехато тупуради. Қўлга олишда катта эҳтиёткорлик зарур. Жиноятчининг фотосурати «Тавсиянома»га илова қилинмоқда».

Изқуварларнинг «ғиз-ғиз»и кучайгани сайин, оломон ўртасида «мишмиш»лар ҳам авжга минаётганди.

– Қоровул чордоқда экан. Пулемёт отиб, ўғрига теккизолмабди.

– Ҳе, аттанг, гранатаси бўлганда-ку... Бунақа ноёб мол сақланадиган омбор қоровулига граната бериш керак, ўртоқлар.

– Йирик бандитлар ҳозир ҳам бор экан-да, а?

– Ўв, яхшилар, ўзи нима гап?

– Во, ҳалиям ғафлатдамилар? Эшитмадингизми? «Шира-ширғоқ» универмагининг омборига томтешар тушибди. Илғорларга рўйхат билан бериладиган шакардан бир қопини паққос уриб кетганмиш-а!..

ЁЗУВЧИДАН ҚЎШИМЧА: магазинларда шакар тиқилиб ётадиган кун балки яқиндир. Аммо бу, ўшанда сатиранинг ҳам куни битади, дегани эмас.

1988