OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиЕрликлар (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм7KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ерликлар (ҳажвия)
Анвар Обиджон

Бичиқчилик бўлимининг бошлиғи Қодир-қайчи ўпкаси оғзига тиқилгудек бўлиб, ичкарига отилиб кирди.

– Ишни тўхтатинглар, қизлар! – хирқиради у, бўлимдаги яккаю ягона эркакнинг кўзига қарамасликка уриниб. – Бир соат ичида иш жойимизни гулхонага, ҳовлини истироҳат боғига айлантириб улгуришимиз керак. Коинотдан келган одам-м... ҳм-м... шахслар ишимизни кўришармиш.

– Вой ўла-а-й! –деб ёқа ушлади Ойшабу. – Эримнинг олдида нима деган одам бўлдим? Марсда ҳаёт бор, деса, нуқул алжираганингиз алжираган, деб мазахлаганидим.

– Балки, Сатурндандир, – бармоқ тишлаб туриб, тахмин қилди Тўпахон.

Хориждан келтирилган бошқачароқ итни кўрса ҳам, бирдан ҳаяжонланиб кетадиган Қумрихон Қодир-қайчига тошиқиб боқди:

– Ё Юпитердан келишдимикин?

– Буни осмонга дурбиндан қарайдиган фрапессирлардан сўра, – тўнғиллади Қодир-қайчи. – Директоримиз менга қўнғироқ қилиб, гап шунақа-шунақа, сенга бир соат муҳлат бераман, деди – вассалом!

Бўлимдаги яккаю ягона эркак, одатига кўра, хотинларга суйканиб туриб, майин товушда гап қистирди:

– Тилимизга тушунишармикин у ер юткурлар?

Қодир-қайчи елка қисди:

– Ким билади дейсан, ака Ёқуб. Ишқилиб, ўзинг тилингга эҳтиёт бўлгин. Мабодо, маошингни сўраб қолишса, мукофот пулини қўшиб айтиш эсингдан чиқмасин... Ҳа, айтгандай, касаба уюшмасининг раиси қани?

– Мана турибман-ку, – дея олдинроққа чиқди Мардоной.

– Сенга топшириқ шуки, Буҳалчага мўмайроқ қилиб ёрдам пули ёз!

– Вой! Буҳалча биздан ёрдам сўрабдими?

– Унақа бурақбозларга ёрдам берадиган аҳмоқ йўқ! – ўшқирди Қодир-қайчи. – Сен ўша пулларга бозордан харажат қип келасан. Осмондан тушганларнинг томоғини ёғлаш керак. Ерликларнинг улфатчилигини уларга бир кўрсатиб қўймасак, юрганаканмиз.

Бир соат ўтиб-ўтмай, меҳмонлар бичиқчилик бўлимининг ҳовлисига кириб келишди. Қодир-қайчи теп-текис йўлакда қоқина-қоқина, уларнинг истиқболига ошиқди. Коинотликларга қайси тилда мурожаат қилишни билмай, таваккалдан, «Гуд... гуд... гудибай», дея кучукчадай ғингшиди.

Директор бошлаб келган уч нафар меҳмондан иккитаси аёл бўлиб, кўриниши ва кийиниши жиҳатдан маҳаллий жувонларга жуда ўхшаб кетишарди. Лекин, малласоч эркакнинг кўкиш кўзида самовий совуқлик яққол акс этиб турар, бужур юзи эса, метеорлар ёмғиридан ғалвир бўлиб кетган олис бир сайёрани эслатар эди.

Коинотлик эркакнинг қўлида таниш сигарет қутисини кўрган ака Ёқуб, Ўзбекистон ўз тамаки маҳсулотларини Ер юзидан ташқарига ҳам экспорт қила бошлаганини пайқаб, беихтиёр фахрланиб кетди. Меҳмон йирқироқ мисчақмоқни шиқиллатиб, сигаретига ўт берган пайтда, ҳозиргина нос кафтлаган қоровул чолнинг кўзлари бежо ўйнади.

– Я илавҳа иллавла, – ғўдираб, чаласаводларча калима келтирди у. – Еттинчи осмоннинг жинчироғини қаранг-га!

Директор меҳмонларни чиннидай тоза йўлакдан ишхона биноси сари етаклади. Қунишганларича, бир-бировининг пинжига кириб олган қизлар, эшик ёнида ҳайрат ва ҳаяжондан қотиб туришарди.

– Ҳорманглар қизлар! – коинотлик аёллардан бири уларга жилмайиб сўз қотди.

Меҳмоннинг илиқ муомаласи, кутилмаганда, совуққина қарши олинди. Қизлар ўртасида ўзаро висир-висир бошланди.

– Ие! Ғирт ўзбекча гапирди-ку!

– Барибир ғализроқ...

– Шунисигаям шукур қилсанг-чи...

Бири-биридан сўзамол қизларнинг ҳозир туйқус ёввойиланиб қолишганидан таажжубланган директор меҳмонлар олдида ўнғайсизланиб, устма-уст томоқ қирди.

– Сизларга нима бўлди, қизлар? – «қизлар» деса-да, негадир ака Ёқубга таънадор боқиб сўради у. – Бу меҳмонлар ўзларингга касбдош, яъни қўшни тумандаги «Коинот» модалар уйининг вакиллари. Молларимиз харидоргирлигини эшитишиб, тажриба ўргангани келишибди. Қани, яхшилаб танишиб олинглар-чи...

Ҳамма тенгдан қалқиб кетди. Қоровул чол жаҳл билан нос туфлаб, белини қашиганича аста нари жилди.

1977