OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАнвар Обиджон
Асар номиЗиёлича олишув (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Анвар Обиджон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм15KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/09/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Зиёлича олишув (ҳажвия)
Анвар Обиджон

Ҳашарот учса, қаноти бўксиб йиқиладиган ғира-шира тонг эди. Жиғилдонига мих тиқилган қўйдек уватда «хир-хир»лаб типирчилаётган Парриқ минғи чўчиб уйғонди-ю, ёнгинасида ёнбошлаб ётган Мамашотининг бақрайма кўзидан баттар шайтонлаб, «Абва-а!» деб чинқирганича, найзага чап берган тўнғиздек четга сапчиди.

– Ие, ҳа? Тушингда болалар минан «қўрвоши – савет» ўйнаб, қориндан ўқ едингми?

– Уф-ф... уф-э! – Парриқ минғи хиёл ўзига келиб, шеригига талвасали тикилди. – Жуда-а репўмиса-реп туш кўрдим-ку, ошна. Худди қўтосга ўхшаб кетадиган темир дувол орқамдан қувиб юриб, устимга ағдарилди.

Мамашотининг бақрайма кўзлари янада олайиб, ҳозиргина чеккан носини «чўлп» эттириб ариқчага ташлади.

– Вей, уйингда бирорта касал-пасал йўқмиди?

– Йў-ў...

– Бугундан қолдирмай Қурмон ромчига бор, – қатъий тайинлади Мамашоти. – Китоб кўриб, таъбирини айтиб беради. Таъбир ишкал чиқса, қайтарма дуо ўқиб, келадиган балони дап қилади.

Парриқ минғи мазахлаб тиржайди:

– Қурмонинг ғирт қаллоб-ку. Одам қуриб кетгандек, ўшанингга мурид бўламанми?

Мамашоти бир нарсани айтдими, шуни бошқагаям маъқуллатмагунча қирқ кун оч-яланғоч олишишдан тоймайдиганлар хилидан эди. Ғўзалари кўсак туга бошлаган охирги беш гектарлик ерни пешингача суғориб бўлишгач, Парриқ минғининг: «Овора бўлма, у ҳийлагарингга барибир ишонмайман», дея тихирланишига парво қилмай, ромчиникига судраб борди. Шериги кўрган туш ҳақида гапириб бўлиб, «шунинг таъбирини чиқариб беринг», деб, ромчининг кафтига ғижим пул қистирди. Сурбашара Парриқ минғи «бе-э» дея четга бош бурганини назардан қочирмаган ромчи, бир мўйлов учириб қўйди-да, китоб варақлашга тутинди. Дастлабки саҳифаларидан бири-даёқ тўхтаб, борган сайин қовоғи осилаверди. Шипга термилиб, узоқ мулоҳазаланиб тургач, «ишнинг таги ҳўлроқ-ку, мулла Мамашоти», деб бурнини баландлатди. Кейин Парриқ минғига юзланиб, салобатли овозда заҳрини сочди:

– Гап шу, ука. Сени... «МАЗ» мошинаси босиб кетадиган бўптурибди.

Аввалига Парриқ минғининг ранги қув ўчди, сўнг ўзини тезда ўнглаб, писанда билан минғирлади:

– Билсак бўладими, ака почча, олдингиздаги китоб қачон ёзилганикин?

Бояги «бе-э» деган сўздан кейиноқ ўзаро ҳурматсизлик йўлига батамом ўтиб улгурган сиртқи рақибларнинг ички ўчакишуви айни шу лаҳзадан эътиборан очиқ тус ола бошлади.

– Балки, минг йил олдин ёзилгандир, – нохуш ҳидни сезгандек бурнини жийирди ромчи. – Балки, унданам олдинроқдир. Бувомнинг бувоси ачангнинг ачасигаям шу китобдан таъбир айтган бўлса, ажабмас.

Парриқ минғи гапни ўзига юқтирмай, тосрайиб кулди.

– Эшитдингми, Мамашоти? Минг йил олдинги китобга «МАЗ» мошинаси ёзиб қўйилганмиш-а. Шундан кейинам ўзимни гўлликка солиб тураверайми?

Қурмон ромчи ҳам, ўз навбатида Мамашотига қараб туриб, учинчи шахсга кесатди:

– Баъзи балчиқмияларга ўзлари тушунтирадилар-да энди, мулла Мамашоти. Биздаги китобларда аниқ нарсаниям шама билан ёзишади. Қўтос тўғрисидаги гапга келсак: «Рамзига таяниб, асосини қидиргил. Рамзидан эмас, асосидан қўрқ», дейилибди. Зиғирттак фаросати бўлган одам қўтоснинг рамзи дунё бўйича биттагина «МАЗ» мошинасида борлигини чаққон пайқаган бўларди. Калласини ажириқ босганларга буни қандай тушунтирсак бўларкин?

– Оламда ўнта одамдан тўққизтаси аросат, тақсир, – пичинг юмалантирган бўлди Мамашоти ҳам. – Аросатлар десангиз, қачонки бўйнига болта тушади, болтанинг кескирлигига шунда ишонади. Кўп куйинмасдан, ишингизни қилаверинг.

– Бу гап бизга маъқул, – деди ромчи ва сезилар-сезилмас тиш ғижирлатиб, Парриқ минғига писандсиз кўз қадади. – Хуллас, «МАЗ» мошинаси эртами-кеч чалпагингни чиқаради, ука. Сендақаларнинг бориям, йўғиям менга бир пул. Жон ширин бўлса, чорасини ахтар.

Парриқ минғи ўзини базўр дадил тутиб, митриғи мит этмай сўради:

– Қачон чалпак бўлишимизни билиб қўйсакмикин...

Қурмон ромчи ҳам ўша безлигида туриб, жавоб сачратди:

– Балки, ярим йўлда орқангдан етволар... балки, сени эзадиган ғилдирак мошина завўтининг омборига ҳали келиб тушмагандир...

Э, тўхта-чи, қаердандир эшитувди-я, кимдир айтганди-я. Киборлар оиласида тарбияланган зиёлилар қаттиқ ўчакишиб қолишгандаям, меҳрибон оға-инилардек бир-бирига мулойим илжайганича, соатлаб ғиди-бидилашиб ўтиришавераркан. Ваҳоланки, бу мушкулотни уч-тўртта бадбўй сўкиниш-у, бир-икки жуфт телва тарсаки билан осонгина ҳал қилиш мумкинлигини энг аҳмоқ чапаниям болаликдан билади. Ҳа, майли, Қурмон ромчи зиёлича усулни танлаган экан, бизам бирпас зиёли бўлсак бўпмиз-да.

– Ҳа хўп, ғилдиракнинг тагида узиладиганларнинг рўйхатида туратурайлик, – зиёлиларча сиполанди Парриқ минғи. – Аммо-лекин, балодан ҳазар деб, бугундан бошлаб уйдан чиқмай ётволсак-чи, ака?

– Рўзғорга ортиқча чиқим келтириш шартмикин?– энг безбет зиёли қиёфасига кирди Қурмон ромчи. – Бирорта «МАЗ»нинг бошқаруви издан чиқиб, сени тинчитиш учун уйингни бузиб киришига тўғри кепқоляпти-ку.

Зиёлиликни бўйнига олган Парриқ минғи ўзини илмга чуқурроқ уриб кўришга ҳаракат қилди:

– Масалан, ёпон олимларига ёлвориб, Қора денгизнинг тагига уй қурдирволсам-чи?

– Нима қипти? – зиёлича «ермак-эрмак»ни давом эттирди Қурмон ромчи. – Қибриз ё Табризга кетаётган бирорта юк кемаси довулга йўлиқади. Кемага юкланган «МАЗ»лардан биттаси денгизга ағдарилади-ю, сувнинг тагидаги уйни босиб тушиб, ичидаги махлуқниям қазибоп қипқўяди.

Парриқ минғининг илмий иштаҳаси очилиб, энди фазовий фанга панжа уришга журъат этди:

– Ўзлари тилга олиб ўтган махлуқ фазо кемасига чиқволиб, ўлгунча осмонда учиб юраверса, «МАЗ» шўрлик додини кимга айтаркин?

– Афсуски, узоқ учолмайди, – кутилмаганда, сира иккиланмасдан эътироз билдиради ромчи. – Ўша туғма пандавақининг фазовий араваси қисматда белгилаб қўйилган кунга бориб, ишдан чиқади. Ерга қулайди. Парчалардан сочилган ҳаром кулни «МАЗ» деган мошина, албатта, тепалаб ўтади.

– Бундан чиқдики, қутулишнинг иложи йўқ, – Мамашотига бир тиржайиб қўйиб, яна ромчига муғамбирона сузилди Парриқ минғи. – Шунақа экан, қандайдир хашаки кимса жонимни сақлаб қолишидан умидвор бўлишим тўғримикин, ака почча?

Парриқ минғи, фирибгар ромчини охири жигидан ушладим-ку, дегандек Мамашотига ғолибона назар ташлади. Сўнг, ромчига боқиб, унинг авзойи заррача ўзгар-маганидан таажжубга тушди.

Қурмон ромчи киборликда ҳануз собит турар, бироқ айрим ибораларнинг тобора шалоқлашиб бораётгани ҳали етарли даражада зиёли бўлолмаганидан далолат берарди.

– Мен ҳеч қайси сассиққўнғизнинг жонини сақлаб қололмайман, – ўша ўртамиёна зиёли даражасида сокин сўзлади у. – Аммо, олди-қочди гўрсўхталарнинг жонини эгамдан тилаб олиш қўлимдан келади.

Шу ерда Парриқ минғининг тили ғўлдираб, гап тополмай қолди. Зиёлича олишув давомида гоҳ у оғизга, гоҳ бу оғизга жовдираб, юраги хитланиб кетган Мамашоти ниҳоят енгил нафас олди. «Энди етиб бордими? Масала талашишни сенга ким қўювди, ювинди?» – дея шеригининг елкасидан туртди. Бу гапдан Парриқ минғи баттар алангаланди, «е, бунингни», деб ромчига қўлини шоп қилди-ю, зиёлича усул яна эсига тушиб, тилини тишлади. Зиёлиликни қўлдан бермасликка чираниб, гердайган куйи эшик томонга юрди. Барибир чидолмади. Бошқача тоифа бўлиб яшашга ортиқ қурби етмади. Остонада тўхтаб, ромчига кўзини лаган қилди:

– Эшитвол, сассиқкўзан! Сенга ўхшаган тезакваччага ишонадиган тўнгак энди туғилади. Мард бўлсанг, тек қўйиб бер. Қани, ўша ҳезалак «МАЗ»инг менга қанақасига яқинлашаркин!

Мамашотининг капалиги учиб, шоша-пиша орага тушди:

– Бу тузи пастдан хафа бўлманг, тақсир. Бола-бақраларини ўйламасдан гапириб қўйди бу.

– Учраган эшакча билан тепишаверсам, товонга кун ора тақа қоқтиришим керак бўлади, мулла Мамашоти,– уйқи элитаётгандек кўзини ярим юмиб, мағрур сўз қотди Қурмон ромчи. – Майли, кўзини мўлтиратиб олдимга келганакан, бир томондан сизнинг юзингиз, бир томондан норасида болаларининг ҳурмати, уни «МАЗ» балосидан сақлаб қоламан. Бу оламда маразларгаям жой топилади, яратганнинг бағри кенг.

Қурмон ромчи сўзини тугатиб, Парриқ минғига зимдан туллакона чимирилиб қўйди. Вужудини зилзила қоплаган Парриқ минғи бор овозда «Ав-в!» деб бўкиргиси, олдидаги эшикни ваҳшийлашган зиёли сифатида пачоқ-пачоқ қилиб ташлагиси келди.

1995