OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАсад Асил
Асар номиАйиқ билан беллашган полвон (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Асад Асил
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм17KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Айиқ билан беллашган полвон (ҳикоя)
Асад Асил

Қундуз тоғани саксон билан тўқсон орасида десангиз, ҳеч ким ишонмайди. Жуда дароз эканлигига қарамай суяги енгил бу одам бир жойда ўтиролмайди, сою қирлар, ҳатто тоғу тошларгаям чиқиб тушаверади. Чилланинг айни жазирама палласида тупроқли кўчаларни попиллатиб ялангоёқ кезгани кезган. «Азиз жонни намунча қийнайсиз? Ётмайсизми, невара-авараларнинг тилагини тилаб?!» деганларга жавоби битта: «Аяган кўзга чўп тушади. Юрмасанг бу оёқ деганлари дангасалашиб боровуради. Охир-оқибат юрмай қўяди. Ана, иннайкейин, бошқалар тугул бола-чақанггаям ёқмай қоласан, ишлатган саринг ишлайверади.» Оёқ жонивор ҳам бор-да, Тоғада: тупроққа тушадиган излар энг улкан айиқ полвонникидан бир ярим, икки баробар катта. Шундан хулоса чиқариб, бўю бастни тасаввур қилаверинг...

Қишлоғимизда клуб қурилиши бошланганда ўнинчи пахсасига Тоғанинг бир ўзи лой отиб берган экан! Тумонат одам, аммо ҳеч кимнинг қулочи етмаган-да, ўнинчи пахсага! Дароз бу одамнинг феъл-атвори ажойиб: қувноқ, беғубор, содда ва самимий. Қишлоғимизнинг энг юқорисидан ҳам олисроқдаги сой бўйида бостирма уй бор. Қундуз тоға бу кулбада ўзига деярли тенгқур кампири билан умргузаронлик қиларди. Норимжон оча чоли сингари серғайрат, ишлаб чарчамайдиган, истараси иссиқ кампирлар хилидан. Каттакон ҳовлидаги юмушларни бир ўзи саранжомлаб, ҳаммаёқни ёғ тушса ялагудай қилиб, чолини жимгина кутиб ўтираверади. Қундуз тоға эса кўчадан бери келай демайди, санғигани-санғиган. Қишлоқнинг тўрт тарафига тарқалиб кетган бола-чақалари, невара-чеваралариникига ҳар куни бир-бир кириб ўтмаса кўнгли жойига тушмайди. Биров ҳашарга чақирса саҳар-мардондан борволади. Ғоят саховатли, олижаноб бўлгани учун уни ҳамма тоға деб чақиради. Бу одам юртнинг тоғаси, деб мақтаб ҳам қўйишади. Кечқурунлари уйига қайтаётиб, маҳалламиз гузарида баъзан биз билан ярим тунгача ҳангомалашади. «Очамизнинг ёлғиз ўзлари қолиб чўчимайдиларми?», - десак, «Бувиларинг чумчуқни кўзидан урадиган мерган-ку, чирақайларим!», - деб қўяди гумбурлаган овоз билан жилмайиб.

Бобога ҳаммамиз ҳавас билан қараймиз, гапга соламиз, ҳатто баъзан ҳазиллашиб ҳам қўямиз. Жуда кеч қолиб олдимиздан тўхтамай ўтаверса, баравар салом беришни бошлаймиз: «Ассалому алайкум, Қундуз тоға!» Дарҳол жавоб қайтади: «Ва алайкум ассалом, чирақайларим!» Жаннати бу инсон кўздан кўринмай кетиб, то тоғдаги уйига етгунча биз жўр бўлиб, салом бераверамиз-да, жавоб кутамиз. Қулоқларимизга элас-элас товуш келади: «Ва алайкум ассалом, чирақайларим!...»

Қундуз тоғанинг йигитлик чоғлари айиқлар билан «беллашиб» ўтган дейишади. Бобомиз биз билан мулоқот пайтларида кўпроқ болаларни гапиртириб, мароқ билан тинглайди, баъзи ўринларда астойдил ва беғубор ҳо-ҳолаб, ўтиришимизни безайди. «Энди навбат сизга-да, тоғажон! – уни гапга соламиз бизлар ҳам қўярда-қўймай.

– Айиқ болаларини қандай қилиб қутқарган эдингиз?

– Оббо, чирақайларим-эй, буни кимдан эшитгансизлар?

– Энди, чала эшитганмиз-да, сиз тўлиқ қилиб айтиб беринг, илтимос! – қисташни қўймаймиз.

– Куз кирган, айни пишиқчилик пайтлари эди, – ҳикоясини бошлайди бобо. – Олис арчазорлар орасидаги қари арча кавагида ўзимгагина маълум асалари уяси бўларди. Ҳар йили чиқиб, ортилиб қоладиган бир-икки челак асални олиб қайтгучи эдим. Шунисиям борки, баҳор яқинлашганда яна бир хабар олардим. Агар овқати камайган бўлса, ариларни озиқлантириб қўярдим. Ахир, улар бир мартамас, ҳар йили керак-да, чирақайларим, тўғрими?»

Биздан тасдиқ жавобини олгач, давом этарди бобомиз.

– Бир гал арчазорга яқинлашганимда ари ини томондан «тақ-тақ» этган овоз эшитила бошлади. «Оббо, кимдир асал олиш илинжида арчани кесяпти, чоғи», одимимни тезлаштирдим. Яқин бориб қарасам, мендан яхшигина тарсаки еган катта она айиқ ари ини бор айришоҳ устига ўтирволиб, қўлида тош, кучи борича арчани ураяпти. Мақсади – айришоҳни икки бўлиб юбориб асални олиш! Ҳов, бадбахт, болаларинг қани?! – бақирдим овозим борича. Айиқ мени кўрдию, таниди. Чунки ўринсиз қилмиши учун тарсаки еган эди-да! Хуллас, тошни ташлаб, тура қочди. У икки боласи билан қишдан чиқиб, эргаштириб юрганини кўргандим. «Болаларини ҳалитдан ажратибди-ёв, бу нодон?» Борсам, айиқлар бола ажратадиган зов остида икки айиқча ҳўнг-ҳўнг йиғлаб ўтиришибди. Одам боласи йиғисининг ўзгинаси. Мишиқ-тупуклари оқиб кетган, мушти билан артиб-артиб қўйишади. Дам олволгач, яна тепага тирмашишади, думалаб-думалаб зов тагига тушишади-да, яна ўтириб йиғини бошлашади. Бола ажратишда айиқлар одати шунақа: қалтис бир тепаликни танлаб, ўзлари чиқиб кетади, болалари зовда қолаверади. Обдан қийналиб чиқволгач, болалар мустақил яшаб кетадилар. Бу айиқ болалари ҳали жуда кичик, тепага чиқолмай, очдан ўлиб қолишлари мумкин эди. Бориб, иккаласини тутдим-да, тепага навбатма-навбат чиқариб юбордим. Қарасам, онаси тоғ устидан мўралаб турибди. Унга мушт ўқталиб дағдаға қилиб қўйдим. Эртасига атайлаб арчазорга чиқиб, уларни кузатдим. Иккала боласини эргаштириб юрганини кўргач, кўнглим таскин топиб, асалари билан машғул бўлдим...

– Ўша айиқнинг қулоқ-чаккасига тарсаки туширишингиз сабаби нимада эди?

– Бир кун қишлоқ аричилари шикоят қилиб қолишди: баҳайбат бир айиқ кечаси келаркан-да, ари уясини синдириб, асалини еб кетаркан. Улар: «Айиққа шикаст етказмасдан ёрдам кўрсатсангиз», дейишди. Ойдин кеча эди, қалинроқ кийиниб, ари уялари ёнида қурилган чайлада пойлаб ўтирдим. Бир маҳал, кўзим уйқуга кетган экан, қандайдир шарпадан уйғониб кетдим. Секин эшикни очиб қарасам, каттакон айиқ инқиллаб-синқиллаб ари уясини кўтариб, зовга олиб кетяпти. У яшикни тепадан пастга отиб пачақлар экан-да, асалини еб кетаркан. Мен очган эшик овозидан айиқ сергакланиб, яшик орқасига ўтиб яширинган бўлди. Илдам эмаклаб бордим-да, даст ўрнимдан турдим. Худди шу аснода айиқ ҳам ўрнидан кўтарилган экан. Иккимиз сутдек ойдинда юзма-юз туриб қолибмиз. У менга зарба бериш учун ҳаракат бошлаши ҳамон қулоқ-чаккасига тарсаки тортиб юбордим. Айиқ юзтубан кетиб, тўрт оёғи осмонда бўлди. Дарҳол ўрнидан турган эди, бор овозимни қўйиб:

– Йўқо-ол, маймоқ! Нақ терингни шилволаман! – деб ҳайқирдим. Тоғлар гумбурлаб кетди. У пайтларда айни кучга тўлган чоғларим эди-да, чирақайларим. Ўғри айиқ ўмбалоқ оша-оша қочиб боришини кўриб, ўзимни тутолмайман, ҳоҳолагандан ҳоҳолайман!.. Шу-шу у асалари уяларига яқин йўламайдиган бўлди.

– Энди, айиқ билан кураш тушганингизниям айтақолинг, буважон! – яна гапга тутдик бобомизни.

– Майли-ю, бу сўнггиси. Норимжон бувиларинг ухламай кутиб ўтиргандир, – яна ҳикоясини давом эттирди Қундуз тоға.

– Қишлоғимизга бир кун айиқ ўйнатиб юрганлар келибди. Ўринловчи эшикни очиб: «Сизни Ҳулкар ота сўраяпти, айиқ билан кураш тушар экансиз!» – дейди. Ҳулкар деганлари қишлоқ оқсоқоли. Мен билан қадрдон, унинг гапини икки қилиб бўлмайди. «Оббо, шуниси етмай турувди!». Борсам, қишлоқнинг ёшу кексалари гузарга йиғилган, ўртада каттакон эркак айиқ ҳунар кўрсатяпти. Қани хамир қоринг, деса, икки қўллаб ерни савалайди, лой пишитинг, деса, типпатик туриб икки қўлини орқага олганча салмоқлана-салмоқлана лой пишитади...

– Ана, полвонимиз! – Оқсоқол айиқ ўйнатувчига мени кўрсатди. Айиқ ўйнатувчи оқсоқолга шартини айтди: «Полвонингиз агар айиқни йиқса, манови радиони олади. Кучи етмай қолса, ҳаммадан бир сўмдан йиғиб беради.»

Ҳулкар оқсоқол менга қараб, нима қиламиз, деган маънода имлади. Қарасам, айиқнинг жуссаси икки юз килодан зиёд.

– Айтиб қўяй, – қўшимча қилди айиқ эгаси. – Бу депараларда ҳозиргача маймоғимизни ҳеч ким йиқолган эмас!...

Юрагимда хавотирлик ҳисси уйғонди: бу айиқ тушмагур курашнинг обдан ҳадисини олган кўринади, йиқилиб шарманда бўлсам-а! Кейин қишлоқда қандоқ бош кўтариб юраман!» Шу пайт сизлар сингари чирақайларим қийқириғи оламни тутди: «Тоғажон, бўш келманг, кураш тушаверинг, мана, биз бормиз!..» Айиқ полвон билан қандоқ беллашиб кетганимни ўзим сезмай қолибман. Бир чирпиниб кўтаролмадим. Қарасам, айиқ белимдан маҳкам тутиб, кўтариб отишга чоғланяпти. Сал сустлашсам иш пачава. Бутун кучимни билагимга йиғдим-да, «Ё, пийрим!» деб ҳайқирганча айиқни даст кўтариб ёнбошга урдим! Оламни қийқириқ босиб кетди. Ғазабланган айиқ ўрнидан тура келиб, менга човут соляпти. Йиқилиб ўрганмаган экан-да! Шунда айиқнинг қулоқ-чаккасига биринчи марта тарсаки тортиб ағдариб ташлагандим!...

– Мукофотни олганмисиз? – чувиллашдик баримиз бараварига.

– У пайтларда электр яқинда келган, радио деганлари жуда антиқа нарса эди. Идорангизда эшитиб ўтирасиз, деб қадрдоним Ҳулкар оқсоқолга совға қилганман...

Бу суҳбат қишлоғимиз тоғаси билан сўнгги суҳбат эканини қайдан билибмиз. Эртасига азонда шум хабар тарқалди: «Қундуз тоға кечаси туманда адашиб зовга тушиб кетибди, эртага пешинга қадар чиқарилади!..» Ҳаммамиз дафн маросимида ҳасса ушлаб қатнашиб, қишлоғимиз тоғаси учун куюниб-куюниб йиғлаганмиз. Мана, шунгаям олтмиш йилдан зиёд вақт ўтиб кетибди. Ҳануз юрт тоғасини алоҳида эъзоз билан ёдга оламиз...

Дарвоқе, Норимжон оча тақдири нима бўлди, дерсиз? Бола-чақалари шунчалик қийин-қистовга олсалар-да, чолига садоқати туфайлидан, кампир бостирма томдан кўчмади. Умрининг охиригача тоға ўтган кулбада ҳаёт кечирди. Тўғри, набира-эваралари навбатма-навбат ёнларида бўлдилар, иссиқ-совуғидан хабар олиб турдилар. Юздан ошиб оламдан ўтган очани бутун қишлоқ аҳли иззат-икром билан юрт тоғаси ёнига дафн қилдилар.