OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАсад Асил
Асар номиТулки боласи (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Асад Асил
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм12KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тулки боласи (ҳикоя)
Асад Асил

Ўрмон мерган кўзи илиндими-йўқми, тонг бўзара бошлаганини кўра солиб ўрнидан туриб кетди. Ўғилчасининг ҳарорати баланд, туни билан инграб чиққан эди. Уйқуга қонмаган овчининг боши сирқираб оғрийди, кўнгли ғаш. Бунинг устига, кеч куз ҳавоси эмасми, қибладан изғирин аралаш совуқ туман ёпирилиб келмоқда.

Шунақа мижғов ҳавода иссиқ ўрнини ташлаб, изғиринга чиқадиган одам камдан-кам топилса керак. Ўрмон полвон эса, кўнглига бир ният тугдими, тамом, осмон узилиб ерга тушса ҳам аҳдидан қайтмайдиганлардан.

Ҳамюртлари унга иккита ном қўйган. Норғуллиги учун полвон, чумчуқни кўзидан уриши туфайли мерган дейишади.

Шундай қилиб, мерган қарға «қағ» демасдан ҳовлига тушди. Аммо ҳаво ов учун нобоп эди. Буни кўрган Ўрмоннинг оёғи тоққа тортмади. Ўринга таппа ташлаб, куни билан ухламоқчи, бир галгина аҳдидан қайтмоқчи бўлди-ю, дарҳол ўз-ўзини койиди: «Шу вақтгача қилмаган номардликни энди бўйнимга оламанми? Шайтоннинг васвасасига бир гал юрсам, умрбод ундан қутулиб бўлмайди. Йўқ, уйқу – ғафлат, ҳеч бўлмаганда қопқонлардан хабар олишим керак». У сув ўтмас камзулини елкасига ташлаб, ёпғичини бошига кўтарди. Уйдагиларни, айниқса бемор ўғлини уйғотиб юбормаслик учун эҳтиёткорлик билан, аммо тез ҳаракат қилиб залворли сўйили, чилвир, ов пичоғини олди, қўштиғни елкасига осди-да, кўчага қараб уч-тўрт одим ташлади. Кейин бирдан тўхтаб, шарт ортига бурилди ва ўғилчаси ётган хонага аста мўралади. Туни билан ўғлининг иккала юзи нақшдек қизарган эди. Хотини эса ўғил тепасида ҳамон мудраб ўтирарди. Раҳима кўзини аранг очиб, ғамгин юзини эрига бурди-да:

– Бугунги овингизни қўя қолсангиз бўлмайдими? Ахир туни билан кўз юммадингиз-ку, устига-устак ўғлимиз... – деди ҳазин товуш билан.

Овчи хотинига ўқрайиб қаради. У ўзини «йўлдан урадиган»ларни ёмон кўрарди.

Ота шарпасигами ёки ойисининг шивирини эшитибми... ўғилчанинг кўзлари очилди. Бола ҳар доим отасига кўзи тушганда нимагадир дадилланиб кетарди. Тили бийронлашиб қолган болакайнинг товуши зўр-базўр чиқаётган бўлса ҳам, «сир бермай», чираниб сўради:

– Менга нима оптеласиз, ада?

Ўғилчаси аранг нафас олаётганидан бурун катаклари керилиб, ҳарорат зўридан кўз қорачиқлари чўғдек ёниб турарди. Буни кўриб юраги увишиб кетган мерган:

– Сенга тулки боласи обкеб бераман, ўғлим! – деди шоша-пиша уни юпатиш илинжида.

– Тиригини обтелинг, адажон, хўпми?

– Ҳа, ҳа, албатта тиригини... – дея овчи дарҳол эшикни ёпди. У ўғли ёнида яна бир оз турса, бу ердан чиқиб кета олмаслигига кўзи етган эди.

Мерганнинг иши овда ҳам ҳадеганда юришавермади. У чангалзорлар оралаб кетган ён йўллар оша бир қопқондан иккинчисига ўтарди-ю, ҳафсаласи пир бўларди: улар қандай қўйилган бўлса шундайлигича турган эди. Кейинги иккитаси ов ўрнига тупроқни кўтариб турган кигиз парчаларини қисиб қолганлиги Ўрмоннинг кўнглини баттар ғаш қилди.

Ҳавонинг авзойи бетиним айниб бормоқда эди. Изғириннинг аччиқ заҳри етмагандек, бирдан қор бўралай бошлади. Атрофдаги туман қуюқлашиб, беш қадам нари кўринмай қолди. Пастдаги сой шовқини аллақандай нохуш нола каби эшитилади қулоққа. «Бугун овга чиқмасам бўлар экан, - афсусланди мерган. – Майли, охирги қопқонни ҳам бориб кўрайин-чи...» Тоғ ёнбағридаги барча майда йўлларни бирлаштирган жойга қўйилгани учун полвоннинг сўнгги илинжи шу қопқондан эди. Чиндан ҳам қопқон қўйилган жойида кўринмасди. Чуқурча очилиб ётар, тезаклар аралаш тупроқ ичида кигиз парчаси қолганди, холос.

Қопқонга бойланган қўра шохи излари овчини сой томон бошлади. Ўрмон ҳовлиқиб, югурганча пастликка тушиб борди. Катта шаршара қошидаги олча дарахти панасида анча етилиб қолган тулки боласини кўриб, юраги таскин топди. «Тириклай олиб бориб, ўғлимни севинтираман», деган қувончли фикр ўтди хаёлидан.

Одам шарпасини сезган жонивор тез ўгирилиб қаради. У ажал муқаррар эканлигига иқрор бўлибми ёки шафқат кутибми... дам Ўрмонга, дам унинг қўлидаги сўйилга термиларди. Одатда, қопқонга тушган ҳайвон одамни кўрди дегунча талпиниб, юлқинавергувчи эди. Бу тулки боласи эса шумшайганча ўтираверди.

Ўрмон тулкининг милтираётган кўзларига қараб, юраги жиз этди. Бу кўзлар, нимагадир, ўғилчасининг азонги боқишларини эслатиб юборган эди.

Шу пайт тулки оёғининг қопқонга қисилган жойига овчининг кўзи тушди. Оёқ суяги чўрт узилиб кетган, уч-тўртта пайгина овни ушлаб турарди. Бир-икки юлқиланса, пайлар узилиб, тулки қутулиб кетадигандек.

Ўрмон ҳар эҳтимолга қарши сўйилни ўнглаб олди.

Овчининг кўнглидаги шум ниятини сездими, тулкича қопқондан қутулиб кетиш учун урина бошлади. Овчининг назарида тулкини қопқонга боғлаб турган пайлар узилиб кетгандек бўлди. У беихтиёр сўйил билан бир урди. Уришга урди-ю, тулки боласини тирик сақлаб қолиши кераклиги шу заҳоти лоп этиб эсига тушди. Аммо... ғишт қолипдан кўчган, битта зарбанинг ўзидаёқ жонивор тил тортмай қолганди.

Овчи ҳолсиз одимлар билан ҳовлисига кирди-ю, ёлғиз боласини «тез ёрдам» касалхонага олиб кетганини эшитди.

...Ота нафасини сезгач, ярим беҳуш боланинг киприклари оҳиста пирпиради-да, бир-биридан ажралди. Тим қора кўзлари жовдиради. Гўдак жилмаймоқчи бўлди, қўлчаларини аранг кўтариб, отасига чўзди. Ўрмон тоқат қилолмади, боласини даст кўтариб бағрига босди. Унинг қулоғи остида ўғилчасининг ҳолсиз шивири эшитилди:
— Ада, тирик тулки боласи обтелдийзми?

Эртаси, тонг маҳали овчи жаҳд билан яна тоққа жўнади. Кун очилиб кетган, улуғвор чўққилар орасидан мўралаётган қуёшнинг заррин нурлари остида оппоқ қор кўзни қамаштирарди. Туни билан совуқда очиқиб қолган какликлар булоқ бўйларидаги шиварларда тимирскиланиб юришибди. Каптарлар қиров кетишини кутиб, тошларнинг устиларида ғуж-ғуж бўлиб тумшайишиб ўтиришибди.

Ўрмон мерганнинг аввалги пайтлари бўлганда-ку, ови зап барор оларди-я! Аммо у ҳозир ҳеч қаёққа боқмай, қопқонлари томон шашт билан борарди. Бугун биринчи қопқондаёқ иши юриша бошлади: унга катта бўрсиқ илинибди. Овчини кўрган жонивор бир амаллаб қутулиб кетиш учун жон-жаҳди билан юлқинишга тушди. Буни кўрган Ўрмон дўстларининг «топшириғи»ни эслади. «Бўрсиқ илинтирсанг, гўштини қайнатма қиламиз, ёғига ош дамлаймиз», дейишганди улар. Овчининг тишлари беихтиёр ғичирлаб кетди, совуқданми, бошқа сабабданми, кўзларидан чиққан ёшни увушиб титраётган мушти билан артди. Сўнг ўнг қўли билан бўрсиқнинг бўйнидан ушлаб турди-да, оёғини қопқондан чиқариб қўйиб юборди. Бўрсиқ озод бўлганига ишонмагандек, овчига бирпас серрайиб қараб турди, кейин уч оёқлаб чопганича ўзини чангалзорга урди. Овчи ҳамма ўлжаларни қопқонлардан шу алфозда озод этди. Орқалаб олган қопқонларини эса... кеча тулки боласини ўлдирган жойга олиб тушиб, катта тошлар билан уриб синдира бошлади. У хунук овозда баралла йиғлаб, қопқон синиқларини ҳар томонга улоқтирарди. Парранда-ю даррандалар бу телба одамнинг хатти-ҳаракатларига ҳайрон қолгандек, кавак-каваклардан, тош ва шох-шаббаларнинг паналаридан бўйинларини чўзиб қараб турардилар.

«Ҳаёт» газетаси,

2010 йил 25 ноябр сони.