OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАсад Асил
Асар номиУч оғиз сўз (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Асад Асил
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм12KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Уч оғиз сўз (ҳикоя)
Асад Асил

Қиз анчадан бери юрагида сақлаб, ўзини қийнаб юрган гапларини йигитнинг бетига очиқ айтолмади-ю, яқин дугонасидан мактуб орқали жўнатди. Тоғ ёнбағрида ёнариқ кавлаб, боғ яратаётган йигит ҳориб-толиб уйи томон келаётганда жини суймайдиган қиз йўлини тўсиб чиқди.
— Машкурахон бериб юборди, - деди Салима бепарвогина конверт узатаркан. Бу хат йигитни севинтириши лозим эди. Аммо Режабойнинг кўнглига негадир хавотирлик тушди, Салимага ўқрайиб қўйиб, конвертни юлқиброқ олди. «Аламзада бу, бир пайтлар билиб-билмай гап отганим учун Машкурани мудом йўлдан уриб юради», - ўйлади йигит.

Режабойнинг сабри чидамай, шу заҳоти конвертни очди-да, йўл-йўлакай хатни ўқиб бораверди.

«Режабой ака, – ёзарди Машкура, – мана, икки йиллик амалиётим ҳам тугаб қолди. Сизнинг таклифингизни обдан ўйлаб кўрдим. Ростимни айтай, мен шаҳарда ўсиб-улғайдим, балоғат ёшига етиб, ўқишларни битириб, ҳеч кимга кўнгил бермадим. Бирон-бир йигит кўнглимга тўғри келмади. Энди иқрорман, сўровингизга очиқ жавоб айта қолай, сиз борлиғимни банд айлаганингиз рост. Аммо, маъзур тутгайсиз, мениям кичкинагина бир таклифим бор. Тўйимиз ўтгач, шаҳарда яшасак. Биласиз, ойимларнинг ёлғиз ва кенжа қизиман. Иш, уй-жой ташвишларини ўйламанг, акаларим катта жойларда, бир йўлини топишар. Жавобингизни Салимахондан бериб юборарсиз. Эзгу умид билан жавоб кутиб қолувчи Машкура...»

Хат Режабойнинг қалбини оловдек беаёв куйдириб ўтди. Тўсатдан ток ургандек у ўзини йўқотиб, бир жойда туриб қолди. «Оҳ тақдир! – шивирлади йигит лаблари. Бу не ҳол?! Ота-онасиз қанча азоб-уқубатларда катта бўлганим етмасмиди?! «Етимнинг овлоғи йўқ, эгни бут бўлса, шу унинг туғилган жойи,» деганлари рост экан-да! Ўлиб-тирилиб яратаётган боғ-роғларим нима бўлади?..» Режабой қўлидаги хатни беихтиёр ғижимлар экан, чўзинчоқ қорамағиз юзи оқара бошлаган, йирик қора кўзлари чақнаб, лаблари бир-бирига маҳкам қисилиб борарди. – Тошкентликлар ўзга юртларга қиз узатмайди, дейишарди- я!

Ғазаб отига минган йигит ўгирилиб қараса, Салима нари-бери одимлаб, жавоб кутиб турган экан. Режабой чўнтагидан ёндафтарини олди-да, бир варағини шартта йиртиб, унга учта сўз ёзди: «Тушингизни сувга айтинг!..»

Дунёнинг ишлари ғалати экан. Неча йил давомида бир-бирини еру кўкка ишонмай, қошу кўздек авайлаб юрган икки қалб орасида бирданига ўтиб бўлмас ёмон жар пайдо бўлди. Олий ўқув юртининг биология факултетини бирга тугатишгач, боғдорчилик-узумчилик институти тоғ филиалига ишга келган пайтларида Машкура чинакам бахтини топгандек эди. Ундан келган уч оғиз сўзни ўқигач, бутун дарди-дунёси қоронғи бўлиб, кун бўйи бош кўтармай, йиғлаб ётди. Ахийри ҳамма билан хайр-маъзурни ҳам насия қилиб, кечки автобусда Тошкент сари жўнаб кетди...

Қизнинг кетиб қолганини эшитган Режабойга бу олам тор қафасга айланди-қолди. Йигит ўзини иш билан овутишга уринарди. Тун бўйи кўзига тайинли уйқу инмаган бўлса-да, тонг саҳарлаб далага чиқиб кетарди. Қўллари иш билан банд эса-да, хаёлан Тошкент сари парвоз қиларди. Ахири чидамай, беихтиёр: «Оҳ, бенаво дунё, – дерди баралла товуш билан, – қадимда-ку, севишганлар орасида Қоработирлдар бўларди. Бизнинг ўртамизда ҳеч ким йўқ-ку, бемаврид айрилиғинг боиси не?»

Бора-бора Режабойнинг иштаҳаси йўқолди, куч-қувватдан қолди. Уйқусизлик, елкасидан тоғдек босиб турган ғам юки тинкасини қуритди, кенг елкалари пучайиб, ранг-рўйи сарғайиб кетди. Уни «сариқ» дейишиб, касалхонага ётқизишди, «тиф» дейишиб, тит-питини чиқариб текширишди. Йигит соппа-соғ эди-ю, аҳволи тобора ночорланиб борарди. Шундай кунларнинг бирида палата эшиги оҳиста очилиб, Салима кириб келди. Унга кўзи тушган Режабой дарҳол тескари ўгирилиб олди. Жафокаш йигит лаблари пирпираб бир сўзни такрорларди: «Шумқадам, ахийри ниятингга етдинг-а!»

– Режабой ака, мен бегуноҳни намунча қийнамасангиз! – деди Салима бемор ёнбошидаги курсига омонатгина чўкар экан, – одамларга яхшилик қилай, деркансан-у, баъзан акси бўлиб чиқаркан. Ўшанда дугонамнинг мактубини сизга қувониб-қувониб элтиб бергандим. Мен-ку, куйдим, севишганлар учун сал бўлса-да, ёрдамим тегсин, деб ўйлагандим. Конверт ичида не борлигини мен қайдан билибман?! Машкуранинг тўсатдан Тошкентга кетиб қолиши, сизнинг бирдан бу кўйга тушишингиз... Биламан, мени унутгансиз, ҳатто нафратланарсиз ҳам! – Салиманинг юзларидан ёшлар навбат кутмай ерга томарди. – Cизга хушхабар эмас, шумхабар олиб борганимни кейинроқ билиб қолдим. Машкураникига тушиб бордим. Мени юзиқаро қилгани учун боплаб таъзирини бермоқчийдим. Қарасам, шўрлик шундоқ ҳам сиз каби давосиз дардга мубтало бўлиб ётган экан. Эзмаликка берилиб кетибман, Режабой ака, бошингизни кўтариб, қаддингизни тутиб ўтиринг. Сизга шундайин бир ноёб совға олиб келайки, кўрган заҳотингиз ҳамма дардлардан фориғ бўласиз!..

Режабой ўгирилиб қараса, Салима йўқ. «Нималар деб алаҳлаяпти бу қиз? Ноёб совғаси нима экан?» Йигит ўрнидан туриб ўтирди, ёйилиб кетган сочларини тартибга солди.

Бир оздан сўнг эшик яна оҳиста очилиб, аввал Салима, ортидан... Чақнаб, доимо кулиб юрувчи шаҳло кўзлар ич-ичига ботиб, хаёлчан бўлиб қолибди. Қирмизи лаблар, озганигами, тиниқлашибди, «бўёқ етмай қолган» чап бурчи кўзга янаям аниқроқ товланарди. Қоратўри юзлар чўзилибди-ю, чиройи янаям ортибди. Қизнинг бўйи ҳам узайиб қолгандек кўринди йигит кўзига.

– Машкура! Машкурам!!

Шу онда йигит нигоҳи ногаҳон Салимага тушди. У эшикдан астагина чиқиб кетмоқда эди.

– Salima, toʻxtang, eshiting gaplarimni! – dedi Rejaboy baralla tovushda. – Siz, siz!.. Meni kechiring!!.

Бу пайт Салима кўчага чиқиб улгурганди. Режабой билан Машкура бир-бирларига тикилиб қолишди.

– Вой, Режабой акам-эй, қайси тошбағир сизга шунчалар ситам қилди? Менга айтинг, агар Машкура бўлмай, авлиёси бўлса ҳам яхшилаб таъзирини бериб қўяй! – истиғно аралаш ҳазиллашган бўлди қиз. Аммо ўзини тута олмай, йигитнинг кўксига ёш оқаётган юзини яшириб шивирлади. – Кечиринг, азизим, бунчалик бўлар, деб ўйламовдим. Салиманинг гапларини эшитган ойим ҳам роса таъзиримни бердилар. «Сен қаерда бахтли бўлсанг, менинг бахтим шу!» дедилар.

– Йўқ-йўқ, бутун бахтимизни йўққа чиқараёзган уч оғиз сўзни ёзишга журъат этган мен жоҳилни сиз кечиринг! – деди йигит қизнинг ловуллаб, ҳовур кўтарилиб турган юзларини кафтлари орасига олиб. – Майли, сиз қаерда десангиз, шу жойда яшайлик! Нима бўлса ҳам...

Қиз нафис ва бежирим бармоқларини йигитнинг лабларига босиб энгашди-да, қулоғига шивирлади:

– Худди мана шу қишлоқда, сиз истаётган ушбу боғу роғларда яшаймиз! Мен ўшанда нақадар тор ўйлаган эканман. Раҳмат ойимларга, Салимахонга, кўзимни очдилар! Бу ер ҳам Тошкент, энди билсам, Ватанимизнинг ҳамма жойи Тошкент экан! Тошкентни диёримиздан, диёримизни Тошкентдан ажратиб бўларканми, Режабой ака!..

Режабой маҳбубаси кўзларига термилиб туриб, яна уч оғиз сўз айтишга журъат этди. Маъзур тутгайсиз, бу ҳароратли сўзларни ўзингиз топиб оларсиз...