OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАсад Дилмурод
Асар номиКунсулув (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Асад Дилмурод
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм57KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/15
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кунсулув (ҳикоя)
Асад Дилмурод

Ҳалигина томчилаб турган ёмғир челаклаб қуймоқда.

Хуфтон яқин: элас-элас қоронғилик чўкаётир...

Қошлари ўртасига тугун тушган Зайниддин мовий «Нексия»сини шитоб ҳайдаб борарди. Хаёлида гоҳо тим қора кўзлари жиққа ёшга тўлган Наима гавдаланар ва кўкси сим-сим ачишар эди.

Асли сабру қарори чириган арқон каби ногаҳон тўзғиб кетишига Наима ўзи сабабчи, ахир, гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона қитиқ патига теганиб келгани ёлғонми? Аксига, бошқа эрмак тополмагандай, можаро тутантириғига қайнонаси Ойша хола ҳам гугурт чаққани-чаққан...

Тунов куни чойхонада уч-тўрт улфати билан паповхонтўра олдидан қиттай-қиттай тортувди. Лаънати кайф нима балоларни ёдига солмади дейсиз. Бирдан дарди янгиланиб, шом аралаш ланг очиқ дарвозадан сўлтанглаб — кирди, ошхонага борди-да, овкатга уннаётган Наима томоғига санчқи тиради.

Эрталаб боши лўқиллаб уйғонди, мусибатни билгач, аввал ичкиликни ўйлаб чиқарган манфур кимсани, кейин тегманозик хотинини кўтара қилиб роса ёғлади. Ҳурматини сақламабдими, бас, араз-ўраз қанақа бўлишини кўрсатиб қўйсин. Тавбасига таянтирмаса, бошида дўпписини қия қўндириб бекор юрган экан, шундай қилсинки, ўзи акажон деб ялиниб келсин ва икки букилиб пойида йиқилсин!..

Чамаси, тез-тез тутаб-ёниб турадиган ғалвадан Наима тўйиб кетган экан, орадан икки ҳафта ўтди ҳамки, қора бермади. Мана энди кўр бўлиб, ортидан йўртиб бораётир. Остонадаёқ Ойша хола таъна тошларига дуч келишини ўйлаб оғринди. Чироқни ёқаркан, ғира-шира қоронғилик пардасини қиймалаётган ёруғлиқда элас-элас қора кўрди. Сел юваётган асфалт йўл гирдида, шаррос куяётган ёмғир остида, юпун кийинган бир аёл сурувдан адашган қўзичоқдай жунжикиб турарди. Аранг кафтларини кўксига қовуштириб, дағ-дағ учаётганига қараганда ўлгудек совқотган ва ҳолдан тойган!..

Аёл қўл кўтармагани учунгина эмас, ўз дарди ўзига буткул етиб-ортиб ётгани сабабли тўхтамади. Фақат ғилдираклар кўлмак сувини шундоқ ҳам ивиган, қотмагина гавдага чиппа ёпишган кўйлакка шалоп эткизиб сачратиб ўтгандан кейин беихтиёр тормозни босди.

Ҳамон дир-дир учаётган, ёмғир кўмган дунёни эмас, ҳатто ўзини ҳам унутган аёл шиғиллаганча тисланган машинага эътибор қилмади. Яна баттар ажабсинган Зайниддин чўзиқ сигнал берди. Шундан сўнг у ҳадик аралаш қиялатиб қаради, ийманибгина эшик дастасига узаларкан, улкан тарвуздай дўмпайиб турган қорни кўзга якқол ташланди.
— Синглим, йўл бўлсин? Музлаб қопсиз-ку!

Тинмай ураётган ёмғир ва ҳаво заҳри аёлнинг эти тугул ҳатто суягига қадар ўтиб кетган эди. Бутун вужуди карахт бўлиб, оёқ-қўли аранг қимирларди. Рангини йўқотган юпқа лаблари япроқтсай титранар, кўкси оғир-оғир кўтарилиб тушар, танглайига ёпишган тили айланмас эди.

Аёл бир оздан кейин тўкилгудек ҳолда хўрсинди, дўмпайган қорнини авайлаб ушлаганча, гавдасини аста ўриндиқ суянчиғига ташлади. Пича исиди чоғи, кулча бети хиёл қизилланиб, мунг чўккан йирик-йирик кўзлари кул остидаги чўғдай йилтиради.
— Мен Зарбандга кетаётувдим... — яна жимликни бузди Зайниддин, ғалати йўловчини гапга солиш илинжида. — Сиз айтмадингиз борар жойингизни.

Аёл кафтларини бетига босди-да, ҳиқичоқ тутиб узоқ йиғлади, сўнг аранг ўзини ўнглаб, чайнала-чайнала кўнар жойи — умидхонаси йўклигани айтдими-эй, ё фалаксан!..

Маълум бўлдики, муттаҳам саёқ эр тайини йўқ бир манжалақи билан топишган, инсофга чакирса, дабдурустдан уч талоқсан деган, бугун бўкиб ичган-да, бўғиб ўлдиришига сал қолган, бошпўрти ва яна бошқа керакли қоғозлари, ҳатто эсдалик суратлари жамланган бахмал муқовали албомини тандирга тиқиб ёқворган!..
— Исмингиз нима? — гулдираб сўради Зайниддин, Художон, ўзимники каммиди, деган қайғули фикрни дилидан кечираркан. — Борар жойингиз бўлмаса, исмингиз ҳам йўқми?
— Исмим бор, — деди у хиқиллаб, — Кунсулув!
— Қариндош-уруғингиз-чи?
— Қайдам. Мен бечора етим ўсганман!
— Ана холос.
— Вой, эсим қурсин... Ҳа, пешонам шўр экан, адо бўлдим анави гўрсўхтани дастидан, — деди анчадан кейин Кунсулув ғилтиллаб. — Шаҳарда Машҳура деган дугонам бор. Тикувчилик цехида бирга ишлаган эдик.

Зайниддин сездирмайгина уф тортди, ахир, икки оёғи бир этикка тиқилиб турган пайтда, айниқса бунақа ёмғирда шаҳарга бориб-келиш ёқадими? Камида икки соат вақт йўқотади. Лекин энди аллақачон ғишт қолипдан кўчди. Тишини тишига босмаса — ўлгани яхши!..

Фақат Кунсулув нега бунча безовта, нима учун бу қадар ваҳимали боқаётир мунг тўла кўзлари!? Биров бўғаётгандек энтикиб-энтикиб аранг нафас олмоқда, ажин тушган торгина пешонасини маржон-маржон тер қоплаган, зулукдек қошлари ўртаси тугунли!..
— Нима бўлди, Кунсулув?

Бироқ аёл жавоб берадиган аҳволда эмасди: дўмпайган қорнини асабий силаб, бир қисқа, бир чўзиб ингранди. Шу заҳоти оҳакдай оқарган бетига бир зўриқиш қалқидики, буни ногаҳон қайршшб кўрган йигит юраги орқасига тортиб кетди. Нимагадир ақли етди-да, ортиқ чурқ этмай газни босди. Хиёл силтаниб олган машина шамол каби елиб, тез орада ёмғирда чўмилаётган шаҳарга кирди.

Зайниддин тўрт қаватли ғиштин иморат ҳовлисида Кунсулувни бир амаллаб машинадан туширди. Оёғида зўрға турган аёл хайр маъносида бош ирғади, кейин нимадир демоқчи бўлди, аммо улгурмади, қайта кучланган тўлғоқ бутун борлиғини жунбишга солди. Оппоқ кийинган ходималар чуғурлаб замбилга ёткизишганда ҳушини йўқотди. Шаддодлиги билиниб турган, қошлари қиличдек ўйноқлаётган дўмбоққина жувон кутилмаганда амирона буюрди: узоқлаб кетманг-а, акамулло!..

Зайниддин илжайиб ҳовлидан узилди, бекат дўкончасидан маъданли сув олиб қақраган томоғини ҳўллагач, машинаси эшигани очди, аммо шу заҳоти қайтариб ёпди. Ахир, борар жойига бари бир кечикди, шундай экан, бир соат-ярим соат нимани ҳам ўзгартиради. Яна озгина чидасин, асакаси кетмас, хушхабарни эшитгандан кейин хотиржам жўнайди. Айтганча, ҳали Машҳурага хабар бериши керак, агар чиндан қадрдони бўлса ёлғизлатиб қўймас.
— Ҳай, акамулло, ҳушига келмаяпти хотинийиз!..

Кўп аломат экан-ку бу ойимтилла!? Мундоғ аввал сўраб-суриштирса бирон жойи камиб-нетиб қоладими!? Тағин ёнига тирғала келиб, қўлига бир парча коғоз тутқизгани ва қайси дорихона қайси кўчада жойлашганини бидирлаб тушунтира кетгани ортиқча!..

Асли ўзиям, Ойша хола айтганидек, латтайи гўр-да, ахир, ўша коғозни нима учун бетига кайтариб отмади. Бўш-баёвлигидан топди: уйқуга чўмаётган шаҳарнинг у тарафидан-бу тарафини кўзлаб беармон елди. Ҳатто ёнилғиси тугаб, турли русумли уловлар тизилган шохобчада тарс ёрилгудек аҳволда навбат кутди, қисқаси, туғруқхонага кайтганда вақт кичик саҳардан ошган эди. Камини бўсағада нари-бери диққати ошиб одимлаётган дўмбоқ жувон тўлдирди. Бир заҳрини сочиб, хумордан чиқишни чўтловди-ю, қургур имкон бермади, дори-дармон солинган елимхалтани қўлтиқтаб зипиллай кетди. Ноилож бўзариб, чўчибгина аёл аҳволини сўраганда, ҳатто бурилиб қарамай: «Сабрдан қисмасин-да, акамулло!» — дея боплаб чимчилади. Энди беихтиёр чап ёноғи аралаш чап қоши пириллаб учаверди, ҳей, тавбангдан кетай, сабр жониворнинг уйи тамом куйди-ку!

Зайниддин чалғиш ва бирпас овуниш ниятида майда-майда томчилар инган, неон чироқлари ёруғида биллур каби товланаётган қизил-сариқ атиргул япроқларига тикилди. Баҳонада Наима тикандан қўрқишини эслаб кулимсирар экан, бўсағада бояги пари кўринди. Қиёфасини аввалгидек жаҳл ёки истеҳзо эмас, афсус-надомат ифодаси қоплаган, сурма тортилган қалин киприклари нам!..

Минг азобу минг таҳлика билан чақалоқни кесиб олишибди, шундай шошилинч тадбир қўллашмаса, янга бечоранинг ҳаёти бутунлай хавф остида қоларкан. Кўпни кўрган, қўли енгил шифокор, бўлим мудираси Роҳат Комиловна кам бўлмасин, муқаррар ажал билан бир неча соат терлаб-пишиб мардона олишиб, охири ғолиб келган. Шунақа, азалдан дуо кетган, туғиш баъзилар ўйлагандай осон эмас, ҳар доим ҳомиладор аёл жон талашиб нариги дунёга бориб қайтади. Ҳар ҳолда янганинг Худога бир айтгани бор экан, бечора азоб тортса-да, эсон-омон қутилди. Энди сиз шукур қилинг ва бемалол уйингизга бораверинг, фақат эрта барвақтроқ хабар олишни унутмасангиз кифоя!..

Янга дейвуриб куйдирди-ку бу қақажон, канақа янга, ҳей, фалак!?

Зайниддин хиёл тўрсайиб жовдирарди, қулт-қулт ютиниб қўяётган ҳамшира нигоҳи билан нигоҳи тўқнашди-ю, дилидаги малол ва ғашлик ўрнини ачинишга ўхшаш нарса эгаллади. Чўнтагида қолган-қутган пулини қоқиштириб узатгач, имиллаб машинаси сари юраркан, нуқул хаёлида жарроҳлик устолида беун ётган аёл гавдаланар эди...

Ўлгудек очиққан ва тинкаи мадори қуриган Зайниддин тонг шафағи уфқни ола-чалпоқ бўяб, чор атрофни даканг хўрозлар қичқириғи тутганда таниш дарвозани устма-уст қоқди. Ҳозироқ рўпарасида ранг-рўйи синиққан Наима пайдо бўлишини, мунғайган кўзларидан шашқатор ёш тўкиб пойига йиқилишини ўйларкан, юраги потирлай кетди. Оёғи куйган товуқдек типирчилаб турганда, умиди пучга чиқди: тирқишдан хўмрайганча Ойша хола мўралади...
— Уялмай кепсиз-да, куёвтўра? — кесатди қайнона, жаҳлини аранг босиб. — Кайси инсофли эркак кўчага ҳайдаб қўяди хотинини?
— Нимага унақа дейсиз, онажон? — деди Зайниддин, иложи борича овозини юмшатиб. — Энди... бир эркалик қилмоқчи бўлган-да! Ўзи билан гаплашай.
— Йўлийиздан қолманг. Судга ариза бериб келган!..

Кампиршо қўл сермади, совға-салом солинган тўрхалтани, бир четга ирғитиб, бурнини жийирди. Ер ёрилмади, куёвтўра тушиб кетмади. Сал наридан Наима барини ими-жим кузатмоқда, у ҳам онасига ўхшаб милтиқ ўқлаб олган шекилли?

Зайниддин ипакдай эшилиб, узрни қалаштирди, ит ётишу мирза туришдан тўйганини ҳам қистирди. Қайда, Наима арзини эшитмади, тош сувратига кириб, етти ёт бегонадай тескари ўгирилди. Қайнонаси захарлаб ташлабди-да миясини, эринг — эр эмас, оғзидан оши тўкилиб кетадиган овсару ландовур ёки сендай беозор куш кадрини билмаган муттаҳам, илоё, уруғ-аймоғи билан қирилсин, деб кўпиргани эҳтимолдан холи эмас.

Аллабир ғубор қоплади шуурини, ичи тимдаланиб, ўй-фикри шу кадар чуваландики, машинани қачон жилдиргани, қачон қишлоғига кирганини тузукли эслолмасди. Жонида жон колмаганди, чўзилиб ётгиси келарди бирон-бир хилватда. Ёки номаълум ёкдарга бадар кетсами!? Кўкси увалгудек хўрсиниб, истар-истамас молхона сари бурилди, боши лўкиллаб турганига қарамай, кун бўйи икир-чикир юмушларга ўралашди. Зарбанд кўчаларида сарғайгани, ахийри, қайнонаси билан хотини қаҳрига учраб қайтганини укалари тугул ҳатто ўзидан ҳам яширишга уринар, гоҳо лабларини қонатгудек тишларди-да, хаёлан кимгадир мушт ўқталар эди.
— Ака, Зарбанд бир қадам. Носир амаки билан Шойим бахшини элчи киб жўнатсак, — эрталаб нонушта пайти ноўнғай жимликни бузди Салоҳиддин. — Ҳар ҳолда дўст-душман олдида яхшимас. Давралар тўрини бермай юрган одамсиз.
— Маъкул фикр, — дарҳол кесди Низомиддин, қиртишланган жағига кафтини тираб. — Кеннойим аразлаган бўлсаям ҳурматини жойига қўйиш керак.

Анчайин тўлиқиб ўтирган Зайниддин, чурк этмай, сўлғин нигоҳини бир нуқтадан узмай, босиб-босиб чой ҳўплайверди. Офтоб қорайтирган энли бетида сен чурвақаларга куним колгани йўқ тарзидаги кесатиқ-зарда зухурланди. Кечадан бери ўзини қуриб-қакшаган, сароб пардасига ўралган ўзанда кўраётир, эси борида этагини йиғиштирмаса, бир умрлик айрилиқ тушиши мумкин ўртага. Ҳозироқ яна Зарбандга отланади, бир йўлини қилиб, она-бола билан тил топишади, токи суддан аризани қайтариб олишсин.

Бу ёғи қандоғ бўлди: дарвозага отнинг калласидай думалоқ қулф осилган-ку! Аламидан кўкарди ва ҳовлига йўламайсан дегандай безрайган кулфни бир тепди. Атак-чечак бола етаклаган ўрта ёшли кўшни жувондан ҳаммасини ипидан-игнасигача билди-да, тишларини ғичирлатди. Имондан айрилгур жодугар бир амаллаб судни тезлаштириш пайида. Одамови Наима эса аврашига лаққа учгану йўлга тушган...

Кечиккани учун ўзини-ўзи ёмон кўриб пўнғиллади, яна пароканда хаёллар оғушида бемажол бораркан, тўсатдан ёмғир ола-тасир қуйиб юборди. Майсалаган дала-қир ва тап-тақир асфалтни савалаётган томчиларга тикила-тикила Наимани, кейин... сел остида ивиган ва совқотиб қолган Кунсулувни эслади. Ниҳоят, Зарбанддан узоқлашар экан, шағал тош тўкилган, туман марказига элтадиган йўлга совуққина назар солди. Чакки бўлди, туппа-тузук режаси бузилди, энди шаҳарга тушгани ва Кунсулув аҳволини суриштиргани маъқул!..

Зайниддин Машҳура яшайдиган маҳаллани топди, лекин томи қизғиш лахтакчалар билан ёпилган, ҳовлиси ёғоч панжара билан ўралган уйни учратмади, бир баҳонада бузиб юборилган бўлса керак. Қисқа муддат иккилангач, бозор бўйлаб айланди, у-бу нарса харид қилди. Туғруқхона эшигида бандасидан ўтадиган ношукурчилик қимматга тушишини муҳокама қилиб паришон турганда тунов куни зир югуртирган таниш ҳамшира кўринди. Аввал, одатича, қошларини қиличдек ўйнатди, сўнг лаби-лабига тегмай шунақа бобилладики, йигит бечора тарс ёрилаёзди. Ахир, юраги тошдан эканлигини биринчи бор шу қақажондан эшитди-да!..
— Синглим, мен сиз ўйлаган одам эмасман, — деди ахийри, сабр косаси тўлиб. — Тил тортмай ўлайки, баданим эсканлайдиган бўлди сизга йўлиқсам!
— Шунақами? Роҳат Комиловнага айтасиз арзийизни!..

Зумда Зайниддин ўзини ола-була патгилам тўшалган, лоланусха шиша қандилли жимжит ва кенг-мўл хонада кўрди. Хона тўридаги оромкурсида бемалол журнал варақлаб ўтирган тахминан элликни қоралаган тўлагина хушрўй аёл қошида каловланиб қолди. Жиғу бийрон ҳамшира билгану билмаганини қалаштириб жўнагандан кейин у гажақпарини тузата-тузата чимирилди.

Ҳозир яна маломат тошлари ёғилишини сезган Зайниддин ҳамон қафасга тушган мусичадек жавдирар, ўзини қай йўсин ҳимоялаш чорасини қидирар эди. Ахийри, тўсатдан дилида бир журъат уйғонди-да, ёмғир сел бўлиб ёққан куни рўй берган воқеани сўйлашга киришди. Аллабир шубҳа комида тили зўрға айланар, гўё бари-барини қайта бошдан кечираётгандек энтикар, ғовлаган калласида, ким ишонарди бу афсонага, деган фикр айланишар эди.

Диққати ошган Зайниддин аъзои баданидан аста-секин қора тер қуйилди. Ҳайтовур сўзлари, узуқ-юлуқ янграган бўлса-да, дилидан чиқибди шекилли, Роҳат Комиловна юзидан таҳдидли кўланкалар ариди, салдан кейин бир-бир босиб дераза сари юрди, ташқарини жимгина кузатгач, изига қайтди-да, устол ғаладонидан буклоғли қоғоз олди.
— Сизга аталган, яхши йигит, — деди кейин хўрсиниб, оромкурсига оғир чўкаркан. — Тавба қилдим-эй. Хўш, ҳалиги... Ўликни тегишли идора саранжом қилади. Қизалоқни етимхонага берамиз. Меҳрдан қисилса ҳам бир кун одам бўлар!..

Қинғир-қийшиқ битилган мактубдан гўё уришдан тўхтаёттан юрак садоси элас-элас эшитиларди. Фавқулодда эзгин ва залварли садо Зайниддин ич-ичида чўкиб ётган армон билан қўшилиб кетгандек бўлди. Ва буни бутун вужуди билан якқол туйди, туяркан, тунов куни тўлгоқ пайтида Кунсулув ўзига нажот истаб ўксинибгана боққани ва недир тилаги бўғзида қолганини хотирлади.
— Опа, тушундим. Шу... Ҳалиги, иложи борми... марҳумани мен тупроққа қўйсам!? — деди ниҳоят иккиланиброк, мактубни кўйин чўнтагига соларкан.
— Гўдагини қарамоғимга олсам!..
— Ўйлаб гапиряпсизми?
— Бола масаласи нозиклигини биламан. Лекин йўли топилса керак. Орамизда қолсин, қуруқ қўймайман. Номард бўлай камида барра пўстин ёпмасам!..

Роҳат Комиловна нигоҳини номаълум нуқтадан узди ва бир малолли чимирилди: пўстинга бало борми, укажон? Айни пайтда аёллик қалби орқали ниманидир пайқади. Ҳозиргина янграган огир-босиқ товушда недир шикасталик — тақдирнинг совуқ бир шарпаси зоҳир эмасми? Ҳали унча эътибор бермаган экан: мўлтирабгина чақнаётган чоғир кўзлар нақадар ҳорғин ва нақадар маъюс!..

Эҳтиёткорлик зарар қилмас, деган ўйга борди чоғи, мудира норасида масаласида аниқроқ жавоб айтмади. Айни пайтда, ҳалиги таклифдан кўнгли ўсганини ҳам яширмади. Ҳозирча майитни берадиган бўлди. Ҳар ҳолда йигит шунисига ҳам шукур қилди. Майли, аввал расм-русуми билан шўрлик марҳумани тупроққа топширсин-чи, кейин мурувватли Эгам бир томонга бошқарар. Чамаси, опахон аччиқ-чучукни татиб улгурган аёл, эрта тағин бош эгиб келса, қўллаб юборса керак.

Умуман, Зайниддин бариси ҳамирдан қил суғургандек осон кўчишига умид боғлади. Мудира билан хайрлашаётган чоғда ҳам Тангри мадади билан оғири енгил бўлишига қарийб шубҳа қилмади, тинмай ураётган ёмғир сели кўллаган ҳовлига чиқди-ю, бирдан бўшашди. Кўз олдидан гоҳ Наима, гоҳ қайнонаси, гоҳ укалари липиллаб ўтаркан, гўё зимзиё чоҳга қулади. Фақат энди орқага йўл йўқ: бас, қамишдан бел боғлаши, оёғи қолиб оғзи билан юрадиган мунофиқларга зарба бериши, ҳар қанақа ивир-сивир ғийбатлардан баланд туриши керак.

Қишлоққа кирганда қил сиғмасди юрагига, машинани дарвозахонада қантарар экан, бадани увишиб совуқсиради, айвонга етгунча шаррос қуяётган ёмғирда ивиди. Тарновлардан шариллаб тегирмон-тегирмон сув оқарди. Осмон яна гумбирлатиб пўстак қокди. Ёғаверсин, истаганича ёғаверсин, барака-да, деб қўйди ичида. Сал ўтиб укалари кўрингач, қувониш ўрнига, қовоғи солинди. Сояйи давлатида семириб юрган бу баччағарларга арз-ҳол қилиш ўлимдан ҳам оғир эди. Фурсатни бой бермаслик ниятида охири ноилож ёрилди.
— Ё қудратингдан! Яна бир қайтаринг! — қошлари бир-бири устига сапчилаб гулдиради Салоҳиддин. — Тузук эшитмадим, яна бир қайтаринг.
— Нимасини қайтараман?
— Э-э, ғужала қилмай аниқроқ гапиринг-да, ака! — орага ҳамишагидек суқма қошиқдай сўқилди Низомиддин. — Кимни кўмамиз деяпсиз?
— Айтдим-ку, узоқ қариндош... кунидан қолган бир бева!

Ажабо, оғзидан шу сўзлар чиққан пайт ичида нимадир узилгандай туюлдими? Ростдан ҳам ўша палла бағри ҳовуч-ҳовуч чўғ ёпишгандай куйишиб, намдан қароқлари хиралашди. Хилватда ёлғиз бўлса, ўкириб йиғларди-ёв. Буқадай хезланишни биладиган укалари дарду ҳолини қаёқдан тушунишсин? Уялмай-нетмай маъноли кўз уриштириб, башараларини буриштириб ўтиришди. Ҳатто хизмат бор-йўқлигини суриштиришга ҳам ярамай жуфтакларини ростлашди. Гумроҳлар баттар бўлишсин, чиндан ҳам ўшаларга куни қолган эмас. Ҳозир ўзи зипиллаб мачитга ўтади, мулла Ҳайит билан маслаҳатлашади, ёрдамчиси Муса тракторчини хабаркаш килиб тайинлайди.

Уст-боши ивиб, итдек чарчаб-толиқиб қайтди-ю, сўлжайган гавдасини таппа юпқагина кўрпачага ташлади, ҳамиша қотиб ухлайдиган одам тошта қадар мижжа қоқмади. Ўлгур хаёли чуваланиб, ҳар хил қиёфалар ўғирлайди ҳушини. Ажабки, баъзан олисда, ғира-шира парда ортида мудира кўриниш берар, ногаҳон у билан ғойибона мунозарага киришар эди.

Ахийри, зориқтирган тонг ёришди, ёру биродарлар тўпланиб улгурмай, биқинида махсус нишон зарбланган сутранг чўзинчоқ машина кўринди. Каттаю кичикни қизиқтирган, аммо кимлиги номаълум майит келди, майит билан англаш маҳол бир мотам келди. Ҳар ким ўзича одоб билан қўл боғлаб, ўзича ҳассакашлик қилди. Кимдир ичи ачиб ёш тўкди, кимдир номига оҳ чекди, кимдир чеккада килт этмай бўзариб турди, кимдир маломат билан шуғулланди, жумладан, ойдек-ойдек келинлари — Ирода билан Хайринисо кечроқ, одамлар бирин-сирин тарқалишгач, ошхонада ҳасратлаша кетишди.

Бири тоғдан, бири боғдан сайради, қисқаси, овсинлари Наимахон онаси қорнидан бахтиқаро бўлиб тушган, бир балони сезганки, араз-ўразни катта қилиб кетиб қолган бечора! Бемаврид омонатини топширган анови хонимча Худо урган ёсуман экан: тиригини эмас, ўлигини кўрсатгани кўп аломат ҳодиса! Бевафо дунёсига илоё ўт тушсин, ахир, яхши-ёмон урчиб ётган шаҳарда қайси бировининг кундоши йўқлигига ким кафил?!..

Муздан-да совуқ, тиғдан-да қаттол ғийбатга гувоҳ ўтган Зайниддин тарсиллатиб бир урди пешонасига, мийиғида аламли куларкан, миясига қайноқ қон тепчиб, кўз олдида сонсиз тангачалар жимирлади. Ҳамон дилини ёритиб турган умид чироғи сўнгандек бўлди, руҳи-жони ва вужуди қақшаб, тун бўйи ўзи билан ўзи олишди, аниқроғи, кўпроқ хаёлан Роҳат Комиловна билан тортишди.

Тонготарда сал-пал тинган ёмғир, моторни юргизган ҳамоно, яна савалай кетди. Ростдан ҳам осмон тешилди-ёв, деб ғудранди. Шаҳарга етгунча ҳам, туғруқхона ховлисига кирганда ҳам шубҳа домида эди. Мўъжаз лавҳа осиғлиқ таниш эшикни секин тиқирлатиб қия очганда юраги гупиллаб тепарди. Оромкурсида журнал варақлаб ўтирган Роҳат Комиловна сокин жилмайганини кўриб андак руҳланди. Чиндан ҳам мудира чеҳраси сал-пал нурланди-да, жаноза қандай ўтгани билан қизикди, сўнг, муддаосини айтиб улгурмай, беихтиёр никоҳ қоғозини сўради. Ана шунда кўкси бир тотли сирқираб, жовиллаб ёш тиқилди бўғзига. Маълумотнома тайёр бўлган ҳамоно мудирани раҳмату ташаккурга кўмиб ташлади.

Ажабо, машинаси эмас, гўё ўзи қанот боғлади: зувиллаб қишлоққа келди, фуқаролар йиғини идорасидан гувоҳнома ундирди, қўлига мўлтираб қараган котибни дурустгина сийлагач, Зарбанд сари учди. Йўл-йўлакай анчадан бери устара тегмай нишлаган соқолини силай-силай бир кулар, бир тўрсаяр эди. Ҳали шундоқ ҳам оғриб ётган бошида қора калтак синиши мумкин. Бемаслаҳат қадам босгани учун айниқса Наима шунчаки манглайидан ўпибгина, қулогини шунчаки бурабгина қўймаса керак.

Ана, у тирс-тирс томчилар тегаётган войиш остида бир қултум сув билан ютгудек бўлиб, зулукдай қошларини хиёл чимириб, ним қизил юпқа лабларини қимтиганча ўй сурмоқда, ранг-рўйи ҳамон ўша: анчайин заҳил тортган, маъюсгина боқаётган тубсиз қароқлари нафрат ва гина-гидирга лим-лим!

Наима қадам товушини эшитиб илкис сесканди, бир зум ҳайрат ичра бўзариб қолгач, тутқич беришни истамаган кийикдай шитоб тисарилди ва елкаси билан кўкимтир темир устунга урилди. Нохуш ҳолат енгил-энгил орзиқаётган йигит учун айни муддао бўлди, жадал умтилиб нозик белидан кучди-да, даст кўтара бориб машинага тикди. Шу заҳоти кабина ҳавоси фарангий атрнинг муаттар бўйига беланди.
— Бу нима қилиқ, босқинчи? — йиғламсираб-юлқиниб қичқирди Наима. — Сизни кўргани кўзим, отгани ўқим йўқ!
— Худо хайр бергур, аввал эшитсанг-чи! — деди Зайниддин, тезликни оширар экан. — Отиш бўлса қочмас!
— Тўхтатинг, тушаман! — Наима баралла ҳўнграворди ва бирдан рул чамбарагига ёпишди. — Тўхтатинг! Мен бахтикаро бепуштни бошингизга урасизми? Битта зормондани кўмган бўлсангиз, яна биттасини топиб олгандирсиз!

Иззат-нафси симиллаб кетса-да, Зайниддин индамади. Наима кўксида уйилиб қолган аламларини тўкиб, ҳар сўзини бигиз қилиб санчганда ҳам миқ этмади. Фақат ҳар замонда ён тарафдан синикқан бетига тикилиб хўрсинар, ўзи каби унинг ақлу идрокини ҳам босиб ётган армон нечоғли залварли эканлигини чамалар эди.

Нолий-нолий толиқди чамаси, Наима охири жим бўлди, ҳатто юрагини бўшатгани туфайли бир оз осуда тортди. Машина қўш табақали дарвоза бўсағасида тўхтаганда аввал эътибор бермади, кейин пештокда илинган лавҳани илғади-да, яна авзойи ўзгарди. Дили тубидан ногаҳон бодраган хўрсиниқ дунёни кўмиб ташлагандай туюлди. Бағри чокланган Зайниддин ўкраб юбораёзди. Ахийри, чидолмай чўнтагидан ҳалиги хатни олиб узатди-да, дарвоза сари йўналди. Ҳовли тўрига бўйнини қисиб шошиларкан, гўё олисдан эшитилаётган овоз юраги торларига тегиб-тегиб кетар эди.

«Зайни ака, сизни атиги бир марта кўрдим. Эрим ҳайдаган ёмғирли кунда. Тақдирим шу экан, армон билан кетяпман. Ўлигим кўчада қолиши ёки охират азобидан қўрқмайман. Фақат биргина фалокат — ёруғ дунёга келган гўдагим хору зор бўлишидан қўрқаман. Илоё, Худойим ундан шафқатини аямасин!..»

Аллабир сеҳр оғушида Зайниддин гоҳ ҳушига келиб, гоҳ ҳушини йўқотаётган, ғам-андуҳга ботган ва чор-ночор қўлига қалам олган Кунсулув ҳолатини тасаввур қилди. Шўрлик аёл армони ёнида недир умид ҳам ола кетганига ўзини ўзи ишонтирди-да, бир ҳайиқиб, бир дадил таниш эшикка яқинлашди. Ичкари бўсаға ўнг тарафида жойлашган постида жонсарак турган навбатчи кампирга тортина-тортина муддаосини айтгач, сабрсизлик билан кута бошлади.

Ҳадемай пояндоз тўшалган йўлакда оқ халат кийган, қировлаган бўлиқ сочлари ажин тегмаган тиниқ бетига мувофиқ тушган Роҳат Комиловна кўринди. Бугун мудира чиройи ҳам, қадам олиши ҳам бошқача эканлигини пайқаш қийин эмасди: кўнглини ёритган шам ёғдуси шундоқ ранг-рўйига кўчганди. Ёнма-ён одимлаётган дўмбоқ ҳамшира йўргак кўтариб олган бўлиб, қувончдан кўзлари пориллар ва тинмай бидирлар эди.
— Қаранг, акамулло, миттигина-я! Вай, ўзим ўргилай, дадажонга бир кулон-кулон қиб бейсинла! Кулон-кулон!..

Зайниддин ўзини йўқотиб қўйгандек саросимада: боши узра гўё чақмоқ чақиб, юраги қинидан отилиб чиқаёзган! «Эй, Художон, мадад бергил, мадад!» — деб такрорларди нуқул кўнглида. Салдан кейин шошилиб чўнтагини ковлади. Мудира, у жимгина илжайиб узатган ҳужжатларни кўздан кечираркан, бағри тўлиб қолгани билан қутлади, қошу кипригига гард қўндирмай ўстиринг, яхши жойларга узатинг қабилида эзгу тилаклар айта-айта зинага қадар кузатиб қўйди.

Роҳат Комиловна билан хайрлашган чоғдаёқ шундоқ кўз олдида ёруғ олам бутунлай ўзгариб кетгандек туюлди. Ушоқ жоннинг иссиқ нафаси фақат дилини эмас, гирд-атрофини ўраган дунёни ҳам ажаб бир инқилобга ғарқ айлаган эди. Йўргак ҳароратини бутун вужуди билан теран ҳис этар, қўрқиб-қўрқиб қадам босар, сархуш каби гандираклар ва боши гириллаб айланар эди. Назарида ҳозир ўзини жамики тирик жон тўлиб-тошиб муборакбод қиларди, ҳатто дарахт шохларида қўниб чуғурлашаётган сон-саноқсиз қушлар ҳам!..

Шошилмайгина аланглаб йўрғалаётган Наимани кўриб аллақаеридир жизиллаб кетди, ҳаяжонини босолмай, оғзи қулоғига етиб, недир муддаода аста чақалоқ бетини очди, очаркан, энди фақат дунё эмас, кўнгли ҳам янада бошқача ёришгандек бўлди.

Нотаниш аёл хатини ўқигандан кейин Наима ўпкаси тўлиб анча йиғлаган чоғи — кўзлари қизарган, қовоқлари кўпчиган эди. Тамшаниб қўяётган гўдакка нигоҳи тушган ҳамоно бир энтиқди, унинг рангпар чеҳрасига маҳлиё бўлиб узоқ термилгач, пучуқ бурунчасига аста бармогини теккизди, бир майин майсалаган қошларига ҳам теккизди.
— Вай, намунча ширин? — деди шивирлаб. — Исми нима?
— Кунсулув! — жавоб қайтарди Зайниддин. — Ярашибдими?

Наима мамнун бош ирғади-да, кифти тоғдек баланд кўтарилган эридан чақалоқни авайлаб олди. Шу заҳоти гўё қачондан бери рутубат чўкиб ётган кўнглига чироқ ёқилиб, сийнасига баҳор офтоби нуридай илиқ ва ёқимли шарора қуйилди.

Тез орада темир тойчоқ шаҳарни ортда қоддирди ва трасса бўйлаб елиб кетди, олисдан ёмғирда тозарган қиру адирлар этагида ястанган қишлокдари кўзга ташланди, шунда нигоҳи қувнаган Наима кўксида ҳалиги шарора яна кўпирди, яна ғалати орзиқди-да, киприксиз кўзларини чирт юмган Кунсулувни интиқланиб қучди...

Зайнидтсин ҳозироқ укаларига бор гапни айтмоқчи эди, лекин улар панадан-панага қочиб юришганини эслаб айниди. Эгаси кўчиб кетгандек ҳувиллаб ётган ҳовлида дастлабки онларда Наима ўзини бегонадек тутаётганини сезиб анқовсиради, ҳатто ўзи ҳам анча муддат тараддудланиб қолди. Неча йиллик гурмушларига шоҳид ўтган уй гўё қовоқ уйиб бўзарар, устига устак, чор-атроф аллатовур бефайз туюлар, айвон-ошхона ва бўлмалар қўқиб-тўзиб ётар, оёқ босгани жой йўқ эди.

Ногаҳон Кунсулув чириллаб йиғлаб юборгач, кутилмаган ҳодиса рўй берди: ҳовли-ҳарам гўё осмону фалакдан емғир ўрнига сим-сим ёғилаётган шуълага чайина бошлади.

Наима дарҳол кукундан қуюққина сут ҳозирлади, эмизғини Кунсулув оғзига соларкан, нимадир қовушмай ўнғайсизланар, сийнаси ости бир ғалати ачишар эди. Ҳадемай чақалоқ мириқиб тўйди, осуда тортиб беозоргина ухлаб қолгач, Наима ўзи каби патак-паймона бўлган, бир жойда ўтиролмай жавдираётган эрига қараб кулимсиради. Ушбу дамда гўё икковлон тақдир кўндаланг қилган фавқулодда қийин имтиҳондан бир амаллаб ўтган эди.

Барака топгур Наима анчагина уқувли чиқди: тез орада ўзини дадил ва эмин-эркин тутадиган бўлди. Одам таниб, ҳатто юпқагина лабларини буриб жилмайишни одат қилган Кунсулув ёнида руҳи бир енгил, суяги бир тетик эди. Энди у чиндан овунчоғига айланди. Сира бағридан қўймасди, жилдираб боқадиган кўзларидаги маъсумлик жонига қувват бағишларди. Эмизғини қизғанибгина сўраётганда бирдан тўлиқиб кетар, ухлатар чоғи берилиб алла айтар, ёқимли оҳанглар тошиб-тошиб юраги тўридан янграр эди.

Зайниддин эрта-кеч Наимани зимдан қизиқсиниб кузатади, кейинги кунларда у ёшариб кетганини сезиб, кўнглида ўралиб ётган чигиллар ечилиб боради. Ақл бовар қилмас севинч ва ғурурдан боши кўкда! Қолаверса, энди ўзи ҳам бошқа одам: қадам олишлари ўзгарди, кўз ўнгида андуҳ, ғам-ғурбат ва изтиробдан айри ажиб олам ўрнашди. Фақат гоҳо Ойша хола ёдига тушиб мунғайиб қолади, ахир, кампиршо можаро қўзғаши ва кўнгилларини хуфтон қилиши эҳтимолдан холи эмас. Охири хавотирини бўлишди. Бор вақтини гўдакка сарфлаб ҳатто ўзини унутган хотини ҳам аввал сал бўшашди, кейин жўяли маслаҳат берди: дангал бўласиз энди, дадаси!

Тўғриси ҳам шу эди. Яна ҳам тикроқ тутди қаддини. Зарбанд сари ғизиллаб жўнади. Бари бир, ишқилиб орқаси тутиб қувламасин-да, деган ўй тинчлик бермасди. Аммо бекор ташвиш чекибди: Ойша хола бўсағада қулоч ёзиб қаршилади. Кўпдан бери биринчи марта куёвини ўтқизгани жой тополмай шошди. Елиб-югуриб дастурхон тузагач, барини эшитганини яширмади, ҳатто биронта суюнчи сўраб остонасига қадам босмагани учун гиналади. Яна ҳам қизиғи, жўнар пайти сўрамай-нетмай аста машинасига қўнди, шу кунгача бориб қизини қутламагани, неварасини эркаламагани учун айбдор эканини қайта-қайта таъкидлади.

Ойша хола ошиқиб бўсаға ҳатлаган паллада гўё пешонасида қуёш балқиган, бўйи бир қарич ўсган эди. Ҳозиргина уйғонган норасидани энтикиб бафига босаркан, елкалари аста-аста титраниб, ажин тилимлаган ёноқларидан милдираб ёш думалади.

Қайнонаси қурмагур уйи тўрини бермай қўйди, Наима билан бирга эртаю-кеч Кунсулув ёнидан жилмасди. Соат сайин тўлишиб бораётган гўдак кулгиси ва йиғиси узоқ газаклаган армонини аллақачон кўксидан суриб ташлаган эди. Ҳарқалай кампир қушдек енгил тортгани Зайниддин учун алоҳида мукофот бўлди ва баҳонада шу мушфиқ жон онаси ўрнида она эканлигини ҳам эътироф этди. Кўклам адоғида уни бош-қош қилиб қирқни ўтказгач, дилига тугиб қўйган ниятини ушатиш учун киришиб, бир шанбада барчани бешиктўйга чорлади. Дўсту душман кўзига сарфу харажат борасида қисинмади, муҳими, сўзида туриб, хотирида бир фаришта каби ўрнашган Роҳат Комиловнани йўқлади. Опахонни иззат-икром билан машинасида миндириб келди-да, эгнига ял-ял товланадиган барра пўстин ёпди.

Маърака кеч соат ўнга яқин тарқади, укалари қора бермаганини айтмаса, роса тартибли ўтди. Ярим тунгача тенгқур жўралари билан яна эзиб-эзиб ҳангомалашди. Ахийри, улар ҳам жўнаганда, ўлардай чарчаган бўлиб, оёкда аранг турарди. Даҳлизда, Кунсулув беланган бешик ёнида суҳбатлашиб ўтирган Наима билан қайнонасига хайрли истаклар айтиб, жимгина ётоққа кириб чўзилди ва ҳаял ўтмай киприклари юмилди.

Туш кўрсаки, айни тонг палласида бир шивалаб, бир челаклаб ёмғир ёғармиш, марҳума — юпқагина кийинган Кунсулув, лабларида илиқ бир табассум, кенг дала бўйлаб урина-сурина одимлармиш, нари томондан тулдор шамсия тутган Наима илдамлаб келармиш, Кунсулув унта бир дона атиргул ва бир дона олма узатиб ғойиб бўлганмиш!..

Аломат туш гўё тасаввурига тоабад накшланди. Эртаю кеч хаёлидан Наимани қаршилаш ниятида ёмғирда ивиб, кула-кула, аллабир муштокдик билан ошиқаётган Кунсулув сира жилмас эди. Хар сония у гўё ёнгинасида нафас олаётгандек туюлар ёки панадан ҳар бир ҳаракатини диққат билан таъқиб қилар эди...

Бугун Зайниддин даладан анча барвақт қайтди, аллакачон атак-чечак бўлиб қолган, қорасини кўрган заҳоти қўл чўзиб талпинадиган Кунсулувни соғинган эди. Ҳозироқ эркатойини тўйиб-тўйиб бағрига босишни, ёруғ дуненинг тугамайдиган ташвишларидан бир тсам узоқроққа чекинишни ўйлаб дарвозадан кирди-ю, анграйганча тўхтади.

Ахир, бурма ёқали саккиз тепки атлас кўйлак кийган Наима рўпарасида қизил гулдек очилиб-сочилиб турар, сурма сурилган тубсиз кўзлари ҳам сирли, ҳам ғамзали боқаётган эди. Салдан кейин ҳайратини яна ҳам ошириб, хандон кула-кула, ҳовли ўртасида хиромон айлана бошлади.

— Нордон олма егим келяпти, нордон олма, акажон!..