OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАшурали Жўраев
Асар номиСирли сирға (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ашурали Жўраев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 1-сонидан олинди.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сирли сирға (ҳикоя)
Ашурали Жўраев

Янги йил кутилмаган воқеалари, ғаройиб саргузаштлари билан ҳам эсда қолади. Янги йил кириб келишини ҳамиша катталардан кўра, болалар кўпроқ ҳаяжон билан кутадилар. Айниқса, хонадонларга Қорбобонинг совға-салом билан келиши болаларнинг қувончига қувонч бағишлайди, ҳайратини оширади.

Асилбек ҳам Қорбобонинг узун соқолларини силкиллатиб, оппоқ мўйловини лаблари устида осилтириб, кўзларига қора кўзойнак тақиб, гуллик совға халтасини кўтариб, чиройли ҳассасини қизил қўлқопи билан ушлаган ҳолда кириб келганидан бениҳоя севинди. Укаси ва синглиси билан Қорбобога пешвоз чиқиб, баробарига салом бердилар.

– Ваалайкум ассалом, ширинтойларим, – деди Қорбобо салобат билан сал дўриллаган овозда. Унинг товуши таниш бўлса-да, ғалатироқ эшитилди.

Бир зумда хонадонни шодон кайфият чулғади. Қорбобони чиройли безатилган янги йил дастурхонига таклиф қилишди. Лекин Қорбобо бошқа болаларни ҳам табриклаши лозимлигини рўкач қилиб, болаларни йўлакда шеър айтишга чорлади. Биринчи бўлиб синглиси Назокат «Қорбобо» деган шеърини ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўқиб бериб, Қорбобонинг совғаси – чиройли қўғирчоқни қўлга киритди. Сўнг укаси Озодбек янги ёдлаган шеърини тутилиб-тутилиб, чала-чулпа ўқиди. Қорбобо унга ҳам чиройли ўйинчоқ машина совға қилди. Навбат Асилбекка келганда у бир йўла икки-уч шеърини қаторлаштириб ёддан ўқиб берди. Қорбобо қарсак чаламан деганда, қўлидаги совға халтаси полга «тўп» этиб тушди. Халтани эгилиб оламан, деган бир пайтда Асилбек унинг қулоғидаги кўк кўзли сирғасини кўриб ҳайратда қотди. Ахир бу қўшни йўлакда турадиган Рисолат опанинг сирғасига жуда ҳам ўхшаш экан.

Эсида – кузда ҳовлида ҳашар қилаётганларида хазонларни супуриб юрган Рисолат опа ўнг қулоғидаги сирғасини йўқотиб қўйган эди. «Вой, энди нима қилдим, онажоним раҳматли совға қилган эди», деб йиғлаб ҳам олганди. Орадан икки кун ўтиб, Асилбек қўшни болалар билан ўйнаб юрганларида ҳовли четидаги ариқча бўйидан кўк кўзли сирғани топиб олиб, онасига берганди. Онаси эса ўша заҳоти Рисолат опага топилган сирғани бериб хурсанд қилганди. Опа раҳмат айтиб, болаларга бир ҳовуч ширинликлар ҳадя этганди. Конфетлардан бирининг таъми бутунлай бошқача эди. Эслаб, оғзи тамшанди...

«Наҳотки, Қорбобонинг сирғаси бўлса?» ўйлади яна Асилбек. Қорбобо ҳам ниманидир сезгандек Асилбекка чиройли рангли қаламлар совға қилиб тезгина хайрлашди. Болалар ҳам бараварига «Хайр, Қорбобо» дейишди хурсанд бўлиб...

Қорбобо йўлакка чиқиб, қўшни хонадон эшиги қўнғироғини ҳаяжон билан босди.

Асилбек онасига ҳайрат билан қараб:

– Ойижон, Қорбобонинг сирғаси бор экан, – деди.

– Қанақа сирға? – ҳайрон бўлди онаси.

– Рисолат опанинг кўк кўзли сирғасига ўхшар экан. Мен топиб берган эдим-ку, ўша сирғанинг ўзи.

– Қўйсанг-чи, болам, сенга шундай кўринган. Қорбобонинг сирғаси бўлмайди, – деди онаси гап нимадалигини тушуниб. Сўнг болаларни ўйин билан чалғитди.

Аслида ҳам ҳозиргина чиқиб кетган «Қорбобо» бу қўшнилари Рисолат эди. Уларнинг Асилбеклар яшайдиган уйга кўчиб келганларига беш-олти йил бўлиб қолди. Шўрликка Худойим фарзанд бермаган. Ҳар йили янги йил кечасида Қорбобо бўлиб, қўшниларнинг болаларини хурсанд қилади. Қорбобо бўлиб болаларни табриклаётганида яйраб кетади. У ўша кезларда бутун борлиғи билан болага айланади. Ҳар бир хонадонга кирганида Яратгандан ихлос билан фарзанд сўрайди.

Рисолатнинг Қорбобо бўлиб чиқишини билиб қолган оналар унга янги йилдан тўрт-беш кун аввал болалари учун турли хил совғаларни олдиндан бериб қўйишарди. Шу боис Рисолат қўшни болалар танимасин деб, қора кўзойнак тақиб, овозини бироз ўзгартириб гапирарди. Бу гал шошганидан қулоқларидаги сирғасини ечиб қўйишни унутган эди.

Қорбобо янги йил кечаси оналари совға олиб берган барча хонадонларга бир-бир кириб, болаларни хурсанд қилиб чиқди. Ўз хонадонига келганида эри аллақачон янги йилни кутиб олиб, одатдагидек ўтирган жойида ухлаб қолган эди. Бечора шишани охиригача ҳам бўшата олмабди. Ҳар йили шу аҳвол...

Эр хотин бир-бирини яхши кўриб турмуш қуришган. Рисолат тиббиёт билим юртида ўқиб юрганида ҳайдовчи Эркин билан тасодифан танишиб қолиб, ота-онасининг унчалик розилигига ҳам қарамасдан, бири оларман, бири тегарман бўлиб, оёқ тираб олишди. Қариндош-уруғлар кўмагида тўйлари бўлиб ўтди. Эр-хотин «қўш ҳўкиз» бўлиб, елиб-югуриб уй-жой қилишди, яшашлари жойида. Уйда ҳамма нарсаси бор, ҳеч кимдан ҳеч бир камчиликлари йўқ. Фақат юраклари яра... Бу оғир яранинг малҳами биргина тирноқ...

Рисолат Қорбобо кийимларини бир-бир ечиб, уйида киядиган гулли халатини кийиб, ўзини кроватга ташлади. Ташлади-ю, елкалари титраб-титраб йиғлай бошлади. Йиғлаб туриб яна Худога ёлворди:

– Художон, наҳотки шундай улуғ даргоҳингдан бир тирноққа зор этсанг? Шунчалар ҳам интизор қиласанми? Юрак-бағрим тўкилиб кетди-ку, Оллоҳим.

Азиз ўқувчи! Келинг, сиз ҳам қўлларингизни очиб, ният қилинг, Оллоҳдан уларга биргалашиб фарзанд сўрайлик. Зора, янги йилда сирғали Қорбобонинг нияти ушалса...