OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАслиддин Мустафоев
Асар номиФанодаги чизиқ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Аслиддин Мустафоев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/20
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 4-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Фанодаги чизиқ (ҳикоя)
Аслиддин Мустафоев

Умрининг охирги дақиқасигача бир оғиз сўз демаган инсоннинг айни жон берар вақтида тилга кириши жуда ғаройиб ҳол эди. Бу ҳолат бир менга эмас, балки уни таниган, билган ҳатто эшитганларнинг ҳам барчасини ҳайратлантирди.

Ўша куни на қўли, на оёғи ва на кўзи қолган бу бемор жон берар пайтида тилга кирди. У шундай баланд овоз билан гапирдики, жарроҳлик хонасидагиларнинг барчаси музхонага ташланган балиқдай қотиб қолишди. Xаёлимизни бир жойга жамлаб, то ўзимизга келгунимизча бемор аллақачон узилганди. У нималар деб гапирганини ҳеч ким тушунмади. Овози чиқиши билан гўё қайтариб бўлмас бир офат келаётгандай ҳамма ўзини йўқотиб қўйганди. Неча йиллик тажрибаси бўлган бош жарроҳ ҳам бундай ҳолатга биринчи бор дуч келиши бўлса керак, азбаройи ҳаяжонга тушиб қолганидан оғзини каппа-каппа очар, кўзлари соққасидан чиқиб кетгудек бўлиб, гоҳ чапдан ўнгга, гоҳ ўнгдан чапга айланарди. Бу ҳолни кўриб ёрдамчи шифокор, ҳамшира, фаррош аёл, барчаси мурда билан ишлари бўлмай қолди. Бош жарроҳнинг атрофида гир айланиб, унга «биринчи ёрдам» тараддудига тушиб кетишганди. Мен эса қўлимдаги жарроҳлик пичоғини маҳкам тутганча мурдага қараб турардим. Уни биринчи маротаба кўрган одам бу хонада турганлардан ҳам баттарроқ ҳолатга тушиши аниқ эди. Унинг ташқи тузилиши инсон қиёфасидан бутунлай узоқлашиб кетганди. Мурданинг бир пайтлар ўйиб олинган кўзлари ўрнида терак пўстлоғида пайдо бўладиган холчаларга ўхшаш чуқурчалар бор эди. Фақат улар горизонтал ва кетма-кет жойлашганлиги учун уқувсиз ҳайкалтарош ясаган беўхшов юмуқ кўзга ўхшаб кетар, икки қўли ва оёқлари қирқиб ташланганлигидан унинг бутун жуссаси эндигина тайёрланиб, ўрнатишга тахт қилинган бюстни эслатарди. Офтоб кўрмаган, сарғиштоб юзига қараб мурда анча вақтдан бери тўшакка михланиб қолганини билиш қийин эмасди. Жуссага тикилиб турарканман, миямга келиб қолган саволга жавоб ахтара бошладим. Нима учун бундай бўлди? Ҳа, бу савол биринчи марта хаёлимга келиши эди. Нега шу пайтгача келмаганига ўзимнинг ҳам ақлим етмасди. Ахир уни илк маротаба кўрганимдаёқ ёки ундан кейин ҳам шу савол туғилиши мумкин эди-ку?

Беморни биринчи бор кўрган куним ишга келганимга тўққиз ой бўлганди. Ўшанда у икки оёғи кесиб ташланган, ногиронлар аравачасида турарди. Ранги бироз синиққан, бироқ эгнидаги замонавий кўйлак, соқолининг қиртишлаб олингани, сочининг бир тарафга силлиқ қилиб таралганлиги, билагидаги мускулларнинг бўртиб чиқиб туриши буни билинтирмасди. Қаттиқроқ разм солмаса деярли сезилмасди. Оёқларидан ташқари, бошқа барча аъзолари соппа-соғ бўлиб кўрингани учун унга унчалик эътибор бермагандим. Аммо ишхонада кимдир беморнинг тилсиз эканлигини айтганидан сўнггина қизиқишим ортиб, навбатчиликда қолган куним касаллик варақасини кўриб чиқишга киришдим. Оёғининг кесиб ташланишига сабаб бўлган ташхисдан фиғоним фалакка чиқди. Неча йиллардан бери ишлаб, ўз ишининг устаси бўлган шифокорнинг қилган ишидан ҳайратда эдим. Касаллик варақасига «варикоз» ёзилган бемор оёғининг кесиб ташланиши ҳақиқатдан ҳам ажабланарли эди. Бундан бир жаҳлим чиқса, бир жарроҳ бесабаб бу ишни қилмагандир, деган ўй билан уни оқлардим. Бироқ ҳақиқат айтилмаган сўздай мавҳум эди. Бу сўзни айттириш учун эса мен турли йўлларни ўйлаб топардим. Бироқ уддасидан чиқолмай хунобим ошарди.

Кун билан тун худди йил чироқларидек тинимсиз ўрнини бир-бирига бўшатиб берарди. Жумбоқ эса жумбоқлигича қолаверди. Унга бўлган қизиқишим сўниб, бемор тўғрисида ўйламай қўйдим. Марҳумга ўхшаш беморлар кўпчиликни ташкил қилганидан бўлса керак, энди шифохонанинг «ҳаво»сига ўрганиб кетгандим. Лекин марҳумчалик ҳеч бири менда чуқур таассурот қолдирмаганди. У гарчи гапирмаса-да, айтмоқчи бўлган гапларини кўл ҳаракатларидан ёки кўзларидан ўқиб олиш қийин эмасди. У доим табассум билан қараб турар ва жони чекаётган азобларни сездириб қўймасликка уринарди. Бироқ беморнинг кўзларига боқиб, у билан суҳбатлашиш жараёни кўпга чўзилмади. Юрагимдан отилиб чиқишга уринган исён бош жарроҳнинг ўтли қарашлари олдида бош эгиб, сўнаётган чўғдек хиралашиб борарди. Бош жарроҳ беморнинг кўзларида «катаракта» бор, дея ташхис қўйган, аммо жарроҳ катарактани эмас, балки кўзнинг ўзини олиб ташлашни қарор қилганди. Бу ишга аралашмайман деб бош тортолмадим. Гўё кимдир бўғзимдан олиб, «Гиппократ қасами»ни бузаяпсан, дегандай бўлаверди. Ваҳоланки, беморнинг кўзлари соппа-соғ, биз эса уларни олиб ташлашимиз керак. Қандай бедодлик, дея ҳайқиргим келарди. Бироқ беморнинг бамайлихотир ўтиришини кўриб шаштимдан тушдим. Беморни ёмон кўриб кетдим ҳам. У эса биз айтган нарсаларни иккиланмай бажарарди. Жарроҳлик столига ётгунича унинг кўзларида ҳаёт акс этиб турди. Фақат наркоз таъсиридан сўнг ёниб турган кўзлар, бир лаҳза ичида, ҳаётга тўймай жон берган мурданинг кўзларига ўхшаб қолди. Минг-минглаб тирикларни «ёриб», кўникиб кетган жарроҳ учун сўниқ кўзларни кўчириб олиш одатий ҳол эди. У худди кулчача ясаш учун хамирдан бир чимдим олган новвойдай кўзларни жойидан кўчириб ташлади. Беморнинг кейинги ҳаёти бундан-да аянчли бўлишини билиб, сезиб турсак-да, биронтамиз гапиришга ботинолмасдик. Мана шу лаҳзаларда тилсиз беморга ҳавасим келиб кетди. Гапиролмаслик ҳам бир тарафдан бахт эканлигини англаб етдим. Энди бемор кўзсиз, оёқсиз яшашга маҳкум этилганди. Бош жарроҳнинг «Эндиги навбат қўлига», деганида ҳам индамадим. Мендаги куч-ғайрат йўқолиб бораётгандек эди гўё. Улар нима деса, шунга кўнишга ўрганиб қолгандим. Беморларнинг барчаси бир-бирига ўхшаш бўлганлиги учунми, назаримда, уларнинг руҳиятига сингишиб кетаётгандек эдим. Бемор оёғининг кесилиши, кўзининг ўйиб олиниши ва навбат қўлининг ҳам кесилиш жараёнлари қисқа вақтлар ичида амалга оширилаётгандек эдики, буларнинг барчасига эндиликда кундалик машғулотни такрорлаётгандек беҳафсала қарардим.

Бемор қўли кесилади деган куни кечаси билан ухлолмай чиқдим. Қўлларим қақшаб, гўёки менинг қўлларим қирқиладигандай босинқираб, уйғониб кетавердим. Эрта тонгдан ғашлик ҳукм сура бошлаган кўнгилга таскин бериш учун чора тополмай, ишга отландим. Шифохонада барча оёққа турган, у томондан бу томонга зир югуришарди. Бир неча муддат қўл-оёғи кишанланган маҳбусдай қимир этмай турдим-да, кейин бемор ётадиган хонага шошилдим. У хонада ногиронлар аравачасида ўтирганча граффел билан приборга нималарнидир ёзарди. Буни кўриб ҳайратга тушдим. Бемор қачонлардир «Браел ёзуви»ни ўрганган ва ҳозир ўша илмини амалда қўллаётганди. Кўзи ожизларнинг махсус дафтар-қаламини ким қачон келтириб бергани яна бир жумбоқ эди. Шу лаҳзаларда мен бу ҳақда ўйламасдим. Ўйлаганим: гунглар алифбосини, браел ёзувини қачон ўргана қолди экан? Ахир у туғилганидан буён шифохонадан кўчага чиқмаган бўлса. Буни менга қоровул айтиб берганди. «Бола чала туғилган, асраб қолишнинг иложи йўқ», деган хабарни эшитган ота-онаси «Умидимиз сиздан» дея бош жарроҳга чақалоқни ташлаб кетишган экан», деганди ўшанда қоровул. Шу кетганича қайтиб бирор маротаба хабар олишмаган экан. Аслида эса бола чала туғилмаган. Фақат бош суяги жуссасига нисбатан каттароқ бўлган. Нега бола туғруқхонада эмас, айнан мана шу шифохонада туғилган, деган савол кўнглимга келганди ўшанда. Бироқ савол туғилиши қанчалар табиий бўлса, унинг жавобсиз қолиши ҳам шифохонадагилар учун шунчалар табиий эди. Ишчиларнинг ҳаммаси «программа»лаштирилган роботларга ўхшаб бош жарроҳнинг чизган чизиғидан чиқмасди. Бош жарроҳ ҳам ўзича буйруқ бермас, биз учун мавҳум бўлган кимнингдир буйруғига итоат қиларди.

То ҳамшира қиз келиб, «Операцияга тайёрланар экансиз», демагунича уни кузатиб турдим. Ҳамшира менга гапириш мобайнида беморнинг қўлидагиларни тортиб олиб дераза токчасига итқитиб юборди-да, аравани итариб йўлакка чиқди. У беморни жарроҳлик хонасига олиб кетаётган эди.

Мени яна хаёллар чулғаб олди. Улар бемор аравасининг ғилдиракларига осилиб, жарроҳлик хонасига шошиларди. Ҳозир беморнинг қўли ҳам кесилади. Кейин нима бўлади? Кейин бемор бундан ҳам даҳшатлироқ ҳолга тушиб қолади. Нималарнидир ёзиб, ўзини овунтириб яшаётган бемор қўлидан ҳам айрилса, ҳаётдан бутунлай узилиб қолади-ку! Бунга йўл қўймаслик керак. Лекин қандай қилиб? Шу пайт кўз ўнгимдаги девор, девордаги тиббиётга оид суратлар, йўлак, буларнинг барчаси сув солинган шаффоф идиш ортидан қарагандек кўрина бошлади. Бошимни кимдир қаттиқ қисаётгандек туюлди. «Қон босимим кўтариляпти». Миямдаги биринчи сигнал аниқ ва бехато ташхис эди. Бироз муддат ҳеч нарсани ўйламасликка тиришиб, деворга суяниб турдим. Организмим тўлиқ ўзини тикламаган бўлса-да, ўзимни озроқ енгил ҳис қилгач, жарроҳлик хонасига жўнадим. Энди қарорим қатъий эди – бемор қўлининг кесилишига йўл қўймайман! Шунча вақт азоб тортгани етади. Ҳаётимда ҳеч бўлмаса бир маротаба кимгадир яхшилик қилай... Йўқ, ниятим амалга ошмаслигини сал фурсатдан кейин англадим. Етиб борганимда жарроҳлик хонаси тақа-тақ беркитилган эди. Операциягача ҳали чамаси ўн дақиқача бор, аммо эшик аллақачон берк. Ўзим ҳам бу операцияга қатнашишим керак-ку? Нима учун бундай қилишди? Ҳозир таажжубланиб ўтирадиган пайт эмас эди. Эшикни қаттиқ уриб бақира кетдим: Очинглар эшикни! Мен киришим керак, очинг эшикни! Эшитяпсизларми?!

Ичкаридан ҳамширанинг овози келди:
– Ҳалал берманг. Киришингизга рухсат йўқ. Бош жарроҳ шундай деди.
– Ҳаққи йўқ унинг! Беморнинг қўлини кесишга ҳаққи йўқ! Мен киришим керак, очинг эшикни, – чинқирдим томоғим қирилгудек бўлиб.
– Бировларнинг тақдирини ўзгартиришга сенинг ҳаққинг йўқ. Иштирок этишинг мумкин, холос. – Энди йўғон овоз келди ичкаридан. Бу бош жарроҳ эди.

Унинг овозини эшитиб негадир бўшашиб кетдим. Эшикка суянганча ўтириб қолдим. Қизиқ, овоз қулоғим остида худди нинаси бир чизиққа тузиб қолган пластинкадай такрорланарди: «Бировларнинг тақдирини ўзгартиришга сенинг ҳаққинг йўқ. Иштирок этишинг мумкин, холос. Бировларнинг тақдирини...» Шу зайлда жарроҳлик хонаси очилгунга қадар ўтирибман. Бош жарроҳнинг гапидан сўнг ўзимга келиб, ўрнимдан турдим. У йўлак бўйлаб кетар экан:
– Уч ойдан кейин тилини операция қиламиз. Ўшанисига иштирок этишингиз мумкин. Тилда бизга нотаниш, майда пуфакчалар пайдо бўляпти, – деди. Кейинги белгиланган сана беморнинг охирги куни эканлигини бу пайтда билмасдим.

* * *

Йўлдаман. Қабристондан бирга чиққан шерикларим мендан анча илгарилаб кетишибди. Кимдир елкамга қўл ташлади. Бош жарроҳ экан. Гапиргим келмади, индамай кетавердим. То уйимга олиб борадиган йўл бошига келгунча шу зайлда юрдик. Бош жарроҳ мен билан хайрлаша туриб шундай деди:
– Бу сиз билан сўнгги кўришишимиз бўлса керак. Менинг фаолиятим ниҳоясига етди. Энди қайтишим керак.
– Қаёққа? – сўрадим унинг ҳорғин юзига тикилиб.

У гапирмади, фақат кўзлари билан осмонни кўрсатди.