OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАсрор Аллаёров
Асар номиШундай бўлиши керак (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Асрор Аллаёров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм4KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/24
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 9-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шундай бўлиши керак (ҳикоя)
Асрор Аллаёров

«Тўққиз, саккиз, етти, олти, беш, тўрт, уч, икки. Йўқ. Аввал ўйлаб кўриш керак»

Бухоро амирлари барпо этган тарихий Ситораи Моҳи Xосса саройидаги ўриндиқлардан бирида ўтирган йигит кўзларини ёнидаги севгилисига тикди. Севинчдан ял-ял ёнаётган нигоҳлар унга анчадан буён тикилиб турарди. Қизнинг юзидаги бахтиёр кулгу йигитнинг юрагини ёндириб юбораёзди.
– Яхшилаб ўйлаб олиш керак, – хаёл сурарди йигит. – Бунинг учун ҳаммасига тайёр бўлиш лозим. Ҳатто гуноҳ қилишга ҳам. Ҳаётни олдиндан тасаввур қилиб бўлмайди. Буни фақат ўша ҳаёт бошлангач, ҳис этиш мумкин. Эҳтимол ўзим кутмаган хиёнатга дуч келарман. Ёки мени бутунлай маҳв этишади. Мени ўз измига бўйсундириб олишади. Йўқ. Ҳеч қачон бундай бўлмайди.»

Йигит деярли икки ярим соатдан буён бир қарорга келолмас, бутун дунё ана шу иккиланишнинг қаршисида тиз чўкиб турарди гўё.

Йигит ўрнидан туриб кетди. У ўзини чалғитиш мақсадида бир вақтлар бу ерда мавжуд бўлган жаннатмонанд боғдан қолган ягона жонзотлар – товусларнинг ёнига борди. Қиз ҳам йигитнинг ортидан юрди. Улар бу гўзал мавжудотларга дон беришди.

Сўнгра Италия элчиси томонидан Бухоро амирига совға қилинган Венеция кўзгуларини томоша қилишди. Қиз улардан бирига бир ярим дақиқа киприк қоқмай тикилиб турди.
– Қара, мен яна бир неча йилга ёшардим, – деди қиз ортида хаёлчан унга тикилиб турган йигитга. –Аммо сен қараганинг билан фойдаси йўқ. Бу сеҳрли қудрат фақат аёллар учун. Шундай бўлса-да яқинроқ кел. Ўзингни қирқ томонда кўрасан. Сўнгра орзу қил.

Улар яна сарой ҳовлисидаги ўриндиқлардан бирига бориб ўтиришди. Йигит ўйга чўмди.

«Кейин у мени бутун умр тинч қўймайди. У менга шу қадар яқинлашиб оладики, ҳатто Xудони унутиб қўяман. Романларим йиллаб тўхтаб қолади, қўлёзмаларим қаердадир йўқолиб кетади, бунинг устига бедорлик, бу ишни қилмаслик керак, – хаёл сурарди у. Аммо начора. Агар ҳозир воз кечсам бутун умр дунёнинг энг сирли тилсимини билмай ўтиб кетаман.»

Ниҳоят йигит кутилмаган журъат билан ўнг ёнига бурилди. Қиз анчадан буён давом этаётган бундай ҳаракатлардан ажабланмай қўйганди. У завқ билан товусларга дон сочаётган француз аёлини кузатарди. Йигит қизнинг бошини қўллари билан буриб, ўзига қаратди. Нимадир демоқчи эди, гапиролмади. У чўнтагидан маҳбубасига аталган узукни олиб унинг бармоғига тақиб қўйди. Бироздан кейин қиз йигитнинг юзига лабини босди. Шундагина у адашмаганини ҳис этди.

Француз аёлининг атрофини товуслар қуршаб олганди.