OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАхтамқул Карим
Асар номиМомоқиз (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ахтамқул Карим
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм37KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Момоқиз (ҳикоя)
Ахтамқул Карим

Тоғларга чиқишни бобомдан ўргандим. Баҳор келиши билан бир завқ дилимни қитиқлайди. Унинг қиёсини ҳанузгача излаб тополмайман. Ўзбек бобомнинг ортидан чопқиллаб-чопқиллаб ёлғизоёқ сўқмоқлардан юқорига кўтарилиб боравераман, худди эртаклардагидек...

Тоғнинг илондек биланглаб кетган йўлларида ҳар қадамни эҳтиёт бўлиб қўймасанг, ҳаётингга бир зумда нуқта қўйилиши ҳеч гапмас. Қирлар йўлларимизни боғлайверади. Бу ёғида йўл йўқ десам, яна йўл чиқади. Борган сари юқорига кўтарилиб бораверамиз, бобомнинг менга ёд бўлиб кетган маҳзун хиргойиси янграйди:

    Тоғларда девона кездим,
    Йўлларда монанди ҳур.
    Кўчаларни тўлдириб чиқ,
    Тутқазай қўлингга гул...

Қўлида ёғланган қип-қизил заранг таёғини кўз-кўз қилиб юқорилаётган бобом кўзларини тоғлардан узолмайди. Мен эса олисларда савлат тўкиб турган кекса тоғларга ҳайратланиб-ҳайратланиб қарайман. Юрган кўйи кўзларимни йўлдан узмайман. Бобом ҳар қадамда «йўлга қараб юр», дейдилар. Ножўя қўйилган биргина қалтис қадам қимматга тушади. Юрак ҳаприқади. Уловимиз учта лоғари1 эшак, юкнинг оғирлигидан инқиллаб-инқиллаб юқорига кўтарилади.
— Ғайрат қил, — дейдилар бобом қатъий оҳангда.
— Бу кеча Аваз калнинг боғига етиб олишимиз керак.

Аваз калнинг боғига ҳадаҳалаб юрсак бир кун деганда зўрға етиб борамиз. Ўзиям боғмисан боғ-да, шундайгина қирнинг ён бағрида жойлашган, бу боғ ёнидан дарё айқириб оқади. Дарёнинг ҳайбатидан қўрқаман, у дод солаётганга ўхшайди. Бўғилиб-буралиб, бошини тошларга уриб-уриб оқади.
— Аваз кал ўн беш йилга қамалиб чиққан, — дейди бобом. Совуқ хабардан баданим жунжикиб кетади.
— Нега?
— Хотинини чавақлаган...

Мен бобомнинг сўзларидан баттарроқ сесканаман.
— У жинними бобо?
— Йўқ жиннимас, хотини... Ҳозир билишинг шарт эмас, катта бўлганда тушунасан...

Бобом бошқа чурқ этмайди. Яна эсимни таниганимдан бери тилларидан тушмайдиган ғамгин қўшиғини хиргойи қилганча, илгарилайди. Менинг дилимда Аваз калга нисбатан нафрат уйғонади. Йўқ уникига бормайлик, дейман ич-ичимда. Лекин бобом бир сўзли, айтганидан қайтмайдиган одам. Бир гапни икки қилмайдиган чўрткесар. Тоғларда қорон­ғи эрта тушади. Дара ҳувиллаб, кишини ўз комига тортгандек, олисда турган харсанглар худди сен томонга бостириб келаётган лашкардек ваҳима уйғотади. Кун бўйи юравериб дармоним қурийди. Ўнқир-чўнқир сўқмоқ йўлда тошларга қоқиламан. Кошки, бобомнинг раҳми келса-ю, эшакка миниб ол деса. Йўқ, бобом уловини аяйдиган одам, менинг юк устига яна юк бўлишимни хоҳламайди. Шундаям оғир юкдан эшаклар зўрға юқорига кўтарилади. Қош қорайиб, илон изи йўлнинг изи ўчади. Аваз калнинг боғи гўё биздан қочаётганга ўхшарди.
— Эшакнинг думидан ушлаб юр, йўлдан чиқиб кетмайсан, дейди бобом менга қараб. Мен эшакнинг думидан ушлашни ёмон кўраман. Қўлим ифлос бўлишини истамайман. Ушламасликнинг эса иложи йўқ, қоронғи тушганда тоғ йўлида юришнинг азоби шу. Итларнинг узуқ-юлуқ ҳургани эшитилади, демак кўзланган манзил яқин. Бирдан Аваз калнинг овозидан тоғлар гумбирлайди. Бир овоз беш-олтита овозга айланиб, садо беради.
— Кимсан?..
— Ўзбекман... — дейдилар бобом.
— Қайси Ўзбек?..
— Карим мерганнинг ўғли.
— О, айланай овозингдан, Карим мерганнинг ўғли. Сени бу бемаҳалда қайси шамол учирди?
— Пиряхтоғнинг шамолларини соғиндим!..
— Момоқиз, чироқни супага келтир, меҳмонларга жой ташла!

Ёноқлари қип-қизил, қадди-қомати келишган аёл ўтовдан чироқ кўтариб чиқди. Назаримда унинг юзлари ҳам чироққа қўшилиб нур таратаётганга ўхшарди. Аваз кал бобомнинг гапидан кейин менга қўрқинчли одамга айланиб қолганди. Юзини жун босиб кетган. Юрганда бир оёғи оқсоқланиб юради. Нима бўлганда ҳам у одамкуш-да. Момоқиз унинг хотини эмиш, ўшанда ақлимни танимаган ёш бола бўлсам-да, негадир Момоқизни Аваз калдан қизғандим. Бўлиши мумкин эмас, дер эдим ич-ичимдан норози бўлиб. Қаршимизда ўтириб, бизга муздек айрон қуйиб узатаётган Момоқизга бурнимни тортиб-тортиб, кўз қиримни ташлайман. Исми ажойиб экан, Момоқиз. Худди Авазнинг нигоҳида момо-ю, менинг нигоҳимда қиз ўтиргандек эди. Ўшанда ғалати бўлиб кетганман...
— Жўрақул ҳам қамалди...— дейдилар бобом Аваз калга.
— Қайси Жўрақул? — унинг ҳайрати ошади.
— Жўрақул-чи, Гулёр...
— Ҳа, нима айби бор экан?
— Пахта хирмонига қоровуллик қиларди. Макка қоровули бўлиб юрган бир гунг йигитни тунда кимдир роса калтаклабди. Гунг ҳушини йўқотганмиш. Эртаси ундан сени ким урди деб сўрасалар, Жўрақулни кўрсатибди. Жўрақул нон билан қасам ичди. Мен урганим йўқ деб, зориллади. Охири йиғлаб-йиғлаб, қамоққа кетди...
— Неча йилга кетди? — қизиқиб сўрайди Аваз.
— Тўрт йилга...
— Э, тўрт йил ҳам жазоми? Кичкина бармоғимга айтсам, тўрт йилни ўтаб келади. Мен ўн беш йил ётдим...

Бобом гўё Аваз калнинг жон жойидан тутгандек бўлади. У бошидан кечирган қора кунларини сўзлайверади-сўзлайверади. Мен эса гурунг қулоғимга кирмай, биздан сал узоқроқ ўтов ёнида болалари билан овуниб ўтирган Момоқиздан кўзимни узмайман. Кейин шу ҳолимда кўзим илиниб, тошдек қотиб ухлайман. Йўл чарчоғи дарров билинади. Бобомнинг:
— Тур, ой чиқди. Салқинда юрмасак бўлмайди, — деган овозидан уйғониб кетаман. Тоғнинг совуқ ҳавосидан тургим келмайди. Дарёнинг қутурган туядек нолиши шундоқ пастликдан эшитилади. Бобом ухладими, йўқми билмайман.
— Йўловчига йўл яхши. Эшакларни келтир, ойнинг ёруғида бир қадам бўлса ҳам олдинга юрганимиз маъқул. Эшакларимиз олдида тўкилган пичанни курт-куртлаётган бўлади. Бобом уларнинг белини тортиб-тортиб:
— Жўра, агар шу ерга етиб келмаганимизда бу кеча эшакларимиз оч қолиб эртага йўлга ярамай қоларди. Барака топкур Авазнинг берган бир боғ бедасидан буларга ҳам дармон кирди. Ўзимиз эса иссиқ ўринда маза қилиб ётдик.

Бобомнинг амри билан эшакларни ҳайдаб, йўлга тушамиз. Бу пайтда Аваз кал билан Момоқиз ётган ўтовнинг чироғи ўчган бўлади. Улар бизнинг қачон туриб кетганимизга эътибор ҳам беришмайди. Билсалар ҳам ўзларини билмаганга олиб ухлайверишади. Мен ниманидир қолдириб кетаётган кишидек Момоқиз ўтирган супага мўлтираб қарайман. Бобомнинг бир сўзи бор: «Тонг уйқусини тотган ҳам бир, тонг отгунча ётган ҳам бир».
— Ҳушёр бўл, тошга қоқилиб кетма, ҳали уйқунг қочмаб­ди. Эшакнинг думидан маҳкамроқ тут, йиқилиб кетмайсан.

Биз яна ёлғизоёқ йўлдан юқорига кўтариламиз. «Борди-ю, ҳозир олдимиздан айиқ чиқиб қолса нима қиламиз экан?» Ярқ этиб хаёлимга келган совуқ саволдан сесканиб кетаман, Гулмурод бобомнинг ҳикояси эсимга тушади:
— Ой тунда сутдек ёғду сочиб турган пайт, Чўпонқул билан тоғ йўлидан кетаяпмиз. Чўпонқул унда ёш бола эди. Эшакларимиз тақа-тақ тўхтади. Шунча их деймиз қани энди, олдинга юрса. Ҳайрон бўлдим. Қарасам, йўлнинг ўртасида ҳўкиздек келадиган бир айиқ ўтирибди. Айиқ десам, Чўпон­қул қўрқади. Ўзимнинг ҳам баданим увишиб, сочларим тик бўлди. Чўпонқулни катта харсанг устига чиқариб қўйдим. Кейин олдинга ўтиб, айиққа: «Полвонжон, сиз шу даранинг султонисиз. Сиздан зўри йўқ. Йўл беринг, ўтиб кетайлик», деб ёлбордим. Айиқ сўзларимни фаҳмлагандек, ўрнидан туриб, ўн қадамлар йўлдан четга чиқди. Биз ўтиб кетдик, зиён қилмади. Айиқ мард ҳайвон...

Бобом билан олдинма-кетин илгарилаб юраверамиз. Пешинга яқин олисдан Пиряхтоғ кўринади.
— Қорларингдан ўргилай Пирях!

Бирдан бобомнинг кўнгли ёришиб, қувончдан кўзлари порлайди:
— Ана у кўринаётган Наврўзгоҳ тоғи, олдига етиб борсак бўлгани...

Олдимиздан Муш қишлоғи чиқади. Муш Кокил бобонинг боғи. Қир бағрида ястаниб турган боғларни Кокил бобо барпо қилган. У уйини катта қоя тошнинг тепасига чиқариб қурган. Уйининг пойдевори тоғ. Ёнида каттакон ҳовуз ҳам бор. Буни Ҳавзи Мардон дейишади. Ҳовузда гулмоҳилар сузиб юради. Кокил бобо ғалати одам. Ёши саксонни қоралаб қолган бу қарияни тоғликларнинг ҳаммаси билади. Қария бирон-бир йўловчини уйининг ёнидан қуруқ ўтказиб юбормайди. Меҳмонхонасининг эшиги ҳар доим очиқ.
— Қани, эшакни бу ёққа қайтар, бир пиёла чой ич. Ўша Шотирўд қочиб кетмайди. Алқоснинг онаси, қатиқ келтир...

Кокил бобонинг чойини ичмай кетишнинг иложи йўқ. Дастурхони очиқ бу чолнинг меҳмони узилмайди. Икки дара одамининг йўли шу уй олдидан ўтган. Бобо сочини ўстириб юрган олифта йигитларни хуш кўрмайди.
— Соч қизларга ярашади, — дейди. У менинг тап-тақир бошимни силаркан.
— Оҳо, йигитмисан йигит бўлибди-ку, бу бола!

Бобонинг кўп бора соч қўйганларга танбеҳ берганини эшитганман. Кокил бобо ўзини билмаганга олиб, сочи борга ишора қилиб дейди:
— Қизингизнинг ҳам бўйи етиб қолибди-ку?

Боланинг отаси ҳайратланиб: «қизмас, бу — ул бобожониси», деса:
— Ул бўлса, улга ўхшаб юрмайдими? Йигит кишига соч ярашадими? Соч аёлларнинг безаги. Индамасанг, ҳозирги йигитлар жамалак тақишдан ҳам қайтмайди, — дейди Кокил бобо истеҳзо аралаш.

Бобом нега ҳар гал сочимизни бунча қиртишлаб олади десам, бунинг тагида гап бор экан. Бобомни ҳам тушуниб бўлмайди. Ҳали замон кўрасан, қаёқдандир келиб:
— Қани тайёрланинглар, сочларингни оламиз, — деб қолади.

Дунёда энг ёмон кўрганим, бобом қўллари билан бошимизни ўйнатиб-ўйнатиб, сочимизни қиртишлаши. Бош­қалар сочни иссиқ сув билан совунлаб олса, бобом ундай қилмайди. Бизни муздай оқиб турган ариқ бўйига чақириб, аввал бошимизни совуқ сувга ювиб, кейин кафт­лари билан роса ишқалайди. Биз тишимизни тишимизга қўйиб чидаймиз. Укам Жаббор нозик бўлгани учун йиғлашга тушади. Сўнг эски покини тиззаларига ишқаб-иш­қаб, бисмилло, деб бошимизга юргизадилар. Бошимиз бирам оғрийди денг.
— Оғрияпти... — Йиғлашимиз фойда бермайди. Барибир сочдан айриламиз. Бобом ҳузур қилиб куладилар.
— Оғрийди-да, сочни ўстиргандан кейин. Рангингни қара, сарғайиб кетибди. Йигит кучини соч олади.

У киши, минг бора эшитганим эски ривоятини бошлайди.
— Бир бой бор экан. Боласини полвон бўлсин деб ҳар куни қўй гўшти билан боқаркан. Бир камбағал бор экан, у ҳам полвон бўлсин деб боласини қотган нон билан боқаркан. Бой ўғлининг сочини олмас, камбағал эса ҳар ўн кунда ўғлининг сочини қиртишлаб олар экан. Бир куни катта майдонда иккисини беллаштирибдилар. Камбағалнинг ўғли бойнинг ўғлини кўтариб урибди. Ҳамма ҳайрон. Бой донишмандлардан бунинг сирини сўрабди. Улар бойнинг хатоси ўғлининг сочини олдирмаганида, дейишибди. Соч унинг кучини олиб, заиф қилиб қўйган-да...

Жаббор укам соч олдирганда роса йиғлайди. Айтдим-ку, жуда нозик деб, бунинг устига Аҳмад акамиз нуқул уни мазах қилиб ҳоли-жонига қўймайди. Эмишки, Жаббор сочини олдирса, Иброҳим калга ўхшаб қолармиш. Бу сўз укамга жуда оғир ботади. Ори бор-да, бировга ўхшагиси келмайди. Шунинг учун ҳам йиғлайди. Тоғларда нима кўп, кал кўп. Лекин муҳими бу эмас, тоғликлар учун энг муҳими йигит бўлиш керак. Ўйлайман — тоғларда калларни кўпайтирган нарса, бобомнинг эски покиси бўлса керак. Совуқ сувга бошингни ювиб, кафтлаб-кафтлаб эски устарада сочингни олсами, бош жароҳатланиб кал бўлади-да...

Дарвоқе, Кокил бобо... Товоқларда тўлиб турган эчки қатиғидан роҳатланиб ичамиз, кейин бобонинг дуосини олиб, йўлимизни давом эттирамиз. Эҳ, бу тоғликлар, дейман ўзимга ўзим. Булар баландларда юрганлари учун ҳам кўнглида гидир йўқ, баланд одамлар, уларнинг қиёсини тополмайман. Дунёдаги барча одамлар қани шундай бағри кенг, баланд бўлишса. Баландда юрган одам кўп нарсани кўрар экан, буни менга бобом айтганди.

Қишлоғимизга иккинчи куни қуёш ботиш арафасида кириб борамиз. Кавракларнинг хушбўй иси димоққа урилади. Эшакларимиз ҳам қишлоққа яқинлашиб қолганимизни пайқаб, илдам юради. Энди биз уларга етолмай қоламиз. Қишлоқ бизга қучоқ очади. Қир бағрида бобомнинг боғлари бўйи етган қизлар каби шивирлашга тушади. Синглим Гулсанамнинг қўнғироқдек овози янграйди.
— Ур-ра- а- а, бозорчилар келишди...

Олдимиздан таёғини тўқиллатиб Майсара момо чиқади. У бизни кўрганда дунё топгандек қувонади. Чўпиллатиб юзларимдан ўпади.
— Пастдагилар яхши юришибдими? — сўрайди момо. Бобом ишора қилиб, қўлларини силкитиб-силкитиб сўзлайди. Майсара момонинг қулоқлари оғир, паст овозни эшитмайди. Унинг учун булбулларнинг хониши билан дарёнинг шовуллаши бир.
— Қулоқларим кар, — дейди момо нолиб. — Кўзлар ҳам хиралашган, нима қилай?

Бобом хуржунда Майсара момога «посилка» борлигини тушунтиради. У таёғига суяниб-суяниб бизга эргашади. Исимизни сезган Қоплон ҳовлидан югуриб чиқади-да, аввал бобомнинг, кейин эса менинг оёқларимга суйкалиб-суйкалиб югуради. Эшакларимиз оғир юкдан халос бўлиб, хумордан чиққунча тупроққа ағанайди. Онам Майсара момони: «...бу кампир сира янги гапни гапирмайди», дер эдилар. Онамнинг сўзлари ҳақ. Момо ҳеч қачон янги гап айтмайди, фақат ўтмишдан сўзлайди. Биз учун ёд бўлиб кетган ўша болалик йилларида дарёдан қанча кўп балиқ овлагани-ю, Ҳайбиби холани балиқ тозалашдан эси кетиб йиғлаганларини фахрланиб сўзлайверади.
— Қани, у барака? — дейди момо саволни олдимизга кўндаланг қўйиб.
— Ҳаммаси кетди... Эҳ, — дейди кампир туриб-туриб. —Мерганжон тирик бўлганида, ҳозир сизларни кийик гўшти билан сийлаган бўлардим. Энди у бошқача йигит эди-да...
— Мерганжон ким? — сўрайман отамдан.
— У кампирнинг укаси, девқомат йигит эди. Етти-саккиз ботмон юкларни юк демасди. Бир илиб елкасига оларди. Бир куни денг, боғимизда ўрик еганини кўриб, қойил қолганман. Олдига бир тоғора ўрик данагини тахлаб қўйибди. Энди ўйлаб кўринглар, у бир ўзи қанча ўрик еганини?! Отамнинг сўзлари ҳайратимни оширади.
— Шунчалик баҳайбатмиди?
— Бизлар унинг белидан ҳам келмаймиз, — дейди отам. —Важоҳатидан от ҳуркадиган йигит бўлганди.
— Нега ўлдиришди уни?

Майсара момо гапимизни фаҳмлаб тургандек, сўз бошлайди.
— Зўрларни кўролмайдиганлар замонида шундай қи­лишди. Душманлари ҳийла ишлатиб, овга олиб чиқишган. Кейин дам олиб ётган пайтида болта билан бошини чопиб ташлашган... У беш-ўн кишини писанд қилмайдиган полвон эди...

Момонинг эски дарди қўзғайди. Кўзларидан шашқатор ёш оқаверади.
— Бутун қишлоқ аҳли оёққа туриб, ўлигини ўн беш кун қидирдик. Охири мурдани қумнинг остидан Чўяннинг Маллук ити топди... Мен укамнинг жасадини кўриб, қаттиқ дод солганман. Ўшанда қулоқларим кар бўлиб қолган. Энди ҳеч нарсага ишонмайман. Бу дунёнинг кўп ишлари ёлғон. Эшитишни ҳам хоҳламайман...

Момо «посилка»сини қўлтиғига қисиб, ўрнидан туради. Онам кампирнинг бирор марта янги гап айтмаганидан нолийди... Ҳа, тоғликлар шунақа...

Келганимиздан тоғбеги хабар топади. Тоғбеги Мухтор Қассоб. Уни кўплар Мухтор кал дейишади. Гарчи сўзларни кўпиртириб гапирса-да, ундан яхши одам йўқ. Отам унинг кўп сўзларини ёлғонга чиқаради. Агар сал бўш келсангиз, у ўзини мамлакатнинг барча казо-казолари билан қадрдон этиб кўрсатади. Дунёдаги ҳамма катта унинг таниши бўлиб чиқади. Узоқ йиллар хизматини ҳалол бажарган одам ҳам мана шу Мухтор Қассоб. У бизни уйи­га бошлайди:
— Бугун қўшга чиқдим. Шўрчилик Жўлли кўрнинг катта бир қўчқорини тош урибди. Эллик килодан ортиқ юки бор. Жўлли нима қилишини билмай ҳайрон турган экан. Вақтида борибман, гўштни хуржуннинг икки кўзига тўлдириб, эшакка ортдим-да, қўлига юз сўм тутқаздим, вақти чоғ бўлди, денг. Бу ҳам сизларнинг насибангиз...

У иккита ёғоч товоқда қовурилган қўй гўштини дастурхонга қўяди. Биз маза қилиб гўштхўрлик қиламиз. Тоғ одамлари ичида ёмони йўқ, ёмон деганлари ҳам бир хислати билан ажралиб туради.
— Сизлар билмайсизлар, — дейди Жаббор укам Мухтор калга ён босиб.
— Мухтор бобо саводсиз бўлгани билан қонунни сувдай билади. Унга ҳеч ким гап топиб беролмайди...

Укамнинг сўзларини Райимқул тоға тасдиқлайди.
— Кал туғма талант, ҳужжати ўзи билан. Чиндан ҳам раислар ундан зириллайди. Бирор раис йўқки, ундан ҳа­йиқмаса, олдига борса, уни бўш қайтармайди.

Эшагини миниб идорага бордими, демак арпами, буғдойми омборда нима бўлса, биринчи Мухтор кал олади. Раис­нинг эса бермай иложи йўқ. У бориши билан дарҳол, омбор­да нима бор раис, деб сўрайди. Раис қўрққанидан, унинг бежиз келмаганини билганидан, ҳамма нарсамиз бор, Мухтор ака дейди. Борди-ю, раис омборимизда ҳеч нарса йўқ деса борми, унда калга Худо беради.
— Раис, бу йил яхши ишламабсиз, омборнинг бўшлиги — халққа нон йўқ дегани, энди курсини бўшатиб қўйсангиз ҳам бўлаверади, — дейди тап тортмай. Раислар шунинг учун ҳам ундан қўрқиб юради. Худди Мухтор кал улардан лавозимини тортиб оладигандек.

Айниқса, йиллик ҳисобот йиғилиши яқинлашдими, Мухтор калнинг эшаги идорага серқатнов бўлиб қолади. У ҳеч қачон қуруқ қайтмайди. Ана шунақа...

* * *

Йиллар ўтди... Йигит бўлиб қолдим. Ўзбек бобом билан яна тоғларга чиқиб боряпмиз. Бу гал бобом мени кўп тергамайди. Бу йўлларда юравериб пишидим. Хоҳлаганча тоғу тошларни томоша қилиб боравераман. Бобом ўша-ўша камгап. Туриб-туриб ўзича хиргойи қилади. Хиргойи қилганда ҳам сўзларнинг салмоғи борини, юракнинг тинчини бузадиганини топиб айтади. Юраверганимиздан менинг қорним очқайди.
— Бобо, озроқ дам олайлик, оч қолдим, — десам, у киши мийиғида кулиб:
— Сенга нима бало бўлган ўзи, бир зўр муллани топиб, бод ўқитишинг керак, — дейди.
— Оч қолдик-да, бобо, — дея хуржунга қўлимни тиқаман.

Бобомнинг дарди янгиланади, болалигини эслайди.
— Бир пайтлар тоғ йўлида отам билан боряпмиз. Ўшанда олти-этти ёшдаман, очлик йиллари. Отамга сира етиб юролмайман, отам бир булоқнинг бўйига ўтириб олдилар-да, ёнидан менга бир бурда тахта кунжара чиқариб бердилар. Мен кунжарани иштаҳа билан ейишга тушдим. Бу пайт отамнинг ўзи бир бурда арпа нонини сувга ботириб еганига кўзим тушди. Ўшанда арпа нони кўзимга дунёдаги энг ноёб нарсадек кўринди. Кунжара ейишдан тўхтадим. Отамдан озроқ нон беришини сўрадим. Отамнинг ғазабланганини ўшанда кўрганман. У киши менга қараб:
— Сен ёшсан, ҳозир тошни есанг ҳам ҳазм қиласан. Мен-чи, мен... Борди-ю, йўлда сен очликдан йиқилиб қолсанг, мен сени кўтариб манзилга етказиб бораман. Тўғрими? Агар мен очликдан йиқилиб қолсам-чи? Сен мени ҳеч қаёққа олиб боролмайсан. Негаки сен ёш боласан, кучинг етмайди. Унда иккимиз ҳам нобуд бўламиз, уқдингми? ...

Ўша-ўша отамга бошқа гап қайтармадим, энди ўйласам у киши тўғри айтган экан. Лекин, қани ўша отам...

Бобомнинг яраларига гўё туз сепган бўламан.
— Сизлар нон тўкин-сочин замонда ҳам оч қолдик дейсиз. У кунларни Худо кўрсатмасин...

Биз яна ўз хаёлимизга берилиб, йўл тортамиз, энди ақлимни таниганим учунми, бобомнинг сўзлари менга бош­қача таъсир қилади. Болалик хотирамга муҳрланиб қолган боғ — бу Аваз калнинг боғи. Қанча йиллар ўтиб, яна ўша таниш боққа етиб келдик.
— Шу ерда тунаймиз, — дейди бобом. Итлар ҳура бошлайди. Дарё дод солади. Негадир бу гал Аваз калнинг тоғларни гумбурлатадиган овози чиқмайди. Момоқиз болалигимда айрон қуйиб берган қадрдон супа ёнига бобом билан бориб, уловдан юкни туширамиз. Қаердандир Момоқиз пайдо бўлади. Йўқ, у мен бундан ўн беш йил илгари кўрган Момоқизимга сира ўхшамасди. Кийиниши қаҳратонда қор босган дарахтни эслатарди. Юзларигача оқариб кетган, афтодаҳол аёл. У супага жой қилади. Бобом билан чиқиб ўтирамиз. Бобом атрофга аланглайди:
— Авазбой қани?
— Уйдалар, ҳозир...

Момоқиз ғам чўккан кўзларини гуноҳкордек ердан узмайди. Ўтовдан қоқсуяк бўлиб қолган Аваз кал чиқади. Унинг қўлидан тутиб келаётган қизалоқда илгари учратган Момоқизимнинг ўтли нигоҳини кўраман. Гўё у Момоқизнинг нигоҳини ўғирлаб олганди...
— Аваз ака! — дея бобом қучоғини очади.

Аваз кал ёш болалардек ўзини бобомнинг бағрига отади. Ҳўнграб-ҳўнграб йиғлайди.
— Уйим куйди, Ўзбек. Уйим куйди... Боламдан айрилдим... Боламни дарё олиб кетди, Ўзбек. Дарёга нима ёмонлик қилувдим? Дарё менга ёмонлик қилди. Эҳ, номард дунё...

У ўкириб-ўкириб йиғлайди. Бу билан бир йўла Момоқизнинг ҳам дардларини қўзғайди.
— Онанг ўлсин, болам...

Момоқизнинг юракни эзиб юборадиган мунгли ноласи дарёнинг овозига жўр бўлади. Биз бобом билан карахт бўлиб қоламиз. Кейин билсак, Аваз чол ўғлини дарёга бериб, унинг ҳижронида кўзларидан айрилибди, шунинг учун қизчаси уни етаклаб юрарди. Бир вақтлар унинг қамалганидан қанчалик нафратланган бўлсам, бугун ёш бола каби ҳўнграб-ҳўнграб йиғлаётганини кўриб, ачиндим. Ахир унинг ҳам юраги бор экан-ку?! Ўз жуфтининг қотили бўлган одам фарзанд доғини кўтаролмай икки кўзидан айрилиб ўтирса... Бу қандай синоат? Томоғимдан ҳеч нарса ўтмайди. Дарёнинг совуқ наърасидан баданим увишиб кетди. Биз туни билан Аваз чолга қўшилиб, айрилиқ азобини чекдик. Тонг ёришди. Тун қаро тўнини судраб, жуфтакни ростлади. Уй­қусизликдан ачишиб турган кўзларим олдида ҳақиқий момо билан қиз пайдо бўлди...