OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАхтамқул Карим
Асар номиТоғбеги (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ахтамқул Карим
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм16KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тоғбеги (ҳикоя)
Ахтамқул Карим

«
Баландда юрган одам кўп нарсани кўради...
Ўзбек бобом ҳикматларидан
»

Йил оғир келди. Чорвадорнинг куни қорайди... Қишлоқда бир парча бўш ернинг ўзи йўқ. Ҳаммаёқни пахта эгаллади. Тошлоқ жойларни ҳам одамлар бўлиб олишган. Сурувни қаёққа ҳайдашни билмай бошим қотади.

Бобом молга раҳминг келсин, деб нуқул мени койийди. У кишига пахтадан сўз очиб бўлмайди. Эшитишни ҳам истамайди:
— Эчкининг тили бўлганда эди, сенга нима дейишини билардинг. Бир майдон аланг1ларда чиратиб келсанг, ёнинг­дан кетадими?!

Таёғимни олиб гуноҳкордек қўтонга йўл оламан, у ерда мўлтираб ётган эчкилар менга интиқ кўз тикади.

Қўтон эшигини очишим билан пилдираб, ҳар томонга югуради. Асли кийикнинг наслидан бўлгани учун ҳам улар қамални хушламайди. Тоғликлар эчкини туёғи боқади, де­йишади. Шотирўдликларни кўрганда жағи очиладиган Гул­қиз кампир эса:
— Эчкингни гум қил, бу шайтоннинг уруғи-ку! Унинг дастидан на гул, на дарахт қолди, — дея тинимсиз жаврай бошлайди.

Шу шум кампирни кўргим йўқ. Кўчасидан сурувни қанча эҳтиёт қилиб ўтмайин, барибир танбеҳ эшитаман. Ҳар гал бир баҳона топади. Унинг жиззакилиги сабабини бобом шундай сўзлаб берган. Бир пайтлар «қизиллар»нинг додини берган Боймирза чўлоқнинг хотини бўлган экан. Гулқиз қизлигида бир қучоқ ловуллаган гул эди. Ҳеч кимни писанд қилмай юрган дамлари гўзаллиги таърифи Боймирза чўлоқнинг қулоғига чалинган. Шундай қилиб, Гулқизнинг айни гуллаган даври тақдир амри билан тўртинчи хотин бўлиб, Боймирза чўлоқнинг ҳаётига кўчди.
— Чўлоқ одамдаям тўртта хотин бўладими?! — дейман ажабланиб. Бобом кулади:
— Унда у чўлоқ бўлмаган, дамининг тафтида ҳолва пишарди. Юртни босқинчилар босиб олганидан кейин ҳам у кўп йиллар қизилларга бўй бермай, тоғларни ларзага солиб юрди. Ҳар ернинг тулкисини ўзининг тозиси овлайди, деган сўз ҳақ экан. Уни ўзимизникилар тутиб берди, тут­қич бермас ёвқурни «қизил»­лар сўроқ қилмасдан Сибирга сургун этишди. Аммо Боймирза тушмагур қамоқда ҳам тинч юр­май, маллавойларнинг бошлиғини уриб, қочмоқчи бўлган.
— Боймирзанинг қилиғи «оға»ларга оғир ботиб, уни батамом эгиб олиш учун бир оёғини тиззасидан кесиб ташлашган...

Бунинг тарихи жуда узун... Гап Гулқиз ҳақида кетаётувди. У бошида Боймирзани писанд қилмайди. Савлатидан от ҳуркадиган чўлоқ, Гулқизни хонага чақиради-да, олмосдек ўткир пичоғини бўғзига тирайди.
— Калима келтир, менга эрнинг ҳурматини жойига қўймайдиган хотиннинг кераги йўқ. Бугун сендан бутунлай воз кечаман. Сен менинг хотинимсан, меники бўлиб кетасан...

Гулқиз Боймирза чўлоқнинг совуқ ниятини англаб, жон ширинлигидан унга ялиниб-ёлворади. Чўлоқ бир оз ҳовридан тушиб, унга тўртта шарт қўяди.
— Мен келсам югуриб олдимга чиқасан, аввал салом бериб, отимнинг жиловини тутасан, сўровсиз бирор қадам четга чиқмайсан...

Гулқиз унинг барча истакларини бажаришга онт ичади. Шу тариқа унинг ёшлик дамлари зимистонга айланади. Шотирўдликларни ёмон кўриши шундан. У замонлар аллақачон ўтиб кетган бўлса ҳам аламини кимдан олишини билмай, ҳамиша аламзада юради...

Эчки боқиш жону дилим, айниқса, адирларга ёйиққа чиқариб, улоқчаларнинг шаталоқ отиб югурганини кўрсанг, кўзинг қувнайди. Маза қиласан. Бизнинг сурувга «Қулат» бош бўлиб юради.

Отам бу эчкини Қулат мергандан сотиб олганлари учун биз уни «Қулат» деймиз. «Қулат» — қайсар эчки. Ўзидан олдинга ўтган эчкиларнинг додини беради. Айниқса, унинг «тарбияси»га кўнмаган улоқчаларни қулоғидан тишлаб орқага силтаганини кўриб, ҳайрон қоламан. Сурув унинг йўриғидан чиқмайди...
— Бобо, тезроқ тоғларга чиқайлик, пастда мол боқишга жой қолмади, — дея бобомни ҳоли-жонига қўймайман. Бобом қор кўчиб, тоғ йўллари вайрон бўлганини уқтиради.
— Оллоҳ қувватни ниҳондараликларга берсин! Биз барибир йўл созламаймиз... — дейди.

Биз орзиқиб кутган кун келди. Тоғнинг йўллари соз бўлибди, деган хушхабар қишлоққа бирпасда тарқалди. Ҳамқишлоқларим кўч-кўронини ортиб йўлга отланади. «Мен ҳам тоққа бораман», дея овози борича хархаша қилаётган болакайларнинг йиғиси қишлоқни тутади. Одатда ёш болаларни тоққа тут пишиғида олиб боришади. Унгача уларнинг оқизган кўз ёшлари ҳеч кимнинг дилини юмшатолмайди. Мен дастёр бўлиб қолганимдан, бобомга думман...

...Ҳаво серёғин келиб, ўт кўпайди. Қирлар ям-яшил гилам ёзиб, бизга пешвоз чиқади. Эчкилар соқолини селпанглатиб, кенгликларга югуради. Тоғларнинг бағри кенг, ҳеч ким молингни қайтар демайди. Биз борлиқнинг тиниқ ва соф ҳавосидан нафас олиб юқорилаймиз. Тоғлардек баланд бўлгимиз келади.

Янги қурилган шотидан ўтишимиз билан уста Зариф йўлсозларнинг хатосини топади.
— Шотини мустаҳкам боғлашмабди, боғлаган шотилари кўпга бормайди, — дейди бобомга қараб.
— Энди уста, шуни ҳам барака топкур тамшўшлик каллар қурди. Бизнинг шотирўдликлар қачон шоти боғлаган?!
— Йўл созлаш бизнинг чекимизда йўқ, — дейди уста ўжарлик билан гапни чўрт кесиб. — Бобомиз шох ташишни бўйнига олганида эди, бизлар ҳам йўл қурардик.

Уста Зариф сўзини исботлаш учун тортишади. Мен эса ҳайратланиб, бобомни саволга тутаман:
— Нега шох ташишни бобомиз бўйнига олмаган?!

У киши аввал менга, кейин уста Зарифга ғазабнок тикилиб, ҳикоясини бошлайди:
— Амирлик даврида, ҳозир тўғон кўтарилган Тўполон сув омбори ўрнида Ҳисор беклигига қарашли қалъа бўлиб, унга Сарижўнинг мири бошчилик қиларкан. Ўша даврларда ҳам бизнинг кўчманчи чорвадор халқимиз баҳорда тоғларга чиқиб, кеч кузда ҳавор1га тушиб келишаркан. Ниҳондарада ўндан ортиқ дара бўлиб, унинг ҳар бирида ўзига хос қавмлар яшаркан. Ҳар бир қавмнинг тоғбегиси бўлиб, улар бекликка ҳисоб бераркан. Бир куни Ҳисор беги барча тоғбегиларни йиғиб, фармон берибди:
— Биз беклик учун катта иморатлар бунёд этишга қўл урдик. Аммо ёғоч ва шох етишмаяпти. Сизларни йиғишимиздан мақсад ҳар бир тоғбеги ўз қавми билан яшаб турган жойидан бекликка шох ташийди. Бу биз қураётган янги иморатларга қўшган ҳиссаси бўлади.

Ўшанда барча тоғбегилар бекнинг фармонини бажаришга рози бўлибди. Аммо Шотирўд2нинг тоғбегисига бу фармон оғир ботибди. У бекка қараб шундай дебди:
— Шох ташиш шотирўдликларга тўғри келмайди, сабаби йўлимиз бекликдан салкам икки юз чақирим олисда, унинг устига ёлғизоёқ тоғ йўлидан битта шохни судраб келтиришнинг ўзига тўрт кун вақт кетади. Одамларим оч-наҳор, бу мушкул вазифа уларга оғир тушади...

Тоғбегининг сўзларидан бекнинг қаҳри келиб, миршабга буюрибди:
— Агар одамлари шох ташишни истамаса, янги бино деворига унинг ўзини қўшиб, лойланглар! Токи фармонни бажаришни ўргансин...

Шундай қилиб, Тоғбегини бекнинг фармони билан пахсачилар деворга қўшиб тиззасигача лой урибди. У шох ташишни бўйнига олмабди. Иккинчи кун лой белигача кўтарилибди. Девор орасида қисилиб қолган Тоғбегининг оғиз-бурнидан тизиллаб қон оқибди. Лойчилар учинчи пахсани бошламоқчи бўлганида, Тоғбеги миршабга дебди:
— Менга бекни чақириб беринглар!

Миршаб Тоғбегининг аҳволини кўриб, энди таслим бўлса керак деб бекнинг ҳузурига ошиқибди. Унинг арзини бекка етказибди. Қўрғондан савлат тўкиб чиққан бек Тоғбегининг олдига келибди. Унинг ғариб аҳволига ачиниб:
— Хўш, энди шох ташийсанми? — дебди.

Тоғбеги бекнинг кўзларига тик қараб:
— Бегим, сиздан биргина илтимосим бор, лойчиларингизга айтинг, майли танамни бош-оёқ лойлаб чиқишсин, аммо икки қўлим билан бўйним девор ичида қолиб кетмасин. Қўлларимни икки томонга чиқариб қўйсинлар! Шотирўдликлар тоғдан ҳориб тушган чоғида уловини боғлашга қозиқ қидириб юрмай, менинг қўлларим билан бўйнимга боғлашсин...

Тоғбегининг сўзларидан ҳаяжонланган бек унинг қавмига бўлган чексиз садоқатига қойил қолиб, жазони бекор қилибди. Шотирўдликларнинг йўли узоқ деб, шох ташишдан бутунлай озод этибди... Бизнинг озодлигимиз шундан...

Мен Тоғбегининг жасоратидан ҳайратландим.

Кейин шотирўдликлар халоскорини роса эъзозлашгандир, — дея бобомга қарайман. У киши индамайгина кўзларини тоғларга олиб қочади.
— Эҳ, нимасини сўрайсан, яхшиликнинг ҳам гоҳо яроқсизи бўлади...

Бобом менга ҳар гал яхшиликдан сўзлайди. Уларнинг ҳикоя давомида каловланиб қолишидан воқеанинг охири хайрсиз тугаганини англайман. Шу пайт йўлда юрганида кўзлари юмилиб-юмилиб кетадиган уста Зариф бобомнинг жонига оро кириб, ҳикояни давом эттирди:
— Орадан кўп ўтмай Тоғбеги бедаво дардга чалинган. Касалининг юқумли эканини пайқаган шотирўдликлар ундан юз ўгириб, қишлоқдан бадарға қилишган. Тоғбеги омонатини ўз қавмидан йироқда, одам қадами етмайдиган жойда, танҳоликда топширган экан. Бу шунақа бир қўтир дунё...

Уста Зариф бошини сарак-сарак қилиб, халачўп билан эшагини ниқтаб, тезлайди. Қирлар ортда қолади. Пирях тоғидан эниб келаётган дарё бошини тошларга уриб, айқиради. Унинг айқириғидан қулоқларим остида гўё Тоғбегининг қонга беланиб: «Лойчилар, қўлларим билан бўйнимни лойдан чиқариб қўйинглар!», деган овози тинимсиз янграётгандай бўлади...