OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАйзек Азимов
Асар номиУлар учиб келишолмайди (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Илмий тахайюлот
Муаллифлар
   - Айзек Азимов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонҲамидбек Юсупов
Ҳажм5KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/05/16
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Маърифат гулшани» газетасидан олинди.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Улар учиб келишолмайди (ҳикоя)
Айзек Азимов

Ҳаёт тажрибаларидан донишманд даражасига етган ригеллиан ирқининг вакили Нарон - тўртинчи авлод галактикалар солномачиси эди.

Унинг иккита китоби бор эди: бири - барча галактикалардаги кўп сонли онгли мавжудотлар тамаддунларининг ҳаммаси рўйхатга олинган катта китоб; иккинчиси кичикроқ бўлиб, унга Галактикалар Федерациясига аъзо бўлиш ҳуқуқини берадиган даражада етуклик ва маҳоратга эришган цивилизациялар киритилганди.

Омадсизлик, биокимёвий ва биофизик тенгсизлик ва ижтимоий адолатсизлик каби турли сабабларга кўра таназзулга юз тутган тамаддунлар катта китобдан ўчирилганди.

Аммо кичкина китобга киритилган Федератсия аъзоларидан бирортаси у ердан ўчирилмаганди.

Кекса Нарон ҳузурига келган хабарчига қаради.
— Нарон! - дея хитоб қилди хабарчи. - Ягона Буюк...
— Ҳой, мулозаматни камроқ қилавер. Xўш, нима гап?
— Яна бир организмлар гуруҳи етукликка эришди.
— Яхши! Жуда яхши! Эндиликда унақалар тез етиляпти, бирорта йил янгиликсиз бўлмаяпти ўзи. Xўш, бу сафар ким экан?

Хабарчи галактика кодини ва сайёранинг галактика ичидаги координатларини айтди.
— Ҳа, ҳа, - деди Нарон. - Мен бу оламни биламан.

У ўзининг силлиқ ёзуви билан мазкур сайёра номини катта китобга ёзиб, сўнг иккинчисигаям кўчирди. Анъанага кўра, муайян сайёрада яшовчиларнинг кўпчилиги уни қандай атайдиган бўлса, китобга ҳам у ўша ном билан ёзиларди. Нарон шунинг учун янги сайёрани «Эартҳ» деб ёзиб қўйди.
— Бу ёш яратиқлар рекорд ўрнатишди, - деди у. - Онг пайдо бўлганидан то етукликкача бўлган йўлни бошқа ҳеч ким бу қадар тез босиб ўтмаганди. Умид қиламанки, ҳисоб-китобларимизда хатолик йўқдир-а?
— Йўқ, жанобим, - деди хабарчи.
— Улар термоядро қувватини олишга эришдилар-да?
— Ҳа, жанобим.
— Ахир, бу асосийси-ку, - Нарон жилмайди. - Яқин орада уларнинг фазо кемалари борлиқни ўргана бошлаб, Федератсия билан мулоқотга киришадилар.
— Гап шундаки, Ягона Буюк, - хабарчи истамайроқ давом эттирди. - Кузатувчиларнинг хабар беришларича, улар ҳалиям фазога чиқишмабди.
— Қанақасига? - Нарон ҳайратланди. - Ҳалиям чиқишмабдими? Ҳатто фазовий стантсиялар даражасигаям-а?
— Ҳозирча йўқ, жанобим.
— Аммо, агар уларда термоядро қуввати мавжуд бўлса, унинг синов тажрибаларини қаерда ўтказишмоқда?
— Ўз сайёраларида, жанобим.

Нарон бутун йигирма футлик бўйи билан тикка туриб кетди ва бор овози билан хитоб қилди:
— Ўз сайёраларида?!
— Ҳа, жанобим.

Нарон секинлик билан ўз қаламини чиқарди ва кичкина китобдаги охирги ёзувнинг устидан чизиб қўйди. Олдин бунақаси бўлмаганди, аммо Нарон ўта донишманд эди ва Галактиканинг бошқа аъзолари каби, юз бериши муқаррар бўлган ҳодисаларни аввалдан кўра биларди.

— Аҳмоқ эшаклар, - дея минғирлади у...