OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАзиз Саид
Асар номиДили қани бедилнинг? (шеърлар)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Азиз Саид
Услуб
   - Шеърият
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Ёзувчи» нашриёти, Тошкент, 1996
Ҳажм46KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/05/01
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Дили қани бедилнинг? (шеърлар)
Азиз Саид

* * *
Қўлимдан иккита фаришта тутган,
Кўзимнинг тошига номингни битган,
Титилиб, ситилиб, кутганим кутган,
Сен хабар олмадинг бир бор ҳолимдан.
Пешонам сайёра - йўллар адашган,
Субҳу шом дилимда қирғоқ талашган,
Жонимга ҳасратдан гуллар қадашган,
Сен хабар олмадинг бир бор ҳолимдан.
«Ҳай» десам овозим чиқмас вариллаб,
Қояман, бургутим учмас париллаб,
Қонимга уфласам ёнмас зариллаб,
Сен хабар олмадинг бир бор ҳолимдан.
Карвоним чарчаган, туялар чўккан,
Умидим косасин илонлар тўккан,
Руҳ ҳам тадорукда, тугунин туккан,
Сен хабар олмадинг бир бор ҳолимдан...
* * *
Кеча йиғлар, қора сочига
Қадаб синган ой — тароғини,
Шамол секмн ўрмалаб сувдан
Судраб чиқар бўш чаноғини:
— Дили қани бедилнинг?
Қушнинг бўм-бўш уясин дарахт
Туни билан чиқар пайпаслаб.
Капалаклар тоғни уйғотиб
Саҳроларга кетади бошлаб:
— Дили қани бедилнинг?
Чумолилар учар фалакка —
Нигоҳларни пуфлар кўзлари.
Юлдуз тушар ҳовуз тубига —
Балиқларга айтар сўзларин:
— Дили қани бедилнинг?
Тошбақалар мисқол-мисқоллаб
Ўлчаб берар бахт ҳамда алам.
Қарға тақдир тошини қирар —
Тумшуғида қадимий қалам:
— Дили қани бедилнинг?
Шафақ аста йиртилиб оқар —
Бир кўза сут бийдай саҳрога.
Қарвон жилар, қўнғироқ йиғлар —
Савол бериб гумроҳ дунёга:
— Дили қани бедилнинг?
* * *
Дединг: сева оласанми ўзингдан кечиб,
Чаён еган бўлса юрагим нишлаб?
Жоним симиллатиб келди ҳуққабоз,
«Ё ишқдан» ирғитди кўзим тарашлаб.
Сева оладурман нурдан-да кечиб.
Дединг: сева оласанми ўзингдан кечиб,
Мен илон изидан адашган бўлсам?
Томирим кесди ой — кулди чувалчанг,
Балиққа едирди фақат бир тишлам.
Сева оладурман тунда-да кечиб.
Дединг: сева оласанми ўзингдан кечиб,
Алдаган бўлсам гар ҳатто эртакни?
Юлдуз хато ёнди, кемамиз чўкди,
Барибир куйладик қирқта қароқчи.
Сева оладурман йўлдан-да кечиб.
Дединг: сева оласанми ўзпнгдан кечиб,
Мангуга тушдайин бўлсам гар ғойиб?
Тасаввур чархфалак косаларига
Ёдингни қуяркан умримни соғиб.
Сева оладурман сендан-да кечиб.
* * *
Бу хато йўлни секин бармоғига ўрайди,
Макрул ўсмани сиқар пиёлага, тўлмайди,
Ишқу гуноҳ қозонда, ўт-оловсиз қайнайди...
Ишқу гуноҳ қозонда...
Руҳ қанотин савайди, савачўпин жуфт қилиб,
Урчуғига ўрайди туну кунни ип қилиб,
Қиличини қайрайди қасд лашкарин саф қилиб,
Қиличйни қайрайди...
Ойна қилдим фалакни, дил чоҳига қарай деб,
Тароқ йўндим дутордан, хаёлини тарай деб,
Игна олдим, алдасам, кўзларимга суқай деб,
Игна олдим, алдасам...
Кафтимда гулхан ёқдим, йиғлаб-йиғлаб ўчирди,
Бўйнимга занжир тақдим, ишқ юртидан кўчирди,
Жонни сепиб қуш боқдим, дард кўлига учирди,
Жонни сепиб қуш боқдим...
* * *
Гиламдўз шаббода мезонни саваб,
Пояндоз ташласа ойнинг кўшкига;
Балиқлар дарёда шамларни ёқиб,
Ибодат қилсалар осмон ишқига,
сен ҳам роҳибасан,
мен ҳам руҳоний.
Тириклик тошини орқалаб минг йил
Бегуноҳ махлуқлар тоққа тирмашса,
Ғорда оч қолса-ю ярадор кийик
Юрагин тишласа, тиши қамашса,
сен ҳам гуноҳкорсан,
мен ҳам бир осий.
Чарх тортган кампирни чироқ липиллаб
Масхара қилса гар ғайб кулбасида,
Ва унга боргувчи йўлни тугунлаб
Тун олиб кетса тар кундуз қасдида,
сен ҳам адашгансан,
мен ҳам адашган.
* * *
Нигоҳингдан саволлар чизма,
Севги энди менга бегона.
Кўзларимга ўрмалаб келган
Юрагимда дардлар афсона.
Баҳор келса мен ҳам йиғлайман,
Соғинади қўлларим гулни.
Тунда гулхан кўрсам ушлайман
Кўксимдаги бир ҳовуч кулни.
Ёлғизлигим тўқир эртаклар,
Юпатади руҳимни алдоқ!
Ой нурини ҳар тун йигириб
Ўз-ўзимга ясайман сиртмоқ...
* * *
Ялдо кечасида бадбин мусаввир,
Самога сиёҳ ранг суркаганида,
Ўпириб хаёлинг вужудий сас-ла,
Чуқурга муҳаббат яширганида,
Оёғим кулганда йўл ҳазилидан,
Томирим кулганда жон ҳазилидан,
Бўғзимни қирганда сўз чиқа олмай,
Исминг тилаганда кўз қичқиролмай,
Қамишни пуфласа шамол зўриқиб,
Ариқни пуфласа балиқ чалгум деб,
Қушлар патларига яширса тунни,
Булут ютиб қўйса ойни тухум деб,
Иссиқ чой — юракка дамлаган қоним,
Ширмой нон — яримиси куйган армоним,
Новвотим — ҳасратдан синдираман кел,
Дунёда қолмабди муқим меҳмоним,
кел энди,
кел!
* * *
Учрашдик
елдирим умримиз чарчаган чоғда
тонглардан гул сўраб, юлдузлардан барг.
Учрашдик
ҳарорат соғинган қўлларимизда
соғинчдан сув бўлган бир ҳовуч юрак.
Учрашдик
ишқ ўлган томиримиздан
жаранглаб келарди қадимий саслар.
ва йиллар алдаган кўзларимизда
йиғлаб юрар эди гуноҳкор вақтлар.
Учрашдик
сўзларнинг рангини еллар
улашиб берганда соқов кунларга.
Учрашдик
хаёлнинг серсўқмоқ сарҳадларида
адашган кўп излар оч қолганида.
Учрашдик
ишонмай бир-биримизга
жимгипа тикилдик дилдираб, тўйиб.
Кулни титкиладик, эринмай, узоқ,
чўғ йўқ,
чўғ йўқ,
чўғ йўқ...
хайрлашдик
сураткаш хотирнинг сўзига кўниб.
* * *
Нима деб ёзайин оғриса юрак,
Армон ҳеч тинмаса михларни қоқиб.
Ялдо тунларимиз йиртиқларидан
Муборак қайғулар кетса гар оқиб.
Сен ёлғиз ўлтирнб ёлғизлик тошин
Чақиб бераяпсап менга мағзини.
Чирқиллаб қалдирғоч боласи янглиғ
Умидим уяда очар оғзини.
Сен айтган қўшиқни кузнинг бўғзидан
Ёпишиб сўрса гар эчкиэмар — вақт.
Мен тута олмасам сенга, болалик
Боғлардан қўйннга солиб чиққан бахт.
Мусича ку-кулаб сачратади ранг,
Хотирот тўкилар суратларингдан.
Кўзимга тилини суртиб шамчироқ
Секин шивирлайди: севги — беватан.
* * *
Дераза ёнида ўтирасан,
Иссиқ хонанг, юмшоқ ўринда.
Қаёққадир боришннг керак,
Фурсат бордай кўрннар сенга.
Дарпардани суриб қарайсан,
Зерикишдан тўлиб кетса дил.
Сокинлик. Чўзилиб ётар кўчада,
Машиналар босиб кетган йил.
Фурсат бордан кўринар сенга...
* * *
Бу чархи гардуннинг косаси икки,
Умр кўзасннинг кулоли икки,
Одамзод қавмининг тангриси икки,
Не ажаб яралдик жонимиз бутун
Иккимиз икки.
Учмоқнинг ҳикмати қанотлар икки,
Чақмоқнинг ҳикмати ҳарбу зарб икки,
Ёр бўлса, у кулса — лаззати икки,
Ишондик, йўл юрдик, мўл юрдик —
Иккимиз икки.
Йиғладик, йиғимиз оҳанги икки,
Гул уздик, гулимиз ранги ҳам икки,
Сен ёздинг, мен ёздим, имломиз икки,
Тақдир ришта берди, йигирдик чархда»—
Иккимиз икки.
Иккимиз икки.

Сенсиз

Кунларни, тунларни қон каби кечиб
Яшаяпман вақтга қасдма-қасд,
сенга қасдма-қасд.
Сўзларни, ёшларни заҳардай ютиб
Яшаяпман ўтмишга қасдма-қасд,
кечмишга қасдма-қасд.
Энди тонглар отмоқда рангсиз,
Мен учун фарқсиз.
Энди юлдузлар мўлтирар исмсиз,
Мен учун фарқсиз.
Боқаман, юрагим — бетасвнр сурат,
Кўзларим куй эрур беоҳанг, бедард.
Оёғим соғинмай қўйган йўлларни
Алдайман юриб.
Нигоҳим изламай қўйган кўзларни
Алдайман кулиб.
Мен нафас оламан, дарахтлар хўрсинар,
Оғрийди ҳаво.
Мен бедор ётаман, майсалар туш кўрар,
Оғрийди хаёл.
Фақат баҳор абадий гўдаклик бўйларин пуркаб
Қуриган боғларни сархуш қилганда,
Ва шамол зумрад томчилардан муҳаббат элаб
Илиган кунларнн чўмилтирганда,
Вижир-вижир қалдирғочлар олис юртлар суратин
Нилий кўзларига чизиб келганда,
Бир зум тўхтайман.
Ортимга қарайман.
Кечиролмайман.
Кечолмайман.
Кетаман
Кунларни, тунларни қон каби кечиб...
* * *
Муҳаббат ухлайдн маъсумиша жим,
Тушида эртаклар айтар қушчалар.
Юлдузлар куй чалар уйғоқ Хоразм,
Муаттар оҳангга тўлар кўчалар.
Сувларнинг мавжида шодликнинг рақси,
Балиқлар кўзида қувонч гуллайди.
Дарахтлар қўлнда нур тўла қадаҳ,
Бахтиёр кунлардан хабар йўллайди.
Ҳилол ёғдусидан майсалар сархуш,
Яшил афсоналар айтадн Урганч.
Самодан сочилар оппоқ гулдаста,
Менинг муҳаббатим уйқудан тургач.
* * *
Оқшом чўкар — ғариб нортуя
Ёнбошлайди мешлари билан,
Тўкиларкан қоп-қора сиёҳ,
Ой қилқалам ясар латидан.
Сен келасан сузиб, пойингдан
Майсазорга таралар анбар.
Эркнинг ширин эртагин тинглаб
Сусанбилга бошлаймиз сафар.
Атиргул май ташир — мулозим,
Сипоҳиси созанда қушлар.
Бозорларда хаёлга қўшиб
Сотилади сеҳрли тушлар.
Тахтиравон болаликники,
Хизматида юнус балиқлар.
Дарёларда шод елиб юрар
Кабутарлар тушган қайиқлар.
Қизалоқлар хино сайлига
Сув устидан боришар юриб.
Тахт ёнида бизни кутишар
Маликалар мусаллам туриб.
Тўрвасини ағдаради тун —
Хушбўй келар қора сумбулдан.
Юлдузларни териб кетамиз
Қайтарканмиз биз Сусанбилдан.

Алдов

Сен мени севмайсан биламан,
Севгини севасан қаттиқ.
Инжиган меҳрингни раво кўрмайсан,
Севгининг лабига тутасан.
Сен менга боқмайсан, боққанда,
Севгини кўмадир нигоҳинг.
Сен хафа бўлганда йўқ мендан эмас,
Севгидан ранжийсан — бўларми шундай.
Нафратинг дилингда қўр тортган дамда
Севгига сепасан — ўчса ҳам майли.
Энди мен ҳам кечсам сендан эмас йўқ,
Севгидан кечаман, севгидан, жоним.
* * *
Умид қарсиллатди чақмоқтошини,
Кўзингда ловуллаб сўнди аланга.
Сени кўп куттирдим, яна қалбингда
Гулхан ёқиш учун — гуллар қаланган.
Эвоҳ гуриллаб ёнмади боғлар,
Ёнмади юлдузлар, ёнмади осмон.
Сен дединг: руҳим кул, юрагим эса
Шамоллари ўлган бийдай кулистон.
Энди кеч, қирқилган қанотларимиз
Ўрнидан сизмоқда совиб қолган қон.
Кўзингдан кўзимга нурлар келтирган
Кабутар қайдадир ётар чалажон...
Мен келдим! Пойимга хатолар таққан
Ҳалқаси оғули занжирни узиб.
Чақмоқлар чақайлик яна бир карра,
Кул бўлиб, кул бўлиб кетайлик тўзиб.
* * *
Ўтиб кетди энди ҳаммаси,
Лаҳзалар ҳам жаранглаб тинди.
Юраклардан учган оққушлар
Қайтиб келди, тақдирга кўнди.
Узоқ кутдик биз ўзимизни,
Салом дея келмади ҳеч ким.
Ўртадаги интизорлик ҳам
Хайрлашмай тугайди балким.
Ўғирланди бизлардаи нигоҳ,
Ўғирланди юрак зарблари.
Ўғирланди томирлардаги
Муҳаббатнинг ширин дардлари.
Новдаларда қолмади япроқ,
Баҳордан ҳам умид узилган.
Чор атрофга совуқ ҳарф билан
Ёлғизликнинг номи ёзилган.
Эй-й — бақириб кўзимиздаги
Алангани сепайлик дилга.
Токи унга тегиб кетганлар
Куйиб-куйиб айлансин гулга.
* * *
Ойнинг заррин нурларидан
Сув тўқиркан балиққа либос
Дарахтларнинг бармоқларидан
Тўкиларкан бир ҳовуч гилос
Ухлаб ётар баҳодир қирда
Чумчуқларнинг томоқларидан
Тошлар саси учса қўшиқдай
Туннинг кўзи — ёнган гулханни
Тебратаркан шамол бешикдай
Туш кўради баҳодир қизни
Тебранишиб сархуш майсалар
Куйлашаркан шабнам қўшиғин
Гуллар нафис япроқларига
Чизар экан куйган ошиғин
Қучиб олар баҳодир қизни
Қалдирғочлар қанотин силкиб
Ун сепаркан қоринларига
Елинлари ийиган булут
Сут бераркан қулунларига
Қайтиб келар баҳодир қирдан.

Шашмақом

1

Ғамранг кўлда қоғоз қайиқча,
Эшкаги йўқ ёз саёҳатчи.
Саробранг кун ичар соҳилда
Сўнгги умид шўр ҳамда аччиқ.
Суруви йўқ кекса чўпон — йўл
Гулхан ёқар изларни йиғиб.
Қуриган вақт пўстлоғин тирнаб
Шамол ёзар: тош ҳамда йиғи.
Соҳиби йўқ сандиқ эса қулф,
Тақиллатар кимдир ичидан.
Осмон ҳам йўқ, ер ҳам йўқ энди,
Ҳатто кўлнинг суви ичилган.

2

Ҳамёнини очар сахий тун,
Бозор эса гунг ва кимсасиз.
Қалдирғочнинг уяси — юрак.
Қирриқ сарроф — шамол уйғониб,
Савдосини бошлайди сассиз.
бойўғлининг ўғли — ваҳима.
Билакузук ва най дўконда
Бозингардан гаровга қолган.
ярқиллаган қиличми-қинми?
Демак қадим базми жамшидда
Ҳамма нарса бошма-бош бўлган.
балиқларнинг осмони нима?
Сарроф энди бирга ўн қўшиб
Алмашмоқда савобга гуноҳ.
калтакесак сайради — булбул.
Тарозини мумлаганини
Билмади тун, йўқ битта гувоҳ.
қалдирғочнинғ уяси — илон.
калтакесак сайради яна.

3

Сув қайнади, сўнгра тугади,
Қумғон эса увилламоқда.
Қудуқ бунча бўлмаса чуқур.
Соҳибфурсат лалиси бўм-бўш,
Макргиёҳ томизар шарбат.
Кўршапалак бунчалар учқур.
Дастурхонни очади осмон —
Мусичанинг қаноти ва ел.
Жарликларнинг тиши қамашур.
Ер остида қурт ва қумурсқа,
Гул томирин тўғраб беради.
Тулпор қайтар кўзлари сўқир.
Ўғир эса донга тўлади,
Тош кулади — элакка насиб.
Ҳаққуш яна оловни чўқир.

4

— Зинаси йўқ нарвондан
Қайга чиқиб қетяпсан?
— Жим,
жим,
жим.
— Фалакда ҳеч ким йўқми,
Нега қайтиб тушяпсан?
— Жим,
жим,
жим.

5

Сир ғорига қўйилган тош — ой
сурилганга ўхшайди.
Ялтур-юлтур юлдузми, изми,
кирилганга ўхшайди!
Тун куйлаги йиртиқ — қароқчи
тирилганга ўхшайди.
Сабр тортган қора камалак
узилганга ўхшайди;
Уфқда қон, қатлами ё зиёфат
тузилганга ўхшайди.
Муз ўймоқда кўзимизни, йўл
бурилганга ўхшайди.

6

Ҳэ-э-э чўлпи тўқиб жийдадан
Туқ қозонин ковладим.
Чақмоқ чақиб қайтадан,
Қанотимни тобладим.
Кўзида ранг қайнатган
Мусаввирни чорладим.
— чорчўпи йўқ мато бу,
четига нур тақилган.
ўртасига гул билан
қоп-қора мих қоқилган.
Ҳэ-э-э гардиши йуқ дойрани
Чалдим дилим қабарди.
Дор устида адашдим
Тошга уриб табарди,
Жон қушини чақирдим,
Айтди кулиб хабарди.
— меҳмони йўқ супа бу,
тўртта шами ёқилган,
тақсимчада жуфт мева
данаклари чақилган...
* * *
Осмонга ўралади бир жуфт турна патлари,
Ўраламан мен тунга, ўраламан булутга.
Шамолни қарсиллатиб синдиради руҳ — дайди,
Айланаман томири қочиб кетган дарахтга.
Юрагимни силкийман, йўл тўкилар дувиллаб,
Йўллар кўмиб ташлаган фасллар тўкилади.
Сўнг жонимни силкийман, жон тўкилар гувиллаб,
Жоним ютиб юборган аламлар тўкилади.
Фалакларга учаман, ичимдан садо келар,
Сўз қанотин ёзади: ёриб чиқар кўзимдан.
Лабимдаги қонаган қабр ҳам очилади.
Ишқни айтмасин дея юлдуз тишлар тилимдан.
* * *
Шу замон мен каби узоқда
битта қиз юрагин қўлига олиб
ҳасратин бўғмоқда шеър билан.
Кўзига — бойчечак салқинлигига
иккимиз кечирган кунларни
яшириб қўймоқда шеър билан.
Тип-тиниқ соғинчни сийпалаб
чизмоқда йўқолган суратимизни
хўрсиниқ шаклида шеър билан.
* * *
Бугун сўз топмадим қалбим сиқимлаб,
Яшадим қийналиб, эслолмай кўзинг.
Умрим йўлларида кездим саргардон,
Кўрганим хазонлар, бу балки ўзинг.
Сўнг кириб кетдим мен юрак қаърига,
Алвидо айтганча бевафо кунга:
Мана бу мен сенга атаган гуллар,
Буниси ҳижрондир азобга дўнган.
Бир тутам ҳидинг бор, бир тутам кулгинг,
Юракка муҳр бор — бир дамлик висол.
Озгина савол бор, озгина алдов,
Қолгани маъюслик, қолгани хаёл.
* * *
Тун ичади сукутни
Қишлоқ жим-жит, йўл жим-жит,
Ой ёпади куйган нон,
Юлдуз сепади — кунжут,
Бир қиз келар паришон.
Қоп-қора айғоқ шамол
Қовакка писинади,
Тошнинг тагида илон
Ғам билан исинади,
Бир қиз кутар паришон.
Майсалар айтиб афсун
Сеҳрлар қурбақани,
Анҳор тун туёғидан
Ўғирлайди тақани,
Бир қиз кулар паришон.
Тун ичади сукутни
Қишлоқ жим-жит, йўл жим-жит,
Ой — нонини еб қўяр
Қишлоқдаги қарри ит,
Бир қиз йиғлар паришон...

Ёз

Уйноқи тошли най чалди чигиртка,
Бедазор анқитди асаларини
Қўрсичқон ҳидлади ўроқни.
Сароб косасида чанқатти таффот,
Шамол очиб қўйди қанотларини.
Кўрсичқон ҳидлади қайроқни.
Қуриган ариққа чўзилди фурсат,
Капалак шипшиди — сафар қариди.
Кўрсичқон ҳидлади тупроқни.
* * *
Мен бир бозингарман, бугун сўнгги бор
Пардасиз саҳнага чиқаман кулиб.
Алдаб келган эдим сизларни ҳар кун.
Минг бир бор туғилиб, минг бир бор ўлиб.
Кўксимга санчилган найзалар найза
Эмас, кўзим эккан майсалар эди.
Кафтимга қўнган қуш қўшиғим тинглаб
Сизларни кулдирди, тилимни еди.
Тош билан болтани қарсиллатган мен,
Бу ёлғон ўрмонда адашган сизсиз.
Най чалдим, дарз кетган умр кўзамдан
Ишқдан маст илонлар чиқмади, эссиз.
Мен бир бозингарман, бугун сўнгги бор,
Жаранглар тиллари боғлиқ қўнғироқ.
Чироқлар ўчади, бойўғли ҳувлаб
Сарупо тикади менга минг ямоқ.
Чиқаман бўғзимда оловлар ўйнаб,
Хатони пичоқдай ютади юрак.
Кўзимда фаввора қон билан уйнаб,
Юзимга сепади — сиз учун эрмак.
Довуллар чалинар, лангарчўп синиб
Қуларкан мен дордан, сўрамам шафқат.
Қумсоат сирларим санаркан бир-бир,
Алвидо айтаман — сизларга нафрат!
Мен бир бозингарман, бугун сўнгги бор
Пардасиз саҳнага чиқаман кулиб...
* * *
Уч тўртта қузғуну битта ўлакса,
Томоша беради беш кундан буён.
Ким гулхан ёқади, кимдир сангтарош,
Кимнингдир кафти қон, ким айтар азон,
Томошабнн йўқ.
Беш кундир тинмайди масту аластлик,
Кулади, йиғлайди, ёлғонми ростлик.
Беш кундир кўр уста суяк жамлайди—
Терсам бас, йнғсам бас битта қафаслик,
Томошабнн йўқ.
Беш кундир арранинг овози тинмас,
Беш кундир тутатқи излар чироқчи,
Беш кундир бармоғин санар саноқчи,
Беш кундир карвонни пойлар қароқчи,
Томошабин йўқ.
Беш кундир ойнасиз гардиш қўлимда,
Ёлғончи қуръатош ўнгу сўлимда,
Қирқ тугун ритамдан дор ҳам тикилган,
Хазина кўрмаган илон бўйнимда,
Томошабин йўқ.
* * *
Бир коса шамол, охиргиси деб,
Алдаб сотиб кетди созми ё оҳанг.
Бармоғимни ботирдим тунга бўялди,
Жоним қани ҳей, дарвоза нега ланг.
Икки кўзимда жилваси бенур
Юсуфнинг кўйлаги уми, уми-уввв.
Қўлимда йўл тутам, лабларим тупроқ,
Соҳибим, кўзангдан берма менга суввв.
На туйнук, на тешик, қўлларим озод,
Тебранмас бешигим лойини қордим.
Фаришта топмаган сиёҳ пардани
Ниназан кўрдиму кўзимни бердим.
* * *
Кўзим тункўл.
Чархфалак тошдан.
Нурмайдон ташнадир ҳеч ким билмайди,
Соҳиб ким, деҳқон ким, нималар эккан.
Чўлпиллаб косалар тўлар дамба-дам,
Томгани ҳайрату, қолгани заққум.
Кўзим тункўл.
Дидбонлар ҳабаш.
Чангакдил ташлайди, излаб тинмайди,
Ботган ким, чўккан ким, нималар йитган.
Руҳкамар лойланар қайнаб дамба-дам,
Қутилган хаёлу, тутилган ҳасрат.
Кўзим тункўл.
Бармоғи нурдан
Пайпаслар чиқмаган илоҳий тишни,
Меҳмон ким, мезбон ким, нималар пишган.
Карвонла фол очар йўллар дамба-дам,
кетгани висолу, қайтгани алам.
Кўзим тункўл...
Кўзим тункўл...
Кўзим тункўл...
* * *
Юрагимда дунё туғилиб,
Дунё ўлиб турибди ҳар кун.
Юрагимда дард, алам озод,
Юрагимда муҳаббат тутқун.
Инқилоблар тайёрланмоқда,
Жанг-жадаллар бормоқда қизғин.
Кимлар гурас-гурас келмоқда.
Кимлар эса бўлмоқда қувғин...

Паганинининг Сўнгги Конқерти

Ҳали ухлар эди малоиклар жим,
Ғафлат елларидан чодирлар тикиб.
Ҳали ухлар эди ёсуман ғаддор,
Нафрат кўйлагининг ярмини бичиб.
Ҳали ухлар эди шайтон ва раҳмон
Етти қат осмонда — маъсум, бегуноҳ.
Ухларди ҳаттоки ерни яратиб,
Унга ном беришни унутган илоҳ.
Нимадир қайнади,
Нимадир тинди.
Нимадир ялт этди,
Нимадир сўнди.
Сўнгги бор кулди-ю боладай,
созининг торини тоблади.
Кўзини юлди-ю, дунёдан
туйдинг, деб пойига ташлади.
Ким деди: қаранглар,
кулгуси заҳар.
Ким деди: қаранглар,
нур ёғар — саҳар.
Машшоқ бешикдай қўйди-ю елкага созни
Энг нозик пардада дунёга келган
Энг нозик оҳангни ўраб сеҳрга
Узатди...
Узатди... қўллари муаллақ қолди.
Куй эмас эди бу — хаёл қушларин
Дилафшон гулларнинг косаларидан
Нам ичган чоғдаги
Сайроғи эди.
Куй эмас эди у — тонг йиртиғидан
Гўдаклар кулгусин ўғирлаб чиққан
Мангу булоқларнинг
Қўшиғи эди.
Куй эмас эди бу — муждакаш елнинг
Яралмоқ сирини билмоқлик учун
Заминдан осмонга
Сўроғи эди.
Миллион йил излаган — топа олмаган
Юраклар эшитиб ўз овозини
Кўзлардан париллаб учиб чиқдилар.
Томирда ухлаган соҳир ҳисларни
Денгиздан кўпиринг, дея уйғотди
Оҳангдан тўкилган қўнғироқчалар.
Нигоҳлар ўрлади дил пештоқига,
Пайпаслаб топдилар руҳнинг инини —
Чирқиллаб куйларди сўқир қушчалар.
Нимадир тўкилди,
Нимадир ёзилди.
Нимадир чўзилди,
Нимадир узилди.
Омон қолган уч торга
тақдирини боғлади.
Тилини ҳам тилди-ю
қарғаларга ташлади.
Ким деди: қаранглар,
бармоғи илон.
Ким деди: қаранглар,
оқаётир қон.
Машшоқ чалар эди ўзини ўзи,
Гулхандан сачраган чўғдай ушалиб.
Машшоқ чорлар эди ўзини ўзи,
Умрининг йўлига гулдай тўшалиб.
Бир куни эрк салтанатидан
Илоҳалар келтирди яроқ:
«Юрагингнинг деворига чиз,
Бир қиз сенга ташлайди нигоҳ».
Ким дунёнинг қотил неъмати —
Ишқ кўзига бардош беролган.
Ҳақни севган бандадай севдим
Бунёдиму ҳам барбод билан.
Бир лаҳза ўт бўлдим, қўлимни.
Кафтларига олиб сочдилар.
Мен самога дўндим бир лаҳза
Юлдузларим ташлаб қочдилар.
Севавердим қайта ва қайта,
Алдамадим аммо ҳеч кимни.
Сўрадилар — тутдим неки бор,
Лек бермадим ёлғиз эркимни.
Машшоқ чалар эди — томошагоҳ гунг,
ишонган эдилар ОдамАтога
жонни Ҳақ куй билан киритганига.
Машшоқ чалар эди — оломон телба,
ишонган эдилар Паганинининг
иблисга қалбини сотганлигига.
Машшоқ чалар эди бахтни, сурурни,
издиҳом тебраниб бири-бирига
жонларии бахшида айлар эдилар.
Машшоқ чалар эди ғамни, қайғуни,
руҳлари жисмини тарк этиб чиқиб
еттинчи фалакда йиғлар эдилар.
Нимадир торайди,
Нимадир қорайди.
Нимадир юмилди,
Нимадир кўмилди.
Унинг оҳанг ўйган кулгичларига
истеҳзо чандиқдай қолди осилиб.
Созининг бир жуфти таранг торига
бармоғи пичоқдай ботди санчилиб.
Ким деди: қаранглар,
ортида шайтон.
Ким деди: қаранглар,
ахир у имон.
Машшоқ қўлларини кўтариб кўкка
Ғазабнок пардага урди зарб билан.
Ногоҳ уммонга дўнди-ю саҳна,
Гувиллаб атрофда турди шум тўфон...
Бу вақт судраб келар эди
разолатнинг совуқ шарпасин
уфқлар ортида зериқкан оқшом.
Бу вақт чиқиб келар эди мозий қаъридан
на иблис, на худо бўлолган авлод —
алданган, таланган, адашган бешон.
Бу вақт сознинг қилларидан
юракка номаълум қўрқув ва даҳшат
уфуриб келарди фарёдга менгзар бир садо.
Ва мудҳиш рақсини бошлади оҳанг —
Шайтонлар уйғониб қарс уриб кулди.
Ялангғоч ва кўзсиз аёллар рақсга тушаркан
Алвасти биз, дея сочларин юлди.
Авжиган чинқириқ ҳамда уввосдан
На умид, на нажот қолмади, тинди.
Гўёки Исрофил сурин чалди-ю
Заминнинг бошида қиёмат синди.
Машшоқнинг лаблари титраб асабий,
Бетиним ўқирди тилсимли дуо —
Сулаймон кўзага солиб ташлаган
Жинлару девларни чорларди гўё.
Кўзада девларнинг ғўлдирагани
Таралди созчининг ғолиб торидан.
Ниҳоят кўзанинг етти қат муҳри
Ушалди жинларнинг оҳу зоридан.
Тўфон қутуртирган денгизнинг ранги
Қонолуд бўлди-ю, сакраб чиқдилар —
Қанотли тимсоҳу шохдор илонлар,
Бошини чиғаноқ ўйган маймунлар.
Машшоқни ўртага олиб қайрашди —
Тишларин, нишларин ҳамда тилларин.
Сўнгги кучлари-ла зарб урар машшоқ,
Узиб ташламақчун сознинг қилларин.
Нимадир суринди,
Нимадир кўринди.
Нимадир тўлди,
Нимадир бўлди.
Хаёл ойнасига нур тушиб ногоҳ
жилмайган армони кўринди
Қақшаган суякка нафратин жойлаб
ягона торига сиғинди.
Ким деди: қаранглар,
ўлди у.
Ким деди: қаранглар,
кулди у.
Машшоқ тобутдай қўйди-ю елкага созни
Гулханлар гувлаган оловларига,
Дарёлар қуриган ўзанларига,
Дарахтлар тўкилган хазонларига
Айта олмаган марсиясини
Бошлади....
Бошлади... оҳанглар созининг бўғзида қолди..
Ва дарднинг энг узун риштасин тоблаб
Эшилган ягона торда югурган
Бармоқда мусиқа йиғлади.
Ва қалбнинг энг чуқур қаърига йиллар
Яширган муножот ўрлаб фалакка
Сўз бўлиб, сўз бўлиб қулади.
Эй, менга олқишу санолар айтиб
Пойимга бош урган ожиз бандалар!
Эй, менга санъатда худосан, деган
Беҳишт қувғиндиси — гуноҳкор пуштлар!
Айтингиз — қаердан қуёш ва зулмат,
Қаердан муҳаббат, қаердан нафрат?
Кўзингиз яширманг, айтинг — бошланар
Қаердан дўзаху, қаердан жаннат?
Сизларни севдим мен худди боламдай,
Руҳингиз бешигин тебратдим бир зум.
Сизларни севдим мен худди онамдай,
Садоқат рамзидир шу икки кўзим.
Биламан,
Тун дафтарин очган маҳалда,
Ғийбату туҳматдан достон битасиз.
Ўзингиз олқишлаб, ўзингиз мақтаб,
Ўзингиз ҳасаддан қонлар ютасиз.
Ва сезаман ёлғиз ҳамда бегоналигим,
Қора шубҳа ўрмалайди дилни қақшатиб.
Нима қилай, ўлгим келмас, лек қўрқув солар
Машшоқлигим ва сизлар-ла яшаш даҳшати...
Эй, ўзини Худонинг авлоди билган ровийлар,
Нега йўл бошланса тугар, албатта,
Нега гул ёнида тикан, албатта,
Нега тоғ бағрида ўпқон, албатта,
Нега ҳақ йўлида қопқон, албатта,
Нега... сўзингизни осмонми ютган,
Нега... кўзингизда қонми, ким тўккан,
Нега... бўйнингизда домми, ким таққан,
Нега сўровимга жавоб бермас ҳеч кимса ахир?
Ахир
Тириклик бу — беш кунлик макр.
Дилға ёлғон қанот бериб кўкка учирган
Шон-шуҳрат — макр.
Дунёни сочига гул қилиб таққан
Муҳаббат — макр.
Кечанинг қалбида ғулувлар ёққан
Оловлар — макр.
Бағрида илоҳий руёлар оққан
Ўзанлар — макр.
Ҳилпираб баҳорнинг кўксини соққан
Хазонлар — макр...
Нимадир қайнади,
Нимадир тинди.
Нимадир ялт этди,
Нимадир сўнди.
Ғафлат елларини ҳайдаб малаклар
Чодирлар тикишди хушбўй сабодан.
Нафрат кўйлагини тикиб ёсуман
Пинҳона жўнади арши аълодан.
Уйғониб учдилар одамзод сари
Раҳмонда — масъумлик, шайтонда — гуноҳ,
Заминда кўпган кўп савдони кўриб,
Дўзах деб ном берди уйғонган илоҳ.

Бу Ва У

Абдувалига
Эй, зоҳири булбул, тийнати самандар,
Эй, қўл сунган фалак ганжига ҳайдар!
Кўзингга тутганинг ул парда надир,
Қўлингга тутганинг ул болта надир?
БУ «одамнинг ёғи»мас, «гўшту пўсти» мас,
У одамхўр эмасдир, каззоб дўстимас.
БУ ҳақ даргоҳига шиддатпарвоздир,
У балки шу йўлда мискин бир роздир.
БУ руҳдир, пайғомлар элтгувчи сайёраларга,
У қотил шу руҳга қасднок айёраларга.
БУ қўрғон, ҳали кўп авлодлар келиб кетадир,
У посбон, нақш узган каждилни қувиб етадир.
БУ эҳром бўлса гар, У бир эҳтиром,
БУ гар вонз бўлса, У бир издиҳом.
БУ нағм этса гар анжумда нсмат куйини,
У ҳам ўз созида тирнар қисмат куйини.
Эй, зоҳири булбул, тийнати самандар,
Эй, қўл сунган фалак ганжига ҳайдар!
БУ «одамнинг ёғи»мас, «гўшту пўсти»мас,
У одамхўр эмасдир, каззоб дўстимас.
* * *
Кечиринг, онажон,
Бугун ёнингизга бора олмадим.
Чиқай десам,
Кулча бўлиб
Ўлиб қопти йўл.
Оч эди беш кундан буён —
Тановвул қилмаган бирорта қадам.
Қириб четга ташлай десам,
Хокандозни йўқотиб қўйибман.
Қўлимда сояандоз,
Соя йиғиб юрибман —
Чойнак тўла соя қайнаётир,
Қозон тўла соя пишаётир.
Беш кундан буён
Хаёлсоя — ғизоим,
Ақлсоя — жазоим,
Тасаввурсоя — сазоим.
Қўлимда сояандоз...
Биров ичкари кирди,
Ғафлатда қолдим.
Онажон, мени кечиринг,
Яқинда бораман,
Фақат
Айтинг —
Соя олдин кирдими,
Одам олдин кирдими,
Қай бирини олай сояандозга?
* * *
Тақдир саройига фаррош тутиндим,
Дилимга сув сепиб ғамни супурдим.
Келмади меҳмон-эй,
Келмади меҳмон,
Фироқ дўконининг соқийси бўлдим,
Ҳар жомга мавжланиб мен ўзим тўлдим
Келмади меҳмон-эй,
Келмади меҳмон.
Очдиму беҳушлик эшигини ланг,
Куй чалдим, кўз-машшоқ, умр эса чанг
Келмади меҳмон-эй,
Келмади меҳмон...