OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифАзизбек Анвар
Асар номиОсмоннинг охири (шеърлар)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Азизбек Анвар
Услуб
   - Шеърият
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм113KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/05/01
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Осмоннинг охири (шеърлар)
Азизбек Анвар

Сўз Сеҳри

Сўзда сеҳр бор, дейдилар. Бу, албатта, истеъдоднинг сўзи ҳақида. Бир дарахтга қараб ўтинчи саржинни, уста танбурни кўради. Қулоқ ўрганган қора сўз ҳам талант лафзида рангланади, жилоланади, юк олади.

Ўтинчининг “тақа-туқ”идек қуруқ, таъсири йўқ қасидалару бир хил, бетаъсир нағмаларни эшитиб, сўзга ҳайфинг келади...

Шукрки, устозларимиздан мерос “ҳайратлик сўзнинг” мағзини чақадиган “қоракўз болалар” бор.

Шукрки, “глобаллашув” деб аталган, гоҳида дурагайлашаётгандек туюладиган даврда улар чин ўзбекона оҳанг ва дардни кўнгилларида асраб туришибди.

Кўрсанг, дилинг ёришадиган, суҳбатидан завқинг ошадиган, шеърини ўқисанг, туйғуларинг жонланадиган укалар борлиги қандай яхши!

Азизбекни кўпдан биламан. Бир қарашда болаларча содда кўрингани билан анча билимли, мулоҳазали, самимий дарди бор йигит. Шеърларининг асосий ютуғи ҳам, назаримда, ана шу самимиятида.

У чираниб-тираниб ташбеҳ ясамайди, ўзи ҳис қилмаган, ўзи тушунмаган нарсаларни ипга тизмайди. Руҳий ҳолатини, изтиробини рост айтади. Сатрдан-сатрга фикри ойдинлашиб, изчил ривожланиб боради:

Жафо тортай ҳар куни
Сизга жафо хуш бўлса,
Қисмат тутай уйқуни
Висолингиз туш бўлса,
Сочларингиз тўлқину
Қўлларим оққуш бўлса...
Тиз чўкай пойингизда
Ёқмоқ учун, дилдорим,
Зилолий сочингизда
Оқмоқ учун, дилдорим.

Фузулий шеърга таъриф бераркан, асосий шартлардан бири – у элнинг эсида қолсин, такрорлаб юрадиган бўлсин, дейди.
Мен Азизбек Анварнинг бир неча сатрини ўзимча айтиб юраман. Энди, устозларимдан изн сўраб, Сиз азиз ўқувчиларга ҳам тавсия этмоқчиман.

Иқбол Мирзо
Ўзбекистон халқ шоири


Шоир

Булоқларнинг қўшиғидан оҳанг олиб,
Шаббодалар шивирини шеърга солиб,
Бир гўзални телбаларча севиб қолиб,
Мен, шубҳасиз, шоир бўлиб кетсам керак.
Ёзганларим шеъриятга оҳор бўлса,
Кўнгилларда гул ундирган баҳор бўлса,
Ошиқларнинг суйганига изҳор бўлса,
Мен, шубҳасиз, шоир бўлиб кетсам керак.
Гоҳо дунё кўзимга тор бўлган пайти,
Хаёлимда айланади Бобур байти.
Иқбол Мирзо шеърларини айтиб-айтиб,
Мен, шубҳасиз, шоир бўлиб кетсам керак.
Пошшо кўнглим ёзгил, дея нидо берса,
Бандасида не ихтиёр худо берса,
Муҳаммадни суйган шу эл дуо берса,
Мен, шубҳасиз, шоир бўлиб кетсам керак.
Кунлар келар ҳар кўнгилдан кулфат кетиб –
Дунё боғи беҳишт бўлар фурсат етиб.
Шайтонниям эзгуликка даъват этиб,
Мен, шубҳасиз, шоир бўлиб кетсам керак.
Ким билади ким эртага ким бўлади?
Бу саволга авлиё ҳам жим бўлади.
Неча инсон ном-нишонсиз гум бўлади,
Мен дунёдан шоир бўлиб кетсам керак.
2009


Кўнглим Севгингизга...

Кўнглим севгингизга бутунлай кўнди,
Гўё унут бўлди кўҳна андуҳим.
Қайноқ қалбингиздан бўшатинг энди,
Совуқ шамолларга ўргансин руҳим.
Нозик қўлларингиз оҳиста тутиб,
Ушлашни унутдим қилич дастини.
Ғийбатчи, ғирромлар қулай вақт кутиб
Турибди олмоққа мендан қасдини.
Мени висол билан сийламанг ортиқ,
Ҳижрон оташида тоблансин юрак.
Ширин сўз, табассум айламанг тортиқ,
Менга алам керак, изтироб керак.
Токи дил денгиздай жунбушга келсин,
Тошларни емирсин асов тўлқиним.
Бағримда қуюнлар югуриб елсин,
Довуллар, тўфонлар бўлсин бетиним.
Гўзалим, сўзларим ботмасин оғир,
Ҳозир қўйнингизда ухлаш пайтимас.
Ўзимни уйғота олмасам ахир,
Ғафлатдан кўз оч, деб ҳеч кимса айтмас!
2010 йил


Бахт

Бахт кўкдан тушмас, тушун,
Бу ҳаёт эрмак эмас.
Бахтиёр яшаш учун
Кўп нарса керак эмас.
Толеингга шаҳодат
Ота-онанг дуода.
Бундан ортиқ саодат
Бўлмас икки дунёда.
Вафоли ёр, бут рўзғор,
Ҳамроҳ содиқ дўстларинг.
Қора кунда мададкор,
Битар каму кўстларинг.
Ой-қуёшдан зиёда
Ўғил ёки қизинг бор –
Сендан кейин дунёда
Ўчмайдиган изинг бор!
Яна кўнглинг тўлмайди,
Камдек тангри тортиғи.
Эртакдаям бўлмайди
Айтганимдан ортиғи.
Бахт кўкдан тушмас, тушун,
Бу ҳаёт эрмак эмас.
Бахтиёр яшаш учун
Кўп нарса керак эмас.
2009


Кўнглим Синиқлари

Кўнглим синиқлари шишадек эриб,
Кўзимда қалқиди икки томчиси.
Ётибман тупроққа кўксимни бериб,
Елкамни эзади айрилиқ ҳиси.
Бир онда рангини йўқотди дунё,
Билмадим кўрганим ўнгим ё тушим.
Еттинчи осмонда юргандим гўё,
Лаҳзада чақмоқдек заминга тушдим.
Зулматни ёритди қалбимдаги нур,
Ошкора кўринди не бўлса ниҳон –
Барини рўйи рост англади шуур,
Ўзини кўрсатди маккора ҳижрон.
Юрак деб, керак деб, асраб юрардим,
Кўксимга худойим таққан туморни.
Нега тушунмайди ҳеч кимса дардим –
Севгисиз ҳаётнинг маъниси борми?
Йўқ, асло, кўнмайман бундай тақдирга,
Севгилим, кетавер майли ёнимдан.
Муҳаббат кетмайди сен билан бирга,
Муҳаббат жой олар менинг жонимдан.
2009


Айрилиғинг Уч Кундан Ортса

Тақдир менга берган озорни
Тиламайман ҳатто ғанимга –
Жондан ортиқ суйганим ёрни
Уч кун бўлди кўрмаганимга.
Шу уч кунда кексайди дунё,
Ҳар бир куним юз йил чўзилди.
Ўтиб кетди уч юз йил гўё,
Юрак бағрим шунча эзилди.
Йўллар қараб қорайди кўзим,
Сочларимнинг оқлари ортди.
То ёмғирлар ювгунча изим
Ёр кўчасин қучоқлаб ётди.
Булутларга бериб осмонни,
Уч кун ўтиб чиққандай қуёш
Нурга кўмиб борлиқ жаҳонни,
Чиқиб келди бизнинг бағритош.
Кўзларига сурмалар суриб,
Чиройига қўшилган чирой.
Ўн икки кун сездирмай туриб,
Сўнг уч кунда тўлган каби ой.
Кутганингда имиллаган вақт
Ёр келганда илдамлар атай.
Ўтиб кетар қисқагина бахт
Икки нафас оралиғидай.
Яна зулмат қоплар дунёни,
Хаёлларим яна паришон.
Қисмат йўллаб оғир савдони,
Яна сабрим айлар имтиҳон.
Арслонтоғлар бўлади кукун,
Бу ҳижроннинг азобин тортса.
Дунё, ҳаёт топади якун
Айрилиғинг уч кундан ортса.
2006


Эски Ният

Фурсатни беҳуда бой бердим бугун,
Афсусдан бош эгиб кўнглим ғашлайман.
Қайтадан надомат чекмаслик учун
Эртадан бошқача ҳаёт бошлайман.
Ибодат фурсати ўтди уйқуда,
Саодат фурсати кетди беҳуда,
Фароғат фурсати кечди қайғуда,
Эртадан бошқача ҳаёт бошлайман.
Тийиқсиз нигоҳдан кўзим кирланди,
Таъмали сўроқдан сўзим кирланди,
Пойимдан узилган изим кирланди,
Эртадан бошқача ҳаёт бошлайман.
Чорак аср умрим ўтибди мана,
Сизга қанча озор бераман яна –
Бемеҳр ўғлингиз кечиринг, Она,
Эртадан бошқача ҳаёт бошлайман.
Шайтоний хаваслар тутиб қўлларим,
Орзудан олислаб кетди йўлларим.
Худонинг олдида бўлди бўларим,
Эртадан бошқача ҳаёт бошлайман.
Сиз ҳам ўйлаб кўринг, эй, инсоният,
Лафзида турмаслик энг катта уят!
Алмисоқдан қолган бу эски ният –
Эртадан бошқача ҳаёт бошлайман!
2009


Кўзингизга Кириб Бораман

Сиғмай қолди дунёга кўнглим,
Талпинади зиёга кўнглим.
Отдим икки дарёга кўнглим –
Кўзингизга кириб бораман.
Излаганим қўш қора гавҳар,
Теграсида иккита аждар –
Паришонлаб зулфингиз, дилбар,
Кўзингизга кириб бораман.
Икки қилич остидан ўтиб,
Ширин жоним тамом унутиб,
Шу оламдан мўъжиза кутиб,
Кўзингизга кириб бораман.
Киприклар ўқ отар беаёв,
Бунчалар кўп ишқ йўлида ғов.
Тутқич бермас нигоҳим асов,
Кўзингизга кириб бораман.
Парвонаман, порлар икки шам,
Қучоғига чорлар икки шам.
Куйишимни билатуриб ҳам,
Кўзингизга кириб бораман.
Дейдилар кўз – кўнгил кўзгуси,
Муҳаббатнинг тиниқ ёғдуси.
Азизбекнинг улуғ орзуси –
Кўзингизга кириб бораман.
Кўнглингизда мангу қоламан.
2010


Алам Қилар

Хору хасдек оёқости нодон учун
Сенинг қадри осмонлигинг алам қилар.
Юрагида ҳасад ёнган хазон учун
Жаннат гули – райҳонлигинг алам қилар.
Алам қилар, унга парво қилмас биров,
Бор бисотин назарига илмас биров,
Ахир ҳатто исмини ҳам билмас биров,
Сенинг донғи достонлигинг алам қилар.
Ҳамма иғво, ғараз, ғийбат тилида жам,
Қовоғида қор уюлган, дилида ғам.
Бечорага ҳар тўртала фаслда ҳам
Яшнаб турган бўстонлигинг алам қилар.
Мингта фитна кириб-чиқар тушларига,
Қаҳратонда заҳар тўплар нишларига.
Ўлиб-толиб қилган қинғир ишларига
Бепарвою ҳайронлигинг алам қилар.
Мансуб билар ўзин зукко табақага,
Асли умри арзимайди бир чақага.
Иммиллаган қари сурбет тошбақага
Тиллотуёқ жайронлигинг алам қилар.
Яна менинг ишқ тожини кийганлигим,
Исминг айтиб, бахт нелигин туйганлигим,
Танлаб-танлаб фақат сени суйганлигим
Ва бу ишқдан шодмонлигинг алам қилар.
Бизга нима, алам қилса қилаверсин,
Ҳасад билан ич-этини тилаверсин!
2009


Кўз Тегмасин

Сиз бор мудом файзли еру самоларим –
Чинорлардан ёши улуғ боболарим,
Эварасин эркалатган момоларим,
Худо берган бахтингизга кўз тегмасин.
Ишқни танлаб, тиллоларга учмаганлар,
Ёр ёнида ёлғон қасам ичмаганлар,
Ёниб-ёниб муҳаббатдан кечмаганлар,
Худо берган бахтингизга кўз тегмасин.
Тўй кечаси айтилади гул тилаклар,
Бир йил ўтиб бешик қучган келинчаклар,
Ота бўлиб жўшиб турган шод юраклар,
Худо берган бахтингизга кўз тегмасин.
Сўзи гавҳар, ҳар ҳикмати мумтозларим,
Комилликдан сабоқ берган устозларим –
Элу юртнинг ардоғида эъзозларим,
Худо берган бахтингизга кўз тегмасин.
Маҳорати дунёни лол этган зотлар,
Донғи тилда достон бўлиб кетган зотлар,
Бир умрлик орзусига етган зотлар,
Худо берган бахтингизга кўз тегмасин.
Қақроқ ерда гуллар унар гапингиздан,
Бахтиёрсиз элга етган нафингиздан,
Менга ҳам жой олиб қўйинг сафингиздан,
Худо берган бахтингизга кўз тегмасин.
2009


Нега

Дуч келган биринчи одамдан сўранг,
Қуёшнинг оташи ноаён кимга?
Севгилим, бир марта кўзимга қаранг,
Нега исбот керак менинг ишқимга.
Айтинг коинотнинг адоғи борми?
Чексизлик бўлинар неча қисмга?
Номсиз юлдузларнинг саноғи борми?
Нега исбот керак менинг ишқимга.
Аниқ нарсаларнинг бефойда баҳси,
Кундай равшан бўлса етти иқлимга –
Камалак – кўнглимнинг кўкдаги акси,
Нега исбот керак менинг ишқимга?
Худойим аввалдан шубҳангиз билиб,
Исмингиз бош ҳарфин битмиш илкимга.
Хулоса чиқаринг томоша қилиб,
Нега исбот керак менинг ишқимга?
Ортига қайтмайди отилганда ўқ,
Пушаймон бўлмайман қилган ишимга.
Сизга айтадиган бошқа гапим йўқ
Нега исбот керак менинг ишқимга?
2010


Дўстимга Омад Бер

Тарк этди беташвиш болалик,
Кўзлар ёш, кўнгиллар яралик.
Кўксига юқмасин қоралик –
Дўстимга омад бер, худойим.
Кун сайин юришиб ишлари,
Ўнг келсин хайрли тушлари.
Бошига қўнсин бахт қушлари,
Дўстимга омад бер, худойим.
Ой-қуёш нур тўксин йўлига,
Юлдузлар илинсин қўлига,
Тўй қилсин ўғлининг ўғлига,
Дўстимга омад бер, худойим.
Оқ тулпор ярашсин остига,
Тушмасин шайтоннинг дастига,
Азозил қўл урса қасдига,
Дўстимга омад бер, худойим.
Эй ҳукми ҳар недан ортиғим,
Хиёнат, ёлғондан фориғим,
Ҳабибим, ҳалилим, содиғим,
Дўстингга омад бер, худойим.
2010


Асранг

Ишқ ичра тенг дедик шоҳу гадолар,
Юраги адолар, жони фидолар,
Армон билан ўтди ёрдан жудолар,
Ёрига етганлар бахтингиз асранг.
Гарчи шоҳ наслидан Ширину Фарҳод,
Висолга етолмай бўлдилар барбод.
Бу бизга сабоқдир аҳли одамзод,
Ёрига етганлар бахтингиз асранг.
Эсланг худойимга Мажнун арзини,
Каъбада тилади Лайли васлини.
Ажал вайрон этди севги қасрини,
Ёрига етганлар бахтингиз асранг.
Туғилган чоғида Тоҳиру Зуҳро,
Келин-куёв дея бердилар дуо.
Аммо ҳижрон билан келди интиҳо,
Ёрига етганлар бахтингиз асранг.
Айтганим эмасдир панду насиҳат,
Истагим – кўрмасин кўнгил азият.
Шоҳ Машраб қолдирган фармон – васият:
Ёрига етганлар бахтингиз асранг.
Бузилсин азалдан қолган ақида,
Ошиқлар яшасин висол завқида.
Бошқа шеър бўлмасин ҳижрон ҳақида,
Ёрига етганлар бахтингиз асранг.
2009


Шукр

Юлдузларга боққан чоғимда,
Кўзларимни боғлади уйқу.
Туш кўряпман, кўнгил боғимда
Чечак экан ҳар битта туйғу:
Меҳр – райҳон, шафқат – бинафша,
Ишқ – қизғалдоқ, вафо – атиргул.
Бари-бари турибди қақшаб,
Япроқлари қовжираб буткул.
Умид, ишонч, эътиқод, сабр,
Мурувват ҳам забун бир чечак.
Қаҳру ғазаб, ҳасад ва кибр
Яшнар мисли тикану печак.
Мени бани одам айлаган
Туйғуларим ётар чалажон.
Юрагимга шайтон жойлаган
Ёмонликлар ўсмоқда равон.
Бу қандай ҳол, бу қандай даҳшат,
Гулбоғ наҳот кулбоққа дўнар.
Қайдан шунча зиёну заҳмат,
Бу қисматга қай одам кўнар?
Бирдан кўзим очилди шу чоғ,
Даричадан куларди қуёш.
Шукр қилдим тонгга турибоқ:
Кўтардим тун ғафлатидан бош!
2009


Яхши Кунлар

Била туриб ҳолимиз ҳаёт,
Бошимиздан қорлар элади.
Аёз қаҳри эмас умрбод,
Ҳали яхши кунлар келади.
Қарға изи узилмай қирдан,
Қизғалдоқлар қийғос гуллади.
Гулга кўмиб оламни бирдан,
Ҳали яхши кунлар келади.
Мева битар бизнинг боғда ҳам,
Шабодалар шодон елади.
Йиғлаб ўтган тунларга малҳам
Ҳали яхши кунлар келади.
Қара, ҳилол чиқмиш бу оқшом,
Билдим, кўнглинг нима тилади –
Мен ўғлимга ахтараман ном,
Ҳали яхши кунлар келади.
2008


16 Декабрь. Туғуруқхона

Тонг кечикди. Чўзилди зулмат,
Қора тунни қувгин лайлакқор.
Мен худога ёзаман қорхат:
Гуноҳларим ювгин лайлакқор.
Туғилгани бўлсин овоза
Бир бандаки, сендан ҳам тоза.
Ланг очилсин осмондарвоза –
Гуноҳларим ювгин лайлакқор.
Парчанг бўлиб учсин нигоҳим,
Самоларни қучсин нигоҳим.
Боламга пок тушсин нигоҳим,
Гуноҳларим ювгин лайлакқор.
Ҳар бандага кўкдан ёғир дард,
Ҳақ эсланар етган чоғи дард.
Сендай енгил ўтсин оғир дард,
Гуноҳларим ювгин лайлакқор.
Ёғавергин, ёққин ўйноқлаб,
Кафтларимда ўпай ардоқлаб,
Ерни, элни, кўнгилни оқлаб
Гуноҳларим ювгин лайлакқор.
Бағрингда кўз очсин субҳидам,
Ва туғилсин тонгдай пок одам.
Шу фарзандим ҳаққи менинг ҳам
Гуноҳларим ювгин лайлакқор.
2009


Ўғлим Муҳаммадиқболга

Айланайин худойимнинг ҳимматидан –
Битта райҳон олиб берди жаннатидан!
Қараб туринг иқболи зўр олим чиқар
Муҳаммаднинг шу эркатой умматидан.
Одамзодни фарзанд тоғи тутиб турар,
Мева-мағзи ширин боғи тутиб турар.
Елкамдаги чавандознинг камолини
Бойчиборлар ер депсиниб кутиб турар.
Майдонларда Алпомишдек чопсин ўғлим,
Ўз ўрнини ва бахтини топсин ўғлим.
Юз йил яшаб дийдорига тўймай ўтсам,
Очиқ кетса кўзларимни ёпсин ўғлим.
Юрагига нури иймон ҳамдам бўлсин,
Йўли, қўли, кўнгли очиқ ҳотам бўлсин.
Менга тортган фарзандига ибрат учун
Ботир бўлсин, олим бўлсин, одам бўлсин!
Туф-туф, дейман камолига кўз тегмасин,
Дардлар енгиб, сўлғингина бош эгмасин.
Лафзи ҳалол йигит бўлсин қайда бўлса
Унутмасин ўзбекона соф шевасин!
Айланайин худойимнинг ҳимматидан –
Битта райҳон олиб берди жаннатидан!
2010


Афсус

Бизлар билмай кетиб қолдик кузлар билан,
Болаликнинг боғларида баҳор қолди.
Ўйин-кулги, энг покиза ҳислар билан
Ҳар ғунчаси бир мўъжиза гулзор қолди.
Қучоқ очиб кўришардик дўстлар билан,
Кейин турмуш қучоқ очиб кутиб олди.
Бугун фақат салом-алик сўзлар билан,
Сал юзаки табассумли юзлар қолди.
Катта йўлга чиқдик катта орзу билан,
Майда ташвиш бошимизга савдо солди.
Алдангани майлар ичдик оғу билан,
Ушалмаган неча ният увол қолди.
Башоратлар қилган эдик бахтимиздан,
Ўша ширин кундан фақат хаёл қолди.
Минг ошиққа орзу бўлган дилбар қиздан
Зардалари зада қилган аёл қолди.
2008


Кўзмунчоғим

Мунчоқ-мунчоқ шабнамлардан сиз бокира,
Кўзмунчоғим, кўзларимга жойлаб қўяй.
Еру кўкка ишонмайман сизни сира,
Сочингизга нигоҳимни бойлаб қўяй.
Кулиб боқманг, кулиб-кулиб қарасангиз
Ошиқ бўлар сизга ҳатто тоғу тошлар.
Учрагандан арзи аҳвол сўрасангиз,
Садоқату севги изҳор эта бошлар.
Жўшқин сойлар бузган каби қирғоғини
Соч ёйсангиз, кўрган борки паришондир.
Не қиласиз шунча жонлар қийноғини,
Чиройингиз сабрларга имтиҳондир.
Икки қалам чеҳрангизнинг китобига
Ғоят латиф сурат чизиб, гул чекади.
Шунинг учун қошларингиз меҳробига
Узун-узун кипригингиз бош эгади.
Ой, юлдузлар манзилингиз ёдга солиб,
Юксакларга чорлайверар орзуингиз.
Ҳуснингизга ҳайрон қолиб, шуъла олиб
Тиниқлашиб бораверар кўзгуингиз.
Адо бўлдим кеча-кундуз пойлаб сизни,
Ўз жонини авайлаган ожиздайин.
Қўзмунчоғим, қароғимга жойлаб сизни,
Бошқалардан асраш учун кўз юмайин.
2009


Мени Мафтун Этган

Чаманлар маҳлиё гул юзингизга,
Қаддингиз кўрганлар сарвни сарв демас.
Шамшоднинг ҳаваси келади сизга,
Мени мафтун этган қаддингиз эмас.
Найзадор киприклар туну кун уйғоқ,
Ўтиб кетолмайди ҳатто майда хас.
Оламнинг энг нодир гавҳари, бироқ
Мени мафтун этган кўзингиз эмас.
Пўртана ясайди қоп-қора тўлқин,
Неча юракларда атай қасдма-қасд.
Ҳеч ким қочолмайди домидан, лекин
Мени асир этган сочингиз эмас.
Ҳамма бош эгади қошингизда жим,
Жонлар фидо бўлгай имо қилса бас.
Қўш қилич ўйнатиб борлиққа ҳоким,
Мени маҳкум этган қошингиз эмас.
Гарчи чиройингиз, лаъли лабингиз,
Минг марта севишга арзир ҳар нафас.
Мени мафтун этган латиф қалбингиз,
Мени афсун этган қаддингиз эмас.
2009


Тошбағир

Атиргулга бўй беради ифоринг,
Самоларга кўрк беради рухсоринг.
Нима бўпти ўн саккизнинг чиройи,
Ўттизда ҳам тўкилмайди оҳоринг.
Мовий денгиз, яна осмон кўк мовий,
Феруза қиз исминг ранги самовий.
Осмон нури, денгиз дури кўнглингда,
Шамс талъатинг яратганнинг инъоми!
Тақдир ҳукми – не буюрса пешона,
Мен куюкдил бир хокисор девона.
Ҳайрон бўлма ёнингдан ҳеч кетмасам,
Ер қуёшнинг атрофида парвона.
Офтобдан юз бурган замин зулматли,
Сени кўрмай ўтган куним кулфатли.
Ҳижрон дами минг асрдек чўзилар,
Бўлса ҳамки бир лавҳа, бир фурсатли.
Тола сочинг тиллоранг нур кўринар,
Ҳарорати жонга ҳузур кўринар.
Кўзларимнинг кўзгусига термулсанг
Таърифига тил ожиз ҳур кўринар.
Жон ҳузури, денгиз дури, кўк нури,
Тўкилмади қайсар кўнглинг ғурури.
Бағритош деб, арз айласам, дейсанки:
Феруза ҳам асли тошнинг бир тури!
Майлига бахт узугига кўз бўлгин,
Армон тили айтолмаган сўз бўлгин.
Исминг куйлаб тўхтамасин жон қуши,
Юрагимда ўчмайдиган из бўлгин!
2009


Тазарру

Оғир жиноятга қўл урдим бехос –
Энг нозик чечакнинг бағрини ўйдим.
Оғир жазо беринг менга илтимос –
Малагим, мен сизни ранжитиб қўйдим.
Қуёш қони қайнаб, қип-қизил ботди,
Осмон қовоқ уйиб, ой хира тортди.
Кабира гуноҳим сочимдан ортди –
Малагим, мен сизни ранжитиб қўйдим.
Мендайин айбдорни кўрмаган замон,
Розиман, ёмонланг мени беомон.
Ёмон кўриб кетдим ўзимни ёмон –
Малагим, мен сизни ранжитиб қўйдим.
Гулга ўз тиконин озори етмас,
Мен ҳатто тикондан баттар хору хас.
Санчиқдек ботяпти кўксимга нафас –
Малагим, мен сизни ранжитиб қўйдим.
Афв этинг, эй кўнгли юмшоқ гулойим,
Эҳтимол кечирар шунда худойим.
Елкамда кетмасин оғир хатоим –
Малагим, мен сизни ранжитиб қўйдим.
2009


Бахтли Бўламиз

Пешонамга муштоқ неча деворлар,
Умид гулшанини қоплади қорлар.
Ўтиб қаҳратонлар, келиб баҳорлар,
Гулим, биз албатта бахтли бўламиз!
Ҳилолнинг ҳаққи бор бир кун тўлишга,
Ҳеч ғунча очилмас эрта сўлишга.
Дунёга келгансан бахтли бўлишга,
Гулим, биз албатта бахтли бўламиз.
Гулга нима керак – сув, қуёш, тупроқ.
Йўлингда тупроқдек хоксорман муштоқ!
Ишқим офтоб бўлар, меҳримдан булоқ,
Гулим, биз албатта бахтли бўламиз.
Муз сўзлар кор қилмас бағрим чўғ менинг,
Майда ғийбатларга ишим йўқ менинг.
Эртанги кунимдан кўнглим тўқ менинг,
Гулим, биз албатта бахтли бўламиз.
Муҳаббат тобланар айрилиқ чоғи,
Висолдан ширинроқ соғинч ҳам гоҳи.
Бир гўзал бўстонда учрашиб охир,
Гулим, биз албатта бахтли бўламиз.
2008


Кулиб Яшанг

Қора тунга кўрк бўлса моҳтоб,
Коинотга нур берса офтоб,
Ёритмаса кўнглингизни лек
Ой қуёшнинг ёғдуси сароб –
Қадри йўқдир сариқ чақадек.
Саҳроларни боғ этса кўклам
Ва ёзилса ям-яшил гилам.
Ёзилмаса кўнглингиз, дилдор,
Дилингизни тарк этмаса ғам,
Баҳор, кўклам келгани бекор.
Қучоғида дури бор денгиз,
Поёни йўқ беғубор денгиз
Юволмаса дилингиз дардин,
Қуриб битсин бу бадкор денгиз –
Ел совурсин самога гардин.
Латиф шеърлар айтсам сизга деб,
Бутун олам тингласа севиб.
Шодланмаса кўнглингиз бироқ,
Кун кўраман ич-этимни еб –
Гунг бўлганим эди яхшироқ.
Қувончингиз учун, малагим,
Керак бўлса берай юрагим.
Не десангиз мана мен тайёр,
Сиздан фақат битта тилагим –
Кулиб яшанг, бўлинг бахтиёр!
2010


Оталарга

Ҳақми ноҳақ сўзларини
Фармон билар оталар.
Ўйламай гул қизларини
Хазон қилар оталар...
Орзулари тонгдан гўзал
Гул ўсади боғида.
Ул шўрликнинг тақдири ҳал
Улфатчилик чоғида.
Пиёлалар майга тўлиб,
Ичилади гўл қасам:
“Нима қилдим улфат бўлиб
Сенга қуда бўлмасам!”
Ота рози – худо рози,
Дуо олган унади.
Ўзбекларда шу тарози,
Бунга ҳамма кўнади.
Қиз раъйига зинҳор-зинҳор
Қарамайди оталар.
Гул кўнгилда нима гап бор
Сўрамайди оталар.
Ота қарор қилдими бас,
Ким терс чиқар сўзига.
Қизига мос йўлдош эмас,
Қуда танлар ўзига.
Бунга фақат ҳақли ўзи,
Барини ҳал қилади.
Хаёлида гўдак қизи
Ниманиям билади.
Қиз улғайган йиллар ўтиб,
Кўнглида ишқ пинҳона.
Зуҳроларни сирдош тутиб,
Барчинойни дугона.
Гул кўнгилда нима савдо
Билмайди ҳеч оталар.
Билса ҳамки бунга парво
Қилмайди ҳеч оталар.
Карнай-сурнай, қўш ноғора –
Дабдаба тўй бошланар.
Қиз тополмай бирор чора,
Мунчоқ кўзи ёшланар.
Кетар чоғи якунида
Дод солганда чўкиб тиз,
Ота ўйлар: “Тўй кунида
Йиғлайди-да ҳамма қиз!”
Қайдан келар шунча кўз ёш
Иши бўлмас оталар.
Қиз болага сира сирдош
Киши бўлмас оталар.
Ваҳоланки, ўзлари ҳам
Ошиқ бўлган бир замон.
Айрилиқдан кўзлари нам,
Ғамга тўлган бир замон.
Унутганлар қадди чўкиб,
Бедор ўтган тунларни.
Қиз отасин сўкиб-сўкиб
Ўксиб кетган кунларни
Чиқарманг ҳеч эсингиздан,
Такрорламанг хатолар –
Тўйдан олдин қизингиздан
Кўнгил сўранг, оталар!
2006


Қандай Яхши

Қандай яхши ўйларимда сенинг борлигинг,
Хаёлимга нур беради чеҳранг сурати.
Кийиклардай ҳуркаклигинг, беозорлигинг,
Қўл чўзмоққа етармиди ошиқ журъати?!
Орзуларинг қордай майин, қордай покиза,
Оташ қалбим тафтларида эриб кетгудай.
Лекин сендан кетолмайман умидим уза,
Хаёлимда масофамиз осон етгудай.
Олийжаноб туйғуларим жўш ургани дам,
Сенга оқ йўл, бахт тилайман, омад тилайман.
Аммо асли энг муносиб шаҳзодага ҳам,
Сени асло бергим келмас, нима қилай ман?!
Чин ошиққа ёри бахтли бўлса бас эмиш,
Бу гапларга кўниколмай яшайман ҳамон.
Умринг боғи ичра менсиз ўтса ёзу қиш,
Кўнглинг тўлиб, бахтли бўлиб кетишнинг ёмон.
Майли, барин топшираман тақдир измига,
Муҳаббатга ўраб қўйиб бутун борлиғинг.
Ачинмайман ҳаётимнинг қолган қисмига,
Қандай яхши хаёлимда сенинг борлигинг!
2009


Аҳд

Жонга тегди алам озорлар,
Қачонгача ўксиб юраман.
Ёлғон иқрор, сохта изҳорлар...
Муҳаббатсиз яшаб кўраман.
Мингга кириб ғўр экан севги,
Пешонаси шўр экан севги,
Кўзи очиқ кўр экан севги,
Муҳаббатсиз яшаб кўраман.
Бугун қизлар суйишни билмас,
Лайличалик куйишни билмас,
Ишқ завқини туйишни билмас,
Муҳаббатсиз яшаб кўраман.
Чарчаганга ўхшайди дилим,
Хушомаддан тўхтайди тилим,
Алам қилсин сизга, севгилим,
Муҳаббатсиз яшаб кўраман.
Бир кун учраб нозик гулғунча,
Юрагимга олов солгунча,
Хуллас, яна севиб қолгунча,
Муҳаббатсиз яшаб тураман.
2009


Тақдир

Тириклигим асорати –
Туйғуларим ҳарорати
Сўниб боряпти.
Қайсар кўнглим
Тақдирга жим
Кўниб боряпти.
Кимдир билиб, билмай биров,
Қўлдан кетар имконжилов.
Кузак келмай сочга қиров
Қўниб боряпти.
Умр сочдим тўзонларга,
Боғим тўлди хазонларга.
Орзуларим армонларга
Дўниб боряпти.
Дардим ичга ютган сарим,
Тўлиб борар дил дафтарим.
Кўргулигим киприкларим
Кўмиб боряпти.
Таништириб омад ўзин,
Дўстман деди, олдим сўзин.
Бугун эса мендан кўзин
Юмиб боряпти.
Кезиб умр боғи аро,
Ниҳол экдим қадди расо.
Тақдир менга эгри асо
Йўниб боряпти.
Қайсар кўнглим
Тақдирга жим
Кўниб боряпти.
2008


Сен Йиғлама

Севги туғилганда ҳижрон ҳам ҳозир,
Биласан бу дунё азалдан бир кам.
Ўлимдан бошқасин чораси бордир,
Фақат сен йиғлама, йиғлама, эркам.
Бировлар олдида эгилиб бошлар,
Тўрт ёндан ёғилди маломат тошлар.
Кўзларингга тўлиб аламли ёшлар,
Фақат сен йиғлама, йиғлама, эркам.
Ўн беш кун қоронғу қисмат ҳилолга,
Чин ошиқ етмайди осон висолга.
Мудҳиш фикрларни солиб хаёлга
Фақат сен йиғлама, йиғлама, эркам.
Кўрасан бу кунлар ўтиб кетади,
Ойсиз қора тунлар ўтиб кетади,
Туманлар, тутунлар ўтиб кетади,
Фақат сен йиғлама, йиғлама, эркам.
Гулдан шундоққина мева битмайди,
Кулфатлар сабримни хароб этмайди,
Фақат кўзёшингга бардош етмайди,
Фақат сен йиғлама, йиғлама, эркам.
Кулсанг яшнаб кетар ғурбатли олам,
Ширин табассуминг энг тотли малҳам.
Кун келиб ҳатто мен ўлганимда ҳам,
Фақат сен йиғлама, йиғлама, эркам.
2007


Қизгинанинг Қараши

Кўзбулоғим қайнатган,
Юрагимнинг оташи.
Юрагимни ўйнатган,
Қизгинанинг қараши.
Бунча ширин нигоҳи,
Бундан ширин қараш йўқ.
Жон ўртаса фироғи,
Бир бор аҳвол сўраш йўқ.
Туйғуларин тош билан
Тўсганлиги ҳайратли.
Тошбағирда гул-чаман
Ўсганлиги ҳайратли.
Қачон мени маст этар,
Лабларининг гулоби.
Нигоҳимни хас этар
Кулгичларин гирдоби.
Ёнгинамда бўлса ҳам,
Унга ета олмайман.
Сабр косам тўлса ҳам,
Ташлаб кета олмайман.
Жондан ўтиб қийноғи,
Кетсам кетай янчилиб.
Узилмасин нигоҳи
Юрагимга санчилиб!
2007


Бунча Сулув Қизсиза

Лабингиздан ранг олган тоза қирмиз ғунчалар,
Қийиқ қаро кўзларда қайдан сеҳр шунчалар?!
Ҳеч чеҳрага майда хол ярашмаган бунчалар,
Бу чиройни кўрганлар тўхтаб қолар сўзсиза,
Бунча сулув қизсиза, бунча сулув қизсиза?!
Кўнгилдаги изҳорин тезроқ сизга айтай, деб,
Минг ошиқ минг оввора васлингизга етай, деб.
Тангри сизни яратган дунёни лол этай, деб,
Бу дунёнинг аҳволи не бўларди сизсиза?!
Бунча гўзал қизсиза, бунча гўзал қизсиза?!
Қоматингиз олдида сарв қаддида кўрк қолмас,
Бир бор нигоҳ солганнинг кўзларида эрк қолмас.
Сизга боққан қароқлар бир лаҳза ҳам берк қолмас,
Пари-пайкар ё малак, ё жодули кўзсиза
Бунча сирли қизсиза, бунча сирли қизсиза?!
Бари-бари ҳавасли сизга неки дахлдор,
Эгнингизга ярашган кўйлагингиз бахтиёр.
Қўш ҳилол икки Зуҳро айтинг яна қайда бор?!
Ҳусн отлиғ самода энг гўзал юлдузсиза
Бунча нурли қизсиза, бунча нурли қизсиза?!
Гарчи ошиқ юракнинг туйғулари ўт-олов,
Изҳорига журъат йўқ қаршингизда бўш-баёв.
Нетай қайсар кўнгилга керакмас бошқа биров,
Айтайми ё айтмай, деб, умрим ўтар эссиза,
Бунча сулув қизсиза, бунча сулув қизсиза?!
Нозиктаъб қиз, сўзимни оғир олманг дейман-да,
Қўпол айтган изҳордан ранжиб қолманг дейман-да,
Ранжисангиз бир умр ич-этимни ейман-да,
Омадлининг дилдори бахтли бўлинг бизсиза,
Бунча гўзал қизсиза, бунча гўзал қизсиза?!
2008


Бир Ажиб Туйғу Бор

Бир ажиб туйғу бор кўнглимда, гоҳо
Дарёдек сокину жилғадек жўшқин.
Уни ифодалаб бўлмас мутлақо,
Тил ожиз айтмоққа унинг қўшиғин.
Унга бўйсунади ақлу ихтиёр,
Ҳукмидан бир лаҳза кетмасдан нари.
Югуриб хизматин қилади хаёл,
Содиқ итоаткор бир қул сингари.
Унинг ҳукми билан кўзларда фақат,
Бир сурат кўринар қайта ва қайта.
Тил унинг зулмидан олади роҳат,
Фақат бир исмни айта ва айта.
На ақл, на кўнгил, на тил, на вужуд,
Қаршилик қилади ҳукму раъйига.
Агарда истаса борлиқ, бору буд
Сўзсиз бош эгади унинг пойига.
Бу туйғу ҳар недан устун келади,
Бу – муҳаббат, десам кўнмайди юрак.
Севги тушунчаси торлик қилади,
Ундан-да буюкроқ бошқа ном керак!
2008


Айиради Ҳушимдан

Ойга андоза юзлар,
Тундан олинган кўзлар,
Болдан қорилган сўзлар
Айиради ҳушимдан.
Туташ қайрилма қоши,
Нозли-нозли қараши,
Дудоқдаги оташи
Айиради ҳушимдан.
Гоҳ араз, гоҳ озори,
Гоҳ аёз, гоҳ баҳори,
Зулфларининг ифори
Айиради ҳушимдан.
Нурдек майин бармоқлар,
Ширин-ширин титроқлар,
Нозик белу қучоқлар
Айиради ҳушимдан.
Айрилганман ҳушимдан,
Бу дунёга хушим йўқ.
Кечдим бошқа ишимдан,
Ишқдан бошқа ишим йўқ.
2008


Кўнглимни Қолдириб

Бардошим тоғлардан оз эмас,
Сабримни тўлдириб борасиз.
Азизам, инжиқлик ноз эмас,
Кўнглимни қолдириб борасиз.
Ёмонлар кўпайган замонда,
Ёр ҳолин билмасанг ёмон-да,
Азоблаб хавотир гумонда,
Кўнглимни қолдириб борасиз.
Гулоб деб ё шароб ичдимми?
Ва сархуш алдовга учдимми?
Гул дея тиконни қучдимми?
Кўнглимни қолдириб борасиз.
Ҳаттоки соямдан рашк қилиб,
Ҳар бўлар-бўлмасга ашк қилиб,
Кун бўйи юрагим ғаш қилиб,
Кўнглимни қолдириб борасиз.
Охири паймонам тўлади,
Муҳаббат чечаги сўлади.
Ўшанда жуда кеч бўлади,
Кўнглимни қолдириб борасиз.
2009


Сўзсиз Севги

Ғоят латиф сўзлар танладим,
Сен ҳақингда шеърлар битмоққа.
Барча ташбеҳ ожиз англадим
Таърифингни адо этмоққа.
Ғоят нафис ранглар танладим,
Суратингни чизай деб, эркам.
Қиёси йўқ чеҳранг англадим
Тонгдан ёруғ ранглардан кўркам.
Ғоят майин оҳанг танладим,
Куйламоққа чиройинг дилбар.
Чолғуларни тинглаб, англадим
Куйга сиғмас мадҳинг муқаррар.
Ғоят гўзал гуллар танладим,
Гулдастага тўлсин қучоғинг.
Чаманлардан аъло англадим
Биттагина ғунча дудоғинг!
Ҳамма нарса мен каби нўноқ,
Нечун керак нотугал изҳор.
Меҳр тўла кўзларимга боқ,
Сени сўзсиз севаман дилдор!
2009


Қора Қиз

Бир келдингу бир кулдингу сеҳрлаб кетдинг,
Кўзларимга суратингни муҳрлаб кетдинг,
Синовлардан ўтган ақлим чорасиз қолди,
Қалбим, сабрим ва оромим ўғирлаб кетдинг.
Бор гўзаллик оппоқ пари-ҳурларда дердим,
Юзларида жилваланган нурларда дердим.
Қорамағиз чеҳрада ҳам шунча малоҳат...
Аллоҳ, Аллоҳ, қудратингга яна тан бердим!
Эй худонинг мўъжизаси, эй қоши бахмал,
Юзинг, кўзинг, табассуминг оламга сайқал.
Ожизларга бор санъатин этмиш намоён
Сени ижод қилганида наққоши азал.
Энди менга керак эмас қадаҳ тўла май,
Сархуш бўлдим гулобингдан бир татим ичмай.
Таърифга сўз тополмадим сенга муносиб
Айланайин ярашиқли кулгичингдан-ай!
Бир келдингу кетдинг, шундоқ этганинг яхши,
Менсиз мурод мақсадингга етганинг яхши.
Ўзимдан ҳам, кўзимдан ҳам асрайин сени,
Мен билмаган томонларга кетганинг яхши.
2008


Нилуфар

Нилуфар – чеҳраси гуллардан гулгун,
Нилуфар – кўклардан тўкилган юлдуз!
Кўксимда барқ уриб гуллайди бир кун –
Нилуфар – кўнглимга кўмилган илдиз!
Кўриб бир лаҳзада англадим, билдим,
Мен энди ночорлар ичра бечора.
Чеҳрасига боқиб хаёллар қилдим:
Лабида табассум бўлсайдим зора.
Беғубор кулгиси булоқдай тиниқ,
Эркалик, шўхлиги париларга хос.
Бўғзимдан узилиб кетди хўрсиниқ,
Сўз топа олмадим чиройига мос.
Мен унга энг сара ташбеҳлар айтдим,
Шоҳбайтлар ўқидим қатор ва қатор.
Сўзимдан қониқмай тушуниб етдим:
Шеърият нўноқдир, шоирлик бекор!
Нилуфар – сўзларга сиғмас малоҳат,
Нилуфар – таърифи чексиз, адосиз.
Беҳуда чиранмай, ҳуснига фақат
Жим термулмоқ керак, сўзсиз, садосиз.
2008


Севгипараст

Бир лаҳза лол қолдим сукутда,
Асир этди кўзлари хумор.
Шафқат қилгин, юрагим битта
Менга бундай қарама, дилдор.
Қарашларинг жонимга етар,
Кўнглим беҳад бахтиёр этар.
Юрагим тарс ёрилиб кетар,
Менга бундай қарама, дилдор.
Нигоҳларинг бунча ёқимли,
Лабинг худди ғунча ёқимли.
Қанча боқсам шунча ёқимли,
Менга бундай қарама, дилдор.
Сузук кўзлар сабримга синов,
Вужудимга ташлайди олов.
Қўлдан кетар ихтиёр, жилов...
Менга бундай қарама, дилдор.
Севгипараст шоир боламан,
Ҳозир аниқ севиб қоламан.
Ўнг юзингдан ўпиб оламан,
Менга бундай қарама, дилдор.
2008


Яшайман

Қисматнинг энг оғир юки елкамда,
Юракда адоқсиз ҳасрат, яшайман.
Ҳижрон иқрорига бўйин эгсам-да,
Мен сизни кўнглимда асраб яшайман.
Изимдан авайлаб гулбоғингизни,
Кўксимдан авайлаб қучоғингизни,
Лабимдан авайлаб дудоғингизни,
Кавсар ёқасида чанқаб яшайман.
Сизга талпинади телба ҳисларим,
Беҳиммат оламдан ёлғиз изларим.
Ҳуркак нигоҳингиз тутса кўзларим –
Фалак шамширидек чақнаб яшайман.
Ойдин жамолингиз, жилвангиз майин,
Чеҳрангиз қўмсайман термулган сайин,
Ўнгимда ёдимдан кетмайсиз тайин,
Тушимда номингиз алқаб яшайман.
Қачондир ҳажрдан толарсиз, дея,
Қўлга ишқ шаробин оларсиз, дея,
Бир куни ёқтириб қоларсиз, дея,
Ҳар куни ўзимни алдаб яшайман.
Истагим ижобат этмассиз гарчи,
Севгига бошингиз эгмассиз гарчи,
Покиза фаришта эмассиз гарчи,
Мен сизни кўнглимда асраб яшайман.
2002


Ёлғон

Шеър ўқиб таҳсинлар кутганлигим рост,
Олқишни май каби ютганлигим рост,
Ўзимни шоирдек тутганлигим рост,
Бундан бошқа таъма этганим ёлғон.
Чиндан ўн сакиз ёш – саргаштлик сайли,
Лаҳзада минг турфа балоғат майли.
Ҳамон қалбимдаги софлик туфайли
Сиздан кўнгил узиб кетганим ёлғон.
Рости кўп йиқилдим равон йўлда ҳам,
Йўлимда йўқ ердан йўлдош бўлди ғам.
Дардимга султонлар қулоқ тутган дам,
Дил ёриб, додимни айтганим ёлғон.
Қолмай деб ғавғою миннатларига
Беркиндим юрагим хилватларига.
Қўл силтаб кетганман ҳимматларига,
Ёлвориб ортимга қайтганим ёлғон.
Кун келиб, қайтмоқни ихтиёр этсам,
Висолдан дил узиб, юз буриб кетсам.
Шу билан муроду мақсадга етсам,
Муроду мақсадга етганим ёлғон.
2002


Ҳурмат Чегараси

Сизга ҳурматимнинг чегараси бор,
Ундан уёғига йўламанг зинҳор.
Йўқса кўнглингизга оғир оласиз,
Мени ёмон дея ўйлаб қоласиз.
Наҳот айб саналса қадрим билганим,
Ўзимни сиз каби ҳурмат қилганим.
Агар шундай бўлса, майли, ёмонман.
Мен ҳам Яратганга азиз инсонман!
2010


Бой Буванинг Ой Қизи

Бу қисматнинг ёзиғи –
Кўнглинг тилар-тиламас,
Бой буванинг ой қизи
Ишқ нелигин англамас.
Ой ўрганган осмонга,
Ерга сира қўнмайди.
Офтобдан ўзга жонга
Минг ёлворгин кўнмайди.
Чўпчаклар бари рўё,
Ишонма ҳеч ёлғонга.
Малика икки дунё
Ёр бўлмаган чўпонга.
Бекор йиғлаб куйганинг,
Тополмайсан йўқ илож.
Маликанинг суйгани
Тилло қаср, олтин тож.
Бу қисматнинг ёзиғи
Минг тилагин ўчмайди.
Бой буванинг ой қизи
Қаро ерни қучмайди.
2002


Кўнгил Узмайман

Узун экан дунёнинг дасти,
Енгимоққа чора излайман.
Сиз ўзгага муштоқсиз рости,
Биламану кўнгил узмайман.
Ошиқмайсиз истиқболимга,
Кўчангизни қанча кезмай ман.
Дарбадарман, ўз аҳволимга
Куламану кўнгил узмайман.
Кўз ёшларим ювди йўлимни,
Ўз ярамни ўзим тузлайман.
Сизни ўйлаб такрор дилимни
Тиламану кўнгил узмайман.
Дуркун умрим бўлди заъфарон,
Йўл ярмида ҳорғин кузлайман.
Зўр келса гар қисмати ҳижрон,
Ўламану кўнгил узмайман.
2002


Иқрор

Сўзга сиғар ҳисларимни баён этдим,
Минг оҳангда истагимни аён этдим.
Ғафлат билан ярим умрим поён этдим,
Энди сизга тортиқ ҳатто уйқуларим,
Сўз бағридан жой топмаган туйғуларим.
Тилим толмас сано айтиб санамларга,
На султонман кўнгил мойил ҳарамларга.
Фақирлигим солар, ё Раб, аламларга,
Наҳот шунча майда менинг қайғуларим?
Юрагимда қолиб кетган туйғуларим.
Сиз дунёни поклаш учун етардингиз,
Балки мени Ҳожи Аҳмад этардингиз,
Рости, ердан қадр топмай кетардингиз,
Асли руҳи беҳишт билан уйғунларим,
Юрагимда қолиб кетган туйғуларим.
Ёлғон яшаб нафсимга ҳеч низоим йўқ,
Қилмишимдан қиёфамда изоим йўқ.
Бахтсизлигим – бу дунёда жазоим йўқ,
Хатар этса қиёматнинг қутқулари,
Асранг мени изҳори йўқ туйғуларим.
2001


Сал Аввал...

Сал аввалроқ яшар эдим ўйнаб-кулиб,
Юраккинам ошно эди ҳаловатга.
Бир лаҳзада бахтга тўлиб, бахтсиз бўлиб,
Қисматимни кўмдим афсус-маломатга.
Сал аввалроқ борми эдинг, бўлсанг қандоқ
Яшай олдим сендан олис ва бехабар?
Наҳот энди менга қисмат боқий фироқ,
Наҳот энди ишқим бенаф ва бесамар?
Сал аввалроқ олов янглиғ ғунчамидинг,
Капалакка бўй бермаган, бош эгмаган.
Гулим, ҳайҳот эртак энди ғунчалигинг –
Ёмғир ўпган дудоғингга лаб тегмаган.
Сал аввалроқ билганимда эди Лайлим,
Мажнун кўнглим тўлмасмиди оғриқларга.
Икки дунё ичра сени бермас эдим
Муҳаббатни ҳирс англаган фосиқларга.
Сал аввалроқ иқбол ўчди пешонамдан,
Дилим ўлди, дилсиз яшаб нетай энди.
Ишқсизларга висол тутган бу оламдан,
Сал аввалроқ бошим олиб кетай энди.
2001


Тушимдаги Қиз

Юрагимни қийнайди бир ҳис,
Фикрларга сиғмаган туйғу.
Тушларимга киради бир қиз,
Мендан уни қизғонар уйқу.
Ҳар кечада одатий такрор:
Кўзим юмсам, унинг даргоҳи.
Масофаси бир қадамча бор,
Кўринмайди йўлнинг адоғи.
Рухсорига охир етдиму,
Силай дедим, сочлари ялпиз.
Уйқу уни олиб кетдию,
Яна қолдим тонг билан ёлғиз.
Тўхтаб борар олов юрагим,
Наҳот дилда қиёмат қайғу.
Висолидир ёлғиз тилагим,
Мендан уни қизғонма уйқу.
2001


Алдовлар Бас Энди

Менинг ғуруримни осмондан сўра,
Лекин ишқ бошимни эгди, гулижон.
Йиғлоқи шоирлик сендан ҳам кўра
Ўзимнинг жонимга тегди, гулижон.
Қуёшдан чароғон чеҳрангни кўриб,
Жунун саҳросида ақлдан оздим.
Қўлингдан бир бора тутмасдан туриб
Қайноқ бўсаларинг ҳақида ёздим.
Ёлғон байтларимда мен чалолмаган
Зулфинг қўнғироғин жаранглари бор.
Ошиқлар такрора айтиб толмаган
Севги изҳорига бўлганман иқрор.
Тугал бахтли эдим яна шеъримда –
Боғларни ёнма-ён кезганмиз сархуш.
Бугун оғриқ турди муштдек еримда,
Наҳот умрим бори хаёл ила туш.
Алдовлар бас энди муҳаббат аро,
Фарҳоду Мажнунлар менга дарс эмас.
Қўлимга қўлингни тутгил, дилоро,
Ёлғонсиз яшайин ҳеч йўқ бир нафас.
2004


Қўрқув

Эй рақиблар, билинг ҳеч наф йўқ,
Юрагимга қутқу солишдан.
Бор қўрқувим – кўнглимдаги чўғ
Оловланмай ўчиб қолишдан.
Исён билан ҳамнафас яшаш
Мерос Машраб бободан менга.
Тафт олади дилдаги оташ,
Мудроқ қалби музларни енга.
Саодатга биринчи раҳна –
Индамаслик, розилик, жимлик.
Томошангни бас қил, эй саҳна,
Жонга тегди томошабинлик.
Дардлари кўп дил дафтарининг,
Кошки барин баён этолсам...
Ўлганим шу – илҳом парининг
Шивирини англолмай қолсам.
Адо этар ким менинг фарзим,
Бош кўтармай ётсам болишдан?
Қўрқаман кўп дунёдан қарзим
Узмай туриб кетиб қолишдан.
2004


Илтижо

Азон. Бомдод. Ибодатга ибтидо,
Албатта ижобат неки тиласанг.
Эй барча асрордан хабардор Худо,
Сендан нима тилашимни биласан:
Тақдир кулиб, толенинг энг ёруғи
Ҳамроҳ бўлсин деҳқон бобо йўлида.
Юлдуздек сочилсин буғдой, тариғи,
Ҳилол олтин ўроқ бўлсин қўлида.
Майдон ичра от чопганда чавандоз,
Чақмоқ отсин тулпорининг туёғи.
Давраларда кўкрак керсин қадди ғоз,
Ғурур бўлсин эр йигитнинг байроғи.
Кибр кетиб ул қиз нафасларидан,
Юрагини ишқ қонида рангласин.
Бу дунёнинг ҳамма ҳавасларидан
Ёрлик бахти афзаллигин англасин.
Яна кўпдир илтижойим, дуойим
Тилакларим буюк ҳадди аълоси –
Шу миллатга бир дард бергин, Худойим,
Аҳилликда бўлсин унинг давоси.
2004


Эрка Қиз

Ўйнаб ўсдик, эй парирухсор,
Муҳаббатга етди ёшимиз.
Сен – эрка қиз, мен – эркин шунқор,
Боғлаб бўлмас бизнинг бошимиз.
Болаликдан ўжарман ўзи,
Қайтарим йўқ айтар сўзимдан.
Ўпиб олсам, тарсакчанг изи
Кетгани йўқ ҳамон юзимдан.
Югурардим қўлингдан тортиб,
Ёқар эди ҳамма шўхлигим.
Сочингдаги оройиш, тартиб
Англатарди менинг йўқлигим.
Сўнг аразлар ўрнига нозлар
Болаликнинг риштасин узди.
Кундан-кунга нозик пардозлар...
Ўйинимиз балоғат бузди.
Ҳадиксираб юрагим қурғур,
Кетиб қолдим ёнингдан кўчиб.
Эй эрка қиз, сени бир умр
Аразлатиб қўйишдан чўчиб.
Ҳозир олис яшайман ва лек,
Муҳаббатим ҳаддан зиёда.
Ишон, сени ҳеч кимса мендек
Севолмайди икки дунёда!
Ўйнаб ўсдик, эй парирухсор,
Муҳаббатга етди ёшимиз.
Сен – эрка қиз, мен – эркин шунқор,
Боғлаб бўлмас бизнинг бошимиз.
2004


Севгилим

Кўкка термуламан тунда ўй суриб,
Юлдузлар ишқимга гувоҳ, севгилим.
Шундай сулувсанки, ёнингда юриб,
Сени севмай яшаш – гуноҳ, севгилим.
Исминг Гул, ифоринг гулдан хушбўйроқ,
Фасллар алмашар сен ўша-ўша –
Шабнамдан покиза, ойдан хушрўйроқ,
Лаҳзалар ўтади яна кўрк қўша.
Сен кулсанг чаманлар қўшилиб кулар,
Лабинг табассуми – олам қувончи.
Дунёнинг бошига маломат бўлар,
Мунчоқ кўзларингдан томган ҳар томчи.
Ҳаётга келганман висолинг учун,
Бенаво умримга мазмун хаёлинг.
Юракда авжланар туғён кундан-кун,
Янгидан севдирар тилдаги болинг.
Ўхшашинг йўқ сенинг, боринг бошқача,
Не қилай айт, эй Гул, нозинг соғинсам?!
Қайсар дил кўнмайди сендан бошқага
Нетай ёлғиз ўзинг қалб ардоғимсан.
2004


Кулгуси Қўнғироқдек Қиз

Маъюс, маҳзун хаёл сурасан,
Кўз ўнгимда ўксиб турасан.
Эй кулгуси қўнғироқдай қиз,
Нима қилсам кулиб юрасан?!
Кўҳиқофни толқон этайми,
Саҳроларни бўстон этайми,
Ё ишқимни достон этайми,
Нима қилсам кулиб юрасан?!
Ғам булути тўрт томон қочиб,
Офтоб юзинг ёздулар сочиб,
Кулгичларинг чиройинг очиб,
Нима қилсам кулиб юрасан?!
Ҳар кимга мос туйғу ярашар,
Мана менга қайғу ярашар.
Сенга фақат кулгу ярашар,
Нима қилсам кулиб юрасан?!
Руҳу дилим оғрир қайғудан,
Мени қутқар оғир қайғудан.
Халос бўлай охир қайғудан –
Нима қилсам кулиб юрасан?!
2009


Гўзаллар

Юрагим-эй, бўлди бас
Кўз ёшингни арт энди.
Алдовларга қасдма-қасд
Яшашимиз шарт энди.
Азал сўзи асаллар
Озор учун яралган.
Асли ҳамма гўзаллар
Бозор учун яралган.
Ҳозир висол боғига
Элтолмайди йўлимиз.
Чорлайди қучоғига
Узайганда қўлимиз.
Кўз ёш эмас ўшанда,
Висол майин ичамиз.
Гул юзларни гулшанда
Танлаб-танлаб қучамиз.
Азал сўзи асаллар
Озор учун яралган.
Асли ҳамма гўзаллар
Бозор учун яралган.
2003


Шаҳарда

Оёқлар остидан емиш қидириб,
Шовқиндан қўрқмайди шаҳарлик қушлар.
Оламон ичига ўзини уриб,
Писта пўчоқ билан нафсини хушлар.
Асфальт йўлакларнинг чокини сўкиб,
Исён кўтаради нозикқад майса.
Қўйсанг ҳам устидан тошларни тўкиб,
Барибир кўтариб чиқади найза.
Ортиқ тингламайди бировни биров,
Ҳар ким ўз ҳолича яшашни ўйлар.
Озод булутларнинг йўлларида ғов –
Қани ким ўзарга бўй чўзган уйлар.
Шаҳарда фурсат ҳам шошқалоқ жуда,
Олифта қизлардек ортига боқмас.
Ёниб-куйишларинг бари беҳуда,
Мудроқ кўнгилларга муҳаббат ёқмас.
Қадим қонунлари қатъий макон бу:
Ҳаммани бир кўйга солиб қўйгувчи.
Алдовга фаровон турмуш берару
Диллардан шафқатни олиб қўйгувчи.
Мен ҳам шу муҳитда улғайдим, Она,
Гарчи болалигим беғубор ўтган.
Ёнингизга қайтгим келади яна,
Афсус, у туйғулар мени унутган.
Синглим деб куярдим қизғалдоқ учун,
Бугун кипригимда эски ёш қотган.
Юрагим ўрнида муштдек бир тугун,
Дилдошлик йўқолган, дийдам тош қотган.
Аммо мен асролдим таниш туйғуни –
Болалик завқлари ёдда қоларкан.
Умрим адоғида охир бир куни
Капалак қаноти қарши оларкан.
2004


Сирдарё

Сенга айтай шарҳи дилимни,
Андуҳларим кетгаз, Сирдарё.
Ишқим рамзи – атиргулимни
Суйганимга етказ, Сирдарё.
Ҳарирқанот паридай сузиб,
Бир қиз кетди оромим бузиб.
Ният қилдим битта гул узиб –
Суйганимга етказ, Сирдарё.
Совчим бўлсин сувинг оқими,
Бориб айтсин кўнглим оҳини.
Гулим олсин дилим соҳиби,
Суйганимга етказ, Сирдарё.
Гарчи ерда томчи – мунчоқсан,
Амудан кенг ҳайбатинг боқсам.
Тоҳир бўлиб бағрингда оқсам,
Суйганимга етказ, Сирдарё.
Умрим ўтар унинг ўйида,
Сарсон ўтмай ҳижрон кўйида.
Яшар эмиш соҳил бўйида,
Суйганимга етказ, Сирдарё.
Япроғига ёзиб қатма-қат,
Қучоғингга отдим бир гулхат.
Ёзганим сир, айтсанг ҳам фақат
Суйганимга етказ, Сирдарё.
2003


Ёшингизни Айтиб Турар

Бўйларимиз бўйлагани ёшман, дейсиз,
Бировларни ўйлагани ёшман, дейсиз.
Ишқ куйига ўйнагани ёшман, дейсиз,
Ёшингизни айтиб турар кўзларингиз!
Ўн саккизда барчинойлар бўйга етар,
Бойчиборли Алпомишни орзу этар.
Севга йўқ, деб овозингиз титраб кетар,
Ёшингизни айтиб турар сўзларингиз,
Кеча тўптош ўйнаган қиз – эрта келин,
Момолари тилаб қолар ёруғ йўлин.
Жамолингиз ўн беш кунли ойдан тўлин,
Ёшингизни айтиб турар юзларингиз.
Жон риштаси сочингиз ҳар толасида,
Суратингиз кўзларимнинг қорасида.
Юракдек қон атиргулзор орасида
Ёшингизни айтиб турар изларингиз.
Ёд биласиз минг ноз ила карашмани,
Аразлару, аччиқлару ҳар нимани.
Ёшман ҳали, деб алдайсиз бунча мани
Ёшингизни айтиб турар ҳисларингиз.
2003


Шу Қизчага Меҳрим Бўлакча

Ёрим билан ёнма-ён юрай,
Узаяқол қисқа йўлакча.
Узоқ-узоқ суҳбатлар қурай,
Шу қизчага меҳрим бўлакча!
Кўргим келар кўрганим сари,
Жонни қийнар ҳижрон хатари.
Айнитмасин дугоналари,
Шу қизчага меҳрим бўлакча!
Дунё гулзор – чиройи тўкин,
Танлаб нигоҳ ташласанг секин,
Гўзаллар кўп, гўзаллар, лекин
Шу қизчага меҳрим бўлакча!
Ошиқ учун висолкун – байрам,
Доим бирга шодлик ва алам.
Аччиқлари ширинки бирам,
Шу қизчага меҳрим бўлакча!
Келар исмин такрор сўрагим,
Бармоғимга зулфин ўрагим.
Тарс ёрилар ҳозир юрагим,
Шу қизчага меҳрим бўлакча!
2003


Сиз Мени Эслайсиз

Сиз мени эслайсиз, лаъли лабингиз
Тоза табассумни соғинганида.
Қизғалдоқ баргидан нозик қалбингиз
Дилозор сўзлардан оғринганида,
Сиз мени эслайсиз.
Қулоққа айланиб жону жисмингиз
Қадрдон товушга зор бўлганида,
Менинг лафзимдаги гўзал исмингиз
Ишқсизлар тилида хор бўлганида,
Сиз мени эслайсиз.
Қалбингиз тубида қолган сўзингиз
Тунлар уйқу бермай қийнаганида,
Ногоҳ суратимга тушиб кўзингиз,
Бедор юрагингиз ўйнаганида,
Сиз мени эслайсиз.
Ширин хотиралар ёдингиз бузиб,
Хумор этганида эркалигингиз,
Чидолмай садоқат риштасин узиб,
Унутиб бир уйга бекалигингиз,
Сиз мени эслайсиз.
Мен унда ёқимли эртакка чўмиб,
Кетаман энг узоқ тушдан-да олис.
Кўрмоқчи бўласиз кўзингиз юмиб,
Дунёни унутиб, ҳаммадан холис
Сиз мени эслайсиз...
2003


Дилдорим

Юрагимга ўт солди
Истарангиз тафти, ёр.
Ақл чорасиз қолди,
Қўлдан кетди ихтиёр.
Халоватим йўқолди,
Бўлди зорлик бахти ёр,
Оҳи еру фалакни
Ёқмоқ учун, дилдорим,
Ишқ оташи керакми
Чақмоқ учун, дилдорим?!
Умрим мисли чақиндир,
Бир ялт этиб ўчгайман.
Шарт силтансам тағин бир,
Қайта кўкка учгайман.
Видо они яқиндир
Сизни қачон қучгайман,
Минг тирилдим, минг ўлиб,
Ёқмоқ учун, дилдорим.
Кўзингизга термулиб,
Боқмоқ учун, дилдорим.
Жафо тортай ҳар куни
Сизга жафо хуш бўлса,
Қисмат тутай уйқуни
Висолингиз туш бўлса,
Сочларингиз тўлқину
Қўлларим оққуш бўлса...
Тиз чўкай пойингизда
Ёқмоқ учун, дилдорим,
Зилолий сочингизда
Оқмоқ учун, дилдорим.
Осон ишқ имконида
Адо этмоқ маҳолни –
Юрагим сандонида
Узук этгум ҳилолни.
Кетмайин армонида
Шу жавобсиз саволни:
Айтинг, не қилай сизга
Ёқмоқ учун, дилдорим,
Ойни бармоғингизга
Тақмоқ учун, дилдорим!
2002


Йўқ

Сиз деб ўзлигимдан тониб чарчадим,
Беҳуда хаёлга толиб чарчадим.
Қизғониб чарчадим, ёниб чарчадим,
Энди рашк ўтида куйишларим йўқ.
Боринг, бораверинг ўз йўлингиздан,
Тутиб қололмадим ўнг қўлингиздан.
Бири очилмаган ўн гулингиздан
Кўклам ифорини туйишларим йўқ.
Сизга хуш келади кўнгиллар сайли,
Севгидан ётларга ёр бўлинг майли.
Сиз энди девона Мажнунсиз Лайли,
Менинг телба бўлиб суйишларим йўқ.
Билмайсиз, боряпсиз қай манзил сари,
Жонингиз койитмас олов хатари.
Эй кўнглим дилбари, олам гавҳари,
Кўзимга беркитиб қўйишларим йўқ.
Қай маҳал сизни бир қучиб қўйгандим –
Билмай ишқ шаробин ичиб қўйгандим.
Висолсиз дунёдан кечиб қўйгандим,
Ҳижронда жонимдан тўйишларим йўқ.
2002


Зерикиш

Имиллайди соат миллари,
Бир фурсатни икки бор судраб.
Умримизнинг олтин йиллари
Дарсхонада ўтяпти мудраб.
Жонга тегар эгиз сабоқлар –
Шакли турфа, моҳияти бир.
Қучоқлашиб аста қабоқлар,
Ором истаб тузади тадбир.
Тўлдиролмас тасаввуримиз
Чексизликнинг хаёлоти ҳам.
Кўтаролмай орзу-сиримиз
Оқсаб қолар хаёл оти ҳам.
Кундан-кунга умр ёлғизранг,
Борган сари мазмунсиз ҳаёт.
Кўнглимизни ёритар аранг,
Ошиқона энг гўзал баёт.
Йўл оламиз ягона издан,
Кўникамиз ва охир шунга.
Ҳадиксираб толеимиздан,
Кўз тикамиз эртанги кунга.
2003


Муҳаммад Юсуфнинг Айтганлари

Чин шоир ҳақ сўзни айтар,
Агар ҳақни демассан,
Битсанг ҳамки сара байтлар,
Асл шоир эмассан.
Ном топиб эл орасида
Халқ ғамини емассан.
Бахшида эт минг қасида,
Халқ шоири эмассан.
Атиргулга капалакнинг
Шивирини сезмассан,
Ишқсиз экан тор юрагинг,
Демак шоир эмассан.
Онанг кутса эртаю кеч,
Бир йилда бир келмассан.
Қўй меҳрдан сўз очма ҳеч,
Асло шоир эмассан.
Тинглаганда зўр битта шеър,
Дилдан қойил эмассан.
Борлиғингни бахиллик ер,
Шоир-поир эмассан.
2002


Эй Сен Қуёш...

Эй сен қуёш, бағри оташ, мангу бедор,
Хароратинг коинотни серфайз этар.
Менинг уйғоқ кўнглимда ҳам ишқ ўти бор,
Ўн саккиз минг олам учун тафти етар.
Кел, иккимиз дардлашамиз оташзабон,
Дунёларга ўт туташсин оҳимиздан.
Ёлғизликнинг ҳасратлари ўртар ёмон,
Иккимиз ҳам айрилганмиз моҳимиздан.
Мен саҳрода, сен самода сарсон юриб,
Мажнунсифат дунёкезар девонамиз.
Кўксимизда миллиард йиллик ёғду туриб,
Ҳижрон туни шуъла истаб парвонамиз.
Сен оввора изҳори дил сўзларингни
Нурга кўмиб, ёринг томон йўллаган дам,
Ишқ ҳаваси беркитибди кўзларингни,
Кўринмабди ой юзининг доғлари ҳам.
Мен ҳам уни менгзаб кўкнинг ҳилолига,
Фироқида сендай куйиб шеърлар айтдим.
Қадрим билмас сатанг дилдор жамолига
Юз минг ҳисса ҳусн қўшди ҳар бир байтим.
Қўй, қисматдош, куйма ортиқ, мағрур яша,
Атрофингда сайёралар парвонадир.
Мен ҳам ёр деб садо берсам тоғлар оша,
Бир оҳимга мингта чаман мастонадир.
Зорлик етар , хорлик етар , алқисса шу:
Сен ҳилолга, мен висолга етолмаймиз.
Бизга Азал Котибининг битгани бу!
Биламизу кўнгил узиб кетолмаймиз.
2006


Нозли Гулим

Нозли гулим юз очганинг чаман бўлди,
Ифорингга дайди еллар ватан бўлди.
Шаббодалар ўғирлаган ҳар япроғинг,
Менинг ғариб ишқим учун кафан бўлди.
Ўз кўнглимда сендан лаҳза кўз олмадим,
Аммо дайди шамолларни тўсолмадим.
Тонгдан тоза нигоҳингни асрагани
Кўзларингда киприк бўлиб ўсолмадим.
Энди гавҳар садафидан узилади,
Кипригингда маржон бўлиб тизилади.
Инсонга ё бахт, ё ҳусн берар экан,
Чиройинга боқсам жоним эзилади.
Кўнглим куяр армон билан ғам доғида ,
Поён борми бу қисматнинг қийноғида?!
Юрак доғим ўртар мени қабримда ҳам
Бўй кўрсатиб қизғалдоқнинг япроғида.
Шаббодалар аҳволимни билиб кетинг,
Мен ўтганда қабримга бир келиб кетинг.
Титраб яна ўтмишимни эслатмасин,
Қизғалдоғим япроғини юлиб кетинг.
2005


Сиз

Сиз шунчалар гўзалсиз, эркам,
Сизни севмоқ энг буюк шараф.
Сиз туфайли бу дунё кўркам,
Сиз бир тараф, дунё бир тараф.
Соя солар ойга юзингиз,
Шунинг учун гўзаллик моҳи
Жамолида хижолатли из,
Зулмат ичра беркинар гоҳи.
Сочингизда покланмоқ тилар,
Баҳорнинг энг тоза сабоси.
Атай сизни соғиниб келар,
Ҳилвиратиб кўклам либосин.
Кўз юмсангиз, қароқларингиз
Қўмсаб қора кияди олам.
Тутқич бермас нигоҳларингиз
Ҳуркакроқдир оҳулардан ҳам.
Кўксим ичра исмингиз тугун,
Юрагимни еча олмайман.
Мен дунёдан кечмоғим мумкин,
Лекин сиздан кеча олмайман.
2002


Қани Энди Имкони Бўлса

Қани энди имкони бўлса,
Айрилмасам сендан бир нафас.
Юрагимда минг орзу ҳавас,
Қани энди имкони бўлса...
Ногоҳоний учрашув учун
Ҳар кун йўлинг пойлаб тураман,
Маҳаллангда ойлаб юраман,
Келгин энди, аҳволим тушун!
Келгин энди, кўзларимга боқ,
Биёбонда қирқ йил бемажол,
Кезган ташна йўловчи мисол
Висолингга муштоқман-муштоқ.
Кечдим неча парвоналардан,
Сен кўнглимнинг ёлғиз матлаби.
Кўзингдаги кипригинг каби
Асрай дейман бегоналардан.
Умрим ўтса сочларинг силаб,
Юзим ювсам булоқларингга.
Сингиб кетсам қароқларингга,
Бир умрлик саодат тилаб.
Сен хазонсиз боғим, баҳорим,
Жаннатларни қилмайман ҳавас.
Менга ўзга маъво керакмас,
Сен бўлсанг бас ёнимда, ёрим!
2004


Қизгина

Ёр қўйнида ишқ тафтидан шуъла ичиб,
Офтоб кўрган ой мисоли тўл, қизгина.
Мунглиғ онанг ҳамда менинг бахтим учун
Сен ҳамиша соғу омон бўл, қизгина.
Қулоқ тутсам, зарра ғам йўқ сўзларингда,
Аммо пинҳон ўкинч зоҳир юзларингда.
Бу не қисмат – кулсанг ҳамки кўзларингда
Андуҳларинг юлдузлардан мўл, қизгина.
Арзир осмон манзил бўлса асли сенга,
Муносибдир маликалар қасри сенга.
Урмиш кимнинг гуноҳларин касри сенга,
Тиконидан озорланган гул, қизгина.
Кемтикбағир найнинг мунгли навоси бор,
Яратганнинг суйганига атоси бор.
Қайғурма кўп, ҳар оғриқнинг шифоси бор,
Кўз ёшидан ёстиқлари ҳўл, қизгина.
Кўнгил ёрсам, кенг кўнглимга дунё сиғар,
Лекин дардинг сендан кўра мени сиқар.
Ишон, бир кун қадамингга пешвоз чиқар
Толеингда тонгдан ёруғ йўл, қизгина.
Гўдакдайин маъсумгинам, ҳасрат нечун?
Яйраб яша, ой қизгина, гул қизгина.
Сенсиз дунё бўлолмайди бағри бутун,
Бу дунёнинг бахти учун кул, қизгина.
2004


Севгидан Ширин Висол

Ёлғизим, бизларни сийлади тақдир,
Минг усулда тўсди борар йўлимни.
Севгимиз безавол яшайди, ахир –
Висол – муҳаббатнинг гўзал ўлими.
Иқбол Мирзо
Муҳаббат, илк севги ва ишқ ҳақида
Достонлар битилди, айтилди шеърлар.
Ҳамон яшаб келар кўҳна ақида:
“Висол – муҳаббатнинг ўлими”, дерлар.
Балки бу – ёрига етолмай кетган,
Чорасиз ошиқнинг сўнгги юпанчи.
Қани ким кўнглининг тубига етган,
Қачон охирлаган муҳаббат ганжи.
“Севгилим бизларни сийлади тақдир”,
Кетмоққа шошилма видолар айта.
Кўзларинг, ҳаётбахш нафасинг ахир
Ўлган туйғуларга жон берар қайта.
Муҳаббат оташи сўнади нечун,
Лабларинг чўғланиб, дилга ўт ёқса?!
Кўнглимда ишқгули яшайди дуркун,
Кўксимда зилолий сочларинг оқса.
Балки англолмасман айрилиқ сирин,
Мажнун қисматига қилмайман ҳавас.
Севгилим, висолинг севгидан ширин,
Менга сен кераксан, муҳаббат эмас!
2006


Уйғонсам

Уйғонсаму, туш бўлса бари,
Сени илк бор кўрганим маҳал.
Хаёлимдан кетмайди нари,
Ҳаётимга беради сайқал.
Уйғонсаму, туш бўлса бари,
Дарсхонага сен келган лаҳза.
Дилим тошди дарё сингари,
Шу экан-да бахт кулиб боқса.
Уйғонсаму, туш бўлса бари,
Менга сирли-сирли боққанинг.
Ва келтириб севги хабарин
Юрагимга ўтлар ёққанинг.
Уйғонсаму, туш бўлса бари,
Ёт осмонда айланиб ойга
Бир кечада кетдинг, дилбарим,
Тушимданам олисроқ жойга.
Уйғонсаму, туш бўлса бари,
Дилга қайта қулоқ солмайман.
Кўз юмаман билганим сари,
Бу уйқумдан уйғонолмайман.
2005


Ортиқча Ташвишман

Қисматим шунчалар енгил экан-да –
Сузяпман ўзгалар тиккан елканда.
Бугун англаганим – ҳаёт елкангда
Ортиқча ташвишман, ортиқча ташвиш.
Охир қўл силтади қўлимдан тутган,
Дил – хароб кулбадир соҳиб унутган.
Йўқ ердан ёруғлик кутганим-кутган,
Ортиқча ташвишман, ортиқча ташвиш.
Ҳамиша ғам кўрдим онам кўзида,
Розилик кам кўрдим отам сўзида.
Изимдан зерикиш улфат юзида,
Ортиқча ташвишман, ортиқча ташвиш.
Орзулар тош қотиб, тўкилди зангдан,
Умидвор қилгандинг асли нимангдан?
Ҳаёт, тушиб қолай кўҳна кемангдан,
Ортиқча ташвишман, ортиқча ташвиш.
2002


Садоқат Ҳақида

Тириклик ёбони бошланди мана,
Умр карвонида кетиб боряпман.
Неча манзилларни қолдириб, яна
Йўқлик водийсига етиб боряпман.
Нурафшон йўлларда борар изма-из,
Ортимдан эргашиб содиғим – соя.
Кўпга чўзилмади ҳароҳлигимиз,
Оқшом бекатида топди ниҳоя.
2001


Гул Умрингиз...

Гулдай умринг кулдай тўзиб кетмоқда,
Кимни кутиб ёшинг қирқдан ўтмоқда,
Ёлғизмисан энди сен бу чорбоғда,
Энди йўқлаб келмасму у алдаган?...
Муҳаммад Юсуф
Гул умрингиз шамолларга тутяпсиз,
Йигирмадан ўтиб кимни кутяпсиз?
Юз ошиқдан юз ўгириб кетяпсиз,
Наҳот, ҳануз йўқламади сиз кутган?
Мажнунингиз зор йиғларми саҳрода,
Фарҳодингиз ҳоли сизсиз афтода.
Балки, сиз деб йўлга чиққан шаҳзода
Афсун тегиб исмингизни унутган.
Осмонларда сиздан ўзар юлдуз йўқ,
Бўстонларда сиздан гўзал гулюз йўқ.
Бу дунёда бахти бутун ёлғиз йўқ,
Ёлғизларнинг ёшин алам қуритган.
Ой хаёли оташ берар қуёшга,
Одил тангрим ҳамроҳ бермиш ҳар бошга.
Бир кун охир чўкиб кетар кўз ёшга
Ташвишларда танҳо ўзи қон ютган.
Сизни кўриб, кўздан афсун учгандай,
Энг яқиним бирдан ёдга тушгандай.
Энди ёлғиз яшоламиз биз қандай?
Айтинг, менми сиз интизор кўз тутган?!
2003


Севги

Қалбимни қайроқдек қайрайсан, севги,
Жонимни оғритиб яйрайсан, севги.
Қовурғам қафаси ичида туриб,
Боғдаги булбулдек сайрайсан севги.
Худойим йўллаган ёғдумисан, айт,
Ё йўлдан оғдирар жодумисан, айт.
Ортингдан оввора неча бечора
Қўл етиб-етмаган оҳумисан, айт.
Изингдан қолдириб дилларда куюк,
Сен бунча барибир ёқимли суюк?!
Ёндириб, куйдириб, ёқаверасан
Мўъжиза кўрмадим ўзингдан буюк.
Мен сени энг ширин орзу дейинми?
Ёки Қайсдан қолган қайғу дейинми?
Унга ҳам, бунга ҳам кўнмасанг, севги –
Таърифи топилмас туйғу дейинми?
Билмадим, ўзинг айт, нимасан севги?
Кўнгилдан кўнгилга кемасан севги.
Кўйингда Мажнундек куймас-куймасам,
Сен мени Лайлидек севасан севги!

Ҳолат

Гумбур-гумбур овоз келди фалакдан,
Очилди кўкдаги кўҳна дарвоза.
Уввос кўчган каби дардли юракдан,
Осмон кўз ёш тўкди кўнглини ёза.
На бағри осмонман ва на қалдироқ,
Кўксимдан ўкирик кетмайди бироқ.
Қорадил булутлар тўпланди зумда,
Зумда ёруғликни қоплади қора.
Осмон олтин шамшир ушлади шунда
Ва қилди зулматнинг бағрини пора.
Қўлимда на имкон, на олтин чақмоқ,
Йўлимда булутлар учради кўпроқ.
Дарахтни савалаб поклади ёмғир,
Япроқлар чўмилди хархаша қилиб.
Ҳаммадан заҳматкаш илдизга оғир,
Лойқа ер остида ётар сиқилиб.
На ёмғир бўлолдим, на дарахт, япроқ,
Мени қўйвормайди қадрдон тупроқ.
2006


Сенсиз

Кетдинг. Сенсиз кўнгил уйим бўшаб қолди,
Ва кимсасиз харобага ўхшаб қолди.
Гуркираган туйғуларим қақшаб қолди,
Келгин жоним, дилбоғимга орзу бўлиб.
Тақдир равон йўлларимга тош тўкади,
Йиллар сабр дарахтидан дош тўкади.
Кўнглим куйиб кўзим шамдек ёш тўкади,
Келгин жоним, қароғимга ёғду бўлиб.
Ишинг йўқми мендек бағри куюк билан?
Ҳар ким ўтсин кўнглидаги суюк билан.
Тоғлар кўрки кўксидаги кийик билан,
Келгин жоним, қучоғимга оҳу бўлиб.
Сармаст эдим тақдир сени берган чоғи,
Хаёлимда кўринмасди бахт адоғи.
Соғинтирди бугун зулфинг қўнғироғи,
Келгин жоним, бармоғимга чолғу бўлиб.
Дунё кўзга тор келади, ёр келмаса,
Яшаш нима, ҳаётингдан дил тўлмаса?!
Сендан сўнгги илтижойим – ҳеч бўлмаса
Келгин жоним, дудоғимга оғу бўлиб.
2006


Сени Яхши Кўраман Жуда

Жон-жонимни ўртади фироқ,
Аразлама ёрим беҳуда.
Биласан-ку мендан яхшироқ,
Сени яхши кўраман жуда.
Яралганман сен учун фақат,
Эй мен учун пайдо мавжуда.
Кўнглимизга этайлик шафқат,
Сени яхши кўраман жуда.
Қалқиб-қалқиб ўйнар юрагим
Туйғуларнинг асов мавжида.
Бонг уради ўтли кўкрагим:
Сени яхши кўраман жуда.
Сен дилимга ягона таскин,
Изтиробда, ғамда, қайғуда.
Бас қил энди шубҳалар баҳсин,
Сени яхши кўраман жуда.
Умр қисқа, ҳар лаҳзани, ёр
Ўтказайлик бирга осуда.
Сўнгги сўзим бўлсин шу иқрор:
Сени яхши кўраман жуда!
Сени яхши кўраман жуда!
2006


Қалб Риштаси

Минг йил ёндош яшаб ҳамки тушунмайди
Ишқ дардига йўлиқмаган соғлар бизни.
Олис йўллар ўртага ғов бўлган пайти
Қалб риштаси яна яқин боғлар бизни.
Сурхон эли узоқ ерда макон гарчи,
Фарғонадан айриб турар довон гарчи,
Икки элнинг феъли еру осмон гарчи,
Ҳайронгинам, қалб риштаси боғлар бизни.
Онанг ўйлар воҳа-водий орасини,
Ишонмайди кўзин оқу қорасини.
Топинг, дейсан кўндиришнинг чорасини,
Бийронгинам, қалб риштаси боғлар бизни.
Кўнгил тўла муҳаббатим сиғмас сўзга,
Бу ишқимга муносиб йўқ сендан ўзга.
Кўринмайди бошқа гуллар ошиқ кўзга,
Райҳонгинам, қалб риштаси боғлар бизни.
Сени мендан йироқ йўллар тўссин майли,
Ўртамизда минг қайсартоғ ўссин майли,
Йўллар босиб, тоғлар ошиб ишқ туфайли,
Жайронгинам, қалб риштаси боғлар бизни.
2006


Меҳмон Муҳаббат

Ўн саккизда келдинг кун санаб,
Юракка ишқ оловин қадаб.
Мезбонликни айлама талаб,
Дилга меҳмон бўлган муҳаббат.
Ҳозир қизлар майли ўзгача,
Замонамнинг зайли ўзгача.
Зуҳро ўзга, Лайли ўзгача,
Дилга меҳмон бўлган муҳаббат.
Билмайдилар садоқат надир,
Соф туйғулар арзон, беқадр.
Бари бедил, бари тошбағир...
Дилга меҳмон бўлган муҳаббат.
Дилда дардли наво йиғлайди,
Руҳи Момо Ҳаво йиғлайди,
Қувғин бўлган вафо йиғлайди,
Дилга меҳмон бўлган муҳаббат.
Иззат-қадринг ўзинг билиб кет,
Ишқсиз замон узра кулиб кет,
Меҳмон келдинг, меҳмон бўлиб кет,
Дилга меҳмон бўлган муҳаббат.
2002


Севгилим, Исмингиз Қандай Чиройли

Севгилим, исмингиз қандай чиройли,
Талаффуз этганда кўнглим ёришар.
Биргина шу сўзнинг завқи туфайли
Хаёлим жаннатий бўйга қоришар.
Сизга париларнинг келар ҳаваси,
Наҳотки тупроқ шу латиф жисмингиз.
Ўликка жон берса Масиҳ нафаси,
Дилга нур бағишлар ёлғиз исмингиз.
Барчани баробар этади шайдо,
Алифбо қатида бахтли олти ҳарф.
Ёқимли мўъжиза бўлади пайдо
Шу ҳарфлар ёнма-ён турганида саф.
Номингиз ўқисам, айтсам, тингласам
Руҳимга куч берар адабиётдек.
Тилимдан тўкилар энг тотли малҳам
Қақраган қалбимга обиҳаётдек.
Ҳижронлар ҳанжарин қайраган пайти,
Дунёдан кўз юмиб кетсам ногаҳон.
Бир сўзни дуодай уч бора айтинг,
Тирилиб келаман шунда бегумон:
... ... ...!


Соҳилда

Сувда акс этганда феруза осмон,
Само ҳам тутади денгизга кўзгу.
Сенинг кўзларингга термулганим он
Менинг қароғимда порлайди ёғду.
Осмон маҳбубига йўллайди мактуб,
Боғлаб булутларнинг пар қанотига.
Денгизнинг жавобий номасин тутиб,
Булутлар шамолда қайтар ортига.
Осмонни қучоқлаб ухлайди қуёш,
Денгизнинг қўйнида эрка сувпари.
Наҳот иккимизга шу қисмат қиёс,
Нигоҳлар оввора булут сингари.
Биламан, денгизни яхши кўрасан,
Хаёлинг олади асов тўлқинлар.
Олисдан чорасиз қараб турасан,
Биз тақдир измида ожиз тутқинлар.
Жонимиз куйдириб, қийнайди фироқ,
Гўёки абадий бизга бу оташ.
Азизам, ҳов узоқ келажакка боқ,
Осмоннинг охири денгизга туташ.
* * *
Тўлқинлар сочини тарайди соҳил,
Ювилиб кетади қумлардаги из.
Қуёшнинг чўғидан шафақ қип-қизил,
Уфққа турмулиб қолдик иккимиз.
Орзу-умидлардек ғарқ бўлар офтоб,
Ҳадемай қолмайди ҳатто учқуни.
Шўрлик денгиз чекар унсиз изтироб,
Ошиқлар кўз ёши яратган уни.
Мен олов ёқаман, топган чорам шул,
Туйғулар совқотиб қолмасин танда.
Ёритиб бўлмайди зулматни буткул,
Соҳилда ёқилган митти гулханда.
Ҳаёт тўлқинлари қутирган сари
Бир ўй борлиғимни этади вайрон:
Қумлоқ соҳилдаги излар сингари
Ювилиб кетарми севгимиз осон?...
* * *
Деразадан боқиб турасан,
Денгиз қўшиқ куйлар шовуллаб.
Неларнидир хаёл сурасан,
Нигоҳларинг уфққа улаб.
Ғашланаман, аламга тўлиб,
Кимга бунча узоқ эътибор.
Хаёлларинг қизғониб, бўлиб,
Дейман: “Сенда муҳим гапим бор”.
Бир жилмайиб қарайсан: “Не гап”,
Шодланаман қилган ишимдан.
Дейман: “Турсанг нигоҳинг қадаб,
Айриламан ақлу ҳушимдан.
Гап-сўзларим эсимдан чиқар,
Ишонмайсан нечун додимга.
Айтақолай кейинги сафар,
Ўша гапим тушса ёдимга”.
Сен ўйлайсан: “Яна алдабди,
Ишонмайман чақирса қайтиб”.
Мен аслида энг муҳим гапни,
Аллақачон бўлганман айтиб.
Тинглагансан у гапни такрор,
Ишқим изҳор қилганда ёниб.
Мен тортаман атай эътибор,
Хаёлларинг ҳар гал қизғониб.
* * *
Қирғоққа урилиб, жафолар чекиб,
Турфа томошалар кўрсатар денгиз.
Соҳилда турибман ғоят зерикиб,
Яъни шу лаҳзада ҳаётим сенсиз.
Сувнинг суяги йўқ, қайга қуйсанг бас,
Ўшанинг шаклини олар бегумон.
Кўнглимни овлашга чора тополмас
Милён овчиларга завқ берган макон.
Сен ҳозир келасан, ҳаёт ўзгарар,
Ҳуснингга мен каби лол бўлар денгиз.
Эҳ, буни қаердан билсин ўзгалар,
Сен сабаб дунёнинг чиройи тенгсиз.
Қайта жон бағишлар малҳам нигоҳинг
Айрилиқ беаёв урган чоғи ниш.
Қалбимни ўртаса ҳамки фироғинг,
Бунчалар ёқимли сени соғиниш.
Кўзимни бир юмиб очган маҳалим,
Ўтгандек бўлади юз йил уйқуда.
Бир лаҳза кўринмай қолсанг, дилбарим
Соғиниб-соғиниб кетаман жуда.
Бу дунё чиройли, бу дунё кўркам,
Лекин бошқа маъво чорлайди жонни.
Қачондир кўз юмсам билгинки, эркам,
Соғинган бўламан мовий осмонни.
2010