OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

2 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБаҳодир Абдураззоқ
Асар номиБир тун эртаги (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Баҳодир Абдураззоқ
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм62KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2009-йил, 3-сонидан олинди.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бир тун эртаги (ҳикоя)
Баҳодир Абдураззоқ

Гулжамол ўзи қанчадан бери орзиқиб кутган худди шу куни чўлга кетаётганидан бўғиларди. Ахир, Носир акаси келишига уч ойдан бери интиқ. Москвада диссертатсиясини ёқлаб, ўзларининг ишхоналарига бош муҳандис қилиб тайинланган қаллиғини кутиб олиш учун қанчалар тайёргарлик кўрганди-я, эссиз...

Eрталаб Гулжамол катта лаборант бўлиб ишлай¬диган саноат кўламидаги илмий тадқиқотлар бўлими¬нинг бошлиғи Рустам ака унинг таклифи асосида ишлаб чиқилган технология синалаётган Ўртабулоқ конидаги 37-қудуқда нефт чиқиш суръатида сезиларли ўсиш бўлганлиги билан табриклаб, бу ратсионализаторлик таклифини патентлаштириш учун зарур ҳужжатларни зудлик билан тайёрлашни топширди. Бунинг учун эса ўша жойга бориб келмаса бўлмасди. Рустам ака гапни кўпайтирмасдан машина тайёр эканлигини, ишни тезроқ битириб, эрта-индинга ҳамма нарсани тахт қилишини буюрди ва ўзи зарур иш билан бошқа участкага чиқиб кетди. Гулжамол бугун боролмаслигини айтолмай қолаверди.
— Машина тайёр бўлса тушгача бориб келаман. Носир акам кечқурун келадилар, унгача бемалол улгураман, — ўзига тасалли берди киз ва шошилиб сумкасига керакли қоғозларни солиб, ташқарига йўналди.

Кўчага чиқиб йўл бўйида турган яккаю ягона «УАЗ»га кўзи тушгач, эрталабдан бузилган кайфияти баттар тушиб кетди. Рулда Нормурод ўтирарди. Бу Нормурод деганлари ўттизларга бориб қолган бўлса-да ҳали уйланмаган, соч қўйиб, бурнининг тагига муйлов ўстирган, аллақандай темир-тақалар илиб ташланган жинси шим, куртка киядиган олифта йигит. Эскироқ машинасини ҳам келинчакнинг уйидек ясатиб олган, унга мабодо кир поябзал билан чиққан, ёхуд писта чаққан киши бўлса Нормуроддан балога қоларди.

Гулжамол бир сафар унинг машинасида юрганида зерикиб чўнтагидан писта олиб бир-икки қирсиллатганди ҳамки, Нормуроднинг аёвсиз танбеҳига дуч келди:
— Бу яхши кўрган йигитингизнинг «Нексия»си эмас, ойимқиз, пистани ўша машинада чақасиз! Ҳозир эса уни чўнтакчангизга солиб қўйинг!

Йигитнинг қўпол гапидан Гулжамолнинг ранги ўчиб кетди. Эсини танибдики, йигитлардан бунақа гап эшитмаганди. У ҳам ҳақини қўйиб кетмайдиганлардан эмасми, дарров узиб олди:
— Тўғри айтасиз, ҳақиқатан ҳам бу «Нексия» эмас! Мен ахлат қутисими деб ўйлабман!

Агар бошқа пайт бўлганда Нормурод шартта тормозни босиб бу ойимчани йўлга тушириб кетган бўларди. Лекин у ишда. Хоҳлайдими-йўқми, қизни ўз манзилига етказиб қўйишга мажбур. Шу иложсизлик уни асабийлаштириб, то манзилга етгунча миқ этмай борди. Етиб келганларидан кейин қизнинг индамасдан эшикни тарақлатиб ёпганча тушиб кетгани уни баттар жунбушга келтирди.
— Эшикни урганча менинг бошимга урганинг яхшироқ эди! — деб хириллади Нормурод.
— Бошинг ҳам шу эшигингдек шалвираб қопти. Қаттиқроқ урса тўкилиб тушади!

Шу-шу улар орасидан қора мушук ўтди. Энди бир-бирини кўрарга кўзи, отгани ўқи топилмасди. Лекин хоҳлайдиларми йўқми, ҳафтасига бир-икки марта бир-бирларига дуч келардилар: чунки, Гулжамол тўқсон-юз чақирим узоқдаги нефт қудуқларига ҳафтасига бир марта бориб уларнинг ишлашини ўрганар, маҳсулотларидан намуналар олиб қайтар, уни эса Нормурод олиб бориб келарди. Ўша воқеадан кейин Нормурод диспетчерга илтимос қилиб бошқа бўлимга ўтказишни бир неча марта сўраган бўлса-да, аммо бўлим бошлиғи Нормуроддан бошқа ҳайдовчи чиққан куни дарҳол диспетчерга қўнғироқ қилиб жўнатган машинасини қайтарар, ўрнига эса Нормуродни зудлик билан юборишни талаб қиларди. Шу тариқа, хоҳласа-хоҳламаса Нормурод Гулжамол билан, Гулжамол эса Нормурод билан учрашишга мажбур эди.

Нормурод қизни ўлгудек ёмон кўрганидан унга «Eчки« деган лақабни ёпиштирган, кўзи тушиши билан ичида "шу шайтон эчкига яна кўзим тушди, бугун энди ишим юришмайди," деб ижирғаниб қўйса, қиз эса »ўзинг аравакаш бўла туриб керилишингга ўлайми, қаерга ниқташса ўша ерга аравани судраб борадиган қирчан¬ғисан-ку» дерди.

E, бўлди. Ҳар доимгидек ўтлаб кетиб, тафсилот¬ларни чўзиб юбордим.

Шундай қилиб...

Гулжамол хўмрайганча келиб машинага ўтирди. «Қирчанғи«нинг яна сасиб қолишидан қўрқиб, иложи борича эшикни астароқ ёпди. Нормурод маршрутни билади шекилли, эшик ёпилар-ёпилмас »Қаерга?» деб сўраб ҳам ўтирмасдан газни босди.

Негадир қиш бу йил қаттиқ келди. Кетма-кет ёққан қорнинг ортидан келган қорасовуқ йўлни ойнадек ялтиратиб музга айлантириб ташлаганди. Нормурод музлама йўлда машинани маҳорат билан бошқарар, аммо тезликни ошира олмас, имиллаганча олдинга зўрға судраларди. Йўлда машина кам, борлари ҳам тошбақа қадам билан юрганидан, худди олдинга силжимай бир нуқтада котиб қолгандек таассурот уйғотарди. Йигирма чақиримлар йўл босганларидан кейин, Гулжамолнинг сабр косаси тўла бошлади.
— Тезроқ юришнинг иложи йўқми? Кечикяпмиз!

Нормурод ортни кўрсатувчи ойнадан унга ўқрайиб қаради.
— Бировларнинг жудаям шошаётгани учун жонимга қасд қилиш ниятим йўқ! — совуқ тўнғиллаб қўйди ва кўзини йўлдан узмай, рулни маҳкам қучоқлаганча ўша маромда кетаверди.

«Ўл-а, тўнғилламай, қирчанғи! — ичидан барча қарғишларини бир-бир хаёлидан ўтказди қиз.—Қайси гуноҳим учун Худо сендек эшакмижозни менга рўпара қилди экан».

Машина имиллаб юргани сари вақт тезликни оширарди. Белгиланган қудуққа тушдан ўтиб етиб бордилар. Рустам ака огоҳлантириб қўйган шекилли, кон инженери, геолог ва уста Гулжамолни кутиб ўтиришган экан. Улар таклиф қилган вагончага кириб тушлик қилиб олишни Гулжамол рад этиб, дарҳол қудуққа ўлчов асбобларини ўрнатди ва керакли ҳисоб-китобларни бажара бошлади. Икки соатларда ишни битказиб бўлди. Қоғозларни яна қайта сумкасига жойлаб улар билан хайрлашди.
— Эҳтиёт бўлиб кетинглар, Нор, йўллар сирпанчиқ. — деди уларни кузатаётган кекса геолог. —Ҳозир метеостантсиядан хабар келди, қаттиқ бўрон туриши мумкин экан.

Нормурод унга эътибор бермай бош силкиб қўйди ва машинасини ўт олдирди. Улар ярим соатлар чамаси секин-асталик билан силжиганча Ўртабулоқ қиридан ошиб бир пайтлар кўлнинг туби бўлган чуқурликка энишди. Чуқурлик шамолдан пана бўлганлиги учун бу ерларда шамолнинг забти сезилмас, йўл ҳам камроқ музлаган эди. Ҳаммаси чуқурликдан чиқиб олганларидан кейин бошланди. Геолог айтган бўрон етиб келганди шекилли, ҳаво худди тумандек майда қор парчалари билан қопланган, шамол увуллаб машинанинг ойналарини қор билан савалай бошлади. Ойнатозалагич эса қорни тозалаб улгура олмаётганидан Нормурод машина тезлигини пасайтиришга мажбур бўлди. Яна йигирма чақиримларни босиб ўтишлари учун қарийб ярим кун овора бўлишгандек туюлди қизга. Йўлнинг ярмига ҳам етмаганларини ҳис қилиб Гулжамол безовталанди. Соат ҳам тўртдан ошган. Қиш куни бир тутам. Атрофни қоронғилик қоплаб ола бошлади. Нормурод машина чироғини ёкди. Лекин фаранинг ўткир нурлари икки қадам нарини ёрита олмасди.

Бўрон қутурар, ерни ҳам, осмонни ҳам майда қор парчалари эгаллаб олганди. Йўқ, бу осмондан ёғаётган қор эмас, балки, гувиллаётган бўрон ерда ётган қор парчаларини совуриб ўйнар, машинага дўлдек келтириб урарди. Йўл мутлақо кўринмаётган бўлса-да, Нормурод эпчиллик билан машинани бошқариб, секин, аммо сабот билан олдинга силжирди. Қиз унинг тўнглигидан минг ижирғанса-да, шундай танг ҳолатда ҳам ўз ишини пухта бажариб, машинани эпчиллик билан бошқа¬раётганидан кўнглидаги хавотир бироз чекингандек бўлди. Бу йўл тор, икки четида эса ариқлар бор. Қор бўрони йўлни ҳам, ариқни ҳам бир хилда текислаб ташлаган. Агар ҳайдовчи бироз адашса борми, машина ариққа тушиб ағдарилиб кетиши ҳеч гап эмас. Лекин, Нормуроднинг бутун вужуди кўзга айланган, гўёки нигоҳлари билан пайпаслаб йўл топиб бораётгандек тасаввур пайдо бўларди.
— Яна озгина қолди. Салгина юрсак катта йўлга чиқиб оламиз. Кейин юришимиз осонлашади, — хаёлидан ўтди қизнинг.

Нормурод машинада ўзидан бошқа ҳеч ким йўқдек, рул чамбарагини худди жангчи милтиғини ушлаган каби сиқимлаб ушлар, дам-бадам қор остида қолиб кетган йўлнинг ўнқир-чўнқирига тушиб қолган машина силтаниб қўйганида ёнида қиз боланинг борлигини ҳам унутиб беихтиёр сўкиниб қўярди.

Бу орада қоронғи тушиб, атрофни буткул зулмат қоплаб олди. Бўрон кучайиб совуқ забтига оларди. Машинанинг печкаси гуриллаганча ишлаётган бўлса-да, аммо аллақандай тирқишлардан кирган совуқ Гулжамолнинг юзларидан тишлаб ола бошлади. Оёғи тўнғиб қолгандек эди. Азалдан унинг оёқ панжалари совуққа бардошсиз. Қалин жун пайпоқ кийган бўлса ҳам, совуқ унинг нозик жойига зарба бераётган қитмир рақибга ўхшаб оёқларидан ола бошлади. У этиги ичидан бармоқларини ишлатиб кўрди. Сал иссиқ югургандек бўлди. Шарфини оғиз-бурнини ёпадиган қилиб ўради.

Бир пайт машина ўз-ўзидан чир айланганча чуқурга тушиб кетгандек бўлди. Гулжамол пешонасини уриб олди.

Йўл ўртасида дўппайиб турган қор уюмини айланиб ўтиш учун рулни сал чапроққа бурган Нормурод музлаган йўлда ғилдираклар тойғаниб, рул ўзига буйсунмаётганидан ижирғаниб тормозни ҳам босиб юборганди. Машина бир айланиб, йўл четидаги ариққа тумшуғи билан тиралиб қолди. Олд ғилдираклар шамол қор билан тўлдирган чуқурга тушиб, кузов қарийб бир ярим метрлик қор уюмига ботиб қолди.
— Жин урсин! — Нормурод ўз одатига кўра рул чамбарагига мушт туширди. Кейин моторни ўт олдиришга минг уринсин, бирон иш чиқаролмади. Чамаси бобинага қор кириб, свечаларга ток ажратмай қўйганди. Қўлини калитдан узиб бошини орқага ташлади. Шундагина ойнага кўз кирини ташлаб Гулжамолнинг ғурра бўлган пешонасини кўриб қолди.

«Ҳаммаси шу эчкини деб бўляпти. Ажаб бўлсин! — хаёлига шу фикр келди. Кейин унга ора-сира кўз қирини ташлаб негадир ачингандек бўлди. — Бу бечорага ҳам қийин. Шу совуқда ўзига қолса кимсасиз чўлларга ўла қолса ҳам келмасди. Иш-да. Келмаса бўлмайди».

Йигит негадир мутлақо ҳушламаган қизга ачина¬ётганидан аввал ҳайрон бўлди, кейин аҳмоқлик қилиб тормозни босиб қўйгани учун ўзини ҳам қизга қўшиб ичида сўкди.

Нормурод қорга кўмилган эшикни жон-жаҳди билан суриб зўрға қия оча олди холос. Кейин аста қисилиб чиқиб, усти музлаб тарашадек қотиб ётган қорга секин оёқ қўйди. Қор уюми белигача етди. Амал-тақал қилиб йўлга чиқиб олди. Қорбўрон қутурганча увиллар, майда шиша парчаларига ўхшаган қор кўзни очиришга қўймасди. Совуқдан қунишганча йўлнинг ҳар иккала томонига кўз ташлади. «Милт» этган чироқ кўринмайди. Совуқдан тишлари такиллаб ўзини машина ичига урди. Қиз ҳамон пешонасини ушлаганча ўриндиққа сингиб кетгудек бўлиб қалтираб ўтирарди. Бир зумда машина совиб бўлганди.
— Энди нима қиламиз? — қўрқа-писа сўради қиз.
— Нима қилардик, музлаб ўламиз! — сўзлари ўзига ҳам совуқ туюлиб эти жунжикди. Кўзларини катта-катта очиб маъюс термулиб турган қизни баттар қўрқит¬маслик учун бироз илиқроқ сўз айтмоқчи бўлди, — биронта ўткинчи машина келиб қолишини кутамиз!

Чунки ўзи ҳам нима қилишга ҳайрон. Ўткинчи машина ўтиб қолишига унинг ўзи ҳам ишонмасди. Агар шундай ўтираверишса, ҳозир радиатордаги сув музлайди. Кейин машинани ўт олдиришга умид қилмаса ҳам бўлади. Тезроқ машинани қор уюмидан тозалаш керак.

Нормурод яна белигача қорга тушиб қўллари ва оёқлари билан қорни суриб машина тумшуғини тозалай бошлади. Музлаган қорнинг силжиши қийин кечарди. Ўн дақиқалардан кейин қўллари музлаб акашак бўлиб қолди. Каттакон панжаларини олифта чарм курткасининг тор чўнтакларига базўр жойлаб, совуқдан яширганча энди оёқлари билан қорни сураркан, тойиб кетиб қорга қулади. Бир ярим метрлик қор уюмига кўмилиб қолган йигит курткаси чўнтагидан ҳеч қўлларини чиқариб ололмас, устига-устак шамол худди курак билан ташлаётгандек устига уюм-уюм қор ташларди.

Қиз Нормуроднинг қандай йиқилганини кўрганди. Кўзларини йириб қоронғиликка тикилса ҳам унинг қайтиб турганини кўра олмади. Ташқарига чиқишга ҳарчанд уринмасин, музлаб қолган орқа эшик очилай демасди. Шунда у эмаклаб ҳайдовчи ўриндиғига ўтди ва ҳозиргина йигит очиб чиққан эшикни итарди. Ҳайтовур у киши сиғардек қия очилди. Гулжамол қорга ботганча ҳали шамол кўмиб улгурмаган излардан машина олдига зўрға сурилиб борди. Шунда қор остида типирчилаётган оёқларга кўзи тушиб, қорни сиқимлаб улоқтирганча йигитнинг юзини очди. Қўлтиғидан тортиб уни турғазиб олди. Қўлларини чўнтак маҳбуслигидан амаллаб озод қила олган Нормурод минбаъд бундай чўнтакли куртка киймасликка қасамлар ичиб қизнинг ортидан машинага кирди. Салоннинг хира чироғи ёруғида Гулжамол йигитнинг сочи ва мўйлови музлаб қолгани, юзи кўкариб кетганини кўриб, капалаги учиб кетди. Ҳозир иккаласи бир жону бир тан бўлмаса, бўроннинг чанга¬лидан омон чиқа олмасликларига ишонарди. Ҳаёт-мамоти шу ўзи ёқтирмайдиган йигитнинг топқирлигига боғлиқ. Шошилиб унинг акашак бармоқларини уқалай бошлади. Бошқа пайт бўлганда-ку унинг бармоғини уқалаш уёқда турсин, юзига қайрилиб қарашни ҳам ўзига эп кўрмаган бўлармиди. Нормурод бироз ўзига келди.
— Аптечкада спирт бор. Ўшани олиб беринг.

Қиз машина ғаладонини титкилаб, дориқутини топди. Кичкина шишачани олиб унга узатди. Нормурод ўзига буйсунмаётган бармоқлари билан қопқоқни очиб кафтига озроқ тўкиб олди ва жон-жаҳди билан қўл¬ларини бир-бирига ишқалай бошлади. Бироз ўтиб йигит ўзига келди.

Нимадир қилиш керак. Шундай қўл қовуштириб ўтираверсалар, ҳадемай машина каттакон музтепага айланиб қолади. Четдан ёрдам кутиш бефойда: шундай совуқда бирон машинанинг ўтиб қолишига умид қилиш, осмондан чалпак ёғишига ишонган лақма ҳолига тушиш билан баравар. Машина сирти бир энлик муз билан қопланди. Ташқарида бўрон қутурар, ойналарга келиб урилаётган қор парчалари энди йириклашган, худди дўлдек олатасир қарсилларди. Шу пайт унинг хаёлига олов келди. Агар гулхан ёқа олса, машинани босиб қолган қорни эритиб, моторни қизитиб оларди. Сўнгра амаллаб уни юргизиб олса бўлар...
— Гулхан ёқамиз, — деди йигит. — Нарироқда саксовул бор. Шохларини синдириб қайтаман.

Қиз йигит бир амаллаб ундан қутулиб ўзи ёлғиз қочиб қоладигандек туюлиб хавотирланди. Бўрон гувиллаётган, ваҳимали совуқ тунда, секин-аста музга айланаётган машинада ёлғиз ўзи ажал билан юзма-юз қолиб кетадигандек типирчилади.
— Шошманг, мен ҳам бирга бораман. — Гулжамол унга эргашмоқчи эди, йигит қўймади.
— Сиз машина радиаторини қордан тозалаб туринг, шу ерда олов ёқамиз.

Нормурод ўриндиғи остидан залворли чўкични олди. Саксовул шохлари мўрт бўлади. Қаттиқроқ нарса билан яхшилаб туширилса, қарсиллаб синиб кетаверади. У чўкичнинг муздек дастасини маҳкам ушлаб юз қадамлар нарида қорайиб турган саксовул томонга қор кечиб кета бошлади. У саксовулнинг пастга қараб осилиб қолган шохига чўкич билан бир-икки зарба бериб синдириб ола бошлаганида бўрининг хунук улигани эшитилиб эти жимирлаб кетди. Шамолда унинг овози гоҳ яқиндан, гоҳ узоқдан келарди.
—Тезроқ гулхан ёқиш керак, — хаёлидан ўтди йигитнинг. Жондор оловга яқинлаша олмайди, дерди умри чўпончилик билан ўтган бобоси.

У иккита тарвақайлаган шохни судраб ортига қайтганида йиртқичнинг овози шундоққина машина ёнидан келди. Йигитнинг қадами ўз-ўзидан илдамлади. Қизнинг қаттиқ қичқириғи эшитилганидан кейин Нормурод шохларни ташлаб чўкични маҳкам сиқимлаганча машина томонга чопди.

Гулжамол қўлқопчасини кийиб олиб, машина тумшуғини қордан тозалаётганда ёнгинасида бир нарсанинг хириллаганини эшитдию, аммо шамол қорни ғижирлатиб ураётган бўлса керак, деб эътибор бермасдан музлаган капотни тозалайверди. Бир пайт машина ортидан бўрининг улиган товуши келганида вужуди музлаб, дағ-дағ титраганича ортига ўгирилса, бир жуфт кўз ёниб турибди! У аввалига нима қилишни билмасдан жойида қотиб қолди. Кейин шартта ортига ўгирилиб эшик томонга чопди. Эшикка етар-етмас палтосини кимдир ушлаб олгандек жойидан жила олмади. Қаттиқроқ силтанганди, оёғи тойиб кетиб йиқилиб тушди. Шунда бўрининг гавдаси устига ташланганини сезиб жонҳолатда бақириб юборди.

Нормурод ҳаллослаганча чопиб келса, Гулжамол қорга юзтубан ётиб олган, баҳайбат арлони бўри унинг палтосидан тишлаганча силтар, бурдалаб ташлашга уринарди. Йигит қўлидаги чўкич билан жондорнинг нақ қулоқлари ўртасига бор кучи билан урди. Суякнинг кўнгилни айнитиб юборгувчи қисирлаб синган товуши эшитилиб йиртқич бирдан бошини кўтарди. Аянчли ғингшиб икки қадам ташлади ва қорга қулади. Нормурод қизни суяб ўрнидан турғазди. Гулжамол тили калимага келмай ҳиқиллаб йиғларди. Уни машинага чиқариб шишачада қолган уч қултум спиртни мажбуран ичирганидан сўнг қиз бироз ўзига келди.

Бўри ўлди. Хавф бироз чекингандек бўлса ҳам, лекин совуқдан музлаб ўлиш даҳшати бир зум бўлса ҳам уларни тарк этмас, қайтага ҳаво янада совуқлашгандек, бўрон уларни тўнғитиб, муз парчасига айлантиришга жон- жаҳди билан киришган шекилли, энди машинага урилаётган қор тасирламас, қарсилламас, балки росмана гумбирларди. Нормурод гумбурлаш ёндан эмас, балки тепадан ҳам эшитилаётганига ҳайрон эди. Худди машина томига бир тўда бола чиқиб олиб, шўхлик қилаётгандаги қадам товушига ўхшаган сас келарди. Бир пайт тепадан бўрининг товуши эшитилиб барчасига ойдинлик киритди. Қизнинг назарида шафқатсиз бўрон мутлоқ ҳукмронлик қилаётган чеки-чегараси йўқ саҳрода минглаб бўрилар уларнинг ташқарига чиқишини пойлаб тургандек, агар шу ожизгина қўрғонларидан бошларини чиқаргудек бўлсалар, бир зумда тилкалаб ташлашга тайёрдек эди. Гулжамол бу кимсасиз ва ёвуз кенгликда суянса бўладиган битта киши шу қўрс ва тўнг Нормурод эканлигини ҳис қилиб, беихтиёр йигитнинг пинжига суқулиб олди. Уларнинг иссиқ нафаси бир-бирини сал иситгандек бўлди. Энди ташқарида тиш қайраб турган қашқирлар ҳам, бутун қудрати билан уларни комига тортишга уринаётган бўрон ҳам уларнинг шу кичкинагина бошпаналарига кира олмаслигига негадир ишонч уйғонди. Секин-аста ҳар иккалаларини ҳам уйқу элита бошлади.

Агар суви музлаб қолган радиатор қарсиллаб ёрилиб кетмаганида уларнинг уйқуси то қиёматга қадар чўзилган бўлармиди... Қарсиллашдан кейин томдаги қадам товушлари тинди.
— Радиатор ёрилди, — деди йигит қизга қараб. —Яхшиям ёрилди. Яхшиям радиаторга антифриз сол¬маганим! Бўлмаса музлаб қолган бўлардик. Бу ерда ухлаш ўлим билан тенг! Олов ёқиш керак!

Агар ёлғиз ўзи бўлганида у машинадан чиқиб, қашқирлар изғиб юрган саҳрога қадам қўйишга журъат топа олмаган бўлармиди... Лекин ёнида ўзи ёқтириш- ёқтирмаслигидан қатъи назар қиз бола бор. Наҳотки, Нормуроддек ор-номуси учун ётиб қолгунча олишадиган жўмард йигит кўз олдида қизнинг музлаб ўлишига йўл қўя олса...

У қўлига яккаю ягона, аммо синовдан ўтган ишончли қуроли — чўкични олганча, музлаган эшикни кучаниб суриб ташқарига чиқди. Бўри ҳали узоққа кетмаган бўлса керак. Бундай совуқда унга емиш бўладиган жонзот саҳрода топилмайди. Оч йиртқич эса ўлжасидан умидини узиб кета олмайди. Эллик қадам нарида қолган шохларни олиб келишга юраги бетламади. Орқа юкхонадан заҳира ғилдирак билан ярим канистр бензинни кўтариб туширди. Ғилдиракни машинанинг панасига ўтказди ва устига бензин тўкди. Ҳайтовур бензин липиллаб ўт олди. Бироздан кейин резинага ҳам олов туташиб, энди шамол унга бас келолмаслигини билганидан кейин йигит эшикни очиб, Гулжамолни гулхан бошига етаклаб келди. Қизга гулхан худди тириклик манбаи бўлиб кўриниб кайфияти кўтарилди. Энди музлаб ўлмайдилар. Энди тирик қолса бўлади. Чунки уларда олов бор! Бу ерга қашқир ҳам яқинлаша олмайди. Йиртқичлар оловдан қўрқадилар! Қиз қорнининг очлигини ҳам, ҳозиргина бўри тимдалаган елкаларидаги оғриқни ҳам унутди.
— Соат неча бўлдийкин? — сўради йигит орқасини оловга тутиб тобларкан.

Гулжамол бир пайтлар Носир акаси Москвадан совға қилиб олиб келган жажжи тилла соатини гулхан ёруғига тутди: тунги бир!
— Ўҳ-ҳў, ҳали тонг отишига етти соат бор! Оловимиз эса бир соатга ё етади, ё йўқ!

Гулжамол соатга кўзи тушиши билан Носир акасини эслади. Қизиқ, шу ўтган олти-етти соатдан бери нақ ажалга рўпара бўлган пайтларида ҳам негадир Носирни хаёлига келтирмапти. Унинг бугун, аниқроғи кеча кечқурун келишини неча ойлаб сабрсизлик билан кутган эди. Бир пайтлар Носир акасини эсласа вужудига ширин титроқ тушарди. Ҳозир эса у шунчаки исмдан бошқа нарса эмас! Хаёлига эса гўзал талабалик паллаларида Носир акаси билан Тошкентдаги хиёбонда сайр этиб юрганлари келди. Ўшанда бир-иккита шилқим йигитлар унга гап отишганида Носир индамай унинг қўлтиғидан маҳкам ушлаганча четга олиб кетганди. Ўшанда Носирнинг ўрнида Нормурод бўлганида нима қиларди? Улар билан жиққамушт бўлиб кетармиди, балки. Агар ҳозирги ҳолатда Нормуроднинг ўрнида Носир акаси бўлганида унга ташланган йиртқичнинг бошига чўкич билан тушира олармиди?! Билмайди! Тўғри, Носир акаси уни севиши мумкиндир, лекин, у учун жонини хатарга ташлай олармиди? Буни ҳам билмайди. Тўғрироғи ишончи комил эмас...

Нормурод қарс-қурс қилиб ёнаётган, омбор мудиридан ундирганига ҳали бир ҳафта ҳам бўлмаган ғилдиракка маъюс қараб турарди.

«Ачинма, — дерди ўзича, — бу шунчаки бир матоҳ, эртага яна битта янгисини олиш мумкин. Лекин, музлаб қолишса-чи, эртага янги Нормурод билан янги Гулжамолни ҳеч қаердан топиб бўлмайди!»

У жимгина қўлини оловга тоблаб турган қизга қизиқсиниб боқди. Нега шу пайтгача уни ёқтирмай юрган экан. Туппа-тузук экан-ку! Қўллари чўнтакда, боши қор уюмига қозиқдек санчилган, оёқлари осмон бўлиб типирчилаганча, ноқулай аҳволда қорга кўмилиб қолганида қизнинг дадиллик билан уни турғазиб қўйганини эслаб ўзидан уялиб кетди. Қандай жасур қиз. Бунинг устига жудаям меҳрибон экан. Шу пайтгача бўйдоқ юрганидан аёл меҳрибонлиги шунчалар сирли ва гўзал бўлишини ҳис қилиб бошқача бўлиб кетди. Қизнинг палтосини бўри дабдала қилиб ташлаганлигини кўриб унга ачинди. Агар қизга радиаторни қордан тозалашни буюрмаганида у шундай аянчли аҳволга тушмасмиди. Ҳаммасига ўзи айбдор. Ўзининг калтабинлиги... Эсон-омон шу саҳродан чиқиб кета олса, албатта, маоши қўлига тегиши билан, унга энг чиройли палтони олиб беради! Хаёлидан ўтган шу фикрдан ўзи ҳам ажабланиб қўйди. Чунки, шу кунга қадар кимгадир нимадир совға қилишни хаёлига ҳам келтирмасди. Топганини ўзига сарфлар, шу сафарги маошидан ўзига алламбало жинси шим ва чарм куртка олишни мўлжаллаб қўйганди.

У биринчи бор бўлиб ўтган ҳодисада ўзини айбдор деб топди. Шу пайтгача ҳеч қачон ўзини айбламас, хатти- ҳаракатини таҳлил ҳам қилмасди. Уни нима ўзгартирди? Кимсасиз саҳрода қиз билан ёлғиз қолишими, қизни ва ўзини муқаррар ўлимдан сақлаб колиш истагими, ёки ҳар дақиқаси асрга тенг, ялдо кечасидек туганмас адоқсизликда ўзининг ичида яшаётган бошқа бир ўзи билан юзма-юз келишими? Бунинг жавобини тополмади. Топа олишига ҳам кўзи етмасди. Агар тирик қолса ўзини бутунлай синдириб, кейин қайтадан ясаган шу тунни ҳеч қачон унутмаса керак. Шу пайт орқа ўриндиққа тўшаб қўйган адёл борлиги эсига тушиб машинага қайтди. Шарт-шурт уни ўриндиқдан суғуриб олиб қунишиб турган қизнинг елкасига ташлади. Қиз унга қараб маъюс ва масъум табассум қилди.
— Келинг ўзингиз ҳам. Совқотиб кетгандирсиз. Адёл ҳам кенг экан.

Негадир уларнинг ўртасидаги жинсий тафовут мутлақо хаёлларини тарк этган. Улар бир-бирига бегона йигит ва қиз эмас, балки офат олдидаги ожизликларини енгиш учун елкама-елкама курашаётган иккита инсон эдилар, холос.

Нормурод қизнинг ёнига боришни ҳарчанд истаса ҳам, у билан адёлга бурканиб, қалтираб туришга ғурури йўл қўймади.
— Сиз бемалол ўтираверинг, мен ўтинни олиб келай.

Совуқ борган сари забтига олар, ғилдирак ҳам ёниб тугай деб қолганди. Нормурод боягина ярим йўлда қолдирган саксовул шохларини олиб келишга ўзида журъат топа олди. Ахир у эркак киши. Шу ишонч билан ўзини тезлаб икки қадам ташлаганди ҳамки, худди шуни кутиб тургандек, яқинроқ жойдан қашқирнинг улигани эшитилди. Нормурод таққа тўхтади. Ишонч қалъаси яшин урган дарахтдек, куйиб тўкилиб тушди. Чамаси урғочи қашқир нар ҳамроҳини излаб, шу атрофда изғиб юрган кўринади. Назарида у қиздан икки қадам узоқлашиши билан қашқир унга ташланиб қоладигандек туюлиб ортига қайтди. Гулхан пасайиб борарди. Боягина унинг тафтидан эриган қор яна қайта музлай бошлади. Шу пайт машина капоти ичида яна бир нарса қарсиллади.
— Блок ёрилди, — деб қўйди Нормурод, бундан на хафа, на хурсанд бўлганлиги чеҳрасида акс этмади. Бўлмаса, бу моторни эпақага келтириш учун қанча вақти, қанча меҳнати-ю қанча маблағи совурилганди. Энди бир неча соат ичида барча ишлари чиппакка чиқяпти. Совуқнинг вайронкор қудрати машинани аста- секин бир уюм музлаган темирга айлантираётганди. Радиатор кетди. Блок кетди. Янги ғилдирак ёниб турибди.

«Барчаси арзимаган нарса. Ишқилиб бу саҳродан омон чиқиб олсак бўлди». — Нормурод ўзига эски қадрдон бўлиб қолган машинасининг фожиасини кўрмаслик учун, тескари ўгирилиб олди.

Қашқир яна улиди. Гулхан писиллай бошлади. Нормурод барига қўл силкиб ўрнидан турди. Юкхонадан домкрат ва гайка калитини олиб орқа ғилдиракнинг остига ўрнатди. Машинани кўтариб ғилдиракни бураб чиқариб олди ва ўйланиб ўтирмасдан уни ҳам гулханга ташлаб устига бензин сепди. Олов тиллари яна бўрон билан ўйнаша бошлагач, бўри ҳам жимиб қолди.
— Соат неча бўлдийкин? — деб сўради у мудраб ўтирган қизни гапга тутиб чалғитиш учун. Ўз тажри¬басидан билади. Совуқнинг заҳри ёмон. Сал мудрадингми, бўлди. Бирон жойингни олдирасан. Агар ухлаб қолсанг, тошдек қотасан, вассалом.
— Уч, — деди қиз беҳол. Унинг кўзлари юмилиб-юмилиб борарди. — Мен бироз ухлаб олмоқчийдим...
— Э, йўқ. Бу кеча иккаламиз хам ухламаймиз. Келинг, мен сизга бир қизиқ воқеа айтиб бераман.

Қиз унга эътиборсизгина қаради. Гулхан тафтидан юзлари қизариб кетганди. Нормурод қўлига бир сиқим қор олиб унинг юзига босди. Гулжамол қичқириб юборди.
— Бу нима қилганингиз, Нормурод ака!

Гулжамол ўзининг овозидан уйқуси ўчиб кетганди. Бирдан ҳушёр тортиб уёқ-буёққа олазарак нигоҳ ташлади. Атроф бийдек саҳро. Бўрон гувиллаб ёпиниб турган адёлига қор парчаларини келтириб урмоқда. Рақс тушаётгандек тепиниб юрган Нормурод билан ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ. Бироз олдин йигит бу ерда ухламоқ ўлим билан тенг, дегани эсига тушиб, ўрнидан турди. Оёқлари ўзига бўйсунмай гандираклаб кетди. Панжалари совуқдан увушиб кетганми, ҳатто уларнинг бор-йўқлигини ҳам ҳис қилмади. Мажбурлаб бир қадам босди ва ерга қулади.
— Нормурод ака...

Йигит қизнинг «Нормурод ака» деганидан таъсир¬ланиб кетганди. Шунда унинг ёнидаги кишининг қиз бола эканлиги хаёлига келди. Шу пайтгача ҳеч қайси бўй етган бегона қиз унга Нормурод ака, деб мурожаат этмаган эди. Қизнинг ҳолсизгина ерга йиқилганини кўриб, ҳаммасини тушунди. Қиз оёқларини совуққа олдирган эди.
— Оёқларимни сезмаяпман... —инграрди Гулжамол. — Наҳотки энди шол бўлиб қолсам...
— Қайси оёғингиз?
— Иккаласининг ҳам панжалари йўқдек.

Нормурод қизнинг этигини зўрға суғуриб олди. Панжаси шишиб кетганидан қалин жун пайпоғини ечиб яланғоч оёғига қор ишқай бошлади. Ўн дақиқалар зўр бериб ҳаракат қилганидан кейин бармоқларга қон югуриб қизий бошлаганини ҳис қилиб енгил тортди.
— Қани энди сакранг. Бўлинг. Бир жойда ўтирсангиз яна оёғингиз тўнғиб қолади.

Гулжамол йигитга қўшилиб оёқларининг учида сакрай бошлади. Бироздан сўнг у ҳам қизиб, бўйсунмаётган оёқларига жон киргани сезилди.

Нормурод гулханнинг тагида қолиб кетган биринчи ғилдиракнинг қизиб турган темир дискини чўкичга илдириб тортиб олди ва қор сепиб совутди. Кейин ўриндиққа ёзиб қўйган кўрпачани олиб келиб унинг устига тўшади.
— Оёғингизни оловга яқинроқ суриб ўтиринг. Совуқ олдириш билан ҳазиллашиб бўлмайди.

Нормуроднинг қўлидан шунақа меҳрибончилик ҳам келиши мумкинлигини ўйлаб Гулжамолнинг кўнгли ийиб кетди. Беихтиёр уни Носир билан яна таққослай бошлади. Бир пайтлар янги олган, пошнаси ингичка туфлисини кийиб тош тўшалган йўлкада кетиб бораётганида, ҳали бунақа туфлига мослашиб улгур¬маганми, туртиб чиққан тошга депсиниб оёғини қайириб олгани эсига тушди. Ўшанда Носир унинг қўлтиғидан суяб олганди, аммо то ётоқхонага боргун¬ларича уни эҳтиётсизлик қилгани учун минғиллаганча койийвериб қонига ташна қилиб юборганди.

Бўрон аста-секин пасайиб, оддий шамолга айланди. Қор парчаларининг юзларига нина санчилгандек урилиши ҳам тўхтади. Булутлар тарқаб осмонда ой кўринди. Тонгги изғирин бошланди. Яна қашқир улиди. Нормурод товуш келган томонга ўгирилди. Уч юз қадамлар наридаги кичикрок бархан устида, тумшуғини осмонга кўтарганча, ойга қараб улиётган бўрининг шакли ойдинда қорайиб кўринарди.
— Мода қашқир, — деди Нормурод худди ўзига ўзи гапираётгандек паст товушда. —Жуфтини қидириб юрибди.
— Уни энди ҳеч қачон топа олмайди, бечора, —деди қиз ҳам аллақандай ҳазин товушда.
— Ҳа, топа олмайди. Уни жуфтидан биз айирдик. Балки у, то ўлгунича бизни қарғаб ўтар.

Нормурод хаёлига келган фикрдан ўзи ҳам ажаб¬ланди. Унга нима бўляпти ўзи?! Йўқ, олдинлари у бунақа фикрлардан йироқ юрарди. Нега бирдан жуфтидан айрилган бўрига раҳми келиб кетяпти? Балки одамзод ўлим билан юзма-юз келганда шунақа мушоҳада қиладиган бўлиб қолармикан? Буни у ҳеч қачон тушунтириб бера олмайди. Бир тилсиз ҳайвоннинг қарғишидан нега қўрқаяпти — буни ҳам билмайди.
— Агар уни ўлдирмасангиз, у мени бурдалаб ташларди.
— Наҳотки ҳаётда бировни сақлаб қолиш учун кимнидир ўлдириш керак бўлса? Ғалати туюлмаяптими сизга?

Гулжамол оддий аравакаш деб менсимай юрган йигитнинг файласуфларча гапира бошлашидан ҳайрон қолди.
— Билмадим. Балки яшаш учун кураш деганлари шу бўлса керак-да...

Шу ерда суҳбат узилиб қолди. Гулхан яна пасая бошлаганди. Бўрон тўхтаган бўлса-да, совуқнинг заҳри пасаймаган, изғирин суякларини қақшата бошлади. Бир оёғидан ажраган чўлтоқ машина тумшуғини қорга тиққанча, улкан музқояга айланиб бораётган эди. Энди унинг иккинчи оёғини ҳам юлиб олиб ёқмаса бўлмасди.

Нормурод қўлига чиппа ёпишадиган темир домкратни энди иккинчи ғилдирак остига ўрната- ётганида музлаб қолган бўрининг жасадига тепиниб кетди. Агар ўшанда чўкични мўлжалга тўғри уролмаганида ҳозир ўзларининг жасади шундай тўнғиб ётган, ёхуд бўри ўз жуфтини мазали гўшт билан меҳмон қилаётган бўлармиди... Кимнингдир ўлими яна кимгадир яшаб қолиш учун имконият бўлса... Ҳа, яшаш учун кураш деганлари жудаям жумбоқли масала экан...

Ғилдиракни қийнала-қийнала ечиб олди. Гулхан бироз тутаб туриб яна алангаланиб кетди. Қизнинг қалтираётган вужудига яна иссиқ ўрлади.
— Нимани ўйлаяпсиз, Гулжамол?

Гулханга маъюс термулиб турган қизни суҳбатга тортмоқчи бўлди йигит.
— Бева қолган қашқирни ўйлаяпман. Ёлғизлик ёмон нарса. У энди қандай кун кечираркан-а...
— Нима қиларди, бошқа бир ҳайвонни топиб олади. Улар шунчаки бир йиртқич. Уларда садоқат, вафо деган тушунчалар бўлмайди.
— Билмадим. Аммо бир нарса эсимга тушиб кетди. Ўн беш йил бурун, мен тўртинчи синфда ўқиб юрган пайтимда катта опамнинг эри — Самад поччамни ўлдириб кетишганди. Нима учун ўлдиришганини билмайман. Лекин опамнинг хуни бийрон бўлиб йиғлагани ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўшанда йигирма уч ёшли опам икки норасидаси билан тул қолганди. Орадан бир неча йил ўтиб уёқ-буёқдан унга оғиз солиб совчилар ҳам келиб туришди. Опам барчасини қайтарди. Яна бир неча йилдан сўнг мен мактабни тугатдим. Анча-мунчага ақлим етиб қолганди. Опамдан «Нега турмушга чиқмаяпсиз?« деб сўрасам, "Поччангдан уяламан", деганди. »Аллақачон кўкариб чиққан поччамнинг нимасидан уяласиз?» десам, опам бир ўқрайиб қўйди. Поччамнинг катталаштирилган суратига узоқ термулиб қолганидан кейин менинг гапим ўринсиз, бунинг устига жудаям қўпол чиққанини тушуниб тилимни тишлагандим...

Нормурод ҳам унинг эзгин ҳикоясидан таъсир¬ланиб, маъюс тортиб қолди.
— Бу қашқирнинг ойга тикилиб туриши опамнинг суратга термулиб сукутга толиб ўтиришини эслатиб юборди...

Қизиқ, ҳозиргина ажалга рўпара келган, бунинг устига ҳали ҳам совуқда музлаб ўлиш хавфи чекинмаган, борса гумон йўлда турган қизнинг ёввойи бир йиртқичга ачиниб шунақа гапларни гапириб ўтириши йигитни ҳайратга солди. Ҳа, инсон феъл-атвори шунақа тушуник¬сиз, ғалати бўларкан-да. Ёши ўттизга етиб, шунақа нарсалар ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаган экан...

Нормурод учинчи ғилдиракни ҳам гулханга келтириб ташлади. Шарқ уфқи аста-секинлик билан ёриша бошлади. Қашқирнинг овози энди бутунлай ўчди.
— Анавини қаранг, — деди қиз ёриша бошлаган барханга имо қилиб.

Нормурод бархан устида бир неча соат олдин қандай ойга термулиб улиган бўлса, ҳамон ўшандай қилт этмай турган бўрига ҳайрон қолди. Кейин барига тушунди: жуфтидан айрилган йиртқич ойга кўзларини тикканча муз қотган эди. Енгил шамолда унинг юнглари тебранмас, балки муз билан қопланганидан, тонгнинг заррин шафағини ўзида акслантириб, жилваланиб турарди.
— Музлаб қолибди, бечора... — деди йигит оғир хўрсиниб.
— У ўлмаслиги ҳам мумкинмиди? — сўради Гулжамол йигитнинг оғзига термулар экан.
— Қайдам, балки бархан устида қотиб турмасдан уясига кириб ётганида ўлмаслиги ҳам мумкин эди.
— Демак, у жуфтини ташлаб кета олмаган... — қизнинг товуши ҳазинликка шунчалик чулғангандики, Нормуроднинг юраги эзилиб кетди.

«Демак, — йигитнинг хаёлидан ўтди, — у бошқасини топиб олишни мутлақо истамаган. Ҳамроҳисиз яшашни ҳам...»

Улар ўз ўйларига ғарқ бўлиб туришаркан, ҳайвонларча садоқатга қўйилган ҳайкалга ўхшаб, осмонга ҳасратли термулганча тош қотган мода бўри жасадига қарашга ҳеч бирларининг юраги бетламасди.

Ягона ғилдиракда қолган машина бутунлай қорга сингиб кетганди. Нормурод ҳали тонг отиб, техникалар ҳаракатга келишига икки соатдан ортиқ вақт борлигини чамалаб, сўнгги ғилдиракни ҳам ечиб олиш тараддудини кўра бошлади. Қарийб бир суткадан бери туз тотмаганлиги, бунинг устига совуқ ва бедорликдан ҳам кўра миясини пармалаб ўтаётган фикрлар унинг силласини қуритиб ташлаганди. Буёғи тезлашиб кетди. Сўнгги ғилдиракни алангага айлантирганидан кейин бошлари айлана бошлади. Гулжамолнинг гаплари олисдан келаётгандек туюлди. Бир пайт қизариб чиқаётган қуёш фонида аллақандай юк машинасининг қораси кўринганида у енгил тортгандек бўлди. Ялдо кечасидек туганмас туюлган даҳшатли туннинг синовига бардош берган, муҳими, ўз ҳаётини унинг ихтиёрига топширган қизни ўлим чангалидан олиб қолганига ишониб маъюс жилмайиб қўйди. Юзма-юз жангда рақибидан устун келган паҳлавондек қониқиш ҳосил қилганди. Оёқларидан мадор кетаётганини ҳис қилиб, музлаган қорга шилқиллаб тушди. Гулжамолнинг олисдаги машинани қаршилаб йиғлаганча чопиб кетаётгани худди тушдагидек ола-чалпоқ кўринди ва кўзлари юмилди.

Орадан уч ой ўтиб апрелнинг ёмғирли кунларининг бирида Гулжамолнинг тўйи бўлди. Ҳамкасбларини ҳайратга солиб, саноат кўламидаги илмий тадқиқотлар бўлимининг лаборанти корхонанинг келажаги порлоқ, илмий даражали бош муҳандисига эмас, балки унинг ҳайдовчисига турмушга чиқиб кетди...