OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБаҳодир Абдураззоқ
Асар номиҚора кийик таъқиби (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Баҳодир Абдураззоқ
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм46KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/05/30
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қора кийик таъқиби (ҳикоя)
Баҳодир Абдураззоқ

Усмон тун бўйи босинқираб чиқди. Тавба, милтиқ тутган аллақандай кийик Мунисани тинимсиз таъқиб қилармиш. Жон ҳовучлаб уларнинг ўртасига тушишга ҳаракат қилсаям, оёқларига тош боғлангандек, жойидан қимирлай олмас экан. Шу тушни бир кечанинг ўзида бир неча марта кўрди. Ҳатто ухлашга ҳам чўчиб қолди. Кўзларини лўқ қилиб хаёл суриб чиқди. Эрталаб бўкиб ичган сармастдай боши лўқиллаб оғриётганидан, канда қилмайдиган одати, онасининг ҳужрасига бош суқиб салом беришни ҳам унутди. Соқолини чала-чулпа қиртишлаб ишга отланаётган маҳал қунишибгина сочиқ узатиб турган Муниса билан нигоҳлари тўқнашди. У ҳам туни билан мижжа қоқмаган ҳойнаҳой, қовоқлари салқиб, сурмаранг соя тушган эди. Ниманидир ундан яшираётгани титраётган лаблари қимтилганидан, нигоҳларини яширишга уринаётганидан англашилиб турарди.

«Бу бечорага ҳам қийин, дарди ичида, ичидагини тўкиб соладиган яқин кишиси ҳам йўқ. Қизлари турганида бу пайтга келиб унга дардкаш, сирдош бўлиб кетармиди. Онам азалдан уни хушламайди. Шундай бўлса ҳамки, ўттиз йилдан бери миқ этмай чидаяпти. Ўзи қайнона бўладиган ёшга етганида ҳам, қайнонасининг бир имосига маҳтал, ёш келинчакдек зипиллаб юмушини қилади. Нега йиғлади экан? Ё, яна Султон...»

Усмон симиллаётган чаккаларини қўллари орасига олди.

– Дорингизни ичиб олинг, давлениянгиз...

Хотини узатган ҳапдорини бир пиёла совуқ чой билан зўрға ютди. Бироз бошининг лўқиллаши босилгандек бўлди. Хотинига «Нима гап?» дегандек нигоҳ ташлади. Ўттиз йилдан бери бир ёстиққа бош қўйиб, ҳали бирор марта сан-манга бормаган, бир-бирини бир қисқа нигоҳ ёхуд, яримта ҳаракатдан англаб оладиган бўлиб қолганларидан Муниса эрининг сўроқли нигоҳи аломатини тушунди. Янада мунғайиб, бир сиқимгина бўлиб қолди.

– Янами?

Муниса секингина бош ирғаб қўйди. Лабини минг тишлаб овозини ичига қамаб турса-да, аммо кўз ёшларини тийиб туролмасди. Усмон яхши кўрадиган узун-узун қайрилма киприкларидан дувиллаб ёш қуйила бошлади.

– Чақир!

Муниса сесканиб бошини кўтарди. Юзларида илтижоли ифода зоҳир бўлди.

– Дадаси, ишдан қайтганингиздан кейин гаплаша қолинг. Бечоранинг ҳозиргина кўзи илинди. Юзини моматалоқ қилиб ташлабди уйгинангга ўт тушгурлар.

– Минг марта айтдим унга, ўша кўчага қадам босмагин деб! Яна борибдими?

Муниса унсизгина бош ирғаб қўйди. Усмон ишга кечика бошлаган эди. Нонушта ҳам қилмай машинасига ўтирди.

* * *

...Раҳматли Бурҳон овчи кўп ғалати феълли одам эди. Ўзининг алоҳида ҳужрасида яшар, имкони туғилиши билан саҳрога бир неча кунга, баъзан эса ҳафталаб овга чиқиб кетарди. Онаси Каромат кампир шу пайтларда ҳужрани супуриб-сидириб чиннидек ярақлатиб қўяр, аммо Усмонни бу ерга яқин йўлатмасди. Отаси баъзан илвасинни мўл қилиб, тўлиб-тошиб келганида, ҳужра улфатлари билан тўлар, кийик гўштидан бўлган кабобни шайтон сувига чазан қилиб базм қуришарди. Баъзан ови бароридан келмай уйга ҳолдан тойиб, қуп-қуруқ кириб келганида эса унга кўриниш беришга ҳеч кимнинг юраги бетламасди. Бурҳон овчи Усмон ўн иккига кириб-кирмай вафот этди. Ҳали бу фожианинг бутун қудратини ҳис қила олмай, келди-кетдиларга анграйиб караб турган Усмон сўрида ўтирган чолларнинг суҳбатига беихтиёр қулоқ тутди.

– Раҳматлини кийикнинг пири уриб кетди-ёв, – деди тишсиз милклари билан бир бўлак нонни чайнай олмай кавшанаётган қоқсуяк чол, – Ўзим гувоҳи бўлганман. Бўриётоғидаги кийикларни Бурҳон овчи қийратди. Бир куни десанг, қўшда оёғимни чўзиб ётувдим, узоқдан бархан оралаб, Бурҳоннинг пат-пати товуши чиқди. Бир пайт қуюқ чанг кўтарилди. Ўрнимдан туриб қарасам, ўттиз чоғли кийикни олдига солганча пат-патини учириб қувиб юрибди. Ярим соатча таъқиб қилганидан сўнг, уларни ялангликка олиб чиқди. Кейин нима бўларкин, деб қизиққанимдан бархан устига чиқиб қарасам, Бурҳон билан яна бир киши қарсиллатиб отиб ётибдилар. Беш-олти чоғли кийикни отишди-ёв, дедим. Бироздан кейин уларнинг товуши ўчди. Ўша куни кечга яқин, ўғлим бир ярадор кийикни эшакка ўнғариб олиб келди. Орқа чап оёғини ўқ чўрт синдириб кетган экан. Негадир, бечоранинг қорни ва оёқлари оппоқ, танасининг ранги эса қора эди. Шу пайтгача бунақа қора кийикни кўрмагандим. Бунда бир хислат бўлса керак, деб ўйладим ва унинг оёғини тахтакачлаб боғлаб боқа бошладим. Бир ойларда тузалиб қолди. Кейин сурув орасига қўйиб юбордим. Анча эл бўлиб қолганди. Кейинчалик кийиклар яқинроқ келганларида уларга қўшилиб кетди. Лекин аҳён-аҳёнда келиб қолар, мен ҳам қўлимга илашган нонми, емми унинг оғзига тутардим. Жонивор бирам гўзал, киришимли эди-да ўзи ҳам. Ўлган кишининг ортидан яхши-ёмон гапириб бўлмайди-ю, лекин ҳар сафар Бурҳон саҳрони оралаганида юрагим симиллаб, шу кийикни отиб қўймасин-да, деб Худонинг зорини қилиб турардим. Бурҳон кетгандан сўнг бир-икки кун ўтиб, кийиклар ўтлайдиган жойларни айланардим. Шунда унинг ўтлаб юрганини узоқдан бўлса ҳам кўриб, хотиржам тортиб қайтардим. Бир куни отарни сувга ҳайдаётганимда яна пат-патини патиллатиб Бурҳон келиб қолди. Саҳрода анча айланиб юрганидан бўлса керак, юзи қорайиб, уст-боши чангга беланган, томоғи қақраб кетганидан, овози базўр хириллаб чиқарди. У сув сўраб келганди. Сув бердим. Саксовулнинг соясига хуржунини тўшаб бироз нафас ростлади. Шундан фойдаланиб, унга насиҳат қилмоқчи эдим, қаерда... Ҳатто қулоқ солгиси ҳам келмади. Икки кундан бери саҳронинг тит-питини чиқарса ҳам бирор кийик учрамабди. Менимча кимгадир кийик отиб келаман деб ваъда берган у. Энди қуйи сувлоқ томонини қидираман, деди. Юрагим «шувв» этиб кетди. Кеча кечқурун кийикларнинг шу томонга кетаётганини кўрган эдим. Шу томонга борса албатта кийикларни топади. Уни гапга кўндиролмаслигимни тушуниб охирида кўнглимдагини айтдим.

– Орқа чап оёғи бироз оқсайдиган, урғочи қора кийик бор, илтимос укам, шуни отмагин.

– Қизиқсиз-а, Абдураҳмон ака, тўдага қараб отгандан кейин, ўққа шу кийикка тегма, бунисига тег деб айтиб бўладими!

– Укажон, шу кийикнинг бир хосияти бор. Бекорга унинг ранги қора эмас. Шуни ўлдирмагин, илтимос. Уволи ёмон бўлади.

У менга бир қаради-ю индамади. Пат-патига миниб, қуйи сувлоқ томонга кетди. Шундан кейин кийигимни қайтиб кўрмадим.

...Усмон ўшанда ёшлик қилибми, ёхуд чолнинг изтиробини ҳис қила олмаганиданми, «Отамни ёмонотлиқ қилмоқчи бўляпти, ичиқора», деб ўйлаганди. Лекин йиллар ўтиб, отасининг ўлими тафсилотларини эшитгач, Абдураҳмон чорва ва унинг кийиги ҳақидаги воқеани бот-бот эслаб қоларди.

... У замонлар Бурҳон овчи колхозда табелчи бўлиб ишлар, бош ҳисобчиликка кўтарилишни орзу қиларди. У колхозда, молия техникумини тугатган ягона дипломли ҳисобчи бўлса-да, аммо раис уни ҳисобчиликка қўйишга шошилмасди. Ўқишни тугатиб келганида, «бир йилча табелчилик қилиб турасан, кейин албатта ҳисобчиликка ўтказаман», деб ваъда берганди раис. Лекин орадан тўрт йил ўтиб ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Раис ўша-ўша, ваъда беришдан чарчамас, йиғим-теримдан кейин албатта, идорада ўтириб, бир устолга эгалик қилишини айтиб қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юбораверарди. Шунда унинг яқин жўраси, кассир бўлиб ишлаётган Умарқул бир гап билан кўзини очиб қўйди.

Ўшанда Умарқул иккови кимнингдир тўйидаги ошда ҳамтовоқ бўлиб қолди. Гурунг оқими Бурҳоннинг табелчилигига тақалганида, у чидай олмай дардини дастурхон қилиб юборди, Умарқул сирли илжайди.

– Туппа-тузук овчисан, ана, Бўриётоғи кийикка тўлиб ётибди. Биттасини шартта отгину раиснинг уйига элтиб ташла. Раис кийик гўштини кўрса ўзини томдан ташлайдиганлардан. Мени айтди дерсан, эртагаёқ ҳисобчиликка ўтказади сени.

Бурҳон овчи унинг айтганидек қилди. Эртаси куни ўз бригадаси билан пайкалга чиқаётганида уни раис йўқлатди.

Раис бу сафар уни олдингидек энсаси қотиб эмас, анчайин илиқ қарши олди. Кеча еган кийик қовурдоқнинг таъмини тамшаниб эсларкан, уни ёрдамчи ҳисобчиликка ўтказиш тўғрисидаги буйруққа гажакдор имзо чекиб юборди.

– Мана укажон, биз ваъдамизни бажардик. Энди сиз бизнинг ўз одамимизсиз. Шунинг учун битта-яримта хизмат чиқиб қолса бўйин товламайсиз. Кейинчалик сизни бош ҳисобчиликка кўтариш ниятимиз ҳам бор. Шуни эътиборга олиб астойдил ишланг, укажон.

– Хўп бўлади, раис бува, – деди Бурҳон қўлини кўксига қўйиб.

Унинг бундай тавозеси раисга ҳам хуш ёқиб, ёйилиб илжайди.

Раис айтган «битта-яримта хизмат» ўзини жудаям кўп куттирмади. Янги жойдаги ишининг иккинчи ҳафтасидаёқ раиснинг муҳташам кабинетига чақирилди.

– Келинг, Бурҳонжон. Сизга битта хизмат чиқиб қолди.

Бурҳон қўлини кўксига қўйди.

– Эшитаман, раис бува.

– Гап бундоқ. Уч кундан кейин, ижроқўмнинг туғилган куни. Шунга бир кийик кабоб қилдирмоқчи эдим. Кейин у киши, шунақа жониворларни яхши кўрадилар. Уйлари запарк бўлиб кетган. Ҳар хил қушлар, ғалати жонзотларни боқадилар. Шунга бир кийик боласини тирик ушлаб келсангиз, зўр бўларди-да. Бу ишлар сиздай овчига чўт эмас-ку, а? – Раис теваракка бир аланг-лаб, сирли пичирлади. – Нормат ака нафақага чиқаман деб қўймай юрганди. Сизга ишонаман, иқтисодчиликни бемалол эплайсиз.

Бурҳон овчи аста-секинлик билан раиснинг қўйган тузоғига чирмашиб бораркан, мансаби ҳам йилдан йилга ошар, раиснинг ҳакалак отган нафси Бўриётоғи кийикларига қирон келтирарди. Бош ҳисобчиликка кўтарилганидан кейин раис овга чиқишингизга ярайди деб бир сувчига аталган мототсиклни унга топширди.

– Вилоятдаги бир раҳбаримизга кийик гўшти зарил, – деди бир куни раис, – агар шуни эпласангиз, шу йил ҳосил байрамида «Москвич»ли бўлиб қоласиз.

Бурҳон ширин энтикди. Ахир қишлоқда шу раиснинг «Волга»сидан бошқа машина йўқ. Машина миниб қишлоқ кўчаларини чангитиб юришини, кўрган ўртоқларининг оғзи очилиб қолишини тасаввур қилиб, кайфияти кўтарилиб кетди.

– Бўпти раис бува, қойиллатамиз!

– Балли, яшанг!

Бурҳон ўшанда саҳронинг тит-питини чиқариб уч кун изласа ҳам бирорта кийикнинг қорасини кўролмай хуноби чиқиб юрганида Абдураҳмон чорвага дуч келганди. Ўша куни шом қўнаётган маҳалда қуйи сувлоқдан кийикларнинг сийраккина тўдасига кўзи тушди. Уларни безовталик билан шохдор така сувга бошлаб келарди. Мототсиклнинг патиллашини эшитсалар бир сониядаёқ кўздан йўқолиб, чеку чегарасиз саҳро бўйлаб тарқалиб кетишга тайёр турардилар. Бурҳон мототсиклини ўчириб сувлоққа писиб боришга қарор қилди.

Шохдор така сувлоқ ёнидаги мўъжаз тепаликда ҳушёр турар, сийраклашиб қолган тўда эса шоша-пиша сув ичарди. Бурҳон салгина эҳтиётсизлик қилиб, оёғининг остидаги шохни шитирлатиб юборди. Қари така эса қулоғини динг қилиб ерни бир тепиб қўйди. Сувга энгашган кийиклар бирдан бошларини кўтардилар. Шошилмаса бўлмасди. Қоронғулик аста-секинлик билан қоплаб келаётган саҳрога сингиб, кўздан йўқолишлари ҳеч гапмас! У шошилиб ўрнидан турди-да чопиб кетаётган тўданинг сўнггидаги оқсаётганлиги элас-элас сезиладиган йириккина қора кийикни мўлжалга олиб тепкини босди. Кийик ўмбалоқ ошиб тушдию зарбдан яна туриб кетди. Бурҳонга у яна югуриб кетаётгандек туюлиб, иккинчи ўқни ҳам бўшатди. Кийик илтижоли бўзлаб қулаганича қайтиб турмади. У уч кунлик сарсонлигига нуқта қўйган ўлжаси томон ҳорғин қадамлар билан яқинлаша бошлади. Шу пайт тўда бошида кетаётган така кутилмаганда ортга қайтди. Қонга беланиб ётган кийикни ҳидлаб, этни жунжиктирувчи хунук ва йўғон товушда ўкириб юборди. Бурҳоннинг оёқларидан мадор қочиб, жисмини қалтироқ эгаллади. Ўлжанинг ёнига боришни ҳам, ортга қайтишни ҳам билмай иккиланиб қолди. Бехос, саҳронинг мунгли оқшомида шохдор така кийикнинг қоп-қора кўзлари билан нигоҳи тўқнашиб кетди. Ёшдан янада ялтираб, катталашиб кетган кўзларни сўнгги кунларига қадар унута олмаса керак!

– Нима қилиб қўйдим?! – Унинг ичида нимадир чирт узилгандек бўлиб, титроқ овозда пичирлади. У бўзлаётган кийик томон яқинлашишга ўзида куч топа олмади. Милтиғи оғирлик қилаётгандек қайишидан ушлаганча судраб ортига қайтди. Бархан панасида қорайиб турган мототсикли ҳам унга кийик бўлиб туюлиб, юраги орқасига тортиб кетди. Синчиклаб қараб мототсиклини илғагач аранг судралиб бориб унга суяниб қолди.

– Менга нима бўляпти ўзи? Шунча кийик овлаб бунақа ҳолга тушган эмасдим-ку. Ҳақиқатан ҳам анави чорванинг гапида жон бормикан? Хосиятли кийикмикан у? ...Бариси бўлмаган гап! Уч кундан бери саҳро кезиб юрганидан чарчаган, холос. Ҳозирги аҳволини Умарқулга ўхшаган кўрса роса масхара қилиб кулса керак. Кимсан, Бурҳон овчи, аёлга ўхшаб кийикнинг ўлигидан қўрқиб ўтирса-я!

Бурҳон мототсиклни ўт олдириб, фарасини ёқди. Узун ингичка нур яйдоқ саҳрони тилиб, сувлоқ бўйидаги қамиш ва юлғунларни ёритди. Мототсикл патиллаганча қонга беланиб ётган кийикнинг жасадига яқинлашганда Така кийик ҳамон унинг ёнида эканлигини кўриб, Бурхон яна бир сесканди, бироқ ўзини тезда қўлга олди. Мотор товушидан чўчиган така кийик бироз нарига чопиб борди-ю, таққа тўхтади. Ўгирилиб, кўзларидан кўкимтир-яшил аланга сочганича қотиб тураверди. Бурҳон унга қарашга ботина олмай ўлжасини мототсиклига ўнғариб, газни қаттиқроқ сиқимлаб буради. Мототсикл саҳронинг осуда оқшомини суронга тўлдириб, ёлғизоёқ йўлдан учиб кетди.

Бурхон мототсиклнинг қулоқни қоматга келтиргудек патиллаши орасидан ортидан чопиб келаётган така кийикнинг туёқ товушларини аниқ эшитар, бунга сари юрагини ваҳима қоплаб рулга қаттиқроқ ёпишарди. Ярим тунда осуда уйқуга чўмган қишлоқни мототсиклнинг шовқини уйғотиб юборди.

* * *

...Султонни аллақандай сирли куч бобосининг ҳужраси томонга тинимсиз чорлайверарди. У моматалоқ бўлган юзидаги оғриқлардан афтини бужмайтириб, бу ҳужра қачондан бери ўзига тортаётганини ўйлашга уринарди. Шунда биринчи бор қўшни маҳаллалик Қодир муштумзўрдан калтак еганида, бобосининг эски милтиғи ҳақида обдон ўйлагани эсига тушди. Ҳа, тўғри. Худди ўша биринчи бор калтакланганидан кейин, бу ҳужра, тўғрироғи, унинг сувоқлари кўчиб кетган пахса деворидаги занглаб кетган қозиққа илиб қўйилган милтиқ уни ўзига чорлай бошлаган эди. Эҳ-ҳе, унга ҳам бир неча йил бўлиб кетибди...

Ўшанда у эндигина мактабни тугатган пайти эди. Сулувни дугоналари билан мактабдан қайтаётган пайтида учратиб қолдию, қалби, ақли, дунёқараши, мақсадлари ағдар-тўнтар бўлиб кетди. У институтга кириш илинжида эди. Келажакда катта-катта ишлар қилмоқчи эди. Ҳаммаси, бари-бари сувда оқиб кетгандек, бир зумда йўқолди-қолди. Уларнинг ўрнини эса тўлалигича Сулувнинг ишқи, Сулувнинг ҳажри, унинг васли-соғинчи эгаллади. У Сулувнинг чанг кўчасидаги ҳар битта хасу хашагини ўпишга тайёр эди. Сулувнинг оёқлари изи тушган кесагу тошларни бағрига босишга шай эди. У ердаги нураган пахса деворлар нақадар бахтли, чунки ҳар куни Сулувни кўради, унинг хуш бўйини тўйиб-тўйиб ҳидлайди. Султон тонгга қадар Сулувларнинг маҳалласида изғийдиган қилиқ чиқарди. Шундай сандироқлашларида қизни олисдан кўриб қолса ҳам ундан бахтли кимсани дунёдан топиб бўлмасди.

Шундай дарбадарликнинг нечанчи кунидир, унинг мажнунлиги маҳалла йигитларининг эътиборини торта бошлади. Қодир муштумзўр бошчилигида у огоҳлантирилди. Натижа чиқмаганидан кейин эса Султон яхшигина ур-калтаклар билан уйига жўнатиб юборилди. Агар Султонда овчи бобосининг ўр феъли бўлмаганида воқеа шу билан интиҳолаган, ҳушини йиғиб олган йигит яна ўз ҳолига қайтиб институт умидида катта шаҳарга йўл олган бўлармиди. Аммо, унинг суяк-суягига сингиб кетган ўрлик исён қилиб эртаси куниёқ кўкарган кўзларига қора кўзойнак таққанча яна ўша маҳаллада пайдо бўлди. Қодир муштумзўр бу сафар ўзи англаб-англамай Султон билан Сулувнинг юрагида ўз ҳолича айланиб юрган ишқ жилғасини ягона ўзанга буриб юборди.

Қора кўзойнак тақиб олган «мажнун»нинг яна маҳаллада пайдо бўлгани ҳакидаги хабар шотирлари томонидан қулоғига етди.

«Шошма, – деб ўйлади Қодир. – Уни Сулувнинг кўз олдида шармандасини чиқариб, обрўсини ер билан битта қилиш керак!» Қодир ўзининг топқирлигидан мағрурланиб, ёнидаги муте шотирларига осмондан назар ташлади. Улар Қодирнинг зарбаси қанчалар залворли бўлса, ақли шунга тескари мутаносибликда ишлашини билишар, лекин унинг бақувват, суяги бузуқ гавдаси, маймунникидек узун қўллари, каттакон мушти сўзсиз итоат этишларини таъминларди.

Бу сафар Султон сувга чиққан Сулувнинг кўз ўнгида калтаклана бошланди. Қодирнинг ҳар бир зарбасидан икки қадам ортга учиб кетаётган Султон, минг машаққатлар билан бўлса-да ўрнидан туриб яна рақиб томонга ташланишга ўзида мадор топа оларди. Қодир ўзининг ҳам Сулувга бефарқ эмаслигини билдириб қўйишни, буни қиз ўз кўзлари билан кўришини истарди.

– Яна Сулувнинг ортидан эргашганингни кўрсам, уйингга тирик қайтмайсан! – вишиллади у оғзидан тупук сачратиб.

– Йўқ! Ўлдирсанг ҳам аҳдимдан қайтмайман!

Қодирнинг гурзидек мушти бу сафар унинг чаккасига қалтис тегди. Султон мувозанатини йўқотиб, чанг кўчага қулади.

– Нокаут! – ҳайқиришди шотирлар.

Сулув Қодир муштумзўрнинг анчадан бери уларнинг уйи атрофида бунақа томошалар уюш-тиришига кўникиб қолганди. Сулув айни мактабдан келар чоғи, ёхуд, сувга ёки дўконга чиққан чоғи бу бекорчихўжалар кураш, ё бокс мусобақасини уюштирар, пировардида Қодир барча шотирларини ер тишлатганча, мутлоқ чемпионликни қўлга киритиб, унинг олдидан ғоз юриб ўтарди. Бугун ҳам шунақа томошаларнинг бири деб ўйлаган Сулув унга эътибор бермади. Аммо муштлашаётганлар унинг номини тилга олишганидан сўнг, эътибор бериб қараса...

– Нима қиляпсан, каллахум?! Ундан қўлингни торт! – Сулув Қодирнинг тиржайган от башарасига нафрат ва ғазаб билан тикилганча, ҳамон тупроққа қоришиб ётган Султоннинг туришига ёрдамлашди.

...Усмон ўғлининг феълида ғалати ўзгариш бўлаётганини сезиб юрар, то ўзи бошламагунча, унга бирор гап айтиб кўнглини қолдиришни истамаганидан арқонни узунроқ ташлаган эди. Аммо унинг қиладиган ишларидан тайин қолмай, ҳатто, институтга киришга ҳам тайёргарлик кўрмаётганидан, бунинг устига ҳар икки кунда бир марта юзини кўкартириб келадиган одат чиқарганидан кейин сабр косалари лиммо-лим тўлди. Шундай кунларнинг бирида очиқ гаплашиб олиш учун ўғлини чақирмоқчи бўлиб турган эди, Султоннинг ўзи шишган юзини отасига кўрсатмасликка тиришиб кириб келди.

– Хўш, – ўғлига синовчан назар ташлади у. – Саргузаштларни бир бошдан тингларканмиз-да?

Султон иккиланиб, қизариб-бўзарганича бор гапни отасидан яширмай айтиб берди.

Усмон унинг гапларидан кейин бир муддат ўйга чўмиб қолди. Ўзининг бошидан ҳам бир пайтлар шунга яқин савдолар ўтганди. Онасининг Мунисага рўйхушлик бермаслиги сабабларининг бир учи ҳам шунга келиб тақаларди. Усмон ёлғиз ўғлини тушунгиси келди.

– Иккинчи ўша кўчага бориб, аллакимлар билан муштлашиб юрма. Менга қўйиб бер. Ўзим ҳал қиламан.

– Майли, – деди Султон ҳам отасининг ўзига хайрихоҳлигидан қувониб. Лекин Сулувнинг кўчасига бормасликка куч топа олишига ўзи ҳам ишонмасди.

Дарҳақиқат шундай бўлди ҳам. Бир неча кундан сўнг у яна Қодир билан рўпара келди. Бу гал Султон Сулув билан очиқ-ойдин гурунглашиб келаётган маҳал рақибнинг қўлига тушди.

Сулувни четга суриб чиқаришиб Султоннинг башарасига пайдар-пай мушт ёғдира кетишди. Султон яна тупроққа қоришди. Сулувнинг чирқирашига ҳеч ким эътибор ҳам бермади.

– Ўлдираман сени! Ўлдираман! – Султоннинг овози чексиз ғазабдан хирқираб чиқди. Сулув унинг кўзларида ёвузона шуъла чақнаганини кўриб титраб кетди. У ҳозироқ Қодирни ўлдириб қўядигандек, чопқиллаб бориб Султоннинг қўлларига ёпишиб олди.

– Сен ҳезим, ҳали мени ўлдирмоқчимисан?! – деди Қодир яна совуқ тиржайиб: Қўлингдан келадими? Агар яна сени шу қиз билан кўрсам, ўзингни асфалософилинга жўнатаман!

У чангга беланган Султон томонга чирт этиб тупурганча нари кетди. Султон ҳамон титроғини босолмасди. Шунда бобосининг ҳужрасидаги милтиқ кўзлари олдидан ўтди. Ўтаверди.

* * *

...Каромат кампир неча йилдирки, тўшакка михланиб, куни ўзи хушламайдиган келини Мунисага қолган. Ўшанда эри ярим тунда патпатини патиллатиб ҳуд-беҳуд бўлиб келганида юраги бир сесканганди. Эрининг шунақа юришларига кўникиб қолган бўлса-да, бу сафаргиси бошқача эди. Ранг рўйи бир ҳолдаги Бурҳон овчи қонига беланган ғалати қора кийикни ерга улоқтирди. Мототсиклини деворга суяб гандираклаганча ҳужраси томон юрди. Кейин қорачиқлари кенгайиб кетган кўзларини катта-катта очиб хотинига ғўлдиради:

– Дарвозани тамбала! У ортимдан келяпти!

Ким келяпти? Балонинг ўқига тик борадиган эри бунча жониқади? Каромат ҳеч нарсани англамаса ҳам эрининг амрига сўзсиз бўйсуниб, ғайри шуурий тарзда дарвозанинг зулфинини туширди. Шу пайт, кейинчалик уни умрининг охиригача таъқиб қилиб юрган туёқ товушлари, худди бўғизланаётган сўқимнинг сўнгги нидосига ўхшаган ваҳимали хунук товушни эшитди-ю, жисми жонига титроқ инди. Бу товушни эри ҳам эшитган чоғи милтиғини шоша-пиша ўқлаётганига кўзи тушди.

– Нима қиляпсиз? Ярим кеча ҳам милтиқ отадими?

Овчининг қулоқлари кар, кўзлари кўр эди. У дуч келган томонга қаратиб ҳар иккала тепкини босиб юборди. Негадир битта ўқ узилди. Қалтироқ қўллари иккинчи тепкини тўғри босолмадими ёхуд патрон нотўғри жойланганми, иккинчи ўқ отилмай, ўз вақтининг келишини узоқ, қирқ йил кутиб қолди...

Каромат яримжон қайнонасининг илтижоси билан қўшни қишлоққа, қушноч кампирникига йўл олди.

Исириқ ва яна алламбалоларнинг ҳидига тўлган бадбўй ҳужрага кирганида, кампирнинг оҳорсиз қасабаси остидан чиқиб, елкасида ёйилиб кетган патила-патила, кирчил оқ сочлари, буришиб кетган юзлари, киприксиз қовоқлари остидан йилтираб турган бит кўзларидан шу қадар ирганиб кетгандики, шарт ўрнидан туриб жўнаворай деди. Аммо кампир йилтироқ кўзлари билан унга тикилар экан:

– Жойингдан қимирлама! – деди амирона хирқироқ овозда. – Эшикка қулоқ тут, у шу ерда. Эшитяпсанми?

Ўша даҳшатли тунда дарвоза ортидан эшитган товушлари қулоғи остида қайта жаранглагандек бўлди. Ваҳимали ҳужранинг ҳилвираб қолган эшиги ортидан қандайдир ҳайвоннинг туёқ товушлари, бузоқ бўзлаганига ўхшайдиган товушда маърагани эшитилиб турарди.

– Ҳозир ўрнингдан туриб, эшикдан чиқсанг, кунинг битади!

Бу гапдан кейин Каромат турган жойида тахта бўлиб қолди.

– Эринг кийикни ўлдирган. У кийик париларининг ғазабига дучор бўлди. Энди уни ҳам, сени ҳам сўнгги кунларинггача ўша кийик таъкиб қилади.

Кампир мис тоғорада нимадир тутатди. Унинг кўкимтир тутунларига бир муддат караб туриб, гўё тутундан ниманидир ўқиётгандай сўзлай бошлади.

– Эринг ўлади. Кийикни ўлдирганининг қирқинчи куни. Унинг авлоди қарғишга қолган. У она кийикни отгани учун, унинг авлодида қиз фарзанд бўлмайди. Агар бўлган тақдирда ҳам у она бўлолмайди.

Кампирнинг бундай даҳшатли гапларидан Кароматнинг вужуди музлаб кетгандек бўлди: «Оғзингдан чиқиб ёқангга ёпишсин!»

– Сен бунақа гапларни хаёлингга ҳам келтирма! – Кампир унинг хаёлидан кечганларни ўқиб тургандек кўзларини ғазаб билан ялтиратди. – Сен ҳам эрингнинг ортидан кетишинг кераклигини билиб турибман. Унинг олдини олмоқчиман. Қулоғингга қуйиб ол! Эринг тупроққа қўйилганидан қирқ кун ўтиб сен шу ерга, менинг олдимга келасан. Қайтарма қиламан. Шунда сен тирик қолишинг мумкин. Бўлмаса ҳар қирқ кунда уйингдан битта тобут чиқади. То овчининг авлоди буткул қирилиб битмагунча. Қайтармадан кейин бу муддат қирқ йилга узаяди.

Каромат каловланиб уйига қайтди. Лаънати фолбин, ҳали тирик, тўрт мучаси соғ одамни бир зумда ўлишига ишонтиргани унда қарама-қарши туйғуларни уйғотарди...

Қушноч айтганидек, роппа-роса қирқ кун ўтиб Бурҳон овчи омонатини топширди. Эрининг қирқи ўтганидан сўнг бир қизил хўрозни кўтариб яна кампирникига борди. Қушночнинг қилган амаллари таъсир қилдими, туёқ ва маъраган товушлар уни таъқиб қилмай қўйганди. Аммо икки-уч кундан бери юрса ҳам, турса ҳам, ўша қирқ йил бурунги, даҳшатли товушлар қулоғига киради. Кечалари алаҳлаб, эрининг қийшайиб кетган башараси, қонга беланган кийиклар уни таъқиб қилиб чиқишади. Қушноч ҳали ҳам бормикан. Ўшанга бир алас қилдирса бўлмасмикин? Агар тирик бўлса, ҳозир юз йигирмага кирган у. Ё, аллақачон суяги сурма бўлиб кетдимикан.

* * *

...Султоннинг телбаворий шаҳд билан бобосининг ҳужрасига кириб кетганини кўриб қолган Муниса унинг қай пайтда қандай чиқиб кетганини илғамай қолди. Негадир шу куни тонгдан юраги алағда. Эрталаб эрининг ҳам ранг-рўйи бир хил бўлиб турганидан унга ҳам бирон гап айтишга юраги бетламади. Қўли ишга бормаса ҳам қайнонасининг ғурбатига қолмаслик учун ҳовлида куймаланиб юрди. Тезроқ келин туширса, кўнгли бироз тинчиб, жисми ором олармиди.

Айвон рахига суянганча бир муддат хаёл суриб қолибдими, шу пайт бирдан ўзи умрида кўрмаган қайнотасининг ҳужраси эшиги ғалати қийшайиб очилиб турганидан бир машъумликни илғаб юраги орқага тортиб кетди.

Дарвоза ташқарисида қандайдир туёқ товушларига омухта бўлиб ваҳимали бўғиқ овоз ҳам эшитиларди. Бу товуш тушларига кириб чиққан товушларга ўхшаб кетарди. Шунда у беихтиёр эшиги қийшайиб кетган овчининг ҳужрасига қараб юрганини билмай ҳам қолди. Ҳужрада қирқ йилдан бери илиғлиқ милтиқ йўқ эди.

– Султон... Султон кирган эди!

Муниса юз беражак мудҳиш фожеани ҳис этиб, сесканиб кетди. Ковушларни пойма-пой илиб ташқарига чиққанида, шундоққина дарвозалари рўпарасида қорни ва оёқлари оппоқ, танаси эса негадир қорайиб кетган кийик йирик-йирик қора кўзларини жовдиратганча қараб турарди.

Муниса бу гавжум кўчада кийикнинг қандай пайдо бўлиб қолганидан ҳайратланиш ҳам эсига келмай у томон юрди. Кийик ортимдан юр дегандек, уни бошлаб кетаверди. ...Бир пайт Сулувларнинг маҳалласида кўрди ўзини... Ана, ёлғизи Султонжон аллақандай маймунсифат йигитга милтиқ ўқталиб турибди.

Онанинг юраги ҳаприқди.

– Тўхта-а!!! Султонжон, бола-ам...

Қирқ йил олдин мўлжалга олинган ўқ унинг кўксини ўпириб кетганди. Мунисанинг бир неча сонияда оқарган сочлари ёйилиб, енгил бир эпкинда силкинди. Ўзининг қулаётганини, бехосдан онасини нишонга олиб қўйган Султонжоннинг қийшайган башарасини элас-элас илғаганча кўзлари юмилди...