OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБаҳодир Мурод Али
Асар номиОқтўш (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Баҳодир Мурод Али
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм48KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/17
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Оқтўш (ҳикоя)
Баҳодир Мурод Али

Бостирма остида катта, қора ит олдинги оёғига жағини қўйганча ётибди. Унинг думи ва қулоқлари кесик. Тумшуғининг учи товуқлар титавериб майинлашиб кетган тупроққа ботган. Кўзлари ярим юмиқ, гўё каттароқ очишга мажоли йўқ.

Ит кўринишдан ҳорғин, бепарво бўлса-да, тийрак қарайди. Унинг бутун диққати ҳашарчиларнинг айвондаги поябзалларида. Поябзаллар бор-йўғи тўртта: пойлари доимо оғиб турадиган, қўнжиси калта этик, боғичсиз икки жуфт туфли ва челак ёнидаги кеда. Булар итга бегона. Унга қарашлилари уч жуфт калиш. Калишлар ҳозир айвонда йўқ. Тонг-саҳар тарқалишади. Биринчи бўлиб Бека кигиздан патак солинганини сигир томонга судрайди. Қиз янги калишни оёғига илиб, пахтазорга жўнайди. Учи салгина йиртилиб, қизғиш латтаси чиқиб қолган калишни эса Хўжайин хирмонга кийиб кетади.

Хўжайин аввал далага этик киярди. Оёғи шишиб кетиб калиш киядиган бўлди. Этиги улкан эди, қўнжилари узун, кенг эди. Ит кучуклигида болалардан қочиб, ана шу этик ичида неча марталаб жон сакдаган. У пайтларда итнинг кўксидаги оқи билинмасди. Юнглари ҳозиргидек тимқора эмас, қизғиш, мушукникидек майин эди. Болалар тортқилашганида юлиниб ҳам кетарди. Думи билан қулоқлари бус-бутун эди.

Кейинчалик қирқишиб... ўзига егизишган.

Хўжайин калиш киядиган бўлгач, этикка биров қарамади. Анча маҳал чанг босиб ётди, сўнгра қаёққадир ғойиб бўлди. Бу қутилмаганда юз берди. Ит айвонга чиққанида, этикнинг туравериб из бўлиб қолган ўрнига кўзи тушди. Шундагина этикнинг йўқолганини сезди. Искади, аммо қаерга олиб кетилганини билмади. Нарса ердан кўтарилдими, қайта ерга тушмаса, тамом, ҳидини топиш қийин.

Шу-шу айвонда уч жуфт калиш қолди. Ҳашарчиларнинг пояфзаллари булар сафига яқинда кўшилган. Ўша куни ит қўнимини йўқотди. Қанча оёқ-кийим кўпайса итга шунча яхши. Ахир, уйга кириб кетганлардан қоладиган бирдан-бир нишона шулар. Шулар ёлғизликни билинтирмайди. Бироқ ҳашарчиларнинг пояфзаллари дастлабки кунларданоқ пала-партиш ечиладиган, ҳатто ичкарига кириб кетадиган. бўлди. Гоҳида қўнжиси калта этик билан кеда калишлар устига чиқиб қолади. Бу — итнинг ғашига тегади.

Оқтўш, Оқтўш бўлгандан бери уларникига не-не поябзаллар келиб кетмади. Лекин ҳеч қайсиси буларчалик кўп туришмаган, бетартиб бўлмаган. Бундай меҳмонларнинг уларникига биринчи бор қўниши...
— Оқтўш!

Ит Беканинг овозини эшитиб, сапчиб ўрнидан турди. Бутун гавдаси билан силкиниб, юнгига ёпишган тупроқ қуйқарини туширди-да, эчкиникидек бўлиб қолган думини ликиллатиб югурди.

Бека тандирдан узиб ташлаган куйик нон иссиқ эди. Оқтўш бирданига оғзига ололмай норози вингиллади. Нон ҳиди иштаҳани қўзғаб шоширди. У оғзи куйганига ҳам кўникди. Бир-икки ерга тушириб бўлса-да, бостирма остига олиб келди. Остига яримта ғишт қўйилган устун ёнига ташлаб, курсиллатиб ея бошлади.

Ит оч эди. Тонгда қизни пахтазорга кузатиб келгандан кейин ҳам туз тотмаганди. Одатда йўлдан нимадир топиларди. Айниқса, ҳашарчилар келгандан буё гўшт, суяклар, чала ейилган нон бурдалари учраб турарди. Бу гал ҳеч нарса йўлиқмади.

Оқтўш нонни еб битиргач, яланди, у ёқ-бу ёғ яна умидвор қаради. Кўзга илинадиган бирор нарса йўқ. Ноилож турди, олдинги оёқларига тираниб ўзи керишди. Устига шифер ёпилган уйчаси олдидаги ялоғига қаради. Қуп-қуруқ. Яна яланди ва чанқоғини бостириш учун тункадан ясалган товуқлар сувдони томон лўкиллаб кетди.

Ит идишдан бош кўтараётганда маккажўхориси йиғиб олинган томорқадан нимадир ярақлади. Ит зудлик билан у ерда ҳозир бўлди. Бўш шишани кўриб, бўшашди. Лекин бари бир ҳидлади. Бадбўй ҳиддан кўнгли ағдарилиб, бостирмага қайтди.

Ит нима ялтираб кўринса, албатта, ўша ерга боради. У қачонлардир чала ейилган консерва топиб олган Ўша-ўша ялтироқ нарсаларни консерва фараз қилади! Томатли балиқларнинг мазасини тўйиб бораверади! ҳидлайверади.

Оқтўш олдин бундай нарсаларнинг ҳидини ҳам билмасди. Хонадоннинг бисотини тинчгина қўриқлаб юрарди. Овқатни эгаларининг қўлидан ерди. Ўзга қўлга қарагулик қилмаган. Ҳаммаси ҳашарчилар келгандан кейин бошланди. Булар келди-ю. Хўжайин ҳам, хўжаликнинг тутуми ҳам ўзгарди. Тоза турадиган ҳовлида сигарет қолдиқлари, бўшаган шишалар, консерва қутилари пайдо бўла бошлади. Чироқлар кеч ўчадиган бўлди. Кирди-чиқдининг меъёри бўлмай, хонадон оёқ остида қолди. Олдинига ит бу янги муҳитга кўниколмади. Ҳашарчиларнинг уй-анжомларидан бемалол фойдаланишлари, турфа хил одамларнинг вақт-бемаҳал кириб келаверишлари итга алам қиларди. Гўё ўзиники билан бегонанинг фарқи қолмаётгандек эди. Ким бўлса чақирмай-нетмай бостириб кириб келаверса, уларни киритмасликнинг иложи бўлмаса, бирор нарсани қўриқламаса итлиги қаерга борди бунинг?! Унга ҳам қийин эди...

Кун илиб, Оқтўшни пашшалар талай бошлади. Мудради дегунча кўзининг жиякларига, бурнининг тешикларига қўнади. Ҳол-жонига қўймайди. Тоқати тоқ бўлган ит катта кўкиш пашшани пойлади. Рўпарасига келганиданоқ, панжаси билан урди. Мўлжал хато кетиб, чанг кўтарилди. Ит аламидан бошини иккинчи қўлига олиб, кўзини юмди.

Чанг босилгач, қаергадир ғойиб бўлган кўкиш пашша яна визиллаб қолди. Оқтўш қўзини салгина очиб, пашшани киприклари орасидан кузатди, тумшуғига қўнишини кутди.

Пашша итнинг тумшуғига энди қўнмоқчи эди, улгурмади. Оқтўш оғзини очган кўйи унга ташланди. Пашша бу гал ҳам чап берди. Итнинг оғзига бошқа бир чирков кириб кетди. У чирковдан қутулиш учун ютинди. Чирков эса ичкарига ўтмай танглайига ёпишиб қолди. Оқтўшнинг танглайи қичимсираб, йўталди, аммо оғзидан чирковни чиқаролмади. Тили танглайига етмади. Бошини сарак-сарак қилиб вингшиди, қисқа-қисқа пишқирди, бўлмади. Ўрнидан туриб ғўза-поя ғарами томон чопиб кетди.

Ғўзапоя айвон ёнидаги ялангликка босилган. Ит пашшалардан безор бўлганидан ҳамиша шу ерга келади. Айниқса, ғарамнинг моллар қашланавериб ёйдек ўрлатиб юборган томонида умуман пашша бўлмайди.

Оқтўш шу ерга келиб ётди. У ҳамон бошини сил-китар, ўқчир, олдинги оёқлари билан тумшуғини силаб, ночор вингширди.

Ит чирковдан қутулганида, Бека тандирдан иккинчи марта нон узди. У саватдаги нонни уйга ташлаб чиққач, ҳашарчилар ётган пардасиз хонани тақиллатди. Ичкаридан овоз бўлмади. Мушти билан урди. Эшик очилиб, остонада елкасига қора тўн ташлаган йўғон киши кўринди. Бу қўнжиси калта этикнинг эгаси эди. Бека унга қуёшни кўрсатиб нималардир деди. Ҳашарчи бош силкиди ва оёғига этигини илиб, саҳн четидаги газ балонига бориб ўтирди. Оғзини катта очиб эснади ва Оқтўшга кўзи тушиб, «Ҳу-у-ут» деганча пўписа қилди. Ит унинг дағдағасидан норози тўлғанди. Осилиб тушган устки лаблари пир-пир учди. Аммо ўрнидан турмади.

Оқтўшнинг кимир этмаганидан дарғазаб бўлган «барзанги» тош қидирди. Буни пайқаган ит зипиллаганча ғарамнинг ён томонига ўтди ҳамда ғўзапоя чўплари орасидан уни кузатди.

Ит юрак олдириб қўйганди.Унинг авжини Хўжайин қирққан. Ҳашарчиларга ҳурди дегунча, ҳайдаб солди. Ҳатто бир гал мўйлов йигитни катак томонга ўтказ-маганига учи синган ўроқ билан урган ҳам...

Пардасиз хонадан бошқа ҳашарчилар ҳам бирин-кетин чиқиб келишди. Олдинда иккала кўзойнакли, ортидан мўйловли ёш йигит. Кўзойнаклилар қора туфлиларнинг эгалари. Улар беозор. Бўш бўлди дегунча, тахтачадаги доначаларга термилишгани термилишган. Кеданинг эгаси мўйловли йигит эса шўх. У ҳам қўнжиси калта этикнинг эгаси сингари тунлари уйда бўлмайди. Ундан ҳамиша бадбўй ҳид анқийди.

Олдинда Оқтўш, орқада елкаларига этакларини ташлаган тўрт ҳашарчи узун-қисқа бўлиб йўналганларида анҳор ёқасидаги йўл ҳувиллаб қолганди. Йўлда фақат теримчиларнинг ҳамда тонгда ўтиб кетган қишлоқ подасининг излари. Пахтазорда эса хирмондаги арава ва қаққайиб турган ҳашарчилар. Қишлоқликлар бош кўтармай теришаётгани учун кўзга ташланавермайди. Уларнинг бор-йўқлиги ҳам билинмайди.

Улар одатдагидек, Учтепа этагидаги чимзорга боришди. Чимзор пастқамроқда, кўтарма қилиб қурилган йўл, қишлоқ томонни тўсиб туради. Ҳашарчилар келасолиб ўтиришни бошлаб юборишди.

Оқтўш анҳордан чиқарилган лойқа уюми устида чўнқайиб ўтирибди. Кўзлари дастурхонда, нимадир ташланишидан умидвор. У колбаса бўлинаётганда тинчини йўқотди. Бир-икки тамшанди, чапиллаб яланди. Яна тилини остилтирган кўйи бир текис нафас ола бошлади.

Оқтўш интилганча бор эди. У колбасанинг таъмини биларди. Юмалоқлаб тайёрланган хуштаъм гўштни ит худди шу ерда тотиган... Дастлабки ташланган колбаса ёғлироқ эди. Ит ирганиброқ ялади. Мазасини тотиб кўргач, яна кутди, лекин улар бошқа беришмади. Зиёфат охирида эса ёғлисини ҳам, ёғсизини ҳам Оқтўшга ирғитишди. Бироқ энди қоронғи эди. Кўпи исроф бўлди. Оқтўш ҳидлаб топганларинигина еди. Нечтаси анҳорга тушди, нечтасини топиб бўлмади. Аслида ҳашарчилар билан бригадир бу ерга тушдан кейиноқ йиғилишганди. Пода қайтганда туришмоқчи эди, бир-бирини тортишиб ўтириб қолишди. Бу орада мўйловли йигит қишлоққа бир тушиб чиқди. Нарсаларга кўз ўтмай қолганда, ўринларидан туришди. Шу-шу булар пахта теришмайди. Кунни чимзорда кеч қилишади...

Оқтўш ҳам улар билан бирга. Баъзида улар нишхўрдлардан ташқари катта-катта колбаса бўлакларини инъом қилиб туришади. Бугун негадир эътибор беришмаяпти, Қўнжиси калта этикнинг эгаси бошига тўнини қўйиб ухлаяпти. Кўзойнаклилар шахмат ўйнаяпти. Мўйловли йигит томоша қиляпти.

Оқтўш уларни кузатишдан, кутишдан зерикди. Орқа оёғи билан калта қулоғини қашиди-да, Учтепа ортидаги пахтазорга қараб кетди.

Теримчилар яқинда бу картадан чиқишгани учун атроф кимсасиз ястаниб ётарди. Эгатларга терим машиналарининг излари муҳрланган. Шохлари синиб ёнларига осилиб қолган ғўза туплари бебарг, бефайз. Бу мажруҳ қора чўпларнинг бир пайтлар гуркираб ўсга-нига ҳам, барг ёзиб гул тукканига ҳам ишонгинг келмайди.

Ит ана шу қора чўплар орасидан қуруқ баргларни қисирлатганча босиб борарди. У майдонни қоқ иккига бўлган ариқчадан ўтиб, ғўзаси ола экилган жойда тўхтади. Қисқа-қисқа искади, пишқирди. Турган жойида айланиб қолди. У безовта эди.

Оқтўш бу ерга келганида тинчини йўқотар, баъзида узун-узун увлаб ҳам оларди. Ит бу ерга ҳаётидаги унутилмас хотиротни туйгани келарди. У ўз хотиротини тиклаётганида кўз ўнгида оқиш паға ранг пайдо бўлар, бу ранг бора-бора итга айланарди. Оқ итга... Секин-аста ўша Оқ итнинг оч жигарранг тумшуғи, тийрак кўзлари, бўйнидаги титилиб кетган чилвири, ихчамгина жуссаси гавдаланарди. Кейинчалик ўша Оқ ит ортига қайрилиб, Оқтўшнинг қулоқларини пушти тиллари билан ялаётгандек, эркаланиб бўйнига бўйнини суйкаётгандек, юзларига илиқ, ёқимли нафаси урилаётгандек бўларди. Ҳамда бирданига гуриллаган овоз, димоғни ёргудек бадбўй ҳид ёпирилиб келарди. Итни кўзи тиниб боши айланарди; кўнгли ағдариларди. Оқтўш шунда бу ширин ва аччиқ хотирот исканжаси-дан қутилиш учун ортига қайтарди.

Оқтўшга хотирот бўлган воқеа тундан бошланди. Улар кўп йўл босишди. Чарчоқ нималигини билишмади. Ҳамон югуришарди. Олдинда бўйнига чилвир боғланган Оқ ит, ортида гала. Гала тобора кўпайиб борарди. Оқ итнинг ҳидини билганлар келиб қўшилишаверди, қўшилишаверди.

Гала сувни кечиб ўтмай, канал ёқасидан йўл солди. Шунда Оқтўш пайтдан фойдаланиб гала бошига шудгор орқали кесиб чикди. У ҳалитдан буён чилвирли итга ҳеч қайси итни йўлатмаётган Олапарга етиб борди. Уни кўкраги билан суриб, ўрнига ўзи ўтди. Олапар ириллади, аммо ҳужум қила олмади. Оқтўшнинг йўғон гавдасидан, ўт чақнаб турган қўзларидан ҳайиқди.

Eнди Оқтўш Оқ ит билан ёнма-ён борарди. У Оқ итга янада яқинлашаркан, унинг қулоқларини беозор тишлади. Тумшуғи билан тумшуғига, бўйнига турткилади, искаланди. Қулоқларининг остини ялай бошлади, ялай бошлади. Шудай яладики, унинг мулойим майин юнгидан ҳузурланиб кетди. Оқтўшнинг иссиқ нафасига, гуркираб ураётган балоғат ҳидига чилвирли ит бардош бера олмади. Оқтўшга ён берди ва уни бошқалардан ажратиб эргаштира бошлади.

Шунда галада бесаранжомлик пайдо бўлди. Итлар тўхтовсиз ҳуриб, Оқтўшга ҳужум қилдилар. Улар Оқ итни қизғанишмокда эди. Ҳужумни Олапар бошлади. У вовиллаганча Оқтўшнинг орқа сонига ташланди. Бироқ тишлашга улгуролмади. Унинг ножўя ҳаракатини пайқаган Оқтўш унга бостириб борди. Олапар ўзини ўнглагунча, Оқтўш унинг қулоғи аралаш бўйнидан тишлашга улгурди ҳамда уч-тўрт силтаб ёнига отди. Олапар гандираклаб туриб қолди ва акиллаб орқага тисарилди. Бу билан Оқтўшга ташланиш тараддудида бўлган бошқа илиққан итларнинг ҳам авжи қирқилди.

Оқтўш ер титиб ириллар, биронта итни чилвирли Оқ ит томонга ўтказмасди. Ўзи эса тислана-тислана унга яқинлашиб борарди.

Уларни бир неча итлар таъқиб қилиб келди. Ке-йин сийраклашаверди, сийраклашаверди. Битта-битта ортда қолаверди.

Оқтўш чилвирли Оқ ит билан мана шу ғўзаси ола экилган майдонга тонг отмай етиб келишди. Дуркун ғўзаларнинг барглари ҳўл, ҳаво салқин, муздек сувни симиргандек бадан-баданингни яйратарди. Атроф тинч, юракни ҳаприқтириб юборадиган даражада осуда. Ҳеч нарса ҳалақит бермасди...

Қуёш Учтепадан мўралаганида уларнинг тинчи бузилди. Қовоқаридек ғўнғиллаган овоз келди. Бирданига овоз тобора яқинлашиб кучайиб борди. Улар талвасага тушиб қолишди. Қочишга улгуришмади. Осмондан улар томонга қанотларини кериб бир нарса бостириб келарди. Бу нарса жуда баҳайбат ва қўрқинчли эди. У еру кўкни ларзага солиб, борлиқни кар қилгудек ўкириб келарди. Оқтўш ҳар хил овозларга ўрганган, лекин бундай овозга илк бор дуч келиши эди. Осмондаги махлуқ бир зумда булар томонга шўнғиди. Келаётган бу фожиадан ҳамма нарса титрарди. Оқ ит дағ-дағ қалтирарди. Қалтироқ Оқтўшга ҳам ўтди. Улар қўрқувдан овоз чиқаришолмасди. Шу лаҳзада махлуқ уларни босиб кетадиган даражада пастлаб, ҳайқирганча ўтиб кетди. Бу жуда тез рўй берди. Итлар уни тузукроқ кўриша олмади ҳам.

Ғўзалар бош тебратиб шовуллаб юборишгандаги-на, уларнинг гарангсигани тарқади. Вангиллашиб қочиб қолишди.Улар қаёққа кетишаётганини билишмас, фақат югуришар, тинмай югуришар, мана шу ваҳима қучоғидан қутулишса бас эди. Ўта нордон, бадбўй ҳиддан Оқтўшнинг боши айланиб кўзи тинаверди, оёқлари чалкашди, жуфти ҳам шундай бўлмоқда эди. Улар бутунлай бўшашиб, баданлари ўзларига бўйсунмай пир-пир учарди, югураётган бўлишарди-ю, бадбўй ажал муҳитнинг чети кўринмасди, уларни таъқиб этаётгандек эди. У сарсиз-сарҳадсиз эди. Ҳавога тарқаган ҳид нафас олишган сайин бурунларини куйдирар, томоқларини шилиб юборгудек ачитиб, азоб берарди. Кун иссиқ, ғўзаларнинг барглари қалин, дим, ғир этган шаббода йўқ, ҳаво оғир, нафас олиш борган сари қийинлашарди. Уларнинг мадорлари қуриб, ҳолдан тойишди. Ажралишолмади ҳам. Сербарг ғўзаларга суяниб, ётиб қолишди.

Оқтўш баданларига ботаётган ғўза новдаларини ва ўзининг ҳаёт эканини сезди. Сўнгра қаердандир ғўнғиллаган овоз эшитилди. Бу овоз ҳали ҳам икки-уч марта қулоғига элас-елас чалинганини туйди. Лекин буниси анча узоқдан келар эди.

Атрофдаги қурт-қумурсқалар ҳаракатини тўхтатиб қотиб қолишган, пашша, чивинлар, шалпайган баргларга осмондан ёғилгандек ёпишган. Жуфти — Оқ ит эса қаергадир ғойиб бўлганди.

Оқтўш бадбўй ҳидни сезмаётганига ажабланди. Тез-тез ҳидлаб кўрди. Билмади. Аммо ўзининг ниҳоятда вазминлашиб қолганини, бошини кўтаришга қурби етмаётганини сезди...

Оқтўш ўша-ўша бўйнига чилвир боғлаган Оқ итни бошқа учратолмади. Унга ўша кундан тез-тез бўлиб турадиган бош оғриғи ва ана шу унутилмас воқеа хотирот бўлиб қолди. Унинг ғўзаси ола экилган майдонда ҳар гал туядиган хотироти ҳам ана шулар эди.

Айвондаги кеда ҳар кунгидан оддинроқ ғойиб бўлди. Энди фақат қўнжиси калта этик қолди. Бу ҳам музика тинмасдан қаергадир гумдон бўлади. Итга ҳамроҳ бўлиб қоладиган поябзаллар одатдагидек икки жуфт қора туфли, ўзига қарашли калишлар.

Уйлардаги чироқлар сийраклашди. Дастлаб Хўжайин билан Беканинг хонасидаги, кейин қиз ётадиган хонанинг чироғи ўчди. Атроф қоронғилашди. Айвондагй чироқ нурсиз. Музика ҳамон авжида. Чигирткаларнинг чирқиллаши тинмаган.

Оқтўш ғўзапоя ғарами ёнида бетоб ётибди. Унинг бош оғриғи хуруж қилди. Эски дарди қўзғаб қолди. Оддин оёқлари увишди, елкаларига, бўйнига ўтди. Бўғинлари қақшади. Секин-аста бошига оғриқ кирди. Бир лаҳза борлиқ қоронғилашди, ҳеч нарсани илғамади. Ғарам ёнига амаллаб етиб олди. Кейин нима бўлганини, қанча маҳал ётганини билмайди. Мана, энди, оғриқ енгиллашиб кўзи очилди.

Қиз ётган хона томондан нимадир кисирлади-ю, ит оғриқни унутди. Ўрнидан туриб ўша томонга юриб кетди. Муюлишга етмасидан дераза очилди, ичкаридан Қиз осилиб тушди. Оқтўш уни қаршилаб искаланди, эркаланди. У итга парво қилмади. Деразани сассизгина ёпди-да, қўлидаги калишини кийиб, оёқ учида уйнинг ортига ўтди.

Хожанинг кийимлари бугун бошқача эди. Юрганида шитирларди, ёқимли бир ҳид таратарди. У авваллари тунда ташқарига чиқмасди. Чиққанида ҳам узоқ турмасди. Музика эшитилаётган томонга қараб қоларди; кўпроқ тургудек бўлса, онасининг овози эшитиларди-ю, чуқур хўрсиниб, ноилож хонасига кириб кетарди.

Қиз ўйин майдонидагиларни тандир ёнидаги туйнукдан, Оқтўш эса маккапоя ғарами ёнидан кузатди. Ўйинчилар орасидан биринчи бўлиб кеданинг эгаси кўзга ташланди. Унинг узун бўйи ва қора мўйлови бошқалардан кескин ажралиб турарди. Хожа ҳар дамгидек унга берилиб қараб қолди.

Қиз ҳашарчилар келган кунданоқ шунақа эди. Уни тинимсиз кузатарди. Баъзан Оқтўшга тинчлик бермасди. Уни лойқа уюмидан қувиб, ўрнига ўзи чиқарди. Чимзорга тикиларди. Ҳатто унинг дордаги ювилган кўйлаги остидан ўтаётганида ҳам тўхтар, юзларини кўйлакка бир зум тегизиб, суйкалиб ўтиб кетарди. Атрофда ҳеч ким бўлмаса, айвондаги кедасини кийиб кўрарди, бир-икки қадам босарди ҳам.

Мана бугун терган ҳамма пахтасини чимзорга эл-тиб, шу мўйловли ҳашарчининг этагига ағдариб берди. Энди туйнукдан кузатяпти. Аммо мўйловли йигит Хо-жанинг унга интикдигидан бехабар, у сочи қирқилган қизни бағрига сингдириб юборгудек қучоқлаб, куй оҳангига мос тебранади...

Оёқ шарпаси Оқтўшнинг диққатини ўзига тортди. Дарҳол тандир томонга қаради. Хожа туйнукдан узоқлашиб, уй томонга кетаётганди. Ит унинг ортидан юрди. Хожанинг боши эгик, елкалари титрарди. Унинг бояги шашти, юришларидаги чаққонлиги йўқ эди.

Улар яна уйларнинг орқаларидан юришди. Оқтўш тракторчи қўшнининг уйи ортидан ўтаётганида тўхтаб қолди. Унинг димоғига таниш поябзал ҳиди урилганди. Лекин қайси поябзал ҳиди эканлигини ит билмади. Олдинга юрди, ортга қайтди. Ит искаб бораркан, Хожаси ўз хонасига кириб кетганини пайқамади. Ҳид қадам-бақадам янгиланиб борарди. Қадамлар катта, масофалар тез босиб ўтилганди. Из ўзларининг ҳовлиларидан чиққанди. Ит изнинг ҳидидан адашмади. Ҳид уни айвонга, поябзаллар турадиган жойга бошлаб келди. Поябзаллар орасида қўнжиси калта этик йўқ эди. Оқтўш ортига қайтди. Ҳид тракторчи қўшнининг уйи орқасига келганда бирданига изсиз йўқолди. Атрофда дов-дарахт йўқ. У тумшуғини шаббода эсаётган томонга тутди. Ҳидни тутолмади. Аланглади ва деворнинг юқорироғидаги деразага кўзи тушди, ҳамда олдинги оёғи билан дераза рахига тирмашди-да, искади. Таниш ҳид. Рахда қўнжиси калта этикнинг изи бор эди. Ичкарига барзанги ҳашарчининг киргани шубҳасиз. Бироқ деразага оппоқ парда тортилган. Ичкари эса тимқоронғи, ҳеч нарса кўринмайди.

Оқтўш токчага чиқмоқчи бўлди. Лекин чиқишга қурби етмади. Токчани фақат қитирлатди, холос. Унинг тирноқлари бетон токчага ўтмай зирқираб оғриди. Ит норози ғинғиллади. Шунда ичкаридан қорароқ сояга ўхшаш нарса кўзга илинди. У ғинғиллашини бас қилиб, сояга тикилди. Сўнгра яна таталади, интилди. Соялар қуюқлашиб, аниқ бир жуфт сояга айланди ва дераза ойнасига яқинлашди. Оппоқ парда енгил тебранди. Ит қаттиқроқ таталаб, ириллади. Соялар бунга бардош беришолмади, секин узоқлашиб қоронғиликка сингиб кетди.

Оқтўш ноилож пастга тушди. Тез-тез бояги изларни искади, дераза томонга қараб вингшиди, вингшиди, лекин вингшишдан ўзи қониқмади. У парда ортида қандайдир ёмон бир нарса бўлаётганини билди. Йўл томонга чўнқайиб улий бошлади.

Ит йўлга қараганча увлаяпти. Йўлда маржондек юлдузлар тизмаси боряпти. (Улар аслида юлдузлар эмас, заводга пахта олиб кетаётган транспортларнинг чироқлари). Юлдузларнинг бир жуфти уйнинг эгасиники. Ит шуларни ўзига чорлаяпти. Қанийди ўша бир жуфт юлдуз шу томонга бурилса, тезроқ бурилса. Ҳов анави дарахтнинг ёнига келганидаёқ қаршисига югурарди. Қўшни йигитнинг кабинадан эпчиллик билан тушишини кутарди. Оёғи ерга текканиданоқ этигига ёпишарди. Доимо мой ҳиди келадиган этигига. Маҳкам қучоқлаб оларди, вингширди, вингширди. Уйига тезроқ киришини, у ерда ножўя иш содир бўлаётганини, барча-барчасини билдирарди. Тезроқ бурилса эди, ўша бир жуфт юлдуз. Одатдагидек тонгга яқин эмас, ҳозироқ бурилса, ғайрининг деразадан ошиб кирганини билса, Бурилса, бурилса. Йўқ, бурилмайди, бурилмайди. Улар жимирлайди, холос, жимирлайди. Юл-дузлар фақат жимирлайди, ўзларига чорлайди. Чорла-ганингга келмайди, келмайди.

* * *

Ҳашарчилар кетганига ҳам мана анча кун бўлди. Улар кетди-ю, ҳаммаёқ ҳувиллаб қолди. Яна хўрозларнинг қичқиришлари, тунлари итларнинг хуришлари қишлоққа ўз ҳукмини ўтказа бошлади. Ҳамма нарса олдинги ҳолига қайтгандай бўлди-ю, Оқтўшнинг аҳволи ўзгарди. У қаттиқ оғриди. Уч кундан буён туз тотгани йўқ. Ялоғидаги нон тўғралган сутга ҳам қарамади. Кўнгли ҳеч нарса тусамади.

Дард бу гал кутилмаганда бошланди. Бадани умуман увишмади. Бирданига кўзи тиниб, оёқлари ўзига бўйсунмай қўйди, йиқилди. Кечга яқин хўжайин тўшакка солиб, уйчасига судраб олиб келди. Шу ётганча ётди. Кеча кечқурун кетмоқчи эди, кетолмади. Бу ерда қолиб ҳам бўлмас эди. У ниманидир яқинлашиб келаётганини ва пгу нимадир уни олиб кетишини тобора аниқроқ биларди.

Чироқларнинг ўчишини кутди. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлгач, зўрға ўрнидан турди. ўрнидан туришга турди-ю, кўзи тиниб чайқалиб кетди. Оёқлар туриб берди. Ўзини тутди. Энди бутун гавдаси қалтирарди. Айниқса, тўрт томонга тиралиб турган оёқлар шундай қаттиқ қалтирардики, эгилиб, жуссани ерга тушириб юборадигандек эди.

Ит юрмоққа ҳозирланди. Ўнг оёғини ердан салгина узганди, мувозанати бузилиб, оға бошлади. У дарҳол оёғини жойига қўйиб, мувозанатни сақлашга улгурди. Ит тикка қолди. Аммо қалтироқ баттар авж олди. Дармонсизликдан тумшуғининг учини тер босди. Еру кўк чирпирак бўла бошлади. Оқтўш кўзларини чирт юмиб, оёқларига таянди. Бор умид оёқларда қолди. Афсуски, вақт ўтган сайин оёқларидан ҳам мадор кетиб борарди. Ит узоқ тик туролмаслигини билса-да, ётмади. У кетиши керак эди. Яна олдинга қараб интилди. Бу гал ўзини ўнглаёлмади. Гавдаси оғирлик қилди. Чап томонга оғиб йиқилди ва ҳушдан кетди.

Тонгга яқин ўзига келди, туш кўрди. Тушига Оқ ит кирди. Оқ ит уни қаергадир эргаштириб кетарди. Оқтўш Оқ итнинг изларини босиб борарди, излар ол-динги оёқларникини орқа оёқлар такрорлайди. Улар тезроқ юришди. Қадамлар ҳамон бир-бирини такрор-лайди. Яна тезлашишди, югуришди, чопишди. Улар чо-пишгандагина оёқлар бир-бирини такрорламай қўйди. Тўрттала оёқ ўз ҳолича туша бошлади. Улар учиб бо-ришаётгандек чопишарди. Юнглари ҳавода силкинарди. Қадамларининг товуши эшитиларди. «Дукур-дукур, дукур-дукур, дукур-дукур». Кейин бирданига оёқ товушлари жуда ҳам кўпайиб, тартибсиз ва қаттиқроқ эшитилди. Шундоқ қулоғининг остида дукурлади. «Дукур-дукур-дукур-дукур». Ит уйғонди. Товуш ўнгида ҳам ердан эшитиларди. Оқтўш кўзини очди. Катакдан чиқарилган товуқлар экин майдони бўйлаб югуришарди. Оқ хўроз қанотларини қоқиб қичқирди, товуқлар, қанотларини керишди.

Шу пайт қўшнининг хўрози шитоб билан югуриб келди-да, товуқлардан бирини қувиб кетди. Оқ хў-роз қуқулаб ер титиш билан овора эди. Буни кўрмади. Оқтўшда эса бегона хўрозни қувиш истаги бўлмади.

У бу можарога бефарқ тикилиб ётаверди. Оқтўш ҳашарчилар келиб кетганидан сўнг кўп нарсалардан жудо бўлганди. Биринчи бўлиб эгалик туйғусидан, албатта. У авваллари қарамоғидагиларга ҳукмрондек бўлиб юрарди. Хонадон бисотига бегонани яқинлатмасди. Энди у ҳам оддий бир уй ҳайвони эканини, мана шу миясиз товуқлардан, сузик кўзларини унга бақрайтириб турган сигирдан, бурни кертилган қора эшакдан ўзини фарқсиз бўлиб қолганини шу дамда чуқур ҳис қилди.

Товуқларга дон сочиб бўлган Хўжайин Оқтўшга яқинлашди. Ялоғига назар ташлаб, рўпарасига ўтирди.
— Оқтўш, сенга нима бўлди?

Ит номини эшитиб кўзларини Хўжайинга тикди Хўжайин унинг бошини силади.
— Касал бўлиб қолибсан-а? Қанийди, сен жониворнинг қаеринг оғриётганини билсам...

Оқтўш Хўжайиннинг раҳми келаётганини, лекин иложсиз эканини тушунди. Ит бу меҳрибончиликка бардош бера олмади. Кўзларига ёш қалқиди.

Хўжайин унинг бошини силади. Сўнг тиззаларига таяниб ўрнидан турди-да, оғир-оғир қадамлар билан уй томонга кетди.

Тушга яқин Бека ювинди кўтариб келди. У ҳам итга ачиниб-ачиниб қайтди. Оқтўш Хожаси — қизни қоронғи тушгунча кутди, келмади. У негадир уч-тўрт кундан буён кўринмасди. Қаергадир кетган.

Бугун ҳаво кечагидан совуқ эди. Осмонда юлдузлар, хонадонларда чироқлар милтираб қолди. Оқтўш энди йўлта тушиши керак. Агар бугун кетмаса эртага кеч бўлади...

Ит аранг ўрнидан турди. Энди юриши керак. У кечагига нисбатан, ўзини яхши сезди. Шундай бўлса ҳам у оёқларига ҳамон ишонмасди. Аммо кетиши шарт, бу ерда қолиб бўлмайди, қолиб бўлмайди. Оқтўш ишонқирамай аста қадам босди. Кейин яна, яна. У секин ва бир текис юриб кетди. Ит аввал ҳовлини айланиб чиқди. Узи учун қадрдон нарсалар ва буюмлар олдида оз-оз тўхтади. Улар билан боғлиқ бўлган хотираларни эслади. Сўнгра йўлга чиқди.

Ит чимзорга келганида ҳарсиллаб қолди. Ётса туролмаслигини билди. Тик турганча нафасини ростлади. Бу ёғи энди шудгор. Қорайиб турган шудгорнинг устки қисми юпқа музлаган. Остки қисми эса юмшоқ. Йўлга қараганда шудгорда юриш оғир. Бунинг устига ер текис ҳайдалмаганди.

Оқтўш чуқурроқ ҳайдалган бир жойга келганида ўзини ўнглаёлмай қолди. Олдинги оёқлари бир зумда юпқа музламани синдириб тупроққа кириб кетди. Оёқларини ердан чиқариб улгуролмади. Тумшуғи тупроққа ботди. Ит бу ерда кўп овора бўлди. Бурнидан чиқаётган ҳовурдан музлама эриб, нафас олиши қийинлашди. Дастлабки уриниши зое кетди. Оёқларини бирданига ердан суғуролмади. Кейин яна қаттиқ интилди. Бу гал оёқлари чиқишга чиқди-ю, тиззалаб қолди. Энди тиззалар тупроққа чўкиб борарди. Ит бор кучини тўплаб яна уринди, туриб олди. Йўлда беҳол давом этди.

Оқтўш Учтепа ортидаги ғўзаси ола экилган жойга қараб борарди. Ҳозир ер ҳайдалиб, у жойни топиш мушкул эди. Аммо ит у ерни тахминан топиб борди. Бир дақиқа тупроққа беланган тумшуғини юқори кўтариб, ҳавони искади ва ётди. Бу гал у ҳаётида биринчи ҳамда охирги марта жағини қўлининг устига эмас, шундоқ музлаган кесакчалар устига қўйди ва чуқур хўрсиниб юборди.

Ҳаво совуқ. Осмонда юлдузлар бодрайди. Учтепанинг шундоқ устидан тухумнинг сариғидек ой балқиб турибди. Оқтўш эса шу ҳаётга ташна кўзларини тикканча ётибди.