OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБаҳодир Қобул
Асар номиОта чироқ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Баҳодир Қобул
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм95KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ота чироқ (ҳикоя)
Баҳодир Қобул

Кул Босган Xаёллар

Бир вақтлар, тонг эртаси шамолнинг ҳуриллаб келишини хуш кўрар, кўксига тегса гурилларди. Бўрон билан эрмакка олишиб, кифти ўнг келган чоғлар кўтариб урарди. Ҳозир йўлини ҳовлиқиб кесиб ўтган боди ҳаводан ўзини зўрға четга олди. Шундоқ ҳам нафаси етмай, ўпкаси оғзига тиқилиб турувди. Адоғи кўринмайдиган, очиқ-ёпиқ, қўшни-қават мозорлараро ўзига макон, капа қидирди. Қарғиш қорайтмаган, сағирлик сарғайтмаган, эгасизликнинг юрак ютар ваҳимаси ис осмаган кулба, бошпана, қўним қидирди. Илғамаса-да, қуёш тафтидан тусмоллаб биров Михтепа, бошқаси Миғ, яна бири Миқтепа дейдиган, эскини одами Муғ атамиш тоғ томон кўз тикди. Зориқди. Дамсар уришга қўрқди. Қўшилишиб жони чиқиб кетардек туюлди. Жардан дили сўлғиниб эмаклаб тушаркан, Саккокий ғорига бўйлади. Машкот, чироқ қўяр токчасидан сиғиндидай жой олди. Xомуш тортди. Xатар босди. Сесканди. Кўнгли беҳузур, вужудини қаеридадир, нимадир безовта бўлди. Ичи тўкилиб бораётганини ҳис этди. Нақди еб бўлинган, насияси гаровга қўйилган умр кўзига йўлиқди. Шаънининг шами сўнган, куя тортган бевош бош, милтиллаб-мўлтиллаб на кетарга, на қўшилиб яшашга қўяди. Карахтлик мургилатди. Бир вақтлар шамхолнинг (пилта милтиқ) ёнари ёнмай, пистадай ўқни отишга қийналиб, туриш-турмуши тутаб кетишига гувоҳи бўлганда, пистон-пилталарнинг ҳолига кулганди. Дунё кулгулик эмаслигини кўздан нур, тилдан ҳукм, белдан куч, илкдан қувват кетганда англаганинг бефойда. Xоҳ кўм, хоҳ очиб йиғла.

Давлат ноғорасини чалганча тупроқ маҳалласида қолиб кетган, сонсиз шоҳларнинг саноқда йўқ мозорлари, тўплаган ҳисобсиз моли-дунёси эгасини топиб, қаричлаб ўлчаб ўралган кафанлар жиягининг чиригиям қолмаган қабрлари ёқалаб алғов-далғов кўнглини судраганча силласиз сирғалар экан, ор ўрнига ўрон, шон ўрнига нишон талашиб бир-бирини қисган, ер ютиб, қўшмозор бўлиб бирлашган оғзи очиқ лахатлар лабида тиккайган тикан-хори муғилон шохидан қовжираган жойтанламас, беор-беномус арпабодиён чаноқларига тортилган, осилган эгасизлик байроғидек пирпираётган тўрларга тил солди, бир қават қайноқ ҳаво устига каштасини келтириб суркади-да, ямламай ютди. Шами шаън, чилласи чироқ кўрмаган уятли мозорлар бетига қарамай, гангираб, беихтиёр ортига ўрмалаганча қайтаркан, боягина қилган иши ўзига ёққандай бўлди. Обимашҳад дегич, бир маъниси Қабристон суви, бир маъниси Отамозор бўладиган ариқ ёқалаб сувлоққа тушган каптардек тизилишган катта-кичик ғорлар оғзидан ўғридек мўралади. Аввал, Мискин Ота отлиқ машойих, кейин бошқа ғорлар шифтларига беега юз йилликлар осган тортанак беланчакларини, ўргимчаклар эшган тўрларни милклари орасига олиб ямлади. Узиб ейишга камида тиш керак. Ғор оғзига тўр осиб, оёқ-қўллари ғужанак бўлиб, ичкаридан чиқаётган ҳовурда ҳалинчак учаётган ўргимчакларда қулоқ бормикан, эшитармикан, деган ўйда қарсак чалганди, саноқсиз ўргимчиклар оёқ-қўлларини аввалига баравар ёзганча сергак тортдилар. Бир зумлик саросимадан кейин арқонларига тортилганча югуриклаб, юқориладилар. Бехавотир, тинч деб ўйлаган манзилларида тўхтаб, овоз қаердан келганлигини қидирдилар.

Қари Олов ғор кунжига тиқилар экан, бордан кам, йўқдан кўра кифоя гуноҳни бўйнига олиб, алами ичида тошқотган одамдек ютиниб, кўргуликлар битта қўймай қоқиб олган тишсиз, ташландиқ ўрадай ўпирилган беўхшов оғзини тилини чиқариб артган, тозалаган бўлди-да, чўғи пасайган кўзларини бамайлихотир юмди. Xотир майлича, хотир истагича, хотир изнича, хотир хоҳишича юмди. Дард улғайди. Xотир ғами улғайгандан улғайди. Оч канадай бостириб келди. Сўнгги салкам етти юз йилда биринчи бор ўз ҳовирини ўзи кўрди. Катта қора тер қуйилиб келди. Суст босди. Нимагадир токчалар қорасига пешонасини ишқаб-ишқаб, суркаб-суркаб олгиси, эркалангиси келди. Қачонлардир бу жойларда бўлганлик шарпаси лип этди. Ер бағирлаб келган сукунат қўл берганини сезди. Сезгиси тусмоллаб тўхтаган жойга – сукунат кўзига термилди. Тубсиз жарнинг қоронғулиғидан бошқа қаролик кўринмади. Қўшилишиб, бошини елкасига осилтирганча, Афросиёбни айлангани чиқишга юраги етмади. Кўнгли кўтармади. Шавкатли турк мозоридай мағрур қир, қадимий қаср култепаси ҳидига думоғини тўйдириб олгач, қачондир, ниманидир йўқотиб қўйганини, лекин нималигини эслолмаган боладай изига қайтди. Тенгқур, қурдош тополмади. Топгани, танигани Каттатоғ сувидан тикка бўлган деворлардаги ҳид бўлди. Давру замона тахма-тахт қилган, тириклигида саломини ит ҳам олмаган гадо гўри оёғи учида тизилишган учи-қийри кўринмайдиган шоҳлар мозорларига қаради. Гўр ҳам эгасига ўхшаб бораркан. Илма-тешик қабрлардан бир-бирини қувиб чиққан юмронқозиқлар инларига қайтиб, бошларини чиқарганча жўрттага мўраладилар.

Яғринигача яғирлашган, қўймичигача қўтирлашган, бироқ узайиб узилмаган умр устомонлигига ишониб, кечагина энди бу ерни елкамни чуқури кўрсин, деб этак қоққан ўрнидан ўзга тинч жой тополмаслигига иқрор бўлди. Ердан бўғзини зўрға чиқариб турган сағана тошларининг совуқ ва хира ялтирашидан ўзини олиб қочганча мункиллаб, милтиллабгина ётоғига ўрмалади. Айвондан Каттатоғ ёқалаган, бир вақтлар қўрларидаги чўғларга осмондаги юлдузлар ҳавас қилган Муғ ҳам, шуҳрати сўнмас шаҳар ҳам бирдек кўринади. Тушунадиган топилмаса ҳам шу икковгинасини кўриб турса бўлди. Шаштинг, ёнишинг ўзингникига ўхшамаса, тенгқурларинг тугул туғишганларинг, ўзингнида ўзинг танимас экансан.

Каттатоғ ва Самарқанд кўрганини ҳеч биров кўрмаган. Шаҳар неча бор харобага айланганини, на эркагу на аёл, на соғу на хиёл, на дарвешу на девона Шоҳ Жугузнинг: «Бор эдим Нуҳ вақтида, йўқ этмади тўфони ҳам... Тегма эранлар итига, бир бошига минг бош кетар», деганча ҳувиллаган кўчаларда ўзига-ўзи гапириб, ҳу-ҳулаб асрлар санаган вақти, бесалом, бехабарлар касрига қолган, бузуқилик даврони неча бор қайталанганини, қатордагини бари мард бўлмаслигини биров билмаса-да, ўзи кўрган. Совуқдан поча қоқаётган Шоҳга иссиқ бўлсин деб, моғорасига чўғ ташлаб кетиб, қаландарни тентакдек тентиратган, суюнтирган кунларниям тилини бир чиқариб эслади. Ўзи шунақа олов зоти сал ўнгланса, хурсанд бўлса ҳайратини яшира олмаган ёш боладай тилини бир чиқариб олади.

Таниш шамол сочи тўзиб, туртиниб-суртиниб аввал Турк Афросиёб ўтган кўчаларни тусмоллаб югурди. Ҳар бир пасту-баландга пешонасини уриб кўрди. Кўксини қақратиб, бошидан тупроқ сочди. Отасини кўз олдида туюқсиндан ер ютган боладек изиллади. Ўзини ўнглаб, барча улуғлар улуғи, Ғарбу Шарқ чақмоғи Ҳиндистонни олиб қайтгандагидек, бошлаб Ҳазрат Шоҳни тавоф қилди. Туман оқо хонақосида нафасини ростлади. Боғи Чинор сари жўнади, ундан Боғи Беҳиштга қараб кетди. Боғи Баландга келиб қўнди. Катта эналар қўними–Ишратхона мозоротида йиғлагиси келди. Кўксарой, Бўстонсаройни ўраган Тошқўрғонда тош қотди. Нимани, кимни, не бирни изини изиллаб излаганини ўзида билмади. Самарқанд авоми бузуқилик давридан буён Жонмард қассоб мозори дейдиган Шердор мадрасаси супасидаги, аслида Турк пири наслидан бўлмиш машойих сағанасига минггинчи бор бош урди. «Девори қиёмат» устида оёғ учида тураркан, сўров бергандек узоқ вақт ўйга толди. Регистон ва Арки Олий ўртасидаги булоқни қидирганини, тополмагани, ишонимли от ва эркин шамол даврини қумсагани, юраги куйиб соғинчини совутгани, ўзини Зарафшонга бир ташлаб олгани, охирида, шаҳарни бало-қазолардан ҳимоялагандек тўрт томонига ўзича дам солиб, рўпарадаги хаёли равоқларидек айри тушган, тос тевваси ўйиқ иморатдан жой топганини кўзлари милтиллаб кузатиб турди. Шамолнинг ҳам унинг ҳолига кўзи тўрт бўлиб, тирикмикан, деб қараб турганлигини қўққисдан тусмоллади. Илкис илғади. Лип этганча гувиллаб етиб келишидан хавотирланди. Кўрмаганга олди, қўйди. Дард ҳам давр ғанимат деганча, қайрилган қаҳрини қайрарга тош топилмай дами қайтди. Xўрланган ҳурлик янғлиғ карахт, хўрлиққа йўлиққан ҳурликдай дирдиради. Xўрлик ва ҳурлик орасини ўлчарга етарлик ўй тополмади. Ҳурликдан хўрликка ўтар йўлларнинг қисқалигини чамаласа-да, хўрликдан ҳурликгача йўллар адоғи кўринмади. Ўпирилган яккамозор устидан ўтаркан, оёқ тиққан ковушидан чаён чиққан хотиндек ирғиб тушди. Соялар ортидан эргашди. Тўхтаса тўхтади. Ҳардамхаёл, судралганча капасига кираркан, ортидан қаро тортиб эргашган ҳар бир юзқаролиғ: тилдан кетиш, беўйлик, эътиборсизлик, она тилдан орланиш касридан бошланган орсиз жон талвасаси чандиғи, ютумга юз буриб оч қорин еб қўйган илм уволи, кўзи йилтиллаган мурдадил дўст хиёнати заҳри, зарари фойдасидан кўп соддалик нуқси, ҳаромтавоқлик ювиндиси юқи, кўнглини бўшидан этагини ҳўли қуримайдиган ишонувчанлик андуҳи, кибру ҳаво ювиқсизлиги, қарамлик ялоғининг қасмоғи, кўзни бир сиқим тупроққа тўлдиришга зор дарбадарлик оҳу зори, шармисор сиғиндилик шарпаси, дунё талашиш исноди иси, хунҳақи сўрар тили таги билан кесиб олинган қонлар изи, номардга муҳтожлик мустарлиги, маврид-бемаврид кайфу сафо сассиғи жамики сояйи-зиён қатордан ўз насли-насаби, мансабу мартабасига кўра жой-жойини эгаллади...

Самарқандни Яхши Кўриш

– Самарқанни Самарқандай яхши кўрадилар,–дедилар Энам эгаси кўпкарига қўшадиган отига дам солиб қарагандек эгнимга бир сидра назар ташлар эканлар, сокин ва секин, бироқ минг йилдан кейин ҳам эшитилиб турадиган, эсдан чиқмайдиган, ўчмайдиган оҳанг ва маромда, нафақат менга, балки ҳамсуҳбат бўлаётганидан димоғи чоғ шамол, яна омон кўрганидан кўнгли ёришиб, эсанкираган кундуз, тепамизда бош эгганча ҳавас билан чапак чалиб турган тут, чиллани каттақоридан қолган музни кўтараолмай қийшайган тарновга илиниб, қилар иши ин қуриш ҳам эсидан чиқиб, тумшуғига қўндирган читирни нима қилишини билмай, гапга гоҳ чап, гоҳ ўнг қулоғини ўнглаётган мусичагаям айтгандек. Қўшиб қўядилар: Тошканни донини еган чумчуқ Маккадан, Самарқанни кўрган жаннатдан.

Энам ўзлари шунақа. Гапирганда кун-тун, ой-юлдуз, тоғ-тош, ер-сув, иссиқ-совуқ, қуш-қузғун, дов-дарахт, қор-ёмғир билан одамдек гаплашадилар. Одам ўрнида кўрадилар. Ҳар бир гапларини ёд олишим зарурлигини товушларини паст-баланд қилиб билдирган, қарз гапни тайинлагандек бўладилар:
– Ё пирлар, деб оёқ босинг, балажон. Ё, отақўним, деб босинг, балажон. Ё оталар, денг, балажон.
– Энажонлар десам ҳам майлими?

Меҳмон киприклар аллақачон тарк этиб, фаришталар жой талашаётган мижжаларини тенг юмиб, вақтниям тўхтатиб қўйиб, бир майдондан кейин секин, бирдек баравар тенг очарканлар, розилик билдирган бўладилар. Кўнгилларини топганимдан хурсанд бўламан.
– Келдик, денг балажон.

Овоз чиқарсам эшитганлар кулишларини хаёл қиламан:
– Ичимда айцам ҳам бўладими?
– Кўкайда айтганни етти қат осмон эшитади.
– Самарқанд ҳаммани танийдими?
– Ўзини таниганни танийди.

Кимга қўшилиб боришимни кўкайдан ўтказгандим:
– Лашкарни қўшинг, чироғ, дедилар.

Ёлғиз кетаётганимдан иккиланиб, гап тополмай, сиз орқамдан қараб турасизми, деган гапни қандай айцамикан деб тургандим: Энам оғиз очмасалар ҳам аъзойи баданларидан овоз чиққандек, дасторни катта қўйган бошларини хам қилиб, ҳа, шундай, дегандек бўлдилар. Қўшилишиб осмон ҳам хам бўлгандек туюлди. Xудди бировга гап қўшгандек қўшиб қўядилар: ёлғизни ёри худо.

Шарққа Ҳижрат

Эски ва янги мурдалар ҳиди қўшилишиб, уйқашиб-суйкашиб сузиб юрадиган, таппонига қараб тўғрисўздан тонмайдиган фоҳишалар макони Венецияга аввалига авраб чақирилган ва саккиз йиллик тутқунликда ушланиб, айтганидан қайтмаган, кейин Римнинг Гуллар майдонида ёқилган гулхан устига тикилган бандини икки ямлаб бир ютган олов, орадан минг йил ўтиб ҳам ўчмаган бўлса-да, ўшанда ундан сачраган учқунлар зум ўтмай шамолларга қўшилиб ер шарини аллақачон кезиб чиққан, Қуёш атрофида айланувчи сайёраларга хабар бериб улгурганди. Этагидаги кулни қоққан учқун хаёлини йиғиб олгани бир зум осмонга тикилди. Атрофни ўраган кардинал, аббат, викарий, епископлар оралаб ўтди. Юлдузлар йўл кўрсатдилар, ёқасини ўйнаган эпкин кўнглини кўтарган бўлди. Текин томошага ўч оломондан узоқлашар экан, тириклай ёқилган юзлаб одамлар руҳлари изғиётган майдон четидаги яйдоқ эшакка кўзи тушди.

Авваллари, «Қурбонлик майдони», кейинчалик «Ватан саждагоҳи» аталган жойда ўрнатилган Ромул ҳайкалига бош эгди, қўл силкиди. Рим Форуми билан кесишадиган Муқаддас кўчанинг қайроқ тошларида мак-мак ўйнагандек сакради-да, Капитолий қирларига ўрлади. Чим босган Август хонадони, Император саройининг қарғиш йиқитган, арвоҳ ҳам кирмай қўйган харобларини пайпаслаган бўлди. Бўйма-бўй, қаватма-қават келадиган Микеланжело Буонарроти ва Абу Али ибн Сино кўчаларида бир вақтнинг ўзида бараварига югуриклади. Капеллада «Ёруғликнинг Тундан ажралиши», Қуёш ва Ой; дарё ва гиёҳлар; Одам Ато, Момо Ҳавонинг яратилишлари, «Гуноҳкор инсоннинг кўчиши», «Нуҳ қурбонлиги», «Катта тошқин» суратлари ёлқинлари билан аввал қўшилишиб, кейин айрилишди. Каракалла тепалиги теввасига чордона қуриб узоқ ўтирди. Орадан юз йилликлар ўтиб, ўзига қўйилган сағанадаги ёзиқларни овоз чиқариб ўқиди. «Ўша жойда, қаерким, гулхан ёқилган жойда, олдиндан кўрилган юзйилликлардан».

Бурро Ўтюракни чап кўзи оқиб тушган, оғзига ювиқли-ювиқсиз қўллар тиқилаверганидан кўнгли айниган Римнинг катта рапидадай «Тўғрисўз тақдир тоши» кузатиб қолди.

Келлин эшаги* уни гулханга мубтало қилган, оловга олиб келган бўлса, буниси ҳижратга олиб кетишини сезди. Яйдоқ минганча, йўлга сиғмас дўлбаржиндай жўнади. Конигил қўриғи марзаларидаги қадим хумдонлар ёнида уловдан тушди. Xумдонларга бир-бир кириб исинди. Учрашувга тайёрланар экан, шами ёнишини истади. Жаҳонгирни мингини кўрган Суғд дарёси сувига бош-оёқ ювинди. Қадим замонларда олиб келинган элдошлари, элга эл бўлиб кетган милетликлар ватан қилган тоққа қаради. Шамолини туйди. Ўрниларида бўлгиси кеп-кетди. Юзини ой нури ялтираётган сувга солиб кўрди. Ўзи ўзига ёқди. Тенгқурлар саломини эгасига етказди. Самарқандга Римдан авваллари ҳам кўп саломлар келган. Яланг оёқларига ботган, илашган тангани қўлига олди. Антиохни таниди. Ватандошлик ҳисси қўзғолди. Артиб қўйнига солди.

Ўсмат ота этагидаги Дунётепа ғорини эслатадиган, бироқ йўлаклари узун, хоналари катта, чироқ токчалари кўп, ҳашамли-ҳашталали бўлган Сиёб елкасидаги ғорларга бош тиқиб кўраркан, Римнинг адоқсиз катакомбалари таъмини туйди. Қурум босиб паққос қорага бўялган деворларнинг унда - бунда кўчган жойидан мўралаган сап-сариқ жартупроқ баҳайбат махлуқ кўзидек бақрайиб ҳайиқтаради. Кўз етмас пучмоқларидан гуриллаб чиққан тўда каптарлар ваҳимасидан кейин юрак ютиб, қайтиб биров яқинига йўлолмайди. Каптарлар парвозидан Ўтюракнинг димоғи чоғ бўлди. Римдагидек каптарларга дон сепмоқчи бўлганда қўли калталиги эсига тушди. Дон сепиш ва теришнинг ўз вақти-соати бўлиши шунда сезилди.

Самарқанд Афсоналари

Самарқанддан ўтмаган матал матал эмас. Маталлиги йўқ.

Қуёш уялганидан Самарқандга яқин келолмас эмиш. Кун ҳар кун қиёмда туриб кетармиш. Юлдузлар жой талашиб саф тортармишлар. Йигит кишининг бир қарашига ой интизор, юлдузлар илҳақ эмиш. Эр киши тик боқса қуёшнинг қуввати ошармиш. Самарқанддан туриб қараса, албатта. Фаришталар, ой-юлдузлар аввал бошдагидек сафда, саждада туришга зор эмишлар. Энам айтган.

«Бу дунё–гуноҳкор инсонлар учун қувончдир».

«Тушингдан ўзга дўсти содиқ бўлмас».

«Замин инсонлар елкасидаги, инсон замин гарданидаги юкдир».

«Йўқликка сайр этишдек яратишлик бўлмас».

«Ироқ шоҳи бўлсанг-да, Чин подшоси эрсанг-да, келаринг шу ер–ер ости. Нима учун қалбингни бу ўткинчи дунёга боғлайсан».

«Сен қалбларимизга нур, қабрлармизга нур, кўрарларимизга нур, эшитарларимизга нур... нур...нур... бағишладинг».

«Жаннат эшиклари эллар учун очиқ, меҳрибонларга меҳрибонлиги абаддир».

«Шоҳлар сенинг пойингга бош урадилар.... сенга муносиб бўлмоқ учун».

«Саждайи холис–на ҳокимият ва мол-мулк».

Бу ёзиқларни Мозори Шоҳ–Шоҳи Зиндадаги иморатлар пешоналари, бетлари, елкалари, кўксидан кўчириб олдим. Аввалига, дафтарчамга ёзиб олишга уялиб тургандим, қарасам, қарри-қурри ажнабийлар биноларни суратга туширар, ёзиқларини ўқишга, маънисига тишлари ўтмаса-да, кечиккан ҳайратларини ёшларига ярашмаган беписандлик билан яширмоқ бўлардилар. Сурат олгичим йўқ-да. Бўлмаса, мен ҳам суратга олардим. Энамга кўрсатардим. Лекин, шунда бирдан иморатлардаги ёзиқларни кўчириб олишни ўйлаб топдим. Ёзиқлар ораси узилиб тушган бўлса-да, кўз етганча кўчира бошладим. Биров нима қилаяпсан демади. Қайтага сайёҳлар ишимдан завқланиб томоша қилишди. Бир-иккитаси чиққиллатиб суратгаям олди. Шунда, чеккароқ жой топиб ёзиқларни кўчирганман. Кўп нуқта қўйилган ўринлар ёзиқларни кўчиб кетган жойлари. Аммам нарироқда қараб турганлар. Қачон ишим тугаса, шунда кетишимиз, ўтган-қайтганга эътибор бермай кўчираверишимни тайинлаганлар. Шундай қилсам Энам чин хурсанд бўлишлариниям. Буни ўзим ҳам биламан. Костюм-шим олиб бераман деганлар. Костюм-шимим бўлмаса-да, шошгандан бор деб юборганман, ўшанда. Катта шаҳарда ёлғон гапирганингни одамни ўзиям билмай қоларкан. Энам: кимки ёлғон гапирганда бировга зарари тегмаса, зарари ўзига бўлса, ҳечқиси йўқ, – деганлар. Қачон костюм-шим кийишимни сўраганимда Энам: шуям гап бўптими, балажон. Ҳали беклар беглаб чақирмас, пошшолар элчилаб сўрамас, шоҳлар тўн ёпмас экан, келганим ёлғон,–деганлар. Беклигиям. Мен ҳали боламан. Бунақа гапларни тушунмайман. Энамга кўз бўлиб, игнага ўзим ип ўтказган, энам ўз қўллари билан тикиб берган чийбахмал шолворим, ит ёқа, енгларига қўшбўғма урилган бўз кўйлагимни керак бўлса интуристлар роса томоша қилишган. Ушлатмаганман.

Дунё Самарқанднинг бир ёзиғига тенг келмас эмиш. Тарозининг бир палласига дунёни, бир ёғига Самарқанд ёзиғини қўйса, ёзиқ босиб кетармиш. Ёзиқнинг тоши оғирмиш. Аввал ёзиқ, охир ёзиқ эмиш. Энам шундай деган.

Афросиёб Меҳмонлари

Меҳмон олиб келар, меҳмондай олиб кетар шамоллар Афросиёб устидан майин ўтадилар. Унинг ҳар бир кесаги учун ҳисоб берар жой борлигини биладилар. Ҳар баҳор байроқлар меҳмонга келган бўладилар. Узун-калта, катта-кичик. Кўзларини катта-катта очиб эҳтиромли қўрқув ва рағбатдан умидворлик нигоҳи билан қарайдилар. Ям-яшил байроғини елкасига ташлаб чиққан Афросиёбни ўзигагина хос, ўзигагина ярашиғлиқ улуғворлик ва мурувватини туядилар. Ҳаммасиям эмас. Шамол париллатган бўлади. Меҳмонлар бўйларини бўйлаб кўришга ботинадилар. Азалиятдан шавкат ва шараф туғини кўтариб келаётган туғдоналар ҳидига тўйинмоқ истайдилар. Бу туришлариям азмойиш, таажувот, ғанимат эканлигини, унинг довруғига бир холчалик безов бўлолмасликларини, тоғлар ҳам бу тепаликлар билан тенглаша олмаслигини кўкайлари дириллаб, пириллаб англайдилар. Ҳолининг аҳволини кўтаролмайдилар. Самарқанд шамолига, азал ва абад шамолига муносиб бўлмоққа жон-жаҳдлари билан тиришадилар.

Мочаси ҳангисини қувадиган Москов Исмоил отлиқ қишлоғидан топган, бисотидаги яккаю ягона қадим Xоразм тангасини Кремл камончилари дастидан куйган кафтига омонатгина олганча келади. Бўйнида Туркистон босиб олинишининг 1,5,10,25 йилликларига тамғаланган тангалар бўлади. Оғир йилларда оч-яланғоч, сарғайган сағирларига бошпана бўлган, болалигига бориб, муаззам иморатларнинг девор-тўшларига номлари, қаердан, қачон келганликларини ёзиб қолдирган дарбадар, етимлари учун кечирим сўраган бўлади. Қавми одатича бир сув кечса ваъдасини унутадиган, Тўхтамиш дегич Московни кулини совургандан кейин етти йил ўтиб-ўтмай қилмишига ҳисоб бергани, тупурган тузлуғи тузи тутгани, ўшанда дарахтларигача кўсов бўлган, етти яшар гўдак, бола эканлигини, қарамлик ва хиёнатнинг аччиқ тутуни ичра ўзига келолмаганини, бирор-бир бошпанаси қўноқликка арзимай нон-туз тутолмаганлиги, пешвоз чиқолмаганини, орадан икки юз йил ўтиб шаҳар номини олган қўрғончага Ғарбу Шарқ хўжасининг ўшанда қараб қўйишни эп кўрмагани сабабини англайди. Етти яшар болакайга қилган муруввати, қулликдан озод этгани учун қуллуқда, тазарруда турган бўлади. Оталар кечиримли келади, ёнбошидан жой кўрсатган бўлади. Болаликка айб тақамайдилар.

Болалигида оти Олтин Су бўлган Самарқанднинг довруқли ўғли Муғупта ҳали Зардўшт номини олмасидан, оқ туяга минмасидан олдин Муғ тоғидан тушиб келгандаги илк таваллосини қабул этган Зарафшон не бир афсоналарни фақатгина ўзи билишидан писмайиб, ўнг тирсагини ерга, кафтини иягига тираб, ирмоғлари, аймоқлари Шунқор, Ойқор, Муғдан ҳам баланддан бошланадиган хилқатларга кўз тикиб, ёнбошлаганча талтаяди. Югурук эрка ел шўхлик қилиб этагини кўтариб қочади. Қисматга хушнуд аҳли беҳишт қироатида қўшиқ айтиб жўнайди. «Қадр маълум, жинс маълум, ажал маълум...»

Саркаш Искандар шаҳарни кунпаякун этиб, отасининг довруқли саройи залларини безаган қирмизи мармарлар Афросиёб кўчаларига оддий тош ўрнида тўшалганидан ғаши келгани, энсаси қотганини, деворлардаги суратларга маҳлиё бўлгани, малика Рассанога уйланиш тўйига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги суратни ҳавасга чиздирганини кимгадир айтгиси, Искандар ва Рухшона севгиси туғилган тепаликни ишонимли одамга кўрсатгиси келади. Муҳаббат бодасидан кайфи саҳбо тортган, Ер юзи жаннати отлиқ Самарқанд ва севишганлар жаннати аталмиш Римнинг дардлари дунёга сиғмайди. Ҳайрати ҳад билмас катта севгилар, севишганлар сурати ҳам. Жаҳонгир ва Малика суратлари Ватикан ертўласида кўкрагини захга бериб ётганини шамол хабар берган, муғтан уларни бирда бориб кўрган. Бировга айтгулиги йўқ. Асл суратлар Римда, ёзиқлар Самарқандда бўлармиш. Буни ким айтганини айтиб бўлмайди.

Афросиёб мингтепасини шахмат тахтаси ҳисоблаган қарғалар фил суягидан ясалган қачонлардир шоҳлар кўтарган, жаҳонгирлардан қолган доналарни, отларни сурадилар. Шахмат тахтаси катаклари бири оқ, бири қора бўлди. Қарғаларни-да бири оқ, бири қора бўлади. Рақиблар оқшомдан қорашомгача ўйин устида. Мозори Шоҳ зиналари ёқалаб, бир бало қилиб ташқарига чиққан ҳазориспанд, эҳтиёти шарт исириқ солган бўлади. Бир қулоғи суҳбатда. Гап-сўз бир вақтлар Беруний ва Сино бошлаган, орадан минг йил ўтиб Эйнштейн ва Борн деганлар давом эттирган суҳбатни судрашдек туюлади.
– Мен сенга айцам Қоракалла, ақлдан ташқаридаги нарсани ўзи йўқ нарса. Борлиқ ақлда макон топади, дейди бўйнига «Эзоп» деб ёзилган тахтачани осиб олган ва ҳар замон жойида турибдими деганча ушлаб-ушлаб қўяётган Ола қарға.
– Бор ақлда ақл бўлса. Борсан бор, йўқсан йўқ. Кўчдинг ўчдинг.
– Ҳа, энди майдалашма. Одамлар, умуман жонлиқлар хаёлини ҳисоб- китоб қилиб бўлмайди. Фақат ортидан эргашиш, олдиндаги, ён-вердаги кўргулигу кўринишлардан керагини олган маъқул кўринади, дейди Ола қарға шляпаси қасирғасига қачондир кириб қолган ва болалаган сичқонни чап оёғи билан олиб ирғитиб ташлар экан, сичқончалар тум-тарақай қочадилар. Оёғи ерга тегиши билан биринчи қилаётган ишлари қочиш ва ковак, тешик ахтариш бўлади. Биров ўргатмаса ҳам. Кераксизидан қутилиш лозим ёки булардек қочиш керак, дейди шошгандан қанотларини бир силкиб сичқончаларга йўл бераркан, сўзида давом этиб Ола қарға. Ҳамма бало нафсни қондириш ҳаракати, ҳирсларини уялмай-нетмай меҳр деб билишларида. Меҳр билан манфаат, ҳирсни айрит қилишни истамасликларида.
– Ол-а, Ола. Гап Ақл ва Макон ҳақида эди. Ақлнинг макони ва маконларнинг Ақл майдонига сиғиши, ўзга, турфа оламлар ҳақида эди. Ҳар доим олиб қочасан. Гапим ҳам қочиб кетди. Шоҳ.
– Маълум ақллар маълум маконда қадр топадилар. Қочдим.
– Маълум маконнинг маълум даврини яна унутдинг. Шоҳ.
– Осмону заминда нарсалар бари, одамнинг фикридан эмас ташқари, дейишган. Қочдим.
– Ақл ва руҳ хотир истаса қувиб етмас макон бўлмас. Ўтганиниям, келариниям назарда тутаяпман. Шоҳ.
– Ўзга оламларга ола қаноту қора қанот билан етиб бўлмас. Фарзин.
– Ақл ариғидан ташқаридаги ариқлардан сув ичмагандан кейин қийин-да. Отни эшакдай юрмайдилар.
– Кўрмай қобман. Кўз кетибди.
– Пўстакни йиртиғини кўз демайдилар.
– Итдан бир суяк қарз шоҳлар оҳини эшитяпсанми?
– Бу сўров Қоравой, бу сўров. Битовлар сўрови. Битов кўз сўрови. Оҳдан бошланиб тугамайдиган ва очилиши даргумон кўзлар сўрови Қоравой.

Шохни мот қилиш пайида қарғалар ҳам кўз чўқишга тайёр кўринади. Оқ қарғага тахтадаги доналарнинг бари оқ кўринади. Қорасига қора. Бир-бирини кўрликда айблаб, тошларни тенг суришади.

Товус қадим қалъа девори ёриғидан илондай овоз чиқариб келди. Одамдай келадиган тошбақа тошини тескари кийиб чиқди. Қўллари кунни иссиғи урган кесакдек тўкилиб кетар кўринди. Тоши китоб кўринди. Китобда ёзиқ. Ёзиқни адоғи кўринмайди:

Элим будун эрди,
Элим энди қани?
Ботирли будун эрди,
Ботирлари қани?...

Алп Эр Тўнга ўлдиму?...

Яқин орадаги эски шамол йўлини тусмоллаб бўйнини чўзди. Бурни жимирилди. Юзага қайтганини аниқ ҳис этгандан кейингина иринди. Кулгуни эшитган ариқ суви шошгандан бир тўхтаб олди.

Хаёл Отининг Уйғониши

Елкаси тиришган Қари Олов шашти сўниб бораётганини кўкайидан ўтказди. Беихтиёр Афросиёб девори устида ўзини кўрди. Пастга қараганди, боши айланди. Девор устида бораркан, кимдир қараб тургандек, илкисдан ўзига-ўзи аскарлар қўлидаги лов-ловдек кўрингиси келди. Ўхшамади. Аввал ўксинди, кейин кўнгли айниди. Сезди. Шунда, шундоққина кўз ўнгида, бирданига жиккакгина чўғ чўғланганни кўриб, чўлда сув топгандек анқайди. Митти чўғ ғайрати, тараддуди боши қаро тортиб яшаётган, ёнаётгани, тириклигини ўзидан бошқа билмаётган кекса вужуд вужурини қўзғади. Дунёга ўт қўйгудек ғайрат билан товланаётган чўғни узоқ ва яна узоқ томоша қилди. Шаштини сезди. Ҳидини олди. Ҳидлаб-ҳидлаб димоғини чоғлаб, кўнглини ёшартирди. Кўнгиллар кўкда кўкаришини, кўнгилни кўкка бермакликни, қорага ботирмасликни кимдир қулоғига шивирлаган бўлди. Кўнгли сувсади. Кўнгли сув ичди. Кўнгли сув бўлди. Кўнглида сел кўчди. Дили хун бойлади. Xотирига Шоҳ Бобур Ошиқонда аскарлари қасосига Кал Қошуқ ва Жомабофларни жазолаган кун гуриллаб келди. Мирзога қўшилиб кетган шон-шавкат, Самарқандда яримта ғиштни тикка қилолмаганлик, устма-уст қўёлмаганлик армон-андуҳи чуқур оҳ тортди. Алишербек яшаган Улуғбек мадрасасининг ҳужрасида сихтади. Галатегирмонсой осмонида туғилганидан буён муаллақ турган эна тандир нонининг минг-минг йиллик таъми ва ҳиди ўзгармаганини, ўзини йўқотмаганини ақли танимаса-да, сезими сезди. Қадимда, қўрда кўмоч пиширганда, ҳар ким ўз кўмочига кул тортмаган вақтларда, пиширишга қўйган ҳар бир эга ўз нонини устига отини ёзишини ёки қавм белгисини қўйишини нақд эслади. Римликлар ҳам қоравой пиширганда худди шундай қилишини шамол бирда келиб айтганини-да илғади.

Бошланишда, Бедона қўриғида Қорасув атоғлиқ, кейин Сиёб аталадиган ариққа қўшилиб оқди. Оқиб-оқиб, келиб Ҳазрати Дониёр марқадига бош урди-да, дунёга лангар бўлгудек қабрга қоровуллик қилаётган, асрлар невараликкаям ўтмайдиган бута шохларига ўз оёқ-қўлларини ўзи боғлади. Бўшаб кетувди шамолга боғлатди. Йиғлари шиддатини эшитмаса-да, икки чеккасидан ширғираётган ёшдан билди. Шу аснода тонг отиш, кун ботиш барчасини елдек еб кетганини, қувончлар қочиб, қайғулар тошган кунларни эслайверишдан наф йўқлигини, Самарқанд отидан ғишт устига ғишт қўйиш, дарахт кўкартириш ҳар кимгаям насиб этавермаслигини ич-ичдан англади. Ёзиғларниям. Сутдан қимизга айланар асрлар келаётганидан бўронлар белги берди... тириклик руҳи қадри, қимирлаган ҳаёт қиммати, иссиқ-совуғини сеза бошлади. Айниқса, ҳамишаги довдир шамол келиб ўзини уриб ўтганда шошиб қолди. Лап этиб ёнди. Бу ёниш, ғайрат, ловуллаш, аланга, ўту нафас таниш кўринди. Бирда бир бошидан ўтгандек кўринди. Кашмири ўхшаб-ўхшаб кетди. Кўнгли хижил тортди. Ғашланди. Ўзига ўзи ғашиқди. Кейин қон қайнади. Қон тортди. Тортгандаям узиб-узиб тортди. Ўлик-тирик томирларни бир қилиб тортди. Оғриғи ёмон келди. Оғриқ оғир келди. Увол бўлаётган умрдек увуллатиб келди. Дардини ёйишга, сергитишга шамол, осмоққа дор қидирди. Кун қисди. Ютардек келди. Ўз дардига ўзи ёнди.

Даврларнинг давронхоналари йўлига зина бўлган қабрларга замбил қадамларини битта-битта қўяркан борган сари юриши енгил тортаётганини, елкасига минган минг ботмон-минг ботмон юк лаҳза сайин тарк этаётганини сезди... йўлма-йўл липпиллаб, бир ўчиб, бир ёниб бораркан, ҳушини йиғиштиришга тиришди. Қалб яхши сўзлар билангина илиши, исиши, ёниши, гувуллаши, ер устидагилар бир-бирига шундай сўзларни айтмай қўйганидан совуққина бўлиб бораётганликларини фавқулодда англади. Ўзини нима совутгани, нима рангини ўчирганини топишга қанчалик ҳаракат қилмасин, қаловини тополмади. Бирданига беклик, эгалик уйни чироғидай париллаб ёнгиси, бекалик тошўчоқда қорадан-қора кўмоч пиширгиси келди. Эгалик уйнинг чироғи бошқача ёниши кўз олдида пориллади. Айниқса, эгалик чироқда ёниш завқини туйганида яна иморатлар ёзиқларида ялтиллаб ёнишини, ўқишга югуруклаган кўзларга қувват бўлишини қўмсаганда, азбаройи ҳайрати ҳаддин ошди. Кўнгли сувсади. Сув ёнди... Шунда...синиқ руҳида эски вақтлар синиқ қозон атрофида ризқ умидида паст-баланд, катта-кичик бўлиб тизилишган чора-толтавоқлар қаторлашган кун лап этиб кўринди. Кимдир катта ўқлов билан бошига бир ургандек бўлди. Фавқулодда ўзининг бир вақтлар Самарқанднинг оташхонасида гуриллаган гулхан, Олов уйида оташ, тошўчоқларга қўр бўлганлигини, қозонларни қўй боқтиргани, не бир ўт оғалари кафтларига кўтарганини, тутунтириққа берганлигини, дарвешоналарда пилик, хосу ом кулбасига иссиқ бўлгани, Афросиёбнинг неча турлик чироқларига парвона йиққани, не бир китоблар ёзиғида бошида турганини, тўрт улуснинг чироғи бўлганини, қаҳратонларда тириклигига шерик, яхши-ёмонда керак, ўрни давралар тўрида, қўрида, қоронғу тундаги ойдай соғинчли бўлганлигини эслар экан, ўлса кўмари йўқлиги эсига тушган эски ғардек бўшашди. Ҳеч бир ҳолатда қўлини тушурмаслик, ёнга ташламаслик, ҳатто янги ўликлар ҳам қўлини қўярга жой топа олишини, ёнга ташламаслигини минг бора гувоҳи бўлганини эслади. Тириклар вақти келса ўликдан ҳам ибрат олиши лозимлигини, майит энг улуғ, энг сўнгги сабоқ, кўргазмали қурол эканлигини қошу қовоғи ўртасига биров ёзиб-чизиб кетгандек бўлди. Рўзғор ўчоқ билан, ўчоқдаги қўр атрофидаги қур билан қут бўлишига, қутли, қўрли ўчоққа ҳеч нарса етмаслигини, излаганини топгандек иқрор бўлди. Ҳатто қайсидир давронларда оти Қўрўт, Қўрқут бўлганини кўкси айтгандегу, кўкайи кўнмаганига, кимдир икки тарсаки қўйиб кетгандек, йўқ, гапирмай ўядиган қаттиққўл турк машойихларидай ер суятиб, бир қараб кетгандек бўлди. Олов чироқ ахтарди. Туташга, ўчишга ҳаққи йўқлигини англар экан, туриш-турмуши титраб кетди. Энтикди. Этакларини йиғиштирди...

Чўғни ўт олишига ёрдам берган бўлди. Шўр босган ёзиқлар кўзини очиши, қадимий сўзларни уйғотишини кўнглига солгандек бўлди. Шамол ёзиқларини, тош ёзиқларини, Самарқанд ёзиқларини болакайга қўшилиб ўқиди. Ўқитди. Кўзига нур бўлди. Иморатлардаги битикларни босган қурумларни кўчириб, жатмаларни куйдириб, тозалашга киришди. Тирикликдан қарзини узиш лозимлигини англади.

Тўнғичига Кун, ўртанчасига Ой, кенжасига Юлдуз отини қўйганини, эргашган, избосар инилари Кўк, Тоғ, Тенгиз аталган вақту соатни-да аниқ эслади. Уларга аталган қўшиқларниям:

Кун, Ой, Юлдуз!
Тонг сари сенлар боринг,
Кўк, Тоғ, Тенгиз!
Тун сари сенлар боринг!

Кўк –қўрғон, Қуёш – туғ бўлган даврлар шамоли ёди, хаёллар жамоли қумсови, ўйлар оҳанги шамойили эсдан оғдиради.

Сезимлар уйғониб ўрмалаганини, чок-чокидан қақраган, сўкилган чоклар кўклаётганини, кўкланаётганини кўнгли туйди. Унуттирилган қўшиқлар ҳаё-ҳуйи, қувғин этилган ўзлик важоҳати, Афросиёб кўчаларида хоқонлар овози юрган, дарахтлар гуллаган ва мева туккан, олиб қочилган қизлар туғдирилган, кўча тошларига кундуз қуёш, оқшом ой ўзини солиб кўрган давронлар, Турон атоғлиқ вақтларда оталар отини эшитганда пўлат тоғлар сув бўлиб эриб кетган, душманлиғ зоти тириклай, эсон-омон бош елкада тиз чўкишга улгурганига шукр қиладиган шукуҳ сирларини билишини билдиргиси келди. Қўл берди. Кўксида қўрғошиндек ботган зангларни жариллатиб куйдириб кўчирди. Болакай ўқиши лозимлигидан ўзгани ўйламади. Кўнгилдан тилга келтириш юки босди. Қаламни бошини емоқ сўрови босди. Тош бостирилган, музлатилган хотиралар, улкан қоялар, сағаналар ёзиқларини ёпиш учун урилган парчинлар ушловсиз, хом лой шувоқдек палахса-палахса кўчиб, узилиб туша бошлаганини, битикларга кўзи ета бошлаганини ҳис этди. Ҳозиргилар биладиган уч жаҳонгирни дову довруғиниям якка шу шаҳар кўрганлигини, иккиси–Искандар ва Чингиз бузмоққа, биргинаси тузмоққа келганини бирга кўрганлиги, уларни давраларида бўлганлигини-да эслади. Сарҳалқа Ҳамадоний қўш қанотдай бир ёнида яссилик, бир қаватида ғиждувонлик ўспиринларни олиб, ҳозир ўзи макон тутган бошпанасида ҳаёт томчиларини таниш сабоқларини ўтганини, бу тупроқда изларининг иси, пешоналарининг изи қолганини еру кўкка билдиргиси келди. Бир вақтлар оғиз очмай кулмак, кўз очмай жаҳонни кўрмак, ўтирган ўрнида дунёни айланиб келиш, қимирламай дунёлараро кезишни-да гувоҳи бўлганди. Xаёл ҳам вужудни бешиктебратардай тебратишидан туюнди. Умр дўмбираси, доираси зарбини, хаёллар оҳанги, хаёллар зарбини зарбул қадим усулидан авжи туркка ўтказмаса, ўтмаса бўлмаслигини англади. Ўзини ўзи топмаса эл топмаслигини билди. Чўғдан сачраган учқун хаёлини тўлқинлантирди. Юраккинаси шошилди. Шодланди. Кўнгилгинаси кўтарилди. Кўзгинаси ёшланди. Узоқ тараддуддан кейин хаёлида гулхан ёқди. Гулхан варақларида идрок ҳеч қачон қувғин бўлмаслигини ўқиди. Аввалда, осмондан тушганлиги осмондан тушгандай эсига тушди. Чақмоққа қўшилиб келганини суҳолар айтган бўлди. Шунда, Онақут, Онаҳут, Анахит, Момогулдираклар бирга-бирга осмонни ноғора қилиб чалдилар. Момоқалдироқ қаҳқаҳаси оламни тутди. Чақмоқлар чақмоқдай қўзғалишди. Азот-азот, қарсиллатиб-қарсиллатиб қилич солдилар. Қора чодир ёпинганиниям, бошқасиниям аямади. Чок-чокидан қақратди. Қўш чақмоқ келиб икки кўз ўртасига урди. Кўзлар очилгандек бўлди. Кўзлар чўғланди. Xаёллар чўғланди. Кўксидан аввал қора тутун чиқди, кейин кўкланди. Кўкариб ўрлади. Ҳуриллаб бир шамол келди. Кунлардан сўнг, кечалардан сўнг вақт бўлганини ёзғириб кетди. Акса урди. Қўшилишиб ғуборлар чиқиб кетгандек бўлди. Баҳридили очилгандек бўлди. Нафас олиш осонлашди. Ёқани қўйворди. Қуввати, дами орта бораётганини ён-вердаги хас-хашаклар этак тортиб қолганларидан сезгандек бўлди... Ғайрат қилди. Эгаси бор ўчоқдаги оловдай гувулламоқ истади. Гувуллади. Нақд Афросиёбнинг энг баланд тепалигида, йўқ, осмонида чироқ ёқди. Чироқ чироқларни ёқди. Чироқлар томошасига етмиш қават гўристоннинг бош чаноқлари оғзи очилиб чиқдилар. Қаншари ўйилиб тушган, жағини ер еб қўйган, пешонасидан қурт мўралаганлар ҳам қаторда кўринди. Чаноғидан айрилган жағлар ҳам. Кўраркўзга эҳтиёжи бўлмаган калламушлар ҳам ризқ териб кетди.

Олов гуриллади. Отачироқ, Онаўчоқ ўз ўрнига қайтганини ёноқлари ёниб, кўзлари порлаб жар солди. Катта оташларга аланга бўлмоқликни, қувончлар сачраб атрофга сочилишини, одамлар кафтларига олганча уйлари томон кўтариб югуруклашларини, қувонишларини соғинди. Чўғ кўзида ўзини кўргандек бўлди. Ўзини таниди. Ёнмоққа илҳақ ёғочларнинг қовурғаларини қарсиллатиб дошқозонлар қайнатишни, беланиб-беланиб, буралиб-буралиб, товланиб-товланиб ёнгиси келди. Шуъласи қозон бошига эгилган оқдан - оқ бўйсираларнинг ёқаларидан мўраламоқ, ёноқларида ёнмоқ, енгларидан кирмоқ, кўксиларида ялтилламоқ ва бош қўймоқ, сояси кўринмас турна бўйли қизларнинг бўйи баровар бўлиб йўлларида ётмоқ, кўзларида чулғанмоқ, лабларида куймоқ завқини туйди. Тилларида тутаб кетгиси келди. Xаёллардан хузур топди. Ҳузурланди. Бир вақтлар шаҳарга гурас-гурас олиб келинган маккача қилиғли, мадинача нафис, бобилча лутфли ҳурларнинг кулгилари қулоқлари остида қадимгидек жаранглади. Қўшилишиб жон ҳам киргандек бўлди. Жон қўшилиб тошгандек бўлди. Беўйлик ўйилиб тушди. Илкис нохуш умр, номулойим тириклик қорамохов дудга айлантирган кунидан орланди. Номус қилди. Уятланди.
– Ётган ёвга ёқар. Ковланмаган чўғ кул остида қолиб кетаверади. Қўри пастдан тутантириқ олмайдилар,–деди охирида ўзига-ўзи, ўз ҳароратидан ҳайратланиб. Шом еган кун эшитиб шошиб қолади. Шафақ алвон кўринди. Кўрингани осмонларга урди. Ургани жойини топди. Топгани топишди.

Қирча Устида

Қаро куннинг бошида Катта энаси Самарқанд соясидаги Алиобод қишлоғидан тенгқур отадошлари Султон Бойқаро, Ижил Мирзо, Саид Ваққос, Суюртғатмишни олиб уғруқ билан Самарқандга жўнаганларини, ўшанда фақат Улуғжонга шаҳарга киришга рухсат тегмаганини, орадан тўрт йил ўтиб салтанат тахтига ўтирганда ва қирқ йил шаҳарни Катта отаси замонидагидек яшнатиб, охир-оқибат, ўз боласи билан бетма-бет лашкар тортган, енгилиб шаҳарга қайтганида яна шаҳарга киритишмаганини дарҳол англади. Бу сафар ишни ўзи узанги берган, отга чиқарганлар кўрсатди. Ўз ўчоғига яна қайта бегона бўлганлигини, тақдирнинг такрорланишини кулиб қарши олди, қисмат шамолини таниди. Дунёнинг энг зўр олимларини йиғиб, ўзи отига, номига солдирган мадрасада мударрис тайинлаш учун қилган машварати, унда юзга яқин талабгорлар фикр билдирганликлари, Муҳаммад Xавофий отлиқ нотаниш олимнинг маърузаси, гап-сўзини Қозизода Румий иккисидан ўзга тушунмаганлигини, ўртага ғавғо оралаганини, Румий ҳазратлари ёш олим фикрини икки оғизда етказганини, йиғилган каттаю кичик нотаниш олимнинг фикри қаерларга етганини, қандай тушуниш кераклигини лаҳзада англатган, тан беришганини-да эслади. Ўзининг аҳволини ким кимга тушунтиради? Ким қандай тушунади? Ким кулади, ким куяди? Барини ҳисобини олди. Нима бўлганда ҳам энди Самарқандни қайта кўрмаслигини-да, Отачироғи ўчмаслигини-да сезди. Дили кулди. Кўз ўнгидан Шоҳи Зиндага кираверишида қурдирган баланд пештоқ кетмади. Уни узоқ Ҳирийда яшаётган ўғли Абдулатифни соғиниб, уни отидан қурдирганди.

Катта Отаси дунёни олгани ва қайта бошдан қурганини, невараси осмонларни сўраганлигини, олганлигини қимирлаган дўсту-душман тан олганлигини, нима бўлгандаям Катта Оталарга муносиб бўлганлигидан, булутларни от қилиб минган, осмон билан гаплашган, чақмоқ билан бекинмачоқ ўйнаган, оймомо билан қувалашган, юлдузлар уйигача кузатиб, қўшилишиб уйигача кирган боладай ғурурланди.

Ўшанда Отаси шаҳарни бузуқилиқдан тозалагандан кейин, қўшилиб шаҳарга, Катта Ота дунёнинг тўрт томонидан йиққан дейиладиган хазинасига кирганларини, ҳувуллаган зарбхона-ю, ҳайхотдек зархонанинг тупроғидан бош чиқарганча изига илашган якка кумуш тангани отаси: «Отамиздан етгани шудир, етказганига шукур» деганча кафтига олгани, мавриди келганда ўғлига - Самарқанд султонига ота юртнинг энг юрагини, ҳисобсиз мол-мулк, беназир эл-улус билан бирга берганинида эслади. Ўғил ҳам қирқ йиллик ҳукмронлик даври замонаси муддатида омонатни тайин жойда сақлаганидан фахрланди. Ҳозир ҳам шу туйғу билан қўлига олдида юлдузлар сояси тушмайдиган ёриққа қистирди. Дунё сўраган оталаргаки оқибат қилмаган зар унгада оқибат кўрсатмаслигини аллақачон англаган бўлсада, Катта Ота хазинаси оқлиғини Самарқанд тупроғида қолдира олганига хурсанд бўлди.

Самарқандга қайта-қайта қайрилиб қараганча кетаётган ҳижрат, кўчиш карвони шаҳар соясидан ажралиш вақтида орқадан келган ғончилар узангини тортганларини, карвонбошига бир муддат шошмай туришларини тайинлаганларини, бирон хилватда кутиб туришларини шипшиганда ҳаммасини тушинганди. Xилват харобада исиниш учун ёқилган ўртадаги гулхан гуноҳкордек буйин эгиб, ўзи билан ўзи жонталашиб, нафас чиқармай ёнади. Бир лаҳзалик довдир, бехабар учқунлар ўзларига сиғмайди. Оловга битта-битта ўтин ташлаб турган Улуғ Оловнинг этагига миттигина чўғ сачраб чиқади. Куни кечаги қуёшда этаги ҳадсиз юртни сўраган этагни куйдирмоқ бўлади. Олов чўғни қўлига оларкан, овозсиз кулди. Кулгини етти қат осмон эшитди. Ер титраб кетди. Самарқанд миноралари жанозага саф тортиш тараддудига йўлга тушдилар.

-Сен ҳам билибсанда, деганча, эркалабгина яна чўғларга қўшиб қўйди.

Юлдузлар билан тиллашган, сирлашган Улуғ Олов кун келиб икки кўзи қари нок шохларига осилган хира чироқ шарпаси остида юмилишига сал ачинди. Шукурда саждага бориб, шукурда саждадан бош кўтарди. Таниш шамол қадим қўшиғини шивирлабгина айтиб кетди. «Қадр маълум, жинс маълум...». Охирги марта тик оёқда тураётганини билган Улуғ Олов Қуёшдек гувиллаб ўрнидан қўзғаларкан Катта Отаси ишини давом эттиргани, унга муносиб бўлгани, Самарқандни абадул-абад ер юзи жаннати аталишига ҳисса қўшганлигидан ҳадсиз ғурур туйди. Этаги тўла юлдуз эканлигиниям. Омонатни ҳамма ҳам вақти соати келганда топширадику. Бек яшаш бор, бек ўлим йўқ дейишадику. Ўзи турди. Ўзи борди. Ўзига ўзини топширди. Қаро урган шарпалар атрофда уймалашган бўлдилар. Бир кўза сувнинг оқиб бўлишидек вақт ўтар ўтмас қон тўкилган жондан гувиллаган, сачраган жойлардан милтиллаб саноқсиз чироқлар бўй бердилар. Шаҳид чироқлари. Чироқни чақмоқ ёқди. Шамол қувват берди. Юлдузлар ўринларини, сафларини чироқлар ёнишлари ўрнига тўғриламоққа шошилдилар.

Улуғ Жон ҳамсуҳбат топилганидан хурсанд бўлди. Қирча устидаги, юлдузлар дастурхонга тўкилган тутдек кўринадиган майдонда, бири шоҳликдан, бири тутқунликдан юлдузга айланган икки сўнмас олов узоқ туриб қолишди. Учи ер остига кириб кетган, боши осмонга етган ренесанс-секстант мармарларига сўнгги бор қўлларини қўйишиб ўтишди. Улуғ Олов Аждар думидаги Шер буржига қаради. Битикка кўнди. Икковларида осмонларни безовчи чироқларга айланаётганларини англади. Атрофни муҳофаза олганча шайтонларни талвасага солиб учаётган юлдузлар шиддатига қаради. Кейин, Зарафшонни ёритгани, ундан сув ичгани тушган юлдузларга қўшилиб кетишди. Азим дарё мансура айтиб қолди: «Жайхундан нега ўтдинг, Абдулатиф».

Тандир Ҳам Қилиқ Чиқаради

Тандиримиз, одатда оғзига ўтин тиқилмаган вақтларда бошига нон совутгич катта саватни қийшиқ қўндириб, бир чети учган, жириқ лабига тиржайиб туради. Ҳозир ҳам шундай турипти. Насиб эца эртага қидиргани кетаман. Оловни зўридан бети оқариб, қошига қўшиб, манглайигаям қора суркаганча янги қилиқ чиқарган тандиримиз кузаца керак. Келин тандир. Оғзини чўққа тўлдириб изимга қараб турувди, юзига сув урилиб қулоғидан ҳовур чиқаркан, ҳализамон нон ёпишга тайёр бўлишини, кулчалар ёпиб беришини, шошмай туришимни, кулчасиз қўйвормаслигини, ҳеч қачон ҳеч кимни қуруқ қайтармайдиган шаҳарга қуруқ, хўшшайиб бормасликни тили танглайига ёпишиб, нафаси тиқилиб тайинлади. Саҳарда автобусга чиқаман. Бу боришим иккинчиси. Биринчи синфдалигимдаям борганман. Сариқ «Паз»ик одатдагидек эскиси билан қадим шаҳар ўртасидаги Қоработирни гўридек кўринадиган осма темир кўприк елкасидаги каптархонада тўхтайди. Автобусчига ҳозир келаман дейман-да, тўғри қадим таниш, шаҳарни қошидек кўринадиган, узоққа кетган боласи йўлига қараган отадек бир кафти ҳамиша пешонасидаги Ҳазрати Xизрга бораман. Айвонига чиқаман. Ойқортоғ кўринади. Оқ салласи печини ҳилпиратиб ҳамишагидек ҳимо берган бўлади. Қўл кўтариб етиб олганимни билдирган бўламан. Шунда доим илҳақ тоғ, биларини бировга айтмайдиган тош, энг тоза тушларни эшитган бўлса-да, ўргулигу кўргилигини кўринганга кўрмана қилмайдиган сув, ҳар жойда хозир, ҳар нарсани биладиган, одамни ичигаям кириб чиқадиган шамол, асл аскарлардек содиқ арчалар, барча-барчаси ҳар бир одамнинг келишига минглаб йиллар кўз тикишлари, тикканлари сезимдан ўтади. Айниқса, Олапарнинг йиғлаб бўлган қип-қизил кўзлари шундай дегандек бўлаверади. Энамни гаплари эсимдан чиқиб кетмаслиги учун такрорлаб қўяман. Кўзимга ҳамма Самарқанд бўлиб кўринади. Мен ҳаммани яхши кўраман! Самарқандни ҳаммадан яхши кўраман! Аммам кутиб олсалар керак. Ўсмат Отага келганларида ҳар бир дарахтни олдига бориб, сўрашиб, отажон-енажонлаб шохларидан олиб, тозалаб, дасталанган новдалар билан Обираҳмат ёқасига ўтказиб қўйиб яхшилаб қоқиб қўйсалар керак. Энам берган сурпни бурда-бурда қилиб, бир учидан ёқиб, сўнгра илондай ўрлаган оловни бошимдан париллатиб айлантирадилар ҳам. Биринчи ўзлари, иккинчи менга туфлатиб сувга ташлайдилар. Сувни ҳақи эмиш. Ёзиқсиз тоза қоғозни ёқиб кулини елга сочадилар. Шамол гувоҳ эмиш. Ёзиқлиқ қоғозни, ёзиқни ёқиб ҳам бўлмасмиш, кўмиб ҳам. Бошимни кафтлари орасига олиб: «Чиқмасанг санга нағлат, чиқармасам манга нағлат», деганча ғазовот қиладилар. Қулоқларни тортиб ғиртиллатганлари ёмон-да, оғрийди. Обираҳмат сувидан бетимга сочар эканлар, орқангизга қарамай, қўрқмай кетаверинг, мен етиб оламан, балажон, дейдилар.

Энам айтгандай қилиб лашкар тузаман. Булутдан от, шамолдан юганим бўлади. Тоғлар ҳимо, ён берган бўладилар. Энам: ғайрат қилинг, балажон,– деганлар. Нафс бандаси қўрққиликка арзимайди. Қирқига бир кесак. Ҳа, денг, балажон. Шамолингизга ман садақаман...

Елкам оша тоғлар, оталар нигоҳи, димоғим энамни ҳидига тўлганча Самарқандни, йўқ, Афросиёбни, йўқ, Отачироғни кўраман. Ёш тирқираб жўнайди. Этагимда адоғи кўринмайдиган булутлар соқолини силкиллатиб келаётганини хаёл қиламан. Оқ булут оқ отдай, кўк булут кўк отдай кўринади. Xаёлларим сувратини булутлардан ясаб кўрсатишларини томоша қилган бўламан. Зарафшон қучоқ очиб жилмаяди. Сувдан бош кўтарган қуёш аввал пешвоз чиқади, кейин танишдек кулади. Биз саломлашамиз. Энам: тушдан зиёди хаёлда бўлади, хаёлга келган нарса бор нарса, хаёлга эҳтиёт бўлинг, одам хаёл билан тирик, йигит одам орқасига қарамайди, балажон,–деганлар. Уйғониб кетаман. Энамнинг эртагу маталлари, ўқиганларим, ўнгу тушим чалкашиб кетди. Xаёлларим ҳам. Кечирасиз. Насиб бўлса, катта бўлсам айрит қилиб, бошқавотдан айтиб бераман. Ғов лабидаги супани супуриб-сидиртираётганлари, тўшанчи солдираётганларига қараганда қидириб келгунимча йўл қараб турадилар-ов. Маталларини соғинсам керак. Ҳидлариниям. Айниқса, Самарқанд ва Оймомо ҳақидагисини. У шундай бошланади: «Ой совуғи ҳуриллаб келади. Қор учқунлари тоғ бошига ойдай қилиб ой расмини соладилар. Шундан Ойқор атоғлиқ бўлади. Ой Ойқорни пана қилиб Самарқандга қарайди. Яқин борса опа-сингиллардек уришиб қолишади. Ким чиройли деб. Юлдузлар қаторлашиб белги берган бўладилар. Ишини қилиб бўлганлари қисмату қарғиш тошларига дўнадилар. Самарқанд ҳовузида ҳурлар соч ёзиб суҳбат қурадилар. Юзлари кунга, сочлари тунга уланган бўлади. Чиройларидан ой ҳусн олганмиш. Ҳуснларини Самарқандга солиштиришдан уялармиш. Сулаймон пироқидай етиб келган шамол ўртада гап етказиб, бориб-кеб туради. Чақмоқ хат-қалам юритади. Кўчага девона шамол эга чиқиб супирган, кўк булут сув урган бўлади. Созандалар бошлиғи Чўлпон юлдуз чолғусини қўлига олади. Осмон куйга тўлади. Қўшиққа тошади. Самарқанд қўшиғига. Ҳар замон-ҳар замон таниш ахтариб, кўз қисиб қўяди...»

Ана шу жойлари зўр-да. Эшитганингдан кейин қўшилишиб кетгинг келади. Қўшиғини насиб эца янаги сафар айтиб берарман. Афросиёб кўксимдан жой қидиргандек бўлаверади. Кўксимга сиғмай кетаяпти...

Энди одамлар: «Иш қандай?»–дейишса, «Самар қанддай», дейман. Самарқандга Самарқанддай кириб борадилар. Буларни ўзим ўйлаб топганман. Сиз ҳам шундай дейишингиз, шундай қилишингиз мумкин. Кўнглингиз кўтарса, албатта.

Илҳақ Тонг Қўмсови

Ўзликни англаш шамолининг ўнг эсганини сезган, суви қочиб қуриқшаган юраги аввал ўпкаси тўлиб ҳапқирди. Кейин, ҳалқумидан чопиб чиққан жонни бир амаллаб қайта ютди. Жон ширин кўринди. Жонни қизғонди. Энди қўйворса бўлмаслигини тушунтириш тилини тополмади. Ҳавосини, йўли, ҳанги, қаловини тополмади. Танглайига ёпишган тилни қўтаришга қувват «ҳа» деганда келавермади. Бирда шаънга кўмилган, бирда қарога буркалган узоқдан узоқ умрида биринчи бор кўзини юммай тонг оттиргиси келди. Тонг эртасига илҳақ бўлди. Кўзни илмоқ, юммоқ истамади. Xудди узоқ шаҳарда мусофир ўғлини мустар кутадиган муштипар онадай тонг йўлига кўз осди. Юмса очолмай қоладигандек бўлаверди. Ҳаёллари тушга айланишини, тушлар бир кун келиб дўнишини тиниқаётган ақл айтгандек бўлди. Иссиқ-совуқ шамоллар илма-тешик қилиб парпиратаётган бори-будини, вужудини қачондир тарк этган, бири истаб, бири истамай бош олиб кетган нималардир битта-битта ўз ўрнига қайтиб келаётгандек, ўз ўрнини пайпаслаганча тозалаб, энди ишни нимадан бошлаш, қаердан давом эттиришни билмагандек, елка устида бошлиги қолмаган қаролиғдан топшириқ кутаётгандек бўлди. Ич-ичи тўкилиб бўлган, бақрайган кўз косалари, совиб қолган бошининг ҳувуллаган қародан-қаро йўлаклариаро бир илиқлик ўрмалагандек бўлди.

Шу ҳолига туш кўрмак истади. Туш ҳам ювиқсизни танламаслигинида эслади. Сиёбга - Су Ёбга тушиб боришга йўл узоқ. Салкам ўзи тенгли Ҳазрати Xизр масчити сўлидаги қудуқ лабида тазаррудаги капалакдек қўнишибгина сарғаяркан узоқ ўтмиш қарида қолиб кетган ташландиқ, сағирак хотирадай хирадан хира ялтираётган сувга ўзини солди. Сув аввалига танимади. Чанги-чунг, лою-лойқа босган, хасу-хус санчилган кўзини зўрғадан зўрға очди. Бошида чироқ ёқиб турганнинг шовури, шарпаси, ўхшови, қароси танимол кўринди. Аввалига қаердадир бир кўрган кўзтанишдек туюлди. Нақд танигач, ўзинида ўзганида гуноҳларидан кечган содда келинчакдек чеҳраси очилиб ялт этиб акс берди. Олов сувда ўзини кўрди. Оловда Сувда бирлашди. Бирлашмаса бир-бирини қўлламаса бўлмаслигини бирдек, тенг илғашди. Табаррук синов - тирикликка қилинган бепарволик гуноҳларининг кечирилганига бир ишониб, бир ишонмай нималарни тоза қилмайдиган Сувга, нималарни покламайдиган Оловга тўрт кўз ўзаро ҳайрон, айтишга сўз топиша олишмасада боши липпилаб, кўкси тўлқинланиб бир-биридан узр сўраган, кечирган бўлдилар. Тубсиз қудуқдан жандасини қўрга тутиб тозалаган девонадай соясиз ўрлаган Олов, умидвор кўзини кўкка қадаганча кўкси қалқиб, ялтиллаб нур таратиб кузатган Xазрати Xизр қудуғидаги Су бўлди.

Қари Олов туш кўрмоқ илинжида қадим жойига жойлашди. Кўзини очганча туш кўрмоқ истади. Атрофида пориллаётган минглаб чироқларга бир кўнгилда омонатидан бошқа қарзларини узиб бўлган, қилар иши қолмаган машойихдай, бир кўнгилда улар сафида бўлишни истаган ўспириндай қаради. Қаро туннинг бунчалик узунлигини ҳеч бир даври замонда сезмаганди. Шунчаси бир бўлди-ю, шу кеча бир бўлди. Даври-дун бошингга нақд юкини паққос ортганида лаҳзанинг узунлиги билинаркан. Кўкай бир хабарни илғаганда вақт тўхтаб қоларкан. Ҳозир шундай бўлди. Осмондаги ҳар бир юлдуз билан гаплашиб чиқди. Сирлашди. Ҳар бирини пайдо бўлган кунинида кўзларидаги яра-чақалардан санаб билди. Тонгни кутди. Тонгни кутиш завқи азоби, ҳайратини туйди. Йўқ. Кимдир: «Тонг чиройлиғ, тонгни кут» деб кетди. Азоб шундан кейин бошланди. Жонни орзиқтирадиган, ақлни довдиратадиган, кўзларда ёшларни тирқиратадиган, дув-дув тўкилишдан кейинги енгилликни туйиш азоби, ҳайрати шундан кейин бошланди. Кўзи очиқ жонзот туш кўрмаслиги, туш кўриш учун юммоқлик шартини бўйнига олмади. Ўз истагича туш кўрмоқни қадим ўр қалби ниқтайверди. Бир вақтлар тонг эртаси шамолнинг ҳуриллаб келишини хуш кўришини, кўксига тегса гуриллашини, бўрон билан эрмакка олишишини туш кўрмоқчи бўлди.

«Ўзни қутқармоққа шошилиш» ҳақидаги айтув овозаси осмонларни айланиб келиб, осмонлар ҳавас қилгулик гумбазларга бош қўйишлари билан бир вақтда икки қўлтиғидан қучоқлаб азот кўтариб урган бўроннинг қилиғи аввал ғашини, кейин ғайратини қўзғади. Тушми ўнглигини айрит қилолмай, ажрата олмай боши бир зум ғувуллади. Бақрайган кўзларига бўроннинг шиддати усма-уст урилганидан кейингина хаёли ўзига келди. Аламига чоғи келганда кифтига олиб узун бўйин, ер билан битта қилиб тарсиллатиб урмаса бўлмас. Xудди, ҳув болалигидагидек бўронман деганни оёғини ердан узиб, боши узра бир айлантириб сулайтириб урмаса бўлмас. Кўзини тиндириб юлдуз санашини кўрмаса бўлмас. Икки елкасидан босиб, оғзига оғзини қўйиб, оғзини куйдириб нафасини қисмаса бўлмас. Ҳа, шундай қилмаса бўлмас.

Кунчиқар бетда Қуёш ойна тутиб илҳақ турганини илғади. Ўзини солганди Қуёшда болалигини кўрди. Бек болалагини, бегидир, баҳодир болалигини кўрди. Урғуштак ўйнаган эркадан эрка болалигини кўрди. Болаликка айланганини кўрди. Ўзини ўзи таниди. Ўзини ўзи топди. Топганидан хурсанд бўлди. Xурсандлигини оламга билдиргиси келди. Билдирди. Xурсандлигидан хўрсинганлигини, бўғзи тўлиб, кўзи тошиб хўрсинганлигини дайди шамол сўровсиз қаёққа ҳайдаса шу ёқ маъқул кўринадиган, оёғи ердан, тили элидан узилган бир парча олабулутгина билмади.

Тонг оқариб келади. Янги Қуёшнинг тарам-тарам толалари, ёғдулари кимга Оқдаланинг катта йўлидек кенгдан-кенгиш, кимга Танги даранинг дор йўлидек тору-танг кўринади. Йўл кимдан қолмаган деганлар. Талашмайдилар. Ознинг кўпини тонг билан иши бўлмайди. Ҳамишаги нозирғаган на шамолу на тўзон девона бошини қаерга уришни билмайди. Бир кўзига нам тепган, бирига нам урганча остона ҳатлолмай мустар бўлади. Чин шамолман дегани тонг эртаси ҳуриллаб бир келсин гуриллашнинг қолганини шунда кўрасиз.

Ўнгу-тушу, хаёлларни йиғиб-териб тириклик аталишини бирда бир қаердадир, кимдандир эшитгандай бўлувди-я. Униям бир куни эслайди. Шошманг. Шунчасини эсладику. Эси бор болани кўп тергайвермайдилар. Отам айтган.

2010-2011 yil.
Тошкент-Москва-Тошкент