OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБаҳодир Саримсоқов
Асар номиУнутилган одам (тугалланмаган қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Баҳодир Саримсоқов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм21KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/24
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Унутилган одам (тугалланмаган қисса)
Баҳодир Саримсоқов

Бу йил баҳор кечикиброқ келди. Қишнинг қаҳрли панжалари баҳорнинг нозик ва сўлим қанотларини жон-жаҳди билан қайириб, кўкка парвоз қилишига имкон бермасди. Йилнинг бу кўркам фаслини интиқлик билан бутун мавжудот кутар эди. Аммо ўжар табиат ўз ҳукмини шафқациз адо этиб, на далаларга, на дов-дарахтларга, на одамзоду на бошқа жонзотларга илиқлик бахш этарди.

Шаҳри азим Тошкент узра қора булутлар сузар, тез-тез ёмғир қуйиб турарди. Бундай кезларда киши не қиларини билмай диққинафас бўлади; қўли на ишга боради, ўй-фикри на бирор нарсани илғайди, тили на илиқ бир сўз айтади – у чиппа-чин карахту гунгга айланади.

Собир Каримович учинчи қават деразалари остига маҳкамланган тунукага тинимсиз урилаётган ёмғир овозидан уйғониб кетди. Қўлини узатиб стол устидаги электр чироқнинг тугмачасини босди. Ногаҳон чарақлаган ёруғликдан кўзлари қамашиб кеца-да, хобтахтаси рўпарасига илиб қўйилган соатга қаради. Бешдан йигирма дақиқа ўтибди. Демак, роппа-роса эллик минут ухлабди. Бир кеча-кундуз мобайнида эллик дақиқа уйқу. Ахир табобат инсонга қанча вақт ухлашни тавсия этади. Саккиз соат. Бироқ Собир Каримович ўттиз йиллардан буён саккиз соат уйқу нималигини билмай яшайди. Унинг роса мириқиб ухлагани уч-тўрт соатдан нарига ўтмайди.

Бўлди, бас, хаёлга берилмаслик керак. Ажаб эмас, худо ўз бандаларига туҳфа этган уйқу аталмиш неъмат унга бу кеч яна насиб эца. Собир Каримович электр чироқнинг тугмасини босди, хонани яна зулмат қоплади. Девордаги соатнинг бир маромда чиқиллаши-ю, тунукани чертаётган ёмғир томчисининг овозигина тунги сукунатни бузиб турар, гўё бутун коинот шу икки товушнигина жимгина тинглаётгандай...

У шу алфозда қанча вақт ётди билмайди, назарида узоқ ётди. Кўзларини қаттиқ қисганидан қовоқларида аллақандай оғриқ сезди. Ниҳоят сабри чидамай кўзини очди ва яна чироқ тугмачасини босди. Соат бешдан ўттиз беш дақиқа ўтибди. Ўрнидан турди, стол устида турган кўзойнагини илиб, чироқни ўчирди ва дераза пардаларини икки ёққа суриб ташлади. Xона субҳи содиқ нуридан ёришди.

Ташқарига қаради. Ҳали барг чиқаришга улгурмаган дарахтлар ёмғир остида мунғайиб турарди. Қаршидаги уйнинг айрим деразаларида чироқлар кўринди. Демак, улар эртароқ бирор ерга борадиганлар ёки иш жойлари олисроқ бўлган кишилар. Балки айримлари шаҳарга келувчи қариндош-уруғларини, таниш-билишларини кутиб олиш учун темир йўл вокзали ёки тайёрагоҳга чиқишар. Ким билсин, улардан айримлари худди ўзи каби уйқусизлик азобидан қийналаётган кишилардир...

Собир Каримович узун йўлгилам солинган даҳлизга чиқди. Нозик столча устидаги қизил рангли телефон ҳам сукут сақлайди. «Ўзи ишлаяптими бу?» Собир Каримович телефон дастагини кўтарди, дастак ичидаги қизил чироқча ёниб, тиниқ овоз эшитилди. «Ҳа, ишлаяпти. Демак, сенга сим қоқадиганларнинг ўзи йўқ». Мана, бир ҳафтаки, замонанинг бундай беминнат хизматкори миқ этмайди. Бир вақтлар, албатта, у вақт­лар бошқа телефон эди, қора ва қўполроқ кўринишда эди, аммо тинимсиз жиринглар, ҳатто бемалол овқатланишга ҳам имкон бермас эди.

«Ало-ало, Собир Каримовичнинг хонадонларими? Ассалому алайкум, домла. Кечирасиз, безовта қилганим учун. Мен Самарқанддан келган эдим. Маслаҳатли бир иш чиқиб қолди, домла. Уйга бораверайми ёки ишхонага ўтайми?..»

«Ало, салом алайкум, домла. Бугун соат ўн тўртда илмий кенгаш бўлади. Сиз келмасангиз бўлмайди. Шуни эслатиб қўяй девдим. Узр, домла, безовта қилганим учун...»

«Алйё-алйё, Собир Каримович! Азизим, қадрдоним, бормисиз? Соат ўн саккизу нол-нолда чойхонада кутамиз. Бир отамлашайлик. Жуда-жуда суҳбатингизни соғиндик...»

Собир Каримович яп-янги телефонга ғамгин боқар экан бир вақтлар ўзининг нақадар қадрли, эъзозли эканлигини эслаб, энди эса бутунлай ташландиқ бир аҳволга тушиб қолган буюмдек бўлиб қолганлигидан юраги бир-икки марта сирқираб кетди. Дарҳол хаёлини ўзга нарсалар билан чалғитди, лекин яна бир зум ўтмай ўзининг ғарибона ҳолатига қайтди.

Ҳа, азизим, ўзингни овутиб нима қиласан? Энди сенинг кимга ҳам керагинг бор? Сен бор куч-ғайратингни илм равнақи учун аямай сарфлаган, бор билимини шогирдларига ҳовучлаб сочган, соғлиғини зиё таратиш йўлида адои тамом қилган нимжон, афтодаҳол, ҳеч кимга, ҳаттоки яқин жигарбандларингга ҳам кераксиз одамсан. Бугун сени жонингдан ҳам яхши кўрадиган на шогирдларинг, на дўстларинг ва на рақибларинг эслашади. Сен энди тамоман унутилган одамсан. Буни теран англаб етишинг, шу ҳолга кўникишинг ва сўнгги сафар тадоригини кўриб, қазою ҳақнинг келишини кутиб яшашинг керак.

У ёлғизлик азобида ингранаётган, сирқираб нола чекаётган юрагига малҳам бериш учун телефон қутичаси ёнидаги шишачадан бир дона ҳап дорини тилининг остига ташлади. Бир оздан кейин юраги сал қўйворди. У уч хонали уйнинг ҳар бир хонасига ҳар жой-ҳар жойга шунақа ҳап дорилар қўйиб қўйганди. Бу унинг севимли рафиқаси Нигоранинг вафотидан кейин ўйлаб топган тадориги эди. Чунки юраги бехосдан сиқиб қолса, ҳар жойда унинг қўлига дори шишаси илинсин деб қилинган иш эди бу. Ҳозир ҳам бу тадбиркорлик унга қўл келди.

Собир Каримович беҳол ўзини юмшоқ курсига ташлади, икки қўлини курсининг икки қанотига ташлаб, бошини суянчиққа қўйди ва жимжимадор гуллар билан ишланган шифтга қараб ўйга толди.

Бундан роса қирқ йил муқаддам мана шу уч хонали уйга кўчиб келган кунларини эслади. Эндигина чопқиллаб юрадиган эгизак қизлари ҳали у хонага, ҳали бу хонага шовқин солиб киришар, қиқирлаб кулишарди. Унда бор-будлари бир стол, тўртта стул, беш-олти кўрпаю битта чоғроқ гиламдан иборат эди. Қолган бойлиги эса китоб, китоб ва китоб эди. Ахир бу қизалоқлар бировнинг бир хонали зах уйи­да ижарада уч йил яшашди. У ерда овозларини қаттиқроқ чиқариб кулишдан ҳам маҳрум эдилар. Xонадон эгаси шундоқ ёнгинасидаги беш хонали баланд ойнаванд айвонли данғиллама уйда турарди. Элликлардан ошиб қолган, умрида бирор фарзанд кўрмаган бу аёл бир қарасанг, ўта сахий ва раҳмдил, бир қарасанг, ўта зиқна ва жоҳил эди. Жоҳиллиги тутган онларда қизалоқларнинг кулгисини эшитиши билан ўшқириб келарди:
— Вой-вой , жонимдан тўйиб бўлдим. Қон босимим ошиб кетди, қачон бир тинчлик кун бўлади. Бу келгиндиларга раҳм қиламан деб, ўзимга жабр қилдим. Бўлди, бошқа сабрим қолмади. Эртагаёқ жой топиб чиқиб кетинглар! Бунақада ўлиб қолиш ҳеч гап эмас! Гап ? шу, вассалом!
— Xўп, аяжон, хўп! Эртагаёқ жой топамиз, ? дер эди Собир жонини ҳовучлаб.

Мана шундан кейин Сожида ойи бир оз тинчланиб, ўзича вайсаб уйига кириб кетар эди, аммо унинг беаёв отаётган сўзлари Собирнинг юрак-бағрини ўртаб юборар эди.
— Шу кунингдан ўлганинг яхши. Сенга ким қўйибди икки бола билан олим бўлишни. Кўрпангга қараб оёқ узацанг бўлмайдими? Қарға бургут бўлишни орзу қилгандек бу қишлоқи – келгинди олим бўлишни истаб қолибди. Вой, сенинг кароматингдан ўр­гилай. Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига!..

Мана шундай сўзлар не-не азоблар билан эришган аспирантура шодликлари, орзу-истаклари устидан муздек сув қуйиб юборар; ҳар бир ҳақоратомуз айтилган сўз унинг нозик юрагига ништардек қадалиб, оғриқ берарди. Уни оғир ва беадад ўй-фикр босарди. Эртага яна кимларнинг эшигини қоқади, яна кимларнинг кўзига мунғайиб қараб, синиқ ва аянчли овоз билан бошпана сўрайди. Ижара сўраб борган эшигининг соҳиби юмшоқ «йўқ» деса-ку майли. Аммо айримлари ғазаб-нафрат билан боқиб, аччиқ сўзлар билан жеркиб ташлайди. Ё, тавба қилдим. Ишқилиб шундайлари учрамасин.

Қизларидан бирини Собир, бирини Нигора бағрига босганларича даҳшатли сукунат бағрига сингиб кетардилар. Бечора гўдаклар ночор ота ва оналари бағрида ўксиниб ухлаб қолардилар. Бу орада қуёш ботиб, уйни зимистон қопларди. Ҳеч кимда туриб чироқ ёқишга мажол қолмасди. Улар ҳатто увол гўдакларнинг ширин уйқуларига халал бермаслик учун ҳам жим ўтираверардилар, ўтираверардилар, ўтираверардилар.

Орадан қанча вақт ўтганини билиб бўлмайди. Аслида самарасиз ўтаётган бундай вақтлар Собир учун ҳам, Нигора учун ҳам ачинарли бўлмасди. Чунки мусофирчиликнинг изтиробли, ўксикли онлари; ночорлик ва ноиложликнинг тубсиз дард-алами фақат шундай пайтларда – севимли жигарбандинг бағрингда мириқиб ухлаганда бир оз унут бўларди. Бағрингда гупиллаб уриб турган мурғак гўдак юраги сенинг дил яраларингга малҳам бўларди, ҳақорату таъналардан зада бўлган қалбинг қувват оларди, руҳинг тетиклашиб, яна яшашга, яна ҳаётга ташналик сезарди. Майли, нима бўлса бўлди, тонг оцин-чи, пешонага ёзилгани бўлади-да. Қисматидан ким ҳам қочиб қутулганки, мен қутулсам...

Сокинлик Қудрати

«
Билмайман, яшаётганим учунми ёки яшай олмаганим
учунми бир йиғи забт этади бутун вужудимни.

Баҳодир Саримсоқов
»

Инсон умри оқар дарё, вақт эса оқизоқдир. Бугун бор инсон эрта бир кун фоний дунёдан боқийлик сари йўл олади. У ҳақда хотиралар-у эсдаликлар қолади. Эҳтимол бу хотиралар бир ёки икки авлод, борингки, уч-тўрт авлод доирасида тилга олинар. Охир-оқибат келиб, улар-да сўнади. Бундай хотиралар инсон «инсон» деб тан олинибдики, қатор-қатор тахланади. Қатор-қатор ўча боради. Лекин шундай хотиралар мавжудки, улар йиллар, асрлар оша нафақат яшайди, балки ўрганилади ҳам. Жумладан, олимлар, уларнинг асарлари, кўрган-кечирганлари ҳақида яратилган, яратилаётган ва яратилиши мумкин бўлган хотиралар, агарда чуқурроқ мушоҳада қилинса, хотира қобиғидан чиқиб, том маънода олимнинг ижодидан, унинг услубидан дарак берувчи концепцияга айланади.

Забардаст олим, филология фанлари доктори Баҳодир Саримсоқов нисбатан қисқа умри давомида ўзига хос илмий дунёқараш, ўзига хос изланиш, ҳаттоки, ўзига хос академизмга эга бўлган фаолият билан шуғулланди. Унинг илмий изланишлари нафақат ўзимизда, балки Туркия, Германия каби бир қатор чет мамлакатларда ҳам тан олинган ҳамда ўз изидан кўплаб илм толибларини етаклаган. Бундай изланишлар сирасига «Ўзбек адабиётида сажъ» (1978), «Адабиёцҳунослик терминларининг русча-ўзбекча изоҳли луғати» (1979), «Ўзбек маросим фолклори» (1986), «Адабиёт назарияси» (2000), «Бадиийлик асослари ва мезонлари» (2004) каби ва яна бир қатор кашфиёт даражасидаги асарларини киритишимиз мумкин.

Халқимизда: «Отанг боласи бўлма, одам боласи бўл», ? деган нақл бор. Шу ўринда биз фарзандлар ўзимизни айнан отамиз фарзанди эканлигимиздан бахтиёр сезамиз. Чунончи, отамиз олим бўлиши билан бирга чинакам инсон ҳам эдилар. Улардаги соддалик, меҳрибонлик, мардлик, тантилик ҳали ҳануз биз фарзандлар учун ибрат тимсоли бўлиб қолмоқда. Зеро, улар илмда бўлгани каби ҳаётда ҳам осон йўл танламадилар. Ўн икки ёшларида онадан етим қолгач, мустақил ҳолда оёққа туришни, ҳаётни, инсонларни ўрганишни бошладилар. Умр поғоналари оша бирин-кетин муваффақиятлар қозона бордилар. Биз фарзандларини ҳам худди шундай яшашга, инсонларни тушунишга, ҳаёт моҳиятини англашга уни қадрлашга ўргатдилар. Ўз нав­батида биз қандай савол билан, қандай вазиятда мурожаат қилмайлик барча саволларимизга улардан ҳам илмий, ҳам мантиқий тўлақонли жавоб олардик...

Отамиз ҳаёт бўлганларида бу йил олтмиш саккизинчи баҳорни қаршилаган бўлар эдилар. Афсуски...

Зеро, биргина юпанч ушбу кунда кўнгилга тассали беради. Бу ҳам бўлса, улардан қолган ширин хотиралар-у ёзма ёдгорликлар. Дарвоқе, отамиз иш столларида эълон қилинмаган бир қанча мақолалар, ҳикоялар, шу билан бирга «Унутилган одам» номли тугулланмаган қисса қўлёзмаси қолди. Мазкур қиссани журналхонлар эътиборига ҳавола этарканмиз, умид қиламизки, муштарийларимиз она тилимиз ва адабиётимиз жонкуяри бўлган атоқли олимнинг маънавий дунёси ҳақида ҳам муайян тасаввурга эга бўладилар.

Наргис Шаропова