OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБакир Юлдуз
Асар номиЭмикдошлар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Турк адабиёти
Бўлимлар
   - Постмодернизм
Муаллифлар
   - Бакир Юлдуз
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонҲикоят Маҳмудова
Ҳажм26KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Эмикдошлар (ҳикоя)
Бакир Юлдуз

У манзилга қош қораймасдан етиб олмоқчи эди, шунинг учун тез кетиб бормоқда эди. Тамоман ҳолдан тойиб, йиқилиб қолмагунча, нафас ҳам олмасдан деярли чопиб келганди. Бир дақиқа бўлса ҳам нафас ростлаб олиш лозим эди. Теварак-атрофда қуриб-қовжираган ер ястаниб ётарди. Бир неча соат давом этган йўл давомида ҳатто битта ҳам қуш кўрмади — мана шу кўз илғамас масофани эгаллаган чўлу биёбон, бўшлиқда у яккаю-ёлғиз эди. Қорни пиёзнинг пўсти бўлиб кетган, ташналик азоб бермоқда эди. У осмонга қарадида, бирдан нега бу ерга қушлар учиб келмаслигини фаҳмлаб қолди: ахир, бу ерда улар бошпана топиши мумкин бўлган на бир тиккайган дарахту на бута бор эди. Ярим босинқираш ҳолатида унга мабодо қуш учиб келиб қолгудек бўлса ҳам, албатта унинг бошига қўнадиганга ўхшаб туюларди.

Йигит қуёшга қаради — у нақ уфқ устида осилиб турганга ўхшарди. Шошилиш керак. У ўрнидан туриб, оғир қадам ташлаганча, ҳар бир қадамини ерга муҳрлагандек олға йўналди, яна олдинда боши-кети йўқ чўл ястаниб ётарди.

Ўнгда сўнгги қуёш нури ҳам кўздан йўқолди. Тез орада осмон ер билан туташиб кетади. «Ишқилиб, улгурсам эди»,— деган фикр ялт этди миясида ва шу заҳотиёқ орзулаб келаётгани қишлоқни кўриб қолди. У бир оз чеккароқда эди. Йигит қоқ ерга ўтирди. Энди қоронғи тушишини кутиш лозим эди.

Эшик қия очилиб, остонада хўжайиннинг ўғли кўринди. Xонадан сизиб чиқаётган газчироқнинг хира нурида у тунги меҳмонни зўрға танидида, ҳайратланганча:
— Сенмисан? — деб сўради.
— Танидингми! — дея севиниб кетди йигит.
— Уйга кир.

Ғовур-ғувурни эшитиб ичкаридан хўжайин чиқиб келди. Бирмунча вақт эркаклар бир-бирларига қараб қолишди. Кейин хўжайин ўғли билан меҳмонни ортидан юришларини ишора қилиб, хонага йўналди.

Диванга жойлашиб олгач, хўжайин меҳмонга ўз ёнидан жой кўрсатди.

Йигит ўтирди.

Хўжайиннинг ўғли ҳамон эшик олдида турарди.
— Меҳмонимизга стол тузашларини фармойиш қил.

Ўғил кетгач, хўжайин йигит томон энгашди:
— Xўш, қандай шамол учирди?
— Нариги томонга ўтиб кетмоқчи эдим.
— Нега бирдан бошингга бундай фикр келиб қолди? Битта-яримтани ўлдирдингми?

Йигит йўқ, дегандай бош чайқади.
— Контрабандами?
— йўқ.
— Тушунаман... Балки, ҳукумат билан келишмовчиликми...
— Шунга ўхшашроқ...
— Xўш, бўлар иш бўпти,— хўжайин меҳмоннинг елкасига қоқиб қўйди,— биз онанг олдида қарздормиз. Менинг уйим сенинг ҳам уйинг. Бу ерда ҳеч нарсадан хавфсирамасанг бўлади. Бор, ювиниб ол. Ҳозир овқат тайёр бўлади. Онанг қалай?
— Ўтган ёзда бандаликни бажо келтирди. Xўжайиннинг ўғли чироқнинг пилигини пасайтирдида, эшикни беркитиб чиқди.

Чироқнинг хира нури хонадаги барча нарсалардан улкан соялар ташларди. Кўп кунлар бадалида биринчи марта йигит кўнгилхотиржамлик билан юмшоқ ўринда ётарди; хўжайин уни ўз ҳимоясига олганди. «Манави, одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган саҳрода хўжайиннинг гапларига ишонса бўлади»,— деб ўйлади йигит. Унинг аъзойи бадани бўшашиб, ширин уйқу оғушига чўмди.

* * *

Орадан бирмунча вақт ўтгач, хўжайиннинг ўғли оҳиста хонага мўралади. Меҳмон тошдек қотиб ухлаб ётганига ишонч ҳосил қилгач, у эшикни қия қилиб ёпди-да, оёқ учида юриб отасининг хонасига кириб борди ва унинг оёғи остига тиз чўкди-да:
— Ухлаяпти,— деди.

Хўжайин сигаретини эзғилади-да, чека туриб сўради:
— Менинг ўлимимдан кейин ўрнимни ким боса олади?

Ўғил кўзини ерга тикканча индамай ўтирарди.
— Бу ерда тушунмайдиган ҳеч нарса йўқ! Сен,— дея ўғли учун жавоб берди хўжайин,— ахир, сен менинг яккаю-ягона ўғлимсан-ку.
— Илойим, олло таоло умрингизни узун қилсин, — дея жавоб қилди ўғил.
— Раҳмат, ўғлим! Xудонинг қудрати билан бехосдан эртага ўлиб қолсам-чи? Сен менинг ўрнимни эгаллашга тайёрмисан?
— Сизга нима бўлди, отажон? Нега бунақа гапларни гапиряпсиз?
— Сени синаб кўрмоқчиман. Сен менинг номимни бадном қиласанми ёки барча душманларимнинг ҳийла-найрангларига қарамай обрўйимга обрў қўшасанми, шуни билмоқчиман.

Ўғил бошини кўтариб отасига қаради. Энди улар бир-бирларининг кўзларига қараб туришарди.
— Синанг,— деди ниҳоят, ўғил.— Агар ишончингиз комил эмас экан, агар шунча йил-ойлар сизга камлик қилган бўлса, синанг.

Хўжайин диванга чўзилдида, қўлини бошининг тагига қўйди.
— Анави... Биласанми, нариги томонга ўтиб кетмоқчи...
— Контрабандами?
— йўқ.
— Битта-яримтани ўлдирибдими?
— Унисиям эмас.
— Унда нега ўтмоқчи?
— Сендан хўжайин чиқмаслиги аниқ,— дея жаҳли чиқди отанинг.— Ҳозир ҳар хил ишлар бўлиши мумкин. Фақат сенинг қовоқ бошинг уларни тушунишни хоҳламайди.
— Қандай иш бўлиши мумкин, ота?
— У нима билан шуғулланишини, ўзи ким эканлигини бир танангга ўйлаб кўрчи?
— Мен бир нарсани биламан, у — менинг сут эмизган онамнинг ўғли.
— У йўқ, ўтган йили ўлган.
— Жойи жаннатда бўлсин...
— Қулоқ сол, унинг ўз оёғи билан бу ерга келгани бизнинг омадимиз. Қачонлардир унинг онаси сени сақлаб қолганди, энди унинг ёрдамида ишларимизни йўлга солиб оламиз.

Ўғил полдан туриб, диванга ўтирди. Назарида, агар отасига яқинроқ ўтирса унинг сўзларини яхшироқ тушуниб оладигандек эди.
— Қулоғим сенда, ота? Xўжайин ёстиқларни тузатди.
— Сен уни ўлдирасан.
— Нега энди, ота?

Хўжайин ўрнидан туриб, хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Ўғил ҳам шу заҳоти ўрнидан туриб кетди. Таомилга кўра катталар тик турганда ўғилга ялпайиб ўтириш мумкин эмас.
— Ўзингдан қолар гап йўқ, яқинда контрабанда билан қўлга тушгандик-ку. Энди биз ҳукуматга содиқлигимизни исботлашимиз мумкин.
— Лекин бу ерда эмикдошимнинг нима алоқаси бор?
— Сени озиқлантирган ўша сутга лаънатлар бўлсин!

Ўғил отасининг қўлини ушлаб олдида, уни лабига босиб, тутилганча:
— Жаҳлингиз чиқмасин, ота...— деди.—Ҳақиқатанам бу бўлмағур қариндошчилик билан миямни ачитиб юрибман.
— Ҳа, майли, жин урсин! Бу ерда асосийси— омад, тушундингми? Ахир, унинг ўзи, ўз оёғи билан кириб келди... Шундай қулай фурсатни қўлдан бой бериб бўладими... Сенингча, уни қаерда суробини тўғрилаш қулайроқ?
— Шу ерда-я?.. Ҳозир-а?..
— Вой манави итваччани-ей! Сенга хўжайин бўлишга йўл бўлсин! Сенинг дилингда доим энагангнинг сути ҳокимлик қилиб келади, илойим унинг сути ерга тўкилсин-да! Бу гапларингни эшитиб туриб, менинг ўғлим эмас, деб ўйлаш мумкин.
— Аччиқланманг, отажон. Яхшиси, уни қаерда йўқ қилиш лозимлигини тушунтиринг.

Иккалалари ҳам жимиб қолишди-да, бирмунча вақт ҳовлидан эшитилаётган қурбақаларнинг қуриллашига қулоқ тутиб ўтиришди. Сокин кечада қуриллаш ҳаддан , ташқари қаттиқ эшитилар, шу сабабли қурбақаларнинг ўзи ҳам улкан махлуққа ўхшаб туюларди. Ўғил шу дақиқада қўшни хонада ухлаётганлар ҳақида ўйларди. У ерда икки синглиси ва онаси — туққан онаси ётишарди. Отхонанинг олдидаги хонада эса — батраклар. Икки девор ортида эса улар отаси иккалови ўлимни раво кўришаётган эмикдоши ётибди.
— Қулоқ сол, — деди хўжайин. — Бу ишни бизнинг еримизда қилиш ярамайди. Биз ҳам ҳукуматга хушомад қилишимиз, шу билан бирга, ҳар қандай фисқи фасодларга йўл бермаслигиз керак. Таомилга тупуриб, худо томонидан юборилган меҳмонни ҳукуматга тутиб беришибди, деган гап-сўзларга қолмаслигимиз керак. Xўжайин бўлиш санъати нимада эканлигини энди тушундингми?

* * *

Йигит кўзини очиб юмди-да, керишди. Кўрпа тагида оҳиста қимирлади. Кейин бу ерга қандай қилиб ва нима сабабдан келиб қолганлигини ўйлай бошлади. Бир неча йил аввал у бу қишлоқчадан чиқиб кетганди. Ўшанда қадрдон жойларига қочоқ сифатида қайтиб келиш етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. Йўқ, уни бу ерга ҳайдаб келган тақдирига тан бермади ҳам. У бир нарсани билади: ўзи учун ҳамда бошқалар учун кураш давом этади.

Эшик ғийқиллади. Йигит шу заҳоти кўзини очди. Унга одатдаги эҳтиёткорлик ҳисси қайтаётганди. Ҳаттоки эмикдошининг уйида ҳам...
— Ким у?
— Мен, — дея жавоб қилди хўжайиннинг ўғли ва хонага кирди. У жуда секин, деярли шивирлаб гапирарди.— Сен тонг отмасдан бу ердан кетишинг керак... Мен сени кузатиб қўяман.
— Раҳмат, ака. Ҳозир кийинаман. Xўжайиннинг ўғли чиқиб кетди.

Йигит деразага қаради. Ғира-шира оқараётган уйларнинг тархи элас-злас кўзга ташланарди. У уйлар орасидаги бўшлиқни таниди. Ҳозир уни нариги томонга кузатиб қўядиган эмикдоши билан мана шу харобазорда чопқиллашиб юришганига кўп бўлдими? Ўшанда, болалигида, улар кўпинча бирга ўйнашарди. «Ака, бунақа қаттиқ чопма, йиқиласан! Акажон!» Лекин хўжайиннинг ўғли қулоқ солмас, фақат ажабланганча унга қараб: «Ахир, сизларнинг уйингизда битта дераза бор, бизникида эса кўп! Биз қанақасига ака-ука бўларканмиз?» — деб сўради. «Биз иккаламиз битта сийнанинг сутини эмганмиз, — дея жавоб қиларди у хўжайиннинг ўғлига, — онамнинг айтишича, бу ака-ука бўлиб туғилишдан ҳам кучлироқ эмиш...»

Эшик яна ғийқиллади.
— Мен тайёрман,—деди йигит хаёлот дунёсидан уйғониб.
— Битта-яримта уйғониб қолмасидан тезроқ юра қол...

Улар остонага чиқишди. Атрофда милт этган чироқ йўқ.
— Мен отангга миннатдорчилик билдирмоқчийдим. Балки, мен уни энди ҳеч қачон кўрмасам керак...

Хўжайиннинг ўғли сесканиб кетди. Эшик томонга отилмоқчи бўлди-ю, лекин вақтида хатосини тушуниб қолди-да:
— У ухлаяпти, — деди. — Мен унга миннатдорчилигингни айтиб қўяман.

Улар ҳовлида отларни эгарлашди-да, миниб кўчага чиқишди. Енгил шабада от ёлларини сийпаларди. Улар жануб томонга қараб йўналишди. Йўл буғдойзор оралаб кетарди. Xўжайиннинг ўғли хиёл олдинга эгилганча эгарда дадил ўтирарди, йигит эса одатланмаганидан безовталанарди.

Бирмунча вақт бир-бирларига дам-бадам қараб-қараб қўйганча ёнма-ён боришди. Бир ойда, ҳатто бир кунда туғилган бўлишларига қарамай хўжайиннинг ўғли анча-мунча бўлалироқ кўринарди; унинг кенг елкаси ҳамда узангидаги улкан оёқларини кўриб йигит ўзининг ориқлигини яққол ҳис қилди. У ўзини шамолдан ҳам ожизроқ сезди. Xўжайиннинг ўғли отини йўрттириб кетди. Кўм-кўк, умидвор кўзларила йигитча эмикдошининг ортидан қараб турарди.

Пастаккина тепаликка етиб келишгач, хўжайиннинг ўғли отини тўхтатди.
— Чегара яқин. Эҳтиёт бўлиш керак. Xўжайиннинг ўғли ташвишли эди. Қишлоқ анча ортда қолиб кетди. Энди фақат улар отасининг ерлари чеккасига чиқиб олдиларми ё йўқми, шунга ишонч ҳосил қилмоқ керак эди. Тунги суҳбатни эслаб, ёш хўжайин ҳар эҳтимолга қарши янада нарироққа боришга қарор қилди.
— Бу ёғи яқин қолди, ука, — деди у лабини қийшайтириб тиржайганча.

Яна бир оз юришгач, хўжайиннинг ўғли отини тўхтатди-да:
— Мана, етиб ҳам келдик, шу ерда хайрлашамиз. Улар от устида бир-бирларига чўзилиб қаттиқ қучоқлашишди.

Йигит хайрлаша туриб, шундай деди:
— Биз бир онани эмиб катта бўлганмиз, шунинг учун ака-ука, деб саналамиз. Қачонлардир сен менинг онамнинг ярим сутини олгандинг. Лекин сен савоб иш қилиб, қарзингни тўлалигича қайтардинг. Раҳмат, ака.

* * *

... Агар уларни ўз сути билан боққан аёл тирик бўлганда, у ҳозир уларнинг ўртасида турган бўларди. «Ўғилларим, — деган бўларди у, — менинг кўркўз ўғилгинам, сен ҳам, хўжайиннинг яккаю-ягона меросхўри, мана мен келдим. Мен — ерман. Мен — сувман. Мен — гуллайдиган ва мева берадиган дарахтман. Агар мен шундай бўлмаганимда, ҳар бирингизни қўлимга олиб сизларнинг қуш оғзидай жажжи оғизчаларингизни сут эмизиш учун кўксимга боса олармидим? Уша ажойиб кунлар қанчалик тез унутилибди-я. Наҳотки, бутунлай унутилган бўлса!..»

Йигитча отини қамчилади. Xўжайиннинг ўғли эса сумкасидан чиқиб турган нишонли милтиғига кўз югуртирди. Мана ҳозир эмикдоши сал нари кецин, у бу ишни саранжомлайди.

Унинг қўли оҳиста милтиқ томон чўзилди.

Энага қайси томонга югуришни билмай қолди: олдинда кетаётган ўғли томон югурсинми ёки қўли милтиғи томон чўзилаётган бошқаси томонгами.

«Сен менинг ўғлимга қарата отмоқчисан-а, хўжайиннинг ўғли? Агар ер тагида чириб кетмаганимда, агар ҳайвонларга емиш бўлмаганимда мен ҳозир қаршиларингда кўкрагимни очиб кўрсатган бўлардим. Мен ҳаммасини тўкиб солганбўлардим. Айниқса, сенга. хўжайининг ўғли. Чўлпиллатиб ўзинг эмган кўкракни намунча тез ёдингдан чиқазган бўлсанг! Мен сенинг онангман, мен сени эмизганман... Нега сен менинг ўғлимни олдинга ўтқазиб юбординг?»

Хўжайиннинг ўғли қўндоқни ушлаган маҳалда эмикдоши орқасига ўгирилиб, сўради:
— Яқинлашиб қолдикми?

Хўжайиннинг ўғли оёғини қашиган бўлдида, иккала қўли билан жиловни ушлади.
— Деярли... Мана ҳозир қайриламиз.— Ва улар шарқ томонга бурилдилар.

«Ҳа, демак, сен ҳоли жой қидиряпсанми? Шунда елкасидан отасанми? Ахир, иккаловларингни эмизаётганимда бир кўзим билан сенга, бошқаси билан ўзимнинг кўккўз ўғлимга қарамасмидим? Аччиқ ёки шўр нарса еганимда эса, сени, болагинам, заҳарлаб қўймай, деб кўкрагимни аввал ўзимнинг ўғлимга тутмасмидим-а? Эмикдошини сотиш мумкинми? Сени дастлаб қўлимга олганимда қилтириқдай бола эдинг, айёр онангга эса бўталоқдай бақувват қилиб топширмаганмидим, ахир? Кейинчалик, сизлар бирга ўйнаганларингда менинг ўғлим сени доим қўриқлаб юрмасмиди? Нега сен уни олдинга ўтказиб юбординг? Ёки сен учун у ниҳояти қурбонликка мўлжалланган қўзичоқми?»


— Қуролинг борми? — деб сўради хўжайиннинг ўғли.
— Йўқ.
— Ҳечқиси йўқ, менда бор. — Xўжайиннинг ўғли милтиғини тўрвасидан чиқарди. — Бу ердан унча узоқ эмас. Мен қараб тураман. Бўлмаса, худо кўрсатмасин, ҳар нарса бўлиши мумкин...
— Ким билади. Мен бу ерларни яна қайта кўргунимча орадан қанча йиллар ўтаркин, — ғамгин жилмайди йигит.

Хўжайиннинг ўғли милтиғини юқори кўтара бошлади.

«Кўк кўз ўғилгинам, орқангга ўгирил! Эмикдошинг сени ўлдиради. Ерга йиқилишингдан аввал, шуни билиб қўй — менинг сутим билан катта бўлган одамнинг қопқонига тушдинг. Тепкини босган қўлларини сенинг кўзларингга теккизмаса бўлгани. Мен хўжайинга ўғлини бераётганимда у сени ҳам кўришни хоҳлади. Сизларни тарозда тортиб кўришди, ўғилгинам. У мендан сен, кўк-кўз ўғилгинам, эмганингдан кўра кўпроқ сут эмган экан. Унинг отаси сендан ортиқча чиққан ҳар бир грамм учун бир қопдан буғдой юборди. Лекин мен уларни қабул қилмадим. Мен, оналигимни ерга уришга йўл қўймайман, дедим. Мен икковингниям виждонан эмизгандим. Отанг икковимиз қопларни хўжайинга қайтардик. Нега қишлоқдан кетиб қолдинг-а, ўғлим? Шаҳарда нималар қилдинг? Сен у ерда нималарни ўргандинг, нега сени алдаб тузоққа илинтиришди? Балки, сен ўзингни номуносиб тутдингми?.. Сен катта бўлдинг, ўғлим, лекин ақлинг ҳам тўлишдими? Нима сабабдан улар сени ҳаётдан жудо қилишмоқчи? Балки, сенинг ақлингдан қўрқишаётганмикин? Орқангга қара, ўгирил, менинг кўккўз йигитим! Унинг қуролини тортиб ол. Лекин ўлдирма. Ҳайдаб юбор. Ўз отингда орқа-ўнгингга қарамай чопиб кетгинда, ҳеч қачон уларнинг мулкларига қадам босмагин...»

Хўжайиннинг ўғли тепкини босди.