OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБашорат Омонова
Асар номиСабина (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Башорат Омонова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм33KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сабина (ҳикоя)
Башорат Омонова

Йўл ёқасида поезд ўтишини кутиб турган Талъат ногаҳон ҳамроҳини туртди:
— Анавини қара!

Иккиси шиддат билан учиб бораётган поезддан пастга сакраган одам қорасини кўриб қолишди.
— Кетдик.

Улар етиб борганларида ерда аёл киши юзтубан ётарди.
— Фонарни ёқ.

Талъат аёлнинг бошини кўтарди. Ёшгина жувон кўзларини аранг очди.
— Менга қаранг, тузукмисиз, юра оласизми?

Аёл секин ўрнидан турди ва эркакларга хўмрайиб қаради.
— Нега поезддан сакрадингиз, эсингиз жойидами ўзи?
— Ёмон одамлар бор экан.

Аёлнинг шу сўзлари алланималарни ойдинлаштиргандек бўлди. Талъат бироз хомуш туриб аёлга қаттиқроқ гапириб юборди:
— Нима, пастда фақат яхши одамлар бор деб ўйловмидингиз?

Носир шеригига саволомуз боқди:
— Нима қиламиз?
— Юринг, кетдик.

Талъат жувоннинг сумкасини қўлига олди. Унинг аниқ бир қарорга келгани шундоқ билиниб турарди.
— Уйингга олиб кетмоқчимисан? — ҳайрон бўлиб сўради Носир.
— Шундай аҳволда ташлаб кетмаймиз-ку, сал ўзига келиб олсин, кейин йўлига кетар.

Улар машина тўхтатишди.
— Мен йўлда тушиб қоламан, оғайни, — норози оҳангда деди Носир.
— Бўпти, эртага кўришамиз.

Дарвозадан ихчамгина ҳовлига киришди. Ҳаммаёқ жим-жит эди. Ҳовлидаги чироқни ёққан эркак жувонни бир хонага етаклаб кирди.
— Ана каравот, у ёқда ванна. Ювиниб олишингиз мумкин, ҳамма ёғингиз чанг бўлиб кетибди. Ҳозир шу ерга чой-пой олиб келаман. Кейин дам олинг, қолган гапларни эртага гаплашармиз.

Аёл ювиниб чиққанда стол устида қайноқ чой, юмшоқ нон, ликопчаларда узум, колбаса бор эди. Руҳи тиниқлашган аёл ҳузур билан чой ичди. Сўнг деразадан ҳовлига кўз югуртирди. Ҳаммаёқ жим-жит. Аёл аста бориб хона эшигини ичкаридан қулфлаб олгач, қайтиб келиб дастурхонни йиғиштирди ва чироқни ўчириб, каравотга чўзилди.

Уйқуси келмаётган аёлнинг кўз олдида яқинда рўй берган воқеалар гавдаланди.
— ...Ойижон, қочинг, дадам келяптилар, роса ичганлар!

Қизчасининг ваҳм тўла кўзларига боққан аёл иложи борича хотиржам оҳангда сўради:
— Ичиб келса нима қипти? Ўтираверамиз.
— Қочинг, ҳозир сизни яна роса калтаклайдилар, эсингиздан чиқиб кетдими? — энди ўғилчаси ваҳима билан гапирди.

Аёл қимир этмай, айвон устунига суянганча қотиб турарди. Болалар эса зумда аллақаерларга яшириниб олдилар.

Шу пайт жим-жит ҳовлига гандираклаган кўйи эр кириб келди. Унинг уст-боши чанг, кўзлари олайган, алланималар деб тинмай сўкинарди. Эр хотини ёнига келиб чақчайди:
— Болалар қани?
— Сизнинг ичиб келишингизни билиб қайларгадир қочиб кетди бечоралар. Сизга шу керакмиди? Улар бу кетишда ҳадемай асаб касалига учраши ҳеч гапмас.
— Ўв, донишманд, сен нега қочмадинг, ё менга ақл ўргатишга қолдингми? Агар билсанг, менга ақл ўргатадиган ҳали онасидан туғилмаган!
— Мен ақл ўргатаётганим йўқ, борини айтяпман.

Аёл унинг сўзларидан ҳеч нарсани тушунмагандек ўзини хотиржам тутар, бу эса эрнинг баттар жазавасини қўзғатаётган эди.
— Борини? — эри уни энди ҳар галгидек турткилай бошлади. — Бақрайтирма кўзингни!

— Oʻzi qarashim shunday.

— Мана бўлмаса!

Аёл эрининг кўтарилган муштини тутиб қолди ва куч билан нари итариб юборди. Эри чалқанча йиқилди.

Шу пайт ҳовлига девор-дармиён қўшнилари Зоҳид амаки кириб келди.
— Эй, ҳайф сенга-ей! Тур ўрнингдан, бориб ухла! Эссиз сенга болалар, эссиз сенга хотин, эссиз сенга эркак деган ном. Кунда аҳвол шу, қачон кўзинг очилади, номард, эркалик ҳам эви билан-да. Ўз оилангни ўзгаларга шарманда қилиб нимага эришасан, касофат! Ҳе шу ичкиликни ўйлаб чиқарганнинг энасини... Бор, келин, сен болаларингни чақир, кириб ётинглар, кайфи тарқагунча бунга биз қараб турамиз энди.

Зоҳид амаки ортидан келган ўғлига ўгирилди: — Шавкат, совуқ сув опке, юзига сеп бу номарднинг, сал ўзига келсин. Қайси пасткаш улфатлари ичиради буни ҳар куни...

Яширинган жойларидан бўйниларини эгиб, айбдорона келган болаларига қараб аёл ўзига келди.
— Бор, қизим, укаларингни олиб кириб ётқиз.
— Сиз-чи, ойи?
— Мен нарсаларимни йиғиштираман. Кетаман.
— Кетинг, майли, ойи. Бу аҳволда дадам бир куни сизни ўлдириб қўяди. Қаёққа бормоқчисиз?
— Билмадим, қизим, қариндошларимизнинг ҳам жонига тегиб кетганмиз. Ҳеч қайсинисининг бизга кўзи учиб турмагандир.

Аёл нарсаларини сумкага жойлаб бўлгач, қизига яқинлашди.
— Ҳайр, қизим, укаларингни эҳтиёт қил.
— Ойи, кетманг, — ёлворди қизи. — Яна олдингидек қариндошларимизни тўплаймиз, уларга ялинамиз. Балки улар дадамни...
— Йўқ, фойдаси йўқ. Яхши иш топишим билан сизларни олиб кетаман.
— Ойижон, мени опкетинг, бир ўзингиз қийналасиз. Укаларимга синглим қарай олади-ку.
— Йўқ. Уйсиз-жойсиз, яна ишсиз сени кўчада етаклаб юриш тентаклик. Энди бор, укаларингга қара, бор деяпман.

Аёл шундай дея йиғлай-йиғлай зулматли тун бағрига сингиб кетди.

Аёл шу алфозда катта йўлга чиқди ва дуч келган машинага қўл кўтарди. Оқ «Нексия» унинг ёнига оҳиста келиб тўхтади. Кексароқ ёшдаги ҳайдовчи энгашиб сўради:
— Қаёққа борасиз, синглим?
— Шаҳарга, вокзалга.

— Oʻtiring, oʻsha tomon ketayotuvdim. 

Машина юрганидан сўнг ҳайдовчи савол берди:

— Bir oʻzingiz yoʻlga chiqibsizmi kech qorongʻusida?
— Shunaqa boʻp qoldi.
— Koʻzlaringizda yosh...

— ...

Аёлнинг гаплашишга ҳуши йўқлигини сезган ҳайдовчи жим бўлди.

Машина бир пасда вокзалга етиб келди.
— Мана пул. Раҳмат сизга, — деди аёл.
— Тўхтанг, бу пул сизга. Узоқ йўл кетаётган экансиз, ўзингизга ишлатинг. Чин кўнглимдан айтяпман, синглим, ишонинг...

Ҳайдовчи аёлнинг сумкасини кўтаришиб вокзал эшигигача келди.

Аёл яқин бир дугонаси яшайдиган шаҳарга чипта олди. Сўнг поездга чиқиб, кўрсатилган жойга бориб ўтирди.

Поезд секин қўзғалди. Жувон маъюс нигоҳларини поезд ойналарига қаратди. Анча юришгач, поезд Самарқанддан ўтганида вагонга бир тўда одамлар кириб келишди. Уларнинг кайфи жуда тарақ эди. Аксига олиб аёлнинг ёнидаги ҳамроҳлари йўл-йўлакай тушиб қолишганди. Йўловчиларни бошлаб келган проводник:
— Истаган жойларингизга ўтириб олаверинглар, — деганча тўғрига ўтиб кетди.
— Мен мана бу жойга ётаман, — эллик ёшлар чамаси мўйловли, қориндор одам аёл рўпарасига келиб олди, сўнг унга қараб деди: — Ёлғиз экансиз, бирга кетамиз, азизим, танишамиз, у-бу тамадди қиламиз. Ҳар қалай сизни зериктирмаймиз.
— Жойингизда ўтиринг, — йўловчини жеркиб берди аёл.
— Нега энди?
— Нега эмиш? Бунақа гаплар сизга ярашмайди, ёшингизга яраша муомала қилинг.
— Вой-бў, ёшингга қараб гапир эмиш! Менга нима қипти? Ўзинг ўн саккиз яшар қизмидингки, ноз қиласан! Ундан кўра жон де биздек ҳамроҳлар чиққанига!
— Кетинг олдимдан! — аёл баҳона қидиришга тушди. — Мен касалман.
— Ўзим даволайман, любой доридан бор менда.Ундан кейин, жонидан, менинг қўлларим теккан жойинг шубҳасиз тузалади. Мана кўрасан, биотоким бор. Ишонмасанг, ҳозир синаб кўрамиз.
— Қўйвор, пияниста! — аёл уни бор кучи билан итарворди, сўнг безовталаниб атрофга аланглади: — Кондукторни чақиринглар, бу пиянистани тартибга келтирсин.

Eркак эса баттар суюларди:
— Нима десанг деявер, лекин нозинг ҳам, аччиғинг чиқиши ҳам ўзингга жуда ярашаркан. Шунақа аёллар жон-дилим.Улар билан олишиб мазза қилиб яйрайсан киши. Бироқ ҳозир ҳеч хомтама бўлма, ҳеч ким ёрдамга келмайди, ундан кўра ўзимдан қолма. Аммо-лекин омадинг бор экан.

Атрофдагилар, яъни унинг олти-етти шериги бу тайёр томошадан роҳатланиб кулишарди.

Аёл йўлини тўсган эркакни бор кучи билан итариб ташлади-да, сумкасини бағрига босганча купедан отилиб чиқиб, тамбурга чопди. Кейин орқасидан чайқалиб келаётган икки эркакни ҳайратга солганча пастга сакради...

Бу воқеаларни жувон эртаси куни эрталабки чой устида ўзига саволомуз боқиб турган Талъатга мухтасар тарзда ҳикоя қилиб берди.
— Шунақа денг, — ўйланиб қолди Талъат. — Энди нима қилмоқчисиз?
— Шу шаҳарда бир дугонам яшайди, уни излаб топмоқчиман, кейин ишга кирарман.
— Адреси борми?
— Ҳа.
— Қани, кўрай-чи.

Аёл узатган парча қоғозни кўздан кечираркан, Талъат деди:
— Бўлди, у жойларни биламан.
— Сиздан канчалар миннатдор эканлигимни билсайдингиз! Худонинг ўзи етказди менга сизни.
— Бу оддий одамгарчилик-ку. Нима қилиб яшаб юрибмиз одам бўлиб бир-биримизнинг кунимизга ярамасак. Ҳали ишингиз юришиб кетади, кўнглим сезиб турибди.

* * *

Улар эртаси айтилган манзилни излаб топдилар. Бироқ эшикни очган хотин тўнғиллади:
— Гуллолами? Ҳа, танийман, бироқ икки хафта бўлди, уйни сотиб кўчиб кетди.
— Кўчиб кетишди? — бирдан беҳолланиб сўради жувон. — Қаёққа?
— Афсуски, билмайман.

Талъат бу хабардан бутунлай карахт аҳволга тушган Сабина ёнига яқинлашиб, унинг қўлидан тугунни олди.
— Юринг. Хафа бўлманг. Бирон-бир яхши ижара уй топгунча меникида яшаб тураверасиз.

Улар яна биргаликда уйга қайтишди.

* * *

...Сабина иш излай-излай чарчаб-ҳориб қайтганида Талъат одатдагидек папиросни бурқситганича дарвоза ёнидаги тахтадан қилинган каравотда ўтирарди. Умрининг деярли ўн йилини ана шу ҳовлида танҳоликда ўтказаётган бу одамни ҳеч ким тушунолмасди. Айниқса хотини ўлимидан сўнг Талъат бутунлай ўз қобиғига ўралиб олган.
— Келдингизми, Сабина. Ошхонада у-бу нарса бор, еб олинг.
— Раҳмат. Худо хоҳласа, ҳадемай ишга кирсам, ойлик оламан, кейин...
— Албатта, — деди Талъат папиросни оёқлари билан эзғилаганча. — Биласизми, менинг ён қўшниларим эр-хотин шоирлар, жуда кўп шеърлар ёзишган, телевизордаям кўрсатишди. Бугун бир ош баҳона шеърхонлик қиламиз, майлими?
— Ростданми? — Сабинанинг кўзлари порлаб кетди. Катта шоирлар билан у ҳеч қачон бир дастурхон атрофида ўтирмаганди.
— Унда мен бир бозор қилиб келай.

Кечқурун Сабина чиройли қилиб дастурхон безади.

Кеча, дарҳақиқат, жуда кўнгилли ўтди. Эр-хотин шоирлар очиққина одамлар экан. Шеърхонлик ва оддий одамларнинг беғараз ҳазилларидан буткул кўнгли ёришган Сабина беҳад хурсанд эди.

Меҳмонларни кузатиб қайтгач, Талъат оғир қадамлар билан ўз хонаси томон юрди. Кўпинча эшиги қулфлоғлиқ бу хонада хотинига тегишли нарсалар турарди. Хона деворида эса унинг портрети. Суратга алам билан тикиларкан, Талъат изтироб ва армон билан хотинини эслади. Ўшанда шошиб онасиникига кетаётган хотинини тез келаётган машина уриб юборган... Кечагидек хотирасида қолган бу воқеа ёдига тушиб инграб юборган Талъат қуруқ полга ғужанак бўлиб ётиб қолди.

* * *

— Қаёққа?
— Иш излаяпман-ку.
— Омадингизни берсин. Аммо айтиб қўяй, ҳуда-беҳудага санғиб юрманг. Бу ерни шаҳар деб қўйибдилар. Биласизми, Нитсше нима деган: «Пастга тушиш бу ҳали фожиа эмас». Ёруғ кунларга ишонинг.

Итоаткорона бош силкиган Сабина кўчага чиқди.

* * *

Сабина кечга яқин уйга қайтганида Талъат сигарет чекканча телевизор кўриб ўтирарди
— Кеч қолдингиз, сизга тушунтиргандим-ку, бу ер қишлоғингиз эмас истаганча кўчада юргани.
— Иш топиш қийин бўлаяпти, — айбдорона оҳангда изоҳ берди Сабина. — Бир жойда ҳужжатимга қарашади, бошқа жойда, айниқса аёл раҳбар бўлса уст-бошимга...
— Ростдан-а? Кийимингизга қараб муносабат билдиришлари бу ёмон, жуда ёмон...

Талъат кўпинча қулф бўладиган хона эшигини очиб кириб кетди ва бироздан сўнг иккита кўйлак кўтарганча чиқиб келди. Яп-янги, оҳори тўкилмаган, кечагина тикдирилганга ўхшаб турган бу кийимлар унинг хотининики эканлигини тушунган Сабина довдираб қолди. Сўнг бир амаллаб ўзини қўлга олди:
— Бунча чиройли, текис туришини-чи.
— Ёқдими?
— Жудаям. Бунақа кийимларни бизнинг қишлоғимизда ҳеч кимда кўрмаганман.
— Қани, кийиб кўринг-чи.
— Йўғ-е...

Сабина беихтиёр бир қадам ортга чекинди. Аммо Талъат қўймай туриб олди.

Ноилож қолган Сабина ўз хонасига ўтиб, янги атлас кўйлакни кийди, сўнг янги либосга мос равишда юзига озроқ упа сурди, қошига қалам текизди, лабини бўяди.

Сабина хонадан чиқиб келганида унга кўзи тушган Талъат жойида лол туриб қолди. Унинг назарида хотини тирилиб келгандай эди...
— Ярашибди, — деди у титроқ овозда. — Кияверинг, буюрсин. Юринг, энди чой ичамиз.
— Талъат ака, — деди Сабина журъатсиз тарзда. —Шамсия опа деган аёлнинг уйига кўчсамми деб турибман. Кеча танишиб қолгандим. Бозорда семичка, қурт сотаркан. Ёлғиз яшаркан. Бу ерда сизгаям ташвиш орттириб...

Талъат жойида ўйланиб туриб қолди.
— Нима дейишгаям ҳайронман... У қандай аёл ўзи...
— Тез-тез келиб тураман.
— Аввал иш-пишга кириб олаверинг-чи, кейин... кўрармиз... Юринг, чой совиб қолди... Ўзи тўртинчи марта дамлашим...

* * *

Бир ҳафтадан бери Талъатнинг уйида қандайдир бегона аёл пайдо бўлиб қолганини кўрган маҳалла фаоллари у билан жиддий гаплашиб қўймоқчи бўлдилар.

Фаоллар Талъатнинг уйига намозшом маҳал кириб келишди.
— Талъат, — деб чақирди оқсоқол.

Папиросни бурқситиб ўтирган Талъат чақирилмаган меҳмонларни кўриб юраги алланарсаларни сезди шекилли, авзойи бузилиб, қовоғини солганча тўнғиллади:
— Тинчликми?
— Энди, иним, — оқсоқол ортиқча илтифот ва такаллуф кутмаёқ ўз мавқеи, лавозимига мос дўрилдоқ овозда гап бошлади: — бу юриш-туришингиз бизни бироз ташвишлантириб турибди. Укажон, ҳар хил хотинларни етаклаб келаверсангиз, энди буни нима дейиш мумкин...
— Қанақа хотинларни?
— Ол-а, — истеҳзоли кулди оқсоқол. — Тан ҳам олмайсиз шекилли ҳали? Энди, ука, бу ўзбекчилигимизга тўғри келмайди. Биттасига уйланиб бола-чақа қилиб яшаганингизга нима етсин. Иш бунақада кетаверса ўз умрингизни ҳам беҳуда совурасиз, атрофдагиларгаям тарбиясига ёмон таъсир қиласиз. Бундай ахлоқ бизга бутунлай ёт бўлиши керак.
— Нима, — энди чидаб туролмади Талъат, — нима бизга тўғри келади: қоронғу кўчаларда жойсиз жавдираб турган, мусофир, иложсиз аёлга жой бермасликми?
— Ҳой-ҳой, — тепасига келаётган Талъатнинг важоҳатидан чўчиган оқосоқол ясама дўқ қилди: — Оғзингизга қараб гапиринг... сиз... сиз... Сиз билан ҳали бошқа жойда гаплашмиз!

Шундан кейин оқсоқол шартта ортига бурилди ва ҳовлидан чиқиб кетди. Бошқалар ҳам унга эргашишди.

Талъат жаҳл билан хонага қайтиб кираркан, ўз хонаси эшиги ёнида турган Сабинани кўрди... Аёл барини эшитган эди...

Аммо Сабина бу сафар унинг айтганини қилмади. Жувон секин ҳовлига чиқиб, ундан дарвоза томон юра бошлади.

Бундай бўлишини кутмаган Талъат икки ҳатлашда аёлга етиб олиб, унинг йўлини тўсди:
— Қаёққа? Тентак бўлманг, Сабина, қайтинг деяпман, уйга киринг, кирсангиз-чи уйга, — ёлворди эркак.

Аммо Сабинанинг алланимага аҳд қилгандай йўлидан қайтмаётганини кўрган Талъат куч билан унинг қўлларидан судраб уйга олиб кирди, диванга ўтқазиб, худди ёш боладек тушунтира бошлади:
— Ундай қилманг, Сабина. Сиз кетганингиз билан анавиларнинг фикри менга нисбатан яхшиликка ўзгариб қолмайди. Уларнинг гапига парво қилманг. Бир ҳисобда улардаям айб йўқ, улар одамларни тартибга чақиришни хизмат ваколати деб тушунишади. Бунақа гумроҳлардан хафа бўлиш эса ақлли кишининг иши эмас. Мен ёмон одам эмасман, кўриб турибсиз. Кўзларимга қаранг... Мен сизни жуда яхши кўраман. Чунки сиз ҳалол, фариштадек бегуноҳ аёлсиз. Фақат кетманг...

Аёлнинг кўзларига ёш инди, ўз хонасига имо қилиб, бу хонада қолмаслигини тушунтирмоқчи бўлди. Талъат азбаройи унинг уйдан бош олиб кетишидан қўрқар, бир вақтлари хотини билан содир бўлган фожиа такрорланишидан жуда қўрқарди. Шунинг учун унга ишонмасди.
— Йўқ, шу ерда қоласиз.

Сабина итоаткорона тарзда диванга ёнбошларкан, ўзи учун қадрли ва азиз кишига айланган бу одамга қараб аранг кулимсираб қўйди. Талъат ён хонага чиқди ва асабини тинчлантириш учун уйқу дори ичди, сўнг қайтиб кирди ва шундоққина полга тўшалган палосга чўзилди.

...Талъат ярим тунда уйғониб кетди. Диванда Сабина йўқ эди. Талъат сапчиб ўрнидан турди-ю, эшикка отилди.

Ойсиз, зулматли тун. Ёқимсиз гувиллаган шамол одам кўнглида баттар ваҳима уйғотарди.

Талъат ҳеч қачон тундан бунчалик қўрқмаганди, қайтангга тунни яхши кўрар ва унга интилар, ана шу зулматларда ҳеч кимга кўринмай ёлғиз юришни яхши кўрарди. Худди ана шу зимистон тун Сабинани ютиб юборгандек туюлиб, кўзига ёмон кўринди. Беихтиёр олдинга интилди. У йўл-йўлакай чор-теваракка, паст-баланд жойларга зўр бериб тикилганча аёлни ахтарар эди.
— Сабина!..

Талъат шу алфозда анча юрди. Ногоҳ катта йўлдан анча олисда жойлашган бир пастак, нурайман деб турган эски уйга дуч келди.

Талъат шошилиб бориб эски эшикни тортди. Эшик анчадан буён очилмай ётганидан занг босиб кетган экан, ғичирлаб кетди. Каталакдай хонада шам ёниб турарди. Эски хонтахта ёнида эса Сабина ўтирганча қоғозга алланарсалар ёзар эди. У кираверишга терс ўтиргани учунми, ҳеч нарсани пайқамас эди. «Унга бу жой нима учун керак бўлдийкан?» Талъат Сабинани чўчитмаслик учун бир пас жим турди. Шу пайт ён томондан даҳшатли тезликда яқинлашиб келаётган улкан машинанинг ўткир чироқлари кўринди. Ва бир сониядан сўнг машина учиб келиб уйга урилди...

Талъат чўчиб уйғониб кетди. Талъат қўрқа-писа ёнига ўгирилди ва Сабинанинг диванда ухлаб ётганини кўрди-ю бу туши эканлигини билиб хурсанд бўлиб кетди.

Шундан кейин тонг саҳаргача мижжа қоқма й чиққан Талъат ишга отланаркан, ҳамон қотиб ухлаб ётган Сабинанинг устига адёлни яхшилаб ёпиб қўйди.

Орадан ярим соатлар чамаси ўтгандан кейин Сабина ҳам уйғонди. У юзини юваётиб, кечаги нохуш воқеани кўз олдига келтирди, бу ерда туриши яхши эмаслигини, гуноҳсиз одамни ортиқча гап-сўзга қолдираётганини тушунди. Шундан кейин бир парча қоғоз олиб, хат ёзди: «Мен уйимга кетдим. Бу ерда ортиқ қолишни ва сизга озор етказишни истамайман. Ҳаммаси учун раҳмат».

Сабина сумкасини олганча кўчага чикди.

Сабина шаҳарга етиб олганидан кейин анча юрди. Ахийри кўнгли беҳузур бўлиб, кўзлари тиниб кетаётганлигига чидолмай хилватроқ жойдаги ўриндиққа ўтирди.

Кутилмаганда кимдир унга гапиргандай бўлди. Сабина бошини кўтарди.

Ўн етти-ўн саккиз ёшлардаги қиз унга ачиниб қараб турарди:
— Мазангиз бўлмаяптими, опа? Касалхонага олиб бориб қўяйми?

Сабина ўзини мажбурлаб жилмайди:
— Раҳмат, синглим. Шунчаки чарчадим шекилли.

Қиз индамай нари кетди.

Сабина эса жойида тўрт соатга яқин ўтириб қолди. У энди қандай йўл тутишни билмаётганди. Бир томондан фарзандлар соғинчи. Иккинчи томондан иш ҳам, жой ҳам тополмади. Бошини эгиб борса алкаш эрига Худо бериб қолиши аниқ. Кейин таъна қилавериб кўзини очирмайди...

Аммо бошқа нима илож бор?

Сабина оғир хўрсинди.

Қоронғулик тушиб келмоқда эди.

Жувон аста ўрнидан турди.

Қаёққа боради, қаёққа?

Худди шу маҳал...
— Сабина!.. — деган чорлов эшитилгандай бўлди.

Овоз жуда-жуда танишдай эди.

Сабина ажабланиб овоз келган томонга қаради.

Хиёбон томондан шу томонга қараб Талъат чопиб келмоқда эди.
— Сабина! Сабина! — дея ҳайқирарди у.

Жувоннинг томоғига нимадир тиқилгандай бўлди...