OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБеҳзод Фазлиддин
Асар номиСен қачон гуллайсан
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Беҳзод Фазлиддин
Услуб
   - Шеърият
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
НашриётТошкент, «Меҳридарё», 2008
Ҳажм135KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/12/17
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Сен қачон гуллайсан
Беҳзод Фазлиддин

Кўкламлар Нафасида

Суюнчи

Осмонда йиғлаб келдим—
Дардларим майса бўлди.
Ерда битта бўлса ҳам
Бахтсиз камайса бўлди.
Гарчи йиғлаб ҳар кеча
Тунларимни қон қилдим,
Тонгда гулдан тошгача
Табассум эҳсон қилдим.
Азобларинг — муҳтарам,
Мен дардингга харидор.
Товонимни ўпса ҳам,
Тиканларнинг ҳаққи бор.
Юрагимни уйғотган
Ғамларингга минг шукур.
Гардларимни йўқотган
Дардларингга ташаккур!
Энди Сенда парвойим,
Дунёни ютиб кетдим.
Суюнчи бер, Худойим,
Ўзимдан ўтиб кетдим.
2006


Яшашга Жой Борми?

Лаҳзага тенгма-тенг ўчиб бораман,
Ўзимдан, сўзимдан чўчиб бораман.
Завол билмайдиган манзилни кўрсат,
Томирларим билан кўчиб бораман.
2005


Сўроқ

Дилни дилга йўлламай,
Йўлни йўлга уламай.
Ҳеч йўқса, бир гулламай,
Сўлиб кетаверайми?
Танда бор чўғим шу, деб,
Бандалик чоғим шу, деб,
Менинг бор-йўғим шу, деб,
Нолиб кетаверайми?
Кўкламлар нафасида,
Гуллаш арафасида
Тошларнинг орасида
Қолиб кетаверайми?
Қандай кунга кўндим-ай,
Ич-ичимдан синдим-ай.
Ёнингизда индамай
Ўлиб кетаверайми?
Нега жимсиз?!
2004


* * *
Тирикмасман, ўлганга ҳам ўхшамайман,
Нажот сўраб келганга ҳам ўхшамайман.
Юрагимни ажин босди — қариб кетдим,
Йигирмага тўлганга ҳам ўхшамайман.
Ўзим учун қўйган бари шартим оғир,
Тушган жойин қуритади — гардим оғир.
Мен эртага қайта тура оламанми,
Жон олмаса кетмайдиган Дардим оғир.
Нурларимни тунлар учун зарба қилдим,
Кўнглим уйин кимлар учун Каъба қилдим.
Суякларим зирқиради — лаззатланиб
Тавба қилдим, тавба қилдим, тавба қилдим.
Яна чўллаб ётганимни билармикан,
Дарёларим кўкдан қайтиб келармикан?
Шеърларимни элчи қилсам, даргоҳида
Энг одил Шоҳ мени қабул қилармикан?
Тирикмасман, ўлганга ҳам ўхшамайман...
2005


Умрим

Бир лаҳзада осмон меники,
Бир лаҳзада яшаб оламан.
Бир лаҳзада босар ғам юки,
Бир лаҳзада... бўшаб қоламан.
2005


Қайга Ҳам Борардим?

Хаёлнинг отида Ойга бораман,
Қушлар етолмаган жойга бораман.
Сал ўтмай, барибир, қулаб тушгайман —
Ушоқча дард билан қайга бораман?!
2005


* * *
Руҳим чинқиради, мендан тонади,
Уйғониб кетади яна орларим.
Бўғзимни куйдириб сўзлар ёнади,
Қачон туғилади менинг шеърларим?
Минг-минг йилдан бери турибди яшнаб,
Ишонса бўлади илдизларимга.
Сўниб бораяпти ўзимга ўхшаб,
Ота, нима бўлди илдизларимга?
Лаҳзалар тўкилиб бормоқда баргдай,
Бир куни қақшайман уволларидан.
Қўрқиб кетаяпман, ҳали туғилмай,
Боламнинг эртанги саволларидан.
Юрагим минг битта жойидан синди,
Қачон бошланади Руҳимнинг тўйи?
Фақат битта таскин: ажабмас, энди
Мени одам қилса эртанинг ўйи...
2003


1983 — 2006

Мен йигирма йилдан кўпроқ кечикдим,
Қанча сарсон қилди бу юрак — дайди.
Ҳаёт ниҳолини жуда кеч экдим,
Қачон япроқ ёзиб, қачон гуллайди?!
Кимларнинг ортидан югурдим, шошдим,
Юлдузлар кўз қисиб мени чалғитди.
Яна хато қилдим, яна адашдим,
Гуноҳ лашкарлари жарга ирғитди.
Барглари қор элаб турган лоладай
Нурга ташна пайтда тутунга тўйдим.
Ўтга бориб қайта куйган боладай,
Мен яна ўзимни такрорлаб қўйдим.
Ҳаёт мен толибга қачон бошлар дарс,
Нега энди Яшаш келмас қўлимдан?
Буюк бўлганимда майда тошлармас,
Тоғлар чиқар эди юрган йўлимдан.
Эҳтимол, Бахтга ҳам бордир керагим,
Ҳалол мисраларим қўймас уятга.
Ҳозирча ўзимдай дардчил юрагим,
Қандай хизмат қилгай башариятга?
Майли, оққан сувлар, рози бўлинглар,
Жоним куйганида чанқоқ босдингиз.
Умри зилол бўлсин, дуо қилинглар,
Дардлари уйғонган буюк дўстингиз.
2006
* * *
Кўксим тўла оғриқ, бўғзим тўла оҳ,
Менинг ўзим — армон, ҳар сўзим — армон.
Энди жим яшамоқ умримга гуноҳ,
Ҳозир мен ёрилиб кетаман, Осмон!
Жоним — азобларга чўмилган япроқ,
Умрим — зулматларда адашган зиё.
Сен мендан юз чандон бахтлисан, Тупроқ,
Мен Сендан юз чандон бахтлиман, Дунё.
Юрак эслатади ваъдаларимни,
Ялов бўлмоқчийдим, ўт бўлмоқчийдим.
Тақдирга тўнкамай зардаларимни
Ўзим бахт қизига юрт бўлмоқчийдим.
Сен берган имконлар беради далда,
Ҳали умидим кўп ғиротларимдан.
Синиб қолмайдими изғиринларда,
Қўрқиб кетаяпман қанотларимдан...
Булбуллар жўр бўлиб мени қутлайди
Санъатингдан олган санъатларимга.
Ҳали овозимдан дунё титрайди,
Худойим, инсоф бер журъатларимга!
2002


* * *
Умримнинг ярмини йўлларга бердим,
Умримнинг ярмини гулларга бердим,
Ўзимга бермадим умримни...
Тилимни қонатиб Худога бордим,
Дилимни қонатиб Худога бордим,
Ўзига ўзимни олиб бормадим...
2006


Сахий Меҳмон

Бугун яна Тонгга мезбонлик қилдим,
Шукур, тўкин бўлди дил дастурхони.
Йўлида кечани қурбонлик қилдим,
Жуда осон чиқди бу туннинг жони.
Кўзларимга боқиб Тонг ҳам жилмайди,
Қушларни шошириб қўйди қўшиғим.
Бу меҳмоним сира қуруқ келмайди,
Фақат очиқ турса бўлди эшигим...
2007


Йигирма Биринчи Баҳор

Дарахтлар қайтадан уйғониб бўлди,
Бу йилдан қушларнинг умиди катта.
Бугун манов ниҳол тўрт ёшга тўлди,
Гуллаш ярашади унга, албатта.
Кўкариш пайида турибди хаслар,
Куртаклар ҳаётга бўй чўзаётир.
Тошлар бағрида ҳам баҳорий ҳислар,
Барчаси мўъжиза, мўъжиза, ахир...
Қара, шундоққина ёнингда баҳор,
Осмон гуллаб бўлди, гуллади Замин.
Ҳозир юрагингда қорга нима бор,
Сен қачон гуллайсан, Беҳзод Фазлиддин?!
2004


Ҳаёт

1

Кунларимдан зерикиб кетдим,
Дил юртида сокинлик – пойтахт.
Энди қачон манзилга етдим,
Имиллайди, вақт ўтмайди, вақт.

2

Йилларимни бой бериб қўйдим,
Лаҳзаларда қолиб кетди Бахт.
Мен ўзимни ўлдириб қўйдим,
Тирилишга Вақт етмайди, Вақт!
2004


Мангу Савол

Нега ўзим билан келишолмайман?
Нега юрагимнинг тили қисиқ — жим?
Нега ўлим билан олишолмайман,
Нега «нега»лардан иборат умрим?
Нега?!
2007


Умидларнинг Ўзи Умидвор

Антоним Дунё

Тез келган ғам кетгайми секин,
Армон — яқин, орзулар — узоқ.
Шодлик — қиммат, азоблар — текин,
Гуноҳ тинмай қўяди тузоқ.
Паст баландга келмас мувофиқ,
Инкор этар кеча кундузни.
Ким Осмонга, ким Ерга ошиқ,
Нега ҳамма суймас Ёлғизни?
Қорни очнинг, балки, кўнгли тўқ,
Ҳаёт — қисқа, бунча узун йўл?
Гарчи бугун кўзларим қуруқ,
Юрагимнинг кўйлаклари ҳўл.
Уйғонаман, нафсим ухласа,
Мен йиғлайман, дунё кулади.
Қаршилар кўп, Худо хоҳласа,
Антонимим Ўлим бўлади.
2006


* * *
Осмон билан тиллашмоқчиман,
Мени енгиб қўймоқда уйқу.
Мен Вақт билан беллашмоқчиман,
Ҳозир энг зўр рақибим ҳам У.
Ўзим учун ҳамма гап МЕНда,
Армонларим ўлиши керак.
Тенг келмагай икки куч бунда —
Кимдир мағлуб бўлиши керак!
2003


Ҳар Кунги Тавба

Яна кўзларимга кучим етмади,
Яна юрагимнинг бошига етдим.
Яна яшамадим — вақтни ютмадим,
Ҳаёнинг олдидан ҳаёсиз ўтдим.
Ахир, неча марта ишора қилдинг,
Ҳар битта заррангда юбординг ҳикмат.
Сен яна кўнглимга кирмоқчи бўлдинг,
Мен яна ўзимга қилмадим шафқат.
Юрагимни бошқа кимга ёраман?
Қанча кун ўлди — мен билмаган, билган.
Ахир, ҳузурингга қандай бораман
Пўчоққа айланган йилларим билан!
Яна кўзларимга кучим етмади...
2006


Эртага

Ҳали сен бормисан, йўқми — билмайман,
Билганим — гуноҳим бўйимдан баланд.
Нега оғулардан ҳазар қилмайман,
Бу қашшоқ кўзларим нелар билан банд?
Бой берилган йиллар мени олмас тан,
Нажот сўраб қанча лаҳзалар ўлди.
Ўзимни ўзимга кўрсатолмасдан,
Соядай йўқолиб кетмасам бўлди.
Адоқсиз хатолар — ёнимдаги жар,
Қулаб кетсам, қайтиб Ҳаётга чиқмам.
Ўзим ўйлагандай ҳалол бўлса гар,
Нега томоғимга тиқилар луқмам?!
Шу безовта Руҳим бергайми кўмак,
Тундай ғамлар мени домига тортди.
Истаб-истамасдан айб қилдим, демак,
Нуқсонларинг яна биттага ортди.
О, ҳали ўзи йўқ жажжи меҳмоним,
Ҳозирдан тузоқ бор изчаларингга.
Кечмишимдан жонинг оғриса, Жоним,
Мен қандай қарайман кўзчаларингга?
Эҳтимол, тумандай тарқалар шубҳам,
Сен ҳам кўникарсан бу кўҳна ғамга.
Болам, ҳаётимдан нолиб ўтсанг ҳам,
Фақат тил теккиза кўрма Отамга!..
2006


* * *
Кўксим оғриқлари кучайиб кетди,
ўамлар томиримни кесиб боради.
Буюк орзуларим кичрайиб кетди,
Армоннинг бўйлари ўсиб боради.
Бир бора дардимни олмайди вужуд,
Дунёга тиз чўкиб толмайди вужуд,
Барибир, яшашни билмайди вужуд,
Руҳимнинг йўлини тўсиб боради.
Ҳаёт бир шафқатсиз ёвга ўхшайди,
Бировнинг ўрнига биров яшайди,
Гуноҳ қилган мен-у, болам қақшайди,
Умримни туманлар босиб боради.
Юрагим оч, ўзи, нелар ейман мен?
Наҳотки, нур тушмас нохуш жойман мен?
Эртага мезонга нима дейман мен?
Бўш қўллар тилимни қисиб боради...
2003


* * *
Ҳаволарга ишонмай қўйдим,
Ҳар лаҳзада кетиш хавфи бор.
Мен ҳеч кимни тушунмай қўйдим,
Юрагимнинг кимга нафи бор?
Яшай дедим — куним ўтмади,
Чарчамадим рўшнолик сўраб.
Кўзларимдан итлар кетмади,
Йиғлайвердим Қуёшга қараб.
Ҳали сендан кўнглим ўлмаган,
Бер ўзимга ўзимдан нажот.
Борадиган жойим қолмаган,
Мени бошқа ҳайдама, Ҳаёт!
2005


* * *
Менинг ўлмайдиган оғриқларим кўп,
Кетиб бўлмайдиган дардларим бисёр.
Тилимнинг учида чандиқларим кўп,
Муҳаббат, кўнглимни гуллатиб юбор.
Ҳуда-беҳудага ранжитмай турса,
Тинглаб чарчамайман устоз Ҳаётни.
Кўксимни юлдузлар бўшатмай турса,
Ўкситиб кетмайман Адабиётни.
Илдизи шу қадар мустаҳкаммикин
Жонимда кўкариб ётган иллатнинг?
Қандай сўзлар билан овутмоқ мумкин
Дардлари ўзидан буюк миллатни?!
Худойим, умримни гуллатиб юбор...
2006


* * *
Эриб борар кўксимдаги қор,
Тилим — гулзор, дилим — дуозор,
Худойимдан сўраганим бор,
Энди менинг яшашим осон.
Шукур айтиб ҳар деганига,
Берганига, бермаганига,
Яна умрим маънога эга,
Энди менинг яшашим осон.
Ҳар жоннинг ўз насибаси бор,
Ким шодлик, ким ғамга харидор,
Умидларнинг ўзи умидвор,
Энди менинг яшашим осон.
Боғларимга бўйлади баҳор,
Ўлмасликка сабаблар бисёр,
Бандаликдан бўлдим бахтиёр,
Энди менинг яшашим осон.
Айбларимни ёпиб келар У,
Гар мен юрсам, чопиб келар У,
Қайда бўлсам, топиб келар У,
Энди менинг яшашим осон.
Умидларим ростлаб борар қад,
Бу қандай бахт, қандай саодат?
Севишим ҳам бўлса ибодат,
Энди менинг яшашим осон.
2007


* * *
Қанча баргларимни тўкдим беҳуда,
Қанча новдаларим бевақт қайрилди,
Йиллар шохларимга гуноҳлар илди,
Қуёш, бор нурингни кўксимга пуда.
Ҳеч ким эшитмади ўзимдан бошқа
Тунлари туғилган ҳур сўзларимни.
Кесмоқчи бўлган ким илдизларимни?!
Тошларнинг зулмидан юрагим қашқа.
Уйқу бермаётган оғриқларим чин,
Ҳали ҳаволарда қанча ҳаққим бор,
Менинг дарахтлардан битта фарқим бор:
Истаган пайтимда гуллашим мумкин.
2006


Хулоса

Ҳали тонг келади тунларни отиб,
Ўлимни кузатиб қўяй юртига.
Бугунимга нима ёзгансан, Котиб,
Кимнинг юрагига борай эртага?
Йиллар ғалвирида қанча эландим,
Босиб кетаверди қорлар изимни.
Томирларимгача Ишққа уландим,
Юрагимга сургун қилдим ўзимни.
Ҳали еллар билан чопса бўлади,
Узайтириш мумкин Бахтнинг умрини.
Ҳаётнинг кўнглини топса бўлади,
Кутиб ўтирмайман Вақтнинг амрини.
Ажал ҳам зерикди, шекилли, роса,
Энди чақирмасам, қайтиб келмайди.
Милёнта дардимдан битта хулоса:
Ўлиб кўрмай туриб яшаб бўлмайди.
2005

Ҳуррият, Офтобинг Бунча Чиройли

* * *
Мен — ҳаёт боғида омонат япроқ,
Тўкилиб кетаман эрта, индин ё.
Бир куни мен сенга қайтаман, Тупроқ,
Бир куни мен сенга кетаман, Само.
Тангрим азал сени яратмиш суюк,
Қошингда заррача эмасман, зотан,
Шу қадар мангусан, шу қадар буюк,
Минг битта умримга арзийсан, Ватан!
Дунё нима ўзи — савдо бозори,
Яшасам бўларди дўст қилиб танни.
Худо урмасмиди, етиб озори,
Ҳаётдан пастроққа қўйсам Ватанни?!
Ўтиб қўймасмиди Отам баҳримдан,
Тўлиб кетмасмиди дўзах ноламга?
Қонлар оқмасмиди бу тош бағримдан,
Ватан қолдирмасам магар боламга?!
Йўқ, бундай яшашга кўнолмайди жон,
Сени танимаслик — Руҳимга иснод.
Сен деб яшамасам, борлигим ёлғон,
Сен бор, у дунёю бу дунём обод.
Менинг забоним — гул, қўлларим — сабо,
Сенга бўй таратмай сўлмайман, Ватан.
Ҳали кўп яшайман, аввали Худо,
Бахтингни кўрмасдан ўлмайман, Ватан!
2002


Ҳуррият

Ўпиб тўймаяпман озод гулларни,
Умримга райҳонлар сочиб ташладим.
Ўйламай қўйганман нурсиз йилларни,
Мана, кишанларни ечиб ташладим.
Изимга ялпизлар тўкилиб кетди,
Умримни гулларга буркаб боряпман.
Кўзимга юлдузлар тўкилиб кетди,
Сўзимга оловлар пуркаб боряпман.
Ҳуррият, офтобинг бунча чиройли!
Қучоқлаб бўлади, ўпса бўлади.
Йўлларинг юлдузли, йўлларинг ойли,
Ортингдан мангуга чопса бўлади.
Бахт-да гулларни ўз рангида кўриш,
Ўраб яшагандим ҳатто ноламни.
Қандай яхши экан кишансиз юриш,
Яна севиб қолдим рангин оламни.
Истиқлол, сен ўзинг умримнинг тонги,
Эрк суйган Руҳимга буюк сийловсан.
Орзуларим янги, ўйларим янги,
Кўксимда чўғ олган ўтсан, оловсан...
2002


Ишқватан

Энг тўғри баҳони халқ берган,
Эркинлик — ҳақ сўзга итоат.
Шу юртни суйсин деб Ҳақ берган,
Ватанни севиш ҳам ибодат.
Ялтироқ хорижнинг либоси,
Кўзларни ўйнатар жилоси,
Тупроқча бўлолмас тиллоси...
Ватанни севиш ҳам ибодат.
Онангга яхшилик қилгандай,
Отангнинг кўнглини олгандай,
Болангга Бахт мерос қолгандай,
Ватанни севиш ҳам ибодат.
Қалбингга иймонни тож қилгин,
Йўлида жонингни харж қилгин,
Ватанда туриб ҳам ҳаж қилгин,
Ватанни севиш ҳам ибодат.
Бахт пайдо Эл деган дардингдан,
Кўнглингни кўчирма юртингдан,
Қуёшни эргаштир ортингдан,
Ватанни севиш ҳам ибодат.
Гарчи Ой олисдир, йўл йироқ,
Муҳаббат — беминнат йўлчироқ,
Эй, Ўзбек — манглайи ярқироқ,
Ватанни севиш ҳам ибодат.
2007


Эътироф

Осмонларга учмоқ истасам,
Елкамдаги қанотим — тилим.
Дунёларни қучмоқ истасам,
Менинг учқур ўиротим — тилим.
Мен булбулга ҳавас қилибман,
Сенсиз нўноқ қарға эканман.
Мен дулдулга ҳавас қилибман,
Сенсиз чўлоқ йўрға эканман.
Гарчи содда шеърлар тўқидим,
Гарчи сўзга айладим ихлос.
Мен ўзимни ўзим чўқидим,
Сени яхши билмаслигим рост.
Меники шу яланғоч сўзлар,
Ночор буни замонга йўйдим.
Қаён боқмай, шундай оч сўзлар,
Наҳот, сени унутиб қўйдим?
Забонимни тилиб кетдими
Ўзга боғнинг барг — ниналари?
Навоийда қолиб кетдими
Сўз мулкининг ганжиналари?
Хорижий тил — жаҳонга кўприк,
Пайти келса, бу ҳам бир иқбол.
Ўз тилингда сўз кетганда лек,
Дудуқланиб турсанг бу не ҳол?!
Юрагимни тешади ўқлар,
Сенсиз менинг эртам куларми?
Она тилим, мендай дудуқлар
Ўғилликка ярай оларми?
Бас, дардингни юлмасдан туриб,
Ўзга тилни уқмайман, тилим,
Сени яхши билмасдан туриб,
Хорижга ҳам чиқмайман, тилим!
2002


Тупроқватан

Тоза туйғуларим ўткинчи эмас,
Келажакка айтар сўзларим ҳалол.
Умримни йўлингга сочмасам бўлмас,
Сенга қуллик қилиш келмайди малол.
Тўксам, томчиларим адо бўлмайди,
Буюк ғамларимга берганим йўқ тан.
Тангримдан бошқаси еча олмайди,
Белимга бойлаган белбоғим — Ватан.
Ўйларинг қалбимга бермайди ором,
Сенсиз дунёларга ёту ўгайман.
Сенсиз ҳаёт қайда, ҳаволар ҳаром,
Тўкилма, бўлмаса, мен ҳам тугайман.
Камолингни сўраб дуолар қилдим,
Малаклар Худога элтди оҳимни.
Кеча ухлар эдим, яна тирилдим,
Ўзингга бағишлаб қўйдим руҳимни.
Азалдан тупроққа мойиллигим бор,
Бир парча шу замин бахт учун етар.
Қилган орзулари нурдан беғубор,
Раббим, шу Ватанни тупроқдай кўтар!
2006


Бошоқдаги Қуёш

Бир тутам буғдойдай яшагим келди —
Ҳаёт иси келган, нонни эслатган.
Боримни заминга тўшагим келди,
Бошоғи Ўзбекистонни эслатган.
Тупроқ ҳидларини яхши кўраман,
Ким ерни едирди, кимни ер еди.
Олтин қояларга юзим бураман,
Улар пешонамдан оққан тер эди.
Нега пишмасимдан ўроқ соласан?
Яшашни истайман буғдойлардай ҳур.
Эртага тилингни тишлаб қоласан,
Тушунсанг-чи, уйинг буғдойга тўлгур!
Халқим, шамоллардан юрма тиланиб,
Белбоғда дон бўлиб ярай корингга.
Буғдойдай тўкилиб, ундай эланиб,
Ўзим борай оташ тандирларингга.
О, қанча тобландим буғдойпоянгда,
Ҳар бошоғи — ғурур, ҳар донаси — ор.
Қуёш қолиб кетсин сенинг соянгда,
Юртим, сенга айтар буғдойсўзим бор!
2007


Манзил

Булоқлардан тоза кўзёшман,
Халқдан чиқиб халққа бораман.
Мен шундай бир ўжар қуёшман,
Шарқдан чиқиб Шарққа бораман.
2007


Эҳтимол, Қўнғироқ Қилаётган — Бахт

* * *
Туғилдим-у, ёнимга келдинг,
Кўзларимга қараб турдинг жим.
Сен Онамдай чиройли эдинг,
Қўлларингда йиғлаб юбордим.
Ўша дамдан бошланди яшаш,
Ҳаётимга мўралади Вақт.
Юзинг таниш, кўзимиз ўхшаш,
Ўзинг менга ким бўласан, Бахт?
Йиллар билан бирга улғайдик,
Бўйинг кўкка чўзилаверди.
Кейин... бошқа кўришолмадик,
Менинг кўнглим эзилаверди.
Лаҳзаларни тута олмадим,
Қўлларингни қўйдим йўқотиб.
Ё мен сенга ета олмадим,
Ё сен мени кетдинг тарк этиб.
Қара, йўлда юрибман ҳамон,
Қай юртдасан? Қай йўллардасан?
Сен қайси бир кўнгилга меҳмон,
Ҳозир қайси манзиллардасан?
Энди сени бўлгайми топиб,
Ахир, мудом шошганинг шошган.
Умрим ўтди ортингдан чопиб,
Чалғитмасанг бўлди яшашдан.
Бугун бошқа одам ёнимда,
Юзи совуқ, келиши бевақт.
Дийдорингни соғиндим жуда,
Қаердасан, қариндошим — Бахт?
2004


Бахт Билан Танишув

Қаерларда адашдинг, Дийдор?
Бир чеҳрани ёмон соғиндим.
Кел, ёнимда гуллагин, дилдор,
Сенсиз баҳорлардан оғриндим.
Томчилари тоғлардан оғир,
Юрагимни айламиш нишон,
Кўз юртингда тинмайди ёмғир,
Қуёш менинг қўлимда, ишон.
Исмимни айт, тонглар уйғонсин,
Мени эсла — кулсин ҳаётинг.
Хотиралар кўнглингни олсин,
Асраб келар умримни ёдинг.
Тўйгунича ёғиб олсин, деб
Тан бериш йўқ қору дўлларга.
Тунлари ҳам ёруғ бўлсин, деб
Юлдуз ёқиб қўйдим йўлларга...
Улуғ ишга боғлаганман бел,
Йўлга чиқдим азиз аҳд билан.
Кўзим нури, сен ҳам тезроқ кел,
Таништириб қўяй Бахт билан...
2007


Бахтнинг Ушоғи

Сойлар юрагимни ювиб ўтмади,
Нур тушса, кетарми кўксимнинг доғи?
Гуллар ғамларимни қувиб ўтмади,
Армон қушларининг борми адоғи?
Бу дунёнинг феъли мени суймайди,
Кунда томиримни кесиб тўймайди,
Ё жон ола қолмас, ё тинч қўймайди,
Қон қилди дардимнинг ўтмас пичоғи.
Оламни ўйлатган ўйларим қани?
Борлиқни покловчи бўйларим қани?
Осмонни ўртаган куйларим қани?
Кўнглим — Худойимнинг ғариб машшоғи.
Кўкдан томчи келди, кўзларим тўлди,
Ўзинг бир Сўз айтдинг — сўзларим ўлди.
Энди Ойга элтиб ташласанг бўлди,
Менга етиб борар Бахтнинг ушоғи...
2006

Йўл

Ғариб кунлар бардошимни ичиб борар,
Қай манзилда чанқоқ босай, қайда тўхтай?
Бўғиламан — ҳаволар ҳам қочиб борар,
Бу дунёда мендан бошқа ёмон йўқдай.
Ийманади ғамдан олдин юз очгани,
Орзуларни дил тахтига михлаб қўйдим.
Яна қанча муддат керак кўз очгани,
Мен шундоқ ҳам йигирма йил ухлаб қўйдим.
Увол қилмай — эрмак учун ўлдирмасдан,
Лаҳзаларни капалакдай тутаверсам.
Худойимдан бошқасига билдирмасдан,
Чумолидай ризқим териб кетаверсам.
Етолмасин, мангу ортда қолиб кетсин,
Армонларнинг қушларига дон бермайман.
Андуҳларим мендан олдин ўлиб кетсин,
Қуёшни бир ўпмай туриб жон бермайман...
2006


Тушунмовчилик

Бўлди, йиғламайман, бўлди — кулмайман,
Юрагингни ортиқ этмайман безор.
Ўзимдан бошқани хафа қилмайман,
Ўзимдан бошқага бермайман озор.
Кимларнинг кўнглига қараб кун кўрдим,
Ялиниб бормайман Бахтнинг ёнига.
Кулиб бахтсизларга халақит бердим,
Йиғлаб бахтлиларнинг тегдим жонига.
2006


Бебахт Баҳор

Элчи Қуёш кўкдан етказди пайғом,
Ҳаммаёқ нурланган, ҳамма гул кийган.
Ё, қудрат Соҳиби, бу қандай айём,
Қумурсқаларгача севилган, суйган.
Ерни гуллатишга ичганми қасам,
Тошларни ҳам қуруқ қўймабди Баҳор.
Қўрқаман, тўкилиб кетар қарасам,
Менинг кўзларимда бир томчи заҳар...
2006


Қўнғироқ

Уйимни тўлдирган жимликни бузиб,
Ҳаётни эслатиб янграр қўнғироқ.
Олисдан бир гўзал (кўзини сузиб)
Гапирар, адашиб тушибди бироқ.
Ўзим билан ёлғиз қоларман яна,
Оқизиб кетади хаёллар — денгиз...
Телефон!.. Жунбушга келади хона,
Яна ўша “Бошқа жойга тушдингиз”.
Наҳот, ҳамма мендай адашган, ёнар,
Саволлар тош бўлиб урилар бошга.
Ҳар сафар алмашиб қолар рақамлар,
Сўраган бегона, сўралган бошқа...
Ҳамон довдирайман, Руҳимда тўфон,
Мени шу симларга боғлаб қўйган Вақт.
Юрагим жиринглар — жонли телефон,
Эҳтимол, қўнғироқ қилаётган Бахт...
2006


Жоним

Келдим

Гуллар ранг алмашиб зерикмадилар,
Дунё товланишдан чарчамади ҳеч.
Ирмоқлар кўксимда бирикмадилар,
Келиб кўзларимдан кишанларни еч.
Бору йўғим билан ўзимга хосман,
Беназир ишқимдан ҳануз кўнглим тўқ.
Қанча юлдуз тўкди пойимга осмон,
Кўз учида бўлсин, қараганим йўқ.
Бошимни эгмоқчи эди ранж-алам,
Мудом борлигингни билиб яшадим.
Сени билмасам ҳам, танимасам ҳам,
Ёдингни машъала қилиб яшадим.
Бахт шундоқ ёнимдан кетди бурилиб,
Ишқ ҳаққи, тилимни тишлаб турибман.
Шунча йилдан бери ўлиб-тирилиб,
Сен учун ўзимни асраб юрибман.
Асло тополмасин қайғу изингни,
Кулавер, ўрнингга мен сиқиламан.
Уйқуларингда ҳам асра ўзингни,
Сенга шамол тегса, мен йиқиламан.
Ой яна бепарво кўчамдан ўтар,
Шошиб Вақтдан олдин қошингга елдим.
Кўзларингни очгин, пардани кўтар,
Қара, тушларингдан чиқиб мен келдим!
2007


Бир Ишқ...

Битта Ишқ дунёга етиши мумкин,
Сенсиз ҳаётимда қолармиди ранг.
Уйғонолмай ўтиб кетишим мумкин,
Ўзинг кўзларимга кириб келмасанг.
Яшашга етади қалбимнинг кучи,
Ишон, кипригингга тегмайди ғубор.
Истасанг, шартлар қўй ёнмоғим учун,
Майли, ўтга юбор, оловга юбор.
Фақат менсиз Бахтнинг олдига борма,
Нимага яралдим Вақтдай елмасам?
Юрагингни берма, борингни берма,
Умрингга қуёшлар олиб келмасам.
Кафтимга юлдузлар қўндириб келай,
Буюк эканимга ишонтир, тегин.
Бориб осмонларни ёндириб келай,
Жоним, яна битта “Севмайман” дегин...
2006


Жоним

Ўт ичида яшаш осонми, Жоним,
Нечуксиз? Жонингиз омонми, Жоним?
Айириб қўйишди йўлларимизни,
Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним?
Кўнгилнинг юртидан кетиб бўлмайди.
Синовсиз манзилга етиб бўлмайди.
Ахир, муҳаббатнинг кўчаларидан
Юракка тош солиб ўтиб бўлмайди.
Ер, Само биз билан, қисинмайдилар,
Ўткинчи кучларга бўйсунмайдилар.
Тушуниб турибди Худойим бизни,
Нега бандалари тушунмайдилар?!
Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним?..
2004


Мендан Яхши Ёмон Йўқ

Кўнглингизнинг кўшкини ёполмайсиз, барибир,
Мендан яхши ёмонни тополмайсиз, барибир.
Мингта булбул нағмаси битта изҳоримча йўқ,
Дунёларнинг роҳати зарра озоримча йўқ.
Кўзингизга ўт ёқар кўкка чизиб расмимни —
Иниларим — юлдузлар эслатади исмимни.
Кейин қандай яшайсиз — ҳаволар ҳам ёқмайди,
Оворалар бўлибсиз, менсиз Қуёш чиқмайди.
Изингизга гул отган дунёларнинг кўнгли кир,
Мендан яхши ёмонни тополмайсиз, барибир...
2006


Сизга Савол

Кўзингизда турган дардми, армонми,
Севилиш осонми, севиш осонми?
Сизсиз яшолмайман, деб чарчамайсиз,
Жоним, ҳаётингиз шунча арзонми?!
2006


Севгисўз

Худойим, сўнгги бор менга имкон бер,
Яна озроқ севай — озгина яшай.
Бу гал гуноҳимдан ўтиб қўявер,
Нурсиз ҳаётимга маънолар қўшай.
Шундоқ ҳам боримни бой бердим Вақтга,
Қанча йиллар ўтди беишқ, бемазмун.
Боргим келмаяпти Севгисиз Бахтга,
Шундоқ ҳам умримнинг куйлари маҳзун.
Нафас олишни ҳам унутган эдим,
Чиройли йиғламай қўйганди Дил ҳам.
Мен шундай, мен шундай Дард кутган эдим,
Бизни яшнатади, поклайди бу Ғам.
Худойим, яшашни энди ўргандим,
Уни яна эслай, яна соғинай.
Уни кўргунимча ўлиб бўлгандим,
Энди кўзларида қайта туғилай.
Художон, жон Худо, менга имкон бер,
Яна озроқ севай — озгина яшай...
2006


* * *
Йилларни бир коса сувдай сипқордим,
Тош кунлар аямай бошимни ёрди.
Яшолмайман, дедим — Худога бордим,
Худо яна мени Сенга юборди.
Ўзимни кўнглингда адаштирайми,
Сен мени ўзингга ўзинг топиб бер.
Умримни кўзингга алмаштирайми,
Кўзинг тўла орзу — кўзинг тўла шеър.
Боримча кўнглимга ўралган эдим,
Мен бугун тақдирга ютқазиб ютдим.
Аввалимда Ишқдан яралган эдим,
Охирда ҳам Ишққа айланиб кетдим...
2006


Севгини Севганни...

Аллақачон тўзиб кетардим, балки,
Ва ё ғамлар мени этарди адо.
Кимнингдир кўнглини олгандирманки,
Юрагимни асраб келяпти Худо.
Ўзи яқин олди мени Ўзига,
Кунда Қуёш бўлиб йўқлаб турибди.
Мен айтган тоза бир Сўз эвазига
Қилдай ҳаётимни сақлаб турибди.
Нимага кўзимда юлдуз кам — Ишқ кам,
Мен ношуд умримни кимларга бердим?
Кўксим нурга тўлиб битта гул эксам,
Орқасидан ўнта ниҳол синдирдим...
Барибир, кўнглимга келаверди У,
Кечирилиб кетди ҳар қандай хато.
Ахир, мен севишни ўрганяпман-ку.
Севгини севганни севади Худо...
2006


Қўшиқ

Мен ҳаётни сийлов дебман,
Синов экан, синов экан.
Тангрим менга ишқ деб берган
Олов экан, олов экан.
Умримдан ҳам узун-узун
Армонларим, армонларим.
Ўзимдан ҳам маҳзун-маҳзун
Осмонларим, осмонларим.
Энди қачон ёндиради
Кўзларимнинг ёниқлари?
Юрагимни синдиради
Пешонамнинг синиқлари.
Дардларимни кўзимга қул
Ёшлар айтсин, ёшлар айтсин.
Бошим тегиб ёрилган ул
Тошлар айтсин, тошлар айтсин.
Мен бир қўшиқ куйлар бўлсам,
Кўнгил — ҳофиз, вужуд — машшоқ.
Ишқ ҳақида сўйлар бўлсам,
Ўзим ожиз, сўзим қашшоқ.
Дил, ўзингни ўтларга от,
Уйғон энди, уйғон энди.
Меним учун Ишқсиз ҳаёт
Ёлғон энди, ёлғон энди.
Майли, жоним азоб сўрсин,
Қилгин адо, қилгин адо.
Ўлар бўлсам, ишқ ўлдирсин,
Ишқ бер, Худо! Ишқ бер, Худо!
2002


Отелло

Мен севишни сендан ўргансаммикин?
Йўқ, қотил демайман, тилим бормайди.
Не қилса ҳам, ўзбек Дездемонасин
Бўғишга, барибир, қўлим бормайди.
Тақдиринг — рашкимга сабоқ бир гулхан,
Куйдириб юборсин юҳоларимни.
Бадном қилмасидан янчиб ташлайман
Ичимда қутурган яголаримни.
2002


* * *
Кўзингдаги селларингни қуритаман,
Ғамларингнинг тиши сингай — қаритаман.
Зарраман-у, тафтим мингта қуёшга тенг,
Шам бўлсам ҳам йўлларингни ёритаман.
Ҳаётингни хаёлимга ўраб тургин,
Совиб қолсанг, чўғларимдан сўраб тургин.
Фақат ўзинг ўчишимга қўйма мени —
Фақат ўзинг кўзларимга қараб тургин.
2005


Менсизлик

Юлдузлари ичикиб қолди,
Маҳзун энди Ойсиз осмоним.
Сенсизликка кўникиб бўлдим,
Қандай экан менсизлик, жоним?!
Ана, кўзим кўзингдан ўтди,
Қўй, яширма титроқларингни.
Хато қилдинг, ўзингдан ўтди,
Тишлаяпсан бармоқларингни.
Энди нурга бегона юзинг,
Қуёшингнинг ранглари қани?
Сиғмаяпсан ўзингга ўзинг,
Ҳаётингнинг тонглари қани?
Кечаларинг ўзингдай ғариб,
Армонларинг осмондан катта.
Юрагингга термилиб туриб,
Йиғлаяпсан биринчи марта.
Ухлаб қолган кунларинг ҳаққи,
Менинг ўрним бошқа — бўлакман.
Йиғлаб қолган тунларинг ҳаққи,
Мен, барибир, сенга керакман!
2003


* * *
Олтин армонларда оқиб борар куз...
Меваларим айни етилган, пишган.
Жон Қушчам, сен мендан хаёлингни уз,
Ахир, илдизимга қанча қурт тушган!
Кумуш кечалари ёнимдан жилмай,
Шаънимга юлдузлар айтар эди шеър.
Қанча таъзим қилмай, қанча эгилмай,
Мендан узоқлашиб бораверди Ер...
Яланғоч қолсам ҳам, патларинг билан
Йиллар ярасига сурасан малҳам.
Ҳали маъюс боғлар қолади биздан,
Мен дарахт бўлсам ҳам учаман, Қушчам!
2007


* * *
Қачон кўзларингга султон бўламан?
Қаерда жонингга туташган йўлак?
Кўчангни қидириб нима қиламан,
Менга юрагингнинг манзили керак!
2003


Кўзингизни Бериб Туринг

Ёлғизгинам, фариштага тенгликкинам,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай.
Иккимизнинг дардимиз бир, мунгликкинам,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Мен бошимни урмаган бир тош қолмади,
Ростин айтсам, юрагимда дош қолмади.
Қуриб қолган кўзларимда ёш қолмади,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Узун-узун армонларим чиқиб кетсин,
Зардобларим кўзёш бўлиб оқиб кетсин.
Қалбимга бир қизғалдоқлар боқиб кетсин,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Мен шабнамман, ғуборларга қўнолмайман,
Ё гул бўлиб тош юракда унолмайман.
Кўнолмайман, бу дардларга кўнолмайман,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Қузғунларнинг қилиғидан зорим келди,
Тоғ қалбимга нафрат деган сорим келди.
Ўзим бўлиб йиғлолмайман, орим келди,
Келинг, Сизнинг кўзингизда йиғлаб олай,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай...
2001


Сизни Яхши Кўраман

Юрагингиз қуёшдан катта,
Юлдузларга ватан — кўзингиз.
Иккимизнинг жонимиз битта,
Менинг ўзим — Сизнинг Ўзингиз.
Мен Сиз билан Бахтга бораман,
Она, Сизни яхши кўраман!
Қошларимиз ўхшаб кетади,
Кўзингизда кулиб турибман.
«О, у кунлар қачон қайтади!»
Қўмсаяпсиз, билиб турибман.
Ҳамон Сизга дўстдай юраман,
Опа, Сизни яхши кўраман!
Бугун сенда баҳорни кўрдим,
Юлдузларга термиласан жим.
Хуш дамларга яна юз бурдим,
Сен баҳорга ўхшайсан, синглим.
Ол, кўкламни сенга бераман,
Синглим, сени яхши кўраман!
Ёнимиздан ўтиб кетасиз,
Зор кўнгиллар қалтирайдилар.
Юракка чўғ отиб кетасиз,
Кўзлар — учқун, ялтирайдилар.
Изингиздан гуллар тераман,
Қизлар, сизни яхши кўраман!
Капалакли кўйлагингизга
Тегмай туриб, титрайди қўлим.
Тўймаяпман бўйларингизга,
Сиз, барибир, бошқасиз, Гулим.
Лабингиздан шабнам сўраман,
Гулим, Сизни яхши кўраман!
Яшнаяпман меҳрингиз билан,
Вужудимга ифорлар сочиб.
Яшаяпман муҳаббат деган—
Чечакларга кўксимни очиб.
Мен юраги осмон боламан,
Ҳаммангизни яхши кўраман,
Ҳаммангизни яхши кўраман!
2003


Ўзингиз

Кўзларимнинг косасига юлдуз тердим,
Дилингизнинг дастурхони очиқми, Ёр?
Жонингизга юрагимдан илдиз бердим,
Умрингизнинг чироқлари ўчиқми, Ёр?
Жонни ҳижрон бойқушлари чўқимасин,
Айрилиқнинг ғорларини тарк этайлик.
Ишқимизга ёлғон чўпчак тўқилмасин,
Кўнглимизни гул қатига беркитайлик.
Рашкингизни тарозига қўйиб келинг,
Ўзга гулга ёқиш учун уринмайман.
Вафо деган либосингиз кийиб келинг,
Ўзингиздан бошқасига кўринмайман.
Соя каби бу ғамларнинг ўтмас тиши,
Бор умидни армонларга боғлаб қўйманг.
Ўзи, бизни бахтли қилиш — Ҳақнинг иши,
Янглишиб ҳам ўзгасига йиғлаб қўйманг.
Кўзларимнинг косасига юлдуз тердим,
Дилингизнинг дастурхони очиқми, Ёр?
2006


Керакли Одамга

Керагидан ортиқ йиғлайсиз —
Керагидан ортиқ қийнайман.
Хаёлимга арқон боғлайсиз —
Керагидан ортиқ ўйлайман.
Азобларим менинг бари — сир,
Сиз ухлайсиз, Сиз бедараксиз.
Жоним, ҳозир менга, барибир,
Керагидан ортиқ кераксиз.
2005


Кўзларим

Кўзларим —
Меҳрнинг макони,
Нур сочар чиқсангиз йўлимдан.
Гарчи йўқ эса-да забони,
Ҳолимдан сўйлайди, ҳолимдан.
Кўзларим —
Ашаддий душманим,
Ошкора айлайди розимни,
Гўёки оғзи бўш бир ғаним,
Шивирлар қалбдаги сўзимни.
Кўзларим —
Ишонган дўстларим,
Сиз билан пинҳона сўйлашган.
Етказиб Сизга дил сўзларим,
Ҳаётбахш ёғдулар улашган.
Кўзларим —
Муҳаббат дунёси,
Бир куни олади бағрига.
Тополмай Сиз унинг қиёсин,
Сўнг чўкиб кетасиз қаърига.
Кўзларим...
2001


Алам-О...

Осмонлардан жой топиб олдим,
Энди Сизга биров бўламан.
Излаб-излаб Ой топиб олдим,
Юлдузларга куёв бўламан.
Сўкилгани қолди кўнглимнинг,
Тушиб кетди қўлларингиздан.
Тўкилгани қолди кўнглимнинг,
Териб олдим йўлларингиздан.
Менинг умрим — ишқий бир ғазал,
Муаллифи — ўзимнинг Эгам.
Ой, барибир, жуда ҳам гўзал,
Юзларида доғи бўлса ҳам.
Нурларини қизғанмайди у,
Тўкилмайди бирорта толам.
Соғинмайман, деган эдим-ку,
Ер Ойига алам-о, алам.
Энди Сизга биров бўламан...
2006


Ахир, Мен Ҳам...

У ёним ўт, бу ёним ўт,
Ҳар қадамда чўғлонаман.
Нега унинг юраги бут,
Нега фақат мен ёнаман?
Кўнглидан сўз қалқиб чиқсин,
Жон-жонини қирқиб чиқсин,
Тушларида қўрқиб чиқсин,
Йиғлаб юрган девонаман.
Тангрим, ёмон дема мени,
Тўхтатади нима мени?
Кўзларига қама мени,
Ахир, мен ҳам бир донаман.
Умрида бир савол бўлай,
Тинч қўймаган хаёл бўлай,
У сўраган иқбол бўлай,
Шу тилакка парвонаман.
Ҳаёт — синов куни, дейман,
Хоҳламасанг, нени дейман?
Раббим, фақат Сени дейман,
Энди унга бегонаман.
2005


Севги

Гар сени ўйласам, бу жоним куяди,
Номингни сўйласам, забоним куяди.
Соғиниб-соғиниб йўл олсам сен томон
Танамга ўт сочиб товоним куяди,
Севги.
Қалбимни ўтларда ёққаним сенмисан,
Кўзимдан дард бўлиб оққаним сенмисан?
Ногаҳон суқланиб қўл чўзсам қўлингга,
Сесканиб илондай чаққаним сенмисан,
Севги?
Менмас, сен бағрингни тиғласанг, қанийди,
Жонингни ўтларда доғласанг, қанийди.
Пойингда йиғлаган мажнунинг ўзимман,
Сен менинг пойимда йиғласанг, қанийди,
Севги!
Мен сени кўзимда сақласам, не бўлар,
Жонимни жонингга михласам, не бўлар.
Қизғаниб чарчадим ҳаммадан, энди бир
Кўксингга бош қўйиб ухласам, не бўлар,
Севги?!
Қочмагин, ортингдан чопаман, барибир,
Бир куни кўнглингни топаман, барибир.
Ўшанда ойларнинг юзига рашк сочиб,
Титраган лабингдан ўпаман, барибир,
Севги!
Севги!!
Севги!!!
2000


Муҳтожлик

Йўқ нарса сўралар, одатда,
Кимларнинг қўлига қарайман?
Севсам-у, нега ҳар соатда
Мен Сендан муҳаббат сўрайман?
2006

Шу Довондан Ўтиб Олсам, Бас

Бахт Манзили

Отам бизни мендан бахтли бўлсин, деди,
Онам бизни умри нурга тўлсин, деди.
Йўлимизда кунларини қурбон қилиб,
Ойга чиқдик елкаларин нарвон қилиб.
Ғамларини кўзларига қамаб қўйди,
Юраклари кемтик эди, ямаб қўйди.
Юзимизга шамол тегмай катта бўлдик,
Бошимизни ерга эгмай катта бўлдик.
Қайғулари олам экан, олам экан,
Оламлардан кенгроқ одам отам экан.
Қорлар ёғса, қучоғига қочиб бордик,
Сочларига оқ гулларни сочиб бордик.
Кўнглингизнинг дарёларин кўп қуритдик,
Она, Сизни меҳнат эмас, биз қаритдик.
Ёнингизда не талашдик — ғавғо қилдик,
Эвазига фақат дардлар совға қилдик.
Сиз деб ҳатто игнани ҳам харж қилмадик,
Ота-она кўнглин нега Ҳаж билмадик?
Умрингизни ўғирладик, ёшлик қурсин,
Худо Сизга кўпроқ қилиб қайтиб берсин...
2006


* * *
Томоқларим қуриб кетди — чўллаяпман,
Ўзи, дилни қай кўлмакда ҳўллаяпман?
Мен бу галги баҳорни лол этмоқчийдим,
Она, бугун сочингизда гуллаяпман.
Ишонгандим, кўзлар мени сотиб кетди.
Аямади — сўзлар мени отиб кетди.
Дардим бор-ку, нега бунча дудуқландим,
Забонимни тўтиқушлар ютиб кетди.
Юзларимда муҳаббатнинг сўқмоқлари,
Дунёларни ёқмайдими чақмоқларим?
Тупроқ эдим, тупроқларга ботиб кетдим,
Гуноҳларим ўсаяпти, гуноҳларим.
Тутаб-тутаб кўк бағрини тиғлаяпман,
Юрагимдан бошқа жойга сиғмаяпман.
Кўксимдаги оғриқларим ёлғонмиди,
Осмонларни йиғлатолмай йиғлаяпман.
Она, менга нима бўлди?!
2004


* * *
Наҳот, шеърларимга кунингиз қолди,
Она, айланишдан тўхтамоқда Ер.
Кўзингизга боқиб, тилим йўқолди,
Ахир пойингиз — шеър, қадамингиз— шеър.
Қачон зардобларим топади барҳам,
Мен қачон тўкилиб бераман Сизга?
Жонимдан товонлар тўлаб борсам ҳам,
Умрим арзимайди дардларингизга.
Илҳом парилари чўрингизмиди,
Бир назар солсангиз, қошингизда жам.
Умрим бу — энг маҳзун шеърингизмиди,
Шоиргина Онам, шоира Онам?
Дунё сўз сўрайди мендан, жўрттага,
Шамоллар устимдан кулган бўлади.
Бугун чидаб турай, Она, эртага
Мени ғамларингиз Шоир қилади.
2005


Ёмони Йўқ Жойга Кетамиз

Бу дунё — руҳимнинг азоби,
Эзгулик — умримнинг савоби.
Қўй, энди йиғлама, кўнгилжон,
Бор, ахир, барчасин ҳисоби,
Қўлни бер, пок жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.
Кўзларим қадалган самога,
Ташнаман бир ҳовуч зиёга.
Чарчадим заҳарли сўзлардан,
Юр, энди ғийбату иғвога—
Замони йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.
Чопамиз Қуёшнинг изидан,
Ўпамиз гулларнинг юзидан.
Қизариб бир ширин туйғулар
Топамиз лоланинг кўзидан.
Армони йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.
Кўзимни севинч ҳам ёшласин,
Қўлимни омад ҳам ушласин.
Тишларнинг изи бор кўксимда,
Энди Бахт лабимни тишласин.
Зиёни йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.
«Йилт» этган зиёга зор кўнглим,
Биз истар дунёлар бор, кўнглим.
Муниса Онамнинг кўнгли бўш,
У бизни кутяпти, юр, кўнглим,
Ёмони кўп жойда нетамиз?
Онамнинг кўнглига кетамиз,
Онамнинг кўнглига кетамиз!
2001


Зиёрат

Фаришталар кўнглимни нурга ўраб қўйдилар,
Осонгина уйғондим қушлар азон айтганда.
Мени қутлаб дарахтлар оппоқ либос кийдилар,
Кўкка учган ҳисларим мужда олиб қайтганда.
Иссиққина бағримда эриб кетди ушбу тун,
Қарамасам, юлдузлар нега қовоқ солгайлар?
Капалак қанотида йўлга отландим бугун,
Мени кўҳна саройда гуллар кутиб олгайлар.
Тошдан қаттиқ бошимни ёролмади тош кунлар,
Йиқилсам ҳам, тўзсам ҳам манзилимга етяпман.
Йўлларимдан қочинглар, ҳой, меҳри йўқ мошинлар,
Мен Онамнинг олдига — зиёратга кетяпман!
Сафаримда сарғаймай, яшнаб борай қошига,
Кипригимга етмасдан тўкилмоқда чанг йиллар.
Эргаштириб тоғларни бошлаб борай қошига,
Онасининг пойида подшоҳ бўлгай ўғиллар...
2007


Буюклик

Она, сизни китоб қиламан
Ёки ўзим китоб бўламан.
2006


Отамлашув

Бу дунё — ғалвали уй, дейсиз,
Ҳар жонда минг ташвиш, ўй, дейсиз,
Ўзимга сиғмайман, сиз ҳар гал
Кўп гапирмай, чойдан қуй, дейсиз.
Мен озиб-ёзиб бир боргандим,
Озурда кўнглимни ёргандим,
Йиғламай йиғлашни ўргандим,
Тишингни тишингга қўй, дейсиз.
Кўзимда дунёча ёш бўлса,
Кўксимда бир уюм тош бўлса,
Наҳотки, белбоғим бўш бўлса?
Ҳар нени ҳикматга йўй, дейсиз.
Кечалар бахтимни туш кўриб,
Биргина бошимни қўш кўриб,
Катта бўлганимни хуш кўриб,
Қачон яна элга тўй дейсиз?
2007


Онам Ёзолмаган Шеър

Сочларимда оқ гуллар,
Кел, уларни тер, болам.
Йўлингга муштоқ йўллар,
Болам бўлиб бер, болам.
Кўксимга ой беркитдим,
Юлдузларга чой тутдим.
Отангдан ҳам кўп кутдим,
Бахтим бўлиб бер, болам.
Титраган созингни қўй,
Бўғиқ овозингни қўй.
Қалам-қоғозингни қўй,
Ўғлим бўлиб бер, болам.
Йўл учун туққанмидим,
Гул учун туққанмидим,
Пул учун туққанмидим,
Борим бўлиб бер, болам.
Қалдирғоч синглинг беҳол,
Қанотидан хатни ол.
Ишинг кўпдир, эҳтимол,
Келмай қўявер, болам...
2006


Қайтиш

Қандай тоза, қандай оқ эдим,
От чопардим Қуёшни ушлаб.
Бу ерларга Бахт излаб келдим,
Унда Онам — бахтимни ташлаб.
Учиб кетди ранго-ранг йиллар
Баргдай заиф қилиб ҳолимни.
Ортга қайтмас бу қайсар йиллар
Қайга олиб борар жонимни?
Тоғу тошни куйлатиб чунон,
Қайнар эдим булоқлар билан.
Олисларда юрибман сарсон
Хира тортган чироқлар билан.
Гуллар кутди бағрин қон қилиб,
Дил олдида қолдим уятга.
Бир бахтиёр капалак бўлиб
Учгим келар ўша жаннатга.
Чақмоқлари бошимни ёрса...
Омонат бир ўгай жойдаман.
Осмон мени қўйиб юборса,
Ёмғир бўлиб сизга қайтаман.
Хушхабарни етказсин бехос,
Дарахтларга бериб қўйдим хат.
Шу довондан ўтиб олсам, бас,
Шу довондан у ёғи — жаннат...
2007


Энг Аччиқ Баҳона

Қорин тинч қўймайди — нон топиш керак,
Ташвишлар судрайди мени ҳар томон.
Ўзини эсидан чиқарди Юрак,
Яшашга вақт қайда, Онажон?!
2004


* * *
Кўчалар кўнглимга ўхшайди,
Бағрига сокинлик сиғмаган.
Кечалар синглимга ўхшайди —
Йиғласам, қўшилиб йиғлаган.
Манзилга элтади автобус,
Мен қаён бораман — билмадим.
Кўксимни йиртади бир номус,
Наҳот, шу темирча бўлмадим?!
Кунларим тўкилиб боради,
Кечаги вақт — писта пўчоғи.
Кўксимда поездлар юради,
Юрагим — бекатлар ўчоғи.
Хаёлнинг охири қаерда,
Осмондан нималар тилайман?
Онамнинг кўкси қон у ерда,
Мен бунда музқаймоқ ялайман...
2003


* * *
Наҳот, дийдам шунчалар қаттиқ,
Бешафқатсан, Ҳаёт, бешафқат.
Ҳеч кимим йўқ ўзимдан ортиқ,
Онам учун тополмайман Вақт.
2003


Айбнома

Беҳзод Фазлиддинга айтиб қўйинглар,
Бу тун ҳам ухламай чиқди отаси.
Узун бўлиб кетди, тилин қийинглар,
Онаси кўксида ғамлар шодаси.
Қишлар келиб бўлди, у гап тузгунча,
Бир бор ҳовлисида қор кураб берсин.
Бировга ёқай деб гуллар узгунча,
Бориб онасининг дардини терсин.
Кейин гуллайверсин, кўкарсин, майли,
Отанинг дуоси бошлагай тахтга.
Нега толеидан йўллари айри,
Онасиз ҳам бориш мумкинми Бахтга?!
Ишига ишқ қўйган қандай фарзандки,
Лоақал кўнглини очиб кетмайди.
Дарвоқе, у кишим шунчалар бандки,
Ўзидан бошқага вақти етмайди...
2007


Таскин

Она, гарчи ҳамон ўзимга зорман,
Кўзингизга кирсам, юрагимдан кенг.
Ташқарида пойлаб турибди Армон,
Ўғлим ҳали-бери чиқмас экан, денг.
Ҳар қадамда чоҳга тортиши мумкин,
Оёғим остида ухлайди кулфат.
Сабрим кўйлагини йиртиши мумкин,
Кичкина ғамларга бўлмайман улфат.
Кўксимга Нур кириб турса, бўлди-да,
Қувиб етолмагай Вақт деган бир ўқ.
Анча ёшман кекса дардлар олдида,
Ҳали севишга ҳам улгурганим йўқ.
Она, қанотларим дардимдай оғир,
Қушдай бу уйқумни оромга йўйинг.
Бахт кутиб туришни билмайди, ахир,
Қуёш уйғонмасдан уйғотиб қўйинг...
2006

Иқрор

Мен Шоир Бўлдимми?!

Мен шоир бўлдимми, шоирим — Тангрим?
Ўзимнинг устимдан кулгим келади.
Гоҳида гапимга қовушмай гапим,
Битта сўз дардида ўлгим келади.
Мен шоир бўлдимми?!
Тилимни булбулга ўптирганинг рост,
Кўксимда дулдуллар чоптирганинг рост.
Буни ким билади ўзимдан ўзга,
Қани менда журъат, қани эҳтирос?
Мен шоир бўлдимми?!
Мисралар олифта, байтларим қуруқ,
Ҳозирча кўксим бўш, юрагим дудуқ,
Мен ўзим ёнмасам, эл қандай ёнсин?
Сўзимда олов йўқ, сўзимда ўт йўқ.
Мен шоир бўлдимми?!
Менга чўғлари кўп кўз бер, Худойим,
Куннинг суқлари кўп юз бер, Худойим.
Ўзинг ҳамма сўзни айтиб бўлгансан,
Берсанг, ўқлари кўп сўз бер, Худойим!
Мен шоир бўлдимми?!
2003


* * *
Биламан, бу йўлнинг шартлари оғир,
Бу йўлдан шунчаки ўтиб бўлмайди.
ўамлари бешафқат, дардлари оғир,
Бу йўлдан шунчаки кетиб бўлмайди.
Лекин ортга қайтиб нима қиламан,
Сўзлар нажот сўраб бақираверса?
Худойим, мен қандай ухлай оламан,
Тушимда Хизрлар чақираверса?
Энди дардлар мени тарбиялайди,
Ўткинчи ҳислардан қочиб бораман.
Яна юрагимда шеърлар гуллайди,
Ўзимга ўзимдан кечиб бораман.
Барибир, йилларга бермас эдим тан,
Бошқа манзилларга рўбарў этса.
Тангрим, қисматимдан минг бор розиман,
Мени шу йўл бир кун Ўзингга элтса.
2004


Сўз

Мен Ундан уялдим, мен Ундан қўрқдим,
Кўнглимни таржима қилолмади У.
Оёғидан қирқдим, бошидан қирқдим,
Барибир, меники бўлолмади У.
Ундан кетолмайман, Ундан қолмайман,
Тақдирим У билан шерик-ку, Она.
Унга етолмайман, лекин толмайман,
Бу дунё Сўз билан тирик-ку, Она!
2004


Шоир

Ҳамма сўзлар Сеники эди,
Сочдинг, териб олавердим жим.
Бу олтинлар меники энди,
Мен энг бахтли ўғриман, Тангрим!
2006


Иқрор

Тунларга йиғладим. Ойга ёрилдим,
Жонимдан товонлар тўлаётирман.
Ўзимча ўйлардим: «Шеърга йўғрилдим».
Бугун битта Сўз деб ўлаётирман.
Арзийди осмонлар бағримга келса,
Ахир, юлдузлардан кўп менинг дардим.
Қанийди, қанийди, имкони бўлса,
Кўнглимни кўрсатиб қўя қолардим.
Елкамда тоғлар бор — кўтаролмайман,
Нимага хабар йўқ юлдузларимдан?
Бу кетишда бошқа кўкаролмайман,
Ажралиб қолдимми илдизларимдан?!
Менинг осмонларим қайда — билмайман,
Фақат билиб олдим ушоқлигимни.
Тавба қилдим. Ортиқ даъво қилмайман,
Мен энди тушундим қашшоқлигимни.
2004


Остона

Адабиёт, менга ишонасанми?
Сенга тақдир деган йўлимни берсам,
Ҳеч кимга бермаган қўлимни берсам,
Бор-йўқ бойлигимни — Дилимни берсам.
Адабиёт, менга ишонасанми?
Буюк сўзлар ухлар тилим учида,
Умидлар жон сақлар жоним ичида.
Озгина эркалик қилсам ҳам чида.
Адабиёт, менга ишонасанми?
Доғингда қанчалаб қонлар ичилган,
Ғамга тўлиб оққан сойлар кечилган,
Нетай, йўлларингга ризқим сочилган.
Адабиёт, менга ишонасанми?
Тунларни кунларга улаб чиқарман,
Ҳаётнинг тилидан сўзлар йиғарман,
Ерга сиғмасам ҳам шеърга сиғарман.
Адабиёт, мени тушунасанми?
2006


Қисмат

Риёни билмайди азим дарахтлар,
Ҳеч кимга сездирмай қилар ибодат.
Сирларин бой бермас, ўтса-да вақтлар,
Мудом сукут одат, тафаккур одат.
Жони оғрийдими — безовта, бедор,
Баъзан ошиқлардай сармаст ҳислардан.
Дарахтлар капалак каби беозор,
Ким зиён кўрибди шу мунислардан?
Мен ҳам битта дарахт бўлгим келганди,
Шохларига қуёш, ойлар осилган.
Фақат бахтсизлигим ё бахтимгами,
Пешонамга Одам бўлиш ёзилган...
2006


“Нимадир” Нима?

Ойни ким узиб олди?
Тоғларда ҳам ҳайбат йўқ.
Қуёш қайга йўқолди?
Дарахтларда ҳайрат йўқ.
Нимадир қилиш керак...
Адабиёт ҳали ҳам
Ёлғонларга бермас чап.
Янгиланди кўҳна ғам,
Ҳаммаёқда эски гап.
Нимадир дейиш керак...
2006


* * *
Юрак, битта шеър туғиб бер, болам бўлсин,
Доялари қўлим бўлсин, қалам бўлсин.
Ҳисларингни эрмак қилган тошчаларга
Икки дунё етиб-ортар алам бўлсин.
Жонимга жон жонлар аро эриб кетай,
Дардларини, гардларини териб кетай.
Кейин шеърсиз туролмасин, туролмасин,
Мен дунёга шеър дардини бериб кетай.
2002


Учирмалар

Ҳузурингга ўчиб бориб, ёниб келдим,
Ўзимни ҳам, сўзимни ҳам таниб келдим,
Охир бориб тақдиримга кўниб келдим.
Забонимни поклаб олдим исминг билан,
Руҳим ўзи тилга кирди изминг билан,
Бори умрим шеърга кўчди назминг билан.
Қанча дардлар келиб-кетди — номламадим,
Уммон эди, кўзёшимни жамламадим,
Бу ғамларни эрмак учун ғамламадим.
Йўлларим кўп, йўл тополмай ҳайрон ўзим,
Дунёларнинг қўлларида айрон ўзим,
Сайёдини яхши кўрган жайрон ўзим.
Юрагимга сон-саноқсиз талаб қўйдим,
Совимасин, дедим — ўтлар қалаб қўйдим,
Илдизимни тупроқларга улаб қўйдим...
2007


Нимам Қолди Абадиятга?

Оғриқ

Қанча кунлар қазо бўлди,
Жонимизга жазо бўлди.
Биздан кимлар ризо бўлди?
Эгамизга нима деймиз?
Иймон азим дарахтдир хўб,
Япроғидан меваси кўп,
Шохларини синдирдик хўп,
Эгамизга нима деймиз?
Капалакка қўл бермадик,
Чумолига йўл бермадик,
Дил олмадик, дил бермадик,
Эгамизга нима деймиз?
Уйғонгимиз келмас сира,
Кўзимизни босган шира,
Борган сари кўнгил хира,
Эгамизга нима деймиз?
Шайтон бунча соҳибжамол?!
Қонимизда топар камол,
Ҳаётимиз — битта савол:
Эгамизга нима деймиз?
2007


Биз

Кўҳна хотиралар маҳзун кўз очди,
Ҳаёт қозонида кўпайди камлар.
Қуёш чиққанига минг йилдан ошди,
Нега уйғонмайди одамлар?!
Қадамлар ножўя, қадамлар оғир,
Гиёҳлар кўзида оби зам-замлар.
Юзини яшириб йиғламоқда Ер,
Нега ишонмайди одамлар?!
Қўлларида Чўғни асрагай қандай,
Наҳот, ўчиб борар асрий бу шамлар?
Жаннатга буюртма бериб қўйгандай,
Нега шошилмайди одамлар?!
Шабнамлар алвидо айтдилар сокин,
Бир нурли висолдан титраган дамлар.
Бу тонг охиргиси бўлиши мумкин...
Нега тушунмайди одамлар?!
2008


Ўзига

Чақирсанг, ҳеч қаерга чекинмасдан келдим-ку,
Тоғларнинг орқасига бекинмасдан келдим-ку.
Қарғаларнинг тилига инсоф тилаб яшадим,
Ўзимдан бошқасига тегинмасдан келдим-ку.
Энди ҳолимни сўра.
Қачонгача армонлар кулбасига қўноқман,
Мен дунёнинг ортидан чопаётган чўлоқман.
Йиллар аро сўзларим манзилига етмайди,
Юрагимни тилимга кўчиргани нўноқман.
Энди кўнглимга қара.
Совиб қолсам, жонимни қайси ўтларга тутай,
Нурларингнинг бағрида кирларимни йўқотай.
Бўшаб қолган кўзларим, ўзим бедор бўлмасам,
Кўксимдаги қушчани қандай қилиб уйғотай?!
Энди ҳолимни сўра.
Мен бу ерга Сен учун эгилгани келганман,
Лолаларнинг кўзига тикилгани келганман.
Ишонтирсанг, ҳукмингни бажармасдан кетмайман,
Ҳаммаёқни гуллатиб, тўкилгани келганман.
Энди кўнглимга қара,
Энди ўзимга қара...
2005


* * *
Ризқим тош бўлса ҳам, ҳалол эт — қанд қил,
Мени мендан қутқар, Ўзингга банд қил.
Тубанда юзимни йўқотаёздим,
Мени юрагимдан бошлаб баланд қил.
2007


Ўзимни Бер

Худойим, ўзимни ўзимга бергин,
Ўзимдан бошқани соғинганим йўқ.
Булут тўлиб қолган кўзимни кўргин,
Яшаш тугул ҳали туғилганим йўқ.
Ёмғирлар Ҳаётдан бергайми дарак,
Ҳадемай чақмоқ ҳам ўтиб кетади.
Дунёга бир Инсон овози керак,
Қачон юрагимни тўлғоқ тутади?!
2005


Икки Дунёда Ҳам...

Хатоларда бошқа қайталанмасдан,
Ёлғон дунё учун фойдаланмасдан,
Дуч келган синовда майдаланмасдан,
Дардларнинг қўлида катта бўлсайдим.
Ҳаёт — кўкдан келган омонат хат, деб,
Эртанги саодат бугун заҳмат, деб,
Балолар ёғилса, оби раҳмат, деб,
Азобини сувдай юта билсайдим.
Кўзим хира тортса, нур бериб турса,
Менинг ўрнимга ҳам гул териб турса,
Кўнглимнинг уйини супуриб турса...
Умид қизларига ота бўлсайдим.
Ё, Раб! Шунча оғриқ бир жонимда жам,
Мени мингга бўлиб қўймасми ғуссам?
Икки дунёда ҳам иккиланмасам,
Икки дунёда ҳам битта бўлсайдим...
2006


Қачонлардир...

Қачонлардир мен ҳам Одам бўлганман,
Қачонлардир мен ҳам фаришта эдим.
Шу пайтгача Ҳаво сўраб келганман,
Бугун ҳузурингга Нур сўраб келдим.
Нимага ўзимга ҳушёр эмасман,
Қара, лаҳзаларим бормоқда синиб.
Наҳот, ёрилишга тайёр эмасман,
Наҳот, яшайвериш керак хўрсиниб?!
Нурлар тушмайдиган жойда қолганман,
Яна Ойга қарат, Қуёшга қарат.
Тўкилиб бўлганман, тугаб бўлганман,
Мени тупроққа сол — қайтадан ярат.
Қачонлардир мен ҳам Одам бўлганман...
2005


Кимга Аталганман?

Руҳим — осмонники, танам — ерники,
Қайсидир маконга боғланган кўнглим.
Жоним — армонники, қоним — шеърники,
Кимга атагансан ўзимни, Тангрим?
Гулларнинг иши йўқ вужудим билан,
Фақат сўзларимга шайдо бир зумча.
Ўзи, кимникиман бор-будим билан?
Кимга аталганман бутунлигимча?
2003


Ўн Саккиз Ёш Розлари

Лолажон, унутма менинг номимни,
Мен кўҳна дунёни этяпман сайр.
Кўтариб кетяпти йиллар жонимни,
Болалик, кўзингдан кетяпман, хайр.
Ана, учиб кетди менинг умримдан,
Ўн саккизта турна — ўн саккиз азоб.
Балки, ҳисобимга ёзилди бирдан
Ўн саккизта гуноҳ, ўн саккиз савоб.
Қалбимнинг ўн саккиз ери ям-яшил,
Баҳор ўн саккиз бор менга юз бурди.
Лабимнинг ўн саккиз ери қип-қизил,
Лола ўн саккиз бор лабимни кўрди.
Жонимни қоғозга едиравердим,
Айтмоқ истайвердим тирик сўзимни.
Ўн саккиз йил аро қидиравердим,
Зора, ўн саккизда топсам ўзимни...
2001


Изтироб

Лаҳзалар қўлингдан қушдай учсалар,
Файзиёб кунларинг тушдай кечсалар,
Куллар орасида безовта чўғдай
Пок сўзлар кўзингни мошдай очсалар,
Қанча гул дамларинг хаёлга кетса,
Жонинг кукунлари шамолга кетса,
Кипригинг устида улғайса орзу,
Кўзингда изтироб камолга етса,
Вақтга буйруқ берсанг: «Шошма, биродар,
Беҳуда тўкилма, тошма, биродар,
Эртага изимни излаб келасан,
Бу қадар ҳаддингдан ошма, биродар!»
Музларнинг бағрида ёниб, ёнолмай,
Мангу бир лаҳзага қўниб, қўнолмай,
Бебош юлдузчалар кўз сузаверса,
Юрсанг ўз қатлингга кўниб, кўнолмай...
Қум, тошлар қалашиб ётар йўлингда
Минг ўйдан сўнг бўлар биргина қадам.
Шу ожиз ҳолингда, ушоқ ҳолингда,
Шу ожиз ва яна мағрур ҳолингда
Ерга ҳам оғирлик қиласан, Одам!
2007


* * *
Қайси гуноҳимнинг тавбаси бу шеър?
Қайси дардлар билан оғрийман бугун?
Баҳор, уйғотишни мендан бошлайвер,
Юрагимда тугун — умримда тугун.
Кимларнинг умрини такрорлаб қўйдим,
Кимларнинг айби деб бошим эгилган?
Мен Сени Ҳаётдан ортиқроқ суйдим,
Қара, кўзларимга ғамлар экилган...
Тилимни сўзларда қирқиб олганман,
Наҳот, кўксимда гул очилмайдиган?
Кўкка қарашга ҳам қўрқиб қолганман,
Юлдуз борми кўзга санчилмайдиган?
Йиллар ўзи гувоҳ, қанча қийналдим
Ўзимни ўзимга тушунтиргани.
О, етар, шундоқ ҳам узоқ чайналдим,
Баҳона йўқ Сени ишонтиргани...
2006


Ҳадик

Нафасимни вақтга чақиб бер,
Нимам қолди абадиятга?
Ҳар гуноҳим бўлди битта шеър,
Жафо қилдим адабиётга.
Муштоқ қилди бир тоза нафас,
Бор ғамларни кўзга олдим мен.
Гулни эмас, булбулни эмас,
Тупроқларни шеърга солдим мен.
Совуқ ўйлар... Юрагим музлар,
Қачон обод бўлади Каъбам?
Мени алдаб кетмасми сўзлар,
Авлодларга етарми тавбам?!
2006


Дардсизлик

Ким болам деб қор курар
Ташвишларнинг томида.
Замин тинмай гуркирар
Бани Одам ғамида.
Ризқ теради дамо дам
Қимирлаган неки бор.
Қилдай қумурсқанинг ҳам
Кўҳиқофча юки бор.
Елкаларга тоғ тушди,
Кимлар унинг ортида.
Ой юзига доғ тушди
Юлдузларнинг дардида.
Бормикан бу бозорда
Оғзига тош солмаган.
Наҳот, шундай ғамзорда
Менга мос Дард қолмаган?
2008


Тугама(йди)ган Шеърлар

* * *
Ҳўнграб ҳам шунчалик қийналмас эдим,
Менинг кулгуларим йиғидан баттар.
О, бу қадар узоқ ўйланмас эдим,
Сўзимга изма-из юрмаса хатар...
* * *
Битта қанотда ҳам учган бўлардим,
Йўл топиб олардим ўзим осмонга.
Қуёшга яқинроқ жойда ўлардим,
Қайтмасдим ғам тўла ёруғ зиндонга.
* * *
Ёниб борар қўлимда қалам,
Ҳамма гаплар айтиб бўлинган,
Сўз даштида дайдиб бўлинган,
Тинч қўймайди Дард деган болам...
2007


* * *
Сўзингни манзилга етказганим йўқ,
Қачон кўнгилларни Шеърга ўрайман?
Тунларимни ҳалол ўтказганим йўқ,
Тонгларнинг юзига қандай қарайман?
Покланиб олгани Нур керак менга,
Шайтоннинг қўлида чирманда қилма.
Худойим, энг гўзал Шеър керак менга,
Тонгларнинг олдида шарманда қилма!
2003


Дуо

Яшашни билмасам, ҳаво бермагин,
Кўнгилга бегона наво бермагин.
Азоблар ичида кўкардим, ўсдим,
Илойим, дардимга даво бермагин!
2004


* * *
Барибир, Вужуднинг билгани — ғирром,
Кўнгилга солганинг чиндир, Худойим.
Бошқа дунёларнинг оташи ҳаром,
Мени бу дунёда ёндир, Худойим.
Ёнмоқ истаяпман оловларингда,
Раббимо, кўксимга чўғ отиб юбор.
Тобланиб олайин синовларингда,
Уйғонгим келяпти, уйғотиб юбор!
2003


* * *
Юролмайман, оёғимда лойларим кўп,
Кучукчалар тишлаб олган жойларим кўп.
Осмонларга даъвогарлар бисёр экан,
Чап кўксимда чиқмай ётган ойларим кўп.
Юрагимни кемиради минг битта ўй,
Наҳот, энди ялпизларим сочмайди бўй?!
Мен бандангнинг қўлларига ишонмайман,
Тангрим, энди Ўзинг мени турғизиб қўй!
2003


* * *
Мени ёндир, дедим — оловга тутдинг,
Зарра-заррамгача ёниблар кетдим.
Ҳар бир қадамимда синовга тутдинг,
Қоқилиб яшашга кўниблар кетдим.
Бошимни тошларда ёрдим неча бор,
Нега уйғонмайман, мудрайман доим?
Ўзинг хоҳламасанг, ҳаммаси бекор,
Одам қиладиган Дард бер, Худойим!
2003


* * *
Балки, бу ҳам бўлса яхшиликкадир,
Ёғаётган тошлар — Ҳақнинг раҳмати.
Бир куни дардларим топгуси қадр,
Қачон беиз кетгай қалбнинг заҳмати?
Ахир, нима қилай, гуноҳ ҳам тақдир,
Кўринмай бўлмайди унинг кўзига.
Аввало, хатони таниган ҳақдир,
Тавбадан гул экиб борар изига.
Бесамар кетмагай қон ютганларим,
Гарчи кўнглим ҳамон саргардон, дайдир,
Яхши кўрганларим — йўқотганларим
Бир кун ўзи мени топиб олгайдир...
2007


* * *
Худойимнинг ҳурларидан фарқингиз йўқ,
Кўксингизга юлдуз тўлиб турган пайтда.
Кўзингизни очмасликка ҳаққингиз йўқ,
Ёнингизда одам ўлиб турган пайтда.
Бугун яна ғамларимни бошлаб келдим,
Мен абадий дардлар билан келсам керак.
Юрагимни осмонларга ташлаб келдим,
Ўзим энди тупроқ бўлиб қолсам керак.
Ўзгаларнинг бахти деб ҳам йиғлаб туринг,
Ўлмайдиган наво олиб келинг менга.
Дардларимнинг давосини қўяверинг,
Сочингизда Ҳаво олиб келинг менга.
Оғриқларим Худойимнинг бергани-да,
Кўксим энди икки дунё бўш турмайди.
Пешонамга Қуёш тегиб турганида,
Уйғонмасам, тонглар мени кечирмайди...
2004


* * *
Нафас олишга ҳам хоҳишингиз йўқ,
Тирикка ўхшамас туйғуларингиз.
Билмасдан, кўзимга отаяпсиз чўғ:
Мени уйғотмоқда уйқуларингиз.
Учиб кетган қушлар қайтиб келмайди,
Яшашга кунлардан шартлар сўрадим.
Майда дардлар мени Одам қилмайди,
Умримни энг буюк ғамга ўрадим.
Ўткинчи шамоллар қўрқитмай қўйди,
Дарахтлар бағрида гувиллайвердим.
Юрагимга тегиб қуёшлар куйди,
Қишларга тан бермай ловуллайвердим.
Юмуқ кўзларингиз очиқ кетмоқда,
Мен ҳозир Ўзимни топиб оламан.
Тасодиф бўлиб сиз уйғонган чоғда,
Кўзларимни аста ёпиб оламан...
2005


Таъқиб

Катта-Кичик

Ҳаёт гулларига энг мард харидор,
Бўлса ўзларига суюк юклари.
Тошларни уйғотган нурдай хокисор,
Кичкина қалбларнинг буюкликлари.
Юзларин Қуёшга тескари бурар,
Булут кўзларидан кетмайди нари.
Мудом ҳаётингни эговлаб турар
Катта одамларнинг майдаликлари.
2007


Огоҳлантириш

Мағлубият, бунчалар ҳам аламинг зўр,
Бунчалар ҳам пешонанг шўр, мағлубият.
Айтиб қўяй, юрагимнинг жаҳли ёмон,
Яқинлашсанг ўзингдан кўр, мағлубият.
2006


* * *
Ўзимни бошқаргим келади ўзим,
Дунё, тушунмайди тўрачаларинг.
Қуёш, сени қучмоқ истайман бир зум,
Нега йўл қўймайди заррачаларинг?
2003


Ҳаёт Спектакли

Кечаги ёш бола бугун кемшик чол —
Биров туғилганда биров ўлади.
Яна ўша ўзим хоҳламаган рол...
Дунё томошабин бўлиб кулади.
Одамларга айтар бошқа гапим бор,
Тугаб боряпман-у, нега барча жим?
Мени маъзур тутинг, жаноб Режиссёр,
Бахтлилар ролини ўйнаб чарчадим...
2006


Булоқбола

Майсадай уйғондим тошлар бағрида,
Еллар бешигида топдим ҳаловат.
Тоғлар асраб келди қишлар қаҳридан,
Кийиклар тилидан учди саловат.
Булоқбола бўлдим — тиниқ нигоҳи,
Дийдамдан ўтдилар турфа қадамлар.
Гоҳида йиғлатиб, кулдириб гоҳи
Кўзларимни очиб қўйди одамлар...
2007


Таъқиб

Ниҳоят, тонгдан ҳам гўзал уйғондим,
Ёғдулар ёғилди қароқларимга.
Ўзимга ишондим — нурландим, ёндим,
Қуёш тегиб кетди бармоқларимга...
Сабаб кўп кунлардан кўнгил тўқлашга,
Дунёларни қучиб, ўсмоқда қўлим.
Шундай Ҳаётимда мени йўқлашга
Нимага хижолат бўлмайсан, Ўлим?!
2006


Ҳасрат

Ярам ўтиб кетди жон-жонларгача,
Ҳали кўп инграйман азонларгача.
Ўйлаб чарчамайман қачонларгача
Армон гулларига илдизлигимни?
Кўзимга туманлар кутади кимлар,
Изимга тиканлар отади кимлар,
Сўзимга кишанлар тутади кимлар,
Билиб осмони йўқ юлдузлигимни.
Мудом кўз остидан чиққан арилар,
Умримдан гуноҳлар йиққан арилар,
Бировнинг нишида чаққан арилар
Билмасми булбулмас, қўнғизлигимни?
Юрагим — оёқлар тиқилган чашма,
Ҳали бир томчимга қиламан ташна,
Юзимга солишинг шарт эмас, ошна,
Ўзим ҳам биламан ёлғизлигимни...
2002


Жондан Ўтди

Тоққа чиқай, десак, тошлар қўймаса,
Кўзга ёқай, десак, қошлар қўймаса,
Яшашга мана бу бошлар қўймаса...
Бизга ҳам аталган дунёлар борми?!
2006


Ойга Тегманг

Нима қилсам, Ойни бошқа йиғлатмайсиз.
Нима қилсам, тинч қўясиз осмонларни?
Нима қилсам, юлдузларга тош отмайсиз,
Нима қилсам, ўлдирмайсиз жайронларни?
Бирга Ҳақнинг айвонига боради, деб,
Қалдирғочлар қўлларимдан тутиб олган.
Ҳеч бўлмаса, паноҳ сўраб беради, деб,
Оёғимга кийикчалар ётиб олган...
Ёмонларга пастлагим йўқ, асли, лекин,
Гиёҳларнинг номларидан қўл сўрайман.
Ҳали кечмас, ҳали яна севиш мумкин,
Мен гулларнинг кўнгли учун йўл сўрайман.
Нурга қайтинг — рўёларни кетказасиз,
Еру кўкнинг тинчи учун бошланди жанг.
Бу кетишда умрингизни ютқазасиз,
Ўзингизга шафқат қилинг — Ойга тегманг.
2005


Гадо

Мени майда ғамлар кўкартирмади,
Битта-битта узди томирларимни.
Ҳали ҳам кўксимга кўклам кирмади,
Ҳаётга қарз бердим бор нурларимни.
Қарғалар ортимдан не деса, деди,
Ҳар келган балони ҳикматга йўйдим.
Энг катта давлатим юрагим эди,
Уни ҳам бировга бой бериб қўйдим.
Шу ғариб ҳолимга бунча қийнайсан,
Зиғирча жонимга бўлганмисан зор?!
Барибир, яхшисан, қуруқ қўймайсан,
Чорраҳага ташлаб мени умидвор...
2006


* * *
Кўзи йўқлар ҳам яшаб юрибди,
Сўзи йўқлар ҳам яшаб юрибди,
Ўзи йўқлар ҳам яшаб юрибди,
Нега менга кун бермайсан, Ҳаёт?!
2006


* * *
Кўксимнинг оғриғи — шеъримга доя,
Бағрингдан қидириб юрибман Зиё.
Берган ғамларингга борми ниҳоя,
Кўзларимда нима ҳаққинг бор, Дунё?!
...Хаёлан тутаман қўлчаларингдан,
Юракка ботириб, сураман қалам.
Ҳали умидим кўп тилчаларингдан,
Ишқилиб, ўзимга ўхшагин, Болам!
2004


* * *
Ялинчоқ эмасман, кибриммикан бу?
Ўзимнинг ўзимга жабриммикан бу?
Яшашим мумкин-ку жонимни сийлаб,
Тош тишлаб юрибман, сабриммикан бу?!
2003


* * *
Баланддан келганга осмондан келдим,
Бошимга кўтардим ерга тушганни.
Гулларнинг қошига нур бўлиб елдим,
Ташладим-да, қочдим бурни шишганни.
Ўзим катта қилдим — бу дардлар ўктам,
Тошдан тоғ яратдим, заррадан оташ.
Фақат оғир экан ҳаммасидан ҳам
Шамоллар юртида шам бўлиб яшаш...
2007


Юлдузли Ўйлар

Кўзларимга юлдузчалар тўлиб кетди,
Дунёларга ҳавас энди дунёларим.
Уч-тўрт ит тил текизгандай бўлиб кетди,
Лойқаланиб қолармиди дарёларим?
Нима кўрди қайғу берган намдан бўлак?
Юрагимга бойчечаклар илиб олдим.
Ўзи, менга нима берди ғамдан бўлак?
Дунёсига қўл силташни билиб олдим.
Эсламайман итлар ҳурган йўлларимни,
Ортимдан бир ириллади — қолаверди.
Илончалар чақиб олди тилларимни,
Тангрим дилга солаверди, солаверди.
Мен розиман, майли, кимдир қўллайверсин
Юрагимнинг насибасин еганларни.
Кўзларида ҳайратлари гуллайверсин
«Осмонининг қуёши йўқ», деганларнинг.
Беркилади ғанимларнинг йўлчалари,
Осмонларим бағримга гул сепиб турса.
Қўйвормаса юлдузларнинг қўлчалари,
Она Ҳилол товонимни ўпиб турса...
2002


Умид

Бир бурда нон билан куним ўтарди,
Шуни ҳам кўп кўрдинг — авзойинг бузуқ.
Ҳаёт яна сувдан ғалвир кўтарди,
Ҳар галгидек мендан ному нишон йўқ.
Гарчи қаролмадим Қуёшга тикка,
Гарчи саратонда туриб музладим.
Кўникиб кетмадим чорасизликка,
Ойнинг нурларида йўллар изладим...
Тугаб бораверди ғамларнинг тоғи,
Йиғлаб қолди армон қизи — ожиза.
Изларимни пойлаб юрганди, чоғи,
Бу гал мени кутиб олар Мўъжиза...
2007


Тўпламга Кирмаган Шеърлар

Тавалло

Ҳар ким ўз қисмати қошида ожиз,
Гарчи атрофимда дўстлар бор — холис,
Улар уммондаги чўп каби ожиз,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.
Оғир бу йилларнинг тоши енгилми,
Биров ечолмади тилсим севгимни,
Учратмасанг, қайдан топай тенгимни,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.
Умримни чўқилаб зоғлар алмашди,
Йўқолиб-йўқолмай доғлар алмашди,
Елкамдан тушолмай тоғлар алмашди,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.
Хаёлим кишанда, кўнглим кишанда,
Сўрадим — сўрашни қилмадим канда,
Авлиё бўлса ҳам бандаси — банда,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.
Савобу гуноҳда беқарордирман,
Ажаб, шу ҳолимга сервиқордирман,
Умидсизлик аро умидвордирман,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ!
2009


Узун Орзу

Бирдан қанот ўсиб чиқса елкамдан,
Учсам. Ҳаммасини унутсам. Кетсам.
Асар ҳам қолмаса шум кўланкамдан,
Армон етолмаган манзилга етсам.
Қувиб тутолмаса ортимдан лаин,
Муҳаббат ўртада бўлмаса даллол.
Худди шу энг мақбул, тўғри йўлдайин —
Учишим ҳеч кимга келмаса малол.
2008


* * *
Бардош либосининг иплари тиғдан,
Амаллаб кийдингми, ечишдан не наф?
Кўзингни яширма кўнгли мунглуғдан,
Сева олиш шараф, севилиш шараф.
Дақёнусдан қолган бу даҳри дунда
Бир янги заррадай кўзга илинсам.
Муродим гуллари очилган кунда
Не тонг, яшаш учун маҳкум қилинсам!
Сўнгги нафасгача эшиклар очиқ,
Ўз ҳолидан ўзи гумонда гумон.
Наздимда, кўрмаган бу қадар Ошиқ
Бир томчи Дийдорга ғарқ бўлган жаҳон...
2008


Эски Ҳақиқат

Дунё эски, ташвишлар эски,
Навқирондай бу ғамлар кўҳна.
Қарсак чалиб топамиз таскин,
Ҳаёт ўзи эски бир саҳна.
Гар пихини ёрган фуқаро
Ўзлаштирмоқ бўлар бугунни,
Ечолмаслар минг йиллар аро
Севги деган эски тугунни.
Ким бировни йиғлатиб кулар,
Шу ўйинлар менга қизиқми?
Ё ўчириб берарми улар
Пешонамда турган чизиқни?
Фақат сира тинч қўймас бир ҳол,
Ўйлатади дунё ишлари:
Нигоҳлари маъюс мажнунтол,
Чинорларнинг хўрсинишлари...
2008


Бозор

Бугун ҳам пул эмас, Нур излаб чиқдим,
Нигоҳларим тоза — кўзимда кир йўқ.
Яна назари оч тўпга йўлиқдим,
Одамман деган кўп, юзида нур йўқ.
Қандай юрак очай юраксизларга,
Наҳот, шуларни деб тўкмоқчиман тер?
Ёрдам бергим келар маҳбус сўзларга,
Гаплар осмондадир, пойгакларда Шеър.
Яшаш ҳадисини билмасман, балки,
Инсонлик илмидан олурман таълим.
Ҳалолликдан сабоқ берарми ёки
Ўзи амал қилмас Ҳаётмуаллим?
Тошларни чайнашга темир тишим бор,
Чўкиб кетмасликка топарман қудрат.
Меншунослар билан нима ишим бор,
Бу йўлдан кўз юмиб ўтгум йўқ фақат...
2008


Дўст

Мени телбаларча қўмсар Ёлғизлик,
Кўзлари йўлимда илҳақ, нигорон.
Уни ҳам ҳар кўйга солар ёрсизлик,
Шуниси ёмон-да, шуниси ёмон.
Нечундир, бу ҳолга осон кўникдим,
Кўнглим чопар унинг кўнглин олгани.
Ёнингга бормасам, кечир, севиклим,
Қўрқади Ёлғизлик ёлғиз қолгани.
2008


Тавсиф

Адашган Ишқ суратида юрдим дайдиб,
Сендан бошқа кимга борсам малол бўлдим.
Остонангдан мингинчи бор кетдим қайтиб.
Эшигингни очолмаган шамол бўлдим.
Чимдимгина Нурни кимлар қисиндилар,
Кабутарлар қучоғимда исиндилар,
Мени ўйлаб йиллар оғир хўрсиндилар,
Ҳақиқатнинг ҳиди келган савол бўлдим.
Тоғлар аро кетолмадим кўнгил тусаб,
Бир нурчеҳра Гул қидирдим — тоза насаб,
Элга дарддан кўп бежирим кўза ясаб,
Ўз бахтини яратмаган кулол бўлдим.
2008


* * *
Мен пастга тушмадим, сиз чиқмадингиз —
Ҳаёт эшиклари очилмай қолди.
Дарду додим билан қизиқмадингиз,
Хаёлимни буткул юлдузлар олди.
Ҳолбуки, ҳар недан изладим маъни,
Кунлар оғиб борар қолдиролмай из.
Ҳисобмас соатнинг минғирлагани,
Азизим, барибир, яшолмаяпмиз.
Ҳозирча топганим, эришганим шу —
Маҳкумман изсизлик(ўзсизлик) деган жазога.
Сиз ерда юргандай кўринасиз-у,
Мендан яқинроқсиз арши аълога.
Самовий ўйлардан чалғийман бир оз,
Остонам ортида ёқимли дупур.
Энтикаман, холос, шошаман, холос,
Эшик тақиллайди. Худога шукур!
2009


Жавоб

Мени тушунмади тушунганларим,
Уларни тингладим, ўзимни тийдим.
Ишонмай қийнади ишонганларим,
Митти озорларни кечирдим-қўйдим.
Ҳар хасга беркитдим қулоқларимни,
Ҳақгўй кўзларимни атадим ғаним.
Шамоли ўчирди чироқларимни,
Мендан кечиб кетди кечмаганларим.
Дўстлар, дўстларимга айтинг, шошмасин,
Арзонга учмасин сотмоқчи бўлса.
Хиёнатида ҳам майдалашмасин,
Каттароқ тош отсин отмоқчи бўлса.
2008


“Учлик”Ларим

Сўқирнинг қўлига шам берма дедим,
Ҳаёт кафгирига дам берма дедим,
Мендан бошқасига ғам берма дедим.
* * *
Соядай қадамим пойлайди Гуноҳ,
Мени ўзимдан кўп ўйлайди Гуноҳ,
Нимага яшашга қўймайди Гуноҳ?
* * *
Товланишни бас қил, зарга оғмайман,
Шеър билан овутма, сўзга сиғмайман,
Мен йиғлай олмаслар учун йиғлайман.
2008


Ўғил

Дада, далангизга дард сочиб келдим,
Яна машаққату заҳматлар Сизга.
Белингиз оғриди, мен қочиб келдим,
Қачон олиб бердим раҳматлар Сизга?
Ая, соғинчингиз сочи оқарди,
Бормадим — кўпайиб кетди тўйларим.
Шу ёшимда фақат севиш ёқарди,
Сиздан кўра кўпроқ уни ўйладим.
Бошдан нима ўтди — билдирганим йўқ,
Кимдир тўкаверди нур изларимга.
Ўзимни-ку хафа қилдирганим йўқ,
Озор бериб қўйдим азизларимга.
Майсалар, парёстиқ бўлинг, бош қўйса,
Чинорлар, Отамнинг ёнида юринг.
Боласини ўйлаб юраги куйса,
Аччиққина қилиб чой дамлаб беринг.
Бу ташвишлар билан бўлмайди қариб,
Мени кутиш учун келган оламга.
Қўллари толмасин челак кўтариб,
Булутлар, сув ташиб беринг Онамга.
Дада, дардингизга бошман, биламан,
Ая, тушларингиз бир кун келар ўнг.
Ҳали юзингизни ёруғ қиламан,
Одамшоир бўлиб борганимдан сўнг.
2008


* * *
Ташқарига чиқдим. Юрагим қўлда.
(Бутун бир кўчани ёритарми шам...)
Бўлиши мумкин-ку худди шу йўлда
Умрида ёруғлик кўрмаган одам.
2008


* * *
Мен — ўзини сотиб қўйган қул,
Хаёлимга занжир солиб бер.
Ўзингдан ўзгадан озод қил,
Юрагимни ундан олиб бер.
Осмон эдим, қандай эгилдим,
Қаро ерга дондай тўкилдим,
Наҳот, шунча осон енгилдим,
Юрагимни ундан олиб бер.
Қандай ишқ бу, йўлдан чалғитса,
Ўтдан олиб ўтга ирғитса,
Паришонман, яна тўзғитса...
Юрагимни ундан олиб бер.
Бир нигоҳга мендай зормас у,
Тоза дардга интизормас у,
Мени Сенга олиб бормас у,
Юрагимни Гулдан олиб бер.
2008


Кўнгил

Ҳеч бўлмаса, хафа бўлдим, де,
Ў бўлмаса, бирор сўз айт, ҳой!
Фақат бундай қарама менга,
Кўзим тегиб синиб қолган Ой.
2008


* * *
Севги ёмон, севги дилозор,
Бор-будимдан мени айирди.
Андишасиз меҳмондай беор
Дил уйига сўроқсиз кирди.
Чеҳрасида жозиб табассум,
Бир чиройли ҳислардан ийдим.
Беихтиёр — билмасдан ўзим
Уй тўрига ўтқизиб қўйдим.
Эъзозладим, бағримни очдим,
Хизматида бўлдим эрта-кеч.
Дастурхонга боримни сочдим,
Шунданмикан, кетгиси йўқ ҳеч.
Кундан-кунга бўлди яқинроқ,
(Ё мезбонни ёқтириб қолди.)
Хаёлимга ташлади қармоқ,
Мени буткул оғдириб олди.
¢уруримга кейин солди чанг,
Ўзлаштирди ичу сиртимни.
Ҳеч қанақа қўшинсиз — бежанг
Ишғол этди Кўнгил юртимни...
Энди нажот сўрайман кимдан?
Ё бўшатгим келмас майдонни.
Ҳайдолмайман ҳануз умримдан
Севги отли гўзал шайтонни...
2008


* * *
Шу кеча эртагин тугатмаса қор,
Сен совуқ қотмасанг — уйга кирмасак,
Оқ, оппоқдан бўлак рангни билмасак,
Майлига, кечикса кечиксин баҳор.
Эртани ўйлама, чўчима сира,
Айни дам йиқилиб тушмасанг бўлди,
Қўлимдан маҳкамроқ ушласанг бўлди,
Ҳар босган изимиз биллур хотира.
Кумуш осмон гулдай сочар меҳрини,
Оҳиста чекиниб тун пардалари,
Юзингда порласа ой парчалари,
Қорлар ўчиролмас севгим муҳрини...
2008


Қоршеър

Осмон бодроқ тўкди кун бўйи —
Борлиқ қўйни тўла оппоқ дур.
Табиатнинг бу кумуш тўйи
Тарновларга улашар ҳузур.
Кўпни кўрган оғочлар яна
Елкасига олар бор юкни.
Ҳали давом этар тантана —
Асраш керак ҳар нозикликни
Кекса мўри зерикмас чекиб,
Лек ҳавони қилмас бемаза.
Изғириннинг қалами тегиб
Гулзор бўлиб кетди дераза.
“Оққуш бўлиб қанот ёзайлик!..”
Хаёлларнинг йўқдир поёни.
Ташқарига шошар гўзаллик
Шарфга ўраб олиб ҳаёни.
Поклик чулғаб борар ҳар ерни,
Оқлик инар далаю боққа.
Аёзкотиб энг дилбар шеърни
Доғ юқтирмай кўчирар оққа...
2008


Тоғистон

Кўнглимнинг кўзида порлади ҳайрат,
Оллоҳ, бугун Сени тошда ҳам кўрдим!
Қоялар борлиққа берганда зийнат,
Булутга бошимни қўйиб улгурдим.
Кечир, тоғ қалбимни тоққа бурмабман,
Чорласа бормабман зангор кенгликлар.
Юксакка юксакдан боқиб кўрмабман,
Теграмда қаппайиб турмиш дўнгликлар.
Келдим. Бу софликдан хижолатдаман —
Озор топмасмикан нигоҳим тушса?
Лаззатга ғарқ бўлиб тасбеҳ айтарман,
Гар обид гиёҳлар сафига қўшса.
Зилол туйғуларда кўксимни чайдим,
Вужудга шавқ берди руҳий таҳорат.
Чўққилар бошида бир ҳикмат туйдим:
Яратсанг ҳар нени тоғ каби ярат.
Фақат бир ҳадикдан хаёлим тилка,
Йўлиқмасам эди бепарволикка.
Яшаб қолай десам бу мағрур ўлка
Қабул қилармикан фуқароликка?
2009


Уйғониш

Кўзларимдан оловлар сачрар,
Қафасдаги шердай оғриндим.
Ҳувиллаган одамзор ичра
Ҳаёт, Сени жуда соғиндим!
Кундалигим бир хил: уй, йўл, иш,
Қаноти йўқ қушга ўхшайман.
Ташвишларнинг ортида ташвиш...
Бу туришда қачон яшайман?
Қайда эшик очдим ғавғога?
Йўл бошида йўқотдим йўлни.
Оз бўлса-да тоза ҳавога
Олиб чиққим келар Кўнгилни.
Ёниб кетгим келади бирдан,
Адо қилди тунга шериклик.
Некбин-некбин нигоҳлар билан
Бугун сенга зорман, Тириклик!..
Юрагимда орзугул унар,
Умид тинмай қилар қўнғироқ.
Борган сари кўзларим тинар —
Борган сари Қуёш яқинроқ...
2008


* * *
Севги, о, гуноҳдошим,
Тўполончим, бебошим!
Юрагимга тош отдинг,
Синай деди бардошим.
Ҳеч гапимга кирмадинг,
Йўл бошладим — юрмадинг.
Ўш боладай ортингдан
Чопганимни кўрмадинг.
Гоҳ тирилдим, гоҳ ўлдим,
Гадо бўлдим, шоҳ бўлдим.
Эшитмадинг, шекилли,
Янгиланган оҳ бўлдим.
Ҳисларимни ўйнадинг,
Панд беришни қўймадинг.
Ўзинг уни кўрсатиб
Яна мени қийнадинг.
Қилармисан тасаввур:
Ў муҳаббат, ё ғурур.
Бир сўз айтар севгилим,
Минг йилгача чидаб тур.
2008


Майдон

«
Тоғай Муродга
»

1

Ойдинда от ўйнатдим,
Ёнсин-ёнсин юлдузлар.
Дилбулоқни қайнатдим,
Ўнгурларда тош музлар.
Кирлар босиб юзини
Ой ухлар қай қўйинда?
Нур йўқотди ўзини
Ҳалол-ҳаром ўйинда.
Ёлғон ётар болалаб,
Ор аламда қоврилар.
Ялтир-юлтур шон талаб,
Кимга қолди давралар?

2

Юрак чиқди қинидан,
Еру кўкка сиғмайман.
Ўлганимнинг кунидан
Қўшиқ айтиб йиғлайман.
Эл билан чет экансан,
Бор-будингдан кечиб қўй.
Агар қизбет экансан,
Белбоғингни ечиб қўй.
Кўксингни нур доғласа,
Ёруғ ният бўлади.
Йигит ёлғон йиғласа,
Уят-уят бўлади.
Ўрнингизни қизғонинг,
Тоза зот номардларим.
Уйғонинг-а, уйғонинг,
Ай, полвонча дардларим!
2008


Сўнгги Ваъда

Ёруғ шеърлар ёзаман энди,
Сен ҳам фақат яхши тушлар кўр.
Мен иккинчи ўзимни енгдим,
Ҳеч нарса йўқ юрагимдан зўр.
Ўз измига тушар ҳаммаси,
Қор остида қолиб кетмас из.
Жинкўчада зулмат шарпаси,
Омон сақлар бизни Ишқимиз.
Ота, сизга ўхшолмайман деб,
Беркитмайман нурга хонамни.
Бу аҳволда яшолмайман деб,
Қўрқитмайман мушфиқ онамни.
Нима йўлдан урар бандани?
Айтганингдан четга жилмайман.
Тангрим, кечир мен арзандани,
Ортиқ Сенга исён қилмайман.
Ўз юртига ҳайдайман ғамни,
Йўқотишдан, тамом, қўрқмайман.
Тополмаса агар кулбамни,
Ёруғликни ўзим йўқлайман.
2008


* * *
Сўз излаб саргардон, сўз ичра зорман...
Гапдон давралардан қочиб кетди тил.
Диққинафас хона, сендан безорман,
Шеър ясаб ўтишга ҳаё қилар Дил.
Ёзганларим сари ортиб борар кам,
Дардларимни айтсам, нолишга йўйма.
Нопок оёқ билан қошингга борсам,
Ҳайда, Адабиёт, ичкари қўйма!
2008


Йўқлов

Сабоғи тугамас мактабдир Ҳаёт,
Баъзида танаффус — ўйнаб-кулгани.
Кеча парталарда Дийдор эди шод,
Ҳамма тарқаб кетди Одам бўлгани.
Бир куни йўқ эдик, бирда бор эдик,
Тинмади Орзунинг хархашалари.
Жаннатда юргандай бахтиёр эдик
Бир ота-онанинг зумрашалари...
Қанча ёруғ бўлди умр — дарсхонам,
Билган-билмаганим шундан ҳам маълум.
Муаллим — Руҳимни уйғотган Онам,
Фарзанд ажратмаган Отам — Муаллим.
Сўз бўлиб тилидан савоблар учган,
Икки олам аро қисмати — эъзоз.
Ким бўлиб борсам ҳам бағрини очган,
Келдим. Ассалому алайкум, Устоз!
2008


* * *
Бу хатолар, аччиқ хатолар
Ҳузурингга очиб берди йўл,
Саволларга дуч келдим нуқул,
Юрагимда қадим садолар.
Қанотларим куйиб пастладим —
Баланд уча олмас ёлғизлар,
Мудом йўқлик изимни излар,
Ўзгинамни Сенга асрадим.
Қўлда қолиб кетди дуолар —
Нима бўлди? Нима жин урди?
Кипригимга азоб ин қурди,
Энди мени дардлар даволар.
Яхшиямки, хатоларим бор,
Йўқса, мени суймасми эдинг,
Ёмғирларга тўймасми эдим...
Дийдор юрти бўлди тавбазор.
2008


Ўн Биринчи Ой

Ёмғир қуя бошлади бирдан,
Савалайди биллур қамчилар.
Панароққа қочгани билан
Топиб олар йўлни томчилар.
Парво қилмас симёғоч хумпар,
Усти-боши ҳўл бўлган жиққа.
Рақсга тушар олтин япроқлар
Шитир-шитир — ёмғирқўшиққа.
Мўлтирайди бекатлар юпун,
Маъюс тортар ёлғиз хиёбон.
Ниманидир эслатиш учун
Гумбурлайди қоп-қора осмон.
Ғилдираклар шошар қирғоққа,
Дарё бўлиб оқмоқда йўллар.
Бу сафар ҳам қизил чироққа
Тоқат қилмас автомобиллар...
Шу баҳона ютмади заҳар —
Ёмғир ювиб кетди барини.
Ғуборлардан зериккан шаҳар
Ювиб олди кўйлакларини.
2008


* * *
Энди қўлга олганда созим,
Оғзим куйди, синди овозим.
Аламига куйлашим лозим,
Такрор-такрор имкон сўрайман.
Ўз ўзимга етади кучим,
Ҳасрат шомга бўлолмас ечим,
Гарчи мисли қиёмат ичим,
Хотиржам бир иймон сўрайман.
Кимнинг кайфи учун бу ўйин —
Мағлублари олдиндан тайин,
Ғолибларга ундан-да қийин,
Сотилмаган майдон сўрайман.
2009