OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБеки Сайтақов
Асар номиБола бахши (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Туркман адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Беки Сайтақов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонМашариф Сафаров (Туркманчадан)
Ҳажм134KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бола бахши (ҳикоя)
Беки Сайтақов

Қамишли Қудуқ

От сувнинг исини олиб пишқирди. Қайчидек қулоқларини диккайтирди-да, калласини ўнгга ўгириб, жиловини тортқилай бошлади. Йўл чеккасидаги қамишзор орқасидан қудуқ деворларига урила-урила юқори тортилаётган челакнинг овози эшитилди.

Отлиқ нозикдан келган ўн саккиз яшар кўркам йигит эди. Унинг оёғида оқ пийма, бошида жунлари тоғорадаги сув мисоли тўлқинланиб ётган қора телпак, эгнида ўзига ниҳоятда ярашган пўстин бор эди. У олис сафарга отланган жангчи қуролини елкасига осган каби дуторини елкасига ташлаб олган эди. Йигитни бир кўрган одамнинг уни яна кўргиси келарди. Юқорида айтиб ўтилганидек, йигит ҳушрўй юзли, келишгангина эди. Қирра бурун, лаблари юпқа ҳам ниҳоятда бежирим. Кўркам юзи доим кулимсираб турганга ўхшарди. Юган тутган бармоқлари узун-узун ва чиройли эди. Бу йигитча, ўзининг эндигина ўн саккиз ёшга тўлган бўлишига қарамай, аҳли Xоразм орасида Бола бахши деб ном таратиб улгурган эди. Унинг асл исмини билган одамлар бармоқ билан санарли эди. Бола бахши ўн ёшидан бошлаб Xидир бахшининг этагидан тутди. Қўшиқ ва соз санъати ҳамда суҳбатини ўзида камарбаста қилган кекса Xидир бахши ҳеч нимага эътибор бермайдиган инсон эди. У қўшиқ, соз ва санъатдан бошқа касб, ўзидан бўлак бахши бор деган фикрни хаёлига ҳам келтирмасди.

Кекса бахши бир куни кенг туркман қумтепалари, саҳролари орасидан чорланган тўйга кетаётиб, от устида шундай фикрга келди: «Ўлчаб берилган умрнинг кўпи кетиб ози қолди. Мен ҳам бир куни бу дунёдан ўтарман. Лекин мен ўзимдаги қўл етмас ноёб санъатни кимга қолдириб кетишим керак? Уни мен фақат Бола бахшига қолдиришим керак. Бу бола жуда ихлосли ўсмирга ўхшайди. Қўли чаққон, овози ҳам ёқимли. Балки бир неча йиллардан сўнг «Сувора»ни айтганда, эшитганлар унга: «Хидир бахшининг худди ўзи бўлиб айт!» деб хоҳиш этарлар. Бу ҳам менга қўл етмас ҳайкал, ёдгорлик бўлар. У менинг фоний дунёда қолдириб кетган изим бўлар...»

Шу кундан бошлаб, Xидир бахши Бола бахшига бутун эътиборини бера бошлади. Бола бахши ўн бешга чиққанда, кун ботгандан кечанинг ярмигача қўшиқ айтадиган бўлди. Унинг ёнбошида тоғнинг бир бўлаги каби бўлиб, ичидан хиргойи қилиб ўтирган Xидир бахши авваллари унинг дуторини созлашда, қўшиқларнинг айрим байтларини эсга олишга ёрдам берарди. Авжга чиққан жойларда сасини майин қилиб, Бола бахшига жўр бўларди. Бироқ ёш ўғлоннинг ихлосига, уқувига, кун-кундан камолотга етиб бораётганига қараб боши осмонга етарди. Xидир бахши вафотидан икки кун олдин Бола бахшини ҳузурига чақирди.
— Ўғлим, менинг куним битганга ўхшайди. Ўғил ўрнида ўғил, қиз ўрнида қизим бор. Лекин барча ҳунаримни сен олиб қоляпсан. Xудойим, пешонанг оқ бўлсин, йўлинг очиқ бўлсин. Омин... Мана... ўғлим, шундай қилиб сенга оқ фотиҳа бердим. Аммо бир топшириғим бор. Пулдор, бой кишининг уйида яхши айтиб, камбағал, ғарибникида кўнгилсиз ашула айтма. Қайтанга, агар ўнғара олсанг, тескарисини қил. Қолган кам-кўст жойларини ғижжакчи тузатади. Унинг одамлар билан доимо қўрс муомалада бўлиб, ҳеч нарсадан кўнгли тўлмай юрганига эътибор берма. У ўз ҳунарининг устаси, ўзи ёмон одам эмас.

Ана шу воқеадан кейин бир неча йил ўтди. Устози вафотидан сўнг эл орасида қўшиқ айтишдан Бола бахши тортиниб юрди. Бироқ устозининг хотирасига, руҳларининг шод бўлиши учун қўшиқни мароми ва меъёрига етказиб айтиш керак деган ниятни кўнглига тугди. Ҳеч қаердан ёрдам келмаслигига амин бўлиб, бор кучини белига, қўлига ва овозига берди. Уни олиб ҳам чиқди. Эндиликда унинг товушига, соз чалишига, ўз касбининг устаси эканлигига шак келтирадиган одам қолмади, ҳисоб.

Бахшилар, хусусан, эл севган қўшиқчи бахшилар ўз уйларига меҳмон сингари келиб кетадилар. Уларнинг бутун вақти эл орасида ўтади. Бола бахши бундан тўрт кун бурун узоқдаги қишлоқларнинг бирига олиб кетилган эди. Ҳозир эса у ўша жойдан қайтиб келаётганди.

Отнинг бетоқатланаётганини кўриб, Бола бахши жиловни тортди-да, орқасига ўгирилди.
— Ёшулли, отлар сувсираганга ўхшайди. Кейин, йўлимиз ҳам узоқ. Келинг, отларни суғорайлик-да, ичган сувларини бўйинларига чиқмас қилиб, чоптириб кетайлик.

Орқадан келаётган отлиқ олтмиш ёшдан ошган, рапида юзли, чўққи соқол, новча киши бўлиб, у ҳозир йўрға отнинг устида худди тикка туриб келаётган чавандозга ўхшар эди. У одам ғижжакчи эди.

Унинг товуши йўғон ва хириллаб чиқди:
— Майли, ўғлим, ундай бўлса қудуққа юра қол.

Беш-ўн қадам юришгандан кейинг ўнг томондаги қамишзор тугаб, Бола бахши отининг жиловини олдларидаги қудуққа томон бурди. Отнинг юриши тезлашди. Сувлиқни тортқилай бошлади. Бола бахши то қудуқнинг бошига келгунча оти билан овора бўлиб, теварак-атрофига қарамади. От тумшуғининг ярмини сувга тўла новага босиши билан отдан тушди. Шундан кейингина қудуқнинг бошига назар ташлади. Унинг кўзлари қамашиб кетди. Кўзига бир нарса ўн бўлиб кўринди. У кўзларини очиб-юмиб, яна ўша томонга диққат билан қаради. Бу сафар Бола бахшининг кўзига қудуқнинг бошида қизил гуллардан ясалган гулдаста кўринди. «Бу нима бўлди экан-а? Қишнинг ўртасида ҳам гулдаста бўлар экан-да!» Сўнг чўнтагидан дастрўмолчасини олиб, юз-кўзларини артди. Шундан сўнг бояги гулдаста узун бўйли, чиройли бир қизга айланди-қолди.

Бола бахшининг оғзи очилиб қолди. Ўн яшарлигидан бошлаб унинг бормаган қишлоғи, кўрмаган одами йўқ эди, деса муболаға бўлмас. Аммо у кўриб турган паривашга ҳеч қачон дуч келмаган эди. Кўрган, эшитган гўзалликларнинг бир жойга жамланган нуқтасининг устидан ҳеч маҳал чиқмаган эди. «Офарин, сенга!» деб, Бола бахши қўлини белбоғига тиқди. Қиз эса унга қия боқиб, бармоғини тишлади. Унинг тақимига тушиб турган йўғон, узун сочлари боши энгашган томонга тўлқин каби тушиб кетди. Устидаги кўк мовутдан безак бериб тикилган тўни Бола бахшининг кўзига ҳар хил рангда жилваланиб кўринди. Бола бахши бошиданоқ ожизлик қилди. Қизга тикка қараб, кўздан кечира олмади. Лекин бир муддат вақт ўтгач, воқеани бутунлай ўзгартириб юборган бир ҳодиса юз берди. Бахши қизнинг ҳам ер остидан уни кузатаётганини пайқаб қолди. Қизнинг шаҳло кўзларининг тикилишлари бахшининг юрагидан ўқ бўлиб ўтди. Унинг чала ярим ҳаракатланган киприклари, қалин қора қошлари Бола бахшига қараб ҳужум қилгандай туюлди. Асли йигитга далда бўлган нарсалар ҳам шу бўлди. У бор кучини бир жойга жамлаб, қизга бошқатдан қаради. Қиз устини қор босиб ётган майдондаги қудуқ бошида кўкариб турган бир туп атиргулга ўхшарди.

Йигит нима бўлса-да, бир нарса дейиши керак эди. Гап-сўзсиз қудуқ бошида жим туриш ноқулай эди. У новни кўздан кечирар экан:
— Ҳой челагингни берсанг отларни суғорар эдик. Новни бўшатишибди, — деди.

Қиз бир кулимсиради-да, олдидаги тўла челакни йигитга томон суриб:
— Олинг, керагингиз челак бўлсин... — деди.

Бола бахши челакни қандай қилиб олганини, унинг сувини новга қандай қилиб тўкканини ҳам билмади. Аммо бир дамда новни сувга тўлдирди. Кейин челакни ҳам тўлдириб, қизнинг олдига қўйди.

Қиз кулди:
— Ўзим тўлдирардим. Озорга қўйдим сизни, — деди.

Бу сўзнинг оҳанги йигитнинг энг нозик томирларигача етиб, уни бир хил кўйга солиб қўйди. Ушбу сўзлар пистасимон лабларнинг орасидан меҳрга йўғрилиб чиқди. Агар йигит умри етганча шу сўзларни ўша оҳангда тинглаб ўтказиши керак бўлса, унга рози бўларди. Бироқ барча нарсанинг боши ва охири бўлгани сингари, бу ажойиб дақиқаларнинг ҳам интиҳоси келди. Кунчиқардаги, атрофи баланд дарахтлар билан ўралган уйнинг олдида ташвишли ҳаракат бошланди. Қиз уни кўриб, лабларини бир тишлади-да, челагини кўтариб, ўша уй томон кетди. У оғир қадамлар ташлар экан, бир нарсасини йўқотгандай орқасига ўгирилиб, яна бир марта Бола бахшига қаради. Бола бахши ҳам ундан кўзини узолмай, узоқ вақт унинг изидан қараб қолди. Сўнгра отига минди. Ғижжакчи ҳам ашула ва мусиқанинг пири Ошиқ Ойдин каби унинг изидан тушди.

Бола бахши анча вақтгача ўзига кела олмади. Унинг ақли-ҳуши, юраги, бутун вужуди челакли қизнинг изига тушиб кетган эди. «Унинг боқишлари! Бу қизнинг ноз-карашмаси денгиз суви сингари беҳисоб бўлиши керак. Шу нозлар, ўша назарлар кимга насиб қилар экан?! Қайси бахтли инсон шу нозу назарларнинг эгаси бўларкан? Ҳой, пешонаси шўр!» деб йигит манглайига бир шапатилади-да, эгарга қийшиқ ўтириб, орқасига ўгирилди:
— Оқсоқол, бояги қиз кимнинг фарзанди бўлиши мумкин? Мен-ку, танимадим, балки сиз биларсиз?

Ғижжакчи гўё биров эшитиб қолмасин дегандай эҳтиётлик билан икки томонига қараб олди ва секингина деди:
— Бояги қиз, ҳов анови дарахтзор билан ўралган уй эгаси Қудратилла бойнинг қизи бўлиши керак. Қудратилла бой дегани шундай бир инсофсиз одамки, қўлидан келса, эл устига тушиб турган худонинг нурини ҳам туширмасам дейди. Одам ўлдириш, йўқотиш уларга пашша, чивин ўлдириш ва йўқотишдай гап. Ўғиллари талончилик, босқинчилик билан шуғулланишади. Қум ичида қанчадан-қанча карвонларни талашмаган улар. Xуллас, ўғлим, душманинг шулар бўлмасин! Ҳозирги қиз унинг ёлғиз қизи. Отини Турсуной дейдилар. Уни, эшитишимча, яқин орада эрга беришмоқчи. Катта тўй бўлиши кутиляпти. Бахшиси ҳам сен бўласан. Анчадан бери юрт ичида шундай гурунг бор...

Бу хабар Бола бахшини ғам ботқоғига ботирди. Унинг чиройли, бежирим пешонаси эгарнинг қошига тегай-тегай деб кетарди. «Мен ҳам, у қиз ҳам бир-биримизни танимаймиз. Лекин қарашларининг маъноси бошқача эди. У ич-ичидан ва меҳр билан менга боқди. Мен бу қарашлардан «Мен сеникиман» деган маънони англадим. Бу назарларнинг бошқача маъноси бўлиши мумкин эмас. Эҳ, унинг билан яна бир марта учрашиб бўлса эди».

Бола бахши яна орқасига қайрилди:
— Ёшулли, қиз ҳаддан ташқари гўзал экан. У ожиза кимга насиб қилар экан-а?! Ёки «қовуннинг ширинини чиябўри ейди» деганларидай бўлармикин?

Ғижжакчи ўғлоннинг бу сўзларидан кўп маъно чиқарди. Йигитнинг юрагидаги сирларини қуръон оятларини ўқигандай ўқиди. Бу масалада ўзининг энг меҳрибон одамига ҳеч қандай ёрдам қилолмаслигига кекса ғижжакчи жуда ачинди. Бошини оғир чайқаб:
— Бу ширин қовунни ейдиган одам чиябўридан ҳам ифлос, — деди.

Бахши кўксига ханжар урилгандай, тезлик билан бошини суҳбатдошига томон бурди:
— Ким у?

Кекса ғижжакчи оғир ўйга толди. «Мен бахшининг жўшиб турган кўнглини ҳозир босиб ташлашим керак. Бўлмаса ундан қарашилмаган ҳар нарсани кутиш мумкин. Қудратилла билан тортишган ўзинг бўлма, эй худойим...»
— Турсунойни олмоқчи бўлган одам Қудратиллабойдан паст одам эмас. У ҳам калла кесишни иш ҳисобламайдиган разил, аблаҳ киши. Ўғлим, худо дегин. Сенга ҳам аталгани бордир. Xудонинг пешонангга ёзганидан қутулиб бўлмас. Шукур қил.

Бола бахши ғижжакчининг сўзларига яхши-ёмон ҳеч қандай жавоб бермади. «Қиз мени таниган бўлиши керак. Бўлмаса бундай назар билан боқмасди. Нима бўлса бўлди деб, отли-яроғли унинг изидан тушсаммикин? Отимга мингаштириб, Ахалга ёки Эрон-Афғонистон томонларга бош олиб кецаммикин?! Ашула айтиб оёғимга йиқсам, бор эрк-ҳуқуқини қўлимга олсам, мен ўйлаганларимдан қайтмасдим. Лекин қизнинг юрагидагини билиб бўлмайди. Балки бу қиз мени мазахлаш учун бугун кўнгил торимни чертиб кўрган¬дир? Балки чини билан шундайдир. Яна ким билади? Буларни ёлғиз худодан бошқа биладиган йўқ. У ҳам қўл етмас баланд жойда. Унга арзинг, оҳу ноланг етиб бориши гумон. Қани, кўрайлик-чи? Охири нима билан тамом бўлар экан?..»

Бола бахши уйларига келганда, беш-олти кундан бери ўзининг келишига қараб ўтирган турли одамларни кўрди. Уларнинг бири Қўпеттоғдан, яна бири Кўҳна Урганчдан, бошқа бирлари Қизилча қалъа, Кўктепа, Ахал, Серахс каби узоқ манзиллардан келган кишилар эди. Улар Бола бахшининг ўз тўйларида ашула, достон айтишларини истаб келган эдилар. Бола бахшининг эса ўй-фикрлари тўй-томошада эмас эди.

Қиз Юрагининг Баёни

Узун бўйли, пешонаси кенг, думалоқ оқ юзли Турсуной Бола бахшининг отини қудуққа томон бурганидаёқ таниди. Қиз уни қишлоқларида бўлган тўйларда ашула айтганида бир неча бор кўрган эди. Тенгдош дугоналари билан қоронғи жойда ўтириб, эркак кишиларга кўринмай, Бола бахши айтган ашулаларни тинглаганди. Турсуной уни илк бор кўрган ва ашуласини эшитган вақтдан бошлаб ўз юрагига жойлаган эди. Юрагига кашталаб тиккан у сурат вақт ўтиши билан унниқмай, балки унинг ранглари янада тиниқлашган ва ўткирлашган эди. Унга гўё кун-кундан жон кираётганга ўхшарди.

Турсуной руҳи баланд, шоиртабиат бир қиз эди. У отаси кўзининг оқу қораси эди. Унинг ўзидан катта учта акаси бор эди. Шу туфайли ҳам у катта уйнинг эркатойи эди. Унинг айтгани айтган, дегани деган эди. Уйда ҳеч ким, ҳеч вақт Турсунойнинг раъйини қайтарган эмас. Қизнинг ўзи ҳам қизлик чегарасидан чиққан эмасди. Шу сабабли ҳам хонадон соҳиблари ундан хотиржам эдилар.

Унинг бошқа қишлоқ қизларидан гўзалликда, сўзамолликда, одамийликда қандай фарқ қилишини киши бир қарашда билиши қийин эди. Бироқ у ўз дугоналарига ҳеч ҳам ўхшамасди. Унинг қилган ишлари, айтган сўзлари, дугоналарига берган маслаҳатлари ҳам ўзига ярашарди ва ҳамиша тўғри бўлиб чиқарди. У шоира ҳам эди. Кўп алла қўшиқларини ўзи ижод қилиб, ўзи ижро этган. Уларни куйлаганда дугоналари сеҳрланиб қоларди. Ашула эшитиш, достон тинглаш унинг энг яхши кўрган орзуси эди. Бу истак Турсунойда Бола бахшини илк маротаба тинглаган кундан бошлаб яна ҳам авж олганди. Ўша кечаси Турсуной достон бошлагунга қадар Бола бахшини яхшилаб кузатди. Ўрта ерда, баланд уюлиб ёнаётган олов бошида ойдан бўлиниб тушгандай ўтирган бу келишган йигит шоирона кўнгилли қизнинг ақл-ҳушини олганди. Бола бахшининг дутор устида ўйнаган бармоқлари узун ва чиройли эди. Жунлари сув каби тўлқинланиб турган қора телпаги бу йигитни эртаклар оламидан чиқиб келганга ўхшатарди. Унинг қўшиқ айтиши қизни бутунлай асир қилди. Қиз ҳам ашула эшитарди, ҳам кексаларнинг суҳбатларига қулоқ соларди: «Хидир бахшидан ҳам ўзибди». «Ҳа-да, шогирд устасидан ўзмаса, ҳунар йўқолар эмиш дейишар эди, бу рост гап экан»...

Вақт бўлди. Бола бахши одамларга қараб, деди:
— Юртдошларим, қайси достонни айтай?
— Ўзингга маъқулини айт, бахши!
— Менга фарқи йўқ.
— Унда Гўрўғлининг Xирмон далисини айт!
— Мана сенга Xирмон дали! — деб Бола бахши достон айтишни бошлади.

Тун ярмидан ўтиб, достон ўрталарига етганда қизнинг юрагида аввало номаълум, сўнг аниқ бир туйғу пайдо бўлди. Қиз бу ажойиб йигитга, ширали, баланд овозли, тенги бўлмаган Бола бахшига ошиқ бўлди. Энди у янги дунёнинг эшигини очган заифага ўхшарди. Қизнинг оёқ олиши енгиллашди. Ҳар тарафидан баҳайбат қанотлар ўсиб чиққандай бўлди. У шу даражага етдики, ҳатто Бола бахшини Xирмон далидан ҳам қизғана бошлади. Бу туйғунинг қаердан келганига, қандай йўл билан юрагини эгаллаб олганига қизнинг ўзи ҳам тушунолмай қолди. Кейинроқ у бунинг сабабини қидириб, охирига етишни ҳам истамади. Чунки энди бу ўйлар ортиқча эди. Қиз ошиқ эди. Бу туйғуни ўткир бир тиғ билан ҳам ажратиб ташлаш мумкин эмасди. Қиз тақдирга тан берди.

Ўша кечадан буён ярим йилдан ортиқроқ вақт ўтди. Бу туйғу шу вақтлар ичида баҳор дарёси сингари қирғоғига улкан тўлқинлар каби урилди. Бу тўлқинлар борган сари кучайди. Қиз ўтиришга жой тополмай, ўз ёғига ўзи қовуриларди. Бола бахши шундан кейин ҳам бу қишлоқда икки марта ашула айтди. Уларнинг иккаласига ҳам Турсуной қатнашди. Xилватроқ жойда ўтириб дугоналари билан ашула, достон эшитди. Кейинги сафар уйларига қайтиб бораётганларида тенгдошлари унга: «Сен жуда маъюс бўлиб қолдингми?» дейишди. Қиз уларга «Ҳеч ҳам», — деб жавоб берди, холос. Аммо ўша вақтда унинг ичини ит тирнар эди. Унинг аҳволи паришон эди. «У ҳамма нарсадан бехабар, ахир. Менинг аҳволимдан унинг хабари йўқ. Билганида ҳам унинг қўлидан нима келарди? Мен бошқа одамнинг қучоғига кирмайман. Унинг билан аҳволимиз шундай бўлса...» Турсуной шундай деб, калаванинг учуни бутунлай йўқотди. Қиз ўзи тушган ўпқондан чиқадиган илинж изларди. Энг кичик илинжлар ҳам ундан қочарди.

Мана, ҳамма нарсанинг устига-устак бугунги учрашув. Аввало қиз бу учрашувни яхшиликка йўйди. У қудуқнинг бошига келган заҳоти ўзича: «Эҳ, шу пайт Бола бахши отини суғоришга келса эди. Мен унинг сийратини кўриб, дардимни озгина бўлса-да, енгиллатар эдим. Балки озроқ бўлса ҳам сўзлашармидик. Бир ўзи бўлса мен унга ўз кўнглимни очармидим», деб хаёл қилди. Бу учрашувнинг қандай ўтганини муҳтарам ўқувчиларимиз юқорида билиб олишганлар.

Турсуной челагидаги сувларини тўкиб-сочиб, уйга олиб кирди. Уйнинг тўрида икки йилдан буён тўшакдан турмай ётган онаси:
— Тўполонларинг нимаси, қизим? Жин урдими, сени? — деди инқиллаб.

Ичи ёниб, юраги ҳаприққан Турсуной қайнаб-тошган қаҳр-ғазабини босиб жавоб берди:
— Онажон, кундуз куни жин бўладими? Қудуқнинг бошига борсанг, йўловчидан кўпи йўқ. Барчаси отини суғориш учун челак сўрайди. Уларнинг отлари сувга қонгунча совқотиб туришга мажбурсан.

Умрининг кўпи кетиб, ози қолган кекса аёл у дунёни эслаб, қизига дейди:
— Қизим, айб бўлади. Бундай дема. Йўловчига сув бермоқ – савоб.

Турсуной эшикка томон йўналди. Лекин бирдан ҳурккан жайрон сингари тўхтади.
— Она, менга бошқа ишингиз бўлмаса, янгамнинг ёнига бораман.
— Борақол, қизим.

Турсуной ўртанча акасининг хотини Оққиз билан сирдош дугона эди. Улар ўрталаридаги ҳеч нарсани яширишмас эдилар. Иккаласи ҳам деярли тенгдош эди. Турсуной келганида янгаси кашта тикиб ўтирганди. У дарров ишини бир чеккага қўйди-да, ўрнидан туриб қайинсинглисини қарши олди. Оққиз турмушга чиққандан кейин янада очилиб, гўзаллаша бошлаган ёш келин эди. Турсуной олдинлари келганида янгасининг қадди-қоматига ҳавас билан қараб, уни мақтар эди. Лекин бу сафар унинг кўзига ҳеч нарса кўринмади. У ичкарига кира солиб, шаҳло кўзларидан дув-дув ёш тўкиб, Оққизни қучоқлаб олди. Оққиз қўрқиб кетди. Қизни бағрига босиб, унинг бошини силади.
— Вой, жоним, нима бўлди сенга! Сени ким хафа қилди?

Турсуной бир муддат гапиришга ҳоли келмади. Чуқур хўрсинар экан, дарди бир оз пасайгандан кейин, шундай деди:
— У қишлоғига ўтиб кетди.

Оққиз икки қўли билан Турсунойнинг яноқларини ушлаб, уни ўзига қаратиб деди:
— Ким ўтиб кетди? Қанақа қишлоққа кетди? Мен ҳеч нарсага тушунолмаяпман.

Турсуной уйқудан тургандай бўлиб, кўзларини катта очди. Ҳовлиқиб кетди. Бирданига қизарган юзи олдинги кўринишга қайтди.
— Вой, янгажон, мен сизга ҳеч нима демадимми?..

Оққизнинг эса нима воқеа бўлганини билгиси келарди.
— Йўқ, жоним, дарров айт. Менинг юрагим ёрилай деяпти. Сенга нима бўлди? Балки менинг ёрдамим керакдир?

Турсуной бармоғини тишлаб, бир неча сония жимгина ерга қараб турди. Барча бўлиб ўтган воқеаларни бошидан охиригача кўз олдига келтирди-да, товусдай товланиб, янгаси билан гилам устига ўтирди. Яна бир муддат жим қолди. Шундан кейин совуққонлик билан ҳаммасини янгасига гапириб берди. Оққизнинг устига совуқ сув қуйилгандай бўлди.
— Э, вой! Бахтим қайтди, менинг! Ҳой, шунақаси ҳам бўладими? Ота-онанг, акаларинг бунга асло рози бўлишмайди. Улар билсалар жанжалнинг каттаси кўтарилади. Бунинг тагидан қоннинг иси келяпти, жоним!

Турсуной чиройли муштларини тош сингари тугиб, ғазаб билан қошларини кериб, деди:
— Менга уларнинг розилиги ҳам, жанжаллари ҳам керак эмас. Менга Бола бахши керак. Сиз менга қандай ёрдам беришингиз мумкин? Ҳеч бўлмаса менинг фикримни Бола бахшига етказа олишга ваъда бероласизми? Янгажон, менинг сиздан бошқа жонимни ишонган одамим йўқ. Шуни яхшилаб билиб олинг. Ёниб турган юрагимни ўз қўлингиз билан эзманг.

Оққиз Турсуной учун шу пайтда қўлидан келса кучини ҳам, жонини ҳам аямас эди. Унинг ишини битириб беролса, қуруқликнинг тамом бўлган еригача ҳатто пиёда боришгача рози эди. Аммо...
— Мен сенинг аҳволингга тушунаман, жоним. Сендай бошига иш тушган қизлар ҳаётда бўлган. Бироқ сен кимнинг, қандай одамнинг қизи эканлигингни унутма. Акаларингнинг кимлигини эсингдан чиқарма. Уни ҳам, сени ҳам улар домларига тортарлар. Қадим замонларда ҳам ошиқ-маъшуқларга енгилроқ жазолар берилганлигини биласан. Эсингдами, Тоҳирни сандиққа солиб, дарёга ташлашган. Ҳозир ўзинг кўряпсан, бундай ишларга бош оғритиб ўтиришмайди. Боришади-да, пақ этиб отиб, орқаларига қайта қолишади. Сен ана шуларни эсингдан чиқарма. Ундан ташқари эрта-индин тўйинг бўладиган. Ҳозир сенинг бу кайфиятингни билсалар, сени ҳам, уни ҳам дарҳол йўқотишади. Яхшиси, сен борадиган эрингга турмушга чиққин-да, Бола бахшини кўнглингга тумор қилиб осиб ол. Шундай қилиб юрганлар ҳам оз эмас, дунёда, — деб Оққиз пастки лабларини тишлаб, чеккага қаради. Бир нарсалар ёдига тушиб, унинг бежирим кўзлари ёшга тўлди.
— Янгажон, кўряпман, сизнинг менга кўмагингиз етмайдиганга ўхшайди.

Оққиз кескин жавоб берди:
— Йўқ, азизам, бу фикрингни бошингдан бутунлай чиқар. Пешонангга ёзилганига рози бўл. Мен сенинг танангга тиғ тегишини хоҳламайман.

Турсуной умидларининг ярми узилди. Болтасининг тиғи тошга тегди. Бошини қуйи солиб, янгасининг ёнидан чиқар экан, ўйлай бошлади. «Айтганларининг ҳаммаси тўғри. Барчаси ойдин. Бошқа йўл топиш керак. Бошқа йўлни излашим лозим. Умидни қўлдан бермаслигим даркор. Мен бошқа йўлни, албатта, топаман.»

Туни билан қизнинг кўзига уйқу келмади. «Эҳ, уни бугун кўрмаган бўлсам, шунчалик ёнмас эдим. Дардим ҳозиргисидан енгилроқ бўларди. Энди мен нима қилишим керак? Қаерга боришим, кимдан ёрдам олишим мумкин? Энг зўр тиргагим янгам эди. У бечора ҳам ўз аҳволини айтди. Унинг деганлари тўғри. Бошқа йўл бўлмаса, ҳозирги йўл билан мақсадимга етишим қийин...»

Ёнбошида ётган семиз онаси атрофни ларзага солиб хуррак отарди. Баъзан дардига чидай олмай инграниб қўярди. Уни кўриб Турсунойнинг жаҳли чиқарди: «Ҳой, шундай аҳволда ҳам хуррак тортиб ухлайдими, киши? Ҳой, шу аҳволда ҳам кўзга уйқу келар экан-а?» Ёш, жўш уриб турган кўнгилнинг ҳаммани ўз ҳолатида бўлиши керак, деб ўйлаши тушунарли эди.

Қиз кечани уйқусиз ўтказди. Эрта билан турди-да, челагини кўтариб, яна қамишзор этагидаги қудуққа томон кетди. Тунда қор ёғмаган эди. Шу сабабли Бола бахшининг қудуқ атрофидаги юрган излари аниқ, оқ қоғозга чизилган суратдай кўриниб турарди. Қиз олдин у изларни санаб чиқди. Бола бахшининг отга минаётганда ўнг оёғининг учигача босилиб қолган излари ҳам яққол кўриниб турарди. Шаҳлонинг кўзлари ёшга тўлди. Баданлари қандайдир, ёқимли титраб кетди. Шундан сўнг қўрқинчли хўрлик баҳайбат тўқмоқдай залвори билан қизнинг устидан босди. У Бола бахши кетган томонга, унинг қишлоғи тарафга юзини ўгирди. Қизнинг аҳволи шундан кейин яна ҳам оғирлашди. Бирданига челагини қудуқнинг бошига айлантириб уриб, кунботарга қараб қочиб кетгиси келди. Кейин ерга қўнган лочиндай пастга эгилиб, бахшининг босган изларининг бирига тўрт бармоғини теккизиб, бирпас турди, сўнг тўрт бармоғини пешонасига суртди. Бармоқ учларидаги совуқлик уни сал ўзига келтирди. Шу пайт ёнбошидан оёқ товуши эшитилди, қорнинг ғарч-ғурч босилганини туйди. Бола бахши пайдо бўлдимикин, деган умид билан уйқусизликдан қизарган кўзларини товуш келган томонга тикди. Устига энгашган ҳолда қўлида челак ушлаб турган Оққизни кўрди. Турсуной гўё ернинг миллионларча сирларидан бирини очган каби тиниқ ва хотиржам овози билан Оққизга деди:
— Мана, янгажон, унинг босган излари. Ҳа, кеча унинг ўзи шу ерда эди. Бугун унинг фақат изи бор. Бу дардга мен қандай чидай, янгажон, қандай чидай?

Оққизнинг илк бор дами ичига тушди. Ҳовлиққани учун зўрға ўзига келди. Қизнинг қор устидаги ҳолатини кўриб, Оққиз қайинсинглисини ақлидан оздимикин, деб тахмин қилди. Оққизни ниҳоятда қўрқитган ҳолат унинг юқоридаги сўзларни айтгандаги овози эди. Сабаби бу товуш Турсунойнинг ўша ҳолатдаги товушига мутлақо ўхшамасди. Бу товуш Оққизнинг фикрига кўра, оҳу фиғони ва ночор оҳангда бўлиши керак эди. Аксинча, товуш ниҳоятда тиниқ ва ишончли оҳангда жаранглаган эди.
— Жоним, бу қанақа ўтириш? — деб Оққиз унинг билагидан ушлаб, юқори кўтарди.
— Мен унинг босган изларини кузатдим, — деб Турсуной яна назарини кунботарга қаратди. — Янгажон, мен кечаси билан ўйлаб чиқдим. Бу қийин аҳволдан чиқадиган илинж кўзладим. Лекин топган нарсам, олган қалъам йўқ. Аммо мен йўлини топаман. Янгажон, йўлини топмаса бўлмайди...
— Азизам, ўладиган тулки уясига қараб увиллар экан. Ҳозирги ҳаракатларинг ўшанга ўхшайди. Сен бу кетишингда кўнгилсиз бир балонинг устидан чиқадиганга ўхшайсан... Мен сенинг қўлингга тикан киришига ҳам рози эмасман, ахир...

Оққизнинг бу сўзлари қанчалик тўғрилигини билса-да, қизга бу сўзлар маъқул бўлмади.
— Янга, бу ерда тулки, чиябўри деган сўзларнинг нима кераги бор? У сўзлар севги сўзининг мартабасини пастга туширади.
— Жоним, гуноҳимни ўзинг кечир. Мавриди келди, деб айтдим-қўйдим-да. Барибир бу мақсадингдан воз кеч, азизим. Уйни қонга булғама. Ўзингни хор этмагин.

Турсуной шундан кейин янгасига ҳеч нима демади. Бола бахши босган изларнинг бири ёнига борди, пастга энгашиб, ундан бир чимдим қор олди ва манглайига суртди. Унинг кетган йўналишига қараб чиройли лабларини бироз қимтиб, ичидан бир нарсалар деб шивирлади. Кейин юзини кунботардан олмай:
— Бола бахши, билиб қўй, ўлсам ерникиман, тирик бўлсам фақат сеникиман... – деб, челагини сувга тўлдирди ва уйлари томон жўнади. Оққиз ҳам унинг изига тушди. Иккаласи бир оғиз сўзлашмай, уйга кириб боришди. Шу кундан бошлаб, Турсуной ҳеч ким билан гаплашмай қўйди, ҳатто Оққиз билан ҳам гаплашишни тўхтатди. Қиз ўша дамдан бошлаб қудуқ бошида ичган қасамини бажаришга киришди.

Ўн беш кун вақт ўтди. Бу кунлар Турсуной учун ўт билан оловга қоришиб ўтди. Аммо бу вақт ичида ҳеч қандай воқеа содир бўлмади. Агар кунботарнинг кўз илғайдиган қисми оқ қоғоз, Турсунойнинг назари ўқ бўлган бўлса, унда кўз илғайдиган қисмда бутун жой қолмаган эди.

Ўн олтинчи куни офтоб ўз нурларини соча-соча ботишга яқинлашиб қолганди. Шу пайт кунботардан оқ эшак минган, катта телпакли, ёнбоши сувқовоқли бир қаландар кўринди. Унинг келиши жуда ғалати эди. Йўлнинг икки томонидаги уйларнинг ҳеч бирига қайрилмай тўғри Қудратилла бойникига қараб келарди. Уйнинг олдига чиқиб, ўша томонга тикилиб турган Турсунойнинг юраги шиғ этиб кетди. Бу қаландар гўё қиз тарафга келаётгандай туюлди. Қаландар ҳам келиб, уйнинг олдида эшагини тўхтатди.
— Ё, ҳақ, бало даф! — деб эшагидан ерга тушди. Қизнинг юзига диққат билан тикилди.

Йигит Юрагининг Баёни

Қамишзор этагидаги қудуқ бошида Бола бахшининг юрагига санчилган ўқнинг яраси вақт ўтиши билан битиб кетиши керак эди. Аммо бундай бўлмади. Яранинг дарди ортди, таърифи кенгайди. Бола бахшини ўтдан олиб, сувга ташлади. «Одам нима учун шундай яратилган экан-а? Бир томонга оғилса ёки бир томонга йиқилса, уни дарров ҳал қилса бўлади. Акс ҳолда бу ерда ўзига хос ҳеч нима бўлгани ҳам йўқ. У менга меҳр билан қаради. Мен ҳам шундай қилдим. Бу нарса «Ассалому алайкум, ваалайкум ассалом» дейилгандай, бирпасдан кейин эсдан чиқиб кетиши керак эди. Лекин у қарашлар кўз ўнгимдан ҳануз кетмаяпти?».

Йўрға отнинг устидаги паҳлавон келбатли ғижжакчи кўп йиллардан буён бирга ишлашиб юрган ёш дўстининг аҳволини сезиб келарди. Шу қудуқнинг бошига етгунларига қадар Бола бахши бутун йўл давомида ўйнаб-кулиб, ҳазил-ҳузул сўзларини айтиб келаётган эди. Ўзи ҳам куларди, Ошиқ Ойдин пир каби салобатли ғижжакчини-да, кулдирарди. Лекин отлар суғорилиб, йўлга тушганларидан бошлаб Бола бахшининг тили тутилди. У қудуқнинг бошидан кўзғалиши билан ғижжакчидан ўзининг саволларига жавоб олгач, оғзига мум тишлагандай жим қолди. Кўпни кўрган ғижжакчи Бола бахшини бу йўлдан қайтаришни юрагига тугиб, тақдирга тан берганича йўлида давом этиб келарди.

Улар йўл юриб, йўл юрса-да, мўл юриб, қишлоқларига етдилар. Бола бахши йўлнинг бўлинган жойида отининг бошини тортди. Ғижжакчи ўзи билан тенглашгач, унга деди:
— Бахши оға, уйга борайлик. Нон еб, чой ичиб, сўнг қайтарсиз. Йўлда анча чарчадик ҳам.

Ғижжакчи унинг юзига диққат билан тикилди-да:
— Ўғлим, кўп раҳмат. Соғ бўл. Нон-чойни ҳали кўп баҳам кўрамиз. Ўзинг биласан, уйдан кетганимизга икки ҳафтадан ортиқ вақт ўтди. Мен ҳам уйдан хабар олай. Лекин, болам, мендан рухсациз қадам босма! — деди.
— Тушундим, ёшулли. Маслаҳатлашамиз...

Ўт-ем еб юрган уйига яқинлашган от баланд овозда кишнади. Бу овозга Бола бахшининг онаси югуриб ташқарига чиқди. Узун бўйли, бошига қизил гулли рўмол ўраган, устида қизғиш кўйлак, истараси иссиқ аёл отнинг жиловидан тутди-да, унинг бош-кўзларини силади.
— Ўғлим, соғ-омон келдингми? Xудога шукр, кўринишинг жойида. Йўлда қийналмабсан. Xудога минг бора шукр, ўғлим. Лекин шаҳдинг пастроқ кўриняпти. Ёки бирортаси кўнглингга тегдими? Онангдан яширма, болам, нима бўлса айтавер...

Бола бахши отдан енгиллик билан сакраб тушди-да, онасининг юзига тикилиб деди:
— Йўқ, онажон, менинг кўнглимга тегмадилар. Аксинча, менинг кўнглимни кўтардилар. Бироқ... Ўзингиз соғ-омон ўтирибсизми?
— Шукр, болам, худога беҳисоб шукр. Аввало худо, қолаверса, сенинг соянгда онанг хор бўлаётгани йўқ. Ҳа, ризқинг катта. Тўрт томондан тинмай келиб туришибди. Мен эса сенинг қайтишингни кутаман. Улар эса сени мендан олиб кетишга келишади. Бахшининг қисмати шу экан, болам. Нима бўлса ҳам сўнги хайрли бўлсин.
— Онажон, қайғу қилманг. Ҳаммаси яхши бўлади. Уйда одам борми?
— Одамдан кўпи йўқ, болам. Меҳмонхонага боравер. Мен отингни қантариб боғлайман. Танаси совигач, ўзинг эгарини оларсан.

Меҳмонхонани тўлдириб ўтирган одамлар Бола бахшини йўқотиб топгандай кутиб олишди. Кекса-ю, ёш уни кичик демасдан барчалари ўринларидан туришди. Соғлиқ-омонлик сўрашиш, ҳол-аҳволни билиш ярим соатга яқин вақтни олди. Шундан кейин овқат тортилди. Узоқ ўтириб суҳбатлашиб, хотиржамлик билан овқат ейишди. Сўнгра келган одамлар навбатма-навбат ўз чақириқларини айта бошладилар. Бу таклифларнинг ҳеч бирини рад этиш мумкин эмас эди. Бола бахши уларнинг барчасини қабул қилди. Бирдан унинг юрагига пичоқ санчилгандай бўлиб, кўз олди қоронғилашиб кетди. Бахши ўзи борадиган бу тўйларга Турсунойнинг оёғи етмаслигига қаттиқ ачинди. «Ҳай, зиёни йўқ. Мен бу тўйларни тез ўтказиб қайтаман. Кейин бутунлай унинг изига тушаман».

Меҳмонлар Бола бахшига миннатдорчилик билдириб, бирин-кетин манзилларига жўнашди. Сўнгра бахши уйда ўзига боғлиқ бўлган юмушларни бажара бошлади. Оқшом чойини меҳмонхонада онаси билан бирга ўтириб ичишди.
— Ўғлим, қачон, қаерга борадиган бўлдинг?
— Индинга эрта билан Ахал томонларга кетишим керак. Узоғи билан ўн беш кунлардан кейин қайтиб келаман. Ўзим ҳам жуда чарчаганман.
— Вой, ўғлим, юртнинг дардига яраб турганингга шукур қилгин.
— Унга минг бора шукур, онажон.

Онаси ўғлининг юзига қараб, бир муддат ўтиргач, ботиниб сўради:
— Ўғлим, келганингда шаҳдинг пастроқ эди. Онанинг юраги ҳамма нарсани сезади. Сен йўлда нималарга дуч келдинг, болам?

Бола бахши бироз ерга қараб ўтирди. Нималарнидир эслагандай бўлиб, ўйга толди. Кейин аста бошини кўтарди.
— Айтақол, болам, айтақол. Асл фарзанд онасидан сир тутмайди.
— Айцам, шундай гап, онажон. Менинг бошимга ишқ савдоси тушганга ўхшайди.
— Тилингдан айланай, ўғлим, — деб онаси рўмолини қўлига олди ва севинч кўз ёшларини артди. — Мени шу кунларга етказган худойимга минг бор шукурлар бўлсин. Даданг бечора бу сўзингни эшитиб билмади. Зарари йўқ, фаришталар аллақачон бу хабарни унга етказгандирлар. Қани, болам, айт-чи, кимни юрагингга тугдинг. Ҳарна оёғи изли-қутли бўлсин...

Бола бахши Турсуной борасида, унинг бошқаларга ўхшамаган гўзаллиги тўғрисида тўлиб-тошиб гапириб берди. Онаси ўғлининг сўзларини юзларини ўзгартмай, қувончли жилмайиб тинглади. Лекин Турсунойнинг номи илк бор тилга олиниши билан бу севгининг охири войлигини, ўғлини эса бу ишқ савдосидан қайтаришнинг ўзига ниҳоятда оғир тушишига онаизор тушуниб, унга нима десам экан, деб айтадиган сўзини ўйлай бошлади. Бола бахши сўзини тамомлади. Умид билан онасининг юзига боқди.

Ана шундай масалаларда онанинг ўз боласи кўнглини ўкситмасликка ҳаракат қилишини ҳамма билади. Бола бахшининг онаси ҳам ҳозир боласини ранжитмасликнинг иложини топса, ўзини бахтиёр деб ҳисоблаган бўларди. Аммо у қанчалик қийин бўлмасин, ўз истаганига қарши боришга мажбур бўлди.
— Болам, айтганларингни жоним билан тингладим. Шу вақтгача уйланиш ҳақида рўйхуш бермасдан келдинг. Бугун эса кўнглингни очиб ўтиришинг мени жуда қувонтирди. Аммо менга айтиш қанчалик қийин бўлмасин, сенга бир нарсани айтмасам бўлмайди. Ўғлим, бу ишқ савдонгнинг охири бўлмайди.
— Нега, онажон? Нима сабабдан охири бўлмайди?
— Менинг юрак-бағримни поралама, ўғлим. Қудратилла бой одам. Биз бўлсак ғариб ва етиммиз. У қизини бизга бергандан кўра ерга тиқишни маъқул билади.

Бола бахшининг хўрлиги келиб, томоғи тўлди. Бирданига бахшини етимликнинг, ғариблик ва тенгсизликнинг аччиқ ҳақиқати чангалига олди. Бироқ озгина ютиниб ўтиргандан сўнг, дадил-дадил гапира бошлади:
— Она, бойлик билан камбағалликдан ташқари, одамийлик, юрак амри деган нарсалар ҳам бор, ахир! Турмуш, ҳаёт деган тушунчаларнинг маъноси фақат кимнинг неча минг қўйи борлиги билан белгиланмаса керак. Товушим ва қўлимга кўз тегмаса, Турсунойни оч-наҳор қўймасман. Эски кўйлак кийдирмайман. Нега шуларни Қудратилла бойга тушунтириб бўлмайди. Керак вақти у мени уйи олдида уч кеча-кундуз ашула айттирди. Нима, энди Турсуной бизга керак бўлганида, наҳотки у бунга қаршилик қилса?! Одамлар бир-бирлари билан суянишиб яшашса, қайтанга яхши бўлмайдими?

Ўғлининг ҳақиқат билан йўғрилган бу сўзлари онаизорнинг бағридан ўқ бўлиб ўтарди. Чунки ёш юракнинг ҳаёт тўғрисида ўз ишончи, ўз тушунчаси бор эди. Тўғриси, шундай бўлиши ҳам керак эди. Лекин турмуш, ҳаёт бу тушунчаларга осонлик билан йўл бермас. Онаизорни азобга қўйган нарса ҳам шу эди. «Ўғлим ҳали бола. Ҳануз турмушдаги кўп аччиқ-чучукларнинг маъносига тушунавермайди. Унга қарасанг, барча нарса ўз-ўзидан гуллаб кетаверадигандай...»
— Ўғлим, — деб чуқур хўрсиниб гап бошлади она, — Болажоним, сенинг кўнглинг учун мен қишлоқ оқсоқолларини жамлаб, Қудратилла бойнинг ҳузурига юбориб кўраман. Лекин олдиндан айтиб қўяй, бу ишимиздан бирор нарса чиқишига кўзим етмайди. Бой оқсоқолларимизни беҳурмат қилиб, уларни итларига талатиб қувар. Мен уларни кафтимда кўргандай кўриб турибман.
— Онажон, бундай ният билан одам юбориш нимага керак?
— Мен бўладиган гапни айтдим. Ниятимнинг қандайлигини худо билади, сен ҳам биласан.
— Оқсоқолларни қачон юбормоқчисиз?
— Сен ваъда берган жойларингдан қайтиб кел. Мен шунга қадар одамларнинг бошини жамлайман. Улар ҳам осонлик билан рози бўлишмайди. Нима бўлса-да, мен уларни сен келгунга қадар рози қилишга ҳаракат қиламан.

Онасининг ишончсизлиги бахшининг шаҳдини қайтарган бўлса-да, ёшуллиларнинг бошини бир жойга бириктирмоқчи бўлгани руҳини кўтарди. Олдидаги қоронғи кеча нурга тўлгандай бўлди.

Яна бир кун уйларида бўлишиб, иккинчи кун тонг саҳарда Бола бахши шериги билан эл хизматига отланишди. Кекса ғижжакчи билан у кўп қишлоқларда бўлиб, бир қанча катта тўйларни ўтказишди. Минг-минглаб пул тўплаб, кўпдан-кўп «соғ бўл»ларни эшитиб, ўн тўрт кун деганда қишлоқларига қайтиб келишди.

Қишлоқ ёшуллилари номозжума куни тўпланишиб, Қудратилла бойникига боришга қарор қилишди. Жума кунигача яна уч кун бор эди.

Бола бахши гоҳ уйга кирар, гоҳ ташқарига чиқарди. Ўтиришга қарори етмасди. Гўё ичини ит талаганга ўхшарди. У узоқ қишлоқларда бўлган икки ҳафтасини фақат Турсунойни ўйлаб ўтказган эди. Кекса ғижжакчи Бола бахшининг бу галги ашула айтишларини кўриб ҳайрон қолди. У устози Xидир бахшини эмас, балки энг уста ва манаман деган бахшилардан ҳам ашула айтишда ўзган эди. «Бу дардни» номли қўшиқни куйлаганда, «Бунинг даражасига етадиган бахши бўлмас-ов» деб, кекса ғижжакчи ҳам бошини чайқаганини билмай қолди.

У севги таъсирида очилган гулдай бўлиб юрар экан, куннинг ботишига яқин уй тўрига ўтиб, олдига бир чойнак чой олди. Чойни ичиб бўлар-бўлмас, шошилиб ташқарига чиқди-да, жануб томондаги каналга томон тез-тез юриб кетди. Кўприкнинг устига чиқиб, яширинча иш қилаётган одамдай тўрт томонига қараб олди. Кейин кичкина кулбанинг олдига борди. Қўлбола супанинг устида турган белқовоқни кўриб, совға олган боладай қувониб кетди. Ичкаридан узун оқ соқолли, катта телпакли, бақувват қаландар чиқди. У Бола бахшини йўқотиб топгандай хурсанд бўлиб қарши олди. Соғ-омонлик сўрашганларидан сўнг супанинг устига ўтиришди.

Қаландарнинг овози тегирмон товуши сингари йўғон эди.
— Ўғлим, чой қайнатаман. Ҳозир сенга алоҳида хизмат этолмайман. Янганг туғишганлариникига кетган...
— Кўп яшанг, қаландар оға! Ҳозир менга чой ҳам, нон ҳам керак эмас. Менга фақат сизнинг ўзингиз керак эдингиз. Яхши ҳам уйда экансиз. Менинг ҳол-аҳволимни сўранг.
— Ҳол-аҳволингни, албатта, сўраймиз, ўғлим. Шошиладиган жойимиз йўқ. Қалай, борган жойларингдан соғ-омон қайтиб келдингми?
— Xудога шукур, қаландар оға. Борган жойларимизда ободончилик экан.
— Шундай бўлгани яхши, болам. Эл-юртда ободончилик бўлса, унга яна нима керак? Лекин ҳозир сени бошқа бир нарса безовта қилаётганга ўхшайди. Жуда безовтасан. Дилингда нима бўлса, айтавер, ўғлим. Эшитай, қўлимдан келса, сенга ёрдам бераман.

Бола бахши бутун диққат-еътиборини бир жойга жамлади.
— Ёшулли, мен сизни худонинг ердаги севган бандаси, азиз авлиёсифат одам ҳисоблаб ёнингизга келдим. Сиз менга ёрдам бермасангиз, бошқа кўмаклашадиган одам йўқ, — деб Бола бахши бошидан ўтказганларини ҳаяжонлана-ҳаяжонлана бир бошидан айтиб берди. Қаландар оғиз очмасдан, унинг сўзларини жимгина тинглади. Бахши сўзини тамомлагандан кейин ҳам бир неча дақиқа ерга қараб ўтирди. Бахшининг юрагида бир ғулғула пайдо бўлди. У қаландарнинг кўнглига тегдим, уни хафа қилдим, деб ўйлай бошлади. Шу сабабли ёлворгансимон қуйидаги сўзлар билан фикрини якунлади:
— Қаландар оға, мен балки саробга тушиб, йўқ нарса билан қувлашиб юргандирман. Балки Турсунойнинг ноз-карашмалари, менга боқишлари бўйи етган айрим қизларнинг қилаётган навбатдаги ўйинларидан бири бўлиши мумкин. Мен ана шу номаълум аҳволни билишим керак. Ана шу юмушни кўнглингизга олмасангиз, сиздан бошқа одам бажара олмайди. Менинг айтадиган гап-сўзим ана шу. Қолган иш сизга боғлиқ.

Қаландар ҳар бир сўзни йўғон бўғзидан сиқиб чиқаргандай, хириллаб жавоб берди:
— Бўлади, ўғлим, бўлади. Индинга мен сенга у қизнинг жавобини олиб келаман.

Бола бахши қаландарни бағрига босди. Кейин белқовоқнинг ичига бир ҳовуч кумуш танга ташлади.

Қаландар Билан Юзма-Юз

Қуёш ботаётган бир пайтда Қудратилла бойнинг уйи олдига келиб, эшакдан тушган қаландарни Турсуной изига эргаштириб, бева-бечоралар учун мўлжалланган меҳмонхонага олиб борди. Сўнгра онасининг ёнига югурди:
— Она, бир қаландар келди. Унга қандай хизмат қилиш керак?

Уйнинг тўрида узоқ хасталикдан шишиб кетган онаси ётган жойида инграна-инграна бир оздан сўнг жавоб берди:
— Қаландар худонинг азиз одами бўлади. Балки унинг дуо-туморлари менинг дардимни енгиллатар. Унга нон-чой бер. Тунаб қолмоқчи бўлса, жой солиб бер. Ётишдан олдин қуюқ-суюқ овқат беринглар. Уларга маъқул бўлсанг, армонинг қолмайди, болам.

Турсуной чой дамлаб, дастурхон олиб кирганда қаландар ерга қараб, ўйга чўмиб ўтирганди. У қизнинг юзига диққат билан тикилди-да:
— Қизим, уйингизда эркак одам кўринмаяпти. Бой ота бирор жойга кетдиларми? — деб сўради.

Қиз қаландардан кўрқмади, уялмади. У уйда шундай тарбияланган ва ўргатилган эди.
— Отам акаларим билан Xива бозорига қўй олиб кетишди. Улар икки кундан кейин келишади.
— Сен Қудратилла бойнинг кичик қизи Турсуноймисан?
— Шундай, Қаландар оға.
— Ҳозир ташқарида бизнинг сўзимизни эшитиб турган борми?

Қизнинг юраги тез-тез ура бошлади. Унинг бутун вужудида тил билан тасвирлаб бўлмайдиган ғалати ҳолат юзага келди. Бадани титради, бармоқларининг учига тикон санчилгандай бўлди. Қиз қаландарнинг кунботардан тўғри ўзларининг уйларига келишида қандайдир бир ҳайрон қоладиган аломат бор-ов, деб фикр қилган эди. Унинг кўз ўнгида дарров Бола бахши намоён бўлди. Лекин эл ичида юрган бу қаландар билан Бола бахши ўртасида қандай боғлиқлик бўлишига унинг ақли етмасди. Барибир қиз қаландарнинг хавотирланиб туришидан унда қандайдир сир борлигини сезди. Тезлик билан теварак-атрофига қаради.
— Йўқ, Қаландар оға. Эшитиб турган одам йўқ. «Сирингни тезроқ айта қолсанг-чи», — деган маънода қаландарнинг юзига умид билан қаради.

Қаландар қўзғалиб қўйди. Нигоҳини тиззасининг пастига қаратди.
— Қизим, унда яхшилаб қулоқ сол. Мен худонинг бир бандаси-нинг юмуши билан сенинг олдингга келдим.
— Ҳа, ҳа, қаландар оға, — деб Турсуной олдинга сурилди. — Айтаверинг, сўзингизни...
— Айтадиган бўлсам, бундай. Бу нарса турмушда бўладиган урф-одат. Шу сабабли менинг айтганларимни уялмасдан, пухта эшит. Қишлоғимизда Бола бахши деган бир йигит бор. Ана шу йигит мени сенинг ёнингга юборди. У сенинг ишқингда ёниб, мажнун бўлиб юрибди. «Бир неча кун олдин Қудратилла бойнинг қамишли қудуғининг бошида бир паризод кўрдим. Шундан бери тинчимни йўқотдим. Кечалари ухлай олмайман, кундуз кунлари одамдай ўтира олмайман», дейди. «У қиз бутунлай менинг ақлу ҳушимни олди», дейди. У юрагидагиларни яширмай айтди. «У париваш менга кулиб боқди. Ўзининг ноз-карашмалари билан юрагимни поралади», дейди. Мени сенинг олдингга юборишининг сабаби шундан. У сенинг ўша жилмайишларингнинг чин ёки ҳазиллигини билишни истайди. Кўнглингнинг кимдалигини билмоқчи. У бечора ишқингда девона бўлиб юрибди.

Агар ўтирган уйларининг шифтида тандирнинг оғзича янги офтоб пайдо бўлса-да, қиз бунчалик қувонмасди. Энг олдин Турсуной қаландар устига ўзини отиб, уни қучоқлагиси, гўштдор бетларидан ўпиб олгиси келди. Кейин катта телпагини олиб, кўрпача устига қўйгиси, оппоқ сочларини нозик бармоқлари билан силагиси келди. Қизнинг тили ҳеч нима демаса-да, унинг кўзлари, қарашлари унинг юрагидагини юзага чиқариб турарди. Аммо унинг қизлик шарм-ҳаёсидан чиқиши асло мумкин эмасди. Бунга Турсунойнинг ақли, фаҳм-фаросати етарди.

Қизнинг овози ишончли ва қатъий чиқди:
— Қаландар оға, уни юрагимга ишонмаслигининг сабаби нима экан?
— Қиз юрагини билиш, айниқса, бир кўрганда билиш жуда-жуда мушкул, болам. Бола бахши шу йўл билан иш кўриб жуда тўғри қиляпти. Сен бундан хафа бўлма.
— Йўқ, Қаландар оға, мен ундан хафа эмасман. Бироқ унинг менинг аҳволимдан бехабарлиги қийнайди мени. Сиз, у сенинг ишқингда девона бўлиб юрибди, дедингиз. Мен ҳам унинг ҳолатидаман. Энг ёмони дардимни тушунадиган, унга дармону малҳам бўладиган яқиним йўқ. Бахши ёнингизга бориб, ичидагини сизга баён қилган бўлса, менинг бундай одамим йўқ. Жонимни ишонган ёлғиз бир янгам бор. У бечоранинг ҳам қўлидан ҳеч нарса келмайди. Қани, энди ўйлаб кўринг-чи, кимнинг аҳволи қийин экан?

Қаландар бу қизнинг диловарлигига, ақлли фикр юритишига қойил қолди. У ҳеч маҳал қиз бола билан ўтириб, бу тарзда суҳбат қурмаган эди. Ҳозир унинг учун янги бир дунё очилганди.
— Ундай бўлса, қизим, мен унга Турсунойнинг юраги фақат сенда, унинг юрагида бошқа одам учун бир бармоқча ҳам жой йўқ экан, деб айтаверайинми?
— Шундай десангиз ҳам бўлади. Аммо мен учун у айтганларингиз кам, қаландар оға. Сиз унга Турсуной фақат сенинг номинг ва хаёлинг билан яшаяпти. Сенсиз унга бир дам ҳам керак эмас, денг. Тирик бўлсам уники, ўлсам қора ерникиман деб айтди, денг унга.

Турсуной қаландарни бутунлай, лол қолдирди.
— Энди, бу ишларнинг сўнги нима бўлади? Бу тўғрида ҳам қандайдир фикринг бўлса керак? Балки, ўзинг бирор йўлини топгандирсан?
— Қаландар оға, менинг бу ҳақда ўйлашимга вақтим йўқ. Мен фақат унинг тўғрисида ўйлайман. Ўзи нима истаса, қандай йўл топса, шуни қилаверсин. Мен барчасига розиман. Ўл деса ўламан. Арава юбориб, ўлигимни олиб кетаверсин. Яша деса, яшайман. Қочайлик деса, унга ҳам тайёрман. Унинг бирор майлига қарши эмаслигимни етказинг.

Қаландар ичидан «офарин» деб, икки қўлини кўксига қўйди:
— Энди, қизим, мен турай.
— Сиз бугун меҳмон бўлиб қоласиз, — деб Турсуной эътироз билдирди. — Аввало ўзингиз учун ҳам қоронғи кечада йиқилиб, туртиниб-суртиниб юриш яхши эмас. Кейин шундай хабар билан келганингиз учун ҳам, сизни меҳмон қилмасдан юбормайман.

Қиз шу сўзларни айтгандан кейин елиб-югуриб хизмат қила бошлади. Кетма-кет иссиқ чой олиб келди. Турли ширин таомлар тортди. Xива тупроғида пишган энг сара гуручлардан палов пиширди. Ётишдан олдин қаландарга жундан янги тўқилган тўн совға қилди.
— Қаландар оға, сиз эрта билан йўлга тушасиз. Мендан унга кўп салом айтинг. Кўзим доимо унинг йўлида эканлигини бахшига тушунтиринг. Энди эса менга оқ фотиҳа беринг. Дейдиларки, худонинг энг азиз одами дуоси яратган эгамнинг қулоғига тез етар эмиш.

Қаландардан оқ фотиҳа олиб, қиз хайрлашиб чиқиб кетди.

Уйнинг ичида бир ўзи қолган қаландар ҳали ҳам Турсунойнинг дадил ҳаракатларига, доно сўзларига лол қоларди. У хотин-қизларда бундай хатти-ҳаракатларнинг борлигига асло ишонмасди. Унинг ўйлашича, аёл сотиб олинган буюм сингари уйга олиб келинарди. Кейин у буюрилган юмушларни бажариш билан шуғулланиши керак эди. Аёлнинг ҳам сўзлашишга, ўйлашга уқуви бор, деган фикр қаландарнинг миясига ҳеч ҳам ўрнашмас эди. Шунинг учун ҳам Турсунойнинг қиёфаси кўз олдида жуда баландларга кўтарилди.

Қаландар эрталаб тонг ёришгач, йўлга тушди. Қуёш чиқиб, кун тиккага келганда Бола бахшининг уйи олдида:
— Ё, ҳақ, бало даф! — деган товуш эшитилди. Бу овозни эшитган бахши довдираб, олдидаги егуликларни сочиб, югуриб ташқарига чиқди.

Улар ҳурмат билан саломлашдилар. Қаландар:
— Ўғлим, қани, менинг ёнбошимда юр-чи. Сен билан бўладиган гап-сўзимиз кўп, — деди.

Бола бахши:
— Балки, уйда сўзлашармиз. Онамнинг ишлари кўп. Иккаламиз хотиржам ўтириб сўзлашайлик, — деб илтимос қилди.

Қаландар рози бўлмагандан кейин иккаласи жануб томондаги сой кўприги тарафга юриб, суҳбатлаша бошладилар. Қаландар бўлган воқеаларни бирма-бир сўзлаб берди. Йигитнинг хурсандлигини ҳеч бир нарса билан қиёслаб бўлмасди. У ҳозир етти қават осмоннинг тепасида олғир бургут каби қанот қоқарди...

Шу куннинг эртаси Бола бахши эрталабдан ўз тенгқурларини уйига чақирди. Қўй сўйишди. Иссиқ нонлар ёпилди. Қозонларда турли таомлар пиширилди. Пешинга яқин етти-саккизта қишлоқ оқсоқоли виқор билан савлат тўкиб, бахшининг уйига кириб келишди.

Овқат бошидаги суҳбат фақат совчилик тўғрисида бўлди.
— Қудратилла бой қизини бахшидан яхши одамга бермайди. Шунинг учун у бизни ноумид қилолмайди.
— Ҳей, бой оғзига сиққанини айцин. Бахшининг кучи етмаса, кўплаб кўмаклашармиз. Бойни рози қилсак бўлди-да.
— Бахшининг отаси ҳам юртдан нарсасини аямади. Биз ҳам унинг ўғли учун боримизни аямаймиз.
— Ҳой, одамлар, яхши ният билан борайлик. Балки, ишимиз шундай ҳам битар.
— Иш битиши керак. Савдомиз бароридан келсин. Бола бахши орқали номи тилларга достон бўлган қишлоғимизнинг бу фарзанди ҳеч бир йигитдан кам эмас.

Маслаҳат узоққа чўзилди. Ёшуллиларнинг барчаси умидни қўлдан бермай, ўз фикрларини айтишди. Бола бахшининг онаси ҳам қўлидан келган хизматни аямади. Ниҳоят, эрта билан йўлга тушишга қарор қилишиб, ҳаммалари уй-уйларига тарқалишди.

Одамлар кетгандан сўнг Бола бахшининг юраги сиқилиб, безовталана бошлади. У жимгина ўтириб, бўлган гап-сўзларнинг ҳаммасини эшитди. Ёшуллиларнинг фикр-мулоҳазалари унга маъқул бўлди. Бирданига у Қудратилла бой рози бўлар, борган бу кексаларнинг сўзини қайтаролмас деган хулосага ҳам келди. Аммо секин-аста номаълум бир ғам унинг юрагини ғижимлай бошлади. «Агар бой рози бўлмаса, борган одамларни изига қайтариб юборса, унда нима қилиш керак? Қиз мен нима десам шунга рози экан. Бу яхши нарса. Лекин бу ишни қандай қилиб амалга ошириш керак? Олиб қочиш керакми? Қаерга олиб бориш керак? Мен Қудратилла бойнинг қизини олиб қочиб келдим, десам, ким мени уйига киритади? Ёки ватанни бутунлай тарк этиб, узоқ юртларга кецаммикин? Унда менинг орқамда қолганларнинг тақдири қандай бўлади. Онамнинг сочидан судраб, уни эл-юрт ичида масхара қилишмайдими? Яхшиси, мен ёшуллиларнинг олиб келадиган хабарига қарай-чи? Агар улар яхши хабар олиб келмасалар, унда олдин онамни Ахалга кетаётган карвонга қўшиб юбораман. Кейин Турсунойни олиб, унинг орқасидан бораман...»

Бу, албатта, ёшликнинг ботирона ўй-фикрлари эди. Онани нотаниш ерларга қандай юбориш керак? Кимникига бор деб жўнатиш керак? Онаси у ерда кунини қандай кўради? Агар олиб қочиш ўнгидан келмаса, сўнги нима бўлади? Ҳам онасидан, ҳам қиздан айрилиб ўтираверадими? Бола бахши ҳозир булар тўғрисида ўйламасди. Унинг миясида Турсунойдан бошқа учун жой йўқ эди. Айниқса, қаландарнинг келтирган хабаридан сўнг у нима олиб, нима қўйганини ҳам билмасди.

Бола бахши қош қорайгандан кейин йўлга тушди. Ҳамма уйқуга кетган пайт бойнинг уйи теварагига бориб, ҳовлини узоқроқдан кузата бошлади. Атрофи дарахтзор бўлган катта ҳовли ой ёруғида узоқдан кундузгидай кўриниб турарди. Лекин уй олдида ҳеч ким кўринмасди. Милт этган чироқ нури кўзга илинмасди. Бола бахши анча вақт уй атрофини кузатгач: «Воҳ, шу вақт уни бир кўрсам эди, унинг билан озгина сўзлашиб билсам эди» деб, тарвузи қўлтиғидан тушиб, қишлоғига қайтди.

Совчилар

Қудратилла бой ўғиллари билан Xива бозоридан қайтиб келди. Келган кунининг эртаси ҳеч қаерга бормади. Болалари ҳам ўз уйларида бўлишди. Бой пешин пайти бошига учта, оёғига иккита ёстиқ қўйиб, меҳмонхонанинг тўрида чалқанча ётарди. Шу вақт катта ўғли кириб:
— Ота, беш-ўнта отлиқ ёшулли бизникига келаяпти. Уларга нима деб жавоб айтишим керак?– деди.

Бой тирсагига суянди-да:
— Отлими, эшаклими? — деб сўради отаси.
— Барчаси отли.
— Ундай бўлса, келаверсинлар, — деб бой ётган жойидан турди.

«Эй худо, булар кимлар экан-а? Нима учун бундай тўда бўлиб келаяптилар. Ёки даъво-жанжал чиқдимикин?» деб, Қудратилла бой ўйга толди. Совчиликка келишдимикин, деган ўй унинг калласига келмасди. У яна ўйлай бошлади: «Одамларнинг орасидаги уруш-жанжаллар тугамайди. Ҳаммаси бир-бирини ейишга тайёр. Буларнинг бошқа жойга бормай, шу ерга келиб турганларига ҳам шукур...»

Хивада савдоси пишиб, кўнгли шод бўлиб қайтган Қудратилла бой келганларни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Дарров дастурхон ёзилди, қайноқ кўк чойлар келтирилди. Бола бахшининг қишлоғидан келганлар бойнинг бу ҳолатини кўриб бемалол ўтиришди. Бой бу кишиларни, бу кишилар ҳам бойни яхши танишарди. Шу сабабли чой бошида барчага маълум бўлган нарсалар тўғрисида, ер-сув, ердан ҳосил олиш, баҳорги экин экишга тайёргарлик ҳақида гаплашишди. Бир вақт овқат олиб келишди. Ширин таомлардан қоринлари тўйгач, қўлларини ювишди, тишлари орасига кирган овқат қолдиқларини тозалашиб ўтирар эканлар, келган ёшуллиларнинг гапга чечанроғи ўртага тушган жимликни бузди:
— Қудратилла бой, кеч киряпти. Сен энди бизларнинг хабаримизни олсанг яхши бўларди.

Бой очиқ чеҳра билан жавоб берди:
— Нимага шошиляпсизлар? Бугун ётиб кетарсизлар. Ҳозир қиш вақти бўлса, ётиб қолган шошилинч ишларингиз бўлмаса.
— Кўп раҳмат, бой оға, — деб бояги сўзга чечан одам жавоб берди. — Қилган хизматингизга рози бўлинг. Биз ҳам эртароқ бола-чақанинг олдига борайлик.

Бой яна деди:
— Мен қуруқ манзират қилаётганим йўқ.

Бу сўзга ҳаммалари бирдай жавоб бердилар:
— Xудо ёрлақасин, бой. Қуруқ манзират эмаслигини билиб ўтирибмиз. Кўп соғ бўлинг.
— Унда ўзларингиз хабарларингизни айтаверинглар.

Гапга чечан оқсоқол сўзни узоқлардан бошлаб, анча яхши гапларни айтди. Сўнг у мулойимлик билан асосий масалани баён қила бошлади:
— Бой оға, сўзимизни мухтасар қилиб айцак, биз сиз билан қариндош бўлиш учун келдик. Ўзингизга маълум, бизнинг Бола бахшимиз ҳунари билан юртга ўзини танитган йигит. Бўй-бастда, обрўда, ўз ишига усталикда, худога шукур, унинг олдига тушадиган одам йўқ. Одоби, икроми ундан яхши. Бизни сизнинг олдингизга юборганда, бой оғага бориб айтинг, эшигида қул бўлиш керак бўлса, мен тайёрман. Унинг обрўсини доимо юртга ёйиш керак бўлса, унга ҳам тайёрман. Қалин масаласида бўлса, кўнглидагини айцин. Бир қадам орқага чекинсам, отамнинг ўғли эмасман, дейди. Ўзингиз биласиз, унинг отаси ҳам юрт ичида таниқлик, обрўли инсон эди. Xуллас, у фақирнинг умри қисқа экан, ёлғиз ўғлининг шу даражага етганини кўриб билмади... Ана, бой оға, бизнинг бор бўлган юмушимиз шундан иборат. Сўзимизни тинглаганингиз, иззат-ҳурмат қилганингиз учун мингдан-минг миннатдормиз.

Бой ерга қараганича, овоз чиқармай жимгина ўтирарди. Уй ичига сув сепилгандай бўлди.

Бу маҳал Турсуной орқа тарафдаги уйлар ўртасида сурувидан адашган кийикдай бўлиб, аниқ бир жойда ўтиролмай, иш қилгандай куйманиб юрарди. У кунботар томондан келган ёшуллиларнинг нима мақсадда келганликларини дарров фаҳмлади. Унинг бутун вужуди қулоққа айланиб, одамлар ўтирган меҳмонхонага қаратилди. Қиз у томондан кулги ёки ғазабли қичқириқ товуши эшитилармикин деган хавотирда эди. Лекин у кутган нарсаларнинг бирортаси бўлмаслиги қизни ҳайрон қолдирди. Айниқса, ғазабли қичқириқларнинг эшитилмаслиги унинг юрагида умид учқунларини уйғотди. Xивадан савдоси пишиб, кўнгилдагидек бўлиб келган отасининг бирдан рози бўлиши ҳам мумкин, деган ўй уни озгина хотиржам қилди. «Рози бўлишса жуда яхши, бўлишмаса энди мен орқага қайтмайман. Бўладиган иш бўлиши керак!» деб қудуқ бошида қилган қасамини эслади. Бу орада икки томонга қатнаб, меҳмонларга хизмат қилиб юрган энг кичик акаси қизнинг ёнига келиб тўхтади.
— Нима қилиб юрибсан?
— Кўрмаяпсизми, идиш-товоқларни ювяпман.
— Уларни нима қиласан?
— Ит ҳурса, оғзига қопқоқ қиламан.

Турсуной билан кичик акаси ўртасидаги гап-сўз доимо ана шундай меҳрли ҳазил-ҳузул билан, бир-бирига тескари жавоб беришлар билан ўтарди.

Акаси афтини бужмайтириб, тиржайди:
— Ановиларнинг нима учун келганини биласанми?

Акасининг бундай тиржайиши қизнинг аъзойи-баданини титратиб юборди. У Бола бахши одамларига бериладиган жавобнинг қандай бўлишини фаҳмлади. Шундай бўлса-да, мардлик билан ўзини тутиб, жавоб берди:
— Менинг келган-кетган билан ишим йўқ!

Акаси ўша ҳолатини ўзгартмай, беписанд гапирди:
— Бола бахши деган бир шўртумшуқ бу қари-қартангларни йиғиб, уялмасдан отамнинг ҳузурига юборибди. Биласанми, нимага? Қудачиликка... Ҳа, ҳа, ҳа...

Турсуной кичик акаси билан бир-бирига меҳрли ака-сингиллигини юқорироқда эслатгандик. Ҳозир, шу пайтда, қиз манман, бошқаларни назар-писанд қилмайдиган олчоқ акасининг бўйнига оғирроқ бир нарса билан уришдан ўзини зўрға тийди. У тишларини қаттиқ қисиб, товушини ҳам чиқармади. Иш қилаётган киши бўлиб турди. Акаси иш билан ўз йўлига кетди. Қиз акасининг орқасидан кўзини олайтириб қаради. «Майли, истаганларингизни қилинг. Йўлингиздан қолманг. Биз ҳам ўз билганимиздан қолмаймиз». Энди унинг қўли ишдан бутунлай совиди. Устини оппоқ қор босиб ётган кенг майдон ҳам ҳозир унинг кўзига тор ҳужра бўлиб кўринди. Катта ола мушуги келиб, «миёв» деди. Қизнинг қўлига суйкалди. Турсунойнинг кўзига ёш тўлди. «Мушуккинам, совқотдингми? Оч қолдингми?» деб, унинг орқасини силади... «Сен қоласан. Тез вақт ичида бир ўзинг якка қоласан. Мени кўришга зор бўласан. Сенинг ҳолингдан ким хабар олади? Ким сени мушукчам деб эркалайди? Мени ҳеч қачон ёдингдан чиқарма. Мени доимо эслаб тургин» деганда, кўзларидан маржон-маржон кўз ёшлар беихтиёр юзидан думалаб туша бошлади.

...Бойнинг ерга қараб ўтириши узоқ давом этди. Уйда ўтирганлар бу жимжитликни бузишга журъат қилолмадилар. Қудратилла бой ниҳоят, чала йўталиб, теварак-атрофга кўз югуртириб чиққач, кескин оҳангда шундай деди:
— Менинг бахши-пахшига узатадиган фарзандим йўқ. Агар бор юмушингиз шу бўлса, унда қандай келган бўлсангиз, шундай қайтаверинглар. Бахшига икки нарсани айтинг: биринчидан, у қариндош бўлмоқчи бўлган одамини ўзи тенги одамлар орасидан қидирсин. Иккинчи айтмоқчи бўлган сўзим, мен келгуси ойнинг ўрталарида набирамнинг соч тўйини ўтказмоқчиман. Ана шу тўйда у уч кун ашула айтиб бериши керак. Келгуси ойда у ҳеч қанақа тўйга бормасин. Юрт кезиб, тўй ўтказиб топадиган даромадини ўзим бераман. Менинг сўзим тамом, вассалом.

Бутун бир катта қишлоқнинг ишини тўғри йўлга солиб юрган ёшуллилар юзларига урилгандай бўлиб, уйдан чиқдилар. Отларига минишди. Кетиб боришар экан, уларнинг ишлари пишмаганлиги учун манглайлари эгарнинг қошига тегай-тегай деб кетарди. Қишлоққа келганларида улар жонсиз одамга ўхшаб қолгандилар.

Ўшандан беш кун ўтгач, Бола бахши бошқа кунларга нисбатан эртароқ уйғонди. Кечаси бир танишидан олиб келган кўримсиз чўлтоқ отни шошиб-пишиб эгарлади. Уч қават тўн кийиб, унинг устидан эса эскироқ юпқа тўн кийди. Рангини билиб бўлмайдиган эски телпакни бошига қўндирди-да, онасининг ёнига борди.
— Онажон, қалай, бўладими?
— Кам-кўсти йўқ, болам. Эҳтиёт бўлгин.
— Ғам чекманг, онажон. Аммо мени сўраб келганларга ишончлироқ баҳона топиб, хафа қилмасдан орқасига қайтаринг.
— Xўп, болам, хўп.

Турсуной билан илк бор учрашган вақтни мўлжаллаб, Бола бахши қамишли қудуқ тараф отини ҳайдади. У бугун Турсуной билан қамишли қудуқнинг бошида учрашишни, ҳеч бўлмаганида у билан бир-икки оғиз сўзлашмоқни юрагига туккан эди. Унинг барча ҳаракатлари, ўзини тутишлари дадил эди.

У айни вақтда қудуқнинг бошига келди. Нова бўш эди. Қудуқнинг челаги ҳам кўринмасди. Бола бахши кўзларини Қудратилла бойнинг ҳовлисидан олмай, қудуқ атрофида айлана бошлади. Бу пайтда товуқларга дон бериб юрган қиз қудуққа томон қаради. Унинг юраги гурсиллаб ура бошлади. Қиз бу отлиқнинг кун ботардан келишини кўрган заҳоти сувга боришни ният қилганди. У ҳозир сувга бемалол бориши мумкин эди. Чунки уйда отаси ва акалари йўқ эди. Шунинг учун ҳам қиз қўлидаги бир ҳовуч жўхорини товуқлари ўртасига шошиб сепалади-да, челагини олиб, қудуққа томон тез-тез юрди. Йўлнинг ўртасига келганда, у Бола бахшини таниди. Қиз қудуқ бошига келганда, Бола бахши уни шундай сўзлар билан қарши олди:
— Турсуной, париларнинг султони, кўзимнинг қувончи. Ҳозир узоқ туришга вақт йўқ. Сен менинг ўйимда-фикримда, бутун туриш-турмушимдасан. Яхшилаб қулоқ сол. Мен сенсиз яшай олмайман. Сени олиб қочишга ҳам, сен билан қўл ушлашиб ўлишга ҳам розиман.

У қизнинг ўз ёнига қўйган челагини олди-да, сув тортишни бошлади. Бу ҳаракатлари билан ҳеч кимнинг диққатини ўзига тортмай, оташин сўзларини давом эттирди.
— Отанг мени ўзига муносиб кўрмади. Буни биласан. Менга иш буюрибди. Мен бу хизматни астойдил, сен учун жойига етказиб бажараман. Мендан яхшилик қолсин. Энди гап бундай: Онамни Ахалга жўнатаман. Отангнинг тўйи тамом бўлгач, худонинг яхши бир куни, тун яримда бир жойда учрашамиз. Шу жойдан сени отимга мингаштириб, юртдан қочиб кетаман. Агар, Турсуной, жоним, сен шунга рози бўлсанг, менга аниқ сўзингни айт. Мен сенинг шу сўзинг билан нафас олай.

Турсуной Бола бахшининг сўзларини эшитмасди. Эски-туски кийимнинг ичида кулга кўмилган гавҳардай бўлиб турган бу йигит унинг бор эс-ҳушини олганди. Қиз бир коса шароб ичгандай маст эди. У симобдай титраб туришича, бахшининг хушрўй бармоқларидан, фариштадай чиройли юзидан, келишган қадди-қоматидан кўзини ололмасди. Агар ҳозир ундан отинг ким деб сўралса, Турсуной унга тўғри жавоб беролмасди. У ҳозир ғафлат уйқусида ётган паризодга ўхшарди. Бахшининг: «Мен сенинг шу сўзинг билан нафас олай», дейиши уни ҳушига келтирди.
— Бахши, сиз учун ўлимга ҳам, юртдан чиқиб кетишга ҳам розиман. Мен туфайли қўлингиз боғлиқ бўлмасин. Менинг сўзим сўздир, эй йигит! — деди қиз.
— Тилингга қурбон бўлай, — деб бахши челакни сувга тўлдириб, қизнинг олдига қўйди. Сўнгра унинг кўзларига, олма каби қизариб турган ёноқларига, билакдан йўғон соч ўримларига, қайрилма қошларига шундай меҳр билан тикилдики, қиз бу қарашларга дош беролмай ерга қаради.

Йигит бу фурсатдан фойдаланиб:
— Олдинги сафар чалароқ кўрган эканман. Сенинг еру кўкда тенгинг йўқ экан. Xудойим сени менга кўп кўрмасин! – У шу ерга келганда бир тўхтади-да, кейин яна ютина-ютина сўзини давом эттирди. — Энди мен кетай. Бундай ортиқ туриш хавфли.

Қиз севинганидан гангиб қолган бошини зўрға кўтариб, Бола бахшига қаради:
— Яна бир оз туринг... Уйда ҳеч ким йўқ.
— Мен сенинг олдингда итдай ётишга минг марта розиман. Лекин ҳозир мумкин эмас.

Бола бахши армон билан ўкинар экан:

Хитойи бармоқли ул нозик қўлдан,
Туцам ўлдирарлар, тутмасам ўлам...–

сатрларини қўшиқ қилиб айтди. Унинг овози аста чиқса ҳам, лекин темирга урилган кумушдай тоза, соф ва тиниқ эди. Бу сатрлар қизнинг бағрини пора-пора қилди. Кўзларига ёш келди. Турсуной кўзларини артиб, яна қарайман дегунича Бола бахши отига миниб, қишлоғи томон кетди.

Турсуной эртасига ўрнидан туролмади. Унинг аъзойи бадани ўт билан оловдай эди. Бир кечада лабларини яра босди. Ҳуши ҳам гўё ўзида эмасга ўхшарди...

Ҳикоянинг Охири

Соч тўйига беш кун қолганда Турсуной ўрнидан турди. У ниҳоятда қаттиқ ҳасталанган эди. Қиз ўзини гўё ерга айлантириб урилгандай ҳис қилар эди. Боши айланар, кўзларининг олди қоронғилашарди. Қулоғида эса Бола бахшининг айтган қўшиқ сатрлари жаранглаб турарди. Ит ҳурса, мушук миёвласа, ҳатто бирортаси баланд овоз билан гапирса-да, Турсунойнинг жаҳли чиқарди. У товушлар қўшиқ оҳангларини эшитишга, ундан ҳузурланишга халақит берарди. Унинг қулоғига бегона товушлар эшитилмаган сайин қизнинг аҳволи яхшиланиб борарди.

Бу учрашув қизда ўзига хос бир таассурот қолдирди. У бу учрашувда йигитни хоҳлаганча кўздан кечирди. Бола бахшининг бўй-бастида зиғирча камчилик топмади. Аксинча, олдинги илк бор кўришганидан ҳам Бола бахши қизга минг марта келишган, меҳрли ва қадрли кўринди. Ундан ташқари қизга ёққан нарса Бола бахшининг очиқ сўзлиги, тиниқ фикрлилиги, Турсунойни ўз тарафига ўтказиб олган одамдай унга ишониб сўзлашлари бўлди Ана шу нарсалар қизнинг кўз ўнгидан ҳеч кетмасди. Шулар сабабли Турсуной доимо ҳўнграб йиғлашга тайёр турарди. Унинг томоғи ҳамиша йиғи-сиғига лим-лим тўла эди.

Қиз ҳам ўз тарафидан тўйга тайёргарликни бошлади. У кундуз куни одамларнинг кўз олдида бахшининг ашулаларини эшитиш учун дугоналаридан ажралиб олдинга чиқа олмайди. Чунки мингларча кўз қизга тикилиб турса, унинг қўлидан нима ҳам келарди, дейсиз. Кечаси, қоронғи бўлганда бу ишни амалга ошириш мумкин. У ўшанда бахшини қоронғи жойда турганча узоқдан ҳам, яқиндан ҳам тинглаши мумкин. Лекин бунинг учун бахши ўтирадиган жойни аниқ белгилаб олиш керак. Қўйлар турадиган оғилхона жуда ўнғай жойда қурилган эди. Қиз бахшининг ўтирадиган жойини тахмин қилиб, уни оғилхонадан хотиржам кўриб ўтирадиган қилиб бир нечта тешик ясади. Кейин баҳорда ўтирадиган айвоннинг чала сувалган юпқа деворининг бир нечта жойини тешди. Қизнинг кўнгли хотиржам бўлди. У энди бахшини оғилхонадан ҳам, айвондан ҳам бемалол кўриб, унинг меҳрли қиёфасини кузата олади. Қизга кечқурунги тўйдан бошқа ҳеч нарса керак эмас эди. Турсуной бу юмушларни бажариб бўлгач, нимагадир тугунларни, улардаги кўйлакларини кўздан кечира бошлади. Ёқасига безакдор нақшлар бериб, турли матолардан тикилган хилма-хил кўйлакларини навбат билан кийиб кўрди. Янги ясалган тақинчоқларини бўйнига, дўпписига тақди. Лекин иккита кўйлакдан бошқасини тугунлаб, жойига қўйди. Танлаб олган иккита кўйлагини алоҳида жойлади.

Қиз теварак-атрофида бўлаётган воқеаларга, тўйга тайёргарлик кўраётганларга бефарқ ва ниҳоятда ғамгин эди. У ўзини ожиз сезарди. Қиз гўё бутун дунё билан мангу хайрлашмоқчи бўлган инсонга ўхшарди. Қўли сира ишга бормасди. Аслида ундан иш талаб қилаётган одам ҳам йўқ эди. Қиз нохушлангандан бери Оққиз қўл билан оёққа айланганди. У Турсунойнинг қўлини иссиқ сувдан совуқ сувга урдирмасликка ҳаракат қиларди. Нон ёпиш, кир ювиш, сигир соғиш каби ишларни бойнинг бошқа келинлари бажаришарди. Оққиз баъзан-баъзан қизнинг нозик торларини чертиб кўришга ҳаракат қиларди. Бу билан у қизни сўзлатиб, озгина бўлса-да, дардини енгиллатишга кўмаклашарман деб ўйларди. Лекин қиз муз қотган тошдай Бола бахши ҳақида эмас, балки оддий нарсалар тўғрисида ҳам Оққизнинг ёнида гапирмасди. Оққиз ҳам ҳеч кимга ҳеч нима демаган бўлса-да, Турсунойнинг ўзини тутишидан хавфсирарди. «У ақлдан оздимикин? Кундан-кунга ёмонлашиб бораётганга ўхшайди. Нима қилсам экан-а? Онасига ёки эримга айцаммикин? Улар нега шу пайтгача индамай юрган эдинг, деб мени азобласалар нима қиламан? Эй худойим-ей, ўзинг шу қизга меҳрибонлик қилгайсан. У бечорани ёмон ишларга бошламагайсан...»

Тўй яқинлашган сайин Турсунойнинг аҳволи оғирлаша бошлади. Баъзи пайтлар баданида битмас-туганмас куч пайдо бўлиб, ўзини қўйишга жой тополмай қолса, баъзан эса танасидаги қувватни кимдир бир нарса билан суғуриб олгандай қўл-оёғини кўтаришга ҳам кучи етмай, сулайиб қоларди. Куч келган пайтлари Бола бахшини отининг сиртига олиб, қизнинг ўзи уни юртдан олиб чиқишга ҳам тайёр бўларди. Кучи қочган пайтлари барча нарсадан умидини узарди. Ёруғ жаҳон унинг кўзига қоронғи маконга ўхшаб кўринарди. Бундай ҳолда узоқ яшаш эса асло мумкин эмасди...

1910 йилнинг 7 январ куни ҳаво қаттиқ совуқ бўлди. Ҳамма ерни қалин қор босди. Дарахтлар устларидаги қорларни кўтаролмай, эгилиб қолишди. Дарахт шохларидаги қушлар музлаб, кесакдай тизза бўйи келган қорнинг устига думалаб тушарди. Қорамоллар илон кўргандай жунларини диккайтириб, девор ё уйларнинг ёнбошларига ғарам қилиб қўйилган беда, янтоқ, жўхори ғарамларига ёнбошларини тираб туришарди. Одамлар, бола-чақа иложи борича ташқарига чиқмасликка ҳаракат қилар эдилар.

Бироқ бугун тўйнинг биринчи куни эди. Ҳамма оёқ устида туриши, Қудратилла бойнинг хизматини астойдил бажариши керак эди. Шундай ҳам бўлди. Офтоб чиқиши билан тўрт тарафдан отда, эшакда, пиёда одамлар, бола-чақа — барчаси бизга таниш бўлган ҳовли томон кела бошладилар. Улар нон ёпиш, қўй сўйиш, ўчоқ ўрнатиш, бахши қўшиқ айтадиган кенг майдонни тайёрлашга киришдилар. Ҳовли олдидаги майдонга бир неча минг одам сиғарди. Аввал ўша ерни текислаб чиқишди. Кейин супуриб-сидириб қордан тозалашди. Ўртасини мўлжаллаб ер ўчоқ қаздилар. Қиз эса бахшининг ўтирадиган ерини билганидан кейин ўзи ясаган тешикларни текшириб кўрди. Ихлос билан қилинган иш жойига тушган эди.

Қуёш чиқиб, дарахтлар бўйидан баланд кўтарилгач, яхши безатилган саман отнинг устида олғир лочиндай бўлиб Бола бахши ҳам етиб келди. Ғижжакчиси ҳам ёнида эди.

Бахши бу фурсатни ҳар дамгидан ҳам зўр зориқиш билан кутган эди. У олдинлари қизнинг қишлоқларига яқин ерларда қўшиқ айтишни истаган бўлса, энди Бола бахши Турсунойнинг уйида ашула айтишга келганди. Бироқ бахши Қудратилла бойнинг рад жавобини эсидан чиқармаганди. Бойнинг ёқасидан тутиб, уни ер билан яксон қилишга ҳам тайёр эди. Аммо бу тўйда бор ҳунарини аямай қўшиқ айтишни дилига тукканди. Бахши бугун узоқ қиш кечаси билан Турсунойнинг ёнида ашула айтиши, унинг ҳар бир сўзи эса қизнинг қулоғида жаранглаши керак эди. Бу бахши учун катта бахт эди. Ана шу бахт ҳам унга куч-қувват берарди. Бола бахши келиб, ҳеч нарса бўлмагандай Қудратилла бой билан ихлос-ла саломлашди. Тўй билан бойни қутлади. Бой ҳам гўё ҳеч нима бўлмагандай соғлиқ-омонлик сўради ва уни бахши учун махсус тайёрлаб қўйилган уйга таклиф этди. Олов ёқилиб, дастурхон ёзилди. Дастёрлар дарров чой-нон олиб келишди.

Пешинга яқин кутилган меҳмонларнинг барчаси келди. Уй олдидаги майдон одамга лиқ тўлди. Ўртага олов ёқилгандан сўнг у ерга бахшини чақиришди. Бола бахши бургутдай тўрт томонга қараб ғижжакчисини эргаштириб, унга аталган жойга бориб ўтирди. Қўшиқ айтиш бошланди. Кундузги ашула шунчаки номига айтилган қўшиққа ўхшарди. Уни одамлар тинглашарди, лекин кечқурунги ашула сингари диққат билан эшитишмасди. Йиғилганлар ўзаро суҳбатлашарди, у-бу ишлари тўғрисида ташвиш қилиб юришарди. Бахши эса фақат уни диққат билан кўринмасдан тинглаб ўтирган азиз инсонига етказиш учун ҳар бир сўзига алоҳида маъно юклаб куйлар эди. Бола бахши икки соатча ашула айтгач, паҳлавонлар кураш тушишди, от чоптирилди, меҳмонлар меҳмонхоналарга бўлинди. Кечқурунги ашула кун ботгандан сал кейин бошланди.

Кундуз куни меҳмонхоналарда дам олган меҳмонлар ўзлари тушган уй эгалари билан тўйхонага келиб, олдиндан белгилаб қўйилган ерга жойлашдилар. Қучоқ-қучоқ саксовул кўтариб олган йигитлар ўтинларни ловуллаб турган оловнинг устига ташлашарди. Кичкина чой идишларнинг сони элликдан ошди. Улар бирпасда қайнарди. Дамланган чойлар кетма-кет меҳмонларга бериларди. Бахши ҳам қўшиқ айтишни бошлади.

Аввало паст оҳанг соз билан йўғрилиб, одамлар орасига сувнинг қумга сингиши сингари тарқала бошлади. Вақт ўтиши билан дутор ва ғижжакчининг торлари баланд янграб, Бола бахшининг овози яна юксакликларга кўтарила бошлади. Икки соатча ашула айтилгач, бир басавлат ёшулли ўртага чиқиб, бахшининг олдига катта ой суратли рўмолини ёйиб қўйди.

Бахшига пул ташлаш бошланди:
— Омон ўғли Қорача тўрт червон!
— Қурбон бурун бир бўталоқли туя!
— Аҳмад сариқ бир қўзили қўй!
— Сафар ёғлининг ўғли ўн ботмон буғдой!
— Дурди алаша беш червон! — деб айтилган сўзлар ашула, қўшиқ сатрларининг орасидан эшитилиб турди. Бола бахши жўшиб қўшиқ айтарди, ёшуллининг товуши ҳам узилмасдан давом этиб турди.

Турсуной олдин оғилхонага борди. Ўзи ясаган тешиклардан Бола бахшининг дутор чалаётган нозик, келишган бармоқларини, сувдай тўлқинланиб турган телпагини, қизнинг нигохини ўзига тортиб турган чиройли қиёфасини узоқ кузатди. Қиз бахшини кузатар экан, юраги тез-тез урарди. У гоҳ ўтирар, гоҳ ўрнидан туриб кетарди. Кейин у баҳорги айвонга чиқиб, бахшини яқинроқ масофадан эшита бошлади. Теварак-атрофидаги дугоналарининг айримлари қизнинг ҳолатини кўриб, ҳайрон қолишарди. Лекин унинг ўзига ҳеч нарса дейишмасди. Унинг атрофидаги бошқа қизлар эса Бола бахшининг келишган қомати ва чиройли қиёфасига ошиқ бўлишиб, Турсунойни ҳам, бошқа нарсаларни ҳам эсидан чиқаришган эди.

Бахшига совға-салом бераётганларнинг номини айтиб юрган гавдали оқсоқолнинг овози камроқ эшитила бошлади. Кейин бутунлай эшитилмай қолди. Шу вақт бахшига чой тутиб, бошқа хизматларни ҳам бажариб юрган ёшулли одамларга қараб:
— Достонга ўтилса, қандай қарайсизлар? – деди.
— Жуда яхши таклиф!
— Розимиз, достон эшитайлик!
— Қайси достонни эшитишни истайсизлар?
— Бахшининг ўзи айтақолсин!
— Мен хизматингиздаман. Қандай достонни хоҳласангиз, ўшани айтаман.

Кўпчилик орасидан:
— Нажаб ўғлон! Нажаб ўғлон!.. — деган товушлар эшитилди.
— Одамлар, тингланг унда Нажаб ўғлонни! — деб Бола бахши достонни бошлади.

Йиғилган халойиқнинг кўзи, қулоғи, бутун вужуди ўртада янги туғилган ой сингари теварагига гўзал қўшиқ, ёқимли оҳанглар орқали «нур» тарқатаётган Бола бахшига қаратилди. Шу атрофда Турсунойнинг ҳам қўшиқ эшитиб ўтирганини ҳис қилган бахшининг куйлашини ҳеч нима билан қиёс қилиб бўлмасди. Мухлисларнинг кўпчилиги доимо тинглаб юрган бахшиларида қандайдир бир кўтарилиш пайдо бўлганини сездилар. Сўзлашмай бир-бирларининг юзларига маъноли қараб олдилар. Бахши эса жўшиб куйларди. У қизишиб, баланд оҳангларда қўшиқ айтарди.

Қизнинг тинчлиги бузилди. У уйга кирди-да, тугунларнинг ичига солмай, алоҳида қўйган икки кўйлагини олиб, қўлтиғига қисди. Кейин эса баҳорги айвонга қайтиб келди. Сўнгра келин-қизларнинг орасидан Оққизни топиб, бир чеккага тортди.
— Янгажон, яхши-ёмон гап айтишган бўлсак, кўнглингизга олманг.

Оққиз илон чаққандай сакраб тушди:
— Бу нима деганинг, жоним?
— Эҳ, юрагим қисиб боряпти. Янгамни бир кўрай дедим-да.

Оққиз бу жавобга ишонмади:
— Тўғрисини гапир, жоним. Мени алдама.

Турсуной ғамгин жилмайди:
— Мен сизни алдамайман, янгажон. Сизни яхши кўраман. Менинг айтганларимга ишонаверинг. Майли, энди сиз ишларингиз билан бўлаверинг. Мен бироз бахшини тинглайман,

Оққиз ғамгин оҳангда деди:
— Жоним, шу бахши бошингга етмаса бўлди, сенинг!
— Етмайди, янгажон. У яхши одам...

Қиз яна айвонга келди. Бирпас бахшининг куйлашига қулоқ солиб турди. Бирдан унинг вужуди енгиллашди. Фикрлари ойдинлашди. Руҳи кўтарилди.

Худди шу пайт Бола бахши ҳам достоннинг ўртасидан ўтди. У ғижжакчига имо қилди-да, уни қўшиққа жўр этиб, «Бу дардни» деган қўшиқни айтишга киришди. Йиғилганларни ёқимли, аммо ғалати бир кайфият чулғаб олди. Лекин ҳеч кимдан садо чиқмасди. Ҳеч ким гап нимадалигига тушунмасди.

Бахши бошиданоқ қиёслаб бўлмайдиган баланд, ширали овоз билан шу сатрларни мухлисларига бахш эта бошлади:

Сайр айладим, кездим ишқинг тоғидан,
Не балодир, ким чекар, бас, бу дардни?
Ишқ тоғин оссалар кўкнинг бўйнидан,
Кўк титрайди, кўтаролмас бу дардни.

Турсуной бир-икки қадам олдинга сурилди. Дугоналарини қўллари билан бир четга суриб, яна уч-тўрт қадам олдинга юрди.

Бола бахши қўшиқнинг иккинчи тўртлигига ўтди:

Ишқ асар этмаса ёнмас чироқлар,
Ишққа тушса, бўри инграр, қуш йиғлар.
Эгилар ҳайбатли, қувватли тоғлар,
Тошлар эрир, чека билмас бу дардни.

Одамлар нима бўлса-да, бирор ҳодисанинг юз беришидан хавотир қилгандай сергак торта бошладилар. Чунки бахшининг бу хилдаги қўшиқ айтиши кутилмаган бир ҳолат эди. Бола бахши бошқариб бўлмайдиган асов отнинг устида ўтиргандек ўз ихтиёрини қўлдан чиқазган эди. «Ҳеч бўлмаса, достоннинг орасида ўз севгимни яна бир бор англатай» деган мақсад билан у юрт ичида асрлар давомида урф бўлиб келаётган чегарадан чиқди. Унинг мақсади ушбу қўшиқни айтиб, ўз хаёлида Турсуной билан гаплашгиси, сўнгра достонни давом эттирмоқчи эди.

Бахши шу чоққача кўрилмаган кўтаринкилик билан:

Кимдир ишқнинг юкин тортган мардона! –

деб, қўшиқнинг учинчи бандини бошлаганда, баҳорги айвон тарафдан:
— Мен шу ишқнинг юкин тортган мардона! – деган аёл кишининг тиниқ овози эшитилди. Бу товуш қулоқларига етган кенг майдондаги одамларнинг елкаларига игна санчилгандай, жимирлаб кетди. Шу пайт баҳорги айвон томондан қизил олов сингари бир қиз ўртага чиқди. У ҳеч кимга ва ҳеч тарафга қарамасдан тўғри Бола бахшининг ёнига келди:
— Мен шу ишқнинг юкин тортган мардона! – деб, қизил гулдай ял-ял яшнаб ўзини бахшининг бағрига ташлади. Кишилар дув этиб ўринларидан туришиб, бахши томонга сурилдилар. Ўша оннинг ўзида:
— Қўлларингдан нима келди, ҳаромзодалар! — деган қичқириқ халойиқнинг тепасида янгради.

Бу товуш Қудратилла бойнинг ўғилларига қарата нафрат билан барала айтилган ҳақоратомуз сас эди. Кетма-кет уч марта ўқ овози эшитилди. Ўқлар Бола бахшининг олдидаги чойнак-пиёлани, қўлидаги дуторини ғижжакчининг ғижжагини тилка-пора қилди. Одамлар бойнинг ўғилларини тутиб, қўлларидан милтиқларини олдилар. Кунботар томондан эшитилган милтиқ овози икки одамни ярадор қилди. Уни ҳам дарҳол тутишди. Кишилар бахши билан қиз ҳалок бўлган бўлса керак деб, афсус қилишиб, бир-бирларини туртишиб, олдинга интилишди. Бироқ Бола бахши билан Турсуной бир-бирининг қўлларини тутишиб, халойиқ олдида байроқ каби бўй-бастида тикка туришарди.