OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБекпўлат Бахтиёр
Асар номиЖаннатим - Онам (шеърлар)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Бекпўлат Бахтиёр
Услуб
   - Шеърият
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
НашриётТафаккур нашриёти, Тошкент, 2016
Ҳажм144KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2016/08/01
МанбаMuallif ruxsati bilan


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Жаннатим - Онам (шеърлар)
Бекпўлат Бахтиёр

Қалб Эҳтироми

Истиқлол йилларида ёшлар масаласига жуда катта эътибор бериляпти. Буни адабиётда ҳам яққол кўришимиз мумкин. Муҳтарам Юртбошимиз “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” номли рисолаларида бир қатор зарурий тавсияларни берганлар. Жумладан, “истеъдод, истеъдод ва яна бир бор истеъдод соҳибларини топиш, тарбиялаш ва уларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш энг асосий вазифамизга айланиши зарур”лигини таъкидлаганлар. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ана шу тавсиялардан келиб чиқиб, бир қатор ишларни амалга оширяпти. Ҳар йили Дўрмон ижод уйида “Истеъдод мактаби” семинари ўтка- 3 зиляпти, иқтидорли ёшлар устозлардан сабоқ олиб, билимини оширяпти, машқлари ва интилишлари билан устозлар назарига тушяпти. Мана шу жараёнда саралаб олинган ёшларнинг биринчи китоблари катта ададларда давлат ҳисобидан чоп этилиб, юртимиздаги барча ўқув даргоҳлари ва кутубхоналарга бепул тарқатиляпти. Бу ёшларга катта илҳом, завқ-шавқ бериши шубҳасиз. Чунки эътибор ва рағбат ижод аҳлига катта куч-ғайрат бағишлайди.

Уюшма қошида ташкил этилган тўгаракларда эса янги истеъдодлар кашф этиляпти. Бекпўлат Бахтиёр ана шундай ёшлардан.

Қўлингиздаги тўплам ёш шоирнинг учинчи китоби. У ушбу шеърий гулдастасига “Жаннатим – онам” деб ном қўйибди. Дарҳақиқат, она улуғ зот. Ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда:

Оналар оёғи остидадур
Равзайи жаннату жинон боғи.
Равза боғи висолин истар эсанг,
Бўл онанинг оёғин тупроғи.

Онани эъзозлаган, хизматини қилган киши элда иззат-ҳурмат топади. Ёш шоирнинг ушбу тўплами онага қалб эҳтиромидир:

Таскин берар, агарки бирон ғамдан эзилсам,
Иродаси тоғдек бут, мудом ҳайратим – онам.
Бирон ишга қўл урмоқ учун гоҳи ўйлансам,
Тоғдек айлар ишончим, шаҳду журъатим – онам...
Омад менга қўл бериб, эр йигит бахтин берса,
Дуосидан келар бахт, буюк давлатим – онам.
(“Жаннатим – онам” шеъридан)

Ҳақиқатан, онанинг ишончидай катта суянч, унинг меҳри, қайғуришидай далда йўқ. Бошимизга бахт қуши ҳам шу зотнинг дуолари сабаб қўнади.

Менда Бекпўлатга нисбатан ҳурмат ҳиссини уйғотган яна бир жиҳат – ёш шоирнинг камтарлигидир. Баъзан ҳайрон қоламан. Айрим ёш ижодкорларда бирдан кибр пайдо бўлиб қолади. Бу билимсизлик, нодонликдан бошқа нарса эмас. Агар ўзининг бутун ёзган-чизганини тарозининг бир палласига, кибрини эса бошқа томонига қўйса, машқлари жоҳилона ғурури олдида юк босмаслигига амин бўлади. Устозларнинг эътибори, тенгдошларнинг эътирофини ҳеч қачон суиистеъмол қилмаслик зарур. Эскиларнинг: “Каматарга камол” деган гапида ҳикмат кўп.

Бекпўлат ҳаётга яхши ният, умид билан қарайди. Ундан гўзаллик, яхшилик ахтаради, бошқаларга ҳам шуни илинади. Қадимий битикларда ёзилганидек, инсонга керак бўлган энг муҳим фазилатлар ана шу – эзгу ният, эзгу сўз, эзгу амал:

Ҳаётнинг азалий ҳикматидир бу,
Инсоннинг ўзига ҳурматидир бу,
Шунчаки берилмас рағбатидир бу:
Сен кулсанг, сенга ҳам кулар бу дунё!
(“Сен кулсанг” шеъридан)

Мен Бекпўлатнинг шеърлари, уларнинг яхши-ёмон жиҳатлари ҳақида гапирмайман. Уларга баҳони сиз берасиз, азиз китобхон. Бу йигит камтарлиги, ғайрати билан ўқувчиларнинг ҳам ҳурмат-эътиборини қозонади, деб умид қиламан.

Иқбол МИРЗО,
Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари


Табаррук

Эй дўст, истиқлол берган давру даврон табаррук,
Улуғ зот сарбон бўлган одил карвон табаррук.
Тўрт фаслини мукаммал қилиб қўйган табиат,
Эй биродар, бизга шу гўзал ошён табаррук.
Юрт кўксини шамоллар силар ажиб ҳавасда,
Эл юзида ифтихор, муборак шон табаррук.
Қуёш сочар нурини она меҳрига қиёс,
Фақат мусаффо бўлсин, мағрур осмон табаррук.
Дастурхонинг файзидир шу юртнинг неъматлари,
Пахта, буғдой, ипагу ҳалол ош-нон табаррук.
Бугун етти иқлимдан келар минг бир сайёҳлар,
Ўзбек мудом меҳмондўст, азиз меҳмон табаррук.
Эй тенгдошим, қандингни ур! Барча йўллар бизники,
Келажакка очиқ йўл – қутлуғ замон табаррук.


Тинчлик Макони

Бугун дунё бўлди уруш майдони,
Нокаслар бир-бирин тўкади қонин,
Юракларни эзар гўдак фиғони,
Шундай юрт бор, келди буюк замони,
Минг шукр, тинчлик ўзбек макони.
Дуосиз бошламас ҳеч бир ишини,
Қуёши эркалар ҳатто қишини,
Довруғи осмондир ўзбек ошининг,
Шундай юрт бор, келди буюк замони,
Минг шукр, тинчлик ўзбек макони.
Меҳмоннавоз эрур дилхуш сухандир,
Бир қарич ери ҳам гўё гулшандир,
Келажаги сари йўли равшандир,
Шундай юрт бор, келди буюк замони,
Минг шукр, тинчлик ўзбек макони.
Тинчликнинг қўлидан ризқин бўлашган,
Саҳардан эл-юртга ошин улашган,
Шоиру ҳофизи мадҳин куйлашган,
Шундай юрт бор, келди буюк замони,
Минг шукр, тинчлик ўзбек макони.
Азиз юрт эгаси қўллар авлодин,
Мудом ёд этади минг бир аждодин,
Ҳеч нега зор этмас мурғак зурёдин,
Шундай юрт бор, келди буюк замони,
Минг шукр, тинчлик ўзбек макони.


Элим Бу!

Дуосидан безаб кўнгил чаманин,
Қадрин билиб дийдорининг ҳар дамин,
Бир-бир рўёб этаётур бор камин.
Кексаларин эъзозлаган элим бу!
Дуосини олмай иши бошланмас,
Улар борки, кўнгил ғамдан ғашланмас,
Бир дам ўзин якка-ёлғиз ташланмас,
Кексаларин эъзозлаган элим бу!
Бугун бахтли ўзбек элин фарзанди,
Кўз қораси беғубор шакар-қанди,
Ўй-хаёли ғам ташвишга эмас банди,
Фарзандларин ардоқлаган элим бу!
Илму фандан ўсаётур камоли,
Асло тегмас ғурбатларнинг шамоли,
Ойдек қизлар ўзбек юртин жамоли.
Фарзандларин ардоқлаган элим бу!
Ҳар кунимиз байрам мусаффо осмон,
Эзгу ният дилда шаҳдимиз равон,
Ортда қолди минг бир машаққат довон,
Қадрятлар қадр топган элим бу!
Баҳор келса дошқозонда сумалак,
Ёмғир ёғса, кулиб турар камалак,
Ой қизларнинг сочлари ҳур жамалак,
Қадрятлар қадр топган элим бу!


Ватан Учун

Ватаннинг корига елиб юрмасак,
Ватан тупроғини сажда билмасак,
Ватан деб йиғлабу, у деб кулмасак,
Дунёга не учун келдик, эй дўстлар?!
Иш битмайди фақат номин сотгандан,
«Ватан» деб бағрида ялқов ётгандан,
Ҳазар қилмай унга тошлар отгандан,
Дунёга не учун келдик, эй дўстлар?!
Ота ҳам, она ҳам Ватандир, ахир,
Ҳар ёнинг гуллаган чамандир, ахир,
Номард бўлиб нонин айласак тахир,
Дунёга не учун келдик, эй дўстлар?!
Ўзганинг қўлига қарам бўлганлар,
Бир куни синдирар қалам бўлганлар,
Ўз юртин шаънига алам бўлганлар,
Дунёга не учун келдик, эй дўстлар?!
Жонимиз бир бора қилмасак нисор,
Ватан ҳам баъзидан бўлсаю безор,
Баъзи бир гумроҳлар, сизга савол бор:
Дунёга не учун келдик, эй дўстлар?!
Ҳурликка шукрни қилмангиз канда,
Яшаймиз озоду обод Ватанда,
Ватан деб яшайлик то жон бор танда,
Дунёга шу учун келдик, эй дўстлар?!


Ўзбегим (Сонет)

Осойишта ҳаёт тинчлик сурури,
Озодлик, ободлик кўнгилдан бошлар.
Миллатда эркинлик ҳурлик ғурури,
Эртанинг эгаси – бугунги ёшлар!
Дунё майдонида илдам қадамлар,
Ўзлигин намоён етмоқда ўзбек.
Тантана улашур ҳар бахтли дамлар,
Орзулар рўёбин қучмоқда ўзбек!
Боболар, момолар руҳи шод бўлди,
Қир-адир чаманлар гулобод бўлди.
Ўзбегим ҳур, равон излигинг яхши!
Ўзбегим мардона сўзлигинг яхши,
Дунё аҳлин бунда мудом лол этар,
Ўзбегим кўз тегмас ўзлигинг яхши!


Давр Бизники, Марра Бизники

Кел, дўстим, қўлни тутайлик бирга,
Мушкул йўқ энди етмоқлик сирга,
Ватан севгисин жойлайлик дилга,
Давр бизники, марра бизники.
Она юрт бизга берар мудом қўл,
Юртбошим очиб деди: сенга йўл,
Ғафлатни енгиб куч ғайратга тўл,
Давр бизники, марра бизники.
Дунё лол қолсин кўриб шаҳдимиз,
Улуғ сиймолар дилда фахримиз,
Порласин, дўстим, толе-бахтимиз,
Давр бизники, марра бизники.
Келажак авлод издошларимиз,
Бу юрт дилбанди кўзу қошимиз,
Юксаклик қучсин азиз бошимиз,
Давр бизники, марра бизники.
Ҳушимиз олмай турли иллатлар,
Ғайрат-ла жўшсин чексак заҳматлар,
Шу юртга биздан келсин раҳматлар,
Давр бизники, марра бизники.


Ватан Дея Уради Юрак

Истиқлол – бу порлоқ келажак,
Осмон узра ҳурлик камалак.
Ажиб шу ҳис қонимизда жо,
Ватан дея уради юрак.
Ҳар бир ҳовуч тупроғи азиз,
Пойин ўпсак, япроғи азиз,
Ардоқласак, ардоғи азиз,
Ватан дея уради юрак.
Шу юрт эрка фарзандиман мен,
Кўзу қоши дилбандиман мен,
Жон риштаси пайвандиман мен,
Ватан дея уради юрак.
Кезай қанча қиру далангни,
Улғайдим мен эштиб аллангни,
Юксак айлай мен ҳам ғаллангни,
Ватан дея уради юрак.
Кўзим очсам кўзимда ватан,
Мадҳинг айтсам сўзимда ватан,
Ҳар тупроғинг изимда ватан,
Ватан дея уради юрак.
Ватан ичра ватандир оилам,
Чаман ичра чамандир оилам,
Онаю ёр жонажон олам,
Ватан дея уради юрак.
Томиримда аждодлар қони,
Дилдан ўчмас буюклар шони,
Сатқа бўлсин бир ўғлинг жони,
Ватан дея уради юрак.


Сени Айтардим

Ҳур юртим, мағрурлик сенга ярашар,
Буюклигинг бугун тан олди башар,
Кўркингни кўрганда ҳавасим ошар,
Жаннатни сўрсалар, сени айтардим.
Мукаммал эрурдур ҳар келар фаслинг,
Тарихда ўчмасдир зарҳалли асринг,
Ўзлигин йўқотмас мана шу аслинг,
Жаннатни сўрсалар, сени айтардим.
Серқуёш ўлкасан етти иқлимда,
Боғларинг гуллаган ўнгу сўлимда,
Асрайсан ҳар доим юрар йўлимда,
Жаннатни сўрсалар, сени айтардим.
Балки сен ҳақингда таърифим камдир,
Бир гулхан бўлолмас гўё бир шамдир,
Сенинг бу бағрингда энг бахтли дамдир,
Жаннатни сўрсалар, сени айтардим.
Бекпўлат фарзандинг бағрингда бахтли,
Буюклар паноҳи сабаби аҳдли,
Келажак авлодинг ҳам тожу тахтли,
Жаннатни сўрсалар, сени айтардим.


Буюклар Паноҳи

Эй ғаним, минг бора отинг тошингиз,
Минг бора бу юртга суқинг бошингиз,
Оxири тугайди бут бардошингиз,
Буюклар паноҳи қўллайди бизни.
Неча бор йўлимиз пойланг тузоқда,
Бизга яқинсизми ёки узоқда,
Барибир, қоласиз бир куни доғда,
Буюклар паноҳи қўллайди бизни.
Жаннат макон ўлка ғамлардан олис,
Қатра-қатра кўз намлардан олис,
Шукр ҳисин дилдан қўймайди боис,
Буюклар паноҳи қўллайди бизни.
Ўзимизга бекмиз мустақил қарор,
Ҳар бир ишимизда омад бизга ёр,
Бизни енголмайди фитна ва террор,
Буюклар паноҳи қўллайди бизни.
Юртбошим элини суйгани сабаб,
Элим деб, юртим деб куйгани сабаб,
Ватан муҳаббатин туйгани сабаб,
Буюклар паноҳи қўллайди бизни.


Кўрдим

Дунёга келиб, дўстлар, рўйи жаҳонни кўрдим,
Бу дунё бисотидан яхши-ёмонни кўрдим.
Ота қуёш бошингда она ойдир кўнглингда,
Шу икки зот бор экан дардга дармонни кўрдим.
Дерлар тарих бешафқат зулми қолган қанчалар,
Бу мустақил Ватанда ҳурлик замонни кўрдим.
Етти ёшдан етмиш ёш қадри азиз ўзгача,
Истиқлолдан шодумон аҳли инсонни кўрдим.
Минг шукр демоқ жоиз тинчлик ўзбек макони,
Шукрона дилда боис соғлиқ-омонни кўрдим.


Шукрона

Орамизда шундай инсонлар борки, улар топгантутганидан доимо нолиб яшайдилар, топаётганларига қаноат қилмай мусофирлик гарданини бўйинларига илиб ўзга юртларда ватандан узоқда кун кўрадилар, аммо, минг афсуски, аксарият шундай одамлар қўлларига оз мунча даромад тушса ғанимларнинг фитна ғояларига учиб ўзи туғилиб ўсган ватанларини сотиб, шаънига турли бўҳтонлар ёғдириб дилларга ғулу солмоқда.

Атрофга бир боқинг, қайси юртда бундайин озодликни, ободликни, тинчлик хотиржамликни мўлкўлчиликни топиш мумкин, биз буларга шукрона ҳисси билан яшашимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.

Минг шукур омондир тану жонимиз,
Мўл-кўлдир ҳар ҳосил буғдой-нонимиз,
Бахтларга тўлмоқда ҳар бир онимиз,
Кўнглимиз ғамлардан фориғ эмасми?
Шукрона қилмасак, уят бўлмасми?!
Дунёга боқсангиз, жаҳолат доми,
Тонгида файз йўқ, тинчлик йўқ шоми,
Фарзандлар кўзидан аримас нами,
Наҳотки, кўзингиз шуни кўрмасми?
Шукрона қилмасак, уят бўлмасми?!
Узоқда дўндириб гўё бир ишин,
Ватанга ёғдириб фитна, миш-мишин,
Эй нонкўр, танлама номарднинг ишин,
Боболар гўрида бетинч ётмасми?
Шукрона қилмасак, уят бўлмасми?!
Кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик?!
Мусаффо осмонда ой каби тўлдик,
Тузин ичиб юртинг нима ҳам қилдик,
Виждонинг бир бора ўйлаб кўрмасми?
Шукрона қилмасак, уят бўлмасми?!
Ўзингча «оқиллик» бисотин ўқиб,
Ўз юртинг, юртдошинг кўзларин чўқиб,
Билмай ботмоқдасан гуноҳга чўкиб,
Ўзингга ўзингнинг раҳминг келмасми?
Шукрона қилмасак, уят бўлмасми?!
Бир бора шукрона ҳиссини туйсанг,
Ватан деб жон дилдан ёниблар куйсанг,
Бундан-да ортиқ бахт бормикан, билсанг,
Толеинг янада порлоқ кулмасми?
Шукрона қилмасак, уят бўлмасми?!
Минг шукурки омондир тану жонимиз,
Мўл-кўлдир ҳар ҳосил буғдой-нонимиз,
Бахтларга тўлмоқда ҳар бир онимиз,
Кўнглимиз ғамлардан фориғ эмасми?
Шукрона қилмасак, уят бўлмасми?!


Борлиқсиз, Она…

Жон десам, агар сизни жонимдан ҳам ортиқсиз, она,
Бу ҳаёт сийлаб берган жону жаҳон тортиқсиз, она.
Дил кўшкингиз беғубор, нозик ниҳол, лола, ғунчадек,
Мендан келар ширин сўз, эътиборга интиқсиз, она.
Сизсиз ахир мен ҳеч ким қайдан бунча виқор мағрурлик,
Сочдан товонимгача бахт шодликга боғлиқсиз, она.
Рухсорингиз дилимни ҳаргиз ёритади нур каби,
Юрагимни тўрида ўчмас муҳр, ёрлиқсиз, она.
Йўқдан мени бор қилиб жондан оқ тараб, оқ ювдингиз,
Дунё ёлғон бўлса ҳам менга чиндан борлиқсиз, она.


Журъатимдирсиз

Сабру матонатга мудом ёрлигим,
Энг эзгу ишларда илдам борлиғим,
Саховат эгаси мағрур орлигим,
Онажон, сиз менинг журъатимдирсиз.
Дард чексам бошимни иссиқ кафт силар,
Ҳар бир қадамингиз ўйлаб босилар,
Бўйнингизда ғурур дурдек осилар,
Онажон, сиз менинг журъатимдирсиз.
Ҳеч кимга ўхшамас фикрингиз теран,
Юракдан чиқар сўз зикрингиз теран,
Ҳар бир мушкуллотда зеҳнингиз теран,
Онажон, сиз менинг журъатимдирсиз.
Шаштимни қайтармас довул-шамоллар,
Сиз борки ҳеч кимга келмай малоллар.
Ёш кўнглим навқирон қудратидирсиз,
Онажон, сиз менинг журъатимдирсиз.
Бекпўлат Бахтиёр бахти шу эрур,
Эр йигит истаган тахти шу эрур,
Дангал сўзларимнинг нақди шу эрур,
Онажон, сиз менинг журъатимдирсиз.


Жаннатим – Онам

Бу дунёда, эй дўстлар, шону шуҳратим – онам.
Куч ила руҳим бирла битмас қудратим – онам.
Ҳар сўзидан таралар оби ҳикмат ифори,
Азиз неъматлар аро улуғ неъматим – онам.
Меҳри билан кўнглимни қордек оппоқ ўстирди,
Сувдек зилол ҳаётим ширин лаззатим – онам.
Шу ёшимда эл ичра балки топдим ҳурматим.
Неки бўлса беадад қадру қимматим – онам.
Таскин берар, агарки, бирон ғамдан эзилсам,
Иродаси тоғдек бут, мудом ҳайратим – онам.
Бирон ишга қўл урмоқ учун гоҳи ўйлансам,
Тоғдек айлар ишончим шаҳду журъатим – онам.
Сира менга бахт йўқки дийдорининг бахтидан,
Ҳузур жўшқин қонимда омад, роҳатим – онам.
Омад менга қўл бериб, эр йигит бахтин берса,
Дуосидан келар бахт, буюк давлатим – онам.
Бекпўлат Бахтиёрни Ҳақнинг ўзи сийлаган,
Бу дунёю, у дунё бирдек жаннатим – онам.


Ҳаётимни Ўзгартирдингиз

Онажон, соф меҳрингиз тароватидан чексиз ҳаётимни ўзгартирдингиз.
Суянчу таянч бўлиб ёш ижодимда қаранг баётимни ўзгартирдингиз.
Сўзларим кўнгилларинг арзидан дарак довотимни ўзгартирдингиз.
Муҳаббатнинг мадҳида тинмай бонг урсам аҳён довотимни ўзгартирдингиз.
Мағрур учмоқдаманки ҳаёт осмоним тўсиқларим учрабон яна йўқ бўлар,
Кўзимни дунёларга теран очарман учар қанотимни ўзгартирдингиз.
Кимларгадир сир бериб жондек дўст билиб ҳушёр бўл десангиз парво қилмадим,
Вақт ҳам ўтиб кўзимни очганда тақдир сўзсиз исботимни ўзгартирдингиз.
Ёшлик қиламан-да гоҳида шошиб ҳиссиёт ақлга бўйсинмай қолиб,
Ҳар иш ўз фурсатида бўлмоқ даркор деб сабру саботимни ўзгартирдингиз.
Баъзи ғанимларнинг жабрин тотганда кўзимга дунё ҳам тордек кўринган,
Болам одам асли турфа зот бўлар дея нажотимни ўзгартирдингиз.
Сиз менинг ҳам онам, ҳам отамдирсиз кўнглингиз ҳикматларнинг китоби эрур,
Сиздан барча зеҳну иродам бутун ёшлик саводимни ўзгартирдингиз.


Гулрухсоримсиз

Дард ютсам дардимга дил нисоримсиз,
Чиройда тенги йўқ гулрухсоримсиз.
Меҳрингиз тафтлари кўнглим тоширар,
Ниҳолман, ёнимда бир чиноримсиз.
Матонат, адолат сизга шиордир,
Кўнгли қордек порлоқ беғуборимсиз.
Муғомбир ҳаётда мен бир соддаман,
Дунё бевафодир, вафодоримсиз.
Дунёда қолмаса ишонмоқ кишим,
Фақатки ёнимда дўсту ёримсиз.
Баъзида ҳиссиёт ақлга қарши,
Забоним титраса, хокисоримсиз.
Пешонам тақдирнинг кулган чеҳраси,
Умримнинг фаслида гулбаҳоримсиз.


Гуноҳимдан Кечинг, Онажон!

Мен деб кўнглингизга тугулган тугун ипларини ечинг, онажон,
Гоҳида бағритош фарзанд бўлдим-ку гуноҳимдан кечинг, онажон!
Айтинг, қачонгача ҳасратга солиб, юрагингиз ўйиб юраман?
Энди бир умр ҳаёт гаштидан шодликнинг сувин ичинг, онажон!
Ҳаётда ҳар нега кўниб яшайсиз, лек кўнмаймиз мендан ғам келса,
Ҳасратлар тўнини энди киймангиз шодлик тўнин бичинг, онажон!
Беш кунлик ҳаётда фурсат ўтади, ғанимат экансиз англадим шуни,
Бағрингиз тафтидан вояга етдим бағримни совитмай қучинг, онажон!
Армонлар гирдоби тортганда ўзга кўзингиз ёшлаб қўйганда тақдир,
Бир умр ёнимда бўлиб соғ-омон кўнглимга нурлар сочинг, онажон!
Ғам-андуҳ кўксингиз тиғласа агар кўнглингиз билмай оғритиб қўйсам,
Ҳаёт йўлларида хатолар қилсам гуноҳимдан кечинг, онажон!


Менинг Бахтим

Бахт, бойлигу шуҳратда эмас,
Бир кун кетар давлатда эмас,
Ўзга топган рағбатда эмас,
Менинг бахтим – меҳрибон онам.
Кўзим дунё равшан кўргани,
Забон бордир савол сўргани,
Тақдир менга кулиб тургани,
Менинг бахтим – меҳрибон онам.
Ризқим бекам дуоларидан,
Кўзим яшнар зиёларидан,
Хониш бўлай наволаридан,
Менинг бахтим – меҳрибон онам.
Арзим йўқдир дунё ишидан,
Совуқ кўрмай унинг қишидан,
Фарқим йўқдир бахтли кишидан,
Менинг бахтим – меҳрибон онам.
Соям бўлиб юрар хаёли,
Хато қилсам келмас малоли,
Ҳаётимнинг гулгун иқболи,
Менинг бахтим – меҳрибон онам.


Фарзандлик Аҳдим

Кўзим етмоқдадир ойдинлик сари,
Ғамлардан бир умр айлабон нари,
Бошингизга ёғиб шодликлар зари,
Мен сизни бахтиёр қиламан, она!
Биламан армонли дунё йўли тор,
Кўксингиз узра мен ғурур ила ор,
Жоним жонингизга қилиблар нисор,
Мен сизни бахтиёр қиламан, она!
Шунчалар бўларму бир она меҳри,
Кўнгилни юпатар сўзларин сеҳри,
Шунга етса агар ўғлингиз зеҳни,
Мен сизни бахтиёр қиламан, она!
Таъна йўқ сўзимда такаллуф ҳам йўқ,
Дилингиз ўймагай душман отган ўқ,
Мени келажакдан ишончим ҳам тўқ.
Мен сизни бахтиёр қиламан, она!


Онам Нигоҳи

Онажон, шодликлар сизга ярашар,
Табассум қувнаса дудоғингизда.
Гўёки мен ила бирга қарашар,
Дунёни кўраман нигоҳингизда.
Айтаман ростини баъзан соддаман,
Хатолар қиламан гувоҳингизда.
Кўнглингиз қасрида бир шаҳзодаман,
Дунёни кўраман нигоҳингизда.
Бу нигоҳ ичида минг бир синоат,
Аксини кўрсатар рухсорингизда.
Бу нигоҳ Аллоҳим яратган санъат,
Дунёни кўраман нигоҳингизда.
Сиз менинг бир тану бир жонимдирсиз,
Қуёшнинг тафти бор қучоғингизда.
Руҳимда мададкор танда қонимсиз,
Дунёни кўраман нигоҳингизда.


Мени Уйда Онам Кутади

Ишга шошиб кетаман доим,
Тонг отгандан куним ботади.
Дилда ажиб шодлик мулойим,
Мени уйда онам кутади.
Йигит киши кўчаникидир,
Турфа юмуш қўлин тутади.
Хоҳ эртаю, хоҳ қоқ кечқурун,
Мени уйда онам кутади.
Куним ўтар шу хаёл билан,
Гоҳи сабрим тошиб кетади.
Келсам ҳамки минг малол билан,
Мени уйда онам кутади.
Кўзин йўлда қаратиб қўйиб,
Минг бир хаёл заҳрин ютади.
Кеч колсаму соғиниб куйиб,
Мени уйда онам кутади.


Сизга Ўхшагим Келар

Ўзбекистон Қаҳрамони, буюк жасорат соҳиби,
профессор, устоз Озод Шарофиддиновнинг
ёрқин хотирасига
Юрт учун, халқ учун яшаса инсон,
Улуғ зот, мен сизга ўхшагим келар.
Матонатдан боғдек яшнаса инсон,
Улуғ зот, мен сизга ўхшагим келар.
Маърифат бўстонин боғбон гулчиси,
Адолат, ҳақликнинг содиқ куйчиси,
Адабиёт назлин бир куйинчиси,
Улуғ зот, мен сизга ўхшагим келар.
Илму фан кафтидан тинмай сув ичган,
Ижод деб туну кун оромдан кечган,
Адабиётни ўз наслидек қучган,
Улуғ зот, мен сизга ўхшагим келар.
Исмингиз дилларда мангу барҳаёт,
Сўзингиз соғинар қаламу довот,
Бу сизга меҳримдан яралган баёт,
Улуғ зот, мен сизга ўхшагим келар.


Дунёда Отамдек Азиз Устозим

Мен учун қадрли бўлган инсон – устозим,
Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзога
Юракдан армонлар занжирин узиб,
Кўнглимга кирдингдиз дарёдек сузиб,
Кетмоқдаман мана ўзимдан ўзиб,
Мадҳингиз куйлашга чарчамас созим,
Дунёда отамдек азиз уcтозим.
Сўзлаган сўзингиз оташ мисоли,
Порлаган кўзингиз қуёш мисоли,
Мен учун сизда бор отам тимсоли,
Баралла айтайин жўшиб овозим,
Дунёда отамдек азиз уcтозим.
Ҳаяжон босади жисму жонимни,
Сўзларга бойитиб ижод конимни,
Сиз ила топдим шавкат-шонимни,
Меҳрингиздан юксак бугун парвозим,
Дунёда отамдек азиз уcтозим.
Ўғлим деб, меҳримни туйган инсонсиз,
Дард ютсам дадрдимга куйган инсонсиз,
Фарзандим деб бу халқ суйган инсонсиз,
Ижод бўстонида ҳаргиз жонбозим,
Дунёда отамдек азиз уcтозим.


Тоғажон

Абдураҳмон тоғамга
Отасиз ўсдим-да гоҳи ўксиниб,
Минг бора синовга дуч келди, бу жон.
Сизлар бор бахтимга, кетмадим синиб,
Донолар сўзи бор сизда, тоғажон.
Ҳар онда далдасиз бирон ғам келса,
Яшайман доимо сизга эргашиб.
Бу дунё жабридан кўзга нам келса,
Кўнглингиз анҳордек кетади тошиб.
Меҳрингиз кўнглимнинг зийнати эрур,
Жон қадар азизман ардоғингизда.
Борлигинингиз ҳаётнинг рағбати эрур,
Оталик меҳри бор қучоғингизда.
Суянчиқ эрурсиз менга беадад,
Қалбимнинг тўрида, азиз жонажон.
Жисмимда матонат, руҳимда мадад,
Донолар сўзи бор сизда, тоғажон.


Дўстгинам

Дўстим Жаҳонгирга
Шунчалар вазмину идроқли дўстим,
Бу кўнгил тўрида ардоқли дўстим,
Меҳрини аямас қўноқли дўстим,
Дўстгинам, бахтимга соғ-омон бўлгин.
Менга берган ишонч ғурур тоғимдир,
Кўнгил саройимда чаман боғимдир,
Сен-ла ўтган ҳар дам завқли чоғимдир,
Дўстгинам, бахтимга соғ омон-бўлгин.
Ота-онанг бахту камолинг кўрсин,
Қизларинг сочини ёргинанг ўрсин,
Сенга бахт доимо юзини бурсин,
Дўстгинам, бахтимга соғ-омон бўлгин.
Қариялик гаштин бирга сурайлик,
Шунда ҳам елкадош бирдам турайлик,
Мустақил замоннинг бахтин кўрайлик,
Дўстгинам, бахтимга соғ-омон бўлгин.


Ҳайрат

Дўстим Ботирга
Гоҳида маъюсан гоҳида хурсанд,
Баъзан ҳисларинг беради-да панд,
Шунда ҳам юрагинг ажибликка банд,
Сен қайдан оласан шунча ҳисларни?!
Кимлардир ишончинг паймол этса ҳам,
Ёш севги, ишқингни завол этса ҳам,
Лек ҳаётга шаштинг бўлмайди ҳеч кам,
Сен қайдан оласан бунча ҳисларни?!
Юрагинг гўёки дунё мисоли,
Оқимга қарши гоҳ дарё мисоли,
Орзуларинг бир-бир рўё мисоли,
Сен қайдан оласан шунча ҳисларни?!
Ёрилмайсан дардинг ўзингда қолар,
Яшириб сўзлаган сўзингда қолар,
Хиёнат нигоҳи кўзингда қолар,
Сен қайдан оласан шунча ҳисларни?!
Кўнглинг шундай нозик ғунча лоладек,
Санам зулфидаги майин толадек,
Ҳали ҳам беғубор мурғак боладек,
Сен қайдан оласан шунча ҳисларни?!


Кел, Сўзим Бор, Жон Дўстим

Дўстим Акбархонга
Кел, сўзим бор, жон дўстим,
Бу кўнглимда шон дўстим.
Гоҳи баҳор гоҳи қиш,
Тугамас экан ташвиш.
Ўтди бўйдоқлик даври,
Шўхликлар қолиб нари.
Масъулиятдан тоғ дилим,
Гуллаб, яшнаб боғ дилим.
Вақт ўтмоқда йилдайин,
Орзулар ҳам нилдайин.
Тарози бўлиб чунон,
Чопмоқдаман ҳар қаён.
Билиб ҳаёт қадрини,
Покла йигит аҳдини.
Оила қурсанг энг аввал,
Сабрли бўл ҳар маҳал.
Ошма сира ҳаддингдан,
Эгилма бел қаддингдан.
Аввало отам дегин,
Меҳрибон онам дегин.
Тарқоқ бўлмай хаёлинг,
Асра жуфту ҳалолинг.
Бил кўнгилга икки дил,
Бўлинмасин ўтиб йил.
Қорин тўймас ҳавасдан,
Дил англагин нафасдан.
Рўзғоринг – бу бахтингдир,
Эр йигитлик тахтингдир.
Бу дўстона маслаҳат,
Унутма, дўстим, фақат.
Доно оила боши бўл,
Рўзғорнинг туз-оши бўл.


Ака-Ука Бўлайлик

Укам Авазгa
Сенга меҳрим зўр тушган,
Феъл-атворим қовушган,
Гўё жигар, туғишган,
Ака-ука бўлайлик!
Бир-биримиз қўллаган,
Яхши йўлга йўллаган,
Бахт-иқболи гуллаган,
Ака-ука бўлайлик!
Бўлиб мудом елкадош,
Ҳасратларга пок сирдош,
Яқиндан ҳам жон қардош,
Ака-ука бўлайлик!
Хуш феълингдан дил яйрар,
Суҳбатингдан, қуш сайрар,
Сенга меҳрим жўш урар,
Ака-ука бўлайлик!
Бўлгин майли акам ҳам,
Эрка бўлиб укам ҳам,
Бу кўнглимга бир сен кам,
Ака-ука бўлайлик!


Сарварбек

Жияним Сарварбекка.
Покликда асрабон омад-бахтингни,
Доимо бут қилиб йигит аҳдингни,
Сулаймони бўлиб тожу тахтингни,
Исмингга муносиб бўлгин, Сарварбек!
Ота-онанг суянч тоғи бўл, укам,
Кўнгил ардоғининг боғи бўл, укам,
Ҳаётинг ўтсин-да беармон, бекам,
Исмингга муносиб бўлгин, Сарварбек!
Файзлар ёғилсин гулгун ёзингдан,
Шодликлар қувнасин дурдек кўзингдан,
Яхши номлар қолдир фақат ўзингдан,
Исмингга муносиб бўлгин, Сарварбек!
Ўзганинг ҳақига кўзингни тушурма,
Ризқ еган жойингга асло тупурма,
Бойлик деб ҳеч қачон чопиб югурма,
Исмингга муносиб бўлгин, Сарварбек!
Энг одил сарбонлар боши бўл доим,
Тилинг сухан бўлсин, бўлгин мулойим,
Шунда сени қўллар ўзи Худойим,
Исмингга муносиб бўлгин, Сарварбек!


Шубҳа Қилмагин

Ҳар тарафдан келса турли шум фикр,
Пок номимни булғаб айлашса зикр,
Асли суяксиз тил қиличдан ўткир,
Дўстим, дўстлигимга шубҳа қилмагин.
Қўлингни силкитиб нари кет дема,
Эй дўстим, ҳасадчи нонини ема,
Бу байтим сира ҳам эмасдир шама,
Дўстим, дўстлигимга шубҳа қилмагин.
Балки, йўлимизга қўйишса тузоқ,
Орамизга тушса қайдандир нифоқ,
Мен билан ҳар ўтган ўтмишинга боқ,
Дўстим, дўстлигимга шубҳа қилмагин.


Менинг Оилам

Бағримда сокинлик ҳавоси кезар,
Дилимда шодлик навоси кезар,
Оилам шу менинг сийратим безар,
Энг бахтиёр маскан менинг оилам.
Ишдан шошиб уйга қайтаман доим,
Онам қуёш эрур, ёргинам ойим,
Ҳар сафар кутишар, кулиб мулойим,
Энг бахтиёр маскан менинг оилам.
Унда барча шодлик кулгулар тўла,
Соф меҳру муҳаббат туйғулар тўла,
Ёзган ҳар мисрамда урғулар тўла,
Энг бахтиёр маскан менинг оилам.
Елкамга юмушлар ғафлатин илса,
Кўча-кўй ташвиши дилимни тилса,
Оғир сўз демаслар юзимдан билса,
Энг бахтиёр маскан менинг оилам.
Кўз очиб биринчи кўрганим оилам,
Болам деб эркалаб турганим оилам,
Тожу тахтим буюк қўрғоним оилам,
Энг бахтиёр маскан менинг оилам.


Мафтун Бандаман

Кўнглимни қолдирмоқ бўлманг, эй дўстлар,
Гоҳида маҳзунман, гоҳи хандаман.
Умидим сўндирмоқ бўлманг, эй дўстлар,
Мен ҳаётга шундай мафтун бандаман.
Ундан кўп умидим, орзулар сероб
Дилдан эзгу ният кўймай кундаман.
Беумидлик бунда айлайди хароб,
Мен ҳаётга шундай мафтун бандаман.
Бирда йиғлатуру бирда кулдирар,
Минг шукур соғлом тан, соғлом жондаман.
Йўғимни бор этиб, камим тўлдирар,
Мен ҳаётга шундай мафтун бандаман.
Феълимга яраша қиламан тама,
Шукрим дилимда токи тандаман.
Сира ҳам ҳаётга қилмайман шама,
Мен ҳаётга шундай мафтун бандаман.


Баҳор Менинг Кўнглимдан Бошлар

Оқиб сойлар ёз ҳам ўтади,
Хазон бўлиб куз ҳам ўтади,
Совуқ, бўрон кез ҳам ўтади,
Баҳор менинг кўнглимдан бошлар.
Қаҳратонга дош бериб доим,
Дилкўшкимда безар чиройим,
Табассумим айлаб мулойиим,
Баҳор менинг кўнглимдан бошлар.
Ҳасратларим ёмғир бўлади,
Тўлиб-тошиб анҳор бўлади,
Куч ғайратга дучор бўлади,
Баҳор менинг кўнглимдан бошлар.
Орзуларим гулғунча бўлиб,
Турфа хаёл авжида тўлиб,
Ўз кўнглимга анҳорлар бўлиб,
Баҳор менинг кўнглимдан бошлар.
Ҳиссиётим тўлдириб тошар,
Мурғак қалбим яшнатиб яшар,
Ҳар баҳорда завқларим ошар,
Баҳор менинг кўнглимдан бошлар.
Табиатга ошуфта дилим,
Лолузабон айлабон тилим,
Бахт-шодликка буркаблар кўнглим,
Баҳор менинг кўнглимдан бошлар.


Ўзим Билан Суҳбат...

Кўнгилда турли хил хаёллар қолиб,
Юракни кўп ўяр саволлар қолиб,
Шайтонга ўхшаган бировлар қолиб,
Ўзим билан суҳбат қилмасам бўлмас.
Ойдинлик киритиб минг бир гумонга,
Янада пойдевор қўйиб имонга,
Майли ўхшатингиз телба инсонга,
Ўзим билан суҳбат қилмасам бўлмас.
Неларни кўзламоқ эрур орзуйим,
Кимлар шакар-қанду, кимлар оғуйим,
Беқарорликга лиқ тўлди дил уйим,
Ўзим билан суҳбат қилмасам бўлмас.
Севгимнинг азоби юракни нишлар,
Гоҳида қўлимни бевафо ушлар,
Кўнглимни бир сирли хаёллар тишлар,
Ўзим билан суҳбат қилмасам бўлмас.
Кўнглимнинг кўчаси лойланиб кетди,
Ишончлар сиртмоққа бойланиб кетди,
Афсус алам дилга жойланиб кетди,
Ўзим билан суҳбат қилмасам бўлмас.
Холис сирдош излаб кўнгил кўшкимдан,
Ўзим билан суҳбат қилмасам бўлмас.
Метин бардош излаб кўнгил кўшкимдан,
Ўзим билан суҳбат қилмасам бўлмас.


Сиз Яхши-Ю Биз Ёмон

Майли бўлинг сиз омон,
Тиламам ранги сомон.
Хоҳланг қилинг ғийбатим,
Сиз яхшию, биз ёмон.
Отинг барча ўқингиз,
Сочинг заҳар дўқингиз.
Биз босган ҳар из ёмон,
Сиз яхшию, биз ёмон.
Тенгингиз йўқ жаҳонда,
Биз сўзлаган сўз ёмон.
Инсоф бўлсин инсонда,
Сиз яхшию, биз ёмон.
Суринг келган даврингиз,
Бизга келган кез ёмон.
Бўлсин енгил бағрингиз,
Сиз яхшию, биз ёмон.
Олинг луқма-ошимни,
Келтиринг кўп ғашимни,
Эголмайсиз бошимни,
Сиз яхшию, биз ёмон.


Она Кўз Ёши

Йигитнинг ҳам эгилар боши,
Ғам-андуҳнинг ботади тоши,
Дунё гўё зулматга ўхшар,
Тўкилса гар, онанг кўз ёши.
Муштак жонинг ҳар ёнга чопар,
Турли ўйлар кўнглингни қопар,
Ташқи дунё пардасин ёпар,
Тўкилса гар, онанг кўз ёши.
Ўзинг бунда айблаб чунон,
Хаёлларинг бўлади гирён,
Дилни чақар нафратли чаён,
Тўкилса гар, онанг кўз ёши.


Инсоний Ҳислар

Эй дўстим, эътибор берсак доимо,
Кўнгилни босмайди ғубору ислар.
Зулматли дил уйин айлайди зиё,
Ҳар кўнгил бахтидир инсоний ҳислар.
Кимгадир юпанчинг берса-ю далда,
Ўзинга қайтади бахт бўлиб галда,
Ҳасатдан бўларму фароғат дилда,
Ҳар кўнгил бахтидир инсоний ҳислар.
Ҳавасдан ҳеч кимни боғи сўлмаган,
Навқирон шижоат чоғи сўлмаган,
Калхатларга тўлган тоғи бўлмаган,
Ҳар кўнгил бахтидир инсоний ҳислар.
Дуодан яшнаса кўнгил чамани,
Осмонларга учса орзу самани,
Ўйлаб босилмоқга берган қадамни,
Ҳар кўнгил бахтидир инсоний ҳислар.


Бугунги Имкон

Асрдан асрга ўтади замон,
Ҳаёт ҳикматларга бойдир бегумон.
Бугундан доир бўл яхши ишларга,
Кечадан пайдодур бугунги имкон.
Меҳнат ила роҳат дўсту ёр бўлар,
Ҳаракат – баракат, йўқдан бор бўлар,
Меҳнатни қўлин тут ишинг зўр бўлар,
Кечадан пайдодур бугунги имкон.
Омад ўз-ўзидан қўлин бермайди,
Боғбон ҳам меҳнатсиз ҳосил термайди.
Доим шуни талаб қилмоқда замон,
Кечадан пайдодур бугунги имкон.
Бугунги еб турган ош-тузинг асли,
Кечаги ризқингни давомий насли,
Инсонга боғлиқдир умрнинг фасли,
Кечадан пайдодур бугунги имкон.


Бепарво

Замонанинг зайли деб,
Юрсин даврон сайли деб,
Энди ёшлик майли деб,
Ота-она бепарво.
Ўғил бунда нотовон,
Қиз ялонғоч бош овон,
Кетаверар йўл равон,
Ота-она бепарво.
Боқ тўқликга – шўхликни,
Унутарлар ўзликни,
Сабаби пул – жимликни,
Ота-она бепарво.
Куну тунлар иш дарди,
Баҳор ўтиб қиш дарди,
Сўнг ортмасин дилгарди,
Ота-она бепарво.
Фарзанд юрар керилиб,
Мол-дунёга берилиб,
Ортга боқмас қайрилиб,
Ота-она бепарво.
Бекпўлатга бу алам,
Тутқазгандир бир қалам,
Мурғак дилдан шу нолам,
Ота-она бепарво.


Ўзингдан Қочиб...

Айбингни айтсалар, отиблар ханда,
Дейсан-да кўролмас дунёда банда,
Қачон манманликни қиласан канда,
Ўзингдан қочиб ҳам қайга борасан?
Аччиқ сўз дилингни тилса агарда,
Душманинг сирингни билса агарда,
Ўзлигинг ўзинг фош қилса агарда,
Ўзингдан қочиб ҳам қайга борасан?
Ўзингни ўзингга эслатар сўзинг,
Кўзгуга боққанда аксида юзинг,
Бошдан-оёқ гувоҳ шу икки кўзинг,
Ўзингдан қочиб ҳам қайга борасан?
Ҳақиқат ўлдирмас инсон зотини,
Кел, бир бор тотиб кўр унинг тотини,
Ўзга кўнгил эшитмас кўнгил додини,
Ўзингдан қочиб ҳам қайга борасан?
Ўзлигин йўқотган неча фаромуш,
Қайтади йўлидан адашгандек қуш,
Кўнгилдан пайдодир ҳар обод турмуш,
Ўзингдан қочиб ҳам қайга борасан?


Сен Кулсанг...

Эй дўстим, нақадар нолиб яшайсан,
Ўз кўнглингни дардга солиб яшайсан,
Билмайсан, ҳаётдан қолиб яшайсан,
Сен кулсанг, сенга ҳам кулар бу дунё!
Ўйлайсан ўзингча мен бир омадсиз,
Ҳамма бойдур, мен-чи ғўр даромадсиз,
Бунчалар нолимоқ ўй ила бандсиз,
Сен кулсанг, сенга ҳам кулар бу дунё!
Бесамар, бефойда ўзга берган нон,
Пешонангга битмас «насибадан» тон,
Ўзи излаб келар сен излаган шон,
Сен кулсанг, сенга ҳам кулар бу дунё!
Ҳаётнинг азалий ҳикматидир бу,
Инсоннинг ўзига ҳурматидир бу,
Шунчаки берилмас рағбатидир бу,
Сен кулсанг, сенга ҳам кулар бу дунё!


Муножот

Эй ҳаёт, турфа иш-синовларинг бор,
Гоҳида зулумкор қийновларинг бор,
Ўттизга кирмаган эркак сочида.
Дунёни дардича қировларинг бор.
Мардни номардларга гадо айлама,
Тубанлар созида садо айлама,
Айни умрининг куз фасли келганда.
Эркакни ёридан жудо айлама.
Белида куч борки эркак зотини,
Боқгулик қилмасин унинг хотини.
Тўрт муча саломат бўлса агарки,
Тотмасин миннат ош, тузу тотини.
Эй ҳаёт, Бекпўлат мурожаати шу,
Эркакни аёлга муҳтож айлама.
Ёш шоир қалбинг муножоти шу,
Эркакни йиғлашга илож айлама.


Не Бўлди Дўстлигимизга?

Ҳолимни сўрашинг шунчалар мушкул,
Дайди хаёлларим қийнайди нуқул,
Билмайман неларни айладинг мақул,
Дўстгинам, не бўлди дўстлигимизга?
Ўртага тушдиму қайдандир нифоқ,
Ғанимлар сўзига ёқдингму чироқ,
Саволлар беҳисоб, жавоб йўқ бироқ,
Дўстгинам, не бўлди дўстлигимизга?
Ўзингдан ортмайин қолдингму ёки,
Ғўр кўнглимдан гина олдингму ёки,
Мени қийнар гумон, жавоб йўқ токи,
Дўстгинам, не бўлди дўстлигимизга?
Қайларга қолдирдинг дўстлик аҳдини,
Билмайин тутдингми номард тахтини,
Ахир, дўст ўйлайди дўстлик бахтини,
Дўстгинам, не бўлди дўстлигимизга?
Ман ҳам бир айбдор, балки бегумон,
Юзингни қилдиму билмай заъфарон,
Кўзимга торлик қилмоқда жаҳон,
Дўстгинам, не бўлди дўстлигимизга?


Содда Боламан

Бирда йиғлаб бирда кулиб қоламан,
Ҳаётинг бағрида унган лоламан,
Гарчи мағрур бўлиб юрсам-да аммо,
Мен ҳали ҳам ғўру содда боламан.
Ҳар сўзга ишониб қолавераман.
Жуда ҳам осондур тушурмоқ лаққа.
Ғанимга ҳам қулоқ солавераман,
Гоҳида ақлимни тўxтатар таққа.
Меҳр ошуфтасиман, меҳрибон ўзим,
Яхшини кўрмоқни истайди кўзим.
Сирларимни пинҳон тутмоқ истасам,
Аммоки, сездириб қўяди сўзим.
Гоҳида xиёнат қўлин оламан,
Ғурбатлар жабридан ҳаргиз толаман,
Балки бунда ҳам бир бормикан ҳикмат?
Мен ҳали ҳам ғўру содда боламан.


Кетмагин, Омад

Кўнглимга шодлик ифори бўлдинг,
Орзулар боғим баҳори бўлдинг,
Умримнинг энг азиз тумори бўлдинг,
Мени тарк этма, кетмагин, омад!
Пурвиқор айлаб мағрур бошимни,
Лаззатдан безаб тузу ошимни,
Номард ёнида тўкмай ёшимни,
Мени тарк этма, кетмагин, омад!
Қўлимдан тутдинг ҳар он ҳар нафас,
Умидсизлик ҳеч бўлмади қафас,
Бугун сен ила юрибман сармаст,
Мени тарк этма, кетмагин, омад!
Йўлим тўғирлаб чин бахтлар сари,
Бошимга сочиб шодликлар зари,
Надомат тошин айладинг нари,
Мени тарк этма, кетмагин, омад!
Сенсиз мен кимман, надир аҳволим?
Балки кўпаяр умид заволим,
Бўлса кечиргин ноҳақ уволим,
Мени тарк этма, кетмагин, омад!


Ўз Юртинг Бағрига Сиғмадинг, Ука!

Суриядаги қирғин-баротлар оқибатида ота-онаси ва акаси билан уруш ўчоқларидан қочаётиб сувга ғарқ бўлиб, сўнг жасади Туркия қирғоқларидан топилган уч ёшли Айлон Курдийнинг вафоти ёши, ирқи ва динидан қатъи назар бутун дунё фуқароларининг қалбини ларзага солди. Интернет оламида гўдакнинг ерга бағрини бериб ётган суратлари тарқалди. Халқаро ОАВ, ижтимоий тар моқдаги фойдаланувчилар, блогерлар ўз саҳифаси орқали бонг урди. Бу ҳодиса 2015 йилнинг энг аянчли воқеаси сифатида тарихга муҳрланди.
Бағрингни сувларга бериб ётибсан,
Соҳилдаги қумдек эриб ётибсан,
Ўзга юрт ерига келиб ётибсан,
Ўз юртинг бағрига сиғмадинг, ука!
Ёшгина бошингга тушди бу кунлар,
Зулматда қайнади кундузу тунлар,
Бағрингни тирнади азобу хунлар,
Ўз юртинг бағрига сиғмадинг, ука!
Урушдан қочибсан сокинлик истаб,
Айриқлик бошлабди қўлини силтаб,
Соҳилда ётибсан йиғлабу сиқтаб,
Ўз юртинг бағрига сиғмадинг, ука!
Ажралдинг бир кунда бутун дунёдан,
Бағрингни тирнаган тутқун дунёдан,
Зулматга кўмилган тутун дунёдан,
Ўз юртинг бағрига сиғмадиинг, ука!
Уч ёшлик юртдошинг, жўранг ҳойнаҳой?
Дилни титратганди бундан неча ой,
Ўз юртинг қабрига кирмадинг, ука,
Ўз юртинг бағрига сиғмадинг, ука!
Бу дунё жабридан безиб кетдингму?
Мурғак юрагингни эзиб кетдингму?
Дил сўзинг Аллоҳга ёзиб кетдингму?
Ўз юртинг бағрига сиғмадинг, ука!
Қисматинг йиғлатди миллат танламай,
Дуолар қилинди, элат танламай,
Дунёда не топдинг елиб югурмай.
Ўз юртинг бағрига сиғмадинг, ука!
Ҳаётдан шодумон кулмадинг, эссиз,
Болалик гаштини сурмадинг, эссиз,
Ўзбегим фарзанди бўлмадинг, эссиз,
Ўз юртинг бағрига сиғмадинг, ука!
Бағрингни сувларга бериб ётибсан,
Соҳилдаги қумдек эриб ётибсан,
Ўзга юрт ерига келиб ётибсан,
Ўз юртинг бағрига сиғмадинг, ука,
Ўз юртинг қабрига кирмадинг, ука!


Кўзингни Очгин...

Саҳардан шомгача нолиб яшама,
Дилга минг бир ғулув солиб яшама,
Ўзингни изингдан қолиб яшама,
Кўзингни очгин, эй аҳли одамзод!
Тинчликка шукурни қиласан канда,
Ўз юртинг мадҳига отасан ханда,
Шу юрт нонини еб юрибсан банда,
Кўзингни очгин, эй аҳли одамзод!
Ўзинг ҳам алданиб ўзгани алдаб,
Қинғир кўчаларга қаддингни михлаб,
Сўнгра қоларсан минг йиғлабу оҳлаб,
Кўзингни очгин, эй аҳли одамзод!
Ўзга юрт бағрида зорликни тотиб,
Ўзингни оловга туҳматга отиб,
Ғаним роҳатланар бировга сотиб,
Кўзингни очгин, эй аҳли одамзод!
Ношукур бир умр тирнайди кўксин,
Шу сабаб андуҳдан ёшини тўксин,
Бадфеълингдан ана чинакам ўксин,
Кўзингни очгин, эй аҳли одамзод!


Қадрингни Билганга...

Баъзилар билмайди гоҳо қадрингни,
Майли-да, куюнма хушзабон бўлгин.
Аммоки, ортирма дилда дардингни,
Қадрингни билганга қадрдон бўлгин.
Фурсатлар кўрсатар асл ниқобни,
Энг аввал ўзингга меҳрибон бўлгин.
Унутгин ситамлар минг бир хитобни,
Қадрингни билганга қадрдон бўлгин.
Бир юмуш тушганда билинар дўстлар,
Минг бора йиғлабон ҳар қаён бўлгин.
Кимда ёлғон-яшиқ, кимдаю ростлар,
Қадрингни билганга қадрдон бўлгин.


Дунё

Унда турфа тақдир, турфа синоат,
Унда ҳар битта жон яшар омонат,
Садоқат вафою, ҳийла xиёнат,
Дунё – дунё бўлиб яралабдики…
Сира мезбон йўқдир барчаси меҳмон,
Кимнинг юзи гулгун, кимники сомон,
Кимлар таҳликада, кимлардир омон,
Дунё – дунё бўлиб яралабдики…
Ҳар кимда ўзича қонуну қоида,
Баъзилар ҳаққини олмас жойида,
Умр ўтаверар оқиб сойида,
Дунё – дунё бўлиб яралабдики…
Кимлардир фақир, кимлардир сўқир,
Нотовон бекорчи! Донолар ўқир,
Одамзод – одамнинг кўзини чўқир,
Дунё – дунё бўлиб яралабдики…
Сўзимга хулоса шудир, бу дунё,
Ундадир зулмату ундадир зиё,
Барчага тенглик-ла боқмайди қиё,
Дунё – дунё бўлиб яралабдики…


Мерос

Кун ўтар, кунларнинг ортидан қувиб,
Мурғак юрагимга бераман пардоз.
Йил ўтар, йилларнинг ортидан қувиб,
Бугуним эртанги кунимга мерос.
Балки бугун бир иш қилмадим тайин.
Гоҳи елкам ғафлат босади бу рост!
Аммоки, англайман дилдан кун сайин,
Бугуним эртанги кунимга мерос.
Рўзғор ҳам ўзидан тўлиб қолмайди,
Даркордир меҳнатда бўлмоқ чавандоз.
Бугундан эртани билиб бўлмайди,
Бугуним эртанги кунимга мерос.
Меҳнату заҳматлар роҳатин берар,
Энди булмоқ керак ҳаётда жонбоз.
Кўнглимда фақат шу хаёллар юрар,
Бугуним эртанги кунимга мерос.


Кўрпангизга Қараб...

Бугун орзулар ҳам чексиз бепоён,
Шум нафснинг гирдоби тортар ҳар қаён,
Ҳаётда шундайин нақл бор инсон,
Теран боқиб бир дам дунё кузатинг,
Кўрпангизга қараб оёқ узатинг.
Тўқликка шўхликни кўтармайди эл,
Минг карра чиранманг, чиқиб кетар бел,
Кўзлардан кўз ёшлар бўлмасин-да сел,
Эй дўстим, дил уйин поклаб базатинг,
Кўрпангизга қараб оёқ узатинг.
Дабдаба-ҳашамлар бир куни ўтар,
Нафсининг гирдоби инсонни ютар,
Билингиз исрофнинг уволи тутар,
Хатолар занжирин энди тузатинг,
Кўрпангизга қараб оёқ узатинг.
Бугун кимўзарлик маломат эрур,
Бир-бирига қарши адоват эрур,
Яратганга биздан надомат эрур,
Бу иллатни келинг сиз ҳам кесатинг,
Кўрпангизга қараб оёқ узатинг.
Бугун ҳаёт шундай тескари ирмоқ,
Нафсининг тубига ташланар қармоқ,
Топмоқ бор, яники бордур йўқотмоқ,
Йўқ бўлмай эл ичра бўлсин иззатинг,
Кўрпангизга қараб оёқ узатинг.
Бу нақл боболар, момодан мерос
Илмлар эгаси донодан мерос,
Биз келиб кетар шу дунёдан мерос,
Донолар баётин ўқиб кузатинг,
Кўрпангизга қараб оёқ узатинг.


Ўзингдан Xафа Бўлиб Кўр

Дўстларинг, душманинг ёнин олганда,
Кўнглингга гумонлар солганида тўр.
Бир кунда дўстликнинг ипин узганда,
Энг аввал ўзингдан xафа бўлиб кўр.
Хотира китобин варақла бир он,
Дема бунда нолиб пешонангни шўр.
Атрофга бир боққин йиғлабон гирён,
Энг аввал ўзингдан xафа бўлиб кўр.
Қисматинг ёзмоқлик кўлингда ахир,
Гоҳида ҳиссиёт бўлади-да ғўр.
Ўзинг билмай ошинг қилсангу тахир,
Энг аввал ўзингдан xафа бўлиб кўр.
Бесабаб бўлмайди ҳаётнинг иши,
Ўзингга ортиқча бино берма зўр.
Кўксингни тилганда ғурбатлар ниши,
Энг аввал ўзингдан xафа бўлиб кўр.
Ҳикматли ҳаётнинг, ҳикматлари кўп,
Қалбингдан гуноҳлар янтоқларин ўр.
Ўзганинг кўзига суқмоқ осон чўп,
Энг аввал ўзингдан xафа бўлиб кўр.
Кўринмас инсонга ўзин хатоси,
Кўнглингни тинглагин хатоларинг сўр.
Ёпилмай бу дунё кафан матоси,
Энг аввал ўзингдан xафа бўлиб кўр.


Хиёнат Қилманг

Лойқаланса чашмаю зилол,
Гуноҳларим айтинг бемалол,
Бир кун сизга келcаму малол,
Дўстим, менга xиёнат қилманг.
Майли, топиб кетинг йўлингиз,
Майли, узинг дўстлик қўлингиз,
Дилхоҳишим шудир билингиз,
Дўстим, менга xиёнат қилманг.
Сирларимни даcтурхон қилиб,
Хаёлларим паришон қилиб,
Дилда нафрат, юзимга кулиб,
Дўстим, менга xиёнат қилманг.
Ичиб туриб тузу ошимни,
Дарё этманг кўзда ёшимни,
Эгмоқ бўлманг азиз бошимни,
Дўстим, менга xиёнат қилманг.
Ҳар тўкисда бир айб бўлар,
Инсон доим хатолар қилар,
Устимиздан ғанимлар кулар,
Дўстим, менга xиёнат қилманг.


Боғимсиз, Ота

Бу дунёим бисотида фақат сиз бир йўғимсиз, ота,
Боғбон бўлиб ҳаётимда эрта сўнган боғимсиз, ота.
Дийдорингиз дардида муштоқ улғайдим меҳрингизга зор,
Бу кўнглимда муҳрдек қолган ўчмас дарду доғимсиз, ота.
Болалик ўтди-да шундай ҳавас қилиб отаси борга,
Қўлимдан тутмаган қўлиз мудом ёлғиз чоғимсиз, ота.
Юрагимни ўртар ҳаргиз, отажон, сизнинг армонингиз
Юзим айтмас, балки ҳолим аммо қалбда оҳимсиз, ота.
Бевақт кетибсиз-ку ташлаб фарзандингиз дийдорин кўрмай,
Кўнглимни қаро ер десам, устидаги тоғимсиз, ота.
Бу дунёим бисотида фақат сиз бир йўғимсиз, ота,
Боғбон бўлиб ҳаётимда эрта сўнган боғимсиз, ота.


Ярашар

Бу кўнглимнинг мулкига, гўзал ҳаёт ярашар,
Кўнгил хотиржам бўлса, ёзса баёт ярашар.
Нелардандир ҳадикда юрмоқ жонни оғритар,
Вайрона кўнгил ичра кулса обод ярашар.
Турфа хаёл зиддият ақлу ҳушинг учирар,
Шайтонний хаёлларни қилса барбод ярашар.
Атрофда кўп майда гап ғаним иғво дардида,
Минг бир сўз қолиб бунда бўлса исбот ярашар.
Бу дунёнинг устуни гўё бардош матонат,
Бесабр бетоқатга сабру сабот ярашар.


Ширин Ташвиш

Ўтиб кетди ниҳоят соғинч дийдор ташвиши,
Хавотиру ҳадиклар кутмоқ дилдор ташвиши.
Муҳаббат уруғлари кўнглимизда боғ бўлди,
Йироқ бўлсин қаҳратон келсин баҳор ташвиши.
Елкамга олдим хуржун оилам дея, ор дея,
Масъулятдан кўнглимга келди бедор ташвиши.
Тарози палласиман ғурур ила ор ила,
Онаю ёр қалбига тинмас изҳор ташвиши.
Ҳар бир йигит умрида насиб этсин шундай бахт,
Елкасига ярашар олса рўзғор ташвиши.


Дунёдирсиз, Аёллар

Кўнглимизнинг тўрида дунёдирсиз, аёллар,
Шу икки дур кўзимиз зиёсисиз, аёллар.
Сиздан меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат топамиз,
Муҳаббат уммонида дарёдирсиз, аёллар.
Омад кетиб гоҳида ақлу ҳушдан айрилсак,
Дардимизга тасалли даводирсиз, аёллар.
Мажнунлардек севсагу ғазал битсак сизларга,
Кўнгилларни титратар наводирсиз, аёллар.
Бир қўлида дунёни, тебратар ҳам бешикни,
Меҳнату заҳматларда жилодирсиз, аёллар.
Уйим-жоим, рўзғор деб ўзин сира ўйламас,
Мана шундай қирқ жони фидодирсиз, аёллар.
Фарзанд жони оғриса ўзин уриб минг тошга,
Болам омон бўлсин деб нидодирсиз, аёллар.
Пойинггизга жаннатни армуғон этди Раббим,
Бизлар учун дунёда маънодирсиз, аёллар.


Учратма

Эй дунё! Ўкинч сўзим ёмонингга учратма,
Икки дунё титратар замонингга учратма.
Сенга нима шоҳ, гадо бари бирдек олдингда,
Чумолидек эзиб ташлар товонингга учратма.
Баҳор бўлсин ҳар кўнгил саратондан асрагин,
Ғурбат дўли тўхтамас осмонингга учратма.
Минг бир оқим фитнани ўз назлида шиор деб,
Тўғри йўлдан чалғитар душманингга учратма.
Орзу бисёр ҳар дилда гоҳи рўёб бўлади,
Энг ёмони илтимос армонингга учратма.
Эр йигитнинг шаҳдини тўсмасин ватанфуруш,
Дилда имони букар камонингга учратма.
Кўнгилларга кўнгиллар исён қилса воажаб,
Дўстни душман айлаган гумонингга учратма.
Сўзи сохта, дил сохта кўзинг ўймоқ истаган,
Ҳар кўнгилда изғиган илонингга учратма.


Керакмас

Юзимга кулиб берар миннатли ош керакмас,
Ўзганинг кўзёшидан, рағбатли ош керакмас.
Ризқ бўлсин бир бурда нон ҳалолидан айирма,
Дастурхонларда файзсиз, шуҳратли ош керакмас.
«Дўстим» деб улфатларим зиёфатига чорласа,
Шу ошидан тош чиқар туҳматли ош керакмас.
Қора қозон қайнамай ҳаловатим бузулса,
Ҳар томонлардан келар шафқатли ош керакмас.
Бу кунларинг ўтар деб ҳар он мени юпатар,
Заиф томоним билар, қудратли ош керакмас.
Ош улашиб ҳотамтой рост сўзини ёр этмас,
Мендан манфаат кўзлар, улфатли ош керакмас.
Бекпўлат Бахтиёрнинг ори кучли жисмидан,
Ўзга ҳақидан келган, роҳатли ош керакмас.


Чалғитма

Ҳаёт деган гулбўстон диёнатдан чалғитма,
Умримнинг файзи бўлган ҳидоятдан чалғитма.
Ҳаёт бандам деб суйсин ҳар он ўзи қўлласин,
Карами кенг оламда иноятдан чалғитма.
Юрак урсин гашт билан теран боқай дунёга,
Онам бағридек иссиқ ҳароратдан чалғитма.
Киндик қоним тўкилган, шу муқаддас ватанга,
Шу ватанга муносиб садоқатдан чалғитма.
Ўткинчидир ҳаваслар келиб кетар меҳмондир,
Йўлим буриб тескари шафоатдан чалғитма.
Бу ҳаёт бир ҳикматдир босган изинг сарҳисоб,
Умрим айлар шодумон кароматдан чалғитма.
Пешонамда борини кўрай умрим етгунча,
Бугунгимас эртангни фароғатдан чалғитма.
Синовларга дош берай номард зимдан кулмасин,
Руҳим ила жисмимда матонатдан чалғитма.
Дўстлар бўлсин ёнимда меҳри бўлсин ўзгача,
Инсон инсонга ёқар тароватдан чалғитма.
Рисқим бўлсин зиёда йигит бахти омаддур,
Неча ёшда бўлсам ҳам барокатдан чалғитма.


Ҳар Қачон

Энди омад келганда синов келар ҳар қачон,
Пок номимни дарҳол туҳмат белар ҳар қачон.
Атрофимда кўпаяр икир-чикир гаплар ҳам,
Бир инсонга сир берсам гумон елар ҳар қачон.
Иш бошласам завқ билам, балки кимлар кўролмас,
Манзили мудом гумон тош отилар ҳар қачон.
Тулки қиёс ишига ҳар тусларда товланар,
Кулиб туриб юзимга дил чопқилар ҳар қачон.
Карвон кўп, ризқи бўлак, билсин ҳар ким ўз йўлин,
Шу карвонни кўролмай итлар қопар ҳар қачон.


Топилмас

Мусибат меҳмон бўлса, кетар замон топилмас,
Синов келса унга бир отар камон топилмас.
Бошинг қотса синовдан ҳеч ким далда бўлмас гоҳ,
Тўғри йўлни кўрсатар яхши-ёмон топилмас.
Бош урган остоналар ўз рўзғорин қилар пеш,
Ёрдам, хизмат майлига ширин забон топилмас.
Қўллар етмай узоққа сал калталик қилса гар,
Ҳатто, бир молхонадан битта сомон топилмас.
Қариндошлар беғамлик тўнларини кийишса,
Кимга сиринг айтасан дардга дармон топилмас.
Дўсту душман ажралиб ўз аслини кўрсатса,
Учиб кетай дейсану қаранг, осмон топилмас.


Менинг Сохта Дўстларим

Мен ўз кўнглим тубига гоҳи армон тошин отган эканман.
Қадрим билмас бегоналарга ўз қадримни сотган эканман.
Дардинг не деб сўрмас баъзилар кимга нима ёнсанг куйсангу,
Қаранг, баъзи бедиллар сабаб билсам лойга ботган эканман.
Иши тушиб келар ногаҳон икки қўли кўксида, қаранг,
Сўнгра ўтар бир кун танимай номард жабрин тотган эканман.
Йўлим равон ёшлик гаштида кимга бу хуш, кимга нохушлик,
Ўзим билмай бир-бир ғанимлар ёнларидан ўтган эканман.
Юзи кулар ичида ҳасад кўзларида маккор режалар,
Дўстим деса ишониб мен ҳам қўлларидан тутган эканман.
Паймонаси тўлганда аранг менга сири фош бўлиб гоҳи,
Нигоҳида қайнаса нафрат ғазабимни ютган эканман.
Эй Бекпўлат, бу ҳали ҳолва олдингда кўп турфа синоат,
«Менинг сохта дўстларим»[1] деб, билиб ашъор битган эканман.


Атрофимизда

Ғанимни изламанг узоқ-узоқдан билдирмай юради артофимизда,
Сўзи ўқ, дили йўқ, манфур кимсалар қонимиз сўради атрофимизда.
Дўстим деб бир бурда нонинг улашсанг қўйнингга киради айёр тулкидек,
Номингни булғаблар ҳузур қилади устингдан кулади атрофимизда.
Ўзича оқиллик тўнини кийиб бошлайди сабоқни аввало диндан,
Бошинг берк кўчага суқиб охири хокисор туради атрофимизда.
Уч-тўрт сўм домига тортиблар ҳушинг қулликка қуллуқни қилдирар тинмай,
Шундайлар бор тузинг ичиб ёнингда режасин тузади атрофимизда.
Эй юртдош, бу сўзлар шунчаки эмас бу байтим огоҳлик байти эрурдир,
Агарки, бепарво юрсак шундайин тинчликни бузади атрофимизда.


Ўзгарар

Вақт ўтиб, фурсат ўтиб давру даврон ўзгарар,
Ким қайси йўлдан юрур, юрар карвон ўзгарар.
Ҳеч бир қачон бу ҳаёт тўхтаб қолмас гардиши,
Минг турфа дил бўлса ҳам яхши-ёмон ўзгарар.
Келажакни аввалдан кўролмаслик ҳақиқат!
Кир сойлар қолиб бунда тошқин уммон ўзгарар.
Дейдиларки баъзилар инсон сира ўзгармас,
Ўз назлида қарангки, дерлар: «замон ўзгарар».
Бугун дунё шарида жаҳолатдан қон сузар,
Ҳайрона замин титраб еру осмон ўзгагар.
Бекпўлатни бир савол мудом ҳушин тўзғитар,
Саволлар кўп, жавоб йўқ қачон инсон ўзгарар?!


Ҳаёт Мезони

Фикру идрок ўзгарар йиллар ўтгани сари,
Умр ўтар, вақт ўтар қуёш ботгани сари.
Ҳеч ким дунё бағрига дийдаси қотиб келмас,
Инсон бунда тобланар ҳар тош теккани сари.
Рўзғор дея кун-у тун чопар аҳли одамзод,
Рўзғор ғори ёпилмас минг бир тўккани сари.
Нолимоқни ҳаётда шиор айлаган қанча,
Ҳаёт қаддинг букади яна буккани сари.
Ҳаракатда баракат дейди доно халқимиз,
Бахту омад ёр бўлмас фақат кутгани сари.


Кўз Ёшим

Минг бир алам ҳасратга гувоҳдирсан кўз ёшим,
Яна тўкилмай дебон огоҳдирсан кўз ёшим.
Юрагимнинг денгизи тўлиб тошиб кетганда,
Кипригимнинг қошида қирғоқдирсан кўз ёшим.
Сенсиз тошдек юрагим кўнгил ғамга тўлганда,
Бир ҳунграбон йиғласам юздоғимсан кўз ёшим.
Йигит бўлиб ҳаётда йиғласаму дам-бадам,
Увол бўлиб тўкилар увоғдирсан кўз ёшим.


Йиғласин

Ким онасин ранжитса, чекиб фиғон йиғласин.
Тўрт унсур гувоҳ бўлиб, титраб осмон йиғласин.
Тилларига эрк бериб она кўнглин оғритса,
Бўғзига тиқилиб дард тишлаб забон йиғласин.
Фарзандим деб туну кун она бунда дарбадар,
Шулар қадрин билмаса билмай дармон йиғласин.
Онасига дийдорин оҳ бунчалар зор этган,
Бир кун афсус қилганда чопиб гирён йиғласин.
Бир мушвиқнинг кўнглини тоғ қилолмас ғўр фарзанд,
Бошига иш тушганда лолу ҳайрон йиғласин.
Бекпўлат Бахтиёрнинг дил тубида сўзи шу:
Она қадрин билмаган кўзида қон йиғласин.


Ўрнинг Билинсин

Ҳар файзли давранинг тўрида доим хушчақчақ, хушзабон ўрнинг билинсин,
Суҳбатингдан баҳра олсин инсонлар йўқ бўлсанг ҳар қачон ўрнинг билинсин.
Ортингдан ҳаваслар қилсин ҳалойиқ сира ҳам номингга тошлар отилмай,
Исминг тилга олиб эсласа дўстлар вақтлар ўтмай чунон ўрнинг билинсин.
Қадаминг босганда гуркираб йўлинг юзингдан файзлар сира тарк этмай,
Дўстлар дийдорингга муштоқ бўлиблар соғинсалар гирён ўрнинг билинсин.
Беш қўл ҳам баробар бўлмайди сира, бўлади инсонда турфа хатолар,
Ҳеч бўлмаса бирда хатойинг айтиб шунда ҳамки «ёмон» ўрнинг билинсин.
Ҳаётда ҳеч кимса бўлмоқ маломат ўзимиздан қолсин соф туйғу, номлар,
Яқинлар дардига тасалли бўлсанг ҳар дардларга дармон ўрнинг билинсин.
Ҳеч қачон остона ортида қолма доимо иззатинг билсин жамият,
Белингдан куч кетиб, ёшинг ўтса ҳам унут бўлмай ҳамон ўрнинг билинсин.
Вақт келиб бандалик бажо келтирсанг тобутинг сузсин гўё қўлларда,
Шу эл-юрт ҳаққингга дуо қилганда йиғлаб чекиб фиғон ўрнинг билинсин.


Аёл Зотига

Дунёдаги барча маломат тегар аввал аёл зотига,
Таъна-дашном туҳмату ёлғон етар аввал аёл зотига.
Аёл туккан кўз ёшларидан не ажабки, Амударё лол,
Қирқта жонин қийноқлик дардни битар аввал аёл зотига.
Ожиза деб баъзилар уни гул кўнглини хазон айларлар,
Дунё турфа шаробларини тутар аввал аёл зотига.
Бир кунидан қирқ куни ғашлик лек ҳеч кимга чўкмайдилар тиз,
Ғурбатларнинг бўронлари ҳам кетар аввал аёл зотига.
Энди ўзинг ўйла, эй дунё, аёллардир руҳимиз кучи,
Биз уларга қалқон бўлайлик нетар аввал аёл зотига.


Ўхшамас

Минг бир санам ичра сенга ҳеч бир санам ўхшамас,
Ҳатто, кўзинг ёшига эй тонги шабнам ўхшамас.
Ойдан олидингми ҳусн демоқлик ҳам ноўрин,
Гулгун юзингга, ёрим, гўзал ой ҳам ўхшамас.
Сен юрарсан виқор ила ошиқларинг ўлдириб,
Маликалар юрса ҳамки бундай қадам ўхшамас.
Кўнгилгинанг сержилодур турфа гуллар рангида,
Қиёс айлай дейман, аммо унга чаман ўхшамас.
Ҳижронингда тунларимни ўтказарман дард билан,
Сен дардингни айла хитоб менинг нолам ўхшамас.
Висолингни салобати кўнгилгинам шоширар,
Мушкул ёзмоқ таърифингни, ёзар қалам, ўхшамас.


Индамас

Ёрга севдим деб сўйласам, моҳи тобон индамас,
Тинглар сўзим бепарвою лолу забон индамас.
Ошиқлигим ҳикматлари кўзларимда мавж урса,
Кўриб туриб атай қийнаб гўзал жанон индамас.
Шунча бўлурму ноз фироқ, бўлган кўнглим эгаси,
Ҳолим забун айлар тинмай ҳажри ёмон индамас.
Йўлларида пайдо бўлсам гўё ҳуши учади,
Аммо кўзин опқочару менга бир он индамас.
Мен ўзимдан ўтганини мудом ўзим биларман,
Изим гирён, кўзим гирён лаълихандон индамас.
Балки мени севар у ҳам кўзларида сири бор,
Мени кўрса ақли шошар ишқи пинҳон индамас.


Соғиниб

Ҳар куним дард ила ўтади шундай яшарман ёргинам юзинг соғиниб,
Бир ўтли нигоҳга кўзларим тушмас мен бунда муштоқман кўзинг соғиниб.
Нозу фироқларинг бунча беғубор ҳар бир сўзинг дилга нажот беради,
Бу кўнгил дарбадар дийдор дарида қулоғим гап уқмас сўзинг соғиниб.
Тўрт томоним қибла, борар ерим йўқ қайдан излай манзил маконинг айтгин,
Тутқич бермас фурсат дийдор бахтига хаёлан изларман изинг соғиниб.
Бир кун шодлик бердинг яна азоблар юзимдан шодликлар яна тарк этди,
Қанийди, шу куни қумсаб қолсайдинг мен билан бахтиёр кезинг соғиниб.
Ашъорим ёзарман бир сени ўйлаб сен ҳам мени бир бор ўйлаб кўрсанг-чи,
Дақиқа, соатлар санаб чарчадим кўзларим нигорон ўзинг соғиниб.


Нидоман

Эй ёр, сенинг дардингда ҳам шоҳу ҳам гадоман,
Изинг юрган изингдан ўзинг топмай адоман.
Туну кунлар ўтади ҳажринг жанги остида,
Дийдорни истаб муштоқ минг бир жони фидоман.
Мадҳинг куйлар байтларим дилдан тўлиб тошиблар,
Ўз кўнглимнинг қасрида ғамдаги бир садоман.
Айтгин, висол онлари қачон бизга ёр бўлар?
Билмайсан, ёнингда ҳам дийдорингдан жудоман.
Кўзим тушса кўзингга юрагим зўр титрайди,
Оҳ, менга ёр бўл дея, тинмай куяр нидоман.


Номеҳрибон Учради

Севиб қолдим ногаҳон минг бир ҳижрон учради,
Орзуларнинг ортидан тинмай армон учради.
Энди етдим деганда фурсат ўйин бошлайди,
Турли фикру сўзлардан йўлда довон учради.
Мен бунда бир савдойи бахтнинг йўлин тополмай,
Шу ёшимда на қилай дағи замон учради.
Кўз бирла сўзи бошқа мудом жоним оғритар,
Дил сўзин қилмас аён лолузабон учради.
Қилиб ўзига шайдо юраверди бепарво,
Дилкўшкида ким бор деб ҳаргиз гумон учради.
Меҳрим бердим жон қадар ҳар бир лаҳза умидвор,
У бўлиб, лек эркатой номеҳрибон учради.


Ноилож

Ҳажрингизда мен бедор куним ўтар ноилож,
Ҳижронли кечаларда тонгим отар ноилож.
Умид гулшаним дилдан сўлмоқ истамас бирдам,
Лек, тақдирнинг битиги аста ботар ноилож.
Армон дилга қафасдир қанотимни қайирган,
Ёр васлига етолмай дил тош қотар ноилож.
Хаёлларим девона, ўз йўлини тополмай,
Ёр дилига минг бора ўзин отар ноилож.
Ёрга етмоқ мушкулдур оҳ бунчалар куйдирдинг,
Сездирмай дейман дардим кўзим сотар ноилож.
Кўнглим пойгак пойингда ҳар кун босиб ўтарсан,
Лек, билмайсан қадримни дардим ортар ноилож.
Бу Бекпўлат Бахтиёр бунча орсиз демагин,
Тақдир битган бахтини кутиб ётар ноилож.


Соғиндим

Ёр ҳусни жамолингни билмайсан-да, соғиндим,
Мен овора бунда зор келмайсан-да, соғиндим.
Соғинчингга ўрмашиб сиртмоқ бўлар ҳижронлар,
Ҳеч кўнглимнинг кўшкида елмайсан-да, соғиндим.
Сабру оҳим орттирар сендан айро кунларим,
Бу кўнглимга шодликни солмайсан-да, соғиндим.
Йўлим дарвиш йўлингда кўзим гирён ўзингга,
Ёр бўлиб қўлимни ҳеч олмайсан-да, соғиндим.
Мен изингда сарсонман бир рухсоринг кўрай деб,
Кўзлар кўзга тушса, лек кулмайсан-да, соғиндим.


Фош Эрур

Эй санам, сенинг дардинг бу кўнглимда тош эрур,
Юзим кулар ва лекин дилим тўла ёш эрур.
Ҳижрон, фироқ азоблар ҳаргиз айлар балолиқ,
Дийдор мудом орзудир ҳижрон менга ош эрур.
Сабру бардош бунда гир сенинг изминг пойлайди,
Сенинг васлинг қумсаган ҳам кўзи ҳам қош эрур.
Менда қолмади тоқат ким нима деса десин,
Сени жондан севишим юз кўзимда фош эрур.


Атайлаб

Эй парирўй, сабримни синайсизму атайлаб,
Сизни минг бор чорласам келмайсизму атайлаб.
Кўзлар кўзга тушганда юрагимда чақинсиз,
Айтинг фақат ростини сезмайсизму атайлаб.
Ҳажрингиздан оғриниб яна тинмай соғинсам,
Билиб туриб маккорлик қилмайсизму атайлаб.
Кўнглим тошар сой каби кўнглингизнинг боғига,
Ишқ шаробим таъмини тотмайсизму атайлаб.
Ҳар бир байтим дард билан ёзарман сизни эслаб,
Кўнглимга жавоб нома ёзмайсизму атайлаб.
Балки сўзимдан гумон қилсангиз ҳам сездирмай,
Бир бора ҳам дилбоғим кезмайсизму атайлаб.
Қаршингизда кўп учраб соянгиздек юрсаму,
Бир-бир ёқар сўнг яна безмайсизму атайлаб.
Кун келиб тақдиримиз бир-бирига туташса,
Бекпўлат қўлидан қўл узмайсизму атайлаб.


Ўн Тўққиз Ёшимда...

Ўн тўққиз ёшимда муҳаббат меҳмон бунчалар ўзингга шайдо айладинг,
Тилим лолу, ҳушим бунда саргардон ҳажрингни ўтида гадо айладинг.
Бир ишга қўл бормас хаёлим сенда ойдек руxсорингга етмоқ орзуйим,
Йўлимиз ногаҳон туташса бирга мендан қочиб ҳар дам адо айладинг.
Дилсўзларим қолиб юрак тубида кундан кун дардим ортирдинг оҳир,
Бирда кулиб қараб бирда қарамай дилинг ошкор қилмай хато айладинг.
Туну кун ором йўқ соғинчинг эзса хаёлим дарбадар қилиб қўйган сен.
Бу қандайин ҳолки билмайман сира ҳатто қадримдан ҳам жудо айладинг.
Кўзимга инону, сўзимга инон мушкулми шунчалар айтгин инонмоқ,
Ўзингни негадир олиб қочарсан сабримни нигорон савдо айладинг.
Майли-да, бунда ҳам бормикан ҳикмат учраб ҳаётимда тасодиф бўлдинг,
Бекпўлат Бахтиёр шунга иқрорки ҳаётим назлига маъно айладинг.


Ўзимга Бек Бўлгим Келади

Ўйлаб қолиб девона ишим ўз устимдан кулгим келади,
Севги деган бедаво дардни бу кўксимдан юлгим келади.
Қани энди кўксимга шамол тегса яна бир пайтлар каби,
Ўз қадримни ўзгалар эмас, ўзим шуни билгим келади.
Бу юракнинг амрига кўниб такрор-такрор адашдим эссиз,
Ҳис-туйғуни энди унутиб ўз билганим қилгим келади.
Ҳаётимни гўзал айлабон бахт-шодликка етиб юрсайдим,
Энди қўйиб ғафлат тошини бахт туморин илгим келади.
Бир ёр ҳажри куйдирди ёмон сарсон бўлиб айладим афғон,
Дардисар ғамга бўлмай тутқун ўзимга бек бўлгим келади.


Юрагим

Бир нигоҳим тушганди ўзига ром айлади,
Шу кўзимнинг қирию хатосида юрагим.
Ёнимдан ўтар бўлса босар минг бир ҳаяжон,
Ул ёрнинг оҳу кўзу қаросида юрагим.
Ашъоримми битарман ул парини соғиниб,
Дардга ўхшаш дардларнинг навосида юрагим.
Ошиқ бахтин кўзлаган фақат ул ёр эди-ку,
Чин бахтини тополмас қиёсида юрагим.
Жуда қизиқ эканда турфа иши ҳаётнинг,
Кўрки гўзал, аммо тор либосида юрагим.
Фақат ишқ дея ёндим дўст-у ёрни хушламай,
Энди вақт ўтиб аттанг жазосида юрагим.
Орзуларнинг ортидан борар мудом ҳисларим,
Ёзган ҳар бир мисрамнинг маъносида юрагим.
Бекпўлат Бахтиёрни, балки бахти кутмоқда,
Ул ёрнинг мен кирмаган дунёсида юрагим.


Севги

Ҳижроннинг минг битта жабрин тотганда сен менга шундоқ ҳам гувоҳсан севги.
Ўзга қўлин тутиб кетсам ҳам, аммо пинҳона севсам гар гуноҳсан севги.
Сендан минг бор қочиб яна ўзингга қайтаман меҳр истаб болажон каби,
Кўзингни оч деса сира гап уқмас аммоки недандир огоҳсан севги.
Хиёнат қўлидан гоҳи сув ичган шунчалар соддаю омисан нега?!
Фарҳоду Мажнунлар қалбида доим ўчмас бўлиб қолган ардоғсан севги.
Инсон ўз сийратин англолмай қолса кўрсатиб қўясан ўз кучинг билан,
Ул инсон майлию, ўзгаларга сен аксини кўрсатар нигоҳсан севги.
Осмонга ўхшайсан булут ҳам ўзинг ёмғиру қорларинг ивитар кўнглим,
Ёр васли гар бўлса бир бора насиб кўксимга шўх эсар сабоҳсан севги.
Бир кўнгил паноҳи бўлмоқ мушкулда яшарсан чирой-у суратга учиб,
Турфа дил ичидан бир кўнгил танлаб ҳуснига маҳлиё сайёҳсан севги.
Ҳижронлар иситмамни оширса ногоҳ, умидлар бўлади юрак дориси,
Ўзингдан малҳамлар топаман мен ҳам энг табиий ҳушифор гиёҳсан севги.
Армонлар занжири узилмай кетса ҳасратим аритмоқ бўласан яна,
Хиёнат юракни минг нимта қилса ўзинг шифокору жарроҳсан севги.
Сендан азиз бахтим топдим минг шукур ёш умрим ниҳоли яшнагин абад,
Бекпўлат Бахтиёр кўнгил тўрида қадрдон неъмату паноҳсан севги.


Қалбинг – Зилола

Бу кўнглимнинг боғида сен бир ниҳола,
Қадду қоматинг шамшод дудоғинг лола.
Жамолинг парипайкар ҳушим ўғирлар,
Кўнглимнинг мойилию айни рисола.
Кўзингни чўлпон деб, таъриф айласам,
Ойдек гулга ўхшайсан гўё ҳилола.
Зулфингга жон риштаси ўралиб қолди,
Қошинг камон, нигоро, сочинг шалола.
Сўзларинг кўнгилгинам завқин оширар,
Кўнглинг гулдек нозик гўёки тола.
Бекпўлат Бахтиёринг шуни айтарки:
Ҳуснинг ойдек тўлгану қалбинг – зилола.


Лайлиси Йўқ Мажнунман

Ёр ҳажрининг мастонасиман,
Ҳар кун босар остонасиман.
Ҳижронлардан чўчиб ўтяпман,
Билмам, ўзим қайга отяпман.
Шоирман-да, бир хаёлпараст,
Армон менга қилаверар қасд,
Ўтдим бироз қийинчиликдан,
Тўйдим аммо куйинчиликдан.
Ёр кўзлари оташин нигоҳ,
Бу ҳолимга бўлмайди гувоҳ.
Юраманда овуниб шеърдан,
Ҳатто сўзим томчилар тердан.
Билолмайман тақдир ишини,
Фақат менга қайрар тишини.
Ёр бевафо дардимни билмас,
Бир эътибор тассали қилмас.
Такаллуф йўқ бирон сўзимда,
Ёр сийрати мудом кўзимда.
Мен бир ғариб, содда дилхунман,
Лайлиси йўқ, ёлғиз Мажнунман.


Назар Сол

Таъриф айтсам юзингга лолдур кўзим, сўзим лол,
Бир эътибор айлагин, бу кўнглимга назар сол.
Сол назар бу кўнглимга айлагин эътибор бир,
Лол сўзим, кўзим лолдур юзингга айтсам таъриф.
Ҳажрингда кечаларим ёним куйиб бўзласам,
Келгин, дилдор, кўнглимни паноҳингга ўзинг ол.
Ол ўзинг паноҳингга кўнглимни дилдор келгин,
Бўзласам куйиб ёниб кечаларим ҳажрингда.
Ташлаб кетма ёрингни кўнглим сенга муштоқ, зор,
Жон десанг берай жоним бир умр ёнимда қол.
Қол ёнимда бир умр жоним берай десанг жон,
Зор, муштоқ сенга кўнглим ёрингни кетма ташлаб.
Мастона девонаман ёзиб ашъор дардингда,
Кўнглимга меҳрларинг ниҳол бўлсин уруғ сол.
Сол уруғ бўлсин ниҳол меҳрларинг кўнглимга,
Дардингда ашъор ёзиб девонаман мастона.
Бекпўлат Бахтиёринг ҳажрингдан маҳзун энди,
Осмонга қиёс эди, кўнглим бўлди мажнунтол.
Мажнунтол бўлди кўнглим қиёс эди осмонга,
Энди маҳзун ҳажрингдан бахтиёринг Бекпўлат.


Гувоҳ

Сизга бўлган севгимга бедорли кунлар гувоҳ,
Аммо, етолмай бир дам озорли кунлар гувоҳ.
Ҳижрон қийнар юракни таскин излаб тополмам,
Сизни севиб соғлиқдан беморли кунлар гувоҳ.
Тақдир бунча пирвуқор сира бўйин эгмайди,
Кўзим йўлда нигорон xуморли кунлар гувоҳ.
Орзу армон бунда зўр ўз баҳсини бошлайди,
Дилга шодлик бегона ғуборли кунлар гувоҳ.
Ашъоримни ёзар дард бўғзимда наво қайнаб,
Ҳам шоири, ҳам ҳофиз дилторли кунлар гувоҳ.


Ҳали Ҳам

Сизни севдим жон қадар айтолмадим ҳали ҳам,
Дийдорингиз йўлидан қайтолмадим ҳали хам.
Соянгиздек юрарман бўлиб гоҳи шарпангиз,
Лек, ёрим васлингизга етолмадим ҳали ҳам.
Оҳу мисол қочарсиз мудом ошиқ йўлидан,
Ёрим деб қўлингизни тутолмадим ҳали ҳам.
Ҳажрингизда адоман, лек билмайсиз дардимни,
Мен шунчаки бу дардни ютолмадим ҳали хам.
Вақт ҳукмига ишониб севдим жоним борича,
Баъзан ишқ синовидан ўтолмадим ҳали ҳам.
Кўзингизга бир боқсам, ажаб сирлар сержило,
Умид остонасидан кетолмадим ҳали ҳам.
Ёниб-куйиб севсам-у, лек юрарсиз бепарво,
Ҳеч кимни сиздек муштоқ кутолмадим ҳали ҳам.


Безиб Қолдим Ман

Сенсизлик азобин сезиб қолдим ман,
Ҳижроннинг ўрмонин кезиб қолдим ман.
Хаёлим мусаввир бўлиб қолибди,
Сийратинг юракка чизиб қолдим ман.
Армонинг – океан туби кўринмас,
Ғаввосдек дарбадар сузиб қолдим ман.
Баъзида васлингни қумсаган чоғим,
Дард ила ашъорим ёзиб қолдим ман.
Оҳимни тингламас осмону фалак,
Эй бағритош, дарддан озиб қолдим ман.
Шум тақдир сира ҳам бўйин эгмайди,
Шу сабаб юрагим эзиб қолдим ман.
Бекпўлат Бахтиёр энди соғинмас,
Узру севгидан безиб қолдим ман.


Унутмадим

Эй ёр, қанча берсанг-да жафо юзларингни унутмадим,
Ақлу ҳушим бунда гангитар кўзларингни унутмадим.
Эркатойсан, гоҳи золим ҳам, бунчалар бўлдинг бағритош,
Менга таъна-дашномлар бўлган сўзларингни унутмадим.
Тўрт тарафим бўлса-да қибла гоҳ ёлғиз қолсам-да танҳо,
Сени менга учратар йўлу, изларингни унутмадим.
Сендан сира кетмадим айро соянгдек бўлиб қолгандим, –
Бас ортимдан юрмангиз, – деган, арзларингни унутмадим.
Тинч қўяйин энди сени ҳам, шаҳзодангнинг суйган ёри бўл,
Мендан олган муҳаббат деган қарзларингни унутмадим.


Севги Солномаси

Баҳор чоғи кўнглингга кириб келдим ногаҳон,
Ярим кўнглинг, билмайман, қилдимикан чароғон.
Фурсат ўтди, дам ўтди ишқ риштаси боғланиб,
Кўз тегмасин, юрибмиз висоллардан чоғланиб.
Аҳду паймон дилларга бўлди софлик элчиси,
Мен бахтимдан масрурман бўлиб бахтинг куйчиси.
Ошкор бўлиб туйғулар ўсди нозик ниҳолдек,
Сен ёнимда юрарсан ўн беш кунлик ҳилолдек.
Оила деган қўрғонга бўлдинг, ёрим, таянчим,
Сен-ла менинг бахтим бут ортаверар ишончим.
Баъзан кўнглинг кўшкига отадирман билмай тош,
Аммо, мени ёргинам ўйламагин бағритош.
Бекпўлат Бахтиёринг етар ҳар бир аҳдига,
Ёргинам, омон бўлгин сен севган Бек бахтига.


Оилали Шоир

Ўн тўққизда ёшлик баҳорим,
Завқли эрур ҳар тонг-наҳорим.
Ҳиссиётлар ўзандан тошган,
Гоҳи туйғу ҳаддидан ошган.
Сураман-да ёшлик гаштини,
Кўриб турфа қиру даштини.
Севсам шундай ёниб севаман,
Ўзимдан ҳам тониб севаман.
Шоирман-да сураман хаёл,
Баъзан ёрга келади малол.
Севган ёрим ёри бўлдим ман,
Ғурур ила ори бўлдим ман.
Қандай гўзал севганинг васли,
Умрингнинг энг бахтиёр фасли.
Ана энди ўзгача ҳаёт,
Балки энди ўзгарар баёт.
Ўн тўққизда ёшлик баҳорим,
Завқли эрур ҳар тонг-наҳорим.


Соғинчим Ўзинг

Жонгинам, соғинсам соғинчим ўзинг,
Бу қалбим тўрида овунчим ўзинг.
Билмайсан ҳолатим, балки, дилдорим,
Туну кун умримда севинчим ўзинг.
Кўнглимнинг сирлари сенга баxшида,
Дардимга тасалли суянчим ўзинг.
Ёргинам, меҳрингдан мудом сарxушман,
Дард чексам, ёнимда куйинчим ўзинг.
Кўнглимни баҳордек навқирон этдинг,
Шодлигу, бахтиму суюнчим ўзинг.


Жуфти Ҳалолим

Тақдир менга етказган ҳуcни ойдек ҳилолим,
Сен ёнимда бўлсангки учмас фикру хаёлим.
Бу ҳаётнинг синови учрар энди дам-бадам.
Неки кунлар келса ҳам келмасин ҳеч малолим.
Кўзинг яшнаб, дилинг қувнаб юрсанг кўнгил шодланар,
Дардларингни аритай, дилхуш суxан аёлим.
Вақт ҳам ўтар шиддадкор бир кўз очиб юмгунча,
Йиллар ўтиб ярашар десанг мени шўх чолим.
Жон ёргинам, мен билан умринг ўтсин шодумон,
Бахтимга омон бўлгин, севган жуфти ҳалолим.


Ёргинам

Англолмай сарxушман хаёллар билан,
Юрарман жавобсиз саволлар билан,
Мани қарши этманг малоллар билан,
Ёргинам, сеҳр бор жамолингизда.
Сўзларим сўзларга уланмай қолар,
Юракда бор мадҳим куйланмай қолар,
Яна дилга ажиб ҳаяжон солар,
Ёргинам, сеҳр бор жамолингизда.
Ҳушимни ўғирлаб девона айлар,
Янада сизга зор, гирёна айлар,
Беқарор, бедаво, мастона айлар,
Ёргинам, сеҳр бор жамолингизда.
Юрагим қинидан чиқмоққа шошар,
Хаёллар денгизи кўнглимда тошар,
Қарангки, янада севгим ҳам ошар,
Ёргинам, сеҳр бор жамолингизда.


Юрагимга Яқинсиз

Сизга меҳрим зиёда,
Кўзларимда чақинсиз.
Эй ёргинам, дунёда,
Юрагимга яқинсиз.
Дилда сузар ишқингиз,
Келтираман рашкингиз,
Бўлай кўзда ашкингиз,
Кўзларимда чақинсиз,
Юрагимга яқинсиз.
Тунлар бедор соғинар,
Ҳажрингиздан оғринар,
Меҳрим нурдай ёғилар,
Кўзларимда чақинсиз,
Юрагимга яқинсиз.
Хаёлларим чангитиб,
Фикру ҳушим гангитиб,
Аҳволимни танг этиб,
Кўзларимда чақинсиз,
Юрагимга яқинсиз.
Мендан сўрманг дил узмоқ,
Сизсиз якка боғ кезмоқ,
Ниятим йўқ аҳд бузмоқ,
Кўзларимда чақинсиз,
Юрагимга яқинсиз.
Бепарвойим, эй дилдор,
Васлингизга бу дил зор,
Бўлсангиз ҳам дилозор,
Кўзларимда чақинсиз,
Юрагимга яқинсиз.


Ғалати Шоир

Гоҳида севгини ёзаман мақтаб,
Гоҳида севгидан нолиб бошлайман.
Ҳижронлар армоним қўйсаю тахлаб,
Ўзимни оловга солиб бошлайман.
Бир ёрга аталган минг битта фикрим,
Ёзилар турли хил тўқима билан.
Гоҳи севгидаги таънали зикрим,
Отилар сўз бўлиб, чўқима билан.
Муҳаббат боғига боғбон бўлолмай,
Яшайман, aммоки, севгига доир.
Сиз деманг: «сўзлари Мажнунларга хос –
Бекпўлат Бахтиёр ғалати шоир».


Муҳаббат – Илоҳий Неъмат

Кимга насиб, кимгаю гумон,
Кимга росту, кимгаю ёлғон,
Ҳаёт шундан яралган, инон,
Муҳаббат – бу илоҳий неъмат.
Китобларда ёзилган қанча,
Ривояту ҳикматлар анча,
Тан олмайсан қандайин, айт-чи?
Муҳаббат – бу илоҳий неъмат.
Бош кўнглингни тўлдириб қўяр,
Висоллардан суйдириб қўяр,
Тўғри, гоҳи куйдириб қўяр,
Муҳаббат – бу илоҳий неъмат.
Муҳаббат – бу фақат ёр эмас,
Фақат китоб сўзда бор эмас,
Нокасларга у ҳеч зор эмас,
Муҳаббат – бу илоҳий неъмат.
Ота-она, дўсту ёрларга,
Кўкси қалқон ғурур орларга,
Дил уйида имон борларга,
Муҳаббат – бу илоҳий неъмат.


Соғинч Бекати

Нима ҳам қилардим, соғинмай бўлмас,
Сендан айродурман, оғринмай бўлмас,
Бу юрак умиднинг ортидан қолмас,
Соғинч бекатида юрагим қолди.
Кутаман, кутаман, яна кутаман,
Жонимни ҳижронга мажбур тутаман.
Соғинч бекатида юрагим қолди,
Ҳижронинг азобин тинмай ютаман.
Бу бекатда қанча ҳисларим талаш,
Йўлингни пойлаган изларим талаш.
Соғинч бекатида юрагим қолди,
Сени қидирмоққа кўзларим талаш.
Бу бекатдан xарид сабр, бардошлар,
Бу бекатга таниш, тўккан кўз ёшлар.
Соғинч бекатида юрагим қолди,
Яна шу бекатдан армонли тошлар.
Бу бекатнинг йўли фақат бир тараф,
Манзилга боради, қайтишга йўл йўқ.
Икки тараф йўлга шартнома бўлса,
Бу қадар бўлмасди юракгинам чўғ.


Бормикан

Ошиқман бахтини излаган қайта,
Арзим ерда қолган айтила-айта,
Бу ёш юрак бўлган минг бир нимта,
Ёрни ҳеч соғинмас куним бормикан?
Қойилман севгининг кароматига,
Юракни ёндирар ҳароратига,
Етсайдим ёрнинг хуш тароватига,
Васлига ёр бўлар туним бормикан?
Куламан гоҳида йиғлайман яна,
Мажнунликга даъво қиламан, мана,
Дерлар мени кўриб: Мажнун-ку ана,
Ҳижронинг дастига тиним бормикан?
Юрагим талпинар, яна қочар гоҳ,
Ёрга меҳрин пинҳон зимдан сочар гоҳ,
Ҳижронга тинмайин бағир очар гоҳ,
Бу кунларга оxир уним бормикан?
Девона ўзимман, гирёна ўзим,
Ёр гирдида ҳаргиз парвона ўзим,
Шум тақдир дастига ҳайрона ўзим,
Муҳаббат ризқ берган ноним бормикан?
Хаёллар дайдиган қанотсиз қушдек,
Бу кунлар ўтсайди гўёки тушдек,
Ҳижрон тоши тегар кўксимга муштдек,
Бахтга тўлган сероб коним бормикан?
Ёр дарди куйдирган жисму танимни,
Ва лек, асраяпман йигит шаънимни,
Фурсатлар тўлдирсин кўнгил камимни,
Дунёда энг бахтли оним бормикан?


Бир Ҳовуч Тупроқ

Кўнглимни кўнглингдан қилмайди йироқ,
Ўртага тушмайди куйдирги фироқ.
Инонгин, бир чаман барпо бўлади,
Олиб кўр кўнглимдан бир ҳовуч тупроқ.
Мендан олисдасан, бўлма даргумон,
Турли хаёлларга ёқма шам чироқ.
Муҳаббатдан кўнглинг бўлар шодумон,
Олиб кўр кўнглимдан бир ҳовуч тупроқ.
Бу тупроқ ичида минг бир гиёҳлар,
Ҳар дардинг дардига бўлади ўртоқ,
Сўзимни фурсатлар ўзи гувоҳлар,
Олиб кўр кўнглимдан бир ҳовуч тупроқ.
Дил кўшкинг гуркираб бўстон бўлади,
Ҳеч қандай саҳрою бўлмайди қирғоқ.
Севгимиз вақт ўтиб достон бўлади,
Олиб кўр кўнглимдан бир ҳовуч тупроқ.
Бекпўлат Бахтиёр боғбонинг бўлсин,
Бахтинга ҳамиша омонинг бўлсин,
Майли-да, куйдирги ёмонинг бўлсин,
Олиб кўр кўнглимдан бир ҳовуч тупроқ.


Мен Сен Учун…

Жоним, ошиқ сўзимни тингла,
Мен сен учун яшайман энди.
Кўзимга боқ, ўзимни англа,
Мен сен учун яшайман энди.
Кўзинг қувнаб, бир мени деса,
Лабинг титраб, юзларинг кулса,
Жоним тайёр ҳар не дард келса,
Мен сен учун яшайман энди.
Кел, бошлаймиз бахтнинг куйини,
Бузиб ташлаб армон уйини,
Рад айлама ошиқ ўйини,
Мен сен учун яшайман энди.
Жону таним нисоринг бўлиб,
Дил боғингда баҳоринг бўлиб,
Ҳар бир кунда наҳоринг бўлиб,
Мен сен учун яшайман энди.
Енгиб турфа сайроқи қушни,
Сабрлардан чархлатиб тишни,
Рўёб айлаб ҳар бахтли тушни,
Мен сен учун яшайман энди.
Келгин, жоним, қўлларимни тут,
Мен-ла бахтли онларингни кут,
Рад жавоби эмасдир сукут,
Мен сен учун яшайман энди.


Бахтлиман Бахтимга Бахтиёр Бўлсанг!

Турмуш ўртоғим Дилафрузга
Баҳор гулларидек очилиб кулсанг,
Ҳар кун нигоҳимда ой каби тўлсанг,
Эй ёрим, умримиз гаштин сурамиз,
Бахтлиман, бахтимга бахтиёр бўлсанг!
Дилларда қолмаса заррача ғубор,
Мен ила ҳаётда шодланиб кулсанг.
Бегим бахтлиман деб айтсангу бир бор,
Бахтлиман, бахтимга бахтиёр бўлсанг!
Унутиб армонли дунё ишини,
Кўнглимнинг боғида сабодек елсанг.
Артсайдим кўзингдан севинч ёшини,
Бахтлиман, бахтимга бахтиёр бўлсанг!
Етайлик жонгинам бахтнинг қошига,
Сен билан бахтлиман агарки билсанг.
Тайёрман, чидайман ғамнинг тошига,
Бахтлиман, бахтимга бахтиёр бўлсанг!
Бахтимиз кўрганда қувнасин дунё,
Уйимнинг тўрига қувончдек келсанг.
Юзу кўзимиздан таралсин зиё,
Бахтлиман, бахтимга бахтиёр бўлсанг!


Соғиндим Дийдоринг, Ёргинам

Кўзларим йўлингда нигорон,
Соғинчим сезади ер-осмон,
Дийдорга етайлик хуш, омон,
Соғиндим дийдоринг, ёргинам.
Кўзга уйқу келмас кечалар,
Тунда ҳам ёруғдир кўчалар,
Бедорли тун ўтди нечалар,
Соғиндим дийдоринг, ёргинам.
Бир бора бағримга босайин,
Меҳрингдан туморлар осайин,
Ҳар лаҳза, ҳар оним кун сайин,
Соғиндим дийдоринг, ёргинам.
Қўлларинг тутайин, малагим,
Дард ютсам гирдимда ҳалагим,
Ёргинам кўрмоқлик тилагим,
Соғиндим дийдоринг, ёргинам.
Интизор эрурман кўйингда,
Биламан мен фақат ўйингда,
Маржонлар бўлайин бўйнингда,
Соғиндим дийдоринг, ёргинам.
Бекпўлат васлингнинг шайдоси,
Меҳр-муҳаббатинг гадоси,
Ошиқлик сўзимнинг нидоси,
Соғиндим дийдоринг, ёргинам.


Ҳижрон Азоби

Сен кетдинг бағримни ҳувиллаб,
Юрагим титрайди ловиллаб.
Ҳажрингдан негадир букилдим,
Ҳижронинг ёғмоқда дўвиллаб.
Суратга термулиб жавдираб,
Юрибман сарсона довдираб.
Йиғлашга мадорим йўқ экан,
Бўғзимда дард йиғлар чинқираб.
Ҳеч қанча бўлмади айрилиқ,
Аммоки, кўзимда ёш лиқ-лиқ.
Ёргинам бир кунда адоман,
Кўнглимни қопалди яролиқ.


Севдим

Ўзимни унутиб, ўзлигим қолиб,
Ҳижроннинг йўлида бўлибон ғариб,
Кўнглингнинг кўшкидан меҳр ахтариб,
Қалбинг дунёсига кўмилиб севдим.
Кўзимга кўринмас дунё ҳаваси,
Юрак истаб ҳар дам ёрнинг нафаси,
Шунчалар бўларми севги қафаси,
Васлинг деб, кўзларим юмилиб севдим.
Орзулар, армонлар энди бир жангда,
Исмингни сўзласам, мудом жарангда,
Шу экан севгининг кучи қаранг-да,
Ҳижрон анҳорларида чўмилиб севдим.
Ҳушимни йўқотиб, саргардон бўлиб,
Телба бунда қолиб минг чандон бўлиб,
Гоҳи йиғлаб, гоҳи зўр ҳандон бўлиб,
Хаёл осмонларига чўзилиб севдим.
Қадамлар чарчамас ёр изин пойлаб,
Аламлар чарчамас ўз ўқин жойлаб,
Кўнглимни мудомки бир ёрга бойлаб,
Дунёдан бутунлай узилиб севдим.
Бир бор учраб ишқнинг кароматига,
Тан бердим куйдирар аломатига,
Бўғзимда дард йиғлар маломатига,
Ёр пойида гўё эзилиб севдим.
Ёр юрар шодланиб ўнгу сўлида,
Минг бир бевафонинг гули кўлида,
Тўсиқлар кўп экан ошиқ йўлида,
Барчасига бир-бир урилиб севдим.
Ўзимни Мажнун деб, ёрни Лайли деб,
Ёрнинг ҳар ҳажрига шўхлик, майли деб,
Бир кун висолларнинг келар сайли деб,
Ўзимни овутиб керилиб севдим.
Бекпўлат Бахтиёр севгига таслим,
Тополмай қолдиму насабим-наслим,
Вайрона бўлиблар дилкўшким қасрим,
Ёрнинг чиройига берилиб севдим.


Хижолат Бўладурман

Соғинчимга кўмиб қўйсам,
Кўзларингни юмиб қўйсам,
Ҳажрим аро бағринг ўйсам,
Оҳ, хижолат бўладурман.
Ҳижрон гўё йилдек бўлса,
Манзиллар ҳам нилдек бўлса,
Ғамдан дилинг қилдек бўлса,
Оҳ, хижолат бўладурман.
Суратингга қараб ҳар он,
Соғинсаму бормай ҳамон,
Ўз-ўзимга отиб камон,
Оҳ, хижолат бўладурман.
Манзиллардан кўнгил яқин,
Кўзларимдан чақнар чақин,
Ҳижронларга бермай якун,
Оҳ, хижолат бўладурман.
Куйдирдингиз дегин, майли,
Суйдирдингиз дегин, майли,
Мен бунда минг ёниб Лайли,
Оҳ, хижолат бўладурман.
Майли, жоним, соғиниб тур,
Дийдор истаб оғриниб тур,
Мен ҳам сенсиз бўлолмай ҳур,
Оҳ, хижолат бўладурман.


Токи Ҳаёт Эканман...

Турмуш ўртоғим Дилафрузга
Кўнглингни қопламасин турли гумонлар,
Не десалар, десину яхши-ёмонлар,
Шу сўзимга гувоҳдир еру осмонлар,
Токи ҳаёт эканман, сени севаман!
Муҳаббатинг яшнасин кўнгил боғимда,
Ҳижронларинг бўлмасин дарду доғимда,
Насиб қилса, қарилик келар чоғимда,
Токи ҳаёт эканман, сени севаман!
Шодлик сувларига ювай юзимни,
Ҳар тонг сен ила бирга очай кўзимни, !
Сен билан бирга қучиб ўғил-қизимни,
Токи ҳаёт эканман, сени севаман
Ярашади меҳрингдан ой каби тўлсам,
Жисму жонингда ҳатто ёнингда бўлсам,
Бу сўзларни айтмасдим билсам, билмасам,
Токи ҳаёт эканман сени севаман!
Бекпўлат Бахтиёрга йироқ энди куз,
Жонгинам дарду ҳасрат армонларинг уз,
Эр йигит сўзин берай, ёрим Дилафруз,
Токи ҳаёт эканман, сени севаман!


На Қилай

Кўнгил ғамдан эзилар,
Соғинчдан дил безилар,
Турфа хаёл кезилар,
Ҳайрондурман на қилай?
Ёр сийрати кўзимда,
Севги изҳор сўзимда,
Ҳеч эмасман ўзимда,
Сарсондурман на қилай?
Қўл узатсам, қўл етмас,
Сира ёрга йўл етмас,
Ғам-аламлар тарк этмас,
Вайрондурман на қилай?
Ширин дамлар гўё туш,
Ҳижрон дилга суқар ниш,
Бўлиб қолдим бир сархуш,
Жайрондурман на қилай?
Висолларга зордурман,
Ҳижронларда хордурман,
Ёр сенга мен ёрдурман,
Гирёндурман на қилай?


Турмуш Ўртоғимга

Ёргинам, бир лаҳза ёнимга ўтир,
Айтайин турмушда керак сабоқни.
Онамиз кўнглини ишончга тўлдир,
Кўнглингда сақлама гумон жумбоқни.
Энг аввал турмушда онамни дегин,
Ҳурмат қил, иззат қил, билиб қадрини.
Ундан сўнгра мана ва мени дегин,
Тўлиқ адо айлаб ёрлик аҳдини.
Турмушда турли манзиллар учрар,
Унда гоҳ чўнқиру текис кўчалар.
Дил сохта, тил сохта кимсалар учрар,
Ўртага сўз қўшмоқ бўлар нечалар.
Уйнинг гапи билсанг кўчаникимас,
Асрагин сирингни ғурур орингдек.
Бугунги сўз бугун кечаги эмас,
Йўғингни бор дегин гўё борингдек.
Гоҳида феълимни сенга тор қилсам,
Уддала асабим жиловлай олай.
Агарки билмайин қадринг xор қилсам,
Ўзимни аввалги изимга солай.
Кўнглингда заррача бўлмасин гумон,
Дилингда борини айтгин бемалол.
Ўртага гумонлар тушса шу ёмон,
Келмасин сўзга сўз ҳеч қачон малол.
Фикрингни борича баён айлагин,
Тарози қиламиз ҳар бир фикримиз.
Билмасам билганинг аён айлагин,
Ва сўнгра турмушда ошар зеҳнимиз.
Шукр қил, нолимоқ керакмас бизга,
Онамиз дуосин олиб юрайлик.
Бағримиз тўлганда ўғилу қизга,
Ота-она қадрин билиб юрайлик.


Чин Муҳаббат...

Инсон зотин ўлгунча бўлар жони тандадир,
Яхмими ёки ёмон у ҳам шаксиз бандадир,
Етти ёшми, етмиш ёш танламайди кўнгилни,
Чин муҳаббат аслида шу бир парча жондадир.
Минг бор баён бўлса ишқ сўзлар сўзга уланиб,
Ёлғон-ёшиқ сўзлардан қолса кўнгил ўйланиб,
Ошиқларга бир қаранг қолган кимга айланаб,
Буни кўриб хиёнат ўйин айлаб хандадир.
Илтифотлар йўқ асло бир муҳаббат йўлида,
На нафосат, на гулгун чирой бордур гулида,
Бир кун қолиб кетмайлик ғурбатларинг дўлида,
Шундан яро бўлиб дил бир кун жон ҳам қиндадир.
Қайда қолди соф туйғу бегойимлар севгиси,
Бугун кўнгил тўрида йўқдир севги ёғдуси,
Қани Фарҳод, Мажнунлар висоллирин қайғуси,
Висол қадри қолмади ҳажр фақат тундадир.
Эҳтирос йўқ кўзларда, маъни йўқдир ишқида,
На бир софлик, на хушхўр ибо йўқдир рашкида,
Ширин, Лайли тўккан ёш йўқдир улар ашкида,
Чунки бугун шундайин топмоқлик ҳам кундадир.
Муҳаббатни софлик-ла бошқармоқлик сендадир,
Сенинг ила баробар бир қисми ҳам мендадир,
Кўнглимизни соф туйғу чашмасига ювайлик,
Чин муҳаббат аслида шу бир парча жондадир.


Ожиз

Мадҳингни ёр битай десам,
Юрак дардим айтай десам,
Сенга девон сайлай десам,
Билсам сенга қалам ожиз.
Гулғунчадек кулиб турсанг,
Менга юзинг буриб турсанг,
Юрагимда уриб турсанг,
Ёнгинангда мен ҳам ожиз.
Дилбоғимдан гуллар тергин,
Юзинг мағрур шодлаб кергин,
Сен дардингни менга бергин,
Йиғласанг гар жолам ожиз.
Куйдиргидир ҳаёт асли,
Давомийдир ташвиш насли,
Умримнинг ҳар гўзал фасли,
Мен-ла бўлсанг ғам ҳам ожиз.
Лабинг қирмиз, лола ғунча,
Юзинг ойдек тўлган кулча,
Гўзалдирсан ёрим бунча,
Минг бир турфа санам ожиз.
Оҳ, қошларинг камон ёйдек,
Ўн беш кунлик тўлган ойдек,
Доим кулиб юргин шундек,
Сен шодлансанг, кулсам ожиз.

  1. Бекпўлат Бахтиёр. «Кўзим кароси», 2014