OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБобур Наби
Асар номиДевона (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Бобур Наби
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Девона (ҳикоя)
Бобур Наби

Қишлоғимизнинг четидаги бир кулбада қандайдир одам яшар, лекин унга ҳеч ким парво қилмас эди. У ёлғиз эди. Ҳамма уни девона деб чақирарди. Сочи ўсган, қорасидан кўра оқ толаси кўпроқ, эгнида қаердандир топиб олган йиртиқ-ямоқ тўн, бошида эса яғири чиққан қалпоғи бор. Ёшини аниқ айтиш мушкул. У навқирон бир йигитдек туюлса-да, юзидаги ажинлар, сочидаги оқлар қаримсиқ кўрсатарди. Кексайиб, ёши ўтиб қолган десам, ҳаракатлари, ғайрату шижоати куч-қувватга тўлалигидан далолат берарди. Менга ўхшаб бошқа болалар ҳам у билан гаплашишга роса қизиқардик.

Аям эса «Унга яқинлашма, узоқроқ юр», деб койирди. «Нега?» десам,
— Уни ҳеч ким ёқтирмайди, ёмон одам. Яқин борма дегандан кейин, борма! — деб яна дашном берарди.

Бир куни дўстларим билан мактабдан келаётсам, ўша девона кўчамиздаги қирғоғига янги кесилган тераклар тахлаб қўйилган катта ариқ бўйига қандайдир кўчат экаётган экан. Ҳайрон бўлдик. Бир шеригим: «Нима қиляпсан, жинни?» деб савол ҳам ташлади. Девона эса биз томонга қараб тиржайди. Оғзида иккита тиши йўқ экан, башараси қўрқинчли кўриниб кетди.

Саволимиз жавобсиз қолгач, уй-уйимизга тарқалдик. Мен ҳам дарвозадан кириб, кўрпа қавиб ўтирган бувимга салом бердим. Улар катта кўзойнаклари билан менга қараб, «Келдингми, болам?» деб қўйди.
— Буви, анави одамни нега жинни дейишади? — дея унга яқинлашдим.

Бувим мийиғида кулиб, жавоб берди:
— Жиннилиги учун жинни дейишади-да, болам. У жинни эмас, девона аслида.
— Нима, ҳақиқий оти йўқми? — яна қизиқиб сўрадим.
— Асли исми Абдураҳим. Ақлини йўқотгани учун девона дейишади. Бор, энди менга халақит берма, — деб бувим мендан қутулмоқчи бўлди.
— Унга нима бўлган ўзи? — дедим яна қизиққонлигим тутиб.
— Ҳей, зумраша, кийимингни алмаштир, — шудгор томондан аямнинг овози келди. — Бувингга халал берма, ундан кўра менга ёрдамлаш.

Кийимимни алмаштириб чиққач, аямнинг ёнига бордим. Помидор ўтоқ қилаётган аям:
— Ҳа, иккичи, бугун неччи олдинг? — деб ҳазиллашди.
— Бугун яхши дарс бўлмади. Домламиз касал бўппопти. Шунга маза қилиб тўп ўйнадик, — дедим завқланиб.
— Ҳа, қутулиб қобсан-да. Томингларни ёпдингларми?

Бу гапдан кейин завучимиз тайинлаган гап эсимга тушди.
— Ая, пул беришинглар керак, шу томни ёпишга. Ҳаммадан пул йиғишаркан.
— Оббо, яна пулми? Бу домлаларинг тўядими ўзи? Бўпти, ма, манов ўтларни этакка ташаб ке.

Бир куни мактабимизга усталар келишди. Дарсдан чиқиб, уларнинг ишини томоша қилардик. Усталарнинг ёнида ўралашиб юрган девонага кўзим тушди. Тўғрироғи, у ёрдам бераётганди. Унинг елиб-югургани менга ғалати туюлди. Яқинроқ бориб, девонани кузата бошладим. Шунда ўрта ёшлардаги усталардан бири келиб:
— Ҳа, болакай, тикилиб қолдинг? Унинг турган-битгани шу. Сўкибам, урибам ҳайдолмаяппиз. Жинни-да, нима қилса, қиловрсин. Сен дарсингга бор, бизга халал берма, — деб бир тахтани олиб, бино ортига ўтиб кетди.

Ҳар куни кузатадиган одат чиқардим. У тезкорлик билан ишлаётганидан лол эдим. Яна текинга! Томга тахталар қоқилгач, шиферни узатишда у каби жон куйдириб ишлаган одамни кўрмадим. Икки кишининг меҳнатини қилаётгани учун усталар ҳам индамасдилар. Текин ёрдамчи-да.

Бино томи ёпилган куннинг эртасигаёқ ҳаво айниди. Мактабга ёмғирпўш билан келдим. Чиройли кўриниб турган янги том устидан секин-аста ёмғир томчилай бошлади. Шу маҳал скамейкада ўтирган девонани кўрдим. Нимадандир хавотирлангани кўзларидан сезилиб турарди.

Бир пайт шовқин кўтарилди. Хонага бир ўқитувчи кириб:
— Болларга жавоб беринг, уйга кетишсин. Сел келаркан, — деб устозимизга тайинлаб чиқиб кетди.

Ҳаммамиз хурсанд бўлиб, китоб-дафтарларни йиғиштирдик-да, ташқарига отилдик. Ҳақиқатан ҳам чақмоқ чақиб, момақалдироқ даҳшатли гумбурлади. Уйга тезроқ етиб олиш учун югуришга тушдим. Кўчамизга етиб келгач, ўзи эккан олма кўчатлари ёнида ўтирган девонага дуч келдим. Беихтиёр тўхтаб қолдим. У ариқдан нигоҳини узмасди. Катта ариқ эса тўлиб-тошиб оқмоқда эди. Осмон яна «қарс» этди-да, шовуллаб ёмғир қуя бошлади. Бироздан кейин жалага айланди. Гўё кимдир устимдан пақирлаб сув қуяётгандек бўлди. Девонани қўлидан тортиб, четга олиб ўтмасам, қирғоқда ивиб ўтираверади шекилли. Ёнига бориб, елкасига туртдим. У «бор кет» дегандек қўл силтади. Бу орада онам чақириб қолди. У қўлида одеал билан мен томонга келаётганди. Аямга бораман деганимда ногаҳон оёғим сирпаниб кетди. «Шалоб» этиб, ариққа қуладим. Оқим жуда кучли экан, ўзимни ўнглай олмадим. Калламни сувдан чиқариб, ҳаво олишга уринардим. Шу пайт кимдир белимдан ушлади ва даст кўтариб, қирғоққа қўйди. Дарахт шохига тирмашиб, сувдан чиқдим. Орқамга қарадим. Сочлари юзини тўсган девона ҳам шохга тирмашди. Унга ёрдам бермоқчи эдим, аям қўлимдан маҳкам тортди:
— Сенга айтовдиму, ундан узоқроқ юр, деб!

Лекин бу гаплар қулоғимга кирмади. Ўзимни тутиб туролмай, йиғлаб юбордим. Девона эса ҳарчанд уринмасин, қирғоққа чиқа олмади.нариги томондан чиқмоқчи бўлиб, қулочини ёзди. Шу пайт сувда катта ғўла пайдо бўлди. Тезлик билан оқиб келиб, девонанинг биқинига урилди. У «ҳиқ» дедию сувга шўнғиди...

Онам мени одеалга ўраб, уйга олиб кириб кетди...

Бу ўн йил аввалги воқеа. Ҳар гал кўчамиздан ўтаётганимда сув бўйидаги иккита катта олма дарахтига қарайман. Соя жой бўлгани учун тагига сўри қурилган. Отахонлар шахмат ўйнаб ўтиришибди. Ёзнинг боши бўлгани учун олмалар ҳали хом.

Уни ҳозир ҳам «девона» деб эслашади...

2008