OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБобур Наби
Асар номиҲиндча рағбат (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Бобур Наби
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм14KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ҳиндча рағбат (ҳикоя)
Бобур Наби

«
Қадрдон устозим Жамила опага бағишлайман!
»

— Қачон ўқийсан, бола?! «Нўл» олавериб — сен, қўявериб — мен чарчамадим. Ёки уйингдагилар кундалигингни текширишмаяптими?..

Бошланғич синфда ўқиб юрган пайтларимда инглиз тили ўқитувчимиз ҳар куни шу гапларни айтиб, койирди. Мен ҳам негадир бу фанни ҳеч ёқтирмасдим. Очиғи, мактабимиз инглиз тилига ихтисослашган бўлишига қарамай, манави ўқитувчи дарс ўта бошлаганидан бери бор қизиқишим ҳам аста-секин ҳавога учиб кетди. Балки домланинг ўта қўполлиги ёқмагандир. Хуллас, инглиз тилидан билимим «нўл»га тушиб қолганди.

Мактабдаги бу койишлар ҳолва эди. Ҳамма томоша уйда бошланарди. Ўзи-ку бошқа фанлардан аълога ўқирдим. «Ўқиш», «Она тили», «Атрофимиздаги олам», ҳаттоки «Расм чизиш» ва «Мусиқа»дан ҳам «беш» олардим. Аммо бу инглиз тили тушмагур...

Ҳар куни кундалик дафтаримни дадамнинг шахсан ўзи текширарди. «Беш»ларимни мақтаган бўларди. Бир-иккита «тўрт» тушиб қолса, астойдил танбеҳ берарди. Шунинг учун доим «беш» олишга интилганман. Бунда, албатта, синф раҳбаримизнинг ҳам ҳиссаси катта. Бироқ онда-сонда пайдо бўлиб қоладиган «нўл»лар («онда-сонда»лигига сабаб — баъзида кундаликни ўқитувчимиздан яширардим, баъзан эса «нўл» қўйилган варақни йиртиб, янги саҳифани қайтадан тўлдириб қўярдим) сабабли «беш»ларимга аталган мақтовларни бир пулга чиқарганим етмагандек, уларни деб яхшигина сўкиш ҳам эшитардим. Бу ҳолат дадамнинг кайфияти яхшилигида юз берарди. Ишдан чарчаб, кайфияти ёмон бўлиб келган кунлари эса...

Қисқаси, иккинчи синфдан бошланган «нўл» можароси бешинчи синфда ўз ниҳоясига етар, деган умидда тўртинчи синфни тугатдим. Тўртинчидан бешинчига ўтганда, биласиз, синф раҳбари ҳам ўзгаради, фанлардан бир ўқитувчи эмас, алоҳида ажратилган муаллимлар дарс беради. Яна янги фанлар қўшилади. Шу тариқа бешинчи синф ўқувчиси сифатида ўқишни бошлашни ҳамма болалар қатори мен ҳам интизорлик билан кутардим. Янги фанлардан аълога ўқиб, янги синф раҳбаримиз эътиборига тушишни ўйлардим. Яна бир мақсадим — синф сардори бўлиш эди. У пайтлари бу лавозимни барча ўқувчилар орзу қиларди ва шунга интиларди. Тўполончиларни жимлатасиз. Тартибсиз ўқитувчилар бор, гапингга кирмайди, демоқчимисиз? Синф сардорининг айтганини қилишни синф раҳбарининг шахсан ўзи тайинларди. Ҳалиги «бақироқ» ўқитувчи бешинчи синфда дарс ўтмаслигини эса Худодан ёлвориб сўрардим.

Сентябр келди. Янги синфга, янги ҳаётга янги кийимлар ва янги ўқув қуроллари билан қадам қўйдик. Ҳамма нарса янги эди. Ҳатто инглиз тили ўқитувчимиз ҳам ўзгарибди. Бу янгиликни эшитиб, «ура» деб бақириб юборишимга оз қолди. Лекин бир-икки синфдошим юракка ғулғула солди.
— Олдинги ўқитувчимиз яхши эди. Буниси ундан бадтар бўлиши мумкин.

Йўк, юракдаги ғулғула сал ариди. Негаки, инглиз тили фанидан кирадиган янги ўқитувчимиз аёл киши экан. Тўғри, айрим аёл ўқитувчилар ҳам қаттиққўл бўлишади. Лекин ҳар ҳолда аёл-ку. Кўзига мўлтираб турсангиз, меҳри ийиб кетар. Янги ўқитувчимиз қорачадан келган, бўйчан, ёши 26-27ларда, доим кулиб тураркан. Исми — Жамила опа! Чиройли исм-а? Бизни ҳайрон қолдирган нарса — Жамила опанинг Ҳиндистонда ўқиб келгани эди. Ана сизга янгилигу, мана бизга янги ўқитувчи! Ҳаммамиз биринчи дарсни интиқлик билан кута бошладик — дарсни қандай ўтаркан?

Ниҳоят кутилган кун келди. Янги ўқитувчи юз-кўзларида табассум билан синфхонага кирди. Ҳаммамиз салом бердик. Болалар дарҳол Жамила опани саволларга кўмиб, ўқитувчига яхши кўринишга уринишарди. Шу зайлда дарс тугаганини ҳам билмай қолдик. Жамила опа янги дарсликдан бир матнни ўқиб эшиттирди, олти қаторли матнни ёд олишни уйга вазифа қилиб берди...

Ўша куни деярли барча дарслар танишиш билан ўтиб кетди. Мен ҳам янги ўқув йилидан олган таассуротларимни тезроқ аямга айтиб бериш учун уйга жўнадим. Мустақиллик ҳақида гапириб, биринчи кундан «беш» олганимни эшитиб, дадам хурсанд бўлди. Кечки овқатдан сўнг яна Жамила опа ҳақида ўйладим. Нима қилсам экан? Бирдан уйга берилган вазифа хаёлимга келди. Матнни ёдлаб борсам-чи? Жамила опадан ташқари бошқалар ҳам ҳайрон қолишарди. Ҳеч бўлмаса, «уч» қўяр. Лекин шу фандан дарс тайёрлаганим учун ҳамманинг эътиборини ўзимга қаратман-ку... Матнни ёдлашга киришдим. Ухлайдиган пайтим бўлганда жойимга ётаётиб, аямдан эрталаб вақтлироқ уйғотишини сўрадим. Эрта тонгда шеър ёдласа, каллага яхши киради, кейин бир умр эсингдан чиқмайди, деганди дадам. Ҳозир ёдлаганимни саҳарлаб яна уч-тўрт марталаб такрорласам, ёдлаб оламан. Талаффузим сал ўхшамаслиги мумкин, лекин вазифани бажараман-ку. Паст овозда матнни қайтариб, ухлаб қолдим...

«Буюртма» бўйича аям ҳар доимгидан эртароқ уйғотди. Ширин уйқудан туришим анча қийин кечди. Ҳали вақтли бўлгани учун бироз ранжидим. Кўрпанинг ичига кириб, яна ухламоқчи бўлдим.
— Ўзинг эртароқ уйғотинг, дегандинг-ку.

Аям шундай деб, ташқарига чиқиб кетди. Кечқурунги мақсадим энди эсимга тушди. Дарҳол турдим-да, китобимни очдим. Аввал бир қур кўз югуртирдим, кейин китобни ёпиб, кўзларимни юмганча овоз чиқариб такрорлашга киришдим. Негадир жуда осондек туюлди. Худди шеър ёдлагандек «шариллатиб» ўқирдим. Аям чойга айтиб кетгач, тўхтадим. Энди тезроқ мактабга бориш керак. Биринчи дарс — инглиз тили. Апил-тапил чойимни ичиб, кийиндим. Сумкамни олдиму уйдан ўқдек отилиб чиқдим.

Турли ўйлар билан мактабга қандай етганимни билмай қолдим. Болалар билан кўришдим-да, орқароқдаги партага ўтирдим. Мени ҳаяжон босганди. Назаримда, матнни ёддан айтиб беролмайдигандек эдим. Ниҳоят, қўнғироқ чалиниб, Жамила опа кириб келди. Саломлашгач, ўз столига ўтириб, журналга бир нималарни ёза бошлади. Нима бало, уйга вазифа бергани эсидан чиқиб қолдими?.. Эслатиб юборсаммикан?.. атрофга қарасам, ҳамма китобдан бошини кўтармай, ўқиш билан овора. Худди мендан аввал улар айтиб, биринчи бўлиб баҳо оладигандек хавотирга тушдим. Шу пайт синфда мулойим овоз янгради:
— Уйга берилган вазифани ким бажарди?

Синфга жимлик чўкди. Ҳатто пашша учса, билинарди. Ногоҳ ичимда қандайдир ҳиссиётлар жўш ура бошлади, нимадир ғалаён қилаётгандек бўлди. Беихтиёр қўлимни кўтариб юбордим.
— Қани, сиз, туринг-чи? Исмингиз нима?

Бутун синф «гур» этиб менга қаради. Жамила опа менинг исмимни сўраганди. Ҳамма ҳайрон. Ҳеч ким мендан буни кутмаганди-да. Фақат Жамила опагина самимий кулиб турарди. Ҳаёжонланганимдан фамилиямни айтиб юборибман:
— Жалолов...

Синфдошларим кулгисига Жамила опа ҳам кулимсираб қўйди-да, сўнг иккала қўлини кўтариб, болаларни жимлатди.
— Ҳаяжонланманг, Жалолов, мен ҳам сизга ўхшаб ҳаяжонланганман. Лекин дарров енгиб ўтганман. Марҳамат, матнни айтиб берасизми?

У бу гапларни шунчалар мулойимлик билан айтдики, мен гўёки қуёшда қолган музқаймоқдек эриб кетаёздим. Ичимда ғалаён кўтарган ҳадик ҳисси яна туғён урар, каминага қадалган ўттиз жуфт кўз мени масхаралашга тайёрдек эди гўё. Ширин уйқудан кечиб, «шариллатиб» ёдлаганим эсимга тушдию, томоқ қириб, матнни айтишга киришдим. Афсуски, матн оздиги учун тез тугаб қолди. Айтиб бўлганимдан сўнг синфга яна жимлик чўкканини сездим. Ўқитувчимиз менга меҳрли нигоҳ билан боқиб турарди.
— Баракалла! Қойил! Сизга «беш» қўяман! Биринчидан, уйга берилган вазифани қунт билан бажарибсиз. Иккинчидан, нутқингиз равон, талаффузингиз яхши чиқди. Ўтиринг, раҳмат!..

Ўша пайт қандай севинганимни тасаввур ҳам этолмайсиз. Энг қизиғи, шу куни бошқа ҳеч ким уй вазифасини бажармаган экан. Балки биринчи дарс бўлгани учун унчалик эътибор қилишмагандир. Эҳтимол янги ўқитувчини синагандирлар. Лекин бу «синов» ёмон натижа берганди. Жамила опа ҳеч ким ёдламагани учун ҳаммага, янаки кундалигига, «нўл» бўлмаса ҳам, «уч» қўйганди.

Агар ўшанда шундай иш тутмаганида ҳозир пойтахтда ўқимаётган бўлармидим ва энг ёмони, инглиз тилидан алифни «калтак» деб юрармидим...

2010