OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБотирхон Акрамов
Асар номи«Сўз лавҳи»га битилган мўжиза
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Ботирхон Акрамов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Очиқ хатлар ва мактублар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 2-сонидан олинди
Ҳажм25KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
Пошшожон Кежаева (филология фанлари номзоди)


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





«Сўз лавҳи»га битилган мўжиза
Ботирхон Акрамов

Туркий тилдаги биринчи рубобий-лирик куллиёт «Хазойин ул-маоний»нинг иккинчи девони «Наводир уш-шабоб» таркибидаги 457 рақамли, анъанавий унвон-сарлавҳа остида: «Нун» ҳарфининг нозанинларининг нози- «Наводир»дин...» мухтасар таърифи берилган «ҳазажи мусаммани мақсур» («мафоилўн мафоилўн мафоилўн мафоил») баҳрида яратилган шоҳбайт шарҳи-талқини:

Ёрур холинг хаёлидин оқарғон кўзларим, гўё:
Қўюбтур килки Сунъ ул нуқтани кўзлар қаросидин...

1. Мумтоз адабиёцҳунослик фани намояндаларидан бири, профессор Ҳамид Сулаймоннинг давомли илмий изланишлари самари сифатида бунёд этилган – илмий-танқидий матн асосида нашрга тайёрланган, тўрт жилдлик жуда салмоқдор шеърий мажмуа – «Хазойин ул-маоний» таркибидаги 2600дан зиёд ғазаллардан баъзилари турли сабаблар билан бир девондан бошқасига ўтиб қолган.

Қуйида биз шарҳи-талқинини бермоқчи бўлган шоҳбайт олинган ғазал ҳам, айни шу қисматни кечирган: «Фавойид ул-кибар»дан «Наводир уш-шабоб»га «кўчиб» ўтган (бу – ғазалиётнинг хронологик-даврий таснифига дохил битта мисол, холос). Ҳазратнинг ўзлари «Дебоча»да ёзади: «Тўртинчи девониким, умрнинг охирларида юзланган ишқ дарду ранжи фойдалариким, жонсўз оҳ урмоқ ва жон топширмоқдурким, кишининг адам (фано) йўлига кириб, замон аҳли била хайрбод қилишидур, анинг дуосида «Фавойид ул-кибар» била ниҳоятқа етказдум...»

«Назири йўқ» (Бобур) улуғ бобомизнинг бундай дилхоҳу узрхоҳ сўзлари боис, заҳматкаш ва жафокаш устозимизни ёдга олиб, кичик бир чекиниш қилиш жоиз деб ўйлайман (фақат ўқувчилар маъзур туцалар, бас). Эҳ, ноҳақдан ноҳақ жабр тортган – ваҳшатангез бадарға балосидан аллоҳ ўз паноҳида асраб, эсон-омон она юрти Ўзбекистонга, Тошкентга қайтгач, аввал, яхшироқ даволаниш лозимлигини ҳам ўйламасдан, жуда катта, бағоят савобли ишга бутун вужуди билан киришиб, гўё ўлжага қолган «умри азиз» йиллари, ойлари ва кунларини ғанимат билиб, тортган дарду аламлари жароҳатига фақат бетиним илмий тадқиқотлар, фақат шу соҳа заҳматкашлари ўзи биладиган меҳнатдан дармон ва малҳам излаб, улкан ташкилий тадбирлар устига, яқину олис демай, том маънода, миллатпарвар, ватанпарварлик сафарлари – илмий экспедицияларга маҳкам бел боғлаб (азиз устозимиз, соҳибқирон Амир Темур ардоқлаган ҳадисмонанд даъват: «Сано базабон, камар дар миён» калимаси – ҳақ йўлида камарбаста инсонлар шиорини бизга ҳам тез-тез эслатиб ўтарди), ҳар бир сафардан қайтгач, яна бардавом изланишлару янги кузатишлар, талқинлар: саҳифама-саҳифа, сўзма-сўз, ҳатто ҳарфма-ҳарф қиёсий таҳлил жараёнлари натижаси – кутилгандан ортиқ самаралар ўлароқ, жамики қўлёзма, тошбосма манбалар, бошқа тансиқдан-тансиқ – нодир топилмалар... Биргина мисолнинг ўзи кифоя қилади: нашр этилажак танқидий матнлар учун энг мўътабар ва мусаллам (ортиқ эътирозга ўрин қолдирмайдиган) беш редакция: (1) Илк девонлар; (2) «Бадоеъ ул-бидоя»; (3) «Наводир ун-ниҳоя»; (4) тўрт катта жилдли «Хазойин ул-маоний»; (5) Навоий вафотидан сўнг турли тоифа-табақотга мансуб ихлосманд-муҳиблар тузган терма девонлар...

Бас, азиз номи сўнмас улуғ жафокаш ва чин маънода жаҳонгашта инсон, «назири йўқ» (Бобур) фидойи олим, «меҳри-ю қаҳри» вобаста, суврати сийратига ярашган устозимиз Ҳамид Сулаймон... Амир Низомиддин Алишер Навоийнинг, эҳтимол, жаҳонда тенги топилмас куллиётининг лирик девонларида қалам ва барча қалам аҳлининг маъбуди аторуд назари тушган устоз хаттот-котиблар, монийсифат наққошлар – ҳуснихат ва китобат санъатининг баркамол, зариф намояндалари тартиб берган аксарият шеър­ларидан то турли сабаблар билан (еҳтимол, кўчирилган айрим нусхаларда) бошқа жилдга «кўчиб» ўтган ё тушиб қолган, қисқаси, турли даражада шикастланган сатрлар устоз ўзлари бош бўлган, сабр-бардошу синчковлик бобида «тенги кам» (Миртемир), зукко боболаримизнинг ифодали тили билан айтганда, «темир тирноқ» таҳририят жамоаси назаридан ўтганлиги, шак-шубҳасиз, албатта.

2. Юқорида келтирилган шоҳбайт чиндан-да, сирли-сеҳрлидир: ўзингиз тасаввур этиб кўринг-а: бир умр ечилмас, иложсиз туюладиган муаммо («оқарғон кўзлар») – ожизликдан аччиқ қисматга аллақачон кўниккан бечора ошиқ учун кутилмаган тарзда, ғайришуурий бир ҳол содир бўлади, масъуд кайфиятни кечиради – бирданига кўз олдида дунё қоронғулиги тарқалиб, борлиқ яна ёришиб кетади... Xўш, бу илоҳий мўъжиза қандай юз берди экан? Биринчи мисрада ўз ифодасини топган хайрли мужда («Ёрур холинг хаёлидин...»), бунинг сабаби иккинчи мисрада аста аён бўлади; фалсафа тили билан айтганда, зоҳиран мушкулдан – мушкул кўринган сабабият илоҳий мўъжиза қудрати-ла бахайр, айни дилхоҳ оқибатга айланади... Воажаб! Бу – «Навоийвор» (ҳазратнинг ўз ташбеҳи) сўз даҳосининг ноёб кашфиёти («холинг хаёлидин») бор-йўғи икки калима –шеърий нисбатнинг мантиқий-бадиий тафаккур тақозоси-ла ўзаро вобасталиги боис, мазкур шоҳбайт силсиласининг шу қадар нуктадону бетакрор ҳалқасига айланади... Ана энди баҳоли имкон ожизона шарҳ-таҳлилимиздан кузатилган асл «муддао» – «Алишерий» «хоса маъни»нинг нозик нуқтаси: тимсоли мужассами – ажабдан булъажаб «сўз гуҳари» бирикмаси: «Қўюбтур килки Сунъ ул нуқтани кўзлар қаросидин», шоҳмисрадан англашилган ғаройиб ҳол-илоҳий «вазъ»ият замиридаги ҳақиқат... асли, бу «мутаффакирлар мутафаккири, шоирлар шоири, валилар валиси» идрок этган боқий муҳаббатнинг фақат аллоҳга ва ҳазратнинг ўзига аён сирру синоати эмасмикин?!. «Қўюбтур килки Сунъ»... бу – илоҳий қаламнинг мўъжизакор кашфи, ўша сирли ҳақиқат таҳқиқи эканини росмона мақомда фақат Мустақиллик йиллари илмий мушоҳада-мубоҳаса жараёнларида билиб олдик (аввалроқ, «илиқ насим», сўнгра, «қайта қуриш» тамойиллари боис, бу анчайин умумий-нотамом тарзда кўрина бошлаган эди). Xусусан, «ул нуқта»ни «кўзлар қаросидин» каби ажиб сирли-жозиб калималарни қандай тушунмоқ керак? «Ул нуқта»ку шоҳбайт тагматнидан маҳбуба холига нисбат сифатида олинганини билса бўлади. «Кўзлар қароси»чи? Бу икки ташбеҳдан яратилган, аввал бошда анчайин пинҳоний-сирли кўринган умумлашма-мужассам мақом олган бадиий тимсол нафақат ўзининг кейинги, ортиқ ачинарли ҳолати («оқарғон кўзлар») билан мазмунан ва шаклан қарама-қарши қутблар ифодасига айланиши (яъни, кўз қорачиғи-гавҳари ўрнида оқ парда пайдо бўлгани), балки ҳар қандай қийноқлар, азобли маҳрумликларга (кўзлар нури-ёруғлик зиёси ўрнига нурафшону гўзал назаргоҳ томошасидин бебаҳра зулмат даҳшатига) мардона дош берган муҳаббат дарди, шавқ-рағбати ўша жафокаш ва балокаш ошиқ қалбига кутилмаганда умид, нажот, руҳиятига қуввату мадад, хаёлига қанот бахш этмаса, ўзининг нолавор-ҳазин аҳволи зиддига, «икки жаҳон»га бергувсиз – «жону жаҳони» бўлмиш маҳбубининг холини хаёл қилармиди?! Ана, том маънода, «мажозий» (зоҳиран дунёвий, ҳаётий) ишқнинг «илоҳий ишқ» мартабасига кўтарилиши! Зотан, бу – Навоий орзу қилган, шахсий-оилавий саодат чироғини ҳам «тахайюл мулки султони»нинг боқий нашида-сурурлар масканига садқа этган фидойи ошиқнинг афсонавий Ҳотам Той ҳимматидан зиёд жасорати! Улуғ мутафаккир шоиримиз бир шоҳбайтида бор фалсафий теранлиги, рамзий-истиоравий умумлашма фасоҳати-ла талқин этганидай, эътиқод мақомидаги комил муҳаббатнинг боқийлик сирру синоати шундаки: «Гар сен идрок айласанг – айни ҳақиқатдир мажоз». Айни шу боисдан бўлса ажаб эмишки: улуғ Навоий хаёлидаги ошиқ йигит кўнгли «истаса-да топилмас» ўша парируҳ маҳбуба «холи... хаёлидин...» унинг кўзлари шунчалар ёришиб кетадики, тортган ҳамма ранжу аламлари эвази – бадалига «тенгри эҳсони» – инояти сифатида ўша «хол» нисбати: «ул нуқта» яна ошиқ «кўзлари қароси» гавҳарига айланади! Алқисса: мазкур шоҳбайт мўъжизу нуктадон ҳикмати ва бутун фасоҳати-ла алал-оқибат ажаб умидбахш ва «навобахш» (муродбахш) руҳда интиҳо топади...

Энди, шоҳбайт сайқали – бадиий зийнати учун хизмат қилган усул-воситалар шарҳига ўтамиз. Байтда маъни (мазмун) ва ифода (шакл) таносиби ва бутунлигини таъмин этган дастлабки асос: махсус бадиий унсурларни, ўқувчи яхшироқ англасин учун, шартли равишда маълум гуруҳларга бўлиб таҳлил қилсак, шундай манзара пайдо бўлади: (1) «оқарғон кўзлар» – «кўзлар қароси». Бу шеърий нисбатларнинг ўрин алмашуви тарзида юз берган «тарди акс» санъати; бунда зоҳиран тазод усули мавжуд бўлса, моҳиятда гўёки ошиқнинг анчайин мушкул-бахциз қисмати: кўзига оқ парда тушиб, дунё қоронғу зимистонга айлангани-ю, ғойибдан, лаҳзалик мўъжиза боис, кутилмаган бахт – сафобахш кайфият банд этади... (2) «хол» ва «ул нуқта» (кўзлар қорачиғи), бу – ташбеҳ санъатининг, зоҳиран анъанавийдек туюлса-да, руҳан чин маънода мўъжиз, умумбахш вазиятнинг илк хайрли муждаси... (3) «Ёрур холинг хаёлидин...» ... Бу ажабдан булъажаб сирли-жозиб лавҳа байтга ўзгача умидбахш руҳ олиб келади. Эҳтимол, бундан аввалги соғинчми, илинжми, ўкинчми, балким, навмид алам-изтироб, чорасиз-пинҳоний исён сўнггида уйғонган, ғойибона-нажоткор тахайюл хабарчиси олиб келган мужда («хол хаёли») боис, насиб этмиш масъуд лаҳзалар шукуҳи, шукронаси... Ва, ниҳоят, (4) шоҳбайт руҳига сингдирилган «ишқ сирри» нима эканини бир қадар англаб олиш учун иккинчи мисрани қайта кўчириш тақозо этилади: «Қўюбтур килки Сунъ ул нуқтани кўзлар қаросидин...». Зотан, ҳазрат Навоий англаган ва шавқу рағбат, ҳасрату ифтихор ила талқин этган муҳаббат қисматининг фақат бизлар учун анчайин мураккаблиги, ҳатто зиддиятли ҳақиқат сир-синоатини тадқиқ этиш имкон қадар чуқурроқ талқин қилиш учун айрим байт ё бутун бир ғазал шарҳи кифоя қилмаса керак. Негаки, Навоий сўз даҳоси ҳақида, унинг улуғ ижодхонаси унсурлари, чексиз манбалари, руҳий-илоҳий илдизлари, хосу ўзгача жараёнлари, кенг маънода, қомусий маърифат мутафаккири, устоз мураббий, тенгсиз саховатпеша, тахайюл мулки... Ўз тасарруфоти-ла не чоғлиқ мавжвар, қатламба-қатлам, силсилама-силсила «сўз гуҳари» тимсоллари самовий буржлари, заминий иқлимлари-ла, «икки жаҳон»га сиғмас, «олти жиҳат»га баробар меъёрлари, «ҳавоси ҳамиса» (беш ботиний сезги) мезонлари андозаси-ла ёндашганда: (а) хоҳ: «Қўюбтур килки Сунъ» қудрати ва имкониятлари, (б) хоҳ: «ул нуқтани кўзлар қаросидин...» сирли-жозиб нисбатлари замиридаги маънолар, нуктадонликлар моҳияти ва сабабиятини, лоақал, бир қадар англай олгандай бўламиз ва ҳайратдан, яна-да, чуқурроқ тааммул қилишга интиламиз, чоғланамиз... Бас, ҳамоно, шу мушкул ишга журъат этган эканмиз, келинг, азиз китобхон, ушбу шоҳбайтнинг «жон риштаси», «дил (кўнгил) банди», «баҳр (жигар) пораси-ю» томир-томири-ла вобаста ўша иккинчи мисра зимнидаги «маъни» жавҳарини биргалашиб, баҳамжиҳат талқину иложи бўлса, чуқурроқ таҳлил қилишга уриниб кўрайлик.

Не ажабки, шунчалар ўзига жазб этувчи ушбу шоҳмисра руҳига сингдирилган, аҳли шуаро орасида фақат ва фақат Низомиддин Алишер Навоийга мушарраф бўлиши мумкин бир ҳол, бу – қисмат амридирки (уни, балким, улуғ зоти киромнинг ўзлиги – шахсияти, покзоду покдоман хилқати, «жибилли» (Бобур) тийнати, тажарруд (ёлғизлик) табъи мижози билан изоҳласа тўғри бўлар), «васли мумкуни йўқ» муҳаббат қисмати... Айниқса, бугун, ҳар қалай, мушкул муаммо, тўғрироғи, фақат, сирли-пинҳоний ришталар орқали, шартли равишда талқин этиш йўли билан шоҳбайтнинг шарҳимиз аввалида қайд этилган, «садр» деб юритиладиган: «Ёрур...» ташбеҳи («...холинг хаёлидин») – сўз бирикмасини такроран келтириш зарурати борки, шоирнинг лирик қаҳрамони – ошиқ Навоий мантиқан имконсиздай туюладиган вазият зиддига, гўё илоҳий мўъжиза боис, ғойибдан имкон яратишга мушарраф бўлади, бу, шубҳасиз, тансиқ маънавий санъатлардан «хоса маъни»нинг камёб намунасидир.

Устозни Xотирлаб

Хотира... Олис-олисларга чорлайди ногоҳ... Яхши одамларни эсга солар у. Xаёлимда чарх уриб, таниш чеҳралар, соғинчдан ўкинар армонли кўнгил...

Умрини, қалб-қўрини, борини адабиёцҳуносликка, хусусан, Навоий ижодига бахшида қилган меҳрибон устозимиз Ботирхон Акрамов хотираси мангу.

Навоийшунос олим 1932 йилда Ўш шаҳрида дунёга келади. 1951 йилда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институти (ҳозирда университет)га ўқишга киради. Олийгоҳни тугатиб, ЎзРФА Тил ва адабиёт институтида аспирантурада ўқишини давом эттиради, 1967 йилда филология фанлари доктори, профессор Ҳамид Сулаймон раҳбарлигида «Навоий ижодида лирик қаҳрамон муаммоси» мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади. 1990 йилда «Замонавий ўзбек шеъриятида поетик образ муаммоси» (1960-1980 йиллар) мавзуида докторликни ёқлайди. Олимнинг шеърият, хусусан, Навоий ижоди ҳақида бир қатор илмий мақолалари, монография ва рисолалари чоп этилган. «Шеърият гавҳари», «Оламнинг бутунлиги», «Фасоҳат мулкининг соҳибқирони» (Навоийнинг 550 йиллик юбилейига бағишлаб ёзилган), «Навоий шоҳбайтлари», «Навоий тожбайтлари» (нашр этилиш арафасида) сингари рисолалари шулар жумласидандир.

Адабиёт инсонни покликка, комилликка, эзгуликка, олижанобликка, руҳан тозаришга етакловчи восита ҳисобланади. Ботирхон Акрамов шундай даражага эриша олган устозлардан бири эдилар... Камтарин, саховатпеша, диёнатли, сабр-қаноатли, олийҳиммат, заҳматкаш навоийшунос олимни бутун умри фаолиятида тўғри ва ҳалол меҳнат қилган азиз инсон сифатида хотирлаймиз. Устознинг юксак ахлоқий фазилатлари бизга намуна, ўрнак бўлиши керак, албатта. Адабиётнинг вазифаси ҳам ана шунда. Инсон руҳиятини тарбиялашдек мураккаб вазифани ўз олдига қўйган адабиёт замирида, аслида, кечинмалар яшайди. Устоз назарларидаги самимийлик, адабиётга бўлган муҳаббат, шижоат нималарнидир таъкидламоқчидек туюлади. Туюлади-ю, бирдан улар сабоғи, фасоҳат мулкининг соҳибқирони Навоийнинг шоҳбайтлари хаёлдан кечади:

Ёрур холинг хаёлидин оқарғон кўзларим, гўё:
Қўюбтур килки Сунъ ул нуқтани кўзлар қаросидин.
Сўзимиз якунида, ушбу мақолани тайёрлашда яқиндан ёрдам берган олимнинг кенжа қизи – Сурайё Акрамовага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шогирдларини ҳам ўз фарзандларидек ардоқлаган самимий инсон, пок виждонли олим, навоийшунос устозимиз Ботирхон Акрамовнинг руҳлари доимо шод бўлсин!