OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБойбўта Дўстқораев
Асар номиСийнани санага алмаштириб бўлмайди
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Бойбўта Дўстқораев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Мақолалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм35KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/24
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 31-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Сийнани санага алмаштириб бўлмайди
Бойбўта Дўстқораев

Кейинги 15-16 йил ичида Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ҳаёти ва ижодини ўрганиш изчил тус олди. Адабиёцҳуносларимиздан Наим Каримов, Озод Шарафиддинов, Иброҳим Ҳаққулов, Шерали Турдиев, Салоҳиддин Мамажонов, Нинел Владимирова, Сирожиддин Аҳмедов ва бошқалар Чўлпон тўғрисида мақолалар, адабий портретлар, монографиялар яратдилар, адиб асарларини қайта нашр қилишга муносиб ҳисса қўшдилар. Бу орада Дилмурод Қуронов, Замира Эшонова, Улуғбек Султонов, Баҳром Рўзимуҳаммад сингари бир гуруҳ ёш тадқиқотчилар Чўлпон ҳаёти ва ижодини ўрганиш, асарларини тўплаш ва нашр этиш ишига келиб қўшилдилар. Шундай ҳаракатлар самараси сифатида «Баҳорни соғиндим», «Яна олдим созимни», «Адабиёт надир», икки жилддан иборат «Асарлар» (аслида уч жилдга мўлжалланганди), «Гўзал Туркистон» каби мажмуалар, тўпламлар, китоблар пайдо бўлди. Чўлпон ижоди бўйича докторлик ва номзодлик диссертациялари ёқланди ва ёқланмоқда. Булар барчаси адабиёцҳунослигимизда «Чўлпоншунослик» деган соҳа шаклланганини кўрсатади. Бора-бора, у жаҳон миқёсига чиқди. Туркия, Германия, Япония каби мамлакатларда Чўлпон ҳаёти ҳамда ижодини ўрганиш юзасидан илмий-тадқиқотлар ва матнчилик ишларининг амалга оширилиши бунинг исботидир. Булар, шубҳасиз, қувонарли ҳол. Лекин ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмаганидек, чўлпоншунослик ҳам тобора тараққий этиб бораётир, унга янги-янги тадқиқотчилар, хусусан, ёш изланувчилар кириб келаётир. Ёш тадқиқотчиларнинг аксари илмий изланишлар олиб боришда манба сифатида адибнинг XX аср 90-йилларида нашр қилинган асарларига мурожаат этадилар. Модомики иш шундай экан, мазкур нашрларнинг матний қусурлардан холи бўлиши катта аҳамиятга эга.

Таъкидлаш жоизки, адиб асарларини қайта нашрга тайёрлаш ишлари ниҳоятда қисқа фурсатларда амалга оширилганди. Бунинг устига, Чўлпон асарларининг нашри, асосан, матншунослик ва матнчиликдан тажрибаси бўлмаган кишилар томонидан амалга оширилди. Ўрни келганда айтиш керакки, ёш тадқиқотчилар зиммасига олган масъулиятли вазифани асосан ҳалол уддаладилар. Бунинг учун уларни ҳар қанча тақдирласак арзийди. Айни пайтда, зудлик билан амалга ошириладиган ишларда истаймизми-йўқми, муайян хато ва нуқсонлар ўтиб кетади. Xусусан, Чўлпон асарларининг кўп қисми араб ёзувида бўлгани, устига-устак, улар босилган газета ва журналлар вақт ўтиши билан сарғайиб, титилиб кетгани, ўз даврида нашр қилинаётган пайтда турли сабаблар билан имловий ва бошқа хатоликларга йўл қўйилгани оқибатида ҳозир қайта нашрга тайёрланар экан, тўғри ўқиш қийинчилиги туғилиши табиий. Шунга қарамай, Чўлпон асарларининг хатолардан холи нашрини тайёрлаш адабиёцҳуносларнинг муҳим вазифаси бўлиб турибди. Акс ҳолда, ижоди фавқулодда мураккаб даврда кечган Чўлпондек адиб асарлари бўйича тайёрланадиган илмий-тадқиқот ишлари мазмунга, маслакка доир хатоларга йўл қўйилган қайта нашр матни асосида олиб борилса, чалкаш, қўпол ва мутлақо нотўғри хулосалар чиқарилишига ҳам олиб келиши мумкин. Фикримизнинг далили сифатида унинг бир шеърини (Чўлпон. Асарлар, 1-жилд, 59-бет) олайлик:

Созим

Нафрат ўлкасидан ҳижрат қилганман,
Улфат диёрига маскан қурганман,
Юзимни ўт эмас, гулга бурганман;
Самовий завқларга тўлиб турганман
Булбуллар севгини мақтаган дамда!
Чечаклар ўсгуси кўз ёшларимдан,
Бўғинлар унгуси ўйлашларимдан,
Қалблар юмшагуси сайрашларимдан;
Севги чаманида яйрашларимдан
Жаннатлар яратгай ташланган жанда!
Тилинган тилларга қон югургуси,
Бўшалган инларга жонлар киргуси,
Тиканли боғчалар чечак кўргуси,
Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилгуси
Жандалар жонимга теккан кунларда!..

Бу шеър муайян воқеалардан сўнг Чўлпонда пайдо бўлган оғир ҳис-туйғулар, айтиш мумкинки, изтироблар таъсирида туғилган.

Шу жиҳатдан мазкур шеърни шоирнинг юрак қони билан ёзилган, дейиш мумкин. Унда Чўлпоннинг ўй-фикрлари, кечинмалари, қарашларида юз берган ўзгаришлар акс этган ва буни у дўстларига, муҳибларига, мухлисларига, ҳатто мухолифларига ҳам билдириб қўймоқчи бўлади. Бу шеър шунчаки оддий шеър эмас, балки адабиёцҳунослар ибораси билан айтганда, унинг ғоявий-естетик кредосини англатувчи асардир. Таассуфки, матнда бир сўзнинг нотўғри ёзилиши билан бу шеърдаги асосий ғоя тамомила тескарисига айланиб кетган, шоирнинг англатмоқни истаган фикри йўққа чиқарилган. Шеърнинг ёзилиши сабаблари билан бироз бўлса-да, таниш тадқиқотчи буни, албатта, сезади.

Дафъатан шеърни ўқиган кишини ўйлатиб қўядиган жиҳат шуки, Чўлпон 20-йилларнинг охирида шўро мафкурачилари томонидан бошига тушган маънавий-руҳий эзишлар таъсирида 1934 йили «Соз» тўпламини тайёрлар экан, ижодидаги ғоявий ўзгаришлардан мухолифларини хабардор қилиш учун «Яна олдим созимни» деган шеър битади. Бу тушунарли ҳол эди. Нега у 20-йилларнинг ўрталарида, аниқроғи, 1924 йилнинг 14 августида бундай шеър ёзди экан? Ахир, бу пайтда Чўлпон «суюкли шоир», «адабиётимизнинг кўримли чечаги» каби сифатлашлар билан улуғланаётган эди-ку! Йўқ, айнан шу пайтлари унинг қалбида ўзлигини остин-устун қилган руҳий кечинмалар мавж урганди, худди шу пайтлари унинг шеърларида сезила бошлаган маҳзунлик оҳангидан дўстлари ташвишга тушган бўлса, мухолифлари бунинг учун шоирга дашном беришга урингандилар. Бу ҳолнинг қандай содир бўлганини, «Созим» шеърининг қандай вазиятда яратилганини англаш учун ўша воқеалар силсиласига бир қур назар солишга уриниб кўрайлик.

... 1917 йил феврал тўнтаришидан сўнг халқимизнинг миллий истиқлолга эришувига Чўлпондаги қаттиқ ишонч болшевиклар ҳокимият тепасига зўрлик билан келган дастлабки пайтлари ҳам сўниб улгурмаганди. У ҳар бир тарихий воқеадан, ҳар қандай ҳаракатдан орзуси амалга ошиши учун ёрдам берармикан, деган илинжда бўлди, қандайдир мўъжиза юз беришини кутиб яшади. Афсуски, мўъжиза рўй бермади. XX асрнинг 20-йилларига келиб сиёсий жиҳатдан мустаҳкамланиб, куч ола бошлаган болшевиклар миллий зулм остида эзилиб келган миллатларнинг эркинлик, мустақиллик йўлидаги ҳаракатларинигина эмас, ҳатто бу тўғридаги орзуларини ҳам маҳв этишга киришди. Туркистон, Бошқирдистон, Украина, Кавказ мухториятларининг куч ва тазйиқ билан тугатилганини, миллий истиқлол йўлидаги ҳар қандай ҳаракат қонга ботирилаётганини кўрган Чўлпонни ниҳоясиз изтироблар қийноққа солади, умидсизликка берилган онлари кўп бўлади. Бу тушкин кайфият унинг ижодига ҳам ўтиши табиий эди. Натижада, «Чўлпон» қаторида яна бир тахаллуси — «Қаландар» пайдо бўлади. Бизнингча, бу тахаллус замирида икки нарсага ишора бор эди. Бири, қаландарларнинг дунёни кезиб ҳақ сари йўл излашлари бўлса, иккинчиси — ундаги суврат ва сийратнинг бир-бирига мутлақо зид келиш ҳолати. Дарвоқе, ҳақиқий қаландарнинг суврати (жандаси, хирқаси, кафанийси) ичида, яъни сийратида ҳад-ҳисобсиз маънавий жавоҳирлар (илму ирфон ва ҳоказо маърифий хислатлар) яширин бўлади. Чўлпоннинг «Қаландардек юруб дунёни кездим, топмайин ёрни, Яна кулбамга қайғулар, аламлар бирла қайтдим-ку» мисраларида мазкур атаманинг биринчи маъносига ишора бор. «Қаландар» сўзининг иккинчи маъносига унинг шўро тузуми даврида фикрини очиқ айтолмай, уни бошқа суврат ичида, рамзлар воситасида ифодалаган шеърлари мисолдир. Бу шоир «мен»ининг ноилож иккига бўлиниши эди. «Созим» шеъридаги «жанда» сўзи ишлатилган мисраларда шу маъно билан боғлиқ ишоралар мавжуд. «Тилинган тиллар» ибораси ҳам шу маънони ойдинлаштиришга хизмат қилган. «Тили тилинган» сайроқи булбулнинг икки хил овозда наво қилиши тайин. Тепасида комфирқа қиличи хавф солиб турган бечора «булбул»нинг сайрашида ҳам икки оҳанг юзага келиши нақадар фоже ҳол! Бу ҳам яна ўша иккилик: суврат ва сийрат зидлигидир.

Яна бир нарсани эслаш жоиз. 1920 йили Бухоро халқ жумҳурияти (БХЖ) ташкил топгач, Ватанининг эркин, мустақил бўлишини истаган кўпгина курашчилар қатори Чўлпон ҳам Бухорога борди. У ерда «Бухоро ахбори» ва «Жарчи» газеталарига муҳаррирлик қилди. Ижтимоий фаолияти ва бадиий ижоди билан БХЖнинг қоғозда эмас, амалда мустақил бўлиши учун бор куч ва билимини аямади. Лекин болшевикларнинг темир панжалари у ерда ҳам барча нарсага чанг солиб улгурганди. 1922 йилнинг январида Чўлпонни касаллиги баҳонаси билан газеталар муҳаррирлигидан бўшатишади. Тегишли жойларга «Чўлпон мазкур газеталарни миллатчилик йўлига буриб юборди» деган маълумотнома жўнатилади. Унинг номи «қора рўйхат»ларга киритилади.

Болшевиклар наздида «миллатчи» аталмиш тавқи лаънатга гирифтор қилинган шоирни қутқазиш учун дўстлари ёрдамга келадилар. Шўро идораларида масъул лавозимларни эгаллаб юрган дўсти Абдулҳай Тожи 1923 йили Чўлпонга «Шўро ҳокимияти олдида ўзингни бироз оқлаб ол», дейди. Унга Фарғона водийсида босмачиликка қарши кураш мақсадида ташкил этилаётган «Дархон» газетаси таҳририятида бирга ишлайлик, деган таклиф билан мурожаат қилади. Ҳойнаҳой, Чўлпон бу таклифга ноилож рози бўлгандир. Негаки, бундай таклифга рози бўлиш Чўлпон учун ўз орзуларидан бутунлай воз кечиш, мосуво бўлиш билан баробар эди. Зотан, ҳар қандай ҳаракатдан, ҳатто болшевиклар «босмачилик» деб бадном этган қуролли курашдан ҳам миллий истиқлол йўлида ниманидир кутган Чўлпон учун бу таклифни қабул қилиш, шу йўлда фаолият кўрсатиш нақадар изтиробли бўлганини англаш қийин эмас. У юракни ўртайдиган ана шу изтироблар таъсирида «Сомон парча» шеърини ёзиб, алам билан «Муҳит кучлик экан, эгдим бўйнимни» деганди. Буни у дўстлари олдида юзи шувут бўлган кишидек эътироф этади.

Бирин-кетин орзуларига дарз кетаётганини кўрган шоирнинг шеърларида беихтиёр алам, изтироб, «кўз ёшлари»нинг инъикоси кўрина бошлади. Бу ҳол айрим ҳамкасбларини ажаблантирди. Бошқалари эса, шу муносабат билан шоирга қандайдир мақсадда таъна тошлари отишга киришдилар. Бу муносабатлар ўша йиллар матбуотида чиққан шеърларда ўз изини қолдирган. Улардан баъзиларини келтирайлик.

Рафиқ Мўминий деган шоир «Фарғона» газетасининг 1923 йил 17 март сонида «Нозли тикилиш» шеърини «Фарғонали шоиримиз «Чўлпон»ға» деган бағишлов билан эълон қилади. Унда «Бузилган ўлкага» шеъри учун Чўлпонга дашном беришга уриниш бор. Олтойнинг «Туркистон» газетасида (1924 йил, 5 август) «Махтаниш учун» сарлавҳали шеъри босилган. Унда «Хаёлда учқонларға киноя» деган қайд бор. Шеърда Чўлпонга берилмоқчи бўлган танбеҳ яққол кўриниб турибди:

Сопқонини отолмағон эрларга,
Кўкрагида «кир» сақлағон дилларга,
Сўзларини айтолмағон тилларга
Ҳовлиқишлар, кўпиришлар келишмас!
Турмушни, борлиқни хаёл деб,
Шу турмушдан узоқларга қочолмас!
Хаёлдаги завқи билан юксак деб,
Керилишлар, қуруқ сўзлар ярамас!

Ўн саккиз мисрали шеър охирида Олтой шундай дейди:

Шу турмушнинг қучоғидан кеталмас!
Шу муҳитнинг таъсиридан қутулмас!

Рафиқ Мўминий «Фарғона» газетасининг 1923 йил 24 май сонида «Борлиқда бир ғаш» сарлавҳали шеърини эълон қилади. Бу шеър ҳам Чўлпонга қаратилганди. У шундай сатрлар билан бошланади:

Кўк юзида юлдуз ўйнар парпирашиб,
Гўклам билан қайғуланиб «Чўлпон» йиғлар.

Хуллас, 16 мисрали бу шеърнинг радифи «йиғлар» бўлиб, унинг ҳар бир байти Чўлпонни чимдиб олишга йўналтирилганди. Бундай таънали, игнали шеърлар ўша пайтда анчагина ёзилди. Мана шу таъналар, дашномлар оқимига даф бериш учун Чўлпон «Созим»ни ёзишга мажбур бўлади. Шеърида нима учун уни қайғулар чўлғаганини англатгач, истиқболдан умидворлигини ҳам ифодалаб ўтади. Елкасидан ташланган жанда (қаландар кийими) жаннатлар яратишини, бундай жандаларга, кийимларга яна қанча жонлар (маслакдошлар) киришини билдиради. Афсуски, кийим сўзини англатувчи «ен» («енг») сўзи асарнинг қайта нашрида «ин» тарзида бўлиб кетганки, бу шеърда шоир ифодаламоқчи бўлган фикрни тамомила тескарисига айлантириб юборган. «Бўшалган инларга жонлар киргуси», «ен», «енг»нинг кийим маъносини англатишини деярли ҳамма билади. Xалқимизда «Ўзига енг бўлолмаган ўзгага энг бўлармиди» деган гап бор. (Агар синчиклаб кўрилганда, араб ёзувида «и» ҳарфи «алиф» ва «ё»лар билан берилишини, «ен» сўзидаги «е» эса, устига «ҳамза» қўйилган «ё» ҳарфи билан ифодаланишини фаҳмлаш унчалик қийин эмас.)

Ана энди ўйлаб кўрайлик, Чўлпон ҳаётининг, ижодининг муҳим жиҳатини англатувчи мазкур шеърни таҳлил қилмоқчи бўлган тадқиқотчи қандай хулоса чиқариши мумкин?

Ўрни келганда шуни айтиш лозимки, Чўлпоннинг «Созим» шеъри муайян даражада ўз вазифасини бажарган. Нима учун у маҳзун мисралар битаётганини дўстларига қисман бўлса-да, тушунтиролган. Шоирнинг 1926 йили нашр этилган «Тонг сирлари» шеърий тўпламига мухтасар сўзбоши ёзган Абдулла Қодирий Чўлпон шеърларидаги «кўз ёши» муаммосини қисман англатган эди. «Баъзи-бир ўртоқлар, — деб ёзади А.Қодирий, — Чўлпонни йиғлоқ шоир деб айбситадилар. Балки ҳақлари ҳам бордир. Чунки унинг

Чечаклар ўсгуси кўз ёшларимдан,
Бўғинлар унгуси ўйлашларимдан... —

деб ҳасратланиши бизнинг кўз ўнгимизда «йиғлоқ» бир шоирни гавдалантирадир.

Бироқ шоир шу тўккан кўз ёшларидан чечаклар ўстирмоқчи бўлмаса эрди, биз ҳам унинг мўътаризлари қаторига кирган бўлур эрдик.

Анқов таъначилар шоирни ранжитишда мудовамот қиладилар, ҳатто «Сен кўк шоири!» дегучилар ҳам бўлиб, чорасиз шоир уларга ўз ҳолидан очиқ жавоб беришга мажбур қоладир:

Сиз дейсизким, мен кўкларни ўйлаймен,
Ер бетига сира назар солмаймен.
Янглишасиз: мен кўкларга беркинган
Ер қизидан хаёлимни олмаймен!

Ўктабр ўзгариши қора тунимизнинг тонгини оттирди эса-да, бу мудҳиш кечанинг бадном кўлагалари ҳамон шоирнинг юрагини титратадирлар ва у чор-ночор йиғлайдир... Шу йиғи орқасида барқ уриб кўринган эрк қуёши бу кўз ёшлардан «чечаклар унгуси»ни сўзлайдир.

Менимча, «Тонг сирлари»да кўринган кўз ёшларининг сири шудир».

Чўлпоннинг муайян шеърлари, мақолаларида ўктабр тўнтариши, шўро ҳокимияти, қизил байроқ, биринчи май, 7 ноябр каби шўро тузумининг белги ва рамзлари ҳақида фикрлар билдирилган. Маълумки, Чўлпоннинг бу белги ва рамзларга муносабати ижоди, ижтимоий-ижодий позицияси жиҳатидан принципиал аҳамиятга эга. Шунинг учун бундай асарларини қайта нашрга тайёрлашда алоҳида эътибор бериш талаб қилинади. Улардаги шоир муносабатини англатувчи ҳатто бир сўз ўзгарса, Чўлпон маслагига, принципларига дахл этилган бўлади. Олайлик, адибнинг «Ўктабр қизи» деган ҳикоясини. (Чўлпон ўзи бу асарини «достон» деб атаган.) У «Туркистон» газетасининг 1922 йил 23-сонида эълон қилинган. Асл нусхада «Ваннайча ўктабр тўфони даврида қулликдан қутулғонлиғи учун ўктабр қизи эди» деган гап келтирилган. Қайта нашр қилинганда бу гап «Ваннайча» — ўктабр туфайли қулликдан қутулғонлиғи учун ўктабр қизи эди», деб берилган. Агар диққат қилинса, асл матн билан қайта нашр матнидаги гапларда ўктабр тўнтаришига бўлган муносабат бир хил эмаслиги сезилади. «Туфайли» сўзида «шарофати билан» дегандек — зикр этилаётган нарсага, воқеага нисбатан хайрихоҳлик маъноси акс этган. Ҳолбуки, ҳикоянинг асл матнида бундай хайрихоҳлик сезилмайди, бирмунча бетарафлик оҳанги мавжуд.

Шоирнинг Низомиддин Xўжаевга бағишланган «Қизил байроқ» шеърини баҳолаганда ҳам, тарихийлик принципидан келиб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Негаки, қизил байроқ 1917 йил феврал инқилобидан сўнг ҳурриятчиларнинг байроғи бўлган. Тўнтаришдан сўнг ўтказилган намойишларда ҳурриятчилар қизил байроқ кўтариб олганлари ҳақида ўша давр газеталарида ёзилган. Шўро давлатининг биринчи «президенти» Я.Свердловнинг (вафоти 1919 йил) ташаббуси билан қизил байроқ расмий тарзда янги давлатнинг рамзига айлантирилган. Чўлпон кимларнинг қизил байроғи тўғрисида ёзганини теранроқ таҳлил асосида англаш керак.

Зикр этилганлардан Чўлпоннинг маслаги, нуқтаи назари акс этган асарларини нашрга тайёрлаганда эътиборли бўлиб, лирик асарларини бепарволик билан тайёрласа ҳам бўлаверар экан, қабилидаги фикр пайдо бўлмаслиги керак. Чўлпоннинг муҳаббат мавзуида шундай шеърлари борки, уларда сўз тугул, битта ҳарф ўзгарса, бутун мазмунга, фикрга катта таъсир қилиши мумкин. Фикримиз исботи учун бир мисол келтириш ўринли бўлади. Шоирнинг «Рақамлик севги» деган шеъри бор. Унда ҳам бошқа лирик шеърларидаги каби ўзига хос тасвир, образлилик мавжуд. Таассуфки, мазкур шеър қайта нашр этилганда, бир ҳарф ўзгаришга учрагани туфайли унда ифодаланган фикр бутунлай бошқа тус олган. Ушбу шеър қуйидагича бошланади:

Бир ва икки, уч ва тўрт, беш, олти, етти, саккиз, ўн —
Сийналарни йўлларингда ястаб ўцанг сен бутун.

Қайта нашрга тайёрланганда, иккинчи мисрадаги «сийналарни» сўзи «саналарни» бўлиб кетган. Оқибатда, шеърнинг мазмуни бутунлай ўзгарган. Шоир йўлларингда сон-саноқсиз сийналар — ошиқлар турса, сен уларни бепарво ястаб (езиб) ўтиб кетаверсанг, шунга қарамай, яна янги-янги сийналар ястаб ўтишинг учун йўлларингга келиб қатор тизилишиб турса, уларни ҳам эзиб ўтаверсанг, шундан сўнг кўнглингда уларга нисбатан бир қизғаниш — раҳм қилиш туйғуси уйғонармикан, деб маҳбубанинг беҳад ошиқлари кўплигини, шундан бўлса керак, ошиқларига «бераҳм»лигини, «шафқациз»лигини тасвирлайди. Шундай мазмунга эга шеърдаги биттагина «сийна» сўзи «сана» бўлиб кетгани учун шеърнинг мазмуни тамоман бошқа тусга кирган. Ундан шундай маъно чиқади: бир, икки, уч... йиллар тинимсиз бирин-кетин ўтаверади, сен уларни бепарво янчиб ўтиб кетаверасан, уларга раҳминг келмайдими?! Бизнингча, шеърни нашрга тайёрлашда, унинг мазмуни қандайлигига эътибор берилганда, бу каби фикрий мантиқсизликни тушуниб олиш қийин бўлмас эди. Кўрамизки, бир ҳарф ўзгариши билан «қалб», «кўкрак» рамзий «ошиқ» маъносини англатувчи «сийна» сўзи «сана»га айланиб, мазмуний мушкулликларни келтириб чиқарган. Бу оддий бепарволик оқибатидир.

Адиб публицистикасида «Адабиёт надир» мақоласи алоҳида ўрин тутади. Унда муқаддас даргоҳ — адабиёт қасрига эндигина қадам қўяётган ёш ижодкорнинг эстетик савияси, бадиий асар ҳақидаги тушунчаси ифода топган. Чўлпон ижодини тадқиқ этувчи ҳар бир илм муҳиби унинг бу асарига мурожаат қилмай, уни такрор ва такрор ўқиб кўрмай иложи йўқ. Шу боис, бундай асар матний қусурлардан мутлақо холи бўлмоғи даркор. Афсуски, эътиборсизлик оқибатими, ушбу мақоланинг қайта нашрида шундай бир гап учрайди: «Шунга ўхшаш ўзининг шавкат ва ғайрати ила замонасида бутун дунёни ҳавор ва даҳшатга солғон жаҳонгирларнинг ўтказган кунларин ва даврларин тарихларда кўрса ва эшица, ҳар киши юрагида бир ботирлиқ ва бир фидокорлик ҳис этар ва қаҳрамонона умидларда бўлинар». Ушбу гапни ўқиганда, «ҳавор» сўзининг матнга мос келмай турганини кўриб, унинг мен билмаган маънолари ҳам бордир, деб луғат китобларини қараб кўрдим. Маънолари ўша-ўша! Шунда асл матнга қараб кўрай, деган фикр миямга урилди. Аслиятда эса, бу сўз «хавф» экан. Оддий бир бепарволик кишини қанчалик чалғитади!

Биз бу мақолада Чўлпоннинг айрим асарларигагина тўхталдик. Унинг насрий ва драматик асарлари ҳақида деярли сўз бўлмади. Келтирилган мисолларнинг ўзиёқ Чўлпон асарларининг матний хатолардан холи бўлмоғи қанчалик муҳим эканлигини кўрсатиб турибди. Демак, чўлпоншунослик олдида муҳим бир масала турибди, у ҳам бўлса — адибнинг тўла асарлари жилдларини мукаммал ҳолда нашр қилишдир. Эҳтимол, бу академик нашр бўлар, эҳтимол бошқа... ҳар ҳолда, атоқли адиб асарларини ўқиганда, чалкашликлар келиб чиқмасин, уларни тадқиқ қилганда, нотўғри хулосаларга келмайлик.