OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБраен Лоуренс
Асар номиТонгги қўнғироқ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Браен Лоуренс
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонДилшодбек Асқаров
Ҳажм30KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/16
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тонгги қўнғироқ (ҳикоя)
Браен Лоуренс

-Дунёда ҳаётингга собиқ севгилингнинг қайтишидан ёмонроқ нарса йўқ, айниқса у ақлдан озган бўлса,-дедим тарам-тарам из бўлиб ёрилиб кетган тсемент шифтга кўзимни қадаганча. Мен Миссури штатининг энг «намунали» Потоси турмасидаги камералардан бирида ётардим. Кейин ёнбошимга ўгирилдим ва камерадошимга қарадим.-Анчадан бери шу ердамисан, Оскар?

-Етти йилу тўрт ой ўн тўрт кундан бери.

Мен тўққиз ою ўн саккиз кун етти соату ўттиз етти дақиқадан бери ҳаётим ўтаётган, майдони етти квадрат метр бўлган хонага кўз югуртирдим. Икки чеккада ётиш учун мўлжалланган иккита темир каравот, юз-қўлни ювиш учун кран ва ойна. Камерадошим Оскар.

-Айланиб келишимизга ҳали ярим соат бор экан,-деди у.-Бу ерга нега тушганингни айтиб берасанми?-У астойдил ёнбошлаб олди.

Мен ҳикоямни бошладим.

Ҳаммаси бир йилча бурун бошланди. Телефон жиринглаган пайтда мен нонушта қилаётгандим. Хотиним Жина гўшакни олди ва аёл кишининг мени сўраган овозини эшитдим. Жина бир оз иккилангач, гўшакни менга узатди ва хотинимнинг қўрқинчли нигоҳидан сесканиб кетдим. Жина ўта рашкчи эди. Ростини айтсам, мен ҳақиқатан бошқа аёлларга кўз ташлаб турардим ва кўз ташлаш билангина чекланардим. Аммо Жина буни тушунмас, шунинг учун мени тинмай хиёнаткорликда айбларди. Мен аёлларга фақат қараб қўйишимни, унга хиёнат қилмаслигимни айтганимда эса баттар ғазабга минарди. Биз турмуш қурганимизга ўн уч йил бўлганди. Мени нотўғри тушунманг, хотинимни жудаям севардим. Фақат рашкчилиги унинг энг катта камчилиги эди.

-Алло,-дедим гўшакни олиб.

-Бобби? Мени танидингми?

Миямнинг қат-қатида хира хотиралар уйғонди. Афтидан, илгари мен гаплашиб юрган қизлардан биронтаси бўлса керак. Юзим шу заҳоти қизариб кетди. Мени диққат билан кузатиб турган хотиним хонадан ўқдек учиб чиқиб кетди. Ҳайрон қолганим, у ётоқхонага кириб параллел телефон гўшагини кўтармади.

-Йўқ, кечирасиз, танимадим,-жавоб қайтардим мен.

-Мен Дианаман. Диана Маккормик. Эсладингми?

Ҳа, уни унутиб бўларканми? Диана Маккормик. У билан хотиним билан танишишимдан бир йилча олдин учрашиб юрардим. Бу жўшқин, эҳтиросларга бой ва охири аянчли қисқа севги бўлганди. Диананинг дуч келган эркак билан учрашаверадиган бемаъни одати бор эди. Албатта, бу ҳақда менга ҳеч ким айтмаган, ўзим ҳам сезмагандим. Биз олти ойча учрашиб юрганимиздан кейин Диана бир куни учрашувга келмади. Мен унинг кеча қаерда бўлганини, учрашувга нима учун келмаганини сўрадим. «Қаерда бўлардим?-деди Диана.-Бошқаси билан эдим. Ёки бу сенга ёқмайдими?». Аёнки, бу менга ёқмасди ва биз жанжаллашиб кетдик. Қўшнилар политсияни чақиришди. Мени олиб кетишди, Диана эса агар мени яна бир марта кўриб қоладиган бўлса ўлдиришини айтиб чинқирди. Хуллас, биз ажралишдик, кейинроқ унинг ғарбий соҳил томонларга кўчиб кетганини эшитдим.

-Ҳа, Диана, эсладим,-дедим мен.-Охирги марта нима деганинг ҳам эсимда.

-Ўтган нарса ўтиб кетди, Бобби. Мен сени аллақачон кечирганман. Олдинроқ қўнғироқ қилмоқчи эдим, юрагим дов бермади.

-Мени кечиргансан?-Ҳа, унинг юраги жойидага ўхшайди. Мен кечиримли одамман, шунинг учун гапни ортиқча чувалаштирмадим.-Хўш, нега қўнғироқ қиляпсан?

-Синглимни кўргани келувдим. Балки кўришармиз деб ўйладим.

Ҳа, синглиси! Мен улар оиласининг дурдонаси деб ҳисоблаган синглиси. Дон Дианадан уч ёш кичик эди. Мен Диана билан учрашиб юрганимда Дон мени ўйлаб ақлдан озай деб юрарди. Опаси менга тўғри келмагач, мен икки марта синглиси билан учрашдим. Аммо учрашувларимиз узоққа чўзилмади: Дон ҳали гўдак эди (бошқача қилиб айтганда, у менинг таклифимга кўнмади), шунинг учун у билан учрашишни бас қилдим. Дон ҳам опаси сингари телбавор феъл-атворли қиз эди. Унга муносабатларимиз тугаганини айтганимда у жазавага тушганча қўлига илинган нарсани менга қаратиб ота бошлади. У мени телбаларча севишини, менинг эса аблаҳ инсон эканлигимни айтиб чинқирарди. Кейинчалик унинг Ню-Ёркка кўчиб кетганини эшитдим. Аммо опа-сингиллар яна ўз маконларига қайтишганга ўхшайди.

-Э... йўқ, мен унақа деб ўйламайман,-жавоб қилдим.-Менинг хотиним ва иккита болам бор.

Унинг жавобини ҳам кутмай гўшакни қўйиб қўйдим. Жина ортимда турарди.

-Ким эди у?-сўради кўзларидан ғазаб учқуни сачраб.

-Диана Маккормик,-дедим мен. Миямда турли хил ёлғонлар айланиб юрса-да, тўғрисини айтиб қўя қолдим.-Иккимиз танишгунимизга қадар мен учрашиб юрган аёл. Мен билан кўришмоқчи экан.

Жина юзимга тарсаки туширди.

-Унинг таклифини рад этиб гўшакни қўйиб қўйдим...

-Аблаҳ. Унда рақамимизни қаердан олган?

-Балки телефон китобидан топгандир.

Жина шарт бурилиб хонадан чиқиб кетди. Мен ҳаммаси шу билан якунланишига умид қилардим. Бир оз вақт ўтгач, Жина ўзини босиб олади. Аммо адашган эканман. Эртасига эрталаб худди ўша вақтда яна телефон жиринглади. Жина ўтирган ўрнидан сапчиб турди ва менга кўз қирини ташлаганча «Жойингдан қимирлама» деди.

-Алло? О, йўқ, афсуски, у телефон олдига келолмайди. Айтдим-ку, келолмайди. Менга қара, қанжиқ, унинг сен билан гаплашадиган гапи йўқ.-Жина гўшакни шарақлатиб жойига қўйди.

Мен ҳиринглаганча унга телефонни узиб қўйишни маслаҳат бердим. Нотўғри маслаҳат берган эканман. Жина гўшакни менга қарата отди. Бахтимга сим калталик қилди ва гўшак мендан бир неча қадам нарига тушди.

-Собиқ қанжиғинг,-деди Жина.-Агар унга рад жавобини берган бўлсанг, яна нимага телефон қиляпти?

-Мендан ҳали ҳам воз кечолмаётгандир-да,-мен ўрнимдан сакраб туришга улгурдим ва овқат солинган ликоп бошим устидан учиб ўтиб деворда каттагина доғ қолдирди. Афтидан, пешонамга фақат шунақа телба аёллар ёзилган, шекилли. Менимча, улар менинг ювош ва оғир-босиқлигимдан фойдаланишади.

-Менга қара, Жина, бу аёл жинни,-дедим мен ва у билан бўлган воқеани айтиб бердим. Аммо уни ишонтира олмадим. Аксига олгандек, сурункасига тўрт кун телефон гоҳ эрталаб, гоҳ кечқурун жиринглашдан тинмасди. Гўшакни доим Жина кўтарар ва шу заҳоти алоқани узарди. Иш шу даражагача етиб бордики, хотиним менсиз уйдан чиқмайдиган бўлиб қолди. Бир ҳафталардан кейин қўнғироқлар тинди.

Бир куни ишдан келганимда хотиним қўлимга бир парча қоғоз тутқазди. Унинг лаблари асабий пирпирарди. Қоғозда мен билан учрашиш илтимоси бўлиб, агар рад этсам, менга ёмон бўлиши ҳақида таҳдидли сўзлар битилганди. Хатни ким ёзганлигини тахмин қилиш қийин эмасди.

Жина асабий овозда деди:

-Хатни Никига берибди. Унинг айтишича, бир аёл унинг мактабига бориб, қўлига мана шу хатни тутқазган. Мен политсия чақирдим,-у йиғлаб юборди. «Йиғлаб юборди» десам тўғри бўлмас, ҳўнграб йиғлади. Жинанинг оёқлари букилиб, ўзини креслога ташлади. Уни ҳеч қачон бундай абгор ҳолда кўрмагандим. Ростини айтсам, мен ҳам қўрқиб кетдим. Диананинг бунчалик тажовузкор эканлигини билмаган эканман. Политсия одатдагидек, ҳеч нарса қила олмади. Мендан Диананинг кўринишини тасвирлаб беришимни сўрашди ва ўн беш йил ичида унутиб юбормаган ҳамма нарсамни айтдим: бўйи беш фут беш дюйм, тўладан келган, лекин унчалик семиз эмас, малла сочлари елкасига тушади, кўзлари жигарранг, бурни кичкина. Политсиячилар болаларни мактабга машинада олиб бориб-олиб келишимизни ва доимо кузатиб юришимизни маслаҳат беришди. Шунингдек, бирор нима юз бергудек бўлса, хабар қилишимизни айтишди. Деярли икки ҳафта Диана Маккормикдан ҳеч қандай хабар бўлмади, аммо биз унинг ён-веримизда эканлигини ҳис қилиб турардик. Бир куни Жина ишхонамга қўнғироқ қилди.

-Кўчамизда машина турибди!-деди у ваҳима билан.-Катта «бюик». Машинада бир аёл ўтирибди. Бобби, уйга кел.

-Ўзингни бос, Жина.

-Нима деяпсан! Тезда уйга етиб кел! Мен политсияга қўнғироқ қиламан.

У гўшакни қўйиб қўйди ва мен бошлиққа зарур иш чиқиб қолганини айтиб уйга йўл олдим. Кўчамиз бошига бурилганимда машинам ёнидан ўтиб кетган кўк «бюик» менга танишдек туюлди. Тўсатдан мен бу машинани кейинги икки ҳафта давомида уйимиз ёнида бир неча марта кўрганимни эсладим. Рулда аёл киши ўтирарди. Кўзимга қуёш нури тушгани учун унинг юзини кўролмадим, аммо сочлари малла эканлигини пайқадим. Баданимда чумоли ўрмалагандек бўлди. Мен Худодан Жинага ҳеч нарса бўлмаганлигини, болалар эса кўчада ўйнамаётганлигини ёлвориб сўрадим. Бир оздан сўнг уйга етиб келдим.

-Кўрдингми уни?-қичқирди Жина менга пешвоз чиқиб.

-Ҳа. Машинани кўрдим. Рулда ким ўтирганини билмадим,-алдадим мен, ҳайдовчининг кимлигига ҳеч қандай шубҳам бўлмаса-да.

-Бобби, энди нима қиламиз?-хотиним мени қучоқлаганча йиғлаб юборди. Илгари унинг бунақа одати йўқ эди. Биз бир-биримизни қучоқлаганча қўрқувдан дағ-дағ титрардик. Мен Диана нима учун келгунимча кетиб қолганини тушунмадим. У ишдан эрта қайтаётганимни билмасди-ку. Аммо назаримда, хотиним мендан ниманидир яшираётгандек эди. Чамаси, у машина ёнига борган. Мен шкафда турадиган ов пичоқларидан бири жойида йўқлигини кўрдим.

Кўк машина қайтиб кўзга ташланмади ва ҳаётимиз деярли изига тушиб кетди. Фақат Жина машинада кетаётганда ортимиздан бирор машина юрса ёки болалардан бирортаси кўринмай қолса ташвишланарди. Биз бўлиб ўтган воқеани унутгандек эдик. Аммо бу узоққа чўзилмади. Тез орада яна уйимизга қўнғироқлар бўла бошлади. Биринчи мартасида гўшакни Жина олди. Унинг ранги оқариб кетди ва гўшакни индамайгина қўйиб қўйди. Бироқ телефон шу заҳоти яна жиринглади. Бу сафар гўшакни мен олдим.

-Илтимос, гўшакни қўйиб қўйманг, эрингизга муҳим бир нарсани айтишим керак...

-Менга қара, Диана, ифлос, бизни тинч қўй!-қичқирдим мен ва гўшакни қўйдим. Телефон яна жиринглади. Жина телефонга ташланди.

-Эримнинг гапини эшитмадингми, тентак? Бизни тинч қўй!-Жинанинг кутилмаган топқирлигидан кулиб юборишимга сал қолди.-Телефонимизни политсия эшитиб турибди. Сени топишади ва қамашади!-У гўшакни жойига қўйиб сўкинди ва симни узиб ташлади. Уйимизда яна иккита телефон аппарати борлигини эслатмоқчи бўлдим, аммо фикримдан қайтдим. Қайтиб қўнғироқ бўлмади. Диана ҳаммаси бефойдалигини тушунди, шекилли.

Ҳозир эса Диана сўнгги марта қўнғироқ қилганида у билан гаплашмаганим учун афсус қиламан. Ўшанда у билан гаплашмай машъум хатога йўл қўйган эканман. Бир ҳафтадан сўнг биз Жина билан Сент-Луисдан қайтаётган эдик. Жинага менинг машина минишим ёқмагани учун рулда ўзи эди. 270-шосседа жарлик бор. Жарлик тараф тўсилмаган. Биз мириқиб гаплашиб келаётганимизда кутилмаганда Жина орқани кўрсатувчи кўзгуга қаради ва хавотир билан пичирлади:

-Э Худойим.

Мен ортимга ўгирилдим ва бизни қувиб келаётган машинага кўзим тушди. Анчагина қоронғу бўлгани учун унинг русуми ва рангини фарқлай олмадим. Тез орада машина биз билан ёнма-ён бўлди. У кўк «бюик» эди.

-Бу ўша. Э Худойим, бу ўша!-чинқирди Жина.

-Ўзингни бос. Сени деб ҳалокатга учрашимиз мумкин. Бу ўша машинага ўхшайди, холос.

Жина менга қўрқув ва ғазабга тўла нигоҳ билан қаради. Бахтимизга бизни қўрқитган машина шувиллаб кўздан ғойиб бўлди. Жина ҳали ҳам қалтирар, аммо машинани бир текисда ҳайдаб борарди. Бир пайт мен чап томонимга қарадим ва юрагим тўхтаб қолгандай бўлди.

-Жин урсин!

-Нима бўлди, Бобби?

Мен қичқириб юбордим. Бу қичқириғим нафақат Жинани, ўзимни ҳам қўрқитиб юборди.

-Эҳтиёт бўл!-бўкирдим мен.-Тормозни бос!

Аммо кеч бўлганди. Бизни бир оз олдин қувиб ўтган машина чап томонимизда кетиб борарди. У кутилмаганда ўнгга бурилиб, машинамизга урилди. Жина менинг устимга учиб тушди, машинамиз эса йўлдан чиқиб, жарликка қулади.

Касалхонада ўзимга келдим. Шу заҳоти ўрнимдан турдим ва дарҳол жойимга ётдим, чунки бошим айланиб кетганди.

-Тинчланинг,-деди ҳамшира устимга эгилиб.-Ҳаммаси яхши бўлади.

-Хотиним қани?

Аммо мен ҳаммасини англаб етгандим. Ҳамшира ҳам менинг гумонимни тасдиқлади. Жина ҳалок бўлганди. Уч ҳафта худди туман ичида яшагандек бўлдим. Ташқарига деярли чиқмадим, чунки ҳар бир қора сочли аёл кўзимга Жина бўлиб кўринарди. Ота-онам, қайнонам навбат билан болаларимга қарашар, менга далда беришга уринишарди.

Жинанинг ўлимидан кейин бир ойча ўтгач, бир куни эрталаб телефон жиринглади. Мен қўнғироқ қилаётган ким эканлигини дарров тушундим, аммо барибир гўшакни кўтардим.

-Салом, Бобби, бу менман. Қалайсан?

Унинг қувноқ овози юрак-юрагимни зирқиратиб юборди.

-Жуда ёмон.

-Афсус. Аммо сени қандай хурсанд қилишни биламан. Кўришмаймизми? Мен «Друри» меҳмонхонасидаман. Икки юз эллик еттинчи хона. Кўришгунча.

«Агар бу хотин мени ёнига боради деб ўйлаётган бўлса, чиндан ҳам ақлдан озибди», ўйладим мен. Бироқ миямга бир фикр келиб қолди. «Агар Диананинг қотиллигини тан олдирсам-чи?». Мен ётоқхонага кириб жавон ғаладонини очдим ва эски-тускилар ичини титкилай бошладим. Энг пастда диктофон ётарди. Уни ёқиб кўрдим. Ишлади. Диктофонни орқа чўнтагимга солдим, ов пичоғимни ҳам олмоқчи бўлдим, лекин «Дианани гапиртира олсам, қолганини политсия ҳал қилади» деган қарорга келиб бу фикрдан қайтдим.

Хона эшиги тақиллатишим билан очилди. Диананинг лабларида табассум ўйнарди. Сочлари яна ҳам сарғайган, юзига сепкил тошганди.

-Бобби, ниҳоят! Хурсандман.-У мени ичкарига олиб кирди, қучоқлади ва лабларини лабларимга босди. Диананинг қўллари елкамдан пастга туша бошлади ва унинг қўлларидан ушлаб олдим. Унинг қучоғидан чиқиб сездирмасдан диктофоннинг ёзув тугмасини босдим.

-Нега бундай қилдинг, Диана? Нега хотинимни ўлдирдинг?

У индамайгина илжайди ва яна мени ўпишга уринди. Бу сафар ўйинни давом эттириш ниятида унга қаршилик қилмадим. Ё Худойим, қусиб юборишимга сал қолди. Кўнглим айниб кетай дейишига қарамасдан лабларимни олиб қочмадим.

-Бобби, сени жудаям соғиндим. Мени ташлаб кетганингдан бери фақат ва фақат сени ўйлайман. Сенга ўхшайдиганини топиш умидида кўплаб эркаклар билан учрашдим. Кейин эса менга бу ерда иш таклиф қилиб қолишди. Энди хотининг йўқ, бизга ҳеч нарса халақит бермайди.

Унга иш таклиф қилишган? Тушунмадим. Мен унга диққат билан тикилдим ва саволимни қайтардим:

-Аммо ўлдиришнинг нима кераги бор эди?

-Бобби, наҳотки тушунмайсан? У орамизга ғов бўлаётганди.

Унинг бу қадар ҳиссиз сўзлаши мени ажаблантирди.

-Аммо мени ҳам ўлдириб қўйишинг мумкин эди.

-Ҳа. Лекин сен тирик қолдинг. Демак, иккимиз бирга бўлишимизни тақдирнинг ўзи хоҳлаган.

У яна менга ёпишди, аммо бу сафар ғазабимни босиб туролмадим. Уни суриб ташладим ва бўкирдим:

-Қотил! Сен хотинимни ўлдирдинг, мен сени ўлдираман!

Қоним қайнаб кетди. Умримда ҳеч қачон бунчалик ғазабланмагандим. Жаҳлга минганимдан ўзимни идора қилолмасдим. Мен олдинга ташландим ва Диананинг юзи қўрқувдан бужмайиб кетди. Аммо у воқеаларнинг бундай ривожига ҳам тайёргарлик кўрган экан. У қўлига каттагина пичоқни олди ва қорнимга ҳамла қилди. Ўзимни орқага ташлашга улгурдим. Пичоқ теримни тилиб ўтди. Мен унинг қўлидан ушлаб чап томонга қайирдим. Билаги қирсиллаб синди. Пичоқ ерга тушди. Ўнг оёғим билан Диананинг қорнига ўхшатиб тепдим. У букчайиб қолди. Пичоқни олиш учун эгилишим билан у ўзига келиб узун тирноқлари билан юзимни тимдалаш учун ташланди. Қўлимдаги пичоқни унга тўғриладим. Пичоқ Диананинг томоғига санчилди. У хириллаганча томоғини чангаллади ва йиқилди. Унинг бармоқлари орасидан тизиллаб қон отилар, мен унинг жон беришини кузатиб турардим.

-Э Худо, Бобби, нима қилиб қўйдинг?-орқамда таниш овоз эшитилди. Мен кескин ўгирилдим ва Диана Маккормик билан юзма-юз бўлдим. Шу заҳоти ҳаммасини тушундим ва ерга ўтириб қолдим. Мен ҳозиргина Донни ўлдиргандим. Ўрнимдан туришга уриндим.

-Э Худойим,-деди у синглисининг жасадига қараркан. Унинг кўзлари ёшга тўлди.-Сени огоҳлантиришга ҳаракат қилдим, Бобби. Синглим ақлдан озиб қолганди. У фақат сен ҳақингда ўйлар, неча йилдан бери фақат сенинг исмингни айтарди. Кейин эса қаерда яшашингни билиб олибди. Уни тўхтатишга уриндим, сенга жуда кўп марта қўнғироқ қилдим, аммо хотининг иккингиз мен билан гаплашишни истамадинглар.-Диана Доннинг жасади устига энгашди, унинг бошини тиззаси устига олди.-Кеча у менга қўнғироқ қилиб ниҳоят сенга етишганини айтди. Хотинингни Дон ўлдирганди. О, Бобби...

* * *

-Ҳа,-деди Оскар.

-Менга ўн беш йил беришди.

-Мен бир нарсага тушунмаяпман.

-Нимага?

-Сен бу ерда нима учун ўтирганингга. Наҳотки Диана тўғрисини айтмади? Бунинг устига диктофонингда ёзув бор эди.

-Диана ёлғон кўрсатма берди. У синглисини мен таъқиб қилганимни айтди. Хотинимни ҳам ўзим ўлдирганимни, кейин эса Донга ҳужум қилганимни айтди. Ёзувга келсак... Диктофоннинг батарейкаси ўтириб қолган экан. Фақат суҳбатимиз бошидаги ўпишганимиз ёзилган, холос.

-Ҳа, ҳаммаси расво бўлган экан,-деди Оскар.

-Нимасини айтасан.

Русчадан Дилшодбек Асқаров таржимаси.