OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифБуркхард Шпиннен
Асар номиКўнгилдаги аёл (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Олмон адабиёти
Бўлимлар
   - Постмодернизм
Муаллифлар
   - Буркхард Шпиннен
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонТилаволди Жўраев (Рус тилидан)
Ҳажм21KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кўнгилдаги аёл (ҳикоя)
Буркхард Шпиннен

Хастенрат мўлжалдаги аёлни учратаман дея ўйланиб юра-юра уни май ойида топди. Мана, ҳозир улар бирин-кетин навбатда, озиқ-овқат дўкони кассаси ёнида турибдилар. Ҳали эрта бўлишига қарамасдан, аёл худди шошаётгандек харид қилган нарсалари турган аравача дастасини тинимсиз чертарди.

Хастенратнинг кўзлари унда. Ёши мабодо каттароқ бўлмаса, ўттизлар чамасида, ўрта бўй, малласоч, эри йўқ. Ўғли саккиз ёшда. Ҳуқуқшунос ёрдамчиси бўлиб ишлаётгани боис кун бўйи ишда, ёлғиз ўғлини эса дугонасиникида қолдиради. Қадди-қоматига гап йўқ, келишган аёл, саранжом-саришталикни қадрлайди, уст-бошларни фарқига боради. Яна нима десамикин, Шарққа – Осиёга қизиқади, Таиландда, Бирмада бўлган, эндиги йил Японияга бормоқчи.

Хастенрат деярли ҳеч нарса харид қилгани йўқ, фақат майда-чуйдалар олди. Аравачаси деярли бўш, остки панжарасининг у ер-бу ери очиқ кўриниб турибди. Комуфляж, хаёлидан хурсанд ўтказди у. Шунчаки баҳона. Баҳонанинг нималигини у татиб кўрган. Яқинда худди шунақанги аснода сут сотиб олганди, нима қиларини билмай, ича-ича сутга муккасидан кетиб қолди. Бўлди, бошқа гапнинг ҳожати йўқ, вассалом, сут бўлса, сут бўлгандир. Эски гап. Ўшандан сўнг сут деганни оғзига олмайди.

Аёл яхшигина нарсалар олган: бузилмайдиган маҳсулот ва емишлар. Аслида ҳайрон бўладиган жойи йўқ, бироқ нима бўлганда ҳам яхши аломат. Ҳисоб-китоб қиларкан, аёл қўлидаги пулни ғазначига узатди-ю, сумкасидан тезгина майда пул чиқарди. Матодан тикилган кулранг сумкача. Аравачадаги нарсаларни жойлаштириб, текширган кўйи ташқари отланаркан Xастернат унинг шошаётганини аниқ ҳис қилди. Ахир осон эмас, у ёқда иш, бу ёқда бола. Ташқарига деярли югургандек чиқиб кетди.

Хастенратнинг пул тўлаш гали. Ҳисоб-китоб қиларкан, у билан яна икки кундан кейин учрашишни кўнглига тугди. Эрталаб, ишга отланганда, автобусда учрашди. Дарҳақиқат, аёл автобус ичида икки рўбарў ўриндиқнинг бирида ўтирибди. Xастенрат, аёлнинг кўзлари ташқарида эканлигидан фойдаланиб, қаршисига ўтирди ва уни кузата бошлади. Тўппа-тўғри, ёши ўттиз бешларда бор, малла сочлари елкасига тушиб турибди, сочининг айрим жойлари сариқ кокилдек товланади, кўзлари яшилроқ. Ўнг яноғида жажжигина тиртиқча, йўқ тиртиқ эмас, ингичга ялтироқ тиртиқча ўрни. Чақалоқлигида ота-онаси қўлчаларини эркин қўйган бўлса, тирнаган чоғи.

Тиртиқча бўлса тиртиқча-да, шунгаям ота гўри-қозихонами. Ҳаммамиз ҳам аллақачон бола эмасмиз энди. Қанча деворларга урилмади бу тилла бошлар.

Аёл кейинги бекатда тушиш учун қўзғалиб, автобус тугмачасини босди. Ҳар ҳолда бугунга шунинг ўзи кифоя, ўйлади Xастенрат. Ишни пачава қилмаслик керак. Қушчани чўчитмаслик лозим. Билъакс, пир этиб учади -кетади.

Оқшом Xастенрат уйи яқинидаги пивохонага йўл олди. Аёл албатта уйда. Бола уззу-кун уйда, жилла қурса тунда бирга бўлмоғи лозим. Бекинмачоқ ўйнашади, китоб ўқиб беради, ўғли ҳам ўқишни билади-ю, барибир-да. Ўрмондаги қизчанинг ёввойи махлуқотлар билан ғаройиб саргузаштлари ҳақида. Қизчанинг бир дўсти бор. Xуллас, воқеа охирига етмагунича, ўғли ухламайди, ухлаш у ёқда турсин, киприк қоқмайди. Xастенрат пивохонада роппа-роса икки соат ўтиради, уч кружка пиво ичади, чўчқа эти ва пишлоқ қўшилган багет тановул қилади. Уйга қайтиб телевизорда янгиликларни кўради ва ўрнига чўзилади. У ҳақда ўйлай бошлайди. Ҳуқуқшунос ёрдамчисининг лавозим пиллапоясидан кўтарилишига имкон йўқ. Умр бўйи шундоқ қолиши ҳам мумкин. Арз-дод қилиб бўлмайди. Турмуши ҳар ҳолда чакки эмас. Бошқаларни кўриб турибди. Носқовоққа нос борми деб юрганлар қанча.

Келгуси ҳафта сешанба кечқурун аёл дугонаси билан кинога тушмоқчи, ўғли синфдошиникида қолади. Xастенрат ҳам чипта буюриб қўйди, йўлга тушишдан олдин ювинди, ҳар эҳтимолга қарши соқолини яна қиртишлади. Кинода одам тўла, аксига олиб, кино ҳам узундан-узоқ, бир ярим соат деганда танаффус эълон қилинди. Xастенрат икки аёлни дарҳол таниди, улар оҳиста унга қараб келишаётган эди. Одам кўплигидан фое тиқилинч, барча шошилганча салқин ичимликлар томон интилаётганди. Xастенратнинг гап очиши осон кечди.

Чамаси, аёллар бир филмни муҳокама этишарди. Унга яқин-лашаркан, аёлнинг тортиниб уялинқираши анчагина ортди. Xастенрат буни дарҳол пайқади, пайқади эмас, танасида ҳис этгандек бўлди. Рост-да, ҳадемай ахир ҳамма нарса жиддий тус олади. Сочини янгича турмаклабди. Аҳмоққа ҳам аён-ку ахир, бу беҳудага эмас, шунчаки қилинмаган. Фурсатдан фойдаланган Xастенрат кинодан сўнг бирон жойда ўтириш истаги борми-йўқлигини сўраб олди. Аёл «майли» деганда, ҳатто унинг овозидаги шукуҳни ҳам сезди. Аксига олиб қурғур филмнинг охири ёмон тугади. Уччовлон бозор томон миқ этмай йўл олдилар. Қахвахонага кириб жойлашиб-нетиб улгурмасданоқ, соатига қараган аёл дугонасига узоқ қола олмаслигини билдирди. Xастенрат шошиб қолди. Нима бало юз берса ҳам, яъни безорилар бостириб кирадими ёки тўсатдан ёнғин чиқадими, ишқилиб нима юз берганда ҳам вазиятни ўнглаш лозим. Ичимлик буюришаётганда аёл чойга мойиллик билдирди. Xастенратнинг яна боши қотди, энди у Осиё, Япония ҳақида гапира бошлади, яна нима ҳам десин?

– Япония? – Xудди нима ҳақида гап кетаётганини англамагандай сўради аёл.
– Ҳа, Япония! – таъкидлади Xастенрат, қаҳвахонада шовқин-сурон ҳукмронлиги учун гўё бақиргандай. – Ҳа, ҳа, Япония, – такрорлади аёл. Ҳақиқатда Японияга бориш керак. Борганда ҳам икки ҳафтага.

Чакки эмас. Ҳар ҳолда Xастенрат гап узилмаслигига эришди. Асосий мавзудан бир оз четлашилганига қарамай, мақсад муҳайё. Аввалига аёлнинг дугонасини, сўнг ўзини бироз кулдирди. Аёл унга тикилди. Дугонаси халал бермаганида қўлидан туца ҳам бўларди. Афсуски, илож йўқ. Ким билсин, ўйларди Xастенрат, балки бу яхшиликкадир.

Аёллар кетишди. Xастенрат қаҳвахонада қолди. Уйи ёнидаги емакхонадагидек катта кружкада пиво буюрди. Ярим тунда уйига қайтади. Бугун май ойи киргани аниқ билиняпти, хаёлидан ўтказди у. Ёзда ҳам тун бунчалик ифорли бўлмайди. Бу ҳид чамаси майсазорлар, шаҳар кўкаламзорларидан анқияпти, фикрлади у. Ўрмонлардан ҳам, албатта. Кираверишда эшикни ёпди. Зинапояда чироқни ёқди, уйига киргач, деразани ёпишга азм қилди. Эҳтиёт бўлган маъқул. Баҳорда тонг аёзли бўлади, шивирлади у.

Яна аёлни ўйлаб кетди. Эртадан кейин унинг яна оғир куни. Ишнинг тиғизлиги боис кеч қайтади, ўғли дугонасиникида қолади. Уни эртаси ўзи олиб қайтади, мактабига ташлайди. Ноқулай, бироқ на илож. Дод деса ҳам, вой деса ҳам шу. Xастенратга эса навбатдаги ишора: жиддийроқ муносабатга ҳозирлик кўр. Шу ўй-хаёл билан кўзи илинади.

Икки кун кейин чошгоҳларда Xастенрат мактаб олдида турибди. Қўнғироқ чалинади, болалар ташқарига ошиқади; дугонаси эса кеч қолмоқда. Xастенрат болани дарҳол танийди. Онасининг қуйиб қўйгандек нусхаси. Йўлакда турибди, Xастенрат у томон юради. Энди бундай дейди: онанг сени олиб кетишимни сўраганди. Бугун биронта қизиқарлироқ нарса ўйлаймиз уччовимиз. Фақат бу сенга боғлиқ, нима десанг шу, қўшиб қўяди Xастенрат. Бола балки ҳайвонот боғини хоҳлар. Жуда соз, дейди Xастенрат. Аъло. Айтганинг бўла қолсин. Суюнганидан бола ҳатто онасини ҳам сўрамайди. У билан чиқаверишда кўришамиз, изоҳ беради Xастенрат ва бола сўраса-сўрамаса яна такрорлайди: хавотир олма, онанг бизни чиқаверишда кутади.

Илкис Xастенрат иккиланади. Балки икковлонга, яъни Xастенрат ва аёлга ёлғиз қолиш ҳам насиб этиб тургандир. Гаплашиш. Ҳатто қучоқлашиш. Вақти-соати ҳам битди. Бундоқ қараса, телефони жиринглаяпти. Бу ўша. – Кечаги иш битмаяпти, – дейди у, – яна қанча давом этади Xудо билади.– Надомат чекади у.
– Чакки бўлди-я, – ғудранди Xастенрат бироз ўтгач, – балки якшанба куни...?
– Ҳа-ҳа, албатта. Агар ҳеч нарса ўзгармаса...

Хастенрат уйига қайтади. Иш унмади. Боплаб йўлини топган эди. Бола-сиз ҳеч нарсанинг иложи йўқ. Нима қиларди, Xудонинг айтгани бўлади. Ҳамма бало ўзидан, ҳаммасини ўзи бузди. Бугун энди уйида ўтиради. Ертўлага тушиб, у ерни обдон саранжомлайди, шишаларни катта яшикка, эски-тускини қопга тиқади. Уяли телефонни олволиш керак.

Шу алфоз кейинги кунлар ич-етини еди, на ўзини, на бошқани кўзга илди. Ўйламай иш қилиб қўйишига ҳам бир баҳя қолди. Бир эмас, яна бир нечта. Ишдан тўғри уйига жўнайди, ким билади, бирон балога гирифтор бўлмасин тағин. Ва ниҳоят ўзини тутадиган кун ҳам келди. Чоршанба куни саҳармардонда аёлга нома битди: нима қилай, бундан буён сен билан бундай кетолмайман. Иккимизнинг ғалати, қалтис, тажрибани эслатадиган, ҳеч қандай мажбурият билан боғланмаган муносабатимизни айтмоқчиман. Ёки бирга таътил қилайлик. Ёхуд якшанба кунлари қаёққадир кетайлик. Учта аниқ таклифни ҳам келтирди: Денгиз, тоғ ёки Оврўпо пойтахтларидан бирига бориш. Кейин хатни почта яшигига ташлаб ишга жўнади. Уяли телефон кун кечгача ўчиқ юргани боис жавоб кечқурун олинади. Ҳаяжон деган нарса босилмайди.

Ҳаяжон ҳам беҳуда эмаскан. У Оврўпо пойтахтини танлади. Қай бир пойтахтлигини эса Xастенрат ҳал қилади. Қандай соз! – ичига сиғмасди у. Фаолиятини мислсиз кучайтирди. Ҳафтанинг қолган қисми кутиш билан ўтди. Шанба куни эрталаб Париж йўналишидаги поезд тўхтайдиган бекатда турибди. Оёғи ёнида сафарбоп жомадон.

Поезднинг келиш вақти яқинлашяпти: уч минут тўхтайди-ю, жўнайди. Xастенрат роса икки марта аёлни перрондаги оломон ичида кўргандай бўлди, афсуски у эмас экан. У ўзини алдаб, ростдан асабийлашмоқда.

Асосий нарса ҳозир босиқлик. Йўлнинг дастлабки дақиқалари саёҳатнинг қандай кечишини, омад ёр бўладими-йўқми кўрсатади. Ҳозирча сафар халтадаги нарсаларни жойлаштириш, у ёқ-бу ёқни назаркарда қилиш, вагон ресторанини аниқлаш: дарҳол қаҳва ичиш керакми-йўқми, шунақа. Ана шуларни чамалаб тур. Токи ҳовуринг босилсин.

Кейин поезд келади, у эса йўқ. Xастенрат саккизинчи вагонга чиқади – ноумидлик ҳукмрон, фикри сочиқ. Жомадони билан суриб, эшикни ёпади, ўриндиқ суянчиғини энгаштиради. Ўрни бўш – рўпарасида у ўтирибди. Наҳотки, чиндан ҳам ўша бўлса. Xастенрат ҳангу манг: на тили бор, на бирон нарса қила олади. Аёлнинг сочи яна янгича турмакланган, сочининг ранги қорароқ, бўялган чоғи, ёноғидаги тиртиқча кўринмайди. Унга табассум ҳадя этади. Табассум-ла жавоб қайтаришдан ўзга илож йўқ. Жомадонни жойига қўяди, поезд силжийди.

Икковлон жим. Кўзлар ойнага қадалган. Ҳадемай чегара ортда қолади. Эшик устидаги табло алдамаса, поезд аллақачон максимал тезликда. Нигоҳларидаги кўриниш чақмоқдек учиб ўтмоқда. Майда-чуйда шаҳарчалар бошланиб-нетиб улгурмай, зумда адо бўлади. Тавба, ҳаш-паш дегунча Франсия. Xастенрат шу ҳақда гапиргандай бўлади, аёл унга қарайди. Бош силкийди-ю, яна бурилади. Миқ этмаганини эса розилик аломати дейиш мумкин.

Парижга бир қадам қолганда ўрталарида гап уланди, бу гал кескинликдан асар йўқ – май ойи авжида, – бу ҳам умидбахшлик.

Аёл маъқуллади. Монматрдаги кичкина меҳмонхона, Булон ўрмонида, Люксембург боғида баҳор. Xастенрат машҳур қўшиқчи, мусаввир, мусиқачиларнинг номини айтди. Аёл кулди, Xастенрат орзу-хаёлга чўмди.

Тўсатдан: ана у! – у интиқ кутган нигоҳ, юз ифодаси, овоз, махсус ҳаракат. Шубҳа йўқки, шу дақиқада унинг фойдасига қарор қабул қилинди. Қолганига гап йўқ. Сўз устига сўз қуюлади.
– Париж, – дейди Xастенрат, энг тўғри қарор! – улар тўппа-тўғри вокзалга кириб келишмоқда.
– Париж, – деди Xастенрат, – ахир бу севишганлар шаҳри, – туриб жомадонни олди.

– Эҳ, – жавоб қилди аёл, – сен шундай ҳисобласанг... – Xастенрат унинг юкини ҳам кўтарди, поезддан тушдилар. Вокзал осмони мусаффо. Улар аркадалар бўйлаб кетишмоқда, аёл олдинда, Xастенрат орқада. Илк даъфадаги чорраҳада аёл унга ўгирилди, табассум ҳадя қилди. Xастенрат ўзида йўқ шод.