OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЧингиз Айтматов
Асар номиБиринчи муаллим (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Қирғиз адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Чингиз Айтматов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонЗайнаб
Ҳажм196KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/17
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Биринчи муаллим (қисса)
Чингиз Айтматов

Бу суратни ҳали тамом қилганим йўқ. Қандай чиқишини ҳозирча айтиш қийин. Ҳар куни илк саҳарда туриб, хомаки этюдларимни яна икки-уч марта кўздан кечирарканман, тонг сукунатида у ёқ-бу ёққа аста-аста юриб ўйга чўмаман. Йўқ, ҳали кўнглимдагини топганимча йўқ, яна тағин кўп иши бор. Бу сурат ҳали кўнгилдаги бир тилак, қалбимни ҳаяжонга солган орзу-умид, холос...

Ҳали тамомланмаган асар тўғрисида олдиндан жар солишни ўзим ҳам азалдан ёқтирмасдим. Бу бахилликдан эмас. Бешикдаги чақалоқнинг ким бўлиб вояга етишини қаёқдан билиб бўлади дейсиз? Лекин бу сафар ўзингиз кўриб турибсиз, шу одатимдан воз кечиб, хом-хатала асаримни ўртага ташлаб, ундан гап очмоқчиман... Индамай юришга ҳеч иложим йўқ. Ростини айтсам, бир ўзим ёлғизлик қилиб қолдим, безовта қилиб, эс-ҳушимни ўзимга банд этган бу воқеа юрагимга сиғмай, қучоғим ҳам етмай турибди.

Бўлган воқеани айнан тасвирлаб, халқни ундан баҳраманд қилсам, деган умидим бор. Истар эдимки, кўпчилик ҳам фикр-мулоҳазаларини ўртага ташласа... Бу асар халқ дамидан чиққан оловдек бўлса-ю, унга ўз қонингиздан қон, кучингиздан куч қўшиб берсангиз, шу важдан бу воқеани сизларга баён этишни ўз бурчим деб биламан...

* * *

Овулимиз Оқ-Жар тоғининг этагида, катта сой шарқираб оқиб турган кенг текисликда; ундан пастроқда – Қора тоққача ястанган адир бўйлаб чўзилган темир йўлнинг икки томони қозоқ даласи...

Овулимиз устидаги тепаликда икки катта терак бўларди; мен буни болалик чогимданоқ билардим. Бу қўштерак ҳали ҳам бор. Қачон қараманг, овулга қайси томондан кирманг, ҳаммадан бурун тепаликда бир-бири билан ёнма-ён турган ўша баланд тераклар кўзга чалинади.

Билмадим, нима учундир, болалигимданми ёки касбим рассомлик бўлганиданми, ҳайтовур, ҳар гал станциядан тушиб, тепаликдан ўтиб, овулимизга қараб йўл олганимда, қўштераклар жойида турганмикин, деб сабрсизлик билан беихтиёр шу томонга қарайман. Тераклар нақадар катта бўлса ҳам, узоқдан шунча даргумону, лекин уларнинг сурати кўз олдимга келиб тураверарди. Тезроқ овулга етиб, эртароқ тепаликка чиқсам, қўштеракка эгилиб салом берсам, уларнинг шовиллашини тўйиб-тўйиб эшитсам, деб юрагим орзиқарди.

Кўча-кўйда нима кўп – дарахт кўп, лекин бу тераклар ўзи бошқа бир олам, қандайдир хосиятли, тили бордай. Кун-тун япроқлари дириллаб, чайқалган учлари бир-бири билан ўпишиб, ўзини минг кўйга солиб шовиллайди. Гоҳ соҳилга келиб урилган эрка тўлқиндай эшитилар-эшитилмас гувиллашиб қўяди, гоҳ жим ўйланиб қолиб, соғина-соғина юраги қон бўлгандай, алланималарни эслаб хўрсиниб, юлқинган шамол булут ҳайдаб, ёмғир ҳайдаб, бутоқларини эгиб юборганда, тераклар бир-биридан мадад олиб: синдириб бўпсан, дегандай баттар ўжарлик қилиб, зарда билан тўлғаниб қўйишади.

Ҳў анча кейин эсим кириб улғайганимда, мен бу теракларнинг сир-асроридан воқиф бўлдим. Тўрт томони очиқ баланд тепада туришганидан, булар доимо шамол ўқига тўғри келиб ҳавонинг ҳар бир ўйинига жавоб қайтариб туришган. Тинмай шовуллаб, минг оҳангда овоз чиқариб туришлари ҳам шундан.

Лекин менинг бу идрок қилганларим болалик хаёлимнинг илк таассуротини совута олмади. Ўша вақтдаги ҳаяжонларим ҳали ҳам ўз ҳароратини йўқотмади, назаримда, бу тераклар ҳали ҳам қандайдир бир сирни яширгап жонли махлуқдай.

Болалик умримнииг энг ширин орзулари шу тераклар соясида қолиб кетгандай, эсимга тушган сари яна қайта бошдан эслагим келади.

Ўқишимиз тамом бўлди дегунча бизлар чумчуқ қидириб шу ерга келардик. Чувуллашимизга маст бўлгандай қўштеракнинг тепа шохларидаги япроқлари ҳилпираб, бизга соя ташларди. Ўша кезларда ёриқ товон, кафтларимиз қовжираган биз тентаклар теракларга мушукдай тирмашиб чиқа бошлаганимизда чумчуқлар чириллаб қоларди. Чириллашига қарармидик! Ҳадеб бир бутоқдан иккинчисига ўтавериб, чумчуқлар «пир» этиб учиб кетган баланд бутоққа чиққанимизда, кўз-олдимизда намоён бўлган олам манзарасини кўриб ҳайратдан дамимиз ичимизга тушиб кетарди, тутмоқчи бўлган чумчуқ болаларини ҳам эсимиздан чиқариб юборардик. Кўзимизга каттакон бўлиб кўриниб юрган колхоз отхонасининг тепадан худди чигирткадай кўринганига, қишлоқдан нари чўзилиб кетган даланинг катталигига, яна ундан нарироқдаги қанча-қанча қадрдон ерлар, овулимиздаги ариқлардан бошқа тағин қанча-қанча кумушдай товланиб оқаётган сувларга суқланиб қараб, бу дунёнинг чети шуми ё ундан нарида ҳам шундай осмон, шундай булутлар, шундай ерлар бормикин, деб хаёл суриб кетардик. Ўшанда қулоғимизга шамол овози чалинса, унга жўр бўлиб қимирлаган япроқлар, кўз илғамас узоқ-узоқларда ажойиб ва гаройиб нарсалар ҳам бор дегандай шивирлаб, бетларимизни силаб эркалатарди. Юрагим дук-дук уриб қинидан чиқиб кетадигандай, қўштеракнинг шовуллашига астойдил қулоқ солардим. Кўз олдимга эртакдагидай бутун олам келибди-ю, лекин бир нарса эсимга келмабди. Бу теракларни ким ўтқазгану қандай умид билан ўстирганини ўйламабман.

Шу қўштерак қад кўтариб турган жойни овулдагилар нима учундир «Дуйшэннинг мактаби» дейишарди. Бирортасининг моли йўқолиб: «Ҳой фалончи, ғунажинимни кўрдингми»? - деб сўраса, тўхтаб унга: «Ҳў, юқоридаги «Дуйшэннинг мактабида» йилқилар юрибди, ўша ёқдан хабар олиб кўр», – деб жавоб беришарди. Катталарга тақлид қилиб биз ҳам: «Юринглар, Дуйшэннинг мактабига кетдик, теракка чиқиб чумчуқ ҳайдаймиз», - дер эдик.

Бир вақтлар ўша тепада мактаб бор экан. Бизнинг замонамизда бу мактабдан асар ҳам қолмагану, лекин қўштеракли тепанинг номи халқ оғзидан тушган эмас. Болалик чоғимда бу мактаб ўрнини хўп қидириб ҳам кўрганман. Кейинчалик: «Нимага «Дуйшэннинг мактаби» дейишади, Дуйшэн ўзи ким?» - деб қариялардан суриштирсам, бу саволимга улар ҳеч қизиғи йўқ, анчайин гапдай қўл силтаб жавоб қилишарди: «Ким бўларди, шу юрган оқсоқ-қўй Дуйшэн-да. Ўша ҳурриятдан кейин ҳў анави тепада эски бир молхона бўларди. Дуйшэн “комсомол бўлдим”, - деб, ўша ерда мактаб очиб, бола ўқитган.

Мактаб қаёқда дейсан, анчайин бир гап-да. У вақтлар ўзи қизиқ замон эмасмиди, худо кўрсатмасин, узангига оёғи етиб, отнинг ёлидан тутамлаб олганларнинг ҳаммаси ўзига бек, ўзига хон бўлиб қолганди. Ҳар ким ўз билганини қиларди. Дуйшэн ҳам ўшанда миясига келганини қилди-да. Ҳозир у мактабдан бир парча гувала ҳам қолмаган, илгари номи йўқ тепа эди. Энди «Дуйшэннинг мактаби» деган ном олди...»

Дуйшэн деган кишини унча яхши билмас эдим. Баланд бўйли, бургут қовоқ, салобатли одамга ўхшарди. Унинг ҳовлиси ариқнинг нариги томонида, иккинчи бригада кўчасида эди. Мен овулда турган кезларимда Дуйшэн колхоз мироби бўлиб ишларди, эгарнинг қошига катта кетмонни чирмаб олиб, шатакдан чиқиб қолган, ўзига ўхшаш суяклари кўриниб қолган отни миниб, гоҳ-гоҳда ўтиб қоларди. Кейин қариганида почтачиликка ўтиб кетди, деб эшитгандим. Лекин гап унда эмас. Комсомол деганда мен ўша вақтларда ишга ҳам, гапга ҳам эпчил, ялқов-порахўрларни газетага ёзиб турувчи овул йигитларининг энг миқтисини тушунардим.

Ростини айтсам, соқолига оқ кирган, қайсар отига кучи етмаган ҳалиги росмана одамнинг бир замонлар қандай қилиб комсомол бўлганини, хат-саводи бўлмаса ҳам, болаларни қандай ўқитиб, қанақа ўқитувчи бўлганини ўзимча ҳеч тасаввур қилолмадим.

Ўша вақтларда бу гаплар овулда айтилган сон-саноқсиз эртаклардан бўлса керак, деб қўя қолгандим. Кейин билсам, «Дуйшэннинг мактаби» деган гапнинг ўз тарихи бор экан, буни тасодифан яқинда билиб қолдим.

Ўтган кузда колхоздан менга бир телеграмма келди.

Икки йилдан буён колхозимиз ўз кучи билан янги мактаб солаётган экан. Мактаб биноси қурилиб бўлгандан кейин овулдагилар мени мактабни очиш маросимига чақиришибди. Бу қувончли кунларда элим билан бирга бўлай деган ниятда дарҳол йўлга отландим. Овул манзараларини суратга олиш ниятида овулга тўй маросимидан уч-тўрт кун илгари жўнаб кетдим. Шаҳардан чақирилганлардан академик Сулаймоновани ҳам кутиб ўтиришган экан. Бу аёл бу ерда бир кун-ярим кун туриб, кейин Москвага жўнаб кетади, дейишди. Академик Сулаймонованинг келишини эшитиб жуда суюниб кетдим. Халққа танилган бу олиманинг овулимиздан эканлиги, қиз вақтида шаҳарга кетиб, ўқиб, олима бўлгани овулда қулоғимга чалиниб юрарди. Ўзи билан шаҳардалигимда танишиб олган эдим.

Мен кўрганда Олтиной Сулаймонова сочига оқ кириб, элликларга бориб қолган, тўлишгангина аёл эди. Машҳур ҳамқишлоғимиз университетда кафедра мудири бўлиб ишларди, фалсафадан лекция ўқиб турар, хизмат қиладиган ери академия бўлиб, тез-тез чет элларга бориб-келиб турарди. Опанинг бемалол ўтириб, мен билан тўйиб суҳбатлашишга вақти бўлмай юрарди. Лекин ҳар гал гоҳ мажлисда, гоҳ тўсатдан кўчада учрашиб қолганимизда овулдагиларнинг омон-эсонлигини сўрар, асарларим тўғрисида қисқача бўлса ҳам бирон фикр айтмай қўймасди. Мен бу кишининг камтарлигига, одамохунлигига қойил қолиб, бир куни ўзига дангал айтдим:

– Опа, овулга бориб, эл-юрт билан кўришиб келсангиз бўларди. Овулдагиларнинг ҳаммаси номингизни сиртдан тилга олиб, фахрланиб юришади, лекин кўпчилик сизни танимайди. Атоқли олима қизимиз овулимиздан ётсирайди, бизларни танигиси келмайди, дейдиганлар ҳам йўқ эмас...

– Гапингиз тўғри, укам, - деб Олтиной Сулаймонова хўрсиннб қўйди, – боришга ўзим ҳам кўпдан интизорман. Бормаганимга ҳам талай вақт бўлди. Овулда туғишган қариндошларим йўқ-ку, лекин элингдан яқин туғишганинг бўларканми?! Албатта бораман, фурсат топдим, бораман... Ўзим ҳам юртимни хўп соғинганман...

Академик Сулаймонова ўша куни кечикиброқ келди. Унинг машинаси келиб тўхтаганда мактабнинг тантанали мажлисини энди очмоқчи бўлиб туришган эди. Мажлисдагиларнинг ҳаммаси дув этиб чиқиб уни кутиб олишди, таниган-танимаган ҳамма – ёшу қари у билан қўл бериб кўришгиси келарди. Олтиной Сулаймонова бунчалигини кутмаган бўлса керак. Кўнгли тоғдай кўтарилиб, суюниб кетганидан нима қилишини билмай, икки букилиб одамларга таъзим қила-қила бориб президиумдан ўрин олиб ўтирди.

Қанча-қанча тантанали мажлисларда бўлиб иззат-икром кўрган Олтиной Сулаймонова, бу сафар оддийгина қишлоқ мактабида ҳамқишлоқларининг очиқ чеҳра билан кутиб олишганини кўриб, ҳаяжони зўр келганидан кўз ёшларини тутолмай қолди.

Мажлиснинг охирида пионерлар унинг бўйнига қизил галстук тақиб, қўлига гулдаста тутқазишди. Янги мактабнинг фахрий китобига унинг номини биринчи қилиб ёзиб қўйишди. Ўқувчиларнинг концерти ва ўйин-кулгилардан кейин, кечқурун бир тўда муаллимлар, овул фаоллари билан бирга ҳаммамиз мактаб директорининг уйида меҳмон бўлдик.

Меҳмонда ҳам Олтиной Сулаймонованинг келганига суюнишиб, уни гилам билан ясатилган тўрга ўтқазишиб, қўлларидан келганча иззат-ҳурматини бажо келтиришди. Катта дастурхон атрофида ўтирганлар дув-дув гап билан овора. Қадаҳлар кўтарилиб, тостлар айтилаётган эди, бир вақт қўлига бир даста газета-журнал ушлаган бир йигитча эшикдан кириб келди-да, мезбонга ўнтача телеграмма чўзиб: “Оғай, қўл қўйиб берингиз”, - деб илтимос қилди. Илгариги ўқувчилардан келган табрик телеграммалар қўлдан-қўлга ўтиб, кимдир гап орасида:

– Ҳой, буни Дуйшэн қария олиб келдими? - деб сўраб қолди.

– Ҳа, - деди йигит. – Мажлисдагиларга ўқиб эшиттиришсин, деб отини хўп елдириб келибди-ю, кечикиброқ қолгани учун оқсоқолнинг кўнгли ўрнига тушмади.

– Нима қилиб турибди, айт, тушсин отдан, уйга кирсин, - деди мезбон.

Йигит чиқиб кетганда ёнимда ўтирган Олтиной Сулаймонова бир сесканиб тушди, ранги қув ўчиб ниманидир эслагандай мендан сўради:

– У қайси Дуйшэн, кимни айтишяпти?

– Колхознинг почтачиси, опа, - дедим мен. – Дуйшэн оқсоқолни танирмидингиз?

Ҳа, дегандай бош ирғаб Олтиной Сулаймонова бир нарса демоқчи бўлиб, ўрнидан туришга ҳаракат қилган эди, дераза ёнидан бир отлиқ дупурлаб ўтиб кетди, уйга кириб келган йигит:

– Тушинг десам, у киши унамади, оғай, - деди,– ҳали хат тарқатишим керак, - деб кетиб қолди.

– Майли, кетаверсин, у чолнинг ҳам ўзига яраша улфатлари бор, - деди аллаким хомуш тортиб.

– О, Дуйшэн деганни билмас экансизлар, у қонун-қоидани жуда ўрнига келтиради, хизматини бажармасдан ҳеч қаёққа бурилмайди, - деди яна биттаси.

– Тўғри айтади, жуда ажойиб одам ўзи. Уруш тамом бўлгандан кейин Украинада экан, госпиталдан чиқиб, ўша ерда туриб қолибди, келганига беш йилча бўлган. Суягим униб-ўсган овулимда қолсин дедим, дейди. Бу дунёдан шўрлик тоқ ўтиб кетибди...

– Бир кириб ўтса бўларди... Ҳа, майли,- деб мезбон тағин қўлини силтаб қўя қолди.

Бир маҳал тўрда ўтирган овул оқсоқолларидан бири қадаҳ кўтариб сўз қотди:

– Ўртоқлар, эсингларда бўлса керак, бир вақтлар «а» ҳарфини ҳам билмаган «Дуйшэннинг мактабида» бизлар ҳам ўқиган эдик... – У шу гапни айтди-ю, ҳам кўнгли бузилиб, ҳам кулгиси қистаб, кўзини юмиб, бошини чайқаб қўйди.

– Вой, тавба!

– Рост, рост! - деб кулиб қўйишди бошқалар.

– Нимасини айтасан! Озмунча нағма кўрсатганми Дуйшэн деганинг? Биз бўлсак уни росмана ўқитувчи деб юрибмиз-а!

Қаҳ-қаҳ кулги босилиши билан ҳалиги қадаҳ кўтарган одам яна гапини давом эттирди:

– Мана энди, олдимиз донғи чиққан академик бўлиб, кетимиз олий маълумотли, ўрта билимли бўлиб олдик. Овулимизда бугун янги ўрта мактаб очдик, бошқа томонларини айтмаганда ҳам, замонамизнинг қанчалик ўзгарганлиги шундан кўриниб турибди. Қани, келинглар, оға-инилар, овулимизнинг ўғил-қизлари бундан буён ҳам ўқимишли бўлиб, ўз замонасининг пешқадам кишилари қаторидан жой олишсин!

Бу гап ҳаммага маъқул тушиб, шов-шув кўтарилди. Фақат Олтиной Сулаймонова жуда хижолат тортгандай, лабини тишлаб қизариб кетди. У рюмкани лабига тегизди-да, яна қайтиб ўрнига қўйди. Гап, кулги билан алаҳсиб қолган одамлар унинг бу ҳолатини сезганлари ҳам йўқ.

– Опа дейман, бир нимадан хижолат бўлиб ўтирибсиза?-дедим мен.

– Ўзим, шунчаки, иним, - деди-да, Олтиной Сулаймонова икки-уч марта соатига қараб қўйди, бошқа индамади.

Кейин меҳмонлар эшикка сайри ҳаво қилишга чиққанда қарасам, Олтиной Сулаймонова бир чеккада ёлғиз ўзи тепаликда чайқалган қўштеракка тикилиб, хаёл суриб турган экан, секин қадам босиб ёнига бордим.

Ботишга тараддудланиб кузги даланинг четига чиқиб олган қип-қизил кун нурлари тепаликда турган теракларнинг чўққиларига бир тегиб, бир тегмай мавжланиб турган экан.

– Шўрлик тераклар баргини тўкяпти, баҳорда бу теракларни гуллаганда кўрсангиз! - дедим.

– Ўзим ҳам шуни ўйлаб турган эдим, - деб Олтиной Сулаймонова бошини силкиб хўрсиниб қўйди.– Ҳар бир жониворнинг баҳори ҳам, кузи ҳам бор.

Унинг ажин босган сўлғин юзига ғамгин-ўйчан кўланка тушиб, ўткир қора кўзлари ўксигандай бўлди, теракларга дард-алам билан тикилиб қараб қолди. Шу пайтда кўпни кўрган бу ўқимишли аёл, қани энди бир замонлар ўтиб кетган ўн саккиз ёшим қайтиб келсайди, деб кўнглидан ўтказган қизил рўмол, қирмизи юзини эслаган қадимги қирғиз аёлларига ўхшаб кетди.

Теракларга тикилиб у яна бир нарса айтгиси келди-ю, лекин ниятидан қайтди шекилли, индамай турди-да, бирдан қўлида ушлаб турган кўзойнагини тақиб олди.

– Москва поезди бу ердан соат ўн бирда ўтади шекилли? - деб сўради.

– Ҳа, опа, ўн бирда ўтади.

– Ундай бўлса, ҳозир йўлга чиқишим керак экан.

– Нега бирдан кетадиган бўлиб қолдингиз? Бир-икки кун тураман деб ваъда берган эдингиз-ку? Ҳали жавоб ҳам беришмас.

– Зарур ишларим бор. Ҳозир кетмасам бўлмайди. Овулдошларнинг ҳаммаси ёпирилиб, кетмайсиз, хафа бўламиз, - дейишларига қарамай, тайёр овқатга ҳам турмай, Олтиной Сулаймонова узр сўради-да, охири йўлга чиқадиган бўлди.

Кун ботиб, қош қорайганда, овулдошлари ўпкалагандай бўлиб уни машинага ўтқазиб жўнатиб юборишди. Мен Олтиной Сулаймоновани станцияга кузатиб бордим.

Олтиной Сулаймонова нима важдан тўсатдан йўлга отланиб қолдийкин? Шундай улуғ айём кунида овулдошларини ҳам хафа қилиб қўйди. Яхши иш бўлмади. Икки-уч йўла сабабини сўрай деб оғиз жуфтладиму, лекин қаттиқ тегармикин деб қўрқдим. Ҳозирги ҳолатида саволимга бирон жавоб бермаслигига кўзим етиб турганди. Йўл бўйи Олтиной Сулаймонова бир оғиз ҳам гапирмади, қаттиқ ўйга ботиб, юзидан ғамгинлик аримади.

Станцияга келиб, поездга тушар олдида юрак ютиб ундан сўрадим:

– Опа, хафа кўринасиз, кўнглингизга қаттиқ тегадиган бирон гап ўтдими?

– Йўғ-э! Кўнглингизга ундай гап келмасин! Кимдан хафа бўлардим? Ўзимдан хафа бўлсам бўлади. Ғафлатда қолган эканман... Қайтанга мендан ҳар қанча домонгир бўлсанглар ҳам камлик қилади.

Шу билан Олтиной Сулаймонова Москвага жўнаб кетди. Мен шаҳарга қайтиб келгач, дастлабки кунларнинг бирида ўйламаган-кутмаган ерда Олтиной Сулаймоновадан хат олдим. Москвада мўлжалидан зиёдроқ туриб қолишидан дарак берган хатида бундай деб ёзганди:

«Қадрдон иним, шошилинч зарур ишларим бўлса ҳам ҳаммасини йиғиштириб қўйиб, шу хатни ёзмасликка иложим бўлмади. Агар шу хатда ёзганларим сизни қизиқтирса, шу ҳикоятимни халойиққа етказиш устида ўйлаб-мулоҳаза қилиб кўрсангиз деб илтимос қиламан. Бу фақат бизнинг овулдошларимизга эмас, ҳаммага, айниқса ёшларга ибрат бўлар, деб ўйлайман. Мен кўп хаёл кўчаларига кириб чиқдим, охири шу фикрга келдим. Бу – менинг шунча замонлардан буён юрагимда асраб келган сирим. Қанча кўп одам бу сирдан воқиф бўлса, ўзимни шунчалик бахтиёр деб биламан, виждон азобидан шунча кўпроқ халос бўламан. Мени уятга қўярмиканман деб хижолат ҳам бўлманг. Ҳеч нарсани яширмай, очиқ ёзинг...»

Бир неча кун шу хат таъсири остида юриб, охири қиссани Олтиной Сулаймонова тилидан ҳикоя қилишга қарор бердим.

* * *

... Бу воқеа 1924 йили юз берганди. Ҳа, худди ўша йили...

Ҳозирги колхозимиз ерлари у вақтларда ўтроқ камбағал-жатақчилар овули эди. У вақтларда ўн тўрт ёшли етим қизча эдим, амакимнинг қўлида турардим.

Ўша йили кузда чорвадорлар тоққа қишловга кўчиб кетгандан кейин овулимизда аскар шинели кийган бир йигит пайдо бўлиб қолди. Шинели эсимда қолганининг важи шуки, у негадир қора мовутдан тикилган эди. Эл-юртдан овлоқдаги тоғ пинжига кириб олган кичкина қирғиз овулида бу катта бир воқеа бўлди.

Олдин уни, ўзи командир экан, овулга ҳам катта бўлиб келибди, дейишди, кейин билишса, командир қаёқда дейсиз, очарчилик вақтида овулдан темир йўлга кетиб дом-дараксиз бўлиб кетган Таштанбекнинг ўғли Дуйшэн деган нигит экан, уни овулга ўқитувчи қилиб юборишганмиш, мактаб очиб, бола, ўқитар экан, дейишди.

«Мактаб», «ўқиш» деган сўзлар у замонларда энди эшитилиб келаётган гаплар эди, уларнинг маъносига тушунадиганлар ҳам камдан-кам эди.

Бу гап ростмикин, энди нима бўларкин, деб туришганида бир маҳал, халойиқ овул ўртасидаги тепага йиғилсин, деган хабар келиб қолди.

Амаким: «Вой, тавба, бу тағин қанақа мажлис бўлдийкин? Бўлар-бўлмасга одамларни ишдан қолдиришдан бошқани билишмайди», - деб жаврашини қўймайди-ю, кейин ахийри элдан кам ерим бор эканми, дегандай, қирчанғи бўлса ҳамки, отига миниб, йиғинга жўнаб кетди, мен ҳам унинг кетидан қўшни болаларга эргашиб югуриб бордим.

Биз энтика-энтика ҳар гал йиғилиш бўладиган тепаликка етиб борганимизда, у ерда бир тўда отлиқ ва яёв одамлар ўртасида ҳалиги қора шинель кийган рангпар йигитча нутқ сўзлаб турган экан. Унинг гапларини яхшироқ эшитиш учун яқинроқ сурилиб борган эдик, пўстини йиртиқ бир чол уйқудан турган одамдай, тўсатдан тутилиб-тутилиб унинг гапини бўлди:

– Эй, болам, илгари бола ўқитишни муллаларга чиқарган эди, сенинг отангни биз биламиз. Ўзи ҳам бизга ўхшаган оёқяланг эди. Қани айт-чи, йигитча, сен ўзинг қаёқдан мулла бўлиб қолдинг? - деди.

Дуйшэн шу ондаёқ жавоб бериб:

– Отахон, мен мулла эмасман, мен комсомолман. Энди муллалар бола ўқитмайди, муаллимлар ўқитади. Мен аскарликда юриб, хат-саводли бўлиб олганман, илгари ҳам оз-моз ўқигандим. Мен мана шунақа мулламан, билдингизми? - деди.

– Ҳа, мундоғ дегин...

– Барака топ! - деб унинг сўзини маъқуллашди.

– Ана шунақа, комсомол мени муаллимликка тайинлаб, болаларни ўқитасан деб юборди. Мактаб очиш учун бирон жой керак бўлади. Сизлар ёрдам берсангизлар анув тепадаги эски отхонани тузатиб, мактаб очсак деган ўйим бор. Қани, нима маслаҳат берасизлар?

Мушукдай шумшайиб бир кўзини юмиб эгарнинг қошини қучоқлаб ўтирган Сатимқул тажанг тирс этиб тупуриб қўйиб гап қотди:

– Э, қўйсанг-чи, ўқишингдан бизга нима фойда бор?

Дуйшэн нима дейишини билмай кўзлари липиллаб кетди.

– Рост, тўғри айтяпти, - деб бошқалар унинг гапини маъқуллашди.– Биз кетмон чопиб кун кўриб юрган деҳқонмиз, энди болаларимиз ўқиб амалдор бўлишармиди? Айланай, кўп бошимизни қотирма!

Ҳамма жим қолди. Дуйшэннинг ранги ўчиб, овози титради:

– Сизлар нима, болаларингизнинг ўқишига қаршимисизлар? - деб ўртага савол ташлади.

– Қарши бўлсак нима, зўрлик қилармидинг? Унақа замонлар ўтиб кетган. Ҳозир эркимиз қўлимизда, озодликка чиққанмиз! - деди кимдир.

Дуйшэннинг ранги бўздай оқариб кетди. Шинелининг илгакларини узиб юбораёзгандай, чўнтагидан тўрт букланган қоғозни олиб шошилиб очди-да, ҳаммага кўрсатиб туриб зарда билан гап бошлади:

– Сизлар ҳали болаларни ўқитиш керак, деб ёзилган бу қоғозга қаршимисизлар, бунга Совет ҳукуматининг муҳри босилган-а! Сизларга ер-сув берган, сизларни озодликка чиқарган ким ўзи, биласизларми?! Қани, Совет ҳукуматининг қонунига ким қарши? Қани айтсин, ким?!

«Қани ким» деб азбаройи бақириб айтган гапи сукунатда ётган куз ҳавосини ўқдай ёриб ўтиб, акс-садоси қоя тошларга бориб урилгандай бўлди. Ҳамма ёқ сув қуйгандай жим, ҳамма бошини эгиб турарди.

– Бизлар ўзи киммиз, камбағаллармиз, - деб энди Дуйшэн мулойимлик билан гап бошлади.– Бизни умр бўйи хўрлаб, оёқ ости қилиб келишди, умримиз жоҳилликда ўтди. Совет ҳукумати энди бизларга кўзи очилсин, хат-саводи чиқсин деяпти. Бунинг учун болаларни ўқитишимиз керак...

Дуйшэн жавоб кутгандай жим турган эди, ҳалиги, сен қаёқдан мулла бўлиб қолдинг, деб сўраган йиртиқ пўстинлик одам инсофга келгандай:

– Ҳа, майли, жуда бола ўқитгинг келиб қолган бўлса, ўқитавер, бизга нима...- деб қўйди.

– Лекин сизлардан илтимосим бор, - деди Дуйшэн,– менга ёрдам беринглар. Анув тепадаги бойдан қолган отхонани тузатсак дейман, кўприк солиш керак, мактабга ўтин керак бўлади...

– Шошмай тур, ҳой йигит, - деб Сатимқул тажанг яна тирс этиб бир тупурди-да, бирон нарсани нишонга олгандай, кўзларини қисиб туриб гап бошлади:

– Сен, йигитча дейман, мактаб очаман, деб мунча катта кетмасанг? Устингга кийишга чопонинг йўқ, остингда минишга отинг, бир парча бўлса ҳам ҳайдаб қўйган еринг, қўрангга боғлаб қўйган биронта молинг йўқ-ку! Сен, нима, от ўғирлаб кун кўрмоқчимисан?..

– Бир куним ўтар. Ҳукумат менга мояна тўлайди.

– Боядан бери қаёқда эдинг, шундоқ демайсанми?– Сатимқул гапни ўринлатиб, ўзидан-ўзи рози бўлгандай, илжайиб эгар устида бир кеккайиб қўйди. – Гап бу ёқда экан, билдик энди. Ундоғ бўлса, йигитча, билганингни қилиб, ҳукумат моянаси билан болаларни ўқитавер, ҳукуматнинг хазинасида нима кўп, пул кўп. Бизни тинч қўй, ўз ташвишимиз ҳам бошимиздан ошиб ётибди...

Сатимқул шу гапларни айтди-ю, отнинг бошини буриб жўнаб қолди. Унинг орқасидан бошқалар ҳам тарқаб кетишди. Дуйшэн қоғозни қўлига ушлаганча, нима қилишини билмай анчагача туриб қолди...

Мен Дуйшэнга ачиниб кўзимни узмай қараб қолган эканман, ёнимда ўтиб бораётган амаким жеркиб:

– Ҳа, алвасти, сен нима қилиб юрибсан бу ерда, тур. Уйга бор! - деган эди, болаларнинг орқасидан чопиб кетдим.– Буни қара, бу тирмизаклар ҳам йиғилишга суқуладиган одат чиқаришибди-я!

Эртасига бир гала қизлар сувга кетаётганимизда йўлда Дуйшэнни кўрдик. У кетмон, белкурак, болта кўтариб сувдан кечиб ўтиб кетди. Шу-шу ҳар куни азонда қора шинель кийган Дуйшэн ёлғиз ўзи тепаликка, эгаси ташлаб кетган отхонага чиқиб, кечқурун алламаҳалда овулга қайтиб тушарди. Гоҳо орқасига каттакон бир боғ янтоқ ёки похол ортиб чиқиб кетаётганини кўрардик. Уни узоқдан кўрганлар узангига оёқ тираб, қўлларини соябон қилиб:

– Ҳой, анави тепаликда похол орқалаб кетаётган Дуйшэн муаллим эмасми! - деб қизиқсиниб гаплашиб кетишарди.

– Ҳа, ўша!

– Вой, шўринг қурсин, муаллимлик ҳам осон эмас экан-ку...

– Бўлмасам-чи! Орқалаган юкини қара, бойнинг қароли ҳам мунча кўтармайди.

– Гапга келганда эҳ-ҳа, жуда чечан кўринади!

– Қўлида муҳр босилган қоғози бор-да, ҳамма гап шунда...

Бир кун адирдан тезак териб келаётганимизда, муаллим нима қилиб ўтирган экан деб мактаб томонга бурилдик. Бу сарой илгари бир бойнинг отхонаси эди. Қиш-қировда қулунлаган бияларни тойчоқлари билан шу ерда боқишарди. Совет ҳокимияти ўрнатилгандан кейин бой қаёққадир қочиб кетди-ю, шу билан отхонаси бўш қолди. Бу ерга ҳеч ким оёқ босмай қўйганидан атрофини ўт, тиканак босиб кетган эди. Энди қарасак, тиканаклар илдизи билан суғуриб олиниб бир жойга уйиб қўйилибди, отхона ҳовлиси супуриб-сидирилибди. Ёмғир ювиб, қулаб тушган деворлари лой билан шувалибди, эшикнинг шалоғи чиқиб осилиб қолган ҳалқаси бир амаллаб эплаштириб яна қоқиб қўйилибди.

Бир оз дам олмоқчи бўлиб, бўйимиз тенг тезак қопларни ерга қўйиб тургандик, усти бошига лой чапланган, енглари шимарилган Дуйшэн уйдан чиқиб келди-да, бизни кўриб, юзидаги терларини артиб:

– Ҳа, яхши қизлар, келинглар. Тезак териб юрибсизларми? - деди.

Биз уялганимиздан чурқ этмай, бир-биримизга қараб, қоп тагида ўтирган еримиздан, ҳа, дегандай бош силкиб қўйдик. Дуйшэн уялганимизни сезди-да, бизга далда бергандай жилмайиб гап қотди:

– Қопларингиз ўзингиздан ҳам катта-я! Келганинглар яхши бўпти қизлар, бу мактабни сизларга атаб очяпман. Мактабинглар ҳам тахт бўлиб қолди. Ҳозиргина бир бурчакка печкадай қилиб ўчоқ ҳам қуриб қўйдим, ана, кўрдингларми, томдан мўриси ҳам чиқиб турибди! Энди қишга ўтин ғамласак бўлгани, ўтиндан ғам емасак ҳам бўлади, далада нима кўп – қуврай кўп. Ерга қалин похол тўшаймиз-да, ана ундан кейин ўқишимизни бошлаб юборамиз. Қалай, ўқишга ҳавасинглар борми, мактабга қатнаб турасизларми?

Дугоналарим орасида ёши каттаси мен эдим, шу сабабдан жавоб беришга ботиниб:

– Келинойим юборса, қатнаб тураман, - дедим.

– Нега юбормас экан, уйга қамаб, устингдан қулф солиб қўярмиди? Исминг нима?

– Олтиной, - дедим, этагимнинг йиртиғидан кўриниб турган тиззамни кафтим билан бекитиб.

– Олтиной – исминг ҳам ўзингга мос, чиройли экан. – У эркалатгандай жилмайиб қўйган эди, дилим ҳам илигандай бўлди. – Олтиной, эсли қиз кўринасан, бошқа болаларни ҳам ўзингга эргаштириб, мактабда ўқиймиз, деб олиб келгин, хўпми?

– Хўп, амаки.

– Мени оғай денглар. Мактабни кўрасизларми? Тортинмасдан кириб кўраверинглар.

– Йўқ, биз уйга кетамиз, - деб уялинқираб жавоб бердик.

– Майли бўлмаса, уй-уйингларга боринглар, бира-тўла ўқишга келганда кўрарсизлар. Мен қоронғи тушгунча бориб яна бир оз янтоқ ўриб кела қолай.

Дуйшэн ўроқ, арқонларни олиб далага қараб кетди. У кетгандан кейин биз ҳам қопларимизни орқалаб овул томон жўнаб қолдик. Тўсатдан калламга бир фикр келди:

– Ҳой, қизлар, - деб дугоналаримни тўхтатдим.– Келинглар, тезагимизни мактабга тўкиб кетамиз, ҳар қалай қишга яраб қолар.

– Уйга қуруқ борамизми? Ақлингни еганмисан?!

– Бориб яна териб келамиз-да.

– Бе, кеч бўлиб қолди, уйда тоза сўкиш эшитамиз.

Шундай дейишди-да, ўртоқларим менга қарамасдан, қопларни кўтаришиб жўнаб қолишди.

Мен ўшанда нима важдан шундай қилганимга ҳали ҳам тузуккина ақлим етмай юради. Қизлар гапимга кирмаганларидан изза бўлиб орим келдими ёки гўдаклик чоғимдан мен шўрлик бирон ширин сўз эшитмай бир умр дакки еб, кўз ёшим ҳам қуриб қолганиданми, кўрмаган, билмаган бир одам юрагимни илитиб: «Эс-ҳушли қиз экансан», деб эркалатиб айтган икки оғиз ширин сўзи мени эритиб юбордими...

Қисматим, толеим, ҳаётимнинг бутун аччиқ-чучуклари, азоб-уқубатлари мана шу бир қоп тезакдан бошланганини яхши биламан, бунга имоним комил. Бундай дейишимнинг боиси шуки, ўша куни бу қилмишимнинг охири нима бўлади, деб ўйлаб-нетиб ўтирмай, умримда биринчи марта юрак ютиб кўнглим тортган ишга таваккал қадам қўйдим.

Ўртоқларим мени ташлаб кетишгандан кейин югуриб Дуйшэннинг мактабига қайтиб бордим, қопдаги тезакни эшик тагига тўкдим-да, тезак териш учун ғизиллаб яна адирга тушиб кетдим.

Каттакон бир ишни қойил қилиб қўйгандаё, юрагим дукиллаб, севинчим ичимга сиғмай кетди. Куч-ғайратим жўш уриб, тўғри келган томонга чопқиллаб кетаверибман. Бахтиёрлигимдан қуёш ҳам хабардору, у ҳам қувончимга шерикдай, қушдай парвоз қилиб кетишимдан унинг кўнгли очилганини ўзим ҳам билардим. Нега деганда, ҳозиргина савоб иш қилган эдим-да!

Қуёш тепалар устига яқин келиб қолган эди-ю, лекин, назаримда, нигоҳимга тўйиб олгиси келгандай, ҳали-бери ботгиси йўқ эди. Қуёш йўлимга поёндоз солиб, оёқларим остидаги куз тупроғини тўқ қизил, пушти ва оч қизил нур билан безаб турарди. Гир атрофимда капалакчалар лип-лип этиб оловдай ёнади. Минг ямоқ камзулимнинг кумуш ранг тугмаларида қуёш оловдай ёниб туради.

Ўзим ғизиллаб чопиб кетяпману, ер, осмон, шамолга қараб: мени кўриб қўйинглар! Кўрдингизми, ғурурдан бошим осмонда! Мен энди мактабда ўқийман, бошқа болаларни ҳам ўзим билан ўқишга олиб бораман...- деб шодлигим ичимга сиғмай кетяпти.

Шу кўйи ўзимда йўқ, ўйноқлаб югуриб бораётган эдим, бир вақт тезак териш эсимга тушиб қолди. Қизиқ, ёз бўйи бу ерлардан пода аримас, ҳар қадамда тезак учрарди. Энди, аксига олиб, тезакдан ном-нишон ҳам кўринмаса-я, худди ер ютгандай! Ё ўзим қидирмадимми?

Тезак ахтариб юраверибман. У зорманда қолгур ҳам онда-сонда бир кўриниб қолади денг. Қоронғи тушгунча қопим тўлмай қолса-я, деб юрагимни ваҳима босиб, шошилганимдан чий буталари орасида адашиб қолибман. Ўзим қўрқиб кетяпман. Бир амаллаб қопимни яримлаганимда кун ботиб, адирларга бир зумда, қоронғи тушди-қўйди.

Ҳеч маҳал ёлғиз ўзим бундай бемаҳалда юрмаган эдим. Сукунатга чўмган тепаларни зимистон тун буркаб олди. Бу ерда мени бир нарса ушлаб қоладигандай, қопни дарров елкамга ташлаб, овулга қараб чопдим. Азбаройи ваҳима босганидан, бақиришим, йиғлашим ҳам ҳеч гап эмасди, лекин Дуйшэннинг ҳалиги гаплари эсимдан чиқмаган, у ожизлигимни кўриб яна мендан ҳафсаласи пир бўлмасин, деган хаёлга бордим-да, ор-номус кучлилик қилди, кўзимни чирт юмиб, дамимнн ичимга ютиб келавердим. Ўқитувчи худди менга тикилиб қараб тургандай, ён-веримга қарашдан ҳам ҳайиқаман, ўзимни дадил тутиб боравердим.

Ҳамма ёғимдан тер қуйилиб, чанг босиб овулга етиб келдим, ҳансираганимча остона босиб уйга кирган эдим, ўчоқ ёнида ўтирган келинойим менга қараб ўшқириб ўрнидан туриб кетди. Қеннойим ўзи бадфеъл, қўпол аёл эди.

– Қайси гўрда юрибсан? - деб дағдаға қилди мен томон ташланиб, жавоб қайтаргунимча бўлмай қўлимдаги қопни юлиб олиб улоқтириб юборди: – Қоронғи тунгача санқиб юриб терган тезагинг шуми?!

Қизлар келиб аллақачон чақимчилик қилиб қўйишган бўлса керак, деб ўйладим.

– Худонинг балоси, итвачча! Мактабда киминг бор? Ўлигинг қола қолса бўлмасмиди шу мактабда! –Келинойим қулоғимни бураб ура кетди, – итвачча, етимча! Бўрининг боласи ўлса ҳам ит бўлмайди! Одамларнинг болалари даладан уйга ташиса, сен уйдан далага ташийсан! Мактабингни бурнингдан чиқармасам... Қараб тур ҳали. Иккинчи оёқ босганингни кўрсам, илигингни синдираман. Ҳали шошма, сени... Қани мактабдан оғиз очиб кўр-чи!

Бақириб юбормасам гўргайди, деб нафасимни чиқармай, ўзимни босиб турдим. Кейин ўчоққа хашак ташлаб, кўк мушугимни силаб ўтиравердим, кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетди... Мушугим ҳар гал йиғлаганимда келиб тиззамга ўтириб оларди. Келинойимнинг калтагидан йиғлаганим йўқ, қарғиш-дўппослашларига-ю ўрганиб қолгандим: энди келинойим мени ўлса ҳам мактабга юбормайди, деб шунга куйиб йиғладим...

Чамаси, шундан икки кун ўтгач, эрталаб овулда итлар ҳуриб, одам овозлари эшитилиб қолди. Билсак, Дуйшэн уйма-уй кириб болаларни ўқишга йиғиб юрган экан. У вақтларда овулимизда кўча қаёқда дейсиз, гувала уйлар овулда яккам-дуккаму, ҳар ким кўнглига ёққан жойга уй солиб ўтираверарди. Ўнтача болани эргаштириб, Дуйшэн ҳовлима-ҳовли кириб юрган экан.

Бизнинг ҳовлимиз бир чеккада эди. Келинойим иккаламиз ўғирда тариқ янчиб турган эдик, амаким ҳовлида ўрага кўмилган буғдойни олаётган эди. Бозорга элга сотмоқчи бўлган экан. Келинойим иккаламиз навбатма-навбат ўғир дастасини гоҳ кўтариб, гоҳ тушириб тарма янчиб турибмизу, фурсат келганда Дуйшэнлар томонга кўз қиримни ташлаб ҳам оламан. Бизнинг ҳовлига кирмай бурилиб кетмасайди, деб кўрқаман. Келинойим мени мактабга бермаслигига кўзим етиб турган бўлса ҳам, нимадандир умидвор бўлиб, ҳеч бўлмаса муаллим бу ҳовлида туришимни билиб қўйсин, деб бетоқатлик билан кутаман: «Эй худо, кела қолса экан», деб худодан тилак тилаб турибман.

– Салом, янга, ҳорманглар, мана бир гала бўлиб ҳол-аҳвол сўрагани келдик, - деб Дуйшэн ҳазил-ҳузул билан салом бериб, бир тўда болаларни орқасидан эргаштирганча ҳовлига кириб келди.

Келинойим саломига истар-истамас алик олгандай бир нима деб минғирлаб қўйди-ю, лекин амаким ўрадан бошини кўтармади ҳам. Дуйшэн пинагини ҳам бузмай, ҳовлининг ўртасида ётган ғўлага савлат тўкиб бориб ўтирди, қўлига қалам-қоғоз олди.

– Бугун мактабни очмоқчимиз. Қизингиз неча ёшда?

Келинойим жавоб қайтармай, зарда билан ўғир дастасини «гурс» этиб урди-да, яна айлантириб-айлантириб қўйди. Келинойимнинг гапиргиси келмай, энсаси қотиб турганлиги авзойидан сезилиб турарди.

Энди нима бўлар экан, деб ичимдан зил кетгандай бўлдим.

Дуйшэн менга қараб, кулиб қўйган эди, ҳув бир галдагидай кўнглим яйраб кетди.

– Олтиной, неча ёшга киргансан? - деб сўради. Мен қўрққанимдан индамадим.

– Ёши билан нима ишинг бор, нима, терговчимисан! - деди қўрслик билан келинойим. Ўқишинг ўзингга буюрсин. Бунга ўқишни ким қўйибди, нонни «нанна» деб юрган эркатойлар ҳам ўқимасдан юришибди-ку! Бир галасини йиғиб олибсан-ку, ўшаларни олиб боравер мактабингга, биз билан ишинг бўлмасин.

Дуйшэн ирғиб ўрнидан турди-да, ранги ўчиб, қовоқлари солиниб:

– Бу гапни ўйлаб гапиряпсизми? Хўш, етим худога нима ёмонлик қилибди? Ёки етимлар ўқимасин деган закон борми?

– Закон-паконинг билан ишим йўқ. Мен ўзим законман, менга закончилик қилма.

– Оғзингизга қараб гапиринг. Бу қиз сизга керак бўлмаса, бизга керак. Совет ҳукуматига керак! Бизга қарши чиқсангиз, закончилигимизни кўрсатиб ҳам қўямиз!

– Сен ўзинг кимсан, ким сени катта қилиб қўйди! - деб ўдағайлади келинойим.– Бунга, едириб-ичириб юрган мен хўжайинлик қиламанми ёки саёқвачча дарбадар сенми?

Шу пайт белигача яланғоч бўлиб олган амаким ўрадан кўринмаганда, билмадим, бу даҳанаки жангнинг охири нима бўлар эди? Амаким бу уйда эр киши, хўжайин борлигини унутиб, хотинининг ҳар нарсага бурнини суқишини ёқтирмасди. Шундай пайтларда хотинини ўлгудай тутиб урарди. Бу гал ҳам зардаси қайнаб кетди шекилли:

– Ҳой, хотин дейман! - деб жеркиб ташлади у, ўрадан чиқиб,– сен қачондан бери бу уйнинг бий-бекаси бўлиб қолдинг?! Кўп гапирма, ишингни қил! Айда, Таштанбекнинг ўғли, ади-бади айтишиб ўтирма, олиб кетавер қизни, ўқитасанми-чўқитасанми, билгаганингни қил. Айда, қўрадан туёғингни шиқиллатиб қол! Кет...

– Буни мактабда яйратиб қўйиб, ўғирни ким янчар экану, қозон-товоққа ким қарар экан, - деб келинойим манжалақилик қила бошлаган эди, амаким бақириб:

– Юм оғзингни, гап битта! - деди.

Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор, деганларидай, биринчи марта мактабга боришим можароси шундай бўлган эди.

Шундан буён Дуйшэн ҳар куни эрталаб ҳовлима-ҳовли юриб, бизни мактабга олиб кетар эди.

Биринчи куни мактабга борганимизда у бизни ерга тўшалган похол устида ўтқазиб, ҳар биримизга биттадан дафтар, биттадан қалам ва биттадан тахтача берди-да:

– Тахтачани тиззангизга қўйсангиз хат ёзиш осон бўлади, - деб тушунтирди.

Кейин деворга ёпиштирилган суратни кўрсатиб:

– Бу киши Ленин! - деди.

Лениннинг шу сурати бир умр эсимда қолди. Кейин бу суратни нимагадир ҳеч ерда учратмадим, ўзимча уни «Дуйшэн кўрсатган сурат», деб юраман. Ленин ўша суратида ҳалпиллаган ҳарбий кийимда, озғин, соқол-мўйлови ўсган эди. Ярадор қўлини бўйнига осиб олган, бостириб кийган кепкаси остидаги зийрак кўзлари билан сокин боқиб турарди. Бу майин, меҳрли кўзлар бизга: «Болакайлар, келажагимиз қандай порлоқ бўлишини билсангиз эди!» деб тургандай эди. Ўша хайрли дақиқада, назаримда, у чиндан ҳам менинг келажагим тўғрисида хаёл суриб тургандай туюлганди.

Дуйшэн бу суратни кўпдан бери ёнида олиб юрган бўлса керак, росмана плакат қоғозга босилган экан, эскириб, четлари унда-мунда йиртилиб ҳам кетган... Мактабимизнинг тўрт деворида шу суратдан бошқа ҳеч нима йўқ эди.

– Болалар, мен сизларга ҳарф ёзишни, ўқиш ва ҳисобни ўргатаман, - деган эди ўшанда Дуйшэн.– Ўзим нимани билсам, сизларга ҳам шуларни ўргатаман...

Айтганидай, Дуйшэн билганларини аямасдан, сабр-тоқат билан бизга таълим бера бошлади. Ҳар биримизнинг ёнимизга келиб қалам ушлашни ўргатиб бўлгандан кейин, биз эшитмаган гапларни зўр иштиёқ билан тушунтириб, қулоғимизга қуйиб борди. Ҳозир ҳам ўйлаб туриб, ёзилган нарсани ўзи зўрға ҳижжалаб ўқийдиган бу чаласавод йигитнинг шундай буюк ишга бел боғлаганига ҳайрон қоламан, ахир унинг қўлида биронта дарслик, ҳатто оддий алифбе китоб ҳам йўқ эди-да! Ота-бувалари, етти пушти хат-саводсиз ўтиб келган болаларни ўқитиш осон гап дейсизми! Дуйшэннинг на дарс программаси ва на методикадан хабари бор эди. Дунёда бундай нарсалар борлигини билмасди ҳам.

Дуйшэн бизни билганича, қўлидан келганича ўқитди, кўнглига нима келган бўлса шуни ўқитаверди. Унинг соф кўнглидан чиққан ғайрат-ташаббуси беҳуда кетмади, ўз самараларини берди, бунга имоним комил.

У қаҳрамонлик кўрсатди-ю, лекин бу қаҳрамонлигидан ўзи ҳам бехабар эди. Ҳа, бу чин қаҳрамонлик эди, нега деганда, ўша кезларда овулидан бошқа жойни кўрмаган қирғиз болалари кўз олдида, агар ёриқ-тешиклардаи қорли тоғ чўққилари кўриниб турадиган шу кулбани мактаб деб аташ мумкин бўлса, шу мактабда тўсатдан қулоқ эшитмаган, мисли кўрилмаган янги дунё намоён бўлди.

Ленин яшаб турган Москва шаҳри Авлиё Отадан катта, Тошкентдан ҳам бир неча марта катталигини, дунёда Талас водийсидай келадиган улкан-улкан денгизлар борлигини, бу денгизларда тоғдай-тоғдай кемалар сузиб юришини биз ана ўшанда билган эдик. Билсак, бозорда сотиладиган лампа мойини ер остидан қазиб чиқаришар экан. Халқ бойиб, турмушимиз яхшиланганда мактабимиз деразалари катта-катта оқ уйда бўлиб, болалар парталарда ўтириб ўқийдигаи бўлишига биз ўша вақтдаёқ ишонган эдик.

Унча-мунча ҳарф таниганимиздан кейин, «Ота», «Она» сўзини билмасак ҳам, биринчи ёзган сўзимиз «Ленин» бўлди. Бизнинг сиёсий алифбемиз: «бой», «батрак», «совет» деган сўзлар эди. Дуйшэн «революция» сўзини ёзишни бир йилдан кейин ўргатаман, деб ваъда қилди.

Дуйшэн, отаси темир йўлда ишлаб юрган кезлари, Михаил Семёнович деган бир кекса муаллимнинг қўлида икки қиш ўқигани, кейин армияга бориб, оқлар билан урушганларини ҳикоя қилганда, биз ҳам хаёлимизда у билан ёнма-ён туриб жанг қилгандай бўлардик. Ленин тўғрисида худди уни ўз кўзи билан кўргандай ҳаяжонланиб гапирарди. Унинг айтганларининг кўплари, албатта, буюк доҳий ҳақида халқ оғзида достон бўлиб юрган ривоятлар эди. Бунга ҳозир ақлим етиб турибди, лекин булар ўша кезларда биз, Дуйшэн шогирдлари учун кундек равшан ҳақиқатлар эди.

Бир кун оқкўнгиллик билан:

– Оға, Ленин билан қўл беришиб кўришганмисиз? - деб савол бергандик, муаллимимиз бир хил бўлиб бош чайқади-да:

– Йўқ, болалар, Ленин билан юз кўришиш насиб бўлмаган менга, -деб бизнинг олдимизда хижолат бўлгандай хўрсиниб қўйди.

Ҳар ойнинг охирида Дуйшэн иш билан волостга пиёда жўнаб кетарди-ю, шу билан икки-уч кун деганда қайтиб келарди.

Шу кунларда биз уни жуда соғиниб қолардик. Бир туғишган акамни кутгандай келинойимга сездирмай, тез-тез пастки йўлга қараб, муаллимнинг хуржун кўтарган қиёфаси кўринармикин, юрагимни илитувчи табассумини қачон кўраркинман, маърифатли сўзларини қачон эшитаркинман, деб йўлига интизор бўлиб кутардим.

Дуйшэннинг шогирдлари ичида энг каттаси мен эдим. Шунинг учун ҳам бошқалардан уқувим яхшироқ эди, лекин, назаримда, бошқа сабаби ҳам йўқ эмасди. Муаллимнинг ҳар бир сўзи, кўрсатган ҳар бир ҳарфи мен учун табаррук, муаллимга ихлосим зўр эди. Дуйшэннинг таълимини қулоғимга қуйиб олншдан ҳам муҳимроқ илинжим йўқ эди бу дунёда.

Дуйшэннинг берган дафтарини аяб-авайлаб, ер кўкка ишонмай, юрган йўлимда ўроқ учи билан ер чизиб, кўмир билан деворга, хивич балан қор устига ҳарф суратини солиб, сўз тўқиб юрардим. Назаримда, дунёда Дуйшэндан ўтар олим, ундан ўтар ақлли одам йўқ эди.

Шу орада қиш ҳам кириб қолди.

Биринчи қор тушгунча тепанинг этагида шилдираб оқиб турган ариқдан қўл ушлашиб кечиб ўтиб юрдик. Кейин ариқнинг суви оёқни кесиб юборадиган бўлиб, кичкина болаларнинг кўзидан тирқираб ёш ҳам чиқиб кетди. Энди болалар турнадай тизилиб туришарди. Дуйшэн уларни галма-галдан биттасини елкасига олиб, иккинчисини қўлида кўтариб ариқдан ўтказиб қўярди.

Шуларни ҳозир ўйлаб кетиб, кўрган кўзимга ҳам ишонгим келмай қолди. Одамлар ўша вақтда жоҳиллигиданми дейман ёки бўлмаса ақли калталик қилганми, ҳайтовур, Дуйшэндан кулишарди. Тоғда қишлаб, ҳар замон тегирмонга келган бойларни асти қўяверинг. Устларида почапўстин, бошларида сувсар телпак, остларида семиз отларини ўйнатиб, кечув ёнида бизга дуч келганларида Дуйшэнни калака қилганлари-қилганди:

– Манави, биттасини қўлига, биттасини орқалаб олган жўжабирдай ким ўзи? - деб қамчиси билан туртиб ўтмай қўймасди биронтаси.

Бошқа бири:

– Аттанг, бунақа меҳнаткашлигини билганимда, кичик хотинликка олардим-ку! - дея хохолаб кулиб, ҳамма ёғимизга лой сачратиб ўтиб кетишарди.

Ўшанда хўрлигим келиб йиғлагудай бўлардим, ғазабим қайнаб, кучим етса отнинг тизгинидан ушлаб, «Муаллимимизнинг садақаси кетгур, уятсиз, аҳмоқлар!» - деб юзларига тик боқиб қичқиргим келарди.

Бироқ норасида қизнинг гапига ким ҳам қулоқ соларди. Аччиқ-аччиқ кўз ёшларимни ичимга ютиб қолаверардим. Дуйшэн бўлса ҳеч нима кўрмаган, ҳеч нима эшитмагандай, бу сассиқ гапларга парво ҳам қилмасди. Қайтанга, бирон қизиқ гап ўйлаб топиб, бизларни алаҳситиш пайидан бўларди.

Кўприк солишга ёғоч топиш учун Дуйшэн ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам, бўлмади. Бир куни мактабдан қайтаётганимизда, болаларни ариқдан ўтказиб қўйдик-да, Дуйшэн иккаламиз ариқ бўйида қолдик. Сув кечишдан қутулпш учун тош ва чимдан ҳатламчи ясамоқчи бўлдик.

Ростини айтганда, овулдагиларнинг ўзлари инсоф қилишса, шу ерга иккита-учта тахта олиб келиб ташлашса, кўприк ҳам битарди-қўярди, лекин у замонларда ўқишнинг маъносига ақли етмаган халойиқ, Дуйшэнни анчайин бекорчи афанди деб билишарди. Чидасанг ўқит, бизни тинч қўй, дегандай, от кечган ерга кўприк солиб ўрганмаган одамлар, бизнинг мушкулимизни осон қилиш етти ухлаб тушларига ҳам келмабди-я! Лекин улар, таналарига бир ўйлаб кўришса бўларди: нима учун бошқалардан ортиқ бўлса борки, лекин кам ери бўлмаган, ақли ҳуши жойида бу навқирон йигитиинг шунча азоб-уқубат, хўрликларига қарамай, тиришиб-тирмашиб уларнинг болаларини ўқитиб, қўлидан келганича уларга илм бераётганининг важи нима эди?

Биз ўша куни ариққа ҳатламчи солаётганимизда биринчи қор тушган эди. Суяк-суяклардан ўтиб оёқ-қўлни қақшатган муздек сувда Дуйшэннинг оёқ яланг бўлиб олиб, катта-катта харсанг тошларни кўтариб юрганига ҳали-ҳали ақлим етмайди. Ариқнинг ўрта еридан зўрға қадам ташлаб борардик, сув оёғимни кесиб кетай дерди, бир вақт болдиримнинг томири тортишиб, аламига чидолмай қолдим, номус кучли, на бақиришимни биламан, на қаддимни ростлай оламан. Кўзим тиниб йиқилиб кетаётган эканман. Дуйшэн кўриб қолди, қўлидаги тошни ирғитиб юбориб ёнимга югуриб келди, даст кўтариб, ариқдан олиб чиқди-да, ерда ётган шинелига қўйди. У гоҳ тиришиб, кўкариб қолган оёқларимни уқалар, гоҳ музлаб қолган қўлларимни кафтлари орасига олиб ишқалар, гоҳ оғзига яқин олиб бориб нафаси билан илитарди.

– Қўй, Олтиной, садағанг кетай, сен шу ерда исиниб ўтиравер, - деб Дуйшэн ялингандай бўлди,– мен ўзим ҳозир битказаман...

Ҳатламчини битиргандан кейин, Дуйшэн этигини кийиб туриб, совуқдан ҳурпайган авзойимни кўриб мийиғида кулиб қўйди:

– Исидингми, ҳашарчи қиз? Шинелни ёпиниб ол, ҳа балли! - деди. Бир оздан кейин: – Ҳув ўшанда тезак қолдириб кетган сенмидинг, Олтиной? - деб савол берди.

– Ҳа, - дедим мен.

Дуйшэн ўзи билан ўзи гаплашгандай: «Ўзим ҳам шундай деб ўйловдим» дегандай мийиғида кулиб қўйди.

Ҳали-ҳали эсимда, ўша онда икки юзим ёниб олов бўлиб кетди: бундан чиқди, бу арзимаган нарсани муаллимим билган ва эсида сақлаб юрган экан-да! Ўзимни бахтиёр ҳис қилдим, бошим осмонга етди.

Дуйшэн ҳам менинг хурсандлигимни сезди.

– Садағаси кетай, шу оппоқ қизни, - деди у мени эркалатиб,– қандай доно қизки... Қани энди қўлимдан келса, сени катта шаҳарга юбориб ўқитсам. Улуғ мартабали одам бўлиб етишардинг-а!

Шундай деди-ю, Дуйшэн шартта бурилиб ариқ бўйига борди.

Тошлар устидан шалдираб оқиб турган кўм-кўк сув лабида икки қўли орқасида-ю, кўкрак кериб, тоғ устидан сузиб ўтаётган оқ булутларга чанқоқ кўзлари билан тикилиб, ўй суриб тургани ҳали-ҳали кўз олдимдан кетган эмас.

Нималарни ўйлади экан ўшанда? Хаёлида мени ростдан ҳам катта шаҳарга ўқишга юборган бўлсамикин! Мен бўлсам Дуйшэннинг шинелига ўралиб олиб: «Оҳ, қани энди Дуйшэн туғишган акам бўлса-ю, бўйнига осилиб эркалаб қаттиқ-қаттиқ қучоқласам, кўзимни чирт юмиб дунёда бор ширин-ширин гапларни шивирлаб қулоғига айтсам! Эй, худойим, уни менга туғишган ака қила қолсанг нима бўпти!» - деб тилак тилагап эдим. Ўшанда муаллимимизни одамгарчилиги, яхши ниятлари учун, бизларнинг келажагимиз тўғрисида ғамхўрлик қилганлиги учун ҳам унга меҳр қўйиб, иззат-ҳурматини бажо келтирган бўлсак керак. Бизлар гўдак болалар бўлсак ҳам, ўйимча, ўша вақтдаёқ ақлимиз етиб турарди шунақа нарсаларга.

Бўлмаса тиззадан сув кечиб, изғиринда нафасимиз кесилиб, шунча узоқ жойга – тепаликка ҳар кун қатнаб тинка-мадоримизни қуритишга бизни ким мажбур қиларди, дейсиз? Мактабга ўз ихтиёримиз билан ҳавас қилиб борардик. Ўқишларингга борсаларинг-чи, деб бизни қистовга оладиган ҳеч ким йўқ эди. Бу музхона саройда юз-кўзларимизни қиров босиб, оёқ-қўлларимиз совуқдан музлаб қолса ҳам, чидаб ўтирардик. Фақат печка ёнига бориб навбатма-навбат исиниб олардик, қолганларимиз ўз ўрнимизда Дуйшэннинг дарсларига қулоқ солиб, ўқиш билан машғул бўлардик.

Мана шундай қаҳратон қиш кунларидан бирида, энди ўйласам январь ойининг охирларида бўлса керак, Дуйшэн уйма-уй кириб, бизларни йиғди-да, мактабга бошлаб кетди. У индамай борар, қовоқлари бургут қанотидай уюлган, ранги ўчган, юзи бамисоли чўғда тобланган темирдай унниқиб кетган эди. Биз муаллимимизни ҳеч қачон бундай ҳолатда кўрмаган эдик. Унинг, авзойига қараб бизлар ҳам жим бордик: бирон кўнгилсиз ҳол юз берганини сезиб турардик.

Йўлда қор тепаликларига дуч келганимизда Дуйшэн доимо аввал ўзи йўл очар, унинг кетидан мен юрардим, кейин ҳамма болалар ўтиб олишарди. Бу гал ҳам тепага чиқаверишда кечаси қор уйилиб қолган экан, Дуйшэн йўл очгани олдинга ўтиб кетди. Баъзида одамнинг орқасидан ҳам унинг авзойини, кўнглидан нима гаплар ўтаётганини билса бўлади. Ўшанда ҳам муаллимимиз бошига оғир мусибат тушганлиги сезилиб турарди, нега деганда, у бошини қуйи солиб зўрға оёқ судраб кетаётган эди. Кўз олдимда гоҳ қора, гоҳ оқ даҳшат солиб намоён бўлиб тургани ҳали-ҳали эсимда: бизлар ғоздай тизилиб тепаликка чиқиб кетаётганимизда, қора шинель остидан Дуйшэннинг букчайган қадди кўзга ташланди, ундан юқорида оппоқ қор тепаликлари туя ўркачларидай кўриниб турар, шамол ҳар гал ҳамла қилганда уларнинг учини учириб кетарди, ундан ҳам баландроқда – сутдай оппоқ осмонда бир қора булут қора доғдай кўзга чалинарди.

Мактабга етиб келганимизда Дуйшэн печкага олов ҳам ёқмади.

– Ўрнинглардан туринглар, - деб буюрди. Ҳаммамиз ўрнимиздан турдик.

– Телпагингларни олинглар, - деди.

Бизлар ҳаммамиз итоатгўйлик билан телпагимизни қўлимизга олдик, ўзи ҳам аскарликдан кийиб келган қулоқчинини бошидан юлиб олди. Нима бўлаётганига ақлимиз етмай туравердик. Кейин муаллимимиз совуқдан бўғилган узуқ-узуқ овоз билап гап бошлади:

– Ленин отамиз оламдан ўтди, ҳозир бутун дунёда одамлар мотамда. Сизлар ҳам жой-жойларингиздан қўзғалмай, мана бу суратга қараб туринглар. Бу кун бир умр хотирингизда сақланиб қолсин.

Мактабимизнинг ичи худди сув сепгандек жимжит бўлиб қолди. Эшик-тешикдан шамолнинг увиллаши, шамол учириб келган қорнинг шитирлаб похол устига тушиши ҳам эшитилиб турарди.

Тиним билмаган шаҳарлар жимиб, еру кўкни ларзага келтириб турган заводлар сукутга кетганда, гумбурлаб дала-даштларни янгратиб турган поездлар етган жойида тўхтаб, бутун дунё мотам либосига бурканиб олганда – мана шу мотам соатида халқнинг бир бўлагининг бир зарраси бўлмиш биз, Дуйшэннинг шогирдлари мактабимизда, ҳеч ким кўрмаган, ҳеч ким билмаган бу муздай саройда муаллимимиз билан ёнма-ён ғамгин қиёфада саф тортиб турардик. Ленин учун ҳаммадан кўпроқ куйиб-пишган, энг яқин кишиларидай видолашдик. Ленин бобомиз бўлса ярадор қўли боғлоқлик, бояги-боягидай ҳалпиллаган ҳарбий кийимда деворга осиқлиқ жойидан бизларга жилмайиб қараб турарди. У ҳамон ўша очиқ чиройи билан бизга қараб: «Келажагингиз қандай гўзал, қандай порлоқ бўлишини билсангиз эди!» дегандай бўларди. Ўша сокин дақиқада, назаримда, дарҳақиқат у менинг келажагимни ўйлаб тургандай кўриниб кетди кўзимга.

Кейин Дуйшэн кўз ёшларини артиб, бизга бир кўз югуртириб чиқди-да:

– Мен бугун вилоятга жўнаб кетаман. Партияга кираман. Уч кундан кейин қайтиб келаман, - деди.

Ўша уч кун, назаримда, табиатнинг энг аччиқ, энг қайғули кунлари бўлди. Дунёдан ўтган улуғ зотнинг ўрни тўлмай, табиат армон таронасини бўронга, ўксик-ўксик ўшқирган шамолга бериб, дарди аламини қаҳратон совуққа бериб, қоя ва харсанг тошларга келиб ўзини урди, тинчини тополмай қолди... Қайғу-ҳасрат, надомаг, талпинишдан ўзини тутолмай, дод фарёд ичида ерпарчин бўлаверди...

Овулимизга жимлик чўкди, пастлаб тушган булутлар орасида ғира-шира қораси кўриниб турган тоғ-тошлар остида жимиб қолди. Қурум босган мўрилардан узун-узун тутун чиқиб турарди, одамлар уйдан кўчага чиқмай қўйишди. Атрофда бўрилар ҳам увлаб қолишди. Қутуриб, катта йўлда куппа-кундуз кунлари ҳам ҳурадиган бўлиб қолишди, кечалари овулга яқин келиб, тишлаб тортқилайдиган ҳеч нима тополмай, тонг отгунча увлаб изғиб юришарди.

Муаллимимиздан негадир хавотир олиб, устида иссиқроқ тўни ҳам йўқ, юпқа шинелда бу совуқда қандай отиб келар экан, деб юрагимни ҳовучлаб юрдим. Дуйшэн келадиган куни кўнглим ғаш бўлаверди, ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Дам-бадам эшикка чиқиб, қораси кўринармикин деб кўзим тўрт бўлиб турдим; жим-жит, қорли далада одамзод боласидан асар ҳам кўринмади. Нима бўлдийкин, келмай қолиш одати йўқ эди-ку!

«Вой, худойим-ей, кечга қолмай эртароқ кела қолса-чи! Бўйгинангдан айланай, оғам! Бемаҳалда қаёқларда юрганикин!» - деб ичимда койиб ҳам олдим.

Бироқ, унсиз нидомга қирдан жавоб бўлмагандан кейин, келинойимга билдирмай йиғлаб ҳам олдим.

Ҳадеганда, эшикка югуриб туришим келинойимнинг жонига тегиб кетгандан кейин:

– Ҳой, шум оёқ, эшикни тинч қўясанми-йўқми? Гум бўлиб ўтирсанг-чи ўрнингда, ипингни йигир! Болаларни ҳам тоза музлатдинг, яшшамагур! - деб дағдаға қилиб мени эшикка чиқармай ўтирғизиб қўйди.

Қош қорайиб қолди, муаллимнинг келган-келмаганидан бехабар ўтирардим. Типирчилаб юрагим ўйнаб кетаверди. Ҳар замонда, Дуйшэн етиб келган бўлса керак, деб ўзимни овутиб қўяман. Айтган кунида келмай қолиш одати йўқ эди-ку, дейман ўзимга-ўзим. Гоҳ тоби қочиб қолган бўлса-я, мадори кетиб зўрға қадам ташлаб келаётгандир, бўронга қолиб адашиб кетса нима қиламан, дейман. Ип йигирмоқчи бўламану, қўлим титраб ип ҳадеб узилгани-узилган, буни кўрган келинойимнинг жазаваси тутиб:

– Сенга нима бало бўлди?! Ёғоч бўлиб қолганми дейман қўлинг? - деб менга хўмрайиб ғажиб ташламоқдан бери бўлиб ўтирди. Кейин сабри чидамай қолди шекилли: – Қора қонинг оғзингдан келгур! Тур ўрнингдан, Сайқал бувининг қопини обориб бер, - деди.

Суюнганимдан ўрнимдан ирғиб туриб кетибман. Дуйшэн ўша Сайқал бувининг уйида турарди-да. Сайқал буви билан Қартангбой отанинг менга узоқроқ қариндошлиги бор эди. Илгари уларникига борганимда, вақт-вақти билан тунаб ҳам қолардим. Келинойимнинг эсига шу нарса келдими ё худонинг менга раҳми келдими, ишқилиб, қопни қўлимга ушлаб турганимда келинойим яна:

– Жуда жонимга тегиб кетдинг, бор ўшоққа! Хўб дейишса, Сайқалникида ётиб қола қол, йўқол кўзимдан...- деб қўшиб қўйди.

Югуриб ҳовлига чиқдим, шамол жазаваси тутган шамандай бўкирарди: ўқчигандай бўларди-да, кейин тўсатдан кишига ҳамла қилиб, ловиллаб ёниб турган юзларимга қор тикандай келиб санчиларди. Қопни қўлтиғимга қисиб олиб, эндигина кўриниш берган от туёқлари изидан овулнинг нариги учига қараб ғизиллаб чопиб кетдим. Ўзим бўлсам: «Келганмикин, муаллим келганмикин?» деб яккаш шуни ўйлайман.

Ҳаллослаб югуриб етиб бордим, қарасам, йўқ. Эшик олдида нафасим оғзимга тиқилиб тош қотиб қолганимни кўриб Сайқал буви қўрқиб кетди:

– Сенга нима бўлди? Намунча югурмасанг, тинчликми ўзи?

– Ҳа, ўзим. Мана, қопингизии олиб келувдим. Ётиб қолсам майлими?

– Ҳа, болам қола қол, чироғим... Оббо, жинни қиз-э! Юрагимни ҳам қинидан чиқаза ёздинг-а! Ўзинг ҳам куздан бери қорангни кўрсатмай қўйдинг. Кел, ўтга яқин келиб ўтир, исиниб ол.

– Қозонга гўшт ташла, кампир, қизимни меҳмон қил. Дуйшэннинг ҳам келадиган вақти бўлиб қолди. - Дераза ёнида эски кийиз этикни ямаб ўтирган Қартангбойнинг овози чиқди. – Аллақачон келиши керак эди, ҳа майли, қоронғи тушгунча келиб қолар. Уйга қайтарда отнинг қадами ҳам илдамлашиб қолади.

Ҳадемай деразалар қоронғиланиб, тун ҳам кириб колди. Юрагим пойлоқчилик қилиб тургандай, ҳар гал итлар вовиллаганда ё қулоғимга одам товуши чалинганда бир сесканиб тушардим. Лекин Дуйшэндан дарак йўқ. Яхшиямки, Сайқал буви бир маҳалгача ундан-бундан гапириб, вақт ўтганини ҳам билмай қолдик. Ана келар, мана келар, деб кутиб ўтираверибмиз, қарасак, ярим кечадан ошиб кетибди, кута-кута чарчагандан кейин Қартангбой ота:

– Қўй энди, кампир, жойингни сол, ётамиз. Бугун келмайди энди. Кеч бўлиб қолди. Бошлиқларнинг нимаси кўп, иши кўп бўлади, бирон иш билан ушланиб қолган бўлса керак, бўлмаса аллақачон уйда бўларди, – деди-да, ечиниб ўрнига ётишга тайёрланди. Менга печканинг орқасига, бир бурчакка жой солиб беришди. Кўзимга ҳеч уйқу келмади, чолнинг йўтали қўзғаб, у ёнидан бу ёнига ағдарилиб, шивирлаб дуо ўқиб ётди-да, бир маҳал тинчини йўқотган одамдай:

– Отгинамнинг ҳоли нима кечди экан? Текинга биров бир тутам хашак бермайди, емни бўлса пулга ҳам топиб бўлмайди, - деб минғирлаб қўйди.

Қартангбой ота бир оздан кейин ухлаб қолди-ю, лекин шамолнинг увиллаши кишини тинч қўймади. Шамол худди томда пайпаслаб юргандай ғудур панжалари билан уйнинг тепасини ағдар-тўнтар қилар, ойнани тимдаларди. Ҳовлида шамол деворга келиб ўзини ураётгани баралла эшитилиб турарди.

Чолнинг сўзлари менга тасалли бермади. Назаримда, Дуйшэн ҳозир етиб келадигандай, сурати хаёлимдан кўтарилмай, кўз олдимда тураверди, ёлғиз ўзи қир-далада аҳволи нима кечдийкин, деб юрагимни ваҳима босаверди... Шу аҳволда кўзим юмилиб кетган бўлса керак, бир маҳал юрагим ҳовлиқиб кетди-ю, бошимни ёстиқдан кўтардим. Совуқ, хунук увлаган товуш янграб қаерлардадир ҳавода тарқалиб кетди. Бўри овози! Битта эмас, бир галага ўхшайди. Бўрилар тўрт томондан увлаб, жадаллик билан яқинлашиб келаверди. Жўр, бўлишиб ер-кўкни бузиб галалашиб, увлаши гоҳ узоқлашиб, гоҳ яқинлашиб турар, шамолда қир-далага тарқаларди, ахийри овул четига етиб келишгандай бўлди.

– Бўрон чақиришяпти, ер ютгурлар, - деди кампир шивирлаб.

Чол жимгина қулоқ солиб турди-да, ўрнидан ирғиб турди:

– Йўқ, кампир, буларнинг увлаши бежиз эмас! Бировни қувиб келишяпти. Одамними, бирон йилқиними, бир нимани ўраб олишган. Эшитяпсанми? Худо сақласин, яна бизнинг Дуйшэн бўлмасин! Ахир, у ҳеч нимани писанд қилмайдиган тентак-ку!

Қартангбой қоронғида тўнини ахтариб ҳовлиқиб қолди.

– Чироғингни ёқ, кампир, чироғингни ёқсанг-чи! Худо хайрингни берсин, тезроқ бўл!

Титраб-қақшаб биз ҳам кампир билан бирга шошиб ўрнимиздан турдик, кампир чироқни топиб уйни ёритгунча бўриларнинг қутуриб увлаши тўсатдан тўхтаб, жим бўлишди-қолишди.

– Йиқитишди, гўрсўхталар! - деб чол бақириб юборди-да, қўлига таёқ олиб ўзини эшикка қараб отган эди, шу чоқ итларнинг вовиллаган овози эшитилди. Кимдир қор ғажирлатиб дераза ёнидан ўтди, тоқатсизлик билан эшикни тақ-тақ ура бошлади.

Уй ичига муздек булут ёпирилиб кирди. Булут тарқалганда қарасак, Дуйшэн турибди. Юзида қони йўқ, оппоқ оқариб кетган, энтикиб, гандираклаб остонадан ўтиб, деворга келиб суяниб қолди. Азбаройи ҳолдан кетгандан:

– Милтиқ! - деди зўрға.

Бизлар гапини англамагандай анграйиб турардик. Кўз олдимни қоронғилик босиб, чол-кампирнинг:

– Қора қўй, оқ қўй садақа бошингдан! Баҳовиддин авлиё сени ўз паноҳида асрабди! Сенмидинг, бўтам? - деган гаплари қулоғимга кирганини биламан.

– Милтиқ қани, милтиқ, ота? - деб Дуйшэн яна эшик томонга отилган эди.

– Милтиқ йўқ, нима бўлди, қаёққа борасан? - деб чолу кампир Дуйшэннинг бўйнига осилишди.

– Сўйил борми?

– Сўйилни нима қиласан, ҳеч қаёққа бормайсан, эсинг жойидами, болам? Ким билан тенглашмоқчисан, бизга ҳам раҳминг келсин, - деб икковлари ялиниб-ёлворишди.

Бирданига бутун авзойим шалайим бўлгандай секин бориб ўрнимга ётиб олдим.

– Улгуролмадим, ҳовлига етиб келувдим ҳамки, босиб олишди, - деб оғир хўрсиниб қамчисини бурчакка ирғитди Дуншэн. – От йўлда келаётгандаёқ мадори қуриган эди, бўрилар қувиб қолишди, овулга зўрға чопиб келди-ю, гуп этиб йиқилди, ўша замони ҳаммаси келиб устига ёпирилишди.

– Худо ўзи сени бир асрабди! От кетса садқаи садаға, от йиқилмаганда сени ҳам омон қўйишмасди, Авлиё Баҳовиддин қўллабди сени, охири бахайр бўлсин. Энди ечиниб ўтга яқинроқ кел. Кел, этигингни тортиб қўяй, - деб Қартангбой ота суюнганидан Дуйшэнни қўярга жой тополмай қолди.

– Ҳой, кампир, ниманг бор ейдиган, исит. Бир худо асрабди ўзингни, болам.

Улар оловга яқин бориб ўтиришди. Шундан кейин Қартангбой енгил тортиб хўрсиниб қўйди:

– Ҳа, майли, пешонангда ёзилгани бўпти. Ўзинг ҳам мунча кеч йўлга чиқмасанг?

– Волкомда мажлис чўзилиб кетувди, ота. Партияга кирдим.

– Бу ишинг яхши бўпти. Шундоғ экан, эртага эрталаб кела қолсанг бўлмасмиди? Ахир, сени биров елкангдан итариб, кет, демагандир?

– Болаларга бугун келаман деб ваъда берувдим, - деб жавоб қилди Дуйшэн, – эртага эрталаб ўқишимизни бошлаймиз.

– Оббо, тентаг-э! Яна болаларим дейди-я! - деб Қартангбойнинг жаҳли чиқиб бир сапчиб тушди: – Тавба, болаларга ваъда берувдим дейди-я! Шу мишиқиларни деб, худо кўрсатмасин, бирон фалокатга учрасанг, унда нима бўларди? Нима деяпсан ўзинг, бир ўйлаб кўрсанг-чи?

– Буни мен муқаддас бурчим деб биламан, отахон. Бу-ку майлику-я, ҳар гал пиёда бориб, пиёда келардим, бу сафар шайтон мени йўлдан оздириб, ёлғиз отингиздан ажратиб, бўриларга хомталаш қилиб берганимни айтмайсизми...

– Бош-кўзингдан садақа, болам! Шу қирчанғи отни ҳам гапириб ўтирибсанми, - деб Қартангбой киноя аралаш гапириб қўйди. – Бир умр пешонамга от битган эмас, бу ёғи ҳам бир гап бўлар. Совет ҳукуматининг садағаси кетай, яна отлик бўлиб қоларман...

– Шундоғ десангиз-чи, чолим, - деди Сайқал кампир йиғламсираган овоз билан, – от сендан айлансин... Овқатингни иссиғида ича қол, болам...

Жимлик чўкди. Бир оздан кейин Қартангбой хаёл суриб тезак чўғни титкилаб ўтириб:

– Қараб турсам, ўзинг эс-ҳушли йигитсан. Бу гўдак болаларни ўқитаман, деб ўзингни минг азобга дучор қиляпсан. Шундан бошқа тузукроқ иш қуриб қолганми сенга? Ўзингни бунча хор қилмасанг, ундан кўра, биронтасига чўпонликка ёллансанг ҳам, устинг бут, қорнинг тўқ бўларди-ку, ахир...

– Ота, жигарчилик қилиб менга юрагингиз ачишиб турибди, биламан. Агар шу ёш болалар ҳам сизга ўхшаб, ўқишнинг нима кераги бор, ўқиб нима бўлардик деб туришса, унда Совет ҳукуматининг иши юришмай қолади-ку. Ўзингиз Совет ҳукуматининг садағаси кетай, умри узоқ бўлсин деяпсиз-ку! Шу важдан бола ўқитишни ўзимга хорлик деб билмайман. Қани энди, қўлимдан келса, болаларга кўпроқ билим беролсам, армоним қолмас эди. Ахир, Ленин ҳам айтган-ку...

– Ҳа, айтганча...- деб Қартангбой Дуйшэннинг гапини бўлди-ю, бир оз жим тургач деди:

– Сен-ку, жонингни жабборга бериб юрибсан. Қани, кўз ёшинг билан Лениннн тирилтириб ололсанг эди! Қани энди дунёда шунақа куч топилса эди! Ё бўлмаса сен, бошқа одамларда дард қолмаган, деб ўйлаяпсанми? Ахир, юрак-бағримиз тутоқиб кетяпти-ку! Ноиложмиз-да! Дини бошқа бўлса ҳам, сиёсатга тўғри келадими-йўқми, унга атаб кунига беш вақт дуо ўқиб юрибман. Баъзида, Дуйшэн болам, қанчалик қайғуриб кўз ёши қилсак ҳам, бари бир, фойдаси йўқлигига ақлим етиб туради. Мен кекса бошимга шундай деб қўйдим: Ленин халқ орасига сингиб қолди, Дуйшэн, энди қондан қонга, отадан болага ўтиб, абадий барҳаёт бўлиб қолади...

– Тилингиздан айланай, отахон, ҳақ гапни айтдингиз. У ўзи дунёдан ўтди-ю, лекин бизлар ҳаётни Ленин андазаси билан ўлчаймиз.

Уларнинг гапини эшитиб ётиб, мен анчадан кейин секин-аста ўзимга келгандай бўлдим. Аввал ҳаммаси тушдай кўринди, Дуйшэннинг эсон-омон қайтганига анчагача кўнглим ишонмай ётди. Бир маҳалда юрагим қувончга тўлиб тошгандан нафасим бўғзимга сиғмай қолибди, азбаройи суюнганимдан ўпкам тўлиб кўз ёшларим дув-дув тўкилиб, йиғлаб юбордим! Билмадим, дунёда ҳеч ким менчалик хурсанд бўлганмикин! Шу дамда чол-кампирнинг кулбаси ҳам, бўрондай бўкираётган тун ҳам, овулнинг бир бурчагида Қартангбойнинг ёлғиз отини тортқилаб хомталаш қилаётган бир гала бўрилар ҳам, ҳеч нима кўринмай қолди! Қалб, идрок, бутун вужудим нур сингари бепоён, бениҳоя ажойиб бахт дарёсига ғарқ бўлганди. Йиғим эшитилмасин деб бошимни кўрпага буркаб, оғзимни қаттиқ юмиб олдиму, лекин Дуйшэн:

– Бу йиғлаётган ким бўлди? - деб сўраб қолди.

– Ҳа, Олтиной, боя қўрқиб кетувди, шунга йиғлаяпти, - деди Сайқал буви.

– Олтиной? Нима қилиб юрибди бу ерда? Дуйшэн ўрнидан ирғиб турди, тепамга келиб тиззалаб ўтирди-да, елкамга қўлини тегизиб: И-е, Олтиной, нима бўлди сенга, нега йиғлаяпсан? - деб сўради. Мен бўлсам йиғимни тиёлмай, юзимни деворга ўгириб, баттар ҳўнграб йиғлаб юбордим.

– Ҳа, оппоқ қиз, нимадан қўрқдинг? Тентак қиз! Кап-катта бўлиб-а... Қани... менга бир қара-чи!

Дуйшэннинг бўйнидан қаттиқ қучоқлаб олдим, кўз ёшларим билан ювилган, олов бўлиб ёниб турган юзларимни унинг елкасига қўйганимча ўзимни тутолмай ширин-ширин йиғлайвердим! Суюнганимдан ичимдан қалтироқ турди.

– Вой, вой, юраги тушиб қолганми дейман. Кампир, бунга бир дам солиб қўйсанг-чи, кел тезроқ қимирласанг-чи, – деб Қартангбой ҳам наматдан турди.

Ҳаммалари бесаранжом бўлиб қолишди.

Сайқал буви аллақандай дуоларни ўқиб, гоҳ юзимга сув пуркаб, гоҳ елкаларимни қоқиб юрибди-ю, яна ўзи менга қўшилишиб йиғлайди. Ўшанда юрагим қувончга тўлиб-тошганидан ўрнидан жилиб қолганини билишса эди, буни таърифлашга ҳолим йўқ эди, ростини айтганда, ожизлик ҳам қилардим.

Тинчиб, кўзим уйқуга кетгунча, Дуйшэн қизиб кетган пешонамни совуқ қўли билан силаб ёнимда ўтирди.

* * *

...Қиш довон ошди. Баҳор ели етиб келганда тоғ қўйнида оқ қор, кўк муз силжиб ўзига йўл очиб катта-катта тошларни юмалатиб юборганда, баҳор таронасини ўйнаб тошқин сувлар тоғ елкаларидан шилдираб оқиб тушди.

Эҳтимол, бу менннг илк ёшлик баҳорим бўлгандир. Баҳор кўрки кўзимга ҳар йилгидан бошқачароқ туюлди шекилли, бизнинг мактабимиз ўрнашган тепадан кўринган ажойиб баҳор манзараси мени ўзига мафтун қиларди. Ер худди қулоч ёйиб ўзини тўхтатолмай тоғдан қуёш нурига ғарқ бўлган, енгил, суюққина тутун қоплаган кўкимтир бепоён дала-қирларга ғизиллаб югуриб бораётгандай бўлар, аллақаерлардан ҳавони ларзага келтириб кишнаган чўзиқ йилқи овози эшитилиб турар, осмонда кумуш булутлар оралаб кишига завқ бериб ўтаётган турналар еру кўкка баҳордан дарак бериб узоқ сафарга чорлагандай саф тортиб ўтишарди.

Баҳор келиши билан бизларга ҳам жон кирди. Ўйин-кулгимиз кўпайиб, мактабдан овулга бир-биримизни қувалашиб, қийқиришиб борардик. Келинойимнинг бунга ғаши келиб, ҳар гал бир қарғаб олмаса кўнгли ўрнига тушмасди:

– Ҳей, таъвия, мунча шаталоқ отмасанг? Сўлақмондай бўйинг бир жойга етиб қолибди-ю, юришингни қара, ё қари қизликни бўйнингга олмоқчимисан? Сен тенги қизлар аллақачон эрга чиқиб, қайнаналик-қайнаталик бўлиб олишди, сен бўлсанг... Ҳув, топган матоҳинг бошингда қолсин! Мактабинг билан қўшмозор бўлгур! Ҳали шошмай тур, адабингни бермасам сени...

Келинойимнинг дўқлари ҳам менга унча кор қилмасди, унинг қарғишларини эшитавериб этим ўлиб қолганди. Ичи қоралигидан қари қиз дерди, бўлмаса бўйим ўзи шу йил баҳорда сал чўзилганини демаса, ўзим бояги-бояги, Дуйшэн айтмоқчи, сочи пахмоқ малла қизман-ку... Дуйшэннинг гапига жаҳлим ҳам чиқмасди. «Сочим-ку пахмоқку-я, – деб ўйлардим ўзимча, – лекин малла эмасман. Бўйим етсин бир чиройли қиз бўлайки, одамларнинг ҳаваси келсин! Дуйшэн менга: кўзларинг юлдуздай ёниб туради, истаранг иссиқ, Олтиной», - деб айтиб юради-ку!

Бир куни мактабдан келсам ҳовлимизда икки бегона от боғлоқлик турибди. Эгар-жабдуғига қараганда, эгалари тоғдан тушишган. Илгари ҳам бозор-ўчардан қайтишда ҳовлимизга кириб ўтишарди.

Келинойимнинг қандайдир беўхшов хохолаб кулгани остона хатламасимданоқ қулоғимга чалинди:

– Жиян бола, кўпам пишиқлик қилаверма, камиб қолмайсан. Келинойимнинг қадрини жазманинг қўлингга текканда биласан! Ҳали замон ўзинг ҳам кўрарсан! Хи-хи-хи!

Ҳаммалари гур этиб кулиб юборишди, мен остонада пайдо бўлганимни кўриб, жим бўлиб қолишди. Тўрда намат устига ёзилган дастурхон ёнида юзлари қип-қизил, семиз бир одам ўтирган экан. У катта сувсар телпаги остидан менга ялт этиб қараб, томоғини қириб йўталгандай бўлди.

– Э, келинг, оппоқ қиз, кела қолинг оппоғим! – қарасам, келинойим жилмайиб, жуда ширин сўз бўлиб қолибди. Амаким ҳам наматнинг бир чеккасида яна биров билан ўтирибди. «Туз, кўзир» деб қарта ўйнаб, ароқ ичиб, овқат еб ўтиришибди. Икковларининг ҳам кайфи бору, қарта урганда тебраниб каллаларини қимирлатишади.

Кўк мушугим дастурхонга яқин келган эди, юзи қизил одам уни мушти билан бир урди, мушук бечора жон аччиғида миёвлаб, бир бурчакка бориб жим бўлиб қолди. Еган мушти жонидан ўтиб кетди-да! Қандай қилиб чиқиб кетишимни билмай турганимда, келинойим менга асқотди:

– Айланай болам, овқатинг қозонда, олиб ея қол, - деди.

Уйдан ташқари чиқиб кетдиму, лекин келинойимнинг тилёғламалигини кўриб, кўнглим ғаш бўлиб қолди. Беихтиёр ҳушёр тортдим.

Чамаси, икки соатлардан кейин меҳмонлар отларига миниб, тоққа жўнаб кетишди. Келинойим яна боягидай: «Шумшук, тирик етимча», – деб қарғай бошлаган эди. Ҳа, бояги мастлигида айтган гаплари экан-да, деб кўнглим ўрнига тушди.

Шу воқеадан бир оз ўтгач, бизникига бир иш билан Сайқал буви кириб келди. Ҳовлида юрганимда унинг: «Вой, бу нимаси! Уволига қолишдан қўрқмайсанми?» - деб кўнгли бузилиб гапирганини эшитиб қолдим.

Колинойим билан Сайқал буви иккаласи қаттиқ айтишиб қолишди, бир маҳал Сайқал буви қизариб-бўзариб уйдан чиқиб кетди. Кампир ҳам раҳми келиб, ҳам ўқрайиб менга қаради-ю, индамай чиқиб кетди.

Кўнглим ғалати бўлиб қолди. Нега менга ўқрайиб қарадийкин, нима ёмонлик қилувдим?

Эртаси куни мактабга борсам, Дуйшэннинг авзойи бузуқ кўринди, сирини бой бермасликка ҳаракат қилмоқчи бўлади-ю, лекин нимадандир хафа. Яна разм солиб турсам, мен томонга қарамаслик пайидан бўлади. Дарсдан кейин биз ҳаммамиз гала-гала бўлиб мактабдан чиққан эдик, Дуйшэн мени чақириб қолди:

– Тўхта, Олтиной, – деб ёнимга келди-да, кўзимга тикилиб туриб қўлини елкамга қўйди. – Уйингга борма, Олтиной, гапимга тушундингми? – деди. Юрагим шув этиб кетди. Келинойимнинг кўнглидаги ииятини энди тушундим.

– Жавобини мен ўзим бераман, – деди Дуйшэн, – ҳозирча бизникида турасан, кўзимдан узоққа кетмагин, хўпми?

Рангим ўчиб кетган бўлса керак, Дуйшэн иягимдан кўтариб, кўзимга тик боқди:

– Қўрқма, Олтиной! – деди, у одатича кулиб қўйиб, – мен ёнингда бўлганимда ҳеч кимдан қўрқма. Ўқишингдан қолма, ҳеч нимани хаёлингга келтирма!.. Қўрқоқлигингни ўзим ҳам биламанку-я...– деб эсига бир нарса тушгандан хохолаб кулиб юборди. – Сенга анчадан буён бир нарсани айтмоқчи бўлиб юрувдим. Эсингдами, ҳў ўшанда Қартангбой ота, азонда туриб олиб қаёққадир чиқиб кетган эди. Бир вақт қарасам, сенга дам солдираман деб, биласанми кимни – фолбинни, ҳалиги Жайнақнинг кампирини бошлаб келибди. – Нимага олиб келдингиз, десам: – Бир дам солиб қўйсин, Олтинойнинг юраги қўрққанидан жойидан кўчиб қолибди дебди. – Э, бу алвастини жўнатинг, бунга берадиган қўй қани биз камбағалда. ЁЛҒИЗ отни бўлса бўрилар еб кетди, деб қувиб юбордим. Сен ухлаб ётган эдинг, кавушини қўлига бериб чиқариб юборувдим, мени оппоқ соқолим билан уятга қолдирдинг, деб Қартангбой ота бир ҳафтагача мен билан гаплашмай юрди. Нимасини айтасан, кампир икковлари меҳрибон, ажойиб одамлар. Юр энди, Олтиной, уйга кетамиз, – деб Дуйшэн мени ўзи билан олиб кетди.

Муаллимимни бекорга хафа қилмаслик учун ўзимни ҳар қанча қўлга олишга ҳаракат қилсам ҳам, ҳадеб мени ваҳима босаверди. Келинойим келиб ура-ура олдига солиб олиб кетса, ким нима дея оларди? Кейин кўнгилларига келган ишни қилишаверади, овулда ким уларнинг қўлини тутарди? Кечалари мижжа қоқмай, бир фалокат бошланади, деб ваҳима қилиб чиқардим.

Қай ҳолатда ётиб-турганимни Дуйшэн, албатта, биларди. Юрак чигалимни ёзиб, кўнглимни кўтариш учун эртаси куни мактабга иккита терак кўчат олиб келди. Ўқиш тамом бўлгандан кейин, Дуйшэн қўлимдан ушлаб, бир чеккага олиб бориб:

– Ҳозир иккаламиз бир иш қиламиз, – деди-да, менга сирли жилмайиб қўйди. – Мана бу теракларни сенга атаб олиб келдим. Иккаламиз экамиз, булар катта бўлиб, бақувват тортгунча, сен ҳам вояга етиб, ажойиб одам бўлиб, гулдай очиласан. Қалби пок, зеҳни ўткир қизсан, назаримда, ўқисанг мартабанг баланд бўлади. Бунга имоним комил, мени айтди деярсан, пешонанг ҳам нишона бериб турибди. Ҳозир новдадай, шу терак кўчатларидай навқиронсан. Кел, Олтиной, шу кўчатларни ўз қўлимиз билан ўтқазайлик! Бахтинг ўқишдан очилсин, чақнаган кўзингдан айланай...

Бўйим тенги ёш-ёш кўк тераклар экан. Мактабимиздан сал нарироқда экиб қўйган эдик, тоғ этагидан эсган шабада эндигина ёзилган япроқчаларни силаб жон киргизгандай бўлди. Япроқчалар зириллаб, теракчалар тебраниб қўйди.

– Мана кўрдингми? Бир чиройлики! - деди Дуйшэн орқасига тисарилиб бориб, – энди ҳув катта булоқдан ариқ очиб келамиз. Ҳали кўрасан, бирам сарвқомат бўлиб вояга етишсинки! Шу тепаликда оға-инидай ёнма-ён қад кўтариб туришади. Ўтган-кетганларнинг кўзига ташланиб, ҳамманинг баҳрини очади. У вақтга бориб замон ҳам бошқача бўлиб кетади. Олтиной, бошимиз омон бўлса, у яхши кунлар ҳам насиб бўлар...

Суюнганимдан кўнглим шодликка тўлиб, нима дейишга гап ҳам топа олмай Дуйшэнга тикилиб тураверибман. Унинг рангпар юзлари, чўзиқ қора кўзлари қандай сулув, ўзи пок қалб эгаси эканлигини илгари билмай юргандай, тол ўтқазганда лой бўлган бармоқ бўғинлари, узун-узун забардаст қўллари қўққисдан тегиб кетганда кишининг юраги ҳузур қилишини сезмай юрган эканман. Ҳозир юрагимни ҳаяжонга солган аллақандай сезги уйғониб: «Дуйшэн оғай, сиздай бола туққан онага раҳмат... Сизни бағримга босиб ўпгим келиб турибди!» - деб юборишимга сал қолди, юрагим дов бермади, ўйларимдан ўзим уялиб кетдим. Лекин ҳали-ҳали афсусланиб юраман. Бироқ, ўшанда тепамизда кўм-кўк осмон, тўрт томонимиз кўкаламзор адиру, ҳар биримиз ўз ўй-хаёлларимиз билан банд эдик. Бошимга тушган хавф-хатарни шу бахтли онда бутунлай унутиб юборгандим. Эртанги куним нима бўлишини ҳам, икки кун бўпти-ю, келинойим мени излаб келмаганини ҳам ўйламай қўйган эдим. Мени эсларидан чиқариб қўйишдимикин ёки ўз ихтиёрига қўйиб қўяйлик дейишдими?

Кейин билсам, Дуйшэн кўнглимдан ўтиб турган ҳамма гапларни билиб юрган экан, овулга етиб келганимизда:

– Кўп ҳам қайғураверма, Олтиной, бир иложини топармиз. Индинга волостга бориб сенинг тўғрингда гаплашиб келаман. Балки ёрдам беришар, сени ўқишга юбортириш ниятим бор. Борасанми ўқишга? - деди.

– Сиз нима десангиз, муаллим, ўша маъқул, – деб жавоб бердим. Шаҳар дегани қанақа бўлишини кўз олдимга келтира олмасам ҳам, Дуйшэннинг гапларини эшитгач, кўнглимда шаҳарга бориб ўқиш орзуси туғилди.

Гоҳ суюниб, гоҳ бегона юртда ҳолим нима кечаркин, деб ваҳима босиб, хуллас, шу гап миямда айланиб юраверди.

Эртаси куни мактабда ўтирганимда ҳам шаҳарга бориб қолсам кимникида тураман, қани энди, савобликка биронта одам бошпана берса, ўтинини ёрарман, сувини ташиб берарман, кир-чирини юварман, ахир қараб турмай, қўлимдан келганча рози қиларман, деб хаёл суриб ўтирувдим, тўсатдан мактабимизнинг орқасида от туёқларининг дупур-дупури эшитилиб қолди. Тўсатдан шитоб билан отлиқлар пайдо бўлиб, ҳозир мактабимизни янчиб вайрон қиладигандай туюлди. Муаллимимизнинг гапи қулоғимизга кирмай, ҳаммамиз ҳанг-манг бўлиб тош қотиб қолдик. Бу ҳолатимизни пайқаган Дуйшэн шошиб:

– Болалар, кўнглингизни бўлмай ўқишингизга қаранглар, – деди.

Лекин эшик шартта очилди, қарасак, остонада аччиқ истеҳзо аралаш кулимсираб келинойим турибди. Дуйшэн эшик олдига борди-да, босиқ овоз билан:

– Хўш, хизмат? – деб сўради.

– Хизматимизнинг сенга дахли йўқ, қизимни узатмоқчи бўлиб юрибман. Ҳой бепадар! – деб келинойим мен томонга отилганди, Дуйшэн йўлини тўсди.

– Булар мактаб қизлари. Узатадиган қиз йўқ бу ерда! – деди дадил ва салобат билан.

– Нима? Бор-йўқлигини ҳозир кўрсатиб қўямиз. Ҳой, жиян бола, қани келинглар. Сочидан судраб чиқинглар, бу юзи қорани!

Келинойим отлиқлардан бирига қўли билан ишора қилган эди, анави кунги сувсар телпак кийган, юзи қип-қизил, семиз одамга кўзим тушди. Унинг кетидан қўлларига узун-узун таёқ ушлаган яна икки одам отдан тушиб келишди.

Дуйшэн эшик олдида турганича ўрнидан қўзғалмади.

– Сен, ҳей дайди ит, бировларнинг қизига ўз хотинингдай хўжайинлик қилмоқчисанми дейман? Нари тур!

Шундай деди-ю, сувсар телпакли худди айиқдай ташланиб Дуйшэнга дағдаға қилди.

Дуйшэн эшик кесакисига қаттиқ ёпишиб олиб:

– Сизларнинг бу ерга қадам қўйишга ҳақингиз йўқ, бу мактаб! - деди.

– Айтмадимми? Буларнинг бир балоси бор. Уни ўзи аллақачон йўлдан уриб олган. Бу қанжиқни текингинага тузоғига илинтириб олган! - деб келинойим чийиллаб юборди.

– Мактабинг билан нима ишим бор! - деб ҳалиги семиз одам бўкириб қамчисини кўтарган эди, Дуйшэн унинг қорнига оёғи билан бир тепди, семиз одам гуп этиб ерга йиқилди. Шу заҳоти сўйил ушлаб турганлар Дуйшэннинг устига отилишди. Қўрқиб ранги қув ўчган болалар дод-войлашиб югуриб ёнимга келишди. Муштлашиш, сўйил зарбидан мактаб эшигининг тит-пити чиқиб кетди. Менга ёпишиб олган болаларни ҳам ўзим билан судраб муштлашаётганлар томонга отилиб бордим.

– Қўйиб юборинглар, муаллимимизни урманглар! Мана, керак бўлсам, мени олиб кетинглар! - деган эдим, Дуйшэн менга бир қараб қўйди. Юзлари қип-қизил қонга бўялган, даҳшат ва ғазабдан кўзларидан ўт чақнаб турарди. Ердан бир парча тахтани қўлига олди-да, у билан ҳамла қила туриб:

– Қочинглар, болалар, овулга қочинглар! Қоч, Олтиной! – деб бақирди. Азбаройи зўр бериб бақирганидан овози бўғилиб қолди.

Дуйшэннинг қўлини синдиришди. У қўлини кўкрагига босиб, орқасига тисарилди, ана улар бўлса қон ҳидлаб қутурган буқадай:

– Ур! Бошига сол! Ўлдир! - деб сўйил билан уни яна роса дўппослашди.

Дарғазаб келинойим билан сувсар телпакли бир сапчиб ёнимга келишди. Сочимни бўйнимга ўраб, ҳовлига судраб чиқишди. Бор кучим билан уларнинг қўлидан суғурилиб чиқишга уриниб турганимда, кўзим бир зумда йиғлашдан ҳам қўрқиб донг қотиб қолган болаларга, девор тагида қора қонига беланиб ётган Дуйшэнга тушди.

– Муаллим! Айланай, оға! Войдод, ўлдиришди-ку булар, - деб бақириб унга интилдим...

Қаёқда дейсиз! Дуйшэн бир ҳолатда... Юз-кўзлари, кийимларидан соғ жойи қолмаган. Аблаҳларнинг калтак зарбидан худди маст одамдай, гандираклаб зўрға оёқ устида турар, ликиллаб қолган бошини тик тутишга ҳаракат қиларди, ана улар бўлса тинмай дўппослашарди. Мени ерга йиқитиб, икки қўлимни чилвир билан орқамга боғлашди. Худди шу пайтда Дуйшэн ерда судралиб қолди.

– Оға! - деб қичқирган эдим, оғзимни қўл билан ёпиб, ўзимни эгар устига ташлашди.

Сувсар телпакли одам отга миниб олган экан, қўли ва кўкраги билан мени маҳкам босиб олди. Дуйшэнни уркалтак қилган анави иккови ҳам отга миниб, ҳаммалари жўнаб қолишди. Келинойим отнииг ёнида югургилаб:

– Хўп таъзирингни едингми, жувонмарг бўлгур! Жазманинг ҳам асфаласофилинга кетди...– деб бошимга муштлаб кетаётганда, бир маҳал орқадан қулоғимга:

– Олтиной! – деган юрак-бағирни эзадиган даҳшатли овоз эшитилди.

Осилиб ётган бошимни зўрға кўтариб қарасам, қоп-қора қонга беланиб чала ўлик қилинган Дуйшэн соғ қўлига каттакон бир тош олиб орқамиздан югуриб келяпти. Унинг орқасидан бутун синф болалари уввос солиб оғайлаб, бақириб келишяпти.

– Тўхта, ҳой итлар! Тўхта дейман! Қўйворинглар уни, қўйворинглар деяпман. Олтиной! – деб сандираклаб югуриб бизга яқин келиб қолди.

Зўравонлар от бошини тортишди, иккаласи Дуйшэннинг атрофида от айлантириб қолишганди, у синган қўлим халақит бермасин деган хаёлда енгини тишлаб отлиқларни пойлаб тош отди, лекин отган тоши тегмади.

Анави иккови Дуйшэнни биттадан сўйил билан урганди, у лойга йиқилиб тушди. Кўз олдим қоронғилашиб, дод солиб йиглашаётган болаларнинг ерда ётган муаллимлари ёнига югуришиб келиб, даҳшат тўла кўзларини унга тикиб тўхтаб қолишганини кўриб қолдим, холос.

Мени қаердан, қаёққа олиб кетишганини билмайман. Кўзимни очсам, ўтовда ётибман.

Қоронғи тушиб кеч кирар экан, ўтов туйнугидан осмондаги ҳеч нарсадан бехабар юлдузларнинг чарақлаши кўзга чалиниб, узоқ-узоқлардан ариқнинг шувуллаб оқиши, пода-пода қўй ҳайдаб кетаётган қўйчивонларнинг овозлари эшитилиб турарди. Ўчоқ бошида қийшайган ёғочдай, қовоқлари солиқ, унниқиб қоп-қорайиб кетган бир хотин ўтирибди. Тўрга қарасам, оҳ, қани энди кўзимнинг ўқи бўлса-ю...

– Ҳей, хотин, турғиз ўрнидан анувни! – деб амр қилди юзи қизил семиз одам. Қора хотин ёнимга келиб, ёғочдай дағал қўллари билан елкамдан силкитиб қўйди.

– Тўқолингни бир амаллаб кўндир, бўлмаса, бари бир, ўз билганимни қиламан!..

Шундай деди-ю, анави одам нусха ўтовдан чиқиб кетди. Қора хотин бўлса ўрнидан қўзғалмади ҳам, оғзидан гап ҳам чиқмади. Соқовмикин! Унинг кул сингари бўзарган совуқ кўзларида ҳеч қандай жон йўқ. Кучук болалигидан миясига урилавериб кўкмия бўлиб қолган итнинг термилган кўзларига ўхшайди. Ер устидаманми, қоронғи гўрга тушиб кетганманми, ўлик-тириклигимни билмай ўтиравердим. Сойда оққан сув мунгли шариллаб ҳолимга ачингандай, тошдан тошга урилиб бетоқат бўлаётгандай...

Минг лаънат сендай ичи қора доғули келинойига! Илойим, уволимга қолгин, қарғишим бошингга етсин. Тўкилган кўз ёшларим, танимдан оққан қонларим сел бўлиб сени ўз қаърига тортсайди!

Шу кеча мени ўн беш ёшимда қизлигимдан жудо қилдилар... Мени зўрлаб хотин қилган шу ҳайвоннинг болаларидан ҳам ёш эканман...

Икки кун ўтиб, учинчи тунда бу кунимдан ўлганим яхши, майли, ўлигим чўл-биёбонларда қола қолсин, қувиб етишса ўқитувчим Дуйшэн сингари жоним борича олишиб ўлганим яхши, деган ўй билан қочмоқчи бўлдим.

Ўтов ичи қоп-қоронғи, секин юриб бориб эшикни топдим, қўлим билан пайпаслаб қарасам, эшикни жун арқон билан танғиб боғлаб қўйишибди, ҳадеганда қоронғида арқон тугунларини ечиб эшикни очиш осон эмас. Шундан кейин ўтов керагасини кўтариб, остидан суғурилиб бирон илож қилиб чиқиб кетмоқчи бўлдим. Бор кучимни ишга солиб уринсам ҳам, бутун ҳаракатим бекор кетди – ўтовни ташқаридан ҳам арқон билан ерга тортиб қаттиқ боғлаб қўйишган экан, қўзғатиб бўлмади.

Бирон ўткир нарса топиб эшик ипларини қирқишдан бошқа илож қолмади. Қоронғида пайпаслаб-пайпаслаб билакдек ёғоч қозиқдан бошқа ҳеч нарса топмадим. Жон аччиғида шу қозиқ билан ўтов тагини ковлай бошладим. Миямда фақат биргина фикр айланиб юради – ё бу ердан қочиб қутуламан ёки бўлмаса бу кунимдан ўлганим яхши, анавининг хурраги, пишиллашини эшитмасам бўлгани, илойим йўлим осон бўлсин, ажалим етган бўлса, майли, бу қафасдан қутулиб, муаллимим Дуйшэндай ўз эрким учун жоним бўғзимдан чиққунча олишиб ўла қолай!

Тўқол нима деган одам бўлди! Бир умр ёруғ дунёни кўрмаган шўрли тўқол... Ҳам жисми, ҳам қалби қул иккинчи хотиндан ҳам ёмон хўрликка гирифтор бўлган одам зоти борми бу дунёда!..

Жоним борича ерни тирнаб қазий бердим. Кераганинг тагидан икки қўл сиғадиган тешик очилганда тонг отиб, назаримда, овул уйғонганга ўхшади. Эшикда итлар вовиллаб, одамларнинг овози эшитилиб қолди. Бир оздан кейин йилқилар дупурлаб, қўйлар йўталишиб ўтди-да, ўтовнинг ёнига кимдир келиб, арқонларни ечиб, ўтов тепасидан кигизларни тушира бошлади. Қарасам, индамас «кундошим» қора хотин. Демак, кўч-кўч бўлаётган экан. Бугун азонда бу ердан қўзғалиб, довон ошиб бошқа қўнишга кўчиб кетмоқчи бўлиб гаплашаётганлари кеча қулоғимга бир чалингандай бўлганди. Шўрим қуриб, қочишим яна беш баттар қийин бўлар экан-да...

Кераганинг остини ковлаган жойимдан ҳеч қимирламай ерга қараб ўтиравердим. Яшириб ҳам нима қилардим... Барибир, ўтов таги ковланганини қора хотин кўрди-ку, кўрса ҳам, ҳеч эътибор бермай, индамай ўз ишини қилаверди. Бу дунёсининг унга ҳеч дахли йўғу, ҳаётнинг ғавғоси унинг ҳис-туйғуларига асло тақилмайдигандай, ўзи билан ўзи овора, тўрда бошини кўрпага буркаб айиққа ўхшаб ётган хўжайинини, ҳой туринг кўчиб кетяпмиз, деб уйғотишни ҳам ўзига лозим кўрмади.

Ҳамма ўтов кигизлари йиғиштириб олинган эди, яп-яланғоч бўлди-қолди, мен бўлсам ҳамон қафасга тушган қушдай ўтирибман, сойнинг нарёғида одамлар туяларга юк ортиб, тўс-тўполон бўлишиб кўчиш тараддудини кўришяпти. Бир маҳал сойдан учта отлиқ чиқиб келиб, ҳалигилардан ниманидир сўроқлашди-да, биз томонга йўл олишди. Аввалига булар кўч кўчиргани келишган бўлса керак деб ўйлаб ўтирдим. Кейин разм солиб қараб кўзимга ҳам ишонмай қолдим. Дуйшэн билан ёқасига қизил таққан икки милиционер тўғри бизнинг ўтовга қараб келишяпти.

Ўрнимдан турай десам ҳолим йўқ, бақирай десам овозим... Бир суюниб кетдимки, хайрият, муаллимим тирик экан! Лекин, э-воҳ! Юрагим жароҳатланган, номусим поймол этилган... Жоним ҳалқумимга келиб тиқилиб қолгандай, қулоғим битиб, аъзойи баданим бўшашиб кетди...

Юз-кўзлари бинт бнлан боғланган, чап қўлини бўйнига осиб олган Дуйшэн отдан сакраб тушиб, эшикни оёғи билан бир итарди, шиддат билан ўтовга кирди-да, юзи қизил одамнинг устидаги кўрпасини юлиб олиб ирғитиб ташлади.

– Тур ўрнингдан! - деди ғазаб билан.

У бошини кўтариб, кўзини бир ишқалади. Дуйшэнга ташланмоқчи бўлган эди, милиционерларнинг ўқталган тўппончаларини кўриб жим бўла қолди. Дуйшэн чап қўли билан ёқасидан тортиб, ўзига яқин келтирди, кўзига тик боқиб, ғазабдан лабларининг қони қочиб:

– Тур, аблаҳ! Қани, юр, кўнглинг тусаган ерингга олиб бориб қўямиз! - деди. У итоаткорлик билан ўрнидан қўзғалди. Дуйшэн уни яна бир ёқасидан тортиб кўзига тик боқди-да, титроқ товуш билан:

– Сен уни гиёҳдай оёқ ости қилдим, расвойи олам қилдим, деб хаёл қилгандирсан? Билиб қўй, лаънати, у замонлар ўтиб кетган, ҳозир замон бизники, шу билан энди сенинг кунинг битади, - деди. Унииг этигини яланг оёқ кийдириб, икки қўлини орқасига боғлашди, милиционерлар уни отга ўнгариб, бири етаклаб, бири ҳайдаб олиб кетишди. Мен Дуйшэннинг отига миндим, у ёнимда пиёда кетди.

Биз йўлга тушганимизда орқамиздан юрак-бағирни эзадиган даҳшатли бақирган овоз эшитилди. Қора хотин орқамиздан югуриб келарди. У ақлдан озган мажнундай югуриб эрининг ёнига келиб, сувсар телпагини тош билан уриб туширди, юзига кул сочиб юборди:

– Қонимни сувдай ичдинг, қонхўр! Бошимга не-не кунларни солмадинг, жувон ўлгур! Менинг қўлимдан энди ўлигинг қутулмаса, тиригинг қутулмайди! - деб бақириб ўкирганини эшитганда, юрак бағрим эзилиб кетди.

Қирқ йилдан бери оғиз очмай, эрининг кўзига тик қаролмай юрган бу ғарибнинг юрагида йиғилиб қолган дард-аламлари бугун ҳамма тўғонларни чилпарчин қилиб, селдек ўпириб чиққандай бўлди. Унинг чинқириқ овози баланд-баланд дара қояларига бориб урилиб, акс-садодай янгради. Гоҳ у, гоҳ бу томонга югуриб ўтиб, кўм-кўк томирлари ўйнаб кетган ориқ, косовдай қўллари билан сўқадай бошини қаерга яширишни билмай типирчилаб қолган эрининг устига гўнг, қум сочиб, кесак отиб, қўлига нима илинса, шу билан уриб, унга лаънатлар ёғдирди:

– Юрган йўлингда ўт унмасин, илоҳим, ўлигинг кўмилмай далада қолиб кетсин, суягинг қайтиб келмасин, қарға-қузғунлар кўзингни ўйсин, қорангни иккинчи кўрмай, ўл, ўл, ҳаром ўл! – деди-ю, жинни бўлган одамдай бақириб-ўкириб, шамолда тўзғиб кетган сочларидан қочгандай кўзи тушган томонга югуриб кетди.

Шу воқеа устига етиб келган қўни-қўшнилари от чоптириб унинг орқасидан қувиб кетишди.

Ёмон туш кўриб босинқираб чиққан одамдай бошимнинг ғувиллаши тўхтамади. Кўз олдимни қоронғи парда босиб, эс-ҳушимни йиғолмай, дилим ғаш, ўзим хуноб келавердим. Дуйшэн сал олдинда отни етаклаб кетяпти. У бинт боғланган бошини қуйи солиб, жимгина хаёл суриб борарди.

Анча юрганимиздан кейин касофат дара кўринмай кетди. Милиционерлар илгарилаб кетиб кўринмай қолишганди; Дуйшэн отни тўхтатди-да, дард-аламли кўзлари билан биринчи марта менга тик қаради.

– Олтиной, кечир мени, сени бу кулфатлардан сақлай олмадим, кечир мени, – деди. Қўлларимдан ушлаб, қаттиқ бир хўрсиниб олди. – Сен кечирганинг билан, Олтиной, бари бир ўзимдан бир умр домонгир бўлиб юраман.

Ҳўнграб йиғлаб отнинг ёлига юзимни қўйиб олдим. Кўнглимни йиғи билан бўшатиб олгунимча Дуйшэн ёнимда нафасини ҳам чиқармай сочимдан силаб турди.

– Қўй, Олтиной, беҳудага жонингга жабр қилма, - деди у бир вақт. – Гапимга қулоқ сол, Олтиной, ўтган куни волостда бўлганимда ўқишинг тўғрисида гаплашиб келдим. Шаҳарга юбориб ўқитамиз, дейишди. Эшитяпсанми? Юр, энди кетдик.

Адир оралаб шилдираб оқиб турган тиниқ сувга етганимизда Дуйшэн меҳрибонлик билан менга қараб:

– Отдан тушиб ювиниб олсанг-чи! – деди. Кейин чўнтагидан совун олиб менга узатди, – Мен нарироқ бориб отга ўт едириб турай, ечиниб сувга тушиб ювиниб ол. Ҳаммасини унут қил, зинҳор хаёлингга келтирма энди. Чўмилиб ол, Олтиной, енгил тортасан, хўпми?

Хўп дегандай бош ирғадим. Дуйшэн нари кетиб, кўринмай қолган эди, ечиндим, сескана-сескана сувга тушдим. Оқ, кўк, яшил, қизил тошлар сув тагидан менга кўз ташлаб қараб туришарди. Кўм-кўк, тошқин сув тўлқини тўпиғимга келиб урилиб нималарнидир вижирлаб гап очди. Ҳовучлаб сув олиб кўкракларимга сепдим. Баданимдан муздай сув оқиб тушганини кўриб шунча кундан буён биринчи дафъа беихтиёр кулиб юбордим. Яйраб-яйраб кулдим! Яна анчагача устимга сув қуйиб турдим-да, кейин сувнинг чуқур жойига ўзимни ташладим. Сув оқими бир зумда мени яна саёз жойига олиб чиқиб қўйди, мен бўлсам яна ўрнимдан туриб, ҳадеб ўзимни қайнаб кўпикланиб турган оқимга отаман.

– Сувжон, шу кунларнинг ҳамма шалтоқ, ифлосларини ювиб кет! Мени ўзингдай ҳалол ва мусаффо қил! - деб шивирлаб, ўзимдан-ўзим куламану, лекин нимадан кулганимни ўзим ҳам билмайман...

Оҳ, қани энди одамзоднинг босган излари бир умр ўчмасайди! Дуйшэн иккимиз тоғдан тушиб келган сўқмоқ йўлни тополсам, сажда қилиб, муаллимнинг босган изларини ўпардим. Бу сўқмоқ мен учун ҳамма йўллардан ҳам азиз. Менга янги ҳаёт бағишлаган, янги умид-орзулар ҳадя қилган, ёруғ дунёга чиқарган ўша кун, ўша сўқмоқ, ўша йўл хайрли бўлсин... Ўша қуёшга минг бор раҳмат, ўша замон тупроғига офарин...

Икки кундан кейин Дуйшэн мени станцияга олиб борди. Бу воқеадан кейин овулда қолишга кўнглим ҳам бўлмади. Янги ҳаётга янги жойда қадам қўйиш керак эди. Бу қарорим овулдагиларга ҳам маъқул бўлди. Сайқал бувим билан Қартангбой отам мени кузатиб боришди, улар кўзларида ёш, йўлимга аташган тугун, халталарини кўтариб, болалардай елиб-югуриб юришарди. Мен билан хайр-хўшлашгани бошқа қўшниларимиз ҳам, тажанг Сатимқул ҳам етиб келди. У:

– Хайр энди, болам, худо сени ўз паноҳида сақласин, ой бориб, омон қайт! Ўзингни дадил тут, Дуйшэннинг йўриғидан чиқмасанг, барака топасан. Бизларнинг ҳам унча-мунчага ақлимиз етадиган бўлиб қолди, деб оқ йўл тилаб қолди.

Мактабимиз болалари бричка араванинг орқасидан анча ергача югуришиб келиб, узоқ вақт қўл силкиб хайрлашиб туришди.

Мени бир нечта етим болаларга қўшиб, Тошкентга, болалар уйига жўнатишди. Станцияда бизни чарм куртка кийган бир рус аёли кутиб олди.

Станцияга кечга яқин етиб келдик. О, айланай сендан, кўклам майса, теракзор станциям! Юрагимнинг ярмини бир умр ўша ерда қолдириб кетган бўлсам керак...

Бир оздан кейин поезд ҳам етиб келди. Бизнинг айрилишимизни билгандек, мўралаб қараб турган сарвқомат тераклар кечки шамолда тебраниб, бир-бирига алланималарни шивирлаб, оҳ тортиб, ҳасрат қилгандай бўлишди. Дуйшэн ҳар қанча сабр-қаноатли бўлса ҳам, бу гал ўзини босиб туришга уриниб, сир бой бермасликка ҳаракат қилса ҳам, юрак дардини яшира олмади: унинг кўнглидан нималар ўтаётганини, барибир, ўзим ҳам билиб тургандим. Менинг томоғимга ҳам оловдай бир нарса келиб тиқилиб қолди. Дуйшэн тикилганича кўзини мендан узолмай, юз-кўзларим, тугмаларимгача силаб тураверди.

– Сени бир умр ёнимдан силжитмасдимку-я, Олтиной, - деди у. – Лекин, нима қилай, сени ўқишдан қолдиришга ҳаққим йўқ-да. Ўзим ҳам унча саводли эмасманки... Нима бўлганда ҳам, ўқишга кетганинг маъқул! Ўқиб яхши ўқитувчи бўласан, мактабимиз эсингга тушган кезлари ҳали роса куларсан ҳам... Майли, илойим тилаган тилагимга етказсин...

Шу орада дарани янгратиб узоқдан паровоз овози эшитилди, поезд чироқлари ҳам кўриниб қолди. Станциядаги одамлар юкларини кўтариб қимирлаб қолишди.

– Ана, ҳозир энди жўнаб кетасан! - деди титроқ овоз билан Дуйшэн, қўлимни қаттиқ сиқиб. – Бахтли бўл, Олтиной, ўзингга эҳтиёт бўл, ишқилиб ўқиш пайидан бўл...

Бирон жавобга ҳам тилим бормади, кўз ёшларим бўғиб қўйганди.

– Йиғлама, Олтиной, - деб Дуйшэн кўз ёшларимни артиб қўйди-да, тўсатдан бир гап эсига келиб: – Анави биз эккан теракчаларни, Олтиной, мен ўзим парвариш қиламан. Омон бўлсанг, катта одам бўлиб келганингда, бўй чўзиб чиройли бўлганини кўрарсан ҳали.

Шу пайт поезд ҳам етиб келди, шарақ-шуруқ қилиб вагонлар бир-бирига урилиб тўхтади.

– Қани энди, хайрлашайлик, бери кел, манглайингдан бир ўпай! – Дуйшэн мени қаттиқ қучоқлаб пешонамдан ўпди. – Эсон-омон бўл, оқ йўл сенга, бахтинг очилсин, чироғим! Ҳеч нимадан қўрқма, дадил қадам бос!

Бир сакраб вагон зинапоясига чиқдим-да, орқамга қайрилиб қарадим. Синган қўлини бўйнига осиб олган Дуйшэннинг билинар-билинмас кўз ёши аралаш менга термулиб қараб қолгани ҳеч кўз олдимдан кетмайди. Кейин менга қараб талпинган эди, шу онда поезд ўрнидан қўзғалиб жўнади.

– Хайр, Олтиной! Хайр, чироғим! - деб қичқирди у.

– Хайр, муаллим, хайр, азиз устозим!

Дуйшэн вагон билан ёнма-ён югуриб бораверди, кейин орқада қолди, бир вақт ўзини яна зарб билан олдинга ташлаб:

– Олтиной! - деб бақириб юборди. Менга муҳим бир гапни айтолмай қолганига ўксиниб бақирди. Юрагининг энг теран еридан чиққан бу нидо ҳали-ҳали қулоғимдан кетган эмас...

Поезд туннелдан чиқиб, тўғри йўлга тушиб олди, тобора тезлашиб Қозоғистон қир-далаларидан мени янги ҳаёт сари олиб кетди...

Хайр муаллимим, хайр, биринчи мактабим, хайр, болалик чоғим, хайр, ер остида кўзи очилмай қолган тиниқ булоқ сингари, пинҳон соф муҳаббатим...

Ҳа, Дуйшэн орзу қилиб бизларга тасвирлаб берган катта шаҳарда, деразалари катта-катта мактабларда ўқидим. Рабфакни битирганимдан кейин, мени Москвага институтга юборишди.

Шу узоқ ўқиш йиллари ҳар гал бошимга мушкул иш тушиб, умидсизлик мени енгмоқчи бўлиб ҳамла қилганида, энг қийин дақиқаларда Дуйшэнни кўз олдимга келтирардим, унинг тайинлаб айтган гаплари менга мадад бериб, олға ундар, тисарилишимга қўймасди. Одамларнинг бир ўқиб миясига қуйиб олган нарсалари менга жуда зўр машаққатлар билан насиб бўларди. Нега деганда, менга ҳамма дарсларни бошидан бошлашга тўғри келди.

Рабфакда ўқиб юрган чоғимда муаллимимга мактуб юбориб, унда ошкора муҳаббат изҳор қилдим, сизни кутишга аҳд қилганман, деб хабар қилдим. Лекин, афсуски, хатимга жавоб ололмадим. Шу-шу хат ёзиб туришимиз ҳам тўхтаб қолди. Назаримда у ўқишимга халақит бермаслик учун мендан ҳам, ўз ҳузур-ҳаловатидан ҳам воз кечди шекилли. Балки, бу қилган иши тўғридир... Эҳтимол, бошқа сабаби бордир?.. Ўшанда озмунча қон ютмадим, бошимга не-не хаёллар келмади...

Биринчи диссертациямни Москвада ёқладим. Мен учун бу катта жиддий ютуқ эди. Ана ўша йиллари ўзим ўқиш билан овора бўлиб кетиб, овулга боришга ҳеч илож тополмадим. Шу ўртада уруш бошланиб қолди. Кеч кузакда Москвадан Фрунзега эвакуация қилиниб кетаётганимизда ўша муаллимим мени биринчи марта ўқишга жўнатган станцияда поезддан тушиб қолдим. Бахтимга, овулимиз ёнидан совхозга ўтиб кетадиган бир арава ҳам учраб қолди.

О, жондан азиз Ватаним, сен билан оғир жангу жадал кунларида учрашиш насиб бўлди. Юртимнинг обод бўлганини кўриб, қувондим. Янги-янги овуллар пайдо бўлибди, янги-янги кўчалар очилибди, янги кўприклар бино бўлибди... Лекин уруш дилни сиёҳ қилиб турибди-да.

Овулга яқинлашгап сари юрагим қинига сигмай, типирчилай берди.

Узоқдан янги-янги, нотаниш кўчалар, уй ва боғларга кўз ташлаб келяпман. Ўша мактабимиз турган тепаликка кўзим тушди-ю, юрагим шув этиб кетди – тепаликда икки азим терак ёнма-ён қад кўтариб, шамолда чайқалиб туришибди. Шу онда бутун умрим бўйи «муаллим» деб атаб келган одамимнинг ўз номини биринчи марта тилга олдим:

– Дуйшэн! – деб шивирлаб қўйдим. – Дуйшэн, қилган ҳамма яхшиликларинг учун раҳмат! Эсингдан чиқармабсан, демак, ўйлаб юрибсан... Офарин, сендек садоқатли зотга!..

Аравакаш бола кўз ёшларимни кўриб:

– Нима бўлди сизга, опа! – деб ташвишланиб сўради.

– Ҳа, ҳеч нима! Бу колхозда бирон кишини танийсанми?

– Бўлмасам-чи! Ҳаммалари ўз одамларимиз.

– Дуйшэнни биласанми, муаллим бор эди-ку?

– Дуйшэн дейсизми? У армияга кетган-ку. Ўзим уни шу аравада военкоматга обориб қўйгандим.

Овулга бурилишда боладан, аравангни тўхтат, деб илтимос қилдим, аравадан тушдим. Ерга тушиб ўйланиб туриб қолдим. Шу оғир кунларда таниш қидириб, мени танийсизми, мен фалончи бўламан, деб уйма-уй юришни ўзимга эп кўрмадим. Дуйшэн бўлса армияда экан. Иннайкейин, келинойим билан амаким бор жойга қадам босмаганим бўлсин, деб онт ичгандим. Одамзоднинг кўп гуноҳларини кечириш мумкин, лекин бунақанги ёвузликни ҳеч ким ҳам кечирмас, амаким билан келинойимга қорамни кўрсатиш ниятим ҳам йўқ эди. Йўлдан бурилиб тепаликка – қўштерак ёнига қараб кетдим.

Эҳ, тераклар, жон тераклар! Қанча-қанча сувлар оқиб ўтди-ю, у маҳалда сизлар кўм-кўк кўчат эдингиз! Мана, энди сизларни эккан, вояга етказган одамнинг ҳамма орзу-истаклари, айтган гаплари рўёбга чиқди. Нега маъюс кўринасиз, шовуллаб нимадан қайғурасиз? Ё қиш яқинлашиб қолди, изғирин шамоллар япроқларимизни тўкиб юборади деб, шунинг ташвишини қиляпсизми? Ё бўлмаса халқнинг ғам-ғуссаси, қайғу-алами шох-шаббаларингизни зирқиратяптими?

Ҳа, ҳали изғирин қиш ҳам келади, бебош бўронлар ҳам бўлади, лекин баҳор ҳам келади...

Кузги япроқлараинг шовуллашига узоқ вақт қулоқ солиб турдим. Тераклар ёнидан ўтган ариқларни кимдир яқинда тозалаб қўйибди: ерда оёқ, кетмон излари бор. Ариқ тўла лиммо-лим тиниқ сув, узилиб тушган сап-сариқ терак барглари сув юзида қалқиб турибди.

Тепаликдан мактабнинг бўялган тунука томи кўриниб турарди, илгариги мактабимиздан ному нишон ҳам қолмабди.

Тепаликдан тушиб, йўлда учраган бричка аравада станцияга қараб кетдим.

* * *

Уруш тугаб, ғалаба кунлари ҳам етиб келди. Халқ озмунча қора кунларни бошидан кечирдими? Болалар мактабга оталарининг полевой сумкаларини кўтаришиб югуриб кетишарди. Эркаклар қайтиб яна меҳнатга киришиб кетдилар, бева қолган хотинлар кўз ёши тўка-тўка, охири тақдирга тан беришди; қариндош-уруғ, ака-укаларини, эрларини умид билан зориқиб кутганлар ҳам кўп бўлди. Ахир, ҳамма бирдан қайтмади-да.

Дуйшэннинг ҳоли нима кечганини билолмай доғда юрдим. Овулимиздан шаҳарга келиб-кетиб юрганлар, Дуйшэн бедарак бўлиб кетди, сельсоветга шундай қоғоз келганмиш дейишди.

– Ким билсин, балки ўлгандир, – деб тусмол ҳам қилишди. – Бедарак кетганига, ахир, озмунча вақт бўлди-ми... дейишди.

«Демак, муаллимни қайтиб келмас экан-да, деб баъзи-баъзида хаёлимдан ўтказиб қўярдим. Ўша станцияда хайрлашганимиздан буён дийдор кўришиш насиб бўлмабди-я...»

Ҳар замон-ҳар замон ўтмишимни хотирлабману, юрагим ғам-ғуссага тўлиб-тошай деб қолганини пайқамай юраверган эканман.

Қирқ олтинчи йили кеч кузакда Томск университетига илмий командировкага жўнаб кетдим.

Сибирь ерларига биринчи марта қадам қўйишим эди. Ўша қиш олди кезларида Сибирнинг қаҳри келгану ўзи ғамгин кўринарди. Асрларни кўрган ўрмонлари деразадан қоп-қора девордай туюлади. Ўрмонлар оралиғидаги сайҳон жойларда мўрисидан оқ тутун бурқираб турган, томлари қора қишлоқчалар кўзга ташланиб туради. Муз қотган далаларга биринчи қор тушгану, ҳавода қарғалар тўп-тўп бўлиб қағиллаб парвоз қилиб юришибди. Осмоннинг қовоғи солиқ.

Поездда вақтим чоғ кетяпман. Купемиздаги ҳамроҳларимиздан бири фронтдан келган қўлтиқтаёқли ногирон йигит ҳарбий ҳаётдан қизиқ-қизиқ воқеалар ва латифалар айтиб кулдиргани-кулдирган. Ажойиб-ғаройиб гапларга шундай устаки, беозор аскиялари ҳам худди чиндай бўлиб кўринади, вагондагиларнинг ҳаммаси уни яхши кўриб қолишди.

Новосибирскдан ўтганимизда поездимиз қандайдир разъездда бир минутча ушланиб қолди. Мен дераза ёнида ҳалиги йигитнинг шўхлигига қараб кулиб тургандим.

Поезд ўрнидан қўзғалиб, жадаллашди, станциядаги якка уй дераза олдидан сузиб ўтгандай бўлди, стрелкачига кўзим тушганда деразадан шартта орқамга тисарилдиму, шу заҳоти яна ойнага ёпишиб олдим.

Уни, Дуйшэнни кўриб қолдим! У будка ёнида қўлида байроқча тутиб турган эди. Нима бўлганини ўзим ҳам билмайман.

– Тўхтатинг! - деб бутун вагонни бошимга кўтариб бақирдиму, нима қилишимни билмай, ўзимни вагон эшиги томон отдим, шу лаҳзада кўзим стоп-кранга тушди, шартта пломбасини узиб олдим.

Вагонлар бир-бирига урилиб, поезд бирдан тормозланди, яна шундай шиддат билан орқасига тисарилди. Полкалардаги юклар гумбурлаб ағанаб тушди, идиш-товоқлар шақирлаб кетди, болалар билан хотинларнинг йиғиси эшитилди. Кимдир ваҳимадан овози бўғилиб:

– Поезд одамни босиб кетибди! - деб бақириб юборди.

Мен бўлсам вагон зинапоясидан сакрадим, назаримда жаҳаннамга ағанаб-тушгандай бўлдим, кўзимга ҳеч нарса кўринмай қолди, ақл-ҳушини йўқотган одамдай стрелкачининг будкасига –Дуйшэннинг ёнига югурдим. Орқамдан кондукторнинг ҳуштаги эшитилди. Вагонлардан одамлар сакраб тушиб, улар ҳам орқамдан югуришди.

Бир нафасда поезднинг у бошига бориб етдим. Дуйшэн ҳам менга қараб чопиб келяпти.

– Муаллим, жоним Дуйшэн! – деб бақирдиму, ўзимни унинг бағрига отдим.

Стрелкачи менга қараб ҳайрон бўлиб тўхтаб қолди. Дуйшэннинг худди ўзгинаси, юз-кўзлари қуйиб қўйгандай, лекин илгари мўйлов қўйиб юриш одати йўқ эди, ўзи ҳам анча кексайиб қолибди.

– Сизга нима бўлди, синглим, нима гап? - деб меҳрибонлик билан сўради у қозоқ тилида. – Янглишдингиз шекилли. Стрелкачи Жонгазин бўламан, отим Бейнов.

– Бейнов?

Аламим зўридан, уялганимдан додлаб юборишимга сал қолди, зўрға ўзимни босиб олдим, ер ёрилмади-ю ерга кирмадим.. Нима номаъқулчилик қилиб қўйдим? Юзимни қўлларим билан беркитиб, бошимни хам қилдим. Бу кунимдан кўра ер юта қолса бўлмасмиди мени! Стрелкачидан узр сўраб, халқдан кечирим сўрашим керак эди, мен бўлсам худди тош қотгандай, дамим ичимга тушиб тураверибман. Югуриб келган йўловчилар ҳам нима сабабдандир жим туришарди. Ўзим бўлсим, ҳозир бақириб роса сўкишади мен бетамизни, деб кутиб турибман. Лекин ҳеч ким миқ ҳам этмади. Мана шу мудҳиш жимликдан қандайдир бир хотин:

– Бечора шўринг қурғурнинг кўзига эри, ё укасига ўхшаб кўринганда! – деди. Одамларга жон кирди:

– Мунча ваҳима қилмаса, – деб биров тўнғиллаб қўйди.

– Мунча ёзғирмасангиз, ахир, бу касофат урушда не-не кунлар бошимизга тушмаяпти дейсиз...– деб шартта кесиб гап қайтарди бир аёл.

Стрелкачи қўлларимни юзимдан олиб:

– Қани юринг, вагонингизга олиб бориб қўяй, совуқда қолдингиз, - деди. Шундай деб қўлимдан ушлаб олди. Бир томонимдан яна бир офицер ушлади.

– Юринг, гражданка, ҳечқиси йўқ, хафа бўлманг, - деди.

Одамлар йўл беришди, мени худди дафн маросимидагидай икки қўлтиғимдан ушлаб боришди. Бизлар секин қадам ташлаб олдинда борамиз, қолган ҳамма кишилар кетимиздан боришарди. У ёқ-бу ёқдан югуриб келаётган йўловчилар ҳам бизга қўшилишиб боришарди. Кимдир тивит рўмолини елкамга ташлади. Купедаги қўлтиқтаёқли ҳамроҳимиз ён томонда оқсоқланиб борарди. У сал олдинга ўтиб юзимга бир қараб олди. Хушчақчақ, меҳрибон ва довюрак бу шўх йигит нима учундир бош яланг, назаримда, кўзларидан милтиллаб ёш оқиб кетяпти. Буни кўриб менинг ҳам кўзим ёшланди. Поезд бўйлаб оҳиста қадам ташлаб боряпмиз, телеграф симёғочларининг ҳуштак чалиб гувиллашлари қулоғимга худди марсиядай эшитиларди. «Йўқ, энди уни кўриш менга насиб бўлмайди».

Вагонимиз ёнида бизни поезд бошлиғи тўхтатди. У бармоғини менга бигиз қилиб, бир нималар деб бақирар, суд жавобгарлиги, жарима ҳақида нималарнидир жаҳл билан гапирарди. Мен бўлсам бу гапларга эътибор ҳам бермадим, шу пайтда дунёни сув олиб кетса тўпиғимга ҳам чиқмасди. У протоколини қўлимга тутқазиб, қўл қўйдириб олмоқчи бўлди. Мен бўлсам қалам олишга ҳам мадорим йўқ. Шу пайтда ҳалиги ҳамроҳимиз унинг қўлидан қоғозни юлиб олиб, қўлтиқтаёқлаб тумшуғининг тагига бориб юзига бақирди:

– Тинч қўйсанг-чи, уни! Мен қўл қўяман, стоп-кранни узган мен бўламан, жавобини ўзим бераман...

Қеч қолган поезд Сибирь еридан, қадимгй рус ўлкасидан ғизиллаб боради. Тун қоронғисида қўшнимнинг гитарасидан мунгли куй садолари янграйди.

* * *

Йиллар кетидан йиллар келди. Турмуш ўз йўлидан қолмай, порлоқ келажак ва унинг катта ва кичик ғам-ташвишлари бир умр даъватини бас қилмади. Ёшим бир жойга бориб қолганда эрга чиқдим. Умр йўлдошим тузук, бамаъни одам, болаларимиз бор, оиламиз аҳил, апоқ-чапоқмиз. Ўзим фалсафа фанлари докториман. Тез-тез сафарда бўламан. Жуда кўп мамлакатларда бўлдим.... Ўша-ўша овулимизга бормагандим. Бунинг ўзига яраша анча-мунча сабаблари бор эди, албатта. Лекин ўзимни оппоқ қилиб кўрсатиш ниятим йўқ. Овулим билан борди-келдим узилиб қолганлиги яхши эмас, бунда ўзимни гуноҳкор деб биламан. Лекин пешонамга ёзилгани шу эканми...

Мен ўтмишимни унутиб юборганим йўқ, унутиб юборишга қурбим ҳам келмасди. Йўқ, ундан қандайдир узоқлашиб қолдим, холос.

Тоғларда шундай чашмалар бўладики, янги йўл очилса, бу чашмаларга элтадиган сўқмоқ йўллар эсдан чиқиб кетади, сувсаганда йўлдан бурилиб борадиган йўловчилар тобора камаяди, шу билан бу чашмаларни ялпиз ёки наъматак босиб кетади. Кейин бора-бора йўловчилар кўзига кўринмай ҳам қолади. Бундай чашмалар онда-сонда биронтанинг эсида қолиб жазирама иссиқ кунларда ташнасини қондириш учун йўлдан бурилиб чашма бошига борса борар. Йўловчи келади-ю, ўт босиб кетган чашмани қидириб топади. Гиёҳларни амаллаб очади-ю, ҳайратидан «оҳ!» деб юборади: аллақачонлардан буён ҳеч ким лойқалатмаган, муздек булоқ сувининг тиниқлиги ва чуқурлигини кўриб ҳайратда қолади, булоқда у ўзини ҳам, қуёшни ҳам, осмонни ҳам, тоғ-тошларни ҳам кўради... Кўради-ю, шундай жойларни билмаслик гуноҳ, ёр-биродарларни ҳам бундан хабардор қилиш керак, деб кўнглидан ўтказиб қўяди. Шундай деб ўйлайди-ю, янаги сафаргача ўзи ҳам эсидан чиқариб қўяди.

Баъзан ҳаётда ҳам шундай бўларкан, шунинг учун ҳам бунинг оти ҳаёт бўлса керак...

Бундай чашмалар яқинда овулимизга бориб келганимдам кейин эсимга тушиб қолди.

Сиз ўшанда мени, нима важдан бирданига Куркуредан кетиб қолдийкин деб ҳайрон бўлгандирсиз? Ҳозир сизга ёрилиб айтган дардларимни ўшанда одамларга айтсам бўлмасмиди? Йўқ, ўшанда кўнглим жуда бузилиб, номус кучлилик қилди, ўзимдан-ўзим уялиб кетдим, шу важдан дарҳол жўнаб кета қолдим. Мундоғ, юрагимга қулоқ солиб кўрсам, Дуйшэн билан дийдор кўришгулик ҳолим йўқ, кўзига тик боқиб қаролмасдим. Ўзимни босиб, юрак тўлқинимни тинчитишим керак эди, фикр-ўйларимни бир жойга тўплаб, фақат овулдошларимга эмас, яна бошқа кўпдан-кўп дўстларимга айтмоқчи бўлган гапларимни яхшилаб ўйлаб бир қарорга келишим зарур эди.

Ўзимни гуноҳкор ҳис қилганимнинг яна бир боиси шуки, бу иззат-икромлар менга эмас, бошқа бир зотга аталиши керак эди. Янги мактаб очиш маросимида мен эмас, бошқа бир зотни тўрга ўтқазиш лозим эди. Бунга ҳаммадан аввал фақат биринчи муаллимимиз, овулимизнинг биринчи коммунисти қария Дуйшэннинг ҳақи бор эди. Ҳолбуки бунинг акси бўлди. Биз ҳаммамиз тўкин дастурхонда меҳмон бўлиб ўтирдигу, бу бебаҳо одам шу улуғ айём куни ҳам почтачилигини қўймай, бир замонлар шу мактабда ўқиб одам бўлган талабаларнинг юборган табрик телеграммаларини мактабнинг очилиш вақтига етказиш ташвишида юрди.

Бу иттифоқо содир бўлган воқеа эмас. Бундай ҳодисаларни мен ўзим кўп кўрганман. Шунинг учун ҳам мен ўз-ўзимга савол бераман: оддий кишиларни Ленин сингари астойдил иззат-ҳурмат қилиш одатимизни, ажабо, қачон тарк қилиб қўйдик?.. Худога шукур, ҳозир бу нарсалар ҳақида риёкорлик, тилёғламалик қилмай, рўйирост гапирадиган бўлиб қолдик. Бу жиҳатдан ҳам Ленинга янада яқинроқ бўлиб олганимиздан ўзимизни минг бор бахтиёр ҳис қиламиз.

Ўз замонасида Дуйшэннинг қандай муаллимлик қилганидан ёшлар бехабар. Катталардан кўплари дунёдан ўтган. Дуйшэннинг шогирдларидан кўплари урушда ҳалок бўлиб кетишди, улар чинакам совет жангчилари эдилар.

Муаллимим Дуйшэннинг қиссасини ёшларга етказишни ўз бурчим деб билардим. Менинг ўрнимда ҳар қандай киши бўлганда ҳам шундай қиларди, бу турган гап. Лекин, афсуски, овулдан узилиб қолгандим! Дуйшэндан ҳам хабар тополмай, бора-бора унинг сиймоси хотирамда сокин музейхоналарда сақланадиган азиз ёдгорликдай бўлиб қолди.

Ҳали муаллимим ҳузурига бориб, гуноҳимни бўйнимга олиб, ундан кечирим сўрашим бор. Ёлвориб, узр сўрайман.

Москвадан қайтиб келганимдан кейин Куркурега бориш ниятим бор; одамларга янги интернат-мактабга «Дуйшэн мактаби» деб ном қўйишни таклиф қилмоқчиман. Интернат-мактабга ҳозир почтачилик қилиб юрган шу оддий колхозчининг номини қўйсак дейман. Сиз ҳам, овулдош дўстим, менинг бу таклифимни қувватларсиз, деб умид қиламан. Ўйлайман, илтимосимни ерда қолдирмассиз.

Москвада ҳозир тун, соат бир. Меҳмонхона балконига чиқиб, осмондаги юлдузлардай чарақлаб турган бепоён Москва чироқларини томоша қилиб, овулимга борсам, муаллимим билан кўришиб, оппоқ соқолларидан ўпсам, деб хаёл суриб турибман.

* * *

Деразаларни ланг очиб қўйдим. Уйга роҳатижон ҳаво оқиб кирди. Ёришиб бораётган кўкиш тонг нурида бошлаб қўйган этюд ва хомаки суратларимни кўздан кечириб турибман. Бундай суратларим кўп, бир неча марта ҳаммасини янгидан бошлаган пайтларим кўп бўлган. Лекин яхлит бир сурат ҳақида фикр айтишга ҳали эрта. Энг муҳим нарсани ҳали топганимча йўқ. Тонг сукунатида хаёл суриб қадам ташлаб юрибман, ҳеч ўйимнинг охирига етолмайман. Ҳар гал ҳам шу кайфиятда ўтади. Ҳар гал, суратим ҳали хаёл пардасидан чиқмаган, деб ўзимни қаттиқ ишонтираман.

Шундай бўлса ҳам, ҳали алвонга тушмаган суратим устида сизлар билан гаплашиш ниятим бор. Маслаҳатлашмоқчиман. Бу суратим овулимизнинг биринчи устози, биринчи коммунист қария Дуйшэнга бағишланади, буни албатта билиб турибсиз.

Лекин мураккаб ҳаёт, муқаддас курашни, турли-туман тақдир ва инсонлик ҳисларини бўёқлар билан ифода қилиш қўлимдан келармикин, шу томонини ҳали ўзимча тасаввур қилолмай юрибман. Бу лиммо-лим тўла косани чайқатмай, бир қатрасини ҳам зое кетказмай сиз замондошларимга етказишнинг иложи қандай бўларкин? Ниятимни сизга етказиш билан бирга, уни ҳаммамизнинг ижодимизга айлантириш учун нима қилсам бўларкин?

Бу суратни чизмасликка иложим йўқ, лекин шунча ўй-хаёллар, андиша-ю андуҳлар мени қамраб олганки! Баъзан ўйлаб ўтириб, бу ниятимни бунёдга чиқариш қўлимдан келмас, деган умидсизлик мени енггандай бўлади. Баъзан бўлса қаёқдан ҳам тақдир қўлимга рассом қаламини тутқазди, деб яна бир ҳаяжонга тушаман. Қандай азоб, қандай надомат кунларга қолдим ўзим!

Баъзан билакларимга қон тўлиб, ўзимни шу қадар бақувват ҳис қиламанки, тоғни талқон қилиш ҳам ҳеч гап бўлмай қолади менга. Шундай кезларда: разм сол, ўрган, сарасини саракка чиқар, деб хаёл суриб кетаман.

Дуйшэн билан Олтиной қўштерагини суратга сол, ахир, сен бу тераклар қиссасини билмасанг ҳам, ёшлигингда сенга озмунча ҳузур бағишлаганми! Офтобда унниқиб кетган яланг оёқ боланинг суратини сол. У бола баландга чиқиб терак шохига ўтириб, узоқ-узоқларга завқ билан кўз ташлаб турибди.

Ёки бир сурат солиб, унга «Биринчи муаллим» деб ном қўй. Бунда Дуйшэн болаларни қўлига кўтариб сувдан ўтказиб турган бўлсину, қип-қизил почапўстин кийган, семиз-семиз ўйноқи от минган анави тўпос одамлар хўрлашиб, уни майна қилишаётган бўлсин...

Ё бўлмаса муаллимнинг Олтинойни шаҳарга кузатиб турганини тасвирла. Охирги марта юрагидан нидо чиқариб хайрлашгани эсингдами? Шу лаҳзани шундай ажойиб суратга тортгинки, суратинг Олтинойнинг қулоғи тагидан ҳали ҳам кетмаган Дуйшэн нидоси сингари ҳар бир кишининг юрагидан акс-садо топсин.

Ўзимга-ўзим шундай дейман. Ўзимга-ўзим анча гапларни маъқуллайману, лекин ҳаммаси ҳам рўёбга чиқавермайди-да... Суратим қандай чиқишига ҳозир ҳам кўзим етмайди, лекин бир нарсага қаттиқ аҳд қилганман: изланаман.

1962 йил