OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЧингиз Айтматов
Асар номиЭрта қайтган турналар (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Қирғиз адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Чингиз Айтматов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонАсил Рашидов
Ҳажм371KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/17
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
Чингиз Айтматовнинг «Танланган асарлар»и 1-жилдидан олинди («Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти, Тошкент – 2009)


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Эрта қайтган турналар (қисса)
Чингиз Айтматов

«
Ўғлим Асқарга
»
«
Оқсой, Кўксой, Сариқсой — кезмаган ер қолмади,
Лекин ҳеч бир ўлкадан ўхшашинг топилмади...

Қирғиз халқ қўшиғи
»
«
Иовга элтди чопар шумхабар:
«Ўғлонлар кўксига санчилмиш ханжар...»

«Иов» китобидан
»
«
Қайта-қайта даласини шудгор қилар қўшчилар,
Қайта-қайта сепадилар ерларига уруғ, дон,
Қайта-қайта ёмғир билан сийлар уларни осмон...
»
«
Умид билан ер ҳайдайди одамлар,
Умид билан уруғ сочар одамлар,
Умид билан денгиз кетар одамлар...

«Тҳерагатҳа», 527-536-бетлар. (Қадимги Ҳиндистон адабиёти ёдгорликларидан)
»

Биринчи боб

Совқотиб, дағал шол рўмолга ўраниб олган муаллима Инкамол опа география дарсида Цейлон ҳақида, океаннинг Ҳиндистонга яқин қирғоқларида жойлашган ўша афсонавий орол ҳақида ҳикоя қилар эди. Цейлон мактаб харитасида бепоён ерга нисбатан бир нуқтадай кўринар эди. Яхшилаб тингласанг, нималар йўқ у ерда, маймунлару филлар ҳам, бананлар ҳам (қандайдир мевалар), дунёда энг яхши чой ҳам ва турли-туман ёввойи мевалар, нотаниш ўсимликлар ҳам бор. Ҳаммасидан ҳам уёқ доим шундай иссиқ бўлади-ки, йил бўйи бемалол юраверасан: этик ҳам, қалпоқ ҳам, пайтава-ю пўстин ҳам керак эмас. Ўтинни-ку, умуман, кераги йўқ. Шундай бўлгач, кўрай териб келиш учун далага боришнинг, бурнинг ерга тегай-тегай деб шох-шабба, ўтин орқалаб келишнинг кераги ҳам йўқ. Мана яшаш деб шуни айтади-да. Маза қилиб юравер, ҳоҳласанг офтобда исин, хоҳламасанг сояда ёт. Цейлонда кеча-ю кундуз ҳаво иссиқ, шундай роҳатки, ёзнинг ниҳояси кўринмайди. Қанча хоҳласанг шунча чўмилавер, хоҳла эрталабдан кечгача. Зериксанг туяқушларни қувла, туяқушларми, албатта бор у ерда. Уёкда бўлмай қаерда бўлсин яна бу каттакон овсар қушлар. Цейлонда ақлли қушлар ҳам бор, масалан, тўти. Агар хоҳласанг уни тутиб оласан-да, сайрашга, кулишга, ҳатто рақс тушишга ҳам ўргатасан. Тўти шундай қушки, ҳамма нарса қўлидан келади. Айтишларича, шундай тўтилар ҳам бор эканки, ҳатто ўқишни ҳам билармиш. Овулдагилардан кимдир ўқишни биладиган тўтини Жамбул бозорида кўрган экан. Тумшуғига газета тутсанг шариллатиб ўқиб ташлайверармиш...

Э-ҳе, нимасини айтасан, ажойиботларнинг ҳаммаси Цейлонда. Ҳеч нарсани хаёлингга келтирмай бемалол яшайверасан. Муҳими, плантация эгасининг кўзига кўринмасанг бўлгани. Қўлида қамчиси билан юради. Худди қулларидай цейлонликларнинг елкаларига қамчи билан тушириб қолади. Золим! Қулоқ-чаккасига қарсиллатиб туширсанг-да, кўзларидан олов чиқиб кетса. Қамчисини тортиб олиб, ўзини ишлашга мажбур қилсанг. Эксплуататорлар-у капиталистлар эркалигини йиғиштириб қўйсин, бошқа гап йўқ: ўзинг учун ўзинг ишла, ўз чориғингни ўзинг судра, вассалом! Ахир ўшалардан фашистлар келиб чиқади-да... Уруш ҳам ўшаларнинг иши... Овулларидан қанча киши ҳалок бўлди-ю, онаси ҳар куни йиғлайди, ҳеч нарса демайди-ю, йиғлайди, отасини ўлдириб қўйишларидан қўрқади. Қўшни хотинга эса, бир фалокат бўлса, қаерга бораман тўрт болам билан, дейди...

Совуқ синф хонасида жунжиккан, болалар йўталининг тўхташини тоқат билан кутиб турган Инкамол опа Цейлон, денгизлар ва иссиқ мамлакатлар ҳақидаги ҳикоясини яна давом эттирди. Эшитаётганларига гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай (жуда ажойиб таърифланар эдида ўша ўлкалар) Султонмурот Цейлонда яшамаётганига ич-ичидан афсус қила бошлади. «Ана яшаш-у, ана сенга ҳаёт!» — ўйлар эди у кўз қири билан дераза томонга қараб-қараб қўяркан. У буни қойиллатарди. Гўё муаллиманинг сўзини тинглаётгандай бўларди-ю, ўзи эса деразадан кўз узмасди. Аммо ташқарида ўзгариш йўқ эди. Ташқарида ёғингарчилик. Бўралаб қор ёғарди. Қор учқунлари деразага урилиб шитирларди. Ойналар муз билан қопланган. Дераза ойналари хира. Деразаларнинг замаскалари ҳар жой-ҳар жойидан кўчиб, сиёҳга беланган дераза токчасига тушиб ётарди. «Цейлонда замасканинг кераги йўқ, — ўйларди у. — Кимга ҳам керак? Дераза у ёқда турсин, уйларнинг нима кераги бор. Чайла қуриб олиб, тепасини япроқлар билан ёпиб олгин-да, яшайвер...»

Деразадан ҳамиша шамол уриб турар, ҳатто ромларнинг тирқишларидан ҳуштак чалиб ўтаётгани эшитиларди. Деразанинг ўнг ёнбоши айниқса совуқ эди. Чидашга тўғри келади. Дераза ёнига уни Инкамол опанинг ўзи ўтқазиб қўйган. «Сен Султонмурот, — деган эди у, — синфда энг бақувватсан. Совуққа чидай оласан». Авваллари совуқ тушгунга қадар, бу жойда Мирзагул деган қиз ўтирарди, уни Султонмуротнинг жойига кўчирдилар. У ер унчалик совуқ эмас. Шундай бўлса ҳам уни шу ерда, мана шу партада қолдирганлари яхши эди. Барибир совуқни Султонмурот тўсиб турарди. Ўтиришарди-да ёнма-ён. Энди бўлса танаффус пайти ёнига борсанг қизариб кетади. Бошқалар билан гаплашиб тураверади-ю, Султонмурот келиши биланоқ қизариб қочиб қолади. Орқасидан қувиб юриши ноқулай. Кулгига қолади. Бу қизлар ҳар хил уйдирмалар тўқишга жуда уста. Дарров ёзувлар пайдо бўлади: «Султонмурот — Мирзагул — ошиқ-маъшуқ». Бир партада ўтиришганида-ку, ҳеч нарса бўлмасди...

Ташқарида гупиллаб қор ёғарди. Ҳаво очиқ кунлари синф хонасидан туриб қарасанг шундоқ кўз олдингда тоғлар туради. Мактабнинг ўзи ҳам тепаликда, овулдан анча баландлиқда жойлашган. Овул пастда, мактаб тепада. Шунинг учун бу ердан, мактабдан туриб атрофни кузатиш осон. Узокдаги қорли тоғлар худди расмдагидай кўринади. Ҳозир эса қоронғида уларнинг ғамнок туриши зўрға кўзга чалинади.

Қўл ҳам, оёқ ҳам увушиб қолади. Ҳатто белинггача совқотади. Эҳ, синф шундай совуқки. Авваллари, урушдан олдин мактаб қуритилган қўй қийи билан иситиларди. Худди кўмирнинг ўзи эди: зўр ёнарди. Энди бўлса похол олиб келишади. Похол печкада гур этиб ёнади-ю, ҳеч қандай иссиқ бермайди. Бир-икки кун ўтгач, похол ҳам тугайди. Похолдан фақат кул қолади.

Афсуски, Талас тоғлари табиати иссиқ ўлкаларникидай эмас. Табиати бошқача бўлганида яшаш ҳам бошқачароқ бўлармиди. Ўз филлари бўларди. Худди буқаларни миниб юргандай филларни миниб юришарди. Нима бўпти, қўрқиб ўтирмасди. Биринчи бўлиб ўзи қоқ калласига, иккала қулоқлари орасига миниб оларди-да, худди дарсликдаги расмдагидай овул бўйлаб айланиб юрарди. Одамлар ҳар томондан: «Қаранглар, югуринглар, Бекбойнинг ўғли Султонмурот фил миниб юриб-ди!» — дейишарди. Ана ўшанда Мирзагул кўрарди-ю, ҳаваси келиб афсусланарди балки... Ўзига зеб берганини қара-ю! Яқинига йўлаб бўлмайди. Аччиғи чиқса маймун билан газета ўқийдиган тўти топади. Уларни фил устига, орқасига ўтирғизиб қўяди. Жой етади, филнинг устига бутун синф болалари билан ўтирса ҳам бўлади. Рост! Буни у биров айтмаса ҳам билади.

Тирик филни у ўз кўзи билан кўрган, буни ҳамма билади, тирик маймунни ва бошқа хил йиртқичларни ҳам кўрган. Бу ҳақда овулда ҳамма билади, ўзи неча марта айтиб берган. Ҳа, ўшанда омади келиб, уларни кўрган эди...

Урушгача, нақ урушдан бир йил олдин бўлиб ўтган эди унинг ҳаётидаги бу унутилмас воқеа. Ўшанда ҳам ёз эди. Пичан ўришаётган эди. Отаси Бекбой ўша йили Жамбулдан шу ердаги МТСнинг нефт омборига ёнилғи таширди. Ҳар бир колхоз ёнилғи ташиб келишга транспорт ажратиши керак эди. Отаси ҳазиллашиб ўзини ўзи мақтаб қўярди: мен, дер эди, оддий аравакаш эмасман, баҳоси йўқ аравакашман, мен учун, отларим ва аравам учун колхоз ҳукуматдан ҳақ олади. Мен, дейди, колхоз ҳамёнига даромад келтираман. Шунинг учун бухгалтер кўрган жойида отдан тушиб салом беради...

Отасининг араваси фақат керосин ташишга жиҳозланган эди. Кузовсиз, шундоқ тўрт ғилдирак устида темир қисқичларга ўрнатилган иккита темир бочка-ю олд тарафда, энг олдинда, аравакаш ўтирадиган жой. Араванинг бор-йўғи шу. Аравакашнинг жойига икки киши ўтирса бўлади, аммо уч кишига торлик қилади. Лекин отлар шундай зўрки, улардан яхшисини тополмайсан. Отасининг отлари ажойиб, бақувват эди.

Бурул ахта Чопдор билан тўриқ ахта Чонтор. Уларга урилган жабдуқ ҳам пишиқ, ўзи ҳам лоп-лойиқ. Бўйинтуруқлари бойваччаларникидай ноёб, кўпдан қилинган абзаллари арава мойи билан мойланган. Минг тортсанг ҳам узолмайсан. Бундай узоқ йўлда шундай бўлиши ҳам керак-да. Отаси пишиқ, тартибли иш қилишга ўрганган. Доим отларни бир маромда йўрттирарди. Чопдор билан Чонтор баъзан ёлларини силкитиб, бир маромда чопиб, худди иккита балиқ баравар сузаётгандай сояланиб келардики, уларни томоша килиш гаштли эди. Одамлар ғилдирак товушларини узокдан эшитибоқ: «Бекбой яна Жамбулга кетяпти», — дейишарди. Бориш-келиш учун икки кун кетарди. Бекбой ортига қайтар экан, юзлаб километр йўл босганга сира ўхшамас, одамлар ҳайрон қолишарди. «Бекбойнинг араваси худди рельсларда юрадиган поезднинг ўзгинаси-я!» Улар бекорга ҳайратланмасдилар. Толиққан ёки сўлиғи ўйнаган уловни арава ғилдиракларининг овозидан ҳам пайқаса бўлади. Ёнингдан ўтгунча жонингни суғуриб олади. Бекбойнинг отлари эса доим енгил йўрғалайди. Балки шунинг учун ҳам энг қийин сафарларни унинг зиммасига юклашгандир.

Шундай қилиб, ўтган йили энди ўқиш тугаб, таътил бошланганида отаси шундай деб қолди:
— Шаҳарга бирга олиб борайми? Султонмурот азбаройи қувонганидан нафаси бўғзига тиқилай деди. Бўлмаса-чи. Отаси унинг шаҳарни кўришни кўпдан бери орзу қилиб юрганини қаердан биддийкин? Ахир ҳали шаҳарда бирор марта ҳам бўлмаган. Қойил иш бўлди-да!
— Яна бу ҳақда мақтана кўрма, — жўрттага қўрқитиб қўйди отаси. — Бўлмаса укаларинг шундай жанжал кўтаришадики, кейин бирор жойга бориб бўпсан.

Тўғри гап. Ажимурот, ундан уч ёш кичкина-ю, ҳеч нимада, ҳеч қачон акасига ён бергиси келмайди. Эшакдай қайсар. Гоҳо отаси уйдалигида Ажимуротнинг дастидан унинг оддига ҳам боролмайсан. Отасининг елкасидан тушмайди. Гўё ёлғиз унинг ўзи-ю, бошқалар ҳисобда йўқ. Иккита сингиллари, улар ҳали кичкина эдилар ўша пайтлар, ҳатто ўшалар ҳам йиғи-сиғи билан аранг ота меҳрига муяссар бўлишарди. Намунча бу кичиги отасига ёпишмаса, деб қўшнилар ҳам ҳайрон эдилар. Орувхон момодан, баджаҳл, чўпдай, қалтироқ товушли аёлдан ҳамма қўрқарди. Шу кампир бир эмас, неча марта қоқшол қўллари билан Ажимуротнинг қулоғини бураб огоҳлантирган эди:
— Сен шумтаканинг отангга ёпишиб олганинг яхшилик аломати эмас! Ер юзида бир фалокат рўй берадиганга ўхшайди! Бу қандай гапки, ўғил бола тип-тирик отасига тўймай юрса! Бу қанақа бола, ўзи! Ҳой, одамлар, мана мени айтди дерсиз, бу бола бизларнинг бошимизга бир балони ёғдиради!

Онаси ғудраниб, туфлаб қўйиб, Ажимуротнинг танглайини кўтариб қўярди-ю, аммо Орувхон кампирга ботиниб бир сўз деёлмасди. Кампирдан ҳамма ҳайиқарди. Орувхон момо бежиз айтмаган экан. Шундай бўдди ҳам. Ажимуротга қийин бўлди. У энди кап-катта, учинчи синфда ўқийди, бировга билдирмайди, айниқса, онаси олдида ўзини тутади-ю, аммо ўзи ҳамон йўл пойлайди, отасининг бугунми-эртами фронтдан қайтишига илҳақ бўлади. Ётиш олдидан пичирлаб, худди катталардай, кечки дуосини ўқийди: «Э худо, э худо, ишқилиб, эртага отам қайтиб келсин». Ҳар куни шу аҳвол. Қизиқ, ўзича, ухлаб турса ҳамма нарса ўзгаради-ю, мўъжиза юз беради, деб ўйлайдими.

Агар отаси урушдан эсон-омон қайтиб келса, майли, уники, фақат Ажимуротники бўла қолсин. Майли, у Ажимуротни қўлларидан, елкасидан туширмасин. Фақат келса бўлди. Ишқилиб, нима бўлса ҳам у билан эсон-омон юз кўришсин. Унга, Султонмуротга ана шу бахтнинг ўзи етарли. Отаси қайтса бўлгани.

Отаси Чуй каналидан қайтиб келганида уйларида содир бўлган ўша воқеанинг яна такрорланишини у шундай хохлардики. У қурилишга бурноғи йили ёзда кетган эди, ўшанда ҳам аравакаш бўлиб беш ойга кетган эди. Ёз бўйи ва кузи билан ўша ерда тупроқ ташиганди. Стахановчи бўлган эди.

Уйга у намозшомда кириб келди. Тўсатдан ҳовлида ғилдирак товушлари эшитилди, отлар пишқириб қолди. Болаларнинг ҳаммаси ҳовлига отилишди. Отаси! Қорайиб худди лўлига ўхшаб қолган, озиб-тўзиб, соч-соқоли ўсиб кетганди. Усти боши ҳам, онаси кейин таърифлаганича, дайдиларникига ўхшарди. Фақат этиклари яп-янги хромдан экан. Ажимурот биринчи бўлиб югуриб бориб отасининг бўйнига осилади, ёпишиб олиб маҳкам қучоқлаб олади-ю, сира қўйиб юбормайди, шу кўйи нуқул йиғлаб бир сўзни такрорлайди:
— Отажон, отажоним, отажон...

Отаси уни бағрига босаркан, ўзининг ҳам кўзларига ёш қалқийди. Қўшнилар чиқишади. Икковига қараб улар ҳам йиғлашади. Онаси бўлса бирдан довдираб қолганидан айланиб-ўргилиб юрар, Ажимуротни отасининг бағридан тортиб олмоқчи бўларди:
— Отангни қўйиб юбор энди! Етар, сен бир ўзинг эмассан-ку. Бошқалар ҳам кўришсин. Қандай ақлсизсан-а, худойим-ей, қара, одамлар кўришмоқчи...

Унинг бўлса парвойи фалак...

Султонмуротнинг ичидан нимадир узилиб томоғига тўпдай қадалиб қолгандай туюдди. Оғзи шўр бўлиб кетди. Тағин ҳеч қачон ва ҳеч нимага йиғламайман, дейди. У шу заҳотиёқ ўзини қўлга олди. Тетикланди.

Дарс ҳамон давом этарди. Инкамол опа энди Ява, Борнео, Австралия ҳақида ҳикоя қиларди. Яна ажойиб ўлкалар, мангу ёз. Тимсоҳлар, маймунлар, пальмалар ҳамда ҳар хил нотаниш нарсалар. Кенгуру бўлса ғаройиботлар ғаройиби! Боласини қорнидаги халтасига солиб олиб, югуриб юраверади. Ўйлаганини қаранг кенгурунинг, аниқроғи, табиатнинг...

У кенгуруни кўрмаган. Кўрмаганми, кўрмаган. Афсус. Лекин филни, маймунни ва бошқа ҳайвонларни яқиндан томоша қилган. Қўл чўзсанг етадиган ердан..

Ўша куни, отаси уни ўзи билан шаҳарга олиб кетишини айтганида у еру кўкка сиғмай юрди. Тоқатсизланганидан, қувонганидан тарс ёрилиб кетгудай бўлди, аммо гап шундаки, у бу ҳакда бировга айтишга журъат қилолмасди. Агар Ажимурот билиб қолса, катта тўполон чиқарди: нега Султонмуротга мумкину, менга мумкин эмас, нега отам уни ўзи билан олиб кетади-ю, мени олиб кетмайди? Шунинг учун ҳам беҳад қувонч ва эртанги саёҳатни кутиш туйғулари укаси олдида қандайдир айбдорлик ҳислари билан қўшилиб кетгандай эди. Нима бўлса-да, бўлажак воқеа ҳақида укалари ва сингилларига айтиб юборишига озгина қолди. Жудаям айтгиси келарди. Аммо отаси ва айниқса онаси бундай қилмасликни қайта-қайта уқтирарди. Майли, кичкиналар у йўлдалигида билишсин. Шундай бўлгани яхши. У ана шу сирни саклаш учун ўзини базўр тутиб қолди. Ўлиб қолай деди сир тутаман деб. Аммо ўша куни у шундай серҳаракат, ҳаммага шундай сертакаллуф, шундай жонкуяр бўлиб қолдики, ҳеч қачон бундай қилмаганди. Ҳамма ишни қилар, ҳаммасига улгурар эди. Бузоқни ҳам жойига элтиб арқонлаб келди, томорқадаги картошкани ҳам чопди, кир юваётган онасига ҳам ёрдамлашди, энг кенжа синглиси Алматой лойга йиқилиб тушганида уни ювинтирди ва яна бошқа ишларни ҳам ўринлатди. Қисқаси, ўша куни у шундай сидқидилдан ишладики, ҳатто онаси ўзини тутиб туролмай бошини чайқаганча пиқиллаб кулиб юборди.
— Мунчалик ўзгариб қолдинг? — деди табассумини аранг яшириб. — Қани энди доим шундай бўлсанг, қанийди-а! Кўз тегмасин, ишқилиб! Балки сени шаҳарга юбормаслик керакдир? Сен ажойиб ёрдамчим бўлиб қолибсан-ку.

Лекин буни онаси шунчаки айтган эди, холос. Ўзи эса хамир қориб йўлга нон ёпар ва ҳар хил егулик ҳозирларди. Ёғни эритиб, уни ҳам йўлга ҳозирлаб шишага солиб қўйди.

Кечқурун бутун оила жам бўлишиб самовар атрофида иссиқ нон ва қаймоқ билан чой ичишди. Жойни эса ҳовлига, ариқ бўйидаги олма дарахтининг остига солишган эди. Отаси кичкинтойлар қуршовида ўтирарди — бир ёнбошида Ажимурот, бошқа ёнида қизалоқлари. Онаси чой қуяр, Султонмурот эса пиёлаларни узатиб, самоварга кўмир ташлаб турарди. У буларнинг ҳаммасини иштиёқ билан бажарарди. Ўзи эса мудом эртага шаҳарда бўлишни ўйларди. Отаси бир-икки марта у тарафга кўз қисиб имо ҳам қилиб қўйди. Укаси олдида озмунча муғамбирлик қиляптими ахир.
— Хўш, Ажике, — чой ҳўплаб туриб кичик ўғлига юзланди, — Қораёлингни ҳали ҳам минишга ўргатмадингми?
— Йўқ, ота, — шикоят бошлади Ажимурот. — У жуда асов чиқиб қолди. Орқамдан худди кучукдай эргашиб юради. Мен унга овқат бераман, суғораман, бир марта ҳатто мактабимизга ҳам эргашиб борди. Дераза тагида туриб танаффусга чиқишимни кутганини бутун синфимиз кўрди. Аммо ҳеч миндирмайди устига, дарров отиб юборади, шаталоқ отади...
— Уни минишга ўргатиш учун сенга ҳеч ким ёрдам қилмаяптими? — маслаҳат солгандай бўлди отаси гўё ўзини иш билан банд қилиб кўрсатгандай.
— Мен уни ўргатиб бераман, Ажике, — шайланиб тургандай жавоб қилди Султонмурот. — Албатта, ўзим ўргатиб бераман...
— Ур-ей! — деганча ўрнидан ирғиб турди укаси. — Кетдик!
— Қани, жойингга ўтир-чии! — Шаштини қайтарди онаси. — Тек ўтир. Одамларга ўхшаб чой ичиб олинглар, кейин улгурарсизлар.

Гап Ажимуротнинг икки ёшли ёқимтой хўтиги устида борарди. Ўша йили баҳорда уни болаларга тоғаси Нурғози инъом қилганди. Ёзгача хўтик ажабтовур ўсди, кучга тўлди. Узунқулоқни эгарга, ишга ўргатиш учун минишга кўниктириш вақти келган эди. Ахир хўжаликда эшак доимо, ҳали тегирмонга, ҳали ўтин-чўпга, ҳали майда-чуйда нарсаларга дегандай керак бўлиб туради-да. Шунинг учун ҳам Нурғози тоғаси унга совға қилганди. Аммо биринчи кунданоқ Ажимурот эшакни ўзиники қилиб олди. Ўжар, тўполончи бола эшакка шундай ғамхўрлик қила бошладики, бирор кишини унинг яқинига ҳам йўлатмас эди. Сал нарсага, хўтигимга тегманглар! Мен уни ўзим боқаман, ўзим суғораман, дерди. Бир марта ана шу хусусда ака-ука уришиб қолишди. Онаси каттасини жазолади, чунки кичиги ундан мушт еган эди-да. Ўшандан буён Султонмуротнинг алами ичида эди. Хўтикни минишга ўргатиш пайти келганда у ўзини четга олди: модомики сеники экан, ўзинг ўргат минишга, мени тинч қўй, ишим йўқ. Худди шундай ишларда устаси фаранг бўлганига қарамай, чап берди. Болалигидан унинг кўзи пишиб, эпчил бўлиб қолганди. Асовларни итоат қилдиришни яхши кўрар эди. Бу ҳам худди кураш — ким-кимни бўйсундиришдай гап. Қўшниларнинг барча тойчоқларини, буқалари-ю хўтикларини ҳамиша у ўргатарди. Ёш ҳайвонларни одатда эпчил болалардан бири ўргатади минишга. Катталарнинг вазни, оғирлиги, йўл қўймайди бунга. Одамлар Султонмуротга одатда ҳурмат билан шундай илтимослар қилиб келишарди: «Султонмуротжон, вақтинг бўлса бизнинг буқани ўргатиб берсанг». Ёки: «Султаке, азизим, бизнинг ҳангининг бир ақлини киритиб қўй. Елкасига пашшани қўндирмайди, тишлаб ўзини ҳар ёққа отгани-отган».

Бу ишда у ана шунақа таниқли бўлиб қолган эди, аммо ўз укасига йўқ дерди, бунинг устига, бир-икки марта укаси ардоқли эшагидан йиқилиб пешонаси ғурра бўлганида кулиб мазах қилиб, унинг жиғига тегди:
— У орқангдан худди итдай чопиб юради! Сен ҳали кунингаи кўрасан ундан!

Эҳ, укасини ранжитиб қандай номаъқулчилик қилган экан-а. Фақат отаси ишора қилгандан кейингина тушуниб етди. У мана шунақа тентакнамо эди, укалари олдида ярашмаган қилиқларни қилиб юрарди. Мана энди, шаҳарга борадиган бўлганида, укаси буни билмайди, виждони шундай қийналдики, ҳатто шу заҳоти унинг олдига бориб кечирим сўрашга, нима деса шуни бажаришга тайёр эди.

Чой ичиб бўлишгач, отаси билан томорқалари ортидаги ўтлоққа йўл олишди. Аввал атрофдаги ҳамма тошларни териб олиб нариги ёққа ташлади. Кейин Қораёлни — Ажимурот ўз эшагини тантанавор қилиб шундай атарди — жиловлашга олиб келишди. Отаси Қораёлни қулоқларидан ушлаб турганида Султонмурот эпчиллик билан унга нўхта урди.

Кейин иштонини яхшилаб кўтариб олди. Ахир осон ишга бел боғламаган эди-да. Шу ернинг ўзидаёқ цирк томошалари бошланди. Ажимуротнинг қўли остида эркин юрган Қораёл ёмон қилиқ чиқариб олишга улгурган экан. Дарров шаталоқ отиб, орқа оёқларини кўтариб, ўзини ҳар ёққа ота бошлади. Узунқулоқ чавандозни эгардан улоқтириш ҳавосини олган эди.

Аммо ҳеч нарса қилолмади. Султонмурот йиқилар, аммо дам ўтмай яна ўрнидан туриб олар, қорни билан Қораёлни устига ётиб олиб, кейин яна бир ҳаракат билан унинг белига миниб оларди. Эшак бўлса яна бўйсунмас, яна йиқилиш, яна миниш давом этаверарди.

Буларнинг ҳаммасини Султонмурот чапдастлик ва ҳатто қувонч билан бажарарди. Ҳамма гап йиқилишни билишда! Нима учун одамлар отдан ёки туядан кўра эшакдан ёмон йиқиласан, дейишади? Аксинча эмасми ахир. Сир шундаки, йиқилаётиб қўл билан тушишга улгуриш керак. Отнинг баландлиги, туянинг ундан ҳам баландлиги йиқилаётган кишининг мўлжал олиб улгуришига имкон беради. Эшакдан тажрибасиз чавандоз қопдек «гуп» этиб қулаганини ўзи ҳам билмай қолади...

Буни Султонмурот ўз тажрибасидан биларди. Бунинг учун ташвиш қилишнинг ҳожати йўқ эди. Шовқин солишиб, хурсандчилик қилишиб, қий-чув кўтаришди. Отаси қорнини ушлаб, ичаги узилгудай куларди. Шовқин-суронни эшитиб болалар келиб қолишди. Уларнинг ичида кимнингдир кучуги ҳам бор экан. У ҳам тўс-тўполонни кўриб, ўзини иштирок этиши керак деб ҳисоблагандай вовуллаб, Қораёлнинг кетидан қува кетди. Эшак бўлса қўрққанидан шаталоқ отди, Султонмурот эса ҳамманинг ҳавасини келтириб худди осоавиахимовчиларга ўхшаб чавандозлигини кўрсата кетди. У чопиб бораётган Қораёлнинг устидан сакраб тушиб яна миниб олар эди.

Урушдан олдин осоавиахимовчи — отлиқ аскарлар қишлоқ Совети олдидаги ўтлокда мана шундай машқ қилишар эди. Овулларидаги йигитларнинг бари эса ишдан кейин машқ қилишарди. От устида чопиб бораётиб новдаларни кесиб ташлашарди. От устидан йўл-йўлакай ўзларини пастга отиб яна миниб олишарди. Уларни значоклар билан такдирлашарди. Бу занжирли, винт билан бураб қўйииадиган жуда чиройли значоклар эди. Болаларнинг роса ҳаваси келардида. Улар осоавиахимовчилар машқини томоша қилгани доимо чопқиллаб келишарди. Ўша йигитлар ҳозир қаерда юрган эканлар-а? Отлардами ёки окоплар ичидамиканлар? Отлиқ армия ҳозирги урушда керак бўлмайди, дейишяпти...

Султонмурот дераза ташқарисига қаради-ю, отлар қишда совқотишади, танкларга эса совуқ ҳам писанд эмас, дея ўйлади. Лекин барибир отдан яхшиси йўқ!

... Роса томоша бўлган эдида ўшанда. Тез фурсатда Қораёл тинчиб қолди. Ўзидан нима талаб қилишаётганини тушунди: одимлаб, йўрғалаб, даврани айланиб юра бошлади...
— Энди миниб ол, — укасини чақирди Султонмурот, — чу, де, ҳаммаси жойида!

Юзлари фахрдан ёнган Ажимурот, товони билан Қораёлни тепиб у ёқ-бу ёққа чоптира бошлади — унинг қандай абжир акаси борлигини ҳамма кўриб турса-ю, мақтанмай бўладими!

Кеча ёруғ бўлиб, узоқ вақт қоронғилашмай турди. Улар уйга ҳориб-чарчаб, аммо мамнун бўлиб қайтишди. Ажимурот онасига кўрсатиш учун Қораёлни миниб, ҳовлига кириб борди. Шундан кейин у ҳеч нимадан шубҳаланмай дарров ухлаб қолди. Султонмурот эса сира ухлаёлмасди. Эртага шаҳарда бўлишини, у ерда нималар кўришини-ю, ўзини нималар кутаётганини ўйларди. Кўзи уйқуга кетаётиб, отасининг онаси билан паст товушда суҳбатлашаётганини эшитиб қолди.
— Ўзимга қолса унисини ҳам олиб кетардим, иккалови бўлса яна қизиқроқ бўларди, — деди отаси, — фақат жой йўқ-да, бу шайтон аравада. Энг олдинда, бочкаларнинг устида ўтирасан. Йўл бўлса узоқ, болакай мудраб ғилдирак остига тушиб кетиши мумкин.
— Нималар деяпсан! — қўрқиб кетди онаси, — худо кўрсатмасин, бу ҳақда ўйлаб ўтирма, кераги йўқ. Кейинроқ бир кун олиб борарсан. Сал катта бўлсин. Сен аввал унисига эҳтиёт бўл. Катта бўлиб қолди дейсан, қаёқда ҳали...

Султонмуротни ширин уйқу элтган эди, ота-онасининг паст овоздаги суҳбатини тинглаш ҳам марокди, эртага эрталаб, саҳар туриб отаси билан йўлга тушишини ўйлаш ундан мароқли эди... Кўзи илинаётганда эса юраги орзиқиб, учиш шундай завқли эканлигини ҳис қиларди. Қизиқ, у учишни қаердан ўрганди? Юрмоқ, чопмоқ ва сузмоқ одамларга хос-ку. У бўлса учиб юрибди. Қушга ҳам ўхшаб эмас. Қушлар қанотларини силкитишади. У бўлса қўлларини ёзди-ю, бармоқлари учини қимирлатди, холос. Учганда ҳам бир текис, эркин учди, қаердан ва қаерга бориши номаълум, сокин ва «кулиб» турган бўшлиқда учиб юрарди... Унинг ё руҳи учарди, ёки туш кўрарди.
— Тур, Султонмурот, йўлга тушамиз, — дея отаси елкасига қоқиб секингина қулоғига шивирлаганида у қўққисдан уйғониб кетди.

Ўрнидан сакраб тураркан, бир лаҳза отасининг қулоғига тегиб турган дағал мўйлови, ўзига қарата айтган сўзлари падари бузрукворига нисбатан қат-қат меҳр, миннатдорлик туйғуларини жўш урдириб юборганлигини ҳис этди. У ўшандай бир кун келиб отасининг соқоллари юзига тегишини, худди ўшандай «тур, Султонмурот, йўлга тушамиз», — деган сўзларини қўмсашини ҳали билмас эди.

Аллақачон ўрнидан турган онаси ўғлига ювилган кўйлак бериб, отаси ўтган йили Чуй каналидан олиб келган каттароқ кўк, худди бошлиқларникидай фуражкани бошига кийгизиб қўйди. Асраб қўйилган ботинкаларни ҳам отаси каналдан олиб келганди.
— Қани, кийиб кўр-чи, қисмайдими? — деди онаси ботинкаларни тутиб.
— Йўқ, қисмаяпти, — деди Султонмурот оёғини сал-пал қисаётганига қарамай. — Ҳечқиси йўқ, кенгайиб кетади ҳали.

Улар онаси билан хайрлашиб ҳовлидан чиқишганларида, керосин арава шақирлаб катта тошлоқ ариқдан ўтганида Султонмуротнинг юраги қувончдан ҳаприқиб, отларнинг туёғидан сачраётган муздек сув заррасидан этлари жимирлаб кетди ва тушида эмас, ўнгида, ростакамига шаҳарга кетаётганини ҳис этди.

Ёзги субҳидам худди шаффоф шарбатдай қуюла бошлади. Қуёш ҳали узоқ-узоқларда, оппоқ қорли тоғлар ортида эди. Бироқ у аста-секин яқинлашиб, кўтарилиб, ногоҳ тоғлар ортидан ярқираб чиқишга ҳозирланар эди. Ҳозирча эса туни билан салқинлашиб қолган йўлда сукунат ва соф ҳаво ҳоким. Афсус, уларни овулдан чиқиб кетаётганини болалардан ҳеч ким кўрмади-да. Фақат чекка-чеккадан итларгина ғилдирак товушини эшитиб, мудроқ аралаш ҳуриб қўйишарди...

Йўл адир бўйиаб борар, узоқдан бинафшаранг кўринишдаги унча баланд бўлмаган тизма тоғлар қўйнига кириб борарди. Ўша ёқда, ўша узоқ тоғлар ортида Жамбул жойлашган. Улар ўша ёққа кетишяпти. Тўйган отлар бир текисда дадил йўртиб борар, гўё эгар-жабдуқнинг ҳам, бўйинтуруқ ҳам унга алоқаси йўқдай, одатдагича кишнашиб ва кўзлари устига тушиб турган ёлларини селкиллатганча йўрғалаб боришарди. Йўл яхши таниш, бу йўллардан улар неча марталаб ўтишган; хўжайинлари ўз ўрнида, жилов қўлида, ёнидаги болакай ҳам бегона эмас, қадрдонлари, оғирлиги ҳам тушаётгани йўқ...

Улар шу маромда анчагина йўл босиб, дунёдаги барча аравалар сингари шақир-шуқур, ғичир-ғичир овоз чиқариб боришарди. Қуёш шу топда ён томондан, тоғлар орасидаги бўшлиқдан мўралай бошлади. Нур, ҳарорат, терга ботган отлар яғринига ҳаво тўлқинидай сокин ва майин таралди: нур қўйнида Чопдор бедана тухумидай бурул тусга кирди. Чонтор эса тағин ҳам тиниқлашиб, оқ-тўриқ рангга бўялди; нур, ҳарорат отанинг буғдойранг ёноғига ҳам қўниб, қисиқ кўзлари атрофидаги қалин ажинларни чуқурлаштирганидан, жилов тутган қўллари эса яна ҳам йирик ва чайир кўринарди; нур ва ҳарорат отларнинг туёқлари остига югурган оқимдай, йўлга тўшалиб, тан ва кўзларга кўчди; нур, ҳарорат жумлайи жаҳонга ҳаёт ато эта бошлади...

Шу сафар тонгида Султонмурот қалбида илиқ, қувончли ва эзгу ҳислар ҳукмрон эди.
— Қалай, уйғондингми? — ҳазиллашди отаси.
— Аллақачон, — деди ўғил.
— Ундай бўлса, ушла буни, — дея жиловни унга тутқазди.

Султонмурот миннатдорлик билан жилмайиб қўйди, ахир у буни сабрсизлик билан кутаётган эди-да. Ўзи сўраса ҳам бўлар эдику-я, аммо яхшиси отасининг ўзи қачон маъқул кўрса шунда бергани яхши — унақа-бунақа иш эмас, бу катта йўлда юриш дегани. Отлар тизгинни бошқа қўлга ўтганини сезиб, норози бўлгандек қулоқларини чимириб йўртиб бораётиб — худди ҳукмронлик заифлашган айни пайтда ғалаён кўтаришга ва уришишга қарор қилишгандай бир-бирларини тишлай бошлашди. Аммо Султонмурот дарҳол ўзини кўрсатиб қўйди — жиловни силтаб тортганча қичқирди:
— Чу, жониворлар!

Агар бахт одамга бир марта насиб қилса, буни Султонмурот сафарда тўла ҳис қилди. Унинг кайфияти бирор дақиқага ҳам бузилмади. Отаси ёнида ўтираркан, у ўзини ҳар нарсага қодир деб ҳисобларди. Бу кайфият йўл бўйи уни тарк этмади. Шақир-шуқур керосин арава бошқа бировни ҳатто ақлдан оздириб қўйиши мумкин эди, аммо унинг учун эса бу бахт-шодлик қўнғироғи эди. Арава остидан кўтарилаётган чанг ҳам, ғилдираклар ғилдираб бораётган йўл ҳам, бир маромда туёқ ташлаб бораётган отлар ҳам, қорамой ва тер ҳиди анқиб турган абзал ҳам, бош устида сузиб юрган оппоқ парқу булутлар ҳам, атрофдаги шабнамга чўмилган сарғиш, кўм-кўк, бинафшаранг дала чечаклари ҳам, йўллардаги кечиб ўтиладиган сойлару ариқчалар, дуч келган отлиқлару аравалар ҳам гоҳ олдинга, гоҳ орқага енгил учиб, баъзида эса шундайгина отларнинг тумшуғи тагидан учиб ўтаётган қалдирғочлар ҳам— ҳамма-ҳаммаси бахт ва гўзаллик рамзи эди. Бироқ Султонмурот булар ҳақида ўйламасди, зотан бахт бор жойда у ҳакда ўйламайдилар. Султонмурот дунёнинг худди шундай тузилганини, бундан яхшироқ бўлиши мумкин эмаслигини ҳис қилди. Унинг отаси ҳам шундай яхшики, бундан яхшироқ бўлиши ҳам мумкин эмас эди.

Ҳатто сариқ тўш, қора бош дала қушларининг йўл бўйидаги тикан ва буталар шохига қўниб олиб, ўша бир оҳангда сайраши ҳам бежиз эмас эди. Ким учун сайраётганини ўзлари билишади. Султонмурот уларни қанчалик яхши кўришини ҳам билишади. Бу қушларни сарайғирлар деб аташади. Шундай деб аталишига сабаб улар бир умр ўзларининг сайроқ овози билан аллақандай саман айғирни шоширар эмиш: «Чу, чу, сарайғир! Чу, чу, сарайғир!» Ғалати қушлар-да, сарайғирлар. Бироқ улар ҳар тилда ҳар хил сайрар экан. Бир куни овулга киномеханик, хушчақчақ рус йигит келиб қолди. Султонмурот унга парвона бўлиб қутиларга солинган ленталарни ташишди, кечқурун эса бунинг учун у биринчи бўлиб динамо-машинасини айлантириш бахтига муяссар бўлди. Динамо-машинада электр токи ҳосил қилинади, токдан эса лампочкалар ёнади, лампочкадаги нур эса оппоқ экранга тушади, экранда эса жонли тасвирлар акс этади.

Шунда ўша киномеханик унинг сайрашини эшитиб, сўраб қолди:
— Девор ортида сайраётган қушнинг номи нима?
— Бу сарайғир, — тушунтирди унга Султонмурот.
— У нима деб сайраяпти?
— Чу, чу, сарайғир!
— Бу нима дегани?
— Билмадим. Русчасига: «Но-о, но-о, жёлтий жеребец!» — дегани бўлса керак.
— Биринчидан, айғир сариқ бўлмайди. Ҳа, майли, аммо нима учун тинмай: «Чу, чу, сарайғир!» — дейди.

Чунки бу қушнинг хаёлида худди сариқ айғирга миниб тўйга кетаётгандай туюлар экан, юриб-юриб ҳеч манзилига етолмаётгандай бўларкан-да, у ҳадеб: «Чу, чу, сарайғир!» — деб қичқирар экан.
— Мен бўлсам бошқача эшитган эдим. Айтишларича, сарайғир бозорда қарта ўйнаган ва уч сўм ютиб олишига сал қолган. Шунинг учун ҳам: «Чут, чут три рубля не вьирал!» — деб сайрар экан. Энди ўша уч сўмни ютиб олмагунича сайрашини қўймас экан.
— Қачон у ўша пулни ютиб олади?
— Ҳеч қачон. Худди, тўйга етиб боролмаганидай пулни ҳам ҳеч қачон ютолмайди.
— Ана холос...

Ҳақиқатан, кўринишдан оддийгина қушча-ю, аммо жуда машҳур экан.

Йўл бўйи сарайғирлар сайраб туришарди, Султонмурот уларга жилмайиб:
— Кетдик бирга, бозорга бориб уч сўмни ютиб оламиз! — дерди.

Улар эса тинмай сайрашарди. «Чу, чу, сарайғир!» Бошқа гал эса: «Чут, чут, три рубля не виграл!» — деб жиғибийрон бўлиб сайрашарди.

Султонмурот шаҳарга жуда тез етишга ошиқарди. Қуёш энди шундоқ тоғлар устига келиб қолган эди. Султонмурот отларни тезлатди:
— Чу, чу, сарайғир! — бу сўзларни у Чопдорга айтди. — Чу, чу, тўрайғир! — бунисини эса Чонторга қарата айтди.

Отаси уни сал қайтарди:
— Қичаб ҳайдама. Отлар ўз маромини билади. Керагида чопади, керагида ўзини асрайди ҳам.
— Уларнинг қайси бири яхши, ота, Чопдорми ё Чонторми?
— Иккаласи ҳам яхши отлар. Йўрғалаши ҳам, кучи ҳам баравар. Худди машинадай ишлайди. Фақат парвариш қилиб, ўз вақтида ем-хашак бериб турсанг бўлди — ҳеч қачон доғда қолдирмайди. Ишончли отлар. Ўтган йили Чуй каналида ботқоқликда ишладик. Аравалар юки билан гупчагигача ботиб қолар эди. Гоҳо шундай ўтириб қолардики, баъзиларини ҳеч қаёққа силжитиб бўлмасди. Дод деб юборгинг келарди. Қутқар, деб дарров чопиб келишарди. Илтимос қилишарди. Йўқ, деб бўлармиди? Чонтор билан Чопдоримни олиб келиб аравага қўшардим. Биз ҳайвон деймиз-у улар ақлли, уларни бекорга бошқа аравага қўшмасликларини, ёрдам қилишлари кераклигини тушунади. Қамчини кўп ишлатмайман, фақат овоз чиқариб қўяман — улар бўлса, ишқилиб абзаллари чидаса бўлди, тиззалаб бўлса ҳам аравани тортиб чиқаради чуқурдан. У ерда, Чуй каналида, буларни ҳамма биларди: омадинг бор экан сени, Бекбой, деб ҳавас қилишарди. Балки шундайдир, фақат отларга яхши қараш керак, ана шунда омад ҳам келаверади.

Чопдор ва Чонтор ишбилармонлардай, ўша бир маромдаги йўрғасида борар, гўё гап улар ҳакда эмасдай эди. Отлар қоринбоғлари-ю қулоқларигача терлаб-пишиб, ҳамон аввалгидай ёлларини селкиллатишганларича йўл пашшаларини қўнишига имкон бермай боришарди.
— Ота, қайси бири катта, Чонторми ё Чопдорми? — отасидан сўрайди Султонмурот.
— Чонтор уч ёш катта. Чонторнинг кексайгани аста-секин билиниб қоляпти. Чопдор эса айни кучга тўлган вақти. Бақувват, чопқир от. У билан улокда ҳам кўпларни доғда қолдириш мумкин. Олдинлари бунақа отни йигитнинг қаноти, дейишарди.

Султонмурот Чопдор унга кўпроқ ёққани учун суюниб кетди. Ажойиб тусли — бурул, майда холли. Ўзи ҳам бадфеъл эмас, чиройли, бақувват.
— Менга Чопдор кўпроқ ёқади, — деди у отасига. — Чонтор баджаҳл. Кўзини олайтиргани олайтирган.
— Баджаҳл эмас, ақллику, — кулимсираб қўйди отаси. — У ишсиз қолиб зериктиришларини ёқтирмайди. — У бир оз туриб яна қўшиб қўйди: — Иккаласи ҳам яхши.

Ўғли ҳам маъқуллади.
— Икковиям яхши, — такрорлади у отларни қистаркан.

Бир оздан сўнг отаси деди:
— Қани, жиндай тўхтатиб турчи, — тўхтат аравани.— Ўзи эса қулай фурсат кутиб ҳуштак чалди. — Отларнинг сийгиси қистади, аммо айта олишмайди. Буни сезиш керак.

Ҳақиқатан иккала ахта ҳам йўлда шовқин солиб, оппоқ кўпик сачратиб сия бошладилар, қалин, майда, упадай чанг бўлса кўпик бўлиб кўпчиб лойга ботди.

Кейин улар яна йўлга тушишди. Йўл борган сари илгарилар, тоғлар эса ортда қоларди.

Тез орада шаҳар четидаги боғлар кўриниб қолди. Кўчадарга жон кирди. Энди жиловни отаси олди. Тўғри қилди. Энди Султонмуротга отларнинг ҳам, жиловнинг ҳам қизиғи қолмаганди. Шаҳар бошланган эди. Шаҳар ҳар хил бўёқ ва ҳидлар анқиган, шовқин-суронга тўлиқ эди. Гўё тўполон оқимига ташлаб юборади-ю, у оқим бўлса уни айлантириб-айлантириб тўлқинлар домига тортиб кетгандай эди.

Ана ўшанда, ўша бахтиёр кунда ҳеч кимга насиб қилмаган омад насиб қилди унга: отчопарда, Жамбулнинг каттакон мол бозорида сайёр ҳайвонот боғи очилган экан. Тасодифни қаранг: одам умрида биринчи бор шаҳарда бўлса-ю, умрида кўрмаган ҳар хил ҳайвонлари бор ҳайвонотхонага, бунинг устига, карусел ва яна қийшиқ-қинғир қилиб кўрсатадиган ойналар аттракционига дуч келса-я.

Иккинчи боб

Кулги хонасига у уч марта кирди. Мириқиб кулиб, ўзини тўхтатиб олгач, яна қийшиқ ва мўжизакор ойналар олдига борарди. Ана башара, ана сенга найранг! Бир умр ўйлаб, минг қил, юз қил, барибир ўйлаб тополмайсан!

Таниш чойхоначига кўз-қулоқ бўлиб туришни тайинлаб аравасини қолдиргач, отаси уни бозор айлантиргани олиб кетди. Аввалига отасининг шу ерлик ўзбек ошналари билан салом-алик қилишди. «Ассалому алайкум! Мана бу менинг катта ўғлим!» — таништирди Бекбой уни. Ўзбеклар ўрнидан туришиб ва қўлларини кўксига қўйиб, Султонмуротга юзланишди. «Дилкаш халқ! — деди отаси унга. — Ўзбеклар сенинг катта-кичиклигингга қарашмайди, доим иззат қилишади...»

Кейин савдо расталарига, магазинларга, энг муҳими, ҳайвонотхонага боришди. Одамлар орасида туртиниб-суртиниб юриб ҳамма қафасларни ва хоналарни кўриб чиқишди. Фил, айиқлар, маймунлар — нималар йўқ эди дейсиз...

Ҳаммасидан кўра Султонмурот кулранг, майсалари сарғайиб қолган тепаликка ўхшаган баҳайбат, гоҳ у оёғига, гоҳ бу оёғига ошрлигини ташлаб, хартумини ўйнатиб турган филни ёдида сақлаб қолди. Вой-бў! Одамлар тўпланишиб филга термилишиб турар ва ҳар хил гапларни айтишарди. У сичқондан қўрқар эмиш. Жиғига тегмаслик керак эмиш, худо кўрсатмасин, занжирларини узиб юборса, бутун шаҳарни майда-майда қилиб юборар эмиш. Ҳаммасидан ҳам Султонмуротга бир ўзбек чолнинг ҳикояси ёқиб тушди, у филни дунёда энг ақлли ҳайвон, деди. Хартуми билан ўрмон ишларида баҳайбат ёғочларни кўтариш билан бирга атрофда каттароқ кишилар бўлмаса, яна ўша хартуми билан ёш болага илон ёки бошқа бирон-бир хавф таҳдид қилгудай бўлса, уни ердан даст кўтариб олармиш.

Бунақанги ҳикоя отасига ҳам маъқул бўлди. У ҳайратланиб тилини такиллатиб қўяр ва ҳар сафар ўғлига дерди: «Эшитдингми? Дунёда қандай мўжизалар бор-а!».

Албатта, кулги хонаси ҳам эсида қолди. У ерда ўз устингдан хоҳлаганингча кулаверасан...

Султонмурот бир неча қатор нариги партада ўтирган Мирзагулга назар солиб олди. «Сени ўша кулги хонасига олиб борсамиди! — деб ўйлади завқ билан. — Дарров бошқача бўлиб қолардинг, соҳибжамол! Ўзингни ўша ойнада кўрардинг-у такаббурлигингдан нишон қолмасди». Аммо у шу заҳотиёқ ўз фикрларидан уялиб кетди. Нега у ҳадеб қизга осилаверади, нима ёмонлик қилди унга? Қиз деса қиздай, соҳибжамол, синфдаги ҳамма қизлардан чиройли. Нима қипти, бу гуноҳми? «Ёмон» олган кунлари ҳам бор.

Муаллима дарс пайтида бир куни унинг ойнасини олиб қўйди. Ҳали севишишга эрта деди. Мирзагул уялганидан қип-қизариб кетди, йиғлаб юборишига сал қолди. У бўлса қизни ўйлаб, нимагадир хафа бўлиб кетди. Нима бўпти, ойна, эҳтимол бехосдан унинг қўлига тушиб қолгандир...

Қиз тарафга яна бир қараб, Султонмуротнинг унга раҳми келиб кетди. Мирзагул кўкариб, совукдан ғужанак бўлиб ўтирар, кўзлари намли ялтирарди, балки у йиғлаётгандир. Ахир унинг отаси ҳам, акаси ҳам фронтда... Султонмурот бўлса унинг ҳақида ёмон ўйларга бориб юрибди. Эҳ, тентак, чиндан ҳам тентак.

Синфдагиларнинг кўпчилиги шамоллаганларидан йўталишяпти. Балки у ҳам йўталиб кўрар? У титраб, эгилиб-букилиб атайин йўтала бошлади. Нима қипти, ҳамма йўталяпти-ку, унинг қаери кам улардан? Инкамол опа унга маъноли қараб қўйди-да, яна тушунтира кетди.

Учинчи боб

Ҳайвонот боғи ва кулги хонасидан чикиб улар чайқов бозори томон йўл олишди. У ердан совғалар харид қилишди. Ажимуротга янги, чиройли, ялтироқ пўкак тўппонча олишди. Томоша қилиб тўймайсан, худди ростакам наганнинг ўзи. Қизчаларга эса аллақандай рангли, юмшоқ резина коптоклар олишди. Резинкасига туртиб қўйсанг бўлди, копток гоҳ тепага, гоҳ пастга сапчийди. Онасига рўмол олдилар ва яна қанд-қурс дегандай...

Бутун бозорни айланиб, ҳамма нарсани кўрдилару, лекин каруселда учмадилар, отаси ҳам, туша қол, деб айтмади. Бу кичкина болалар ўйини, сен бўлсанг йигит бўлиб қолдинг, бир-икки йилдан кейин уйлантириб қўйсак ҳам бўлаверади, дея ҳазиллашди. Каруселнинг олдида бир оз туришиб, томоша қилишди. Нефть базасига бориш керак, станцияга улгуриш, бочкаларни тўлғизиб йўлга тушиш керак. Кеч эса кириб қолди, дея уни отаси шошилтирди. Ҳақиқатан улар нефть базасига етиб келишганида қуёш шаҳар ортига оғиб қолган эди. Шу ердан, шаҳар чети бўйлаб юриб, йўлдаги чойхонадан палов еб қоринларини тўйғазиб олишгач, уйга қайтишди.

Қош қорая бошлаганида шаҳар четидаги боғларни ортда қолдириб, яна ўша ўзлари кундузи шаҳарга кириб келган йўлга чиқиб олишди. Ёзги чечаклар ҳиди анқиган оқшом илиқ эди. Йўл бўйидаги ариқчада бақалар вақиллашар, отлар эса бир маромда қадам ташлардилар, ахир тўла бочкалар билан чопиб бўлармиди. Султонмуротни астасекин уйқу элита бошлади. Чарчади. Чарчамай бўладими ахир — бугун шундай ажойиб кун бўлдики, асти қўявер. Афсуски, аравада чўзилишга жой йўқ. Унинг бўлса жуда ухлагиси келарди. Отасининг елкасига бошини қўйди-ю, қаттиқ уйқуга кетди. Ҳар замон-ҳар замон ўнқир-чўнқир жойларда кўзини очарди-ю, яна юмарди. Ҳар гал ухлашдан олдин, дунёда оталар борлиги қандай яхши, деб ўйларди. Отасининг бақувват елкасига бошини қўйиб ухлаш бехавотир ва осойишта эди. Арава ҳамон таракдаб, ғижирлаб борар, отлар туёғи дукурлар эди.

Қанча йўл босганларини Султонмурот билмай қолди, бехосдан арава тўхтади. Атроф жимиб қолди. Отаси уни қўлига кўтариб олди-ю, қаергадир олиб борди.
— Катта бўлиб қолибди-я, кўтариб бўлмайди. Оғир бўлиб қопти, — шивирлади ўғлини бағрига босиб. Кейин уни пичанлар устига ётқизиб, устини фуфайка билан ўраркан, деди:
— Сен ухлайвер, мен отларни чиқариб ўтга қўйвораман.

Султонмурот шундай маза қилиб ухлаётганидан кўзини очмади ҳам. Фақат яна, дунёда оталарнинг бўлиши қандай яхши, дея ўйлади.

Отаси оёғидан ботинкасининг боғичини ечиб олганида у яна уйғониб кетди. Ботинкалар кун бўйи оёғини роса қисган эди. Отаси ботинка оёғини қисганини қаердан била қолди экан?

У қайтадан уйқута кетаркан, гўё ўзини оқим бағрига ташлаб сузиб кетаётгандай эркин ҳис қилди. Назарида шамол тўлқинлари майсазор бўйлаб яйраб, ўйнокдаб эсаётгандай туюдди. Гўё у ўша майсазор узра югурар, шўнғир ва ўша мавжланаётган майсазорга кўкдан унсизгина юлдузлар ёғиларди... У ер-бу ерга жимгина ёнаётган юлдузлар тўкилар, аммо у етиб келгунича юлдузлар сўниб қоларди. У туш кўраётганини ҳис қиларди. Гоҳ-гоҳ уйғониб тушовланган отлар кўм-кўк ўтларни илдизи билан суғуриб кавшаётганини ва бўшатиб қўйилган сувлиғини шилдиратиб ғарам ёнидан ўтаётганини эшитар эди. Отаси ёнида ётганини, далада тунаб қолишганини билар ва кўзини очса чиндан ҳам осмондан тўкилаётган юлдузларни кўришига ишонар эди.

Аммо кўзини очгиси келмас, маза қилиб ухлаётган эди. Тун ярмида совуқ туша бошлади. Отаси сари сурила-сурила унинг биқинига кириб олди ва шунда отаси уйқу аралаш уни қучоқлаб маҳкам бағрига босди. Улар йўл бўйида, яйдоқ далада, очиқ ҳавода ухлашарди. Бу сенга уйда, юмшоқ болишда ухлаш эмас...

Кейин у тез-тез юлдузли тушини эслаб юрди...

Шундоққина икки қадам нарида бир бедана тонг отгунча тинмай сайраб турди... Дунёдаги барча беданалар бахтли бўлсалар керак.

Тўртинчи боб

— Султонмурот, сенга нима бўлди? — Султонмурот Инкамол опани шундоққина партаси олдига келгандагина пайқади.
— Ўзим. Ҳеч нима, — гўё ўзини оқламоқчидай ўрнидан турди.

Синф ҳамон совуқ ва жимжит эди. Болаларнинг одатдаги йўталлари аралаш ҳиринг-ҳиринг кулгани эшитилди.
— Гоҳ беҳудадан беҳудага йўталинг тутади, гоҳ берилган саволни эшитмай қоласан, — деб қўйди норозилик билан Инкамол опа совукдан елкалари қунишиб. — Бор, яхшиси, похол олиб келиб, печкага ўт ёқ.

Султонмурот шуни кутиб тургандек, дарҳол ишга киришди. Ахир бунақа топшириқ дарс пайтида доим бўлавермайди-да. Навбатчилар танаффус пайти похол олиб келиб печкани ёқиб қўйишади-ю, аммо дарс вақтида бунақаси камдан-кам бўлади.

У отилиб ташқарига чикди. Юзига қор аралаш шамол урилди. Эҳ, Сейлон эмасда бу ер! Ҳовли этагидаги похол сақланадиган омбор томон чопиб кетаётиб, отдан тушаётган колхоз раиси Тиналиевни кўриб қолди. У фронтдан ярадор бўлиб қайтган. Ёш бўлишига қарамай, бир томонга қийшайиб юради. Бир неча қовурғаси йўқмиш. Парашютдан ташлайдиган десантчилардан экан. Урушгача агроном бўлган, дейишади. Аммо буни Султонмурот негадир эслолмайди. Урушдан олдин ҳамма нарса худди бир дунёга ўхшайди, шунинг учунми, урушдан бурунги ҳаётнинг бўлганлигига ишонмайсан ҳам...

Султонмурот бир қучоқ похол кўтариб, эшикни оёғи билан туртиб очганча синфга кириб келди. Болалар бирдан жонланиб, шивир-шивир бошлашди.
— Тинчланинг, алаҳсиманглар! — улардан талаб қилди Инкамол опа. — Султонмурот, шовқин кўтармай ишингни қилавер.

Печка ичида похол кули учқунлаб турарди. Ўша учқунга бир тутам похол солиб тутатди. Яна қайта-қайта похол тутамидан ташларкан, печка гувиллаб ёниб кетди. Похол ташлаб туришга улгурсанг бўлгани. Синф хонаси жонланиб қолди.

У орқасига ўгирилиб қарагиси, кимгадир афтини бужмайтириб кулдиргиси ва, айниқса, орқа партада ўтирган Онатойга мушт ўқталиб пўписа қилгиси келарди. Кўряпсизми, у синфда энг каттаси, ўн беш ярим ёшда, уришқоқ, бунинг устига, Мирзагулга тегажаклик ҳам қилади. Қани энди, унга тилини кўрсата олса эди. Ма сенга, ма, деб! Аммо бундай қилиш мумкин эмас, муаллималари қаттиққўл. Ҳа, уни ортиқча хафа қилишни хоҳламайди. Нимагадир кейинги пайтларда унинг ёлғиз ўғлидан хат йўқ. Ўғли командир, артиллериячи. У билан жуда фахрланади. Қандайдир хунук воқеа содир бўлиб, эри урушдан олдин қайгадир ғойиб бўлган. Одамлар ҳам бу ҳакда ҳеч нарса гапиришмайди. Шунинг учун ҳам у овулга келиб ўқитувчилик қиляптида. Ўғли Жамбулдаги педагогика билим юртида ўқиб юриб, ўша ердан фронтга кетди. Деразадан отлиқ почтальонни кўриши билан Инкамол опа болалардан бирини тўғри дарсдан чиқариб хатга чоптирарди. У эса югуриб ҳовлига чиқади-ю, агар хат бўлса ўзида йўқ шод қайтади. Ҳатто келгуси сафар муаллиманинг хатини олиб келиш учун навбат белгиланган.

Хат келган кунлари байрам бўлиб кетади! Инкамол опа турган жойидаёқ хатга тезгина кўз югуртириб чиқиб, қоғоздан бош кўтарганида синфда гўё бошқа муаллима пайдо бўлиб қолгандай бўлади. Тутам-тутам оқ аралашган сочларини рўмоли остига чиройли қилиб бостириб олган муаллиманинг шундай қувончга тўлганида хотиржам туриш, унинг кўзларида ёш кўринганида юрагинг ачишмаслиги мумкин эмас.
— Ҳаммаларингга салом, болалар, каттакон салом! Оғаларинг соғ-саломат экан. Жанг қиляпти, — дейди у суюнаётганини бутун синфдан яширолмасдан қалтироқ овозини босиб. Барча унга талпиниб, гўё бу қувончни баҳам кўрадигандай чеҳраларига табассум ёйилади. Бироқ бир озгинадан сўнг ўзи шундай дейди: — Энди, болалар, машғулотимизни давом эттирамиз.

Ана шундагина дарснинг энг ажойиб, энг яхши онлари бошланади: унинг сўзлари таъсир кучини оширади, фикрлари фикр туғдиради, у нима ҳақда гапирса, тушунтирса, исбот қилса, ҳаммаси ўқувчиларнинг аклу юрагига жо бўлаверади. Унинг илҳоми жўшади-ю, бутун синф сеҳрлангандек жим ўтиради...

Кейинги кунларда унга нимадир тинчлик бермасди, безовта қиларди... Шунинг учун бўлса керак, синфга илмий мудир ҳамроҳлигида колхоз раиси Тиналиев кириб келганда Инкамол опа астагина доска томон чекинди. Сўнг болаларга юзланиб истар-истамас деди:
— Ўринларингдан туринглар, болалар. Султонмурот, сен жойингга бор.

Султонмурот печка оғзини бекитиб, дарҳол ўз жойига йўналди. Келганлар саломлашдилар.
— Салом! — дея жавоб берди уларга бутун синф. Ўртага сергаклантирувчи жимлик чўкди. Ҳатто ҳеч ким йўталмади ҳам.
— Бирор воқеа юз бердими? — дея сўради Инкамол опа бўғилиб.
— Ҳеч қанақа ҳодиса юз бергани йўқ, Инкамол опа, — дея уни дарҳол тинчлантирди Тиналиев. — Мен бошқа иш юзасидан келган эдим. Болаларга гапим бор. Дарс пайтида кирганим учун кечиринг, ижозат берган эдилар, — деди у кекса илмий мудир томонга ишора қиларкан.
— Ҳа, муҳим гап бор, — деб таъкидлади илмий мудир ҳам, — ўтиринглар, болалар.

Синф дув этиб ўтирди.

Тиналиев яқингинада — кузда фронтдан келганидан бери раислик қилаётган бўлсада, уни ҳамма биларди, ўзи ҳам бу ерда ўтирганларнинг деярли барчасини танийди. Демак, танишиш учун келмаган. Бўлма-са, нега келади? Еттинчи синф ўқувчилари — овулда кўзга кўриниб қолганлардан ҳисобланади. Уларнинг ҳар қайсиси билан қишлоқнинг ҳар бир жойида, уйда ҳам, идорада ҳам, йўлда ҳам гаплашиш мумкин. Аммо раиснинг биринчи марта болаларга муҳим гап айтиш учун атайлаб мактабга келиши эди. Нима демоқчи, қанақа янгилик бор экан? Ёзнинг йўриғи бошқа, ҳаммалари колхозда ишлашарди, лекин ҳозир қандай гап бўлиши мумкин?
— Гап бундай, — деб сўз бошлади Тиналиев болаларнинг сергак юзларига диққат билан боқиб. У бир томонга қийшайиб тургани кўзга ташланмаслиги учун қаддини тик тутишга ҳаракат қиларди. — Мактабингиз совуқ, аммо сизларга похолдан бошқа нарса билан ёрдам беришга ожизман. Похол бўлса, ҳаммага маълумки, гур этиб ёнади-ю, ўчади. Илгарилари мактабни иситишга бериладиган таппини аввалига тоғдан орқалаб тушиб, кейин араваларга ортиб келинарди. Ўтган йили бу иш билан шуғулланишга одам ҳам, вақт ҳам бўлмади. Ҳамма фронтда, биласизлар. Мен икки тонна кўмирни яшириб қўйганман. Лекин бу кўмир темирчиларга керак. Кўмирни ҳам, темирни ҳам чайқовчилардан сотиб олдим. Пайти келиб улар билан ҳисоблашармиз. Ҳозир эса шароит оғир. Утган йили икки юз гектар ерга кузги буғдой сеполмай қолдик, улгуролмадик. Ҳеч ким айбдор эмас. Уруш... Бироқ ҳамма жойда, ҳамма колхоз-совхозлар бизга ўхшаб ҳосилни вақтида йиғиштиролмаса, уруғликни сепиб улгуролмаса, ишни тугаллай олмаса, унда душманни қандай енгамиз? Уларни енгиш учун нон ҳам, снаряд ҳам керак. Шу туфайли олдингизга келдим, болалар, ораларингизда баъзи бировларингизга ўқишни вақтинча қўя туришларингизга тўғри келади. Ҳозир дам ғанимат, уловни баҳорги шудгорга тайёрлаш керак, от-уловларимизга эса қараб қўрқиб кетасан — рамақижон. Эгар-жабдуқни шай қилиш керак, улар ҳам илма-тешик бўлиб кетган, плугларни, сеялкаларни ремонт қилиш зарур, бари қор тагида ётибди... Бу гапларни айтаётганимнинг сабаби нима дерсизлар. Кузда эколмай қолган ерларимизга лалми экайлик дейман. Буни қандай бўлмасин, фронтча қилиб айтганда, сўзсиз бажариш керак! Бу эса пландан ташқари, ўз кучимиз билан қўшимча икки юз гектар майдонни ҳайдаб, баҳори ғалла экиш деган сўз. Икки юз гектар!! Тушуняпсизларми? Аммо қани ўша куч, кимга суянайлик? Биз яна шундай қилишга қарор қилдик: ўзимизда борларидан, баҳорги мавсумга тайёрланаётганлардан ташқари, қўшимча равишда, икки тишли плугчилар бригадаси тузамиз. Ўйлаб, чамалаб кўрдик. Бу ишга хотин-қизларни жўнатолмас эканмиз. Ораси узоқ, Оқсойда. Одам йўқ. Ахийри, сиз ўқувчилардан ёрдам сўрашга қарор қилдик...

Баджаҳл ва тунд, армиядан кийиб келган кулранг шинелини ечмай, кулранг қулоқчинда доим дийдираб юрувчи, ташвишдан юзлари жиддий, ҳали ёш бўлишига қарамай, бир томонга қийшайиб қолган, қовурғалари майиб, қачон қараманг, елкасига дала сумкасини осиб юрадиган раис Тиналиев ана шундай деди...

Раис Тиналиев география харитаси осиғлиқ мактаб доскаси ёнида турганча одамлару бутун замин-у денгизларни, жумладан, Цейлон, Ява, Суматра, Австралия сингари ёғ ичиб, яланғоч ётадиган ажойиб-ғаройиб иссиқ ўлкаларни ҳам сиғдира олган ўша харита олдида туриб ана шу алфозда сўзлар эди.

Иситишдан кўра ивирсиғи ортиқ похол ёқиб илитилаётган мактабда раис Тиналиев ана шу алфозда сўзлар эди. У узоқ Оқсойдаги юзлаб гектар қўшимча ерларга фронт учун баҳори ғалла экиш ҳақида гапираркан, унинг оғзидан ҳовур чиқиб турарди...

Ҳа, раис Тиналиев ана пгундай деди...

Ташқарида ҳамон қор бўралаб, тирқишлардан ғўриллаганча совуқ ел кирар, симёғочга қантариб қўйилган, ҳурпайган отнинг шамолда депсиниб, бошини панага олишга интилаётгани Султонмуротга кўриниб турар эди. Шамол отнинг ёлларини тўзғитар, ингичка думини бир ёнга итқитар эди. От бечора совқотган бўлса керак...

Ҳа, бу ер Сейлон эмас...
— Яхши кунда мен сизларни ўқишдан қолдирармидим, — деди Тиналиев. — Бошқа илож йўқ. Ўзларинг ҳам тушунишларинг керак. Урушдан кейин, балки омон бўлсам, мен ўзим сизларни мактабга бошлаб келиб, ўқишни давом эттиришларингни илтимос қиламан. Ҳозир эса аҳвол мана шунақа...

Кейин илмий мудир сўзлади. Сўнгра яна Тиналиев гапирди. Охири синф жонланиб кетиб, болалар қўл кўтариб: «Мен бораман, ишлашга мен ҳам бораман», — деб чуғурлаша бошлаганларида Тиналиев дарҳол аниқлик киритди:
— Кимда-ким раисга, ҳар қандай ўқувчи ҳам бўлаверади, деб ўйласа, адашади. Кимки ёмон ўқиган бўлса, у ёмон ишлайди. Иккинчидан, яхши ўқийдиган ўқувчининг кейинчалик етиб олиши осон бўлади. Мана сен, Султонмурот, синфдагиларнинг энг каттасига ўхшайсан...

Болалар шовқин кўтаришди:
— Ичимизда энг каттамиз Онатой. Яқинда ўн олтига киради!
— Мен ҳозир ёшини айтаётганим йўқ. Бўй-басти ҳақида гапиряпман. Муҳими, бу ҳам эмас. Мана сен, Султонмурот, — деб яна унга юзланди раис. — Сен ўтган йили полизда ер ҳайдагансан-а, шундайми?
— Ҳа, — дея жавоб қайтарди Султонмурот ўрнидан туриб. — Орол кўчасида ер ҳайдаганман.
— Икки тишли, тўрт от қўшилган плугдами?
— Ҳа, икки тишли, тўрт от қўшилганида, лекин мен фақат ёрдам берганман, холос. У Сартбойнинг плуги эди, уни ўша кунлари армияга олишган, экин пайти эса ўтиб кетаётган эди. Чекиш оқсоқол кўмаклашишни илтимос қилди.
— Биламан. Шунинг учун ҳам гапни сендан бошладимда, — деди раис.

Ҳамма ялт этиб Султонмуротга қаради. У Мирзагулнинг ҳам тикилиб турганини кўрди. Мирзагул унга бошқаларга қараганда ўзгача нигоҳ ташлади. Гап ўзи ҳақида бораётгандек, қизариб кетди. Бундан Султонмурот ўнғайсизланиб, юраги дукиллаб ура бошлади.
— Мен ҳам полизда ер ҳайдаганман! — дея ўтирган жойидан бақирди Онатой.
— Мен ҳам, — дея қўшиб қўйди Эркинбек. Яна кетма-кет овозлар эшитилди.

Тиналиев болаларнинг жим бўлишларини илтимос қилди.
— Келинглар, болалар, навбат билан гапирайлик. Бу ерда муҳим иш ҳақида гап кетяпти. Гапни ўқишдан бошлайлик. Сенинг ўқишинг қалай? — дея у яна Султонмуротга юзланди.
— Унчалик эмас, — деди Султонмурот.
— Нимаси унчалик эмас?
— Унчалик ёмон эмас.
— Яхши ҳам эмас, — деб қўйди шу пайтгача жим ўтирган Инкамол опа. — Мен унга сен бундан кўра яхшироқ, юз марта яхшироқ ўқишинг мумкин, деб доим айтаман. У жуда қобилиятли. Лекин ҳамма бало шундаки, калласи бўлмағур хаёллар билан банд бўлаверади.
— Ҳа-а, — деди раис ўйчанлик билан. — Мен умид қилган эдимки... Ҳа, майли. Сенинг отанг фронтда. Унинг учун ош-нон етказиб берадиган пайтинг келди. Сенинг ўқишинг-чи, Онатой?
— Меники ҳам шунақа, — деди Онатой хўмрайиб ўрнидан тураркан.
— Бундан чиқди, бир-бирларингиздан қолишмас экансиз-да, — деди кулиб Тиналиев, бир оз индамай тургач, пгундай деди: — Мактабга яна қайтганларингда ўқишнинг қадр-қимматини чуқурроқ тушуниб оласизлар. Биламан, ўзимнинг бошимдан ҳам ўтган. Сал нарса бўлса, бор-е, ишлайман, дердик. Фақат ишлаш учунгина яшайдими одам? Сен нима деб ўйлайсан, Онатой?

Онатой нималардир деб изоҳ бермоқчи бўлди-ю, аммо кейин ростига кўчиб қўя қолди:
— Билмадим.
— Мен ҳам кўп гапни билмайман, — деди Тиналиев, — бироқ уруш бўлмаганда ўқишга борардим, яна ўқиган бўлардим...

Синфдаги болалар ошкора кулиб юборишди. Кулгилида, кап-катта одам, колхоз раиси бўлса-ю, яна ўқимоқчи эмиш. Уларнинг эса ўқиш жонларига теккан.
— Бунинг нимаси кулгили? — деб жилмайди Тиналиев. — Ҳа, болалар, мен ўқишни жуда хоҳлардим. Буни сизлар ҳам кейинроқ тушуниб оласизлар.

Шунда кимдир пайтдан фойдаланиб унинг сўзини бўлди:
— Раис амаки, самолётдан сакраганингиз ростми? Тиналиев бош ирғади.

Бола тағин савол ташлади:
— Вой-бўй! Қўрқмадингизми? Мен бир марта тамаки омборининг томидан пичан ғарамига сакраганимда тиззаларим қалтираб кетган!
— Ҳа, сакраганман. Фақат парашут билан, — деб тушунтирди Тиналиев. — Бу гумбазга ўхшаган нарса, тепангда худди ўтовга ўхшаб очилади...
— Биламиз, биламиз, — дея чувиллашди болалар.
— Ана шундай, биз десантчилар эдик. Парашут билан сакраш вазифамиз эди.
— Десант нима дегани? — деди яна кимдир.
— Десантми? Бу кўчма, жанговар отряд. Энг муҳими, махсус топшириқларни амалга ошириш учун юбориладиган отряд. Билдиларингми, тушунарлими?

Синфга жимлик чўкди.
— Десант бир нечта ва бир неча минг одамлардан тузилиши мумкин, — дея давом этди Тиналиев, — Муҳими, десант душманнинг орқа томонига ўтиб олади-да, мустақил ҳаракат қилади. Агар унча тушунмаган бўлсаларинг, бошқа бирон кун гапириб берарман. Ҳозир эса ишга ўтайлик. Онатой, сен ўтир, нега тик турибсан? Сенинг отанг ҳам фронтда жанг қиляпти.
— Меники ҳам!
— Менинг отам ҳам!
— Меники ҳам! Тиналиев қўлини кўтарди:
— Мен ҳаммасини биламан, болалар. Эртадан кечгача фақат колхоз иши билан овора, деб ўйламанглар. Ҳаммасидан хабарим бор: кимлар армияда-ю, кимлар госпиталда эканлигини биламан. Сизларни ҳам яхши биламан. Шунинг учун сизларнинг олдингизга келдим. Гап шу. Онатой, отангга нон етказиб беришга сен ҳам борасан. Сен ҳам бир йилчами, кўпроқми мактабни қўя туришингга тўғри келади.
— Мен ҳам! Мен ҳам! Мен ҳам! — деб баъзи болалар ўринларидан сапчиб тура бошладилар. Негаки бунақа пайтда ҳар ким ҳам ботир бўлиб кетади. Буёкда мактабга қатнашдан қутулади. От ҳайдайсан, холос. Бундан ортиқ яна нима керак?
— Йўқ, шошманглар! — деб уларни тинчитди раис. — Бунақаси кетмайди. Фақат плутда ишлаганлар боради. Мана сен, Эркинбек. Сен ҳам ер ҳайдаганмисан? Мен биламан, отанг Москва остонасида ҳалок бўлган. Кўпгина оталаримиз, акаларимиз ҳалок бўлганлар. Сендан ҳам илтимос, Эркинбек, бизга ёрдам бер. Ўқиш ўрнига сенинг ҳам ер ҳайдашингга тўғри келади. Бошқа чорамиз йўқ. Онангга бўлса ўзим тушунтираман...

Кейин раис яна икки кишининг — Эргаш билан Қуббатқулнинг исмини айтди. Эртага эрталаб ҳаммалари отхонада, бригадирларнинг эрталабки иш тақсимотида ҳозир бўлишларини тайинлади.

Уйда, ярим кечаси ётишга ҳозирланаётганларида Султонмурот колхоз раиси мактабга келганини онасига гапириб берди. Онасига жимгина пешанасини силаб, ҳорғингина қулоқ солди. У кун бўйи колхозда, фермада, кечқурун уйда болалари билан банд эди. Тентак Ажимурот бўлса, беҳуда қувониб ўтирибди:
— Вой-бўй! ўқимас экансан! От қўшиб плугда ер ҳайдар экансан! Мен ҳам ер ҳайдайман!
— Дарсингни тайёрладингми? — сўради онаси.
— Ҳа, тайёрладим, — деди Ажимурот.
— Бор, ётиб ухла, унингни чиқарма! Тушундингми?

Катта ўғлига эса ҳеч нима демади.

Қизларини ўринларига ётқизиб, чироқни ўчириш олдидан маъюс тортиб, ўйланиб қолди. Афтидан, Султонмуротни ухлаб ётибди деб ўйлади шекилли, бошини қўллари орасига олиб йиғлаб юборди. Нозик елкалари титраб, унсиз узоқ йиғлади. Султонмуротнинг юраги эзилиб кетди, ўрнидан туриб, қандайдир яхши гаплар айтиб онасини юпатгиси, овутгиси келди. Бироқ безовта қилишга журъат этмади, майли, юрагини бўшатиб олсин. Ахир, онаси ҳозир отаси ҳақида ҳам (у ёқда, урушда қандай аҳволда экан, деб), болалари ҳақида (улар тўртта), уйи ва ҳар хил бошқа эҳтиёжлар ҳақида ўйлаяпти-да.

Аёл киши аёллигига боради. Ўқтин-ўқтин йиғлайди. Раис Тиналиев синфдан чиқиб кетганидан сўнг муаллима Инкамол опанинг ҳам кўнгли жуда бузилиб кетди, ҳатто ўзини йўқотиб қўйди. Аллақачон танаффусга қўнғироқ чалинган бўлса ҳам ўрнидан қўзғалмади. Синф ҳам уни кутиб ўтирар, ҳеч ким ташқарига чиқмас, ҳамма муаллиманинг ўрнидан туриб, эшик томон юришини кутар эди. Эшик олдига келганида Инкамол опа йиғлаб юборди. Ўзини тутишга ҳарчанд уринмасин, бўлмади. Кўзида ёш билан чиқиб кетди. У унутиб қолдирган харитани ўқитувчилар хонасига олиб кирган Мирзагул ҳам кўзлари ёшга тўлиб қайтиб келди. Ҳа, аёллар аёллигига боради. Ҳаммага ачинишади улар, шунинг учун кўп йиғлашади. Нима қилибди, бир йил ўтар, икки йил ўтар, уруш тугаши билан яна ўқишни давом эттиришар...

Султонмурот мана шулар ҳақида ўйлар экан, ташқарида учқунлаб ёғаётган қор шивирига қулоқ тутганча ухлаб қолди.

Эртасига ҳам яна ўшандай учқунлаб қор ёғди. Изғирин музлаган ер устини яларди. Булутлар карвони осмонда вазмин сузарди. Отхонага етиб боргунча Султонмурот совқотиб кетди.

Раис Тиналиевнинг режалари Султонмуротнинг кеча ўйлаганидан мушкулроқ чиқиб қолди. Аввалига раис ва озғин, сариқ соқол, ҳаммаларига тўрттадан нўхта тутқазган бригадир Чекиш чол билан эски отхона олдидаги қўрага боришди. Қор босган қўрада аравага қўшиладиган отлар бошларини эгиб, қуруқ охурлардаги нишхўрд хашакни чимдишарди. Маълумки, ёзда отлар семиз бўлади, қишда эса эт ташлайди. Лекин буларнинг фақат териси-ю устухони қолган, холос. Уларни ишлатиб-ишлатиб, қиш келиши билан оғилхонага қамаб қўйишибди. Боқадиган, парвариш қиладиган одам йўқ. Ем-хашак танқис. Борини ҳам баҳорги ер ҳайдашга сақлаб қўйишганди.

Болалар саросимада тўхтаб қолишди.
— Нега қаққайиб қолдиларинг? — деб бақирди Чекиш чол. — Бизга Манас тулпорларини қўш қўллаб тутқазишади, деб ўйлаганмидинглар? Бир чеккадан танлайверинглар, адашмайсизлар. Яна йигирма кундан кейин бу қирчанғиларнинг ҳар биттаси буқадай ирғишлайдиган бўлиб қолади. Буларнинг зуваласи пишиқ — фақат ем беру парвариш қил! Бошқаси билан ишларинг бўлмасин!
— Олинглар, болалар, ҳамма керакли нарсалар билан таъминлаймиз, — деб қўшиб қўйди раис. — Бошланглар. Ҳар бирингга тўрттадан. Дуч келганини олаверинглар.

Шунда кутилмаган ҳол юз берди. Бу ташландиқ қўрадаги қаровсиз ориқ отлар орасида отасининг Чопдор ва Чонтор деган отлари ҳам юрар эди. Султонмурот аввал Чопдорни, кейин Чонторни таниб қолди. Уларнинг калладор, ҳурпайган, туртсанг йиқилгудеклигини кўриб Султонмурот ҳам қувониб, ҳам қўрқиб кетди. Отаси билан шаҳарга тушганларини эслади. Қандай отлар эди-я, булар отасининг қўлида эканлигида! Тетик, бардам, кучли. Энди бўлса...
— Ана, қаранг, ана, отамнинг отлари! — деб қичқирди Султонмурот раисга ва бригадирга қараб. -, Мана, Чопдор, мана, Чонтор!
— Тўғри! Ҳақ гап! Улар Бекбойнинг отлари! — дея тасдиқлади Чекиш чол.
— Ундай бўлса, ола қол шуларни! Отангнинг отларини ола қол, — деб буюрди раис.

Султонмурот отасининг отлари ёнига яна иккита отни — Окдум ва Бурулни қўшиб олди. Кейин қолганлар ҳам ўзларига от танладилар.

1943 йилнинг қишида уларни мактабдан ажратган муҳим иш ана шундай бошланди...

Иш ўйлагандан ҳам кўпроқ эди. Ҳар куни отхонага боришлари, кекса Парпи ва унинг оқсоқ босқончисига ишлашларига зарур бўлган плугларни ремонт қилишга ёрдам бериш учун темирчилик устахонасига чопишлари керак эди. Авваллари кераксиз деб ташлаб юборилган ҳамма темир-терсакларни энди йиғишга ва тозалашга тўғри келди. Ҳатто ўз вазифасини ўтаб, ўтмаслашиб қолган плуг тишларини ҳам қайтадан ишга мослаштирдилар. Темирчилар болға билан уриб уларнинг дамини ўткирлаштирар, олов ва сувда обдан тоблар эдилар. Плут тишларининг ҳаммасиниям чархлаб бўлмасди, бироқ агар уддасидан чиққудек бўлса, Парпининг боши кўкка етарди. Шундай пайтлари у босқончисини устахона томига чиқариб, отхонадаги болаларни чақиртирарди.
— Ҳой, қўшчилар! — чақирарди уларни томдан туриб оқсоқ босқончи. — Бу ёққа чопинглар, уста ака чақиряпти!

Болалар чопиб келишар ва шунда Парпи чол ҳали иссиқ, салмоқли, қорамтир-кўкиш тусдаги, янгитдан ўткирланган плуг тишини токчадан оларди.
— Ма, ол, — узатарди у ўткирланган янги тишни олиш навбати келган одамга, — ол, қўлингга ушлаб кўр. Яхшилаб қара. Бор, плугингга солиб боқ. Эҳ! Чиройлилигини-чи! Худди узукка кўз қўйгандек! Шудгор қилаётганингдами, худди Тошкент ойнасидай ярақлаб туради. Бунақа тишларда юзларингни томоша қилиб юрасизлар! Балки бирорта қизга кўзгу ўрнида совға қиларсизлар-а? Зап совға бўлади-да! Энди у ёққа, токчангга қўйиб қўй. Кейин далага олиб борарсан. Ана шундай, кейинги сафар бошқа бирингга ясаб бераман. Ҳаммага ясаб бераман. Ҳеч ким тишсиз қолмайди. Ҳаммага уч жуфтдан ясаб берарман. Фақат ўзимга янги тиш қилолмайман. Сизларга тишларни етказиб берамиз. Ҳали сизлар, болалар, бизларни далада кўп эслайсизлар. Ахир плугнинг энг муҳим қисми тишида! Бошқа барча қисмлар азбаройи тиш деб қурилган. Тиш кучли бўлса, шудгор ҳам кучли бўлади. Тиш ўтмас бўлса, қўши ҳам ожиз. Мана шунақа...

Ажойиб одам эди Парпи чол. Умр бўйи темирчилик қиларди. Мақтанишни яхши кўрарди-ю, аммо ўз ишига пухта эди.

Эгар-жабдуқ устахонасига ҳам тез-тез бориб туришга тўрри келарди. Чекиш бригадир абзалларни ҳозирлашга ёрдам қилинглар, деб тайинлар эди. Абзалсиз ҳеч қаёққа боролмайсизлар. Плуглар ҳам, отлар ҳам бор дейлик, аммо абзалсиз ҳаммаси уч пул. Бу тўғри гап. Шунга кўра уларнинг ҳар бири жон куйдириб, қўлларидан келганча ўз отларига эгар-жабдуқларни тезроқ тайёрлаш учун саррочларга ёрдамлашарди.

Энг муҳим, энг асосий иш — отларни боқиб парвариш қилишдан иборат эди. Кун бўйи, эрталабдан кечгача отхонада бўлиб, ишдан кеч қайтишарди. Уйга фақат тунда, отларнинг сўнгги улушини, хашакни бериб бўлгач, қайтишарди. Жуда шошилиш керак эди!

Вақт жуда зиқ эди. Январнинг охири тугаб борарди. Уловни ишга солишга ўттиз, нари борса, ўттиз беш кунча қолган эди. Отларни оёққа турғазишга ва шудгор бошлангунча кучларини тиклашга улгуришадими-йўқми — буёғи энди уларга, плугчиларнинг ўзларига боғлиқ эди. От ухлаяпти, унинг олдидаги охурда доим, кечаси-ю кундузи ем туриши шарт, жонивор шундай мавжудот...

Тиналиевнинг ҳисоби бўйича февралнинг охири, ерлардан қор кетиши билан плуглар Оқсой участкасига чиқиши керак эди. Қачонлардир, узоқ вақтлар муқаддам, одамлар Оқсойни шудгорлаб уруғ сочишган. Аммо кейин негадир Оқсой далалари ташлаб кетилган. Балки Оқсой узоқ ва кимсасиз бўлганидандир, балки у ерлар суғориладиган майдон бўлмагани, бунинг устига, тепаликларда жойлашгани учундир. Бригадир Чекишнинг таъкидлашича, отаси унга шундай деган экан: Оқсойга чиққан қўшчи ё ҳеч вақосиз қолиб хонавайрон бўлади, ё хирмонни ташиб ололмай одам ёллайди. Биринчи шарти — вақтида экиб олиш. Иккинчиси— Оқсойдаги ҳосил ёмғирга ҳам боғлиқ. Чекиш чол ана шундай дер эди.

«Деҳқон доим таваккал қилади, аммо доим умидвор бўлади», — дер эди Тиналиев. Тиналиев шунга суянар ва бахтимизга ёмғир ёғиб, Оқсойнинг ғалла хирмони уйилиб қолади, деган умид билан қўшчиларни ғайратлантирар эди...

Кунлар ўтди. Ҳафта охирига бориб отлар сезиларли даражада жонланиб, бир оз этга кириб, ишлар юришиб қолди. Кунлар илий бошлади. Қиш гўё хаёл суриб, кетишга чоғланиб қолгандай эди. Шунинг учун ҳам кундуз кунлари отларни офтобга, ташқаридаги охурларга олиб чиқишар эди. Офтобда отлар яхшироқ қавзаниб, тезроқ эт олишарди. Йигирма бош Оқсой десанти девор олдидаги узун охурлар бўйлаб тўртта-тўрттадан саф тортишганди. Раиснинг эрталабки текширувида болалар ўз отларининг ёнида шай туришарди. Уларга Оқсой десанти деб Тиналиев ном қўйганди. Шу-шу бригадирлар ҳам, аравакашлар-у отбоқарлар ҳам уларни айнан десантчи, десантчилар, Оқсой отлари, Оқсой пичани, Оқсой плуглари деб атай бошлашди. Одамлар отхона ёнидан ўтаётиб, десантнинг иши қандай кетаётганини билмоқ учун кўз ташлашарди. Оқсой десантчилари ҳақида бутун овул гапирарди. Тиналиев Бекбойнинг ўғли Султонмуротни десантчиларга командир қилиб тайинлаганини ҳам ҳамма биларди. Бу ишга, албатта, Онатой қарши чиқди. У дарҳол баҳслаша бошлади:
— Нега энди Султонмурот командир бўларкан? Балки биз уни хоҳламасмиз!

Бу сўзлар Султонмуротни ёндириб юборди. Чидаб туролмай деди:
— Мен умуман командир бўлишни хохламайман! Хоҳласанг ўзинг бўлавер!

Болалардан Эркинбек ва Қуббатқул ҳам баҳсга аралашишди:
— Онатой, унга ҳасад қиляпсан! Сенга нима? Айтдиларми, бас, командир Султонмурот!

Эргаш эса Онатойнинг ёнини олди:
— Онатойнинг қаери кам? У бақувват! Фақат бўйи Султонмуротникидан сал пастроқ. Мактабда синфкомни сайлагандик, келинглар, командирни ҳам танлаб сайлаймиз... Қачон қарасанг — Султонмурот, Султонмурот!

Тиналиев уларни жимгина тинглаб турди, кейин эса жилмайиб қўйди ва бошини чайқаб, бирдан жиддийлашиб жаҳли чиқди.
— Қани жим бўлинглар-чи! — буюрди у. — Бу ёққа келинглар. Сафланинглар. Мана бундай, бир қатор бўлиб. Десантмисизлар, десантдай бўлинглар. Энди эса менга қулоқ солинглар. Эсларингда бўлсин, командир сайланмайди. Командир юқоридаги бошлиқ томонидан тайинланади.
— Ўша бошлиқнинг ўзини ким тайинлайди? — сўзини бўлди Эргаш.
— Яна ҳам юқорироқдаги бошлиқ! Орага жимлик чўкди.
— Гап бундай, болалар, — давом этди раис. — Уруш кетяпти, ҳарбийчасига яшашимизга тўғри келади. Билиб қўйинглар, мен сизлар учун бошим билан жавоб бераман. Иккитангизнинг отангиз ҳалок бўлган, учтангизнинғ оталарингиз фронтда. Мен сизлар учун тириклар ва ўликлар олдида ҳам жавобгарман. Аммо мен бу жавобгарликни сизларга ишонганим учун оляпман. Сизлар плугларингиз билан олисга, Оқсойга бориш олдида турибсизлар. Худди алоҳида топшириқ олган парашутчилар десантидай анча куну тунни чўлда ёлғиз ўтказасиз. Агар салга баҳслашадиган ва бақиришадиган бўлсангиз, қандай яшайсиз ва қандай ишлайсиз у ерда?

Раис Тиналиев отхонада, болалар сафи олдида туриб ана шу тахлитда сўзлар эди. Собиқ парашутчи ҳамон ўша кулранг армия шинели, ўша кулранг ҳарбий қулоқчинида, чўзинчоқ юзлари ташвишли, ҳали ёш бўлишига қарамай, бир томонга майишиб қолган, қовурғалари майиб, қачон қарасанг, дала сумкасини осиб юрадиган раис Тиналиев болалар қаршисида тик турар эди.

Бекбойнинг ўғлини командир қилиб тайинлаган раис Тиналиев Оқсой десанти сафи олдида туриб ана шу алфозда сўзлар эди.
— Ҳаммаси учун сен жавоб берасан, — деди у, — одамлар учун ҳам, плуглар учун ҳам, от-уловлару эгар-жабдуқлар учун ҳам. Оқсойдаги шудгорга ҳам сен жавоб берасан. Жавоб бермоқ — бу топшириқни бажармоқ дегани. Эплолмасанг командир қилиб бошқа одамни тайинлайман. Ҳозирча эса ҳеч қанақа ва ҳеч кимнинг эътирозини инобатга олмайман.

Раис Тиналиев ўша куни отхонада кичкинагина Оқсой десанти сафи оддида туриб, ана шу тахлитда сўзларди.

Қўшчилар ихлос ва ҳайрат билан унинг юзига тикилиб, ҳар қандай буйруғини бажаришга тайёр туришарди. У болаларнинг олдида худди Манасга ўхшаб ҳайбатли, пахмоқ соч, совутда, улар бўлса унинг ёнида содиқ ботирларидай туришарди. Гўё қўлларида қалқон ва белларида қиличлари бордай эди. Манас ўз умиди, ишларини ишониб топшириб қўйган ўша азаматларнинг ўзлари кимлар эди?

Биринчи паҳлавон — Султонмурот. Майли, энг каттаси бўлмаса ҳам у ўн бешга кирган эди. Аммо ақли ва ботирлиги учун командир қилиб у — Бекбойнинг ўғли Султонмурот тайинланган эди. Унинг отаси эса оталарнинг ичида энг зиёди, бу пайт узоқ сафарда — катта урушда эди. У ўзининг жанговар оти — Чопдорни Султонмуротга қолдирди. Султонмуротнинг кичик укаси Ажимурот ҳам бор. Укасини у гоҳо жиғига текканига қарамай яхши кўрар эди. Султонмурот яна гўзал Мирзагул бекачни ҳам пинҳона севарди. Мирзагул бекачнинг табассумидан гўзалроқ табассум йўқ. Туркистон терагидай сарвқомат, юзлари оппоқ қордай, кўзлари эса зулмат тоғ бағридаги гулхандай...

Иккинчиси — машҳур паҳлавон Онатой ботир эди. У отрядда энг каттаси, қарийб ўн олти ёшга тўлиб қолганди. Бўйи оз-моз пастроқ бўлса ҳам, у ҳеч кимдан ҳеч нимада қолишмасди. Аммо куч беллашганда ҳаммадан ўтарди. Унинг оти, ботирнинг ўз номига ўхшаш Оқтўриқ камон ўқидай сапчирди! Онатойнинг отаси ҳам улкан урушда, узоқ сафарда эди. Онатой ҳам ўша ой юзли Мирзагул бекачни пинҳона севар эди. Соҳибжамолнинг бўсасига интиқ эди...

Учинчи паҳлавон — ёқимтой йигитча Эркинбек ботир эди. Оиланинг тўнғичи. Ажойиб ва садоқатли дўст. Гоҳо у маъюс уҳ тортиб, пинҳона йиғлаб ҳам оларди. Унинг отаси ўша узоқ сафарда Москвани ҳимоя қила туриб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган эди. Эркинбекнинг жанговар оти ботирга мос Оқпайпоқ — яъни, оқ пайпоқли тулпор, деб аталарди.

Тўртинчи паҳлавон — Эргаш ботир эди. У ҳам дўст, ҳам ўртоқ. Ўн беш ёшларда. Ўз фикрларини айтишни яхши кўрар, баҳсларга аралашаверарди. Аммо ишда эса унга ишонса бўларди. Унинг отаси ҳам жанг-у жадалда — узоқ сафарда. Эргашнинг оти ўзига уйқаш Олтинтуёқ деб аталарди.

Бу ботирларнинг ичида бешинчиси — Қуббатқул ботир эди! У ҳам ўн беш ёшларда, у ҳам оила тўнғичи. Қуббатқулнинг отаси ўша узоқ сафарда, ўша жанг-у жадалда, Белоруссия ўрмонларида қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Қуббатқул толиқишни билмайдиган меҳнаткаш. Қар қандай ботир каби ўз оти Ипакёл тулпорини жуда севади.

Тиналиевнинг қаршисида мана шундай ботирлар туришарди. Уларнинг ортида ингичка бўйинлари ва бошлари орқасида, от боғланадиган жойдаги узун охур ёнида икки тишли плугларга қўшилган, Оқсой томон жўнаши керак бўлган йигирмата от турарди...

Қор кетиши билан улар Оқсойга, Оқсойга шудгор қилишга кетишади!

Оқсойга, ер селгиши билан Оқсойга қўш ҳайдашга боришади!

Аммо атрофда қор кетганича йўқ, ҳали у ерни қоплаб ётарди. Бироқ кунлар яқинлашиб, ҳамма нарса ўша кунга шай турарди...

Бешинчи боб

Ниҳоят, ўша кунлар яқинлашмоқда эди... Оқсой учун ажратилган отларни ҳамма ҳар хил — кимдир десантчи, кимдир Оқсой отлари деб атар, аммо муҳими шундаки, икки ҳафталардан кейин улар отхонадаги бошқа отлар ичида кўзга ташланиб турадиган бўлиб қолишди. Тўйғазилган, суторилган, ювиб-тараб қўйилган Оқсой отлари кучга тўлиб бораётган мускуллари, тетик кўринишлари ва зийрак чимирилган қулоқлари билан кўзни қувонтириб, десант охури бўйлаб бир қатор тизилишиб туришарди. Уларнинг ҳар бири яна ўзига хос қилиқларини қилиб, олдинги алфозга қайтган эдилар. Унутиб қўйилган одатлари яна пайдо бўлганди. Отлар ўзларининг янги хўжайинларига кўникиб қолишган эди. Таниш овоз ва қадам товушларини эшитишлари билан ўтирилиб қараб, эркаланганча, секин, гўё пичирлашаётгандай кишнаб қўйишар, юмшоқ лабларини қимтиб суйкаланишарди. Болалар ҳам отларнинг остига шўнғиб, хўжайинлардек қичқиришга ўрганиб қолишди: «Қани, оёғингни торт! Тўхта дейман, каллаварам, ҳозир! Қаранг-а, турткилаб эркалик ҳам қилади маккор! Овора бўласан, менинг қўлимга қараган биргина сен эмассан».

Дастлабки кунларда отлар сувлоққа сув ичгани базўр боришарди, кейинчалик, айниқса, дарёдан қайтишда ўйноқлайдиган бўлиб қолишди. Уларнинг ҳар бири ўзининг жанговар отини — Султонмурот Чоп-дорни, Онатой Оқтўриқни, Эркинбек Оқпайпоқни, Эргаш Олтинтуёқни ва Қуббатқул Ипакёлни миниб олишарди-да, уларнинг ҳаммасини биргаликда дарёга ҳайдашарди.

Қишда сувлоқ қулай бўлиши, унга тушар жой тийғаноқ бўлмаслиги керак. Бир нечта от сув ичишга тушиши айниқса зарур. Шунинг учун олдиндан қирғоқларда отнинг туёғини тутиб турадиган жой ҳозирлаш, хавотирли ерларга похол тўшаб қўйиш лозим. Қаттиқ совуқларда эса музни тешишга тўғри келарди. Султонмурот бу ерда ҳам ким қайси кун сувлоқни ҳозирлаши ҳақида қатъий навбатчилик ўрнатди.

Отлар болалар назорати остида муздай оқар сувдан шошилмай, турткилашмай ичишарди. Сув бу ерда муз остидан чиқиб саёз тошлоқ бўйлаб оқар ва яна муз остига сизиб кетарди. Муз остида ҳам қулқиллаб, жилдираб, овоз чиқариб оқарди.

Отлар гўё қулоқ тутгандек сув ичишдан тўхтар, йилт этган қуёш нурларида ўзларини тоблаб олгач, яна сувни симиришарди. Сув ичиб бўлишгач, шошилмай йўлга чиқишар, отхонага қайтишда ўйноқлашиб, пишқириб, кишнаб, думларини силкитиб дам олдинга, дам орқага сапчишар, оёқларини кўтариб тик туришарди. Болалар атрофда от чопиб, гижинглатиб шовқин солишарди.

Орадан кўп вақт ўтмай одамлар десант отларини завқланиб томоша қиладиган бўлиб қолишди. Гўё улар ўша эски қирчанғи отлар эмас, қайтадан туғилгандай эди. Кексалар назар-эътибордан қолдирмай бу хусусда шундай хулоса чиқаришарди: агар у меҳнаткаш, меҳрибон одамнинг қўлида бўлса, дўнёда отдан вафодори бўлмайди. Сен унга зиғирча яхшилик қилсанг, юз ҳисса қилиб қайтаради. Сўнгра кексалар қадимда аломат бедовлар бўлганлиги ҳақидаги ривоятларни сўзлай кетишади.

Фақат раис Тиналиевдан мақтов олиш қийин. У талабчан, тикандек қаттиқ нигоҳи билан отларни, ҳаммадан аввал десантчиларнинг ўзларини бир-бир кўздан кечириб чиқади. Ҳамма нарсани ипидан игнасигача текширар, плуглар қалай, абзаллар тайёрми дер, ҳатто кимнинг шимининг тиззаси йиртиқ бўлса — нега йиртиқ, онасининг қўли тегмаса, ўзи қўлига игна олиб тикиб олиши шунчалик қийинми, дея ижикилаб сўрарди. Отнинг жабдуқлари-чи, қачон ахир тайёр бўлади жабдуқлар, деб қистовга олиб қоларди. Оқсойга отхонани кўчириб кетолмайсан, тунлари чўлга совуқ тушади. У вақт зиқлигини, Оқсойда ҳозир бугунги ишни эртага қўйиб бўлмаслигини тинмай таъкидларди. Гоҳо бақириб сўкишга қадар бориб етар, аравакашлар плугли отга, айниқса, Оқсойга кетадиган отларга сақланаётган бедани ўз вақтида етказиб беролмаганлари учун Чекиш бригадирга қаттиқ дашном берарди.

Бўлаётган воқеалардан у қадар севинмаётган кишилар ҳам бор: булар — оналар. Ҳали униси, ҳали буниси келиб, бу қандай кўргилик, умримиз бино бўлиб қулоқ эшитмаган десантни ўйлаб топишибди, эрларимизнинг урушдалиги етмасмиди, энди ўғилларимиз ҳам аскар бўлиши қолганмиди, на уйга ёрдами тегади уларнинг, на дийдорига тўйиб гаплашиб ўтириш бор. Куну тун отхонадан бери келишмайди... Хуллас, гапирса гап кўп.

Султонмуротга ҳаммадан кўра оғир, ахир командир-да. Ҳаммаси учун у жавоб бериши керак. Ҳаммасидан ҳам оналар олдида жавоб бериш оғирроқ. Онаси қўлини ювиб, қўлтиғига урди, ҳорғин: «Фақат отанг урушдан тирик қайтса бўлгани, нима қилса ўзи қилади. Тўйиб кетдим. Мен кўз юмгач, эсинг жойига тушади-ю, аммо унда кеч бўлади...» — дерди. Онасига жуда қийинлигини Султонмурот билади, лекин қўлидан нимаям келарди, унинг ўрнида ҳар қандай одам ҳам ҳеч нарса қилолмасди. Десантчиларнинг ҳар бирининг қўлида тўрттадан от ва отдан ташқари қанчадан қанча юмушлари бор. Ем бер, суғор, тагини тозала, ем-хашак тайёрла, яна ем бер, гўнгини тозалаб ташқарига олиб чиқ ва қайта шу ишларни такрорлайвериш... Отларнинг яғринларини ювиш, яраларини даволашнинг ўзи шундай машаққатки... Участка ветфельдшерининг ҳар хил суртиладиган қуюқ-суюқ дориларни қолдириб кетганини айтмаса, умуман, ўзларининг даволашларига тўғри келади. Ҳар куни дориларни суртиб туриш керак, бўлмаса даволаб бўлармиди. Боқишга-ку, амаллайсан-а, аммо яранинг устига бўйинча осиб қўёлмайсан-ку. Шу-да. Бирорта соғ от йўқ, ҳаммасининг яғринларини яра-чақа босиб кетган, оёқлари шикастланган эди. Уни даволаётганингни ҳайвон тушунмайди, қани тинч турса-чи!

Отларнинг танаси эт олиб, оёққа туриб олганларидан кейин совитиш керак бўларди. Ҳар бир отни ҳар куни бир ярим соатча йўрттириш керак, акс ҳолда, бригадир Чекиш айтганидай, «плугга қўшганда терлайди-ю, суроби тўғри бўлади-қолади».

Иттифоқо, кўнгилсиз ҳодиса юз берди...

Бир куни бешовлон ўз «жанговар» тулпорларини совитиб келишга отланишди. Султонмурот Чопдорида, Онатой Оқтўриғида, Эркинбек Оқпайпоғида, Эргаш Олтинтуёғида, Қуббатқул Ипакёлида эдилар. Аввалига одат бўйича отларни йўрттириб боришди. Отхона атрофидан, кейин кўчадан юриб қишлоқ четига чиқишди ва қор қопланган дала бўйлаб йўртиб кетишди. Қуёш чарақлаб, қорлар жимирлар, жилвакор осмон баҳор нурларига йўғрилганди. Тоғлар оппоқ, шундай сокин ва ёруғ эдикй, агар ўша оқ чўққида пашша учса эшитиладигандай ва кўринадигандай туюларди. Қиш даврини суриб бўлган, қуёш аста-секин қиздира бошларди. Отлар шитоб билан чопиб боришарди. Улар ҳам увушган оёкдарининг чигилини ёзишга ва елдек учишга жуда зориққан эдилар. Болалар жиловни бўшатишиб тезроқ, тобора тезроқ от сургилари келарди. Шундоқ чоптиришни истардиларки... Олдинда Султонмурот бормоқда эди. Онатой орқадан уни шоширарди:
— Бўл тезроқ, бунча имилламасанг!

Бироқ Султонмурот командир сифатида тезликни оширишга унчалик рўйхуш бермади. Совитиш — бу пойгада чопиш эмас сенга. Бу — отларни машқ қилдириш, кейин плутга қўшган пайтда тортишга қийналмаслиги учун қилинадиган тадбир. Десант бўлган болалар шундай боришарди. Даладан бурилиб энди ортга қайтмоқчи эдилар, тепалик ортидан қий-чув эшитилди. Болалар мактабдан қайтмоқда эдилар. Десантчиларни кўришлари билан бақириб-чақириб, қўлларини силкита бошлашди. Уларга жавобан десантчилар ҳам қичқиришар, қўл силкишарди. Синфдошлари, еттинчидагилар ҳамда бошқа синф ўқувчилари дарсдан қайтмоқда эдилар. Тўда сурон кўтариб келишарди. Тўда ичида Султонмурот Мирзагулни дарров таниди. Уни қандай тополганини ўзиям билмайди-ю, бир парча шол рўмол остидаги йилт этиб кўринган юзи, нозик жуссаси, рафтори ва овозидан бу Мирзагул эканлигини ҳис қилди. Қиз ҳам уни таниди шекилли — бошқаларга қўшилишиб нималарнидир қичқириб, сумкасини ўйнатиб, тепаликдан тушиб кела бошлади. Ҳатто «Султонмуро-от!» — деб чақиргандай ҳам бўлди. Қўлларини ёзиб унга томон югуриб интилаётгани хотирини ярқ этиб, жонлантириб юборди ҳамда шу кунларда қизни ўйлаб юрганини ва соғинганини шу лаҳзада сезди. Шунда қандайдир бир тўлқин уни ўз оғушига олиб, аллақаёқларга гирдикапалак қилиб учириб кетаётгандай ҳис қилди...

Нимадир бўлди-ю, шу заҳоти улар беихтиёр тўдалашиб ўша томонга, синфдошлари тушиб келаётган тепалик сари йўртиб кетишди. Бир зумда далани ортда қолдиришиб, нишабликдан ғойиб бўлишди. Улар тепалик ёнбағри бўйлаб саф тортишиб, отларини гижинглатиб, ҳайратланган болаларнинг ёнидан ўтиб, отхона томон ўтиб кетишлари ҳам мумкин эди-ку. Султонмуротнинг режаси ҳам шундай эди. Шу пайт Онатой олдинга отилиб чикди. Унинг Оқтўриғи учқур от эди.
— Қаёққа, тўхта! Чоптирма! — огоҳлантирди уни Султонмурот, аммо Онатой ҳатто пинагини ҳам бузмади.

«У Мирзагул олдида ўзини кўрсатмоқчи!» — деган фикр ярқ этиб Султонмуротнинг миясига урилди. Унинг жаҳли чиқиб, чидаёлмай, жўшиб кетди ва Чопдорнинг жиловини бўшатиб, ҳой-ҳойлаб, отнинг ёлига ёпишиб олганча Онатойни қува кетди. Онатой бўлса яна отга устма-уст қамчи босди. Улар пойга чопгандай, ким ўзарга, ким биринчи бўлиб қизга етиб боришга, ким ўзининг абжирлиги ва устунлигини кўрсатишга ошиққандай қувишиб кетишди. Эҳ, шундай ажойиб пойга чопдилар-а! Отаси бекорга Чопдорда ажойиб тулпор хислатлари бор демаган экан, у ҳақиқий бедовлигини кўрсатмоқда эди. Онатойга қуюндай етиб олган Султонмурот тантана қиларди! Уларнинг беллашувини кузатиб тўхтаб қолган синфдошлари тўдасига аста назар соларкан, улар орасида қизга кўзи тушди, аслидаям уни кўрмоқчи эди-да. Ахир шу қизни деб бу беллашувда қатнашмадими. Ғалаба қозонди ҳам! Онатойни қувиб ўтгач, қизга яқинроқ бориш учун тепаликка йўналди. Чопдорнинг бошини, яхшиямки, сал тепаликка бургани, омади бор экан, бўлмаса бу ҳангома нима билан тугашини ким биларди. Чунки сўнгги дақиқаларда Онатой етиб, уни қувиб ўтаётганида рақибига бир нарса бўлгандай бўлди. Бирдан ҳамма қичқириб юборди. Султонмурот жиловни тортиб, орқасига ўгирилса, Онатой йўқ. У шиддат билан чопиб бораётган отини базўр тўхтатиб орқага қайрилди-ю, Онатойнинг Оқтўриғи қорда из қолдирганча суриб тепаликдан юмалаганини, Онатойнинг ўзи эса бир четга отилиб кетганини кўрди. Болалар гавдасини аранг қордан кўтариб тураётган Онатой томон югуриб кетишди.

Султонмуротнинг кайфи учиб кетди. Етиб келиб Онатойнинг қонга беланган қўлларини кўргач, яна ваҳима босди. Бир лаҳза кўзлари Мирзагулнинг нигоҳлари билан тўқнашди. Қўрқиб оқариб кетган бўлишига қарамай у жуда гўзал эди... Онатой ўзини ўнглаб олиб, пастда, қор уюмида типирчилаб ётган оти томон югурди. От тизгинга ўралиб қолган эди. Бу орада орқада қолган десантчилар ҳам етиб келишди. Ҳаммалари отни оёққа туришга кўмаклашиб юборишди. Шундагина Султонмуротнинг қулоғига товушлар чалиниб, ҳамма нарса жойида шекилли, дея ўзига келди. Ботирларнинг Мирзагул бекач олдида ўзларини кўрсатишга уринишлари ана шундай кўнгилсизлик билан тугади. Қизнинг кўзларига қарашга уларнинг юраклари дов бермасди. Отхонага қайтар вақт бўлгани учун чурқ этмай, апил-тапил йўлга отландилар. Фақат овулга етай деб қолганларида Эргаш Онатойнинг Оқтўриғи оқсаётганини сезиб қолди.
— Тўхта! — қичқирди у. — Нима, отингни оқсаётганини билмаяпсанми?
— Оқсаётганини? — ғўлдиради Онатой.
— Ҳа-да! Оқсаганда қандай!
— Қани, олдинга ўт-чи, — буюрди Султонмурот. — Кўрайликчи, олдинга ўт.

Ҳақиқатан, Оқтўриқ олдинги ўнг оёғини зўрға босарди. Пайпаслашиб қарашса, отнинг тўпиғи шиша бошлаганини кўришди. Жуда ёмон иш бўлди-да. Энди нима қилишни билишмасди. Отларни плугга роса тайёрлашиб-тайёрлашиб, охирида ҳаммаси чиппакка чиқди. Қор билан қопланган тепаликда ким от чопади, ахир ҳар қадамда отлар сирпаниб пастга юмалашлари мумкин эди-ку. Шундай бўлди ҳам. Хайриятки, ўзлари омон қолишди.
— Ҳаммасига сен айбдорсан! — деди жаҳл билан Онатой қизариб-бўзариб. — Қувишни биринчи сен бошлаб бердинг.
— Орқангдан: «Тўхта, қаёққа?» — деб бақирмадимми?
— Бўлмаса нега қувлаб ўтмоқчи бўлдинг?
— Ўзинг отни нега чоптириб кетдинг? Бақиришиб, талашиб, сал бўлмаса муштлашиб кетай дейишди. Лекин эсларини йиғиб олдилар. Бу от совитишдан сўнг отхонага оқсоқ отни жимгина, ҳорғин етаклаб кириб келишди. Отларни, оқсоқланаётган Оқтўриқни ҳам шовқин-суронсиз охурларига боғладилару, энди нима қилишларини билмай туриб қолдилар. Таҳлика остида ҳеч биридан бир фикр чиқмай чурқ этмай туришарди. Бу қилмишлари учун жавоб бериш кераклигини яхши билишарди. Болалар Онатойга юзланиб: секин, нима бўлганини отбоқарларга айтиб кўр. Оқтўриқ оқсоқланиб қолди, нима қилайлик, деб сўрагин, дейишди. У кўнмади:
— Нега энди мен борар эканман? Мен айбдор эмасман. Бизнинг командиримиз бор. Ўзи бориб айтаверсин.

Яна баҳслашдилар, яна муштлашиб кетишларига сал қолди. Ҳаммадан ҳам Онатойнинг ўзини айбдор ҳисобламаётганлиги Султонмуротга алам қилиб кетди.
— Хотин экансан! — деди тутақиб. — Сен фақат оғиздагина ботирсан! Сал нарсага четда писиб турмоқчимисан! Қўрқади деб ўйлаяпсанми? Бўлар иш бўлдими — ўзим бориб айтаман ҳаммасини.
— Боравер! Шунинг учун ҳам командирсан-да, — бўш келмади Онатой.

Султонмурот ўзини қўлга олиб, ҳаммасини қандай бўлса шундайлигича отбоқарга айтиб беришга жазм қилди. Отбоқар ҳовлиқиб югуриб бориб қоқинган отни кўздан кечира бошлади. Тўс-тўполон кўтарилди. Нақ шудгор қилиш олдидан отдан айрилиш ҳазилми ахир. Шу заҳоти Чекиш бригадир келиб дағдаға қила кетди. Буни ким бўлса ҳам етказишга улгурибди-да. Отбоқар бу вақтда Оқтўриқнинг оёғини кўздан кечириб, шикастланганми ёки суяги синганми, аниқлаётган эди. Шу пайт орқадан от туёғининг дўпир-дўпири эшитилди. Бошларини ўгириб қарашса, от устида Чекиш бригадир турибди. У индамай отдан тушди. Яқин келиб ҳайбат билан тутақиб сўради:
— Нима бўлди?
— Пайи чўзилганми ёки суяги дарз кетганмикин, шуни билмай турибмиз, оқсоқол.
— Билишмасмиш! — бақирди Чекиш жаҳлдан бўзариб. — Ҳаммангни ҳозироқ трибуналга ҳайдайман! Жой-жойингда отиб ташлайман!

Чекиш қамчисини ўйнатиб қўшчилар томон отилди. Болалар ҳар томонга тумтарақай қочиб қолишди. Чекиш уларни қува кетди. Ҳеч кимни тутолмай, баттар бўғилиб, бўзариб қамчисини силтаб дўқ қила бошлади:
— Плугга қўшиладиган отларни биз кимларга ишониб ўтирибмиз? Булар душман экан-ку! Фашистлар! Битта қўймай отиш керак! Қанча меҳнат, қанча емни елга совурди булар! Энди шудгор нима бўлади?

У отхонани бошга кўтариб қичқирар, сўкинаркан, Султонмуротга тўқнаш келиб қолди. Болалар қочиб кетишганда ҳам Султонмурот жойидан жилмаганди. Қўрқувдан ранги қув ўчиб, жавоб беришдан бош тортолмай бригадирга термилди.
— Ҳа, ҳали бу сенмисан! Қилар ишни қилиб қўйиб, яна менга қараб турибсанми! — Чекиш чол ўзини тутолмай десантчилар командирининг елкасига қамчи тортиб юборди. Бироқ яна қамчисини кўтарди-ю, негадир урмай пишқира кетди:
— Қоч, итвачча! Қоч, дейман! Йўқол кўзимдан! Йўқса, боплаб савалайман!

Султонмурот орқага чекиниб, беихтиёр қўллари билан юзини тўсиб, жавдираган кўзларини бригадирдан узмай турарди. У чўғдай қамчи елкасини ўйиб ўтишини кутарди. Бунга чидаш, бардош бериш, қочмаслик учун бор кучини тўплаб турар эди...
— Ҳа, майли! — деди кутилмаганда Чекиш йигитчанинг ўжарлигидан ҳайратланиб. — Қолганини отанг урушдан қайтгач оласан. Бу қилмишларинг учун сени отангнинг олдида ҳам савалайман!

Султонмуротдан садо чиқмади. Чекиш эса ҳеч жаҳлидан, ҳовридан тушмай қамчисини ўйнатиб, депсинарди:
— Қоч десанг қаққайиб туради! Ахир ўзинг ўйла, ҳеч замонда сени тута олармидим! Сизларни қувиб нима қилдим! Йўлига қочмайсанми, менга ҳам енгил бўларди! Урай десам эгнинг юпун, эгнингни десам, ўзинг ҳам қоқсуяксан, қамчи билан солиб бўлмаса. Урадиган ҳолинг бўлса ҳам майли эди! Бўлар иш бўлди. Кўнглингга олма. Отанг қайтгач, биргалашиб мен чолнинг адабини берарсизлар. Қани энди кўрсат-чи, нима қилиб қўйдиларинг...

Ўша куни мана шундай ҳодиса рўй берган эди. Султонмурот қилмишига яраша оладиганини олди. Бригадир ҳам қамчи билан саваламай нима қилсин. Қанча меҳнат, ҳаракат зое кетди. Нимага ҳам ярарди чўлоқ от? Гўштгами? Бироқ заҳматкаш жониворни сўйишга кимнинг қўли борарди? Чекиш ва бошқа биладиган одамларнинг айтишича, отнинг қаттиқ шикастланмаганлигигина бирдан-бир тасалли эди... Онатойнинг Оқтўриғини бир чолнинг ҳузурига олиб бордилар. У йилқиларни даволарди. Беда, пичан оборишиб, у ерда навбатчилик қила бошлашди. Омадлари келиб, беш кунлардан кейин Оқтўриқ илгариги ҳолига қайта бошлади ва уни отхонага олиб келдилар.

Умуман бу ҳафта оғир ўтди, уйда эса онасининг тоби қочиб қолди. Аввалига ўзини ёмон ҳис қила бошлади-ю, кейин иссиғи кўтарилиб кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолди. Султонмурот онаси, укаларига қараб уйда қолишига тўғри келди. У ана шундагина уйлари бўм-бўш, ҳувиллаб қолганини пайқади. Отаси армияга кетганидаги ўнтача қўйларидан бирортаям қолмади: иккитасини ўзларига сўйишди, қолганларини ҳарбий заёмга сотишиб, бошқа солиқларга тўлаб юборишди. Яхшиямки, ҳали елини тўлишиб қолган, яқин-орада туғиши керак бўлган сигирлари, яна бир томонда Ажимуротнинг эшаги Қораёл бор. Бор-йўқ мол-ҳоллари мана шу. Ўшаларни боқишга ҳам ҳеч вақо йўқ. Сарой томидаги ғарамда қуруқ маккажўхори пояси сақланарди. Ҳисоблаб кўрди, агар қиш чўзилмаса сигирнинг туғишига базўр етаркан, аммо қиш чўзилса, нималар бўлишини ким билади. Эшак ўзига ўзи емак топмоғи керак эди. У ҳовли атрофидаги янтоқ ва бурганларни еб юрарди. Ўтин-чўпга келганда аҳвол жуда чатоқ, таппи тутаёзган, шох-шабба яна бир неча кунга етарли қолган. Кейин нима бўлади? Итлари Оқтош ҳам саёқ бўлиб кетибди. Султонмурот маъюсланиб қолди. Ўз-ўзидан хижолат тортарди. Куну тун отхонада Оқсой десантини тайёрлаш билан машғул бўлиб, хўжаликлари қаровсиз қолганини ҳам пайқамабди. Отаси борлигида ҳечам шундай бўлармиди? Отаси пичан йиғса бутун қиш ва баҳорга етарди. Ўтинни ҳам ғамлаб ташларди. Нимасини айтасиз — отаси борлигида ҳаётлари бутунлай бошқача, хотиржам, саранжом-саришта, ораста эди. Фақат уйларидагина эмас, ҳамма ерда, балким бутун дунёда бошқача эди. Ҳозир ҳовлиларидан файз кетган. Худди куз пайти яп-роқларсиз қолган дарахтлар каби ҳовлида нимадир етишмай турарди. Ўтов ўз ўрнида, кўчалар, уйлар ўша-ўшаю, барибир отаси борлигидаги файз йўқ. Ҳатто ҳовли орқасидаги кўчадан ўтиб турадиган арава ғилдиракларининг тақир-туқур овози ҳам, илгаригидек, отаси шу йўлларда, худди шу араваларни ҳайдаган вақтидаги сингари мароқли эмас эди.

Жамбулга борган одамларнинг айтишича, шаҳарда шундай қимматчилик, очарчилик ва тўс-тўполон эмишки, тезроқ уйга қайтгинг келармиш. Демак, шаҳар ҳам ўша отаси билан борганларидай эмас, бутунлай ўзгарган.

Нега шундай экан-а? Демак, отаси йўклиги учун шундай бўлибди-да... У ҳозир қаерда, ҳоли не кечди экан? Охирги хат бир ярим ойлар чамаси олдин келганди. Қаердадир йўлда бирон ерда ушланиб қоляпти, деб тасалли берарди у онасига. Онаси уҳ тортарди. Фронтдан жўнатилган хат, эҳтимол, ушланиб қолиши ҳам мумкин. Балким хат ёзишга ҳеч кимнинг вақти ҳам йўкдир ҳозир? Ҳамма гап ана шунда, бироқ Чуй каналидан хат келмаслиги бошқаю, фронтдан хат келмаслиги бошқа. Мана, онаси ҳам, ҳаммалари ҳам шу ҳақда ўйлайдилар.

Аввалги кун тонг маҳалида ит ҳуриб, кейин жимиб қолди. Эркаланиб ғингшидию, бир оздан сўнг дераза тақиллади. Онаси сесканиб, касал бўлишига қарамай тўшакдан туриб кетди. Султонмурот ҳам дераза томон отилди. Ташқарида кимдир турарди. Биринчи бўлиб уни онаси таниди.
— Тоғанг Нурғози келди, — деди у ўғлига, — бор, кутиб ол. — Ўзи бўлса кўнгли айнаб, тиши тишига тегмай кўрпага кирди.

Онасининг акаси, Нурғози тоғаси тоғда яшар ва умр бўйи қўшни совхозда чўпонлик қиларди. Бир куни ёши ўтиб қолган бўлса-да, уни ҳам армияга чақиришди. Аммо Жамбулдан уни ва яна бир неча чўпонни уйига қайтаришди. Отарларда ҳеч ким қолмаган эди. Подани кимсасиз ташлаб кетиб бўлмайди-ку. Яхшиям Нурғози тоғалари бор экан, онда-сонда бўлсада, улардан хабар олиб турарди. Мана бу сафар ҳам кечаси қўйларни қўрага қамаб, синглисини касал деб эшитиб, тоғдан тушиб келибди. У оз фурсатга келиб, нима гаплигини билгач, тезроқ уйга қайтмоқчи эди.

Шамолда қорайиб, лўлига ўхшаб қолган, тулкитери тумоқ, кигиз қўнжли этиклари тиззасидан юқорисигача, баҳайбат, чайир тоғаси аёз билан бирга қўй ҳидини анқитиб кириб келди. Шу заҳотиёқ уйда ғала-ғовур кўтарилди. Эгнидан пўстинини ечиб синглисини ёнига чўккалади-да, унинг иссиқ қўлини ўзининг залворли кафтига олиб, индамай томир уришини эшитди.

Узоқ вақт диққат билан унинг нозик тўпиғини ушлаб, ўзининг қаттиқ, йўғон бармоқлари билан томирини текширди. Ниманидир сезиб, ниманидир аниқлади. Бир оз хаёлга чўмиб, йўталиб қўйди, сўнгра соқолини сийпалаб, хушнуд жилмайганча Султонмуротга деди:
— Ҳечқиси йўқ. Яхшигина шамоллаб, роса совуқ ўтибди. Билгандай гўшт, думба ёғи олиб келувдим. Қалампир ва пиёз солиб иссиқ, ёғли шўрва ичиб, обдан терла, — маслаҳат берди синглисига у. — Сен-чи, Султонмурот, эгардаги хуржунни олиб кел, нима бўлса ҳаммасини уйга олиб кир. Хуржунни эса бўшатиб бер... Узоқ ўтириб қололмайман, қўйлар эгасиз қолган.

Онаси тоғаси билан у ёқ-бу ёкдан гаплашиб олгунларича Султонмурот олов ёқиб, чой қайнатишга улгурди. Унгача кичкинтойлар ҳам уйғониб қолишди. Дарров тўшакдан туриб қип-яланғоч дийдирашганларича ҳаммалари тоғаларига ташланишди. У гўдакларни ёнида турган пўстинига ўраб олар, улар эса тиззасига, елкаларига ирғишлашарди. Айниқса, тоғанинг эркатойи Ажимурот бўлса расмана гўдак бўлди-қолди. Учинчи синфда ўқиётганига қарамай у қўзичоқдай эркаланарди. Тоғасининг тулкитери тумоғини бошига кийиб, қамчинини қўлига олиб ўзи эса худди отга мингандай тоғасининг елкасига чиқиб олди.
— Уялмайсанми! Туш! — Султонмурот уни бир-икки турткилади, аммо бунга Нурғози тоғанинг ўзи индамасди.
— Тегма унга, тегма, майли, ўйнайверсин.

Ана шундай қувноқ, сершовқин тонг отди. Ажимурот аллақачон мактабга бориши керак бўлса ҳам ҳамон имилларди. Онаси бақириб-чақирса ҳам у тоғасининг атрофида гирдикапалак бўлиб ивирсирди. Шундан сўнг тоғаси жиянини қистай бошлади. Базўр уни кийинишга кўндиришди. Охири шунга бориб етдики, Султонмурот укасининг қўлларидан тутиб ташқарига судраб чиқариб юборди. У бўлса эшикка тиралиб олиб, ташқарига чиқариб юборилганидан бўкириб йиғлай бошлади. Шу кўйи бақириб йиғлаганча мактабга равона бўлди. Болакайга ҳамманинг раҳми келиб кетди.

Нурғози тоғанинг ҳатто жаҳли ҳам чиқди.
— Бу нима қилганинг? — деди у Султонмуротни койиб.
— Йўқ, тоғажон, мен унга тегмадим.
— Нимага йиғлаяпти бўлмаса?
— Султонмуротинг унга теккани йўқ, — болишдан бош кўтариб гапга аралашди онаси. — Йўқ. Нурғози ака, у отасини соғинганидан шундай қиляпти. Шунинг учун ҳам болалар сизга ёпишгани-ёпишган. Тўйиб кетдик. Кутавериб кўзимиз тўрт бўлди. Икки энликкина хат келса кошкийди. Мана, икки ой бўлдики, дом-дарак йўқ...

Нурғози тоғалари синглисини тинчита бошлади. Йиғламаслигини, болалари учун ўзини эҳтиёт қилишини тайинларкан, одамларни ўлди деб ҳисоблашиб, ярим йилдан кейин улардан хат олишганлари ҳақидаги ҳар хил воқеаларни гапириб берди. Уруш-урушлигини қилади-да...

Бу гал, Султонмурот бемор онаси ёнида ўтириб, ҳаётлари отасиз нақадар оғир кечаётганини чуқур ҳис этди. Ажимуротга ўхшаб кичикроқ бўлганидами, соғинчидан бор овози билан ҳўнграб йиғлаб оларди. Шу кўйи, йиғлаб-сиқтаб, боши оққан томонга жўнаган бўларди. Унинг салгина бўлса-да, умидвор бўлгиси келарди. Тез орада қайтмаса ҳам майли, фақат отаси тирик бўлса бас, ана ўшанда эркин нафас олиб, кутиб, чидаса бўлади. Энди у ўз муаллимаси Инкамол опанинг аҳволига тушунди.

Бир куни опа отхонага келди. Районга кетаётган йўловчи аравага отларни қўшгунларича кутиб турди. У ҳамон ўша дағал жундан тўқилган шол рўмолда, кексайиб қолган, ёлғиз, кўзлари тўла ғам-андуҳ, қийшайиб қолган дарвоза олдида турарди. Лекин орадан бир кун ўтиб қайтиб келганида эса уни таниб бўлмас, кекса муаллима ўзгариб қолгандай, аслига қайтгандай эди. Ҳатто пешанасидаги ажинлари ҳам текис бўлиб кетганди. Очиқ чеҳра билан ўқувчиларининг ишлари билан қизиқди. Султонмурот уни ҳовлини айлантириб, десант отларини кўрсатди.
— Мана, Инкамол опа, охур олдида турган бизнинг тўрттала отимиз!
— Яхши отлар, парвариш қилингани шундоққина кўриниб турибди, — мақтаб қўйди Инкамол опа.
— Илгари уларни бир кўрганингиздами, — сўзлай кетди Султонмурот. — Қоқсуяк, ҳаммаёғи яғир ва яғринлари яра-чақа, йиринг босган, оёқлари эса оқсоқ эди. Энди бўлса, ўзимиз ҳам таниёлмай қолганмиз. Инкамол опа, мана бу менинг Чопдорим. Бир кўринг қанақалигини! Отамнинг оти. Мана буниси эса Оқпайпоқ, ана унисини Элтомон деб атаймиз...

Сўнгра муаллимага устахонада отларга уриш учун тахлаб қўйилган эгар-жабдуқларни кўрсатди. Кейин плугларни кўришди. Ҳамма нарса тахт, шу топнинг ўзидаёқ отларни қўшиб, ҳайдайверса бўладиган...

Инкамол опа жуда хурсанд бўлди. Хайрлашаётганда эса уларни ўқишдан қолдирганларида ташвишланиб, норози бўлганини, бироқ ҳозир буларни кўриб кўнгли жойига тушганини тан олди. Ҳозир, муҳими, ғалабаю одамларнинг тезроқ урушдан қайтишлари, қолган нарсаларнинг ҳиссасини чиқариб оламиз, албатта чиқарамиз, деди у.

Маълум бўлишича, Инкамол опа агар яхши хабар чиқса ҳеч нима, ҳеч қандай пул олмайдиган, бировларнинг қувончини ўзиники деб биладиган машҳур фолбин ҳузурида бўлган экан. Фолбин шунинг учун ҳам доимо ростини гапираркан. Ўша фолбин опага уч марта фол очиб, ўғлини тирик, дебди. Асир ҳам, ярадор ҳам эмас. Фақат шундай топшириқдаки, хат ёзиш ман этилган. Рухсат олгач, мана кўрарсиз, хат устига хат келаверади, дебди... Бу гапларнинг қанчаси рост, қанчаси ёлғонлигини ҳеч ким билмайди-ю, аммо бу воқеани одамларни районга олиб бориб келган аравакаш отхонада сўзлаб берди.

Инкамол опанинг фолбинга борганини эшитган Султонмурот ўшанда дафъатан ҳайрон бўлди-ю, унинг қўрқув аралаш ҳасратлари боисини энди тушуниб етди ва бир оз енгил тортгач, онасига ҳам ўша башорат қилувчи аёлга бориб отасидан бирор хабар топишни маслаҳат беришга қарор қилди.

Ҳа, буларнинг ҳаммаси ҳақида ўйлашнинг ўзи оғир ва қўрқинчли эди. Аммо булоқ кўзидан қайнаб чиқиб турган тиниқ сув оқими каби қуйилиб келаётган ёрқин ва қувончли туйғулар ҳам бор эди. Булар унинг ҳақида, Мирзагул ҳақидаги ўйлар эди. У аслида бу туйғуларни чорлашга уринмас, аммо улар ер остидан ниш урган майсалар мисол ўзидан-ўзи пайдо бўларди. Уларнинг қувончли, мусаффолиги мана шунда эди, шунинг учун ҳам улардан айрилиб қолишни истамас, бу ҳақда ўй-лашдан чарчамасди. У ҳақда ўйлар экан, ниманидир бажариши, ҳаракат қилиши ва бу йўлда ҳеч қандай фалокатлардан, ҳеч қандай қийинчиликлардан чўчиш нималигини билмасди. Лекин ҳаммасидан ҳам буларнинг барчасини қизнинг билишини истар эди.

Ўз қалбидан кечаётган туйғуларнинг барини нима деб аташни ўзи ҳам яхши билмасди. Аммо бу — ўзи одамлардан эшитган, китоблардан ўқиган севги эканлигини ғира-шира тушуниб етганди. Фронтга кетаётган йигитлар унга хатларини бирор қизга ёки ёш келинчакка бериб қўйишини сўраб бир неча бор илтимос қилишган. У бундай махфий топшириқларни ғурур билан бажарган. Бу ҳакда ҳеч қачон, ҳеч кимга лақиллаб ҳам юрмаган. Бунақа нарсалар ҳақида лақиллаб юриш йигит кишининг иши эмас-ку! Ҳатто узоқ бир қариндоши шундай хат ёзиб беришини илтимос қилган пайт ҳам бўлган. Жамонқул ҳали ёш, саводсиз эди, тоғларда қўйлар кетидан юриб, ёшлигида ўқимаганди. Шунда бирдан армияга чақирилиб қолди. Йигитнинг суюкли қизи билан хайрлашгиси келган, қоғозда бўлса ҳам ўз туйғуларини унга айтмоқчи бўлган. Овулда қиз бола тўйгача йигит билан учрашиши мумкин бўлмагач, нима қилсин. Шунда чаласавод Жамонқулнинг қариндош боладан ёрдам сўрашига тўғри келди. Жамонқул айтиб турди, Султонмурот эса унинг сўзларини қоғозга туширди. Ўшанда бу ўй ҳам, Жамонқулнинг сўз танлаб ҳаяжонланиши ҳам, хатни ёзиб тугатгунларича томоғига бир нарса туриб қолгандай бўлгани ҳам Султонмуротга кулгили бўлиб туюлган эди. Ўшанда Султонмурот аввалига ўжарлик қилиб ялинтирган, бир йил ўтмай ўзи ҳам бечора Жамонқулни ҳаяжонга солиб қўйган ўша ҳиссиёт ўзининг ҳам бошига тушишини хаёлига келтирмаган ҳолда бечора ошикдан совғага дастаси архар шохидан қилинган пичоқ олган эди. Жамонқулнинг тоғу тошда ёлғиз юриб тўқиган шеърини ҳозир Султонмурот эслади ва ичида ўзича такрорлади:

Оқсой, Кўксой, Сариқсой — кезмаган ер қолмади,
Аммо сенинг ўхшашинг ҳеч қайдан топилмади...

Ногаҳон миясига бир фикр келди: у ҳам қизга хат ёзса бўлмайдими! Уялиб, қўрқиб ўтирмай ҳаммасини тўкиб солиш, ўз ҳис-туйғуларини унга етказиш йўли топилгач, унда ҳозироқ ҳаракат қилиш истаги, бошқаларга ҳам унинг ўзига яхши бўлганидай, унинг сингари бошқалар ҳам ўзларини бахтиёр ҳисоблашлари учун аллақандай хайрли ишларни бажариш истаги туғилди. Онасининг тезроқ соғайиб кетиши, отасини ўйлаб ҳадеб хавотирланавермаслиги учун, тезроқ яна фермада ишлаши, уйлари саришта ва иссиқ бўлиши учун, ўғли кимнидир севиб қолганини, унинг кўз ўнгида атроф аллақандай гўзаллашиб бораётганлигини бир оз сезиши учун ҳаммадан олдин онасига ёрдамлашиши керак...

У уйда бўлган уч-тўрт куни мобайнида шунчалик кўп иш қилдики, йил давомида бунчалик иш қилиб бўлмасди. Уй ва хўжаликка доир жамики ишларни тартибга солиб, саранжом-саришталади. Онасидан ҳам тез-тез ҳол-аҳвол сўраб турди:
— Яхшимисан! Бирон нарса керакмасми? Онаси унга жавобан ғамгин кулиб қўярди:
— Энди ўлим ҳам қўрқинчли бўлмай қолди. Ташвиш қилма, бирон нарса керак бўлса ўзим айтаман...

Хатни бўлса у тунда, ҳамма ухлагандан кейин ёзди. Ҳеч ким ва ҳеч нима унга халақит бермаса-да, жуда ҳаяжонланди. Аввал нимадан бошлашни ўйлаб олди. Ундай ёзиб ҳам кўрди, бундай ҳам, барибир бўлмади. Ҳар гал бошқачароқ ва бундан бошқачароқ бошлаши керакдай бўлиб туюлаверарди. Фикрлари худди пала-партиш отилаётган тошдан ҳосил бўлган сув бетидаги пуфакчаларга ўхшаб тарқаб кетарди. Қалбида ардоқлаб юрган туйғуларини изҳор қилгиси келар, аммо буларни қоғозга туширишга келганда гап қовушмай қоларди. Энг олдин унга, Мирзагулга, унинг қанчалар гўзаллигини, овулдагиларнинг ҳаммасидан гўзаллигини ва нафақат овулда, балки бутун оламда тенги йўқ эканлигини айтгиси келарди. Ўзи учун бир синфда у билан ўтириш, унинг гўзаллигини томоша қилиб термилиш ва дунёда шу термилишдан ёқимлироқ ҳеч нарса йўқлигини айтгиси келарди. Бироқ ҳаёт тақозоси билан у ўз десанти туфайли эндиликда мактабга боролмас, қачон уларнинг мактабга қайтиши номаълум бўлиб қолганди. Энди у қизни аҳён-аҳён учратар, шунинг учунми, жуда-жуда изтироб чекар ва қаттиқ соғинар эди. Шундай соғинардики, ҳатто баъзида йиғлагиси келарди. Буни у доим тан олгиси келмасди, эркак киши доим эркакларча иш тутиши керак, бироқ кўз ёшлари ҳақиқатан гоҳо томоғига келиб қоларди. Танаффус пайтлари бекорга ва дабдурустдан, сал-пал шилқимсифатликни эп кўрмай қизнинг олдига боролмаётганлигини ва унинг бекорга ўзини олиб қочиб юрганини хатда тушунтириши керак эди. Унинг туйғуларида ҳеч қандай ёмон ният бўлмаган. Сурбет Онатой ўзининг энг кучли ва довюрак эканлигини, десантчилар ичида энг зўри эканлигини кўрсатиб қўйишни кўзлаганидаги ўша ким ўзарга қувишишни ҳам унга тушунтириб беришни жуда истарди. Аммо ўшанда, қиз ўзи кўргандай, Онатой ҳеч нарса қилолмади. Афсуски, Оқтўриғи шикастланди. Аммо ҳаммасидан унинг айтгиси келган муҳим нарса — қандай қилиб синфдошлари тўдасидан қизни таниб қолгани ва уни узоқ пайтдан бери қаттиқ севишини дарров тушунгани, яна қўлларини ёзиб ва нималар деб қичқириб тепалиқдан тушиб келаётганида унинг қандай гўзал кўрингани эди. Қиз унга томон худди мусиқа оҳангидай, шаршарадай, ўт ёлқинидай югурган эди...

Дераза токчасидаги лампаларни икки марта тузатиб қўйишга тўғри келди. Пилиги тугаб борарди. Яхшиям онаси бошқа хонада ётар ва унинг охирги керосинни ёқиб тугатаётганини билмас эди. Хат ҳамон нима деб ёзишни билмагани учун эмас, балки аксинча, ҳаммасини тўкиб солиш истаги борлиги учун ҳам қовушмасди.

Ўтовдаги деразаларни аллақачон қоронғилик қоплаб, аллақачон итлар ҳуришни бас қилганди. Манас қорли тизма тоғлари пойидаги водий аҳолисининг барчаси аллақачон сукунатли февраль туни қўйнида уйқуга чўмганди. Дераза ташқарисида зим-зиё тун. Гўё унга бутун оламда фақат улар — тун ва унинг ўзи Мирзагул ҳақидаги ўйлари билан якка қолгандай туюлди.

Ниҳоят у ёзишга қарор қилди. Ўз хатини «Ошиқлик мактуби» деб номлаб, уни гўзаллик ёғдуси уйдаги лампа ёғдуси ўрнини боса оладиган, овулда яшайдиган соҳибжамол М.га бағишланганини ёзди. Кейин, бозорда минглаб кишилар учрашсаларда, фақат бир-бировларига қўл узатишни лозим кўрганларигина саломлашишини ёзди. Буларни ҳаммасини у Жамонқулнинг хатидан ёдлаб олганди. Кейин бутун ҳаётини сўнгги нафасигача қизга бағишлаганини ва шунга ўхшаш нарсаларни тўкиб солди. Хат сўнгида

Жамонқулнинг шеърини эслади:

Оқсой, Кўксой, Сариқсой — кезмаган ер қолмади,
Аммо сенинг ўхшашинг ҳеч қайдан топилмади...

Олтинчи боб

Эртасига, Ажимурот мактабдан келгач, акаси билан далага, ўтин олиб келишга жўнади. Ажимуротга эшаги Қораёлни эгарлашди. Унинг эгарига арқон, ўроқ ва қўлқопларни боғлашди. Итлари Оқтошни ҳам ўзлари билан бирга олишди. Ит жон деб уларга эргашди. Ажимурот, кичиклиги учун эгарга минди, акаси эса эшакни ниқталаб ёнида кетди. Эшак пгундай бир жониворки, ниқталамасанг, юрмайди. Йўл эса олис. Султонмурот қуруқ шох-шаббага бой бир жойни биларди. У жой узоқда. Туюқжар дарасида эди. Баҳор ва ёзда дарага ҳар томондан қор сувлари, айниқса, ёмғир сувлари оқиб келарди. Айқириб оқаётган сел оқими, момақалдироқлар гумбурлашидан дара даҳшатга тушар, кузга келиб эса пояси қаттиқ ўтлар чангалзорда одам бўйича ўсиб қоларди. У ерга одам кам борарди-ю, лекин қуруқ қайтмасди.

Атрофдаги ҳамма кўрай териб олинганди. Энди Туюқжарга йўл олиш керак. Султонмурот онасини Оқсойга кетгунича ўтин-чўпни ғамлаб бераман, деб ишонтириб қўйганди.

Аввалига Султонмурот ҳар хил фикрлар оғушида паришонхотир борар ва эзма укасининг саволларига истар-истамас жавоб бериб қўярди. Ўйлайман деса ўй кўп. Қўшчиларнинг Оқсойга жўнаш пайти яқин. Бунга саноқли кунлар қолди. Жўнашдан олдин доимо кўп нарса қилинмагани сезилиб қолади. Айниқса, майда-чуйда ишлар. Оқсойда, керак бўлиб қолганда, михни ҳам топиб бўлмайди ахир. Яхшиям, раис Тиналиев уларникига кириб ўтди. Онасининг соғлиги, десант командирининг ишлари қандай эканлигини кўришга келибди. Ўзи ҳам баъзи нарсаларни — шудгор пайти жой масаласи, ўтовлар ўрнатилиши ва озиқ-овқатни ташиш қандай ташкил қилиниши, ҳаммаси ҳақида гапирди, айниқса, онаси билан гаплашгани яхши бўлди. Кейинги пайтларда касаллик ва отасидан хат келмаётгани туфайли онасининг асаби бузилган эди. Онаси раис билан тортиша-тортиша: «Бу гўдакларни қаёққа жўнатяпсизлар ? Чўлда нобуд бўлишади-ку улар. Ўғлимни жўнатмайман, — деди. — Ўзим касалман. Қолган болалар ҳали ёш бўлса. Эримдан хат-хабар йўқ. Уйда эса пичан, ўтин йўқ». Раис эса озроқ пичан берамиз, бошқа илож йўқ, баҳорги шудгор яқин, деди. Ўтин ҳақида эса ҳеч нима ваъда қилмади. Ҳатто оқариб кетиб, ҳалқумидан бир нарса уни қисгандай деди: «Чўлдаги болаларга келсак, бекорга ташвишланяпсиз. Юрагимдан ҳис қилиб турган бўлсам ҳам сўзларингизга эътибор ҳам бермайман. Бу, ахир, фронт топшириғи-ку. Шундай экан, хоҳлайсанми йўқми, сўзсиз бажариш шарт. Мана, масалан, эрларингиз ҳужум олдидан уйни эслаб у йўқ-бу йўқ, уй иситилмаган, болаларнинг қоринлари оч, атакага бориб нима қиламиз, деб йиғлаб қолишса нима бўларди? Уруш пайти бунақа нарсани ким-кимга йўл қўярди? Бизлар учун эса Оқсой — бу бизнинг ҳужумимиз. Ўша ҳужумга биз охирги кучимиз — мактаб ёшидаги болалар билан боряпмиз. Бошқа одамлар йўқ».

Мана шундай суҳбат бўлди. Султонмурот онасига ҳам, раис Тиналиевга ҳам ачинади. Уни ҳам тушуниш керак, бу ишни турмушнинг яхшилигидан қилаётгани йўқ. У Султонмуротнинг тезроқ ишга чиқишини илтимос қилди. Вақт жуда ғанимат, деди. Онангнинг аҳволи сал енгиллашгач, бир минут ҳам вақтни ўтказмай тезроқ ишга кириш...

Кечаги кундан бошлаб онаси ўзини бир оз яхши ҳис эта бошлаб, уйда у-бу нарсаларга урина бошлади. Энди унинг отларга, болалар ёнига қайтиши мумкин эди. Бироқ ер тагидан бўлса-да, ўтин топиш керак бўлиб қолди. Оилани оловсиз, ўтинсиз қолдириб бўлмайди...

Эрта баҳор куни эди. Илиқ туш пайти. На қиш, на баҳорга ўхшайди. Кучларнинг осуда келишуви. Атроф яйдоқ, топ-тоза ва жимжит. Ҳар жой-ҳар жойда қори эриб улгурмаган кенг ялангликлар қорайиб турибди. Шаффоф ҳавода қорли тоғлар салобати узоқ-узоқлардан кўзни қамаштиргудай оқариб кўринади. Атрофда бепоён ер ястаниб ётибди. У инсон парваришига муҳтож!

Султонмурот тўхтади. У ердан, ғарбдан, адирлар қўйнидан Улуғ Манас тоғи этагидаги Оқсой дарасини топишга уринди. Бироқ ўша Оқсой деб аталмиш жой-да у ҳеч нарсани кўролмади. Фақат кенглик ва ёруғлик... Ана шу томонга бир неча кун йўл юриб боришлари керак. У ёкда қандай бўларкин?' Уларни у ёқда нималар кутаётибди? Аъзойи-баданини хавотирли бир совуқлик жимирлатиб ўтди.

Лекин кун ажойиб эди. Ажимурот эса қувончдан, озод кундан, акаси ёнидалиги ва вафодор итлари атрофларида югураётгани, бутун бир дунёда эркин эканликлари, уйларига ўтин олиб келишга бораётганларидан хурсанд бўлиб эсини йўқотаёзди. Ўзи бўлса эшак устида. Ингичка товуши билан ҳар хил қўшиқларни, урушдан олдингиларини ҳам айтиб борарди:

Команда бер, маршаллар,
Бизлар жангга кирамиз.
Душман қанча бўлсаям,
Ҳаммасини қирамиз.

Эҳ, тентаквой! Эси паст гўдак... Аммо Ажимуротнинг ҳеч нарса билан иши йўқ. У борлиқни унутиб куйлашда давом этарди:

Бир, икки, уч,
Бизлардадир куч!..

Султонмуротнинг ҳам кўнгли ёришди. Эшакка миниб олган ботирга қараш кулгили эди. Ўтган йилги ғарам ёнидан ўтишаётганларида беихтиёр жим бўлиб қолишди. Бу овлоқ жойда, тўкилиб-сочилиб ётган похол ғарамлари оғушида баҳор нафаси уфурарди. Атроф жимжит. Бурноғи йили ҳосилни ўриб-янчиб олишлари билан бу ерларда ҳамма нарса жимиб қолган. У ердан ҳўл, чирик сомоннинг, тугаб бўлган ёзнинг ҳиди анқийди. Ариқ ичида теграси йўқ ғилдирак ётарди. Янчилган буғдой пояларидан қилинган чайла ҳамон сақланиб қолган. Хирмончилар тушликда шу чайлада дам олишарди. Офтобрўя жойда, хирмоннинг ўртасида, буғдой чори уйилган жойда қолиб кетган донлардан қалин майсалар кўкара бошлабди.

Оқтош ғарам ичида ниманидир ҳидини олиб у ёқ-бу ёққа югуриб ёввойи каптарларни чўчитарди. Улар оқариб кетган сомонлар осилиб қолган жарликлар остидан парр этиб кўтарилади. Каптарлар бу ерларда қиш бўйи донлаб юришарди. Улар дала тепасида зич ҳолда гир айланишиб шиддатли ва шодон парвоз қилишади. Оқтош уларнинг ортидан югуриб ювош ҳурганича яна чопиб кетар эди. Ажимурот ҳам бақириб-чақириб каптарларни қўрқитди-ю, тезда уларни унутди. Султонмурот эса қушларни узоқ кузата бошлади. Қуёшда садаф бўлиб товланаётган қанотларига боқиб, уларнинг енгил парвозини завқ билан томоша қилди ва бир маҳал галадан бир жуфт каптар ажралиб чиқиб ёнма-ён учиб бораётганини кўриб қолиб, армияга кетган ёш математика ўқитувчиси ёдига тушди:

Оқ каптар сен кўкдаги,
Мен туйғун қуш тўпдаги.
Бирга бўлсак оҳ, қани,
Хоҳламасман бошқани...

Бўзачиникидан чиқиб кетишгач, ўқитувчининг хиёл кайфи ошди. У бричкада овулдан чиқиб кетаётиб, ўзининг мовий осмонда учиб бораётган ошиқ кўк кабутар эканлигини, ёрнинг эса ёнма-ён учиб бораётган мода кабутар эканлигини узоқ куйлади... Ўшанда бу қўшиқ Султонмуротга қизиқ, салобатли ўқитувчи эса бирдан шунчалик кулгили бўлиб кўринган эди. Ҳозир эса узоқлашиб бораётган бир жуфт ёввойи кабутарларни кузатиб қоларкан, бадани жунжикиб қотиб қолди. Математика ўқитувчисининг бу қўшиғи шу дамда унга кучли таъсир этди. Болага ўша кўкда учиб юрган кабутар, ўзи ёнма-ён учаётган, ҳув ёнидаги эса Мирзагул бўлиб кўриниб, ҳозироқ қиз ёнида бўлиш истаги уни қамраб олди-да, худди қиш даласи тепасида ҳосил қилиб учаётган мана шу кабутарлардай парвоз қилгиси келиб кетди. Унга ёзган мактубини эсларкан, кабутар ҳақидаги, «Оқ кабутар» қўшиғидаги сўзларни ҳам хатга қўшиб ёзишга қарор қилди... Ҳамма гап энди хатни унга қандай етказишда эди. Мирзагул болаларнинг олдида ҳеч қачон ундан хат олмаслигини билади. Ҳатто, танаффус пайтлари ҳам ундан ўзини олиб қочиб юради-ку. Энди бўлса Султонмурот мактабга ҳам бормайди. Қизнинг уйига бориб бўлма-са, ота-онаси қаттиққўл... Борганида ҳам нима дейди, қандай тушунтиради? Нега бир овулда яшаб туриб хат бериш керак экан, дейишмайдими.

Бироқ у қиз ҳақида ўйлагани сари унинг ўйлаётганини қиз билишини шунча кўп истар эди. Буни унинг билиши фавқулодда жуда ҳам муҳим эди.

Йўл бўйи у ҳали қиз ҳақида, ҳали Оқсойга жўнашлари, ҳали фронтдаги отаси ҳақида ўйлаб борди ва қандай қилиб Туюқжар дарасига етиб келганларини сезмай қолди. Бу ерга улардан олдин кимдир келиб, қалин кўрайнинг бир чеккасини ўриб кетибди. Бироқ музлаб қолган сой атрофидаги жарликда ва маймунжийданинг тиканли чакалаги ичидаги кўрайзорлар ҳам етарли эди. Кўрайни қандай ўришни эмас, балки қандай олиб кетиш ғамини ейишга тўғри келди. Кўп ўйланиб ўтирмай ишга киришишди. Эшаклари Қораёлни қор остидан қулоқ чиқарган ўтган йилги майсаларни ўтлашга қўйиб юборишди. Оқтошга қаровнинг кераги йўқ, ўз ҳолича дарада, худо билади, кимни ва нималарни искаб юрибди. Ака-ука ғайрат қилиб ишлашди. Шох-шаббани ўроқ билан ўришиб, кейин кесилган новдаларнинг ҳаммасини дастлаб боғлаш учун бир жойга тахлашди. Улар жимгина ишлашарди.

Тезда терлаб кетишиб, қўйтери пўстинларини ечиб қўйишди. Кўрай қалин, йўғон ўсган бўлса, ўроқ билан ўриш хўп завқли. Овул атрофида бунақасини топиб бўлмайди. У ёкда нима қилсин? Бу ерда эса даста-даста қилиб ўриб олишнинг ўзи мароқли. Кўрай чаноғида шиқирлаб, қўзоғидаги уруғлари қорга тўкилади. Худди ёздаги, август ойидаги сингари аччиқ чанг ҳиди димоққа уради. Қадни ростламоқ маҳол. Аммо бу ернинг кўрайи жуда зўр, қўри роса кучли бўлади. Онаси, сингиллари қувонадиган бўлишди-да. Уйда печка яхши ёнса, кайфият ҳам яхши бўлади.

Улар анча иш қилиб қўйишган, энди дам оламиз, деб туришганида Оқтош бирдан жон-жаҳди билан ҳуриб қолди. Султонмурот бошини кўтариб ўроқни силкитиб бақириб юборди: — Ажимурот, қара, тулки!

Дарадан қиш бўйи қотиб қолган ерда итдан қўрқиб кетган тулки олдинда гоҳ тўхтаб, гоҳ ортига қараганча чопиб борарди. Тулки гўё қор устида сирпаниб ке-таётгандай бемалол, эркин чопиб борарди. У анчагина катта, қулоқлари диккайган, бели кўкимтир-қизил рангли ва, шунингдек, узун думи ҳам кўкимтир-қизил тусда эди. Оқтош уни жон-жаҳди билан таъқиб этар, бироқ ўлжасига қанчалик кўп интилмасин, шунчалик кўп қорга ботиб қоларди.
— Ушла уни! Ушла! — бақирди Ажимурот ва улар ўроқларини силкитиб тулкининг йўлини кесиб чиқишди.

Қаршидан югуриб келаётган одамларни кўрган тулки бирдан ортига қайрилиб, тиканли буталар орқасига ўтиб кетди ва Оқтош унинг эски изидан чопиб ёнидан ўтгач, тулки яна тескари томонга қараб қочди. Албатта, тулки ўз кушандасини бемалол адаштириб қутулиб кетиши мумкин эди, бироқ ҳамма бало шунда эдики, у жар лабига келиб қолган эди, худди қопга тушиб қолгандай, жар ёқасининг бу ери тик, ўтиб бўлмас девордай эди. Ҳеч қаёққа қочиб қутулиш мумкин эмасдай эди. Мана бу тўполончи, тиниб-тинчимас ит бўлмаганида тулки маймунжийда орасига яшириниб оларди, қани, уни қалин тиканзорлар ичидан биров топиб кўрсинчи. Лекин ит ҳали нодон, жайдари ит бўлишига қарамай чидамли ва қафиятли чиқиб қолди. Унинг ҳуриши бир минут ҳам тўхтамади, тулкини даҳшатга солган ҳам ана шу итнинг ҳуриши бўдди.

Ака-ука эса кутилмаган ҳодисага берилиб, терлаб-пишиб, қизишиб, ўз овозларидан ва таъқиб завқидан қулоқлари битиб энгашганларича унинг орқасидан югуришарди. Тулки ё итнинг қўлига тушиши, ёки жардан чиқиб кетиш учун одамларнинг ёнидан ўтиши керак эди.

Тулки одамлардан қочиш ўрнига, ўгирилиб қара-ганча, улар томон юзма-юз юра бошлади. Кутилмаган ҳодисадан болалар тўхтаб қолишди. Тулки орқадан изма-из таъқиб қилиб, қияликлардан тез-тез йиқилиб, суриниб, ҳаллослаб келаётган Оқтошнинг ҳолини кўриб жар пастидаги қор уюми томон деярли шошилмай борарди. Бечора Оқтош акиллаб чопаверишдан гангиб қолган эди. Тулки қалин қор бўйлаб гир айлантириб уни роса аҳмоқ қилаётганини ит сезмас эди.

Ҳа, ака-укалар ҳам унчалик сезгир эмасди. Иккови ҳам югуриб келаётган мўжизани кўриб қотиб қолишди. Чопаётганида тулки шунчалик чиройли эди-ки, худди оқим бўйлаб сузаётган қайиққа ўхшарди.

Тулки уларнинг ўртасидан ўтишга, ҳеч кимнинг ранжимаслиги учун қоқ ўртадан йўл солишга шайланди. Бироқ у шундан кейин сал чапрокдан, Султонмуротдан бир-икки қадам наридан ўтиб кетди. Мана шу қисқа дақиқаларда у тулкини бошдан оёқ, худди тушдаги каби ўз кўзларига ишониб-ишонмай томоша қилди. Шиддат билан бошини тик тутиб, тулки унинг ёнидан ўтиб бораркан, қоп-қора порлаб турган кўзлари билан унга бокди. Султонмурот бу акдли ҳайвон нигоҳидан ҳайратланишга улгурди. Тулки унинг хаёлида мана шу тахлитда бошини ва худди шунингдек, момиқ думини кўтарганча оқиш қорни, қора илдам панжалари ва ақлли, ҳамма нарсани сезувчи нигоҳи билан қолган эди... У Султонмурот ўзига тегмаслигини билган эди.

Ажимурот ўроғини тулкига отиб қичқирганидагина у ўзига келди:
— Ур уни! Ур!

Султонмурот уни уришга улгурмай тулки кўрай орқасига ўтиб кетди. Ортидан Оқтош қувиб кетди ва улар ҳам жар бўйлаб пастга қараб чопишди.
— Ёпирай! — дея олди Султонмурот. Ака-укалар югуришди-югуришдида, кейин тўхтаб қолишди.

Тулки изсиз йўқолган эди. Фақат гоҳ у ер, гоҳ бу ерда Оқтош ҳурарди.
— Эҳ, сени қара-ю, — деди кейин Ажимурот. — Шундай тулкини қўлдан чиқардинг-а. Ҳатто қўлингни қимирлатмай қаққайиб турибсан-а.

Султонмурот нима дейишини ҳам билмасди. Укаси ҳақ эди.
— Нима қиласан уни? — минғирлаб қўйди у.
— Нима қиласан? — укаси айтмоқчи бўлган гапини тушунтириб ўтирмай қўл силтади.

Кейин улар ўрилган шох-шаббаларни жимгина бир жойга йиға бошлашди. Боғламларни каттароқ қилиш учун яна бироз ўришлари керак эди. Шу пайтдагина Ажимурот хафа бўлиб деди:
— Нима қиласан, нима қиласан, дейсан! Отамга Нурғози тоғамникига ўхшаган тулки тумоқ тикар эдик, сен бўлсанг қаққайиб турибсан!

Султонмурот эсанкираб қолди: мана, демак, укаси тулкини қувганда ниманинг ғамини еган экан. Энди эса отасини Нурғози тоғаники каби момиқ тумоқда тасаввур қилиб кўриб, ҳақиқатан ҳам мана шундай чиройли тулкини тутолмаганига ачинди. Отасига шунақа телпак жуда ярашар эди-да. Султонмуротнинг ўйларини Ажимуротнинг пиқиллаб йиғлаган овози бўлди. Укаси шох-шабба боғламлари устига ўтириб олганча астойдил йиғларди.
— Нима бўлди? Сенга нима бўлди? — унга яқинлашди Султонмурот.
— Ҳеч нарса, — деди у йиғламсираб. Султонмурот қайта суриштириб ўтирмади. Яқинда

Нурғози тоғаси келганида Ажимуротнинг йиғлаганини эслаб, дарров тушунди. Болакай отасини соғиниб йиғлаяпти. Тулки ва тулки тумоқ бунга бир туртки бўлди, холос...

Султонмурот укасига қандай ёрдам беришни билмасди. Унинг ўзи ҳам маъюс тортиб қолди. Укасига меҳр-шафқат ҳамда изтироб билан яқинлашаркан, у қалбидаги ноёб туйғуларини унга айтишга қарор қилди.
— Йиғлама, Ажике, — деди унинг ёнига ўтираркан. — Йиғламагин. Биласанми, отам қайтиб келгач, мен уйланмоқчиман.

Ажимурот йиғидан тўхтаб унга ҳайратланиб тики-либ қолди:
— Уйланаман?
— Ҳа, агар сен бир ишда менга ёрдам берсанг.
— Қанақа иш? — дарров қизиқсинди Ажимурот.
— Фақат бировга чурқ этиб оғиз очмайсан!
— Ҳеч кимга! Ҳеч кимга айтмайман!

Энди Султонмурот иккилана бошлади. Айтсинми ё айтмасинми?.. У ўзини йўқотиб, ўйланиб қолди. Ажимурот эса тиқилинч қила бошлади:
— Қани айтчи, қанақа иш? Айта қол, — Султон. Чин сўзим, ҳеч кимга оғиз оча кўрмайман.

Султонмурот терга ботганча укасининг юзига қарамай, қийналиб шундай деди:
— Мактабга, хатни бир қизга элтиб бериш керак.
— Хат қани, қанақа хат ўзи? — Ажимурот дарҳол акасига яқин сурилди.
— Кейин кўрсатаман. Хат бу ерда эмас.
— Қаерда?
— Қаерда бўлса ўша ерда. Кейин кўрасан.
— Кимга, қайси қизга?
— Уни биласан. Кейин айтаман.
— Ҳозир айта қол!
— Йўқ, кейин.

Ажимурот тиқилинч қилиб туриб олди. Уни тинчитиб бўлмасди. Султонмурот оғир хўрсиниб дудуқланганча айтишга мажбур бўлди:
— Бу... бу... хатни Мирзагулга обориб берасан.
— Қайси Мирзагулга? Ўзларингнинг синфларингдаги қизгами?
— Ҳа.
— Ур-ей! — қувонганиданми ё шўхлиги тутибми, бақириб юборди укаси. — Мен уни танийман, у ўзини жуда гўзал ҳисоблаб юради! Ўзидан паст синфдагилар билан гаплашгиси келмайди!
— Нега бақирасан? — аччиқланди Султонмурот.
— Хўп, хўп! Бақирмайман! Сен уни яхши кўрасанми? Худди Ойчурек ва Семетей мисанлар, шунақами?
— Жим бўл! — бақирди Султонмурот.
— Нима қипти? Гапириб бўлмайдими? — унинг жиғига тегарди Ажимурот.
— Бор, бор, бақиравер, ҳув тоғларга чиқиб олгин-у, бутун дунёга жар сол!
— Чиқиб жар соламан! Сен ўша Мирзагулни севасан! Биламан! Биламан! Севасан...

Укасининг сурбетлиги акасининг жаҳлини чиқариб юборди. Султонмурот унинг орқасига яхшигина тушириб қолди. Укаси дарров букчайиб олганча бутун дарани бошига кўтариб йиғлай бошлади:
— Отам фронтдалигида мени уряпсанми? Шошмай тур! Шошмай тур! Ҳали жавобини берасан! — У бор овози билан бақириб йиғлай бошлади.

Энди уни юпатиш керак эди. Дардисар-ей! Улар ярашиб олишгач, Ажимурот ҳамон энтикиб, хўрсиниб, мушти билан юзидаги ёшларини арта-арта деди:
— Қўрқма, ҳеч кимга, ҳатто онамга ҳам айтмайман. Ўзинг-ку, дарров уришга тушдинг... Хатни обориб бераман. Энди айтмоқчи бўлиб турувдим-у уриб қолдингда... Бир четга чақириб, танаффусда бераман. Сен эса бунинг эвазига отам фронтдан қайтиб стансияга келганида, ҳамма уни кутиб олишга шошилганида, мени ҳам бирга олиб борасан. Иккаламиз Чопдорга миниб, уни елдирганча ҳаммадан олдин етиб борамиз. Сен-у мен. Чопдор ахир сеники-ку энди. Сен олдинда, мен орқангга мингашиб чоптириб кетамиз. Чопдорни дарров отамизга бериб, ўзимиз ёнма-ён югурамиз, онам, бошқа ҳамма одамлар эса бизни кутгани пешвоз чиқишади...

Унинг шу тахлит эзилиб, маъюс, ёлвориб гапириши Султонмуротни шундай эзиб юбордики, ўзиниям йиғлаб юборишига сал қолди. Қизиққонлик қилган экан, энди эса болакайни урганига роса афсусланди.
— Хўп, Ажике, йиғлама энди... Икковимиз Чопдорда чопиб борамиз, фақат отамиз омон қайтса бўлгани...

Ўрилган ҳамма кўрайни тўплаб боғлаганларида учта каттагина боғлам бўлди. Султонмурот ўтинни боғлашга уста эди. Аввалига уюмлар уларнинг кўзига худди тоғдай салобатли кўриниб, ҳатто олиб кетолмаймиз, деб ҳам қўрқишганди. Кейин эса арқон усталик билан ишга солингач, уюм аввалгисидан уч марта кичрайди. Яхши тортилган боғлам елкада маҳкам ва текис туради, олиб кетиш ҳам қулай. Бунисини улар иккита боғлам қилишди. Ахир Қораёлни мана шунинг учун ҳам олиб келишганда. Битта қўшимча боғламни Султонмурот ўзи кўтариб кетмоқчи бўлди. Йўл узоқ эди, аммо уйга бир йўла кўпроқ ўтин олиб борган яхши. Шундай кўрайни қолдириб кетиб ҳам бўлмайди. Туюқжар дарасидан антиқа шох-шабба йиғишдида, ўзлариям.

Қораёлнинг устига ўтинни шундай ортишдики, қулоғиям, думи ҳам кўринмай қолди. Ажимурот тизгиндан тутиб етаклади. Унинг ортидан Султонмурот ўтин боғламининг оғирлигидан эгилиб изма-из жўнади. Боғлам елкага алоҳида усулда: арқон чап қўлтикдан туширилиб кўкраги орқали ўнг елкага тортиб ўтказилган, гарданнинг ўнг томонидан арқонга илмоқ солиниб боғланган бўлиши ва юк ташувчи илмоқнинг учидан ушлаб олиши керак эди. Бундай ҳолда ўтинни кўтариб бораётган одам боғлам тугунининг бўшаб қолган жойини йўл-йўлакай тортиб олиши мумкин.

Улар шундай, олдинда Қораёлнинг тизгинидан тутиб олган Ажимурот, орқада елкасида юки билан Султонмурот, уларнинг ортидан эса ҳолдан тойиб судралганча Оқтош келарди.

Кўрай олиб кетаётганда узоқ вақт дам олмай юриш керак. Биринчи довондан ўтгач, босиб ўтиладиган йўлларнинг оралиғи қисқаради, иккинчи довон биринчисининг ярмига, учинчиси иккинчисининг ярмига камайиб бораверади. Султонмурот буни яхши биларди, шунинг учун ҳам кучини тежаб бир маромда, оёқларини кенг ёйиб қадам босарди. Энди у атрофда ҳеч нимани кўрмас, фақат олдинга, оёқлари остига қараб борарди. Боғламни кўтариб кетаётганингда узоқ вақт чарчаб қолмаслик ва тез-тез дам олмаслик учун, яхшиси, бирор нарса ҳақида ўйлаш керак.

У эртага эрталабдан отхонага қандай бориши ва яна десант командири вазифаларини бажаришга киришиши ҳақида ўйлаб борарди. Шошилиш керак. Оқсойга жўнаш учун саноқли кунлар қолди. Яхшилаб парваришланган отлар қадларини анча тутиб олишди. Плуглар ҳам, унинг запас қисмлари ҳам эгар-у жабдуқлар шай қилиб қўйилди-ю, аммо барибир, далага чиқиш биланоқ нимадир етишмаслиги аниқланади, мири кам дунё деганлар. Бу бригадир Чекишнинг сўзлари эди. У шундоқ деганди: кўз — қўрқоқ, қўл — ботир, далага қўрқмай чиқиш керак, иш давомида қолганлари аниқланаверади, ҳаммаси бирдан бўлмайди-ку ахир.

Султонмурот қандай қилиб онасининг меҳнатини енгиллатишни ўйларди. Онасининг жудаям тинка-мадори қуриди. Фермада сигир соғади, молларга қарайди, яна уйда тиним йўқ. Ҳаммасига балогардон ўзи. Пишир-куйдир, кир юв... Қизлари бўлса ҳали ёш, Ажимуротнинг ҳам ҳали қўлидан бир иш келмайди. Ўзи бўлса оилага бегонадай бўлиб қолган, бугун-эрта Оқсойга жўнайди, ким билсин, шу билан қачон қайтади. Қанча ерни ҳайдаб шудгор қилиш, бороналаш керак... Унда эса бор-йўғи бешта улов бор. Қолган от-улов ва плугларнинг ҳаммаси эски ерларда ишлатилади. У ерларда иш яна ҳам кўпроқ. Бироқ бу ерлар ҳарҳолда овулга яқин. Бирор нима бўлса, хотинлар чопиққа тушишади. Эркаклар қиладиган иш аёллар зиммасига тушган. Энди улар бел баравар ариқлар қазишяпти, далаларга сув тарашяпти, тўғонлар қуришяпти...

Нима қилиб, қандай қилиб онасининг юмушини енгиллатса экан-а? Ўйлаб ўйминг охирига етолмасди...

Аммо ҳаммадан кўра у эртага хатни бериши ҳақида, фақат «Оқ кабутар» қўшиғи сўзларини қўшиб қўйиши кераклиги тўғрисида ўйларди. Мирзагул унинг хатини ўқиётгани, ўқиб нималарни ўйлаётганини тасаввур қилишга уринди. Эҳ, севги ҳақида хат ёзиш шундай қийин эканки! Нимани изҳор этишни истаган бўлсанг тамом акси бўлиб чиқар экан. Ҳеч қандай қоғоз юракдаги туйғуларни ўзига сингдиролмас экан. Қизиқ, нима дер экан у? У ҳам жавоб хати ёзиши керак. Бошқа нима ҳам қиларди? Қиз унинг севгисига қандай қараркин? Унинг рози ёки норози эканлигини Султонмурот қаёқдан билсайкин? Ҳамма гап шунда. Агар қиз унинг севгисини рад этса нима бўлади?.. Унда нима қилади?..

Туюқжар аллақачон ортда қолиб кетди. Ботаётган қуёш энди унинг фақат бир томонидагина нур сочиб турарди. Замин ҳамон ўша қиш сукунати ва салобати-ни сақлаб ётарди. Одатда бўрон олдидан бор нарсани қўпориб парчалаб ташлаш учун шундай сокинлик, осойишталик ҳукм суради. Бунақа пайтларда ёвуз кучларни қайтариш учун «Яхшиликка кўринсин!» деб қўйиш керак. Бу баъзида ёрдам беради. «Яхшиликка кўринсин!» — деб қўйди ичида Султонмурот олдинги биринчи манзил учун қулай жойни кўздан кечираркан.

Шундай жой танлаш керакки, сўнгра қийналмай оёққа туриш керак бўлсин. Кўрай олиб кетаётган одам аввал боғламга елкасини қўйиб тебранганча туришга чоғланади, чоғланганда ҳам боғлам билан биргаликда тебраниб секин орқалаб олади. Агар ортиқча куч билан турмоқчи бўлса, боғлам боши устига сурилиб кетиб бақадай ялпайиб қолиши мумкин: тебрана туриб тиззалаш керак, кейин оёққа туриб олгач, «Ё пирим!» деб, иложи борича қад ростлаб олинади. Аввал яхшилаб нафас олиш керак бўлади.

Султонмурот боғлам устида чалқанча ётиб, бир дақиқа кўзларини юмди. Эҳ, арқонни кўкракка ташлаб ётиш қандай яхши-я! У кейинги манзил қаерда бўлишини чамалаганча оғир йўл азобидан кейин маза қилиб чалқанчасига чўзилган эди. Шундай ҳолда қандай қилиб фақат қизни ўйлоляпти-я?
— Фақат жавобни кечиктирмай ёзгин, эшитяпсанми? — унсиз пичирлади ўз-ўзича жилмайганча. Сўнг атрофга қулоқ тутди.

Ғира-шира қоронғилик чўкаётган бу оқшомда атроф улуғвор ва ажиб бир сукунат қўйнида эди.

Еттинчи боб

Шундай кунлар яқинлашмоқда эди...

Маст уйқуга кетгунга қадар уззукун тўлқинланиб, орзиқиб Мирзагулнинг жавоб хатини кутиш ҳисси уни тарк этмади... У нима билан машғул бўлмасин, нима ишга тутинмасин, шу ҳакда тинимсиз ўйларди. У жон-жаҳди билан ишлар, десантига топшириқлар берар, хаёлида эса Ажимуротнинг мактабда отхона томон елиб учишини орзиқиб кутилган жавоб мактубини олиб келишини кутарди. Ҳатто Ажимурот иккови келишиб олган ҳам эдилар. Агар Мирзагул жавоб берган бўлса, Ажимурот сакраб-сакраб югуриши, қўлларини силкитиб ҳаккалаши, агар жавоб бермаса, қўллари шими чўнтакларида, югурмай, аста қадам ташлаб келиши керак эди.

Султонмурот ҳадеб йўлга қарайверарди. Бироқ укаси ҳар куни қўлларини чўнтакларига солинтирганча келарди. Султонмурот тушунолмай, изтироб чека бошлади. Унинг тоқати тоқ бўлганди. Дастлаб учрашганда қиз укасига нима деганини, қизнинг ёнига қандай яқинлашгани ва улар нимани гаплашганликларини билиш учун у Ажимуротдан ижикилаб қайта-қайта сўраб-суриштираверарди. Уйга укаси аллақачон ухлаб қолган пайтда келарди. Унинг яна нималарнидир сўрагиси келарди. Бироқ суриштиришнинг ҳожати ҳам қолмаган эди. Ажимуротнинг айтишича, бу бадфеъл Мирзагул бекач танаффус пайтлари умуман у билан гаплашмас, ўзини ҳеч нарса билмагандай тутаркан. Гўёки ҳеч қанақа хат олмаганга ўхшаркан. Танаффус пайтлари дугоналари билан жўрттага гаплашиб турар, Ажимуротни эса ўзи сўраб, қўлларидан тортмагунча пайқамас ҳам экан.

Буларнинг сабабини Султонмурот ҳеч тушуниб етолмасди. Мирзагул, агар у билан ҳеч қандай муносабатда бўлиш истаги бўлмаса, нега жавоб бермайди, нега буни очиқ айтмайди? Нега индамайди, наҳотки жавоб кутиш қанчалик азоб ва оғир эканлигига ақли етмаса?

У шундай ўйлар билан ухлаб қолар, эрталаб эса яна шу ҳакда ўйлай бошларди. Вақт ҳам тугаб борарди. Мана, музлар эриб, ер эркин нафас оладиган, далада биринчи жўяк тортиладиган пайтлар келиб қолди, сен бўлсанг ҳаммасига улгуришинг керак.

Бир куни Султонмурот укасига деди:
— Мени яқинда Оқсойга, узоқ вақтга кетади, деб айт.

Жавоб қисқа бўлибди...

«Биламан», — дебди, холос.

Ўйлайвериб унинг боши қотиб қолди. Гоҳо мактабга чопиб боргиси, танаффус бўлишини кутиб туриб, уни тутиб олиб барини ўзи сўраб билгиси келар эди-ю, бироқ иккиланарди. Илгари жуда оддий бўлиб туюлган нарсалар энди машаққатли эди. Қўрқув, журъатсизлик, уят ва иккиланишдан худди тоғ-у тошдаги ўзгарувчан ҳаво каби унинг юрагини ларзага келтирар эди...

Ишни ҳам ташлаб қўйиб бўлмайди. Иш дегани тиқилиб кетди. Десант командири бўлиш осон эмас экан. Эрта тонгдан кечгача, қўли бўшамайди. Оқсойга кетиш муддати яқинлашган сари баттар ташвишлар кўпаяверди.

Кириб келаётган баҳор ташвишларни кўпайтирибгина қолмай, уларнинг турмушларини яшнатиб юборди. Сой бўйи баҳор янглиғ кенгайиб, хушнуд бўлиб кетди. Муз гўё тутун каби ғойиб бўлди. Музлардан халос бўлган сойдаги сув янада жонланиб шовуллаганча тошлар устидан чопа кетди. Тез оқаётган зангори сув остидаги ҳар бир майда тошлар нур ва сояда жилваланарди. Отлар энди туёқларидан қатра-қатра сув томчиларини сачратиб пишқирганларича сой ўртасигача йўрғалашиб боришарди. Болалар ҳам отларига минишиб, тўдага қўшилишарди. Кулгилар, муздай сувнинг сачрашидан қийчув, тўполон авжига чиқарди.

Худди шу пайтда Султонмурот сув бўйида тураркан, қизга кўзи тушиб қолди. Сойнинг кечувида уни кўрди-ю, жойида қотди. Нега ўзини йўқотиб қўйгандай бўдди-я? Мирзагул ёлғиз эмасди. Улар, қизлар тўртта эдилар. Улар мактабдан қайтишмоқда эдилар. Уларни кўрмай қолиши ҳам мумкин эди... Озмунча одам кечувдан ўтмайди дейсизми. Бир омади келиб қолди! Дафъатан кўрди-ю, жойида қотди. Кўрган заҳоти қизни таниди-ю, Чопдорнинг тизгинидан тутганича қотиб қодди. Сойнинг саёз жойидан қулочини ёзиб мувозанат сақлаб ўтар экан, қиз ҳам Султонмуротни кўрди, қирғоққа чиқиб тўхтаб, у томонга нигоҳ ташлади. Дугоналари билан кетаётиб ҳам бир неча бор орқасига қараб қўйди. Ҳар гал Мирзагул у томонга ўгирилиб қараганда Султонмурот ўз бахтига пешвоз югургиси, бир йўла, очиқ-ойдин, талмовсирамай уни қанчалик севишини айтишга тайёр эди. Усиз яшай олмаслигини айтгиси келарди. Аммо қиз ҳар ўгирилганда журъати етмай, жойида қотиб тураверарди. Мирзагул дугоналари билан Оролкўча бошида ғойиб бўлган бўлса ҳам у ҳамон Чопдорни кечувда тутиб турар, бошқа отлар эса аллақачон сув ичиб бўлишиб қирғоққа чиқишган эди. Болалар отхонага жўнаш учун отларни бир жойга тўплашди, у бўлса ҳамон гўё Чопдорни суғораётгандай жойидан қўзғалмасди...

Кейинроқ эса бу ҳакда ўйлаб ажабланди, илгарироқ уни шу ерда, мактабдан келаётганида кутиб туриш мумкин эканлигига ақли етмаганлиги учун ўзини койиди. Ҳа, ўша ерда сойнинг кечувида иттифоқо уни учратиб қолиши мумкин эдику ахир. Нега аввалроқ бу фикр калласига келмадийкин? Албатта, энди ўзи ҳаракат қилмоғи, қизни учратиб, мактуби хусусида қандай фикрда эканлигини билмоғи керак.

Агар у десант отларини суғоришга одатдагидан бироз кечроқ ҳайдаса, шундай учрашув худонинг берган куни такрорланишини у кейин билди. Ҳар сафар улар отларни кечувдан ҳайдаб кетишлари биланоқ шу ерда Мирзагулнинг пайдо бўлиши, ўзининг эса мана шу оддий нарсани пайқамаганлигини ҳис қилиши Султонмуротга жуда ҳам алам қилди. Ҳаммаси шундоқ жўнгина экан-у, у бўлса изтироб чекиб, қийналиб юрибди.

Энди у қизни кутиб туришга қатъий қарор қилди. Эртасига Султонмурот кечувда атайлаб ушланиб, болаларга тезда қайтишини, Чопдорни яхшилаб чоптиражагини айтиб, болалардан отларни суғориб қайтгач, унинг ҳам отларини жойига боғлаб, ем солиб қўйишларини илтимос қилди.

Яна Онатой орага суқилди.
— Кимни кутаётганингни биламан, — деди у сурбетларча.

Одам ҳам шундай бўладими?

Султонмурот ҳам тезлик қилди. «Билсанг билибсан-да, нима бўпти?»— деб жимгина тинчитиб қўйиш ўрнига Онатойга ўшқирди:
— Сен фашист жосусисан!
— Ким жосус? Мен-а?
— Ҳа, сен!
— Қани исботла! Агар мен жосус бўлсам, майли, трибунал отиб ташласин! Ёлғон бўлсами, тумшуғунгга тушираман.

Улар бир-бирларига ўдағайлашиб, отларини чу-чулаб ниқташиб, бир-бирларини суришганча сой ўртасида гир айлана бошлашди. Бир-бирларига бақиришиб, ғазаб билан ҳезланиб, бир-бирини от устидан итармоқчи бўлишарди. Қирғоқда болалар кулишар, уларни масхара қилиб, гиж-гижлардилар, улар эса ҳамон иккита хўроздай чинакамига чўқишарди. Атрофга сув сачраб, отлар сойда тақаларини ғижирлатганча тошга қоқила бошладилар. Шунда Эркинбек бақирди:
— Ҳей, отларни майиб қиласанлар!

Улар тезда ўзларига келишди, ҳатто баҳона топилганига суюнишиб, индамай бир-бирларидан нари кетдилар.

Бироқ барибир кайфияти бузилганди. Болалар отларни отхонага ҳайдаб кетганларидан сўнг ҳам Султонмурот зўрға ҳарсиллаб нафас оларди. Ўзини бироз овутиш учун йўлдан кўзини узмай сой бўйлаб отини йўрттириб кетди. Унча олислаб кетмасдан орқасига ўгирилиб қаради-ю, қизни кўриб қолди. Мирзагул худди кечагидай дугоналари билан келмокда эди. Улар ўзлари билан ўзлари овора, кимдир улардан бирини деб муштлашишига сал қолгани, изтироб чекаётгани, ғам-ғуссага ботиб юргани билан ишлари йўқ эди. Яқинда Султонмуротнинг онаси ўғлига қараб қўрқиб кетди: «Сенга нима бўлди? Касалмасмисан? Рангингни қара-я!» Онасини юпатиб, қўлига кўзгу олиб қаради. Ойнага қарамаганига анча бўлди, ҳеч вақти бўлмайди, ҳақиқатан ҳам кейинги кунларда жуда ўзгариб кетибди. Кўзлари худди касалларникидай киртайиб кетибди, юзи тиришиб, бўйни ингичка тортиб чўзилиб қопти. Қошлари орасига худди ажиндай иккита чизиқ тушиб, лаблари устида эса қоп-қора туклар пайдо бўлибди. Агар чироқ ёруғуда разм солинмаса, шундоқ кўринмайди. Қаранг-а! Бутунлай бошқача бўлиб кетибди, таниб бўлмайди... Отаси фронтдан қайтса, дарров таний олмаса ҳам керак...

Султонмурот отда тўғри қизга томон яқинлаша борди. Шу пайт Мирзагулнинг бир-икки марта кечув томонга қараб қўйганини кўриб қолди. Қизнинг ҳам кўзи унга тушиб, чўчиб кетди ва жойида тўхтаб қолди, кейин тезда ўзини ўнглади-да, дугоналари билан бирга юриб кетди. Улар гўё ҳеч нима бўлмагандай тошдан тошга сакраб сойдан ўтишди-ю, уй-уйларига тарқаб кетишди. У эса қизларнинг ёнидан қувиб ўтиб, худди қаёққадир иш билан шошиб бораётгандай, экинзорларни оралаб қизга тўқнаш келиш умидида кўчага чикди. У қизни кўчанинг у бошида кўрди. Султонмурот бу ердан секин юра бошлади. Улар бир-бирларига яқинлашганлари сайин уни ваҳима боса бошлади. Султонмуротга ҳамма деразалардан, эшиклардан кузатиб тургандай ҳамда уларни қандай учрашишларини ва унинг қизга нима дейишини кутиб туришгандай туюларди.

Мирзагул унчалик шошилмай келарди. Султонмурот нима содир бўлаётганини, нега ҳаяжонланаётганини тушунмас эди. Улар ахир бир синфда ўқишади-ку, унинг бирон нарсасини тортиб олиш, бир пайтлар ҳатто хафа қилиш ҳам ҳеч гап эмас эди. Ҳозир бўлса қизга ҳадиксираб, титраб-қалтираб яқинлашмоқда эди. Энди унинг бу учрашувдан қочиб, бош тортиб кетгиси келарди-ю, аммо кеч эди. Эҳтимол, Мирзагул унинг ҳолатини сезгандир. Тўқнашишларига озгина қолганида қиз бирдан шошилиб уйларига етмасданоқ қўшни ҳовлига ўзини урди. Султонмурот хурсанд бўлиб енгил нафас ола бошлади. Қиздан жудаям миннатдор бўлди. Яккама-якка учрашиш шунчалик ҳам қийин бўладими.

Кейинроқ эса журъатсизлик қилгани учун ўзини ўзи койий бошлади. Тунда уйқуси қочди, эрталаб ўрнидан тургач, қиз ҳақида ўйлаб, бугун қандай бўлмасин, ёнига бориб, тўппа-тўғри айтишга ва жиддий туриб хатига жавоб ёзадими-йўқми, қачон ёзади, шуларни сўрашга аҳд қилди. Агар жавоб бермаса хафа бўлиб ўтирмайди, эрта-индин Оқсойга жўнаб кетади, ўтган гаплар орада қолсин. Худди шундай дейди.

Шундай қатъий қарор билан кунни бошлади, мана шу мақсадда ишлади, шу мақсадда отларни суғориб келгач, яна сой томонга жўнади. Чопдорни миниб борди. Қирғоқ бўйлаб отда у ёқ-бу ёққа юра бошлади. Шу аснода юраркан, беихтиёр овулдаги томларда ҳам, уйларнинг соя тушиб турадиган томонларида ҳам умуман қор қолмаганлигига кўзи тутдди, қиш бўйи тепаликларда хийлагина тўпланиб қолган қорлар эса тўқ сариқ тусга кириб турар эди. Худди улар қачонлардир зоология дарсида дафтарларга расми чизилган амёбаларни эслатарди.

Кеча отхонада раис Тиналиев билан Чекиш бригадир Оқсой десантини синовдан ўтказишди. Ҳамма плуглар номерлаб қўйилиб, қўшчиларга биркитилди. Султонмуротга биринчи номерли плуг тегди. Кейин ҳар бирлари ўз отларига жабдуқ урдилар. Бу ишни қанчалик уддалай олишларини кўрсатишди, отларни қандай плугга қўшишларини намойиш қилишди. Бешта уловнинг ҳаммасини бир қаторга тиздилар. Умуман, буларнинг ҳаммаси четдан қараганда ажойиб, салобатли кўринарди! Худди тачанкаларга ўхшарди-ю, фақат уларнинг ўрнида плуглар бор эди, холос. Отлар бақувват, жабдуқлар созлаб тортилган, плуглар эса мойдай ялтирамоқда эди. Раис Тиналиев худди армия қўмондони сингари салобат билан десант олдида юрибди. Ҳар бир боланинг қаршисига келиб:
— Тайёргарлигинг ҳақида ахборот бер! — дейди.
— Ахборот бераман. Қўл остимда тўртта тақаланган от, тўртта яхши бўйинтуруқ, тўртта абзал, саккизта қайиш, битта эгар, битта қамчи, уч жуфт запас тишлари билан битта икки тишли плуг бор.

Худди армиядагидай. Фақат Чекиш бригадирнинг қовоғи солиқ. Албатта, у кекса одам, буларни қаердан тушунсин!

Текширув яхши ўтди. Бироқ иккита сўроқда десантчилар барибир ноқулай аҳволга тушиб қолишди. Раис Тиналиев ҳаммаларини Эргашнинг плуг қўшилган отлари ёнига чақирди.
— Қани, жабдуқдаги камчиликни топинглар-чи, — деб қолди у.

Ҳаммаёғини қараб чиқишди, пайпаслаб кўришди ҳамки, бироқ ҳеч нима топиша олишмади. Шунда буни раис Тиналиевнинг ўзи кўрсатди:
— Бу нима? Наҳотки тўриқ отнинг айили ёнбошида буралиб қолганини кўрмаётган бўлсаларинг? Мана қаранглар! Буралиб қолган айил отнинг ёнбошини шилиб юборадику. От бояқиш буни қандай айтади. Тортаверади, эртасига эса ёнбоши шишиб кетади, кейин отни қўшга қўшиб бўлмайди. Мен запас отларни қаердан топаман сизларга? Запас отлар йўқ менда! Демак, абзалга бефарқ қараш натижасида плуг тўхтаб қолади! Қани, ўйлаб кўрингларчи, бизнинг шундай ишга йўл қўйишга ҳақимиз бормикин? Биз қиш бўйи нимага тайёрландик ахир?..

Ҳаммалари уялиб кетишди. Бундоқ қараганда жўнгина нарса-ку...
— Султонмурот, десант командири сифатида сен доим иш бошлашдан аввал отларни ким қандай қўшганлигини текширишга мажбурсан. Тушунарлими! — деб тайинлади раис Тиналиев.
— Тушунарли, ўртоқ раис!

Десантчиларни доғда қолдирган иккинчи масала янада мушкул эди. Энди бу гал десант командирининг ўзи ноқулай аҳволда қолди. Раис Тиналиев уларни саволга тутарди:
— Қани айтинглар-чи, абзалларни кечқурун, иш тугаганидан сўнг қаерда қолдирасизлар?

Улар ўйланиб қолишиб, бунга ҳар хил жавоб қайтаришди. Сўнгра абзални далада, плуглар ёнида қолдиришга келишишди.
— Командир, сенинг фикринг қандай?
— Мен ҳам шу фикрдаман. Абзалларни ҳам отларни қўшдан чиқарган жойимизда, плуглар ёнида қолдирамиз. Кўтариб юрмаймиз-ку, ахир!
— Йўқ, бу нотўғри. Абзалларни кечаси далада қолдириб бўлмайди. Биров олиб кетмаслиги учун эмас.

Оқсойда ўғирлаб кетадиган ҳеч ким ҳам йўқ. Кечаси ёмғир ё қор ёғиб қолиши мумкинлиги учун ҳам қолдириб бўлмайди. Абзаллар ивиб кетади. Абзаллар хом терику ахир. Далада уни тулки ёки бўлмаса суғур ғажиб кетиши мумкин. Гап нима ҳақида бораётгани тушунарлими? Демак, нима қилиш керак? Плуглар далада қолади. Қўшдан чиқарилган отларни абзаллари билан шийпонга олиб келасизлар. Сизларга ўтов берилади, ўшанда яшайсизлар. Ўтов битта, холос. Менда бошқа ўтов йўқ. Ҳар бир киши жабдуқни ўтовга олиб келиб, ўзи ётадиган жойга яхшилаб тахлаб қўяди. Тушунарлими? Жабдуқларни бошингизга қўйиб ётасиз! Қонун шундай! Бу сизларнинг қуролингиз! Ҳар бир солдат эса энг аввал қуролини асрайди!

Ўша куни Оқсой отряди тўлиқ жанговар тайёргарликни намойиш этиш учун сафланганда раис Тиналиев шундай деганди.

Бу кунлар яқинлашмокда эди... Ҳамма нарса шунга қаратилган эди...

Худди шундай...

Ҳа, уч-тўрт кундан кейин, агар ҳаво айниб қолмаса, улар Оқсойга жўнашлари аниқ эди. Бу ҳолда Мирзагул билан ёзгача кўришмаслиги турган гап. Султонмурот шуни ўйлаб қўрқиб кетди. Узоқдан бўлса ҳам уни шунча вақтгача кўриб туришдан маҳрум бўлишни тасаввур қилиш қийин, ҳечам мумкин эмас эди! У яна қиздан бугун аниғини билиб олишга қарор қилди. Агар йўқ деса, бу унчалик катта фалокат эмас, кутишга ҳам вақти йўқ, бундан Оқсойдаги ишлар муҳимроқ...

Султонмурот қирғоқ бўйлаб бораркан, ҳеч кўзини йўлдан узолмади. У хавотирлана бошлади. Вақт эса ўтмоқда эди. Бироқ, мана, қизлар ҳам келишяпти! Улар орасида Мирзагул йўқ эди. Дугоналари келишар, у бўлса йўқ эди. Султонмурот ранжиди. Шундай бўлгач, нима ҳам қилсин. Кўнгли бузилиб отхонага қайтди. Аммо балки қиз касалдир ёки бошқа бирор ҳодиса содир бўлгандир, дея йўл-йўлакай хавотирланиб кетди. Бу хавотир борган сари кучая боргани туфайли, буни билмагунча тинчланмаслигини ҳис этди. У қизлардан сўрашга аҳд қилди. Чопдорнинг бошини улар томонга бурди. Шунда бирдан унинг кўзи қизга тушиб қолди. Мирзагул ёлғиз ўзи келарди. У сойдан ўтадиган жойга яқинлашиб қолган эди. Султонмурот қиз билан кечувда учрашиш учун Чопдорнинг жиловини бўшатди. У шундай ҳаяжонланган эдики, охирги дақиқаларда беихтиёр ўз-ўзидан «Жонгинам!» — деб юборганини ҳам сезмай қолди.

Султонмурот қизни кечувда қарши олди. У отдан ирғиб тушиб жиловидан тутганча қизнинг қирғоққа чиқишини кутиб турди.

Мирзагул унга қараб жилмайганча келарди.
— Йиқилиб кетма яна! — у қизга шундай кенг чим ётқизилган сойнинг кечувидан йиқилиш хавфи бўлмасада, қичқирди. Қизнинг чимлар устидан юриб келаётгани қандай яхши! Мана бу ўжар сойга ҳар қандай кўприк ва кўприкчаларнинг бардош беролмагани қандай яхши!

У қўлини узатганча қизни кутиб турар, Мирзагул эса ҳамон ундан кўзини узмай, жилмайиб пешвоз келарди.
— Йиқилиб кетма яна! — деди у қайта.

Қиз ҳеч нима деб жавоб қайтармади. У фақат жилмайиб турарди. Қизнинг нигоҳиданоқ Султонмурот ҳамма саволларига жавоб олди. Роса тентак эканда ўзиям, хат ёзиб, жавоб кутиб бекорга азобланиб юрганини-чи...

Мирзагулнинг узатган қўлини кафтига олди. Шунча йил бир синфда ўқиб юриб унинг шунчалик меҳрибон, зийрак қўлларини билмас экан. «Мана мен келдим! — дерди қизнинг қўли. — Шундай шодманки! Наҳотки хурсанд эканлигимни сезмаётган бўлсанг?» Султонмурот Мирзагулнинг юзига бокди. Қараб ҳайратга тушди — у қизда ўзини кўрди! Худди у каби Мирзагул ҳам вақт ўтиши билан тамом бошқача бўлиб қолган, бўйи чўзилиб, улғайиб, худди касалдан турган кишиникидай кўзлари маъюс, ўзи паришон бўлиб қолган эди. Мирзагул ҳам доим уни ўйлаб кечалари ухламай чиққани, севгани учун ҳам ана шу муҳаббат қизни Султонмуротга ўхшатиб қўйганди. Мана шунинг учун ҳам Мирзагул янаям гўзалроқ, қадрдонроқ бўлиб кўринарди. Қиз ўзининг шу туриши билан гўё бахт ваъда қилиб турарди. Султонмурот буларнинг ҳаммасини бир дақиқанинг ўзидаёқ тушуниб, ҳис этди.
— Мен сени касал бўлиб қолдими деб ўйлагандим, — деди у титроқ товушда.

Мирзагул бу сўзларга ҳеч нима деб жавоб қайтармай, деди:
— Мана, — у Султонмуротга аталган рўмолчани узатди. — Бу сенга! — деди-ю, юриб кетди.

Кейинчалик у бу шоҳи рўмолчани неча марталаб қайта-қайта томоша қилди. У рўмолчани чўнтагидан олиб, солиб қўяр ва яна оларди. Бир варақ дафтар қоғози ҳажмида келадиган рўмолча четлари чиройли гул ва япроқлар шакли билан безаб тикилган, бир чеккасига, безаклар орасига иккита катта ва битта кичкина ҳарфлар билан қизил ипда: «С. ж. М» деб тикилган, бунинг маъноси «Султонмурот жана Мирзагул», яъни Султонмурот билан Мирзагул дегани эди. Улар мактабда қирғиз алфавити реформа қилинмасдан олдин ўрганган мана шу лотинча ҳарфлар Султонмуротнинг узундан узоқ мактублари ва шеърларига жаврб эди.

Султонмурот отхонага шодлигини базўр босганича қайтиб келди. У буни бировлар билан баҳам кўрадиган бахт эмаслигини, бу фақат унинг ўзигагина аталганлигини ва бошқа ҳеч ким ўзидай бахтиёр бўлолмаслигини ҳис қиларди.

Бироқ бугунги учрашув ҳақида болаларга жудаям айтгиси, ўзига совға қилинган рўмолчани уларга кўз-кўз қилгиси келарди...

Иши юришиб кетди. Болалар отларини суғориб, тагларини тозалашди, челакларда сули олиб келиб, охурларга хашак солишди. У бирпасда ишга киришиб кетди. Қашлоғич билан отларининг таранг, бақувват яғрин ва ёнбошларини тез-тез қашлаб, хашак олиб келгани югурди. Югураркан, ҳамиша солдатча гимнастёркасининг кўкрак чўнтагига тикиб қўйилган рўмолчасини туярди. Гўё кўкрагида кўзга кўринмас чўғ ёниб тургандай эди. Шу туфайли ҳам у хурсанд, ҳаяжонда эди. Бахтиёрлиги — Мирзагул унинг муҳаббатини қабул этганлигидан, ҳаяжонланиши сабаби эса аллақандай англашилмас туйғуларнинг пайдо бўлаётганидан эди...

У беда келтириш учун отхона ортидаги беда ғарами томон югурди. Бу ер жимжит ва ёруққина бўлиб, қуриган ўтларнинг ҳиди анқиб турарди. Унинг яна рўмолчага жудаям қарагиси келиб кетди. Чўнтагидан рўмолчани олиб, ўтларнинг ислари орасидан унинг ўзига хос ҳидини ажратиб, томоша қила бошлади. Рўмолчадан хушбўй атирсовун ҳидига ўхшаш ҳид келарди. У бир куни мактабда Мирзагулнинг сочларидан шундай бир ҳидни туйганди. Ҳозир ёдига тушди, бу ўша ҳид эди. У рўмолчани қўлларида тутиб тураркан, кимдир бирдан рўмолчага чанг солди. Бурилиб қараса, Онатой!
— Ия, ҳали сен ундан рўмолча олиб тураман дегин?

Султонмурот лавлагидай қизариб кетди:
— Бу ёққа чўз!
— Шошма. Бир кўрай-чи.
— Сенга айтяпман, бу ёққа бер.
— Бақираверма, бераман. Бошимга ураманми буни!
— Берасанми, бермайсанми?
— Қаттиқроқ бақир, қаттиқроқ! Совғага берилган рўмолчамни тортиб олди, деб бақирмайсанми! — де-ди-да, рўмолчани чўнтагига солиб қўйди.

Кейин нима бўлганини Султонмурот билмай қолди. Фақат кўз олдида Онатойнинг ғазабдан ва қўрқувдан ранги қув ўчиб кетган юзи лип-лип қилди-ю, сўнгра у бор кучи билан рақибини бир туширди ва бирдан қорнига қаттиқ тепки тушиб ўзи бир чеккага учиб кетди. Энгашиб йиқилаёзди-да, аранг оёқларида туриб олди ва ғарам ёнида янада ғазабга миниб, жон-жаҳди билан Онатойга ташланди. Болалар югуриб келишди. Улар ёқалашиб кетишди. Уч кишилашиб уларни ажрата бошлашди. Болалар, қўйинглар энди, дея ёлвориб, уларнинг қўлларига осилиб олишар, Султонмурот билан Онатой қонлари қайнаб бир-бирларини аямай муштлашар ва тинмай бир-бирига ташланишарди. Оқибат нима билан тугашини — ё ўлиш, ёки рўмолчани қайтариб олиш эканлигини ҳис этган Султонмурот фақатгина: «Бер! Бер дейман!» сўзларини такрорларди. Онатой бақувват бўлиб, совуққонлик билан ҳара-кат қиларди. Аммо адолат ва ҳақиқат Султонмурот томонида эди. У тез-тез йиқилса ҳам орқа-олдига қарамай ҳужум қиларди. Сўнгги марта у ғарам ёнида ётган паншахага йиқилди. Қўллари шу онда ўз-ўзидан паншахага ёпишди. У паншахани ўқталганча ўрнидан сакраб турди. Болалар ҳар тарафга қочганларича бақириб юборишди:
— Қўй!
— Тўхта!
— Эсингни йиғ!

Онатой унинг рўпарасида, қаёққа қочсам экан, дея аланглаб, оғир нафас олганча, қўллари, оёқларини ёйиб турар, бироқ ҳеч қаёққа қочиб кетолмасди. Бир томонда ғарам, иккинчи тарафда отхона девори ғов бўлиб турарди. Худди шу дақиқада Султонмурот ўзини қўлга ололди. Бу охиргиси эканини, бундан бошқа чораси ҳам йўқлигини у тушуниб турарди.
— Бу ёққа бер, — деди у Онатойга, — бўлмасам ёмон бўлади!
— Ма, ол! Ма! — ҳазилга айлантиришга уриниб шошиб қолди Онатой. — Сени қара-ю! Ҳазиллашиб ҳам бўлмайдими! Тентак! — деди унга рўмолчани ирғитар экан.

Султонмурот рўмолчани кўкрак чўнтагига солиб қўйди. Қўрқувлари ўтиб кетди. Болалар енгил нафас олишиб, ғала-ғовур бошлангандан сўнггина Султонмурот боши айланаётгани, оёқ ва қўллари қалтираётганини сезди. Ёрилган лабидан қонни туфлаб, худди маст одамдай гандираклаб ғарам ортига ўтдида, ўзини пичан устига ташлади, чалқанча ётганича нафасини ростлаб, ўзига келди...

Саккизинчи боб

Кечга бориб у Онатой билан ярашмаган бўлсада, бироқ орадаги умумий ишлар уларни бир-бирига мурожаат этишга мажбур қилди. Барибир кўнгилда доғ қолди, воқеанинг бунақа аҳмоқона содир бўлгани уят эди. Аммо Султонмурот битта муҳим синовдан ўтганини тушунар, агар салгина юраксизлик қилганида эди, ўзини ўзи ҳурмат қилмай қўйишини биларди. Бундай одам эса десант командири бўлиши мумкин эмас эди.

Бунга у ўша куниёқ, кечга яқин отхонага раис Тиналиев билан Чекиш бригадир келганларида амин бўлди. Уларнинг отлари узоқ йўл юриб чарчаган, лойга ботганди. Тиналиев билан Чекиш чол тонгда Оқсой томон чиқиб кетишиб эндигина қайтиб келишганди. У ёқдан мамнун қайтишди. Энди уч-тўрт кундан кейин Оқсойга жўнашса бўлавераркан. Дашт ерлари лорсиллаб ётганмиш. Экишга қулай ерлар кўп бўлиб, кучинг етгунча ҳайдайверишинг мумкин экан. Қўраларга жой белгилашибди. Дашт уйғонибди. Шийпон учун жой танлашибди. У ерга жойлашиб олиш ва қиш бўйи тайёргарлик кўрган нарсаларини бошлаш қолган эди, хо-лос.
— Хўш, ишлар қалай, болалар? — уларга юзланди Тиналиев. — Кайфиятлар қалай? Қандай таклиф ва мулоҳазалар бор? Кейин типирчилаб қолмаслик учун овулдан узоқлашиб кетмасданоқ гапириб қолинглар.

Болалар жим эдилар. Гўё фавқулодда ҳал қилиниши лозим бўлган нарса йўқдай эди. Барибир, ҳеч ким сўнгги сўзни айтишга журъат қилолмасди.
— Командиримиз бор, — деди Эргаш. — У ҳаммасини билади, ўзи айта қолсин.

Шунда Султонмурот ҳозирча ҳеч қандай камчилик ва муҳтожлик йўкдигини, ҳаммаси режалаб қўйилганлиги, пойабзаллар бус-бутун қилинганини ҳамда уст-бошлар ямаб-ясқалганлигини, ёпинишга эса пўстинлар олишлигини, қисқаси, ўзлари, уларнинг плуглари ва отлари ер етилиши билан истаган вақтда ишга киришишлари мумкинлигини айтди.

Кейин ҳар хил майда-чуйда ишларни — қозон-товоқ, ўтин, ўтовларни муҳокама қилишиб, умумий хулосага келишди: агар ҳаво айниб, қор ёғиб қолмаса, икки-уч кун ичида далага чиқишадиган бўлишди.

Ҳаво дуруст эди, кўк юзини булут қоплаган бўлса-да, қуёш гоҳ чиқиб, гоҳ беркинар, ернинг ҳовури кўтарилиб, қордан халос бўлаётган ердан нам ҳид анқирди...

Шундай кунлар яқинлашмокда эди... Ҳамманинг фикр-хаёли шунга қаратилган эди...

Қанчалик тайёрланишмасин, барибир, жўнаш олдидан яна анчагина ишлар қилинмаганлиги аён бўлиб қолди. Иккита отнинг ёпиғи етишмас экан, борлари эса жуда эскириб, увадаси чиқиб кетган, уларни Оқсойга олиб боришнинг ҳожати йўқ эди. Илк баҳор тунлари совуқ, деярли қиш тунини эслатади, айниқса, шудгорлашнинг биринчи кунларида... Чекишнинг айтишича, авваллари ерни омоч билан ҳайдашган вақтларида, биринчи кунлар гоҳо тушгача кечаси совуқ музлатган ернинг эришини кутишаркан... Туни билан ёпиғи ёпилмай совуқ еб чиққан от эса улов бўлишга ярамай қолади.

Султонмуротнинг яна иккита яхши ёпиқ сотиб олишгунларича ҳали идорага, ҳали раисга, ҳали бригадирга, овулга, колхозга чопишига тўғри келди...

Мана шу югур-югур ва ташвишлар ичида у ҳаммадан кўпроқ отларни суғориш вақтини кутарди. Жўнаш олдидан худди ўшандагидай сойдан ўтиладиган жойда Мирзагулни кўргиси келарди... Ҳар гал умид қиларди-ю, аммо қизни учратолмасди. Султонмурот шошилар, кутишга сира вақти йўқ эди. Шунинг учун ҳам Мирзагул билан унинг орасида доимо айтилмаган қандайдир гап борлигини, айниқса, жўнаш олдидан улар учрашмаслиги ҳам мумкинлиги туфайли ўзини қандайдир гуноҳкордай ҳис этарди. Султонмурот Мирзагулнинг ҳам ўзи ҳақида ўйлашини билар ва бунга у қизнинг ўшандаги илк нигоҳ ташлаганидаёқ, Мирзагулда ўз аксини кўрган пайтдаёқ амин бўлган эди. Бироқ Мирзагулнинг ўзи учрашишга интилади, деб хаёлига ҳам келтирмасди. Қизлик ғурури, номуси бунга йўл қўймасди. Қиз унга тўқилган рўмолча такдим этиб, нима демоқчилигини изҳор қилди, қолгани эса унинг иши, эркакларча...

Албатта, у жўнаш олдидан қиз билан учрашиши мумкин эди. Мана, яна бир кўнгилсизлик рўй бермаганида у шундай қилмоқчи эди. Оқсойга жўнаш арафасида, десантчилар ўз отларини охирги марта суғоргани олиб боришга ҳозирланишаркан, Султонмурот охирида қолиб Мирзагулни кутмоқчи бўлганди. Шунда улар сувлоққа томон йўл олиб энди дарвозадан чиққан эдилар ҳамки, Чекиш бригадир келиб қолди. Унинг қовоғи солиқ ва тунд эди. Малла соқоли титрар, тумоғини кўзларигача бостириб кийиб олганди.
— Қаёққа кетяпсизлар?
— Отларни суғоришга.
— Тўхтанглар. Гап бундай, Онатой, сен уйингга бор. Онанг касал бўлиб қолибди. Отдан туш. Сизлар эса, болалар, тезда сувлоққа бориб отларни тез суғориб орқангларга қайтинглар. Мен сизларни шу ерда кутиб тураман!

Сой томон отларни йўрттириб боришаркан, Султонмурот боришда ҳам, келишда ҳам йўлдан кўзини узмай келди-ю, аммо Мирзагулни кўрмади. Ҳали мактабдан қайтиш вақти бўлмаган эди. Нега Чекиш чол уларни бунчалик шоширди экан-а? Нима бўлдийкин? Агар шундай бўлиб қолмаганида эди, Мирзагулни албатта бугун кутиб олган бўларди! Сойнинг кечувида уни яна шундай кўргиси келардики...

Улар отхонага қайтишиб отларни жойларига боғлашгач, Чекиш чол тўртовларини бир четга чақирди.
— Гап бор, — деб минғиллади у.

Сўнгра ўтиринглар, деди. Ҳаммалари елкаларини деворга тираганларича чўнқайишди. Раис Тиналиев тик туриб гаплашишни яхши кўрар, бошқалар ҳам тикка тургани учун ўзи ҳам тик турарди. Чекиш бригадир эса, аксинча, шошилмасдан, бамайлихотир ўтириб гаплашишни ёқтирарди. Қария-да, Чекиш чол ўйчанлик билан ҳурпайган малла соқолини силаркан, гап бошлади:
— Йигитлар, сизлар энди ёш бола эмасликларингизни айтиб қўймоқчиман. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиш эрта бошларингга тушди. Жазирама тупроқда юриб, муздай ерда ётиш... Демак, такдир шундай экан. Мана, бугун бирингизнинг бошингизга катта кулфат тушди — Онатойнинг отаси, Сатторқул фронтда ҳалок бўлибди. Сизлар энди ёш бола эмассизлар, агар бирингизнинг бошингизга кулфат тушса, иккинчингиз унга суянчиқ бўлмоғингиз лозим. Тайёрланиб туринглар. Одамларни қаршилаб турасизлар. Отларни боғлаб турасиз. Ҳозир раҳматли Сатторқулникида одамлар тўпланишади, сизлар ҳам ўша ерда бўлишларинг керак. Ёш болаларга ўхшаб Онатойнинг ёнида ҳиқилламанглар, ҳамонки йиғлар экансизлар, чинакамига қаттиқ овоз чиқариб эркакчасига йиғлангларки, бундан Онатойнинг содиқ дўстлари йиғлаётгани аниқ билиниб турсин. Мен билан ҳозир бирга борасизлар, шунинг учун ҳам сизларни шоширган эдим...

Улар сўқмоқ бўйлаб олдинма-кетин кўча охирида жойлашган Онатойларнинг уйи томон кетишди. Одамлар шундай сукут сақлаганларича отлиқ ва пиёда, турли томондан тўп-тўп бўлиб оқиб келишарди.

Ҳаво айниб турарди. Гоҳ қуёш чиқиб, гоҳ яна кўк булут билан қопланар, гоҳ бирдан ер қучиб болдирларни ачиштирувчи шимол шамоли эсиб қоларди. Султонмурот Онатойлар хонадонига қўрқувдан, надоматдан оғир изтиробга тушиб бормоқда эди. Яна бир-икки минутдан сўнг овул узра худди уйга ўт тушгани каби даҳшатли йиғи-сиғи садолари кўтарилади, мана шу бобокалонлари туғилиб ўсган тоғларда яна бир одамнинг азаси бошланади, энди у одам урушдан қайтмайди, ҳеч қачон, ҳеч ким уни кўрмайди, бу, албатта, қўрқинчли эди. «Кўпдан бери хат-хабар йўқ, отамга нима бўлди экан-а? Омонмикин? Онам бўлса ваҳимага тушиб ақлдан озаёзди. Ишқилиб, бундай бўлмасин, ҳеч бундай бўлмасин!»

Улар ҳовлига яқинлашиб қолганларида Онатойларнинг уйидан даҳшатли фарёд кўтарилди ва бу ўкирик кучайиб, одамлар тўпланиб турган ҳовли ва кўча бўйлаб ёйилди...

Десантчилар Чекишнинг орқасидан борарканлар, бор овозлари билан ўкиришар, чол ўргатгандай бир оҳангда:
— Ўв, Сатторқул отажон, топилмас Сагторқул отажонимиз, энди сени қайдан топамиз-а, азиз бошинг қайси тупрокда қолди? — деб расмана ҳўнграб йиғлашарди.

Шу дақиқада, бу қайғу умумнинг қайғусига айланган шу дақиқада, Онатойнинг отаси Сатторқул ҳақиқатан ҳам уларнинг ўз отасидай, шуҳрати кетган энг яқин кишисидай туюлиб кетди, чунки ҳар бир кишининг улуғлиги унинг яқинлари томонидан фақат ундан жудо бўлганларидагина билинади... Ҳамма вақт шундай бўлган ва доимо шундай бўлиб қолаверади.
— Ўв, Сатторқул отажон, топилмас Сатторқул отажонимиз, энди сени қаердан топамиз, азиз бошингни қайси тупроққа қўйдинг?

Десантчилар йиғлаб, Чекиш билан одамлар орасидан ўтиб ҳовлига киришлари билан эшик олдида турган Онатойни кўришди. Ғам одамни чўктириб қўяди. Уларнинг орасида энг каттаси, кучли ва барвастароғи Онатой ҳам ёш боладай бўлиб қолганди. У бошига тушган бу оғир кулфатдан эзилиб, ёш боладай нола билан худди ёмғирда қолган тойчоқ сингари мунғайиб деворга суяниб йиғларди. Юзлари йиғидан шишиб кетибди. Ёнида ўзидан кичик ука ва сингиллари ўкиришарди.

Онатойнинг дўстлари унинг олдига боришди. Онатой дўстларини кўриб бошига тушган қайғудан зорланиб, бошига тушган кулфатини уларга тўкиб-солиб янада қаттиқроқ йиғлай бошлади. Бу билан у гўё мадад сўраб, ёрдам кутаётгандай эди. Онатойнинг бу ёрдамга муҳтож ҳолати ҳаммадан кўпроқ Султонмуротга қаттиқ таъсир қилди. Болалар ўзларини йўқотишиб, унинг атрофида айланишар, нима қилишни, қандай қилиб уни овутишни билишмасди. Ҳеч ким унга ёрдам беролмайди. Бу пайт ҳеч ким Султонмуротнинг қўлига автомат олиб ҳовлидан отилиб чиқиб кетганини ва автомати билан тўппа-тўғри ўша ёққа — уруш кетаётган томонга югуриб кетганини хаёлига ҳам келтирмас эди. Унинг бир нафас тўхтамай тўғри фронтга борганини ва у ерда қаҳр-ғазаб билан наъра тортиб, қичқириб, фашистларни қийратаётганини, автоматдан тинимсиз ўт сочиб, дўсти Онатойнинг ўлдирилган отаси, овулга келтирилган қайғу ва кулфатлар учун ўч олаётганини билишмас эди...

Эсиз, автомати йўқ-да!

Десант командири эмасми, Султонмурот Онатойга шундай деди:
— Йиғлама, Онатой. Нима қилардик. Мана, Эркинбек ва Қуббатқулнинг оталари ҳам фронтда ҳалок бўлишди. Ўзинг биласан, менинг отамдан ҳам анчадан буён хат йўқ. Уруш. Тушунасан-ку. Сен фақат бир оғиз айтсанг бас, биз сенга ёрдам берамиз. Сен фақат ўзингга бир оз енгил бўлиши учун нима қилишимиз кераклигини айтгин...

Аммо Онатой деворга суяниб, елкаларини силкитганича энтикиб-энтикиб йиғлар ва ҳеч нарса деёлмасди. Бу сўзлар уни овутиш ўрнига, аксинча, ярасига туз сепгандай бўлди ва у дувиллаб оқаётган кўз ёшлардан бўғилиб, нафаси қисилиб, кўкариб кетди. Султонмурот чопиб бориб унга чўмичда сув келтирди.

Шу дақиқадан бошлаб у ўзини бу ерда содир бўлаётган воқеага жавобгардай ҳис эта бошлади. Одамларга қандайдир ёрдам қилиш зарурлигини тушунди. Тўрталови сойдан пақирларда сув ташишди, ўтин ёришиб, самоварларга ўт қўйишди, тўпланган қўни-қўшниларни кутишди, отлиқ чолларни уловга мингизиб юборишди.

Одамларнинг оёғи узилмасди. Бировлар марҳум оиласига таъзияга келишар, бошқалари эса таъзиядан ўз бурчларини ўтаб қайтишарди. Десантчилар кун бўйи Онатойларникида бўлишди.

Султонмурот муаллима Инкамол опа еттинчи синф қизлари, уларнинг орасида Мирзагул билан келиб қолишганларида жуда оғир дақиқаларни бошидан кечирди. Инкамол опа Онатойни қучоқлаб олганича шунчалик бўзлаб йиғладики, унга кўз ёшисиз қараб бўлмас эди. Машҳур фолбиннинг муаллиманинг ўғли ҳақидаги каромати тўғри чиқмади, зотан унга опанинг ўзиям ишонмаган эди. Дилидаги хавотирликни, ғамни тарқатиш, қайғу-ҳасратга тўлиб кетган юрагини бўшатиш учун у кўз ёшларига эрк бериб юборди. Қизлар ҳам муаллималари ёнида йиғлаб туришарди. Мирзагулнинг боши эгик, унсиз кўз ёш тўкар, балки шу пайт у отаси ва акасини эслаб эзилаётгандир. У Султонмурот томонга бирон марта ҳам қайрилиб қарамади. Мана шу ҳолатда ҳам, изтироб ва кулфат оғушида ҳам у ҳаммадан гўзал эди. Султонмуротда энг олий ҳамдардлик фахр ҳиссини уйғотди. У қизнинг ёнига боргиси, уни қучоқлаб йиғлагиси, қайғусига шерик бўлгиси келарди...

...Эҳ, Мирзагул, Мирзагул бекач,
Оқ каптар сен кўкдаги,
Мен туйғун қуш тўпдаги...

Шундан сўнг ҳовлида қуръон ўқилгач, ҳамма ҳозир бўлганлар ўзлари билан ўзлари ёлғиз қолишиб, жимгина кафтларини очиб, худди тақдир китобига қарагандай унга термилганларича бундан минг йиллар муқаддам йироқ Арабистондан келиб қолган, туғилганда ва ўлганда дунё мангу деб эълон қилган Қуръоннинг тантанавор ва қироатли оҳангини тинглаб туришарди. Бу гал қуръон Онатойнинг отаси — урушда шаҳид бўлган Сатторқулга бағишланиб ўқилмоқда эди. Султонмурот ўша ибодат маҳалида ҳам кафтлари устидан кўзини очиб қизга қаради. Ҳамма қатори диққат билан разм солиб турган ёш Мирзагул ғоят гўзал эди. Қизнинг юзида чуқур ўйчанлик мавжуд. У Султонмурот томонга қарамади.

Шундай, қиз лоақал бир сўз қотмай кетди. Фақат у кетаётиб Султонмуротга қайғули нигоҳ ташларкан, бошини тебратиб қўйди. Эҳ, Мирзагул, эҳ, Мирзагул бекач...

Марҳум Сатторқул уйидаги фарёд бир оз пасайди. Атрофга жудоликка кўникишга даъват қилувчи даҳшатли сукунат чўкди. Йиғи — бу норозилик, ғалаён, туғённинг белгисидир, яқиндагина бўлиб ўтган воқеани қайтариб бўлмаслигига тушуниб етиш эса энг даҳшатлиси. Шундай дақиқаларда одамни энг қайғули фикрлар чулғайди.

Онатой девор тагида бошини хам қилиб ўтирарди. Султонмурот унга қарашга юраги бетламасди. Қўпол, кучли, баджаҳл Онатойни кулфат букиб қўйганди. Бундан кўра унинг бақириб йиғлагани, уст-бошини йиртиб, ўзини ҳар ёққа ургани яхшироқ эди.

Султонмурот қандай қилиб уни бу қайғули, ночор аҳволдан қутқаришни билмасди. Аммо у Онатойга ёрдам қилиши керак эди, қандай йўл билан бўлмасин, унинг ёлғиз эмаслигини, ёнида одамлар, унинг учун жонларини фидо этишга тайёр одамлар борлигини билдириши керак эди.
— Онатой, юр, сенга бир гапим бор, — деди унга Султонмурот.

Онатой ўрнидан турди ва улар бир чеккага ўтишди.
— Хаёлингга бошқа нарса келмасин тағин, Онатой, — деб сўз бошлади Султонмурот жуда ҳаяжонланганидан зўрға сўзлаб. — Ахир мен, ўша... Хоҳласанг ўша рўмолчани сенга бутунлай бераман.

Онатой маъюс жилмайди.
— Нималар деяпсан, Султон! Керак эмас, — деди у. — Рўмолча сеники, уни ҳеч кимга берма. Мен бўлсам... Сен мени кечир, кечир мени, унут ҳаммасини. Мен энди ҳеч қачон бундай қилмайман, Султон. Энди менга ҳеч нарсанинг кераги йўқ... Менинг отам, у шундай эдики... Биз уни шундай кутаётгандик-ки...— Онатойнинг ўпкаси тўлиб яна ҳўнграб йиғлаб юборди.

Энди улар икковлашиб ўзлари туғилган ва яшаётган шу даврлари билан холи қолиб йиғлашарди...

Тўққизинчи боб

Оқсой ерларида плуглар ишлаётганига уч кун бўлди. Уч кундирки, қўшчилар ўз отларини тўхтовсиз чучулашиб ҳайдашарди. Ерда Оқсой десантчиларининг илк меҳнатлари маҳсули бўлган қорамтир жўяк ҳосил бўлди. Жўяк соз олинган, кўриб кўз қувонарди. Энди ҳамма иш об-ҳавога қараб кетаверади.

Улуғ Манас чўққилари пойидаги бу бепоён тоғ этагида қадим-қадимдан ҳеч ким бузолмаган осудалик ҳоким эди. Чимкент ва Тошкентнинг сувсиз ерларига қараб чўзилган Оқсой дашти шу ердан бошланарди. Чўлнинг бу оёқ тегмаган бош қисмида плуг қўшилган уловлар орқаларидан узун из қолдириб, тепалик томон ўрмалаб кетаётган майда қўнғизларни эслатарди.

Ҳозирча учта плуг ишламоқда эди. Эргаш ва Қуббатқулни овулда, кузги экинларни бороналаб, илдиздаги намни йўқотишга ёрдамлашишлари учун бир неча кунга олиб қолишди. Бу ишнинг кечиктириб бўлмаслиги аниғу, бироқ Оқсойда ҳам вақт кутиб турмайди-да: уларнинг мўлжалича, ерни ҳайдашга улгуриш учун ҳамма десант плуглари эрталабдан кечгача ишлаши керак, бўлмаса улгуришолмай, бутун меҳнатлари чиппакка чиқади. Султонмурот қолган икки уловнинг шу кунларда келиб қолишини кутиб безовта бўлмокда эди. Ваъда беришганлари туфайли ҳам у Чекиш бригадир билан қаттиқ айтишиб қолди.
— Бориб айтинг, оқсоқол, — деди у, — раис Тиналиевнинг ўзи келиб, ҳал қилиб кетсин. Учта плуг билан бу ерда ҳеч нима қилиб бўлмайди. Топшириқни бажара олмаймиз...

Чекиш чол нима ҳам дерди? Унинг ҳам қўли қисқа. Султонмурот ақлли, тадбиркор бригадирга колхозда ишлаш қанчалик қийин эканлигини тушунади. Унинг ҳам ҳаммасини ўз вақтида, тартиб билан саранжом-саришта қилгиси келади-ю, аммо худди тагингдан чиққан оловдай ташвиш оёғингдан олади, бунинг устига, баҳоргача уни-буни қилиб олишни кўзлайди-ю, одам йўқ, ишчи кучи йўқ, озиқ-овқат йўқ. Унисини қилсанг, буниси қолиб кетади. Кеча у ўтириб бош қотирди. Овулда қаҳатчилик. Запаслари тугай деб қолибди, янги ҳосилгача эса ҳали қайда. Ҳайвонлар қоқсуяк бўлиб қолган, емиш бўлмаса очдан ўлиши турган гап, уларни сўйишдан эса наф йўқ. Касал учун бир кило гўшт сотиб олгани от-улов қилиб бозорга боришади. Бир кило гўштнинг нархи илгариги бутун бир молнинг нархидан қиммат. Бироқ барибир керак-да, боришяпти. Ҳатто от-уловдагина эмас, пиёда бир парча эт деб ўттиз-қирқ километрлаб йўл босиб боришяпти. Салт отлар оёкларини аранг кўтариб босади. Йўлга чиқсанг, оралиқда қолиб кетасан. Қўш қўшиладиган отларни эса зўрға экиш мавсумигагина тайёрлашга улгуришди. Уловлар парвариш қилингану, аммо улар ҳам кўп юк кўтаришга узоқ дош беролмайди.

Агар буларнинг ҳаммасини ўйласанг ваҳима босиб кетади. Аммо ҳаммасидан ҳам ёмони уруш бўлиб, унинг ниҳояси кўринай демасди.

Биргина тасалли, биргина умид бахш этадиган нарса — немисларнинг мағлуб этила бошлагани, уларнинг ҳамма жойдан сиқиб чиқарилаётгани эди...

Бугун эрталабдан ҳаво жўнашиб кетгандай бўлганди. Ҳаво булутли бўлиб, тоғ тепасида гоҳо қуёш кўриниб қоларди, гоҳ осмон бошинг устида сайр эта бошларди-ю, бирдан ҳаво айниб, кўкка яна булут чиқиб қоларди. Тушга яқин бирдан ҳаво совиб, атроф қоронғилашиб кетди. Қорми, ёмғирми ёғиши аниқ эди... Атрофга бутунлай қоронғи чўкди. Тушдан кейин плугчилар бошларини қор ё ёмғирдан беркитиш учун далага қопларни олиб кетишга мажбур бўлдилар.

Аввалги ҳайдаб қўйилган жойдан бошлашиб жўякни ичкари томонга ағдариб боришарди. Биринчи бўлиб Султонмурот, ундан икки юз қадамлар орқада Онатой, ярим чақиримча нарида эса Эркинбек борарди. Бутун плугчилар далада ёлғиз эдилар. Уч плугчи-ю олдинда салобатли чўққилар. Уч плугчи-ю ортда бепоён дашт. Раис Тиналиев бу ерда иш бошланган кунларигина бўлди. Иши кўп эмасми, у Чекиш бригадирни шудгорга кўз-қулоқ қилиб қўйиб, ўзи тезда қайтиб кетди. Бугун Чекишнинг ўзи ҳам овудда қолган Эргаш ва Қуббатқулни уловлари билан бу ерга олиб келиш учун жўнаб кетди. Шундай қилиб, учинчи кундир-ки, плугчилар ўз ҳолларича — плуглар, отлар, ҳосилини йиғиб-териб олиб, одамларни тўйдириш учун қайта-қайта ҳайдайвериш лозим бўлган ер билан рўбарў қолишди...

Майдон дала шийпонидан узоқда эди. Ўзлари яшаётган ўтовдан, беда ғарамларидан, қоплардаги емлардан, энди уларнинг уйларида нималар бўлса, ҳаммасидан йироқда эдилар. Дала шийпонида фақат кекса ошпаз кампир қоларди. Вақтида овқатни тайёрлаш ўрнига доим ўтин ҳўл, у йўқ-бу йўқ деб зорланиб юрарди. Даладагиларга бир бурда нон билан иссиқ атала бўлса етади-ю, кампир бўлса вайсагани-вайсаган, гўё биров ундан бир нима деб гина қилаётгандай ҳаётдан нолийверади. Овулда кампирни унча билишмасди. Қаерлардандир келиб қолган аёл зди у. Бошқалар уйини, болалари, рўзғор ишларини ташлаб келолмади, у бўлса плугчилар ёнида кун кўришни кўзлаб Оқсойга келишга розилик берди. Майли, еганича есин-у фақат овқатни ўз вақтида тайёрласа бўлгани. Кампир ҳамиша беҳудага елиб-югуради-ю, ҳеч нарсага улгуролмайди. Унга ёрдам қилишга эса плугчиларнинг вақти бормиди. От, бу ўт олдириб қўйсанг ўзи кетаверадиган машина ҳам эмас, бакини тўлдириб миниб кетаверадиган трактор ҳам эмас. Ишчининг ўзи далада худди отдай ишлагач, кейин плугда-ги отларнинг қорнини тўйдиради, суғориб парвариш қилади-да, сўнг ўтовга базўр етиб бориб, ўзини таппа ерга ташлайди... Тонг саҳардан яна ишга... ҳаммадан қийини эрта саҳарда уйқудан туриш...

Плугнинг юриб туриши, отлар вазнини йўқотмай, қуввати баҳорнинг охиригача етиши плугчининг катта вазифасидир. Бу муҳим. Жудаям муҳим. Биринчи кунлари, шудгорлашни бошлаганларида, отлар ҳар ўн-ўн беш қадамда тўхтаб дам оларди, ҳансираб қолишарди. Шунда тишни сал кўтаришга, ерни саёзроқ ҳайдашга тўғри келарди. Бироқ бу вақтинча, отлар бўйинтуруққа ўргангунларича қўлланилди.

Бугун иш сезиларли даражада яхши кетди. Отлар энди кўникиб қолишганларидан плугни баравар тортишарди, тўрталови бир-бирларига яқин туриб олиб ерга энкайишиб, худди дарсликдаги бурлакларга ўхшаб жон-жаҳдлари билан олдинга интилиб боришарди. Қадам-бақадам, қадам-бақадам ер бағрини ёриб бораётган плугни итариб боришарди.

Бироқ об-ҳаво панд беряпти-да. Мана, қор ҳиди келиб, учқунлар пайдо бўла бошлади... Демак, қиш ҳали ҳунарини кўрсатиб улгурмай кетиш олдидан яна бир бор ўзини эслатиб қўймоқчига ўхшайди. Бекорга бундай қиляпти. Айниқса, бу қўшчилар учун жуда ёмон бўлди...

Султонмурот бошига қоп ёпиниб олди, бироқ барибир қордан сақлана олмади. Ерни ағдариб бораётган отга миниб олиб, боши узра қамчи ўйнатиб бораркан, шамол унинг ёнларини очиб юборарди. Қалин ёғаётган ҳўл қор тезда эриб кетар, атроф живир-живир қиларди. Тоғлар қор пардасига чулғанган эди. Фақат бу сукунатда ёғингарчилик домида қолиб қий-чув кўтараётган қушлар қийқириғини эслатувчи плугчиларнинг отларни қичаб бақириб-чақираётганликлари қулоққа чалинарди. Плуглар тинмай ишларди. Қоп-қора плуглар худди тўлқин устида жавлон ургандек гоҳ тепаликлар узра пайдо бўлиб қолар, гоҳ пастликларга шўнғиб ғойиб бўларди.

Унга қўшилган отлар энгашиб, худди тупроқ остидан чиқаётгандай, чуқур-чуқур нафас олиб, ўрмалаб боришарди. Қор уларнинг иссиқ, таранглашган елкаларидан бир онда иккала ёнига оқиб тушарди. Ер бўкиб кетган, туёқлар ости сирпанчиқ, жабдуқлар ҳўллигидан зилдай оғир плуг тишларига ернинг ёпишқоқ қатлами ботиб қолганидан отларга жудаям қийин эди. Бироқ плугларни тўхтатиб бўлармиди. Ҳайдашни давом эттиравериш керак. Эртага қуёш чиққач бу жўякларга шабада тегиб, шудгор тайёр бўлади. Вақтни бой бермаслик зарур.

Плуг ерга тиқилиб қола бошлади. Султонмурот тез-тез эгардан тушиб қамчи дастаси билан тишларни лой парчаларидан тозалар, орқада келаётган Онатой ва Эркинбекларни чақирар, улардан жавоб овози келгач, яна ҳўл жабдуқли ва бутун баданлари шалаббо бўлган отлар орасидан жўяк тортаётган отга яқинлашиб, эгарга тирмашиб чиқар ва яна олға интиларди.

Қор эса ҳамон ёғишдан тўхтамасди. Қоп-қора плуг қўшилган отлар худди оппоқ туманда сузиб бораётган кемани эслатарди. Барча товушларни ютиб юбораётган қор сукунатида дала бўйлаб биргина плугчиларнинг ҳайқириғи янграрди.
— Она-то-ой!
— Эркин-бе-бек!
— Султонмуро-о-от!

Юзлардан сув оқар, бу эриган қорми, терми, билиб бўлмас, юган тутган қўллар шишиб, совукдан муздек қор томавериб кўкариб кетган. Бир-бирига суйканишиб кетаётган отлар орасидаги оёқлар икки томондан қисилиб оғрир, уларни қаёққадир силжитгинг келади-ю, аммо жой йўқ. Бунинг устига, Султонмурот ортидан Онатой ва Эркинбек келаётганини, улар учаласи — олтита плуг тиши эканлигини, куппа-кундуз куни Оқсой ерларини ҳайдаётган бу тишларни тўхтатиб қўйишга ҳаққи йўқ эканлигини тушунарди. Фақат отлар чидаб берса, ҳолдан тойиб қолмаса бўлгани. Шунинг учун ҳам у хаёлан отларга мурожаат қилар, ўгит берарди:

«Сабр қилинг, Қамбар отадан тарқаган зотлар, аҳиллик билан баравар тортинглар. Ахир ҳар доим пгундай қийналмайсизлар-ку. Бугун қор ёққан бўлса, эртага эриб кетади. Олға, ҳа, олға, чу, жониворлар! Сабр қилинг, Чўлпон ота насллари, ҳув, ана, олдинда пайкал охирлаяпти. Ҳозир ўша ердан бурилиб орқага қайтамиз. Сабр қилинглар, қадамларни бўшаштирманглар. Сизларни плугдан чиқаришга менинг ҳақим йўқ. Биз шунинг учун ҳам сизларни қиш бўйи парвариш қилдик. Бошқа йўл йўқ. Мен сизларни юмшоқг қаттиқ ерни ҳайдашга ундаяпман, биламан, сизларга оғир, бироқ шундай қилмасак нонсиз қоламизда. Чекиш чол шундай деган ва умрбод шундай бўлиб қолаверади, дейди. Нон, унинг ҳар бир бурдаси пешона терига йўғрилади-ю, фақат буни ҳамма ҳам билавермайди ва ҳамма ҳам нон тишлаганда бу ҳақда ўйлаб ўтирмайди. Бизга эса нон жуда керак. Жудаям керак. Мана шунинг учун ҳам биз сизлар билан Оқсойда юрибмиз.

Чопдор, сен менинг инимсан, сен менинг қўшчи отимсан. Сен ҳам плутни тортасан, ҳам мени устингда олиб юрасан. Сенга қамчи ураётганим учун мени кечир. Шу керак бўлиб қолди. Хафа бўлма, Чопдор.

Чонтор, сен чап томонда, ҳайдалган ердан юрасан, ҳаммасидан ҳам сенга қийинроқ, бироқ сен Чопдордан кейинги энг кучли отсан. Чонтор, сени отам Бекбой доим мақтар эди. Ёдингдами? Биз ҳаммамиз шаҳарга борганимиз ҳам эсингдами? Отамдан ҳануз хат-хабар йўқ, бундан жуда қўрқаман, сиз отлар буни тушунмайсизлар. Урушдаги одамлар узоқ вақт хат ёзишмаса бу жуда ёмон. Онам соғиниб, хавотирланаверганидан жудаям озиб кетган. Онатой отасининг азасида ҳаммадан кўп йиғлаган, қайғурган Инкамол опа билан онам бўлди. Улар бир нимани билишади, қандайдир кўнгилсизликни сезишади-ю, аммо айтишмайди. Улар бир нимадан хабардор... Чу, чу, Чонтор, сенинг бўшашишингга йўл қўймайман. Олға, Чонтор! Бўш келма!

Сен ҳам, Оққуйруқ, сен ҳам менинг инимсан. Сен менинг ўнг томонимда, отларнинг ўртасида борасан. Сен жон-жаҳдинг билан плутни тортишинг керак, чунки Чопдор билан икковингиз кучли отларсиз. Сен ажойиб, оқ думли чиройли отсан. Бироқ бўш келма, руҳинг чўкмасин, сенинг чарчашингга йўл қўймайман. Чу, чу, Оққуйруқ! Мени уятга қўйма!

Қоратўриқ тулпорим, сен оддийгина яхши отсан. Мен сени қўшга танлаётганимда сенга жуда ишонганман. Сен меҳнаткаш ва ювош отсан. Мен сени жуда ҳам ҳурмат қиламан. Сен энг чеккада юрганингдан доим кўзга ташланиб турасан. Сенга қараб ишимиз қандай кетаётганини аниқлаш мумкин, Қоратўриқ. Мен сени ҳам хафа қилмайман, фақат бўшашмай тортавер. Мен сенга сўз бераман: Оқсойда шудгорлаш, экишни тугаллаганимиздан кейин, овулга қайтаётганимизда ҳамма сени кўриши учун худди ҳозиргидай энг чеккада борасан. Биз Мирзагулнинг уйи ёнидан ўтаётганимизда у кўчага чопиб чиқиб энг аввало сени кўради, Қоратўриқ. Шунча ҳаракат қилмай, жўнаш олдидан у билан кўришолмадим. Унинг рўмолчаси ёнимда, шундоқ бағримда турибди. Унга қор ва ёмғир тегмайди. Мен Мирзагул ҳақида ҳамиша ўйлайман. Уни ўйламай туролмайман. Агар уни ўйламай қўйсам ҳаммаёқ ҳувиллаб қолади ва менга ҳаётнинг қизиғи қолмайди.

Чу, чу, Қамбар отадан тарқаган зотлар! Аҳиллик билан тортинглар, қани олға, олға! Чу! Чу!.. Қор ҳамон ёғяпти-я. Қандай намхуш қор. Ҳаммамиз бошдан-оёқ шилтайи шалаббо бўлдик. Шамол ҳам қўймаяпти. Агар ошпаз кампиримиз хашакни жуллар билан ёпиб қўйса яхши бўларди-я. Аммо бунга ақли етмаса, хашак ивиб исроф бўлади-да. Биз — ўн икки бош отни нима билан боқамиз ахир! Ишга жўнаш олдидан унга айтиб қўйиш керак эди-ю, эсимдан чиқибди, қор ёғиши хаёлимга келмабди.

У ғалатироқ кампир, кўзи суқ. Отларимизни мақтагани мақтаган, боқиб тўймайди. Қандай семиз отлар, яхши боқилган, дейди. Ёнбошларидаги ёғ икки энлидир, дейдй. Эски вақтларда бунақа отлар катта маъракаларда сўйилар эмиш. Айтишича, ўша пайтларда гўштни тўйгунча ейишар экан. От гўштини қирқ челакли қозонларда пиширишганларида унинг юзига йиғилган ёғ-сардагини (топган гапини-чи!) сузиб, олиб ҳаммасини чўмич билан касал одамларга сузиб бериларди, дейди. Ўша ёғ бетоб одамга ичирилса дарров оёққа туриб кетарди, дейди. Мечкай, фақат ёғни ўйлайди, холос. Отларга кўзи тегмаса эди ишқилиб. Ўргилдим ундан! Мактабда кўз тегиш ёлғонлигини айтишган-ку. Нима деса деяверсин. Фақат овқатни ўз вақтида тайёрлаб турса бўлгани. Кеча ёввойи эчкини пишириб бизни роса ҳайратга солди. Ваҳоланки, эчки жуда ориқ эди. Ўтиб кетаётган қандайдир икки овчи ўтов томонда олов кўриб шу ёққа келишиб, ўлжасининг бир қисмини ташлаб кетишди, дейди. Раҳмат ўша овчиларга, урф-у одатни билишар экан. Биринчи учратган кишисига тегишли ўлжа қолдирибдими, демак, кейинги сафар ҳам овлари юришишини ният қилишган. Агар улар тоғдан тушган бўлишса, биз биринчи учраган кишиларимиз, албатта. Атрофда эса бошқа ҳеч ким йўқ. Тоққа чопсанг, даштга от қўйсанг ҳам ҳеч жонзотни тополмайсан. Қор ҳалиям ёғяпти. Роса ёғди-да... Тинкалар ҳам қуриб кетди...»

Отлар жиққа ҳўл бўлиб тўхтаб қолишди... Султонмурот эгардан тушди-да, шишиб эзилиб кетган оёкларида базўр туриб худди маст одамдай гандираклаб отларнинг орасидан ўтди. Қора терга ботиб, қалтираётган, қулоқларидан туёғигача ҳўл бўлиб, силласи қуриб зўрға нафас олаётган отларни кўриб шундай ичи ачишиб кетдики, беихтиёр инграб юборди.

Қор эса ҳамон ёғар, отларнинг ҳовур кўтарилиб турган яғринларига тушиб эриб кетмоқда эди. Султонмурот ҳўл бўлиб оғирлашиб кетған қопни бошидан олиб ташлади. Ўзига итоат қилмаётган, музлаб қолган бармокдари билан абзалларни еча бошларкан, беихтиёр ўзини тутолмай Чопдорнинг яғринини қучоқлаб туриб ҳўнграб йиғлаб юборди. Йиғи орасида лаблари отнинг терисидаги иссиқ тахир таъмни туйиб: «Кечиринглар, кечиринглар мени!» — деб пичирларди.
— Ҳа, Султонмурот! Нима гап? — эгат бўйлаб яқинлашиб келаётган Онатойнинг товуши эшитилди.
— Отларни бўшат! — бақирди унга жавобан Сул-тонмурот.

Ўнинчи боб

Бироқ эртасига кун очиқ, беғубор бўлди. Кечаги ёғингарчиликдан асар ҳам йўқ эди. Фақат намгарчилик, фақат одамнинг руҳини тетиклаштирувчи муздек шабада эсмокда ва фақатгина ер бир оз қизғиш рангга кирган ва фақат чўққилар устида енгилланиб қолган оппоқ қорлар бор эди, холос. Тоғлар ортидан ўзлигини оламга кўз-кўз қилиб, кўкнинг ярмини нурга буркаб баҳор қуёши кўтарила бошлади. Бутун бепоён Оқсой ўзининг барча ўтлоқлари, ялангликлари, адирлари-ю паст-баландликлари билан узоқ-узоқларгача кўзга яққол ташланиб турарди. Бироқ улар ўзлари ён-бағрида туғилиб ўсган Улуғ Манас тоғлари, зотан бу ғайритабиий бир ҳол бўлса-да, гўё тунда уларга яқинроқ келиб қолгандай, пгу оқшом тоғлар Оқсойга қараб улар томон силжигандай, қўшчилар тонгда туриб тоғнинг улуғлиги, гўзаллиги ва қудратини кўриб ҳайратланишлари учун силжигандай туюларди.

Яқин-йироқда, ёнгиналарида, уфқнинг қўл етмайдиган жойларида тоғ тизмалари жилваланарди...

Ҳа, Оқсойда ўша куни ажойиб тонг отди. Ер шабадада сингисин деб улар шудгорлашга шошилмай чиқишди.

Бу вақт ичида отларга қаратттди, абзалларни тузатишиб, ҳўл бўлиб кетган пичанни ёйишди. Кун тезда исиб кетди. Улар шундан сўнг плуглари томон жўнашди. Плуглар кечаги эгатларга ботиб қолган эди. Плугнинг ҳар бирини уч кишилашиб тортиб чиқаришди, тишларини тозалашиб, ғилдиракларини ёғлашди. Кейин отларни қўшишиб, бугун кечгача бу пайкалнинг шудгорини тугаллашни, эртага эса бошқа участкага жўнашни ўйладилар. Иш қизигандан қизиб кетди. Туни билан дам олган отлар саҳарлаб парвариш қилинганлиги учун илдам ишларди. Отлар оғир плугларни тортиб боришарди. Аммо кечаги қорда қилинган шудгор ўзини оқлаган — тупроқ шабадада селгиб қолганди, қор аралаш ағдарилган қатламлар қуёш нурлари остида хамирдай кўпчиб ётарди. Демак, тупроқ «бузилмаган», бездек бўлиб қолмаган. Демак, шудгор кўнгилдагидай бўлибди.

Ўша куни ажойиб ўтди. Шундай кунлар бўладики, агар ишинг юришиб кетса, ҳаёт шундай мароқли, кўнгилли, ажойиб ва айни вақтда оддий бўлиб туюлади. Бекорга қиш бўйи тайёрланишмаган, меҳнат қилишмаган ва бунинг учун мактабни ташлашга мажбур бўлишмаган экан; мана энди Оқсой отряди ҳаракатда, плуглар эса ишламокда, яна бугун Эргаш ва Қуббатқуллар келишлари керак. Ўшанда уларда бешта плуг бўлади, бу эса ўнта тиш дегани. Ана куч. Ана ўшанда ҳақиқий десант деса бўлади! Ундан сўнг уруғ сепиб, майдонларни бороналашади, ана ўшанда ҳосилни кутавер! Баҳорги буғдой ажойиб бўлади. Чекиш бригадир баҳорги ҳосил унумдор бўлмаса ҳам, аммо нонлар ичида энг ширини бўлади, дейди. Ишимиз ўнгидан келади. Ёмғир ёғади. Шунча меҳнат қилингандан кейин ёмғир тихирлик қилиши мумкин эмас. Ёмғир ёғади, фақат у ёқда, фронтда бардош қилсалар, ҳужумга ўтсалар бўлгани бахтимизга бу ҳосил томоғимизда туриб қолмаса бўлгани...

Улар пайкал узра ана шундай боришарди. Олдинда Султонмурот, ортда, икки юз қадамча нарида Онатой ва ярим чақирим нарида Эркинбек боришарди...

Қуёш қизигандан қизирди. Тепаликлардаги ямяшил майсалар товланарди. Худди эртакдагидай у ёққа ўтсанг ҳам, бу ёққа ўтсанг ҳам, қаршинг ҳам кўм-кўк. Тупроқ янгиланиб енгил нафас оларди. Плуглар эса Оқсойдан ортида худди узун кокилга ўхшаш янгигина олинган изларни қолдириб борарди...

Оёқ остидан «пирр» этиб тўрғай учди. Қуш сайрай-сайрай яқингинага қўнди ва яна қаердадир бошқаси сайрай кетди, уларга аллақаёқда яна бир тўрғай жўр бўлди. Султонмурот жилмайиб қўйди. Қушлар қувонганларида сайрайверишади, уйлари ҳам йўқ, бошлари устида япроқ, новда ҳам йўқ, кимсасиз чўл қўйнида ўз билганларича яшайверишади. Тағин хурсанд ҳам. Баҳордан миннатдор, қуёшдан миннатдор! Кеча қушлар қаерда эдилар-а, ёғингарчиликнинг ўтишини қандай кутиб турдилар экан? Ҳа, энди буларнинг ҳаммаси ортда қолди.

Баҳор ўз ҳақини энди олади. Энди иш ҳам кўпаяди, бу эса фақат бошланиши. Нима қипти! Бутун Эргаш, Қуббатқуллар келишади, шунда бутун десант биргаликда киришишса, ишлари жўнашиб кетади...

Отини «чу»лар экан, тўсатдан Султонмуротнинг кўзи нариги томонда бир отлиқни кўриб қолди. Отлиқ шудгор яқинидан четлаб ўтиб, уларга қараганча тоғ тарафга кетмоқда эди. Елкасида милтиқ. Бошида қишки тумоқ. Тагида бақувват, совитилган саман. Болалар ҳам уни кўришди-да, қичқира бошлашди:
— Эй, овчи, биз томонга отингни бур!

Бироқ овчи индамади. Овчи уларга яқинлашмасдан ўгирилиб қиё ташлаб кетмокда эди. Султонмурот уни кўриб суюниб кетди, отни тўхтатиб, оёқларини узангига тираб бақирди:
— Эй, овчи, ширалға берганинг учун раҳмат! Эшитяпсанми, раҳмат! Тегиш учун раҳмат!

Аммо овчи индамай, худди ҳеч нимани эшитмагандай, тушунмагандай кетаверди. У тезда тепаликлар ортига ўтиб кетди. Демак, вақти йўқ, ишига шошиляпти шекилли.

Тахминан ярим соатлардан сўнг яна бир овчи кўринди. У ҳам тоққа томон борар, унинг ҳам елкасида милтиқ бор эди. Аммо у бошқа ёқдан, қўтоннинг бошқа чеккасидан ўтиб борарди. Бу овчи ҳам узокдан сўрашмай, уларга қараганча жим борарди. Ўзи одат бўйича отлиқ отини буриб, қўшчиларга саломатлик, хирмонига барака тилаши керак эди. Чекиш чол ҳозир одамлар айниб кетди, дейди. Эҳтимол шундайдир. Чекиш чол донишманд, унинг гапи тўғри чиқади.

Овчилар ўтиб кетгандан сўнг жуда ҳаяжонли бир воқеа содир бўлди.

Буни биринчи бўлиб Онатой эшитиб қолди. Яшавор! Овозининг борича қичқирган ҳам Онатой бўлди:
— Турналар! Турналар учяпти!

Султонмурот юқорига қаради — мусаффо, мовий, чексиз осмон кенглигида оҳиста айланиб, парвоз қила туриб сафланиб, қурқурлашганча овоз чиқариб турналар учиб боришарди. Катта гала турналар юксак парвоз қилишмокда. Аммо само ундан ҳам юксак. Бепоён осмон кенглиги ва бу кенгликда худди барҳаёт орол сингари сузиб бораётган қушлар тўдаси. Султонмурот бошини кўтариб қараганча бирдан овозининг борича қичқириб юборди:
— Ура! Турналар!

Учалови ҳам қушларнинг турналар эканлигини ях-ши кўриб турган бўлсалар-да, кутилмаганда, бу катта бир янгиликдай бир-бирларига бақиришарди:
— Турналар! Турналар! Турналар! Султонмурот турналарнинг эрта келиши яхши белги эканлигини эслаб қолди.
— Турналарнинг эрта келиши яхшилик аломати! — бақирди у от устида Онатойга қайрилиб қараркан. — Ҳосил мўл бўлади!
— Нима, нима? — эшитмади Онатой.
— Ҳосил, ҳосил мўл бўлади!

Сўнг Онатой эгар устида Эркинбек томонга қайрилиб унга қичқирди:
— Ҳосил! Ҳосил мўл бўлади! Эркинбек эса жавобан қичқирди:
— Эшитдим, эшитдим! Ҳосил мўл бўлади! Турналар эса ҳамон учиб бормокда эдилар. Улар самонинг мовий оғушида чўмилиб, шошилмай сузар, бир маромда қанот қоқишиб, айланишиб, гоҳ вазмин, гоҳ кўп овозла, гоҳ бирваракайига жўр бўлишиб, бир-бировларини чақиришар ва яна жимиб қолардилар. Шаффоф кун оғушида уларнинг силлиқ бўйинлари, ингичка тумшуқлари ва баъзиларининг бағрига ярим киргизиб олган, баъзиларининг эса маҳкам сиқиб олинган оёқчалари яққол кўзга ташланиб турарди. Гоҳо қанотлари четларидаги оппоқ патларининг учлари кўзга чалиниб қоларди. Ана шунда қушларни томоша қила туриб, қўшчилар галанинг секин-аста пастлаётганини сезиб қолишди. Турналар борган сари пасайиб ерга яқинлаб борар, гўё уларни қандайдир оқим ўша томонга, узоқ тепаликларга ҳайдаб бораётгандай эди. Султонмурот умри бино бўлиб турналарни бундай яқиндан кўрмаган эди. Турналар ҳамиша шарпа сингари, худди тушдагидай бош узра сузиб ўтишарди.
— Қара, қўнишяпти, қўнишяпти! — қичқирди

Султонмурот ва учовлари ҳам эгарлардан сакраб тушишиб, уловларини қолдирганларича турналар қўнаётган ерга қараб чопишиб кетишди.

Улар оёкларини қўлларига олиб, жонлари борича югура кетишди! Улар турналарни яқиндан кўргилари келарди: қанақа экан-а? Зўр бўлди-да!

Эҳ, Султонмурот шундай тез елардики! Ер оёғи остида пояндоз, ўзи унга пешвоз эди. Ер билан бирга қорли тоғлар ҳам унинг истиқболига югурар, кўз узмай келаётган турналар галаси ҳам кўкда чарх уриб, унга пешвоз учиб келишмокда эди. Югуриб, қувониб, нафаси бўғилар, юраги суюнчга тўлиб, турналарни қуваркан, агар қушлар патини тушириб қолдиргудай бўлишса, сақлаб Мирзагулга совға қилишни ва қизга бу воқеани ипидан игнасигача ҳикоя қилиб беришни хаёл қиларди. Фақат етиб олса, турналарни кўрса бўлгани эди. У Мирзагулга нисбатан қалбида қуйилиб келаётган меҳрни туйганча чопиб борарди. Агар иложи бўлса эди, у ҳозирнинг ўзида турна пати билан тўппа-тўғри Мирзагулнинг олдига елиб борарди... Турна пати билан тўппа-тўғри қизнинг олдига...

Ўн биринчи боб

Улар югуриб боришар, шафқатсиз бир нигоҳ эса милтиқнинг мўлжал нуқтасидан мушкани уларнинг биридан иккинчиси, учинчисига тўғрилаб таъқиб этарди. Бу нигоҳ милтиқнинг нишони бўйлаб турналар томон елиб бораётган болаларни мўлжалга олар эди. Прицелдан ташқаридаги ер бепоён, улар эса чайқалиб турган мушка қаршисида шундай зарралар эдилар-ки... Уларнинг тепасидаги осмон прицелда нақадар катта, болалар эса мушка учида шунчалик кичкина кўринардики... Тепкини боссанг, вассалом, улар йўқ бўлади... Буларнинг ҳаммаси бир дақиқада йўқ бўлиши мумкин ва улар прицелда милт-милт этмай қўярди, фақат бунинг учун тепкини босилса бўлди эди.
— Эҳ, ҳозир уларни ер тишлатиб, бирваракайига тутдай тўкиб қўярдим, ҳатто овоз чиқаришга ҳам улгуролмай қолишарди, — нафасини ичига ютиб, ғўлдиради мўлжал олиб турган одам.
— Бас қил, тентак! Ўқ билан ўйнашиб бўладими, бекорга мўлжалга олма, — деди унга ўсиб тўқай бўлиб кетган, худди бўрининг инини эслатувчи тепалик остидаги кўрайлар ичида отларни жиловидан тутиб турган иккинчи овчи.

Мўлжалга олувчи киши ҳамон милтиқни мўлжалдан олмай, лунжини шиширганча жимиб қолди.
— Ҳаддингдан ошма, деяпман сенга, — буйруқ берди унга отларни ушлаб тургани. — Чопишиб-чопишиб қайтиб кетишади. Сенга нима?

У қулоқ солмади. Дағал соқолли даҳанини милтиқ қўндоғига қўйиб, прицел орасидан турналарнинг қичқириқларидан маст бўлиб югураётган беақл болаларни таъқиб этишдан маза қиларди. Унинг жаҳли чиқа бошлади. Болаларнинг чопишиб кулишини-чи! Суюнишларини кўр. Учта ўқ билан қийратиб ташласа, қимир этмай қолишарди. Чопишади — кулишади! Бирон сабаби борми десанг. Чопишади — кулишади...

Плугчилар ҳаллослаб адирга яқинлашганларида турналарнинг яна тепага кўтарилашаётганини кўриб қолишди... Демак, ниятлари ўзгарибди. Балки уларга турналар қўнаётгандай туюлгандир?

Болалар нафасларини ростлаб тўхтаб қолишди. Уларнинг ҳафсалалари пир бўлди. Султонмурот эса яна анча ергача чопиб борди ва турналар галасини кўзлари ёшланиб кузатганча тўхтаб қолди...

Сўнгра улар ортларига қайтишиб, яна Оқсой ерларини шудгор қила бошлашди. Бугун кун жуда яхши бўлди. Тушга яқин отларга хашак олиб колхоз араваси келиб қолди. Аравакаш уларга картошка, гўшт, ун, ўтин олиб келибди. У Чекиш бригадирнинг ўзи эртага Эргаш, Қуббатқулларни улови билан олиб келишлигини айтди. Чекиш бригадир, болаларга айт, жаҳллари чиқмасин, ҳаммаси ҳал бўлган, эртага десант тўлиқ составда бўлади, дебди. Албатта бўлади, деб яна ваъда берибди. Бир-икки кундан кейин уларнинг олдига, Оқсойга раис Тиналиев ҳам келаркан. Аравакаш мана шундай хабарлар олиб келди. Тушда ҳаммалари бирга овқатланишди, сўнг яна шудгорлашга жўнаётганларида ошпаз кампир Султонмуротга овулга бормоқчи эканлигини, эртага Чекиш бригадир билан бирга қайтиб келишини айтиб қолди. Овудда унинг қандайдир зарур иши бор эмиш ва яна кир ювиш учун совун олиб келиши керак эмиш. Болаларнинг оч қолмаслиги учун кун бўйи етадиган нон ёпиб ва яна гўжа пишириб қўйганмиш, уни иситиб ичишлари ҳам мумкинмиш. Султонмурот кампирнинг кетишини ҳеч хоҳламаса ҳам чор-ночор рози бўлди, кекса одамнинг йўлини тўсиб, тортишиб ўтирармиди.

Шундан сўнг қўшчилар яна ўз плуглари томон жўнашиб, кун ботгунча ишлашди. Кеч бўлганда шудгорни тамомлашди. Энди бемалол томоша қилса арзийди — катта бир майдонни шудгордан чиқариб қўйдилар. Бу эндигина биринчи майдон, э-ҳе, яна ҳали қанчаси бор. Бошламаси тайёр. Демак, охири ҳам бўлади.

Охирги пайкални ғира-шира қоронғида ҳайдаб битиришди, қайрилишларда қолиб кетган ерларни шудгорлашиб узоқ ивирсимай, эртасига саҳардан янги майдонда иш бошлаш учун плугларни у ерга олиб бориб қўйишди.

Отларни чиқариб, шийпонга келгунларича қош қорайиб қолди. Шийпон ҳувиллаб ётибди. Кампир аллақачон кетган. Ҳа, майли, эртага келади-ку.

Кун бўйи роса чарчашди. Шошилмай бўйинтуруқларни бўшатиб, уларни отларнинг бўйнидан олишиб, жабдуқларни ечишди-да, ҳар ким ўз жойига ўтовга олиб киришди. Ўн икки бош отларнинг барини ҳам ўз жойларига, шийпонга, охур вазифасини ўташ учун келтирилган ғилдираклари йўқ эски аравага боғлашди. Ҳа, ҳар бир отни жой-жойига арава ичидаги хашакка тўғрилаб боғлаб қўйишди. Эрталаб отларнинг қотиб қолган терларини тозалаш учун барвақтроқ туришга қарор қилишди. Қоронғида ювинишиб, кейин ўтовда гулхан ёқишди-да, унинг ёруғида гўжани иситишга эриниб совуқлигича ичишди.

Ухлашга ётишди. Султонмурот ҳаммадан кейин ухлади. Уйқу олдидан у яна бир бор отларни кўздан кечиргани ўтовдан чикди. Отлар тумшуқлари хашакда, қуруқ бедани қурт-қурт чайнаб, пишқирганларича жимгина туришарди. Ҳа, бошма-бош, олтитадан от араванинг ҳар тарафида жимгина туришарди.

Ҳаво очиқ бўладиганга ўхшарди. Ой борган сари кичрайиб бормоқда эди...

Султонмурот негадир бир нимадан чўчиб, озгина айланди. Кимсасиз сокинлик, чексиз зим-зиё кеча.

Иш билан, ташвишлар билан бўлиб, кимсасиз чўл бағри шунчалик қўрқинчли эканлигини сезмаган экан. У ўтовга қайтишга шошилди. Жойига ётиб узоқ пайтгача ухлаёлмади. Бирдан уйини соғиниб, юраги ғаш бўлиб қолди. Усиз онасининг уёқда ҳоли қандай кеча-ётган экан? Отасидан ҳанузгача ҳеч қандай дарак йўқ. Агар бирор хабар бўлганида бугун аравакаш унга етказиб суюнчи сўраган бўлармиди. Нимани сўраса, берарди. Бироқ нимани берарди. Бу ерда ҳеч вақоси йўқ. Ярим қоп буғдой ваъда қиларди, ахир кузда колхоз уларга буғдой беради-ку, ана шуни берардида унга. Шуларни ўйлаб у оғир хўрсинди. Ажимурот ундан: агар отам урушдан қайтса, иккаламиз Чопдорга миниб уни кутиб олгани станцияга чопамиз, Султонмурот катталиги учун олдинда, Ажимурот эса орқасига мин-гашиб бориши ҳақида ундан ваъда олганини эслади. Отасини кутиб олгач, унга Чопдорни бериб, ўзлари эса отаси билан ёнма-ён югуришларини, онаси ва бошқа узоқ-яқин кишилар уларга пешвоз чиқишини тасаввур қилди... Эҳ, қани эди шундай бахтга муяссар бўлганида эди, у Чопдорни плугдан чиқариб чоптириб кетарди... Кейин эвазига юз ҳисса кўпроқ ишлаб берарди.

Султонмурот аста йиғлай бошлади, чунки бундай бахт, эҳтимол, ҳеч қачон рўй бериши мумкин эмаслигини ғира-шира англарди...

Сўнгра у Мирзагул билан сой бўйида учрашганини эслаб қоронғида жилмайди. Ҳатто ҳозир ҳам қизнинг қўллари тафтини, гўё ўша қўлларнинг унга: «Мен хурсандман! Мен жуда бахтиёрман! Менинг қанчалик бахтиёр эканлигимни наҳот сезмаётган бўлсанг!» — деганини эслади. Қизга тикиларкан, унинг қиёфасида ўзини кўрганлигини ҳам ва Мирзагул ўзи эканлигини сезиб қолиб ҳайратланганини ҳам ёдга одди. Мирзагул ҳозир ухлаётган бўлса керак. Эҳтимол, мана шу дақиқаларда Мирзагул ҳам у ҳақда ўйлаётгандир. Ахир Мирзагул бу — Султонмуротку. Султонмурот гимнастёркаси чўнтагидаги Мирзагулнинг рўмолчасини пайпаслаб, силаб қўйди...

Шундай ўйлар билан уни мудроқ босиб уйқуга кетди. Қаттиқ ухлаб қолди. Сўнг тўсатдан уни қандайдир ёмон туш чулғаб олди. Кимдир уни бўғганича қўлини қайирарди. У шунда уйғониб кетди, қўрққанидан бақиришга ҳам улгуролмади. Кимнингдир аччиқ махорка ҳиди анқиб турган катта — қаттиқ кафти унинг оғзини беркитди.
— Жонингдан умидинг бўлса жим бўл! — деди хириллаб унинг қулоғи остида махорка ҳидини анқитиб, пишиллаганча қўпол бир одам. У одам темирдай панжалари билан Султонмуротнинг жағини синдиргудай пастга босиб, оғзига латта тиқди. Султонмурот ўзига келганда қўллари арқон билан орқасига боғлаб қўйилган эди. Уни совуқ тер босиб ўзидан ўзи титрай бошлади. Ўтовдаги бу икки одам ким, нега уни боғлаб қўйишди?
— Буниси тайёр, — шивирлади бири иккинчисига. — Наригиларига кетдик.

Улар Онатой ётган томонда қоронғиликда пайпасланишди. Онатой қичқириб типирчилади-ю, аммо уни ҳам чандиб ташладилар.

Эркинбекнинг эса бошига туширишди шекилли, у бир инграб жимиб қолди.

Султонмурот ҳамон нима бўлаётганини тушунмасди. Латта оғзини беркитиб қўйганидан у бўғилар, қўллари арқонда қисилиб оғрирди. Ўтов зулмат оғушида эди. Бироқ бу одамлар кимлар, нега улар бу ерга қелишди. Улар нима учун бундай қилишяпти, ниятлари нима, балки уларни ўлдиришмоқчидирлар? Нега?

Султонмурот қутулмоқчи бўлиб типирчиларди. Шунда бу одамлардан бири уни тиззаси билан босиб, темирдай бармоқлари билан калласига ниқтаганча секин дона-дона қилиб деди:
— Кўпам шатталайверма. Эшитяпсанми? Сен бу ердагиларнинг каттасига ўхшайсан. Биз жавобга тортилмаслигингиз учун сизларни боғлаб ташладик, сизларнинг бу ерда дахлингиз йўқ. Уқдингми? — деди у ҳамон темирдай бармоқлари билан унинг калласига чертиб. — Ақл ишлатсаларингиз ҳаммаси жойида бўлади. Сизларни бу ердан топишганда воқеа қандай юз берган бўлса, ҳаммасини шундай айтиб берасизлар. Сизларни қандай қилиб сўроқ қилишлари мумкин? Аммо кимки ҳозирдан ҳаммадан бурун бирор ҳаракат қилиб типирчилайдиган бўлса, итдай савалаб ташлайман. Ўлдираман! Жим ётинглар. Ўлиб қолмайсизлар.

Улар қаттиқ ҳансирашиб, сўкинишиб, тупуришган-ча ўтовдан чиқиб кетишди. Султонмурот уларнинг отлар боғлоғлиқ турган жойда нимадир қилишиб, пайпасланаётганларини, отларнинг қўрқувда типирчилаётганларини эшитди. Бир оздан сўнг кўплаб туёкларнинг тақиллаши, қамчи овозлари аралаш яна қандайдир сўкинишлар эшитилди-ю, туёқларнинг овози узоқлашиб, тез орада бутунлай эшитилмай қолди.

Фақат шундагина Султонмурот содир бўлган воқеанинг даҳшатини тушуниб етди. Ўғрилар уларнинг қўшчи отларини ҳайдаб кетишганди! Алам ва ғазаб юрагини ўртаб юборди. У қўлларини бўшатишга уринди-ю, аммо ҳеч нарса қилолмади. Нафаси қисилиб, бошини у ёқ-бу ёққа буриб, тили билан оғзидаги латтани итара бошлади. Оғзига худди ўт солиб қўйилгандай аланга олиб, нафаси қайтиб, қон оқа бошлади. Ниҳоят оғзидаги лаънати латтани тупуриб ташлашга муваффақ бўлди. Гўёки озодликка чиққандай бўлди. Ўпкасини тўлдирган ҳаводан боши айланиб кетди.
— Болалар, бу менман! — қичқирди у калласини кўтариб. — Менман! Мен гапиряпман!

Бироқ ҳеч ким унга жавоб қайтармади. У Онатой, Эркинбек жойларида қимирлаб қўйганларини эшитди.
— Болалар, — деди у шунда, — қўрқманглар. Мен ҳозир. Ҳозир бирон нарса ўйлаб топаман. Фақат менга қулоқ солинглар. Онатой, қимирлагин, қаердасан?

Онатой инқиллаб, типирчилаб ўрнидан тура бошлади.
— Шошма, Онатой! Жойингда тур! — Султонмурот кийимлар ва жабдуқлар устидан у томонга отилди. — Энди орқанг билан менга суян, қўлларингни қўй. Эшитяпсанми, қўлларингни қўй...

Улар орқама-орқа ётишди. Султонмурот дўстининг қўлидаги арқонни пайпаслаб топди. Онатойга қандай ётиш, ўгирилишни айтиб, ўзи арқоннинг тутунларини топишга тутинди. Онатойни оғриққа чидашга ундаб, ўзи охири қандайдир тугунни топиб, уни тортиб юборган эди, арқон бўшади. Энди Онатой қўлларини ўзи бўшатиб олди...

Ўн иккинчи боб

От ўғрилари шошилмай кетишарди. Улар отларни гоҳ йўрттириб, гоҳ йўрғалатиб боришарди. Қоронғида отларни чоптириб бўлмайди, кейин бунинг ҳожати ҳам йўқ эди. Иш силлиқ кўчди. Кимдан қочишсин — гўдак болаларданми? Юз чақирим атрофда эса тирик жоннинг ўзи йўқ. Болалар эса тупканинг тагида боғлоғлиқ ётишибди. Ҳалиям ишни бундай кўчганидан тақдирдан миннатдор бўлишсин...

Улар тўртта отни олиб кетишмоқда эдилар. Ҳар қайсиларига бир жуфтдан бўлади. Бошқа олиб бўлмасди. Худо кўрсатмасин, пгу ёғини ҳам ҳазм қилиб олишса бўлгани эди... Кимсасиз жойлардан узоқ юришлари керак. Тошкент атрофларига боришнинг ўзи уч кунлик йўл. Яна у ёғига қанча йўл юриш керак. Етиб олишса бўлгани. У ёғига иш осон кўчади. Тошкентдаги Олой бозорида гўштни килолаб эмас, мисқоллаб сотишади. У ердаги одамлар савдонинг тилини билишади, уқувли. Бировга ошириб юборишади. Энди буёғи уларнинг иши. Аммо ҳозир гўшти тиллага баравар бўлиб турган тўртта семиз отнинг пулини олиб кетишнинг ўзи бўлармикин? Ҳазилдан ташқари, бу жумбоқ! Шунча пулни нима қилишади! Росаям ўмаришди-да! Тезроқ бўла қолишса эди. Энди топиб бўлишибди. Пул бўлса жуфтакни ростлаш қийин эмас. Кетишлари, қўлга тушмасдан бурун аллақачон бу ердан жуфтакни ростлашлари керак эди. Ушласа — тамом! Трибунал! Энди тутиб бўлишибди! Пул бўлса, чангалда шўрва. Тошкентнинг нарёғида, эҳе, яна қанча шаҳарлар, ерлар бор-у...

Тақдир деб бекорга айтишмайди. Ўзиям бўларича бўлгандилар. Қани қорбўрон, қаҳратонда тоғда кезиб кўрчи, ана у архарни қўлга тушириб кўр-чи, қўлга туширганингда-чи, гўшти бу пайтга келиб нимага ярарди, ориқ, қуруқ чандирнинг ўзи. Тишинг ўтмайди. Бунинг устига, патронлар ҳам тугаб бўлган эди. Узоққа боришолмасди. Шундай пайтда худди осмондан тушгандай бу болаларнинг плуглари билан пайдо бўлиши кимнинг хаёлига келибди. Худонинг уларга юборган инъоми! Олло бор, у тепамизда муқаррар, — ҳар кимнинг ризқ-насибасини бўлиб қўйган.

Бир чеккадан танламай олаверишди, отларнинг бари териб олингандай, барининг қовурғаларида икки энли ёғ, бунақасини оламни айланиб чиқсанг ҳам тополмайсан. Ҳил-ҳил гўшт бўлади, еб тўймайсан. Худо бор, у тепамизда муқаррар! У ризқ, ўлжа юборди, омад юборди!..

Улар шошилмай боришарди. Отларнинг вазнини йўқотишга зарурат йўқ эди. Бунақа отлар Олой бозоридаги қассобларнинг тушларига ҳам кирмаган. Пулни бер-у, олавер, очофатлар!

Мана, саманлар олдиндан тайёрлаб қўйилган жиловларда тўртовлари йўртиб, пишқиришиб боришяпти, қани энди ўзларини қаёққа олиб кетишаётганини билишса эди. Ўғирлаб олиб кетиш ҳам олдиндан ўйлаб қўйилган. Йилқиларни тўдаси билан ҳайдаб бўлмайди, тарқаб кетишади. Бири ўртада жиловни қўлида тутганича эгарда ўтириб олган, узун жиловлардаги отлар эса иккитаси чап томонида, иккитаси ўнгда борарди. Ортда малла от миниб олган шериги эса қамчи билан тезлаб ҳайдаб, тўхташга йўи қўймасди. Фақат бир маромда, секин ҳам эмас, тез ҳам юришмай кетишарди. Ақл билан, фақат ақл билангина иш юритиш талаб қилинарди...

Ўн учинчи боб

Чопдор жойида турарди, Султонмурот ўтовдан чиқа солиб, Чопдорга минди-да, атрофга аланглаб қичқирди:
— Онатой, овулга чоп! Имилламай югур! Одамларимизни чақир! Мен уларни алаҳситиб тураман! Уларга етиб оламан! Фақат сен тезроқ бўл. Сен, Эркинбек, шу ердан бир қадам ҳам силжима. Укдингми! Чоп, Онатой, чоп!..

Ўзи эса Чопдорда узоқлашиб бораётган отларнинг туёқ товушларини тусмоллаб ўғрилар томон елиб кетди.

Тезроқ, тезроқ, Чопдор, оғажоним, олға, уларни қувиб ет! Мен йиқилиб тушмайман, майиб ҳам бўлмайман! Мен учун хавотирланма. Олға, Чопдор! Агар ўлсак бирга ўламиз, фақат тезроқ чоп, тезроқ, тун қоронғи, тушунаман. Қўрқинчли, сенга ҳам қўрқинчли. Барибир олға боравер. Тезроқ, тезроқ! Қани улар? Олдинда йилтираб кўринаётган нарса нима? У ёқда нимадир қимирлаяпти, қўлдан чиқариб юбормасак бўлгани. Олға, Чопдор, олға... йиқилиб қолмагин-а, Чопдор, йиқилма...

Ўн тўртинчи боб

— Қувишяпти! — қўрқув аралаш қичқирди яқин-лашиб келаётган от дупурини эшитган ўғрилардан бири.

Сўнг улар жиловни бўш қўйишиб, аввалига отларни йўрғалатиб, кейин чоптириб кетишди. Энди салқинлашга вақт йўқ. Таваккал, бўлганича бўлар. Энди қочиш керак, орқа-олдга қарамай қочиш керак.

Олдиндагиси олиб кетаётган отларнинг юганини ўзига тортиб эгарга энгашди. Орқадаги шериги эса кучининг борича қамчилаб отларни шоширарди. Чопиб бораётган отлар туёқлари дукуридан ер ларзага келди. Қулоқлар остида шамол ҳуштак чаларди. Тун чексиз, қоп-қора пишқириб оқаётган тўлқинли дарё сингари шитоб билан уларга пешвоз еларди.
— Тўхта! Қочиб қутулолмайсанлар, тўхта! — дея қичқирарди Султонмурот уларга борган сари яқинлашиб бораркан. Лекин унинг товуши қутуриб чопиб бораётган отлар шовқин-суронидан узуқ-юлуқ эшитиларди, холос.

Чопдор! Отларнинг асили Чопдор! Отасининг Чопдори! Қандай елди у! Худли қувиб етмаслиги мумкин эмаслигини аниқ сезгандай, Оқсойдаги бу тунги пойгада йиқилишига ҳақи йўқлигини тушунгандай эди.

Султонмурот от ўғриларига тезда ён томондан етиб олди, отларни жиловидан ушлаб бораётганликлари учун қочиб қутулиш уларга унчалик осон эмасди.
— Отларимизни қайтариб беринглар! Беринглар! Биз улар билан ер ҳайдаймиз! — бақирарди Султонмурот.

Ўғриларнинг бири чопиб бораётиб отни четга бурди, отдан ағдармоқчи бўлиб йиртқичдай унга ташланди. Аммо Чопдор чап бериб қолди. Баракалла, Чопдор, баракалла! Ўзини таъқиб қилаётган от ўғрисидан қочиб Султонмурот олдинга ўтиб олди, ёнбошидан бориб, олдингисини қисиб, отни қайиришга интила бошлади:
— Қайт орқага! — бақирди у.
— Қоч, ўлдираман! — қичқирди униси отини буриб, аммо Султонмурот яна ўғрининг олдини кесиб чиқар ва уни қисиб бориб, тўғри кетишга халақит берарди.

Улар шу зайлда боришарди. Шериги ҳар гал уни қувиб юборар, Султонмурот эса гоҳ у, гоҳ бу томондан ўтиб йўлни кесганча уларнинг қочишига халақит берарди.

Шундан сўнг бирдан ўқ овози эшитилди. Султонмурот уни эшитмади, фақат ярқ этган ўтни ва бир дақиқа ёришиб кетган бепоён Оқсой бўшлиқларини, ёнидан ваҳшийларча чопиб ўтаётган қоп-қора отларни ва одамларни кўриб ҳайратланишга улгурди, холос.

Ўзи эса бир чеккага отилиб кетди ва тошдай ерга урилиб умбалоқ ошиб тушди, сўнг оёққа туриб, шу заҳотиёқ тагидаги оти қоқилиб кетмаганлигини тушунди. От калласи билан ерга урилиб ёнбошлаганча хириллар, гўё ҳамон чопишга интилаётгандай жон-ҳолатда туёқларини кўтаришга уринарди...

Султонмурот оғриқ ва ғазабдан жони борича бақириб, нима қилаётганини ўзи ҳам билмай от ўғрилари изидан чопди:
— Тўхта! Қочиб қутулолмайсанлар! Етиб оламан! Сизлар Чопдорни ўлдирдинглар! Отамнинг оти Чопдорни нимага ўлдирасанлар!

У ўзини билмай ғазаб ва жон-жаҳди билан югурар, уларнинг ортидан худди етиб оладигандай, тўхтатиб орқага қайтариб қола оладигандай қувиб борар эди. Ўғрилар қочмоқда, от туёқлари қоронғида тақиллаб, борган сайин узоқлашмоқда, у бўлса жаҳл устида муроса қилишни ҳоҳламай, ҳамон қувиб бормоқда эди. У елдек учиб борар, бутун вужуди қизишиб, баданлари ачишиб, айниқса қип-қизил қонга ботган қўллари ловиллаб қувиб бораётгандай туюларди. У шунча тез, шунча кўп югургани сайин юзи ва қўллари шунчалик ёнар эди...

Охири у йиқилиб тушди, бўғилиб энтикканича юмалаб кета бошлади. Чидаб бўлмас даражада оғриётган юзи, қўлларини қўйгани. жой тополмасди. Унинг ғазаби қайнаб, бу тунни лаънатлар, кўзларида чексиз аламли аланга билан инграб, фиғон чекарди.

У отларнинг туёқ товушлари аста-секин узоқлашиб бораётганини эшитиб турарди. Ер борган сайин узокдагй туёқ товушини ютганича заифлик билан секин титрарди. Тез орада атрофдаги ҳамма нарса тинчиб, жимиб қолди...

Шунда у ўрнидан туриб, орқага тисарилганча, алам билан ҳўнграб йиғлаб юборди. Энди ўзини ҳеч нима ва ҳеч қандай йўл билан овутолмас, кимсасиз тунги Оқсойда эса уни юпатадиган ҳеч зоғ йўқ эди. У йиғи аралаш Ажимуротни ўзи билан отаси урушдан қайтганда кутиб олгани бирга чиқамиз, деб ваъда берганини эслади. Йўқ, энди ҳеч қачон Ажимурот билан отаси фронтдан қайтганида Чопдорга миниб, отни чоптириб уни станцияда кутиб олишолмайди. Улар энди Оқсой ерларига мўлжалдаги донни эка олишмайди. Энди улар тишлари ойнадай ялтираган плугларни судраб Оқсой далаларидан қайтганларида тантанали, қувончли кун бўлмайди. Мирзагул ҳам шоду хуррам бўлиб кўчага чиқмайди, унинг овулга кириб боришини кўрмайди ҳам, ҳайратланмайди ҳам. Умидлари чил-чил бўлди. У шунинг учун йиғламокда эди...

Ўн бешинчи боб

Шамолда иссиқ қон ҳидини тобора аниқроқ искаб бораётган бўри борган сари иштаҳасини карнай қилиб юборган ўша ис анқиётган жой томонга думини қисганича чопиб борарди... Қиш бўйи озиб қолганига қарамай бу кекса йиртқич ҳамон баҳайбат эди. Оқсойдан сайғоқлар кетгунларича қишни бир амаллаб ўтказарди. Энди эса сайғоқлар урчигани Оқсойдан катта қумлоққа кетишган. Ёш бўри галалари бўлса тоғларда ҳолсизланиб қолган архарларни сўқмоқларда тутиб юришибди. Қари бўри энг оғир дамларни бошидан кечирарди. У қишки уйқудан кейин суғурларнинг пайдо бўлишини кутарди. Кунлаб, соатлаб кутарди. Суғурлар яқин кунлар ичида офтобга чиқишлари керак эди. Бу ўлимдан қутулиш демак эди. Суғурлар ер остида, ўзларининг чуқур, тубсиз инларида шунчалик узоқ ётгандики! Бу кунларда Оқсойда бўри қанчалик очлик ва зерикиш билан яшамади!

Бўри ўлжанинг бегона бўлишидан чўчигандек қоннинг ўзига тортувчи ҳиди томон елиб борарди. Бу ё катта ўлжа, ё отнинг жасади эди. Тер ва гўшт ҳиди унинг бошини айлантириб, маст қилиб қўйганди! Бу бўри умр бўйи тўдаси билан уч ёки тўрт мартагина отларни қувишга муваффақ бўлганди, холос.

Бўри ярим очиқ оғзидан сўлагини оқизиб, бўм-бўш ошқозонида қаттиқ оғриқ сезганича чопиб борарди. Бўри булутли тонг ғира-ширасида чопиб бораётган оқиш сояга ўхшаб еларди.

Бўри шундоқ чопиб боришда ўлжаси устига ташланмоқни қанчалик хоҳламасин, кўникма кўникмалигини қилди — ўзини тутиб, узокдан ўлжаси атрофини бир айланиб олди. Айланди-ю, довдираб қолди — ўлик от ёнида одам бор эди. Одам қўрқиб ўрнидан турди.
— Эй! — бақирди Султонмурот ерни тепиб.

Бўри тисланиб, думини оёқлари орасига қаттиқ қисиб, хоҳламайгина, бир четга қочди. Кетиш керак эди. Одам турибди. Одам ўлжани олиб кетишга халал беради. Бўри сал нарироқ қочиб бориб бирдан тўхтади-да, паст овозда улиб одамга юзланди. Бўрининг кўкиш, бесаранжом кўзлари қаҳр билан ёнарди. Калласини эгиб, тишларини ғижирлатиб, ғазаб билан секин-аста яқинлаша бошлади.

Султонмурот бўрини хатарга солувчи қичқириқ билан тўхтатди ва Чопдорнинг бошидан юганини ечиб олишга улгурди. У тезда юган билан оғир темир сувлиқни ўраб дастак қилиб олди. Энди сувлиқ унинг қуроли бўлиб қолди.

Бўри яна ҳам яқинроқ келиб ерга ётиб олди, жунларини ҳурпайтириб, сакраш олдидан худди қисилган пружинадай қотиб қолди.

Султонмурот умрида биринчи марта ўз юрагининг уришини яққол эшитди — у кўксида қаттиқ қисилиб турган юмалоқ нарсага ўхшаб тепарди...

Султонмурот юганни қулочкашлаганча, хиёл энгашиб, курашга шай бўлиб турди...