OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЧингиз Айтматов
Асар номиЖамила (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Қирғиз адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Чингиз Айтматов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
НашриётГъофур Гъулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2005 йил
Ҳажм202KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/17
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Жамила (қисса)
Чингиз Айтматов

Ҳар гал сафарга чиқишим олдидан кичкина ёғоч рамкага солинган сурат олдида туриш менга одат бўлиб қолганди. Эртага овулга жўнашим керак.Мана ҳозир ҳам ўша суратга тикилиб, гўё ундан оқ йўл тилаётгандек, кўзимни узолмай узоқ термилиб қолдим.

Суратни ҳали бирон марта ҳам кўргазмага қўйганим йўқ.Овулдан қавм-қариндошларим келганида кўриб қолишмасин деб яшириб қўяман.Демак, суратда бирон нижўя нарса тасвирланган экан, деб ўйламанг тағин, унинг ийманадиган, шунингдек бу нодир асар "кўз тегади" дейдиган ҳеч жойи ҳам йўқ, шунчаки ўргамчикка чизилган бир сурат. Унда оддий дала манзарасининг айнан тасвири берилган халос.

Суратнинг орқа планида сўлғин куз осмониниг чеккалари оқариб кўринади. Шамол парқу булутларни узоқ-узоқларга, қорайиб кўринган тоғ чўққилари сари ҳайдаб борарди. Суратнинг олд қисмида сарғиш либос кийган бепаён дала, кенг дарё тасвирланган.Ёғин-сочиндан кейин пўрсиллаб ётган чеккаларидаги қамишлар бир-бирига айқашиб кетган йўлда икки йўловчининг оёқ излари кўзга ташланади. Йўловчилар узоқлашган сайин, оёқ излари хиралаша боради.Гўё яна бир-икки қадам юришса рамкадан чиқиб кетадигандек туюларди. Ҳа айтмоқчи, йўловчилардан бири... Келинг бир бошдан гапириб бера қолай.

Бу воқеа болалигимда юз берган эди.Иккинчи жаҳон уруши учинчи йига қадам қўйган,айниқса Курск билан Орёл остоналарида даҳшатли жанглар борарди. Ўшанда биз бир гала ўспирин болалар хўжаликда экин суғориб, арава ҳайдаб, ўт ўриб юрар эдик, хуллас, урушга кетган эркакларнинг оғир меҳнати бизнинг зиммамизга тушган эди.Айниқса хосил йиғим-теримида ҳафталаб уй бетини кўрмасдик, кечаю-кундуз хирмонда бўлардик, ёки стансияга ғалла таширдик.

Стансияга қатнаб юриб, уйдагиларни кўпдан бери уйдагиларни копърмаганим учун, ўроқнинг айни қизиган саратон кунларининг бирида йўл-йўлакай уйга кириб ўтай деб бўш аравамни йўлдан бурдим.

Биз азалдан ёнма-ён тушган икки уйда турардик.Уларнионг баландлиги уч метрча келадиган деворлари жуда пишиқ қурилган бопълиб, дарё томони дарахтлар билан ўралган ховли бизники эди. Мен катта уйнинг ўгли эдим. Акаларим урушга кетишган, улардан хат-хабар йўқ эди.Иккаласи ҳам балоғатга этиб, айни уйланадиган вақтда кетишган. Кекса отам- дурадгор уста.Тонг сахарда намозини ўқирди-да, устахонага жўнарди, шу кетганча қош қорайганда келарди.Хўжаликдаги барча аравалар унинг қўлидан ўтарди. Уйда онам билан сингилчам қоларди, холос.

Бериги кичик уйда эса яқин қариндошларимиз туришарди. Қариндошимиз дейишимнинг боиси, орадан икки-уч авлод ўтиб кетган бўлса ҳам улар билан азалдан мол-жонимиз бир эди. Ота-боболаримиз бирга кўчиб бирга қўниб жуда аҳил яшаган экан, бу одатни муқаддас билиб биз ҳам орага совуқлик туширмай апоқ-чапоқ бўлиб келардик.Жамоа хўжалиги тузилган маҳалда оталаримиз бир жойга ўтроқлашганлар. Бугина эмас,икки сув ўртасидаги Орол кўчада турувчиларнинг ҳаммаси бир отанинг фарзандлари эди.

Кейинчалик бериги уйнинг эгаси дунёдан опътиб, хотини икки гўдак билан қолди. Эски одат бўйича қариндош-уруғлар есирнинг бошини боғлаб қўяйлик деб арвоҳ ва Xудони пеш қилиб уни отамга никоҳлаб қўйганлар. Гарчи у уйнинг қозон товоғи, мол-жони, чорбоғи бўлак бўлгани билан аслида биз бир хонадон эдик. Уларнинг ҳам икки ўғли аскарга кетган эди, Содиқ деган катта ўғли уйланиши билан кетганди. Улар — "Биз фронтдамиз"— деб онда-сонда хат ёзиб туришарди.Кичик уйда кичик ойим билан келини қолган эди, Мен уни доим "кичик ойи" деб чақирардим. Иккаласи ҳам эртадан қора кечгача далада ишлашарди. Кичик ойим ( уни овулдагилар ишчан аёл, барака топсин, бунақаси топилмайди деб мақташарди) бригадир билан ади-бади айтиб ўтирмас,юр деганига юраверар, буюрган ишини қилаверар,анови ёш келинчаклар қатори ариқ чопишга ҳам, экин суғоришга ҳам йўқ демасди, қўлидан сира кетмон тушмасди. Xудо билиб берганми дейман унинг келини Жамила ҳам серғйрат, бақувват бўлиб, бироқ феъл-атвори сал бошқачароқ эди.

Жамила янгамни чин қалбимдан яхши кўрардим. Бир томони янгам, иккинчи томони мендан бироз катта, лекин биз худди тенгқур дўстлардек эдик. Мени "кичкина бола" деб ўз укасидек эркалатганини айтмайсизми.

Хуллас, иккала рўзғорнинг тирикчилигини, рўзғрини ойим билан сингилчам тебратиб турарди.Сингилчам жуда шўх қиз эди. Лекин ўша огир кунларда анча ойимга жон-дили ёрдамлашганини сира-сира унутмайман. Икки хонадоннинг қўй-ечкиларига қараган ҳам ўша, тезак териб ўтин-чўп ғамлаган ҳам ўша, дом-дараксиз кетган ўғилларини қўмсаб ғамгин ҳаёлларга чўмган ойимнинг кўнглига тасалли берган ҳам ўша эди. Ҳар иккала оиланинг бошини қовуштириб, ризқ-рўзини сақлаган ҳам, билармони ҳам ойим эди.У ўлганларнинг арвоҳини ҳурматлаб, сеники-меники демай икки хонадонга баравар қараб турган, овулнинг обрўли, диндор хотинларидан бири эди.Бизга таалуқли ҳар қандай ишни ойим ҳал қиларди.Отам бўлса ҳеч кимнинг эсига ҳам келмасди. "Ҳой, уста акангга бормай қўя қол.Уни ғилдиракдан бошқа ҳеч нарса билан иши йўқ.Ҳар икки рўзғорни ҳам бойвучча хотини тебратиб турибди, ўшанга бор " дейишардилар. Мен ҳам ёш бўлишимга қарамай унча-мунча ишларга аралашиб турардим. Дарвоқе, акаларим аскарга кетиб қолганидан мен ҳар икки уйнинг дастёр йигити бўлиб қолгандим. Шунинг чун ҳам ўзимда қандайдир масъулият хис этардим. Бу ойимга жуда ёқарди, пишиқ бўлсин, ёғочдан бошқани билмайдиган отасига ўхшамай, рўзғор ишларига аралашиб кўзи пишсин, дер эди. Мен аравамни чорбоғнинг четига, кўланкага ҳайдаб келсам, қамчисини қанжиғасига қистириб олган бригадир Ўрозмат оға билан ойим эшик олдида негадир айтишиб турган экан.Уларга яқинлашганимда ойимни овози эситилди:
— Бормайди! Ахир бу иннсофдан эмас-ку.Худодан қўрқишсин! Xотин кишини арава ҳайдагани нимаси.Худо хайрингни берсин, айланай, келинимга тегма, ўроғини ўриб юраверсин, шусиз ҳам ёлғизлик азобини тортиб, иккала хонадоннинг тирикчилигидан бош қаширга ҳам қўли тегмайди. Бунинг устига бир ҳафтадан бери белим санчиб анови жўхорилар қаровсиз қолди. Бахтимга яхшиям ўша муштдек қизча бор экан...

Ойим одатича рўмолининг учларини кўйлагини ёқаси остига қистирар эди.Ўрозматнинг чайқала-чайқала тинкаси қуриди:
— Оббо сиз-ей— деди у— агар тўрт мучам соғ бўлиб қўлимдан келса ўзимоқ илгаригидек қопларни аравага ирғитиб-ирғитиб, отларни чоптириб кетмасмидим! Ҳожи йўқ-да, ёш келинларга арава ҳайдатиб бўладими, десак, ўзи рози бўлган келинингизни сиз йўлдан урсангиз, бунақада план тўладими? Бошлиқлар фронтга юбориладиган ғаллани нега тўхтатдинглар, деб столни муштлаб бизга дўқ урса, ахир нима қилайлик, сиз ҳам тушунингда!

Бригадир мени қмчини судратиб келаётганимни кўриб, гўё миясига бир яхши фикр келгандек хурсанд бўлиб кетди.
— Агар келинимга йўлда-пўлда тентак аравакашлар тегажоғлик қилади деб қўрқсангиз, мана қайин иниси бор-ку,— деди мени кўрсатиб— бу иним янгасига бировни яқин йўлатиш у ёқда турсин, қарагани ҳам қўймас.Сеит ҳам чакана эмас, азамат йигит-ку.Садағаси кетай, жонимизга оро кираётганлар манашу болаларда...

Ойим мени кўргач бригадирнинг сўзини бўлиб ялина бошлади:
— Қаёқларда тентираб юрибсан болам? Сочларинг ўсиб девонага ўхшаб кетибсан-ку. Отаси тушмагур боласини сочини олишга ҳам қўли тегмайди...Ота эмиш...
— Ундай бўлса майли, бугун сочини олиб, чол-кампирлар ёнида бир дам олсин— деди Ўрозмат чеҳраси очилиб— Сеитжон ука, бугун уйда қолиб отларингга бироз дам бер.Эртага Жамилага арава берамиз, янгангни бирга олиб, унга ўзинг бош бўл.Сиз эса онаси, Сеит бор экан кўнглингиз тўқ бўлсин, камлик қилса янги келган Дониёрни ҳам қўшиб берай.Ўзингиз биласизки, у бировга зиёни тегмайдиган хокисор одам...Ўзларича уч арава бир бригада бўлиб стансияга қатнай беришсин...Майли буларни ёнига бошқаларни қўшмай...Хўш Сеит, сен нима дейсан? Бу ойинг Жамилага арава ҳайдатайлик десак кўнмаяпти.Қани ўзинг бир нарса дечи...

Бир томони бригадир мени роса кўкларга кўтариб мақтагани, иккинчидан катта кишилардек мендан ақл сўрагани,бунинг устига янгам ёнимда арава ҳайдаб юрса қандай маза бўлади деган болаларча хаёл билан ишбилармон одамлардек ойимга дедим:
— Ҳайдаса ҳайдайверсин, нима бўри еб кетармиди!— деб худди катта аравакашлардек чирт этказиб четга тупурдимда, қамчини судраганимча салмоқ билан қадам ташладим.
— Эе, жин урсин сени, бўри еб кетармиди дейдия! Қўй болам, сен нимани билардинг...— деди ойим аччиқланиб.
— Иее, нега билмас экан, икки уйнинг азамат йигити бўлади-ю билмайдими?— деб юборди Ўрозмат. Ойим эндигина кўнганда яна айниб қолмасмикан деган шубҳа билан нима деярини билмай шошиб қолди.Ойим бўлса оғир бир ух тортиб қўйди.
— Эй Xудойим, шу тирноқдек боламизга Ўзинг умр бер... Девдек азамат йигтларимиз қаерларда юрибди...Уларсиз уйларимиз хувиллаб қолди...

Шундан кейин мен уларнинг гапларини эшитмадим. Бора туриб уйнинг муюлишига қамчи урдим, кокилларини селкиллатиб кичкина қўлчалари билан деворга таппи ёпаётган, менга очиқ чехра билан қараб турган сингилчамга ҳам назар солмай ўтиб кетдим. Дахлизда турган чўян қумғонни энгаштириб шошилмай қўлимни ювдим-да, қўлтиғимга артдим, кейин уйга кириб ҳаш-паш дегунча катта косадаги айронни симириб ташладим, иккинчисини эса дераза олдига олиб бориб нон тўғраб эдим. Ойим билан Ўрозмат ҳали ҳам ташқарида сухбатлашиб туришарди.Бироқ бу сафар улар хасратлашаётгандек кўринди. Ойим енглари билан йиғидан қизариб кетган кўзларини артиб, тасалли бераётган Ўрозматнинг сўзларини бош ирғаб маъқуллар, ич-ичига ботиб кетган кўзлари билан дом-дараксиз кетган болаларини гўё кўрмоқчи бўлгандек олис-олисларга тикиларди. Ҳайтовур анча дардлашиб кўнгли юмшаган ойим Жамиланинг арава ҳайдашига кўнди шекилли, бироздан кейин бригадир кўнгли тинчиб йўрга байталини йўрттириб кетди.

Ўшанда бу ишнинг оқибати нима билан тугашини ойим ҳам мен ҳам билмаган эдик. Жамиланинг икки от қўшилган аравани бемалол ҳайдаб кетишига ҳеч ҳам шубҳа қилганим йўқ, чунки у ёшлигидан йилқичилар орасида ўсиб катта бўлган, тоғ этагига жойлашган Бақайир овулидаги йилқичининг қизи эди.Содиқ акам ҳам чавандоз бўлган экан, у бир куни яйловдаги чорвадорлар тўйи муносабати билан ўтказилган пойгада Жамилага етолмай қолган экан. Шундан кейин изза бўлиб уни олиб қочиб кетганлигини билардим. Овсин-ажинлар бўлса — Ҳечамда улар бир-бирларини яхши кўриб топишган— дейишарди. Ҳар қалай нима бўлса ҳам улар уч-тўрт ой бирга туришган, кейин Содиқ акамни ҳарбийга олиб кетишган эди.

Билмадин, ёшлигидан отаси билан бирга дала-даштларда йилқи ҳайдашиб, от чоптириб эрка ўсганиданми, ёки биттаю-битта қиз бўлганлиги учунми, ишқилиб Жамиланинг хатти-ҳаракатларида аллақандай жўшқинлик, эркакларга хос фазилат бор эди. Ҳар бир ишга астойдил киришар, бошқа келинлардек бошим, белим оғрияпти деб сира зорланмасди. Бироқ ўзи ҳам бировга ҳақини кеткизмайдиган, айтишган билан айтишиб, сўкишган билан сўкишадиган, ўжар аёллардан эди. Унинг овулдаги келинлар билан юмдалашган пайтлари ҳам бўлганди.
— Эе, бу қандай шаддод келин ўзи! Тушганига ҳеч қанча вақт бўлмай тилидан захар сочадия!— деганларида ойим:
— Майли, шуниси яхши, келинимиз очиқ-ёриқ, сира бўш келмайди...Ана ҳсундай кўнглида кири йўқ одам яхши, индамай юрган писмиқлардан қўрқиш керак, ҳамма фисқи-фасод ўшалардан чиқади— деб жавоб қайтарарди.

Отам билан ҳалиги "ишчан" деган ойим бошқа қайнона қайноталардек Жамилани туртмай, сўкмай аксинча ўз фарзандларидек эркалатишиб: — "Худо ишқилиб ўзига инсоф берсин, тўғри юриб, тўғри турса бўлгани!"— дейишарди. Улар вояга етган тўрт ўгилларини ҳарбийга жўнатишиб, икки хонадондаги яккаю ягона келинларини ранжитишармиди? Бироқ мен ойимнинг баъзи ишларига хайрон қолардим. Бошқаларни қўйиб турайлик, ойим бировнинг қўлига қарайдиган аёллардан эмас эди.Ҳар йили куз келиши билан одати бўйича отам тайёрлаган олти қанотли қора ўтовни тикиб арча тутарди, бизларни чизган чизиғидан чиқмайдиган қилиб тарбиялаб, ҳаргиз икки оиланинг бошини қовуштириб келарди. Ойимнинг айтгани айтган, дегани деган эди. Аммо Жамила орамизда ажралиб турарди. Тўғри у кампирлардан бироз тортинар, уларнинг ҳурматинои жойига қўяр, бироқ овулдаги кўпчилик келинлардек индамай бошини қуйи солиб ўтирмас, ёки тескари қараб пўнғилламас, кўнглида борини яшириб ўтирмай шартта гапириб қўя қолар эди.Гаплари ўринли бўлса ойим уни кўпинча маъқуллар, лекин ўшанда ҳам ўз гапини икки қилмасди. Назаримда ойим уни тўғрилиги, бир сўзлиги учун ўзига яқин тутар, келажакда уни икки хонадоннинг бошини қовуштириб, рўзғорнинг ризқ-баракасини ўзидек сақлай оладиган, уддабурон ўринбосар қилиб қолдириш ниятида эди.
— Xудога шукур, тагли-тугли ерга тушдинг болам.Бу ҳам бўлса сени бахтинг, буни сира ҳам ёдингдан чиқарма. Xотин деган тангрининг берганига шукур қилиб, рўзғорини бирини икки қилиб юрса шунинг ўзи катта давлат. Биз чол-кампир топган тутганимизни ўзимиз билан бирга гўрга олиб кетармидик...Ўз қадр қимматингни билсанг сира кам бўлмайсан, доим мартабанг баланд бўлади болам— деб эслатиб турарди.Тўғри чол-кампирларнинг чўчиганича бор эди: Жамила жуда шўх, ёш болага ўхшарди, бир қарасангиз ўзидан-ўзи кампирларга суйкалиб эркаланар, ё бўлмаса бирдан қаҳ-қаҳ уриб кулар, ёки кўчадан кириб келаётганида худди ёш қизчалардек ариқдан лорсиллаб сакраб ўтар, ёки ўзича хиргойи қилиб юрарди.Кампирлар Жамиланинг бу қилиқларини ўзларича гап қилиб: "Ҳали болада, бора-бора қуйилиб қолади" дейишарди.

Менга бўлса янгамнинг шунақалиги ёқарди. Баъзида икковимиз олишиб курашиб, қувлашиб ҳам кетаверардик.

Жамила сарвқомат, бежирим аёл эди. Икки ўрим сочини бошига чамбарак қилиб ўраб, устидан танғиб олган оппоқ дурраси унинг буғдойранг кулча юзига шуиндай ярашиб тушар эдики, асти қўяверасиз. Жамила кулганда унинг шахло кўзларида навқирон ёшлик барқ урар, шунда у беихтиёр қаддини ростлаб овулнинг сгўх лапарини куйлаб юборарди. Овулдаги йигитлар, айниқса фронтдан қайтиб келган йигитларнинг Жамилани кўз остига олишиб, тегишиб юрганларини неча бор пайқардим. Ҳангоматалаб янгам улар билан бемалол хазил-хузул қилишарди-ю, бироқ хаддидан ошганларни таъзирини бериб қўярди. Бари бир бу менинг иззат-нафсимга қаттиқ тегар, янгамни рашк қилардим. Шунинг учун ҳам ҳалиги "безориларга" ўзимни кўрсатиб қўяй деб: "Ҳой билиб қўйинглар, бу менинг янгам бўлади-я, кўп пашшахўрда бўлаверманглар" дегандек уларнинг сўзини шартта бўлиб виқор билан ҳўмрайиб қарардим.

"Энди нима қилдик, бунинг янгаси эканку" деб йигитлар масхара қилиб кулишганида қизариб-бўзариб, азбаройи хўрлигим келганидан йиғлаб юборай дердим.Буним сезган янгам хурсанд бўлиб, кулгидан ўзини тиёлмай: "Ишларинг бўлмасин, янга деган ерда қолибдими? Юр кетдик қайним" деб улартнинг қитиғига тегар, сўнгра бошини мағрур кўтарганча дадил қадам ташлаб кетарди.

У йигитларнинг таъзирини берганидан ҳам хурсанд бўлиб, ҳам ўзига хўрлиги келиб менга қараб бир кулимсираб қўярди. Балки у : "Э тентак, янгамга кўз қулоқ бўламан дейсанми, агар бузиламан десам минг кўз қулоқ бўлсанг ҳам бузиламан.Ахир ман чумчуқ эмасманку." деган хаёлга борганмикин? Мен ҳам ўшандай вақтларда айбдор кишидек ғинг демасдим. Аммо бироздан сўнг янгам хиёл ёзилиб "Оббо кичкина болаей, жуда ғалатисанда" деб мени яна бағрига босиб пешонамдан ўпарди.

Ҳа, чиндан ҳам янгамни ҳеч кимга раво кўрмай рашк қилардим. Унинг қувноқлиги, ўзини эркин тутиши билан фахрланардим. БИз у билан жуда апоқ-чапоқ, бир-биридан ҳеч нимани яширмайдиган сирдош дўстлардек эдик. Нега шундайлигини ўзим ҳам билмасдим, ўша кезларда овулда эркаклар жуда оз эди. Шу сабабли баъзи йигитлар кўкрак кериб, баландпарвоз гапириб, "овулда мендан бошқа йигит йўқ" дегандек аёлларни назр-писанд қилишмасди. Бир куни пичан ўримида ўзига ишонганлардан бири— узоқ қаримдошимнинг ўғли Усмон— юр десам бўлди орқамдан эргашиб келаверади деб тегажоғлик қилаверган эди, у Усмонннинг қўлини силтаб юборди-да ғарам соясида ўтирган жойидан тураркан:
— Тур йўқол!— деб ўшқирди ва тескари қараб олди— Қўлларингдан модабозлик қилишдан бошқа иш келармиди— деди.

Ғарам остида талтайиб ётган Усмон қалин лабларини нафрат билан бирлаштириб тўнғиллади:
— Ола-а, мушукнинг бўйи шифтда осиғлик турган гўштга етмай пуфф сассиқ деган экан...Шунга ўхшаб кўп ноз қилаверма ичингда жон-жон деб турибсану, яна...

Жамила унга ялт эйиб қаради-да:
— Жон-жон деб турсам тургандирман, лекин пешонамга ёзилгани шу экан, нима қилай. Эй ахмоқ, бунинг куладиган жойи борми? Жон-жон дейиш у ёқда турсин, минг йил тоқ ўцам ҳам сенга ўхшаган шумшукларга назаримни солмайман. Ахмоқсан. Илгаригидек тинч замон бўлганда шундай деб бўбсан эди!— деди.
— Шуни айтяпманда. Урушнинг касофати билан қамчини емай қутуриб юрибсанда— деди истеҳзо билан Усмон кўзларини ўйнатиб тамшанаркан — Менинг хотиним бопълганингдами, нима қилишимни ўзим билардим!

Жамила лабларини дир-дир титрартиб Усмонга еб қўйгудек қаради, унга бир нарса демоқчи бўлиб оғиз жифтладию, лекин "шу ахмоқ билан айтишиб нима обрў топардим" деб ўйлади шекилли жирканиш билан "тфу" дедида ерда ётган паншахасини елкасига ташлаб индамай нари кетди. Мен бериги томонда араванинг устидан хашак тушҳираётган эдим,Жамила мени кўриши билан бошқа томонга бурилиб кетди. Янгам мени қай ахволда эканимни сезган эди. Назаримда янгамни эмас, мени хақорат қилишганларидек изза бўлиб, ғазабим қайнаб кетди. "Нега уларга ёндашасан, нега улар билан гаплашасан?" деб янгамга жоним ачидию, ичимда уни койидим.

Жамила ўша куни кечгача нохуш юрди, кулмади ҳам, гапирмади ҳам. Мен шоти аравани ҳайдаб ғарам олдига борганимда, Жамила аятайлаб мени гапирмасин деб ишга алахситиб, дилини ўртаётган ўй фикрларини яширишга харакат қилди. У паншахасини каттакон пичан ғарамига санчди-да, худди тоғни ағдараётгандек уни ердан шарт кўтариб юзини яширганча ғайрат билан пичанни арвага отаверди. Ундан узоқлашар эканман, қайта-қайта орқамга қайрилиб қарардим: янгам паншаха дастасига суяниб бироз хомуш турар, ўйланиб қолар, кейин яна ишга тушиб кетарди.

Мен аравага охирга марта пичан босар эканман, Жамиланинг ботиб бораётган қуёшга узоқ тикилиб турганини пайқадим. Қуёш дарёнинг нариги ёғида, қозоқ дадштларининг аллақаерида ўт ёқилган тандирнинг оғзидек алангаланиб холдан тойиб, осмонда сузиб юрган паға-паға булут парчаларини қизғиш рангга бўяб, бинафшаранг даштликка сўнгги суълаларини сочиб аста-секин йфқ орқасига ўтиб борарди. Жамила қўли билан қуёшни тўсиб, ўша томонда ажиб бир манзара бордек, кўзларини узмай кулимсираб қараб турарди.

Энди унинг чехраси очилиб, кулимсираб қараб турарди. Ўшанда Жамила менинг айтмаган лекин йиурагимда тугилиб, тилим учида турган: "Нега уларга ёндошасан, нега улар билан гаплашасан" деган таънамга жавоб бераётгандек:
— Ҳалиги гапларимни кўнглингга олма кичкина бола — деб қўйди, энг яқин сирдоши билан гаплашаётгандек — Усмон ҳам одамми? Ит ҳам бир, у ҳам бир. — Жамила ботиб бораётган қуёшдан кўзини узмай индамй қолди, кейин гўё менга эмас, ўзига гапираётгандай шундай деди — Бундай кишилар кўнглингдагини билармиди...Буни ҳеч ким билмайди.Худо билсин, бундай эркаклар дунёда йўқдур ҳам!

Мен аравани қайтаришга ҳам улгурмасдан қарасм, Жамила аллақачон нариги томонда ишлаётган келинлар олдига югуриб бориб, улар билан чақчалашиб, қувалашиб юрибди. Оловдек товланиб турган кечки шафаққа қараб кўнгли очилдими, ёки бугун яхши ишлаганидан хурсанд бўлдими, ҳар қалай кўнгли чоғ эди. Ҳашак ортилган арава устида ўтирар эканман, Жамиланинг қўлларини кенг ёзганча, оппоқ дуррасини хилпиратиб чопиб бораётганини кўриб кўнглим анча таскин топди "Ҳа, Усмон ўзи киму, унинг сўзи нима бўларди?"
— Чух жонивор, чух! — деб отга қамчи урдим.Бригадир Ўрозмат айтганидек сочимни олдириб кетайин деб, отамнинг устахонадан қайтишини кутдим. Лекин у кулгунча бекор ўтирмай деб Содиқ акамнинг хатига жавоб ёздим.

Дарвоқе, хат ёзишда бизларнинг ўзимизга хос бир таомилимиз бор. Ҳарбийдаги акаларим хатни отамнинг номига ёзишарди,почталон эса уларни онамга берарди. Xатларни ўқиб бериш, уларга жавоб ёзиш менинг вазифам эди.Хатни ўқий бошлашим биланоқ унда нималар ёзилганини дарров билиб олардим. Чунки ҳамма хатлар эгиз қўзилардек бир-бирига ўхшарди. Содиқ акам ҳар доим хатни "Соғинчли салом хат" деган сўздан бошларди. Кейин "йетиб маълим бўлснки, у томонда, яъни гуллаб-яшнаётган Толоснинг салқин ҳавосида ўйнаб-кулиб юрган жондан азиз, меҳрибон отажоним Йўлчибойга" — деб саломни отамдан бошларди, кейин катта ойимни, сўнгра ишчан ойимни, ундан кейин қавм-қариндошларимизниг соғлиғини сўраб, энг охирида "шунингдек хотиним Жамила ҳам соғ-омон юрибдими?"деб бир оғиз қистириб ўтарди.

Ота-онаси, қавм-қариндошлари турганда дастлаб хотинини эсга олиш, хатни унинг номига ёзиш одобдан эмас албатта, бу нарса фақат Содиққа эмас, балки, умуман эркак зотига тўғри келмайди. Бироқ из шу икки энлик хат олиб турганимизга ҳам шукур қиламиз.Овулдаглар учун бу бир катта бахт эди. Ойим хатни менга икки-уч марта ўқитиб олгандан кейин, қозон-товоқ, иссиқ-совуққа урилавериб ёрилиб кетган қўлларига олиб, гўё учириб юбориишдан қўрққандек уни авайлаб учбурчак қилиб буклаб қўярди.
— Э тумордек хатларингдан онанг айлансин — дерди у кўзига ёш олиб, оғир хўрсиниб — Ота-она, қариндошларнинг ахволини сўрайди-я! Ахир биз уйдамиз-ку, бизни жин урармиди? Бахтимизга ишқилиб, сизлар омон бўлинглар, Xудо ўз паноҳида сақласин, икки энлик хат ёзиб: соғ-саломт юрибман деб қўйсаларинг шунинг ўзи ҳам катта ғанимат. Ойим хатга яна бироз термулиб қараб турарди-да, сўнгра уни сандиқдаги хатлар сақланадиган халтага яшириб қўярди.

Агар шу пайт Жамила уйда бўлса у ҳам хатни бир карра ичида ўқиб чиқарди. Жамила ҳар сафар хатни қўлига олиши билан ўз-ўзидан қизишиб кетар, уни ҳарислик билан тез-тез ўқий бошларди.Лекин хатнинг охирига яқинлашган сайин юзидаги қувонч алангалари сўниб, ранги ўчиб, қошлари яна чимирилиб қоларди. Баъзида хатни охиригача ўқиб чиқишга ҳам сабри чидамай, ҳафсаласи пир бўларди-ю ғинг демасдан, гўё қарз олаётган нарсасини қайтариб бераётгандек бўшашиб хатни ойимнинг қўлига тутқазарди.

Хат сақланадиган халтачани сандиққа беркитаркан, келинининг тумшайиб қолганини пайқаган ойим унга тасалли берган бўларди:
— Xабар келганида қувониш ўрнига хафа бўлганинг нимаси, болам. Ёки фақат сенинг куёвинг аскарликка кетганми? Барчага баробар мусибат, сабр қил...Кўз очиб кўрган ёрини ким соғинмайди, соғинсанг ҳам ичингда сақла.

Жамила бўлса миқ этмасди. Лом-мим демаса ҳам паришон чехраси гўё "Эҳҳ, кошки эди тушунсангиз!" деяётгандек бўларди.

Содиқ акам бу хатини ҳам Саратовдан — госпиталдан ёзган эди. Xудо хоҳласа кузнинг ўрталарига бориб қоларман, дебди. Илгари ҳам шундай деб ёзганида биз жуда қувонган эдик.

Отам ишдан қайтгач тезда сочимни олдирдиму, уйда қолмай отларни бедазорга қўйиб юбордимда, ўзим ҳар кунгидек хирмонда тунадим. Раисимиз молларни бедазорга ёйишга рухсат бермасди, бироқ мен отларим яхши тўйсин деб кўздан овлоқ жойдаги бедазорга тушовлаб қўярдим, буни ҳеч ким билмасди. Бу сафар аравани хирмонда қолдириб борсам пастликда яна тўрт от ўтлаб юрибди. Жаҳлим чиқиб уларни чеккароқ жойга ҳайдаб юбормоқчи бўлдим. Бироқ отларнинг иккитаси бригадир айтган ўша Дониёрники эканини таниб қолдим. Мен, эртадан бошлаб баримиз бир бригада бўлиб стансияга қатнай бошлаймиз, деган ўй билан отларга текканим йўқ. Сўнгра хирмонга келсам Дониёр ҳам шу ерда экан. У эндигина аравасининг ғилдиракларини мойлаб бўлиб, ўқнинг гайкаларини бураётган экан.
— Дониёр ака, отлар сизникими? — деб сўрадим ундан.

У менга бир қараб қўйди-да:
— Иккитаси меники — деди.
— Қолган иккитасиcи?
— Ҳалиги, оти нима эди, Жамиламиди, ўша келинники. Айтмоқчи у сенинг янганг бўладими?
— Ҳа, янгам бўлади.
— Бўлмаса, бугун кечаси Сеит қараб турсин, деб бригадирнинг ўзи ташлаб кетди.

"Яхшиям уларни ҳайдаб юбормаган эканман-а" деб қўйдим ичимда.Кеч кириб, тоғдан эсган майин шабода ҳам тиниб, хирмон жимжит бўлиб қолди. Дониёр ҳам келиб мен ётган сомон устига ёнбошлади. Лекин кўп ўтмай яна ўрнидан турдида, сой бўйи томон кетди. У тик жар ёқасига бордида, бошини сал қийшайтириб, қўлларини орқасига қилганча туриб қолди. Орқасидан қараганда унинг гавдаси ой ёруғида кўзга аниқ ташланиб турарди.

Дониёр афтидан, мудроқ, сокин тун уйқусини бузиб, тошлардан-тошларга урилиб шариллаб оқаётган сой сувининг мусиқий оҳангини ё бўлмаса бошқа бир қулоқ илғамас товушларни тинглаётгандек қимир этмай турарди.

"Одатича сой бўйига бориб тунамоқчи шекилли" деб кулиб қўйдим ўзимча. Дониёр овулимизга яқиндагина келганди. Пичан ўроги эндигина бошланган кезлар эди. Бир бола чопиб келди-да, овулга бир ярадор аскар қайтди, лекин кимлигини ўзим ҳам билмайман, деб қолди. Овулда биров аскардан қайтиб келгудек бўлса, кўргани ҳамма ёпирилиб борарди. Аммо бу сафар фронтдан келган кишининг насл-насаби номаълум бўлгани учун, ўроқчилар тозаям шов-шув кўтаришди.
— Бегона дейиҳадику.
— Бегона бўлса бизнинг овулга келармиди?
— Шуни айт-а?

Шундай қилиб, у ким экан, ўзимизнинг қариндош-уруғимизда битта-яримтасининг боласи бўлмасин тағин, дейишиб бир тўда одам овулга ҳам бориб келишди. Кейин билишса Дониёр асли шу ерлик экан. У ёшлигидан этим қолиб ҳар кимларнинг эшигида юрган, охири Чақмоқдаги қозоқ тоғалариникига кетиб қолган, шу-шу болани излаб боргудек биронта ҳам жонкуяри бўлмаган экан. Шундай қилиб у эл-уруғининг ёдидан ҳам чиқиб кетган экан. Овулдан кетиб қолгандан кейинги ҳаёти тўғрисида эса Дониёр унчалик ёзилиб гапирмаганмиш. Бироқ хозир ўйлаб кўрсам, унинг тортмаган азоб-уқубатлари қолмаганга ўхшарди.

Турмуш бу болани не кўйларга солмаган, тирикчилик дардида у қаерларга бош урмаган. Дониёр кўп вақт Чақмоқ даштида қўй боқиб юриб, вояга етгач жазирама чўлларда канал қазиган, янги тузилган пахта совхозларида пахта экиб, экин суғориб, охири тошкент яқинидаги Оҳангарон шахталарида ишлаб, ўша ердан ҳарбийга кетган эди.

Хуллас, Дониёрнинг ҳарбийдан қайтиб келганига овулдагилар хурсанд бўлишганди, бечоранинг туз-насибаси узилмаган экан, мана охири ўз элига қайтиб келди! Шунча йил четда юрса ҳам тилимизни эсдан чиқармаптия. Биропқ тили сал-пал қозоқчага тортиб кетади, дейишарди.

"От айланиб қозиғини топади деганлар. Туғишган ер,ел-юртни унутиш осонми? Келганингга биз ҳам, ота-боболарингнинг арвоҳи ҳам хурсанд. Гирмонни енгиб, тинчлик бўлса сен ҳам уй-жой қиларсан, бола-чақали бўларсан" — дейишарди кексалар. Улар Дониёрнинг етти пуштини суриштириб, унинг қайси уруғдан эканлигини, овулдаги баъзи бир туғишганларининг ким эканлигини ҳам айтиб беришди. Xуллас, овулдагилар "Дониёр дунёга янги келгандек бўлди" дейишадиган бўлишди.

Орадан кўп ўтмай бригадир Ўрозмат шинелини елкасига ташлаб, чап оёғига сал оқсоқлаган новча, бўйни узун бир кишини эргаштириб келди. Ёрга байталини гижинглатиб келаётган пакана Ўрозматнинг ёнида ҳалиги новча аскар салмоғини ўнг оёғига солиб, орқада қолмай, тез-тез юриб келарди.

Бизлар, пичан ўрадиган машинада ишлаётган болалар Дониёрни биринчи кўришимиз эди. Дониёр яраси яхши битиб кетмаганидан оёғини буколмасди. Уни ўроққа ярамйдиган бўлгани учун биз билан бирга машинага қўйишди. ростини айцам, биз уни аввалига унчалик ёқтирмадик. Чунки Дониёр жуда одамови эди, гапиришганда ҳам унинг бутунлай бошқа, фақат ўзигагина маълум бўлган нарсалар хақида хаёл сураётгани, кишига тикилиб турса ҳам кўнгли бутунлай бошқа ёқда эканлиги сундоқ сезилиб турарди. У оғир хаёлга ботгандай анграйиб турарди.Буни пайқаган кишилар "Бечора фронтдан кейин ҳали ҳам ўзини ўнглаб ололмаса керак" деб юришди. Лекин Дониёрнинг ўзини тутишига, қўли-қўлига тегмай ишлашига, харакатчанлигига қараб уни очиқ-ёриқ, ақлли, гапга чечан экан, деб ўйлайсан киши. Балки етимлик азобини кўп тортганидан у меҳнатчан, лекин камгап, сир-асрорини ҳеч кимга айтмайдиган бўлиб қолганмикин? Эҳтимол шундайдур. Серсавлат, бўй басти келишган Дониёрнинг жағи бир-бирига ёпишиб кетган, қовоғи сира очилмас, кўзлари бир хилда ғамгин боқарди. Фақат доим учиб турадиган қошлари унинг юзига хусн бериб турарди. Гоҳо-гоҳо у қандайдир сирли товуш эшитгандек хушёр тортар, қошлари учиб, гўё бир нарсадан хурсанд бўлгандек кўзлари ярақлаб кетарди. Лекин биз унинг сабабини билмасдик. Бугина эмас, унинг бошқа қизиқ одатлари ҳам бор эди. Қош қорайганда отларни аравадан чиқариб, овқат қачон тайёр буларкин деб ўчоқ атрофида дам олар эдик. Дониёр бўлса ёнимиздаги Қоровултепага чиқиб, қоронғу тушгунга қадар ўша ерда ўтирарди.

" У ерда нима бор экан? У кимни қўриқлайди, нимани қўриқлаяпти?" деб кулишардик биз. Кунлардан бирида мен ҳам қизиқиб унинг ёнига чиқиб ўтирдим. Бу ерда айтарлик ҳеч нарса йўқ эди. Тоғ этаклари бўйлаб ястаниб ётган бепаён даштлик чуқур денгизга чўкиб бораётгандек, оқшом қўйнида йўқолиб борарди. Дониёр менинг келганимга парво қилмади. У чехраси ёришиб, бир тиззасини қучоқлаганича хаёл суриб ўтирарди. У мен англаб етмаган, маъносига тушунмаган аллақандай сирли товушларни бутун вужуди билан берилиб тинглаётгандек туюларди. Баъзан қошлари чимирилиб, кўзлари чақнаб, кучи танасига сиғмаётгандек тўлғонар, гўё ўрнидан ирғиб туриб қулочини ёзганча бутун борлиқни кўксига босиб қучоқламоқчи бўлаётгандек туюларди. Бир қарасанг қаттиқ чарчаган одамдай бўшашиб, ғамгин бўлиб қоларди.

Хўжалигимизнинг пичан ўрадиган машиналари буралиб-буралиб оқаётган каттакон Гуркиров сойининг бўйларида худди шу Гуркиров сойидек гуркираб юрарди. Пичан ўроғи сойларнинг тўлиб-тошиб оқаётган даврига тўғри келди. Тошдан-тошга урилиб, кўпикланиб, пишқириб оққан сув кеч кириши билан яна кўпаярди ва ярим кечага бориб шариллаб оққан овзидан капада ётган еримда уйғониб кетардим. Қаймоғи олинган сутдек осмонда муздек шабада ғир-ғир эсиб, кўкдаги юлдузлар шуъла сочиб мўралаб турарди. Тун оғушида ҳайқириб оққан сой сувининг тўлқини яна ҳам кучлироқ сезилиб, гўё устимизга босиб келаётгандек туюларди. Биз қирғоқдан олисда бўлсакда капамизни сув оқизиб кетмасмикин, деган ваҳима кўнгилга беихтиёр ваҳима соларди. Дўстларим ҳеч нарсадан бехабар донг қотиб ухлашарди. Мен ташқарига чиқиб кетаман.

Тунда сой бўйи ҳам кўркам ҳам ваҳимали бўлади. Ўтлоқнинг у ер, бу ерида ўтлаб юрган отлар қорайиб кўринарди. Ҳаммаёқ жимжит. Отлар шабнам инган ўтларга тўйиб, дам-бадам пишқиришар ва енгил мудрашарди. Сал нарида Гуркиров суви қутуриб, майда тол новдаларини эгиб, тошларни юмалатиб, сокин тун жимлигини бузиб, гўё ер қаъридан отилиб чиқаётгандек даҳшат билан шариллаб оқарди. Шундай кечаларда мен доим Дониёрни эслардим. "Дарвоқе, Дониёр қаерда қолди экан?" деб сўрардим ўзимдан-ўзим. У доим ўзи якка сув бўйидаги пичан ғарамлари устига бориб ётарди. "Нима бало у кечаси қўрқмайдими? Сувнинг шариллашидан қулоғи битмайдими? — деган фикр хаёлимдан ўтарди — У хозир ҳам ухлаётганмикин, ё уйғоқмикин. Тавба, ёлғиз сув бўйига бориб ётишнинг нима хожати бор экан, нима ҳаловати бор? Қизиқ сира одамларга қўшилмайди-я. У хозир қаерда экан? — деб атрофга назар ташлаб, қулоқ соламан, ҳаммаёқ жимжит.

Қирғоқ бўйлаб чўзилиб кетган тоғ этакларига қоронғулик чўкмоқда, осмоннинг у ер-бу ерида юлдузлар милтиллаб кўринмоқда. Овулга келганига бир неча кун бўлса ҳам ўзини четга тортиб, ҳеч кимга қўшилмай юрган Дониёр ошна-оғайни орттира олмади. Бировга ёндошмас, жанжаллашиш, тортишиш нима эканлигини билмас, бировга яхши ҳам гапирмас, ёмон ҳам гапирмас эди. Овулга яхшилик ҳам қилиб, ёмонлик ҳам қилиб, йиғилишларда сўзлаб, тўй-маъракаларда қариялар билан ёнма-ён ўтириб, элнинг иссиқ-совуғига аралашиб юрган ўктам йигитлар қадр-қимматли бўлиб дарров оғизга тушадиган, хотин-қизларимизнинг назарига илинадиганлар ҳам шулар бўларди.

Дониёрга ўхшаб эртадан-кечгача тер тўкиб ишлайдиган, лекин ўзини бошқалардан четга олиб юрадиган, ўзи билан ўзи бўлиб, бировга фойдаси ҳам, зарари ҳам тегмайдиган кишилар тўғрисида "Бир амаллаб кун кўриб юрган бечора-ку" дейишарди. Бизларга ўхшаган ўзибилармон, маҳмадона болалар эса ҳалигидек чинакам, асл йигитлардек бўлишни хавас қилиб, Дониёрни юз-кози олдида бўлмаса ҳам, орқасидан мазах қилардик. Уни кўйлагини ўзи ювганига ҳам кулардик. У ҳарбийдан битта кўйлак билан келганлиги учун ҳам, уни қурир-қуримас кийиб оларди. Бироқ қизиғи шундаки, Дониёр мўмин-қобил бўлса ҳам, биз у билан бемалол, ботиниб гаплаша олмасдик. Гап унин катталигида эмас эди, албатта. Чунки у, нари борса акаларим билан тенг эди. Шунинг учун ҳам биз у билан сансираб гаплашардик. Нима, ўзимизни пастга урармидик. Гарчи Дониёр улуғсфат бир одам бўлмасада, унинг шундай ҳеч ким билан гапиришмай, вазмин юришида қандайдир бир хосият бордек, шўх, шайтон болалар ундан хайиқиб туришарди.

Бунга қисман ўзим ҳам сабабчи бўлдимми дейманда. Чунки мен одамлардан, айниқса фронтга бориб келганлардан кўрган билганларини ипидан-игнасигача гапириб беришларини илтимос қилиб, уларни хол-жонига қўймасдим, саволларни ёғдириб юборардим. Шунинг учун ҳам "Сеит хира" деб лақаб орттирганман.

Дониёр келган дастлабки кунларда мен ундан уруш тўғрисида кўп нарсаларни сўраб, билиб оламан деб юрдим. Бир куни ишдан сўнг гулхан атрофъида овқат ичиб, дам олиб ўтирганимизда Дониёрдан сўраб қолдим:
— Дониёр ака уруршда кўрган-кечирганларингдан бир гапириб бермайсанми?

Дониёр ҳадеганда гапира қолмади. Чамамда менинг бу гапим унга ёқмади шекилли.
— Уруш дейсанми — деди у ва худди ўзига жавоб бераётгандек қўшиб қўйди — Урушнинг номи ўчсин, билмаганларинг яхши!

Донииёр нарида ётган хашакдан катта бир тутам олиб гулҳанга ташлади ва оловни тез-тез пуфлаб ёндирди-да ҳеч кимга қарамай қўлларини ўтга тоблай бошлади. У алангаланиб ёнаётган оловга тикилганча узоқ жим қолди. Дониёрнинг нега бундай қилганини ким билсин, лекин унинг ўша икки оғиз шу гапидан ҳам урушни эртакдек эрмак қилиб гапириб бўлмаслиги,у одамнинг юрак-юрагига сингиб кетиши, у ҳақда гапириш ниҳоятда оғир эканлиги шундай сезилиб турарди. Уялганимдан бошимни ердан кўтара олмадим. Шу-шу Дониёрдан уруш ҳақида сўрамайдиган бўлдим. Болалар ҳам унга тегажоғлик қилмайдиган бўлишди.

Бироқ кўриниши тунд, одамга аралашмайдиган Дониёр ўзича якка юравергани учун унинг ҳарбийдан келганлигини қизиғи ҳам қолмади. Қай бир кишилар "Шунчаки бир одамда" дегандек қилиб уни назарига илмас, бошқа бировлар эса ундан рўйи-рост кулиб, кўпчилик эса раҳми келиб: "Бошпанасиз, бир амаллаб жон сақлаб юрган бир ғарибда...Хўжаликнинг далада берадиган иссиқ овқати бўлмаса тентираб кетиб қолармиди...ўзиям қўйдек юввош экан..." деб ачиниб гапиришарди.Бора-бора кишилар Дониёрга кўникишди шекилли, уни бошқа гап қилмайдиган бўлишди.Одамларнинг у билан иши бўлмай қўйди.

Эртаси сахарлаб Дониёр иккаламиз отларни хирмонга олиб келдик, шу пайт Жамила янгам келиб қолди. У бизни кўриши билан узоқдан қичқирди:
— Эй кичкина бола, қайсиси мени отларим, бу ёққа хайдаб кел.Хомутлари қани? — деб умри бўйи аравакашлик қилган одамдек, ғилдираклари жойидамикин дегандек тепиб кўрар, уёқ бу ёғини чинчиклаб кўздан кечирарди. Биз Дониёр билан отларни етаклаб хирмонга яқинлашиб келганимизда иккаламизнинг афту-ангоримиз Жамилага ғалати кўринди шекилли, у бир кулимсираб қўйди. Дониёрнинг узун ва ориқ оёқларидан қўнжи кенг солдатча этиклари чиқиб кетгудек бўлиб шалвираб турарди. Мен бўлсам қорайиб, тошдай қотиб кетган оёқларим билан отни ниқтаб келардим.
— Ўхшатмагунча учратмас, деганларидек жуда топишибсизларку — Шу-шу гўё бизнинг жиловимизни қўлига олгандек, у буйруқ қилаверди: — Қани тез-тез бўлинглар, урушда туриш йўқ. Эртароқ салқинда жўнай қолайлик. — деб отларини аравага қўша бошлади.

Жамила Дониёрни бори ҳам, йўги ҳам билинмайди дегандек, уни назарга илмасди. Гапиришса ҳам мен билан гаплашарди. У биздан қолишмай елиб-югуриб ишларди. Жамиладаги бу жасорат, айниқса ўзини катта олиб гапириши Дониёрга қаттиқ теккандек бўлди. Дониёр чаккаси тиришиб, уни ҳам ёқтирмагандек, ҳам ҳайратда қолгандек, тумшайиб тескари бурилиб олди. Жамила буни пайқагани ҳам йўқ. Дониёр тарози устидаги қоплардан бирини индамай даст кўтариб аравасига ташлаганда Жамила унга ёпиша кетти:
— Бу нима қилиқ ҳар ким ўз билганича ишлайверадими? Қани қўлингни бер, қўллашганни Xудо қўллайди. Ҳой кичкина бола аравага чиқ қопларни жойлаштир!

Жамила Дониёрни қўлидан шартта ушлаб қопларни икковлашиб кўтарганида Дониё уялганидан қип-қизариб кетди. Шундан кейин ҳам улар қопларни қўллашиб кўтариб босишди. Қўллари бир-бирига чирмашиб қоп устидан аста сирпаниб тушаркан Дониёр ўнғайсизланиб унга қарамсликка ҳаракат қиларди. Жамила бўлса парвойипалак, ҳар сафар тарозибон хотинниг ёнига келганида у билан хазил-хузул қилиб хиринг-хиринг кулишарди. Жўнаш олдидагина, у кўзини бир қисиб қўйиб Дониёрга:
— Ҳой йигит, исминг нима, Дониёрмиди, кўринишдан эркакка ўхшайсанку, қани йўл бошла! — деди.

Дониёр бу сафар ҳам миқ этмади, Жамилага чўчигандек бир қараб қўйди-да, аравани ҳайдаб кетди. "Оббо шўринг қурғурей, мунча уялмасанг" деб ачиниб қўйдим унга.

Йўл олис, даштдан йигирма чақиримча йўл босиб, Қоратоғ дарасидан ўтиб стансияга бориш керак.

Шунис яхшики хирмондан то стансиягача йўл қиялаб боради, отларга ҳам енгил эди. Улуғтоғ тоғнинг этагидаги кўм-кўк дарахтлар ичига кўмилган овулимиз то дарадан чиқиб кетгунча аниқ кафтдагидек кўриниб турарди. Даранинг этагидан эса темир йўл кесиб ўтади.

Шундай қилиб биз стансияга ҳар куни галла ташиб юрдик. Овулдан эрталаб чиқиб сатансияга пешинда етиб борамиз. Тақир йўлдаги шағал арава ғилдираклари остида ғичирларди. Кун исиган сайин отларнинг яғринларидан тер қуйилиб оқарди...

Саратоннинг жазирама қуёши ҳаммаёқни қовжиратиб куйдиради.Стансияга келсанг от-аравани кўплигидан қадам босолмайсан. Тоғ этагидаги узоқ хўжаликлардан эшак ва хўкизларга ғалла ортиб келган болалар билан хотинларнинг кийимлари тердан шўри чиқиб, чанг босган бетлари қорайиб куйиб, шамолдан лаблари ёрилиб, ялангоёқ, ялангбош хориб-толиб келардилар. Заготзернонинг ховлиси қий-чув бўлиб, унинг дарвозасига "Ҳамма ғалла фронт учун!" деган шиор ёзиб қўйилганди. Пахса билан айлантириб олинган пастқам ховлининг ташқарисида вагонларни бир-бирига улаб юрган паровоз қайноқ буғ чиқариб, қумурсқадек тинмай харакат қиларди. Сал нариден поездлар қулоқни кар қилгудек бўкириб ўтишарди. Xудди дарвоза олдига чўктирилган туялар ўрнидан тургиси келмай, жини қўзиб кўпик сочиб овозини борича бўкирарди.

Каттакон коппоннинг ичига ғалла тоғ-тоғ қилиб уйиб ташланган. Ғалла солинган қопларни орқалаб тахта трапдан ана шу уюмларнинг тепасига олиб чиқиб тўкиш керак. Коппоннинг қизиган томига чиққан бўёқ аралаш темир хиди буғдой чанги билан бирга қўшилиб димоқни қичитарди.

Уйқусизликдан кўзлари қизариб кетган омборчи пастга қўлини пахса қилиб сўкинарди:
— Ҳой бола, кўзингга қара, устига опчиқиб тўксанчи!

У нега сўкинади? Сўкинмаса бўлмайдими? Ўша ерга олиб чиқиб тўкиш кераклигини ўзимиз ҳам биламизку.

Биз бу ердагина эмас, балки даланинг ўзида ерга дон ташланган кундан меҳнат қиламиз. Ёш-яланг, хотин, болаларимиз ёз бўйи тинмай парвариш қилади, комбайнчиларимиз ҳар куни юз марталаб бузиладиган, шарти кетиб

қолган комбайнни бир нафас ҳам тўхтатмай, саратоннинг жазирама кунларида ҳам даладан чиқишмайди. Xозир ҳам далада ўроқчилар тонг сахардан қоронғи кечгача зирқираб оғриган белларини ёзолмай ғалла ўрмоқдалар. Бир қарич болалар битта бошоқни ҳам қолдирмай териб олмоқдалар, ўша кунларда биз барча топган-тутганимизни фронтга жўнатамиз. Бу бизнинг ғалабага қўшган тер билан қонимиздир.

Ҳали-ҳали эсимда, ёш бола эканман, забардаст йигитлар кўтарадиган катта-катта қопларни елкамга ташлаб, унинг бир бурчагидан маҳкам тишлаб трапдан юқорига чиқар эканман, қовурғаларим майишиб кўзларим тиниб кетарди. Қадам сайин трапнинг тахталари эгилиб,коппон ичидан кўтарилаётган чанг аралаш ғубор ўпкани қисарди. Неча марта холдан тойиб, орқамдан сирғалиб тушиб бораётган қопни елкамдан ирғитиб, ўзим ҳам сакраб юборгим келарди.Лекин орқамдан ҳам қоп кўтарган одамлар келарди. У ҳам менга ўхшаган бир ёш боладир, ёки тушиб чиқиб юрган аёлларнинг биридир. Агарда уруш бўлмаганида бундай оғир юкни уларга ким кўтартириб қўярди? Шундай оғир ишга аёллар дош бераётганида нолишга ҳаққим борми?

Ана олдинда Жамила янгам бораяпти. Этагини қистириб олган, унинг буғдойранг чиройли оёқ мускуллари таранг тортилиб, пайлари узилиб кетгудек бўларди. У гўё юкини енгиллатаётгандек букилиб, эгилиб оғир қадам ташлаб борарди. Гоҳ-гоҳ у менинг холдан тойиб бораётганимни сезгандек тўхтаб қолардида:
— Бошашма кичкина бола, оз қолди — деб қўярди. Бироқ ўзи ҳам қаттиқ чарчаганидан овози бўғилиб чиқарди.

Буғдойни тўкиб орқага қайтаётганимизда доим Дониёрга дуч келардик. У одати бўйича ҳеч кимга қўшилмай, салмоқ билан оёғини оқсоқлатиб борарди. Биз унга ёндошганимизда, оғир тортган бўйнини чўзиб,қистирилган кўйлагининг барини ёзиб келаётган Жамилага қовоқ остидан тикилиб ўтарди. У Жамилани худди биринчи марта кўраётгандек ҳамиша ана шундай тикилиб қарарди. Лекин ЖАмила бунга сира эътибор бермасди. Бирга ишлаганимиздан буён уларнинг бирон марта ҳам очилиб гаплашганини кўрганим йўқ. Жамила баъзан шунчаки хазиллашиб, тегишиб кулиб гапирса,

баъзида мутлақо иши бўлмасди, бу унинг кайфиятига боғлиқ эди. Ҳуши келса йўлда келаётиб Жамила менга: "Қани чух де, кичкина бола, кетдик!" дер эди-да, ўтирган еридан сапчиб туриб, қийқириб қамчини ўйнатганича аравани ҳайдаб кетарди. Мен ҳам ундан қолишмасдим, ҳаш-паш дегунча олдинда бораётган Дониёрни қувиб ўтиб кетардик. Дониёр орқада чанг-тўзон ичида қоларди. Аслида бу хазил бўлсада, лекин бундай хазилга ҳаммаям чидайвермасди. Бироқ Дониёр ғинг демас, ранжимас эди. Биз чанг-тўзон кўтариб, унинг ёнидан тасир-тусур қилиб ўтиб кецак ҳам, у гўё айбдор кишидек мулойимгина кулимсираб, аравада тик турганича отларга устма-уст қамчи босиб бораётган Жамилага ажабланиб, индамай қараб қоларди. Унинг жаҳли чидмикин деб орқамга қайрилиб қараганимда, чанг қуюни ичида қолган Дониёрнинг мамнун бўлгандек Жмиладан кўзини олмай тикилиб турганини пайқардим. Унинг бу қарашида ўта кўнгилчанлик, олижаниблик билан бирга юрагини куйдираётган аллақандай сирли бир хасрат борлиги сезилиб турарди. Жамиланинг бу қилиқларини, истехзоли кулишларини, ёнида гўё месимагандек индамай ўтишларини Дониёр ҳечам кўнглига оғир олмас, барига чидаб, бир оғиз сўз қайтармас эди.

Баъзида Дониёрга раҳмим келиб:
— Қўйдай юввош одамни дилини оғритганинг нимаси, янга — десам, Жамила менга:
— Ке қўй, шуни гапирма — деб қолини силтаб кулиб қўярди.— Э, шунчаки бекорчиликдан хазиллашдимда, нима бирон жойи камайиб қолармиди?

Бора-бора янгамга қўшилиб мен ҳам хазил-хузул қиладиган бўлдим. Чунки Дониёрнинг Жамилага маъноли тикилиб қарашлари менга ғалати туюла бошлади. Айниқса Жамила қоп кўтарганида Дониёр кўзининг қири билан унга тикилиб қоларди. Ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлиб, кўпчилик иш билан алахсиб буни пайқамайди, деб ўйлайди шекилли. Аравакашлар қийқириғи от-араваларнинг кўплигидан стансиянинг худди бозорга ўхшаб кетган тўс-тўполон ховлисида Жамила қанчалик қийналмасин, сира бўш келмай елиб-югуриб ишлаганидан, қаҳ-қаҳа уриб кулганидан у ҳаммадан ажралиб, кўзга яққол ташланиб турарди. Жамила арава четига қўйилган қопларни кўкрагини кериб елкасига оларкан, қоп-қорқ қўнгир соч ўримлари ерга тегай-тегай деб кетар, салмоқ билан орқасига бурилганида эса, қисиқ кўзларининг қорачиқлари киприклари орасидан ялт этиб кўринарди. Ўшанда қоп кўтарган Жамила коппоннинг эшигига етгунига қадар Дониёр уни зимдан кузатиб қоларди. Мен буни пайқаб юрардим, ҳадеганда кўнглимга олмай юрган бўлсам ҳам лекин кейинчалик Дониёрнинг янгамга бундай кўз ташлаб юриши менга ёқмади, ҳатто иззат нафсимга теккандек бўлди. Ҳеч кимга раво кўрмай қизғаниб юрсаму, Жамилага бошқалар қолиб Дониёрбой кўз тикса-я. "Дониёрки Жаимлага кўз тикдими, бошқалардан хафа бўлмасам ҳам бўларкан. Тавба!" дердим жаҳлим чиқиб ўзимга-ўзим.

Энди Дониёрни мўммин-қобил йигит деб айтмоқ у ёқда турсин, ёмон кўра бошладим. Шундан кейин мен яна янгамга қўшилиб уни масхара қила бошладим. Аммо бу хазилимизнинг таги зил бўлди.

Галла ташиб юрган қопларимиз орасида олачадан тикилган етти пудлик катта бир қоп бор эди, ҳамиша янгам икковимиз уни коппонга олиб бориб, уни ерга тўкардик, чунки уни бир киши кўтаролмасди. БИр куни хирмонда араваларга юк ортаётиб янгам билан бирга ҳалиги катта қопни Дониёрнинг аравасига ташладикда, устидан бошқа қопларни бостириб қўйдик. Қани нима қилар экан, деб ўйладик ўзимизча.

Хирмондан кун чиқарда жўнаб кетдик. Йўлда рус қишлоғида бировнинг боғига кириб Жамила икковимиз олма оғирлаб чиқдикда, йўл-йўлакай қаҳқаҳлашиб, кулишиб кетдик. Жамила бора-боргунча Дониёрга " Илиб ол! " деб олма отиб борарди. Олма тугагандан сўнг биз одатдагича уни чанг-тўзон ичида қолдириб, анча узоқлашиб кетдик. Дониёр дарадан чиқишдагина бизни қувиб етди. Темир йўл берк экан, унинг очишини кутиб туришга тоғри келди. Бу ердан то стансиягача бирга келдик. Бу орада ҳалиги етти пудлик қоп ёдимиздан кўтарилиб кетибди, ҳаёлимизда ҳеча гап йўқ ғаллани ташиб бўлай деб қолдик. Бир маҳал Жамила биқинимга туртиб, Дониёрни кўрсатиб бир кулиб қўйди. Дониёр арава устида турган экан. "Буни нима қилсам экан?" дегандек ҳалиоги катта қопнинг у ёқ бу ёғига қараб турарди. Сонгра у Жамиланинг қиқир-қиқир кулаётганини пайқаб қолиб, бизнингсинамоқчи бўлганимизни сезди шекилли, қип-қизариб кетди.
— Ҳой, иштонингни баланд кўтар, тушиб кетмасин, тағин— деб қичқирди Жамила.

Дониёр унга бир ўқрайиб қаради-да, қопни нари-бери суриб араванинг чатига келтирди, сўнгра уни бир қоли билан суяб туриб аравадан сакраб тушди. Ҳаш-паш дегунча бўлмай зилдек қопни бир силтаб елкасига олдида, коппон томон юра бошлади. Биз қани нима қилар экан деб, ўзимизни гўлликка солиб сир бермай турдик, бошқалар ҳам унга парво қилишгани йўқ. Ҳаммаям қоп кўтариб юрибдида, ким билан кимнинг иши бор дейсиз. Аммо Дониёр трапга яқинлашганида Жамила унинг орқасидан югуриб кетди:
— Буни қаерга олиб боряпсан, эсинг жойидами ўзи, нима, хазилни тушунмайсанми?
— Нари тур — деб Дониёр уни жеркиб солди. Шохи синган Жамила ўнғайсизланиб, трапдан чиқиб кетаётган дониёрнинг орқасидам кулиб қараб:
— Бу ўлармонни қаранглар, кўтариб кетдия!— деб, худди айбли кишидек илжайиб, озиҳча тўнғиллаб қўйди. Гарчи Жамила ҳадеб қиқир-қиқир кулса ҳам, борган сари унинг кулгиси сунийлашиб, ўзини зўрлаб кулаётгандек бўлиб туйилди. Дониёр қопни кўтариб борар экан, ярадор оёғига зўр келиб, оқсай бошлаганидагина, биз уни қандай азобга қўйганимизни тушундик.

Дониёрнинг оёғи ярадор эканини нега илгарироқ ўйламадик ахир? Эхх, болалигим қурсин-а, шу гап мендан чиқдия.
— Орқангга қайт деб қичқирди ЖАмила кулги аралаш, бироқ энди бунинг иложи йўқ эди. чунки орқассидан ҳам қоп кўтарган кишилар келишаётган эди.

Мен эсимдан оғаёзиб кейин нима бўлганини ҳам билмайман. Кўз ўнгимда ўша каттакон қора қопни кўтарган Дониёр. У букилиб, ер бағирлаб трапдан юқорига чиқиб борарди. Ярадор оёғини авайлаб босар, унга зўр келмасин деб қанчалик уринмасин, барибир ҳар қадам ташлаганда оғриққа чидаёлмай, тишини тишига қўйиб бошини чайқарди. У юқорилаган сари устидаги оғир қоп елкасига миниб олган бало-қазодай баттар босар, у тобора кўп чайқаларди. Янгам билан ўйламай қилган бу қилмишимизга азбаройи уялганимдан, ер ёрилса-ю ерга кириб кетгудек бўлдим. Қўрққанимдан юрагим орқамга тортиб кетди. Қоп кўтарган Дониёр эмасу, гўё мен ўзимдек, оёқларим зирқираб, кўз олдим қоронғулашиб кетди.

Дониёр яна тўхтаб қопни тишлади-да кўзини юмди. Менинг ҳам бошим айланиб, ер ўпирилиб келтаётгандек бўлди. Бир нафас ҳеч нарсани билмай қолдим. Кимдир билагимни чангаллаб, синдириб юборгудай сиқиб ушлади. Бундай қарасам, Жамила экан. Қўрққанидан мурдадек оқариб кетган, лаблари дир-дир титраб, кўзларини катта-катта очаганича Дониёрга термулиб турарди. Атрофимизхни омборчи ва бошқалар ўраб олишибди. Улар ҳам нима гаплигига тушунмай Дониёрга ҳайрон бўлиб қарашарди.

Мана Дониёр юриб бораётиб сирғалиб тушиб бораётган қопни ўнглаб олай деб бир силкиди-ю, лекин оғирликка ортиқ тоб беролмай чўккалай бошлади.
— Ташла, ташла қопни — деб қичқириб юборди Жамила. Дониёр қулоқ солмади, орқада келаётганларга тегиб кетмаслиги учун қопни трапнинг четидан пастга ташлаб юборса бўларди. Бироқ у ўжарлик қилиб қопни кўтарганича тураверди. Жаммиланинг овозини эшитиши билан яна оёқларини ростлаб, олдинга интилди. Бир-икки қадам юриб орқага тисарила бошлаганида, тарозибон жон-пони чиқиб кетиб, овозининг борича қичқириб юборди:
— Ташла, ташласангчи ит эмган!
— Ташла! — деб бошқалар ҳам қичқиришди. Дониёр бу сафар ҳам ўз билаганини қилиб, чайқалиб-суриниб илгари босди.
— Йўқ, у қопни ташлайдиган эмас.Ўз айтганини қиладиган йигитга ўхсгайди — деди кимдир қўл силтаб.

Энди фақат ҳалиги одамгина эмас, балки ёнимизда турган бошқа одамлар ҳам, унинг орқасидан қоп кўтариб бораётган кишилар ҳам бунда бир сир борлигини сезишиб Дониёр қоп билан бирга қулаб тушмагунча уни ташламаслигига ишонч хосил қилишди. Ҳамма бир зум жим бўлиб қолди.

Коппоннинг орқасида паровоз зир югуриб вагонлани бир-бирига уламоқда. Дониёр юқорига юк тортиб чиқиб кетаётган отдек илгарилаб борарди. У чайқалиб йиқиладигандек бўлса, шартта тўхтаб куч тўплар, кейин яна олдинга қараб интиларди. Дониёрнинг орқасидан келаётган одамлар ҳам ноилож у тўхтаганда тўхтаб, у юрганда юришарди, Уларнинг ҳам тинкаси қуриб,қора терга ботиб кетишганди. Бироқ улардан биттаси ҳам Дониёр билан сен-менга бормади. Улар тайғоқ йўлда гўё бир-бириа кўринмас ип билан боғлангандек турнақатор бўлиб жим боришарди. Гўё биттаси тойиб кетгудек бўлса, бошқалар ҳам хароб бўладигандек туюларди. Уларнинг индамай қадам ташлашларида, бир хил чайқалишларида кучли ғайрат ва шижоат, ҳамкорлик сезилиб турарди. Донийёрнинг орқасидан келаётган аёлнинг оёғи чалишиб, йиқилишига сал қолди-ю, шунда ҳам у ўзига эмас, Дониёрга Xудодан мадад сўраётгандек унга раҳмдиллик билан термилиб қаради. Мана оз қолди, Дониёр яна бир зўр берса, маррага етадигандек кўринарди. Лекин Дониёр яна гандираклаб, ярадор оёғи унга итоат қилмай қўйди. Агар у елкасидаги қопни ташлаб юбормаса, ўзининг ҳам қулаб кетиши тайин эди.
— Югур, орқасидан суяшиб юбор — деб қичқирди Жамила менга. Ўзи бўлса гўё Дониёрни ушлаб қолмоқчи бўлгандек қўлларини олдинга чўзарди.

Мен трапдан юқорига югурдим, қоп кўтарганлар орасидан сиқилиб ўтиб Дониёрга етиб олдим. У қўлтиғи остидан менга бир қараб олди. Бетидан тер қуйилиб, манглай томирлари бўртиб чиқиб, кўзига қон тўлиб кетган эди. мен унга кўмаклашмоқчи бўлган эдим, Дониёр менга:
— Нари тур! — деди зарда билан, кейин қопни бир силкидида,бор кучини тўплаб яна олдинга имтилди.

Дониёр қавариб, қадоқ бўлиб кетган қўлларини шалвиратиб трапдан пастга тушганида пастдагилар лом-мим дейишмасдан йўл беришди. Фақат тарозибонгина жаҳли чиқиб Дониёрни койиб кетди:
— НИма, сени жин урдими, ё эсингни эдингми? Ёки меми одаммас деб ўйладингми? Ахир бир оғиз айцанг пастга тўктирардим-ку, бундай оғир қопни кўтарсин деб сенга ким айтди?
— Ишинг бўлмасин, ўзим биламан — деди Дониёр секингина, сўнгра чирт этказиб тупурдида, араваси томон кетди. Орқасидан Жамила:
— Ҳазилни тушунмаган тентак. — деб пичирлаб қўйди. Шундай дедию, бошини ердан кўтара олмади. Дониёр буни уқдими-уқмадими, ҳар қалай янгам икковимиз унинг юзига қарай олмасдик.

Йўл бўйи ҳам биронтамиз оғиз очганимиз йўқ, Дониёрнинг-ку камгаплиги ҳаммага маълум, сўзга нўноқ. Айниқса, бугунгисига тушунолмай ҳайрон эдик, у биздан ҳафами, юз кўришмайдиган бўлдими, ёки оқкўнгиллик қилиб ҳамма гапни унутиб юбордими, билмасдик. Бизнинг сукут сақлашимизни боиси бор эди, бир томони уялганимиздан юзига қараёлмасак, иккинчидан ҳазилимимзни кўнглига оғир олиб юргани учун ундан ҳафа эдик.

Эрталаб ғалла қоплаётганда Жамила бу касофат қопни олдида, уни чок-чокидан шир-шир йиртиб юборди.
— Ма, топган матоингни бошингга ур! Бригадирингга айтиб қўй, иккинчи марта бундай қопларни бера кўрмасин. — деб ҳалиги йиртилган қоп парчаларини тарозибоннинг олдига отиб юборди.
— Ҳой, ақлинг жойидами? Бу нима қилганинг?
— Ҳеч нима!..

Эртасига ҳар кунгидай стансияга келиб, қош қорайганда яна овулга йўл олдик. Дониёр олдинда кетиб борар эди. Унинг кўнглидаги хижиллик ёзилдими-йўқми била олмадик, зотан, буни билиш осон эмасди. Xудди ўртамизда ҳеч гап ўтмагандек, Дониёр индамай ишини қилаверди, шуниси борки, ярадор оёғи кўпроқ лат еган бўлса керак, у қаттиқ оқсаб, айниқса, қоп кўтарганда қийналиб юрди. Гарчи у ҳеч нарса демаса ҳам, унинг юриш-туриши гуноҳкор эканлигимизни эслатиб, кўнглимизни оғритар эди. Лоақал, Дониёр сал-пал хазиллашиб кулиб қараса эди, кўглимиз равшан тортарди.

Жамила отдан тушса ҳам, эгардан тушмай, гўё кўнглида ҳеч гап йўқдай хазил-хузул қилиб юраверди. Лекин ич-ичидан эзилиб, ҳафа бўлиб юрганини аниқ сезардим.

Мана овулга кетиб боряпмиз. Латофатли ажойиб тун. Сутдек ойдин август кечаларини ким билмайди дейсиз. Осмондаги юлдузлар узоқ-узоқлардан мўралашса ҳам, гўё улар шундай яқиндан, ҳар бири ўзича нур сочаётгандек туюларди.

Юлдузлар чарақлаган шундай гўзал кечада биз дара бўйлаб келардик. Отлар гўё уйга шошилаётгандек тобора тез йўрғаларди. Майда шағал от туёқлари ва арава ғилдираклари остида ғирчиллаб, атрофга учиб чиқарди. Ғир-ғир эсиб турган майин шабода эрманнинг аччиқ иси билан ғарқ пишган ҳушбўй хидини димоққа келтириб урарди. Буларнинг ҳаммаси отларнинг терга ботган эгар-жабдуғидан чиқаётган хид билан қўшилиб бошни айлантирар эди. Йўлнинг бир томонида наъматаклар билан қопланган қоялар қад кўтариб турарди. Йўлнинг иккинчи томонида пастликда тол ва ёввойи тераклар орасидан Гуркиров жўш уриб оқарди. Орқада кўприкдан тарақа-туруқ қилиб ўтаётган поездларнинг янгроқ гудоги олис-олислардан ҳам эшитилиб турарди.

Бундай сўлим тунда йўл юришнинг ўзига яраша гашти бор. Тун қучоғида балиқдек сузиб бораётган отларнинг сағрасига қараб бориш, сон-саноқсиз хашоратларнинг ёқимли "чир-чир"ига қулоқ солиш, шамол димоққа ураётган ҳушбўй хидларни тўйиб-тўйиб симириш қандай яхши!

Жамила олдимда кетиб борарди. У тизгинни бўш қўйиб атрофга суқланиб қарар, ўзича аллақандай ашулани хиргойи қиларди. Бизнинг оғзимизга толқон солгандек жим келаётганимиздан Жамиланинг тоқати тоқ бўлаётганини сезиб турардим. Сгундай кечада жим юриб бўладими? Юрагида ўти бор одам шундай гўзал табиат манзарасини кўриб жим тура оладими?

Йўқ! Жамила жим тура олмади. У овозини баралла қўйиб куйлаб юборди. Менимча унинг яна бир бошқа нияти Дониёрнионг кўнглини очиб, ҳафачилигини ёзмоқчи бўлса керак. Зотан, одамлар бир-бирларининг гуноҳларини кечирмасмикин, деб иккиланиб турган пайтда қандайдир бир туртки керак бўладику. Эҳтимол, Жамила шу фикрга боргандир. Xуллас, у бир силкиниб қўйдида, қалбидан қайнаб чиқаётган янгроқ овоз билан куйлаб юборди:

Шоҳи рўмолинг боғлаб,
Ёнимда юрсанг яйраб...

Жамила бундай шўх-шўх лапарларни жуда кўп биларди. Унинг ашуласи кишига ором бағишларди. Жамила ашуласини бир зум бўлиб, олдинда бораётган Дониёрга қичқирди:
— Ҳой, бўшанг йигит, овозингни бир чиқарчи. Йигитмисан ўзинг?

Дониёр аравасини тўхтатди-да, Жамилага бир қараб қўйиб:
— Куйлайвер Жамила, қулоғим сенда, — деб қўйди тортиниб.
— НИма, бошқаларни қўшиқ эшитгиси келмайди, деб ўйлайсанми? — деди кесатиб Жамила — Айтмасанг айтма, таранг қилишини қараюу!

Шундан сўнг "сен айтмасанг, мен айтаман " дегандек, Дониёрга ўчакишиб яна ашулани олди. Унинг нима учун Дониёрни ашула айт деб қистаганини билолмадим.Гапга солмоқчи бўлдимикин? Шундай бўлса керак, чунки бироздан кейин Жамила яна илтимос қила бошлади:
— Ҳой Дониёр, умрингда бировнни севганмисан? — дедию, нима учундир кулиб юборди.

Дониёр жавоб қайтармади, Жамила ҳам чурқ этмай қолди. Дара ичига бир нафас жимлик чўкди, фақат ғилдиракларни дукур-дукур овози, отларнинг пишқиргани эшитиларди, холос.

"Жуда одамини топиб сўрадингда" деб кулиб қўйдим мен.

Йўлни кесиб ўтиб шарқираб оқаётган сойга етганимизда., Дониёр аравани секинроқ ҳайдаб от тақаларининг кечувдаги кумушдек яқарлаган тошларга тегиб шақиллашига диққат билан қулоқ сола бошлади. Сонгра "чух" деб отларга бир қамчи урдида, бирдан титроқ овоз билан:

Эҳ олатоғ, олатоғ,
Ота-бобом ўсган ер!..

— деб куйлаб юборди, бироқ у яна тўхтаб йўталиб қўйди. Лекин кейинги икки мисрани йиракдан чиқариб, завқ билан айтди.

Эй олатоғ, олатоғ
Оқ булут қалқиб кўчган ер!

Дониёр нимадандир чўчигандек яна жим бўлиб қолди. Киши деган уялмасада, нима энди шу ҳам ашула айтиш бўлдими, бундан кўра айтмагани тузук эди. Xудо билади юзи олов бўлиб ёниб кетгандир. Негадир унинг учун ўзим ҳам мулзам бўлдим. Лекин Дониёрнинг шу бир оғиз куйлашида ҳам қандайдир жозиба, нафосат борлиги аниқ сезилиб турарди. Ҳа, овози ҳам яхши эди.

"Қойилман" деб қўйдим ичимда ҳайратланиб.Жамила ҳам қичқириб юборди:
— Ие, дурусцанку, илгари қаерда юрган эдинг? Қани айт, яхшилаб айт!

Дониёр миқ этмай келаверди, олдимизда дарадан водийга чиқадиган жой оқариб кўринарди, ўша томондан шабада эсарди. Дониёрни ҳали бошлаган куйини давом эттиришини сабрсизлик билан кутардим. Дониёр яна куйлай бошлади, мен ўзимда йўқ қувониб кетдим.

Дониёр аввалига тортиниб секин-секин куйлай бошлади. Аммо бора-бора овозини баралла қўйиб эркин айта бошлади. Унинг ашуласи дарада қўнғироқдек янграб, узоқ-узоқлардаги қояларда акс-садо берди. Дониёрнинг қўнғироқдек овозигина эмас, балки куйнинг оҳанграболиги, жўшқин хис-туйғиларга бойлиги ҳам кишини ўзига мафтуин этарди. Бунинг нимаслигини ақлимга сиғдира олмай лол бўлиб қолдим. Бу аҳулачининг овозими, ё бўлмасам юракдан қайнаб чиқаётган бошқа бир нарсами? Киши қалбининг энг нозик торларини чертиб, унда эзгу туйғулар уйғотаётган бу нима ўзи? Ростини айцам, бу саволга хозир ҳам жавоб бера олмайман.

Қани энди, қўлимдан келсаю буларнинг ҳаммасини қоғозга битиб ўтирмай, иложи бўлса ўша ажойиб куйнинг ўзгинасини яратиб берсам. Унда деярли сўз йўқ, лекин бу куй сўзсиз ҳам самимий, соф ниятли қалб эгасининг бутун қувончи, орзу-умидлари ва тилакларини ифодалаб берарди.

Мен умрим бино бўлиб бундай куйни эшитган эмасман. У қирғизчага ҳам, қозоқчага ҳам ўхшамасди, бироқ бу куйга азалда бир-бирига қондош-жондош бўлган қирғиз билан қозоқ халқининг куй;ларидаги энг нафис, энг дилрабо оҳанглар сингдирилгандек бўлиб туюларди. Бу куй гоҳ қирғиз тоғларидек баланд-баландларга парвоз қилса, гоҳ бепаён қозоқ дараларидек узоқ-узоқларга тараларди. "Ё тавба, Дониёрни шундай ашулачи деб ким ўй;аган эди" дер эдим мен ўзимга ўзим.

Дарани босиб ўтиб кенг далага чиққанимиздан сўнг Дониёрнинг ашуласи қанот ёзиб, яна ҳам кучлироқ янгради. Бугун Дониёрга нима бўлди, тинчликми ўзи, ҳеч нарсага тушуна олмасдим. Гўё у шу кунни орзиқиб кутгандек, қалбидаги бутун сир-асрорини тўкиб солди. Дониёрнинг нима учун меров одамдай элга кулги бўлиб юрганини, нима учун кечқурунлари Қоровултепага чиқиб олиб ёлғиз ўйга чўмиб ўтирганини, нима учун киши илғамас товушларга қулоқ осганида қошлари чимирилиб, кўзлари қувончга тўлганини энди бир қадар тушуна бошлаган эдим. У — қалбида юксак инсоний муҳаббат туғён урган бир инсон эди! Менимча унинг севгиси бирор кишига ишқи тушиб, ўша одамга ато қилинган севги эмас, балки инсонни яратиб уни камолга еткаган кенг оламга ёруғ дунёга бўлган чексиз, жўшқин севги эди! Ҳа, у бу севгини ўз қалбида ардоқлаб сақлаган ана шу севги билан яшаган эди.

Агар у шундай юксак қалб эгаси бўлмай, диди паст, юраги муз бир киши бўлганида эди, табиат уни қанчалик истеъдодли қилиб яратган бўлмасин барибир у бунчалик куйлай олмас эди.

Дониёрнинг куйи тунги дашт устида яна жўш уриб, мудроқ далани уйғотгандек бўларди. кенг поёнсиз дала ўзи яратиб, ўзи ардоқлаб ўстирган қадрдон куйчисининг ашуласига жим қулоқ солади. Буғдойзор ойдинда денгиз каби чайқалар ва мўл хосилдан дарак бериб, ўз ўроқчиларини кутарди. Йўл четига жойлашган эски тегирмон атрофидаги мирзатеракларнинг япроқлари ҳам нималарнидир шивирлашарди. Сойнинг нариги томонида, узоқ-узоқларда хирмончилар ўт ёқишиб гўжа пиширмоқдалар. Ҳув ана, кимдир аллақандай иш билан қишлоққа шошиб кетмоқда. Олдинда қишлоқ боғи кўринар, шабада ғарқ пишган олмаларнинг, айни гуллаган маккажўхориларнинг ёқимли хидларини ҳовлиларга ёйилган тезакларнинг хидларига аралштириб димоққа келтириб урарди.

Дониёр яна анча вақтгача куйлаб келди. Август туни унинг ашуласига маҳлиё бўлгандек жим қулоқ соларди. Ҳатто отлар ҳам гўё мароқли куйни бузишдан қўрққандек юришини секинлаштирганди. Кишига чексиз ором бахш этиб, завқ-шавқ билан куйлаб келаётган Дониёр айни авжига чиққанида бирдан жим бўлиб, отларни чоптириб кетди. Ўзимча Жамила яна унинг орқасидан эргаша керак, деб ўйлаб, мен ҳам хозирланиб турдиму, бироқ Жамила бошини қуёи солганича чуқур ҳаёлга чўмиб, қимир этмай ўтирарди. У ҳавода учиб юрган ашула садоларига ҳамон қулоқ солаётгандек эди.

Дониёр шу бўйи тўхтамай бироздан сонг кўздан ғойиб бўлди. Биз то овулга етгунча оғиз очмадик. Баъзида киши ўз дардини сўз билан ифоддалашга ожиз бўлиб қолади.

Шу кундан бошлаб хаётимизда қандайдир бир ўзгариш юз бергандек бўлди. Энди кўнглим аллақандай яхши нарсаларни қўмсаб, юрагим ғалати хис-ҳаяжонларга тўлиб, ўзимдан-ўзим хурсанд бўлиб юрдим. Эрталаб хирмондан жўнаб стансияга келиб, ғаллани топшириб бўлгач, Дониёрнинг сеҳрли ашҳуласини қачон эшитарканмиз, деб кетишга шошилар, ўша дамни сабрсизлик билан кутар эдик.

Унинг ашуласи юрак-юрагимга сингиб, қаерга бормай, қаерда турмай, қулоғим тагида жараглаётгандек бўларди.

Тонг сахарда туриб ялангоёқ, ялангбош шабнам тушган бедазор орқали ўтлоқдаги тушовланган отларнинг олдига бораётганимда ҳам, бу куй менга ҳамроҳ бўларди. Тоғ орқасидан мўралаб кўтарилган қуёш худди менинг қувончимга шерик бўлгандек жилмайиб нур сочарди.

Олтин доналари каби кекса хирмончиларнинг паншахаларидан сачраб тушаётган буғдой доналарининг майин шилдирашида ҳам, кўкда парвоз қилиб юрган ёлғиз калхатнинг қанот қоқишида ҳам, хуллас, кўриб, уқиб, сезиб юрган нарсаларимнинг ҳаммасидан Дониёрнинг куйи эшитилаётгандек бўларди. Кечқурун дарага арава ҳайдаб бораётганимизда мен ўзимни худди бошқа бир оламга кириб бораётгандек хис қилардим. Кўзларимни юмиб Дониёрнинг ашуласига қулоқ солар эканман, она сути билан қонимга сингиб, бир қаричлигимдан таниш бўлган манзаралар кўз ўнгимдан бирма-бир ўта бошларди. Гоҳ овулнинг зумрад осмонидан паға-паға булутлар, сузиб ўтишар, гоҳ ўтлаб юрган йилқилар уюри дукурлашиб, кишнашиб яйловда чопиб қолишар, қулунлар кокилларини ўйнатиб, қоп-қорқ кўзларини жовдиратганларича оналарини қидиришиб қолишар, гоҳ сурув-сурув қўйлар тепаликларда ўтлаб юришар, гоҳ қоялардан оқиб тушаётган шалола ойнадек ярқираб кўзларни қамаштирар, денгиздек мавжланиб қамишзорлар орасига чўкиб бораётган қуёшни лоларанг уфқ сари ёритиб бораётган ёғиз отлиқ мана хозир қўли билан ушлаб оладигандек бўлиб туюларди. Кейин ўзи ҳам қуёш билан бирга буталар орасига кириб ғойиб бўларди.

Ў жонажон, бепоён далам! Қозоқ жондошимнинг ери билан пайванд бўлган азамат далам! Мана тоғларимизни икки ёққа айириб ташлаб, қамиш ва шувоқларга кўмилиб буюк бир денгиздек чайқалиб ётасан.Сенинг нималарага қодир эканлигингни ким билади! Қароғим, сиртингдан қараса қимирлаган жон йўқдек бўзариб ётганинг-ётган. Аммо кечагина қон-қардошларинг униб-ўсган бағрингда уруш бошланиб, душманлар ўлкамизга чанг солганда қучоғингдаги гиёҳлар ёниб, чавандозларинг душман устига шердек ташланганида, мусаффо осмонингни иссиқ чанг қоплади. Ер-кўк ларзага келди, ўшанда қирғоқнинг нариги бетидан от ўйнатиб келган қозоқ хабарчиси:
— Отлан, қирғиз отлан. Ёв келди! — де саратон қуюни ичида яна қаёққадир отини елдириб кетди. Ўшанда кенг далам, дарёларим, тоғларим ларзага келиб ўз элини отга мингизди. Йигитлар жангга отланганда осмону-замин титраб, ёвни маҳв этишга чорлаб бонг урилди. Минглаб узангилар бир-бирига тегиб шақирлашиб, сон-саноқсиз чавандозларнионг кўзларидан қахр ва ғазаб ўти чақнаб эл билан, юрт билан хўшлашди. Уларнинг олдида қизил байроқлар хилпираб, орқада отларнинг туёғидан чиққан чанг орасида оналар ба жувонларнинг: "Кенг даламиз мададкор бўлсин. Xосиятли Она ер мадад берсин. Буюк Манаснинг рухи ёр бўлсин" — деб бўзлаб қолишди. Сенга жоним фидо эй муқаддас далам, тоғларим. Элимга шу куч қудратни сен ўзинг бердинг.

Мана шуларнинг барисини Дониёр куйга солиб, кўз ўнгимда гавдалантириб, сермазмун кенг оламнинг бутун зеб-зийнатини, кўркини очиб кўрсатди. "Ёпирай, у буларнинг барини қаердан ўрганди экан." деб ҳайрон бўламан. Ўзимча чет ерларда кўп сарсон-саргардон бўлиб, ўз эл-юртини кўриш иштиёқи билан яшаган, шу қувончли дамни интизорлик билан кутган одамгина ўз она тупроғига шунчалик меҳр қўйиши, уни шу қадар сева олиши мумкин, деган фикрга келдим. Дониёрнинг у куйларини тинглар эканман, унинг бошпана излаб ўтказган машаққатли етимлик йилларини ҳам, қонли жанг майдонинда босиб ўтган йўлларини ҳам кўз олдимга келтирар эдим. Эҳтимол, унинг она ватан ҳақидаги жўшқин куйлари ўшанда тугилгандир. Дониёрнинг ашҳулаларини тинглаб ўтириб, инсон боласи ўз она тупроғини шунчалик сева олганлиги учун ҳам, тиз чўкиб, ўша она тупроқни худди ўз онагдек қучоқлаб ўпгинг келади. Ана шунда, биринчи марта юрагимда қандайдир янги бир хис уйғониб, қалбимни ўртаб, қани энди ўша ернинг муқаддаслигини Дониёрчалик сеза билсам, сева билсам, унинг мадҳиясини ДОниёрчалик тараннум қилолсам, деган бир хавас уйғонганлигини сездим. НИманидир орзиқиб кутардим, лекин нима эканлигини билмасдим. Бунга ҳам хурсанд ҳам хуноб бўлардим. Ўшанда менда рассомлик санъатининг илк куртаклари пайдо бўлганини, келажакда хаётни бўёқлар, суратлар орқали тасвирлашга хавас уйғонаётганини билмаган эканман.

мен болалигимдан сурат солишни яхши кўрардим. Болалар ўқиш китобларидан кўчириб солган расмларимни кўришиб: "Вой, худди ўзия." дейишарди. Муаллимларимиз ҳам мактаб деворий газетасини менга топширишар эди. Лекин кейинчалик сурат солишни бир чеккага йиғиштириб қўйишга тўғри келди. Уруш ббошланиб акаларим ҳарбийга кетгач, мен ўқишни ташлаб ўз тенгқурларим қатори далада ишлай бошладим. Ўша вақтларда сурат солмоқ кимнинг ҳам эсига келарди дейсиз? Келажакда рассом бўламан деган ўёим йўқ эди, аммо Дониёрннинг куйлари мени ҳайратлантириб, хаётнинг бутун гўзаллигини сезишга илҳомлантирди...

Мен ўнгимда эмас, гўё тушдагидек бир тотли ҳаёлга берилиб, худди дунёга янги келиб, кўзим энди очилгандек атрофга суқланиб қарардим. Менинг учун бу жуда катта турмуш сабоғи эди.

Жамиланинг ўзгариб кетганини айтмайсизми, олдинги шўз, гапга чечан келиндан гўё асар ҳам қолмагандек эди. Унинг ўйноқи ўткир кўзлари энди гўё булутли кундаги қуёш сингари негадир ғамгин боқарди. Йўлда кетиб бораётганимизда Жамила доимо чуқур ўйга толар, Лабларида билинар-билинмас табассум ўйнаб, у фақат ўзигагина маълум бўлган аллақандай латиф бир нарсадан хузур қилаётгандек, ундан суюнаётгандек туюларди. Баъзан эса, ҳаёлини бир нарса бузгандек, қопни аравадан елкасига силкиб олиб, шу турганча қотиб қоларди. У шу туришида гўё, қутуриб оқаётган сувга дуч келиб, уни кечиб ўтишини ҳам, ўтмаслигини ҳам билмай лол бўлиб турган одамга ўхшарди. Дониёрга эса у нима учундир яқин йўламай, унинг кўзига тушушдан қочиб четлаб юрди. Жамила ўзини уни аввалгидек назарга илмаётгандек қилиб кўрсатишга қанчалик уринмасин, охири бир куни сабри cидамай хирмонда Дониёрга гап отди — Устингдаги кўйлагингни ечсанг бўларди. Ювиб берардим.

Койлакни сойга олиб бориб ювдида, қуритиш учун ёзиб қўйиб, буришган жойларини текислаган бўлиб, уни анча вақтгача меҳр билан силади. Кўйлакнинг тўзиган жойларини қуёшга тутиб маъюс тикилар, нимадандит куйингандек бошини чайқаб қўярди.

Кейинги кунларда Жамила бироз очилиб қаҳ-қаҳ уриб куладиган, хазил-хузул қиладиган бўлди. Бир куни беда ўримидан келаётган бир тўп қиз-жувонлар билан йигитлар хирмонга бурилишди. Ораларидаги ҳарбийдан қайтиб келган йигитлар:
— Ҳой қизлар, буғдой нонни ўзларинг еяверасизларми, қани бизнинг улушимизни беринглар, бўлмаса ҳаммангизни сувга пишамиз! — дейишди хазиллашиб ва паншахаларини ўқталишди.
— БИзларни паншахалар билан қўрқитолмайсизлар. Мана бу қиз-жувонларни нима билан меҳмон қилишни ўзим биламан. Сизлар туёқларингни шиқиллатиб қолинглар — деди Жамила ўрнидан сапчиб туриб.

Йигитларнинг ҳафсаласи пир бўлди шекилли:
— Ундай бўлса, қиз-жувининг билан барингни қўшиб сувга пишамиз. — дейишди баттар ўчакишиб.

Шу заҳотиёқ тапир-тупур олиша кетган ёшлар шовқин-сурон кўтаришиб бир-бирини сувга итара бошлашди.
— Ушла, қўйиб юборма! — деб қичқирди Жамила ҳеч кимга бўш келмай, усталик билан чап бериб. йигитлар ҳам шунча қиз-жувонни ичида фақат Жамилани кўзлари кўргандек, нима учундир ҳаммаси ҳам унга ёпишар, тортқилашар, ҳар бири уни қучоқлаб, бағрига босишга ҳаракат қилишарди. мана, уч йигит биргалашиб Жамилани ерга йиқитишдида, оёқ-қўлидан кўтариб сув бўйига олиб боришди.
— Ҳозир ҳаммамизни ўпасан, бўлмаса сувга ташлаймиз. Қани бўл тез! — дейишиб хохолаб кулган йигитлар уни энкайтира бошладилар.
— Қўйманглар йигитлар, бўш келманглар! — ичаги узилиб кулган Жамила балиқдек сирғаниб, қўлдан чиқиб кетар, хотинларни ёрдамга чақириб қичқирар, лекин улар қий-чув кўтаришиб ўзларининг сувда оқиб бораётган рўмоллари ушлаш билан овора эдилар. Йигитлар хохолашиб Жамилани сувга отиб юборишди. Осмонга сачраган сув томчилари худди кумуш доналаридек товланар эди. Ҳали ҳам кулгидан ўзини тўхтата олмаган Жамила сувдан чиқиб келар экан, унинг тўзгиган хўл сочи яна ҳам чорйигас чирой қўшиб юборган эди. Чит кўйлаги баданига ёпишиб, сийнаси олмадай диркиллаб турарди. Жамила бўлса парвойипалак қиқир-қиқир кулар, уст-бошидан сирқиб тушаётган сувни ҳам пайқамасди.
— Ўп, дарров ўп! — деб қисташарди йигитлар. Жамила уларни ўпар, йигитлар уни яна сувга отишар, у бўлса гўё буни хуш кўргандек сувдан чиқиб сочини силкитиб, яна қотиб-қотиб куларди. Ёшларнинг бу қилиғига хирмонда кулмаган одам қолмади. Xирмон совураётган чоллар ҳам ўзларини йигирма беш яшар бўз болалардек хис қилиб, ажин босган юзлари севинчдан порлаб: " Ҳа, ҳа бош келма, ушла этагидан торт" деб кўпкарида улоқ тортишгандек завқ-шавқ билан қичқиришар, шарақлаб кулишарди. Мен ҳам ўзимни тўхтата олмай қотиб-қотиб кулардим. Бу сафар янгамни қўриқлаш эсимга ҳам келмабди. Биргина, Дониёр индамай қовоғини солиб ўтирарди. Унга кўзим тушиши билан мен ҳам жим бўлдим. У хирмоннинг бир чеккасида бир ўзи ёғиз ўтирган экан. Дониёр йигитларга еб қўйгудек ўқрайиб қарар, важоҳатидан гўё ҳозир югуриб бориб, Жамилани уларнинг қўлидан ажратиб оладигандек эди. Юзига тик боқишга ботинолмай, фариштадек пок деб билган Жамилани йигитларнинг қучоқлаб ўпиши, тортқилашиб ўйнаганлари Дониёрнинг кўнглига жуда қаттиқ ботди. Унинг бутун фикри-зикри, эс-хуши Жамиланинг хусни жамолида эди. Дониёр йигитлардан қанчалик қизғанмасин, хандон отиб кулаётган Жамиладан кўзини олмай, унинг бу қилиғига ҳам койиниб, ҳам мароқланиб, хўмрайган қовоқлари остидан мулойим боқиб, тишини тишига босиб ўтирди. игитлар Жамилага ҳар томондан ёпишиб бетларини ўптирганларида Дониёр қути ўчиб туриб кетмоқчи бўлар, лекин оёқлари итоат қилмаётгандек қимир этолмасди. бир вақт Жамила унинг қараб турганини пайқади шекилли, қаноти қайрилгандек бўшашиб, хиралик қилаверган йигитларни силтаб ташлади.
— Етар, хазилнинг таги зил бўлмасин тағин!
— Ия, сенга нима бўлди — деб кимдир хохолаб кулиб уни яна қучоқламоқчи бўлган эди, Жамила унинг кўкрагидан итариб юборди.
— Нима ишинг бор? Нари тур!

Кейин Донийёрга ялт этиб бир қарадида, кўйлагини сиққани буталар орасига кириб кетди.

Дониёр билан Жамила ўртасидаги муносабатнинг қандай оқибатларга олиб келишини ўшанда мен билмаган эдим. Ростини айцам, бу ҳақда чуқурроқ ўйлашга қўрқиб, кўпинча озимни бошқа нарсаларга алахситишга харакат қилардим. Лекин ЖамиланингДОнниёрдан четланиб юргани, бунга ўзи яна ич-ичидан куйиниб юргани кўнглимни ғаш қиларди. Бундан кўра илгаригидек хазиллашиб юраверса бўлмасмиди? Ўзим шундай дейману, бироқ кечалари овулга қайтаётганимизда ДОниёрнинг ашуласини эшитар эканман, уларни ўйлаб қалбим қувончга тўлиб-тошар, ҳалиги ғамгин ўй-фикрлар ҳаёлимдан кўтарилиб, дунёнинг бутун лаззати шу ашҳулада деб билардим. Дарадан ўтиб дарё бўйига чиққанимизда Жамила аравадан тушиб, пиёда юрарди. Мен ҳам аравадан тушиб пиёда юрардим, яёв юриб куй тинглаганга нима ецин! Бундай пайтда йўлдаги чанг тўзонлар орасида эмас, худди осмонда булутлар қўйнида кетиб бораётгандек бўласан киши. Аввал янгам иккаламиз араваларимиз ёнида борамиз, сўнгра аста-секин, беихтиёр Дониёрга ёндошиб қолганимизни ўзимиз ҳам сезмай қоламиз. Қандайдир сеҳрли куч бизни Дониёр сари етакларди. Қоронғуда унинг юз ифодасини, кўз қарашини кўришни истардик. Наҳотки шу қадар куйлаётган киши ўша ўзимизнинг одамови, камгап Дониёр бўлса! Юраги талпиниб куйдан ором олгам Жамила Ҳардоим унга яқинлаб борганида Дониёр томон секин қўл чўзганини ўзи ҳам сезмай қоларди. Лекин завқ-шавқ билан куйлаётган Дониёр буни пайқамас эди. Унинг ўй ҳаёллари қаерлардадир, осмонда кезиб юргандек, узоқ-узоқларга кўз тикиб қўлларини кўзксига қовуштирганича куй оҳангига чайқалиб ўтирарди. Жамиланинг қўли шилқ этиб тушиб арава четига текканда худди хушога келгандек қўлини тортиб олар ва йўл ўртасида серрайиб туриб қоларди. Жамила ҳангу-манг бўлиб анчагача Донниёрга мўлтайиб қараб турар, кейин яна қадам ташларди.

Баъзан менга янгам икковимизни ҳам бир хил, аллақандай ажиб бир хис-туйғу ҳаяжонга солаётгандай бўлиб туюларди. Эҳтимол бу хис-туйғулар иккивомизнинг ҳам қалбимизда кўпдан бери яшириниб ётиб, энди вақти-соат келганда туғён ураётгандир.

Жамила иш билан алахсираб унча сир-бой бермасликка харакат қиларди. Лекин хирмондақолиб қўли ишдан бўшади дегунча, Жамила ўтиргани жой тополмай каловланиб қоларди. Бекорчиликдан нима қиларини билмаган одамдек шу ўртада айланиб юрар, сўнгра хирмон совураётганларнинг ёнига борар, уларга ёрдамлашмоқчи бўлиб уч-тўрт курак ғалла ташларди-да, кейин бирдан куракни четга ирғитиб сомон ғарами олдига кетарди. У дам олмоқчи бўлгандек ғарам соясигс ўтирарди-ю, ғоё якка-ёлғиз ўтиришдан қўрққандек мени чақирарди:
— Бу ёққа кел, кичкина бола!

Мен, янгам хозир менга бутун сир-асрорини очиб, юрагидаги дардини айца керак, деб кутардм. Лекин, у ҳеч нарса айтмас, эркалатиб бошимни ўз тиззасига қўярдида, ўзи олис-олисларга узоқ тикоилганича қалтираган кафтлари билан сочимни, юзимни секин-секин силарди. Мен янгамни ташвишли, ғамгин чехрасига қарар эканман, негадир ўзимни унга ўхшатардим. Чунки, унинг ҳам қалбини аллақандай бир хиссиёт ўртаётганини, унинг ҳам юраида янги орзу-умидлар уйғона бошлаганини сезиб қолгандим. Назаримда, Жамила бу оташин хисни қалбидан чиқариб ташлашга уринаётгандек бўларди. Бироқ, ўз севгисини тарк этолмай, унинг барча захматларига чидашга мажбур бўларди. Мен ҳам унга ўхшаб, Жамила Дониёрни севса яхши бўларди, деса, бир кўнглим севмагани яхши бўларди, дерди. Ахир, минг қилса ҳам келинимизк-ку, акамнинг хотини-ку. Уни бировга қандай раво кўрай. Бироқ бу хил фикрларни дарров ҳаёлимдан чиқариб ташлашга харакат қилардим.

Жамиланинг тиззасига бош қўйиб ётиб унинг сал очилга ғунча лабларига, ёш тўла шахло кўзларига термулиб ётиш менга дунё-дунё роҳат бағишлар эди. Жамила ўшанда нақадар гўзал, нақадар латофатли эди. Қалбиниг нақадар пок, беғуборлиги, ўй-ҳаёлларининг нақадар теран, ёрқин эканлиги уноинг ҳур ёғилиб турган чехрасидан кўриниб турарди. Ўша кезларда мен шуларнинг ҳаммасини ўз кўзим билан кўриб юрган бўлсам ҳам, аммо туб оҳиятига унча тушуниб етмагам эдим. Лекин ҳозир орадан қанча вақтлар ўтиб кетгандан кейин, ўша воқеаларни эслаб, кўпинча ўзимга-ўзим савол бераман: балки севги деган нарса— инсон ҳар томонлама камолотга етиб, ақл-идроки тўлгандан кейин пайдо бўладиган бир туйғумикин? Бу ҳам шоир ёки рассом илҳомига ўхшаб инсонга куч-қудрат бағишлаб янги орзу-умидлар, истиқбол сари етакловчи бир куч эмасмикин? Эҳтимол, ошиқликнинг бутун сури ҳам шундади. Жамиланинг юзига қараб, баъзи пайтларда ўзим ҳам хис-хаяжонларига ўзим ҳам шерик бўлгандек, қандайдир сирли бир нарса юрагимга қувонч бағишлагандек бўлар эди. Ўрнимдан сапчиб туриб, югургим келар, овул четидаги кенг далага чиқиб юрагимга ғилғула солаётган ташвиш билан қувончнинг сири нимадалигини ер ва самодан қичқириб сўрагим келарди. Бир кун мен бу саволимга жавоб топгандек бўлдим.

Кунлардан бирида биз стансиядан овулга қайтиб келаётган эдик. қош қорайиб қолганди. Кўкда юлдузлар жимирларди, атроф жим-жит. Бу сукунатни Дониёрнинг водий бўйлаб янграган ашуласигина бузарди. Жамила икковимиз унинг орқасдидан борардик. Дониёрнинг ашуласи бусафар негадир ёлғизлик дард-аламларини ифода қилгандек жуда мунгли эшитилиб, киши қалбини поралар эди. Кўзимга қайноқ ёш келиб, томоғимга бир нарса тиқилгандек бўлди. Жамила бу сафар қўлларини Дониёр томон узатиб унга яқин бордида, аравага суяниб, бошини қуйи солганича индамай кетаверди. Дониёрнинг овози тобора кучайиб, тунги даштда янгидан тўлқинлана бошлаганда Жамила қаддини ростлаганча сакраб аравага чиқиб олди. У Дониёр билан ёнма-ён ўтирдида, қимирлаҳсдан қўрққандек, қўлини кўксиага қовуштирганича қотиб қолди. Қани, бу ёғи нима бўларкин, дегандек мен ҳам улардан кўзимни узганим йўқ. Жамиланинг чиқиб ўтирганини Дониёр пайқамдаи шекилли, унга қарамй куйлайверди. Бироздан сўнг Жамила қўлларини аста-секин Дониёрнинг елкасига ташладида, унга суяниб бошини елкасига қўйди. Шунда Дониёрнинг овози бир зум титрадида, кейин яна ҳам кучайиб қўнғироқдек янгради. У севги ҳақида куйларди.

Тонг отиб гуллаган водий юзидан қора парда кўтарилганида, мен ўш кенг дала ўртасида севишган икки ёшни кўрдим. Улар менга ҳеч назар солмасалар ҳам кўз остидан қараб, цехрлангандек эргашиб борардим. Севишганллр мен билан иши бўлмай фақат менигина эмас, балки биутун борлиқни ҳам унутиб юборгандек, жонга ором бергувчи куй оқимига чайқалиб, бир-бирига термилишиб секин боришарди. Назаримда Дониёр билан Жамила бутунлай бошқача бўлиб қолгандек эди.

Булар мен илгари кўрмаган-билмаган, қандайдир бахти кулиб боққан кишилар эди. Ҳа, уларнинг бири кўзи қоронғуда ўтдек ёниб, эски кўйлагининг ёқасини очиб юбориб, дала-даштга янгроқ куй таратиб бораётган Дониёр эди. Ҳа, иккинчиси ДОниёрга эркаланиб жимгина ўтирган менинг янгам Жамила эди! Унинг киприкларида севинч ёшлари милтирар, юзида бахт нури порлар эди.

Чинакам бахт шу эмасми? Дониёр ўзидаги она ватанга, ёруғ дунёга бўлган юксак, оташин меҳр-муҳаббатини ҳам, анашу улуғ севги туғдирган дилрабо куйни ҳам Жамила га тортиқ этди. У Жамила учун, Жамила ҳақида куйларди. Ахир бахт дегани шу эмасми? Уларга юрагимдан бахт-саодат тиладим. Дониёрнинг куйлари мени яна ҳаяжонга ослди-да, бирдан, миямга ғалати нир фикр келди: " Мен уларнинг суратини чизаман!" — дедим ўзимча ва ғоё нодир бир нарса топиб олгандай ўзимда йўқ суюниб кетдим. Лекин мен шу захоти ўз фикримдан ўзим чўчиб кетдим: "Бу иш менингқўлимдан келармикин, эплай олармикинман?" Лекин орзу-истак қўрқувдан кучли келди. " Ҳа, мен уларнинг суратини албатта чизаман, мен уларни худди хозиргидай бахтиёр қилиб тасвирлайман!" дердим.

Мен шундай ширин орзу-ҳаёллар оғушида маст бўлиб, атрофга назар ташлар эканман, август туни кўзимга яна ҳам гўзал кўриниб, дала гуллаб-яшнаётгандай туюларди. Орзу-ниятимга худди хозир етадигандек бўлардим. Лекин, энди билсам ўшанда жуда ғор, ёш бола эканман, келажакда қанчадан-қанча қийинчиликларга дуч келишимни билмаган эканман. Мен, ўзимга она Ерни Дониёр кўзи билан кўра билиш, Дониёр қалби билан сева билиш керак дердим Мен унинг ашулаларини бўёқлар ёрдамида ҳикоя қилиб бераман. Менда ҳам ўша тоғлар,далалар, майсазорлар, булутлар, дараларнинг жонли тасвири берилади. Бунинг учун жуда катта маҳорат кераклигини ўйламай " бунинг учун бўёқларни қаердан олсам экан, мактабдан сўрасам беришмас, ахир ўзларига керакку" деб ташвишланиб юрардим. Энди билсам ўшанда чучварани хом санаб болалик қилиб юрган эканман. Дониёрнинг ашуласи бирдан узилиб қолди. Бундай қарасм Жамила уни маҳкам қучоқлаб, бағрига босиб олган экан. Бироқ шу захотиёқ нимадандир чўчигандек тисарилиб, аравадан сакраб тушди. Дониёр шошиб қўрққанидан тизгинни тортиб аравани тўхтатди. Жамила тескари қараганча йўлнинг қоқ ўртасида серрайиб туриб қолди. Сўнг бошини шарт бурдида, йиғи аралаш:
— Нега қарайса? Менда ниманг бор? Аравангни ҳайдада жўна! — дедида, орқада қолган араваси томон кетди.

Мен лол бўлиб оғзимни очиб қолган эканман, янгам мени ҳам койиб берди:
— Ҳўш, сенчи, сен нега анграйиб турибсан, аравангга мин! Бошимга битган бало бўлдиларнгда!

"Қизиқ, унга нима бўлди? Чап ёни билан турганми?" деб ўйлардим йўл-йўлакай. Албатта чуқурроқ ўйлаган одам Жамиланинг ростдан ҳам изтироб чекаётганини изохсиз ҳам тушунар эди: кўз очиб кўрган эри Саратов госпиталларидан бирида ёца, яқинда қайтиб бораман деса, ахир бу осон гапми? Мен ҳеч нарса тўғрисида ўйлагим келмасди. Мен ўзимдан ҳам, Жамиладан ҳам ҳафа бўлдим. Агар Дониёрнинг бундан кейин ашула айтмаслигини, унинг овозини бошқа эшитмаслигимни аниқ билсам Жамиладан бутун вужудим билан нафратланган бўлардим.

Ҳозир ўлгудек чарчаб, кўнглим негадир ғаш бўлиб, тезроқ хирмонга етиб, сомонга чўзилсам дердим. Арава тинмай силкиниб тинкамни қуритар, тизгин қўлимдан чиқиб-чиқиб кетарди. Xирмонга етиб келганимизда бир амаллаб отларнинг хомутларини ечдимда, уларни араванинг тагига ташлаб кейин сомон ғарами устига бориб чўзилдим. Дониёр кеча отларни Дониёр тушовлабди.

Лекин эрталаб жуда хурсанд бўлиб турдим, кўнглим мусаффо тонг каби равшан, қувончга тўла эди. Ҳа мен Жамила билан ДОниёрнинг суратини чизаман. Лекин " Ўхшата олармикинман?" деган гумон бутун миямни чулғаб олган эди.Кўзимни юмиб уларни қандай тасвир қилмоқчи бўлсам, ана ўшандай тасаввур этдим. Ўрнимдан ирғиб турдимда, каттакон сой бўйига тушиб, қўл-бетимни ювдим. Кейин ўтлоққа тушовланган отларни кўздан кечирдим. Эрталаб шудринг тушган муздек беда оёқларимни савалаб, тиззамгача шилта ҳўл қилганди. Лекин мен буни писанд қилмай олдингга чопиб борар, теварак атрофдаги ҳар бир нарсани синчиклаб кўзданкечирар, ёдимда сақлаб қолишга уринар эдим. Мана, қуёш тоғ орқасидан кўтарилиб келар, ариқ бўйидаги ёлғиз кунгабоқар эса унга томон бўй чўзарди. Уни какралар ўраб олган, бироқ кунгабоқар бўш келмай кўкка интилар, сариқ гулли бошларини мағрур кўтариб, қуёш нурларини симирарди. Мана, ариқнинг арава ўтган жойидан — ғилдираклар изидан сув жимирлаб оқмоқда, сув ўртасида кўкариб турган бинафшаранг ялпиздан атрофга муаттар хид тараларди.

" Қани энди рассом бўлсаму, мусаффо гўзал тонгни, кўк билан ўпишган азамат тоғларни, шудринг қўнган кўм-кўк бедазорни, ариқ бўйидаги бир туп кунгабоқарни суратга солсам!"

Бироқ хирмонга келишим билан бу ширин ҳаёлларимдан асар ҳам қолмай кўнглим ғаш бўлди. Афтидан Жамила ўтган кечаси ухламай чиққан бўлса керак, кўалари киртайиб, қовоғидан қор ёғиб турарди. Менга у неч нарса демади, қайрилиб қарамади ҳам. Xирмонга бригадир Ўрозмат келиб энди отидан тушаётганида Жамила унинг ёнига бордида,салом-алик ҳам қилмай, томдан тараша тушгандек гапириб қолди:
— Аравангизни олинг! Қаёққа юборсаларинг ҳам майли, лекин стансияга ғалла ташимайман!
— Ие, сенга нима бўлди Жамилахон, жин тегдими? — деди Ўрозмат хазиллашиб.
— Жин теккани ёғу, лекин бормайман дедимми, бормайман.
— Бу гапингни қўй, ғалла ташийсан, вассалом! — деди у қўлтиқтаёғини ерга дўқ эткизиб уриб — Агар биров ҳафа қилган бўлса, айт, мана шу таёғим билан гарданига бир туширай. Бўлмаса, ишингга жўна ғалла менга эмас фронтга керак. Эринг ҳам фронтдаку. — бригадир жаҳл билан шартта бурилдида, тез-тез одимлаб кетди.

Жамила ғинг деёлмай қўлидаги қамчини ўйнатиб, қизарганича туриб қолди. Бериги оқда турган Дониёрни кўрди-ю, сир-бой бермай оғир бирхўрсиниб қўйди. Дониёр ҳамма гапни эшитдию, лекин сездирмади. У тескари қараганича хомут ипларини қаттиқ тортиб боғлай бошлади. Жамила ҳам хирмон ўртасида бир пас турдида, сўнг " эе, нима бўлса бўлар " дегандек қўл силтаб, араваси томон кетди.

Ўша куни биз овулга ҳар кунгидан барвақт қайтдик. Чунки бораётганда ҳам, келаётганда ҳам Дониёр отларини забтлаб ҳайдаб борди. Жамила ғамгин, гапирмас эди. Мен қақраган бийдай далани кўриб кўзларимга ишонмасдим: ахир куни кеч у худди афсоналарда тасвирлангандек гуллаб-яшнаб тургандику... Кечаги ажойиб манзара, Дониёр билан Жамиланинг аравада ёнма-ён ўтирганлари сира кўз олдимдан кетмас эди. Гўё хаётнинг энг гўзал бир лавҳасини қўлимда ушлаб тургандек бўлардим.

Ўша ажиб бир лавҳа бутун фикри ҳаёлимни банд қилган эди.Ўйлаган мақсадимга етмагунимча жоним хотиржамлик топмайдигандек эди. Xирмондаги хисобчининг бир варақ қалин аоғозини ўгирлаб олиб, фарам орқасига яшириниб, ғалла совурадиган курак устига қўйганимда юрагим чиқиб кетаётгандек дукиллаб бўғзимга тиқилди. Отам мени биринчи марта от устига мингизгандаги каби "бисмиллоҳ" қаламни қоғозга теккиздим. Ана-мана дегунча Дониёрнинг қиёфасини қоғозга чиза бошладим. Лекин бу ҳали мукаммал бўлмаган шунчаки ўргамчикка чизилган сурат эди. лекин, Дониёрнинг қомати анча ўзига ўхшай бошлаганида бошим кўкларга етиб, қаердалигимни, нима иш қилаётганимни ҳам унитиб қўйдим. Ўш август туни, ястаниб ётган бепаён дала қоғоз бетида жилолангандек, Дониёрнинг дилрабо куйи ҳозир ҳам қулоғим остида жаранглаб тургандек бўлди. Кўз омгимда аскарча кўйлагининг ёқаси очиқ ДОниёр билан унинг елкасига бош қўйган Жамила гавдаланди. Бу менинг умримда биринчи марта мустақил чизган суратим эди. Мана арава, мана ёнма-ён ўтирган Дониёр билан Жамила, мана бош ташлаб қўйилган тизгинлар. Мана қотонғуда сағриси зўрга кўриниб йўртиб бораётган отлар, ундан нарида бийдай дала, узоқ-узоқларда юлдузлар милтиллайди... Ишга шунчалик берилиб кетибманки, кимнингдир тепамда жаҳл билан қичқирганидан хушимга келдим. Қарасам Жамила экан:
— Нима бало, кар бўлиб қолдингми?

У мени излаб юрган экан, шошганимдан суратимни беркитишга ҳам улгуролмай қолдим.
— Буғдойни аллақачон юклаб бўлдик, бир соатдан бери қичқирамиз-а, овозинг чиқсачи!.. Қўлингдаги нима? — деб Жамила суратни мендан тортиб олди ва — Бу нима қилиқ! — деди авзойи бузилиб,. Қоғозга термулганича қолди. Ўшанда хижолатдан жуда мулзам бўлдим. Жамила суратга узоқ тикилиб тирдида, кейин ёшланган кўзлари билан менга маъюс боқиб:
— Шуни менга бергин-а, кичкина бола! — деди у секингина — сендан менга ёдгор...

Жамила сурат солинган қоғозни икки буклаб қўйнига солиб қўйди.

Биз йўлга чиқиб овулдан анча узоқлашиб кетгунча ўзимга кела олмадим. Қалбимни шу қадар тўлқинлантирган ўша лавҳани қоғозда акс эттира олдимми ёки бу бир туш — ҳаёлми деб гумонсирадим. Лекин шундай бўлса ҳам қалбимнинг чуқур бир жойида чизган суратимдан фахрланиш хисси уйғониб, юрагим севинчдан тўлиб-тошар, яқинда бўёқ топсам жуда кўп суратлар чизиб, мактабга илиб қўярдим, деган ширин ҳаёллар мени маст қиларди. Энди билсам, бу болаликка хос бир фазилат экан. Мен ўз ҳаёлларим билан банд бўлиб, жуда тез кетаётганимизни ҳам пайқамапман. Чунки олдинда бораётган Дониёрдан орқада қолмайлик деб Жамила отларга устма-уст қамчи урарди. Кейинги пайтларда Дониёр аравасини ҳар қачонгидан ҳам тез ҳайдайдиган бўлиб қолганди.

Жамила Дониёр билан ёнма-ён борарди, . У гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга қарар, баъзан эса бирон айб иш қилиб қўйгандек аянчли жилмайиб турарди. Буни кўриб мен ҳам жилмаярдим ва "Чизган суратим янгамга ёқди шекилли, хафалиги тарқаб кўнгли ёзилди. Жамила Дониёрга ашҳула айтиб бер деса у албатта айтиб беради... Демак, бугун Дониёрнинг ашуласини маза қилиб тинглар эканманда...Эҳҳ, тезроқ айта қолса экан" деган ўй кўнглимдан кечарди.

Бу сафар биз стансияга анча барвақт етиб келдик. Лекин отларимиз қора терга тушиб кетган эди. Тарози ҳам бўш экан, Дониёр аравадан туша солиб, қопларни таший бошлади. Унинг бунча шошиб-пишиб ишлашига, индамай тумшайиб юрганига ҳайрон эдик.Поездлар ўтганида Дониёр тўхтаб қолиб, узоқ вақт қараб қолар, негадир чуқур ўйланиб қоларди.

Жамила ҳам гўё унинг кўнглидагини билмоқчи бўлгандек, Дониёр боққан томонга қаради. Жамила аравасининг ёнига бориб Дониёрни чақирди:
— Бери кел-чи Дониёр, қашқа отнинг тақаси тушай деб турибди, шуни юлиб ташлагин.

Дониёр отнинг туёғини тиззалари орасига қисиб, тақани юлиб олиб қаддини ростлаганида, Жамила секин шивирлади:
— Нима, менга осон деб ўйлайсанми? — деи Жамила хўрсиниб.

Дониёр Жамилага меҳр билан боқиб алланима дедию, лекин мен эшитмай қолдим, чунки юганидан ушлаб турган отим бошини силтаб пишқириб юборганди.

Дониёр нимадандир мамнун бўлгандек тақани силаб ўз араваси томон кетди. Мен унга қараб наҳотки унинг юраги Жмиланинг ҳалиги сўзларидан таскин топди экан, деб ҳайрон бўлардим. Ахир "менга осон деб ўйлайсанми?" деган сўзнинг нимасига хурсанд бўлади. Биз қопларни ташиб бўлиб энди овулга қайтмоқчи бўлиб турганимизда, ховлига эгнига ғижимланган эски шинел кийган, елкасига халта илиб олган бир ориқ ярадор аскар кириб келди. Ундан сал олдин стансияга бир эшелон келиб тўхтаган эди. Ҳалиги аскар чор-атрофга аланг-жаланг қарадида:
— Гуркиров овулидан ким бор? — деб қичқирди.Бу ким бўлдийкин, деб ўйладимда:
— Мен Гуркировдан бўламан — дедим. Аскар қувониб кетди-да:
— Кимнинг боласисан, укажон? — деб сўраб олдимга келмоқчи бўлган эди, бирдан Жамилага кўзи тушиб турган жойида донг қотиб қолди.
— Кариммисан? — деди Жамила шодланиб.
— Вой, Жамила сингилжоним! — деб аскар Жамиланинг ёнига югуриб бориб, у билан қўш қўллашиб сўраша кетди. Бу келган йигит Жамиланинг узоқ қариндоши, ҳанқишлоғи экан.
— Буни қара-я, худди билгандек шу ёққа қайрилибман-а — деди у хаяжон билан — Содиқнинг ёнидан чиққанимга атиги беш кун бўлди.Госпиталда у билан бирга ётдик, Xудо хохласа, у ҳам бир-икки ойда келиб қолади. Мен келаётганимда хотинингга хат ёзиб бер, ўз қўлим билан топширай деб хат ёздириб олгандим... Жуда яхши қилган эканманда, мана, омонатингни ол! — деб хурсанд бўлиб аскар шинелининг ичидан учбурчак хатни олиб, Жамил;ага узатди. Жамила хатни шоша-пиша олдида қувонганиданми, ё уялганиданми аввалига қизариб, сўнгра ранги дув ўчиб, индамай Дониёрга кўз қирини ташлади. У бояги хирмондагидек оёқларини кериб, аравасининг ёнида ёлғиз тураркан, Жамилага маъюс боқарди. Бу орада ҳар томондан югуриб келишган кишилар аскарни ўраб олиб, баъзиси қариндош, баъзиси ҳамқишлоқ чиқиб ҳол-аҳвол сўрашиб қолишди.

Жамила ўз ҳамқишлоғига миннатдорчилик билдиришга улгурмаган ҳам эдики, Дониёр унинг ёнидан аравасини тақир-туқур қилиб ўтди-да чанг-тўзон кўтариб йўлга тушди. Кишилар унинг орқасидан:
— Нима бало, уни жин урдими? Эси жойидами ўзи? — деб қичқириб қолишди.

Аскарни ҳам таниш-билишлари олиб кетишган шекилли, ховлида янгам иккаламиздан бошқа ҳеч ким қолмапди. Биз Дониёрнинг араваси кўздан ғойиб бўлгунча, олисда кўтарилаётган чангга қараб турдик.
— Юр янга, уйга кетайлик! — деедим мен.
— Ўзинг кетавер. — деди Жамила.

Ана шундай қилиб биз биринчи марта алоҳида-алоҳида кетдик.Ҳавонинг димлигидан ҳафас олиш қийин эди. Ердан кўтарилаётган лабларимни қабарситиб, томогимни қақратиб юборди. Жазирама қуёш нури эрталабдан куйдириб, қовжиратиб ётган ер бети энди шўрхок туз билан қопланиб,аста-секин совиётгандек бўларди. Қуёш шўрхок ердан кўтарилаётган сароб сингари парда ичида уфқ сари чўкиб борарди.

Узоқда, уфқ тепасида қизил-сур булутлар йиғила бошлади. Баъзан кучли гармсел эсиб, отларнинг тумшуқларига чанг аралаш оқиш шўрхокларни келтириб урар, ҳамда уларнинг чанг босган ёл ва думларини юлқиб, йўл бўйидаги эрманларни юлқиб учириб кетарди.

"Ёмғир ёғади шекилли" деб ўядим. Шунда ёлғизлик дарди ичимни ўртаб, алланимадан қўрққандек отларни жадал ҳайдаб кетдим. Менгина эмас, хатто узун оёқли тувалоқ қушлар ҳам бир нарсадан чўчигандек қамишзорлар орасига кириб яширинишди. Шамол жазирама иссиқдан қовжираган қариқиз япроқларини аллақаерландандир йўл устига учириб келарди. Биз томонларда бундай ўсимликлар ўсмайди. Чамамда, бу япроқлар қозоқ чўлларидан учиб келган бўлса керак. Тевара-атрофда қимирлаган жон йўқ, Дониёр ҳам кўринмайди.Орқада қолган Жамиладан ҳам дарак йўқ. Қуёшнинг охирги нури ҳам сўнди, толиққан дала ҳам уйқуга кетди.

Мен хирмонга қош қорайганда етиб келдим. У ер тинч ғир этган шабада йўқ. Дониёрни чақирган эдим, қоровул жавоб берди:
— У сойга кетди, нима ишинг бор эд? — дедида, сўнгра бир ютиниб олиб ўзича минғирлади — Ҳавонинг димлигиничи, ҳамма уй-уйига кетди, шамол бўлмаса хирмонда иш бўлармиди...

Отларни бедазорга тушовлаб сойга бурилдим. Дониёр одатдагидек тик тушган жар тепасида тиззасини қучоқлаб, бошини қуйи солганича жар остида сувнинг шариллаб оқишига қулоқ солиб ўтирарди. Унинг мустар бўлиб ўтириши юрагимни эзиб юборди. Дониёрнинг ёнига бориб, уни маҳкам қучоқлаб тасалли бермоқчи, илиқ сўлар билан кўнглини кўтармоқчи бўлдим. Лекин нима ҳам дея олардим, уни қандай юпатаман ахир. Анчагача иккиланиб турдимда, сўнгра хирмонга қайтиб кетдим.

Ўшандан кейин ғарам устода ётиб, анчагача ухлаёлмай, осмонни қопклаб келаётган булутларга қараб хаёл суриб кетдим. "Инсон хаёти нега бунчалик мураккаб, сира тушуниб бўлмайдия". Жамиланинг бўлса хали-ҳамон дараги йўқ. Нега бунча хаяллади экан. Қаерларда юрганикин, деб араванинг ғилдирак товушларини эшитишга зор бўлиб қулоқ солиб ётдим. Қаттиқ чарчаган бўлсам ҳам сира уйқум келмади. Тоғларнинг тепасидаги булутлар орасидан яшин ялт-юлт этиб чақнарди.

Дониёр келганда ҳали уйғоқ эдим. У нима қиларини билмай, қайта-қайта йўлга қараб, хирмонда бироз айланиб юрдида, сўнгра ёнимга келиб ўзини юзтубан отди.

"Энди у овилда қолмайди, бошини олиб кеца керак" деб ўйлардим. Лекин бечора қаерга ҳам борарди? Бошпанасиз бир мусофир кимга ҳам керак? Бечорага қийин бўлдида, энди нима қиларкин?

Энди кўзим илинган экан, хирмон томондан арава ровуши эшитилди. "Жамила бўлса керак" деб ўйладим уйқу аралаш. Қанча ухлаганимни билмайман, бир вақт нақ қулоғим тагида шитирлаган товуш эшитилиб, биров келаётгандек бўлди. Қанот серпигандек бир совуқ нарса бетимни силаб ўтди, кўзимни очсам Жамила экан. Чўмилиб келган бўлса керак, кўйлагини ҳам хўллаб олибди, шунинг учун ҳам ёнимдан ўтаётганда салқин шабода эсгандек бўлди. Жамила тўхтаб қолди-да, у ёқ-бу ёққа аланглаб, Дониёрнинг бош томонига ўтирди.
— Дониёр, мана мен ўзим келдим! — деди у секин шивирлаб.

Атроф жим-жит, осмонни гумбурлатиб яшин чақнади.
— Ҳафа бўлдингми? Қаттиқ ҳафа бўлдингми?

Яна жимлик чўкди, қиргўқдан тупроқнинг сувга "шўлп" этиб тушгани эшитилди.
— Лекин менинг айбим нима? Сенда ҳам гуноҳ йўқ.

Тоғлар устида яшин гумбурлади. Жамила чўчиб ялт этиб қараганида яшин унинг юзини ёритиб юборди. Жамила атрофга бир қарадида, ўзини Дониёрнинг кўксига ташлади. Унинг елкаси Дониёрнинг бақувват қўллари остида дир-дир учарди. Жамила ҳам ғарамга чўзилиб ДОниёр билан ёнма-ён ётди. Кучли шамол сомонни кўкка совуриб, хирмон четида қийшайиб турган ўтвни ялаб ўтдида, қуюн бўлиб осмонга кўтарилди. Чақмоқ булутлар остида кўкимтир из қолдириб, қарағай сингандек қасира-қусур аилиб ҳамма ёқни ларзага солди. Азойи баданим титраб, ҳам қўрқиб, ҳам қувониб кетдим. Момақалдироқ, ёанинг охирги момақалдироғи ёпирилиб келар, илк куз нафаси димоққа уриларди. Энди Жамилани ҳеч қандай куч тўсолмасди, у Дониёрга секин шивирлади:
— Чиндан ҳам гумонсирадингми, наҳотки мен сени унга алмаштирсам! У мени ҳеч қачон севган эмас, севмайди ҳам! Майли, ким нима деса деяверси, лекин мен сеникиман! Ёлғизим, азизим, мен сени ҳеч кимга бермайман. Мен сени кўпдан бери севаман. Ғойибона ошиқ бўлиб келишингни интизорлик билан кўзим тўрт бўлиб кутгандим. кутганлигимни билганде, мана, сен ҳам мени излаб келдинг...

Жарлик ёқасидаги сой қирғоқларидан ивиб сувга тушаётган тупроқ чақмоқ ёруғида кўриниб турарди. Дастлабки йирик ёмғир томчилари сомон устига шитирлаб ёға бошлади.
— Жамилам, жонгинам, севгилим Жамилахон! — деб Дониёр қирғизча ва қозоқча энг нафис сўзлар билан ўз маъшуқасини эркалатарди. — Мен ҳам сени кўпдан бери севиб юрардим. Умримда кўрмаган бўлсам ҳам окопларда ётиб сени ўйлардим. Севган ёрим Ватанимда эканлигини билардим. Бу сен экансан, Жамилам!
— Шунқорим, мард лочиним! Бу ёққа қарачи, кўзларингга тўйиб боқай!

Ёмғир шаррос қуйиб берди. қора уй тепасига ёпилган наматлар худди қанот қоққан қушдек учиб кетди. Гоҳ қиялаб, гоҳ тик қуйган жала ерни орзиқиб кутгандек устма-уст ўпарди. Кетма-кет момақалдироқ гумбурлаб, бутун осмон қаърини тилиб ўтгандек бўларди. Узоқ-узоқлардаги тоғлар баҳор лоларидек қизриб кўринарди.

Ёмгир кучая борди. Мен бўлсам сомонга кўмилиб олиб юрагимнинг дук-дук уришини сезиб ётардим. Мен ниҳоятда баҳтиёр эдим. Ўзимни узоқ касалликда сўнг биринчи марта кўчага чиққан одамдек хис этиб, ҳар бир нарсага суқланиб қарар, гўё хаёт лаззатини энди билаётгандек эдим.

Ёғин ҳам, чақмоқларнинг ёруғи ҳам сомон остида ётган еримга етиб борарди. Лекин мен ўзимни жуда яхши хис этардим. Уйқуга кетар эканман, ўзимча кулимсираб қўярдим. қулогимга чалинган шарпанинг нима эканлигини билмасдим. Бу Жамила билан Дониёрнинг шивирлашими, ё бўлмаса тинаётган ёғирнинг сомонга шитирлаб тушишими?

"Мана энди ёмғир тинмайди, ҳадемай куз ҳам киради" дердим ўзимга ўзим. Нам сомон билан эрман ҳиди димоққа урилиб куздан дарак берарди. Лекин бу кузда бизни нималар кутаётгани ҳақида ўйламабман.

Ўша кузда мен икки йиллик танаффусдан сўнг яна мактабга қатнай бошладим. Дарсдан бўш вақтларимда ҳалиги сой бўйидаги жар тепасига бориб ўтирардим. Xирмон хувиллаб бўшаб қолган эди. Бу ерда мен мактабдан олган бўёқларим билан ўзимнинг дастлабки этюдларимни чиздим. Чизган суратчаларимдан ўзимнинг ҳам кўнглим тўлмас эди.

"Бўёқларимнинг мазаси йўқ. Қани энди чинакам асл бўёқлар бўлса" — деб ўйлардим ичимда. Яхши бўёқларни қандай бўлишини билмасдим ҳам. Рассомлар ишлатадиган мойбўёқларни фақат кейинги вақтлардагина кўришга муяссар бўлдим. Бўёқ ўз йўли билану, лекин муаллимларнинг гапида ҳам жон борга ўхшарди: расоом бўлиш учун ўқиш керак. Лекин бу гап тўғрилигини билиоб турсам ҳам ўқишимга кўзим етмасди. Ўқиш қаёқда дейсиз. Акаларим дом-дараксиз кетган бўлса, мен икки уйнинг ёлғизгина дастёри бўлсам ўқишга юборишармиди. Шунинг учун ўқиш тўғрисида оғиз ҳам очмасдим. Лекин ўқишни қўмсаб, боролмаслигимга ич-ичимдан ачинардим. Бунинг устига бу йил кузнинг бу қадар кўркам келишини айтмайсизми. қўлингдан келсаю ўтириб чизсанг ажойиб сурат чиқарди-да.

Гуркировнинг суви камайиб, қозондек-қозондек сувлар туртиб чиқиб, уларнинг усти ям-яшил, сап-сариқ йўсин билан қопланганди. Эрталабки изғириндан яланғоч толчаларнинг таналари қизариб кетганди. Бироқ теракларнинг сап-сариқ япроқлари ҳали тўкилмаган эди.

Йиқичиларнинг ёзи билан ўт ёқилавериб тутундан қорайиб кетган ўтовлари катта сойнинг у ер-бу ерида кўзга ташланарди. Ўтовдан буралиб-буралиб чиқаётган кўк тутун худди тўй-тўйлаган хотинлардек овулма-овул сузиб юришарди. Тойчалар атрофга ёйилиб кетган оналарини қидиришиб, зўр бериб кишнашард. Энди тойчалар кишнагани-кишнаган, чунки бияларни то баҳоргача уюрда сақлаш қийин. Тоғлардан қайтгам моллар хосили йиғиб олинган далаларда пода-пода бўлиб юришарди. Дашт саҳни туёқ изларидан илма-тешик бўлиб кетган эди.

Бу йил ҳам куз кузлигини қилди: ҳаммаёқни тўзитиб изғирин шамол қўзғалди ва осмоннинг авзойи бузилиб қор аралаш ёмғир ёға бошлади. Бир ҳафта сурункасига ёққан ёмғир бир кун сал тиниши билан, мен Гуркиров томонга қараб жўнадим. Тошлоқдаги бит тоғ четани қип-қизил чоғдек ёниб, "мени суратга ол" дегандек бўй чўзиб турарди.

Мен сой бўйидаги буталар орасида сурат чизиб ўтирганимда қош қорайиб қолган эди. Бир вақт бошимни кўтариб қарасн ҳалиги сохилда икки киши турибди, дарёнинг саёз жойидан ўтишган бўлса керак. Уларнинг Дониёр билан Жамила эканини дарров танидим. Мен уларнинг жиддий ва ташвишли юзидан кўзларимни уза олмай тикилиб турдим. Дониёр ҳар галгидай дадил қадам ташлар, юрган сайин шинелининг бари охори тўкилган аскарча этигининг қўнжларига шартиллаб тегарди. Жамила бўлса эгнига бозорга борганда киядиган парча-парча гуллик кўйлагини, чийбахмал чопонини кийиб, бошига оқ жун рўмолини ўраб олганди. Бир қўлига тугунчак кўтариб, иккинчи қўли билан Дониёрнинг хаклтасидан ушлаб бормоқда. Улар йўл-йўлакай нималар тўғрисидадир ўзаро гаплашиб боришарди.

Уларнинг овулимизни ташлаб қаёққадир кетишаётганини сезиб, юрагим "жиз" этиб кетди. Мана, улар жарликдан ўтиб қамишзор оралаб кетиб борарди. мен бўлсам худди бир нарсасини йўқотган кишидек, уларнинг орқасидан қараб нима қиларимни билмай қолдим. Қичқирайин десам нафасим сиқилиб, овозим чиқмасди.

Қуёш тоғлар оралаб сузиб бораётган булутларга қихғиш нурларини сўнгги бор сочди. Атрофни қоронғулик қоплай бошлади. Дониёр билан Жамила орқа-олдиларига қарамай темир йўл разйездини кўзлаб тез-тез одимлаб боришмоқда. Бора-бора уларнинг қоралари узоқлашиб, қанишлар орасига кириб бутунлай ғойиб бўлди. Ана ўшандагина мен ўзимга келиб орқаларидан овозимнинг борича:
— Жамилааааааа! — деб қичқирдим.

Дала устида анча вақтгача "а-а-а-а" деган акс-садо эшитилиб, бироздан сўнг сўнар эди. Яна бир марта жаҳл билан:
— Жамилаааа! — деб қичқирдим-да, сўнг уларнинг орқасидан югуриб қолдим. Сувни сув демай уларнинг орқасидан оёқяланг, бошяланг югуриб қувиб борардим. уст-бошим жиққа хўл бўлганди, шунга қарамай, яна тезроқ чопа бошладим. Бирдан оёғим нимагадир чалиниб кетди-да, юзтубан йиқилдим. Бошимни кўтармай икки қўлим орасига олиб ўксиб-ўксиб йиғлаб юбордим. Кўз ёшларимдан намланган майин тупроқ қўл бетимни музлатиб, ғира-шира қороҳғулик кўнглинмга ғулғула солгандек ўпкам қисилиб аччиқ-аччиқ йиғладим. Қамишлар гўё менинг хасратимга шерик бўлгандек тинмай шитирлашар эди.
— Жамила, Жамила! — дердим мен ўпкамни босолмай пиқ-пиқ йиғлаб. Мен энг яқин, энг азиз одамларим билан хайрлашар эдим. Мана хозиргина ерда ётиб ўзим ҳам Жамилани севиб қолганимни тушундим. Бу менинг илк болаликдаги севгим эди.

Юзимни кўз ёшидан хўл бўлиб кетган енгимга артиб яна анчагача йиғлаб ўтирдим. Мен фақат Жамилалар билан эмас, балки болалик даврим ббилан ҳам ҳайрлашар эдим.

Қоронғида тимирскиланиб уйга келганимда шовқин-сурон авжида эди: ит эгасини танимасди. Кимдир отга эгар урарди, безори Усмон бўлса ҳар кунгидек маст, отини гижинглатиб, овозини борича бақирарди:
— Айтмаганмидим, мана оқибати нима бўлди. Йўлчибой ота шармандаю-шармисор бўлди. Қани кетдик, бу саёқ ит, чала қозоқни ушлаб бўйнини узмасам отимни бошқа қўяман. Ўн йига кесилсам кесиламану, лекин ҳар қандай ялангоёқнинг хотинларимизни олиб кетишларига йўл қўймайман. Қани кетдик йигитлар! Қаерга ҳам борарди дейсан?

"Улар қайси томонга бораркин" деган фикр ҳаёлимдан ўтдию, юрагим шув этиб, аъзойи баданим музлаб кетди. Нима қиларимни билмай отлиқларнинг орқасидан мен ҳам овул чеккасига югуриб бордим-да, уларнинг разйезд томонга эмас стансияга олиб борадиган катта йўлтомонга бурилиб кетганларини кўриб жоним ўрнига тушди. Сўнгра уйга қайтиб келдимда, йиғлаганимни ҳеч ким билмасин деб, отамнинг тўнига ўралиб ётдим.

Овулда ҳар-хил миш-миш гаплар тарқалди. Ҳамма хотинлар Жамилани қоралашарди:
— Аҳмоқ-да! Ақли бўлса туз ичган жойига туфлаб, санғиб юрган бир мусофирга эргашиб кетармиди.
— Шунисига куяманда. Унинг нимасига қизиқди экан дейманда! Эски шинели билан,тешик этигидан бошқа ҳеч балоси йўқ эдику!
— Қўтан-қўтан қўйи ббормиди!. Уйи йўқ-жойи йўқ, насл-насаби бетайин бир дайди-да! Майли, уволи ўзига, ҳали аттанг дейди...Бу танноз хотиннинг холини ўшанда кўрамиз.
— Тавба, Содиқдан ортиқ эрни топиб бўпти!
— Қайнонасини айтмайсанми, қайнонасини! Бундай ёввош қайнонани қаердан топади? Ўзига ўзи қилди, жувонмарг, майли!

Бурунги янгамни Жамиланинг қилмишини қораламай, тўғри деб топган ёлғиз мен бўлсам керак. Дониёрнинг эски шинели, тешик этигидан бошқа ҳеч нарсаси бўлмаса ҳам, лекин унинг маънавий бой, қалби юксак одамлигини мен билмаганимда ким билади? Жамила Дониёрнинг этагини ушлаб кетиб, ўз бахтини топади, деган гапларга ишониш у ёқда турсин, аксинча, мен у ўз бахтини энди топди, деб ишонардим. Фақат ойимга ачинардим холос, Жамила билан бирга унинг бутун куч қуввати кетгандек. Ойим ғамгин бўлиб, ўзини анча олдириб, қадди букилиб қолди. Оҳҳ, бечора ойим. Xаёт оқими баъзида эскилик илдизига шафқациз болта уриб, янги бахт сари интилишини ойим тушунмаса керакда.

Агар бўрон азим чинорни таг-томири билан қўпориб ташласа, у қайтиб қаддинин ростлаёлмайди...Ойимнинг ҳар бир хатти-харакатидан унинг олдинги куч-қуввати қолмаганлиги билиниб турарди. Илгаи у ҳеч кимдан игнага ип ўтказиб беришини илтимос қилмас, қарилик ғурури бунга йўл қўймасди. Бир куни уйга кириб келсам, ойим игнанинг кўзини тополмай қийналиб юғлаб ўтирибди.
— Ма, ипни ўтказиб берчи! — деди у қалтираган қўллари билан игна ва ипни менга узатиб. Сўнгра оғир хўрсиндида кўз ёшларини артиб ўзича минғирлади: — Эе, шўрлик келиним, кўра-била туриб ўзингни ўтга ташладинг-а. Уйимнинг тўри сеники, еганинг олдингда, емаганинг кетингда эди...Ўзингни ўзинг жувонмарг қилдинг...Бизни доғда қолдириб кетдинг...Нега кетдинг...Уйимизда нима камчилик кўрдинг...Шўрлик Жамила...

Ойимни бундай мунғайиб ўтирганини кўриб, ўзимни тутолмай, беихтиёр "Йўқ ойи, у шўрлик эмас" деб қичқириб юборгим келдию, лекин ўзимни босдим. Ойимни маҳкам қучоқлаб Дониёрнинг кимлигини, уни жонимдан азиз кўришимни айтиб, йиғлаб юборишимга оз қолди. Лекин бу сўзларни айтишга тилим борармиди. Бу гапим билан ойимнни бир умрга ҳафа қилган бўлардим. Лекин барибир бу "бегуноҳ қилмишларим" сир бўлиб қолмади.

Орадан кўп ўтмай Содиқ акам ҳарбийдан қайтиб келди.Ростни айтганда у кўринишдан унча сир-бой бермаган бўлса ҳам, лекин номусдан куйиниб жиғибийрон бўлиб юрди. Усмонлар билан ичишиб қолгудек бўлса:
— Кетган бўлса садқаи-сар. Сарсон-саргардон бўлиб юриб, охири бир куни очидан ўлади-кетади! Xотинман деганинг тўлиб ётибди, чертиб-cертиб олиш мумкин. Олтин бошли хотиндан бақа бошли эр яхши! — дерди жаҳл билан.
— Гапинг-ку тўғри-я — деб жавоб қайтарарди Усмон — афсуски, ўшанда қўлимга тушмади-да. Униси ичак-чавоғини ағдариб, бунисини сочларидан отга боғлаб судратардим! Эҳтимол, улар жанубда пахта далаларида, ё бўлмасам қозоқ далаларида тентирб юришгандир. Саёқлик Дониёрга касб бўлиб қолган. Шунисига доғманки, буни ҳеч ким билмай, ҳеч ким сезмай қолган-а... Қандай бўлганига кишининг сира ақли етмайдия... Бу ишнинг ҳаммасини ўша қанжиқнинг ўзи қилган. Исиниям чиқармадия, лаънати, бўлмаса мен уни нақ!..

Бундай гапларни эшитганимда қоним қайнаб, муштларимни қисардим. Кучим еца ўша Усмоннинг башарасига туфлаб: "Пичан ўроғида адабингни бергани эсингдан чиқибди-да...Энг ярамас, энг разил одам сенсан-ку!" деган бўлардим.

Бир куни уйда мактаб деворий газетасига расм чизиб ўтирган эдим, ойим ҳам печка олдида чўққайиб ўт ёқиб ўтирарди. Бехосдан эшик очилиб ранги кўкариб, ғазабидан кўзларига қон тўлган Содиқ акам кириб келди. У мени устимга ёпирилиб келаётганида елкасига ташлаб олган шинели ерга тушиб кетди.
— Буни сен чиздингми? — деи бир варақ қоғозни умшиғимга тақаб. Қоғоздаги суратни кўриб юрагим орқамга ториб кетди: бу ўша хирмонда қаламда чизган Дониёр билан Жамиланинг сурати эди. Суратга кўзим тушиши билан гўё улар менга қараб туришгандек бўлди. "Қизиқ, Жамила буни нега ташлаб кетдийкин? Уни бир ерга яшириб қўйган-у, кейин эсидан чиқариб кетган бўлса керак!" деб ўйладим ичимда.
— Ҳа, мен чизган эдим.— дедим.
— Бу-чи, бу ким ўзи?
— Дониёр.
— Э аблаҳ. Сотқин — деб ўшқирди Содиқ акам менга ва суратни майда-майда қилиб йиртди-да, оёғи остига олиб топтаб кейин эсикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетди. Уй ичига оғир жимлик чўкди.
— Сен буни билармидинг? — де сўради ойим бир маҳал.
— Ҳа, билардим.

Ойим печкага ўт ёқиб ўтириб менга шундай таъна ва ҳайрат назари билан қарадики, мен нима қилишимни билмай, бош бармоғимни узиб олгудек бўлиб:
— Мен уларнинг суратини яна чизаман! — дедим.

Ойим ғинг демай бошини маъюсгина чайқаб ерга боқди. Ерда сочилиб ётган суратга қараб ичимни ўтдек ўртаётган хўрликка ҳеч чидаёлмадим. Майли, мен оиламиз, уруғимиз учун "сотқин" бўлайин. Бироқ мен одамгарчиликка, ҳақиқатга, хаёт ҳақиқатига хиёнат қилганим йўқ. Менинг кўнглим соф, ниятим холислигини ҳеч ким билган эмас. Буни одамларга ҳам айтиб бўлмайди, бошқалар тугул хатто ойим ҳам тушунмасди, албатта.

Ойим индамай ўтираверди. Изза бўлганимдан кўзларимга ёш келиди. Йиртиб ташланган сурат парчалари гўё жонлидай ерда айланиб юрарди. Дониёр билан Жамиланинг ёрқин қиёфаси сира ккўз ўнгимдан кетмас, Дониёрнинг ўша август кечаси айтган оромбахшқўшиқларини яна эшитаётгандек бўлардим. Уларнинг овулдан кетганларини эсладимда, мен ҳам ғайратга тўлиб улар каби ўз истиқболим йўлида қийин сафарга отланишга қатъий бел боғладим.
— Мен ўқишга кетаман — дедим ойимга — Рассом бўлгим келади. Рассомлик ўқишига бораман, отамга ҳам айтиб қўйинг.

Мен хозир ойим урушда халок бўлган акалариимни эслаб йиғласа керак. деб ўйлаган эдим. Лекин бахтимга ойим йиғлагани йўъу, фақат ғамгин, эшитилар, эшитилмас қилиб гапирди:
— Майли, ўзинг биласан, борсанг бора қол...Учирма қанот бўлганларингдан кейин гапимизга кирармидиларинг. Ҳар қайсинг ўз билганларингни қиласизлар. Биз нимани биламиз. Балки сизларнинг билганларинг тўғридир, балки жуда катта одам бўлиб кетарсанлар... Ҳозир замон ўзи шунақа-ку. Майли, боравер... Эҳтимол ўша ёқларга борганингдан кейин сураткашлик яхши касб эмаслигини ўзинг тушуниб оларсан...Уйингни, ота-онагни унутма, насиҳатим шу...

Шу кундан бошлаб кичик уй ўз-ўзидан бўлиниб кетди. Ҳадемай мен ҳам ўқишга жўнадим.

Рассомлик мактабини битириб, ўз маҳоратимни ошириш учун яна Санкт-Петербург академиясига ўқишга борганимда ўз диплом ишимни топширдим. Бу диплом иши — кўпдан бери орзу қилиб, юрагимда сақлаб юрган суратим эди.

Албатта сизлар бу суратда Дониёр билан Жамила тасвирланганини дарров фаҳмлагандирсизлар. Улар даладаги ёлғизоёқ йўлдан ёнма-ён кетишар эди. Дониёрнинг шинели шамолда елпиниб, юзидан севинч балқиган Жамила унинг халтасида ушлаб олганди. Уларнинг олдида Дниёр куйлаган поёнсиз, ёруғ, кенг дала ястаниб ётарди. Ҳозир оламда Жамила билан Дониёрдан бахтли одам бўлмаса керак!

Тўғри, суратимни ҳар томонлама мукаммал, бекаму-кўст ишланган деб айтолмайман. Ахир маҳорат дегани ўз-ўзидан дарров келмайди-ку. Бу оғир— машаққатли меҳнат меваси. Лекин барибир бу сурат мен учун дунёда энг қимматли, энг азиз нарса эди. Чунки, ўзимдаги санъатга бўлган барча меҳр-муҳаббатим, ихлосим, завқимни ана шу суратга бергандим.

Мана энди анча тажрибали бўлиб қолган бўлиб бўлсам ҳам, баъзан чизган суратларим кўнглимдагидек бўлиб чиқмайди. Ўзимга ёқмайди, ўшанда ўз кучимга ўзим ишонмай, гумонсираб қоламан. шундай оғир дамларда ўша сурат — Дониёр билан Жамила мени ўзига чорлайди. Уларга узоқ тикилиб ҳар гал улар билан маслаҳатлашгандай бўламан.

"Ҳозир қаердасиз, қайси йўлдан кетяпсиз? Ҳозир да;ламизда янги йўллар кўп. Қозоғистондан тортиб Олтой ва Сибирга қадар чўзилиб кетган. Ҳозир у ерларда чўлни бўстонга айлантириш, янги ерда янги турмуш қуриш учун кўплаб азаматлар мардона меҳнат қилмоқдалар. Балки сизлар ҳам ўша ёққа кетгандирсизлар! Ундай бўлса оқ йўл! Сафарларинг бехатар бўлсин! Жамила, менинг Жамилам, сен бошингни баланд кўтариб кенг даладан мағрур қадам ташлаб кетдинг... Ҳозир ҳам ўшандаймисан, ҳозир ҳам йўл юришдан толиқмайсанми? Ё ўз кучингга ишонмай, чарчаган иккиланиб қолган кунларинг ҳам бўладими? Бўш келма бардам бўл, Дониёрдан мадад ол! Дониёр сенга севги, вафо, она Ер, хаёт тўғрисидаги жўшқин куйларини куйлаб берсин. Ўшанда кўз ўнгингда кенг дала гуллаб, август тунидаги кучли бўрон гувилласин! Олис йўлдан қўрқма Жаммила, сенинг йўлинг бахт йўлидир, сен ўз бахтингни топдинг!"

Мен уларга қараб Дониёрнинг овозини эшитаман, демак, Жамила иккиси мени сафарга чорлайди. Ҳа, мен йўлга чиқишим керак. Ҳа кенг дала бағридан ўтиб,овулимга бораман! Туғилиб ўсган ерим — куч-қувватим. Мен ундан янги-янги бўёқлар топаман. Чизган суратимнинг ҳар бир бўёғидан, ҳар бир лавҳасидан Дониёрнинг куйи эшитилиб турсин! Чизган суратимнинг ҳар бир бўёғида, ҳар бир чизигида Жамиланинг қалби уриб турсин!

1958-yil.